OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдул Ҳамид
Асар номиНоёб хотин (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Абдул Ҳамид
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ноёб хотин (ҳажвия)
Абдул Ҳамид

Мабодо, ҳайкалтарошлардан танишингиз йўқми? Нима қиласиз дейсизми? Xотинимнинг ҳайкалини ясатаман! Ие, нега куласиз? Нима, бизнинг маликаи Дилором бунга арзимайдими? Топган гапингизни қаранг. Тириклигида ҳайкал қўйиш лозим бўлса, бизнинг хўжайинга, йўғ-э хотинга қўйиш керак!

Нега ҳайрон бўласиз? Xотинимнинг жонимга қанчалар оро киришини билсангиз эди!.. Афсуски буни тасаввур қила олмайсиз. Келинг, хотинимга қайси каромати учун ҳайкал ўрнатмоқчи эканлигимни айтиб берай. Токи кўнглингизда менга нисбатан шу эркак ҳам ўзимизнинг эркакларданми ўзи, деган савол қолмасин.

Аввало, хотин акамиз чўнтагимизга қўриқчи итдек вафодор. Бир сўммас, бир тийинни ортиқча сарфлашимга йўл қўймайди. Қандай қилиб йўл қўймайди дейсизми?

Масалан, дам олиш кунлари улфатлар билан чойхонада «бешта-бешта» қиладиган одатимиз бор. Ўша кунлари хотин қўлимга ўзи ҳиммат қилган пулни тутқазиб тайинлайди: «Гапга тушиб кетиб, яна ош тугаб қолмасин. Яхшилаб овқатланинг, лаллайиб ўтираверсангиз, сўхтаси совуқ улфатларингиз ароқни бир зумда гум қилишади».

Кўрдингизми? Шундай раҳмдил, эрининг пулига ғамхўр хотинни яна қаердан топиш мумкин. Шу боис чойхонада ўтирсам, иложи борича еб-ичишга ҳаракат қиламан. Тўғри, баъзида хизматда туриб хотиннинг топшириғини бажаролмасам... Йўқ-йўқ, сиз ўйлагандай, бошимда ёнғоқ чақмайди. Фақат... хафа бўлади-да!

Биласиз, табиатан юмшоқ, кўнгли бўш одамман. Xотиннинг қовоғини уйиб, нариги хонада ёлғиз ётишига чидолмайман. Дарҳол кўйлакми, тилла занжирми совға қилиб, пулни беҳуда сарфлаганим учун кечирим сўрайман. Билсангиз, бизнинг хотин спидометрга ўхшайди. Агар бирор нарсада сал ҳаддимдан ошгудек бўлсам ё томоқ қириб, ё илоннинг кўзидай чиройли кўзлари билан огоҳлантириб қўяди.

Конкрет мисол борми?

Бор. Яқинда машинамни сотмоқчи бўлдим. Улфатларимиздан бири харидор бўлди. «Жон оғайни, айтган нархингизга пича етмади. Бир ойда келтириб бераман», деб роса ялинди. Кайф устида хўп деб юборибман. Аммо эрталаб лафзимни эслаб, юрагим товонимга тушиб кетди. Ахир, хотин нима дейди?

Тушдан сўнг улфатим машинани олиб кетмоқчи бўлди. Xотиннинг: «Пулини тугал олмагунимизча машина жойидан қўзғалмайди», деган амридан сўнг машинани бериб юборармидим. У деб баҳона қилдим, бу деб баҳона қилдим. Қани кўнса. Баҳоналаримни битта-битта чипакка чиқариб, мени бурчакка қисиб келаверди. Нажот излаб аланг-жаланг қилиб турганимда хотин жонимга оро кирди.
— Менга қаранг, — деди у, — пулини тўлиқ бердингизми?
— Йўқ, озгина қолган, — деди улфатим довдираб. — Бирор ҳафтада олиб келаман, келишганмиз.
— Унақаси кетмайди, — гапни чўрт кесди хотин. —Қолганини олиб келасиз, машинани калитини оласиз!..

Шўрлик бир менга, бир хотинга тикилиб турди-да, кўтарилди...

Агар айтаверсам бундай мисоллар кўп. Уйга кимдир мендан қарз сўраб келса, сўроқни хотин қилади. «Қачон қайтарасиз? Гарантия борми? Кечикиб қолса-чи? Аниқми? Майли берамиз!» Шундан сўнг мен пулни чиқариб бераман. Бордию хотинимнинг қарз сўровчидан кўнгли тўлмаса, «Бериб турардик, лекин адасига ҳам пул керак бўлиб турувди» ёки шунга ўхшаш бирор баҳона қилиб эшикни очиб қўяди. Мен эса меҳмонни кузатиб қўяман.

Хуллас, иш шу даражага бориб етдики, болаларни ҳам онангга айтаман, деб қўрқитадиган бўлдим. Оиламиз билан олди-берди қиладиганлар фақат хотин билан гаплашади. Ўйлаб кўрсам, анча-мунча ташвишлардан озод бўлибман. Бозорни хотин қилади, меҳмонни хотин кутади, ҳаттоки наҳорги ошларга ҳам хотин бориб келяпти, катта ўғилни-ку ўзи уйлантириб тинчитди.

Энди айтинг-чи, шундай ноёб хотинга нега ҳайкал қўймаслигим керак?

Тунов куни бир улфатим «Ўв, фалончи, кўзингни оч, хотинингни бошингга чиқариб юбординг-ку», деб қолди. Ғаламис, бахтимни кўролмай ичи куйиб кетяпти. «Чиққан бўлса, ажаб бўпти. Чиқса арзийди, ўргулай», деб узиб олдим.

Бу гапни ҳамиша айтаман. Ҳақиқий эркакдай яшашимга шароит яратиб берган хотинимга минг раҳмат!