OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдуғани Абдувалиев
Асар номиҒаройиб ҳайкал (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Абдуғани Абдувалиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм6KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ғаройиб ҳайкал (ҳажвия)
Абдуғани Абдувалиев

У онасининг қорниданоқ тагли-тугли бўлиб туғилди. Уни «пуф-пуф»лаб боқишди, тетапоя бўлиб қад ростлагач, худди ҳайкалчадек боғчага олиб бориб ўрнатишди.
— Пойдевори борми? — деди боғча мудираси Ҳайкалчанинг уёқ-буёғини сийпалаб.

— О, бўлганда қандоқ! Фалончиевнинг болалари бўлади-я! — дейишди саволга жавобан.

Унга шабадани ҳам раво кўрмай, алоҳида меҳр билан парвариш қилишди. Етти ёшга етганда Ҳайкалчани мактабга ўрнатишди.
— Пойдевори қалай? — сўрашди мактабдагилар.
— Жуда мустаҳкам. Фалончиевнинг фарзандлари!
— Баҳоси беш экан бунинг, — дейишди муаллимлар.

Унга «4»ни ҳам раво кўрмай таълим беришди. Ниҳоят, орадан ўн йил ўтгач, кўксига олтин медал тақиб қўйишди. Бундай ғаройиб Ҳайкални ҳали ҳеч ким учратмаганди.
— Буни қаерга ўрнатамиз? — сўради Фалончиевнинг югурдакларидан бири.
— Қаерга бўларди, галварс! — деди иккинчиси. — Институтга-да!..
— Пойдевори борми? — сўради қабул комиссиясининг раиси. Унга Фалончиевнинг мактубини тутқазишди.
— Ўқитувчи бўлмоқчи эканлар-да...
— Ўқитувчи бўлиши шарт эмас. Диплом олса бўлгани. Биронта юмшоқроқ ерга ўрнатиб қўйиш қўлимиздан келади, — деди кимдир.

Орадан беш йил ўтгач, Ҳайкалнинг қўлтиғига диплом қистирганча машинада олиб келишди-да, шаҳар ҳокимлигига ўрнатишди, хона эшигига «бўлим мудири» деб ёзиб қўйишди.

Бир-икки йил ўтгандан кейин Ҳайкалнинг калла механизмида баъзи нарсалар етишмаётгани сезилиб қолди. Уни дарров молия идорасининг ҳовлисига ўрнатишиб, белига «ўринбосар» деб ёзиб қўйишди.

Орадан кўп ўтмай, «Пойдевори мустаҳкам бўлса, қачонгача ўринбосар бўлиб юради?» деган шивир-шивир оралаб қолди. Ҳайкални елкада кўтариб келиб марказий бозорга ўрнатишди. Бозорлар бошқармаси бошлиғи аввалига рози бўлмай, бироз тихирлик қилди. У ерга мўлжаллаб қўйган ўз одами бор экан. Бироқ унга Фалончиевнинг суратини кўрсатишган эди, дами ичига тушиб кетди. Ҳайкал бозорда қоладиган бўлди.

Йиллар ўтди, Фалончиев оламдан ўтди. Ҳайкалнинг пойдеворига сув оралаб, нурай бошлади. Бозордан кўчириш керак экан, деган қарорга келишди. Лекин қаерга қўйиш лозим, деган муаммо кўндаланг турарди.
— Фалончиевдан қолган нишона-я! Марҳумнинг ҳурмати йўқми? — деб қолди Фалончиев билан кўп йил бирга ишлаган тепакал киши.

Бу гап кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Ниҳоят Ҳайкални латта-путта, суяк-синиқлар идорасига ўрнатишга жазм қилишди. Уч-тўрт одам Ҳайкални судраб келди-да, «Утилсирё-чиқиндилар» деган маҳкамага ўрнатиб, иягининг остига «Мудир» деб ёзиб қўйди.

Бу дунёда абадий нарса йўқ экан. Ҳамма нарса емириларкан, ўларкан. Вақти-соати етгач Ҳайкалнинг ҳам куни битди. Барча ташвиш шундан кейин бошланди. Уни қабристонга элтишдан аввал баҳс бўлди:
— Ҳайкални тобутга соламизми?
— Йўқ. Уни ҳамма одамларга ўхшаб тобутга солиб, ерга кўммаймиз.
— Нега?
— Чунки у ҳайкал бўлган. Ўлгандан кейин ҳам ҳайкаллигича қолиши керак.
— Қанақасига?
— Қабристонга типпа-тик қилиб ўрнатамиз. Одамлар ўз қабрига ҳайкал қўйиш учун гўрковга пора тиқиб ётишибди-ку!

Шунга келишилди. Қабристонга бетон ғилоф ўрнатиб, унга Ҳайкални типпа-тик туширишди.

Во, ажаб! Буни қарангки, буюртма берганлар бир қаричга янглишган экан. Бетон ғилофдан Ҳайкалнинг боши чиқиб қолди. Жанжал бошланди.
— Айтдим-ку, бўлмайди деб. Ҳеч жаҳонда ўликни типпа-тик кўмадими?
— Калласига алоҳида ғилоф қилиш керак!
— Ушламайди, кейинчалик улоғидан чиқиб кетади...

Қабристонга тўпланганларнинг асаби таранг эди. Ҳайкалнинг тириклигида бирон марта ишламаган калласи ҳозир, шу тобда ҳамманинг бошини қотириб турарди...