OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулла Қаҳҳор
Асар номиНутқ (фельетон)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/жадид адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулла Қаҳҳор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Фелъэтонлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Нутқ (фельетон)
Абдулла Қаҳҳор

«Кенг эшитувчилар оммасига мўлжалланган» нотиқлардан бири ишдан қайтиб келганида хотини бўйнига осилиб, кўзига ёш олди.
— Сиз мени яхши кўрмайсиз… Турмушимиздан хурсанд эмассиз… Шу соатгача, шу минутгача кутдим, бир оғиз айтмадингизки, бир ёстиққа бош қўйганимизга бир йил бўлди…

Нотиқ ҳақиқатдан буни унутган эди, лекин гап отди:
— Ие, - деди, - ҳали тўйимизга бир йил бўлдими! Бир йил? Шундай роҳат турмушимиздан, шундай ширин умримиздан дарров бир йили кетдими! Оҳ, дод дейман…

Хотин илжайиб, турли ноз-неъмат гуллар билан безатилган столни кўрсатди. Эр-хотин ўтиришди. Хотин рюмкаларга вино қуйиб:
— Қани, - деди, - бир нима демайсизми?
— Бир нима деяйми?
— Вой, ҳали индамасдан ичмоқчмисиз?

Нотиқ рюмкани олиб ўрнидан турди. Қошлари чимирилди, ранги бир оз ўзгарди, аввал рюмкага, кейин уйининг бурчагига қараб сўз бошлади:
— Ўртоқ рафиқам! Ижозат берасиз, хушчақчақ ҳаётимизни шараф билан давом эттириб, оилавий бурчимизни намуналик бажариб келаётганимизга бит йил тўлган кунда сизни бевосита табрик қилишга!

Хотин бу муқаддимани ҳазил гумон қилганлиги учун қийқириб чапак чалди. Нотиқ яна ҳам жиддийроқ қиёфада давом этди:
— Бундан 365 кун муқаддам сиз билан биз ўз ҳаётимизда қатъий бурилиш ясаб, зўр синовлар шароитига бевосита қадам қўйдик. Илгариги вақтда фақат эркак, эндиликда эса ҳам эркак, ҳам хотин бошчилик қиладиган оила масаласи ўзингизга маълум бўлганлиги учун бунга кенг равишда тўхтаб ўтиришни лозим кўрмайман.

Нотиқ оила тўғрисида ўз фикрини баён қилганидан сўнг «Хотин ва сотсиализм» деган китобнинг бир еридан уч, яна бир еридан икки, яна бир еридан бир ярим саҳифа ўқиб берди. Хотин бу орада икки марта оғзини очмасдан эснади, қўлидаги рюмкани столга қўйди.

Нотиқ давом этди:
— Сиз билан биз бир йиллик оилавий фаолиятимиз натижасида қандай ютуқларга эришдик? Аввало шуни таъкидлаб ўтиш керакки, биз у ёки бу масалада юз берадиган принсипиал келишмовчиликларни четдан куч жалб қилмасдан ўз кучимиз билан, ўзаро муҳокама қилиш йўли билан бевосита бартараф қиладиган бўлиб қолдик. Иккинчидан, ўртоқ рафиқам, оиламизни ташкилий хўжалик жиҳатидан мисли кўрилмаган даражада мустаҳкамладик. Мен бу бобда фактларга мурожаат қилиб ўтирмайман, чунки орденли онангиз ўзларининг ҳар бир тарихий келишларида бу нарсани айрим равишда қайд қилдилар.

Нотиқ сув бўлмаганлиги учун винодан ҳўплаб давом эттирди:
— Хўш, бу ютуқларимиз камчиликларимизни қоплаб, бизни хотиржамликка солиши мумкинми? Агар биз камчиликларимиздан бевосита кўз юмиб, яшасинчилик кайфиятларига берилиб кетадиган бўлсак, хато қилган бўламиз. Бизда камчиликлар борми?

Бор, оз эмас! Масалан июл ойининг биринчи ярмида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда йўл қўйган жиддий нуқсонларимизни олайлик. Бу масалада икковимизнинг ҳам жинояткорона совуқ қарашимиз орқасида қатор чиришлар, бузилишлар, кўкаришлар юз бердими? Факт! Буни нимна билан оқлаш мумкин? Ҳеч нарса билан!

Нотиқ қизишиб кетди.
— Иккинчи масала, яъни ички имкониятлардан фойдаланиш масаласини олайлик. Ўзингизга маълум, бизда юқори сифатли мис чойнак бор. Шу чойнакнинг қопқоғи бугунги кунда йўқ. Бу ҳақда биз бир-биримизга сигнал бердикми? Йўқ! Агар биз ўзи бўларчиликка узил-кесил барҳам бериб қопқоқ масаласини кун тартибига кўндаланг қўйсак, агар биз шу чойнакни ўз вақтида тегишли қопқоқ билан бевосита таъмин қилсак, самоваримиз сафдан чиққан кунларда ҳал қилувчи рол ўйнар эди. Афсуски, биз бу масалага муросасозлик кўзи билан қарадик. Бугунги кунда чойнагимиз қопқоққа эга эмас, мутлақо эга эмас.

Хотин секин уҳ тортди. Нотиқ буни пайқаб «тўсатдан қаттиқроқ танқид қилдим, шекилли» деган андишага бориб, сўзини йўқотиб қўйди, шунинг учун сўзининг охирини юмшатишга киришди:
— Лекин бу камчиликларга қарамай, турмушимизни аъло даражада олиб бораётганлигимизга ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблаш мумкин. Шу билан қисқача сўзимни тамом қилиб, оиламиз бундан кейин ҳам шарафлар билан қопланажагига тўла ишонч билдиришга ижозат беринг! Бу рюмкани мана шунинг учун кўтаришдан бурун ўз муҳаббатимни яна бир марта амалий суратда изҳор қилгани рухсат беришингизни талаб қиламан.

Хотин унинг ҳаракатидан «ўпич бер» деган маънони англади-да:
— Ўпичми? Ҳеч бўлмаса шуни тўғри айта қолсангиз нима бўлар экан! – деди.
— Қандай, - деди нотиқ ҳайрон бўлиб, - битта ўпични деб нутқимни бузайми?

Нотиқ ўтирди. У ўтирганида яна аслига қайтди. Хотин унинг ҳар бир сўзидан завқланар, кулар эди.