OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулҳамид Исмоил
Асар номиСангин меҳмон
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулҳамид Исмоил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм56KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган15/05/2010
Манба[library.ferghana.ru library.ferghana.ru...]


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сангин меҳмон
Абдулҳамид Исмоил

Суҳроб Суръаталиевни дўстлари ҳазиллашиб Зураб Церетели деб аташарди. Суҳроб чиндан ҳам ҳайкалтарош эса-да, аммо Зураб Церетели каби иту-битга таниш эмас, балки Москва санъат давраларида ўзига хос «зодагонлар даҳоси» шарафига эга эди. Унинг Москвага келганига ҳам бирор 40-45 йил бўлиб қолган, шунинг учун ўзини баъзан «Анжаннинг Кўтанариғидан» эмас, балки мана шу пойтахтда туғилиб, лойи шу ердан олинган ҳайкалга ўхшатарди.

Нозик санъатларнинг бари қўшиб-чатиш, тўқиш ҳақида эмасми, фақат ҳайкалтарошлик буюк Микеланджелонинг таъбирича айриш-ажратишга қурилган: ҳайкал ясаш – бу шаклсиз бир бўлак моддадан кераксиз қисмини айриб-ажратиб ташлашдир. Бора-бора ушбу одат-табиат ич-ичингга сингиб кетар экан: ҳаётга худди ўша айириш-ажратиш, саралаш кўзи билан қарай бошлар экансан. Пуч, зое, беҳуда нарсаларни кўнглинг сиғдирмай қолар экан, ҳамма нарсанинг ўзаги, данаги, мағзига етмоқчи бўлиб қоларкансан. Майли, буниси ҳам бир феъл-да... Шундан бўлса керак, Суҳробни унча-мунча таниганлар уни таккабурдан олиб қўполга қадар таърифлашар, ва фақат унинг сийрак маҳрамлари бояги таъриф бироз юзаки эканлигини билишарди. Лекин, келинг, биз ҳам жилла қурса шу ҳикоямиз кўламида Микеланджело қоидасига содиқ бўлиб, пучанак йўлларга кирмайлик-да, гапнинг индаллосига ёпишайлик.

Сўнгги пайтлар Москвага бошқа келгиндилар қатори қашшоқлашган ўзбеклару тожиклар, қирғизлару озарийлар, хулласи бизнинг ночору мискин элат ўрда-ўрда бўлиб босиб келишмадими... Бир пайтлар, Шўролар даврида буларни учратиш учун атайин ё Қозон вокзалига, ё ВДНХга боришга тўғри келарди. Бир куни эса Кремл саройида балет томошасининг танаффусида томошабинлар орасида Денов-пеновдан адашиб келиб қолган бир ножўя колхозчини қўриб қолиб, Суҳроб-ҳайкалтарош алламаҳалгача ўзига келолмай, аллақандай ҳислар туғёнида ўзининг машҳур «Пиета» – «Гиръя»сини ясаган эмасмиди... У ҳайкалда хочдан олинган Исо-пайғамбар устида унинг онаси Биби-Маряму, маъшуқаси Мария Магдалиналар йиғлаб туришар, бироқ буларнинг шакли қишлоқи аёлларни эслатиб, модда эса оққан хамирдек чаккилабми, сим-сим йиғлабми ётган жойдан бироз чекада бояги колхозчисимон бир кузатувчи турарди...

Энди эса ҳамқишлоқлар тўда-тўда ёпирилиб, мўру-малах омборнинг ҳар бир бурчагини босганидек, Москванинг ҳар бир ҳовлисию уйидан шумшайиб мўралаб ўтиришар экан, Суҳроб-ҳайкалтарош бир тур ўзини йўқотган эди. Ғалати бир қизғончми уйғонарди унинг кўнглида, аввалига ўзини кимсан-ким Чингизхону Амир Темурларнинг камнамою антиқа авлодидан деб билган Суҳроб энди касодга учраган чақа тангадек сеза бошлади ўзини. Энди ўз-ўзини «ўзбек» деб аташми, ё онда-сонда базму-зиёфатларга гул дўпписини кийиб бориш бир ҳол уятли бўлиб қолди. Ундай десак, Суҳробнинг инжую дақийқ жўралари маиший юмушлардан нолиб суҳбатларида албатта «шаҳарни бедарвоза қилиб юборган келгиндилардан» шикоят этишар экан, Суҳробга юзлана: «сен ўзимизникисану» дегандек, ундан ҳам ҳамдардлигу ҳамрозлик кутишар эди. Шундай маҳаллари Суҳроб вақти-бевақт қизишиб ҳам кетарди, рост, унинг аччиғи кўпинча ўша гаштакларда эмас, улардан қайтгач, кўлкадек юввош рус хотини Машенькага насиб этарди. «Қара, – дерди тутақиб Суҳроб, – ахир булар яхши кунидан келишмаган-ку бу ерга! Агар уйларида ҳаёт фаровон бўлсайди, оилаларини ташлаб, иссиқ юртларию, мева-чеваларини ташлаб, бу қаҳратон совуқларга келишу, ит ётиб мирза туришларига бало борми?! Анави куни «Труд»да ўқидим, уйларнинг подвалларида картондан ётоқ ясаб, юз-юзлаб яшашар эмиш... Яна бир жойда ҳовли-жойини сотган бир ўрис ўша ҳовли-жойи билан бирга тўртта товуқ, иккита ғоз, эски-туски уй анжомига қўшиб бир қарол ўзбегини ҳам сотиб кетибди... Тасаввур қилгина! Йигирма биринчи аср бошида-я!..»

Бечора Машенька фақат бошини чайқаб ўтирар, бироқ дурустки, қизишганида ҳайкалтарошнинг қони миясига эмас, қўлига урар экан, бу гаплар устида Суҳроб қўлига бир бўлак ганчми, жуда бўлмаганида яхши пишмаган ноннинг хамирсимон мағзини олиб, бутун жон-жаҳди билан уларни эзғилашгаю, ўзигаю, ўз қаҳрига аён аллақандай шаклларни ясашга тушарди...

Суҳроб-ҳайкалтарош ишга киришди дегунча, эсимга бояги қоида тушиб: илло, тўқишу-чатишга бориб, бу сўзлардан Суҳроб бир навъ эл қайғусидаги миллатчи экан деган фаразга бора кўрманг, демоқчиман. Унинг ўзбеклиги боя айтганимдек гул дўпписини йилда бир кийишдану, устахонасида келган-кетган меҳмон олдига ёзган бир парча атлас дастурхонида бир сиқим қора майиз солинган сопол пиёласидан ортиқча эмасди. Агарда бундан-да кескирроқ исбот керак экан, унинг онда-сонда менга «ўзбекча» ёзган хатми ё номачаларидан бирор кўчирма келтиришимнинг ўзи кифоя.

«Ассалом алейкум дустим! Мен Тоирниг лоиха хакида Менда талланган художниклар масалъаси шубхам бор эди. Бази улардан Рашидов режим билан аралашган. Хозиргина вафо этган Кончаловскийнинг сўзи хаелимга коляпти: художниклар катта елгонга катнашиши мумкин эмас. Боишка томондан уларнинг ибадий сифати нихотанам улуг ми?»

Худо ҳаққи, буни кулиш ё мазах этиш учун эмас, жўнгина далил сифатида келтирдим холос. Яъни, Суҳробнинг ўзбеклиги қарийб ярим асрлик Москва ҳаётида ишқалана-ишқалана, ҳатто сўнгги нуқта – исму-шарифининг, боя айтмиш, салкам Зураб Церетелига эврилиши қадар бориб қолган аҳволда эди.

Ана энди бу қисқа дебочадан сўнг ҳикоянинг ўзини эшитинг.

Қиш кунларининг бирида Суҳробнинг Киевская Набережнаядаги устахонасида телефон жиринглаб қолди. Хайрият, хотини Машенька экан. «Тинчликми?» – деб сўраса, «Ҳозиргина она қишлоғингдан биров телефон қилди, сени қидиряпти. Кечқурун келади дейишимга қўймасдан, қўлида телефони йўқми, ўта зарур ишим бор, – деб қистаяпти. Яна беш минутдан кейин телефон қилади, унга нима дейин деб қўнғироқ қиляпман», – дейди. Гапнинг очиғи, унча-мунча йирик иш қилаётгани йўқ эди ўша пайт Суҳроб, бироқ уни, неки бўлмасин, ишдан қўйишаётгани, одатдагидек, ёқмади унга. «Ким экан ўзи, телефон қилган, исмини сўрамадингми?» – деса, Машенька табиий илтифоти ила: «Йўқ, хаёлимга келмапти. Бироқ у ҳозир қайта телефон қилади, шунда сўраб оларман. Тинчликмикан ўзи у ерда?» – деб сўрайди эридан яна. «Ҳа, қизиқмисан, улар билан мен эмас, ўзинг гаплашган бўлсанг, у ерда тинчлик-нотинчликни мен биламанми, ё сенми?» – деб қизишиб берди Суҳроб. «Йўқ, шунчаки, куюкяпман-да...» – деб жавоб берар экан Машенька, шунда Суҳроб: «Телефон қилишса, майли устахона номерини бергину, бу номер устахонамнинг номери эканини айтма. Ҳозир муваққат бир жойда эди, телефони мана шу, деб бергин», – деб тайинлади. Бояда ғимирсиланиб қилаётган майда-чуйда иши ҳам кетди қўлидан бу суҳбатдан кейин. Ярим ёзиқ қийиқ дастархончасидаги сопол идишчадан бир чимдим қора майиз олганича ўйга толди Суҳроб. Ким бўлди экан, телефон қилган киши? Кими қолган эди ўзи қишлоқда? Онаси унинг болалигида ўлгач, отаси қамалишидан олдин бошқа бир хотинга уйланиб, ундан иккитами-учта бола кўрганди. Суҳроб вояга етиб ҳарбий хизмату, ундан сўнг умрбод Москвага ўқишу яшаш учун кетгач, отаси қамалиб кетганинию, қамоқларда йўқ бўлиб кетганини ўгай онасининг хатларидан билган эди. Бироқ ўгай онасини онаю, ўгай ука-сингилларини қардош билиб улардан хабар олгани йўқ. Ёзлари чўл ариқларида сув қуриганидек, орадаги хатлар ҳам узилди, Суҳроб ўз қишлоғига қайтмагач, қишлоқдан уни сўраб келганлар ҳам бўлмади.

Мана энди эса бу қўнғироқ...

Шамойилсиз бу ўйлардан кўнгли ғулғулага тўлиб борар экан, бир маҳал телефон жинғирлаб қолди. «Алло!» – деди, одатдагидан йўғонроқ овозда Суҳроб. «Суҳропокамлани чақириворийнг!» – деб, бетакаллуф буйруқ бергандек бўлди таллафузи норус бўлган бу овоз. Суҳроб бир дақиқа сукут сақлар экан, худди биров уни чақираётгандек ўйин қилди эмас, балки бу қўпол овоздан эсанкираб қолди чамаси. Баҳарҳол у: «Ҳа, эшитаман», – деди-да, қайсарлиги тутиб: «ким билан гаплашяпман ўзи?» – дея, қўрсликка қўрслик қилди. Телефондаги овоз бирданига майинлашиб: «Сомалайким, тоғажўн, ма жиянийз Сангийн бўламан. Сийниз Фараҳҳи кенжа ўғиллари-чи...» – «Синглим Фарраҳ?» – деб бехосдан бесўнақай ўзбекчага кўчди Суҳроб, – «қанақа...» – «Болалувда реално Фая диркансизу, ўшани ўғли-те...» – «Ҳа, Фая... биламан. Сиз қаерда?» – «Ма шудинг Маскавага ишка келувдув, эфемеси ушаволди, законний наезжат қилишвотти, дакиментийнь йўғ дивотти, шунга ўзийиз булага этип қўясизми, даказайт қилиш керай-те, жиян диганини...» – «Сиз қаерда ҳозир?» – «Мана мамбу лўхлага трупкани берий…»

Шукурки, нарёғда бир капитан русчага кўчди.. Суҳроб суриштириб билса, бояги жияни Сангин яна бир ҳамюрти билан Алтуфьеводаги Федерал миграция хизмати бўлими тарафидан бозорда хужжатсиз тутилиб, жаримага пули йўқлиги туфайли аввалига маъмурий қамоққа, кейин эса ўз юртига ҳайдалиш тараддудида экан. «Ма бўтга авторитетний қариндошиммикига кегамман!» – деб, Суҳробнинг телефони билан номини туморидан чиқариб тутқазганидан, капитан ҳар эҳтимолга қарши бунисини ҳам текшириб боқмоқчи бўлган экан. «Агар бу дайдилар чиндан ҳам сизникига келишган бўлса, биз уларни қўйиб юборишга тайёрмиз, бироқ ўзингиз бўлимга келиб тилхат ёзиб кетишингиз лозим» – деди сўнгида капитан, ва недандир бу буйруққа бўйсунибми, ё бошқа жунбушданми, умрида кўрмагану билмаган жиянини қамоқдан қутқариш учун, Суҳроб ўн дақиқа сўнгра «Киевская» метросига тушиб бориб, Москванинг қоқ чекасидаги Алтуфьево томон йўл олди...

Суҳроб метрода айниқса Москванинг ёбонларига чиқишни кўпам хуш кўрмасди. Сўнгги пайтлар метрода юриш хавфли бўлиб қолди. Йўқ, қаланғи-қасанғи тақирбошлар мўйсафед Суҳробни тутиб уришмас эдию, бироқ уни намат қалпоғидану қалин соқолидан бир гуржи, бир чечен билиб, ё тўрт атрофни менсимай бўралаб сўкишарди, ё ёшроқ бўлганлари «Бин-Лодин» деб мазах қилишарди.

Рост, бу сафар Москва қаҳратоними боис, у сийраклашган метрода эсон-омонгина Алтуфьевогача етиб борди, ҳатто станциянинг ўзида сандирақлаган учта-тўртта маст-аласт ёш-яланг ҳам ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, унга қараб ҳам боқишмади. Тепага, ер устига чиқиб борса, қор бирам паға-паға ёғяпти-ки, худди энг буюк ҳайкалтарош ер устидаги майда-чуйда борлиқни ўзининг белгисиз ганчи билан қайта босиб ташлагудек... Қор оралаб йўловчи бир кампирдан йўл сўраган Суҳроб милиция бўлимидаги ФМС хонасига кириб борса, сийқаси чиқиб кетган бир капитан ўнгида бурчакка тиқилиб қиш чилласида енгилгина трико кийган икки митти йигитча ўтирибди. Буларга ўткир кўзи тушиши биланоқ Суҳроб бирида дарров ўз отасининг шаклу-шамойилини таниди. Кўзлари ногаҳон чақнади шу он, бироқ сўлиб ўтирган бу ўспиринлардан бири бирданига ўрнидан сапчиб, ўзини Суҳробнинг қучоғига отди: «Тоғажўн, жон тоғажўн, қаранг мамбу жала нма қвотти?! Боракансизу, ока!»

Яна майда-чуйда зое қоғозбозлигу компютерларга киритилган тилхатларни итқитайлигу, бирор соатдан кейин бу икки жунжуккан юртдошию қондошини Суҳроб ўз уйига бошлаб келганига кўчайлик. Хотини Машенька буларни қиш қаҳратонидан триколарда кириб келишганини кўриб саросимага тушди, бир томондан она эмасми, устиларига пўстинлар берди, югуриб-елиб чой ташиди, бироқ йигитчаларнинг ойлаб суву-совун кўрмаган муз этлари эрий бошлагач, хона бўйлаб шу қадар қўланса ҳид тарқала бошлади-ки, Машеньканинг нозик диди ғулувланди. Буни Суҳроб ҳам сезди. Айтмоқчи бўлганим – Машенька кўнглидаги булғанишни-да, қази ҳидини эслатадиган отдек бу йигитларнинг тер бўйини ҳам шу топла илғади Суҳроб.

Тош билан ишлайверганидан юраги қотадими ҳайкалтарошларнинг, ё майин илтифотга рўйи-хуши қолмайдими, не эса-да Суҳроб: «Чойларни ичиб бўлдингларми? Бу пўстинларни ўстингизга ташланг-да, отланинг – бир жойга обориб қўяман, ўша ерда ётасиз. Маслаҳатни эса эрталаб қиламиз!» – деб йигитчаларни қистай бошлади. Ўша кечаси Суҳроб ўз жиянию унинг жўрасини ўз устахонасига обориб, ётоқ ўрнига иккита курсию, кўрпасига – ерда ётган серка терисини ташлаб, ўзи уйига энг сўнгги метро билан тун соат бирларда қайтиб келди. Машенька ҳали ҳам ухламай, унининг келишини пойлаб ўтирарди.

Бошқа пайт улар орасида кечган тахир суҳбату, кечаси билан ёнбошдан ёнбошга ағдарилган Суҳробнинг бедор ўйларини эринмай ёзган бўлар эдим, бироқ бўйнимга тузоқдек ташланган қоида – ҳайкалтарошлик услуби мени майда-чуйда ўнқир-чўнқирларга чалғимасликка чорлайди.

Эрталаб уйқусизликдан ланж Суҳроб қишки ҳавода бироз ўзига келиб, устахонасига аниқ қарор билан кириб борди. Кириб бордию, ўз қарори тўғрилигига иқрор бўлди: бу икки бедов той ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлашган – кечаси кўрпа қидиришганми, ё саҳарда самоварми, не аҳамият, китоблар ҳайкалларнинг қўлларига ташланган, ҳайкал бошлар китоб жовонларига қўндирилган, бу ҳам кам эса, қийиқ дастурхоннинг ўртасида тўртга бўлиниб сопол идишчанинг чил-парчил бўлаклари қора майизи аралаш ағдарилиб ётарди. Буниси ҳали Суҳроб кўзи билан қараб фақат шаклларни айтяпман, анқиган ҳиду, беписанд хурракдан гап юритганимча йўқ...

Шунда Суҳробнинг миясигами, тилига туйқусдан ўсмирлигидан бери қўлламаган сўкинчлар отилди: «Ҳе, онейни...» – деб ҳайқиргиси келди, бироқ бурчакда донг қотган бу икки жуссачанинг устига бостириб бораркан, «кусфуруш» билан «қизталоқ» фарқида довдираб, ахир: «Ҳе, қисталоғла, тур!» – деб ўшқиришга ўшқирдию, ҳаяжонидан овози бўғилиб, қисилиб, ўз қулоғига аллақандай шаллақи чийиллашдей туюлди. «Шалтоғингга буланиб ётурасанми?!» – болалигидан келди садо.

Анави икки даюс истар-истамас ёндан ёнга ағдарилишди-да, бири: «Чво наху арошь, чимо?!» – деб ғудранди-да, яна уйқуга кетди. Шунда Суҳроб икки қўли билан иккисининг устидан икки пўстинни юлиб ташлади-да: «Тур-э, онейниски!» – деб қичқирди. Совуқдан сесканиб уйғонган иккиси уйқу аримаган кўзларини муштлари билан уқалаб: «Э, сизмувдийз, ока, шунноғ димийсизми?» – дея, туришди. «Мана сеники икки минг пул, Казанский вокзал борасиз, уйга кетасиз!» Пулни кўргач иккала йигитча мулойимлашди: «Хўп дидиву, кийинсов бўладими, ока?!» – «Давай, тез!»

Хулласи, булар билан чой-пой ҳам қилгани йўқ Суҳроб, пулига илован қўлларига икки шотланд свитерини топширгач, эшиккача буларни кузатиб борди-да, эшикни кетларидан ёпгач, жим-жит ёлғизликда: «Тўғри қилдиммикан?» – деган гумонга борди. Ким билсин, бўлари бўлди. Ҳар ҳолда ҳамқишлоқларига совға-салом, тортиқ-тарағай бериб юборса бўлармиди...

Кун бошидан бузулган эди. Шу туфайли қолгани ҳам бебарака ўта бошлади: тимирскиланиб Суҳроб булардан қолган ола-гастонни йиғиштиргандек бўлди, устахонасини саранжомлади бир навъ, китобларни қайта жовонга тизди, ҳайкалчаларнинг чангини артди, бояги тўртта сополни чегалашга урунди, ўрнига тўрт сопол бешга бўлинди. Ундай деса, бу ёқда юраги чил-парчил бўлиб ётибдию...

Ўз-ўзини мурувватсизликда пинҳона айблаб, ўз-ўзини еб ётганида, телефон жиринглади. Олса – жияни Сангин. «Ока, – дейди, – сззиям хэт қвордию, тока бўтта билет законний йўғака. Братанла самолўтка чқарворийлув дийишвотти. Атвечат қловуза дийишвотти... Тока жчча каписта соққада керов бўвотти... Нма қилийну, ока?» Ҳайкалтарошларнинг қўлиям, ақлиям кескир бўлади эмасми, Суҳроб ортиқча мижғовланмасдан: «Киев вокзали соғати биласиз, ке, пул тайёр!» – деб буюрди. Пул кетса кетсин, руҳ тинчлиги кетмасин экан. Хотинидан ҳар оилавий эҳтимолга қарши яшириб қўйган роппа-роса минг доллар ичидан тўрт юзини олиб, Суҳроб яна қор кўчага чиқди.

Киев вокзалининг минораси тагида ярим соатча кутиб, икки йигитчага хуфёна тўртюз доллар («уч юзи билетга, юзига қишлоққа у-бу нарса оласан» -дея) топширди-да, кўнгли тўлса-да, орқасига қайта-қайта аланглаб, яна устахонасига қайтди. Қизиқ, йўлида учраганларнинг бври унинг кўзига ўзбек бўлиб кўринар, ё чиндан ҳам шундаймиди ўзи? Устахонасига қайтгачоқ, Суҳроб ўзининг соат остидаги бесўнақай хатти-ҳаракатларини эслар экан, кўз олдида яна ўша икки бўз бола гавдаланди-да, Суҳроб бирданига лабини тишлади. Жиянининг эгнида эрталаб берилган шотланд свитери бор эса-да, панароқда турган жўраси аллақандай жулдур кастимда эди. Кастим тагида эса ўша-ўша яғир трико...

Буларнинг баридан алаҳсиш учун Суҳроб лой қорди, ох деганда ўзининг бугунги беқарорлигидан бир нарса ундирмоқчи бўлди, қайда дейсиз, қўли бирон шаклга бормади, лой қўлида қотиб, уни ҳам оқибат чил-парчил увалашга тўғри келди.

Пиёз арчганингда биринчи қат пўчоқдан чуқурроқ олсангоқ, кўзингдан ёш сирқираганидек, аллақандай йиғлоқи кайфиятда эди Суҳроб. Тўғри қилдими бошидан, ё йигитчаларни келган ерига ҳайдашдан кўра уларга эл қатори иш-пиш топиб бериш керакмиди? Ахир дўстлари бўлса бор, истаган ерига қўли етади, жилла қурса Санъат уйига қоровул-поровулми, ё электрик-пелектрик қилиб жойлаштириб қўйса ҳам бўлардию... Москвада ўзбек қоровули камми, яна битта-иккита қўшилса...

Қизиқ, ҳайкалтарош халқи одатда армону-пушаймнлардан йироқ бўлади: тошнинг бир парчаси учдими – уни жойига қайтаролмайсан, шаклни янгидан мослаш қолади холос. Лекин нега у бир ёшга етганида кундалик одатларига хилоф қайта-қайта каловланиб ўтирибди? Ахир ўлимга ё дўзаҳга жўнатгани йўқ-ку жиянини – ўз она юртига, ватанига жўнатди! Барибир кўнглидаги бу лойқалик тарқагани йўқ, барибир кўнгил сополини ҳам бир-бирига чегалолмай қолди Суҳроб... «Э, шоир бўлиб кет-а!» – деб, сўнгги хаёлига кулиб қўйди у қв бирданига бояги қотган бурда-сурда лойлардан нима ясашини англагандек бўлди...

Қишнинг эрта кечи ҳам кира бошлади. Бояги бўлакларни улашга ниҳоят янги лой қоримоқчи бўлиб турганида яна телефон жиринглади. «Сомалайким ока, айрапўттан тлпон қвомман. Бўтта биттаси атвичат этвотти бу соққанга дийди индинига белат бо, бля, бугун законний кетмохчи бўсанг, дийди, ўзим чқарворама, ахуэт қмаста яна капустайнда иикиюз таша, двотти... Нма қловуза, ока? Братаними соғат тейига жўнатурийми? Паашрат қворийн, ока, совоп бўляди...» Суҳроб жавоб бермасдан гўшакни ташлади-да, қўллари ҳануз лой, ўйланиб қолди. Қўллари майлия, гўшакка ҳам лой тегиб, у энди тинимсиз чийиллар эди. Гўшакни яна олиб, зарда билан телефонга урган эди, лойлари ҳар тарафга сочилиб, дарз кетган гўшак ҳам жимиди.

Қўлини апил-тапил ювиб, яна бояги хазинасидан икки юз доллар олди-да, бир зумга ўйланиб унга яна икки юз қўшдию, устига пўстинини ташлаганича, қайта қорбурон кўчага чиқди. Қизиқ, бу сафар кутгани ҳам йўқ, соат тагида писиброқ, бир ўзбек турарди. Бунисинг ҳам турқи Суҳробга кўпам ёққани йўқ. Яқинроқ келса – қиш ҳавоси эмасми, ундан арзон пиво ҳиди анқиб турибди. Тери курткасининг остидан эса Суҳробнинг эрталабки шотланд свитери кўрингандек... «Сан ким?» – деб, на салом, на алик қилиб сўради Суҳроб. «Сомалайким, ока, жиянийз юворувди. Баблўдан жичча беради, дувди...» – «Эй, бала, буни қаерга олдинг?» – Суҳроб қўлини куртка остидаи свитерга узатган эди, йигитча чап бериб, Суҳробнинг қаттиқ панжалари унинг тери курткасига ёпишди. – «Ў, бля, ока нма қвоссиз ўзи? Буни кожинкя дийди, йиртворасизу, нма беспределми сизга? Мунга ахуенни пул чочкаммиз...» – Бир зумга Суҳроб, пўчоғ арчгандек, унинг курткасини юлиб ташлашга ҳозир эди, касбий одатлари жунбушидан қат остидан қат қидириб бу йигитчанинг яланғоч мағзига етмоқчидек эди. Бироқ шу пайт панада турган мелисанинг гулдурос овози ишга аралашди: «Вы что это, ёптать, здесь беспорядок разводите?! Понаехали тут, черножопые!»[1]

Суҳроб умрида мелиса билан юзма-юз бунқанги ҳолатда йўлиқмаган эди, шунинг учун ҳам у ўзини йўқотиб қўйди. «Я вот тут, товарищ сержант, родственникам хотел деньги передать…» – «Товарищ старший сержант!» [2] – деб тўғирлади унинг хатосини мелиса. «Деньги говоришь, какие деньги?!» – «Да вот, братишка улетает в Ташкент, хотел передать...» – деб, Суҳроб чўнтагидан тўрт юз долларини чиқазди. – «Ах, ты, ёбтать, так ты тут ещё контрабандой промышляешь?! Небось за анашу платишь?!» [3] – деб, катта сержант ўдағайлаб кетганида, Суҳроб қай аҳволга тушганини англаб етди Ҳозир ҳойнаҳой мана бу шумшоқ ўзбекнинг чўнтагидан наша-паша топиладиган бўлса борми, расвоси чиқди Суҳробнинг. «Ока, лўх бўмайнь, юзтасини қстрийнь...» – деб имлади ўзбекчасига анови исқирт. Умрида бировга пора бермаган Суҳроб бир зумга бўкиб, алламбало бехушликда қўлидаги пулдан юзини мелисага узатди. – «Ты что, ёбтать, правоохранительные органы на взятку… при исполнении служебных обязанностей… Да ты знаешь, что тебе за это будет?!» [4] – деб, мелиса жазавасига тушганида, анави ўзбек Суҳробнинг қўлидан бор пулини олиб, мелисани қўлтиғидан ушлади-да: «Тичо начайник, давай бакланим как свой-свой» [5] – деб, чекага тортди. Мелиса ғудурлаб-ғудурлаб, унинг кетидан девор орқасига тисарилди.

Шу топ Суҳроб қизиқ аҳволда қолди. Туйқус туйғу унга: «Кет!» – деди, бироқ у қочишдан уялди. Ундан кейин пул масаласи ҳал бўлдимикан? Ундай деса, барининг шалтоғи чиқиб бўлди. Анави ўзбек ҳам мелиса билан бир бўлса-я?! Яхшиси кетгани маъқул. Бу фикрда Суҳроб соат тагидан жила бошлади. Ғира-шира қуюқлаша бошлаган, чироқлар эса ҳануз ёқилмаган, яна йигирма-ўттиз қадамдан кейин йўловчиларга аралашиб кетади. Эндигина шундай деб, қадамларини тезлаштирган эди, кетидан: «Ўўв, ока, қаққа кетвоссиз?» – деган ўзбекча ҳайқириқ узалди. Суҳроб таққа тўхтади. Наздида энди мелиса тугул, Киев вокзали атрофидаги мўл ўзбеклар у томон ёпирилишиб келадигандек... Йўқ, бояги чаламаст йигитчанинг ўзи унга яқинлашди холос: «Ока, унақамасте, сизам атвичат қлийнь, анув пидарас мусарга иккиюззи бердув, укайз яна базар қбюрмаси...» Суҳроб бош ирғитди-да, хайр-маъзурсиз ўзини кўм-кўк қоргаю, қор оралаб тушаётган қоронғуга урди...

Устахонага қайтгач анча пайтгача унинг қўлларию юраги титради, музлатқичдан негадир яримталаб қолган ароқни олиб темир кружкага қуйди-да, икки ҳўпламда газзакисиз отди. Ичи қизий бошлади. Шу пайт уни сескантириб яна жинғироқ жиринглади. Телефон эмас, бадтари – эшик жинғироғи. «Мелисамикан?!» – деб чўчиди аввалига Суҳроб, биров мелиса одатда эшикка қоқади эмасми, – деди унга шошқин онги. «Яна пулга келишдими?» – деб ҳавотирланди у кетин. Бироқ иккинчи жинғироқ тарабчан эмас, бароз узрнок янграганидан: «Нима бўлса бўлди!» – дея, у вўлида темир кружкасинию ярим шиша ароғини тутганича, эшикка юзланди.

Очса – икки нотаниш инсон. Бир эркагу, бир аёл. Эркаги: «Mister Suhrab?» – деб сўрагачоқ, Суҳробнинг эсанкираган эсига бу соатга Нью-Йоркнинг Метрополитен музейидан азиз меҳмон келиши кераклиги тушди. Эсига тушдию, қўлида темир кружкаю ярим шиша ароқ, Суҳроб ушбу муҳтарам жуфтга на киринг дейишини билмай, на салом учун қўл узатолмай, довдираб қолди. Анавилар эса америкаликлар эмасми, шарақлаб кулишди-да, Суҳробнинг елкасига қоққанича, инглизчасига: «Илҳом парисини ушлабсанми?» – қабилида бир нарсани чуғурлашиб, ортиқча такаллуфсиз ичкарига кириб келаверишди...

Чоғимда яна адабий йўлларга чалғиб кетдим. Айтмабмидим – ҳайкалтарошлардан ўрнак олиб, ҳодисаларнинг пўсту-пўчоғига алаҳсимасдан, мағзини чақаман деб. Шу боис Суҳроб анчадан бери кутиб юрган ўша ардоқли жуфт билан бўлган узун суҳбатнинг жимжималарини айтиб ўтирмай-да, фақат Суҳроб устахонасидаги ароқ ҳидию анави икки саёқдан қолган бесаранжомликни қанчалик хаспўшлашга ҳаракат қилмасин, америкаликлар шунчалик уни юпатишару, «рус руҳининг унга ҳам юққанлигини» аллақандай ғарбона такаббурлик билан кечиришгандек бўлишганини айтай... Ёки, майли-да, кечаси соат ўн бирларда буларни кузатиб, Суҳроб ўз уйига, мўмина Машеньканинг олдига қайтиб келганига тўғри ўта қолай.

Машенькага кун давомида бошидан ўтганларини гапириб ўтиргани йўқ, жўнгина: «Жиянингни жўнатдингми?» саволига: «Жўнатдим», – деб қўяқолди-да, кўпроқ америкалик меҳмонлар ҳикоясини қилди. Улар билан бўлган узун суҳбатнинг жимжималарини сўзлар экан, Суҳроб бехосдан ўзининг ҳам анавилардек бир навъ «гастарбайтерлигию», тиланчилигини сезгандек бўлди. Ахир бу жуфтга ёқиб, ўз меҳнатини қимматроқ баҳода сотишга тиришмадими у? Улар ҳозирги кунда санъатга пул ажратилмаётганига гапни буришса, Суҳроб ўзининг ноёблигини пеш қилмадими? Бу пинҳоний тиланчиликда анави ўзбеклардан қаери ортиқ экан унинг?! Харидорининг ўрис эмас, америкалик бўлганими холос?!

Бу ўйларда яна алламаҳалгача ухламай, кўрпаю чойшабини дўк-дўк тепиб ётди Суҳроб. Лекин буниси ҳам бир сира адабиёт...

Эртаси... эртаси ҳеч нарса бўлгани йўқ. Телефон ҳам жирингламади, мелиса ҳам қидириб келгани йўқ. Америкаликлар ҳам ортиқ қорасини кўрсатмади. Индинисига ҳам кун бўм-бўш ўтди. Учинчи кунга бориб устахона энди йиғиштирилган, сопол синиқларию бўш ароқ шишалари ахлатга ташланган, қийиқ атлас дастурхонча устида бир ҳовуч майиз тўнтарилган гул дўппи ичида қорайиб турарди. Суҳроб эса хазинасидаги қолган икки юз долларини олиб, уни шу кеча Машенькага совға-салом учун топширишга шайланган, ҳозирча эса ўзининг тинчлана бошлаган кўнглига қулоқ тутиб, янги ҳайкал лойиҳасини хаёлида пишитар эди. Балки-да «Гастарбайтер» деб номлайдими уни... Ҳар нечук...

Ўша куни кечвурун уйига қайтиб, Машенькага даблурустдан икки юз долларни ҳадя этгач, иккиси бир шиша арзанда француз шаробини эрмак қилиб, телевизорга тикилиб ўтиришар экан, янгиликларда шаҳар мелисаси марказда бузилишга режаланган бир эски уйни ўзларига меҳмонхонаю ётоқхона қилиб олган 68 ўртаосиёлик ноқонуний мигрантни таппа босганини кўрсатишди. Йўқ, буларнинг орасида – Суҳроб қанча тикилмасин – Сангин жияни чиқиб қолгани йўқ, бироқ бу олтмиш саккиз инсоннинг ит ётиб мирза туришини кўрган Суҳробнинг кўнгли яна ғашликка тўлди. Кечаси яна ухлаёлгани йўқ. Бедорлигини ўткир шаробдан кўрди, бояги суратлардан кўрди, Машенькага қилган риёкорлигидан кўрди – фикри буларнинг орасида чуваланиб, барибир уйқу бермади.

Бир пайтлар ёшлигида, Москвага эндигина келгач, ўзи ҳам ит ётмаган ерларда тунаб қолганларини, бироқ кунлари бир инсон анатомиясини, бир расмкашликни, бир тош йўнишу, лой қориш санъатларини муккасидан тушиб ўрганганларини эслади у. Ўйлаб боқса, бояги азиятлари бугунги мартабага эришиш учун чекилган экан, аммо Суҳроб-ҳайкалтарошнинг бугунги мартабаси уни тош ҳайкал каби ўту-чўғдан асрашга қодирми?! Қайда?! Ўзи беқарорликда ўту-чўғ бўлиб ёниб ётибдию! Ёшлигидан ҳаётнинг маъносини иш устига улуғвор иш билан ўлчаган Суҳроб энди майда-чуйда юмушларга ем бўлмаяптими?! Ё бу майда-чуйда юмушларда ўзига оро топяптими?!

Гап келиб-келиб, бир инсоннинг шиша қалбини синдирмаслик ҳақида кетяпти эмасми?! Фаришта Машенькасини эслади илк он Суҳроб. Танимаган сингли Фарраҳни эслади, унинг авбош ўғли Сангинни... Нима қилса буларнинг барини бахтли қила оларкин? Ўйлаб-ўйлаб бир жиҳоз кашф этди. Замбараксимон бу жиҳозни денгиз соҳилига жойлади. Ичига синглини кирғазиб, чўзма отгандек уни узоқ денгизга отди. Сингли озод парвозда денгизга шўнғидию, денгиз кўпигидан мукаммал ҳайкал бўлиб чиқди, илоҳий Афродита бўлиб чиқди... Америкаликларга сотсамми бу жиҳозни? Пулга кўмади-ку бу жиҳоз уни...

Эрталаб қишки тарқамас ғира-ширада уйғонса, тун бўйи алаҳсирабди анави жиҳоз куйида: туш бўлинсаям, жиҳозни қуриш иштиёқи тун бўйи давом этган экан... Кулишини ҳам билмади ўша тонг Суҳроб, йиғлашини ҳам... Устахонасига етиб боргач ҳам туш қайғуси тарқагани йўқ: қўлу хаёлининг бирор ишга боргиси келмади. Яна ўзию, ўз хаёти ҳақидаги ўйларга толди Суҳроб. Шундай эса-да, биз бўш келмайлик, берган аҳдимизда мустаҳкам турайлик: ҳайкалтарошлик дедикми, унинг йўриқларига содиқ қолайлик.

Соат ўн иккиларми эди, телефон жиринглади. Нотаниш расмий овоз: «Бу Фалончи Фалончиевнинг телефоними?» – деб сўради. – «Ҳа, Суҳроб Суръаталиев мен бўламан», – деб жавоб берди Суҳроб. – «Сизнинг қарамоғингизда Сангин Суръаталиев деган одам бўлганми?» – деб сўради овоз. – «Кечирасиз, мен... нимайди...» – деб, мижғовланди аллақандай эҳтиёткорликми, раддибалоликда Суҳроб. Нарёғдаги овоз қоғозларга кўмилгандек бўлди. Гўшакни ташлаб, бошқа кўтармасамикан – деган оний хаёлга борди Суҳроб. Яна бир балога гирифтор қилади-йўв бу безори келгинди... Бироқ бу сукунатга чидолмай, у: «Кечирасиз, тинчликми ўзи?» – деб сўради. – «Йўқ, гап айни шундаки, тинчлик эмас-да!» – деб жавоб берди илтифотсиз овоз ва зуғумида давом этди: «Бу қанақаси ўзи? Ахир менинг ҳамкасбларимга нима деб ваъда берган эдингиз? Ўзим қарайман, ўзим адабини бераман демаганмидингиз?!» – «Кечирасиз, нима бўлди ўзи?!» – деб тоқатсизланди Суҳроб. – «Аэропортдаги казинода ўйнашга сиз пул берганмидингиз? Ютқазиб, жанжал кўтариб ур-тўполон қилганида сизни отингизни...» – «Нима деяпсиз?! Қанақа пуллар?!» – «Сиз нима, мени сўроққа тутяпсизми? Аксинча, азизим, мен сизни сўроққа тутишим керак!»

Шу ерда ичи шув этиб бўшади Суҳробнинг. Тиззалари титради. Мажолсизликдан у ганч ҳайкалнинг тиззасига ўтирган эди, ҳайкал чирс этиб синди... Тонишдан энди фойда йўқ... «Кечирасиз, ўртоқ катта... исми-шарифини нима дедингиз... Ҳа, ҳа, ўша Сангинга бу пулни мен уйига қайтиб кетиши учун берган эдим... У... ярамас... аблаҳ эса...» Шунда сўнгги кунлари газак тортиб юрган қаҳру-алами очилди Суҳробнинг. Жўшиб-тошиб кўнглини ёрди бу нотаниш овозга. Дастлабки қутқариши ҳам қолмади, устахонасидаги ағдар-тўнтару, уларга берган қимматбаҳо шотланд свитерлари, хотинидан беркитган энг сўнгги пулларию, буларнинг ҳеч қандай қариндош эмаслиги – барини ағдарди Суҳроб қизиган гўшакка.

«Менинг бундай қариндошим йўқ, нима қилсангиз қилаверинг уни!» – деб якунлади у ўз талошу-шикоятини...

Қизиқ, одатда расмийлар чидамсизроқ бўлишади, бироқ буниси Суҳробнинг гапини бўлмасдан бошдан оёқ тинглаб турди. Ҳатто Суҳроб хунибийронлигини тугатгач ҳам, бироз тавозеълик ила сукут сақлаб турди-да, кейин: «Кечирасиз, аммо қиладиган нарсамиз қолгани йўқ. Қамоқхонамизда уни бир телба тақирбош пичоқлаб қўйди. Жасадини олиб кетасизми, – деб телефон қилаётган эдим» – деди.

Декабрнинг ўша қорсиз кечаси Суҳроб Машенька билан Домодедово аэропорти томон йўлга чиқишган экан, мислики осмон ҳайкалтароши сепаётган ганчини йиғиштириб, ишидан қўл узган чоғи, мен ҳам ўз аҳду-шаштимдан қайтдим. Қўй, – дедим ўзимга ўзим, – ўз адабиётимдан қолмай. Шафқатсиз экан буларнинг касбу-кори: тошни йўнибми, ёғочнинг қат кетидан қат пўстлоғини ажратибми, ўзакми, мағзига етаман дегани шу бўлса, ҳайкалтарош Суҳроб Суръаталиев Москванинг қаҳратон тунида ўзининг бебош жиянининг муздек қотган жасадини сангин ҳайкалдек қамоқдан ўлик ташувчи машинага олиб чиқаётганини кўрмайинам-куймайин. Шумиди умринию кўнглини тимдалаган ўша энг мутлақ ҳайкал?! Шумиди унинг интилишларию жунбушларининг ўзагию мағзи?! Яланғоч, кескир ҳақиқат шу экан, – дейман ўзимга ўзим, – менинг ҳам ўзимга нохос ишдаги мардикорчилигимдан чиқишим маъқулу, ўз илиқ ва паҳмоқ тўқималаримга ўралганим тузукроқ эмасми?

Келинг, ўз йўлимда қайтадан бошлай: Суҳроб Суръаталиевни дўстлари ҳазиллашиб Зураб Церетели деб аташарди...


  1. «Вой, онайни, сизлар бу ерда нимага ўр-тўполон қиляпсизлар? Босиб кетдинглару бу ерни, қора кўтлар!»
  2. «Мен қариндошларимга пул бервормоқчийдим, ўртоқ сержант». – «Ўртоқ катта сержант».
  3. «Пул дейсанми, қанақа пул?!» – «Шу денг укам Тошкентга кетаётганди, шунга пул...» – «Ўв, онайни, сан ҳали бу ерда контрабанда билан шуғулланяпсанми? Ҳали наша учун тўлаётган бўлмагин?»
  4. «Сен, онайни, ҳуқуқни сақлаш органларини порага олмоқчимисан... хизмат чоғидая... биласанми сенга нима бўлади?!»
  5. «Началний, ке ўзаро гаплашийлув»