OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулҳамид Чўлпон
Асар номиДўхтур Муҳаммаддиёр (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/жадид адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулҳамид Чўлпон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм44KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/20
Манба[ziyouz.com ziyouz.com...]


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дўхтур Муҳаммаддиёр (ҳикоя)
Абдулҳамид Чўлпон

Туркистоннинг қоронғу бир гўшасида... номлик бир уездни шаҳарда Ҳожи Аҳмад исмли 60 яшар бир камбағалгина сартарош ҳожи бор эди. Анинг хотуни чахўтка (сил) касалига мубтало бўлуб, тўқуз ой қадар хасталик тўшагида ётгандан сўнгра вафот бўлғон эди. Ул хотундан Муҳаммадиёр исминда бир ўғил туғилган эди. Ҳожи Аҳмад ўз шаҳрида «Ҳожи сартарош» деб машҳур эди. Анинг ҳожилиғининг бош сабаби 15 яшар экан вақтида отаси ила ҳажга борган эди. Отаси ҳажда вафот топкандан сўнгра «ёлғуз ўзи Миср, Истамбул, Фас-Марокаш, Булужистон, Бағдод, Эрон ва Афғонистон тарафларни ва ички Русияни ўн йил қадар саёҳат қилуб қайт¬кан эди. Саёҳатдан қилғон фойдаси форсча, арабча, русча ва инглизча тилларда суйламакға қодир бўлди. Аммо ўзининг нодонлиги сабаб бўлуб саёҳатда кўб машаққатлар кўрганлигидан ўғли Муҳаммадиёр ўқув ёшига етар-етмас бутун куч ва қуввати ила ани ўқутурға ҳаракат қилди. Муҳаммадиёр ўн ёшига етканда ичкари Русиядан Уфа мадрасаи Олиясини битурган бир муаллим келуб қолди. Бу шаҳарда бир-икки ҳафта тургач, халқ оғзидан газет ўқийдирган ва «етмиш икки тилни биладирган» ҳожи сартарошнинг шуҳратини эшитуб, кўрушмоқ учун Ҳожи Аҳмаднинг сартарошлик дўконига келди. Муҳаммадиёр ҳам шунда ўтурган эди. Отасининг ишорати ила ўрнидан туруб камоли таъзим ила кўрушди. Ҳожи Аҳмад ила муаллим афанди узоқ сўйлашуб ўтурдилар. Сўз орасида муаллим афандига Ҳожи Аҳмад:
— Меним бисотимда шул биргина ўғлим бор. Буни замона иқтизосинча* ўқутмоқни хоҳлайман. Агар қабул қилсангиз шунда, бизим ҳавлимизда туруб шунга яхшигина миллий тарбия берсангиз, сўнгра ҳукумат мактабларида ўқутсам, — дейди.

Муаллим бироз фикр қилуб тургач, ўқутмакни қабул қилди. Ҳожи Аҳмад дўконини ёпуб, муаллимни ҳавлисига олуб келди. Муаллимда ёш Муҳаммадиёр камоли шавқ-завқ ила ўқумакда эди ва бўш вақтларини ҳам — ўқумаган болалар каби чойхона, базм ва фаҳшхоналарда юрмай — бир рус офитсерининг тахти «раёсати»да тарбияи бадани ўйинлари ижро қилмакда ва фойдали китоблар мутолааси ила ўткармакда эди. Бу тариқада бир йил ғайрат ила ўқуди. Бу муддатда бутун аҳкоми ислом, тарих ва жуғрофиёларни мукаммал билди. Бир йилдан сўнг Ҳожи Аҳмад севикли ўғлини ҳукумат мактабларига бермакчи бўлди. Оҳ... фақат пул йўқ эди! Шу пулсизлики жуда эзмакда ва бечора болани аллақанча фазл ва камолот, илм ва урфондан қуруқ ва маҳрум қўймоқда эди!

Ночор муаллим афандиси ила баробар ёрдам қилмакларини ўтунмак учун шаҳар мўътабарони ҳузурларига бордилар. Баъзи бойлар муаллимнинг қиёфасини кўрган ҳамон эшигидан кирғузмасдан ҳайдамакда ва баъзилари қабул қилмакда эди, баъзи бирлари эса, Муҳаммадиёрнинг чиройликлигига қизиқуб бирмунча ойлик ила ўзига мирзалик ва маҳрам¬ликға сўрамакда эди. Фақат бизим Ҳожи Аҳмад буларнинг қиладирган кирдикорларидан хабардор бўлгани учун севикли ўғлини бермас эди. Бечора Ҳожи Аҳмад бойлардан ёрдам умид қилмакни ташлаб, бошқа йўллар изламакда эди. Бу вақтда шаҳарда катта тўйлар бўлмакда, қиморбозлар, мастлар бир-бирларин пичоқлашуб, инсон қонлари «жаҳолат!! жаҳолат!!!» деб оқмакда эди!.. Бирдан-бир бўлган шогирдларга ёрдам жамияти ақчасизликдан тўқтаган эди! Бу орада муаллим афанди кетмоқчи бўлуб ҳозирланди. Кеч соат 9 ларда Ҳожи Аҳмад ўғли ила биргалашуб муаллим афандини кузатмак учун вагзалга чиқдилар. Кузатуб қайтуб ётканда бир жойда қиморбозлар пул талашуб мушлашмакда экан. Ҳожи Аҳмад келуб насиҳат қилуб айира бошлагандан сўнг, бириси келуб Ҳожи Аҳмадни бўғуб ўлдурди ва Муҳаммадиёрни ярадор қилди. Ҳожи Аҳмад ўлур вақтида Муҳаммадиёрга қараб:
— Ўғлим!.. Мерос сен... га... ўлтурган... жой... Васиятим... ўқу... ў... қу... ўқу... ўқу... Мен... р-р-р... зомен, — деб жон таслим қилди.

Муҳаммадиёр ўлдурувчиларнинг бир-иккисин тануб, ҳар нима қилуб бўлса ҳам ўч олмоқни қасд қилуб кўрди. Лекин отасини ўлдурувчилар булар бўлмай, балки жаҳолат эканлигини ўйлаб тинчгина отасини кўмди. Ва ўзи жаҳолат ила чиндан олишмоқга қарор қилди. Жаҳолат ила олишмоқнинг қуроли, асбобини эса отаси айтуб кеткан эди. Яъни, жаҳолатга қаршу тўп, милтиқ, топонча, ханжар, ўқ-дору ёлғуз — ўқув, ўқув, ўқув эди!!!

Бир тарафдан отасининг ваҳшиёна бир суратда ўлдирилғонлигини ва бир тарафдан илм ва маърифат ила дунёга ном чиқарғон ватани Туркистоннинг жаҳолат дарёсида севина-севина сузганини кўрган Муҳаммадиёр хафачиликдан сил(чахўтка) касалига йўлуқди. Тамом сил бўлуб етмаса ҳам, силлик асари юзинда зоҳир бўла бошлади. Бу орада шаҳарда бир катта ўт чиқуб, мусулмон маҳаллалариндан 6-7 маҳалла куюб, мусулмонлар соҳиблари кўчаларда оч-яланғоч қолдилар. Ўртада бир армани мағазини куйган бўлса ҳам, армани мағазинини истрахавайт* этдирилганликдан зарар оз эди. Оҳ... бизнинг мусулмонлар-чи? Бизнинг мусулмонлар истрахавайтнинг нималигин билмайдурлар эди. Билганлари ҳаром, деб қилдирмаган эдилар... Бу ҳолларни кўрганда одам қандоғ чидаб туролсун? Қайси виждон бунга таҳмил* қилсун? Бечора Муҳаммадиёр бу ҳолларни кўруб касали яна зиёдаланмакка бошлади. Шаҳарнинг янги шаҳар қисмида «Ибрат» номли театруда «Ичкулик ва анинг ваҳим натижалари» ном ибратли бир картина* кўрсатилур эди. Ҳар қанча ҳолини билса ҳам чидай олмади. Бу бадбахт ичкулик натижасини кўрмак учун ошиқуб кечни кутди...

Ниҳоят, оқшом намозидан сўнгра пиёда «Ибрат» театрига қараб юрди. Театр ичкарисинда «Ичкилик ва анинг ваҳим натижалари»ни кўрсатуб ярмига етканда, театру боғида бир топонча овози чиқди... Картина тўқталиб, ҳамма халқ ташқарига югурди. Бечора ҳолсиз Муҳаммадиёр ҳам халқ орасида ташқарига чиқмоқда эди. Чиқди. Қайси кўз билан кўрсун!.. Шаҳарнинг мусулмон бойлариндан иккисининг ўғли театру боғчасида маст ҳолда қарта ўйнаб ўлтуруб озгина пулни талашуб туруб бириси топончасин чиқаруб бирисига отуб юборган. Отувчини ушлаб, мажруҳни хастахонага юборсалар ҳам, мажруҳ йўлда жон берган. Отувчи ҳам театру боғчасида бу ҳолга ҳайрон бўлуб ўз-ўзин отган...

Икки мусулмон жаҳолат сабабли ёш-ёш бу дунёга видо қилдилар. «Ичкиликнинг ваҳим натижалари» ҳақиқат бўлуб кўрилди...

Бу ҳолларни кўрган Муҳаммадиёр ҳам ҳушсизликдан йиқилди. Муҳаммадиёрни политса шаҳар хастахонасига олуб борди... Муҳаммадиёрнинг отаси йўқ, онаси йўқ, қавм-қариндоши йўқ... ким келуб ҳолидан хабар олар?! Оҳ, ёлғузлик... оҳ, етимлик...

Оҳ, бунларга сабаб бўлғон жаҳолат... Кет! Йўқол!.. Ўл!..

Бир ой қадар шаҳар хастахонасида даволангандан сўнгра Муҳаммадиёр яхши бўлган эрди. Хастахонадан чиққан вақтда дўхтурлар даволанмоқ учун Қофқозияғача борарға ҳам шул тарафларда туруб ўқурға тавсия қилдилар. Муҳаммадиёр пули йўқлигини куч ҳол билан дўхтурларға баён қилди... Дўхтурлар бироз мушоварадан* сўнг Муҳаммадиёрга бир хат бердиларки, бу хат билан бутун Қофқозия хастахоналаринда боруб даволануб ётса ҳам бир тийин ҳақ олинмас эди... Муҳаммадиёр хастахонадан чиқуб ҳавлисига келди... Ҳавлисида ҳеч ким йўқ: на ота бор, на она бор... не қўрқинч манзара!.. Ҳавлини 6 ойга бир русга 225 сўмға ижарага қўюб, кеч соат 7 да истансаға қараб юрувди, келса, пўезд кетган... Eрта билан соат 9 даги пўездга қолди... Маҳзун ҳолда яна уйға қайтуб, ўз хонасидаги русда бир кечалик меҳмон бўлди...

Eрта билан соат 8 да истансаға чиқуб, пўездни кутуб турди. Ниҳоят, ХХ аср маданияти келди аждар каби пишиллаб, ҳар тарафга сув чочуб... Муҳаммадиёрни ватанидан айирмоқчи эди. Истансада бир ғариб манзара эдики, Муҳаммадиёрнинг кўнглини бузмоққа бошлади: бир мусулмон хуржун йўқотган! Бири боратурғон истансасин номини билмай, бошқа истансаға билет олуб қўйғон... ва шунга ўхшаш даҳшатли манзаралар олдида Муҳаммадиёр қотуб қолди. Ниҳоят, иккинчи зуванўк урилганда, чиқуб учинчи класдан* жой топуб ўлтурди. Ҳалиги қўрқинч манзаралар бунда андин ҳам зиёда ҳукм сурмоқда эди: бир мусулмон бириси билан урушуб бурни қонағон, бир мусулмонни пўезд маъмурлари тутуб олуб урадирлар... Муҳаммадиёр чидаёлмади. Пўезднинг ташқарисиға чиқуб тикка туруб истансани томоша қила бошлади. Бир армани Қофқознинг қоронғу гўшалариндан келуб, истансада дўкон очуб, бой бўлуб икки ўғлини ҳукумат мактабларида тарбия қилмакда... Ва ерли мусулмонлар эса топкан пулларин тўйға, жанозаға сарф қилуб фақирликда, хорликда қолмоқда эдилар. Яна кўнгли бузулди, яна диққатлик, оҳ... Ўйға ботди. Бир вақт учунчи зуванўк ҳам урулди. ХХ асрнинг отсиз аробаси юраман деб бир қичқируб, илгарига қараб ҳаракат қила бошлади... Яъни Муҳаммадиёр муқаддас ватанидан ажраб ёт элларға боруб, ёт бир маишатға* қараб юрар эди. Учинчи (клас — ред.) пўезднинг ичига кируб бироз ул тараф-бул тарафға айлануб юрди. Боши тамом Туркистон ҳақинда фикрлар, ўйлар ила тўлган эди... Бироздан бир овоз келди:
— Мухамедъ-яръ!

Қаради. Ўзига тарбияи бадания таълим берган рус офитсери Пётр эди. Муҳаммадиёр боруб кўрушди ва офитсерга:
— Қайға борасиз? — деди.

Офитсер:
— Мен бир аскарий иш билан иккинчи истансаға тушаман. Сиз қайда борасиз? — деб савол қилди. Муҳаммадиёр бироз ўйлаб тургандан сўнг:
— Ғурбатга!
— Нима учун?
— Ўқумак... ўқумак... ўқумак учун, — деди.

Муҳаммадиёрга «Отангиз саломатми?» деб офитсер бир савол беришиға қаршу, у кўзларидан ёш оқизуб:
— Ўлди... — деб жавоб берди.

Бу сўзни эшитгач офитсер ҳам кўзларидан марҳаматли ёшларини оқузди. Муҳаммадиёр офитсердан бир дурбин сўраб олуб балқўнға* чиқди. Ватаннинг тупроғи устина сувларин чочуб, атрофларда ўтурган ерли мусулмонларнинг диққатин жалб қилуб юрмакда эди. Муҳаммадиёр дурбин ила узоқдаги тоғларга қараб туруб, кўз ёшларини оқузуб тоғларга ва ўзининг орқасида қолғон ватанига хитоб қилуб:
— Эй, Чингиз ва Темур аскарларини кўрган қоп-қора тоғлар! Эй, ватаним Туркистоннинг эски даврини кўрган тоғ боболар!

Чин айтинг! Бу йигирманчи аср маданиятини ҳам кўруб турубсиз! Ўн кунлик йўлни ўн соат қилғон бу йигирманчи аср маданиятининг айғирини кўруб ватандошларим нимага оғизларин очуб қоладилар? Нимага бу маданиятга кирмакка ўзлари ҳаракат қилмайдилар? Қачонгача икки ғилдиракли, кўчаларда сиғмайдирган аробалар?

Eй, ватандошларим! Қачонғача бу ғафлат? Нимага бунча хушёқмассизлар? Ахир сизлар ҳам одам-ку! Одамлардек ҳаракат қилингизлар! Кўз олдингизга келуб турғон илм ва маърифат мевасидан фойдаланмасдан нимага оғизларингизни очуб қараб турасизлар? Нимага бу ишларга киришмайсизлар? Уйқудан кўз очинглар! Уйқудан кўз очинглар! Уринунглар! Илм, маърифат ва ҳунар изланглар! Вақт етди, балки ўтди! — дер эди.

Кеч соат 7 да офитсер ила Муҳаммадиёр видолашди ва ўзининг жойига кируб уйқуга кетди.

Бир неча кундан сўнгра Муҳаммадиёр ўзини Бокунинг катта истансасида кўрди. Қўлида тугун ва бошқа нарсалари бўлмаганлигидан тезлик ила пўезддан тушуб, бир аробаға ўлтуруб шаҳар ичига қараб юрди. Мусулмон милиўнерлари, мусулмон бойлари, неча турли жамиятлари, бойларнинг хайрият йўлига милиўнлаб ионалари ила машҳур Боку шаҳри Муҳаммадиёрға ажиб туюлур эди. Бокунинг биринчи газиталаридан бўлғон ва бутун ислом шаҳарларига кетадирган кундалик (ўн саҳифа) «Қофқоз» номли газита идорасига кирди. Мудири ила кўришди. Мудирга ҳамма аҳволни очиқ тушундирди, у чорасига киришурман, деб жавоб берди. Муҳаммадиёр шаҳарни кезмак учун идорадан чиқди. Кеч бир милиўнер тарафидан шарқ усули меъморийсида бино қилинғон «Баҳри Ҳазар» номли нўмирда қўнди. Эрта бирлан машҳур бир китобхонадан бир нўмир «Қофқоз» газитасин олди. Бош тарафида шул эълонни кўрди:

<и><б>EъЛОН</б>
Жамияти хайрия исломия тарафидан қўшнимиз бўлғон Туркистондан илм излаб келгучи 14 ёшлик Муҳаммадиёр исмли бир диндошимизни ҳукумат мактабларига бериб, жамияти хайрия ҳисобига ўқутмоқчимиз. Шул тўғрида бу кун кеч соат етти яримда «Жамияти хайрия»да мажлис бўладур. Муҳтарам аъзоларнинг мазкур вақтда кеч қолмасдан ҳозир бўлмаклари керакдир. Муҳаммадиёр афанди ҳам ҳозир бўлсунлар!</и>

Eҳтиром ила жамият мудири...

Кеч соат етти яримда бироз аъзолар маслаҳат қилғонларидан кейин Муҳаммадиёрни олий таҳсилигача жамият ўз ҳисобига ўқутмоқға қарор берди. Ўқушни тамом қилғондан ке¬йин икки йилғача Боку ва атроф қишлоқларда лексия ўқумак шарт қилинди. Эмди Муҳаммадиёр бахтиёр ўлмиш ва бахт қушини қўлига қўндирмиш эди.

Бунча торткан машаққатларининг мевасин бундан кейин еяжак эди.

Ватан ва миллатина моли ва жони ила хизмат қилажак эди...

Ўз ватанидан ва ўз ватандошларидан ёрдам кўрмаган Муҳаммадиёр Боку ёшларининг ҳимматлари ила умидига етушди. Яъни, шаҳар мактабига дохил ўлди. Демак, энг муқаддас амалига етди. Энди оз бўлса ҳам ўзини хор қилғон ватан ва ватандошлариға хизмат қилажак эди. Муҳаммадиёр қайда бўлса ҳам ўз ватанини, ўз юртини ва ўз жойини тушунар ва йиғлар эди. Бир кун кеч, аср вақтида шаҳар боғчасига кируб, искамияда ўлтуруб газита кўрар эди... бир ерига кўзи тушди. Кўрдики:

<и><б>«ТУРКИСТОНДА БИРИНЧИ МАРТАБА ТEАТР»</б></и>

Ўқуб битирди-да, шодлиғидан қайда ўтурганини унутуб сакрарга бошлади... Шул вақтда ёнига Боку ёш муҳаррирлариндан* бир дўсти келуб ўлтирди. Муҳаммадиёрнинг сакраганини кўруб ҳайрон бўлди, этагиндан тортуб искамияга ўлтурғузуб:
— Муҳаммадиёр афанди! Нима бор бу қадар севинч? — деди.

Муҳаммадиёр ёлғуз:
— Туркистонда биринчи м...м...м...м...артаба тиа...т...т...т...тр, — деди-да, фикрға толди. Бокули муҳаррир бироз ўтуруб, туруб кетди. Муҳаммадиёр бир вақтда туруб қараса, кеч соат 12 бўлубдур. Боғчада ҳеч ким қолмоғон. Муҳаммадиёр туруб боғчадан чиқди. Имтиҳон вақти яқин бўлдиғидан Муҳаммадиёр кеча ва кундуз ҳаракат билан чалишмакда эди. Ниҳоят, имтиҳон бўлуб ўтди. Муҳаммадиёр биринчи бўлуб ўтди. Муҳаммадиёр биринчи бўлуб имтиҳон беруб чиқди. Муҳаммадиёр кеча-кундуз тинмай ҳаракат қилғонликдан енгил бир хасталик арз бўла бошлади. Табиблар тавсияси ила Боржўм сувларига боруб бир ой қадар даволануб, тузалуб қайтди. Яна шул Боку жамияти хайриясининг ёрдами ила Муҳаммадиёр Боку гимназиясига кирди. Муҳаммадиёр гимназияға киргандан кейин гимназия дарслариға шул қадар муҳаббат қўйдики, байрам кунларида ҳам чиқмас эди. Соат ўтди, кун ўтди, йил ўтди... Муҳаммадиёрнинг гимназиядан ҳам чиқар вақти етди. Ниҳоят, имтиҳон ҳам бўлуб ўтди. Гимназия имтиҳонида ҳам Муҳаммадиёр биринчи чиқуб олтун медал олди. Яна Жамияти хайрия ёрдами ва Боку бойларининг ҳимматлари ила Петрўғрад дорилфунунининг тиб шўъбасига кирди. Муҳаммадиёр дорилфунунға киргандан сўнг иккинчи йили ватани Туркистоннинг мадраса шогирдлари ҳаётиндан олуб «Умрлик шогирдлар»1 номли бир рўмон ёзди. Рўмони 12 жузъ* бўлуб, Туркистонда ҳануз мундоғ миллий маишатдан олинган катта рўмон чиқмағон эди. Ҳаттоки бу рўмон Петрўғрадда мунташир* рус журналларидан бирисида русча таржима этулуб босилди. Бу рўмон шундай моҳирона ёзилғон эдики, мадрасада қирқ-еллик йил турганда ҳам мундоғ яхши ва шогирдларнинг мадрасада ўқумай самоварларда давр сурғонликларини ёзмоқ мумкин эмас эди. Дорилфунунни тамом қилуб чиқишиға бир йил қолғонда пойтахт, чунончи, Маскав ва Петрўғраддағи туркистонли маскавчи бойлар ҳаётидан олуб «Пойтахт меҳмонлари» номли бир театру китоби ёзди. Бу китобда илмсиз бойларнинг пойтахт нўмирларинда тил билмай, илм билмай ва ажнабийлар тарафиндан ўзлариға қилинғон ҳақоратлар ғоят моҳирона суратда кўрсатилмиш эди. Бу китобни ҳам Муҳаммадиёр ўзи русча таржима қилуб нашр қилди. Петрўғрад театрулариндан бирисида баъзи бир истудент рафиқлари ила ўзининг маишатини таъмин қилмоқ учун саҳнага қўюб, китобда энг биринчи бўлғон хўжайин рўлини Муҳаммадиёр ўзи олуб, кўб олқишларға музоҳир бўлди. Бир театрдан расхўддан ташқари ўз маишатиға соф фойда бўлуб 3000 сўм қадар қолди... Ниҳоят, имтиҳон вақти етуб, Петрўғрад дорилфунунининг тиб шуъбасидан биринчи бўлуб имтиҳон беруб, дўқтурликка шаҳодатнома олди... Яна ватаниға қайтмади. Бокудаги ҳимматли бой ва ўзининг театрдан олдиғи пуллари ила бу туркистонли шогирд Швейтсария (Исвейчара) дорилфунунлариға тажриба учун югурди. Петрўғрад вағзалинда кечки пўезддан бутун мактаб орқадошлари Муҳаммадиёрни узатмақдалар эди. Бир тур¬кистонли камбағал бола ҳаракат ва ғайрат орқасинда Русия улуғ мактабларин битируб Оврупонинг энг олға кетган мамлакатларидан Исвейчараға ўқумоққа кетадур...

Мана ғайрат самараси, мана ғайрат меваси, мана ҳаракат гуллари... ибрат... ибрат... ибрат... Мана «Жамияти хайрия» фойдаси, мана иттифоқлик самараси, мана бирлик меваси...

Бизнинг Туркистон боласи ниҳоят «маданият йўрғаси» ила Исвейчаранинг пойтахтиға боруб дорилфунуннинг тиб шўъбасина сомеъ ёзилди. Бечора шогирд 7 сана Исвейчарада очлик ва тўқлик билан сабр ва сабот ила турди. Ниҳоят, Исвейчарадан ҳам қайтарға йўлға чиқуб Италиё — Туркия — Румониё— Булғориё тупроқлари ила айлануб Одесга, Одесдан тўғри Тошканд ва Тошканддан Бокуға келди. Боку вағзалинда бутун Боку ёш зиёлилари Муҳаммадиёрни қарши олуб ўзининг маънавий отасиникиға олуб тушушуб, Муҳаммадиёрнинг шарафина 50-60 кишилик бир зиёфат беришдилар. Муҳаммадиёр Бокуда очилғон Ислом тиб қурсинда 3 йил муаллимлик қилуб, ўз ватани Туркистонга қайтмоқчи бўлди. У андаги маънавий отасиндан рухсат олуб, жаҳолат дарёсинда севина-севина сузмакда бўлган ватани Туркистонга қайтуб, қўлдан келган қадар хизмат қилмоққа маслаҳат сўради. Маънавий ота рухсат беруб, кечки парахўд искаласида* Боку ёш зиёлилари узатмоқдалар эди. Маънавий ота устиға «Боку ёдгори» ёзилғон бир олтун соатни Муҳаммадиёрга беруб, андағи зиёлиларға қараб бир қисқа нутқ ўқушини Муҳаммадиёрдан тилади. Муҳаммадиёр парахўд устидан туруб зиёли ёшларға хитоб қилуб, қисқача бир нутқ ўқуди. Ҳозирдан Муҳаммадиёрни чучук овозлари ила олқишлаб, чечаклар ирғитмоққа бошладилар. Ниҳоят, парахўд ҳуштак беруб, денгиз сувларини тўлғаландируб Туркистонға қараб юрди...

Муҳаммадиёрнинг парахўд устида зиёлиларға хитобан ўқуган нутқи:
— Эй, маънавий акаларим! Эй, маънавий оталарим!..

Мен бир фақир шогирд эдим, кенг Туркистоннинг энг қоронғу гўшасиндан илм ва маърифат истаб шаҳрингизға келдим. Сиз ҳимматлуларнинг ҳиммати миллатпарвароналарингиз ила таҳсилимни Русия дорилфунунларидан ўтуб, Оврупо дорилфунунлариға қадар еткуздим. Ишта бу ҳаммаси «Жамияти хайрия» ва «Нашри маориф» жамиятларининг самарасидур. Мен ҳам ватанимга бордигим ила қўлларимни шуморуб жаҳолатда қолган қардошларингизни уйғотмоқ ва турғузмоққа ғайрат қиламен. Маънавий шаҳрим бўлган Боку ва маънавий ака ва оталарим бўлган сизларға самимий ташаккурларимни арз эдуб, у жаҳолат дарёсининг аждар ва балиқлари бўлган биз туркистонлиларнинг уйғонмоқимиз ва йўл топмоқимизға ёрдамлашмагингизни ҳаммаларингиздан рижо этаман. — Сўзи шул ерга келганда, парахўд секин-секин қўзғалмоқда эди. — Хайр яшангиз, соғ ўлунгиз оталарим, акаларим ва суюклу оғаларим! — деб нутқини битирди. «Маданият балиғи» сувни ўртасиндан ёруб бир доҳийни ва бир ходимни ватаниға судраб олуб кетар эди. Ниҳоят, латиф ҳаволи баҳор фаслида дарахтлар чиқарғон барглар каби кўм-кўк, миллат дардида ё бирорта нозанининг ишқида ва ё бирорта хонимнинг чангалида эзилуб юраклари қизил гул каби тўлганларга энг биринчи тасалли берадирган ва онларға буюк руҳ ва умид берадирган тўлқунли денгиздан ваҳший (ёввойи) одам деган бир нарса яшаган ер юзиға чиқди. «Маданият йўрғаси»ға минди. Қани ҳалиги юмшоқ латиф ҳаволи денгизлар ва сувлар? Қани ҳалиги денгиз сувларин тўлқунлатуб юрадурғон шамоллар? Қани 3 — 4 йил аввал Исвейчарада, Франсияда, Италиёда, хусусан, Алп тоғларида кўрилган латифликлар? Қани Алп тоғлари устида ишлаб топган пулиға ва дунёсига тўй қилмай, улоқ чопдирмай, бачча ўйнатмай, эшон-муллаларға ва қорни йўғонларға ялтираган тўнлар кийгузмай суюклу ўғлини ўқутган ва тарбия қилган Исвейчара қишлоқилари? Қани 7-8 қабатлик зийнатлик тоғлар қадар хоналар? Ҳозир онлар йўқ! Они ўрниға пастгина хашак ва лойдан ясалган бинолар ва онларда сафил бир ҳолда яшаган мусулмонлар! Топганин бачча, улоқ ва ичкулукка ҳам домла-ешон ва бойларга шалдиратуб тўн ва зарбоблар берган, бойлар қўлинда қул ҳукмида бўлуб юрган ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар ва ҳаммаси мусулмонлар... Оҳ... Оҳ!.. Бу разолат ва бу сафолатни ўз миллатида, ўз халқида кўруб, тараққий ва тамаддунларни кўрмак, кўбни билган, кўбни кўрган ва ҳамма нарсадан хабардор Муҳаммадиёрға ғоят оғир туюлур эди... Баъзи вақтларда кўзиндан ёшлар оқар эди. Онинг устига вағўн ичинда пиш-пиш ухлаган ва билет йўқотуб кандўктурлардан таёқ еган бетартиб яна мусулмонлар эди. Ортуқ Муҳаммадиёр сабр қилуб тура олмади. Пўезднинг балқўниға чиқуб узоқларда кўрунган ҳайбатлик қоп-қора ва устларига кўм-кўк майсалар ўсуб чиққон тарихий тоғлар, ота-боболарининг даврларинда онларга буюк-буюк қалъалик ҳукмини олган тоғлар, тепаликлар, баландликлар, сувлар, ўрмонлар, дарахтзорлар ва қумзорларни ялтираган кўзлари ила томоша қила бошлади. Чиройлик манзаралари — узоқ-узоқ, буюк-буюк, яшил-яшил ва баланд-баланд тоғлари Исвейчарадан кам эмас эди. Наҳр-наҳр оқуб турғон сувлари ва нима экса шуни олса бўладурғон маҳсулдор тупроқлари ила Амриқодан ҳеч камлиги йўқ эди. Илмсиз бойлари, жоҳил олимлари, ёлғон эшонлари ва исрофнинг кони бўлуви ила ҳеч бир нарсаға ўхшамас эди... Хитойлар ҳам бу даража ялқов(хушёқмас) эмас эдилар!..

«Халқ ўз фойдасин англаса, миллий мактаб ва мадрасалар очса, Оврупо дорилфунунлариға болаларин юборса, дўқтур, адвокат, муҳаррир ва ҳунарманд, савдогарлар ва муҳандис (инженер)лар чиқса, бунларнинг ҳар бири ўз вазифаларинда туруб ишларин тартиби ила юргузсалар ва хал¬қимизнинг фойдасини кузатсалар, нақадар олий ва нақадар гўзал бўлур эди!» деган хаёллар кўнглига келур эди. Фақат бунларни бўлишиға кўзи етмас эди. Чунки борган сари орқага қараб кетмакдамиз... тараққий асари ҳеч кўрулмасдан бир тараққийға минг таданний* тайёр турадир.

Йўқ, йўқ! Фақат Муҳаммадиёрга ўхшаган зиёлилардан ҳар шаҳарда бир-икки чиқа бошласа, вужудга чиқар эди, деярга ҳам бўлур эди... Муҳаммадиёрнинг ўз шаҳриға келгунча хўб шу фикрлар ила боши айланди...

Ўз шаҳрининг истансаси кўруна бошлади. Ниҳоят, истансаға ҳам келуб тушди. Юруб-юруб яна ўз ватани ва ўз жойига келди. Муҳаммадиёр кетгандан бери ўз шаҳридан ҳам 5-10 зиёли ёшлар етушган эдилар. Муҳаммадиёрни онлар кутуб олдилар. Аробаға ўлтурғузуб эски шаҳарга тўғри юра бошладилар. Шаҳарнинг руслар турадирган қисминда ажиб даражада ўзгаришлар: янги-янги нўмирлар, боғлар, боғчалар, магазинлар, тиатрулар, мактаблар, «Метрўпўл», «Роси», «Русия», «Масква» нўмирлари, йўллар тош, кўчалар кенг, электрик фонарлар Исвейчарага ўхшар эди!.. Фақат шаҳарнинг мусулмонлар турадурган қисми аввал қандай бўлса, яна шундай эрди! Яна хафалик. Муҳаммадиёр ўз ҳавлисининг олдига келуб тушди. Ҳовлисининг иморатларини Оврупо усулида солинган кўрди. Ул иморатларни солувчи у* 125 сўмға 4 ойға Муҳаммадиёрдан ижарага олувчи рус экан. Кируб Муҳаммадиёр русга ўзин танитди. Рус Муҳаммадиёрға қараб:
— Сиздан мен муни ижарага 4 ойға олдим. Олти ой ўтди — ҳеч ким чиқмади, бир йил ўтди — ҳеч ким чиқмади. Учинчи йилда мен ушбу иморатни солдим. 5-10 минг сўм кетди. Фақат бундан уч йил аввал сарф қилган пулимни иморатингиздан чиқаруб олдим. Уч йилдан берли уч минг сўмдан 9 минг сўм фойда қилдум. Жойингизни тезлик ила бўшатуб бераман, ҳам қўлингизға 5 минг сўм пул бераман, қолганини афу этасиз, — деди.

Муҳаммадиёр:
— Агарда жойингиз бўлмаса ўтуруб турунг. Менга ёлғуз шул жойдан икки адад хона берсангиз бўлур, — деса ҳам, рус:
— Меним бошқа яхши катта жойим бор, шунга кўчаман. Мен сизга 9 минг сўм қилган фойдамни берсам ҳам бўлур эди, аммо 4 минг сўм орада баъзи ислоҳларига кетди, — деди.

Муҳаммадиёр суюна-суюна ризо бўлди. Эртаси куни рус ҳовлисини бўшатуб, 5 минг сўм беруб кетди. Муҳаммадиёр кенг жойда роҳат-роҳат тура бошлади. Остидаги магазинларни яна ижарага қўюб, ҳукуматнинг рухсати ила юқори хонада бир хусусий шифохона очди. Бойлардан олуб, ҳеч нарсаси йўқ фақирларни пулсиз даволай бошлади. Ҳар куни 40-50 сўм дўқтурликдан ҳусули* бор эди. Қишлоқнинг бир еридан икки таноб келадирган бир боғча олган эди. Муҳаммадиёрнинг ғайрати ҳам худо берган бахти ила нефт (ёқиладирган ёғ) кони чиқди. Ҳозир Муҳаммадиёрға милиўнлар ила иш кўрурга тўғри келур эди. Бир тарафдан ўз ишларини йўлға қўюб, иккинчи тарафдан ёниға 5 — 10 миқдори зиёлилардан олуб рухсатли «Жамияти хайрия» очди. «Жамияти хайрия»га ўзи кўб оқча берди. Шаҳарда бир мусулмон қиротхонаси очилди. Учинчи йили Муҳаммадиёр ҳафталик «Ватан» исмли бир расмли журнал ила «Хабар» исм¬ли кундалик бир газита нашр этарга бошлади. Муҳаммадиёр бир ҳунар мактаби очарға ташаббуслар қилса ҳам, кўб монелар чиқуб они ўрниға ёзлик муаллимлар қурси очилуб, ёз вақтида муаллимларга ҳар хил таълим йўллари, тарбия усуллари ҳақинда ўқутмоқлар ва лексиялар бошланди. Шундоғ қилуб кичкина бир шаҳарда маорифхоналари кўпаймоқда ва бош¬қа шаҳарларга ўрнак бўлмакда эди. Бутун турк-тотор жаридаларинда Муҳаммадиёрни исми «дўқтур ходими миллат Муҳаммадиёр» аталмакда эди...

1914