OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдул Рашид
Асар номиИшонч қўнғироғи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Абдул Рашид
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм44KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ишонч қўнғироғи (ҳикоя)
Абдул Рашид

Ҳамма нарса автобус бекатидаги устунлардан бирига елим билан ёпиштирилган кафтдек қоғозга битилган эълондан бошланди.

* * *

Қўнғироқнинг баланд, шиддатли овози сукунатни парчалаб, хонани тўлдириб юборди. Навбатчи ҳушёр тортиб, дарҳол гўшакни олди, ўз ҳарбий даражаси, исми шарифини айтиб, «Ишонч қўнғироғи» эшитишга тайёр эканлигини билдирди.
— Xўп, хўп! Шошилманг! Ҳаяжонланманг, илтимос. Аввал ўзингизни таништиринг. Кимсиз, қаердан гапираяпсиз? — Навбатчи босиқлик ва салобат билан гапирар экан, қўлига қалам олиб, устол устидаги катта ва қалин дафтарни олдига тортди. — Xўп яхши! Давом этинг! Маъқул! Яна бир қайтаринг! Яхши. Энди телефонингиз рақамини дона-дона қилиб айтинг! Демак... — Навбатчи дафтарга қайд этган рақамларни бир-бир такрорлаб деди: — Шундайми? Тушундим! Сим қоққанингиз учун раҳмат!

Навбатчи ёзганларини бир дафъа кўздан кечириб, шеригига бошлиқ ҳузурига киришини айтди ва қоматини тиклаганча, кийимларини текислаган бўлиб, тўрдаги хона эшигини чертди.

Навбатчи етказган хабар Бошлиқни бироз эсанкиратиб қўйди. Қайд дафтарини қўлига олиб, бироз тикилиб қолди. Бир қарорга келгач, телефон гўшагини кўтариб, кимгадир бор гапни лўнда қилиб етказди. Сўнг Бошлиқ гўшакни қўйиб, навбатчига юзланди:
— Қодировни чақиринг! Латифовга етказинг — одамлари асбоблари билан шай бўлиб турсин!

Капитан Қодиров хонага киришга улгурмаган ҳам эдики:
— Зудтар тезкор гуруҳ тузинг! Ҳамма ўқ ўтмас нимча кийсин! Олти дақиқадан сўнг йўлга тушамиз. Бажаринг! — деди Бошлиқ қатъий оҳангда.

Капитан Қодиров чиқиб кетгач, Бошлиқ туман ҳокимлигига сим қоқди. Қайсидир маҳалла оқсоқолининг исми-шарифини, манзилгоҳини, уй телефони рақамларини суриштириб, ёзиб олди. Шу заҳоти маҳалла оқсоқолининг уйига сим қоқди.
— ...Биз тез орада етиб борамиз. Котибингиз билан ҳеч қаерга кетмай туринг!

Бошлиқ гўшакни қўйиб, жавондан ўқ ўтмас нимчани олди-да, қайтадан кийинди ва зудлик билан хонадан чиқди. Икки тезкор гуруҳ мошиналарда уни кутиб турган эди.

* * *

Соҳиб осмонўпар бинонинг учинчи қаватида жойлашган икки хонада қарийб ўн йилча яшади. Аввалги отамерос ҳовлилари йўлга тушиб, бузилганидан кейин шу уйга кўчиб ўтишган эди. У ана шу янги уйда Шукронага уйланди, бир ўғил ва бир қиз кўрди.

Мевали дарахтлар соя-салқин солиб, анвойи гуллар безаган ҳайҳотдек ҳовлида вояга етган Шукрона ҳам бу чоққина хоналарга аста-секин кўникиб кетди. Фақат ўғли ва унинг ортидан қизи мактабга чиққач, Соҳиб ҳам, Шукрона ҳам қулай шарт-шароит ҳақида ўйлай бошлашди. Аммо ҳовли сотиб олиш шунчаки хомхаёл эканини яхши тушунишган эр ҳам, хотин ҳам дардларини ичларига ютишганди...

Кунларнинг бирида автобус кутиб турган Соҳиб бекат устунларига тартибсиз ёпиштирилган турли эълон қоғозларининг ичидан «ҳовлимни шаҳар марказидаги кўп қаватли бино хонадонига ўзаро келишувга кўра алмаштираман» мазмунидаги қизил сиёҳда битилган эълонни кўриб қолди.

Шундан буён эълон қоғозларини битта қўймай, эътибор билан ўқийдиган бўлди. У нима учундир қўлда одмигина қилиб ёзилганларига умидворлик билан қарарди. Йигирма-ўттиз кун ичида саккиз-ўн алмаштирувчининг манзилгоҳлари ва уй телефонларининг рақамлари ён дафтардан ўрин олди. Улардан фақат учтасинигина қизил қалам билан доира ичига олиб, тагига чизиб қўйди... Соҳиб кўнглида туғилган илинж, умид учқунларига айланди, бир неча ҳафта ўтгач эса бу учқунлар алангаланди.

Фақат шундагина Соҳиб Шукронага ёрилиш, ўз орзу-режаларини аён қилиш мавриди етди, деган тўхтамга келди.

Шанба кунларининг бирида, нонуштадан кейин:
— Тунов куни ўзимизнинг бекатда кўпқаватли бинодаги хонадонга ҳовли алмаштираман, деган ёзувни тасодифан ўқиб қолдим, — деди у. — Албатта, устига пул-мул ҳам сўраса керак. Негаки, «ўзаро келишувга кўра», деб илова қилинган.

Хотинидан розилик олиш мақсадида атайлаб бепарво оҳангда айтилган бу гаплар дарҳол жиддий тус олди. Маълум бўлдики, Шукрона анчадан буён худди шу ҳақда ўйлаб юрган, аммо ўзи гап очишга юраги дов бермай қулай фурсатни кутган. Шукрона бу гап-сўздан ҳаяжонланиб кетди. Унинг ҳасрат аралаш орзу дафтари очилди, пиёладаги чойини ичишдан тўхтаб, дастурхонни қайириб қўйди. Дарди ичида экан. Икки кичик хонада бундан буён яшаш қийин эканини, болаларининг катта бўлаётганини ёниб-пишиб гапирди.
— Биламан, бу иш осонликча битмайди. Xоналаримиз устига каттагина пул ҳам талаб қилишади. Бир-икки йил қийналамиз, буларга ақлим етади. Аммо-лекин, орқаси роҳат бўлади, чинакамига уйли-жойли бўламиз.

Соҳиб ўша шанба куни кўнглини хира қилаётган шубҳалардан фориғ бўлиб, қатъий қарорга келди. Xоналарни ҳовлига алмаштирадиган, яқинлардан қарз кўтарадиган эр ҳам, хотин ҳам чор-атрофдан уй дараклайдиган бўлишди. Соҳиб аниқлаган ҳовли эгалари билан ўша шанбадаёқ музокараларни бошлаб юборишди...

* * *

Соҳиб ва Шукронанинг кўп йиллик орзулари ушалиб, ҳовли-жойли бўлишди. Кўчиб келганларидан кейин уч-тўрт ой эру хотин анча қаровсиз ҳолга тушиб қолган катта ҳовлини тузатишга киришди. Бир вақтлар меҳр ва ҳафсала билан қурилган катта-кичик ўчоқлар бузила бошлаган, чамаси, уч-тўрт йил ичида на ўчоққа, на тандирга ўт қалангани шундоққина кўзга ташланиб турарди. Соҳиб сомонли лой қориб, ўчоғу тандирларни ямаб эпақага келтирди. У юмушларга берилиб уринаркан, қулоғига бир бўғиқ товуш эшитилди. Қулоғини динг қилганча Соҳиб бир неча сония нафасини ичига ютиб турди. Аммо товуш ўчмадигина эмас, балки сукунатда «ғийқ-ғаққ», «ғийқ-ғаққ» деган сас мунтазам эшитилаверди.

Соҳиб ҳайратланиб, юраги увишгандек бўлди. Шукронага ҳам эшитилармикан, деган ўйда баҳона билан хотинини чақирди:
— Бу пачоқ пақирларни ахлат мошинасига ташлаб юборсам нима дейсан?

Шукрона ошхонага кириб бурчакка яқинлашди, пақирларга бир-бир разм солди. Лекин ўша бурчакдан чиқаётган товуш ҳақида ҳеч нарса демади. Демак, унга ҳеч қандай сас эшитилмаган.

Энди Соҳиб ҳовлини саранжомлашга ўтди. Қуриган дархтларни қўпориб, шох-шаббаларни арралашга ҳам уч-тўрт ҳафта кетди. Айниқса, олмага чирмашиб кетган ток занги уни қийнади. Бундай юмушларнинг ҳадисини олмаганидан кечга бориб, ҳориб-чарчаб қоларди. Аммо кундан-кунга ҳовли ёришиб чирой очаётганидан завқланар эди.

* * *

Шукрона тақводор оилада вояга етган эди. Беш вақт намозини асло канда қилмаган, ҳаром-харишга қўл урмаган раҳматли отаси Оллоҳга беҳад ҳамду санолар рамзи сифатида фарзандининг исмини «Шукрона» деб қўйган. Онаси ҳам жаннати аёл бўлган. Диний расм-русумларга сидқидилдан ихлос қўйиши шундан. Шукрона энди янги ҳовлини бутунлай ҳалоллаб олиш учун ис чиқариб, ўтганлар арвоҳига Қуръон туширишни кўнглига тугди. У ўзича режа тузиб, эридан пинҳона тайёргарликни бошлаб юборди: чинни-товоқларни ювиб тахт қилди, қанд-қурсларини кўздан кечирди, кўрпача-ёстиқларни офтобга ёйди...

Мавридини кутиб юрган Шукрона шомликдан кейин ётиғи билан эрига гап очди. Соҳиб аввалига ҳеч кўнмади, бафуржа эшитишни ҳам истамади, ўрнидан туриб кетди. Эрининг табиатини яхши билган Шукрона гапни чўзмади, бир-икки ҳафта бу мавзуни умуман тилга ҳам олмади, одатига кўра, унинг жаҳлдан тушишини кутди.

Аёллар, хум ичида чумоли тойса билишар эмиш. Эрининг дилидаги ўзгаришларни сездими, чамаси, ўша гапдан йигирма кунлар ўтгач, Шукрона худойи ҳақида яна сўз очди. Бу сафар Соҳиб сапчимади, босиқлик билан эшитди.
— Қани, ўйлаб кўрайлик-чи, — деди у муросага келиб, — бунга қаршилигим йўқ. Аммо, менимча, ҳозир мавриди эмас. Ҳадемай таътилга чиқаман... Ана ўшанда беш-ўнта эмас, ундан кўпроқ ҳам одам чақирамиз, қариндош-уруғни ҳам... Xайрли ишнинг кечи йўқ дейдилар...

Шукронага шунинг ўзи етарли эди, кўнгли ёришиб кетди. Эрини ўша куниёқ бир-икки ҳафта ичида худойини ўтказишга кўндирди-қўйди. Июлнинг учинчи пайшанбасида ана шу хайрли ният ҳам ушалди. Маҳалла оқсоқоли бошлиқ тўққиз киши меҳмонхонада хонтахта атрофидан жой олди. Нуроний Собир бува Қуръон тиловатини қилди. Сўнг қуюқ-суюқ таомлар тортилди. Меҳмонлар ҳовли файзли бўлиб, гулдай очилиб кетганини айтишиб, қайта-қайта муборакбод қилишди, шу уйда қўша-қўша тўйлар қилиб, ували-жували бўлишларини тиладилар.

Меҳмонлар тарқалишганидан кейин Соҳиб ён қўшниси Шотурсунни яна бироз гурунглашиб ўтиришга қистади.
— Йўқ-йўқ! Энди сиз ҳам дамингизни олинг, чарчагансиз, — деб уйига чиқиб кетди.

Соҳибнинг илк танишгани ана шу ён қўшниси бўлган. Ҳали-ҳали эсида, келганининг иккинчи куниёқ шу қўшниникидан бир чуқур лаганда чучвара чиққан эди. Шотурсун Соҳибдан саккиз-ўн ёш катта, қиз узатиб, қўша келинлар ҳам туширган, неваралари бор. Соҳиб уларнинг ҳовлисига кирмаган бўлса-да, унинг катталигини, адоғида молхонаси ва сигир-қўйлари борлигини биларди.

Шотурсун унга Соҳиб ака, деб мурожаат қиларди. Бундан хижолат чеккан Соҳиб:
— Мени қўшни ёки Соҳиб ука, деб чақираверинг, — дерди.

Шотурсун эса билганидан қолмасди.

Кўча-кўйда учрашиб қолганларида, Шотурсун ёқимли табассум билан шундай қуюқ сўрашардики, Соҳиб ўзини ноқулай сезар, қийналар, шундай эса-да, самимий бўлишга астойдил уринар эди.

* * *

Шукрона эрининг таътилга чиқиши аниқ бўлганидан бошлаб, қўлига тегадиган пулнинг анча салмоқдор бўлишини ҳисоблар ва нималарга сарфлаш режасини обдон ўйлаб юрарди. Икки кичик хонани каттагина ҳовлига алмаштиришда қариндош-уруғ ва ёр-биродарлардан кўтарилган қарзлардан деярли қутулишган. «Энди бўм-бўш хоналарни секин-аста тўлдиришимиз, баъзиларини янгилашимиз керак!» деб ўйларди у. Мавриди келди дегунча эрига:
— Энди дурустроқ уй жиҳозларини олмасак бўлмайди. Аввало, сизнинг хонангиз учун бир яхши гилам жуда зарур...
— Ҳали қарз-қурзлардан тамомила қутулмадик, — деди яна гап очилганда Соҳиб. — Менинг хонамни безаш қочмас. Биринчи галда тоғангнинг пулини бериб, қутулганимиз маъқул.

Шукрона эса бу маслаҳатга қулоқ солмади, ўжарлик билан ўз сўзини маъқуллайверди:
— Тоғам шошираётганлари йўқ. Келгуси йил ўғилларини уйлантириш ниятлари бор. Ана ўшанда тўёна пулини ҳам қўшиб, дурустроқ қилиб берамиз.

Соҳиб «бир гап бўлар» деган маънода бу сафар эътироз билдирмади.

* * *

Соҳиб ишхонасига икки бориб, қуруқ қайтиб келди. Ҳисоб-китоб бўлимидагилар:
— Банкда пул йўқмиш. Сим қоқинг, овора бўлмайсиз, — дейишди. Соҳиб деярли кунда сим қоқишдан эринмади. Xайрият, бугун иш битадиганга ўхшайди, отланиб йўлга чиқди. Сўнгги ойлик маошига таътил пулини ҳам қўшиб беришади. Соҳиб тўғри бориб, кичик дарчани оҳиста тақиллатди. Xазиначи аёл дарҳол очди ва илиқ саломлашди. Сўнг бироз ийманиб:
— Пул борликка бор-у, лекин... — товуши ўча борди. Сўнг бироз қатъийлашиб: — Ёнингизда қоп-мопми ёки каттароқ ва пишиқроқ халта-палта борми пулни олиб кетишга? — деди. Соҳиб хазиначи аёл майна қилаётир, афтидан жуда кам тегадиганга ўхшайди, деб ўйлади. Нима дейишини билмай ҳайратланиб қолди. Буни кўрган хазиначи аёл:
— Мен чин гапираётирман. Роса ҳам майда пул беришди. Нуқул беш ва ўн сўмлик. Уч сўмликлар ҳам бор. Саноғига етолмай ўзим ҳам қийналиб кетдим, — деди бироз тин олиб, Соҳибнинг рағбатини қўзғатиш мақсадида бўлса керак: — Лекин яп-янги! Ҳали тахи бузилмаган, бели синмаган.

Соҳиб тўғри бекат ортидаги бозорчага ўтиб, савдо аҳли кўтариб юрадиган икки халта харид қилди.

Ғазначи аёл берган дасталарни санай бошлаган Соҳиб тез орада саноқдан янглишиб кетди, сўнгра уларни санамай халталарга жойлайверди.

Ниҳоят халталарни кўтариб кўрди: улар зил-замбил эди, бекатга боргунча икки марта тўхтаб, нафасини ростлади.
— Ё пирим-ей! Пул ҳам шунақа оғир бўладими? — дер эди халлослаб ўзича. — Тавба!

Бир амаллаб автобусга чиқиб жойлашган Соҳиб бироз тин олгач, такси ёлламаганига ачинди. Шунча пули бўла туриб, бунақа азоб тортиб юрса! Эҳ, аттанг, бошида ўйламабди-да. Уйига қийналиб етиб келган Соҳиб дарвозани ўз калити билан очди.

Икки халтани хонасига кўтариб кирди, нафасини ростлаб, соатига қаради. Ўн икки бўлиб қолибди. Болаларининг мактабдан келишига ҳам, Шукронанинг ишдан қайтишига ҳам ҳали анча бор. Тушликка ҳам эртароқ. У бари бир чой қайнатиб, аччиқ қилиб дамлади. Иссиқ-иссиқ босиб, икки-уч пиёла ичди. Бироз ором олгандек бўлди. Юк залворидан елка ва иккала қўли оғриётганини энди сезди. Бошига келган бир ўйдан дили ёришиб, пул дасталарини тартиб билан тахлай кетди. Ва беихтиёр тахламлар Миср эҳроми шаклини ола бошлади. Ҳадемай катта-кичик уч эҳром бунёд бўлди. Бу ўйинга берилиб, эҳромларни бузганча, турли шакллар тузишга ўтди... Ия, хона саҳнини шу чиройли пул қоғозлари билан безаб чиқса нима бўлади? Xонтахтани айвонга олиб чиқиб қўйди. Пул дастаси белбоғларини йиртиб ташлаб, ҳар бир шилдироқ пул қоғозини дид билан териб чиқа бошлади: беш сўмликлар бир қатор, ўн сўмликлар бир қатор. Чиройли нақшлар тартиб билан такрорланиб, бутун хона сатҳига ажойиб чирой бахш этди. Соҳиб ўзи кашф этган пул-гиламдан ғоят завқланиб кетди. «Шукронанинг лол қолиши аниқ, — дилидан ўтказди у. — Болаларни хонага киритмайман».

Соҳиб катга ястаниб, ширин хаёллар оғушига чўмди. Унинг кўзи илинган эди...
— Соҳибжон ака! Ҳув, Соҳиб ака! Уйдамисиз?

Қўшниси Шотурсуннинг товушидан сесканиб уйғонган Соҳиб то ҳушёр тортиб ўзига келгунча, хона эшиги ланг очилди. Чироқ нурларида минг товланаётган пул-гиламдан онг-тонг қотиб қолган Шотурсуннинг кўзлари соққасидан чиққундай чақчайди, башараси бўзарди, тили айланмай қолди. Бир лаҳза бўзариб тургач, тутила-тутила:
— Эшик очиқ экан... Икки-уч чақирдим... — ўзини оқлагандай ғўлдиради Шотурсун. — Кейин хавотир олиб кириб келавердим... Мен билмадим... Ахир, ён қўшни... — доимо такрорлайдиган севимли маталини бу сафар чала қолдирган қўшни қандайдир ёвқараш билан Соҳиб кўзига бир зум тикилди-да, орқага тисарилди. «Бир уй тўла пул. Ҳаммаси яп-янги! Қаердан улар? Нега ёйилган? Ё ясамани шундай қуритаяптими?» Ана шуларни хаёлидан ўтказган Шотурсун очиқ дарвоза томон жадал йўлланди.

Шотурсун кўзларидаги таҳлика, хатти-ҳаракатлари, тилидаги ҳаяжон ва қўрқув Соҳибга ҳам кўчди. Шотурсуннинг чала-чулпа ғўлдираши, салом-алик ҳам қилмай жўнаб қолиши Соҳиб дилига ғашлик солди: нимага келди, нега мақсадини айтмай орқага қайтди? Эҳтимол, хонага тўшалган қоғоз пуллар уни ларзага солгандир? Унга тушунтирмоқ керак!

Соҳиб зудлик билан Шотурсуннинг орқасидан ҳовлига чиқди. У дарвоза бўсағасига бориб қолган эди.
— Ҳов қўшни! Шошманг, тўхтанг! Ҳаммасини тушунтираман, жон қўшни...

Шотурсун уни эшитдими-ешитмадими, ҳойнаҳой, қайрилиб ҳам қарамади. «Нимасини тушунтирасан, қаллоб! Шундоқ ҳам кўриниб турибди-ку! Жон қўшни эмиш!..» — дилидан ўтказди у. Ҳовлидан чиқиб, дарвозани зич ёпди. Ошиғич ўз уйига кириб, важоҳат билан телефон гўшагини юлқиб олди...

* * *

Маҳалла оқсоқоли ва унинг котибаси, гузарда меҳмонларни — миршабларни кутиб олишди. Бошлиқ оқсоқол билан ўзаро икки-уч оғиз гаплашди, қандайдир қоғозларни кўрсатиб, нималарнидир уқдирди ва биргаликда мошинага қайта ўтириб, тўғри Соҳибнинг ҳовлисига йўл олишди. Иккинчи мошинада миршаблар билан бирга котиба ҳам етиб келди. Қўнғироқни жиринглатмасданоқ тўғри ҳовлига киришди. Бошлиқ соатига қаради. Ўн тўртдан етти дақиқа ўтибди.

Аввалдан келишилган чоғи, келганлар гап-сўзсиз икки гуруҳга бўлинишди. Бошлиқ раҳбарлигидаги икки ходим хоналар томон йўналди. Оқсоқол ва котибага гапирманглар ишорасини қилишди. Капитан Қодиров қўли остидаги иккинчи гуруҳ қандайдир асбобларни созлаб ҳовли этагидаги ошхона ва бошқа уйчаларга қараб юришди. Бошлиқ капитанга ертўла бўлса, уларни ҳам текширинглар, деб тайинлади.

Бу орада пул-гилам тўшалган хонадаги катда ўйчан ўтирган Соҳиб ҳовлидаги олағовурни эшитиб чиққач, миршаб кийимидаги кишилар, котиба ва оқсоқолни кўриб таажжубга тушди, юз-кўзида қўрқув аломатлари пайдо бўлди, ранги оқариб кетди. «Болаларимга бирор нарса бўлдими? Ё Шукрона...» — ички титроқ билан ўйлади у.

Маҳалла оқсоқоли Соҳиб юзидаги ҳайрат ва ташвишни сезди шекилли, уни тинчлантириш ниятида мулойимлик билан ҳол-аҳвол сўради-да:
— Булар айрим масалаларни аниқлаш учун келишибди, — деб ёнидаги Бошлиқ ва қолган миршаб ходимларига ишора қилди.

Бошлиқ Соҳиб қошига борди, қўл бериб кўришди. Исми шарифини, ҳозир уйда яна ким борлигини суриштирди. Сўнг тинтув қилиш учун рухсатнома борлигини айтиб, уни кўкрак чўнтагидан чиқазиб кўрсатди. Соҳиб гарчи варақни олиб кўз югуртирган бўлса-да, ҳеч нарса ўқий олмади, кўзлари тиниб, ҳарфлар жимирлашиб кетди.
— Қани, хоналарга бошланг! — деди Бошлиқ. Сўнгра оқсоқол ва котибага қараб: — Илтимос, чалғитманглар. Ҳамма нарсани эслаб қолишга ҳаракат қилинглар. Кўрган — эшитганларингизга гувоҳ бўласизлар, воқеа юзасидан баённома — қайдномалар тузамиз, сизлар ҳам имзо чекасизлар. — Гувоҳларнинг бош ирғашини кўргач: — Ҳа айтгандек, анави ён қўшнини ҳам тезда чақириб чиқинг! — деб ходимларнинг бирига буюрди.

Ҳали ўзига кела олмаган Соҳиб уларни беихтиёр хоналар бўйлаб бошлади. Бошлиқ ўнг ва сўл хоналарга шунчаки қараган бўлиб, тўғри даҳлиз бошидаги эшикка рўпара келди-да, дағал овозда:
— Нега бу хона қулфланган? — деди. Бу ўша пул-гилам тўшалган хона эди. Аммо қулфлоқ эмас, эшик зич ёпилган эди, холос. Соҳиб эшикни ланг очиб юборди. Келганлар кўз ўнгида чироқ нурида товланиб, сернақш гиламдек яшнаб турган бир уй пул намоён бўлди. Котиба беихтиёр «Вой!» деб юборди, оқсоқол ҳайратдан қотди, унинг кўзларигина тинимсиз пирпирарди. Бошлиқ худди ҳар куни бунақа пул тўшалган хоналарни кўриб юргандек, дарҳол сергак тортди ва гувоҳларга диққат билан қарашларини яна бир бор тайинлади. Xодимларининг бирига муфассал баённома тузишни топширди. Бошқа ходим хонанинг бўйи ва энини ўлчади, жиҳозларни бирма-бир сувратга олди. Xусусан, хона саҳнига териб чиқилган пулларни турли масофадан сувратга тушира бошлади.

Соҳибнинг ўзини тутишини диққат билан кузатаркан, Бошлиқ бирдан эслаган бўлиб:
— Ён қўшни чиқдими? — деб сўраб қолди. Xудди шу пайт хонага ийманиб, Шотурсун кирди ва бошини беўхшов қимирлатди. Унинг авзойидан мамнунлик ва ғолибона қониқиш аломатлари кўриниб турарди. Соҳиб беихтиёр унга қаради. Шунда Шотурсун ўнғайсизланиб, ҳатто ўзини айбдордек санаб, кўзини олиб қочди. Бу ўзгариш Соҳибни таажжубга солди. «Нега?» Шунда миясига ялт этиб бир фикр келди. Шубҳани аниқламоқ ниятида Шотурсунга тикилиб қаради. Аммо икки қадрдон «жон қўшни»нинг кўзлари тўқнаш келмади. Шунда Соҳиб гап нимада эканлигини, нимага тинтув ўтказилаётганини тушунгандек бўлди-да, бирдан хахолаб кулиб юборди. Шу қадар қаҳқаҳ отиб кулдики, котиба ўзини ноқулай сезди. Бошлиқ ўйланиб қолди, хавотирланиб не хаёлларга бормади: «Устомонлик қилмоқдами?» Миршаблар ажабсиниб, ундан нигоҳларини узишмади. Маҳалла оқсоқоли бир-икки бор томоғини қаттиқ қириб, йўталиб қўйди. Фақат Шотурсунгина тошдек қотиб турар эди.
— Қўрқманглар, эс-ҳушим жойида, — деди Соҳиб ўзини кулгидан тўхтатишга тиришиб. — Ақлдан ҳам озганим йўқ! Лекин кимнингдир жинни бўлгани рост! Ўзингиз ўйлаб кўринг, — у Бошлиққа юзланди. — Наҳотки, шу пуллар ясама бўлса! Ана бу бурчакда пул дасталарининг банк номи, назоратчи муҳри, ҳисобчи имзоси ва саналар қайд қилиб қўйилган қоғоз белбоғлари ётибди, уларни ўқиб кўринг.

Соҳибнинг гап-сўзлари бирор шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада табиий ва маънодор эди. У ўзини босиб олган ҳолда хона кунжагидан бир сиқим қоғоз тасмасини олиб, хотиржамлик билан Бошлиққа узатди. Бошлиқ аввал Соҳибнинг кўзларига тикилиб қаради, сўнг синчиклаб қоғозларни ўқиб чиқди, икки донасини буклаб, кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Гапи таъсир қилаётганини сезган Соҳиб жилмайганча ним истеҳзо билан давом этди:
— Ахир, пул ясаш осонми?!.. Қолаверса, қайси аҳмоқ беш сўмлик ёки ўн сўмлик пул ясар экан. Ўн сўмга битта қурут ҳам бермайди-ку! Бу хонани тўлдирган пуллар эллик минг сўмга ҳам етмайди. Менинг бир йиллик таътил пулим. Ишонмасангиз сим қоқиб кўринг, одамингизни юборинг.

Соҳиб бу далилларни айтган сайин Шотурсуннинг ранги оқариб, безовталанарди. Соҳибнинг куйиниб тушунтиришларига Бошлиқ диққат билан қулоқ тутди. Энгашиб бир сиқим қоғоз пулларни олди. Чиндан ҳам ҳаммаси беш сўмлик ва ўн сўмлик... Чироққа тутиб, зеҳн солди.

Хонани сурғичлаб, ясама пуллар бўйича бош мутахассисларни чақирмоқчи бўлган Бошлиқнинг фикри ўзгарди. Кўрганларидан руҳий ларзага келиб, тинимсиз пичирлаб калима келтираётган оқсоқолнинг юзига табассум инди. Нуқул «Тавба! Тавба» деб, ўзини четга олаётган котиба ҳам энди жонланиб, нуқул «Хайрият! Xайрият!» дерди. Фақат Шотурсун ҳамон безовта ва бўзрайган алфозда серрайиб турарди.

Бошлиқ аслида жуда мулойим, дилкаш одам экан. Телефонда айтилган чақувга ишониб адашгани, вазифаси тақозосига кўра ҳовлисига бостириб киргани ва асоссиз шубҳа-гумонлар учун Соҳибдан узр сўраши ҳамманинг дилини равшан қилди.

Хуш кайфиятни ҳовлида текширув ишларини бошқараётган капитан Қодиров бузди. У шахдам қадамлар билан Бошлиқ олдига келиб, унинг қулоғига нималарнидир хавотир оҳангда пичирлади. Капитан Қодиров ходимлари қўлидаги асбоблар доимий шовқинни қайд этиб, яқин атрофда электр қуввати билан ишлаётган қурилмалар борлигидан дарак берарди. Бошлиқ ўзгарди-қолди: яна ўша важоҳатли қиёфага кирди. У кетаётган котибага бироз сабр кутиб туришни илтимос қилди-да, гуруҳдан ажралиб, капитан билан ҳовли этагига йўл олди. Ошхонага кириб, сирли товушни илғаш учун нафас олмай қулоқ тутди. У ходимлар қўлидаги асбобларга зеҳн солиб қаради, нималарнидир суриштирди. Қўшни девор ёнига яқинроқ бориб, яна асбоблардаги ўзгаришларни кузатди. Капитан унга нималарнидир тушунтирди.

Ҳовли чеккасида қолган оқсоқол ва бошқа ходимлардан бироз четроқ турган Шотурсун қулоғини қанча динг қилмасин, бари бир, Бошлиқ билан Қодиров ўртасидаги суҳбатни илғаб ололмади, аммо улар гап орасида Шотурсуннинг молхонаси томон ишора қилаётганини кўрди-ю, хавотирга тушди. Соҳиб билан совуққина хайр-хушлашиб, оқсоқол ва бошқаларга парво қилмай дарвоза сари қадам ташлади. Унинг орқасидан оқсоқол товуш қилди, лекин Шотурсун эшитмаганга олиб, йўлида давом этди ва шошилинч дарвозадан чиқиб кетди.

Бу орада Бошлиқ ходимлардан икки-уч одим узоқлашиб, уяли телефонда қисқа-қисқа гаплашди.
— Xўп бўлади! Тушундим! — деганча телефонни ўчириб, капитанни ўзи томон имлади ва қандайдир топшириқлар берди. Бир зумда миршаблар Бошлиқ атрофига тўпланишиб, унинг кўрсатмаларига қулоқ тутдилар. Ёлғизланиб қолган Соҳиб, оқсоқол ва котиба бу ҳаракатлардан ҳайратда эдилар. Xодимларидан ажралиб, Бошлиқ улар қошига келиб:
— Яна бир пас биз билан бирга бўласизлар. Қўшни ҳовлига ҳам кириб чиқиш зарурати туғилди, — деб оқсоқол ва котибага юзланди. Ва Шотурсуннинг ўз ҳовлисига шошилинч чиқиб кетганини эшитиб, капитанга ишора қилиб: — Қани, кетдик! — деди. Уч-тўрт қадам юргач, орқасига қайтиб, ҳайратланиб турган Соҳиб билан хайрлашди, ноўрин безовта қилганлиги учун кечирим ҳам сўради.
— Ҳечқиси йўқ. Баҳонада сиз билан танишиб олдик, — деди Соҳиб уни кузатар экан.

Хижолат чекаётган Бошлиқ Соҳиб билан ҳарбийчасига хайрлашди. Илдам қадамлар билан бу дарвозадан чиқиб, ён дарвозага капитан ва ходимларнинг орқасидан кириб борди, одати бўйича қўл соатига қаради: ўн тўртдан эллик уч дақиқа ўтибди.

Ёлғиз қолган Соҳиб болалари ва Шукрона келгунча миршабларнинг чиқиб кетганларидан хурсанд бўлди, йўқса, уларнинг қўрқиб кетишлари аниқ эди.

Орадан чорак соат ўтар-ўтмас ҳалиги ходимлардан бири эшикни жиринглатди. Тезлик билан кечган сўнгги воқеаларни ҳайрат билан кўз олдида хаёлан жонлантираётган Соҳиб фақат учинчи қўнғироқни эшитгандан кейингина дарвозага борди. Xодим уни Шотурсуннинг уйига таклиф этишаётганини айтди.
— Тинчликми? Нима гап? — сўради ходимдан. У бироз иккиланиб туриб:

— Қўшнингиз молхонасининг ертўласидан атлас тўқийдиган дастгоҳлар чиқди. Яширин корхона очган экан-да. Шунга сизни ҳам гувоҳликка чақиришаяпти, — деди. Соҳиб гап нимада эканлигини дафъатан идрок эта олмади, аммо ноқонуний иш юзасидан гувоҳликка таклиф этишаётганини тушуниб турарди. Атлас тўқийдиган дастгоҳлар ҳақидаги ногаҳоний хабар эса кўчиб келган кезлари бошини қотирган ўша сирли «ғийқ-ғаққ» деган товушни эслатди. Қаттиқ чарчаганини ва ҳозир болалари мактабдан келиб қолишларини баҳона қилиб, қўшниникига чиқмади. У тўғри бориб, пул-гилам тўшалган хонага кирди, гиламнинг кўпгина нақшлари бузилиб кетган эди, пулларни қайтадан териб чиқиб, тузатган бўлди. Ҳадемай у санъатини хотини ва болаларига тортиқ қилади... Эртасига Шукрона: «Тўрт киши кечаю кундуз атлас тўқиш билан банд экан. Дастгоҳларни ва қанчадан-қанча атласу шоҳиларни мусодара қилишибди, Шотурсун ва унинг хуфия ишчиларини олиб кетишибди», — деган гап топиб келди.