OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулҳамид Исмоил
Асар номиГитара (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулҳамид Исмоил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/20
Манба[ziyouz.com ziyouz.com...]


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гитара (ҳикоя)
Абдулҳамид Исмоил

Раҳмон – эсини танибдики – рубоб эмас, танбур эмас, бўлмаганида дутор тугул, нуқул гитара ўйнашни ҳавас қиларди. Сезган бўлсангиз керак – чалиш деганим йўқ, ўйнашни дедим. Рост-да, Раҳмоннинг наздида чалиш – бу ўзимизнинг тинғир-тинғир – тор бўлсин, чанг бўлсин, наю ғижжак дейсизми – бари ягона нағмага ёпишиб олиб, уни кемириб битказмагунча қўймасликдир. Гитарада ўйнашни ҳавас қилардиси эса – аввалига бармоқлар астагина йўғон торларни тебратар, улардан узоқдаги момоқалдироқми, тўрт кишининг ғудур-ғудурими, тахайюлингиз мискинроқ эса – чанг босган дарахт шохидан мусичанинг ғул-ғулими етишгандек бўлар, кўнгил энди буларга чалғиб элий бошлаганида товуш тобора ингичкалашиб нағмага янги оҳанглару куйлар жило-жило қўшилар эди.

Ўристабиат экан-да Раҳмонингиз - дейишингиз мумкиндир. Невлай, менга қолса испантабиат дермидим. Дурустки, Раҳмоннинг ўзига қўйиб берсангиз у ҳам ўзини Раҳмон эмас, Рамон билармиди, яъники ивирсиқ «ҳ»нинг салла-чопонларига ўралашган эмас, балки мисоли тореадорми-матадорнинг бошдан оёқ тугмаланган аскарнамо либосидаги сўтаккина Рамоннинг ўзгинаси эди. Устига устак ўзбек боласидек думини ликкилатган тиррақи сигирга эргашган мишиқи чўпон эмас, ҳайҳот бедов буқага жанг майдонида қарши чиққан ана ўша қиличбоз испан кабалероларига менгзатарди у ўз-ўзини. Ўткир мугузга қарши тезкор ханжарини шайлаб, кези келганида уни сопигача буқанинг букур гарданига ботирадиган ботир эди орзуларида бизнинг Рамон-Раҳмон.

Раҳмоннинг ичига кириб борган эканмиз, унда бошқа Раҳмон – марҳум шоир Шавкат Раҳмоннинг Хуан Рамон Хименесу, Гарсиа Лоркаю, Рафаел Алберти шеъриятидан таржималарига ихлосмандлик борлигини ҳам айтмасак бўлмас. Айниқса Лорканинг манави шеъридан бир парча тинглаб боқинг-а, шу шеър ила Рамонга айланган Раҳмоннинг феъли-ҳуйи дебочасини тугатсак-да бўлаверади.

Антонито Торрес Эрреда,
Камборонинг жўмард ўғли,
Чивиқ ўйнаб Севиллага
Корридани кўрмоқ бўлиб
Борар, яшил ойдан ҳатто
Қорамағиз, хушрўй, дароз.
Жингалаксоч ҳалқалари
Манглайида ярқирар соз...


Ана энди кунларнинг бирида Раҳмон ахир гитара сотиб олди. Ўша куни СУМдан қайтиб шаҳар чекасидаги бир хоналик квартирасига гитараси билан кириб борса, у ерда эндигина Жиззах даштидан келган қадрдон дўсти Серёжа Мин ўтирибди. Отидан билган бўлсангиз керак, Серёжа Мин карислардан, бироқ карис бўлганида ҳам Раҳмонимиз таъбири бўйича «Сирож Амин»дек карислардан, яъни қадди-қомати барваста, овози йўғон, қоши-кўзи шунқор-виқор. Уни кўрган одам ҳам карис тугул, жилла қурса мексикан Серхио демасдан қўймайди. Жисми исмига монанд - бўлсин Сирож Амин, бўлсин Серхио - Серёжа Мин янги гитарани қўлига олиб шундай сайратдики, бояги йироқдаги момоқалдироқ - ҳудди яшину йилдиримга, тўрт эркакнинг ғудурлаши – «Кино» гуруҳининг «Перемен, мы хотим перемен» ашуласига, чанг кўчадаги мусичанинг қашшоқ саси эса яна бир кўркам карис – Виктор Сойнинг бехонишу қочиримсиз дўррилдоқ довушига айланди. Қани энди Раҳмоннинг ўзи ҳам Серхиога жўр бўлиб бармоқлари ила маккажўхори уқалагандек гитара симларига ажиб товушлар донини сепа олса... Бир кунмас бир кун албатта...

Ҳозирча эса у дўстининг узун сочларию, қоп-қора қайрилма қошлари остидаги нимюмуқ кўзларига боқиб маҳлиё бўлиб ўтиради...

Сув тагида оҳиста
Сўзлар сузар сочила,
Қушлар ва алангалар
Айланар сув сочида.
Қандай хато бўлганин
Фақат билар қамишзор,
Оғочтан гитаранинг
Туши бодсиз, беозор...


Мусиқадан сўнг улар «Вена»часига олиб қаҳва пиширишди, қаҳва ичига Куба ромидан томизиб бунинг гаштини суришди, Серёжа Мин чўлдаги экскаваторчилар ҳаётидан сўзлади, Раҳмон бу орада ўқиган китобларидан айтди, сўнг иккиси варанғлатиб «Аккорд» деган пластинка ўйнатғичида «Роллинг Стоунз»нинг «Сатисфекшн» ашуласини тинглашди.

Бир пайт Раҳмон соатига қараса - ишга чиқадиган вақти келибди. У ўртоғидан яна бир бор гитарада у-бу нарса ўйнаб беришни илтимос қилдию, яна Серхионинг эпчил бармоқларию, гитара устида энгашганидан узун сочларга бурканган юзига тикилиб ўтирди. Кейин омин-обло қилиб ўт ўчириш стантсиясида техник ёрдамчи сифатидаги навбатчилик ишига жўнади. Серхио эса одатдагидек унинг уйида ёлғиз ўзи ётиб қоладиган бўлди.

Навбатчилик ўша тун осойишта ўтди. Биронта уй ёнгани йўқ, балки кечаси билан шаҳар устида булутлар тўпланиб ора-чура ёмғир сепилганиданми, ё ҳавонинг авзои бузулиб инсонларнинг ланжлигиданми, қайдам, хулласи туни бўйи Раҳмон ўзининг бош навбатчиси билан шатранж суриб чиқди. Эрталаб навбатини топшириб уйига қайтса Серёжа Мин полга бир кўрпани ёйиб, иккинчи кўрпага бурканганича донг қотиб ётибди. Раҳмон ҳам дўстини безовта қилганича йўқ-да, ечинар-ечинмас кўрпа остига шўнғиди. Эрталабки уйқу ширин эмасми, дераза ортида ёмғир ёғдими, момоқалдироқ гумбурладими, аравалар ғичирлаб тош йўллардан сув ташишдими, ҳўл чумчуқлар етимларча чуғурлашдими – Раҳмоннинг паҳмоқ тушига буларнинг бари ўз қўлидаги гитараю, Сирож Аминнинг унга мўлтираб боқиб ўтиришидек кирди.

Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Мана, икки ошна ётар.
Олиб келар бод йироқдан –
Оғизларда таъми қолар
Шувоқ, эрман ва ялпизнинг...


Пешинга бориб уйғонса – кўрпа остида бир ўзи. Ошнаси эса ошхонада қаҳва дамлаб идиш-товоқларни йиғиштирган. Апил-тапил кийиниб иккиси яна қаҳвахўрлик қилишди. Кубанинг ромию, қаҳванинг Венача кўпикли услуби паришон уйқуларни тарқатди. Раҳмон дўсти Серёжага юзлана Рамоннинг Серхиога сўзини қилди:
— Оғайни, гитарани қўлингга ол, Лорка айтмиш: «Тунлар малак Жаброилни гитаралар олқаб қолар...»
— Гитаранг йўқ, - деди баногоҳ Серхио.
— Нима? – тушунмади Рамон.
— Гитаранг йўқ, - қайтарди Серхио. – Эскишаҳарлик тоғанг бор эканку, ана ўша олиб кетди.
— Қайси?! – дея, ножўя тарзда қичқириб юборди Рамон. Аслида у «қачон?» деб қичқирмоқчи эди, бироқ овозининг жўжахўрозлигидан ўзи сесканиб:
— Қачон? – дея оҳангини пасайтирди.
— Кечаси соат ўн бирларда кириб келди. Аввалига бинойидек гаплашиб ўтирди, бир пайт эса ётиб қоламанга тушди. Майлинг, деб балконга жой солиб берган эдим, бир зум ўтмай «Совқотдим» – дея кўрпам ичига кириб келди. Қарасам, менга... ёпишяпти... Хулласи, тоғанг бўлишига қарамай, ҳайдадим. У эса: «Менга Раҳмон гитарани олишни айтди» – деб, гитарани олиб кетди, - деб ичини тўкди Серхио. Билошак Раҳмон Рамонлигини унутиб, гаранг бўлиб қотди. Тоғасининг тоғалигиними, ҳезалаклигиними, ёлғонини ё ўғрилигини айтсин?! Ё жонажон дўсти олдидаги шармандагарчилигиними?! Гаранглиги майлия, устига гунг ҳам бўлди чамаси: «Майли, мен ҳозир...» – демоқчи эса, қанча тиришмасин – соқовларча ғудранишдан айри бирор товуш оғзидан чиқмайди... Қўлини силтаганича, Серхиони уйда қолдириб, ўзини ҳўл кўчага отди ўшанда Раҳмонлигига дўнган Рамон.

Eски шаҳарга кетаверсин-чи Раҳмон, биз эсак гитаранинг бир баланд, бир паст нағмасидан қолмайлик. Симларнинг ажабтовур оҳангларига ёғаётган ёмғирнинг шамол қўлидаги таранг ипларию, трамвайнинг темир излардан тақир-туқур юриши, хаприққан юракнинг дупур-дупурию, тошойнада қотиб қолган акснинг бемажоллиги улашиб кетсин. Онда-сонда ингичка симлар кўнгил асабидек инграб-синграб қўяди...

Гўёки тунда ўт олмаган олам энди ўртаниб-ўртаниб ёнмоқда. Раҳмон эса бу ўтни ўчиришга йўлланган навбатчи янглиғ шаҳарнинг бир чекасидан бошқа чекасига энтиккандек...

Ахир, трамвайни троллейбусга, троллейбусни автобусга алмаштириб, Раҳмонимиз эски шаҳарнинг Қумлоғию, Қорасаройига етиб борди. Бир боқишда унинг Рамонлигидан заррача ҳам қолгани йўқ: жанггоҳда отини хачирга, хачирини эшакка алмаштирадими кабалеро дегани?! Трамвайнинг ўтинч билмас изларида каттахоласинингу тоғасининг лой уйларини ағдар-тўнтар қилиб ташлагудек эди у. Бироқ бошқа ёндан унинг ўчкор шаҳди тобора чархланиб, кабалеро эмас, ерга оёқ босган матадор каби, бир қўлида алвон-алвон ҳилпираган қаҳрию, иккинчи қўлида наштардек кескир қасос шамшири уни Рамонсимон олға чорларди:

Кифтларида шомни судраб,
Уфққа аста қайтади кун
Торреродай пўшин ёйиб,
Қора тортар баҳрул очун.
Зайтунлар жад нафасини
Сабот билан кутар ҳамон.
Руҳ тоғлардан етиб келар
Йўрға отни минган шамол...


Мана таниш торкўча, мана тамбаланмаган баланд бўсағали эшик, мана каттахоласининг уйи томон тош йўлакча... Рамонни шу тўғри йўлакчада шаҳдидан қўймайлик-да, ўзимиз яшиқ нафасимизни ростлаб олиш учун ярим оғиз Раҳмонжоннинг каттахоласидан айтайлик.

Қандолат-холасиникида Раҳмонжон ёзлари тунка томларда тут териб, қишлари сандалидаги қоракўмир исидан элиб, кези келганда тўйлардан қайтган холвайтару попукқандлардан татиб, кези келмаганида эса қулоқлари холасининг омбирдек «бурама қандларидан» қақшаб улғайган демайлигу, болалигининг аччиқ-чучук дамларини ўтказган. Қандолат-холасининг ўғли Тўлавой билан эса Раҳмонжон вақти-бевақт бир кўрпа остида ўғил болаларнинг бори шўхликларини қилиб, кетма-кет катта бўлишган.

Бир куни эса, «етимчам» дея, Қандолат-холаси Раҳмонжонга бувиси олиб бермаган қинли-сопли ўйинчоқ қилични қозоқларнинг Янгибозоридан олиб келган. Ана ўшанда Раҳмонжон оғилхонага кириб олиб, телевизорларда кўрганидек – бир қўлида ол-ол пионер галстуги, бошқа қўлида бояги алюмин қилич – нимшабда ҳайрон сигиринию, унинг ҳали мугузи чиқмаган бузоғини зоедан зое жангга чорлаган. Ахир шоҳи галстугига сигир думининг шалтоғлари юқиб, юмшоқ алюминдан ясалган қиличи юз эгилиб-қийшайиб қинига кирмас ҳолатга келганида, Раҳмонжон сассиқ оғилдан ташқари чиқиб келган...

Майли-да, бироз алаҳсиб олдик. Ана энди Рамон кетидан Қандолат-холасининг даҳлизидаги жанггоҳга кириб бораверсак ҳам бўлади. Ҳовлида, аксига олиб, шиғғилаган ёмғир ҳеч тинмайди. Шаҳарда замбараклар отяптими, ё атроф-ялангда эски маҳаллаларни бузаётган улкан гурзиларнинг дўп-дўп овозими бу, баҳарҳол момоқалдироқ бундай эзма ёмғирга ҳамдам бўлмаса керак... Девор ортида кўчада кимдир ҳаяллаган боласини чақириш билан овора. Орада учта-тўртта майна бу шовқинни масхара қилгандек бўлади. Рамон эшикни беилтифот очиб, каттахоласининг нимқоронғу даҳлизига кириб боради. Каттахоласи кўрпа қаваб ўтирган эканми, юмалоқ шишали кўзойнаги устидан унга таажубда боқади. Рамон саломини насъяга бергандек, дарров гапининг пўстикалласига ўтади.
— Биласизми, - дейди у ўзини тутолмасдан, - ўғлингиз... ўғлингиз... – У нима дейишини билмасдан тутунганида, одатда:
— Саломинг бўлмаганида икки ямлаб бир ютардим, - дейдиган холаси юввошгина:
— Ке, болам, тузувмисан, тинчлийми ўзи? – деб, рўпарасига имо қилади. – Толиққан кўринасан, у-бу жойга ўт кетиптими?
— Ҳа, ўт кетипти! – дея, кесатқи аралаш жеркийди шунда Рамон. – Бўлди, бўладигани бўлди, - деб ўйлайди у ичида. Одатда бўш қўл билан кирмасдим, йўқ деганда ярим кило оққанд кўтариб кирардим, энди буёғига орамиз очиқ!
— Ҳай-ҳай, - кўзини кўрпа аврасидан узмай бош чайқайди Қандолат-холаси. – Ўшқирвотсанми, бола?! – ажабланади у.
— Биласизми, ўғлийз... ўғлийз... ҳезалагакан! Кечаси уйимдаги ошнамга ёпишипти... Жўрам уни ҳайдапти. Мани гитарамми опкетипти. Қани гитарам? – деб бир ҳовуч ичини сочади Раҳмон.

Кўчада, нақд том тепасида момоқалдироқ гумбурлади. Ё бояги кўчада ҳаяллаган тирмизак отасига зарда қилиб буларнинг тунука томига тошми, тўпми отди, бироқ ер ёрилмади, осмон ўпирилмади. Болалагида бундай тўпларни бигизи билан «пиш» тешадиган Қандолат-холаси ҳам кўрпани тиззаларида бир силтади-да, қавашини давом этаркан:
— Ўзинг тузувмисан? – деб, худди унинг ҳол-аҳвол сўрашига жавоб бергандек бўлди.
— Ҳа, раҳмат, - дедию, бехосдан Раҳмон тилини тишлади.
— Ошнанг ҳалиги алвастига ўхшаган чулчутмиди? – деб, ҳорғин алфозда давом этди холаси.
— Чулчутмас, карис!
— Ҳа, бир гўр-те... Ўшанингга дийсанми...
— Гитарам қани?! – деб сесканди Рамон.
— Нима матоҳакан гитор диганинг ўзи?
— Матоҳмас, гитара... Ўйнашади унда! – энсаси қота бошлади Рамоннинг.
— Ўйнашингни матоҳими? – эшитмаганга олиб игнасини кўрпага санчди Қандолат-хола.
— Қанақа ўйнаш... Гитара бу чолғу, биласизми, чолғу – рубоб, танбур, дутордақа, лекин энг яхшиси...
— Ҳа, ажибажининг қўштори дисангчи, шуми?

Мазах қиляптими уни холаси?! Ё ўзларини гўлликка соляптиларми?
— Озарбайжон тори эмас, испанларнинг гитараси...
— Бояги чулчут ошнайни бир хили эканда...

Тушунмаяпти ўхшайди бу кампир.
— Хола, тушунвотсизми ўзи, ўғлийз мани йўғлигимда уйимга келиб ўртоғимга қичиқ қипти... Кегин гитарамми рухсатсиз опкетипти...
— Важоҳатингдан хотинийни опқочип кетиптими диппан...
— Қанақа хотин?!
— Анув чул...
— Хола, гитарам қани?!

Кампир игнасини охирги мартта кўрпага санчди-да, ипини тугунга боғлаб, қолганини ён тишида узди, сўнг яна ғилдирак кўзойнаги устидан мўралаб:
— Аканг саникига бориптита. Кеча далага кетадиган кунийди. Ўшандан далага чиқип кеткан бўса керайдирта... – деди. – Уч ойлада қайтамиз дувди. Биласану, тоғу-тошта гиё терип, домлалариминан чодир-чодир қиб ачом-ачом ётишади... Ўшатка опкеткан бўса керайта матоҳийни...

Ўшанда хайр йўқ, маъзур йўқ, Раҳмон каттахоласиникидан аммамнинг бузоғидек шалвираб чиқди. Нимага келган экан у шаҳарни кесиб бу сомоншувоқ хонадонга? Шикоятини каттахоласига қилганими? Ё тоғасини бир ўзини тутиб олиб икки мугузи орасига шамширини тиқмоқчимиди? На ўчини олди, на гитарасани...

Ёмғир ҳам тугаб бўлган, осмонда буламиқдек бир бесаранжомлик, оқ булут устида қораси, уларнинг орасида эса танбурдек узун торларини чертиб қуёш кўриниб қўяди. Бесаришталик. Деворлар ортидан чолғуларининг бори бир тинғир-тинғирга созланган чорвадорлар учун ягона нағма таралади. Бу дегани соат бир ҳам бўлибди. Бояги ҳаяллаган жинқарча новвосини судраб, кўчанинг қарши тарафидаги мозорбоши ўтлоғидан қайтиб келяпти. Новвос маъраб-маъраб торкўча бошидаги оқиб ётган жумракни кўрадию, бирданига шаталоқ отиб сув томон чопади-да, шилиқ этиб жумрак ўнгида тиз чўкади. Сув бўйида ўтирган намиққан зағизғон эса учишга ҳам мажоли етмай, ҳаккалаб-ҳаккалаб ўзини панага олади. Раҳмон уйига қайтай деса, Серёжа Мин ҳам уни кутишдан чарчаб, ўзининг Жиззах чўлига кетворгандир. Ундай деса, Серхиосини ҳам кўргиси келмайди шу топда Рамоннинг...

Й-ў-қ-о-л-г-а-н гитара торларининг ўзгарувчан, бевафою беҳуда термалари...

Сув тагида оҳиста
Сўзлар сузар сочила,
Қушлар ва алангалар
Айланар сув сочида.
Қандай хато бўлганин
Фақат билар қамишзор,
Оғочтан гитаранинг
Туши бодсиз, беозор...