OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулла Қодирий
Асар номиЎткан кунлар (II- бўлим)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/жадид адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулла Қодирий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм475KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўткан кунлар (II- бўлим)
Абдулла Қодирий

Иккинчи бўлим

Азизбек Тошканддан жўнатилди. Унинг ерига Қўқондан Нормуҳаммад қушбеги белгуланиб келди.

Азизбекни қўлға тушуриб бериш билан қипчоқлар наздида ҳам Юсуфбек ҳожининг қадру қиймати юқориланған эди. Аммо ўзининг мансаб суймаслиги важҳидан яна эскича «Юсуфбек ҳожи» бўлиб қола берди. Шунинг билан бирга Азизбек ёнида қандай мавқиъ туткан бўлса, Нор- муҳаммад қушбеги олдида ундан ҳам юқорироқ ва маънолироқ эътибор қозонди. Унинг ҳар бир раъйига Нормуҳаммад қушбеги қонунан мажбур бўлмаса-да, аммо маънан бир мажбурият ҳис этар эди: ўринсизга киши ўлдиришлар, вақтсиз ҳам ўринсиз солиқ солишлар, беҳуда ўрда усрофотлари, бўлмағур тақиқлар ва ортиқча диний такаллуфотлар бир мунча эбка олиндилар.

Уч йиллаб Азизбек истибдодида эзилган Тошканд халқи эркин нафас олди: савдо-сотиқ, экин-тикин ва касбикор кўтарилиб бошлади. Одамлар жонланғандек бўлиб бу ҳолни:

«Замон-замон дориламон, Нормат тўрам бўлсин эсон!» — деб бошлаған уларнинг ашулалари ҳам ифода қилар эди.

Ота-Она Орзуси

Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди. Унинг ўткирлиги ёлғиз эригагина эмас, Тошканд хотинлариға ҳам ом эди. Ўзга хотинлар унинг соясига салом бериб тўйларида, азаларида, қисқаси, тиқ этган йиғинларидағи уйларининг тўрини Ўзбек ойимға атаған эдилар. Бир бугина эмас, қиз чиқаратурған, ўғул уйлантирадирған, суннат тўйи қила-дирған хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим кенгашидан ташқари жўната олмас эдилар. Ўзбек ойим аралашқан тўйлик хотинларнинг кўнгилларидаги орзу ҳаваслари ҳам эрлари томонидан камчиликсиз бажарилар, чунки «Ўзбек ойим шундоғ буюрдилар» деган сўз эрлар учун ҳам фарз каби эшитилиб, Ўзбек ойимнинг айтканича ҳозирлик кўрила бошланар эди. Бу томондан қарағанда Ўзбек ойимнинг ўткирлиги эрлар томонидан ҳам тасдиқ этилганлигини иқрор қилишға тўғри келадир.

Ўзбек ойим унча-мунча тўю азаларга «кавшим кўчада қолған эмас» деб бормас эди. Шунинг учун хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим иштироки билан ўтказиб олсалар, ўзларини шаҳарнинг энг бахтлик хотинларидан санаб «манинг тўйимни бек ойим ўз қўллари билан ўтказдилар» деган жумлани мажлисларда ифтихор ўрнида сўзлаб юрар эдилар. Ўзбек ойимнинг обрўси ёлғиз шулар билангина чекланиб қолмас, уни ўрда хонимлари ҳам эҳтиром қилиб ўзларининг «онахонлари» деб билар эдилар. Шунга кўра қайси бир вақтларда ўрда ясовуллари Юсуфбек ҳожининг эшигига арава кўндаланг қилиб «ўрда беги ойим буюрдилар», деб Ўзбек ойимнинг ясаниб чиқишини кутар эдилар. Бу томон билан қайси бир мажлисларда Ўзбек ойим хотинларнинг эсларини ҳам чиқариб юборар эди: «Кеча ўрда бек ойимдан менга арава келган экан, феълим айнаб турған эди, бормай аравадан бўш қайтардим... Бо худо, ўрда бекачи бўлса ўзига, дедим» дер эди. Иккинчи вақтда: «Ўткан кун ўрдага борған эдим; хонимлар ётиб қоласиз деб қўймадилар, ноилож бир кеча ётиб келдим», деб сўз орасиға қистириб кетар эди.

Бу сўзларни эшиткучи хотинлар ўзларининг қандоғ бир хотиннинг суҳбатига ноил бўлғанларини ўйлаб, Ўзбек ойимнинг эҳтиромини тағин ҳам кучайтирар эдилар.

Ул ўз уйида ўлтурғанида ҳам устидаги атлас кўйнак билан адрас мурсакни, оқ шоҳи дакана билан каҳрабо тасбиҳни қўймай, қиш кунлари танчадан пар ёстиққа суялиб, ёз кунлари айвоннинг тўрига ёсланиб Ҳасан-алининг хотини бўлған Ойбодоққа, чўри қиз Ҳанифага хамирни ачитмасликни, паловни қирмоч олдирмаслиқни танбиҳлабкина ўлтурар эди.

Отабекнинг Марғилондан уйланиб қўйиши отаси учун унча ризосизликка мужиб бўлмаса ҳам, аммо унинг ўғул тўйисидан бошлаб, Тошканд қизларини ост-уст қилиб у «бунинг қизи яхши бўлса ҳам, уй-жойлари ярамас экан; бунинг уй-жойлари тузик бўлса ҳам, қизи кўрксиз экан; бунинг қизида, уй-жойларида тузик, бироқ зоти пас экан» деб қиз, қуда, уй, жой, насл ва насаб текшириб юрғучи Ўзбек ойимнинг Отабекни уйландириб бунинг орқасидан кўратурган орзу-ҳавас, тўю томошаларини шартта кесиб қўйған бу уйланишка нима дейиши ва қандай қараши албатта маълум эди. Биттаю битта ўғли Марғилон деган жойда, аллакимларнинг қўлида, асли номаълум кишиларнинг қизиға уйлансин-да, бу кун-ерта ўғлумнинг орзу-ҳавасини кўраман, деб энтикиб ўлтирған ва ўғул боқиб катта қилған она — Ўзбек ойим икки қўлини бурнига тиқиб қараб қолаберсин...

Бу хабарни Ҳасаналидан эшиткан кунлари ул бу ишка чидаб туролмади: «Eнди менга мундоғ ўғул керак эмас... Оқ сутимни оққа, кўк сутимни кўкка соғдим... Энди Тошкандга келмасин ул ўзбошимча бетиюқ!» деб бақириб-чақириб, йиғлаб-сихтаб, дарду ҳасратни бошиға кийиб олди.

Орадан ўн беш кун ўтар-ўтмас Марғилондан Отабек келди. Уч ойлаб кўрмаган ўғлини қучоғиға олиб кўришмак ўрнига ундан юзини ўгуриб, сан кимсан, келдингми, деб сўрамади ва саломига алик ҳам олмади. Гўё ухламоқчи бўлған товуқдек ҳурпайиб олди. Отабек онасининг аразига ал- лақачон тушунган, ҳам шу ҳолни Марғилондаёқ куткан эди. Бир-икки қайта узр айтиб кўргандан сўнг Ўзбек ойимнинг эпақаға келишига ишонмай қолди ва шунинг учун ул ҳам гўё билмаган, тушунмаган кишидек юрий берди.

Турған гап, Отабекнинг Марғилонға узоқ бормай туриши мумкин эмас эди. Ўртадан икки ҳафта ўтар-ўтмас отасиға аллақандай баҳона кўрсатиб, йўл ҳозир-лиғини кўра бошлайдир ва онасиға билдирмаёқ Мар-ғилон жўнайдир. Ўзбек ойим ўғлининг «ўлганни устига чиқиб тепиш» қабилидан бўлған бу ҳаракатидан тутуни кўкка чиқиб, борлиқ қаҳру ғазабини эри устига тўкадир: «Сиз қариб эсингизни еб қолибсиз, ўғлингизни марғилонлиққа топшириб қўйиб, яна эл ичида бошингизни кўтариб юрмакчи бўласизми?..» дейдир.

Юсуфбек ҳожининг қизиқ бир табиъати бор: хотин билан-гина эмас, умуман уй ичиси билан ҳар қандай масала устида бўлса бўлсин узоқ сўзлашиб ўлтурмайдир. Отабекми, онасими, Ҳасаналими, ишқилиб уй ичидан бирартасининг сўзлари ва ё кенгашлари бўлса, келиб ҳожининг юзига қарамасдан сўзлаб берадилар; мақсад айтиб биткандан сўнг секингина кўтарилиб унинг юзига қарайдирлар. Ҳожи бир неча вақт сўзлағучини ўз оғзиға тикилтириб ўлтурғандан сўнг, агар маъқул тушса «хўб» дейдир, гапка тушунмаган бўлса «хўш» дейдир, номаъқул бўлса «дуруст эмас» дейдир ва жуда ҳам ўзига номаъқул гап бўлса бир илжайиб қўйиш билан кифояланиб, мундан бошқа сўз айтмайдир ва айтса ҳам уч-тўрт калимадан нарига ошмайдир. Уй ичи унинг бу феълига жуда яхши тушунганликларидан кўпинча бир оғиз жавоб олиш билан кифояланадирлар. Аммо Отабек билан бирар тўғрида сўзлашмакчи бўлса, уни аксар меҳмонхонага чақириб ёки чақиртириб оладир. Ўзбек ойим юқоридағи ўзининг итоб ва хитобига эридан бир илжайиб қўйиш жавобини олиб дами ичига тушадилар ва чор-ночор ўттуз кунлаб бир замонни ўзича марғилонлиқни қарғаш билан кечирадир. Отабек Тошкандга қайтиб келиб, «енди араз биткандир» деган ўйда онасиға салом берадир. Араз битиш қаерда, Ўз-бек ойимнинг ўғлиға қарши кинаси тағин бир неча қат ортқан, аммо бу гал салом бергучига бир қарайдир-да, «Ўғлим, менга салом бериб нима қиласан, марғилонлиқ онангнинг дуосини ол!» деб юзини четка ўгурадир. Ул онасининг бу киноясини кулгулик билан кечириб, яна эскича аразда қолаверадирлар. Отабек яна ўн беш кунни ўтказиб, тағин бир нозик сабабни ўртаға ташлаб онасининг рухсатисиз Марғилонға жўнаб соладир. Тағин Ўзбек ойимнинг ранги ўчкан, қони қочқан: товоқни косага, чўмични пиёлага уриб доди фарёд: «Сиз отамисиз, нимасиз ахир, ўғлингизни тийиб олиш сира эсингизга келадими? Ўғлингизнинг бу иши бечиз эмас:

марғилонлиқ сиҳр қилдими, жоду қилдими, ҳайтовур сиз шу йўсунда юруй берсангиз, эрта- индин ўғулдан ажраласиз. Бу калвак ўғлингиз марғилонлиқнинг эшигида қул бўлиб ётиб оладир...» Аммо Юсуфбек ҳожи хотиннинг сўзини бу гал ҳам эламайдир, фақат: «Қўябер, хотин, ўзи соғ бўлса, бир кун эсини топар», деб қўядир. Бир ярим ойлар вақтни Марғилонда ўтказиб, тағин Отабек Тошкандга келадир. Тағин она-бола ораларида кина-кудурат... Тағин араз... Ўн беш кун ўтмасдан яна Андижон сафари, яна Ўзбек ойимнинг фиғони фалакка...

Марғилонлиқнинг сиҳрчи-жодучисига ўлим тилаш; мени ўғлимдан ажратса ўзи ҳам суйганидан ажрасин, қарғиш...

Ниҳоят орадан бир йил чамаси вақт ўтиб Марғи-лонға қатнаш етти-саккизга еткач, Ўзбек ойимнинг ғиди-ғидиси билан бўлса керак Юсуфбек ҳожида ҳам бир ўзгариш кўрила бошлайдир.

Хотинининг : «Ўғул ўсдиришни, ўғул тийишни билмайсиз» деб шилталашига: «Нима қил, дейсан энди?» деб сўрайдир.
— Биз Отабекни Тошканддан уйландириб бошини боғламасақ, кун сайин унинг Марғилон югиришидан қутила олмасмиз. Тошканддан уйланса сув қуйғандек тинар-қолар; Марғилон балосини эсидан ҳам чиқарар... — дейдир Ўзбек ойим. Яъни ҳамиша юрагини шопиртириб, миясини машғул қилған муддаони айтиб солиш фурсатини қочирмайдир.
— Ўғлинг қайтсин-чи, бўлмаса...

Eрининг бу сўзига Ўзбек ойим ортиқча қизишадир, лаби-лабига тегмай бобиллаб берадир:
— Сиз шу кунгача барча ихтиёрни ўғлингизга топшириб, болани бола қилмадингиз, бир худбин қилдингиз... Ўғул ўсдириш бу турда бўлмас; ул тиласин-тиламасин шартта-шартта тилаганингизча қилингизда, қараб тураберингиз. Сиз ўзингизнинг шу «ўғлинг билар» деган гапингиз билан қанча яхши жойлардан қолиб, ниҳоят марғилонлиқ балосиға йўлиқдингиз...

Эндики ихтиёр манда: ул келгунча бир яхши жойга унашайин-да, келгандан сўнг тўйни ҳам жўнатиб юборайлиқ!
— Туратур-чи...

Ҳожининг бунчалик бўш келиши Ўзбек ойимға қанот-қуйруқ бергандек бўлди ва мундан сўнг тиниб-тинчиб туролмади. Шу гапнинг иккинчи куни Ҳасаналини қўярда-қўймай арава қўшдириб шаҳарнинг тўрт томониға қиз кўриш учун юриб кетди. Марғилонлиқ келиннинг таърифини Ҳасаналидан кўб эшиткан эди. Отабекнинг кўнглини ўша гўзал марғилонлиқдан совитиш йўлида ундан ҳам кўҳлик, ундан ҳам сулук қиз топиш кўйига тушди. Шунга кўра унга унча- мунча қиз ёқмай, шаҳардаги кўб эшикларни санашға тўғри келди. Еттинчи мартаба кўчага чиқишда Олим понсад деганнинг қизи ёқа тушиб ҳожига арз қилинди. Ҳожи бошда хотинининг бу гапига кулди, ундан кейин «туратур, ўғлинг келсин», деди. Ўзбек ойимнинг бобиллаши кучаябергач: «Нима қилсанг ўзинг бил, башарти ўғлинг кўнмаса мен зўрламайман!» деди.

Ўзбек ойим эрига ялиниб бошлади:
— Бир сўзлиғингизни қўйинг, эр; ўзи аслзода, лоақал бир оғиз ўғлингизга айтиб ўтишка ваъда беринг-чи,— деди.
— Яхши. Ваъда ҳам берайин, аммо сан унашмай тур.
— Унашмайман, лекин ўғлингизга унашдиқ, деб эшитдирармиз... Тузикми?
— Маъқул.

Шу ўлтуришдан сўнг Ўзбек ойим жуда ҳам жонланиб кетди ва эртасига Олим понсадникига қараб яна арава қўшдирди. Бу иккинчи совчилиқда гўё қудачалардек қарши олинди. Олим понсадбошилар: Юсуфбек ҳожиға қуда бўлар эканмиз, деб жуда ҳам типирлашиб қолған ва иззат-икромни ҳаддан оширған эдилар. Еган оғиз уялар қабилидан Ўзбек ойим ҳам муомалани қудаларча қилди, ҳатто: «Бек отангиз билан мен сўзни бир жойига қўйдиқ. Фақат иш Отабекнинг ке-лишига қолди» деб қўйди. Кечқурун уйга қайтиб бу айткан сўзини ҳикоя қилған эди, ҳожи лабини тишлаб қолди ва: «Санга сира ақл битмай кетар экан-да», деди.

Бир ойлаб кечиккандан сўнг Отабек қайтиб келди ва бу келишининг виждон азоби ва тиламаган бир таклифни эшитиш учунгина эмас, балки қабул қилиш учун бўлғанлиғини пайқади. Ул бу гапни онасининг илгариги ачимсиқ сўзларини ва аразларини тугалганидан ва ўрнига чучук сўзлар, силлиқ муомалалар битиб «есон-соғ кел-дингми, болам»лариданоқ сезган эди. Бундай бўлмағур таклифни эшитмас учун ўзини четка олиб, отаси, айниқса онасиға йўлиқишдан қочиб юришка мажбур бўлди. Икки орадағи бу қочиш-қувиш иши узоққа чўзилмай, бир кун меҳмонхонада ота-ўғул сўзлашиб ўлтурганнинг устига Ўзбек ойим келиб кирди ва ўлтурмасданоқ ҳожига имлаб қўйди. Бу имқўқни Отабек пайқамаған бўлса ҳам лекин анув гапни аниқ шу мажлисда очилишиға кўзи етиб, чиқиб кетишнинг иложини қилолмади. Ўзбек ойим келиб киргандан сўнг Юсуфбек ҳожи бир неча вақт ўйлаб қолди. Ўзбек ойим депсиниб- депсиниб эрига қараб олар эди. Анчагина сўзсиз ўлтурғандан сўнг ҳожи мулойимона сўз очди.
— Ўғлим, ҳали сан эшитдингми, йўқми ҳайтовур биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдиқ...

Отабек маълумки, уларнинг «қилиб қўйган ёки қилмоқчи бўлған ишларини» албатта билар эди. Шундоқ ҳам бўлса билмаганга солинди:
— Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас, — деди.

Ҳожи ўғлининг бу жавобидан ерга қаради ва нима деб давом қилишни билмай қолди.

Истеҳзо аралаш хотиниға қараб олди. Яна ораға жимжитлик кирди. Бу сўзсизлик маъносиға Ўзбек ойим тушуна олмаған эди. Бир оз қараб ўлтурғач, юраги қайнаб кеткандек бўлди:
— Биз санинг учун Олим понсадбошининг қизиға унашиб қўйдиқ... Энди сан билан тўй маслаҳатини қи-лишмоқчи эдик...

Отабек онасиға бир оғиз сўз демай, маънолик қилиб отасиға қараб олди. Ҳожи уятликсумон «шундоғ» деб қўйди.
— Сизларни ранжитиб бўлса ҳам бир мартаба уйланган эдим-ку? Энди...
— Сан уйлансанг биз ранжирмидик? — деди кулиб ҳожи.
— Ранжимасаларингиз...

Ҳожи тузукланиб ўлтуриб олди:
— Бу ранжишдан эмас, ҳожатдан ўғлим.
— Нима ҳожат?
—Ҳасаналининг сўзига қарағанда, қайин отанг қизини Тошкандга юбормас экан. Ўғил ўсдириб катта қилған онангнинг бўлса олдиға келин қўйғуси келадир...

Отабек онасиға қаради:
— Бу кунгача келинсиз ҳам яшаб келдингиз, бундан кейин ҳам шусиз туриб бўларди-ку, — деди.

Ўзбек ойим марғилонлиқ томонидан сиҳрланган ўғлиға қарши қизишиб кетди. Бир йиллардан бери ичига йиғиб келган кинасини тўкиб берди:
— Ман сани бу умид билан боқиб катта қилмаған эдим... Сан бизнинг наслимизни кўтариш ўрнига, ерга уриб булғадинг. Биз сани Марғилон андисига бунчалик муккадан кетишингни ўйламаған эдик, адабсиз... ўзингга қолса шу марғилонлиқни хотинға ҳисоблаб кетаберар экансан-да, уятсиз!..

Отабек ҳам қизишди:
— Хотин бўлмаса нима, ахир?!
— Қошлиқ, кўзлик бир анди!
— Анди деганингиз нима ўзи?

Юсуфбек ҳожи ўғлини босиш ўрнига жавоб бер, дегандек қилиб илжайган ҳолда хотинига қаради. Ўзбек ойим «анди» маъносини билдириб, андиларнинг сиҳрини рад қилиш учун бир оз тутилиқиб қийналди:
— Анди... анди... ўзи хитойми, нима бало... ўзи қалмоқдан тарқаған бўладир... Тушунмаган бўлсанг, лўлиларнинг бир тойифаси...

Бу жавобга Юсуфбек ҳожи ўзини хахолаб кулишдан тўхтата олмағанидек, Отабек ҳам кулиб юборди. Хотинининг тирноқ остидан кир излаб ва даъвосининг исботи учун ғўлдирашидан ортиқча кулиб кайфланган Юсуфбек ҳожи кўзига чиқған ёшларни артар экан, жиддият билан ўғлиға деди:
— Ўғлим, сан онангнинг гапига аччиғланма. Ул ҳар нарса деса фақат Марғилондан уйланганингга қаршилиғидан айтадир. Аммо мендан сўрасанг, Марғилондағи на қудамиз ва на келинимизни ҳеч бир важҳ билан камсита олмайман, балки бизга қуда бўлмоқ-қа энг мувофиқ кишилар эди, балли ўғлим, дейман. Санинг тиниб-тинчишинг, ўсиб-унишинг учун қувонмаған ота-она соғқа ҳисобланмайдир. Сан бунга яхши ишон. Аммо бизнинг ҳозирги баъзи бир раъйлари-миз санга ётишиб келмас экан, бунга ҳаққинг ҳам бор, лекин иккинчи тарафдан бизни ҳам ҳақсиз ташлаб қўйма. Ўғлим, бизнинг сандан бошқа умид нишонимиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурған барча орзумиз, ҳавасимиз фақат сангагина қараб қолған. Биз худои таолоға минглаб шукур айтамизким, сан бошқаларнинг фарзандидек эслик- ҳушлик бўлдинг; кишилардек сен билан ифтихор қилолмасақ-да, сан орқалик хижолат чекмасимизга ишондик. Айниқса онангнинг санинг туфайли кечиратурган умидлари тобора ортиб борди. Бу кун онанг санинг олдингға тиз чўкиб ва онанг кўнгли учун мен ҳам ораға тушиб сандан сўраймиз: сан ўз хоҳишинг йўлида уйланган экансан, рафиқанг санга муборак бўлсин. Эслилик даъвосида юрган ота-онанг тилаги албатта шундан бошқа бўлмас. Шу билан бирга са-нинг сабаби вужудинг бўлған бир киши ўз ҳаёти ичида боласи орқалиқ бир орзу-ҳавас кечирмакчи... Унинг бу орзусиға ҳақ берасанми, йўқми яна ихтиёр ўзингда...

Ҳожининг бу сўзи Ўзбек ойимға нечоғлиқ ёққан бўлса, Отабекни шу қадар ерга қаратқан эди. Ҳожи ўзидан ошириб сўзлаған бу сўзларини шу гап билан тамомлади:
— Билган топиб сўзлар, билмаган қопиб, деганла-ридек, онангнинг айтмакчи бўлған сўзи фақат шу эди. Бояғи гаплари бўлса ўз ҳаққини ҳимоя йўлида унинг пописаларигина бўлиб, мендан ҳам кўра онангнинг феълини ўзинг яхши биласан...

Отабек ҳамон сукутда, Ўзбек ойим бўлса боши билан «шундоғ» ишорасини берар эди.

Юсуфбек ҳожи юқорида ўткан гапларни қуруқ ва асоссиз сўзламаған, балки шу турмушнинг рукн ва асосини бир даража айтиб ўткан, Отабек эса буни шу муҳитнинг бир ўғли бўлиб эшиткан эди. Тўғриси ҳам ул дадаси томонидан сўзланган ҳалиги қонунға қарши чиқиш учун лозим бўлған кучка молик эмас; бас, кучсизликнинг натижаси эса сукут эди. Ул бир томондан шундай орзу-ҳавас учун бола ўсдирған ота-онани мукофотландирмакчи ва отаси айткан хижолат чекдирмайтурған ўғуллардан бўлмоқ-чи эди эрса ҳам, иккинчи ёқдан ўзини асир эткан шаҳло кўзлар унга нафратланиб қарағандек бўлурлар, гўёки вафосиз, ваъдасиз, деб қичқирарлар эди. Тўғриси ҳам уни ота-она мукофотига қарши оёқландирмоқчи бўлған нарса ҳалиги кўзларгина, аммо унинг бу исённамо ҳаракатидан бошқа унсурлар қидириш ва чиқариш ўринсиз тушар эди. Ота-она орзусини ифо этишдан бир сония ҳам ўзининг кўз ўнгидан хаёли кетмаган анув илоҳий муҳаббат учун ҳеч бир турлик камчилик келмасига ишонса ҳам ҳозир унинг юрагини бошқа бир ҳақиқат тирнай бошлаған ва виждонини фақат шу масала-гина ўраб олған эди. Отабекча энг нозик саналған бу масала қарошидағи жавоб кутиб ўлтурғучиларни ниҳоят зериктирди.
— Бизни кутдирма, ўғлим.

Отабек мағлуб бир боқиш билан бу сўзни айткучи отасиға қаради ва ялинчоқ бир оҳангда жавоб берди:
— Мен сизларнинг орзуларингизни бажаришка — агар хурсандчилиғингиз шу билан бўлса — ҳар вақт ҳозирман. Аммо бир бечорага кўра-била туриб жабр ҳам хиё-нат...

Ҳожи ўғлининг мақсадиға дарров тушуна олмади ва сўради:
— Кимга, хотинингғами?
— Йўқ, сизнинг оладирған келинингизга. Ўғлингиз-нинг вужуди билан орзуингизни қондириш осон бўлса ҳам келинингиз қаршисида мени бир жонсиз ҳайкал ўрнида тасаввур қилингиз.

Юсуфбек ҳожи ялт этиб хотиниға қаради. Ўзбек ойимнинг бўлса оладирған келинига эътимоди юқо-рилиғидан ўйлаб-нетиб турмади:
— Майли, болам; буёқни ҳозир сан ўйламай қўй,— деди.

Отабек бир оғиз сўз айтмай сукут қилди, Юсуфбек ҳожининг эса ўғлининг сўзини тўғрилиғиға, кейиндан юз кўрсататурған кўнгилсиз ишларга ақли етса ҳам, аммо бир мулоҳаза юзасидан истиқболнинг қоронғи ишларини ҳозир унча мулоҳаза қилиб кўрмади:
— Жуда тўғри айтасан, ўғлим; бироқ онангнинг бир мулоҳазасизлигига бошдаёқ мен лабимни тишлаб қолған эдим. Ҳозирда ҳам шу ҳолда қолмоққа мажбурман, — деди ва: — Биз ҳозир анди-шанинг бандаси, мен эмас онанг биравни ишондириб қўйған: биз-нинг оиладан лафсизлик чиқиши менга маъқул кўринмайдир.

Отабек ота-она орзусиға ўз таъбирича жонсиз ҳайкал бўлиб ризолиқ берди. Аммо ўз ризолиғининг шарти қилиб тўйдан илгари Марғилон бориб келишни ва бир даража уларга айтиб ўтишни, шундан сўнг тўй бошлашни аҳд қилди. Ишнинг енгил кўчишига сўйинган она Отабек-нинг бу шартига лом демасдан кўнди ва орзулиқ тўйни тез бошлаш учун ўғлини Марғилон кетмакка қистай бошлади.

Унутмайсизми?..

Унинг бу галги Марғилон йўлига қўзғалиши ортиқча бир оғирлиқ билан, иккиланиш билан ўралған эди. Кумушбиби учун дунёга сиғмаслиқ бир шодлиқнинг, кўргучи кўзларига ишона олмаслиқ бир бахтнинг бу гал кўтариб бўлмайтурған бир қайғу, чидаб бўлмайтурған бир ҳасрат бўлиб боришини ул яхши тушунар эди. Ҳар бир гал Марғилон борғанида олиб боратурған нафис совғалари бу гал жуда заҳарлик, ортиқча аламлик бир совғаға айланган, Кумушбиби бу совуқ кундаш сов-ғасини кўрганда эҳтимол... нималар бўлар ва қандоғ ҳолларга тушар эди. Бу мудҳиш совғани эҳтимолки, унинг ота-оналари ҳам қабул қилмаслар: бирдан-бир ёлғиз қизлари учун бундай гапнинг ярашмасини айтиб: «Совғанг ҳам керак эмас, ўзинг ҳам» деган жавоб билан юзига ҳам урарлар. Мана, унинг бу галги оғир ҳаракати ва қўзғалишиға нималар сабаб эди.

Бу оғриққа орзу эгаларининг қистоқлари ниҳоят берди. Яъни чор-ночор бу тутуриқсиз совғани кўтариб йўлға тушишка мажбур бўлди.

Отнинг бошини ўз ихтиёрига қўйған, илгаригидек юрак ошиқишлари ичида отни тез юришка қистамай сувга тушкан нондек бўкиб-бўшашиб, юз хил совуқ, ярамас хаёллар қўлида эзилиб, ўзининг дунёда борми-йўқмилиғиға ҳам тушунмай кета берадир.

Ҳозир кўклам кунлари: қирлар, тоғлар, сойлар; кўк-қизил, оқ-қора, сариқ-зангор, пушти- гўлас ва тағин аллақанча ранглик чечаклар билан устларини бежаб, қиши билан тўнггиб аранг етишкан ошиқлариға янги ҳаёт, янги умид берадилар. Қиш бўйи алла қайси гўр остларида жунжиб чиқған қуш зотлари: чумчуқлар, читтаклар, тўрғайлар, саъвалар ва бошқа аллақанча қуш дуркумлари ўз тўплари билан вижир-вижир, чуғур-чуғур сайраб куладирлар, ер юзини туткан чечак гиламлари устини ўпиб ялайдирлар, ётиб чўқийдирлар, сапчиб учадирлар... узоқ- узоқдан какку қуш ҳам арзи вужуд қиладир: «какку-какку».

Поёнсиз қирларнинг ниҳоятсиз бижир-бижир кўриб тўймаслиқ кўк гиламлари ва уларнинг димоғларға мажбурий искаткан даво ислари, ёқимлиқ ҳидлари ҳар қандоғ ишдан чиқаёзған ҳаёт эгасини озғина бўлса ҳам эпка ола биладирлар. Шунингдек, бу чечак қирлари ўз бағрида сузиб борған Отабекни ҳам ўзига қаратмай қўймайдир. Унинг фикри анув қоронғулиқлар ичида сузма ҳам кўзи чечак ва сабзалар томошасида, димоғи ҳидлар истишмомида, қулоғи қушлар нағмасида бўладир. Нима бўлса ҳам теварагидаги кўклам бежакларини кўздан кечира борадир.

Бора-бора фикри ҳам шу кўринишлардан ҳисса олмоққа бошлайдир.
— Ҳов ана бир қалдирғоч, тўғриға қараб ўқдек отилиб борадир, учкан йўлида вижир-вижир сайраб ҳам қўядир. Қалдирғочнинг қайғуси йўқ, суйганининг олдиға тезроқ етиш учун шошадирғандир: сайроғи ҳам суйганининг кўриш шодлиғи учундир... Бахтлик қалдирғоч: олған совғаси ҳам қўрқунч эмасдир, ота-онасининг ҳам орзу-ҳаваслари йўқдир. Уларнинг турмуш қонунлари жуда енгил, икав-икав, суйган-суйганни оладирлар-да тоғларда, ерларда, кўкларда учиб юруйберадирлар. Мен ҳам шу қалдирғочдек унинг сари отилиб, вижир-вижир сайраб учар эдим.

Унинг қалдирғочлиқ қаноти ота-она мукофоти билан қайрилған. Унга учкали эрк бермайдир-лар. Лекин ҳайвон унинг қайрилған қанотиға қарамасдан ўзининг эски адим ташлашида қирлар, тоғлар ошиб сувлар кечадир; етти-саккиз қайта бориб келган таниш шаҳарига интилгандан интила берадир. Бу ошишлар, бу кечишлар ўзга вақтларда Отабек учун ҳузур ва ошиқиш бағишлаған бўлсалар, бу гал уни нафратландирадирлар, бормай қайтиш фикри ҳалидан-ҳали кўнглига келиб турадир.

Узоқда қўш ҳайдаб юрган йигитнинг ашуласи эшитиладир: «Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!» Руҳлик, кучлик кўкракдан чиқған бу ашула теваракни зир-р этдириб юборғандек, Отабекка ҳам бошқача бир таъсир берадир. Гўё бу деҳқон унинг истиқболидан ҳикоя қилғандек бўладир. Бу байт деҳқоннинг оғзидан яна такрорланиб тағин теваракни ёнғиратадир. Энди Отабекнинг кўнглидан бир гап ҳам ўтиб кетадир: «Икки ёрни ажратқучи бу фалакнинг гардиши эмас, ота-онанинг орзуси!» Ўзининг сирлик маъносиға Отабекнинг истиқболини олиб кўринган бу байт ниҳоят уни йиғлатадир. Кўз ёшлари юзи орқалиқ эгарининг қошиға ва отининг ёлиға тома бошлайдир...

* * *

Марғилонға тўрт қўниб кирар эди, бу гал олтинчи қўнишда етди. Теваракдан аср азони эшитилган вақтда отдан қўнди. Отини қутидорнинг йўлагига етаклар экан, негадир юраги ўйнаб кетди. Бу гал ўз одатидан ўн кунлар чамаси кечиккани учун «балки кутиб ўлтур-ғандир» деб ўйлаб ҳалиги юрак ўйноғиси тағин ҳам кучайди ва йўлакдан меҳмонхона ҳавлисиға чиқғач, ихтиёрсиз отининг бўйниға суялиб тўхта-моқ-қа мажбур бўлди.

Чиндан ҳам ул айвоннинг олдида кутиб ўлтурган эди. Хаёлот ичида Отабекнинг келиб кирганини сезмай ҳам қолди. Ниҳоят, қора оҳу кўзларни тўлдириб бунга қаратиб олғач, ўрнидан турди-да, ичкари ҳавлисиға бурилиб кета берди. Бу бурилиш маъносиға Отабек алла- қачон тушуниб қолған, бу ўзининг кечикиб уни зориқдирғани учун... Кечикиш учун бунчалик араз қилған бу гўзалнинг кундаш учун қандоғ ҳолга тушмоғи маълум эди. Отабек тамом бир эсанкирашда қолди. Отини ахтахонаға боғлаб, совға-салом тўлдириб келган ипак хуржинни кўтариб ичкарига кирди. Суюкли куявни йўлакда кўрган Офтоб ойим қилиб турған юмишини улоқтириб Отабекнинг олдиға югурди, жонини минг тасаддуқ қилиб кўришкач, кечиккани учун нечоғлиқ ташвишлар тортиб ва қандоғ тушлар кўрганини лаби-лабига тегмай сўзлай кетди.

Аллақаёқларда юрган Тўйбека ҳам югура келиб сўрашмоққа уялса ҳам, аммо «чиройлик йигит»нинг қўлидағи хуржинни олди.

Офтоб ойим югура-югура қат-қат кўрпачалар солиб, куявни ўлтуришка таклиф қилди ва қаршилашни ҳар галгидан ҳам ошириб юборди. Лекин Отабек бу қарши олинишларға жуда ишончсиз қарар, бу кун бўлмаса эртага «ота-она орзуси» билан бу сийланишларни бирдан ўзгариб кетмагига имон келтуриб, қайси йўсунда ўлтуриб олғанини ҳам пайқамас эди. Офтоб ойимнинг бир қанча яхши тилаклар билан бўлған дуосига ҳам ишончсиз қўл кўтарди ва машъум «орзу»нинг бундоғ яхши дуоларни ост-уст қилишини ўйлади. Фотиҳадан кейин Офтоб ойим товоқни хурмага, хурмани товоққа урушдириб куявга қатиқ олиб чиқди ва Отабекнинг ичмаганига ҳам қўймай «ичингиз, йўл ғуборини оладир» деб қистай бошлади. Сўнгра Тўйбекани чой қайнатишға буюриб ўзи куяви билан сўрашди:
— Отангиз, онангиз саломатларми?
— Шукур, сизга салом айтдилар.
— Ҳасанали отам соғми, нега сиз билан келмади?
— Шукур, соғ, баъзи ишлар билан бўлиб келолмади,— бу жавобни бериш ҳомоно кўнглидан кечди: «Нега ёлғон гапирасан, Ҳасанали тўй ҳаракатлари билан машғул эмасми...» Отабекнинг кириб ўлтурганига бир неча дақиқа фурсат ўткан бўлса ҳам ҳамон Кумуш уйдан чиқмадида, аразини қаттиғ ушлаганча ўлтуриб олди. Офтоб ойим куяви юзида кўрилган ўйчанлиқни Кумушнинг уйдан чиқмағанлиғиға йўйиб қизини чақирди:
— Кумуш! Қаллиғинг келдила-я, чиқиб сўрашишни ҳам билмайсан! Офтоб ойимнинг шу йўсун чақириши уч-тўрт қайталаб бўлса-да, Кумуш эшитмаганга солиниб арзимаган нарсалар билан шуғулланған бўлиб чиқа бермади. Отабекнинг юзидаги ўйчанлиққа разм қўйған сайин Офтоб ойимнинг ҳалиги шубҳаси улғая борди, куявнинг кўзини шамғалат қилиб қизининг олдиға кирди ва шивирлаб Кумушни уриша бошлади: «Eсингни едингми қизим, эринг сани деб Тошканд деган шаҳардан келсаю, сан ким келди деб олдиға чиқмасанг. Тур, чиқиб сўраш, аразлаб кетиб қолса нима қиласан?» Офтоб ойимнинг бу кейинги сўзи чиндан ҳам Кумушни ўйлатиб қўйди: «...Кетиб қолса нима қиламан?» деган жумлани кўнглидан кечирди-да, онасидан илгарироқ гўёки, айвон тоқчасидан бир нарса оладирғандек бўлиб, ўзига термулиб турған Отабекка ер остидан секингина бир кулиб боқди ва тоқчадағи кераксиз бўлған бир пиёлани олиб, яна уйга кириб кетди.

Ўзбек ойимнинг сиҳирчи-жодучи деб қарғаши ҳам ҳикматсиз бир гап эмас. Кумушбибининг бу кулиб қараши Отабекка ажиб бир инқилоб ясаған эди. Ундаги оний бу ўзгариш жуда қизиқ ва сира ишонмаслиқ эди. Ул бу ер тегидан бир кулиб боқиш таъсири билан устидаги тоғдек босиб ётқан «орзу»ни ағдариб солған ва қушдек енгил тортқан эди. Унинг оний бу ўзгариши шундан иборат эди: «Уларнинг орзу ва ризолиқлари, бу ризолиқ шарофати билан топиладирған савоб, юртнинг юқори-қуйи гаплари — барчаси ҳам Кумушнинг ёлғиз шу биргина кулиб қараши олдидан ўтаберсин!» Оний бу ўзгаришдан сўнг тараддудсиз шу қарорни кўнглидан кечирди: «Уларнинг орзуларини буларга сўзламайман-да, Тошкандларига ҳам бормайман».

Ундаги бу ўзгариш оний бўлғанидек жуда жиддий ҳам эди. Кўнглига неча кунлардан бери узала тушиб ётқан бу чигил «бир кулиб боқиш» сиҳри билан ешилган ва Марғилонда доимий турғунлиққа деб тугилган эди... Бу ўзгаришдан кейин онадан туғма бўлиб енгил тортди, гўёки мундан сўнг ўзиники бўлғандек қилиб ишонч ва сокит кўзлари билан уйга қаради. Шу вақт уй ичидаги ситамгар пари ўзининг сиҳирлик кўзлари билан Отабекка яна кулиб қараб турар эди- да, гўёки шу ку-лиш билан ўз сиҳрининг қайси даражаларда кучлик бўлғанини сўзлаб фахрланар эди.

* * *

Ўртадан ўн беш кунлар вақт ўтди. Кумушнинг қайталаб сўрашиға:
— Чиндан-чиндан: мундан сўнг Тошканд бормайман, — деган жавобни берар эди. Кумуш бу гапка ажабланар, тўғриси, шодланар эди.

* * *

Марғилон келганнинг йигирманчи куни. Отабек ҳозирғина қаёққадир чиқиб кеткан эди.

Қутидор одатиға қарши бозордан кундуз соат учларда қайтиб келдида, Отабекни сўради, йўқлиғини билгандан сўнг хотинини меҳмонхонаға бошлаб чиқди.
— Тинчликми? — деб сўрағучи Офтоб ойимға сўйинч ва ё қувончлиғи билинмаган бир вазият билан жавоб берди:
— Тинчлик.

Меҳмонхонада эру хотин ёнма-ён ўлтуришдилар. Офтоб ойим бу боши-оёғи йўқ ишдан ёрилар даражасига етаёзган эди.
— Отабекдан ҳеч бир сўз эшитдингми? — деб сўради қутидор.
— Қандай сўз эшитай, ҳар қачон сўзлайдир, албатта мен эшитаман.
— Тошканд тўғрисида ҳеч гап айтмайдими?
— Тошкандга бир гап бўлғанми?
— Тошкандга ҳеч гап бўлмаған, — деб кулимсиради қутидор. — Маним муддаом бошқа тўғриларда. Қизингдан ҳам ҳеч гап эшитмадингми?
— Ҳеч гап... Ҳа, айткандек кеча, эрининг мундан кейин Тошканд бормаслиғини сўзлағандек бўлған эди.

Қутидор бир ишка тушунгандек кўзини ўйнатиб олди ва сўради:
— Энди Тошканд бормас эмишми?
— Билмадим; чинми, чин эмасми, ҳайтовур қизингиздан эшиткандек бўлған эдим. Нима, ота- онаси билан уришиб келганми?
— Йўқ, — деди қутидор ва чўнтагидан бир нарсани ола-ола айтди, — мен бу кун Тошканддан қизиқ бир хат олдим.
— Кимдан?
— Қудангдан, — деди қутидор ва хатни оча-оча,— шуни санга ўқуб бермакчиман, — деди.
— Ахир ўзи нима гап? — деб сўради Офтоб ойим.
— Эшитсанг биласан.

«Қудамиз Мирзакарим қутидорға ва қудачамиз хо-нимға етуб маълум бўлғайким, бизлар мунда соғ-саломатдирмиз ва ул жонибдаги сиз ҳурматлик ва иззатликларни парвардигори оламдин сиҳҳатларингизни салоти хамса олдида сўраб турмоқдамиз. Баъда махфий қолмағайким, куяв ўғлингиз хизматларига юборилған эди. Иншооллоҳ, саломат еткан бўлса керак. Аммо сиз ҳурматлуларга маълумдир, бизнинг шул Отабекдан ўзга фарзандимиз бўлмай, дун-ёда ўзимиздан кейин қолдиратурған туёқимиз ва кўз тиккан орзу-ҳавасимиз, умид ҳадафимиз фақат шул Отабекдир. Муҳтарам сиз буродаримизнинг шул ягона ўғлимизни фарзандликка қабул қилиб, аммо бизнинг келин боламизни Тошкандга юбормағанлари бизнинг жанобла-ридин бўлған миннатдорлиғимизни ва яна ўғлимизға бўлған марҳаматларини бир оз тугаллай олмадилар. Аммо каминалари бу хусусдаги айбни сизнинг устингизга бутунлай юклай олмаймиз, зероки, бизнинг бошимизда бўлған «ёлғиз туёқлиқ» савдоси сизнинг ҳам бошингизда бордир. Начукким, Отабекнинг кўп умри Марғилонда ўтиб, бизларни ҳам сиз ўйлаған оғирлиққа солмоқдадир. Биродари азиз, сиз маним бу сўзларимдин хафа бўла кўрмангиз, зероки, фақирингиз бу сўзларни бир йўсин келиш важҳидин ёзиб ўтдимиз. Дунё орзу-ҳавас уйи дерлар. Юқорида баён қилинғанидек ва ўзлари билганларидек, айниқса қудачаларининг дунёга келиб куткани шу ёлғиз ўғулнинг орзу-ҳавасидир. Жаноблари бул ишка ҳақ берурларми, йўқми, аммо азизларнинг рухсатларини олмасданоқ Отабекни Тошканддан ҳам тааллуқдор қилмоқчи бўлиб, бул маънига баъзи ҳаракатларини қилиб қўйган эрдик. Аммо бизларнинг бул раъйимизга ўғлингиз қарши тушиб ҳарчанд рад қилса ҳам ниҳоятида онасининг сўзини ерда қолдирмаслиқ учун қабул қилған эрди. Аммо бул тўғрисидағи сиз жанобларининг рухсатларингиз баъдида жавоб бермакчи бўлиб, хизматларига кеткан эрди. Сиз ҳурматлулар бул маънини савоб топарсизларми-йўқми, бу жиҳати яна марҳаматларингизга боғлиқдир. Бу мактубни ёзишдан қасдимиз шулким, Отабекнинг у иккинчи тааллуққа асло раъйи бўлмай ва яна сизларга айтмай бул тарафда бизларни хижолат чекдириб қўярми, деб ўйладиқ. Буродари кироми, сиз дунё кўрган бир кишисиз, онасининг бу талабини хўб мулоҳаза қилиб кўрингиз, бу тўғридағи раъйи ўғлингизга қарағанда ҳам фақирларича сизларда бўлғани важҳидин албатта кўндиришка саъй ва кўшиш қилурсиз, деб ишонамиз. Отабекнинг иккинчи тааллуқи тўғрисида келин боламизға билдирилмаса хўб эрди. Бизларнинг хурсандчиликларимиз йўлида Отабек билан бирга Тошканд тушиб, ўз қўллари билан тўйимизни ўтказишингизга ишониб Юсуфбек ҳожи ва қудачалари. 17-нчи савр ойида 1265-инчи ҳижрияда ёзилди».

Қутидор хатни ўқуб битирдида, хотиниға қаради. Офтоб ойимға бу хат музлик сувга шўнғутиб олиш таъсирини берган ва ўлтурган ерида сирра бўлиб қотиб қолған эди. Оталар учун бундоғ гаплар унчалик ёмон таъсир бермаса-да, хотинларға қандай асар қилиши билгулукдир. Офтоб ойим учун гўёки қизининг бирар айби учун бу ишка мажбур бўлинғандек, Кумуш эса энди эрига суюмсиз, ишдан чиқған ва бурчакка тиқилған увададек бўлиб кўрина бошлаған эди. Мактубни эшит-кан қулоқлари янглиш эшиткандек бўлар эди.
— Тағин ўқуб кўрингиз-чи...

Қутидор хотинининг сўзидан кулди:
— Қайтариб ўқишнинг фойдаси йўқ, хатнинг мақсади сан онглағандек, — деди.

Офтоб ойим боши янчилған илондек тўлғанди:
— Қизим устига кундаш?! Қутидор қафаска янги солинған қушдек уринмакка олған хотинини босмоқ бўлди:
— Ортиқча уринма, илгари ҳақиқатка тушун-чи...
— Ҳақиқати нимаси?
— Бунда гап бор.
— Нима гап бор?
— Агар бу ишда куявингнинг ҳам изи сезилганда эди, сан эмас ман ҳам бу гапка чидамас ва қизим устига тушкан бу оғир масалани тинчлик билан қарши олмас эдим. Аммо бунда куявингнинг иштироки кўрилмай, шунинг ила маним дамим кесилиб қолди. Ҳали унинг қизингға: «Мундан кейин Тошканд бормайман», деб айтканини сўзлаб эдинг-а?
— Ёлғонми, чинми, — деди Офтоб ойим тилар-тиламас, — эшиткандек бўлған эдим.
— Эшиткандек бўлған бўлсанг ҳам бу сўз чиндир, — деди қутидор, — нега десанг, хатининг мазмунидан ҳам онглашиладирким, бу иккинчи уйланишка Отабек бутунлай қарши бўлиб, фақат бу гап қудала-рингнинггина ишларидир. Шунинг учун куявингнинг уйланишини қизинг устига чин маъноси билан кундаш деб бўлмайдир.

Офтоб ойим кутмаган жойда қутидор тамоман Отабекни иккинчи уйлантириш тарафида туриб сўзлар ва ўлганнинг устига чиқиб тепар эди.
— Агар Отабек бу иккинчи уйланишка ризо бўлса эди, биринчидан рухсат олиш учун Марғилонға келиб юрмас...
— Шошманг-чи, — деди Офтоб ойим, — ўзингизча нимани сўзлай ётибсиз?
— Бу иккинчи уйланишда Отабекнинг ризосизлигини.
— Куявингизнинг ризолиғи бўлмаса худо хайрини берсин, вассалом.
— Гап унда эмас-да, — деди кулиб қутидор.
— Нимада? — деди қизишиб Офтоб ойим. — Қизингиз устига кундаш балосини ўз қўлингиз билан юкламакчи бўласиз шекиллик! Қутидор совуқина қилиб кулиб қўйди:
— Тушунмай ётибсан, хотин.
— Ҳамма гапка тушуниб турибман.
— Тушунган бўлсанг бу хатка нима деб жавоб берамиз?
— Бизга маъқул эмас, денг.
— Маъқул эмас, дейиш билан иш битмайдир, бирарта далил кўрсатиш керак.
— Топарсиз, ахир далилни.

Қутидор тамоман тўнни тескари кийиб олған хотиниға қараб бошини қашиб олди:
— Хатда иккинчи уйлантириш учун бўлған сабабни қизимизни Тошканд юбормағанлиғимизда кўрсатила-дир, — деди қутидор. — Сан айтканча куявинг Тошканддан иккинчи уйланмасин-да, Кумушни қудаларинг олдиға турғун қилиб юборайлиқ, тузикми?
— Нега мен ёлғиз қизимни Тошкандга юборай, — деди кўзини олаландириб, — биз қизимизни беришда Марғилондан ташқариға олиб кетмас ваъдаси билан берганмиз.
— Бу гапинг тўғри-я, — деди қутидор, — мен ҳам Кумушни Тошканд юбормоққа қаршиман.

Гап бу ерда: биз Отабекдан бу ваъдани олған чоқда, «Ота-онанғдан кечасан, иккинчи уйланмайсан» деган ваъдани ҳам олғанми эдик?
— Бундай ваъдани берган бўлсин-бўлмасин, — деди энтикиб, — суюб олғандан сўнг иккинчи уйланиш сўзини ҳам оғзиға олмасин.
— Ким айтди санга, оғзиға олди, деб?
— Ҳеч ким айтмаган бўлса ҳам сиз ораға тушманг дейман, ўз оёғингизга ўзингиз болта қўйманг, дейман.
— Пичоқни ўзингга ур, оғримаса бошқаға, деган бир гап бор, — деди жиддий вазиятда, — мендан ҳам сан яхшироқ тушуниб турибсанки, агарда бизнинг ризолигимиз бўлмас экан, Отабек сира ҳам иккинчи уйланмайдир. Масалан, биз икав — қудаларнинг ўрнида бўлиб, ёлғиз ўғлимиз бошқа бир шаҳарда, биз танимаған бир қизға уйланиб қолғанда — ўйлаб қара, чидай олурми эдик. Ўғлимиз кўнмаганда ҳам ўз шаҳримиздан иккинчи уйлантиришка киришмасми эдик. Бу тилагимизга қарши тушиб ўғлимизни ўз шаҳри ва ўз уйида олиб ўлтурғучи қудаларимизға лаънат ўқуб ўлим тиламасми эдик?

Бу сўз Офтоб ойимни бир оз ўйлатиб қўйди. Лекин ҳали ҳам оёқ узатмаған эди.
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Нима қилар эдим, — деди қутидор, энди ҳамма ихтиёрни ўз қўлиға олиб қўйған эди, — Отабек кўнмаганда ҳам кўндириб, ўзим биргалашиб Тошканд тушаман...
— Қизингиз бечорага...
— Қизимга ҳеч гап йўқ. Ҳали ҳам иззати, ҳурмати ўз қўлида.
— Қуриб кетсин шу дунёнинг ишлари!
— Қизингни Тошканд жўнатишка кўн бўлмаса.

Офтоб ойим жавоб бериш ўрнига ўкраб-ўкраб йиғлади.

* * *

Қайин ота, қайин она, куяв... Бу уч бурчаклик ўлтурмишдан Отабек кўнглида неча турлук шубҳа туғилмоқда эди. Бу одатдан ташқари чақириқ нега ме-ҳмонхонаға бўлди? Нега Кумуш бу ўлтуришка чақирилмади? Қайин онаси нега унга термулиб боқадир? Қутидор томонидан шу орада ул кутмаган бир савол ҳам ташланиб қўйилди.
— Отабек, уялмай, тортинмай жавоб берингиз; бу гал Тошканддан чиқишингиздаги асл мақсадингиз нимага эди?

Отабек тарафидан кутилмаган бу савол уни шоширди ва нима деб жавоб беришни билмай қолди.
— Ўзим... сизларни кўриш учун.
— Тўғрисини сўзлангиз, бек, — қутидор бу гапни ярим жиддий қилиб кулиб айтди. Чунки Отабекни шу йўсун баъзи ёқлардан таъмин этмакчи ва унга бу тўғрида жасорат бермакчи эди.
— Айтдим-ку.
— Тўғри айтмадингиз...

Отабек шошқан ҳолда эди:
— Тошканддан чиқғанимдаги мақсадни сўзлаш сизларга бир беҳузурлик берганидек ўзимга ҳам оғир... У тўғрида қатъий бир қарорға келганим учун сизларга сўзлаб ўлтуриш ҳам фойдасиз, — деди.

Офтоб ойим эрига қараб олди, қутидор ёвошқина бир товуш билан сўради:
— Сўзлаш оғирми?
— Менгагина эмас, ҳаммамизга ҳам оғир...
— Агарда биз ризолиқ берсамиз-чи?

Eрининг бу жасоратига қарши Офтоб ойимнинг юзига ризосизлиқ белгуси чиқди. Отабек эрса сесканиб уйқудан уйғонғандек бўлди ва иккиланиб сўради:
— Сиз нимага ризолиқ берасиз?
— Бу гал Тошканддан нима мақсадда чиқған бўлсангиз — ўшанга.

Отабек хижолат билан тер чиқарди:
— Тошканддан нима мақсадда келганимни биласизми?
— Биламиз, — деб кулди қутидор.
— Сизни бундай ишка ризолиқ учун ким ва нима мажбур этадир?
— Ҳеч ким мажбур қилмайдир, — деди кулиб қутидор,— мажбур қилған нарса: шундай кунлар учун ўғул ўсдирған ота-онанинг ризолиқлариғина, балки сизни ҳам шу гап мажбур қилар.
— Отам билан онамнинг ризолиқлари учун шундан бошқа сабаб қуриб қолғаниға нима дейишимни ҳам билмайман. Гарчи Тошкандда экан чоғимда бу ризолиқ йўлиға бел боғланған бўлсам ҳам, энди бу бел боғлашни бутунлай ўринсиз бўлғаниға тушундим...

Офтоб ойим оз қолдики, «тўғри!» деб қичқирсин. Аммо қутидор хотиниға хўмрайиб қаради.
— Қисқароқ ўйлайсиз, Отабек, — деди, — отангиз бизга мурожаат қилмағанда эди, биз бу ишда бетараф қолсақ бўлар эди. Ҳозирда биз ҳам сизнинг сўзингизга қўшилсақ сиз эмас, ёмон отлиқ биз бўламиз.
— Унинг мулоҳазасини қилманг.
— Нега қилмайлиқ?
— Ҳамма айбни маним устимга юклаб жавоб ёзингиз.

Қутидор кулди ва сўради:
— Тошкандда экан чоғингизда отангизнинг таклифини қабул қилған эдингизми?
— Қабул қилған эдим.
— Бизнинг рухсатимизни олғали Марғилонға ҳам келган эдингиз, шундоғми?
— Шундоғ...
— Баракалла, Марғилонға келиб бу гапдан айнадингиз-а?
— Айнадим...
— Энди Тошкандга Марғилондан айнаб борасиз?
— ...
— Мана кўрдингизми, фақат бу ишда бизгина ёмон отлиқ бўламиз. Ўзингизнинг шу хатонгиз учун ҳам бу гапни қабул қилмоққа мажбурсиз.

Отабек нима деб айтишдан ожиз қолди ва ўзининг болалиқ ҳаракатидан сесканди ва хижолат орасида сўради:
— Отам сизга қачон хат ёзған эди?
— Кеча олдим. Демак, кўндингиз?
— Мен бу гапка дурустлаб ўйламасдан жавоб бералмайман.
— Қанча ўйласангиз ҳам жавобингиз биргина бўлиши керак; яъни ризолиқ.

Қутидорнинг бу сўзи жуда ҳам қатъий эди. Бу қатъи-ятни онглағучи кўнгилдан чиқараёзған бу масалани чинлаб ўйламоққа мажбур эди. Нима бўлғанда ҳам кўнглининг бир чеккасини кирлатиб ётқан бу «ота-она орзуси» бир томондан қаралғанда жуда енгил кўчкан эди. Аммо иккинчи томондан масаланинг ешилмаган ўринлари ҳам бор эди.
— Яхши, — деди, — мен сизнинг таклифингизга кўнайин, аммо кўнишнинг ва ризолиқнинг зарури қизингизда эмасми?

Шу чоққача мунгғайиб ўлтурган Офтоб ойим ялт этиб эрига боқди, яна чексиз бир меҳрибончилиқ назари билан Отабекка қаради.
— Сиз қизимизнинг андишасини қилиб ўлтурмангиз, бек, — деди қутидор, — бу ишни энг яхшиси унга билдирмасликдир, кейинроқ ўзи кўникиб кетар, бу тарафлардан ташвиш лозим эмас.
— Йўқ, — деди бек, — мен бу ишка башарти кўнганимда ҳам қизингиздан яширмайман.
— Нега?
— Негаки унинг ризолиғини олмасдан туриб, бу ишка оёғ қўйишим мумкин эмас.
— Агар кўнмаса-чи?
— Кўнмаса, мен ҳам кўнмасликка мажбурман.

Бу узил-кесил сўздан қутидор ўйлаб қолди. Офтоб ойим бўлса, қизининг қадрини бунчалик аршларгача кўтармакда бўлған йигитка ўзида чексиз муҳаббат, поёнсиз эҳтиром сезмакда ва нима учундир йиғлағуси ва куяви юзидан ўпкуси келмакда эди.
— Тузик, — деди қутидор, — унинг ризолиғини ўзингиз олмоқчимисиз?
— Йўқ, негаки қизингиз учун ҳақорат бўлған бу сўзни айтиш маним қўлимдан келадирган иш эмас, — деди. Эру хотин бир-бирларига қарашиб қўйдилар. Кейинги сўзни айтиб битиргач, Отабекнинг кўзига ёш келган эди. Ўзининг ҳолидан уялди шекиллик, уларнинг олдидан туриб ташқариға чиқди. Ул чиқғандан сўнг эру хотин яна ярим соатча жанжаллашиб ўлтурдилар.

* * *

Хуфтан намозидан сўнг янгиланган ташвишларни бир оз унутдирар умиди ила пойчироғ ёниға ўлтуриб, Фузулий девонини варақлар эди. Аммо Фузулийнинг ранг-баранг шеърлари устида қаноатланиб тўхтамас, ҳамон варақлағандан-варақлар эди. Шоирнинг нафис шеърлари ҳозир унинг учун тузсиз сўзлар йиғиндисидан бошқа бир нарса ҳам эмас эдилар. Ул шу вақт тўсиндан китобни ёпди-да, айвонға қулоқ солди. Чунки ҳозиргина сўзлашиб ўлтурган Кумуш билан онасининг товушлари ўчкан эди. Ул бу ҳолдан шаклланди. Айвондан она-боланинг қаёққадир йўқолғанларини пайқағач, тусида ўзгариш бўлғани ҳолда қайтиб келиб ўлтурди.

Нима учундир ҳозир унда бирар фожиъага тушкучининг ҳолати бор эди. Киши изтиробка тушкан кезларда тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир йўсунсиз ишларга уринадир. Шунингдек, ул ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди.

Ул ўзининг шубҳасидаги гапка қониъ, орадан ярим соатлаб эмас, бир соатлаб вақт ўтиб борған бўлса ҳам бу унга зерикарлик эмас, тез келгандан келмагани яхши; яхшилиқми, ёмонлиқми ҳайтовур бўладирған кўнгилсиз гапни кечиккани яхши... Фузулийни яхшилаб ўқуш керак. Шунинг учун ҳам маънолик шеърлардан бошини кўтармайдир-да, гўёки айтарсиз китобка михланган...

Кумушнинг уйга келиб киргани ҳам унга сезилмай қолди. Ул қушлар каби латиф товуш чиқармаслиқ қилиб гилам устидан юриб келди-да, секингина шамъ ёниға — Отабек қаршисиға ўлтурди. Унинг кўйнагининг чиқарған енгилгина шамоли билан ёниб турған шамъ «лоп» этди- да, кўришкандек, ўйнашқандек бўлди. Бу ҳолдан китоб устига муккадан кетиб ўлтурғучи чўчиб кўтарилиб қаради. Қаршисида: Фузулий таъбирича себи занахдони негадир қизариб, новаки мижгони кўз ёшлари билан жуфтланган ҳалиги пари эди... Биринчи қарашдаёқ куткан ишининг тўғрилиғиға инонди ва осийлар каби кўзини ерга тикди. Ул Кумушдан итобомиз сўзлар, аччиғ хитоблар кутар; биринчи итобдаёқ ота-она гуноҳига тавба қилишға ҳозирланар эди. Аммо иш ул куткунча чиқмади. Кутилмаган жойда, гўёки уни бу оғир ҳолдан қутқармоқчи бўлғандек:
— Фузулий яхши китоб, — деди Кумуш, — мен ҳам ёлғиз қолған кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?

Бу олийжаноб гўзалга нима дейишни билмас, қаердан сўз бошлашқа ҳайрон эди:
— Ким йиғлатди сизни?
— Йиғлабманми?
— Кўзингиз, кипракингиз...
— Ўзи шунақа...
— Йиғлатған мен эмасми?
— Китобни нега ёпдингиз? Очиб ўқунг, мен эшитай.
— Ота-она ризолиғини бир томчи кўз ёшингизга арзитдимми?
— Мен рози, мен кўндим, — деди дафъатан Кумуш, бу сўзни нимадандир қўрқғандек шошиб айтди.
— Кўндингиз... нега, а?

Отабек ҳайрат ва таажжуб ичида эди.
— Негаки, — деди Кумуш, — мен сизга ишонаман...
— Шунинг учун...
— Шунинг учун кўндим...
— Кўнглингиз фаришталар кўнглидек.
— Сизнинг ҳам кўнглингиз...

Икки жон, икки юрак гўёки биттадек бир-бирисини онглар, бирисидан-бирисига ўтиб юрар эди шу вақт.
— Бўлмаса нега йиғладингиз?

Бу саволдан Кумуш бир мунча ўнгғайсизланиб, уят аралаш бир табассум билан:
— Ўзим... — деди ва кейинидан ўзининг ҳамма тилак ва шартлари маъносини жамъи бўлған,
— меним унутмайсизми? — деган сўроғини берди. Ул нима деб айтишка сўз тополмай қолди.

Чунки юрак сирини ифода қиларлиқ жумла топиш мумкин эмас эди. Жавоб бериш ўрнига ўзича сўзланди:

«Ота-она орзуси...»
— Биламан, — деди овутқучи товуш билан Кумуш.
— Маним орзумни ҳам биласизми?

Кумуш Отабек яқиниға сурилди ва тирсаклари билан унинг тиззасига ёнбошлаб эркаланди...

* * *

Қутидор тарафидан эртага Тошканд жўнаш эълони берилди. Иккисининг ҳамма вақтлари шамъ ёнида сўзлашиб кечди...

Қовоқ Дeвонанинг Бeлбоғи

Оч қоринға салимсоқ еб, кўкчой ичишдан зериккан кишилар чойхонага Қовоқ девонанинг кириши билан унга сўз қота қолдилар:
— Келинг-келинг, девона!
— Бир коса чойларинг борми, хўвари?
— Бор-бор, авлия, битта бачча бўлсангиз идиши билан сизники.

Қовоқ девона деганимиз ўрта ёш, сийрак соқол, қотма, кун иссиғлиғиға қарши ўчакишкандек бошиға эски телпак, эгнига пахтасидан бошқаси тўзиб кеткан гуппи чопон кийиб, янги бўз белбоқни беш-олти айландириб боғлаған ва унга беш-олтита чилим қовоқдан тортиб то сувқовоқ, носқовоқ ва томоша қовоқ-ларғача осқан; қовоқларнинг оғирлиғидан аранг ҳаракат қиладирған ўз замонасининг машҳур бир девонаси эди. Бу девона Тошканднинг барчасига маълум; беклардан, бойлардан; қисқаси, шаҳарнинг катта-кичигидан ўзига ихлосмандлар ортдирған ва кўбларнинг тарафидан қилған кароматлари ривоят этилган бир мажнун эди. Шаҳардаги ҳар ким унинг ошнаси, каромати билан бепарво бўлғанлар ҳам унинг қизиқ ҳаракатларига ва тутал сўзларига қизиқар эди. Бу чойхонадагилар ҳам шу кейинги синфдан эдилар.

Бирарта ихлосманд қўлидан боплаб томоқ еган бўлса керак, ҳозир ўшанинг чанқовини босмоқ фикрида эди.
— Баччанг ким, баччанг? Онам мени баччалик учун туғмаған... Чойингдан бер, чо-йингдан!
— Онангиз сизни нима учун туққан?
— Хоннинг қўйини боқиш учун, қовоқларни белга тақиш учун; чойингдан берчи, хўвари! Девонага бир пиёла чойни ичишка ҳам тинчлик бермадилар. Улардан биттаси кўзни шамғалат қилдида, белидаги қовоқдан биттасини юлиб ҳам қочди. Иш ёмонга айланди. Қувлаб тутолмади. Сўнгра келиб яна бир коса чойни ичди ва унга-бунга қовоғи тўғрисида илтимос қилиб қаради. Бўлмағач, қовоғини қўмсаб ҳўнгир-ҳўнгир йиғламоққа олди. Эрмакчиларнинг куткани ҳам фақат унинг ёши мишиғиға, мишиғи тупугига қўшилиб йиғлаши эди.

Қовоқни юлиб қочқан томдан келиб суфанинг устидаги сўрига қовоқни осди ва ўзи тушиб девонанинг ёниға келди:
— Қовоқ ўғрисини ушладингизми, девона?
— Йўқ, ука! Қовоғимдек шишиб ўлсин, қочқанча кетди! Бирав Эски Жўвада кўрганлигини ва қовоққа миниб кетаётқанини сўзлади. Иккинчиси «зап қовоқ эди-да» деган эди, учинчиси «аттанга» деб қўйди. Девонанинг ўпкаси шишиб кетди.

Эрмакчилар унинг юрагига галма-гал ўт ёқар эдилар.
— Қовоғингизнинг ўзи бу иқлимда йўқ нарса эдида,— деди бирав. Девона қовоғининг таржумаи ҳолини сўзлаб берди:
— Дадам мусаллас қовоқ, ойим мош қовоқ, мен бел қовоқ... — деди. Кулишдилар.

Эрмакчилардан биттаси юқорида осилған қовоқни кўрсатиб ажабланди:
— Ийи-ийи, анув кимнинг қовоғи-я?

Девона суюкли қовоғини сўрида кўриб қувона кетди:
— Вой хўварингни... жиннилар, вой эси йўқ хўварилар! Қовоғимни бер жиннилар!
— Тузик-тузик, авлия. Қовоғингизни тушириб берсам нима берасиз?
— Сўрағанингни ол, жинни... Ойим қишлоғиға бек бўл, тентак: тилла жабдуқлиқ от мин, жинни...
— Мен Ойим қишлоғининг беклиги уҳдасидан чиқолмайман. Қовоқларингизнинг касбини айтиб берсангиз бўлади манга. Девона бу шартка кўнди, қовоқ туши-рилиб, девонанинг қўлиға эсон-омон тегди. Маҳбуба ортиқча бир эҳтиёт ва эътибор билан белга — бошқа йўлдошлари ёниға тугилди.
— Қани, энди бўлсин, девона! Қовоқ девона белидаги қовоқлардан битта эгри маймоғини кўрсатиб: — Манов Мусулмон чўлоқ, — деди, унинг ёнидағи кичкина томоша қовоқни туртиб: бунов, Худойбачча (Худоёрбачча), — деди, сув қовоғини эркалаб «Нор калла» (Нормуҳаммад қушбеги), — деди.

Қолған иккита силлиқ қовоқчаларни «носқовоқ, юпқа томоқ», деб қўйди. Эрмакчилар ку- лишдилар. Бу қовоқ ўғрилари ичидан тезроқ қочиб қути-лиш учун кетишка интилган эди, бирави ушлаб қолди.
— Тўхтанг ҳали, гап бор! — девона сўкиниб тўхта-ди.— Манави белингиздаги белбоқни қаердан ўғирлаб олдингиз?
— Қўй, жувонмарг бўғур!
— Ўткан куни ўғирлатқан белбоғинг шу эмасми, Каримқул? — деб ёнидағиға қаради эрмакчи.
— Ҳа, ҳа, худда ўғирлатқан белбоғим, тутдик ўғ-рини! Қовоқ девона худда белбоғидан ажрайтурғандек икки қўли билан белига ёпишди.
— Саники бу эмас, тентак!
— Йўқ, худда маники шу, еш, бўлмаса миршаб чақираман.
— Хўварингни... нима дейди, бу!
— Тўғри айт, буни қаердан ўғирладинг?! Девона белбоғининг тугунига азтаҳидил ёпишқани ҳолда:
— Ўғирламадим, тентак, ҳожи поччангни тўйидан олдим, жинни! — деди.
— Ҳожи поччанг ким? Ёлғон сўзлама, ўғри!
— Ҳожи поччангни танимайсанми, тентак?
— Тошкандда ҳожи поччадан кўпи борми, ўғри?
— Эсинг кетибди, жинни... Юсуфбе ҳожинг-чи. Ахир; тўй бўлди, базм бўлди, ўғул уйланди...

қўй, жувонмарг, бўғур! Девона эрмакчилар қўлидан аранг қутилиб чиқди. Аммо уларнинг ичидаги кўзини боғлаған бир киши нима учундир девонанинг орқасидан эргашди. Чойхонадан анчагина узоқлашқан эдилар.
— Девона! — деб чақирди ҳалиги эргашувчи.

Девона ўзига қараб келгучи бу кўз оғриғини таниди. Суюкли қовоқлар устига келган бало бўлмасин учун, кетар экан, қовоқларини эҳтиётлаб ушлади:
— Нима дейсан, кўз оғриғи?
— Қўрқмангиз, девона! — деди кўз оғриғи ва адимларини тезлатди.
— Нима ишинг бор?
— Тўхтанг.

Девона аранг тўхтади. Кўз оғриғи уни чўчитмас учун наридан туриб ёнчиғини кавлий берди.
— Сизга назрим бор.

Бу сўзни эшитиб, девона йўлға тушди. Кўз оғриғи унинг кетидан югирди ва:
— Манг! — деб пул кўрсатди. Девона илтифотсиз кетаберган эди: — Тўхта дейман! — деб дўқ урди. Девона нарида тўхтади:
— Келма, келма, кўз оғриғи! Кўз оғриғи ўн адимча нарида турди:
— Ҳали, ким ўғлини уйлантирди, дединг?..
— Ким уйлантирди, дединг?
— Айтдинг-ку чойхонада!..
— Айтдинг-ку чойхонада...
— Белбоқни қаердан олдинг?
— Бувинг берди.
— Тўғри айт!
— Тўйга келдингми?
— Тўйга келдим...
— Юсуфбеникигами?
— Юсуфбеникига.
— Белбоғинг йўқми?
— Йўқ.
— Тўй ўтканда келибсан.
— Юсуфбе қайси ўғлини уйлантирди?
— Нечта ўғли бор?
— Нечта ўғли бор!
— Битта... Қоратегиндан келдингми, опанг оманми?
— Омон... қачон уйлантирди?
— Ўзинг уйланганмисан?.. Қоратегиндан неча кунда келдинг?
— Беш кунда. Қачон уйлантирди?
— Эшакка минибми, яёв?
— Эшакка миниб.
— Нашанг борми?
— Бор.
— Қитта бер-чи.
— Бераман, олдин айт; қачон уйлантирди?
— Тўй ўтканда келибсан, тентак... Манга-чи, бир тоғора ош тегди.
— Бозордан ош олиб берсам ейсанми?
— Юзингга қачон чечак чиқди?

Кўз оғриғи бу тутал сўзлардан асабийлашиб кетди:
— Қачон уйлантирди дейман?
— Тўй ўтканда келибсан дедим-ку... Бир ҳафта бўлди, ўн кун бўлди, бир ой бўлди. Ҳа, ҳа, чарлари энди бўлар эмиш... чарларга бор. Қоратегин.
— Тошканддан уйлантирдими?
— Хи, хи, хи, аҳмоқ. Тошканддан бўлмай, Қоратегиндан уйлантирсинми?

Шундан кейин кўз оғриғи чойхонага қайтди...

Жодугар Ҳинди

Қайин отасининг оғриған касалидан тузала олмай ва ё тезроқ ўлиб тирикларни қутултирмай «чарлар» балоси билан ўзини ипсиз боғланғани учун сўнг чекда си-қилған, шунга кўра онасиға ачитиб сўзламакда эди:
— Ўйлаб-боқинг онажон! Бир бечора сизнинг орзуингизни деб, қизи устига кундаш юклади ва биргалашиб тўйингизни ўтқузишди. Иш кучидан қолиб, ўн кунлаб Тошкандда юрди. Нима бўлғанда ҳам биравнинг яхшилиғини билиш керак эди.

Ўзбек ойим ўзининг бир ҳафталик сўзини такрорлар эди:
— Энди нима қил дейсан болам, ўтқузмай кетишинг уят.
— Уят дейсиз-да, уятка ўзингиз тушунмайсиз.

Ўзбек ойим ўғлининг терс сўзидан қизишди.
— Жуда ҳовлиқа берма, ўғлим. Чарлар ҳам ўтар, андининг юзини ҳам кўрарсан!..
— Онажон, — деди Отабек, — сизнинг заҳарлик сўзларингизга нима дейишка ҳам ҳайронман... Биллоки, манинг ҳовлиқишим сиз айтканча бўлса... хоти-нимниғина эмас, унинг ота-оналарини андишасида шошаман. Уларнинг кўнгилларига гап келмасин деган мулоҳазада ҳовлиқаман. Мен сизнинг орзунгизга бутунлай қарши тушиб, Тошкандингизни тилга олмаслиққача борғанимда ўша бечоралар сизнинг риоянгиз билан мени бу ерга судрағандек қилиб олиб келдилар... Уятни билсангиз, энг ози шунинг андишаси керак эмасми?
— Бўлмаса чарларни кутмагин-да, югира қол, — деди Ўзбек ойим, — марғилонлиқнинг ўкчангдан урғанлиғи аниқ экан.

Отабек камоли бўғилғанидан сукут қилишға мажбур бўлди, чунки бу орзу ҳавас онаси ярани ҳар замон каттароқ оча боришға жуда ҳам уста ва бу усталиқ унинг барча кутканларининг кундан-кунга бўшка чиқа борғанлиғидан эди. Айниқса унга ҳозир бутун маъноси билан сир онглашилиб, марғилонлиқнинг жодусини жуда ҳам кучлик эканига имон келтирди. Ўғлининг орзу-ҳавасини кўрди — кўриш бўлса — орзулағандан ортиқ. Бироқ бу орзу-ҳавас орқасидан кутилган марғилонлиқ балосидан ўғлини қутқариш масаласи унинг тилагича бўлиб чиқмади-да, яна марғилонлиқнинг сиҳри ўткирлик қилди... Никоҳ куни Отабекнинг кийимларини жуҳуд домладан ўқутишлар, марғилонлиқдан совитиб тошкандликка иситишлар — барчаси ҳам ҳозир ўз ажзларини унга иқрор қилар эдилар. Кейинги «бешбош» домланинг берган тутатқи, эзиб ички, дуо ва туморлари ҳам негадир таъсир асарини сездирмадилар...

Ўзбек ойим марғилонлиқнинг домласини кучлик эканида шубҳа қилмаса ҳам, аммо бир ишка жуда ҳайрон эди: жуҳуднинг қилған жодусини — жуҳуд, мусулмон домланикини — мусулмон дафъ қила олур эди; нега булар асар қилмайди сира? — Ҳозир Ўзбек ойим бунинг сиррини ўйлаб тополмас эди. Бу боши берк кўчада ул узоқ қамалиб қолмади — бунинг сиррини дафъатан топди, ҳам жуда тўғри топди: «Марғилонлиқнинг домласи жуҳуд ҳам эмас, мусулмон ҳам эмас — ҳинди! Ҳиндиларнинг ҳам ҳанноси: бас, ҳанносининг сиҳрини на мусулмон домласи қайтарсину, на жуҳуд. Ўшал ҳиндининг ўзи қайтармаса, ўзга илож йўқ!» Нима қилмоқ керак? Тошкандда бирарта ҳинди дом-ласи йўқки, иложини қилиб берса...

Энди хотин боши билан марғилонға мурожаат қилсунми?

Бошқа тушканни кўз кўрар, деган сўз бор. Ўзбек ойим ҳам бошиға тушкан бу кулфатни кўришка мажбур эди: «Шу галдан қолдирмай Отабекнинг ёниға Ҳасаналини қўшиб Марғилонға юбораман, Ҳасанали у ердаги ҳинди домлаға учрашиб, Отабек устидаги сиҳр-жодуларни ешдирсин... Ҳинди ҳар қанча олса ҳам майли, бисотдан у-буни сотиб пул қилиб бераман».

Отабек онасининг қаршисида бояғи сукутка кетканича жим ўлтурар эди. Ўзбек ойим ҳалиги кашфи-ётдан қутилиб бу тўғрида сўнгғи қарорини ҳам бериб бўлғач, Отабекка деди:
— Ўғлим... янги уйланган отинг бор. Маним олдимда ўлтуриб нима қиласан? Бечора ёлғиз ўлтурибдир.

Отабек онасиға бир қараб олди-да, жавоб бермади.
— Бор, болам, бор. Яхши эмас бу ишинг... — Ўзбек ойим сўзини бўлиб дарича ёниға келиб тўхтаған Ойбодоққа қаради.
— Сутчой тайёр бўлди, сузиб кирайми?
— Икки косани келинлик уйга бер, мен билан Ҳасан-алиникини шу ерга келтир.

Ойбодоқ кета бошлаған эди, Отабек уни тўхтатди:
— Маникини ҳам шу ерга олиб кир, — деди. Ойбодоқ Ўзбек ойимға қаради. Ўзбек ойим ўғлиға хўмрайди. Отабек хўмрайишға илтифот қилмай, Ойбодоққа «шундоқ қил» ишорасини берди.
— Бўлмаса келинникини ҳам шу ерга бериб, ўзини чақир. Ҳасанали уйида ичсин, — деди Ўзбек ойим. Ойбодоқ кеткач, ўғлидан сўради: — бу нима қилиқ, болам?
— Қилиқ эмас.
— Келин билан бирга ичсанг нима бўлар эди? Биравнинг боласини мунчалик хорлаш яхши эмас.
— Бундан хорлағанлиқ чиқмайдир. Ўзини шу ерга чақирдингиз — иш битди.

Ўзбек ойим тағин нимадир айтмакчи эди, Ойбодоқ дастурхон кўтариб кириб қолди.
— Келинга айтдингми?
— Айтдим.

Дастурхон ёзилиб, тушлик чой келди. Ўзбек ойим косасига нон ташлаб кўзи эшикда, яъни келинни кутар эди. Келин эшикдан кўрингач, ўғлиға «қарши ол» дегандек қилиб қараб қўйди.

Ўн етти ёшлар чамалиқ, кулчалик юзлик, оппоққина, ўртача ҳуснлик Зайнаб қайин онасининг тилак ва шаънига лойиқ тавозиъ — одоблар билан битта-битта босиб дастурхон ёниға келди.

Қайин она томонидан «ўлтуринг» рухсати берилганидан сўнг, қисилиб-қимтиниб товуш чиқармайғина ўлтурди. Ўзбек ойимнинг кўзи ўғлида. Ўғли бўлса чойга нон ҳўллаб емоқда эди.

Бир-икки қайта хўмрайиб-хўмрайиб ўғлиға қаради-да, унинг кўзини учрашдира олмағандан кейин, унга сўз қотишға мажбур бўлди:
— Чарларинг ҳам бўла қолмадики, қайин отангни бориб кўрсанг. Ёки чарларсиз ҳам кўра қоласанми?

Зайнаб кўзини эрига тикиб қолди. Отабек салқинғина онасиға жавоб берди:
— Кўрсам бўладир... — деди ва кулимсирагансумон Зайнабка қаради. Зайнаб ҳам кулган бўлди. Шу кич-кинагина кулимсираш Ўзбек ойимни анча тинчитди. Аммо мусоҳаба шунинг билан тўхталиб, ораға яна бояғи жимжитлик кирди. Ўғлининг миридан сирини ажратиб ўлтурғучи она яна олазарак оғриғиға йўлиқди. Зайнабнинг кўзи тез-тез Отабекка тушар, у бўлса хўр-хўр чойни ичар эди. Бу ҳолдан Ўзбек ойим ич-етини еб, юткан луқмасининг мазасини ҳам билмас, қисқаси ўлтуриш сўзсиз, гўё тузсиз ва маъносиз эди. Бу маъносизлик тадбирини кўриш яна Ўзбек ойим устида:
— Келин пошшоға тилла узук буюрдингми?
— Буюрдим. Эрта-индин битиб қолар. — Отабек сўзни чўзмоққа йўл қўймади. Аммо онаси гапдан гап чиқариб, сўзга сўз уламоқчи эди:
— Тилла чочпопугингиз бор эдими?

Зайнаб эрига қаради ва ийманибгина жавоб берди:
— Йўқ.
— Йўқ бўлса олиб бераман, — деди Отабек. Ўзбек ойим анчагина жонланиб олди. Тағин ундан-мундан сўз уринтирмоқчи бўлған эди, унча муваффақиятлик чиқмай бошлади. Сутчойдан сўнг қумғонда чой келди. Зайнаб биринчи пиёлага қуйиб ўрнидан турди ва қайин онасиға икки қўллаб узатди, иккинчи пиёлани тўл-дириб ўрнидан турмоқчи бўлған эди, уни Отабек тўхтатди.
— Мундан кейин чой беришда ўрнингиздан туриб ўлтурманг, — деди. — Ўлтурган ерингиздан берсангиз ҳам бўладир.

Лекин бу гап қайин онаға ёқмади, эътироз қилди:
— Нега ундоғ дейсан, бола. Ўриндан туриб чой бериш одамзоднинг зийнатидир, келинларнинг бор-йўғи келинлиги ҳам шунда-ку!
— Сизнинг учун ҳам ўлтуриб чой берсин, демайман; аммо бу такаллуфнинг менга кераги йўқ, — деди ва қўлидағи чойни тез-тез ичиб бўшатди. Фотиҳа ўқуб ўрнидан турар экан: — Албатта, сизга ўрнидан туриб чой бериши лозим... — деди ва чиқди. Бу гапни Зайнаб чинга ҳисоблағани учун бошқа нарса пайқамаған, аммо Ўзбек ойим бўзариб қолиб дарав эсига ҳиндининг жодуси келиб тушкан эди.

Шу ўлтуришдан бир соатча кейин Ўзбек ойим уйни холилатиб Ҳасаналини ўз олдиға чақиртириб кирди. Ҳасанали бу чақиртириқдан бир нарса ҳам сезмаган, чунки, хўжабекасининг ички сиррига унча ошно эмас; чарлар маслаҳатидир, деб ўйламоқда эди. Ўзбек ойим уйнинг эшигини беклаб келди-да, Ҳасаналининг яқин-роғиға ўлтурди ва ярим товуш билан муддаони оча бошлади.
— Энди иш Тошканд домлалари билан битатурғанга ўхшамайди... Ўйлаб қарасам, Марғилонлиқнинг домласи ҳинди экан. Шунинг учун ноилож сани олдимға чақиртирдим. Сан ҳам одамсумон гапимга тушуниб, бу тўғрида ақлинг етканча зеҳнингни югиртиргин... Ўзингга маълумки, кундан-кунга марғилонлиқни унутиш ўрнига ҳар соат унга эси борадир. Бу ҳолларнинг барчаси ўша ҳиндининг жодусидан бўлиб, муаккиллар Отабекнинг бўйнидан сиртмоқ солиб Марғилонға тортадирлар...

Ҳасанали хўжабекасининг кўбдан бери домлахўжа билан саргардон бўлиб юришини билса- да, аммо унинг «ҳинди, сиртмоқ солиб тортиш» каби сўзларига тушунмади. Бекасининг феъли хўйини яхши билгани учун, яъни унинг қарғашидан қўрқиб тушунмаганлигини билдирмади-да, «қани гапнинг теги қаерға борар экан», деб жим, қулоқ солған бўлиб ўлтура беди. Аммо Ўзбек ойим сўзини ҳалиги ерда тўхтатиб: «Сан шунга нима кенгаш берасан?» деган саволни берди.
— Мен нима дер эдим... Сиз нимани маъқул кўрсангиз шуда, — деди. Ҳасаналининг тушунмаслик орқасида берган бу жавоби Ўзбек ойимға ниҳоятда ётишиб келди:
— Баракалла, Ҳасан. Ана шунинг иложини ўзинг қиласан.
— Яхши...
— Эрта-индин чарлар бўлиб ўтса, албатта Отабек Марғилонға югирадир. Шу вақтда сан ҳам бир нарсани баҳона қилиб бирга Марғилон борасан-да, қаердан бўлса ҳам ўша ҳиндини топасан ва назрини бериб яхшилаб қайтартириқ қилдирасан...
— Кимни?
— Кимни бўлар эди, Отабекни-да.
— Нега?
— Тушунмадингми?
— Тушуниш бўлса — тушундим... Шунчаки аниқлаб олмоқчиман-да.
— Марғилонлиқ-ку Отабекни ҳинди домладан ўзига боғлатиб қўйибдир. Ана шуни сан ҳам пайқаб юргандирсан-ку?
— Пайқамаған бўлсам ҳам аммо мақсадингизга энди тушундим, — деди кулиб Ҳасанали. — Ниятингиз Отабекни марғилонлиқ келиндан совитиш.
— Баракалла, — деди Ўзбек ойим, — совитишгина эмас, унинг чангалидан Отабекни узил- кесил қутқариш.

Ҳасанали ҳайрон бўлди. Чунки хўжабекасининг марғилонлиққа мунчалик адовати бор деб ўйламас эди.
— Нега энди?
— Ўғлимни марғилонлиқларнинг қўлиға бериб қўй-майман-да, ахир. Бурун Тошкандда хотини бўлмаған бўлса — энди бор, мундан кейин анди келинга бизнинг муҳтожлигимиз йўқ...
— Хайр, энди нима қилмоқчисиз?
— Нима қилишим кундан ҳам равшан, — деди Ўзбек ойим ва тамом қаноат ва ишонч билан бояғи мақсадни такрорлади: — ўзингга айтканимдек, Мар-ғилондағи ҳинди домланинг ўзидан бир мартаба қайтариқ қилдирсақ марғилонлиқнинг сир-жодулари ботил бўлиб, Отабек ўз- ўзидан андини талоқ қилиб юборадир...
— Сиз марғилонлиқ ҳинди домланинг ўғлингизга қилган жодусини қаердан билдингиз?

Ўзбек ойим бу савол билан ўзининг кашфидан бир оз шубҳаланди-да, ишончсизроқ қилиб:
— Ўзим билдим, — деди.
— Ўзингиз қаёқдан биласиз, ахир бирав айткандир сизга?
— Ўз ақлим билан топдим.

Ҳасанали ўзини тутолмай кулиб юборди:
— Лекин шунга қолғанда ақлингиз бир оз янглишибдир...
— Нега?
— Негаки икки ўртада сиҳирчи ҳинди ҳам йўқ, сиҳир қилдирғучи марғилонлиқ ҳам, Отабек ҳам сиҳирланган эмас.
— Нега бўлмаса Отабек ҳадеб уйланса ҳам Мар-ғилонга ошиқаберадир?
— Бунинг сабабини ҳали ҳам билмайсизми?
— Биламан, сиҳир-жоду қуввати.
— Жодуни ким қилдирадир?
— Қайин отаси, қайин онаси, қолаберса хотини.
— Янглишасиз, ойи.
— Нега янглишаман?
— Сиҳир-жоду қилишдан уларнинг мақсади нима, деб биласиз?
— Калвак ўғлимнинг ақлини ўғирлаб, пулини емакчилар.
— Пулини емакчилар? — деб кулди Ҳасанали. — Марғилонлик қудаларингизнинг давлати олдида бизникини йўқ, деса бўладир. Ундан кейин мен яхши биламанки, улар Отабекка уч пуллик ҳам рўзғор қилдирмайдирлар. Буни ўзим яхши билганимдек ўғлингизнинг ўзидан ҳам «уларнинг рўзғор қилдирмағанларидан жуда сиқиламан» деган сўзини неча қайта эшитдим.

Шуни ҳам яхши билмоқ керакким, ўша жодугор қудаларингиз ёмон кишилар бўлғанларида Отабекни Тошканддан уйлантириш сиз ўйлағанча қулай иш бўлмас эди. Ўғлингизнинг Марғилон борғандан сўнг ваъдасидан айнаганини албатта ҳожидан эшиткан бўлсангиз керак...

Ўзбек ойим енгилаёзган бўлса ҳам, айниқса Ҳасаналидан тил қисиб қолғуси келмас эди.

Гўёки шунча ўткан гапларга қиймат бермагандек:
— Мен бунинг сиррини энди хўб билиб олдим, — деб қўйди.

Ҳасанали кулди.
— Билсангиз ҳам янглиш онглабсиз, чунки бунинг сирри сиз ўйлағанча эмас.
— Қандоғ?
— Ўғлингизнинг ҳар замон Марғилонға ошиқмоғи... айниқса бу гал қайин ота, қайин оналаридан андиша қилибдир. Ундан кейин...
— Ундан кейин?
— Ундан кейин катта келинингиз ўғлингизнинг кўз очиб кўргани.
— Кўз очиб кўргани? — деди Ўзбек ойим ва истеҳ-золаниб кулди. — Зайнаб ўша марғилонлиқча бўлмапти, дегин?
— Мен қаёғдан билай... Эҳтимол ўғлингизча шундайдир...
— Ўзинг уларнинг иккисини ҳам кўргансан, индалло сўзла: улардан қайси бирисининг ҳусни ортиқ?

Ҳасанали бу савол қаршисида нима деб айтишка билмай қолди...
— Муҳаббат деган нарса ҳуснга қарамайдир.
— Қарайдирми, йўқми, сандан уни сўраётқаним йўқ. Қайси бириси кўҳликрак деб сўрайман?

Ҳасанали қийналди ва гапни бошқаға чалғитиш учун:
— Энди маслаҳат нима бўлди? — деб сўради.
— Олдин сўзимга жавоб бер-чи, ер юткур!
— Саволингиз қизиқ, нима деб жавоб беришга ҳайронман... Тўғрисини айтайми?
— Тўғрисини!
— Тўғрисини индалло сўзласам, — деди ва қийналиб тўхтади, — ҳар бир гулнинг иси ўз йўлиға.
— Тўғрисини дейман!
— Анув келинингизнинг ўлса ўлиги ортиқ...
— Гапирма-гапирма, — деди Ўзбек ойим, — бошда шу марғилонлиқ балосига ўзинг сабабчи бўлғанмисан, ҳали ҳам ўшанинг томонини олиб сўзлайсан! Сандек соқоли узун, ақли қисқадан кенгаш сўраб ўлтурған мен ҳам аҳмоқ! Ҳасаналининг чалғитиши ва ҳайрон бўлиши Ўзбек ойимнинг табиъатини яхши билгани учун эди. Ул ўз хоҳишига тескари келган ҳақиқатни кўрмайдирган қизиқ бир табиъатка молик эди.
— Ўзингиз тўғрисини сўзлатиб, тағин нега мендан хафа бўласиз, ойи, — деб муқобала қила бошлаған эди, Ўзбек ойим яна гуруллаб кетди:
— Бўлди-бўлди... тузингни ичиб, тузлиғингга тупурганни худой кўтарсин, — деди.

Ҳасанали хўжабекасининг қарғиш ва койиши остида кула-кула уйдан чиқди.

Бу мусоҳаба кўринишда Ўзбек ойимға унча ўзгариш бермагандек сезилса ҳам, лекин руҳан уни анча бўшашдирған эди.

* * *

Шу гапдан бир ҳафта чамаси кейин ва чарлар кутишнинг ўн бешинчи кунлари эди. Отабек меҳ-монхонада тоқчадағи китоблар орасидан қандайдир бир китобни ахтарар экан, Ҳасанали унинг ёниға кирди.
— Панжшанба кун чарлар эмиш, хабарини бериб кетди.

Отабек китоблардан бирини суғуриб олди ва варақлар экан, «чарлари ҳам қурсин», деб қўйди. Кўнглидан кечирди: — «Бу кун душанба бўлса, тағин орада тўрт кун бор».
— Мана бу хат ҳам сизга эмиш, — деди-да, Ҳасанали унга бир мактуб узатди, — боя бирав бериб кеткан эди, — деди ва шошиб-пишиб қазо бўлаёзған аср намозини ўқуш учун жойнамоз ёзди. Отабек мактубнинг унвонига кўз ташлади: «Тошкандда... маҳалласида турғучи Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлиға тегсин». Ким томондан ёзилғанлиги унга маълум бўлиб, қўлидағи китобни тоқчаға қўйди ва шоша-пиша хатни очди.

Катта қоғозда туссизроқ сиёҳ билан ёзилған узун бир хат. Унинг кўзи ёзув устида сузди.

Сузган сайин негадир унинг тусида улуғ бир ўзгариш, вужудида бир титроқ воқиъ эди. Бу хат унга сўйинч берар эдими, даҳшатми ўзидан бошқаға мажҳул эди. Шу мажҳул ўзгаришларнинг сўнг чекига бориб еткандан кейин хатдан кўзини олди ва ихтиёрликми, ихтиёрсизми, ҳайтовур бор товшича «қўрқутмоқчи!» деб юборди. Бу сўз билан Ҳасанали ҳам нари-бери намозини битирдида, жойнамоздан бурилиб қаради:
— Нима гап?
— Ҳеч гап йўқ, — деди Отабек ва эсанкираш вазиятида унга қаради:
— Қўртқутмоқчи, дедингиз-ку, хат кимдан?
— Хатми? — деди ва шунинг ила бир оз эсини ўзига йиғиб олғандек бўлди, — хат келинингиздан... Қўр-қутмоқчи бўлиб баъзи бир кинояларни ёзибдир...

Бу гапни айткандан сўнг хатни буклай берди. Ҳа-санали фотиҳа ўқуб Отабек ёниға келди.
— Киноялар ёзиши кечикканингиз учундир, — деди. Отабек тасдиқ ишорасини бергандек бош силкиб қўйди.
— Айниқса шу гал кечикишингиз бечора келинга оғир тушиб киноялар ёзишға мажбур бўлған, — деди Ҳасанали: — Аниғи ҳам бечорага жуда оғир, «кундаш— хотин зотининг ўлуми» деганлар. Энди, нима бўлғанда ҳам орангизда оз қолди, чарларни ўтказа жўнайсиз-да. Отабек жавоб бермади, чунки Ҳасаналининг кейинги сўзидан ризо бўлмаған эди.

Ҳасанали уни тинчитиш учун: — Агар кўнглингиз тинчимаса, — деди кулиб, — сиз ҳам киноялик бир хат ёзиб берингиз. Хат келтиргучи эртага хабар олиб ўтишини билдирган эди.

Отабек бу сўздан бир оз жонланғандек бўлди. Чунки унинг кўнглига бу киноялик мактубни жўрттага ёзилған бўлғанлиғи келиб тушган эди.
— Бу гап тўғрими? — деб сўради.
— Тўғри. Эртага эрта билан келиб, хат бўлса олиб кетмакчи эди.
— Яхши, — деб кулимсиради Отабек, — эрталаб келса хат бераман.

Ҳасанали меҳмонхонадан чиқғач, ўзини тўхта-тиб олғани ҳолда иккинчи қайта хатни кўздан кечирди:

«Вафосизга. Мен ўзимнинг бу мактубимни кўз ёшларим билан ёзаман. Негаки ҳозирда маним ёлғиз кўз ёшларимгина эмас, бутун борлиғим сиёҳдир. Мен энди оғизлардағи «вафо» сўзига ишонмайман. Чунки мен ўзимнинг вафосига ишонғаним бир йигитдан улуғ вафосизлик кўрдим.

Уятимдан кўзларимни очолмайман. Негаки еру кўклар, тоғу тошлар ва дунёдаги барча нарсалар маним алданғаним учун кулиб масхара қилғандек қарайдирлар... Бу кунимдан, бу ҳасратимдан қутилиш учун ўзимга ажал чақираман. Лекин ажал ҳам мен шўрликдан нафратлангандек, гўё ул ҳам менга вафосизлик қиладир.

Бегим, гарчи аччиғлансангиз ҳам айтишка мажбурман: сизда виждон, инсоф, раҳм, ваъда, вафо, яхшилиқни билиш, боринг-чи, одамгарчиликдан ҳеч гап йўқ эмиш. Билъакс сиз:

ҳийлакор бир тулки, оғзи қон бир бўри, раҳмсиз бир жаллод, уятсиз бир йигит! Сизни ҳийлакор дедим: эсингизда борми, содда отамни, гўл онамни қандоғлар қилиб алдадингиз? Ёдингизда борми, шамъ ёнида мени алдаб айткан сўзларингиз, берган ваъдаларингиз, «маним орзум» деб қилған хитоб-ларингиз, тўккан кўз ёшларингиз?.. Бас, бу ҳийлалар, бу макрлар сиздан бошқа кимда топилсин?

Сизни оғзи қон бир бўри дедим: чунки сизда раҳм йўқ. Сиз ўзингизнинг заҳарлик тишларингиз билан мазлумлар кўксини, баёвлар бағрини чок этасиз; янги очилған гулларни, энди бош тортқан лолаларни вақтсиз сўлдирасиз, очилиб битмай ўлдирасиз! Сизни уятсиз дедим: илгариги ваҳшатингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай-қизармай виждонсизлар амрини берасиз ва уятсизлиғингизни яна бир қат ортдирасиз! Мен сизнинг баъзи бир даъволарингизга ҳайрон қоламан: отам Тошкандда экан чоғда бу гапни айтишка уялған эмишсиз... Гўё бунинг ила номуслик бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?! Онам баъзи вақтларда:

Янги ёр топқанда дўстлар, эскидан кечмоқ керак, Eскини ўлган санаб, латта кафан бичмоқ керак байтини ўқуб қўяр, мен бўлсам ул вақтларда бунинг маъносига тушунмас эдим. Аммо... энди бу байтни кимга айтилганига ва унинг маъноларига хўб тушунмакдаман. Ташландиқлиқнинг сўнг ўтинчи қилиб сиздан шуни сўрайман: учунчи ёр топқанда иккинчи бечорага ҳам шундай уятсизлик қилинмаса эди. Бу тилагим учун ажабланмангиз, чунки, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса ўзгага сол», дейдирлар.

Сизга янги ёр, менга уятсизликнинг қурбони бўлиш муборак. Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим. 17-жавзо, 1265-инчи йил Марғилон».

Хиёнат

Қутидорнинг Тошканддан ёлғиз қайтиб келиши Кумушни анча энтикдирган эди. Аммо Отабекка воқиъ бўлған узр масаласи бир қадар уни тинчитди. Ишонар-ишонмас шубҳа ва васвасалардан бир оз ариди: «Ул мени унутмаган, ваъдалари чин, сўзлари тўғри... Ул ҳам мени суяр экан...» деб бурунғи одати билан гоҳи эри-нинг йўлиға чиқиб кутмакка ҳам бошлади.

Отасининг келишининг саккизинчи куни эди. Ул бу кечаси кўрган баъзи бир тушларини унинг бу кун ке-лишига йўйди-да, эрталабдан туриб сочларини ешди. Сочлари орасидағи чигилларини диққат билан тараб, жом ёниға ўлтурди. Унинг нафис қора сочлари орқа-ўнгига тўзғиб ажиб бир манзара бердилар. Сочини қатиқлаб ва совунлаб ювгач, онасидан иккита қилиб ўрдирди. Офтоб ойимнинг: «Нега қирқ кокил қилмайсан?» деб сўрашиға: «Қизингиз энди қизлик давридан ўтиб, келинлик даврига кирди. Қизингизнинг мундан сўнг куявингиздан бошқа совчилари ҳам йўқ», деб кулди. Аммо бу икки ўрим соч қирқ кокилига қарағанда жуда ҳам ўзига келишиб тушиб, унга яна бир қайта улуғворлиқ ва олийлиқ бағишладилар. Сочини ўрдирғандан кейин уйига кирди-да, ки-йимлар тахланган тоқча ёниға тўхтади. Равоқлиқ тоқчада унинг ўн беш чамалиқ асл кўйнаклари уюлган эди. Сариқ рупоҳ атласини кийишка чоғлаб кўрган бўлсада, бироқ кўйнакни олған ерида бу фикридан қайтди. Қизилни... кўкни...

олма гуллини... қисқаси қайси бирисини кийишка тараддудланди. Кўйнаклар ичида ўзига ярашмайдирғани йўқ: оқ олма учун барги ҳам, гули ҳам бир... Унинг ўзига сариқ атлас хуш келсада, бироқ ҳозир ўз хоҳишини бир ёққа қўятуриб Отабек кўнглича кийинишка қарор берди. Чунки Отабек кўпинча қора кўйнак кийишка қистар эди. Совсар гули қора атлас кўйнагини кийиб, бошиға зангор шоҳи рўймолини солди ва марварид кўзлик кичкина олтун ҳалқани қутидан олиб қулоғиға тақди. Шу соддагина ясанишдан сўнг, иккинчи тоқчада тироғлиқ турған кўзги ёниға борди. Кўзги ичидан тўзғиб, чувалиб кўринган соч толала-рини тўғрилаб ўзини кузатди. Кўзги ичидан кўринган малак ўз эгасини ҳам кайфландириб секингина илжайиб қўйган эди, нариги ёқдағи фитнаи даврон ҳам садафдек оқ тишларини ёқут каби иринлари орасидан кўрсаткандек бўлди. Бу ҳуснга оталиқ вазифасини ўтағандек кўринган латиф бурни ёнидағи қора холини табиийлиғиға ишонмағандек қашиб кўрди ва кўзги ёнидан жўнади. Жўнар экан, «...чиройлик бўлса ҳам меникидек холи йўқдир», деб кўнглидан кечирди.

Кечки олов вақтида ташқари ҳовлисида у-буга овора бўлиб юрар эди. Бу кунги кўрган туши уни ортиқ ишонтирган, шунинг учун Тўйбеканинг ташқари ҳавли-да қиладирған юмишини ҳам ўзи бажармоқда, Тўйбекадан сув сепдириб ўзи ер супурар экан, қулоқ-лари йўлак томондан эшитиладирган оёқ товушларида эди.

Ҳавлидаги икир-чикир ишларни тамомлағач, айвоннинг олдиға ўлтуриб тузатинди, тузатинар экан йўлакдан юриб келмакда бўлған бир оёқ товшини эшитиб юраги нима учундир ошиқиниб-шопириниб кетди. Оёқ товши ичкарига яқинлаған сайин ул ўзида титроқ аралаш бир ҳол сезар эди. Ниҳоят, йўлакдаги оёқ товши тугалиб, Кумуш кутмаган жойда паранжилик бир хотин келиб чиқди. Кумуш узоқ бир энтикиб қўйди.

Хотин Кумушка қараб келар эди. Ул ердан бичиб олғандек пак-пакана, бурни юзи билан баробар деярлик теп-текис, кўзи қоққан қозиқ ўрнидек чуп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ солишар даражада жуда катта, юзи қирқ йиллик оғриқларникидек сап-сариқ, қирқ беш ёшлар чамасида бир хотин эди. Кумушбиби ўзига томон келгучи бу даҳшатлик хотинни умрида биринчи мартаба кўрар эди. «Нима қилиб юрибти бу оч арвоҳ!» деб ўйлади. Хотин ўн адимлаб узоқдан юзига совуқ ва тушда қўрқарлиқ бир кулги туси берди. Димоғи билан «қих» этиб қўйди.
— Хи-хи-хи, айланай сиздан, пошша қиз! Мирзакаримбойнинг ҳавлилари шуми? — деб сўради. Кумуш «шу» жавобини бергандан сўнг ўзи билан кўришмакчи бўлған бу хотин олдиға икки адим юриб тилар-тиламас елкасини тутди. Унинг тўғри мавзун қоматига ердан бичиб олинған мудҳиш хотиннинг қўллари зўрға етди-да, «есонмисиз, пошша қиз» деб сўрашди.

Хотин паранжаси билан айвоннинг олдиға ўлтуриб олғач, «уфф» деб чайқалди ва «анча йўл экан, тинкаларим қуриб кетди-я?» деб шикоятланди.
— Мирзакаримбойнинг ҳавлилари аниқ шуми?
— Шу.
— Сиз кимлари бўласиз бойнинг?
— Мен, қизлари.
— Қих... сизга берсам ҳам бўлар экан, — деди хотин ва ёнчиғидан бир хат чиқарди. — Ўғлим Тошканд билан Марғилон орасида қатнаб олиқ-сотиқ қиладир. Бу гал Тошканддан қайтишида бирав унга шу хатни бериб, Мирзакаримбойнинг ҳавлиларига тез еткузиб берасиз, деб илтимос қилибдир. Қих, хи-хи, айланай сиздан пошша қиз, қих... Махтанғулиқ бўлмасин, ўғлим ҳам ўзимга ўхшаш биравнинг хизмати йўлида ўлиб қутиладир: бу кун туш вақтида Тошканддан келди-да, онаси билан сўрашишни ҳам билмай шу хатни қўлимға тутқизди. «Жон она, ўзим йўлда жуда уриниб келдим, санга адабсизлик бўлса ҳам даррав Мирзакаримбойникини сўроғлаб шуни элтиб бер, бергувчи тез берасиз деб ўтинган эди», деди. Мен ҳам кўнгилчангман, айланай пошша қиз, касалдан яқинда турганим учун бир қадам босишға тоқатим бўлмаса ҳам савобдан қуруқ қолмайин, деб сургала-сургала ҳавлингизни сўроғлай- сўроғлай топқунимча ўлиб бўлдим... қих... — деди. Кумуш хатни хотиннинг қўлидан олиб раҳмат айтди ва хатнинг унвонига кўз ташлади: «Марғилон шаҳрида сокин Мирзакарим қутидор ҳавлисиға».
— Янглишмабсиз, ойи.
— Нега янглишай айланай сиздан, пошша қиз. Улуғ даргоҳларингизни кўчадаги ҳар ким билар экан, — деди хотин ва ялтоқланиб ўрнидан турди. — Энди мен кетақолай, болағинам йўлдан оч келиб, бир қошиқ иссиққа зориқиб ўлтургандир.
— Ичкарига киринг, чой қайнатайлиқ.
— Раҳмат, пошша қиз. Анчон ичармиз чой бўлса... қих. Бир кўрган билиш, икки кўрган таниш, дейдирлар...

Кумушбиби хотинни ортиқча қистаб ўлтурмадида, йўлаккача кузатиб борди. Хотин йўлакка бурилар экан қайрилиб тўхтади:
— Бу дунёда шунақа ҳожат чиқаришлардан топқанмиз, агар Тошкандгами, Қўқонғами отан- гизнинг хат-патлари бўлса ўғлим бажонудил олиб кетади. Шу ўрталарға келиб қолсам хабар олиб ўтайми? — деб сўради. Кумушнинг «йўқ» дейишка оғзи бормай «майлингиз, оғир келмаса» деб жавоб берди. Хотин йўлакка бурилди. Кумуш айвон томонға қайтар экан ошиқиб хатни очти. Хат кичикроқ қоғозда ўлчавлик сўзлардан иборат эди.

«Кумушбиби бинти Мирзакаримбойга — завжи тошкандлик Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлидан.

Отангиз Тошкандда экан вақтида мен бу ишни очмоққа оғирсинған, тўғриси уялған эдим.

Маълумингиз Тошканддан уйланганимдан сўнг ёлғиз бошимға ҳам Тошканддан, ҳам Марғилондан икки хотин ушлаб туриш оғирлиқ қила бошлади. Шунинг учун бу икки хотиннинг бирисидан кечишка тўғри келиб, ниҳоят турмишим учун енгил ва орзумга мувофиқ бўлған бир нарсага қарор бердим. Ул ҳам тошкандлик хотиним билангина қолиб, сизни талоқ қилиш эди.

Мактубни олған кунингиздан бошлаб ўзингизни мендан бегона ва никоҳимдан ташқари ҳисобласангиз бўладир. Маним бу талоқ хатимни албатта шариат пешволари шаръий ҳисоблаб иддангиз битиш билан сизга бошқа эр қилмоққа ихтиёр берсалар керак. Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли.

13-инчи жавзо, 1265-инчи йил, Тошканд».

...Ул бу мактубни ўзининг сўнг томчи кучи билан ўқуб тамом қилди-да, жонсўз бир товуш ила «уятсиз!» деб қичқирди ва ерга йиқилиб ўзидан кетди... Йиқилишда қўлидан чиқған қоғоз парчаси шамол билан учиб бориб боши ёниға тушди. Йўлак панасидан мудҳиш башара чиқиб бир-икки қайта унга кулиб қарағач, йўқолди...

Бозордан қайтқан қутидор ерда ҳушсиз ётқан қизи устига даҳшат ичида югуриб келди.

Чаккасини зах ерга бериб йиқилған ва кесак каби ҳиссиз қизини жон ҳолатда қучоғиға олди.

«Қизим... Кумуш... кўзингни оч!» Аммо Кумушдан жавоб йўқ эди. Даҳшати юз даража ортқан ҳолда Кумушни кўтариб олиб ичкарига юрди. Уйда Офтоб ойим билан Тўйбека қийчув қўпордилар. Айвонға ётқизған бўлсалар ҳам Кумушни ўзига келтириш чорасини билмай, тўғриси нима чора кўришни эслари топмас эди. Баракат берсинки, эси ярим бўлса ҳам Тўйбека умрида биринчи иш қилди: совуқ сув келтириб Кумушнинг манглай ва кўксига сепкан эди, сесканиб ўзига келди. Ҳушдан ажралаёзған бечоралар бу ҳолдан сўнг бир оз жонланғандек бўлдилар. Кумушни совуқ тер босиб бир неча вақт жим ётди, шундан кейин оҳистағина ўнгланиб ётиб олғач, кўзини очди.
— Нима бўлди қизим, кўзингга бир нарса кўрин-дими?

Кумуш кўзини юмди-да, энтикиб қўйди. Жавоб бермади. Бу савол отаси томонидан ҳам берилгандан сўнг:
— Мени ташқаридан ким олиб келди? — деб сўради.
— Мен, қизим!
— Ёнимда ҳеч нарса кўрмадингизми?

Қутидор бу саволдан бошқа гап тушунди:
— Йўқ, қизим, сен ўзинг ёлғиз ётар эдинг.
— Шундоқ ё... — деди. Сўзининг сўнгғини айталмади.
— Гапур, гапур, қизим.
— Ёнимда бир хат бор эди... мени бу ҳолға қўйғучи шу хатдир, — деди, бу сўзни ниҳоятда кучланиб айтди.

Вақт хуфтанга яқинлашған эди. Қизининг ҳалиги жавоби билан сабрсизликка тушкан қутидор қўлиға шамъ олиб ташқариға чиқди ва ердан хатни олди. Қизини бунчалик фалокатка солған хатни олған еридан қўзғалмаёқ ўқуб чиқди. Хат ҳақиқатан жонсўз эди. Қутидорнинг ҳам оз қолдиким, ҳуши бошидан учсин... Сўнг чекда хўрланған ва фавқулодда чайқалған юраги билан ихтиёрсиз «маккор, инсофсиз!» деди. Кўз ўнглари қоронғуланиб бир неча вақт серрайганча қолди. Яна «яхшилиқни билмаган ҳаромзода» деб қўйди. Боя бу хатдан хабарсиз эди. Энди қизининг олдиға кириб, унинг бетига қараш унга жуда ҳам оғирлашқан, чунки бу фожиъанинг бош омили деб ўзини таниған эди. Бориб айвоннинг олдиға ўлтурди ва бошини қўллари орасиға олди. Бу хўрлик, бу одатдан ташқари уятсизлик бечора қутидорни жуда эзган; нима қилмоқға, хўрланған, таҳқир этилган қизини не йўсунда юпатишка, бу қора кунларни қандоғ қилиб ўтказишка билмас эди. Шу ҳолда не вақтғачадир қолди. Эрининг кечикишидан хавфка тушиб, Офтоб ойим унинг ёниға чиққанда ҳам ул бояғи ҳолда эди.

Eру хотин қизларининг ёниға кирдилар-да, унинг оёқ томониға ўтиб секин-секин ўлтуришдилар. Анчагина бир-биларига қарашиб қолғач, Офтоб ойим олған таассуротини ичига ютаберишка чидалмади-да, ёғмурдек кўз ёшини тўка берди. Қутидор ҳам хотинини кутиб тургандек кўз ёшлари билан соқолини ювмакка олди. Кўзи юмуқ бўлса ҳам уларнинг ҳозирги ҳолларини сезиб ётған Кумушнингда қайнаб чиқған кўз ёшлари икки чаккасидан ёстиқға оқиб туша бошлади. Шу чоқда на учундир тоқчада ёниб турған шамъ ҳам лип-лип қилди-да, ўчди...

Шунинг ила бу ҳавлини чин маъноси билан қоронғулиқ босди.

* * *

Бу воқиъанинг учунчи куни Кумушбиби йиллаб ётғучи оғриқлардек сарғайиб озған, эндигина ғунчадан чиқаёзган бу ёсиман гулни хоин қўлларнинг заҳри сўлиткан, фасод ўчоғининг уятсиз муфсидлари ҳусн боғининг бу янги эркасини ишонған ва кўз тиккан жиҳати исмидан таҳқир қилдириб умидсиз бир вужуд ёки жонсиз бир ҳайкал ҳолиға қўйған эдилар. Унинг кўзларида доимий бир маъюсият, аримас бир ҳузн, ҳар онда бир энтикиб чайқалиш эди. Офтоб ойим ҳам сўнг чекда хўрланған эса-да, лекин унга бу хўрлиқдан бурун у-бу билан қизини овитиш, унинг кўнглини очиб бу совуқ, уят гапни унутдириш, ҳар ҳолда кўзининг оқу қораси бўлған Кумушни бирар касалга чалинмаслиғи йўлида тиришиш муҳимроқ эди. Ва икки гапнинг бирида «Ортиқ ўйлама, қизим... Эсингдан чиқар, энди хафа бўлғанинг билан сира фойдаси йўқ», дер эди.

Кумуш бўлса ҳушсизларча онасининг оғзиға ағраяр ва ҳар қачон маъюс эди. Кумушнинг бу ҳоли бечора онанинг юрагини узар, юз хил васвасаларга солар эди.
— Кумуш, — деди Офтоб ойим тушлик чойдан ке-йин, — қайтаға тоғангникига бориб келмаймизми?
— Нима қиламиз тоғамникида?
— Нима қилар эдик. Ўйнаб куламиз, қайғуларингни кўчага ташлаймиз.

Кумуш онасининг сўзига нима учундир кулди ва «майли» деди.
— Тур бўлмаса, юз-қўлингни ювиб отлан, худо ўлим берсин уятсиз эрингга.

Кумуш мулойимғина қилиб онасиға қараб олди. Ўрнидан туриб Тўйбека ҳозирлаб берган обдаста ёниға ювиниш учун ўлтурди.

Улар тамоман йўлға ҳозирланған эдилар, йўлак томондан ўткан кун хат келтирган хотин кўринди. Кумушнинг кўзига бу хотин офат каби кўринса ҳам, аммо иккинчи тарафдан ул сўйинди. Онасини келгучи хотин билан танишдириб, ким бўлғанлиғини сўзлади.
— Хи-хи, айланай бойвуччалардан... Шундоғ қи-зимникига ўткан эдим, қих ... алваъддайн, деб йўл устидан бурилиб кирдим... деб пучуқ хотин сўзланиб келар эди. Она-бола қўлға олған паранжини ерга қўйишға мажбур бўлдилар. Хотин Кумуш билан кўришкач, ачинғансумон сўради: — Ҳа, айланай, пошша қиз, сизга нима бўлди, жуда ўзингизни олдириб қўйибсиз?

Пучуққа жой кўрсатиб, Офтоб ойим жавоб берди:
— Бир-икки кундан бери тоби йўқ.
— Худой сақласин, худой сақласин, — деди хотин, — қих... бевақт келиб сизларни йўлдан тўхтатдимми... хайр, худо синглимни ёмон кўздан асрасин, — деб фотиҳа ўқуди.
— Хуш келибсиз, — деди Офтоб ойим...
— Хушвақт бўлинглар, айланай, қих... — деди хотин ва Кумушка қараб давом этди, — анув кунги сўзингиз билан йўлдан қайрилиб кирган эдим. Эртага ўғлим Тошканд жўнамоқчи, отангизнинг хат-патлари бўлса... қих.

Кумуш жавоб бериш ўрнига онасиға қаради. Қизининг қарашидағи маънога тушунган Офтоб ойим «юборатурған хатимиз йўқдир», деб жавоб беди. Бу сўз билан пучуқ хотин ғилт этиб Кумушка қараб қўйди. Кумуш онасини унга хабарсиз кўрсатиб жавоб берди:
— Отамнинг хатлари йўқ, меники бор, озғина кутишка вақтингиз бўлса, ёзиб берар эдим.

Пучуқнинг келишидан мақсади фақат шу ёзиб бериладирган хатгина эди. Кумушнинг ўтинчи унга мой каби ёқиб тушди:
— Ёзиб беринг айланай, пошша қиз, боратурған жойимдан кечиксам-да, савоби бор-ку, қих... — деди. Кумуш хотиндан миннатдор бўлиб уйига хат ёзиш учун кирди.

* * *

Юқорида Отабек томонидан олинған мактубнинг ҳақиқати мана шу йўсун хиёнатнинг натижаси эдиким, биз энди хиёнат қаҳрамонлари билан ўқуғучини та-нишдирамиз.

Иситма Орасида

Саратоннинг иккинчи куни... Марғилоннинг шимолида бўлған Б... маҳалласининг кунчиқар томонида жанубга қараб бурулған тор кўчанинг юқориғи бурчагида отининг тизгинини ушлагани ҳолда бир йигит кийимига ўлтурган чанг-тўзонларини қоқар эди. Йигитнинг узоққина йўлдан келганлиги, унинг кипрак ва қошлариға, ҳам эндигина чиқа бошлаған соқол-муртларига ўлтурған тўзонлардан билгулик эди. Йигирма икки ёшлар чамасида бўлған бу йигит сариқ танлик, уккининг кўзидек чақчайиб, ўйнаб ва ёниб турған қизил кўзлик, юзига парчинлангандек юза (пучуқ) бурунлик, манглайи қанча ташқариға ўсиб чиқған бўлса, юзи ўшанча ичкарига кеткан, қисқаси вақтсизроқ яратилиб қолған бир махлуқ эди. Бурчакда ердан икки ярим газлар юксаликда кунботишға қаратиб қурилған иккита кўримсиз бир бетлик эшиклар юзларига ёпиқ ҳолда эдилар.

Маълум йигит бошидағи қалпоғини қўлиға олдида, ҳалиги эшикларнинг ўнг томонидағисини очиб, оти билан ичкарига юрди. Эшик ортиқча тор бўлғани учун от сиқилибкина ўтди-да, энди узунғина усти очиқ йўлак бошланди. Йўлакдан сўнг ҳавли эди. Ҳавлининг шарқ ва жануб томонлари бузилиб-ёрилиб ётқан эски хароба иморатлар бўлиб, ҳавли юзи турлик ахлатлар билан булғанч, гўё йиллардан бери тозаланмаған, супурги кўрмагандек эди. Ҳавлининг ўрта ерида паканагина балиқ тут ўсиб, остиға кул ва бошқа ахлатлар тўпланған эди. Ҳавлининг кунботар томонида харобалиқдан озғина берида бўлған, бояғи йўлакка тиралтириб солинған икки даричалик бир уй, бу уй қаторида бир айвон бўлиб, шу-нинг ила бу ҳавлининг тиккайган биносининг ҳисоби тамом эди. Бу хонадоннинг ошхонаси бўлмағани учун бўлса керак ҳалиги айвоннинг бир бурчагига ўчоқ қурулған. Тутунлар билан айвон деганимиз қоб-қора ис, гўё айвон бўлғаниға онд ичмакда. Бунинг устига ўчоқ бошидағи товоқ-қошиқлар, тоғора ва қозонлар тартибсиз равишда ифлос ётарлар, қозон теварагида уймалашмакда бўлған уч-тўртта товуқлар мундаги ифлосликни яна бир қат оширмоқда эдилар. Айвоннинг нариги ёнидағи дарича орқалиқ уйга кирилур эди. Уйнинг ярмиси қуруқ ер — қора шибдан иборат бўлсада, аммо тўрида чақич боғлаб йилтирамакда бўлған — кир, юлдуз каби илма-тешук жафокаш оқ кийиз, ҳам тахмондағи эски сандиқ устига йиғиб қўюлған бир тўда пахтаси чиқған увадалар кўрпа-ёстиқ отини ўз устила-рига олур эдилар. Битта тоқчадағи чети учкан, қони қочқан уч тўртта пиёла ва бир қора қумғонни, иккинчи тоқчадағи умрида ювиниб кўрмаган қора мис баркашни, бўш қозиқлар кўнгли учун осилған биттагина кир дастурхонни тилга олиш билан бу ҳавлининг бутун жиҳоз-амлоки рўзғорини ёзиб чиқилған бўлинур, бурчакдаги тоқчада қаттиғ нон мужиб ўлтурғучи сич-қонни кўрсатиб ўтилмаса, бу уйда бошқа жонлиқ зот ҳам кўринмас эди. Қаршидағи бўғоти тушиб ўртаси емирилган, деворларидан бақа салласи униб чиқған хароба биноларнинг ўнда-сўнда кўрилмада бўлған эски нақшларидан ва сирларидан бу оиланинг илгарида давлатлик бир хонадон бўлғанлиғи, аммо бу кунда ортиқча фақирликда яшағанлиғи онглашилур эди.

Йигит отини тут ёғочиға боғлаб, уйга томон юрган ҳам эди, бурчакдаги хароба уйдан ўзини тузатиб ўқуғучининг қутидор ҳавлисида кўргани пакана хотин гўё оналарнинг «зиёндош албасти»ларидек хунук қи-ёфада йигитка қараб югириб кела бошлади. Хотин йигит билан эсон-соғлиқ сўрашқач, иккиси уйга кирдилар. Йигит тўнини ешиб уйнинг тўрига ирғитди, бошидан қалпоғини олиб қозиққа илди. Шундан сўнг, иккиси ҳам ўлтуришдилар.
— Қалай, — деб сўради хотин, — ишинг ўнгиданми?
— Чакки эмас.
— Ўзи ҳозир шу ерда эди. Эблаб келса шу эди, деб ташвишланиб ўлтурди. Сан келур олдингдағина чиқуб кеткан эди.
— Уйга кетдими?
— Билмадим, келиб қолса керак. Ўзи ҳам қатнай-қатнай ўлаётибдир, кеча қайта келиб- кетди, қих...
— Нимадан ташвишланадир?
— Ишни айтканимдек қилолмаса, ҳамма меҳнат тўрт пул, дейдир.

Йигит кулимсираб олғач, сўради:
— Ўзимизнинг ишлар қалай?

Бу саволдан хотиннинг юзига умидсизлик туси кирди:
— Билмадим, дўстданми, душманданми ҳайтовур олдинг очилмай турадир, совчилиққа чиқмаған куним йўқ, қих... Ёмон қўшнини ер ютсин; Марайим ку-дингчи бўшашқандек бўлған эди, уни ҳам қўшнилар ўлгур айнатибдилар... Ҳомидбой бўлса бу кун унашсаларинг эртага тўйни бошлаймиз дейдир, қих... — Бу сўздан йигитнинг кўзлари олайиб алланечук туска кирди.
— Қайси қўшни экан, у?
— Қуриб кетсин, ёмон қўшнилар, қих... Ман санга қайси бир қўшнини тутиб берай, ҳаммаси ҳам айнатар эмиш.
— Сан манга ўша... ни кўрсатиб бер, тобини олиб қўяй ўша онангни...

Иккиси шу можарода эдилар. Йўлакдан киришдаёқ тутка боғланған ўзининг отидан одамнинг келганини билган Ҳомид айвондан айланиб киришка сабри чидамай, даричадан ошиб уйга кирдида, йигит билан қучоқлашиб кўриша кетди. Ўлтурар-ўлтурмас Ҳомид ундан сўрай бошлади:
— Хў-ў-ўш, Содиқ полвон, ишлар қанақа, Тошкандда нима гаплар бор?
— Нима гаплар бўлсин. Тошкандда тинчлик. Баҳона билан Тошкандни ҳам кўриб олдиқ.
— Эшигини топа олдингизми?
— Топдим. Айтканингиздек, унинг эшигини Тошкандда ҳар ким билур экан.
— Булмаса, хатни ҳам топширғандирсиз?
— Топширдим.
— Бали шер, хатни қўлингиздан ким олди?
— Бир чол.
— Юзи чўзиқроқ, чаккаси сиқиқроқ чолдир.
— Худди ўзи.
— Хатини ҳам ололдингизми? — деди ва сабрсизланиб Содиқнинг оғзиға тикилди. Содиқ юзига мағрур бир тус ва овозиға музаффарият оҳанги бериб «хатини ҳам олдим», жавобини айтди. Бу жавобдан сўнг Ҳомиднинг оғзининг таноби жуда ҳам қочқан ва Содиқнинг елкасига қоқа бошлаған эди. Содиқ қўйнидағи хатни олур экан, ишлаткан ҳийласини ҳикоя қилди:
— Хатни чолға бердим-да, эртага Марғилон кетаман, хат берсаларингиз бемалол, дедим.

Чол бир оз ўйлаб олғандан кейин, ҳозирға хатимиз йўқ, сизга малол келмаса эрта билан бир хабар олиб кетмайсизми, ўзингиз ҳозирда қаерда турибсиз, деб сўради. Ман оғир-синғансумон ўйланиб олдим ва хўб, дедим, қўшхонам узоқ бўлса ҳам бир хабар олиб ўтарман, дедим.

Ишнинг ўнгланишига қувониб, бир кечани чойхонада кечириб, эртасига ваъда вақтиға яна бордим, имон топкур отам хатни муздек қилиб тайёрлатиб қўйған экан, Марғилон қаердасан, деб бир от, бир қамчи жўнай солдим.

Ҳомид хатни олур экан, Содиқнинг елкасига қоқиб «раҳмат, раҳмат», деб қўйди ва: «Биз ҳам сизнинг ҳаракатингизда», деган сўзни ҳам қўшиб қўйди. Хатни очар экан, Ҳомиднинг юзида қувонч аралаш бир жиддият мушоҳада этилар эди.

«Умидим юлдузи, орзум чечаги, ҳаётим тираги Кумушимга! Киноя ва аччиғлар билан тўлиқ бўлған мактубингизни олдим. Хатни ёзған чоғингизда тамом бир ўт ичида, ғазаб денгизида сузғанлиғингиз гавдаланиб кўз ўнгимдан ўтдилар. Ўтдиларгина эмас, ҳатто менга шунчалиқ таъсир этдиларким, гўё маликасининг ғазабига учраған қул қай даражада эс-ҳушидан айрилса, қилар ишидан, ўйлар ўйидан янглишса, манинг-да ҳозирги ҳолим бунинг юз даража юқорисиға етди. Тўғриси заҳар олуд мактубингизга одамларча тушуна олмадим ва тушунишка ҳам лузум кўрмадим, чунки ғазаб устида айтилган сўзлар ақлли кишиларча лойиқи муҳокама ва мутолаа бўлолмас, гулхандан сўнг аланга ҳисобини ҳеч бир вақтда олинмас. Лекин мактубингизнинг бир ўрнига нима маъно бериш учун тамоман ожиз қолдим: «Илгариги сўзингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай, қизармай виждонсизлар амрини бериб қўясиз-да, уятсизлиғингизни яна бир қат оширасиз...» ва «Отам Тошканда экан кезда бу гапни айтишка уялған эмишсиз», «гўё бунинг билан номуслик, уятчан бир йигит бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?!» Бу сўзларингиз билан нима демакчи бўласиз, танингиз соғми? Дуруст, ман отангизга бирга кеталмаслигимни, чарларни уч-тўрт кун кутиб қолишимни бир неча вақт айталмай юрдим ва ниҳоят отангиз кетишка рухсат сўрай бошлағач, отам орқалиқ узримни айтирдим, бас, бунда қандай уятсизлик бўлсин, гумонимча иситмангиз қаттиғ ушлаған кўринадир ва бу телбаларча мактубингизни иситма орасида ёзғон ўхшайсиз...» Ҳомид мактубнинг бу ўрнига етканда ихтиёрсиз хахолаб юборди-да, «вой аҳмоқ» деб қўйди.

Пучуқ хотин билан Содиқ кулиб унга қарасалар ҳам ул илтифотсиз ўқушида давом этди:

«Мактубни иситма орасида ёзғанингизға тамоман қаноат қилдим. Шунинг учун сизни айблашка ҳаққим йўқ, ҳам сиз маъзурсиз. Бу киноя ва заҳарлик мактубни ёзишға сизни мажбур эткан, мени ҳийлакор тулки, оғзи қон бўри, уятсиз йигит... ва тағин алла қанча мартабаларга миндирилишларимнинг бош омили албатта отангиздан ҳам эшиткан бўлсангиз керак, шу кунгача чарлар балоси билан тутқун бўлишим орзу-ҳавас қайин отасининг оғриб ётиш шумлигидир. Ниҳоят сизнинг аччиғ хатингиз баракасида бу кун чарлар хабари ҳам келиб қолди. Сиз манинг бу хатимни ўқуб, гуноҳларимни ярлақаб турған кезларингизда, албатта ман Марғилон йўлида бўлсам керак. Онангизнинг ўқуйтурған байти манинг шаънимга тамоман тескари, чунки ота-она орзуси ҳеч бир вақт янги ёрлик вазифасини ўтай олмас ва ҳамиша бошқалар-нинг орзу-ҳаваси бўлиб қола берар. Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглашдирмакчи бўлғансиз, лекин ман ҳозир Кумушка ҳам қаноатланмай Олтинбиби деб атамоқ фик-рига тушдим...

Борлиғим муҳаббатингиз алангаси билан туташқани ҳолда завжингиз Отабек. 26 жавзо, 1265-нчи йил. Тошканд».

Мактубнинг бош томонини ўқуғанда Ҳомиднинг юзида кўрилган шодлик ўзгаришлари хатнинг охири билан негадир ювилғандек ва шодлиқ ўрнини чуқур бир мулоҳаза олғандек бўлди. Бир-икки дақиқалиқ фикрдан сўнг Отабекнинг «Сиз манинг бу хатимни ўқуб гуноҳларимни ярлақаб турған кезларингизда, албатта ман Марғилон йўлида бўлсам керак...» жумласини кўзидан ўтказди-да, Содиқдан сўради:
— Тошканддан чиқғанингизга неча кун бўлди?
— Олти кун.

Содиқнинг жавоби унинг устидаги юкни тағин ҳам оғирлаштирғандек сезилиб ул бошини қуйига энгаштирди ва чувоқ соқолини тузатиб фикрда қолди. Ҳомиддаги кейинги ўзгаришдан хабарсиз тахмондағи увадаларни тузатиш билан овора бўлиб юрган пучуқ хотин Ҳомиднинг ёниға ўлтуриб, хунук бир илжайиш орасида сўради:
— Қалай, Ҳомидбой, ишлар ўнгданми? Пошшанисага энди совчилиққа бораверамизми?

Ҳомид умидсизча бошини чайқади ва салмоққина қилиб жавоб берди:
— Ишимиз ҳали у даражага еткан эмас, биз ҳозир фақат совчининг йўлидағи биринчи ғовниғина буздиқ.

Ҳомид пучуқ хотин орқалиқ Кумушнинг хатини олдириш билан ўзининг биринчи мартаба юборған хиё-натномасини фавқулодда бир муваффақият билан натижаланганлигини сезиб, Отабек кўкрагига ҳам қўл солиб кўрмак ва унинг Кумушбибига бўлған муносабатини билиб, ҳам шунга қараб иш юритмак учун Кумушнинг мактубини Содиқ орқалиқ Тошкандга юборған, Содиқ эса ўқуғучиға маълум мактубни Отабекка топшириб, Отабекнинг Кумушка ёзған мактубини ҳам олиб келган эдики, юқорида бу хат Ҳомид томонидан ўқулиб ўтди.

Отабекнинг бу мактуби ортиғи билан ўзининг Кумушка бўлған муносабатининг ҳамон эски ҳолида боқийлиғини эълон қилар ва ўзининг осонлиқ билан рақибка берилмаслигини сўзлар эди. Бу йўлда биринчи қадамини муваффақият билан босқан Ҳомид кейингиларини бирин- чидек кетиши учун қайғуланар эди. Бу кун-ерта Отабек келар-да, Кумуш билан топишар.

Хиёнат-номанинг ўзиники бўлмағанлиғини исбот этиб, Ҳомиднинг ўйлаған ишини яна кейинга силтар ёки бутунлайга Ҳомиднинг умидини узар — мана бу очиқ, кўриниб турган эҳтимол эмас, ҳақиқат олдида ул ҳайрон ва бунга қарши тадбир ўйлаш билан гаранг эди. Ул бу тўғрида узоқ ўйлаб турмади, бир нарсага қарор қўйған каби фикрдан кўзини очди ва пучуқ хотинға деди:
— Жаннат опа, бир чилим берингиз-чи, — Жаннат опа чилим солиш учун қўзғалғач, Содиққа деди: — Иним Содиқбой, ишимиз жуда хом ҳали.

Содиқнинг қизил укки кўзлари ўйнаб жавоб берди:
— Ғам еманг, ака, хом бўлса ўбдан пишитармиз, ўлмасак.

Содиқнинг бу жавоби Ҳомиднинг ишончини мойла-ғандек бўлди, тўпписини бошидан олиб наматка ташлағач, миннатдорлик оҳанги билан:
— Сан билан Жаннат опам тирик бўлсаларингиз пишитармиз, албатта! — деди ва Жаннат опа қўлидағи чилимни олиб такир-тукир қилиб пишитди ва ши-ғ-ғ-ғ этдириб сар-хонани синдириб юборар даражада ичига тортғач, оғзидан чиқған паға-паға тутунлар орасида чилимни Содиққа узатиб, Жаннат опаға деди: — Опа, сиз тағин бир мартаба қутидорнинг уйига хат олиб боратурған бўлдингиз...
— Қих, жоним билан айланай. Содиқ олиб келган хатними?

Ҳомид кулди.
— Йўқ, опа, агар бу хатни олиб борсангиз, шунчалик қилған ишларимиз бирпул деган гап бўладир. Илгариги гал ёздириб берганимдек ўз режамизга мувофиқлаб Отабек тилидан яна бирини ўмартириб бераман.
— Хи-хи-хи, айланай, қих... Ман бу ишларни қаёқдан билай, Ҳомиджон.
— Албатта билмайсиз. Лекин мундан сўнг яхши билмоғингиз керак, озғина янглишиб кетсангиз ҳам ҳамма қилғанларимиз шамолға учадир, ундан сўнг...— тўсатдан бу ўринда Ҳомиднинг эсига ўзи-нинг бир хатоси келиб тушди: биринчи гал Отабек тилидан ёзған сохта хатини унинг қўл ёзувини мулоҳаза қилмасдан юборған ва бу кунгача бу сирни қутидор, Кумушбибилар томонидан сезилиб қолишидан қўрқиб келмакда эди. Энди бу иккинчи сохта хатни ёздиришда гарчи ҳозир Отабекнинг қўлёзмаси ўз қўлида бўлса ҳам яна қўрқунчи йўқ эмас эди. Эндиги хатни ниҳо-ятда эҳтиёт билан нусхага қараб ёздиришни кўнглидан ўтказди- да, яна қайси тўғридадир узоқ ўйлаб олғач, Содиққа деди:
— Иним Содиқбой, сизга ҳам яна катта бир хизмат бор, башарти...
— Кишининг хизматидан қочқан йигит эмасман! Ҳомид Содиқ билан Жаннат опаға қараб олди ва: — Шундоқми? — деб ишонмағансумон такрор сўради, ундан ижобий жавоб олғач, ёнини кавлашдира бериб: — Жаннат опа, — деди Содиқ ҳориб қорни очиб келган кўринадир, ман ҳам эртадан бери томоқ еган эмасман, биз Содиқ билан сўзлашиб ўлтурсак-да, сиз мана шу пулга гузардан чиқиб бир чорак эт келтириб, шўрба қилиб берсангиз. — Жаннат опа паранжисини ёпиниб этка кетди, сўнгра Ҳомид Содиқдан такрор сўради:
— Кишининг хизматидан қочқан йигит эмасман, денг-чи? — негадир Ҳомид Содиқнинг такрор-такрор: «қочқон одам эмасман, синамасдан хизматини айтаберинг», дейишига ишонмас эди. Ниҳоят:
— Башарти сизга буюрадирған хизматим бу кунгача қилған ишларингиздан тамоман бошқа ва оғир бўлса-чи», — деди. Содиқ Ҳомиднинг мақсадиға тушунгандек бўлди ва ўйлаб турмай:
— Одам ўлдиришми? — деб сўради. Ҳомид Содиққа ишонмағани ҳолда бир дақиқа чамаси қараб турди, сўнгра теварагига аланғлаб олғач, ҳазил тариқасида:
— Башарти одам ўлдириш бўлса-чи? — деб сўради.
— Бу кунгача иккитасини жойлашдирдим, учунчига ўтса нима қилади? — деди Содиқ ва мағрур кулиб қўйди. Бу сўздан сўнг Ҳомид устидаги юкни отқандек сўлиш олиб қўйған эди.
— Ман кишининг хизматини унутатурған йигит эмасман, — деди Ҳомид ва давом қилди, — ўғул бола учун ўғул болалиғим, ёмон учун ёмонлиғим бор, башарти шу хизматни бажариб беришни бўйнингга олсанг, онд билан айтаманки, давлатимнинг ярмиси саники бўлсин! Содиқ ўлтурган жойдан қўлини Ҳомидга узатиб «қайтмайсизми?» деб сўради. Ҳомид қўлини олиб «сўз ҳам бир, худо ҳам бир» жавобини берди.

Шу куннинг эртасидан бошлаб, Содиқ қутидорнинг эшик олди теварагида Отабекни кутмакчи, ул келиб йўлакка кирди дегунча орқадан бориб унинг ишини саранжомламоқчи эди.

Содиқнинг фикрича, бу ишни дарбозадан ташқарида бажариш мувофиқ бўлса ҳам, нима учундир Ҳомид бунга кўнмай қутидорнинг узун қоронғи йўлагини қулай билмиш эди. Содиқнинг «қай вақтда келар экан?» саволига:
— Албатта, шаҳарнинг дарбозаси эрталаб очилиб, шом билан ёпиладир, гумонимча эрталаб Қўқондан чиқса, аср вақтларида Марғилонға кирадир, — деди ва сўз охирида орада сўзланиб ўтилган шартни яна таъкидлади.
— Яхши ўйла, Содиқ. Олам ҳодис қўлға тушиб қолсанг, сўроқ кезида айбни фақат ўз бўйнингга олиб, ораға мени қотиштирмайсан.
— Хотиржамъ бўлинг, Содиқ деганингиз бундай хумсаликни жаллоднинг қўлида ҳам қилмас, азбаройи худо.
— Ундан сўнг иккинчи шарт: бу сир фақат иккимиз-нинг орамиздағина қоладир, ўзинг ҳам сезган бўлсанг керакким, Жаннат опани этка овора қилишим уни ҳам бу сирдан ташқарида тутиш учун эди.
— Кўнглингизни мендан жуда тўқ тутаберинг, ака! Авғони ханжарингизни бераман деган эдингиз-а?
— Шўрба пишгунча келтураман, — деди Ҳомид ва кетди.

Қувланиш

Учинчи кундан буёққа қутидорнинг эшиги теварагидан Содиқ айрилмас эди... ҳозир кечки соат еттилар бўлиб қолғани учун бу кун ҳам унинг келмаслигига қарор берган ва кетишни чоғлар эди, лекин узоқдан келгучи бирар отлиқни кўрса балки шу бўлмасин, деб яна кутиб қолар эди. Аҳвол билиш учун бўлса керак, Ҳомид ҳам отига қийшиқ миниб ўтиб кетди. Савол назари билан қараған эди, Содиқ бошини чайқаб жавоб берди. Ниҳоят қутидор ҳам кундаги вақтда бозордан қайтиб уйига кирди. Вақт шомға яқинлашиб қолғанлиқдан битта-яримта дўконлар ҳам ёпилиб, ўткунчилар ҳам сийраксиб қолдилар. Шунча кутканнинг ўн дақиқаси деб бўлса керак, ул ҳамон шу ўртада айланиб юрар эди.

Пояфзал растасининг шарққа қараб тортилған кўчаси бошидан бир тўда йигитлар мунга қараб келар эдилар. Бошда ул келгучиларни танимаған эди, йигитлар яқинлашиб келгач, ўзининг ўртоқлари эканини билиб ўнгғайсизлана бошлади. Ўзини улардан яшириш учун қутидорнинг йўлагини жўблаған ҳам эди, йигитлардан биттаси: «Бу ерда Содиқ нима қилиб юрибдир» деб юборди, иккинчи йигит «Содиқбой, Содиқбой!» билан чақиришға тутиниб, шунинг ила Содиқ бурилған жойида тўхтаб қо-лишға мажбур бўлди.
— Нега бу ерда тегирмончининг ишсиз қолған эшагидек жунжайиб ўлтурибсан, Содиқ? — деди бир йигит. Бошқалар бунинг сўзига кулишдилар. Содиқ ҳам кулгига иштирок қилиб, йигитларнинг яқиниға келди.
— Биравда ишим бор эди, шуни кутиб ўлтурибман.
— Содиқ деди ҳалиги йигит ва Содиқдан «ҳа» жавобини олғач, — бурнингми Рисолат холамнинг рапидаси? — деди. Йигитлар тағин кўчани кўтариб кулишиб юбордилар.
— Жур, базмга!
— Қанақа базмга?
— Шамшодбекнинг базмига, ҳали Шамшодбек-нинг тўйидан хабаринг йўқми? Жур, Содиқ жияним, башарангми, дўлда қолған таппими?

Содиқ иккиланиб жавоб берди:
— Ман кейинроқ бораман.
— Эҳ хумса, — деди йигит ва ариқдан сакраб Со-диқнинг ёниға ўтди. Андижондаги Қаймоқхон ҳам келибти, базми жамшид десанг-чи, жур! — Йигит Содиқни судрай бошлади.

Бошқалар ҳам унинг орқасидан итара кетдилар. Содиқ ўртоқларининг жабри остида иложсизгина борса ҳам, лекин иккинчи томондан кутканини бу кун ҳам келмаслигига қарори ҳам йўқ эмас эди. Ўн-ўн беш отламдан сўнг ўртоқлариға итартириб ўлтурмасдан ўз ихтиёрича юрий бошлади. Кўчанинг жанубига қараб борар эдилар. Орадағи ғарбға қараб тортилған кўчани ҳам босиб тўғриға ўта бошлаған эдилар, узоқ-дан от елдириб тўғриға келгучи отлиқни кўрган Содиқ кўчанинг ўртасида тўхтади. Ҳалиги муштумзўр йигит уни бир туртди-да: — «Юр, юр, итбачча, жинни-минни бўлдингми?» деб судрай бошлади, бошқалар ҳам унга тўрт томондан чуғурчиқдек ёпишдилар. Шундай қилиб «бечора» Содиқни ўз холиға қўймай кўчадан анчагина нарига сургаб кетдилар. Улар бу кўчадан ўттуз-қирқ адимлаб узоқлашған ҳам эдилар, ҳалиги узоқда кўрилган отлиқ тўриқ йўрғасини қарсиллатиб катта кўчага чиқди ва йигитлар келган томонға — шимолга бурилди. Содиқ кетар экан, отлиққа бурилиб қаради. Ҳасаналидан хат олғани борғанида отхонада кўрган қора тўриқ отни таниғани он қўлтуғиға кириб олған рўдаподан қутилишға тиришиб боқди, лекин уҳдасидан чиқолмағач, кўзини йиртқичларча чахчайтириб «ит эмган даъюс!» деди қўлтуғидағи жонлик кишанга...

* * *

Уёқ-буёқдан шом азони эшитила бошлаған эди. Маълум отлиқ қутидорнинг дарбозасида отини тўхтатдида, ўнг оёғини узангудан узди. Шу вақтда шом намозидан қолмас учун шошилишиб қутидор ҳам йўлакдан чиқиб келди. Отини кўчанинг ўртасида қолдириб, қайин отаси билан кўришмак учун югирган куяви олдида намозини ҳам унуткан қутидор дағ-дағ титраб тўхтаған эди. Кўришмак учун ўзига узатилған қўлни бўш ҳавода қолдириб, дарбозаси ёниға борди. Бундай муомала олдида Отабекнинг қандай ҳолда қо-лиши изоҳка унча муҳтож бўлмаса керак. Ул турган жойида қозиқдек қоқилиб қолған эди. Қутидорнинг олдиға юришнида билмас, сўзлашка ҳам тили келмас эди.
— Бу қандай ҳаракат, ота?

Қутидор титроқ ва ҳаяжонли бир товуш билан:
— Уятсизга манинг уйимдан ўрин йўқ, уятсиз билан сўзлашишка ҳам тоқатим йўқ...

Борингиз, ма-нинг эшигим ёнида тўхтамангиз! — деди-да, ўзини ичкарига олди ва дарбозани ёпиб шилдир-шилдир занжирини боғлай бошлади...

Отабек эсини бошиға йиғиб, михланған еридан қўзғалғанда шом намози ўқулиб биткан, кишилар уйларига қайта бошлағанлар эди. Ул мошинавори келиб отиға минди ва «чуҳ» деди, лекин от қўзғалмади. Икки-уч қамчидан сўнг толға боғланған тизгин шарт этиб узилиб кеткач, боя юриб кеткан отини ўткунчилардан биттасининг боғлаб турғанини эслади. «Чуҳ» деди. От кўчанинг шарқиға қараб кетди.

Бу кетишда унинг ҳуши ўзида деб айтиш қийин, шунинг учун отнинг бошини қаёққа қараб солғани ҳам белгулик эмас, эҳтимолки унга ҳозир от юрса бас бўлғай. От кўчанинг айрилишиға етиб «енди қаёққа юрамиз» дегандек тўхтаған эди, эгаси яна «чуҳ» деб жавоб берди. От шимолга қараб бурилди. Бу кўча билан узоқ юргач, олтинчи фаслда ўқуғучи билан та- нишдирилған Б... маҳалласига чиқиб, от яна қай томонга юришни сўраб тўхтади.
— Чуҳ.

От кўчанинг шарқиға юриб ўқуғучиға маълум бурчакдаги иккита эшикдан ҳам яна шимолга буриб, тор кўча бўйлаб узоқ кетди. Вақт хуфтанга яқинлашиб қолғанлиқдан қоронғи ўбдан тушкан эди. От ўзининг бу галги тўхташида эгасининг чуҳ-чуҳига ҳам сирт бериб туриб олди ва Отабек кўзини очиб йўл қарашға мажбур бўлди. Отнинг тор кўчанинг ниҳоятига етиб йўлсизликдан тўхталғанини онглағач, ўткан ишлардан ўзига ҳисоб бера бошлади. Қайин отаси эшигида отини йўлга солғанини бир оз эсласа ҳам бошқасини билмас эди. Ҳар ҳолда Марғилоннинг четроғидаги боши берк кўчада ва катта бир дарбоза ёнида турғанлиғини тушунди. Отнинг бошини буришни-да, бурмасни-да билмай бир оз ўйлаб тўхтади. Ул ўйлаб турғанда дарбоза ичкарисидан икки кишининг хайрлашиб ажралишқанлари сезилар эди.

Ичкаридаги оёқ товуши дарбозага яқинлаша бергач, ул чиқғучиға халақит бермас учун отининг бошини четка бурди. Отабек тўхтаған ўрин тўрт томондағи иморатлар билан ўбдан қоронғи, шунинг учун дарбозадан чиқғучининг фақат бошидағи оқ салласидан ўзгаси кўзга илинмас эди.

Чиқғучи дарбоза ёнида турған отлиқдан чўчибми ва ё ўзичами сўради:
— Ким отда турған?
— Ман, — деди Отабек ва ўзининг мантиқсиз жавобидан ўнғайсизланиб тузик жавоб беришка оғзини жўблаған ҳам эди, чиқғучи «сиз кимсиз?» деган савол билан уни тўхтатиб қўйди.
— Ман... бир мусофир ғариб, — деб жавоб берди-да, негадир томишка интилган кўз ёшисини куч билан тўхтатиб қолди. — Марғилонға шом вақтида кирган эдим, кўзлаган жойимни тополмай адашдим...
— Қани бўлмаса, журинг бизникига, меҳмон, — айткучининг сўз оҳангидан ўртоқлиқ бўйи келиб Отабекнинг димоғига урса ҳам:
— Раҳмат сизга, ака, — деди, лекин унинг бу сўзи ҳам ўринсиз кеткан эди.
— Ўзингиз адашдим, дедингиз-ку, тағин қаёққа бормоқчи бўласиз?
— Сизга оғир келмаса...
— Оғирлиғи йўқ, юрингиз, — деди ва олдинға тушиб Отабекка йўл бошлади: — Ман ҳам сизга ўхшаган бир ғариб.

Отабек киши орқасидан кетди, олдинма-кейин сўзлашмасдангина кўчанинг оёғиға қараб борар эдилар. Анчагина юргач, бошловчи «отингизга ҳам жой бор», деб қўйди. Отабек жавоб бермади. Шу кўйи сўзсизгина кўчанинг бурилишига етдилар-да, киши Отабекни тўхташға буюрди, ўзи шошилиб ўқуғучиға маълум Жаннат опа эшигининг чап томонидағи иккинчи эшикни очиш учун қулфни тимискилади. Эшикни очиши билан:
— Отдан қўнингиз, меҳмон, — деди отни Отабек қўлидан олғач, — сиз хуржинингизни олиб йўлакдан тўғриға кираберингиз, — деди. Отабек хуржинни кўтариб эшикка кирди, усти ёпиқ қоп-қоронғи йўлакдан ўтиб каттагина бир ҳавлига чиқди ва хуржунни ҳавлининг ўртасиға элтиб қўйди. Киши отни бурчакдаги усти ёпиқ охирғами, суфагами боғлағач, келиб хуржинини олди.
— Қани айвонға, — деб йўл бошлади. Киши Отабекни ўтқузғач, токчадан сопол лаган билан қовуқни олиб чақмоқ суртди. Шамъ ёқилди. Бу киши қирқ ёшлар чамалиқ, қонсиз юзлик, сийраккина соқоллик, қўй кўз, кўб вақт мадраса риёзатини чекканнамо, қотма, узун бўйлик бир одам эди. Айвоннинг полос ва асбобларида унча бойлиқ кўрилмаса ҳам пухта, озода, чирк юқтурилмаған йўсунда йиғиштирил-ғанлиғидан эгасининг ринд табиъатлик эканига шаҳодат бермакда эди. Айвоннинг сўл томонида кўрилган бир эшик ила уйми, ҳужрами, борлиғи билинар эди.

Уй эгаси Отабекни яхшилаб кўз остидан ўтқузғач, сўради:
— Қорнингиз албатта очдир, меҳмон? — Отабекдан жавоб кутиб турмай ўзи ҳукум ҳам бериб қўйди. — Йўл билан албатта очиққансиз, савзи-пиёз ва гўштларим ҳаммаси тайёр, фақат ўчоққа олов ёқсам, холос, ўзим ҳам ҳали хўрак қилғаним йўқ, кўб эмас озғина, бир чимдимгина қиламан. — Отабекнинг узрига қулоқ бермай ошға урнашка олди. Отабек энди ўткан ишларни кўз ўнгидан ўткуза бошлаған эди. Бу кунги беш дақиқа орасида бўлиб ўткан воқиъани ҳеч бир йўсун билан миясига сиғдира олмас, чиндан бўлған иш деб ўйлашға ақли бовар қилмас эди.

Лекин қулоқлари остида ҳозирғина айтилган «Уятсизга манинг уйимдан ўрин йўқ... Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз!» сўзининг садоси қандай бўлса ҳам унга бир ҳақиқатни очиқ сўзлар ва нафсида сезилган хўрланиш ва ҳаяжон буни тасдиқлар, бугина эмас юзига ёпилған дарбоза- нинг, шилдир-шилдир қилиб боғланган занжирнинг садоси ҳам бу ҳақиқатни таъкидлар эди.

Бундан сўнг Кумушнинг заҳарлик муаммо мактуби бир сидира кўз ўнгидан ўтиб кетди.

Мактубдаги тушуниши қийин бўлған нукта ва ишоратлар яна бир қайта заҳар сочиб ўткандек бўлдилар. Лекин буларнинг барчасини йиғиб очиқ-ойдин бир натижа чиқариш кучидан ожиз, гўё иситма вақтида бўлатурған тутуриқсиз, боғланишсиз алжи-билжи ҳолатни кечириб, ишни бир-бирисига боғлай билмас эди. Аммо ҳозирги дақиқада унга энг очиқ таъсир эткан нарса:

«Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз!» жумласи бўлиб, тўлқинланған иззати нафси ҳамиша «қора оҳу кўзларни» кўришка ўрганмиш юрак кўзини хўрлик пардаси билан яширишға тиришар эди. Воқиаън туғилиб эркаликдагина ўскан, ҳаётнинг дағал муомаласидан бегона, фақат унинг чучук сўзларинигина тинглаб келган Отабекка бу хўрлик турмишдан биринчи зарба эди.

Шунинг учун Кумушка бағишланған юрак тугунини ешилған ҳолда кўрар, гўё марварид тугилган ҳарир рўймол ўғирлиқдан сўнг оёқ остларида бўм-бўш ётқандек ва эгаси шу ўғирланған жавоҳиротининг аламини чекиб турғандек эди.

Уй эгаси ошға савзи босиб, Отабек ёниға келди, ул бошқа ҳиссиёт ва фикрларини вақтинчаға унутиб, ўзини тетикликка олди. Уй эгаси Отабек ёниға ўлтурар экан, сўради:
— Сизники қаерда, меҳмон?
— Тошканддан, мулла ака.
— Исмингиз?

Отабек манглайини қашиб олғач, жавоб берди:
— Шокирбек...
— Марғилонға биринчи келишингизми?
— Биринчи келишим...
— Савдо важҳи билан келгандирсиз? — уй эгаси Отабекнинг қиёфат ва уст-бошидан савдогарга ўхшат-қан эди.
— Йўқ... Ман асли Қўқонға келган эдим, аммо Марғилонда отам танишларидан биттасида озроқ оласимиз бўлиб, шу кишига учрашиб кетайин, деб Марғилонға ўткан эдим, — Отабек ўзининг ёлғон-лашидан ўнғайсизланиб бир оз тўхтаб олди: — бу кишининг қаер-да туриши манга очиқ маълум эмас эди ва Марғилонда бошқа танишим бўлмағанлиқдан ва вақтнинг кечлигидан адашиб қолдим...

Уй эгаси кулди:
— Насибдан қочиб бўлмайди, Шокирбек; бу кун кечаси менга меҳмон бўлишингиз бор экан.

Учра-шатурған кишингизнинг оти нима?
— Комилбой...

Уй эгаси ўйлаб турди-да:
— Бизнинг бу яқинларда бундай киши йўқ, эҳтимол нарига даҳададир, — деди ва туриб ошиға қараб кетди. Отабек ўзининг қип-қизил ёлғонлашидан виждони олдида қизаринди. Аммо ул бир томондан бунга мажбур ҳам эди, чунки унинг қутидор билан қамалиш ва ўлумга ҳукм этилиш тарихи бутун Марғилонға машҳур бўлиб, ҳақиқий исмини яширмай айтканда, эҳтимолки бошқа сирларни ҳам очмоққа тўғри келар эди. Уй эгаси қозон ёниға кеткач, ул ҳам ўрнидан туриб ҳавлиға тушди. Айвоннинг нариги ёни билан шарққа қараб кирилатурган бир йўлак орқалиқ бир боқчағами, майдонгами чиқи-лишини билиб шу ёққа юрди ва кичикрак бир мевазорга чиқди. Кечанинг қоронғилиғи устига меваларнинг қуюқ япроқлари қўшилишиб, бу майдон айниқса Ота-бекнинг ҳозирги кўнглига яқинлашиб келар эди. Унинг кўнгил меваси бу кунги қора воқиъа билан қандай ўралиб, йўқолиб кетган бўлса, бундаги дарахтлар ҳам ўз меваларини кеча ранги билан бўяб, яшил япроқлари ила кўмган эдилар, яъни бунда ўскан дарахтлар қандай мева берадир — ажратиш қийин эди. Ул шу қоронғизор билан қўшилишиб кеткандек ва қоронғилиқнинг қучоғига кира борғандек мевазорнинг ичкарисига юрий борди.

Ва ниҳоят бутоқлари бағриға солиниб туш-кан бир дарахтнинг остиға ўлтурди ва бу ўлтуришда узоқ фурсат қотиб қолғандек ҳаракатсиз эди. Ўн беш дақиқалардан сўнг ичига ел қамалған пуввакдек уффф этиб юборгач, ўрнидан турди. Боқчанинг кунботари билан харобазор иморатларни ёнлаб юрди.

Отабек айвонға қайтиб келганда, уй эгаси ошни дамлаб бўлиб айвонда кутиб ўлтирмакда эди.
— Отингизга озроқ жоҳори бериб қўйдим.
— Раҳмат, мулла ака, — деди Отабек, уй эгаси нимадир сўзламакчи бўлса ҳам ўнгғайсизланған сумол Отабекка тикилиб-тикилиб қўймоқда эди.
— Касбим тўқуғучилиқ, Шокирбек, — деди уй эгаси. Отабек сўзни тугалмаганлигини билиб, унинг оғзиға қараб турар эди:
— Доим захда ўлтуриб ишлаганимданми ёки ўзимнинг табиъатимда заифлик борми, иш қилиб нима бўлса ҳам кўп вақтдан бери бедармон тортиб юрибман,— деди ва давом этди, — гоҳо кўкрак ҳам оғриб қўядир. Яқинларда табибларга кўрсаткан эдим, қонингиз оз, қимиз ичинг, хўрак олдидан мавиз истиъмол қилинг, деб кенгаш бердилар. Уларнинг кенгаши бўюн- ча уч-тўрт кун қимиз ва мавиз истеъмол қилиб боққан эдим, воқиъан бир мунча фойдаси ҳам маълум бўлди. Сизга буни сўзлаб шуни айтмакчиманки, ош олдидан бир-икки пиёла мавиз ичиб юборсам, албатта бунга сиз-нинг қаршилиғингиз бўлмас-а? — деди ва кулди.
— Қандай қаршилиғим бўлсин, сиз маъзурсиз.

Уй эгаси илжайган ҳолда ҳужрага кириб, ўзининг таъбирича май эмас, бир кўвача мавизни олиб чиқди, тоқчадан пиёла олғач, келиб Отабекнинг ёниға ўлтурди. Мавизни пиёлага чулдуратиб қуяр экан, меҳмонга ер остидан мўралаб кулимсираб қўйди.
— Сизнинг ҳам ичканингиз борми?
— Йўқ.

Тўғриси ҳам Отабек ичкулукдан қаттиғ ҳазар қилар ва бу кунгача майни ўзига душман каби кўриб келар эди. Уй эгаси қуйган пиёласини симириб юборғач, сездирмаслик қилиб сесканиб қўйди ва:
— Аниқ ичмаганмисиз? — деб яна сўраған эди, Отабек бошни чайқаш билан кифояланди.
— Қаттиғ узр бўлмағанда ичмаган ҳам маъ-қул,— деди ва иккинчи пиёлани тўлдирар экан, давом қилди,— лекин бу нарса бир томондан кишининг саломатлигига фойда берса, иккинчи жиҳатдан тирикликнинг қайғу ва аламларини-да унутдириб турар экан. Бошимға ўлгунча унута олмаслиқ қайғу-ҳасратлар тушди, Шокирбек. Айниқса кейинги йилларда ўзимга ҳеч бир қаердан овинчоқ тополмай, ниҳоят шу аччиғ сув билан овинатурған холға келиб қолдим, — деди ва узоқ тин олиб тўлғизған пиёласини олдиға қўйди. Иккиси ҳам бир неча вақт сукутда қолдилар. Ул иккинчи пиёлани ичкач, Отабекни диққат билан кузатиб чиқди.
— Агар янглишмасам, сиз ҳам бир оз қайғулироқ кўринасиз меҳмон, бир пиёлани ичиб юбормайсизми?
— Раҳмат, мулла ака, — деди Отабек, аммо ўзида таърифи сўзланиб ўтилган нарсага бир эҳтиёж сеза бошлаған ва ўзини ҳам маъзурлар қаториға қўяёзган эди. Унинг бу ҳолини уй эгаси сездими ёки синаб кўрмакчи бўлдими, ҳайтовур, учунчи пиёлани тўлдириб Отабекка узатди:
— Қўлимни қайтарманг, меҳмон. Иккимиз ҳам маъзур кўринамиз.

Отабек узрини айтиб, пиёлани олмай турған эди, ул ҳам пиёлани узатқанча кулиб тураберди.
— Ман мавизни тамом шаръий қилиб тайёрлайман, тунов кун маҳалламизнинг охунлари ҳам ҳалоллиғига фатво бериб кетдилар.

Отабек пиёлани олишға мажбур бўлди. Уй эгасининг айтканидек мавиз жуда ҳам тиниқ, яхши чиқған кўкчой каби мусаффо эди. Пиёлага узоқ қараб турмай ичиб ҳам юборди. Оч қоринға тушкан ўткир май вижж этдириб меъдани қайнатди-да, томоқ остини ловуллатмоқ-қа олди. Отабекка биринчи пиёлани ичирғандан сўнг, уй эгаси ошни сузишка кетди.

Бахт Ва Бахтсизлик

Ошни сузиб келтиргач, меҳмонни ошға таклиф қи-лишдан бурун яна тоқчадаги кўвачани олиб бир пи-ёлани тўлдирди ва Отабекка узатди.
— Ичинг буни ҳам, сўнгра ошни еймиз, — деди. Бу гал унча қистатишқа тўғри келмади, биринчи пиёла билан унинг кўз ўнглари жимирлашмакка ва ўзида бир енгиллик ҳис этмакка бошлаған ва бу иккинчи пиёла гўё «мени ичсанг тағин ҳам енгил тортасан», дер эди.

Отабекнинг иккинчи пиёласидан сўнг ошға ўлтурдилар. Битта «дон» ҳазмини ҳам тасаввур қилмаған унинг меъдаси кетма-кет тушиб турған луқмаларни эътирозсиз қабул қилмоқда эди.

Бундай иштиҳони, эҳтимолки, ул ўз умрида биринчи мартаба кўргандир. Томоқ орасида уй эгасининг берган саволларига яхши жавоб берганидек, ўзи ҳам баъзи сўзларни тўқиб юбормоқда, бояғи оз сўзлиликлар ўрнини эзмалик бўлмаса ҳам мўътадил бир ҳол олған эди.

Ошдан сўнг лаган ва дастурхонни йиғиштириб олғучи уй эгасига сархуш ва қизарған кўзлари билан узоқ қараб қўйди. Бу қараш унга миннатдорлиқ ва ташаккур қараши эди. Уй эгаси Отабекнинг ёниға иккита ёстиқ олиб қўйди ва биттани ўз ёнбошиға ҳам олди.
— Ёнбошлангиз бек, — деди, бошлаб ўзи ёнбошлади. Отабек ҳам унга эргашди. Иккисининг орасидағи шамъ ел билан ўйнашибғина нур сепар, иккиси ҳам сўз қўйишқандек шамъга кўз тикиб қандай ўйғадир берилгандек кўринар эдилар. Бир неча вақтдан сўнг уй эгаси кўзини шамъдан олди ва ер остидан Отабекни кузаткач, сўради:
— Уйланганмисиз, бек?

Отабекнинг кайфи кучликми эди ёки сўзни онгламай қолдими, ҳайтовур шу онда жавоб беролмади.
— Уйланганман.

Сўрағучи бир оз тўхтаб олғач, яна сўради:
— Хотинингизга муҳаббатингиз борми?

Отабек бу савол қаршисида гарангсиб қолғандек бўлди, воқиъан ораға оғир савол тушкан эди, билинтирмаслик қилиб уфлаб олди.
— Муҳаббатим йўқ.
— Яхши экан, — деди уй эгаси. Отабек унинг бу сўзига тушуна олмай, «нега?» дегандек қараб турар эди.
— Сўзимга ажабландингиз шекиллик?
— Йўқ, — деди Отабек, лекин унинг таажжуби уй эгасига очиқ кўриниб турар эди.
— Балки муҳаббат бахтлик кишилар учун яхшидир, лекин ўз тажрибамча, бахтсиз киши учун бадбахтликдир. Масалан, сиз агар чиндан ҳам хотинингизға муҳаббатсиз бўлсангиз, ўзингиз ҳам иқрор қила оласиз: уйга кирсангиз хотинингиз бордек, кўчага чиқсангиз йўқдек, бас, сизга хотиннинг оғирлик ва енгиллиги бирдак. Шундоқ эмасми?
— Шундоқ, — деди Отабек, аммо муҳаббат тўғрисида сўзланган бу сўзлар унинг кайфлик кўзини оча ёздилар.

Уй эгаси давом қилди:
— Мен бу сўзларни ўз ҳолимдан чоғлаб айтаман, эҳтимолки мен янглишарман, — деди ва узоқ тин олғач, сўради: — Сиз уйланганда ўзингиз ёқтириб уйландингизми ёки орадағиларнинг ёқтиришлари биланми?

Отабек сўрағучининг қандай муддаоси борлиғиға тушунмай қолди.
— Онамнинг ёқтириши билан.
— Баракалла, — деди уй эгаси ва, — манимча, ҳамма бало ўзинг кўриб, суйиб уйланишда, — деди ва эшиткучиси кутмаган жойда сукутка кетди. Отабек бир кўйнакни ўзидан бурун йирткан киши тўғрисида гўё ўз саргузаштининг эски тарихини мулоҳаза қила бош-лаған, қаршисида ўлтурғучини-да, қайин ота эшигидан қувланған киши деб билган эди. Қайин отанг сани ҳам қувладими, деб айтмаса ҳам шунга яқин бўлған «суйган хотинингиз сизни ташлаб кетдими?» деган саволни берди. Уй эгаси бошини чайқади:
— Ташлаб кетишка — кетди, лекин ўз ихтиёрича эмас, — деди. Отабек бу сўздан сўнг бунинг ҳам қайин отаси ёки қайин онаси томонидан зулм кўрганига ишонған эди.
— Ёмон одамнинг юзи қурсин, — деб қўйди, бу сўз уй эгасига тушунарлик бўлмади шекиллик, Отабекка савол назари билан қараб олди.
— Эзмалик бўлса ҳам бошимдан ўтканларни сўзлаб берайми, меҳмон? — деди.

Ўз саргузашти билан фарқсизға ўхшаб кўринган бу ҳикояни эшитишка унинг иштиёқи ортқан эди:
— Сиз сўзламасангиз-да, мен сўзлатмоқчи бўлиб турар эдим.
— Маним саргузаштимда сиз куткан қизиқлиқ йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам сўзлаб берайин,
— деди ва ёстиқни кўкрагига қўйиб олғач, ҳикоясини бошлади:
— Мен ўзим асли қўқонлиқман. Ота-онамдан ёшлиқда ятим бўлиб, тоғамнинг қўлида ўсдим.

Ёшим 17—18 ларга борғандан сўнг ўз куним ўзимга қолиб, бир ўртоғимнинг кенгаши билан бундан йигирма йиллар бурун Марғилонға келиб, бу кунги устакоримнинг отасиға тўқувчилиқ ҳунарига шогирд тушдим. Тўрт йил чамаси қилған хизматимдан сўнг ҳалиги устакорга халфа бўлиб ишлай бошладим. Бошқа йигитлардек ортиқча ўринсиз сарфларим бўлмағани учун оз замон ичида уч-тўрт тилла пуллик ҳам бўлдим. Ишимга ихлос билан қарағаним учун манинг тўқуған ишларим ўзгаларникидан қадрлик юрар ва халқ орасида ҳам отим «уста Алим кичкина» бўлиб шуҳратланган эди. Маълумки, бофандалар олдиға кўпинча хотин-қизлар келиб, янги нусха қидириб юрийдирлар. Манинг тўқуған ишларим ва чиқарған нусхаларим ҳаммага мақбул, айниқса хотин-қизлар учун машҳур бўлиб, ҳар доим тўқув дўконим ёнидан хотин-қизлар айрилмас эдилар.

Кунлардан бир кун ҳали кишидан қочар даражага етмаган ўн уч-ўн тўрт ёшлар чамалиқ дўндиққина бир қиз келиб, мен чиқарған янги нусха шоҳидан сўради. Қизнинг сўраған нусхаси тўқилиб ва сотилиб кеткан эди. Шунинг учун «йўқ» деб жавоб бердим. Қиз кўзини жовдиратиб туриб, «манинг учун тўқиб беролмайсизми?» деб сўради. Мен қизнинг юзига қараб, «мумкин эмас опа, бир кийимлик шоҳи деб нусха бўяш оғир», дедим. Қиз сўзни айлантириб мендан ваъда олишға тиришар эди. Мен сўз орасида яна унга қараб олдим. Ёнимдағи халфалардан биттаси қизға ўла, «тўқиб беринг, уста, опани хафа қилманг!» деб қўйди. Учунчи қарашда ўзимда қизға қарши бир яқинлиқ ҳис эткан, унга узоққина қараб қолишға мажбур бўлған эдим.

Гарчи қиз айткан нусхани тайёрлаш оғир бўлса ҳам қандайдир бир куч таъсирида ҳалиги қизға ваъда бериб юборибман. Ул чиқиб кеткач, қандай ваъда берганимни ўйлаб кўриб, ваъда куни келса тўқуй олмадим дерман, деган сўзни кўнглимдан ўтқуздим, лекин қизнинг гуноҳсиз ўйнаб турған қора кўзлари, қизил олмадек тарам-тарам юзлари ҳамон кўз ўнгимда кўриниб турар эдилар ва «манинг учун тўқиб беролмайсизми?» сўзи қулоқ остимда такрор айтилгандек бўлар эдилар.

Бир неча кун шу йўсун иккиланиб юрғач, ниҳо-ят ўзимга тушунилмаган бир савқ остида ваъдамни ифога ҳам бошлабман, бир кийим шоҳи, деб ўттуз кийим бўлатурған ипакни бўяш, танда, арқоқ, гўла машақ-қатлари кўзимга ҳеч кўринибдир. Ваъдамдан икки кун илгариёқ шоҳини тўқиб, унинг келар йўлини пойлар эдим, ул келмас эди. Ниҳоят ваъда куни ҳам келиб ўтди, кел-мади. Сизга шуни ҳам айтиб қўяйки, бир кўрган кишингизнинг тусини албатта узоқ фурсат хотирингизда тутолмайсиз, лекин бу қиз тўғрисида ман тамом бошқача ҳолатда бўлдим:

шундоқки, унинг қошини, кўзини, тусини, қўғурчоқдек қаддини кўз ўнгимда тута-тута тамом бир йиллик билишлардек бўлиб қолибман. Унинг товуш оҳанглари қулоғим хотирасида у даража яхши сақланмаған бўлса-да, аммо «манинг учун тўқиб беролмайсизми?» сўзини ҳозирғина эшиткандек бўлар эдим.

Ваъда кунидан уч-тўрт кун ўтиб кеткан бўлса ҳам ҳануз ул келмас эди. Мен унинг кўчасини сўраб қолмағанимдан хафа бўлар эдим. Чунки, шоҳини ўзим элтиб беришка ҳам энди ҳозирланиб қолған эдим. Бу кутиш кунларимда на учундир ёнимдағи халфа шогирдлар билан бўлатурған муомалаларим ҳам ўзгара бошлаған, яъни сўзларим дағал ва тундликка айланган, гўё бунинг ила Алининг кекини Валидан олар эдим.

Ниҳоят ваъданинг бешинчи куни қиз келди. Қизни кўриш билан мен борлиқ-йўқлиқ ҳолатда қолған, бир неча замон манинг учун сўз топиш ҳам қийинлашқан эди. Қиз шоҳини сўрамай менга термулиб турар эди. Унинг миннатдорчилигини фақат шоҳи билан олмоқ-чи бўлғаним учун бу ҳол менга оғир келди. «Нега ваъдага келмадингиз?» дедим. Қиз ўнғайсизланиб, гуноҳкорларча кўзини ерга тиккани ҳолда сўради:
— Шоҳини сотиб юбордингизми?

Ёнимға қўйиб ўлтурған шоҳини қизға узатдим. Ул шоҳининг орқа-ўнгини ағдариб кўрди ва:

«Яхши тўқибсиз», деб менга умидсизча қараб қўйди. Шоҳини менга бериб қўлидаги майда чақаларни олдимға тўкди.
— Шоҳингиз қанча пуллик?

Мен жавоб ўрнига чақаларни санаб чиқдим, битта олтмиш пуллик тангасидан бошқаси бир пуллик, беш пуллик занг босқан чақалар бўлиб, кўп вақтлардан бери йиғилиб келганлиги маълум эди. Берган пули шоҳининг ярим баҳосини қоплар-қопламас бўлғанлиғини айтдим.
— Тағин қанча керак? — деб сўради.
— Уч танга, — дедим. Қизнинг ўйчан юзини яна қайғу босди. Мен унинг юзидан катта ҳусндор қизларда кўриладиган бир улуғлиқ томоша қилар эдим ва унинг ўз ваъдасига кела олмағанлиғи сиррини онглар эдим. Бу ёш фариштани бу ҳолда қолдиришға кўнглим бўлмади ва дедим:
— Қолғанини қачон олиб келасиз? — Бунга ҳам тез жавоб бермади ва жавобсизлик билан яна ўз ҳолини менга арз қилғандек бўлди.
— Пул топқанда келтирасизми? — дедим-да, унинг жавобини кутмай қўлига шоҳини тутқаздим. Қиз менга ишонмай бошлаған эди:
— Менга ишонасизми?

Мен ишонч билдириб ўлтурмадим:
— Уйингиз қаерда?
— Ч... маҳалласида.
— Кимнинг қизисиз?
— Шариф милтиқчининг қизиман.
— Отангиз қариб қолғанми?
— Ўлган. Онам бор.
— Акангиз йўқми?
— Йўқ. Битта кичкина ўғул укам бор.
— Исмингиз нима?
— Саодат.

Шундан сўнг Саодатни шоҳи билан жўнатиб юбордим. Саодат манинг бу ишимга ишонмайғина чиқиб кетди. Халва шогирдлар: «Тузиксиз-ку уста», деб менга пичинг отишдилар. Аммо мен Саодат учун ҳар бир оғирлиқни кўтаргундек кўринар эдим...

Уй эгаси бўлған уста Алим ҳикоясини тўхтатиб, Отабекдан сўради:
— Ҳикоям узайиб кетди шекиллик, зерикдингизми?

Отабек уни ортиқча бир эътибор билан эшитар эди, сархушчасига:
— Сўзлай берингиз, — деди.

Уста Алим давом этди:
— Менга уч танганинг аҳамияти йўқ эди. Аммо Саодат билан боғланиб туришим учун бу уч танга минг танганинг ишини қилар эди. Орадан ўн кунни ўткузиб, уч танга баҳонаси билан Саодатнинг уйига бордим. Саодат холасининг уйига кеткан экан, онасиға ўзимни танитиб, девор орқалиқ анчагина сўзлашдик: эри ўлиб эркаксиз қолғандан, ип йигириб овқат ўткарганидан ва қизининг кенгашмасдан шоҳи буюрғанидан ҳасрат қилиб кетди; сўзининг охирида яна бир ҳафта кутиб ту-ришимни илтимос қилди. Бир ҳафтадан сўнг алоқани узиб қўйиш манинг тинкамни қуритатурған бўлғани учун ишни бошқа режада юргизмакчи бўлиб айтдим: — Ўзингиз ип йигириб, кун кўриб турган бўлсангиз, сизга уч танга эмас, уч пул бериш ҳам оғир экан, агарда сизга маъқул бўлса кўнглимга бир гап келадир, шундоқ-ки, сиз эркаксиз бўлғанингиздак, мен ота-онасиз ёлғиз йигитман.. Кўпинча кир ювдириш ва йиртиқ-ямоқ важҳларидан қийналаман. Ўша сиздаги пул эвазига бир неча вақт кир-пиримга қараб, йиртиқ- ямоғимни ямаб берсангиз, қандоқ бўлар экан... Кампир бу сўзимни мамнуният билан қабул қилди ва эртаси кунга кирларимни олиб келиш учун Саодатни юбормоқчи бўлди. Шундоқ қилиб бу кун боғланишни яхши асоска қуриб қайтдим. Эртасига Саодат келиб кирларимни олиб кетди. Уч кундан сўнг ювилган кирларни келтириб, тўқув дўко-нимнинг ёнида анчагина қараб ўлтурди. Мен унинг келиши учун ҳар ҳафта панжшанба кунини белгуладим. Кундан-кун Саодатка қаттиғроқ боғлана борғанимни онглар эдим, панжшанбани ҳайит сингари қаршилар эдим. Орадан уч-тўрт ҳафта ўткандан сўнг қўлиға «ойингга элтиб бер» деб йигирма-ўттиз чақа пул ҳам бердим. Саодат билан алоқа қилғанимнинг тўртинчи ойида рамазон ҳайити келди.

Фитир рўза баҳонаси билан Саодат учун саккиз тепки хон атлас, онаси билан укасига бўз кўйнак қилиб, Саодатларнинг уйига ўзим чақириб бордим. Саодат мени йўлакдан қаршилади ва гуноҳсизча қўлимдан тутиб ичкарига бошлади. Мен: — Саодат, эсингни е-дингми, онанг мендан қочмайдими?— дедим. Саодат тортишида давом этиб:
— Қочмайди, ўзи менга устаканг келса қочмайман, деган.

Мен Саодатнинг йўлбошчилиғи билан ичкарига кирдим. Айвоннинг олдида Саодатнинг онаси ип йигириб ўлтурар экан, қизининг қўлида бегона йигитни кўргач, ҳайрон бўлиб қолған эди.

Саодат мени ҳавлининг ўртасида қўйиб онасининг олдиға югурди ва:
— Устакам-ку! — деди. Онаси нари-берида даканасини тузатиб ўрнидан турди. Салом- аликдан сўнг сўрашдиқ. Саодат тегимга кўрпача ёзди, мен қўйнимдағини олиб ўртага қўйдим.

Фотиҳадан сўнг бир оз ётсирашиб, уялишиб очилишолмай қолдиқ. Сўнгра кампир Саодатнинг маним тўғримда айтатурган сўзларидан муқаддима қилиб деди:
— Саодат сизни худда ўз акасидек яхши кўрадир, тунов кун ироқи собун олғил, деб ўттуз пул берган экансиз. Собунни олиб келгач, ётиб уйқуси келмади, вой устакамдан айланай, вой устакамнинг умрини худо бахтимга узун қилсин, деб бутун тонгни тонг отдириб дуо қилиб чиқди.

Бу сўзни кампир сўзлар экан, мен ўнғайсизланиб кетиб ер остидан Саодатка қараб қўйдим.

Саодат қизариб-бўзариб четка бурилиб олған эди. Кампир давом этди: — Мунчалик бизнинг ҳолимизға қайиш-ғанингиз учун беш вақт намознинг олдида мен ҳам ҳаққингизга дуо қилишни унутмайман ва ҳафта сайин қилиб турған марҳаматингизни кўриб ўйлайман: худо бандасига меҳрибон, ҳолимизнинг раҳмини еб саховатлик бу йигитни бизга учратди деб, кўнглингиздаги ҳар на тилагингиз ўзига айёндир. Сиз ятимларнинг раҳмини есангиз, сизнинг ғамингизни ўзи есин. Кампир бир уфлаб олғач, деди: — Манглайим шўрлик экан, болам, Саодатнинг Қаюмжон отлиқ бир акаси бор эди, ёши еттига чиқиб, отаси раҳматлик эндигина тўй қиламан деб турғанда, қизамиқ деган бир фалакат касал билан оғриб дунёдан ўтди, бунинг устига Саодатнинг отаси ҳам марҳум бўлиб бизларни ора йўлда қолдириб кетди. Лоақал шу бола бўлғанда ҳам эди, биз бу йўсун оғир кунларга қолмасми эдик, деб ўйлайман, — кўз ёшисини артиб сўзини битирди. — Бандасининг қўлидан келатургани оҳ-воҳдан нарига ўта олмас экан, болам!..

Мен кўнгил кўтарган бўлдим:
— Олдингизда ёш бўлсалар ҳам қизингиз ва ўғлингиз бор экан, бу кун бўлмаса эртага ахир сиз ҳам ёруғлиқ кунга чиқиб қоларсиз, она, — дедим ва келтурган нарсамни кампирнинг олдиға суриб: — Шу арзи-маған нарсани Саодат билан укасига ҳайитликка олиб келган эдим, бу айбим учун албатта мендан койимассиз, дедим.
— Одамгарчилиғингиздан ўргулай, — деди кампир ва оғзиға келган сўзлар билан дуо миннатдорчилик қила бошлади. Бояғи сўздан кейин уялғанича биздан узоқ-роқда ўлтурган Саодат секингина бизнинг ёнға келди ва қоғозға ўралған кийимликни очиб атласни олди. «Бу менгами?» деб мендан сўради ва жавобимни кутиб ҳам турмай йўллик бўзни олди. «Бу Сайфига», деди. Унинг орасидағи одими бўзни кўруб: «Бу ойимга», деди. Саодат бу нарсаларни жуда оддий қилиб кўрди ва соддача ҳалиги сўзларни айтиб қўйди. Гўё бу нарсаларни илгаридан куткан эди. Атласни яхшилаб кўриб чиқғач, ёқтирғандек бўлди, бир менга ва бир атласка қараб туриб нимадир айтмакчи бўлса ҳам айталмади. Мен нима демакчи бўлғанлиғини сезган эдим. Бу орада биз кампир билан ҳасратлашиб турған эдик, ул келиб сўзни бўлди:
— Устака, — деди, мен қарадим. — Рўзамисиз?
— Рўзаман.
— Рўза бўлмасангиз чой қайнатар эдим, — деди. Онаси кулди.
— Чойни ҳайитда келганимда қайнатиб берарсан, — дедим.
— Ҳайитда келсангиз ош ҳам қилиб берар эдим, — деди ва онасиға қаради.
— Акангга ҳар нарса қилсанг ҳам арзийдир, қизим,— деди кампир ва на учундир кўзига ёш олди, мен ҳам аранг кўз ёшимни тўхтатиб қолдим.
— Бўлмаса бу кун ифтор қилақолинг. — Саодатнинг бу сўзига онаси ҳам қўшилишди. Мен узр айтдим. Лекин ҳақиқатда эса, Саодат билан бирга ўлтуриб ифтор қи-лишни кўнгил истай бошлаған эди. Узоқ сўзлашиб ўлтурдим, бу уйдан чиқиб кетким келмас, бир соат орасида тамоман очилиб-сочилиб кеткан Саодатнинг болаларча қилиғини кўриб тўймас эдим. Саодат гоҳ мен билан, гоҳ атлас билан машғул, бояғи уялиб туришини бир ёққа йиғишдириб қўйған, онаси билан мени кулдириб, анча-гина кўтарилиб қолған латиф кўкраги устига «сенгинадан айланий!» деб атласни босиб қучоқлар эди. Мен бўлса гўё атлас эмас, қучоқланғучи ўзим бўлғандек кайфланар эдим.

Мен кампир билан хайрлашиб чиқа бошлаған эдим, Саодат «Панжшанба кун борайми», деб сўради. Мен кампирнинг олдиға қайтиб бордим-да, айтдим:— Саодатингизнинг бўйи чўзилиб қолған кўринадир, мундан сўнг мактабдан бўшаған вақтида Сайфини юборсангиз қалай бўлар экан ва қўлим бўшаған кезларда ўзим ҳам келиб турарман, — дедим. Гўё кампир ҳам мендан шу сўзни кутиб турған экан, ҳамиятимга ва ақлимга таҳсин ўқуди ва қизиға қаради. «Ана, эшитдингми устакангнинг сўзини, энди вақт-бевақт кўчага ҳам чиқаберма!» деди. Мен чиқатуриб Саодатка қараған эдим, мендан ўпкалагансумон кўринди. Аммо манинг бу сўзим бекорга эмас, балки халфа шогирдлардан баъзиларининг унга ёмон кўз билан қарағанларини пайқағаним учун эди.

Шу йўсунда Саодатнинг онаси ҳам мендан қочмай қўйиб, алоқамиз тағин ҳам қаттиғлашди.

Кутмаган бу муваффақиятим бир неча кунгача кўзимдаги уйқуни ҳам қочириб қўйди. Уч-тўрт кун гўё бу кун-ерта Саодатка уйланатурған каби ҳовлиқиб ҳам юрдим.

Унча-мунча нарсани аямағаним учун бўлса керак, тез замонда гўё Саодатлар оиласининг бошлиғи ҳолини олиб қолдим. Жумъа кунлари масаллиғни кўтариб Саодатларникига борар, Саодатнинг қўлидан ош қилдириб еб қайтар эдим. Саодат кундан-кунга ўсиб борар, шу нусбатда ҳуснига ҳусн қўшилар ва мен баттар унинг мафтуни кесилар эдим. Шу ҳолда орадан икки йил чамаси фурсат ўтиб кетиб, Саодат ҳам ўн олти ёшларға етиб қолди. Энди манинг ошиқона термулишларим маъносини онглий бошлаған, негадир «ака» деб қилатурған хитоб- ларнида тарк эткан эди. Икки йилдан бери кампирнинг олдиға совчи киргузишни ўйлаб келган бўлсам-да, аммо нима учундир Саодатдек қизға уйланиш бахтига эришмакни ўзимга тасаввур қилолмас эдим. Бу тўғрида бўлган ҳамма умидим Саодатнинг онасидан эди, балки ўзи сўз очар ва ёким ораға киши қўяр, деб кутар эди. Ораға бошлаб ўзим совчи қўйишдан ўнгғай-сиз- ланар, тўғриси ўзимга тушунилмаган бир хавф остида бу жасоратдан маҳрум эдим.

Бир кун одатимча Саодатлар уйига борған эдим. Ош-сувдан кейин кампир Саодатни ўчоқбоши юмишига юбориб, менга қараб кулди:
— Саодатка бир яхши жойдан куяв чиқиб қолди. Кеча унашсак унашкундек ҳам бўлған эдик, бироқ сизнинг маслаҳатингизни олайин, деб совчиларни қай-тардим, — демасинми, устимдан бир челак совуқ сув қуйғандек энтикдим, қандай жавоб беришка тилим келмай қолди. Узоқ вақт кесак каби ҳаракатсиз қолғач, куч орқасида тилимни базўр шу сўзга ҳаракатлантирдим:
— Жойи яхши бўлса, ўйлаб кўриш керак...

Куявнинг кимнинг ўғли бўлғанлиғини ва қандай касб қилишини шарҳ қила бошлаған эди, сабрим тамом битди:
— Ундоғ бўлса, кеча совчиларни бекор қайтарибсиз,— дедим. Кампир маним бу киноямга тушунмаған эди:
— Куявнинг теги-тахти менга маъқул бўлишка бўлди-я, фақат энди иш сизнинг кенгашингизга қараб қолди, сиз Саодатка ота бўлмасангиз ҳам лекин оталиқдан юқори ишларни қилиб келасиз. Эндиликда Саодатни узатишда ҳам оталиғингизни аямангиз, — деди.

Бу сўз билан яна ўлганнинг устига чиқиб тепилгандек бўлдим.Чаён каби мени заҳарламакда бўлған кампирнинг тўғри сўзини эшитиб туришка ортиқ тўзалмадим-да, эртагача ўйлаб жавоб беришни айтиб кампирнинг олдидан чиқдим.

Чиқғач, оёғи куйган товуқдек тўрт томонға югура бошладим. Эпақалик бир гап эсимга келмас эди. Ниҳоят, ақлимни бошимға йиғиб, сирримдан воқиф бир ошнамға кенгаш солдим.

Ул узоқ ўйлаб турмай, эртаси кунга томонимдан совчи бўлиб кампирнинг олдиға бормоқчи бўлди. Лекин бутун туни билан кўзимга уйқу келмай, тиканга ағнаған каби азобланар эдим ва сустлигим учун ўз-ўзимни сўкар эдим...

Уста Алим ҳикоясини бу ерга еткузгач, шамъ-нинг сўхтасини миқрозилади ва оғзини пойлаб турғучи Отабекдан «зерикмадингизми?» деб сўраб олиб, давом этди:
— Совчини юбориб тинчий олмадим, ишка қўлим бормас ва бир жойда тўхтаб туролмас, у ердан туриб бу ерга ўлтурар, минг турлик хаёл билан довдир сифатига кирган эдим. Юборган кишим тезда қайта бермагач, бир-икки бора Саодатлар эшиги ёниға бориб келдим. Ниҳоят, миям шишиб Саодатнинг уйи яқинида бўлған бир ёнғоқнинг соясида ўлтурған эдим, совчим чиқиб қолди-ку: юрагим орқамға тортиб кетди. Ва олдинға тушиб юрий бердим, чунки совчиға учрашиб ҳақиқатни онглаш ҳам менга душвор мушкул келган эди.
— Шошма-шошма, ҳо, куяв! — деди совчим. Ҳазилманд бўлғани учун ишнинг чаппа кетканига ишонған, унинг бу «куяв» деган сўзини кинояга йўйған эдим, кетабердим. Ул орқамдан тез юриб етди:
— Қани, тўнни еш! — деди ва тўнимни ўзига торта бошлади.
— Юрагим ёрилишға етди, ҳазиллашма! — дедим.

Ҳақиқатан сўзи чин экан, оғзидан ўпдим. Жиқ тўлған кўз ёшимдан ҳам уялиб турмадим. Сов- чим йўл бўйлаб кампир билан бўлған ҳикоясини сўзлаб кетди: Саодатка бир йилдан бери ҳар кун деярлик совчилар қатнар, кампир ҳаммасига ҳам боши боғлиқ, деб жавоб бериб келар экан. Шунинг баробарида манинг оғзимни пойлар ёки киши қўйишимни кутар экан. Ниҳоят, бир тарафини чин ва бир тарафини сўз олиш муддаоси билан кечаги сўзни менга айтган ва шунга қараб иш қилмоқчи бўлған. Узун сўзнинг қисқаси кампир-нинг жавоби: бир қизим эмас, юз қизим бўлғанда ҳам уста Алимга назир тортдим — бўлибдир.

Теримга сиғмас эдим; икки йиллик юрак дардим ниҳоят ҳозиқини топқан эди. Бир неча кун уялиб кампирнинг олдиға бормай юрган эдим, ўғли орқалиқ йўқлатди. Бордим. Лекин боришимдағи сезгуларимни сизга бу тил билан тушунтиролмайман. Мен борлиқ йўқлиқ эшикдан кирганимда, Саодат кир ёяр эди. Мени кўргач, қизариниб кетди ва ёйилған кир ортиға яширинар экан, шаҳло кўзларидаги сезилар-сезилмас табассумнинг фарқиға бордим.

Кампир билан уялишибкина тўй тўғриларини сўз-лашдик. Кампир ортиқча такаллуфлар қилишға йўл қўймаса ҳам, аммо ўзим Саодатнинг кўнгли ўксимасин учун тўйни катта қилишға тарафдор эдим. Кампир билан тўй ва никоҳ кунларини муқим қилғач, мен кетишка турдим.

Саодат кир ёнида менга бир кўрингандан сўнг, қайтиб кўринмаган эди. А, мен бўлсам яна уни бир кўрмакчи ва ўзига бир-икки оғиз сўз айтмакчи эдим. Ўчоқбошида қозон ювар экан, тўғри олдиға юриб бордим. Ул мени сезмадими ёки сезса ҳам билмаганга солиндими, ҳайтовур орқаси ўгуруғлиқ энгашкан ҳолда ишка машғул эди. Бир ўрим бўлиб тушкан узун қўнғур сочи унинг ҳаракати билан қўлтуғи остида ўйноқлар эди. Анчагина орқасидан тамошо қилиб турғач:
— Саодат, — дедим. Қаради. Ўчоқда ёнған олов иссиғиданми ёки уятиданми унинг юзи қип- қизил олма эди. Қўлидаги сочиғи билан олдимға яқин келиб тўхтади. — Эшитдингми, — дедим.

Ерга қаради. Уни ортиқча уялтирмас учун эшикка қараб юрий бошладим-да: — Майлими? — деб сўрадим. Жавоб ўрнига:
— Ош емай кетасизми? — деди. Бу унинг иккинчи турлик қилиб айтилган «майли» жавоби эди. Бир бугина эмас, қирқ йиллик қадрдон хотин томонидан эрига қилинатурған меҳрибончилиқнинг энг лаззатлиси эди. Чиқар эканман, «Ош емай кетасизми?» сўзининг кайфига тамом мас бўлған эдим.

Уста Алим шу сўнгғи сўзларини айтиб битирар экан, Отабекнинг қошлари чимирилиб, гўё ўзининг ҳам шу йўсун хотираларининг абадий қайтиб келмаслик — йўқлиқға чиққанлиғини яна бир карра онглар эди. Уста Алим давом этди:
— Ўн кун орасида ҳозирликни битириб тўй қилдиқ. Ниҳоят, Саодат меники бўлиб, саодатлик кунларим бошланди. Саодатка бўлған муҳаббатим бир даража сизга маълум бўлғанлиқдан у кунлардаги масъудиятимни ҳам шу ўлчавға солиб била оласиз.

Рафиқам Саодат чин саъида эди. Бу йил ўзимга кутмаган даражада бир куч ва истиқомат ортдириб, тўй билан тугалган бойлиғимни қайтарған эдим. Туришка Саодатлар уйи ортиқ торлиқ қила бошлағанлиқдан шу ҳавлини (Жаннат опа ҳавлисиға ишора қилиб) ҳозирғи қўшнимиздан сотиб олишға муваффақ ҳам бўлдим. Қайин онам, қайним ва эру хотин шу ҳавлиға кўчиб келиб тура бошладиқ. Кундан-кунга Саодатка бўлған муҳаббатим ошқандек касбим ҳам унумлик бўла бошлаған, уйланишим-нинг иккинчи йили ҳалиги қўшнимиздан ўзингиз кўрган боқчани ҳам сотиб олған эдим. Уйланишимнинг учунчи йили Саодат юклик бўлди. Эру хотин биримиз ота ва биримиз она бўлмоғимизни ўйлаб қувонар эдик. Кечалари ётиб уйқумиз келмас эди. Ниҳоят, Саодатнинг ой-куни яқинлашди... — Уста Алим узоқ тин олишдан сўнг давом этди: — ... яқинлашди... лекин абадий бахтсизлик кунларим, манҳус соатларим ҳам яқинлашди... — деди ва сўздан тўхтади.
— Давом қилингиз, — деди Отабек, уста Алим бир уфлаб олғач:
— Саодат боладан қийналиб уч кунгача азобландида, тўртинчи куни ўлди, — деди.

Отабекнинг кайфи тарқағандек бўлиб, кўзларини зўрайтириб очди ва ўзини ёстиқдан олиб ўлтурғач, сўради:
— Ўлди?! Уста Алим кўз ёшисини артиб:
— Ўлди, — деди ва давом этди: — дунёға келиб кўрган бирдан-бир қувончимдан айрилған эдим. Ҳаётнинг ҳамма умримга кифоя қиларлиқ мудҳиш зарбасини шодлиқ ичида қаршилаған эдим. Ойлар бўйинча кўз ёшимни ёмғур каби тўкдим. Чунки менга бундан бошқа бир овинчоқ қолмаған эди. Кўз ёшларимнинг тийилмағанини кўрган қайин онам Саодатнинг вафотининг иккинчи йили мени зўрлаб уйлантирди. Лекин бу иккинчи хотин менга Саодат бўлолмади.

Ҳақиқатан саодатим кўмилган эди. Кейинги йилларда футурдан кета бошлаған қайин онам қизидан йигирма ой сўнг, ўн бир ёшлиқ ўғлини менга ташлаб дунёдан ўтди. Қайин онамнинг вафотидан сўнг, бийлик ўз қўлиға қолған кейинги хотиним фаҳш суратда рўзғоримни тўзита бош-лади. Ўғрилиқча ва тўғрилиқча қиморбоз акасига инъом қилишға киришди. Кундан-кунга ишим кейин кетиб, ишлаганим рўзғорга учурвоқ ҳам бўлмай бошлади. Ёмон хотиннинг шум қадами билан уйимдан барака кўтарилганлигини ва барча баракаларимни рафиқам Саодат билан бирга кўмилганлигини онглаб, кейинги хоти-нимни талоқ қилдим. Энди учунчи йилдирки, хотинсиз яшайман ва уйланишни ҳам ўйлаб кўрмайман. Чунки марҳума Саодат билан кечирган кунларимнинг тотли хотиралари менга абадий лаззат бағишлағанларидек, ҳам аччиғ-аччиғ йиғлатадирлар. Уйланишимга кенгаш бергучи ўртоқларимға: — Мен энди дунёдан ўткан киши, бу кун бўлмаса эртага ёр қабри устида ёнған шамъда ўзини ҳалок қилғучи бир парвона, — дейман.

Eндиги ўйлағаним фақат қайнимни уйлантириш, сўнгра... сўнгра юзни ёруқ қилиб Саодат қучоғига кириш... — деди ва дармонсизланған каби ёстиққа ёнбошлади. Устанинг бу сўнгғи сўзи Отабекни ортиқ асарлантирган, кўз чуқури бир-икки қайта ёш суви билан тўлиб чиқған эди.

Иккиси ҳам узоқ жим қолдилар. Отабек ўз қайғусини бутунлай деярлик унутиб қўйған, қаршисидағи ерга сингибкина ётқан мужассам ишқдан кўз узолмай бошлади. Устанинг мозийсида эмас, ҳолида улуғ бир маъно кўрар эди. Аммо унинг истиқболида бир бўшлиқдан ўзга ҳеч гап учрата олмаса-да, яна улуғ бир маъно кўргандек бўлар эди. Ўз истиқболини ҳам шу устаники қабилидан кўрмакчи бўлса-да, бунинг учун бир нарса камдек, етишмағандек келар, иккинчи уста Алим бўлиш учун бир «ўлди» сўзигина орадан тополмас эди. Кейинроқ бу «ўлди» сўзини қўшқан билан ҳам уста Алим бўлиш қийинлиғини онглай бошлади, чунки Отабек Кумуш томонидан сўкилган ва ташланған эди. Ҳолбуки, Саодат сўкмаган ва ташламаған, балки эри-нинг бир гуноҳи сабабидан ёш умрини хазон қилған ва уста Алим қайин отаси томонидан ҳайвонча қувланмаған... ва қайин ота томонидан куяв йўлиға тузоқ қўйилиб, Саодатни чиқариб олиш фикрига тушилмаган, яъни ораға шайтанат ораламаған... Бу сўнгғи фикрни ул ўйламаған жойдан илҳом қабилидан тўқиб олған эди, яъни ўзининг Тошканддан уйланишига қутидор томонидан ризолиқ берилишини, ҳатто унинг тўйни ўз қўли билан ўтказиб келишини илгаридан ҳозирланиб келинган тузоқ, деб тушунган эди. Муҳокамаси шу ергача келиб еткач, уста Алим даражасига етиш учун ўзида ҳеч бир муносабат кўрмади... Уста Алим ёзиб берган ўринга кириб ётар экан, ўз-ўзига айтар эди: «Қувланишға, таҳқир этилишка лойиқ кўрилган Отабек уста Алим бўлишға ҳам сазовор эмас!» Ул уйқуға кетар экан, юраги болаларини учуриб кеткан каррукнинг уясидек бўм-бўш эди.

* * *

Отабек эртаги намозга турғанда кўзи Шамшодбекнинг базмидан азонда қайтиб келиб, донг қотиб ухлаб ётқан Сайфига тушди. Ўн беш ёшлар чамасида бўлған бу йигит ўзининг ўткур ҳусни билан Саодатдан хабар берар эди.

Бир-икки пиёла чой ичкан бўлди-да, уста Алим билан хайрлашди.

Унутолмаса Нима Қилсин?

Бу гал Отабекнинг кутилмаган равишда Марғилон-дан тез қайтиб келишини Ўзбек ойим ўзининг жуҳуд домладан қилдирған жодусининг ҳинд сиҳрини енгганлиги, деб сўйинган эди.

Бироқ Отабекнинг кўписинча меҳмонхонада ётиб қолиши уни бу тўғрида шубҳага тушуриб қўйған ва бунда қандай ҳикмат борлиғини бевосита билиб олиш учун бирарта ромчи домлаға бо-риш фикрига тушкан эди. Юсуфбек ҳожининг бўлса бундай майда ишларни текшириб юриш учун фурсати ҳам йўқ, унинг Нормуҳаммад қушбеги ёнидан бўшаған вақти понсад ва бекларникида кенгаш ва зиёфатлар билан тугалар эди. Унинг диққатини жалб эткан нарса бўлса, ул ҳам Отабекнинг тадбирсиз сиёсат ва аҳмоқ бошлиқлар мавзуъидан олиб қилатурған шикоят ва ҳасратини кейинги кунларда жим-жит бўлиб кетканлиги эди. Бу кунларда Отабекка энг яқин турған киши Ҳасанали ота эди. Чунки Отабек бу кейинги кунларини меҳмонхонада ўтказганликдан Ҳасаналига ҳам унинг ёниға киришка ва бир мунча сўзлашиб ўлтуришка тўғри кела бошлаған эди. Шунинг учун Отабекнинг қайғулик ҳоллари, уйқусиз мутолаада ўткан тунлари ва умуман ундаги ўзгаришлар бу тўғрида Ҳасаналини ўйлатса-да, сабабини сўрашға ботирлиғи етмас ва сўрашни ҳам фойдасиз деб билар эди. Чунки ул Отабекдаги бу ҳолларнинг сиррини билгандек, муҳаббати орасиға чўб бўлиб тушкан кейинги уйланиши аламидан деб қарор қўйған эди.

Отабекнинг орзулиқ келин олдиға кирмаслиги важҳидан Ўзбек ойим аччиғланди, ниҳоят аччиғиға чидай олмаған бир куни меҳмонхонада Отабек ётар ўрнини ёзиб турған чоқда кириб келди ва ёзилған ўринни бузиб йиғиб ташлади ва:
— Меҳмонхонада ётабериб нима қиласан, ичкарига кириб ёт! — деб жекирди. Лекин ўғли энди илгариги Отабек эмас эди, онасининг жекируғиға қулоқ солмади-да, қайтадан ўринни ёзиб бошлади. Ўзбек ойимнинг ғазаби тағин ҳам аланга олди:
— Сўзимни эшитасанми, кар?! Отабек совуққина қилиб жавоб берди:
— Кар эмасман, лекин сизнинг бу таклифингиз олдида ҳам кар, ҳам кўрман. Бу тўғрида сиз энди ортиқча бош оғритманг!
— Инсофсиз, адолатсиз! Отабек заҳарханда билан сўради:
— Мен бошда сизга нима деган эдим?
— Нима деган эдинг?
— Келинингиз мендан яхшилиқ кўрмас, демаганми эдим? Сиз билан отам бунга кўнмаганми эдингиз, сиз буни инкор қиласизми?
— Ота-онамдан ваъда олғанман, деб шундай хо-тинға жабр қилиб юра берасанми?
— Келинингизга жабрни хоҳламасангиз ва ўзингиз айткан инсофка қайтсангиз, энг осон бир йўл бор, — деди ва онасидан маълум «нима?» деб билатурган саволни кутиб тўхтади. Аммо Ўзбек ойим сўроқ ўрнига лабини тишлаб бошини икки елкасига тебратди. — Сиз сўрашни тиламасан-гиз-да, мен айтай: келинингизга жабрни хоҳламасангиз мендан талоқ қилдирингиз ва бир бечорага бу йўсун азоб бериб юрмангиз! — деди ва бир оз тўхтаб давом этди. — Сиз билган инсофни мен ҳам биламан. Бир бечорани фақат сизнинг кайфингиз учун азоб эмас, чеккан хўрлиғини ўйлаб ҳар куни бир қат этдан тушаман... Агар ўз кайфингиздан кечсангиз, яхши билингизким, бир эмас икки жонни азобдан қутқарған бўласиз, онажон! — деди.

Ўзбек ойим ўғлининг бунчалик қатъий кетишини кутмаган эди ва бу йўсун қаттиғ муомалани-да Отабекдан биринчи мартаба кўрар эди. Сўз қайтаришға ўрин тополмадими ва ё жанжалнинг улғайишидан қўрқдими, ҳайтовур узоққина истеҳзоланиб қараб турғач, «есингни ебсан, болам», деди-да, меҳмон-хонадан чиқди.

Отабек ёлғиз меҳмонхонада ётиб кун кечириш билангина қолмади. Кечалари аллақаёқларға кетиб, йўқолатурған одатлар ҳам чиқарди ва бир-икки қайта ортиқча маст бўлған ҳолда қайтиб, Ҳасаналини тамом ҳайратда қолдирди. Ул Отабекка насиҳат қилишни ҳам билмас ва бу сирни биравга айтиш учун ҳам ҳайрон эди.

Бир кун кечаси ул янги одати бўйича аллақаёққа кеткан эди. Ҳасаналининг кўнгли бу кун ҳам бир ишка гувоҳлик бергандек бўлиб, ичкарида ёткуси келмади, ўринни меҳмонхонаға ёзиб, дарбозани занжирлаб келди. Агар бу кун ҳам ул ўша ҳолда қайтса, бир нарса демакчи, яъни қўлидан келган насиҳатни қилмоқчи эди. Ухламай кутиб ўлтурди. Аммо ул тунги соат ўн бир бўлса ҳам келмас, ўн иккида ҳам дараксиз эди. Ниҳоят, кута-кута уйқуси танг қилғач, ўрнига чўзилиб кипрагини кипрагига улаб ётди ва ухлаб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Орадан номаълум бир муддат ўтиб дарбозанинг сўнақасиз тақиллашидан чўчиб уйғонди ва йўлакка югурди. Қоронғуда занжирни тимискилар экан, «ким?» деб сўради ва жавобиға «мммман» деган сархуш товушни эшитди. Бу товуш унинг юрагини уюшдириб юборған ва «бу кун ҳам шунақа» деган сўзни кўнглидан ўтқузған эди. Занжирни тушуриб, дарбозанинг бир табақасини очиши ҳамоно шу табақаға суялиб турган Отабек Ҳасаналининг оёғи остиға йиқилиб тушди. Ҳасанали бу кунги кайфнинг ўтача кетканлигини пайқаған, йўлакни тутиб кетган ичкулик исидан ўқчиёзған эди. Отабекни суяб меҳмон-хонаға келтурар экан, икки кўзи ичкари ҳавлининг эшигида, чунки Юсуфбек ҳожининг тунлари ташқариға чиқатурған одатининг шу вақтға тўғри келиб қолишидан юраги така-пука эди. Отабекни ешинтирар экан, ризосиз бир оҳангда деди:
— Ўғлим, сизга шу шайтони ишнинг нима зарурати бор?

Отабек мастларча кулди:
— Ммменга зарурати бўлмаса кккимга бор?!
— Нима бўлғанда ҳам мен бу ишингиздан рози эмасман, — деди Ҳасанали ва қандай жавоб эшитишини кутиб турди. Отабек ўрнига ётиб олғач, кучлик қилиб бир уфлаб олди. Ҳасанали ундан жавоб кутар экан, бир оздан сўнг жавоб ўрнига хуррак товшини эшитди... Отабекнинг кутилмаганда бу янглиғ ярамас кўчаларга кириб кетишига ҳеч бир турлик маъно бералмай боши қотса ҳам, аммо унинг кўз ўнгидан игнага зўрлаб тақилған ип нарига кетмас эди. Ундан сўнг, икки ойлардан бери Марғилонни тилга олмаслиқда уни бир оз шубҳага тушириб, «ораларидан бирар совуқчилиқ ўтдими экан», деб ҳам кўнглидан кечирди. Отабек билан бирга чой ичиш мақсадида эрталаб Ойбодоқнинг дамлаған чойиға бормай, Отабекнинг уйғонишини кутиб юрди. Отабек тушка яқин уйғонғач, Ҳасанали чой ҳозирлади. Дастурхон ёзиб ўзини кутиб ўлтурган Ҳасанали ёниға қисиниб-қимтиниб Отабек келди. Тундаги ҳоли эсига тушиб бўлса керак, бошини ердан кўтариб Ҳасаналига қарамас ва бир оғиз бўлсин сўз айтмас эди.

Отабекнинг бу ҳоли Ҳасаналининг ничка юрагига қаттиғ таъсир эткан ва ўйлаб қўйған насиҳатларни унутиб, бекзодани бу оғир ҳолдан қутқазиш фикригагина тушкан эди.
— Ёшлик — бебошлик, деган экан машойихлар, — деб кулиб қўйди Ҳасанали ва: — уй ичидан битта-яримтаси сезиб қолмағай деб жуда хавотирда бўлдим... Ҳайтовур ҳеч ким пайқамапти, — деди. Отабек ташаккур эткансумон Ҳасаналига кулиб қаради ва ўзи-нинг бу кетишидан ризосизлик билдирган каби энтикиб тин олди. Ҳасанали сўзни уринтириб Отабекни ўз ҳолиға қўймас эди. Унар-унмасдан баҳс қилиб, ниҳоят, бу унар-унмаснинг охириға шу саволни ҳам улаб юборди:
— Бу гал Марғилонға кечикдингизми?

Биз юқорида ҳам туртиб ўткан эдикким, Отабек на Юсуфбек ҳожиға, на Ўзбек ойимға ва на Ҳасаналига Марғилондан тез қайтиб келиш сабабини айтмаган, Марғилон билан узил-кесил алоқаси узилганлигини чурқ этиб сўзламаган, сўралмаған сўзга жавоб берилмас қабилидан жим-жит аламини ичкулукдан олибғина юрган эди. Икки ойдан бери биринчи мартаба Марғилон тўғрисидан сўралған савол ҳам фақат шу Ҳасаналининг кейинги сўзи бўлиб, сирни очиш ўнқовида келгандек эди. Лекин жавоб тамом ҳақиқатка муғойир ва кишини ҳайратка соларлиқ бўлди:
— Бу кун жўнамоқчи бўлиб турибман, — деди.

Ҳасаналининг шубҳаси бўшка чиқди. Чойдан сўнг ул ўзининг сўзини амалда кўрсатиб, отасидан ҳам рухсат олиб қўйди ва пешиндан кейин йўлға чиқиш учун ҳозирлик ҳам кўра бошлади. Унинг сиррини билгучи ва «Eнди Марғилонда нима қиласан?» деб сўрағучи орада бўлмағанидек, ул бу сўроқни ўз-ўзига ҳам бериб қарамаған эди. Гўё бурунғидек Марғилон йўлиға ошиқиб ҳозирланар эди...

Йигирма кун ўтар-ўтмас Марғилондан қайтиб келди. Бу боришдан бирар иш чиқара олдими- йўқми, бу тўғрини биз келаси фаслларнинг биридан ўрганармиз.

Келиб Тошкандда бир ҳафта чамаси турди, сўнгра ёниға Ҳасаналини олиб Оқмасжид шаҳрига жўнади. Ул икки йилдан бери тўхтаб қолған савдогарчилик ишини қайтадан бошламоқчи эди...

Бизда Ким Кўп Йиғлайдир?

Ғайри машруъ талоқ хати текканига олти ойларча фурсат ўтиб кеткан эди. Кумушнинг гўзаллик таърифини ғойибона эшитиб, оғзининг суви келгучи хотинлиқ ва хотинсиз орзумандлар «ётиб қолғунча, отиб қол!» сўзига амал қилиб, қутидорникига совчиларни турна- қатор юбора бошлаған эдилар.

Албатта, бунда шубҳа йўқдирким, Кумушнинг эрдан чиқған хабарини Кумушнинг ўзидан ҳам илгари тушунган ва Отабекдан ҳам илгари сезган Ҳомиднинг совчиси бошқа совчиларнинг муқаддимаси, ёз бошида келатурган қалдирғочларнинг йўлбошчиси эди. Ҳомиднинг совчиси бир мартаба келиш билангина қаноатланмади, уч-тўрт қайталаб келиб қутидорға Ҳомиднинг куяв ўғул бўлиш ниятида эканлигини арзу-ниёз қила бошлади. Натижада Ҳомидбойнинг совчисиға берилган жавоб шу бўлди: «Биз Ҳомидбойни ўзимизга куяв ўғул қилишдан ҳеч бир монеълик кўрмаймиз. Аммо қизимиз мундан сўнг эр қилмасға қаттиғ исрор этадир. Шунга кўра Ҳомидбой бизни кечирсин». Бошқа совчиларға ҳам жавоб шу эди. Қутидор билан Офтоб ойимнинг бу жавоблари ўзларича эмас, балки Кумушнинг кўнглига қараб берилар эди.

Бироқ Кумушбибининг «Ман энди эр қилиб бўлдим, мундан сўнг эрга эҳтиёжим йўқ», деган қатъий жавобиға улар узоқ қулоқ солиб туролмадилар, чунки унинг бу исрорини «чидамаснинг сўзи» деб онглар ва тузукрак жойи чиқғанда, эрга беришка ҳам ҳисоблари йўқ эмас эди. Шунга кўра, келган совчиларнинг ўзларига ёқмағаниға гуноҳнинг барини Кумушнинг бўйнига ағдариб жавоб берар, аммо иккинчи ёқдан тузукрак жойини кўзлар эдилар.

Кутилмаган ерга шаҳарнинг энг олдинғи аъён ва сарватдорларидан бўлган Салим шарбатдор деганнинг Комилбек исмлик ўғлидан совчилар келиб қолди.

Ота-отанинг кутканлари шундай тегу тахтлик куяв бўлғани учун биринчи мартаба совчиларни яхши сўзлар ва қуюқ-суюқ ошлар билан жўнатиб, иккинчи келишка ўйлашиб жавоб бературган бўлдилар. Эру хотин узоқ ўйлашиб турмай (чунки ўйлаштурған жой эмас эди) совчининг иккинчи келишида жавоб беришка қарор қўйдилар. Кумушнинг қарши тушмаги тўғрисида, албатта, уларнинг шубҳалари йўқ эди. Шунинг билан бирга ота-онанинг сўзини ерда қолдиради, деб ҳам ўйламас эдилар.

* * *

Куз кунларининг оёғи ва қиш кунларининг боши эди. Дарахтлардаги сариқ барглар тўкилиб тугалган, ер юзи ўзининг қишқи сариқ кийимини кийган эди. Тўрт томони-нинг ўралғанлиғи соясида япроқларини тўкилишдан сақлаб қолған бу гилос ёғочлари ҳам бу кун тунги қора совуққа чидалмай, елнинг озғина ҳаракати билан-да баргларини ширт-ширт узиб ташламоқда эдилар. Ҳаво очиқ бўлиб, қуёш тузуккина кўтарилган, аммо унинг ўзи ҳам бу кун унча таъсири йўқ, бу кунги қора совуқ қуёш кучини-да кескан эди.

Ўрта эшикдан Кумушбиби кўринди. Бурунғи тўла-лиғи кетиб озғинланған ва лекин бу озғинлиқ унинг ҳуснига камчилик бермай, билъакс юқорилатқанлар. Камон қошлари ортиқ мавж уриб ўзини кўрсаткан, бир оз бота тушкан шаҳло кўзлар тағин ҳам тим қоралиқ, тағин ҳам нурлилик касб эткан эдилар. Бу кунги совуққа қарши кийиб олған совсар пўстинининг ёқалиғи кишининг ҳасадини ортдириб, нафис бағбақаларни ўпиб ётар эдилар. Бироқ унда бир камчилик бордек кўринар эди: шаҳло кўзлар бурунғидек ўйнаб турмас ва сўнг чекдаги бир оғирлиқ билан ҳаракатланар эди. Бир томондан қарағанда бу оғирлиқ-да унга бир олийлик, улуғворлиқ бағишлағандек. Келиб айвон муйишиға ўлтурди-да, кўзларини оғирғина ҳаракатландириб, кетма-кет чип-чип этиб тўкилмакда бўлған ҳазонларға қаради ва ҳар бир япроқни юқоридан кузатиб ерга қўя борди. Ул ерга тушкан ҳар бир япроқда ўзининг таржумаи ҳолини ўқур, ўзини-да мавқиъидан айрилиб, ҳечка чиқиб турған шу хазонлардан айира билмас эди. Айира билмади-да, латиф кўкрагини тўрт энлик кўтариб тин олди ва кўзлари жиқ ёшға тўлди. Енг ичидан бир-бирисига ўтқузилған икки қўлини баробар кўтариб кўз ёшини артар экан, ичкари ҳавлидан Офтоб ойим чиқиб келар эди. Ул ер остидан қизиға кўз қирини ташлаб меҳмонхона эшигини очишға тутинди. Офтоб ойимнинг орқасидан Ойшабиби ҳам кўринди, келиб Кумуш ёнида тўхтаб сўради:
— Нима қилиб ташқарида ўлтурибсан?
— Ўзим, — деди Кумуш қошларини чимириб, четка юзини ўгирди.
— Меҳмонхонага кирсанг, сен билан икки оғиз маслаҳатимиз бор эди.
— Нима маслаҳатингиз бор?
— Олдин кир, болам, — деди кампир ва Кумушнинг елкасига қоқиб турғизди. Улар ичкаридаги совчи хотинларни ёлғиз қолдириб, Кумушнинг сўзини олиш учун ташқариға чиқған эдилар. Аммо Кумуш бўлса сов-чиларнинг олдидан ризосизлиғини онглатқандек бир намойиш билан кеткан эди. Ул меҳмонхонаға киргандан сўнг ҳам терсайиб токчалардан недир ахтарғандек юрина бошлади.
— Токчада сан қидирған нарса йўқ, келиб ёнимизға ўлтур, — деди Офтоб ойим.
— Ўлтурганимдан сизга бир пуллик фойда йўқ, сов-чингизга ўзингиз билган жавобни бераверинг! Ойшабиби қизиға маънолик қилиб бир қараб олди:
— Болам, ахир икки оғиз гап эшит-чи олдин! — деди.

Кумуш ўлтура бермагач, Офтоб ойим қизишди.
— Қизим, санинг бу қаршилиғингдан муддаонг нима?!
— Сиз билан отамға муддаомни неча қайталаб айтдим-ку: мундан сўнг бу ишни хоҳламайман.
— Дунёдан тоқ ўтасанми?
— Тоқ ўтаманми, йўқми, буни тангри биладир.
— Ман санинг ҳали ҳам ўша уятсиз эрингдан кўнгил узолмағанингни биламан. Санинг бу хомтамаълиғинг кони болалиғингдир. Сан яхши билки, мундан сўнг отанг ул уятсизга ўз уйидан жой бермаганидек, уятсизнинг ўзи ҳам узил-кесил сани ташлағандир. Агар сўзимга ишонмасанг мана буни ўқуб қара, деди-да, Кумушка бир қоғоз узатди ва давом этди. — Биз буни сан унга хат ёзғанингдан сўнг жавоб ўрнида олған эдик. Бироқ ўша вақтда бу уятсизнинг биринчи талоқ хатиси ҳам санга етиб ортқанлиқдан бунисини сандан яширған эдик. Ҳамон-да санинг умидинг кесилмагани учун бу хатни ҳам кўрсатмакчи бўлдим! — деди. Кумуш қоғозни онасидан олди:

«Матлуқам Кумушбибига. Маним биринчи хатим билан сизнинг менга қилатурған эркаликларингизга бир чек қўйилған каби эди. Лекин бунга тушунмабсизми ва ё тушунишка тиламабсизми, ҳайтовур яна ҳам эски эркаликларингизни тарк этмабсиз. Хатингизни ўқур ва ўзимни кулгидан тўхтата олмас эдим. Орзуга айб йўқ, дейдирлар. Чекдан ошиб қилған ҳужумларингиз эски қадрдонлиғингиз отиға кечириладир. Эндиликда сизга мендек вафосиз ва ҳийлагар бўлмаған янги эр топилғай эди, деб аддои Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли, 26 жавзо, 1265-нчи йил, Тошканд».

Мактуб унинг юрак жароҳатини қайтадан тирнаб ташлаған эди. Кўз ёшини дув-дув тўкиб, хатни ўз тахиға солди ва ўзидан жавоб кутиб турған ачаси билан онасиға деди:
— Мен бу уятсиз йиртқич билан ярашмоқ учун умид тутмайман, шунинг билан бирга эр ҳам қилмайман!
— Нега? — деб сўради онаси.
— Негами? — деди Кумуш ва йиғлаған кўйи жавоб бериб бошлади: — Негаки мен ўзимнинг суйган ва муҳаббат қўйған эримдан бунча уятсизлик, бу янглиғ вафосизлик кўрдим. Энди эр деган шу бўлибдими? Мундан кўра дунёдан тоқ ўткан яхшироқ, ёлғиз юрган тинчроқдир.

Шунинг учун қизингизға эр отидан сўзламанг-да, яфроқ каби титрайтурған юрагига даҳшат ҳам солманг! Бу сўздан сўнг Офтоб ойимнинг оналиқ кўнгли эриб кеткан, ичкарида жавоб кутиб ўлтурғучи совчиларға қандай баҳона топиб киришни-да ўйлаб улгурмаған эди:
— Йиғлама, — деди. Кумушни меҳмонхонада қолдириб онаси билан чиқди.

* * *

Салим шарбатдорники қутидорға ниҳоятда маъқул тушиб қолған эди. Шунинг учун хотини ва қизидан сўраб ўлтурмай бир кун дўконидан эркак совчилар билан битишиб ҳам келди ва хотиниға «мен бу кун фотиҳа қилиб келдим, нима бўлғанда ҳам энди қизингни кўндирмасанг бўлмайдир», деди. Аммо Офтоб ойим-нинг эр отини эшитканда титрай бошлайтурған қизи билан учрашмоққа асло тоқати йўқ, эрининг бу сўзини эшитканда тамом ўзини йўқотқан эди.

Ул қизини кўндириш учун қутидорға ваъда берганда ўз ҳолини икки ёқдан ўқтанилған ханжар орасида қолғучиға ўхшатар, қайси томонға қимирласа ҳам муҳлик яра олишини аниқ билар эди. Шу кундан сўнг бечора она-нинг оғир кунлари бошланди. Эрига берган ваъдасини асло бажара билмас, бул ҳақда қизиға оғиз очиб сўзлай олмас эди. Ҳар кун бозордан қайтиб келиб биринчи сўзи «кўндирдингми?» бўлиб қолған эридан туни билан койиш эшитар ва кундузлари Кумушка оғиз очишға юраксина олмай азобланар эди.

Бир неча кундан сўнг қутидор ҳам энди ўз хатосини онглаған, чунки ҳар кун деярлик Салим шарбатдорникидан келиб тўй кунини сўрағучи кишига турлик-турлик баҳоналар айта бериб зериккан ва уятидан дўконга тушишни-да тарк қилиш фикрига келаёзган эди. Бир кун дўкондан ниҳоятда аччиғланиб қайтди ва Офтоб ойимни умрида эшитмаган сўкишлар билан сўкди: «Қизингни деб шаҳарда бош кўтариб юролмайтурған бўлдим. Кўндирсанг кўндир, бўлмаса мендан уми-дингни уз, мен энди санларнинг дастингдан шаҳардан қочиб кетмасам бўлмайдирған даражага етдим!» деди. Эртаси кун бечора она қизиға машъум мавзуъдан сўз очишға мажбур бўлди. Қизининг ёниға ўлтуриб сўзлаш ўрнига юм-юм йиғлай бошлади. Кумуш эса онасини бу ҳолға солған сирдан воқиф, шунинг учун йиғи сабабини сўраб ўлтурмай, ул ҳам кўз ёшиси билан юзини ювмакка тутинди. Она-бола узоқ йиғлашдилар, кўз ёшлари биткунча бўзлашдилар.
— Бу кунлардан кўра дунёға келмаган бўлсам эди. Бу тириклигимдан кўра, ўлиб кеткан бўлсам эди! — деди охирда Офтоб ойим.
— Янглиш сўзлайсиз, онажон! — деди Кумуш ва: — Сиз дунёда туришка лойиқ эдингиз, лекин сизнинг дунё-дан тўйишингизга ва қон-қон йиғлашингизга сабабчи мен бўлдим. Мен сиёҳ бахт дунёға келмаган бўлсам эди, сизга мунчалик кулфатлар, мунчалик ан-дуҳлар ҳам йўқ эди.

Шунинг учун сиз тангридан сўрангким, тезроқ мен машъумани маҳв этиб, сизга уч-тўрт кун тинчлик берсин, онажон! Сизни бу ҳолда кўришка ва ўз тилагим йўлида сизни қурбон этишка ортиқ тоқатим битди. Ташландиқ бу қизингиз, қўлма-қўл юрғучи бу ўйинчиқ қизингиз киму, сиздек бир меҳрибон онани қон йиғлатиш ким? Йиғламангиз, она. Сизнинг тўкиб келган кўз ёшларингизнинг бир том-чисиға ҳам бу ташландиқ қизингиз арзимас, сиз отамға манинг ризолиғимни ташвишланмай билдираверингиз. Ул ҳам кишилар олдида бу бахтсиз қизининг таънасига қолмасин. Сиз маним юзимга эзилиб қарамангиз, ўйламай-нетмай ризолиғимни билдираверингиз! — деди ва юзига тўзғиб тушкан сочини тўғрилаб олғач, давом этди:— Агар сиз менга ортиқ ачинсангиз, ризолиғимнинг бир шарти қилиб тўйни келаси кузга бўлишини айтиб ўтингиз, агарда отам бахтсиз қизининг бу тилагини қабул этса-етсун, бўлмаса маним бу тилагим ҳам сизнинг бир томчи кўз ёшингизга арзимас, онажон, сизнинг шодлиғингиз йўлида ҳар бир оғирлиқларға бу бахти қаро қизингиз розидир, онажон! Офтоб ойим Кумушнинг бу сўзларига тўзиб туролмай, қизини бағриға босиб қучоқлади, она- бола тағин шиддатлик равишда кўз ёшиға кўмилдилар...

* * *

Офтоб ойимнинг қатъий исрорига биноан қутидор ҳам қизининг шартини қабул эткан.

Қудалар ҳам келаси кузгача кутишка рози бўлған эдилар. Демак, келаси кузга қутидор Салим шарбатдор каби бир кишига қудалашиб олғанидек, Кумушбиби ҳам Отабек ўрнига Комилбекни алмашдирар эди.

«Наво» Куйи

Халқимиз таъбирича, бу замонлар «мусулмонобод» бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўя-турған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шариъатча эди. Ўғирлиқ қилған учун қўл кесиладир ва ё дорға осиладир. Зони билан зониялар ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намоз- сизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирадир эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош ака-нинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопқа бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар ҳам етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрий олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тириклик қилғучилар ҳам йўқ эмас эдилар. Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилған ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди.

Беш ойлаб Оқ масжид сафарида юриб кеткач, Отабек тўғри шу Чуқур қишлоқ бўзахоналаридан бирига келиб тушкандек бўлди. Уни кундуз кунлари бўзахонада учратиб бўлмаса-да, аммо бўзахонаға келмаган кечаси жуда оз эди. Бўзагар Отабекнинг ким боласи эканлигини яхши билгани учун ҳамма ишни унинг тилагига қараб қилар, ул келди дегунча оддий бўзахўрлар ёниға ўтқузмай ўзининг махсус ҳужрасига олиб кирар, бошқаларға берилатурган лойқа бўзадан бермай, бўза-нинг гули билан меҳмон қилар эди.

Ҳозир ҳам ул шу бўзахонада эди. Энди учунчи кувачани тугатиб, тўртинчини чақирған эди.

Бўзагар кирди:
— Бўза берайми, бек? — деб сўради.
— Беринг, — деди ва: — машшоғингизни ҳам киргизинг! Вақт ярим кечадан ҳам оғқан, кундуз кунидан бери ичишиб чарчаған хўрандалар бақиришиб-чақиришиб тарқалишқан эдилар. Бўзахона тинчиган эди. Қўлма-қўл юриб чарчаған машшоқ ҳам бўшаб, Отабекдан катта-катта эҳсонлар кўргани учун, вақтнинг кечлигига ҳам эътибор қилмай кирган эди. Машшоқ Отабекнинг сархуш қўлидан бир пиёла бўзани ичкач, дуторини чертиб сўради:
— Қандай куйни чалай, бек ака?

Отабек сархуш товуш билан жиддийгина қилиб жавоб берди:
— Билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз! Машшоқ ажабсинған эди:
— Дунёда бундай куйлар борлиғини умримда би-ринчи мартаба эшитаман, бек ака!
— Дунёда бундай куй йўқ деб ўйлайсизми, сиз эшитмаган бўлсангиз манинг эшитканим бор... Билмасангиз, билган куйингизни чалингиз! Машшоқ дуторини созлар экан, яна сўради:
— Бу куйлар янги чиқғанми?
— Янги чиқған.
— Қаерда эшитдингиз?

Отабекнинг кайфи тарқағандек бўлиб, машшоққа қаради:
— Бу куйларни Фарғонанинг Марғилонида эшитдим...— деди.

Дуторни созлаш учун реза куйлардангина олиб турған машшоқ, Отабек кутмаган жойда «Наво»дан бошлаб юборған эди. Куйнинг бошланиши биланоқ унинг вужуди зирр этиб кеткандек бўлиб кейинги пиёласини бўшатди ва ихтиёрсиз равишда дуторнинг мунглик товшиға берилди. Дутор товши қандайдир ўзининг бир ҳасратини сўзлағандек, ҳикоя қилғандек бўлиб эшитилар эди. Йўқ, бу ҳасратни ул ўз тилидан сўзламас эди — Отабек тилидан сўзлар эди... Отабекнинг кўз ўнгидан ўткан кунлари бирма-бир ўтиб бошладилар-да, ниҳоят «анув» хотиралари, «анув» ҳангомалари ҳам кўриниш бериб ўтдилар... Йўқ, ўтмадилар... унинг кўз ўнгида келиб тўхтадиларда, шу кўйи турабердилар... Дутор бу кўринишни унинг кўз ўнгига келтириб тўхтатқач, бу фожиъага ўзи ҳам чидаб туролмағандек йиғлий бошлади... Дутор қуруққина йиғламас эди, балки бутун коинотни зирр этдириб ва хаста юракларни дирр силкитиб йиғлар эди... Отабек ортиқ чидаб туролмади-да, рўймоли билан кўзини яшириб йиғламоққа киришди... Ул кўз ёшларини тўхтатмоқчи бўлар эди. Бироқ ҳозирги ихтиёр ўзида эмас эди — ҳамма ихтиёр дуторнинг ҳазин «Наво»сида, тоқатсиз йиғисида эди...

Дуторнинг нозик торларидан, тилсимлик юракларидан чиқған «Наво» куйи ўз ноласига тушунгучи Отабекдек йигитларга жуда муҳтож эди. Ўз дардига тушунган бу йигитка борған сайин дардини очиб сўзлар, йиғлаб ва инграб сўзлар эди... Эшиткучи эса дунёсини унутиб йиғлар, кучини йиғиштириб йиғлар ва ҳасрату аламини кўз ёшиси билан тўкиб йиғлар эди...

Ниҳоят «Наво» куйи унинг бутун танидаги сувларини кўзи орқалиқ тўкдирди-да, фалакнинг тескари ҳаракатидан шикоят этиб қўйди ва дунёда ёлғиз ҳасраткина бўлмағанлигини билдиргандек ўзининг «савт» куйини ер юзига шодлиқ ва сўйинч ёғдириб арз эта бошлади.

«Наво»нинг сиҳирлик «савт»и Отабекнинг кўз ёшларини қуритди-да, бир енгиллик бағишлади.

«Наво» билан ювилиб кеткан унинг умид гулзорида янги чечаклар униб чиқди...

* * *

Бу ўлтуришдан сўнг ул бир ойлаб бўзахонаға келмай кетди. Марғилондан қайтиб келгач, яна эски одатида давом эта бошлади...

* * *

Отабекнинг ўша воқиъадан сўнгғи Марғилон қатнашлари фақат натижасиз қуруққина бир қатнаш эди. Бу қатнашнинг ҳар бирисида уста Алимникига тушар, аммо ҳануз ундан ўзининг сиррини яшириб, Андижондан қайтиб келишини ва ё боришини ва йўл устидан кўриб кетиш учун кирганини айтиб уста Алимни миннатдор қилар эди. Ул Марғилонда кўб тўхтамас, бир кун, узоққа тортилса икки-уч кун туриб қайтар, баъзи вақтларда йўл устидан «Хўжа Маъоз» мозорини ҳам тунаб кетар эди. Унинг ўн кунлаб йўл машаққатини ўз устига олиб, Марғилонда қилатурған иши шу машаққатлар эвазига арзуғулиқ эдими, йўқми, ўқуғучи буни қуйидан онглар:

Марғилондан натижасиз, тамоман бўшка қайтиб Тошканд келгач, Кумушни унуткандек бўлиб уч-тўрт кун у-бу билан овиниб юрар, сўнгра ҳафта, ўн кундан сўнг яна Марғилон тўғрисида ўйлаб бошлар, ўйлаб ўйининг тегига ета олмағач, ўзини қаёққа уришини билмай қолар, шундан сўнг ҳамма аламини Чуқур қишлоққа ҳавола қилиб, ўн-ўн беш кун босим ичканидан сўнг ичкулукдан ҳам лаззатланмай қолар ва шунинг ёнида унинг кўнгли бир нарсанинг бўйини олғандек сезинар, гўё Марғилон борса бир гап бўлатурғандек, бормай қолса кейинчаликда ўзи ўкинатурғандек... Шундан сўнг тўсатдан Марғилон йўлиға тушиб қолар, йўлда борар экан, ўзини тўрт кўз билан кутиб турғандек сезилган Марғилонға ҳар нимадир, бир соат илгарироқ етиш учун ошиқар эди. Ле-кин... лекин Марғилон дарбозасидан кириши ила унинг ҳоли ўзгариб бошлар, юраги қинидан чиқар даражада ўйнамоққа олур, айниқса пояфзал растасига яқинлашгач, унинг бу изтироби шиддатланур, пояфзал растасининг яқини билан бунчалик ўзгаришда қолған Отабек растанинг ўзида қандай ҳолға тушмоғини тасаввурдан ожиз келур ва раста кўринди дегунча отининг бошини чапка буриб юборар ва орқасидан кимнингдир «...борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз... уятсиз!» товши эшитилгандек бўлар эди... Ўз-ўзига «ҳақиқатан мен уятсиз», деб қўяр ва шунинг ила ҳамма кутилган-кузатилган гаплар, беш кунлик йўл машаққатлари ҳавоға кетар, ҳатто хаёлда эмас, ҳақиқатда ўйлаб қўйған қайин отаси билан хотинини шариъатка чақириш фикри ҳам унутилар ва йўқолур, «ҳийлагарнинг юзини қозихонада кўрайми, ўзи ҳам қурсин, юзи ҳам!» дер эди-да, отини тўғри уста Алимникига қараб солар эди.

Отабек уста Алимни жуда юқори даражага қўйға-нидек, унинг мажлиси билан ҳам анча енгиллашар, ўн йиллардин бери уста Алим юрагида сақланған ва қабрға ҳам бирга кетиши кутилган ишқ тарихини қайта-қайта эшиткуси келаберар, уста Алим ҳам ўзининг ўлган Саодати тўғрисидағи ипидан-игнасигача бўлған хотираларини такрор-такрор ҳикоя қилиб, ҳикояси охирида: «Пешонамга сиғмади-да, ўлди», деб қўяр, бу сўз Отабекнинг ҳам юрагига совуқ сув сепкан таъсирини бериб, ул ҳам кўнглидан: «Маним ҳам пешонамга сиғмади-да, тириклайин ўлди» деган сўзни ўтқузар эди. Шу ҳолда икки-уч кун уста Алимникида турғач, энг сўнгғи мартаба Марғилон билан хайрлашкан каби шаҳарнинг ҳар бир нарсасига алвидо назари билан боқар ва боши оғқан томонға кеткандек Марғилоннинг ўнғай келган дарбозасиға қараб йўл олур эди. Қўқонда бир-икки кун, Кировчида уч-тўрт кун, Қурама, Телов ва шунингдек, қишлоқларда ҳам бир неча кунлаб қўна-қўна ниҳоят, Тошкандга келиб етар яна... яна...

Отабекнинг Марғилонға бориб келиши шу йўсунда эди. Унинг сирри ўзидан бошқа ҳеч кимга маълум бўлмағанлиқдан, орада унинг ҳолиға кулгучи ва ундан ҳисоб олғучи бирав ҳам йўқ, фақат ул ҳамма ҳисобни ўз юрагидан олиб, ўз юрагига берар эди. Шу йўсун оромсизлик ва бесаранжомлик ичида унинг ой-кунлари ўтиб турар эди.

Жонсўз Бир Хабар Ва Қўрқунч Бир Кeч

Агар олған ҳисобимиз тўғри чиқса, бу гал унинг Марғилонға қуруқ қатнаб юришининг еттинчи қайтаси эди. 1267-инчи йилнинг кузи — бу воқиъаға ўн саккиз, ўн тўққуз ойлар ўтиб кеткан эди.

Eрталабки чойдан сўнг, уста Алим ўзининг қайниси билан ошхонаси ёниға янгигина қурған тўқув дўконлари ёнида ипакка оҳор бериш ила овора эди. Аммо ул бўлса, дўконхонанинг устунига суялган кўйи қандайдир бир ўй билан машғулдек кўринар, устанинг Тошканд тўғриларида берган саволларига «шундоқ, ҳа, йўқ, албатта» каби қисқа жавоблар билан қарши турар эди. Ул шу кўйи ярим соатлар чамаси сўзсизлик сўнггида, сўзсизгина кўча эшик томонға чиқиб кета бошлади, уста Алим кўзини ишидан узиб сўради:
— Йўл бўлсин, Шокирбек?

Отабек йўлак ёнидан жавоб берди:
— Шаҳарни бир айланиб келмакчиман.
— Жуда яхши, — деди уста ва: — аммо пешиндан кечка қолманг, мен ошни дамлаб сизни кутиб ўлтураман, тузикми?
— Тузик, — деди Отабек ва йўлакдан ўтиб эшик олдиға — кўчага чиқди. Чиқиши билан нариги эшикдан Содиқ ҳам кўриниб қолди-да, Отабек билан тўқнаш келди. Содиқ илтифотсизгина унга қараб олғач, шоша-шоша ўнгдаги тор кўчага юриб кетди. А Отабек тўғриға, катта кўчага қараб юрди. Ҳаво булут эди.Оқ булутлар бўлғанлиқдан қуёшнинг нури унча кесилмаган, қуёш тўр рўймол ичида ўлтурған келинлар каби ер юзига сузилиб қарар эди.

Булутларнинг оҳистагина сай-ридан сезилар-сезилмас ҳафиф бир шамол юриб, енгилгина бир изғириқ ҳам юзга келиб тўқунар, бу изғириқ кишига унча роҳатсизлик бермаса-да, лекин қаердадир доғ қи-лин--моқда бўлған зиғир мойининг аччиғ исини димоғқа келтуриб уришидан кишига бир беҳузурлик ҳосил бўлар эди. Отабек йўлнинг айрилишиға бориб тўхтаған эди.

Юзидан иккиланиш ҳолати сезилар эди. Бу ҳолат икки йўл устида воқиъ бўлғанлиқдан онгланмоғи енгил, чунки бир томонда пояфзал растасининг йўли, иккинчи ёқда тўғри кўча эди.

Узоқ тўхтаб турмай собит ва кучлик адимлар билан пояфзал растасига юрди. Гарчи бу кўча унинг юзига қизариб-оқариш ва бўзариб-сар-ғайиш туслари берар эди, яна ҳар ҳолда ул собитқадам эди, ўша воқиъадан сўнг, оналар таъбирича, «илон чиқған» бу кўчага биринчи кириши, биринчи жасорати эди. Кўчанинг бурилишида яна бир оз унинг адимлари секинлашса ҳам, лекин олдинлашини қўймай бораверди. Узоқдан қутидорнинг тилсимлик дарбозаси кўриниб турар эди... Дарбоза ёнидағи машъум тол дарахти ҳам номуборак бир ишка гувоҳлик берган каби бўлар эди. Борлиқ кучини асабият марказига йиғиб, тағин бир қайта дарбозага қараб олди. Бу қарашида бутун ўткан кунла-рини яна бир қайта хотирлағандек бўлди ва иҳтизозот орасида уфлаб юборди. Кўринган гилос ёғочларининг остида бир вақтларда кимдир бирав уни кутиб олар эди, энди-чи... Энди кимни кутар экан?— деган савол миясини шипириб кетди... Ул Кумушни тамоман ўз муҳаббатида боқий деб билар ва отасининг зулмига маҳкум, деб тушунар эди. Шунинг учун кўринган гилос ёғочи-нинг куз билан сарғайған баргидек Кумушнинг заъфарон юзини кўрди, ўзи учун эмас, унинг қалби парчаланғандек бўлди. Ҳозир ул кутилмаган бир жасоратка молик бўлған каби эди. Кирайми, деб ўйлади, бевосита ўзи билан онглашайми, деб жасоратланди... Лекин... лекин дарбозанинг қаршисидағи машъум тол ёғочи унга қараб кулгандек бўлар эди: «Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз, орсиз...» Ул дарбозага яқинлашаёзган эди, нимадандир чўчиб четка бурилди. Чунки дарбозадан чиқиб қолған икки кишини кўриб, буларнинг бирини қайин отаси бўлиб чиқмоғидан ҳурккан эди. Ҳайтовур чиқғучилар бегона одамлар бўлиб, олдинга тоба юрий бошладилар. Бояғи «...орсиз» жумласи билан унинг кириш фикри тамоман сўнган эди. Аммо «биравлар» тўғрисида нима бўлганда ҳам бир гап эшитмак ҳаваси туғилған эди. Бу чиқғучилар гарчи қутидорнинг ити ҳақида бўлса-да, бир маълумот бералар-ку, деб ўйлади ва уларга етиб олиш учун адимларини кенгайтирди. Улардан уч-тўрт адим берида борар эди. Бахтка қарши улар чурқ этмайгина кетар эдилар. Ниҳоят, юз адимча боргандан сўнг, улардан сўз эшитишка тўғри келди; бириси иккинчисига деди:
— Тўй билан никоҳни бу кунга қилғанимиз яхши бўлди.
— Нима, жувонга ҳам тўй бошқа, никоҳ бошқа бўлармиди? Борди-келди битта жувон қизи бор-ку, мунга тўйни бошқа, никоҳни бошқа қиламиз деганига ҳайронман.
— Ахир қутидор ҳам бообрў одам-да, — деди би-ринчи киши.

Жонсўз бу хабарни эшиткан Отабекнниг ҳуши бошидан учкан каби бўлди-да, адим узган жойида михлангандек қотиб қолди. Гўё устидан бир челак қайнаған сувни ағдарған эдилар-да, бутун териси оёғига сидирилиб тушкан эди... Беш дақиқалаб йўл устида эсанкираган, ҳушсизланган кўйи қотиб турғач, мошинавори бирдан юриб кетди... «Кишининг хотинини талоқсиз чиқариб ол-да, бу кун эрга бер», деди ва телбаларча нима учундир кулиб қўйди, ўз- ўзига сўзланиб Марғилон кўчаларида тентакларча югура бошлади. Унинг бу кунги ҳолиға қараш юракларни ёрғанидек тасвирга ҳам қалам кучи ожиздир...

* * *

Ойнинг ўн бешлари бўлса-да, ҳавонинг булутлиғи билан ой кўринмас, чин маъноси билан қоронғи кузнинг қоронғи бир туни эди. Бир неча юз йиллардан бери яшаб фавқулодда зўрайиб кеткан «Хўжа Маъоз» мозорининг чакалаги бу қоронғилиққа бир манбаъ каби эди. Кучлик бир ел турған, қандайдир бир ишка ҳозирланған каби тўрт томонға югуриб юрар эди. Мозор чакалагининг бир бурчагида тутаб ётған тўнка ёнида сочлари ўсиб соқолиға қўшилиб кеткан бир девона бу мудҳиш қоронғилиққа қарши курашкан каби гулханни ёндиришға тиришар, гулхан таварагидан айланиб қўлидағи касави билан тўрт томонидан ковлар эди. Ел борған сайин кучлана борди, чакалак тартибсиз ҳолға кириб кетди, битта-яримта тўкилмай қолған япроқлар шитир-шитир тўкилишка олдилар, қарға ва зоғчалар айни уйқу замонида тинчсизлагани учун елга қарши на-мойиш қилғандек ғо-ғу билан чакалак устидан айлана бошладилар. Ел кучайгандан кучайиб борар ва шу нусбатда мозор ичи ҳам яна бир қат қўрқунч ҳолға кирар эди, ел кетма-кет бўкурар, бунга чидай олмаған шох-шаббалар қарс-қурс синар, кекса ёғочлар ғийқ-ғийқ этиб ёлбориш товши чиқарар эдилар. Ел ортиқча бир ғазаб устида эди, ер юзидаги тиккайган нарсани букиб-янчиб ташламоқчи бўлғандек пишқирар эди.

Чинорлардан бирисини ерни титратиб йиқитди, девонанинг гулханини ҳам тўнка-пўнкаси билан кўтариб чакалакнинг ичига отди. Бутун мозор ичини ўт учқуни ила тўлдириб, яна кўринишка бошқача бир тус берди. Мозорни бу ҳолға солғандан сўнг гўё шунинг учун ғайратлангандек бир оз пасая тушди, оч қолған шер каби пишқириб бўкиришлари босилғандек бўлди. Ярим соат чамаси жонсаракка учраб учиб юришка мажбур бўлған қарғалар елнинг ғазаби босилғанини бир-бирларига хабар бергандек ғо-ғу билан эски ўринларига қўна бошладилар. Кўкни ўраб олған қора булутлар ҳам тўс-тўска бўлиниб, ой ҳам қора парда ичидан ярим юзини очиб ер юзига мўралаб қўйди. Гумбазнинг қаршисидағи икки туп кекса чинорнинг искелет каби қуруқ шохлариға ел билан аллақаёқларға учуб кеткан бойқушлар тўпи ҳам келиб қўна бошладилар. Ой парчаланған қора булутлар билан бекинмачоқ ўйнаған каби ҳали кўриниб, ҳали яширинар эди. Ул ер юзига кулиб қарағанда мозорнинг чакалак қисмига айтарлик ўзгариш бера олмаса-да гўристон қисмидаги дўмбоқ қабрларни ва уларнинг устидаги мармар қабр тошларини чуқур бир сукут ичида экан, тақдим қилар эди. Бойқушлар уяси бўлған икки туп чинорнинг қаршисида гунбазга рўбарў қилиб со-линған айвон-зиёратхона бор, аммо ой тик кўтарилганликдан зиёратхона ичи қоп-қоронғи эди. Чинор шохлари тасбеҳ каби чизилған бойқушлар билан тўлған. Улар ой нуридан унча хурсанд эмаслар, чунки ой ер юзига кулиб қарай бошласа, улар бошларини кафтлари ичига оладирларда, дум-думалоқ бўлиб сиқилиб кетадирлар. Ой булутлар остиға кирса, улар роҳатланған каби чиғ-чиғ-чиғ, ки-ки-ки қилиб сайраб ҳам юборадирлар. Бу вақт шу бойқушлар сайроғи ичидан инграниш каби бир товиш ҳам эшитилгандек бўладир.

Масжид манорасидан руҳонийят ёғдириб мунглик азон товши эшитилди-да, уйқу қучоғида ётқан табиъат уйғониб жавоб берган каби жонғираб кетди. «Оллоҳу акбар»нинг сўнгғи такрорида Отабек зиёратхона айвонидан тушди-да, шилдираб оқиб турған ариқ ёнида таҳорат олишка ўлтурди...

Кулиб Қарамаған Бахт

Eнди унинг умиди ортиғи билан узилған эса-да, юрагининг ёниши босилурлиқ эмас эди.

Илон чаққан кишидек довдир ва бесаранжом кўзлари билан теваракка бежо-бежо назар ташлар эди. «Ниҳоят, отаси ўз муддаосига етди, қизини янги куявга топшириб тинчланди, кеча кечаси у...» дер эди-да, мундан кейинги оғулик ҳақиқатини бир турлик ҳам ўзига сингдира олмас ва буни ўйламасликка тиришиб ва ўзини алахситмоққа ўла теварагига бежо-бежо назар ташлар эди.

Eнди Марғилон қатнаб юришларға хотима берилгандек ва Марғилон ҳам ундан «тағин мендан нима илинжинг бор?» деб сўрағандек бўлар эди. Ул «Хўжа Маъоз»дан чиқиб тўғри уста Алимникига қараб борар эди ва у ердан отини миниб умрликка Марғилон билан видолашмоқчи эди эса-да, ошна бир кимса унинг кўз ўнгига кўрингандек ва бегона раҳмсиз бир йигитнинг қучоғидан қутилиш учун ундан имдод сўрағандек бўлар эди.

Уста Алим эшигига етаёзди. Том бир маъюсият ичида бошини қуйи солған эди, ўтиб турғучларни пайқамас, лахжа чўғ каби ёниб турған юрак ўти билан сархушдек эди. Қаршидағи Содиқнинг эшигидан чиқғучини ҳам пайқамай қолди ва бир қараб олса ҳам танимаған эди.

Отабек уста Алимникига келиб киргач, Содиқникидан чиқғучи Ҳомид унинг орқасидан қараб йўл устида қотиб қолди...

* * *

Шокирбекнинг кеча эрталаб чиқғанидан бери дараксиз кетишига ташвишланиб ўлтурган уста Алим уни йўлакда кўриши биланоқ сўради:
— Эййй, баракалла сизга, Шокирбек, қаёғларда қолиб кетдингиз? Жуда ҳам ташвишландим- да ўзим... Нега бир кунда бунчалик ўзингизни олдириб қўйдингиз?

Чиндан ҳам ул ўзини танилмаслик даражада олдир-ған, ўлат теккан кишилардек кўзлари ичига чўкиб кеткан эди. Киртайган кўзига куч билан кулги туси берди.
— «Хўжа Маъоз»га борған эдим...
— Нима учун?
— Тунашка.

Уста Алим таажжуб ичида яна бир қат уни кузатиб чиқди:
— Тунадингиз?..

Отабек айвон пешонасига ўлтурар экан, устани шубҳада қолдирмас учун деди:
— Кўбдан бери бир тунасам, деган хаёлим бор эди.
— Бузрукдан сўрайтурған тилакларингиз бор эканда,— деди уста Алим ва кулди. Бу вақт иккиси ҳам йўлакда юриб келган оёқ товишиға қарадилар. Қўпол қилиб бошиға салла ўраган, устаға ўхшаш рангсизгина бир йигит кириб келар эди. Уста Алим келғучининг истиқболи учун ўрнидан турди: «Eйй, уста Фарфи, келинг-келинг, бормисиз!» деди. Уста Фарфи салом бериб, уста Алим билан кўришди. Отабек кўришишга ҳозирланмаган ҳам эди, аммо келгучининг ўзи қўл узатдида, «саломатмисиз, меҳмон» деб кўришиб олди. Айвонға ўлтургач, фотиҳа ўқулди.

Уста Алим келгучини хуш омади қилар экан:
— Сиз ҳам келар экансиз-а, уста Фарфи, — деб пи-чинг отиб қўйди. Соғу саломатлик сўралиб бўлинғандан сўнг уста Фарфи қаршидағи янги қурилған тўқув дўконларига ишорат қилиб деди:
— Ишлар катта-ку, уста. Дўконларни ҳам қуриб юборибсиз.
— Дўконни қурғанимизға энди ўн беш кунча бўлиб қолди. Фотиҳа ўқишға келармисиз, деб кутдим, шу чоқғача дарагингиз бўлмади.
— Ўзингизнинг бошингиздан ўткан, уста, — деди биравнинг кафилини олғандан сўнг ишни ташлаб чиқиш қийин, жумъанинг шарофатлари билан ошна-оғайниларникига борилмаса бошқа иложи йўқ, ахир ўзингизнинг ҳам бошингиздан ўткан-ку.
— Йўқ-йўқ, — деб кулди уста Алим, — мен сизга ўхшаб дўконнинг устида сира тухум босқан эмасман, симкорни кўзим қиймайдир десангиз, мен ишонар эдим.
— Бу гапингиз тўғри, — деди кулиб уста Фарфи, — жўжалари тушкир йилдан-йилга кўпайиб борадирлар, қозонни сувга ташлаған кунимиз жанжал.

Уста Алим дастурхон ёзиш учун ҳужрасига кирганда уста Фарфи Отабекка қаради.
— Сизники қаердан, меҳмон?
— Тошканддан.
— Жуда яхши, қани юқорига чиқинг, меҳмон, — деди. Отабек раҳмат айтиб жойидан қўзғалмади. Уста Фарфи уни яна бир қат кўздан кечириб олғач, чўк-калашини бузиб чордана қуриб олди. Дастурхон ёзилиб, эртанги ноништа учун дамлаб қўйилған чой олиниб келинди.

Уста Алим Шокирбекни юқориға чиқишға қистаса ҳам ул кавшини ешмай эскича ўлтура берди.

Ун-дан-бундан сўзлашиб чой ичишка бошладилар. Уста Алим билан уста Фарфининг сўзларидан илгарида бир устакор-никида ишлаганликлари, мундан йигирма кунлар бурун уста Алимнинг устакор билан нима учундир уришканлиги ва шундан сўнг ўз уйига дўкон қуриб ўзича ишлай бошлағанлиғи онглашилар эди. Уста Фарфи ундан аччиғланиш сабабини сўраса ҳам ул қаноатландирарлик жавоб бермас, фақат «ёмон одам экан, тўнғиз» билан кифояланар эди. Шу вақт Отабек қўлидағи пиёласини бўшатди-да, уста Алимга деди:
— Энди менга рухсат берасиз, уста. Мен жўнайман.

Уста Алим ажабсиниб унга қаради ва:
— Нега тағин кетмакчи бўлиб қолдингиз? Уч-тўрт кун турмоқчи эмасми эдингиз? — деб сўради.
— Марғилондағи ишларим битиб қолди, ўзим ҳам зерикиб бошладим...
— Бўлмаса чой тугалсин, шундан сўнг сизга рухсат,— деди уста Алим ва бир пиёла чой тўлдириб берди. Отабекнинг изн сўраши билан бўлиниб қолған саволини уста Фарфи давом этдирди:
— Тўғрисини айтингиз-чи, уста, нима учун устакор билан ачиғлашдингиз?
— У сизга аниқ айтмадими?
— Айтмади. Сўрасам, гапни бошқа тарафка чалғи-тади.
— Имонсиз, айтишка уялған, — деди уста Алим ва кимгадир нафратланиб қарағандек бужмайиб қўйди.
— Ҳайтовур сиз билан аччиғлашқан сабабини сўра-сам, гапни четка буради.

Уста Алим қўлидағи пиёласини қулт этиб бўшатди-да, устакори билан аччиғлашиш сабабини сўзлаб берди:
— Мен Ҳомиднинг қайним Сайфига ёмон кўз билан қараб юрганини сал-пал сезиб юрар эдим... Уриша-турғон кунимизнинг эрталабида Сайфини илгарироқ ишка жўнатдим-да, ўзим нимагадир уриниб кечроқ қолиб бордим. Дарбозадан киришим билан ишхона ичидан ким- нингдир йиғлаб-ёлборған товшини эшитиб ажабсиндим ва ишхона эшигини очиб кирсам, имонсиз Ҳомид қай-нимға зўрлиқ қилиб турған экан. Эшик очилиш билан чўчиб Сайфини бўшатди-да, менга қаради. Мен аччиғимдан нима дейишни билмай қолған эдим. Тўнғуз ишхонадан чиқиб бошлаған эди: «Сен билан отангға йигирма йиллаб хизмат қилиб, ниҳоят сендан кўрган яхшилиғим шу бўлдими?» дедим. Чурқ этмай чиқиб кетди. Нимагадир, сиз, Карим ва Ортиқбойлар ҳам ишхонага келмаган экансизлар. Тўнғуз вақтдан фойдаланиб Сайфига ёпишқан экан. Мана, орамиздан ўткани шул. Унинг орқасидан мен ҳам Сайфини олиб чиқиб келдим-да, иккинчи учрашмай уйга дўкон қуриш ҳаракатига тушдим, — деди. Уста Фарфи ҳам устакорнинг бу қилиғидан нафратланган эди:
— Ўбба падарлаънати, ҳали шунақа иш қилди денг-чи? Ўзи одам эмас, ҳали бу унинг ҳунарларининг энг пачоғи, — деди ва товшини секинлатиб давом этди: — бадбахт, ақллар ишонмаслиқ даражада бўлган ҳар бир ёмонлиқларни қилар эканки, биз билмас эканмиз.

Отабек уста Алимнинг ҳикоясини илтифот билан эшиткан эди. Шунинг учун ундан сўради:
— Бу қандай Ҳомид, қора чўтир киши эмасми? Мен ҳали уни қўшнингиз уйидан чиқған ҳолда кўрган эдим.

Уста Алим ажабсиниб Отабекка қаради:
— Ўша-ўша, сиз уни қаёқдан танийсиз?
— Унинг билан аллақаерда сўзлашканим бор эди.

Уста Фарфи Отабекка кулги аралаш қараб олиб деди:
— Бўлмаса, унинг қўланса сўзларига хўб завқлан-ғандирсиз.

Отабек маънолик қилиб илжайди. Уларнинг сўзи шу ерга етканда рўймолда тугиглик бир нарса кўтаргани ҳолда Сайфи кириб келди, саломдан сўнг уста Фарфи билан кўришди ва Отабекка қараб деди:
— Кеча сизни кута-кута ошларимиз совиб қолди, бек ака.
— Мен бу кунгами, деб ўйлабман, — деди кулиб Отабек.

Сайфи ҳовлиқиб бир нарса дейишка ҳозирланар эди:
— Бу кун кечаси ҳаммомнинг оғилида биравни ўлдириб кетибдирлар, — деди.
— Кимни? — деб сўради уста Алим.
— Ким эканини билмадим.

Уста Фарфи жавоб берди:
— Келишимда қўрбошилар бошлиқ ўлукни аравага ортар эканлар, ўлдирилган Салим шарбатдорнинг ўғли бечора Комилбек.
— Тавба, — деб қўйди уста Алим ва сўради: — ўлдурғучи ушланганми?
— Ушланиш қаёғда, ўлукнинг ўзини қидира-қидира зўрға ярим кечада топқанлар, — деди уста Фарфи. Отабек бу хабарни совуққина эшитиб ўлтурар эди ва фотиҳа ўқуб туришка ҳозирланар эди.
— Гумондор борми? — деди уста.
— Гумондор-ку йўқ, аммо бечоранинг ўлуми жуда қизиқ кунга тўғри келиши ажиб, — деди уста Фарфи ва давом этди: — Кеча Комилбекнинг Мирзакарим ака-нинг қизи билан никоҳлари бўлмоқчи экан. Бечора никоҳдан икки соат чамаси илгарироқ ёниға бир ўртоғини олиб ҳаммомга борған ва бир онда ҳаммом ичидан йўқолған, ҳатто унинг ёнидағи киши ҳам қаёққа кетканини сезмай қолған. Қизникида ҳамма тажаммулни тайёрлаб, Комилбекнинг отасидан тортиб никоҳ қила-турған қозию қуззотларғача куявни кутиб ўлтурар эканлар. Бир вақтда ҳалиги биргалашиб ҳаммомга тушкан йигит ҳовлиқиб қизникига келган, куяв кутиб ўлтирганлар куявдан дарак сўрасалар, ул улардан куявни сўраған ва воқиъани айтиб, ҳаммомда кийимларини ҳам қолдириб бир онда йўқолғанини хабар берган. Шундан сўнг никоҳ- никоҳда, ош-ошда қолиб куявни қидириб кетканлар. Ниҳоят, ярим кечада ҳаммомнинг таҳоратхонаси ёнидағи бир оғилнинг охиридан қониға белашиб ётқани ҳолда топқанлар.

Бечора таҳорат учун оғилға кирганда товуш чиқармаслиқ ерига ханжар уриб, охирға тиқиб кеткан эканлар. Жуда қизиқ гап... Ким ўлдирған ва нима учун ўлдирилган ҳеч ким билмайдир,— деди.

Отабек тамом онглашилмаған бир ҳолатда қолған эди. Бу хабардан қувонишға-да билмас ва хафаланишға ҳам йўл топмас эди. Рақибнинг ўлдирилиши унинг тамом сўниб биткан умидини яна қайтарғандек бўлса ҳам, нима учундир ул бу ишдан ўзига тинчлик ортдира олмаған, аксинча тинчсизлана бошлаған эди. Бу фожиъадан ортиқча асарланган уста Алим «вой бечора- бечора», дер эди.
— Бирарта душмани борлиғи маълумдир, ахир? — деб сўраб қўйди.
— Албатта бордир, — деди уста Фарфи ва Отабекка қараб қўйди. Бу қарашдан Отабек борлиқ-йўқлиқ ҳолға кирган эди. Уста Фарфи давом этди: — Дунёда қандай одам йўқ, деб ўйлайсиз, кишининг ризқиға тупурганлар, охиратини ўйламағанлар ҳамма ёқда ҳам тўлиб ётибдир, — деди, яна Отабекка қараб олди... Отабек ёрилиш даражасига бориб қайтди... Уста Фарфининг бу кейинги қарашини уста Алим пайқаған эди ва уста Фарфининг бу тўғрида бир нарса билиб-да, сўзлашка Отабекдан мулоҳаза қилиб тўхтадими, деб ўйлаған эди:
— Сўзлай берингиз Фарфибой, бу киши ўзимизники-дир,— деди.
— Нимани сўзлай берайин?
— Комилбекнинг душмани тўғрисида билганингизни.
— Мен сизга бир нарсани биламан, дедимми? — деди ва кулиб Отабекка қаради: — бу одамнинг ўсмоқчилашини қаранг-а?

Бу сўз билан Отабек бир оз енгиллашди.
— Менга бир-икки қайта қараб олғанингиз учун билсангиз ҳам сўзлашка мендан ётсиндингизми, деб уста ўйладилар шекилли, — деди Отабек.
— Тўғрисини айтсам, сиз бу тўғрида бир нарса биласиз, лекин сўзлашка Шокирбекдан чўчиб турасиз, — деди уста.
— Қуруқ туҳматни қўйинг-чи, — деди уста Фарфи.
— Қуруқ туҳмат эмас, билиб туҳмат, — деди уста ва:— Шокирбек сиз ўйлаган кишилардан эмас, асло тап тортмай сўзлай беринг, — деди.
— Астағфируллоҳ, — деб кулиб қўйди уста Фарфи ва бир оз ўйлаб олғач деди: — Сиз билан менга шу нарса-нинг нима зарурати бор, уста!
— Аввало сўзламайтурған бўлғандан сўнг пук бериш керак эмас, тилдан илингандан кейин бизга зарурати бўлмаса ҳам билганни айтиш керак, — деди уста Алим.

Айниқса устадан кўра ҳам Отабек сабрсизлана бошлаған эди. Ҳозиргина ўйлаб турған жўнаш масаласи ҳам унинг эсидан чиқған, чунки рақибининг қотили ким эканлигини билиб олиш ҳаммадан ҳам унга қизиқ ва аҳамиятли эди.

Уста Фарфи энди айтмаса бўлмаслиғини онглади, шу-нинг учун Сайфига ишонмағансумон қаради:
— Жиян, сен ёшсан ҳали, сенинг оғзингга ишонч йўқ, — деди ва: — бир оз дўконингга бориб тур, аччиғинг чиқса ҳам.

Уста Алим ҳам қайнисини туришка ишорат қилди ва ўрадан савзи олиб тўғрашга буюрди.

Бола кетгач, уста Фарфи оҳистагина деди:
— Агар гумоним тўғри бўлса, Комилбекнинг қотили Ҳомиддир.

Бу сўз Отабекни ажабсинтирғандек, уста Алимга ҳам ғариб эшитилган эди.
— Ҳомид дейсизми?! — деб сўради уста Алим.
— Ҳомид, — деди, яна секингина уста Алимдан сўради: — сиз Умарбекни Ҳомидға яқин дўст эканлигини биларсиз, албатта?
— Биламан, ҳамма вақт юриш-туриши ўшанинг билан эди.
— Бали, — деди уста Фарфи, — Ўша Умарбек билан оралариға яқинда бир совуқлиқ тушди- да, мундан ўн кунча илгари Ҳомиднинг бир мудҳиш ваҳшати тўғрисида Умарбекдан бир сир эшитдим. Ҳомид Комилбекни ўлдирганда устида бўлмаған бўлсам ҳам, аммо ҳалиги эшиткан сиримнниг далолатига қараб албатта Комилбекнинг қотили Ҳомид деган фикрга тушдим... Сиз мундан уч йилча илгари Марғилон келиб Мирзакарим аканинг қизиға уйланган Отабек исмлик тошкандлик бир йигитни ҳалиги қайин ота бўлмиш Мирзакарим ака билан қамалиб, осилишға ҳукм қилинғанларида дор остидан қутқарилиш воқиъаларини хотирлайсизми?.. Албатта ёдингизда бўлса керак, ҳов, биз Сарибойнинг дўконида чой ичишиб ўлтурған эдик-ку, ёдингизга тушдими?
— Эсимда бор, эсимда бор, — деди уста Алим ва Отабекдан сўради, — балки сиз танирсиз, Тошкандда машҳур бўлған Юсуфбек ҳожи деганнинг ўғли.
— Танийман, — деди Отабек ва ҳикояни бунча узоқдан солғани ва ўз устида гап юргизгани учун тонг ажаб ичида уста Фарфининг оғзиға қараб қотқан эди.

Уста Фарфи ярим-ярим товишда давом этди:
— Ана шу йигитнинг олған хотини жуда ҳам нозанин бир қиз бўлиб, бу қизға бизнинг Ҳомид ҳам харидор экан. Ҳалиғи Отабек қизға уйланиб қўйғач, бизнинг Ҳомид тиканга ағнаб, орадан Отабек билан Мирзакарим акани кўтариш фикрига тушкан ва бўлмаған чақимчилиқлар билан уларни дор остиғача тортишға муваффақ бўлған... (Сўз бу ерга етканда, Отабек билинтирмаслик қилиб бир энтикиб қўйди). Уста Фарфи давом этиб деди: — Аммо худонинг ҳақини ноҳақ қилмаслиғи со-ясида бир мактуб сабаби билан кутмаган жойда дор остидан нажотка чиқғанлар. Булар оқланғач, Ҳомиднинг ўзи қамалатурғон бўлиб аммо қўрбошининг ёрдами орқасида Қўқонға қочиб қутилған ва ул ерда ҳам тинч ётмай Ўтаббой қушбегини порахўрликда айблаб, Мусулмон чўлоққа ариза берган, — деди ва сўзини бу ерда тўхтатиб устадан сўради: — Ўзингиз ҳам билсан-гиз керак, Ҳомид бир кеча йўқолиб, уч ойлаб бедарак кеткан ва уни қўрбоши йигитлари қидириб юрган эдилар.

Уста Алим тасдиқ ишорасини бериб:
— Сўзлай берингиз, — деди. Аммо Отабек бу даҳшатлик ҳақиқатни эшитмакда бўлған қулоқлариға ишонмас ва ўзини куч орқасида тутиб турар эди.

Уста Фарфи товшини секинлатиб давом этди:
— Ҳомиднинг Мусулмон чўлоққа берган аризасидан сўнг Отабек билан Ўтаббой қушбеги Қўқонға чақириладирлар-да, сўроқдан сўнг яна оқлиққа чиқадирлар.

Аммо Ҳомид уч ойлаб Марғилон келалмай юргач, ниҳоят яна қўрбошининг ёрдами билан келишка ҳам муваффақ бўладир. Бироқ Ҳомид ҳануз тинч ётолмайдир. Фурсати келиши билан яна бир ёмонлиқ қилмоққа, қутидорнинг қизини ўзиники этишка ўйлаб юрадир. Тўнғизнинг бахтига бу фурсат ҳам тўғри келиб, яна ёмонлиққа юз қўядир. Шундоқки, Отабекнинг Тошканддан ҳам уйланганини билиб, унинг тилидан бир талоқ хати ёздиради-да, Мирзакарим аканикига киргузадир.

Отабек ўзини нечоғлиқ босиб ушлаб келган бўлса ҳам, лекин энди ичидан қайнаб тошиб кеткан ҳиссиё-тини босолмади — «виждонсиз, тўнғуз!» деди-да, ихти-ёрсиз ўрнидан туриб кетди. Уста Алим ҳам ўзини тинч тутолмади, «Бадбахт, кофир!» деб қўйди. Отабекнинг ўзгаришидан уста Фарфи шубҳага тушаёзған бўлса-да, лекин уста Алимнинг ҳам унга қўшилиши уни ўйла-тиб турмади, Отабек қайтиб ўрнига ўлтурғач, ул давом этди:
— Бу сохта талоқ хати тўғрисида Отабекнинг нима қилғанлиғи Ҳомидга ҳам маълум бўлмайдир. Лекин иш Ҳомиднинг ўйлағанича натижаланиб, бир неча вақтдан сўнг Мирзакарим аканинг қизини талоқ қилиниши хабари чиқиб қоладир. Орадан уч-тўрт ойни ўтказуб, бизнинг Ҳомид Мирзакарим аканикига совчи киргузадир. Аммо Мирзакарим ака унинг совчиларини қуруқ қайтарадир. Бир неча вақтдан сўнг, Ҳомиднинг сохта талоқ хатиси билан эридан чиқған қиз Комилбекка бериладир ва нима учундир тўйлари бир неча вақтка кечикиб қоладир-да, орадан бирар йилни ўтказиб, ниҳоят , кеча уларнинг тўй ва никоҳ кунлари эканки, Комилбекнинг ҳаммомда ўлдирилган хабарини эшитиб турибмиз. Мана мен юқоридағи сабабларга биноан Комилбекни ўлдиргучи аниқ Ҳомид, деб ўйлайман, — деди.

Уста Алим бошини чайқаб:
— Бундан шубҳа йўқ, нах Ҳомиднинг ўзи, — деди ва ўзича: — Эҳ, эссиз мусулмончилиқ, шунчалик ҳам инсофсизлик бўладими, ўзингнинг бир эмас иккита хотининг бўлатуриб, тағин бир йигитнинг ҳалолига кўз олайтириш... Яна ўзингнинг бўйинг етмаслигини билатуриб ҳам, икки орада бир гуноҳсизнинг қонини тўкиш — эҳ, шайтон боласи! — деб қўйди.
— Бу бир ит! — деди уста Фарфи, томдаги луқмани ўзи ҳам еёлмайдир, бошқаға ҳам едирмайдир, нах итнинг ўзи! Отабек ўз ҳаётидаги фожиъаларнинг манбаъи бўлған бир ҳабисни ниҳоят биринчи мартаба таниб турар эди. Бу палид душманга қарши ўзида қўзғалған битмас-туганмас нафрат ва ғазаб ҳиссиётини сирининг фош бўлишидан қўрқиб ичига ютишка мажбур эди. Шундоқ бўлса ҳам ичда қайнаған ҳиссиёт ўз шарпасини унинг юзига очиқ ташлаб турмоқда, кўзи ўт каби ёнар ва юзи юз хил туска кирар эди.

Анчагина орадан сўз кесилиб қолғандан сўнг уста Фарфи деди:
— Сиз билан мен шу чоқғача Ҳомиднинг бундай ишлари бор эканидан хабарсиз юрганимизга ҳайрон қоламан.
— Ҳайрон қолишға ўрин йўқ, — деди уста Алим, — сиз-ку яқинда кириб ишлай бошладингиз.

Аммо мен йигирма йиллаб шунинг уйида қолиб сира ҳам Ҳомиднинг ичидагига тушуна олмас эдим ва ҳамиша кўзимга димланган қоронғу ўрадек қўрқунч кўринар эди, — деди ва бир оз тўхтаб олғач, бир нарса топқандек ҳаракат ясади.— Бу гапларнинг бош омили албатта Ҳомид бўлса ҳам, лекин бунда унинг бошқа ёрдамчилари ҳам бор кўринадир, ёдингизда борми, кўпинча чахчайған кўзлик бир йигит ишхонамизга уни сўраб борар эди?
— Биламан, бу кунда ҳам Ҳомид билан сермуомала, оти Содиқ бўлиб, сизнинг қўшнингиз эмасми?
— Отангга раҳмат! Ана шу йигит билан унинг онаси бу ишда Ҳомиднинг энг ишончлик ёрдамчилари бўлса керакки, ул икки йилдан бери шу қўшнимникига ҳамиша қатнаб қолғон эди.

Содиқлар ўз овқатларини ҳам ўтқузолмаған ҳолда фақирликда яшаб йил сайин менга оз-оз ерларидан сотиб тириклик қилар эдилар. Бир йилча бўлди, бирдан сув олиб қолдилар ва Содиқ уйланиб ҳам қўйди. Мен ҳайтовур бечора йўлини топиб олдиёв деб юрар эдим. Энди билсам, Содиқни уйлантиргучи ҳам шу Ҳомид экан, — деди ва Отабекдан сўради: — Сиз ҳали Ҳомиднинг қўшнимникидан чиқиб кетканлигини сўзлаб эдингизми? — Отабек тасдиқ ишорасини бергач, негадир бир энтикиб қўйди. Ҳақиқатан уста Алимнинг бу кейинги сўроғи уни энтиктирарлик эди. Ўткан кунларини заҳар билан булғаб келган бу мудҳиш душманига қайси йўсун билан жавоб қайтариш йўлларини излаб турған чоқда бу савол берилиб, Ҳомид билан бояғи учрашишини унга хотирлатқан ва энди ҳам кулиб қарамаған бахтиға лаънат ўқутқан эди. Ул ўзининг ҳозирги ҳаётини-да улуғ таҳлика остида бўлғанлиғини ва бу таҳликанинг ўткандагиларга қарағанда тамоман бошқача бир даҳшатда бўлишини онглар эди.

Уста Алим ошхонаға бориб ош қилиш ҳаракатига тушкан эди. Отабекнинг тўсатдан кетиш ҳаракатига тушиб қолғанини кўриб:
— Бек, шунча ўлтурганнинг қаторида яна ярим соатка таҳаммул қилсангиз, ошни еб йўлға тушасиз. Мана мен, савзини ҳам босдим, — деди.

Отабек қайтиб ўлтурмади ва ҳавлининг ўртасидан туриб узр айтди:
— Раҳмат, уста, мен бу кун ошиғич юриб, эрта-лаб жўнаб кетган юкларнинг кетидан етиб олмасам бўл-майдир.
— Ошни ташлаб кетсангиз хафа бўламан, қирққа чидаган қирқ бирига ҳам чидай оладир.
— Ўлтуринг-ўлтуринг, меҳмон, — деди уста Фарфи.— Ошға савзи босилди — пишди!
— Мен устанинг ошини биринчи мартаба еб ёт-қаним йўқ, агар савдогарчилик омон бўлса, ҳар ўн беш кунда бир келиб устанинг жониға ҳам тегаман, — деди Отабек ва боқчаға қараб юрий берди.

Уста Алим ошға савзи босиш билан овора эди:
— Мен сизни зўрламайман, лекин йўл устида қорнингиз очиб қолса, ўзингиздан ўпкаланг, — деди.

Отабек майдонда отини супириб эгарлар экан, майдоннинг ғарбидаги хароба уйнинг деворидан бир бош кўтарилиб мунга қараб турар эди. Мундан унинг хабари бормиди, йўқми, лекин ул бу томонға қарамасдан отини эгарлаш билан машғул эди. Ул эгарланиб бўлинған отини ҳавлиға қараб етаклай бошлағанда, ҳавлига қараб турған бош ҳам девордан қуйиға тушиб йўқолди. Ул отини ҳавлининг ўртасиға қантариб қўйиб айвондағи хуржун ва пўстунини олар экан, уста Фарфи билан хайрлашди. Отни Сайфи етаклагани ҳолда уста Алим Отабекни кўчага узатиб чиқди ва унинг қўлтуғидан олиб отка миндирар экан, ўпкалаш оҳангида деди:
— Ошни ташлаб кетканингизни унутманг, бек.

Отабек эгарга ўлтуриб олғач сўради:
— Хафа бўлдингизми?
— Нега хафа бўлайин, аммо йўлда очиқиб қо-лишингиз учун сизга ачинаётибман.
— Тайёр ошни ташлаб кетиб, йўлда очлиқдан қийналишимни ўзим ҳам тушуниб турибман, уста, — деди Отабек ва, — бироқ туякашлар билан Андижонда бу кунга учрашиш учун ваъдалашкан эдим, уларга етиб олиб йўл харажатлар учун бир оз ақча бермасам, яъни ўз роҳатимни кўзлаб сизни ошингизни кутиб қолсам, беш кишини кўра-била туриб оч қўйған бўламан.

Уста Алим отнинг жиловидан қўлини олиб сўради:
— Андижон ўткан кезларингизда йўл устидан кириб туришка ваъда берасизми?
— Бўлмаса-чи, — деди Отабек, — шу ўн беш куннинг ичида саккиз тепки атласдан лоақал икки кўра йиғиб қўйингиз, ёдингиздан чиқармангиз!
— Ёдимда бор, хотиржамъ бўлингиз!
— Хайр, хўш!
— Яхши қол, Сайфи! Саман йўрға йўлга тушди, човиға одатдан ташқари бир-икки қайта келиб тушкан аччиғ қамчи зарби билан бир онда кўздан ғойиб бўлиб кетди. Отабекни узоқлатиб уста Алим уйга кирган ҳам эди, Жаннат опанинг эшиги очилди-да, Содиқ от етаклаган ҳолда чиқиб келди. Ул отқа минар экан, эшик ичида кўринган Ҳомид — «тезроқ!» — деган амрни берди. Содиқ ҳам Отабек изича отини ҳайдаб юборди...

Уста Алим Отабекни кузатиб келиб, айвон пешонасига ўлтурар экан:
— Табиъати жуда қизиқ йигит-да, — деб қўйди.

Уста Фарфи сўради:
— Бу йигит билан қандай ошналиғингиз бор?
— Мен сизга ўзоғи йили бир йигитнинг Ҳомиднинг дарбозасида адашиб юрганлигини ва мен билан бирга ҳавлиға келиб бир кун ётиб кетканлигини сўзлаб эдим шекиллик?
— Ҳа, ҳа, ҳали ўша йигит шуми?
— Шу. Шундан бери ҳар бир Марғилон келганида ва Андижон ўтканида манинг олдимға кирмасдан кетмайдир. Ўзи жуда оғир ва ақллик йигит, бунинг устига қизиқ табиъати ҳам бор,
— деди.
— Қизиғи қанақа, — деб сўради уста Фарфи.
— Жуда қизиқ, — деди уста ва кечаги воқиъани сўзлаб чиқди. — Кеча эрталаб шаҳарни бир айланиб келайин деб чиқиб кеткан ва тушлик ошка етиб келиш учун ваъда ҳам берган эди.

Мен ваъда вақтиға ошни дамлаб ўлтурибман-ўлтурибман, сира келса-чи! Ниҳоят, сиздан сал илгарироқ келиб турған эди. Сўрасам: «Хўжа Маъоз»ни тунаб қолдим, дейдир. Кўзи уйқусизлиқдан бир қарич ичига тушиб кетибдир. Жуда ҳам табиъати қизиқ йигит.
— Яхши йигит экан, — деб қўйди уста Фарфи.

Ошни еб бўлғанларида у ёқ-бу ёқдан жумъа товши кела бошлаған эди. Шунинг учун чой ичиб ўлтуришка тўғри келмай уста Фарфи уста Алимдан илгарироқ намози жумъага қўзғалди ва эшикдан чиқиши билан ўз уйидан келаётқандек кўринган Ҳомидга учрашди.
— Ҳа, уста Фарфи, бахай? — деди Ҳомид.
— Уста Алимникига келган эдим.
— Бўлмаса зиёфат қуюқ экан-да!
— Қуюқ! — деди кулиб уста Фарфи, — уста Алим ўз уйига дўкон қурған экан, гилалаб юрмасин деб фотиҳага келган эдим.
— Шундоқми! — деб қўйди Ҳомид. Биргалашиб кета бошладилар.
— Бўлмаса уста Алим ўз уйига дўкон қурибдир, денг-чи!
— Дўкон қурибдир.
— Арвоҳ пири бермасдан-а?
— Қишда арвоҳ пири қилиб бермоқчи! — деди уста Фарфи. Яна бир неча дақиқаға орадан сўз кесилиб қолди.
— Ош қилиб бергандир?
— Албатта.
— Бошқа меҳмон ҳам бор эканми? — деб сўраб қўйди Ҳомид. Уста Фарфи Отабекнинг Ҳомид билан учрашғанини хотирлаған эди.
— Тошкандлик бир савдогар меҳмони ҳам бор экан,— деди. Масжидга яқинлашиб қолған эдилар. Ҳомид яна ниманидир сўрамоқчи бўлса ҳам, уста Фарфи шошиб масжидга бурилди.

Рақиб Изидан

Ўн олти-ўн етти кунлик ой оқ булут ичидан қўтосланиб кўринар эди. Ҳамма хуфтан намозига кириб кеткан, кўчалар сув қуйғандек тинч эди. Кўчанинг бу тинч пайтидан фойдаланған каби уста Алимнинг эшиги ёниға келиб тўхтаған кимсанинг ким эканлигини би-лиш учун ой ёруқлиғиға қарши тушкан бўғот халал берар эди. Бўғот панасида ва эшик ҳалқасида қадалиб бир мунча вақт ниманидир кутиб турған бу киши ниҳоят, авайлабгина эшикни очиб ўзини йўлакка олди. Тағин анчагина эшикнинг ичкариги қисмида турғач, очишидағи эҳтиёт билан эшикни ёпди.

Ой ёруқлиғи уч бурчак равишда йўлакка тушиб турар эди. Бу номаълум кимса оёқ учи билан юриб келди-да, мўралаб айвонға қаради. Айвоннинг токчасида шамъ ёниб, Сайфи ўрин ёзиш билан овора эди. Номаълум кимса йўлакнинг қоронғи қисмиға ўзини олиб, кўзини Сайфидан узмай тура бошлади, Сайфи ўрнини тўшаб бўлғандан сўнг айвоннинг пешонасида ёзилиб ётқан дастурхон ва лаганни кўтариб ҳужрага кирди. Йўлакдаги мажҳул кимарса гўё шуни кутиб турғандек оёғ учини онда-сонда ташлаб ўзини майдон ичига олди...

Барги тўкилиб қуруқ шохлари билан қолған майдон ичи туманлик ойдин, мажҳул киши юзини ойдинға бериб, хароба уй остида қадалиб турғанлиқдан унинг ким эканлигини таниш осон эди. Бу аламзада, зулмдийда юз энг сўнгғи курашка ҳозирланған бир йигит эди...

Отабек хароба уй девори ёнида сўнг чекдаги бир эътибор билан ичкарига қулоқ солмоқда эди. Ичкаридан ўтин ёриб ўчоққа ўт қалаш ҳаракатлари эшитилар, гоҳи хотин кишининг товши ҳам келиб қўяр эди. Ул бир-икки қайта оҳиста адимлар билан хароба уйларнинг у боши билан бу бошиға бориб келди, яъни ичкарига ошиб тушмак учун қулайроқ ўрин чоғлар эди. Хароба иморатларнинг ўрта бир еридаги рахнадан ошиб тушиш қулайроқ бўлғани учун шунинг остиға шумшайиб ўлтурди. Ўлтуриши ҳамоно қаёқдандир оёқ товши эшиткандек бўлди-да, секингина ўлтурган жойиға ерга синггандек қилиб ётиб олди. Оёқ товши тўхтаб нариги ёқдан уста Алимнинг товши келди. Уста Алимнинг хуфтандан қайтиб келганлигини онглади ва унинг майдонга кириш эҳтимоли бўлғанлиқдан шу кўйи ётаберди.

Вақт жуда секин ҳаракат қилар эди. Ул ўзининг ҳар бир юрак тепишини санағандек ўткузар эди. Кузнинг ёқимсиз шамоли ўпкани қичитиб, йўтални қистатар, ул чалқанча ётқан кўйи оғзини ўрамлаб кўмак куткан каби кўкка кўзини тиккан эди.

Орадан бир-бир ярим соатлар чамаси вақт ўтиб кетди. Теваракдан «жаннат қушлари»нинг биринчи товши қичқирилиб ўтди, шу кезда хароба ҳавли томондан бир неча оёқ товушлари эшитилди-да, ул ўрнидан туриб қулоқ солишға мажбур бўлди. Бир мунча вақт онглашилмаған сўзлашиш товушлари келиб тургач, даричанинг ғийқ этиб очилишидан сўнг, бу товушлар яна ҳам узоқлашдилар. Отабек деворға интилди ва секингина юқориға кўтарилди. Бузуқ уйнинг даричаси-дан нариги қатордағи айвон ва ундаги ўчоқда ёниб турған ўт кўринди. Аммо очиққина бўлиб уй ичидан кишилар товши келар эди. Ул ўмарилмаслиқ этиб девор устига минди ва осонғина хароба уй ичига ўзини олди. Чунки уй томи ўпирилиб остиға босқанлиқдан уйнинг саҳни жуда ҳам юза эди. Авайлаб уч-тўрт адим босди-да, уйнинг бузуқ даричаси ёниға келиб тўхтади ва мўралабқина ҳавли юзига қаради. Қаршидағи уйнинг ҳар икки даричаси ҳам ёпиқ, аммо тирқишларидан шамъ ёруқлиғи кўринар ва бояғиға қарағанда секинроқ бир товушда ғўнғир-ғўнғир сўзлашиш эшитилар эди. Орадан ўн беш дақиқа чамаси фурсат ўтиб товушлар бир оз юқорилашиб келмакка бошлади. Бу орада уйдан қўлиға лаган ушлаган бир хотин чиқди-да, қозондан лаганга бир нарсани кўтара берди. Отабек гўё шуни кутиб турғандек узоқ бир тин олди ва ўзини четка бурди. Хотин лаган билан уйга кириб кеткач, ичидан тақинған ханжарини қинидан суғуриб олди-да, дамини ойдинға солиб боқди ва ханжарининг учини ёнбошидан орқасиға ўтқузиб ушлади, яна уйни кутиб тўхтади. Хотин яна чиқған ва тобоқларға шўрба суза бошлаған эди. Уйга бир-икки қатнаб сузилган шўрбаларни ташиб битирган, уйнинг эшигини беклади-да, кириб кетди.

Отабек ҳавлининг ўртасиға, тут ёғочининг ёниға келиб тўхтаған ва жанубда киши йўқми, деб аланғлар эди. Ул бу тўғрида бир қаноат ҳосил эткач, битта-битта босиб кишилик уйнинг йўлак томонидағи даричаси ёниға етди ва ўзини сўнг чекда эҳтиётлаб дарича остиға ўлтурди.

Ўлтуриши ҳамоно димоғиға ичкулик билан шўрба иси келиб урди. Уйдагиларнинг сўзларинигина эмас, ҳатто томоқ чайнашларини ҳам эшитса бўлар эди. Ичкаридан кимдир бирав шап-шап этиб чайнаб дер эди:
— Энди менга берма, Содиқ, Мутал полвонға беравер! Отабек бу товушнинг кимники бўлғанлиғини билган эди.
— Ҳадеб менга бераверасанларми, оралатиб Жаннат опамга ҳам бериб қўй, ха-ха-ха!
— Бизнинг кампирга берсанг қайтармасдан ича берадир!
— Берса ичабераман, қих... ўзим хотин бўлсам ҳам Мутал полвонларнинг ўнини қочираман, қих...

Бу сўздан сўнг, уй ичини кучлик бир кулги товши қоплади. Кулги босилғач, сўз бошланди:
— Энди шуни ичасиз, Ҳомид ака!
— Йўқ, Содиқбой иним, мен жуда ҳам бўлиб қолдим, ўзи ҳам жуда кучлик чиқған экан.
— Ичмасангиз қўймайман, некин...
— Мутал полвонга бер! Сиз олинг-чи шуни!
— Аниқ ичмайсизми? Кумуш опамнинг саломатлигига ҳам ичмайсизми?

Бу сўзни эшиткан Отабек ихтиёрсиз ўрнидан туриб кетди. Жаннат опанинг хи-хи-хи қилиб кулган товши эшитилди.
— Ораға нозик бир исмни келтуриб солмасанг, худо ҳаққи ичмас эдим. Қани, бўлмаса бер- чи, Кумуш апангнинг саломатлиги ҳаммадан ҳам менга керакдир.
— Ха-ха-ха, нозик жойдан ушладимми?

Отабек бу сўзларни эшитар экан, зўрға-зўрға ўзини даричага ҳужум қилишдан босиб қолған эди. Орада бир мунча майда сўзлар сўзлангач, ким-нингдир уффф, деб юборғани эшитилди.
— Тағин нима бўлди, Ҳомид ака?
— Бу кунги гап жуда ҳам мени чўчитиб қўйди-да, Содиқбой!
— Манинг гапимга нима учун ишонмайсиз, ахир! Юз мартаба сизга айтиб ётибман-ку, хумсани дарбозадан чиқардим, тағин қанчағача орқасидан бориб то карвонларга қўшилиб кеткунча кутдим, сўнгра қайтиб келдим, деб. Агар ўша кетиши бўлса, бу кун худда Қўқонға бориб еткан.
— Эй, сан билмайсан, ука!
— Некин манга қолса, шу ишдан ҳеч бир қўрқа--турған гап йўқ, уста билан танишлиғи бўлса, унинг уйига меҳмон бўлғандир, савдогарчилиғи бўлса Марғилонға келгандир, ахир кетиб турғандағи сўзини ўз қулоғингиз билан эшитдингиз-ку!
— Бу мулоҳазанг тузик-ку, бироқ мен билан аччиғлашқан бир кишиникида меҳмон бўлиши бошни қотирадир, тағин сизларнинг ҳавлиларингиз ёнида...
— Агар сиррингиздан уста Алимнинг хабари бўлса, ул вақтда қўрқсангиз ҳам арзийдир.

Аммо менга қолса у хумпар (Отабекни айтадир) Марғилонда хотини борлиғини ҳам унитиб юборған, деб ўйлайман.
— Манинг бу сирримни сиздан бошқа ҳеч ким билмайдир. Умарбек билан бир оз нари-бери бўлиб қолған эдик, ҳайтовур тағин орани очиб юбордиқ.
— Ундоқ бўлса тағин нимадан қўрқасиз?
— Мен унинг Тошканд кетишини кўз бўяш учун бўлған ҳийлами, деб қўрқаман.
— Хайр, кетмаган ҳам бўлсун: ул ҳолда ўзингиз айткандек қилиб тўппа-тўғри эртага Салим шарбатдор-нинг олдиға бораман-да, ўғлингни Мирзакарим аканинг илгариги тошкандлик куяви ўлдирди, мен ўз кўзим билан кўрдим, дейман. Ана ундан сўнг хумсанинг ҳолиға маймунлар йиғласин! Агар ул сиррингизни билган бўлғанда ҳам аллақачон келатурган ишка тушуниб олиб, Марғилондан думини хода қилди, десангиз-чи!
— Қих... Содиқнинг гапи жўялик, — деб қўйди Жаннат опа.

Отабек бу сўз даҳшатидан титраб кеткан эди. Содиқ давом этди:
— Энди ишнинг бўладирғанини ўйлаш керак, сизнинг қўрқоқлиғингизни кўриб, мана Мутал полвон ҳам ухлаб бошлабдир.
— Ухлағаним йўқ, ҳез, дорингдан қуй-чи!
— Муталбой ўртоқ, — деди Ҳомид, — биз биравнинг яхшилиғини унутатурған киши эмасмиз.

Ўртоғингиз Содиқбой мен билан биргалашиб камлик кўрмади, аввали худо, қолаберса мен уни уйлантириб қўйдим... Мен бирав билан ошначилиқ қилсам, ҳатто, ундан жонимни ҳам аямай, кўнглини олмоқға тиришаман.

Содиқ:
— Муталбой сизни ўбдан яхши биладир, Ҳомид ака! Сизнинг қандай хизматингиз борлиғиға ҳам қонған... Аммо унинг сиздан бир илтимоси бор экан.

Ҳомид:
— Нима илтимосингиз бор, Муталбой?

Мутал (сархуш):
— Битта я-я-я -римтадан уч-тўрт т-т-танга қ-қ-қарз-ларим бор эди, Ҳомид ака.

Ҳомид:
— Ошналиқ деган уч-тўрт танга билан боғлана олмайдир, Муталбой! Мен сизга ҳали айтиб қўйдим: ма-нинг ошналиғим ошнадан жонни ҳам аямаслиқ билан бўладир. Уч-тўрт танга эмас, муҳтож бўлсангиз ўттуз-қирқ танга ҳам сўрай беринг! Жаннат опа:
— Илоҳи Ҳомидбой мурод-мақсадиға етсин, қих. Ошна-оғайнидан дунё аямайдир! Бир оз вақт танга товши эшитилиб турғач, Ҳомиднинг овози келди:
— Мана, Мутал полвон, ҳозирга оз бўлса ҳам шуни олиб турарсиз, аммо хизмат ҳақингиз ўз йўлиға бў-ладир.

Сархуш:
— Р-раҳмат, Ҳ-ҳомид ака, сиз ж-жонни аямасангиз, м-мен ҳам йўлингизга бошимни тикдим, жамшиднинг арвойи! Содиқ:
— Бизнинг Муталбой ҳам қуруқ йигит эмас! Ҳомид:
— Дастурхонни йиғиштириб олингиз-чи, Жаннат опа! Лаган-товоқнинг бир-бирисига теккан товши эшитилиб, Отабек ўзини оҳистагина йўлакка олди. Ўчоқ бошида бир-икки дақиқа чамаси товоқ-қошиқ ва оёқ товши эшитилиб турғач, Жаннат опа ҳавлиға тушиб келди ва қўлидағи дастурхонни тут остиға қоқиб кетди. Отабек қайтиб келиб дарича остиға ўлтурган ҳам эди, Ҳомиднинг шу сўзини эшитиб қолди.
— Эшикнинг занжирига бир қараб келингиз-чи, имон топкур Жаннат опа! Содиқ:
— Қўрқасиз-да, Ҳомид ака, эшикни ўзим занжирлаганман.

Ҳомид:
— Сан ҳали ёшсан, иним Содиқбой, сиз чиқабе-рингиз, Жаннат опа! Отабек учун вақт ортиқ танг ва қўрқунч эди. Хароба уйга борай деса, Жаннат опанинг кўриб қолиши аниқ эди. Эшикни очиб чиқиб кетай деса, ўлтуришнинг мақсади ҳали очилмаған бўлиб, бутун машаққати шамолға кетар эди. Жони ҳалқумиға тиқилиб теварагига аланғлади ва йўлакдан нарироқда уста Алимнинг девориға суёғлиқ турған занбилга кўзи тушди. Занбилнинг остиға яшириниш жуда ҳам хавфли эди эса-да, аммо ўлтуришнинг мақсадиға қонмай кетиш ундан ҳам хатарлик эди. Сир фош бўла қолса, уч душманга баробар ҳужум қилишни бўйнига олиб қўйди. Уй эшиги очила бошлағанда занбилнинг остиға кириб олған эди. Ўзини нечоғлиқ сиқиб ғужанак қилған бўлса ҳам, аммо бир қараш билан занбил остида киши борлиғини би-лиш унча қийин эмас эди. Занбил остида ханжарини қисимлаб, гўё сичқонни пойлаған мушукдек ҳужумга ҳозирланиб ётар эди.

Жаннат опа йўлакка томон юриб келди-да, занбил остидағини пайқамай йўлакка бурилди.

Ойдиндан эшик-нинг занжирлиги аниқ кўриниб турар эди. Шунинг учун эшик ёниға бориб ўлтурмай йўлакнинг ярмидан қайтди. Қайтиши ҳамоно юқоридан учиб ўткан бир-икки мошак қушнинг чев-чев-чев деган товшини эшитиб кўкка қаради. Шимол-шарқиға тўғри отилиб ўқдек учиб борған мошак қушларға қарағанича йўлак-дан уй томониға қайрилиб кетканини ўзи ҳам сезмай қолди. Жаннат опа айвонға чиққанда, Отабек устидаги занбил тўрт энлик юқориға кўтарилиб, тағин секингина уни босиб тушкан эди. Жаннат опа эшикни очиб, уйга кирганда, ул оҳистагина занбил остидан чиқди, унинг юрак тепиши ҳали ҳам шиддатлик эди. Дарича ёниға юриб келди-да, ҳамон ҳужумга ҳозирланғандек ичкарига қулоқ солиб турди. Жаннат опанинг «ешик занжир» деган товшини эшиткач, роҳат тин олди ва дарича ёниға чўнқайди.

Ҳомид:
— Бўлмаса, душанба куни кечасига бўлсин! Содиқ:
— Биз қайси кунга десангиз ҳам ҳозирмиз! Мутал:
— Менга қолса, шу топта борсақ дейман! Ҳомид:
— Яхшиси душанба кун, ундан нарига ўткани ҳам ярамағандек, бериси ҳам фойдасиз бўладир, чунки бир-икки кун бунга ҳозирлик ҳам керак.

Содиқ:
— Тағин қанақа ҳозирлиги бор?

Ҳомид:
— Олиб чиқғандан сўнг, уни Марғилон ичида олиб туриб бўлмайдир: то ром қилғунча бирарта қишлоқға юборишка тўғри келадир. Олиб чиқишимиз душанба кечасининг қайси пайтига тўғри келишини ҳам ҳозирдан айтиб бўлмайдир. Олиб чиқған замон Марғилондан чиқарилиб юборилмаса, кундуз куни чиқариш тағин хавфлик. Кечаси маълум, Марғилон дарбозалари ёпиқ бўладир. Шунинг учун бирарта дарбозабонни қўлга олиб қўймоғимиз, албатта, керак...

Содиқ:
— Яхши маслаҳат, қутидорникига қанақа қилиб тушамиз?

Ҳомид:
— Масаланинг бу ёғини ҳам ўйлашимиз керак экан ҳали! Содиқ:
— Энг яхшиси дарбозасидан кириш! Мутал:
— Дарбозасидан кириб бўлмаса, томидан ошиб тушамиз! Содиқ:
— Ҳа-ҳа-ҳа, балли, Мутал тўрам! Мутал:
— Кулишингни бежо қилма, ҳез Абдикарим! Сан ҳали дунёға келиб нимани кўрдинг-ку, санга кулиш тушиб қолди! Бу бош дунёга келиб нималарни кўрмади-а? Бунақангги қочириқ ишларни энди қилиб турипти, деб ўйлайсанми? Эйха-х-х, Мутал аканг нималарни қилмади? Ха-ха-ха...

Мусулмонсан отангнинг арвойи, Ҳомид ака! Бир куни Жонкелдибой ҳасратини қилиб Ҳотам тўранинг ўғлини яхши кўрганлигини, дийдорига тўёлмай бесар бўлғанини арз қилиб қолди-ку, ёнимда Қаландар полвон бор эди, Жонкелдига, бўлмаса ўн оқта бер бизга, биз Қаландар билан бирга дўндиқчангни муҳайё қилиб берайлик, дедим. Жонкелди ўлиб турған экан, қулоқ қоқмай хўб, деди. Биз қаландар билан тунни ярим қилдиқ-да, Ҳотам тўранинг ҳавлисига келдик.

Ишнинг эбини жўблаб қарасақ жуда кашал, девор — тош ҳамин! Ошиб тушишнинг сира ўнқови йўқ. Бу ишкални кўрган Қаландарнинг тарбузи қўлтуғидан тушиб «беш оқтани қайтариш увол- ку?!» деди. Ўзимнинг сал шунақангги кайфим баландроқ эди, ханжарчамни қинидан суғуриб олдим-да, тўғри Ҳотам тўранинг дарбозасиға бориб чақира бошладим. Бу ишимдан жон-пони чиқиб кеткан Қаландар ёнимға келиб турта бошлади: «Ҳой, Мутал, санга нима бўлди?» Мен Ҳотам тўрани чақира бериб «товшингни чиқарма, хотинға ўхшаған йигит», дедим. Қаландар ёнимда туролмади, мени ёлғуз қолдириб ура қочди. Бир вақтда ҳалиги Ҳотам тўра дарбоза орқасиға келиб «ким» деди. Мен товшимга шошилишқан тус бериб «Мен, мен, очинг тезроқ!» дедим. Бечора гўл тўра дарбозани очиб юбориши борми, лип этиб ўзимни ичкарига олдим ва Ҳотам тўрани қўлидан ушлаб ҳавлиға бошладим. Бечора энди мени таниған, авзоғимнинг бузуқлиғини ҳам пайқаған эди. Ке-кирдагига ханжаримни тираб: «Жонингдан умидинг борми, йўқми, ноинсоф!» дедим. Жуда тили шишиб қолған эди хумсанинг — «бовв-бовв» деб ғўлдираб жавоб берарди... «Бир бечора ўғлингни деб кўкрагини захка бериб ётсин-да, сан тинчкина ўғлингни олиб ёт!.. Қани ўғлинг, ётқан жойини кўрсат!» дедим. Ҳотам тўра дир-дир қалтирар эди, шу кўйи уни айвонға ўзим етаклаб бордим-да, ўғлини кўрсатди. Болани уйқу аралаш турғузиб кийинтира бошлаған эдим, бир томондан она-си додлаб қолди-ку, ханжаримни олиб унга югирдим. «Товшингни ўчир, мочахар... ўғлингни ўлимға олиб бораётқаним йўқ, ниҳояти бир пиёла чой ичади-ку келади!» дедим. Қисқаси, илгари даҳшат бериб, кейинидан яхши гаплар билан уларни ишонтириб, болани олиб чиқдим ва Жонкелдига топшириб кетдим...

Бахтимга ўша куни битта ҳам миршаб йўлиқмади. Эй-й, Содиқча, сан ҳали нимани кўрдинг-ку, нимангга ишондинг, бузоқ бўғузлағандек қилиб бир-иккитани сўйган билан одам бўлдинг- қўйдингми? Гап билан бўлиб занғар кайф ҳам тарқаб кетди, қани, қуй-чи бир-иккини! Ҳомид:
— Сизга қойилман, Мутал полвон, сизнинг шуна-қанги ишларингизни билиб юрганим учун бу ерга чақиртириб келдим-да! Мутал:
— Шуни билган бўлсангиз бас, бу ишни менга топшириб қўяберинг! Ҳомид:
— Содиқ айткандек дарбозадан киришни хоҳламайман, чунки миршабларнинг оёғ усти.

Мутал:
— Бўлмаса ҳавлининг орқасидан тушамиз! Ҳомид:
— Орқаси ҳавлидир?

Жаннат опа:
— Қих, ҳалиги оти қурсин... Маликбойнинг майдони-да! Ҳомид:
— Жуда яхши экан. Бўлмаса томиға шоти етармикин?

Жаннат опа:
— Қих, жуда балан.

Мутал:
— Балан бўлса, зарари йўқ, осони уйнинг тегидан тешамиз, қўямиз! Ҳомид:
— Қийин бўлмасмикин?

Мутал:
— Ҳаммадан ҳам осони тешиш, мўлжалини яхши олсақ бас.

Ҳомид:
— Бир-икки соатда уни тешиб бўлармиди?

Мутал:
— Ўзи майдонми, ахир?

Жаннат:
— Майдон, қих.

Мутал:
— Яқинида одам йўқми?

Жаннат:
— Йўқ, қих.

Мутал:
— Бали, мўлжални олиб берсаларинг, эртадан бошлаб қазиғаним бўлсин.

Ҳомид, Содиқ:
— Бали, раҳмат, полвон! Мажлиснинг сўзи шу ерга етканда Отабек ўрнидан туриб йўлакка келди. Эшик занжирига қўлини олиб борғани ҳолда ўйланиб тўхтади ва эшикни очмай орқасиға қайтди. Хароба уй орқалиқ уста Алимникига чиқиб айвон ёнида тўхтади, уларнинг хуррак ва пишиллашларига қаноат ҳосил эткач, оёғ учи билан йўлакка ўтди ва эшикни очиб чиқди...

* * *

Ўз оғзидан эшитканимиздек Содиқ уни, Ҳомиднинг таълимотича Қўқон дарбозасидан чиқариб то карвонларга қўшилиб олғунча таъқиб этиб борган эди. Отабек бу таъқибни жуда яхши сезганликдан Содиқ йўлда қолғандан сўнг ҳам яна бир бекат олдинға борған ва иккинчи бекатдан йўлни чаплаб, Тошлоқ дарбозаси орқалиқ яна қайтиб Марғилонға кирган эди.

Уста Фарфининг Ҳомид ва ўзи тўғриларидағи мудҳиш ҳикоясини эшиткач, Марғилонда қолиш ва қайин отасининг уйига бориб онглашиш ўрнига жуда ошиғичлиқ билан Марғилондан жўнаб кеткан бўлиб кўриниши албатта ўринсизга эмас эди. Чунки Комилбек ўлдирилган бир кунда Ҳомиднинг кўз ўнгида қолиши, билатуриб, ўз-ўзига қабр қазиш, қабрғина эмас номусни барбод бериш ва қотиллиқ исмини олиб халқ олдида шарманда бўлиш бўлур эди, нучукким, биз юқорида Содиқ оғзидан эшитканимиздек Ҳомид бу туҳматдан ҳам қайтмас ва ўз туҳматини маҳкама олдида мантиқий ра-вишда исбот ҳам қила олур эди. Мана ул шу мудҳиш, бошқа тушмоғи аниқ турған ҳалокатнинг дафъи учун Марғилондан ошиғич чиқиб жўнаған эди.

Орқасидан қилинған таъқибни пайқаши эса аввало бу унинг бир мулоҳазаси бўлған эди, иккинчи, отини эгарлар экан, девордан ўзиға қараған бош билан бу мулоҳазасини чинга чиқишини билган эди. Учунчи, кўчада уста Алим билан хайрлашар экан, қўшнининг йўлагида кўринган киши кўлагаси яна таъқиб этилишини таъкидлаган эди.

Марғилондан иккинчи бекатка қўниб, чойхонада бир-икки чойдиш чой ичиб узоқ ўйлаған ва Марғи-лонға қайтиш қуруқ туҳматка қолиш билан фарқсиз эканлигини яна бир қат тушунган эди эса-да, Ҳомидни майдонда музаффар ҳолда қолдириб кетишни ҳеч бир турлик юрагига сиғдира олмаған, ғайри расмий яшириниб бўлса ҳам Марғилонда туришка ва туриб Ҳомиднинг мундан сўнгги режаларини ўрганишка ва шунга қараб кураш бошлашға қарор берган, шом билан аср орала-рида Марғилонға кирган эди. Келиб биринчи келишида тушкан саройга жойлашқан ва жойлашиб тинчий олмаған, яъни таъқибини бу кунданоқ бошлашға қарор берган. Ҳомиднинг ёмонлиқ корхонаси уста Алимнинг қўшнисиникида бўлғанлиғи учун ҳеч бир тараддудсиз йўлни тўғрилаб Содиқникига солған эдики, биз мундан кейинги гапларни юқорида кўриб ўтдик.

Уста Алимнинг эшигини очиб чиқғач, Содиқнинг йўлагига қулоқ солиб ғўнғир-ғўнғир келган товушни эшитди ва секин-секин йўлға тушди.

Душман билан бетма-бет учрашмоқ куни белгуланганликдан ўзининг бу кунги кутилмаган муваффақи-яти тўғрисида ҳеч бир таажжубланмас, фақат душанба кун кечаси билан мияси машғул эди. Душанба кун кечаси бир эмас, уч душман билан кураш тўғрисидағина ўйлар эди.

Бу бирга уч масаласи бир оз унинг миясини қотирған; кишилар ёллаш, ҳукуматка билдириш, қутидорни хабардор қилиб қўйиш мулоҳазала-ригача келиб еткан бўлса ҳам, аммо иззати нафси бу қўрқоқлиққа тамоман зид турар эди. Бора-бора бу мулоҳазасини тамоман кўнглидан чиқариб ташлади; на кишилар ёллайтурған, на ҳукуматка билдиратурган ва на қутидорни хабардор қилатурған бўлди. Чунки рақиб билан дилдорнинг уйи орқасида танҳо олишмоқ, ёр оёғи остида қонлик тупроққа қоришмоқ — унинг учун жуда лаззатлик ва шоирона туйила бошлаған эди. Саройга кирар экан ўзича: — Ширин ўлим, — деб қўйди.

Гарчи кечаги тун «Хўжа Маъоз»ни тунаб уйқудан қолған эди, аммо узоқ вақт бу кунги гапларни ўйлаб ётди. Ул ухлаб кетар экан, ўзини гоҳ қонға беланиб ётқан ҳолда, гоҳ Кумушни эркалаб турған ҳолда кўрар эди.

Душанба Кун Кeчаси

Бу кунги кеч Отабек билан Ҳомиднинг ҳаёт ва мамот масалаларини ўзининг қора қучоғиға олған қоронғи бир тун эди ва булардан қайси бирларининг сўнг соатлари етканлиги шу қоронғи тун каби қоронғи эди. Отабек бу икки ҳолдан табиъий бирисини бу соат ўзининг кўз ўнгида кўрар ва шунга ҳозирланар эди эса-да, аммо Ҳомиднинг хаёли фақат гулгина искар, гул сайрига ошиқинар эди...

Олти қарич кенгликда узундан-узоқ тор кўча, тор кўча бошида кичкинагина бир эшикча эди.

Шом билан хуфтан ўртасида бу кўча бошиға бир йигит келиб тўхтади-да, теварагига киши билмас қилиб разм солди. Кўчада ҳеч ким қолмаған, йўл оёғи босилған эди эса-да, ул узоққина қаршисидағи дарбоза ичларини, том устларини, девор рахналарини кузатди ва қаноат ҳосил этиб тор кўчага оҳиста-оҳиста йўл олди. Тор кўчанинг ярмисиға еткач, тўсатдан орқасиға қайрилиб қаради... Унинг ҳаракати бир нарсадан шубҳаланиб эмас, аммо орқадан душман таъқиби бўлмадими учун эди. Кичкина эшикча ёниға етканда тағин ҳалигидек орқасиға қараб қўйди. Бир оз ўйлаб тўхтағач, эшик-нинг ўнг томонидағи деворнинг бузуқ еридан секин-гина кўтарилиб майдонға мўралади. Эшикнинг қулф ва занжири бўлмай юзига ёпиқ ҳолда турған бўлса ҳам ул эшикка тақилмади, машаққатланиб деворга минди. Ой шом еб яхшиғина қоронғи тушкан бўлса ҳам майдон ичининг дарахтсизлиги учун тиккайган чўб ҳам ажратурлиқ эди.

Майдонни кишидан холи билгач, секингина девордан ўзини майдонга олди.

Майдон икки таноб кенгликда бўлиб, жануби қутидор ва қўшнисининг иморатлари орқасидан ва бошқа уч жиҳати ҳам шунга ўхшаш бинолардан иборат эди. Майдонга ёзда нимадир экилган, чуқур-чуқур жўяклар тортилған ва ер ёмғур билан ивиб, бўкиб оёқ кўтариб босишға имкон бермас, ҳар бир оёқ узғанда уч чорак лой баробар кўтарилур эди. Қийнала- қийнала майдоннинг жанубига ўтди. Унинг чап қўли томонида бир уйнинг орқа девори бир бўйра эни кесиб туширилган бўлиб қорайиб кўринар эди. Ул бу кесилган ўринни ўткан кун кечаси келиб кўриб кеткани учун қайтадан қараб турмади эса-да, лекин унинг бу биноға илтифотсиз қараши мумкин эмас эди. Бу теги кесилган бино Кумушнинг ўз уйи бўлиб, бу уй ичида Отабекнинг саодатлик кунларининг ширин хотиралари сақланар ва шу дақиқада ҳам унинг ҳаёт тираги бўлған Кумушбиби ўлтурар эди. Отабек кўзини тўлдириб биноға қаради, гўё бу қарашда ул дунё малаки билан видолашар эди. Узоққина биноға қараб олғач, қўйниға қўл солиб бир қоғоз олди, хаёл ичида қоғознинг тахларини тузиклади-да, қайтариб яна қўйниға тиқди. Шундан сўнг биноға яна бир кўз ташлағач, майдоннинг кунботариға юриб, ўн беш адимлаб ҳалиги жойдан йироқлашди. Том шувоғиға лой олинған зовур шекиллик ўринни кечаги келишида биқиниш учун белгулаб кеткан эди, келиб шунга тушди-да, қўлини чаккасига қўйиб ёни билан ётиб олди. Гарчи ости кесилган бино билан Отабек тушиб ётқан лойхона бир- бирисига рўбарў эди. Аммо иморатларнинг кўлагаси ва кечанинг ўтача қоронғилиғи орқасида лойхонада киши бўлғанлиғини пайқаш қийин эди.

* * *

Тун ярим бўлиб, олдинғи ухлағанлар энди бир уйқуни олған эдилар. Майдон эшиги очилди.

Бири орқасидан бири юриб икки кўлага майдонга кирди. Буни пайқаған Отабек ханжарини қинидан чиқариб қўлиға ушлағач, юз тубан ерга узанди... Икки кўлага сўзсизгина ости кесилган бино ёниға келиб тўхтадилар. Келгучиларнинг бири Содиқ ва иккинчиси Мутал эди.

Тумшуғини ерга тираб ётқан мушукдек бўлиб Отабек уларни кузатар эди.

Тўхтағач, шивирлаб Содиқ сўради:
— Тешилаёзғанмикин?
— Озғина қолғандир, деб ўйлайман, негаки, пахсанинг энидан бир газ чамаси жой очилған! Мутал товшини баралла қўйиб сўзлар эди, шунинг учун Содиқ деди:
— Товшингни секинроқ чиқарсанг-чи! Мутал белидан тешасини олар экан, унга жавоб берди:
— Ҳали шундан ҳам қўрқасанми, балки ҳали ашуламни ҳам айтиб юборарман!
— Жиннилиғингни қўй, Мутал ака! Мен ҳам ёнингда турайми?
— Турасанми, йўқми — ихтиёр ўзингда! Мутал ковакка кириб ковлашка тутинди.
— Тешани қаттиғ солма, — деди Содиқ.
— Менга ўргатма, ўзим биламан.

Содиқ Муталнинг эҳтиётсизлигидан қўрқди шекиллик, бир оз Муталнинг ишига қараб турғач, деди:
— Бўлмаса, мен эшик ёниға бориб турай, тешилди дегунча ҳуштак бер.
— Тузик, ҳали Ҳомид куявинг қаёғда қолди?
— Кўчанинг бошида пойлаб ўлтургандир. Ҳуш-тагингни эшиткач, уни ҳам чақирайми?
— Чақир, — деди Мутал ва шитир-шитир кесак тушира берди.

Содиқ эшикдан чиқған ҳам эди, Отабек секингина бошини кўтарди-да, Мутал сари шувий бошлади. Мутал эса емирилиб тушкан кесакларни ташқариға суриш билан овора эди... Шу вақт унинг қўлтуғи остидан узатилған қўл ҳиқилдоғидан омбир каби сиқиб олди... Мутал кучли эди, аммо Отабек ундан ҳам кучлик эди. Сапчиб ҳиқилдоғини ажратиш учун бўлған Муталнинг биринчи ҳаракати бўшка кетди-да, чап биқиниға ўткир ханжар ғачча ботирилди... Аммо ул ҳамон бўшалишға кучанар эди ва кучли қўл баттарроқ уни сиқар эди. Уч дақиқалик курашдан сўнг Мутал бўшашди, илгариги кучанишлардан қолди ва бир-икки дафъа тўлғаниб жимгина жон берди. Отабек эшик томондан кўзини узмағани ҳолда Мутални судраб ўзи биқинған лойхонаға олиб борди ва қўрқибқина ҳиқилдоқдан қўлини олди. Муталнинг боши шилқ этиб лойхонаға тушди-да, мангулик уйқуга кетканлиги маълум бўлди... Отабек битта-битта тешилган бино ёниға келиб эшик томонға ҳуштак берди, жавоб ҳуштаги эшитилгач, тешук ичига кириб ўлтурди. Тешукнинг юқорисидан бир оз туйнук очилган бўлғани учун ичкаридан қулоққа енгилча пишиллаш эшитилар эди... Содиқ яқин еткан эди, кесмадан узоқроқда туриб шивирлади:
— Тешдингми, Мутал?
— Тешдим, бери кел.

Содиқ кесма ёниға келиб энгашди. Энгашиши ҳамоно қўл ҳиқилдоққа тўғри келган эди ва ханжар қорниға ботирилган эди... Содиқ қўлидағи ханжарини бир-икки қайта солиб кўрса ҳам тегдириш учун кесманинг тубанлиғи халал берди, лекин ўзи тетук эди. Отабек сапчиб кесмадан чиқди ва бор кучи билан Содиқни босиб тушди... Босиб тушиши ҳамоно аллақайси ери ачишкандек сезилди... Сўл қўли Содиқнинг ҳиқил-доғида, ханжарлик қўли Содиқнинг ханжарлик қўлида эди... Бир оз кучини йиғиб олғач, ҳиқилдоқни бор кучи билан сиқа бошлади.

Содиқ хириллар, шундай бўлса ҳам қўлидағи ханжарни бўшатмас эди. Эшик томондан Ҳомид ҳам кўриниб қолди... Вақт танг келган эди... Содиқнинг кўкрагини қочириб ханжарлик қўлини бўшатди ва Содиқнинг кўкрагига солди. Содиқнинг ханжари бир-икки қайта унинг орқасига кучсиз-кучсиз келиб теккан эди. Ханжарини иккинчи уришда Содиқ бўшашди ва қўлидан ханжари тушди.
— Ҳомид акангга жуда ҳам меҳрибон экансан, Содиқ! — деди босиб ётқан жойидан Отабек.
— Жонинг -ни ҳам унга қурбон қилдинг! Содиқ инграниб қўйди.
— Ким хириллайдир? — деди яқинлашиб келган Ҳомид.
— Тезроқ келинг, Ҳомид ака, Отабекни ўлдирдик! — деди шошиб Отабек.
— Аҳ! — деб юриб келди Ҳомид.

Отабек Содиқни қолдириб, Ҳомиднинг ханжарлик қўлини ушлаб олди:
— Мутал ўлди. Содиқ ҳам ўлим ёқасида. Энда сиз билан иккимизгина қолдиқ! Ҳомид қўлини бўшатишка тиришар экан, Отабек салмоққина қилиб деди:
— Ортиқча ошиқмангиз, Ҳомидбой, мен сизнинг ханжарлик қўлингизни бўшатаман ҳозир, аммо шунгача сиз билан икки оғиз сўзим бор! Ҳомид ҳануз қўлини бўшатишға кучанар эди.
— Кучанмангиз, Ҳомидбой!
— Мард йигит бўлсанг, қўлимни қўй!
— Ошиқма, қўяман, — деди Отабек. Шу чоқда оёғ остида ётқан Содиқ кўтарилиб-кўтарилиб ўзини от-моқда эди. Отабек Содиқдан нарироққа Ҳомидни бошлади. Ҳомид тиғизлиқ билан сурилди. Ханжарлик қўли билан туйнукка ишорат қилиб, Отабек сўз бошлади:
— Сиз мендан ҳам яхшироқ биласизки, шу уйда сизни аллақанча машаққатларға солған, чексиз жони-ворлиқлар ишлаткан ва ҳисобсиз тиллалар тўкдирган, ниҳо-ят, шу дақиқаға келтириб тўхтатқан бирав ухлайдир. Агарда сизнинг маним тилимдан ёзиб берган талоқ хатингиз дуруст ҳисобланмаса, бу ухлағучи маним ҳалол рафиқам бўлиб, икки йилдан бери мен ҳам унинг кўйида саргардонман. Демак, сиз билан манинг орамизда шу бирав учун кураш борадир. Лекин сиз шу чоққача маним устимдан муваффақият қозониб келдингиз: қора чопончи, деб дор остилариғача олиб бордингиз, Мусулмонқул қўлиға топширдингиз, бу ишларингиз фойдасиз чиқғач, исмимдан талоқнома ёзиб, икки йиллаб рафиқамдан айириб туришка муваффақ бўлдингиз, бу орада гуноҳсиз бир йигитни ҳам ўлдирдингиз. Ниҳоят, ўғрилиқ йўлиға тушиб икки йигитингизни маним қўлимда ҳалок қилдингиз... Энди менга жавоб берингиз-чи: бу ёмонлиқларингизда сиз ҳақлими эдингиз?
— Ҳақли эдим! — деди Ҳомид ва силтаб ханжарлик қўлини бўшатиб чалқанча йиқилди. Ул қўлини бўшатқан чоқдаёқ Отабек ишини тўғрилаған, яъни Ҳомиднинг қорнини шир этдириб ёриб юборған эди. Ҳомид ҳолсизланиб ётар экан, уни беш қадам наридан кузатиб тек турғучи Отабек заҳарханда ичида «ҳақлими эдинг?» деб сўради. Кучаниб «ҳақли эдим!» деди Ҳомид ва қўлидағи ханжарни Отабекка отди, ханжар Отабекнинг ёниға келиб тушди...

Отабек кушхона ўрнидан эшикка қараб қўзғалған эди, Ҳомиддан беш-олти қадам нарида ётқан Содиқнинг «ҳммм» деган товши эшитилди. Отабек кўнгли алланечуклангани ҳолда майдондан чиқди...

Ўзни Танитиш

Eртаси кун бутун Марғилон деярлик Маликбойнинг майдонида воқиъ бўлған ишка жуда ҳайрон эди:

— Мутал билан Содиқ бўлса шаҳарнинг томтешар йигитларидан, улар қутидорникига ўғрилиқ учун борған бўлсалар борғандирлар... Лекин шаҳарнинг катта бойларидан ҳисобланған Ҳомиднинг иши қизиқ. Хайр, Ҳомиднинг ўғрилиқ ҳунари ҳам бор бўлсин, буларни ким ўлдирган? Қутидор бўлса эрталаб уйқудан турғач, бу ҳангамани билибдир, жуда ажойиб!
* * *

Куч чошкоҳга етканда Отабек сарой дарбозасидан чиқди. Ул ўзининг сўл қўлини дока билан ўраб боғлаған ва кўкрагига кўтариб ушлаган эди. Кеча Ҳомид ханжарлик қўлини силтаб тортқанда, ханжар унинг бош бармоғи орасини суякка еткунча шипириб кеткан эди. Унинг оёғ олишида ҳам бир оз оқсоқланиш сезилар эди.

Саройдан анча узоқлашқан эди, қаршидан ўзига қараб келгучи Раҳматни кўрди ва чор-ночор сўраш-моққа тўғри келди:
— Ҳа, мулла Раҳмат, саломатмисиз?

Раҳмат ошиқибғина унинг билан кўришди:
— Қачон келдингиз, бек ака?
— Келганимга бир-икки кун бўлди... Нега хафа кўринасиз, мулла Раҳмат?

Раҳмат уфлаб олди:
— Эййй, бек ака, бизнинг бошка тушканни душманингизга ҳам кўрсатмасин! Отабек ажабсиниш туси кўрсатиб сўради:
— Нима бўлди, уй-ичингиз билан саломатмисиз?
— Ўзингиз биласиз, бултур падар марҳум бўлған эдилар, бу кун яна бошимизға ўлим тушатурған бўлиб қолди, тоғам Ҳомидни аллакимлар чавоғлаб кетибдирлар.

Отабек кўзини олалантирған бўлди:
— Қаерда, кимлар, яраси қўрқунч эмасми?

Раҳмат воқиъани қаерда бўлғанлиғини сўзлаб турмади:
— Яраси ёмон, ҳушсиз ҳолда ҳиқиллаб ётибдир. Қорнини тикдирмакчи бўлған эдим, жарроҳ бўлмайдир, деди.
—Чавоғлағучини айтмадими?
— Тил бўлса айтади-да, — деди Раҳмат, — ул йиқи-либ ётқан жойда яна икки йигитнинг ўлуги бор экан... Шулардан зарб олғанми деб ўйлайман.
— Худо шифо берсин! — деди Отабек.

Ажралишдилар.

Отабек уста Алимнинг кўчасига бурилғач, Содиқ эшигида уч-тўртта бел боғлаған кишиларни тобут ясаш билан машғул кўриб тинчсизланиб кетди. Уста Алимнинг йўлагига кирар экан, Жаннат опа билан яна бир хотиннинг йиғи товушларини эшитди...

Жанозага таҳорат олиш учун обдаста ёниға ўлтурган уста Алим Тошканд жўнаб кеткан Шокирбекни орадан уч-тўрт кун ўтмай қайтиб келишига ажабсинган эди:
— Келинг-келинг, Шокирбек... Тошканд жўна-мағанми эдингиз?! Отабек айвоннинг олдиға ўлтурар экан, кулди:
— Тошкандга бориб келдим...

Уста Алим унинг ҳазилини фаҳмлади-да, таҳорат ола-ола қизиқ воқиъадан сўз очди:
— Марғилондан кетмаган бўлсангиз, ўзингиз ҳам эшиткандирсиз Шокирбек, сиз билан менга таржимаи ҳоллари маълум бўлған Ҳомид билан Содиқни ва тағин Мутал деган яна бир йигитни Мирзакарим аканинг ҳавлиси орқасида ўлдириб кетибдирлар. Ёмонлар ўз жазаларини то- пибдирлар.
— Эшитдим, — деди Отабек ва тағин кулиб қўйди.

Уста Алим унинг бу кулгисига эътибор қилмаған эди, сўзида давом этиб сўради:
— Сиз буларни ким ўлдирган деб ўйлайсиз?
— Сиз-чи? — деди Отабек ва тағин илжайиб қўйди.
— Менга қолса, — деди уста Алим, — ўлдиргучи албатта Мирзакарим аканинг куяви Отабекдир... зап иш қилған-да, мен унга қойилман. Мен унинг Ўтаббой қушбегига қилған муомаласини эшитиб, юрагига бали деган эдим... зап йигит экан-да! Отабек ўнғайсизланиб кетди. Уста Алим юз-кўзини артиб Отабекнинг қўлини олиб кўришмакчи бўлған эди, кўзи ўралған докага тушди:
— Қўлингизга нима қилди, Шокирбек?
— Пичақ кесиб кетди...
— Ёмон кесдими?
— Сал.

Уста Алим Отабекнинг ёниға ўлтурди ва:
— Нега Тошканд жўнамадингиз, бирарта монеъ чиқиб қолдими? — деб сўради.
— Монеъ чиқиб қолди...
— Қандай монеъ? — деди уста.
— Монеъми? — деди Отабек ва кулимсираб: — Мен сизга бир катта гуноҳ қилиб кеткан эдим... Йўлда боратуриб гуноҳимдан ўкиндим-да, сизга тавба қилғали Қўқондан қайтдим... Агар сиз гуноҳимни кечирсангиз, мен шу дақиқада Тошканд жўнайман.

Уста Алим ажабланиб Отабекка қаради:
— Ҳазиллашасиз...
— Ҳазиллашмайман, агар сиз кечиратурган бўлсангиз, гуноҳимни ҳам ҳозир иқрор қиламан.

Уста Алим кулимсираб сўради:
— Қани иқрор қилингиз бўлмаса.
— Илгари кечиришка ваъда бериб қўйингиз.
— Менга қолса сизнинг ҳеч гуноҳингиз йўқ... Менга номаълум гуноҳингиз бўлса кечирдим.
— Раҳмат, — деди Отабек ва сўради: — мен ким?
— Сизми, сиз Шокирбек! Отабек уят аралаш кулиб қўйиб деди:
— Ана уста, маним борлиқ гуноҳим сизнинг шу кунгача мени Шокирбек, деб билишингиздагина!
— Бўлмаса, сиз ким?
— Гуноҳимни кечиргансиз-а?
— Кечирганман.
— Мен сиз билган Шокирбек эмас, тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли ва марғилонлиқ Мирзакарим аканинг куяви — Отабек! Уста Алим бир оз ўзини кейинга ташлади ва кўзига жиқ ёш чиқарди.
— Сиз-а? — деди. Келиб Отабекни қучоқлади... Бу фавқулодда ҳолға тушуна олмай қолған Сайфи ишини тўхтатиб дўконхонадан қараб турар эди. Уста йиғлаған ҳолда Отабекни қучоқлаб ўпди-да, айвонга кўрпача сола бошлади.
— Нима қилмоқчи бўласиз, уста? — деб Отабек сўради.
— Мен ўзимнинг янги меҳмонимни кўрпачага ўтқузмоқчи бўламан, — деди кулиб уста Алим.
— Мен сизнинг кўрпачангизга кўб ўлтурганман, энди менга ортиқча такаллуфингизнинг ҳожати йўқ.
— Тўғри сўзламайсиз, Отабек, бу кунгача маним кўрпачамда ўлтуриб юрган Шокирбек отлиқ бир йигит эди. Энди мен ўзимнинг янги меҳмоним бўлған Отабекни сийламоқчи бўламан...

Қани, Отабек, кўрпачага чиқингиз! Отабек устанинг латифасига кулди-да, кўрпачага чиқиб ўлтурди. Бу вақт Жаннат опанинг «шаҳид ўлган болам» деб йиғлаған товуши эшитилди-да, Отабек гуноҳкор бир юз билан уста Алимга қаради. Ул эса Отабекнинг бу қарашидағи маънони сезган эди:
— Зап қилғансиз, Отабек, — деди уста, — ёмонларнинг жазоси шундай бўладир... Ёнингизда кишиларингиз бор эдими?
— Йўқ.

Уста Алим Отабекка тушуна олмай қараб турғач, сўради:
— Уч душманга қарши ёлғиз ўзингиз?
— Ёлғиз ўзим! Худо ёмонға жазо бературган бўлса, шундоқ бўлар экан.

Уста Алим тамом ажабда қолған эди:
— Субҳоноллоҳ! Қандай юрагингиз бор экан, Отабек! Қўлингиздан бошқа ерингизда жароҳат йўқми?
— Йўқ. Бўксам устига бир оз ханжар учи тегиб ўткан бўлса ҳам аҳамиятсиз.
— Худога шукур, Отабек! Сизнинг бу ишингиздан қайин отангизнинг хабари бор эдими?
— Йўқ эди. Бу ишни ҳозирғача бир ўзим ва бир тангри билди. Энди бу сирни билгучиларнинг учунчиси сиз бўлдингиз!
— Астағфируллоҳ! — деб қўйди уста Алим, — рақибингиз Ҳомидни биринчи мартаба уста Фарфи орқалиқ таниғанингизми?
— Биринчи мартаба танишим, — деди уфлаб олиб Отабек, — бунга ҳам сизнинг билан бўлған ошналиғим кўмак берганликдан сизга миннатдорлик қилишдан ожиздирман.
— Сизнинг ақллар ишонмаслик қаҳрамонлиғингизға юрагим қинидан чиқиш даражасига етди! Отабек, Ҳомиднинг бу кейинги режасини қаердан билдингиз?

Отабек кулди.
— Худоға шукурлар бўлсунки, маним тортқан оҳларимни қуриққа юбормай, кутмаган ердан сирни билдирди. Мен сизга ҳикоямни бошидан сўзлаб берайми ва ё Ҳомиднинг режасини билишимнигинами?
— Бошидан сўзлангиз, Отабек! — деди ҳовлиқиб уста Алим ва иш тўқиш ила машғул Сайфини савзи тўғрашқа буюрди.

Уста Алимни ҳикоя тингламак учун ҳозирланған кўргач, Отабек деди:
— Таҳоратнинг сабаби ёдингиздан кўтарилди шекиллик!
— Кўтарилгани йўқ, Отабек, ёмоннинг жанозасидан яхшининг ҳикояси фойдалик кўринадир... Қани, сўздан келинг! Отабек ўзининг чин дўстиға биринчи марта Марғи-лон келишидан тортиб ҳикоясини сўзлаб кетди. Унинг уч йил ичида бошидан ўтканларини бир соатлик вақтга чўзилиб, Сайфи ошни сузиб келганда йўлда учрашқан Раҳмат билан ҳикоясини тугатди. Уста Алим Отабекнинг елкасига қоқиб дер эрди: — Сизда чин юрак бор, дўстим. Бу юракингиз билан ҳеч вақт дард қолмайсиз, Отабек! Аммо мендан чин исмингизни яшириб келганингиз учун сизни айблай олмайман. Бироқ жумъа кун кечаси Ҳомид изидан маним ҳавлимга кириб, менга ўзингизни билдирмай кетканингизга хафа бўламан, худой кўрсатмасин бир фалокат юз берганда нима бўлар эди?

Ошдан сўнг уста Алим шундай фотиҳа ўқуди:
— Душманларингизнинг йўқ бўлғанлари чин бўл-син, суйганингиз билан энди масъуд яшанг! Отабек ташаккур этди. Тағин бир оз чой ичиб сўз-лашқандан сўнг, Отабек дафтаридан иккита хат чиқариб деди:
— Сизга оғир келмаса, бир хизмат топширмоқчи-ман, уста!
— Буюрингиз! Отабек қўлидағи хатларни узатиб:
— Мен шу соатнинг ичида Тошканд жўнашға мажбурман. Шунинг учун сиз бу хатларни қайин отамникига ўз қўлингиз билан элтиб берасиз.

Уста унинг бу гапига тушунолмай қолди:
— Нега энди Тошканд жўнайсиз, ўзингиз...
— Ўзимга мумкин эмас, чунки... икки томонға ҳам ўнгғайсиз. Мен ҳозир кетишка мажбурман, балки ўзингиз ҳам онгларсиз.
— Онгладим, — деди уста ва: — гап-сўз босила-ёзғач, келмакчимисиз?
— Балки... — деб тўхтади Отабек, — хатларнинг бириси қайин отамға, иккинчиси унга, — деди.
— Хўб.
— Қайин отамға ёзғаним қисқа бўлғани учун сиз унга мендан эшитканларингизни сўзлаб қондирарсиз. Қутидор билан ишингизни тугатиб қайтишингизда унинг хатини берарсиз, тузикми?
— Маъқул.
— Учрашқанингиз тўғрисида менга маълумот ёзсангиз, тағин миннатдор қилар эдингиз...
— Бош устига.

Шундан сўнг иккиси қучоқлашиб кўришкач, видолашдилар.

Отабек эшикдан чиқғанда Содиқни кўмиб келган кишилар қуръон ўқуб тарқалмоқда эдилар.

Хайрихоҳ Қотил

Миршаблар томонидан қўрбоши маҳкамасига сў-роққа олиб кетилган қутидор қайтиб йўлакдан кириши билан минг хил ташвишда ўлтурғучи Офтоб ойим билан Кумушка қайтиб жон кирган каби бўлди. Кумуш отасининг олдиға қанот ёзған каби югириб, унинг соқолини силар экан, сўради:
— Сизга зарар бермадиларми, отажон?
— Йўқ, қизим.

Офтоб ойим эрининг бу сўзини эшитиши билан Хўжа Баҳоваддин йўлиға ўгуриб қўйған етти танга пулини Тўйбекага бериб, дарров эшонникига жўнатди ва шундан сўнг эридан сўради:
— Сизга айб қўя олмадиларми?
— Худойға шукур, оқландим, — деди қутидор. — Чиндан ҳам менда қандай айб бўлсунки, ўзимиз ҳам бу ҳангамани уйқудан туриб пайқаған бўлсақ. Уйимиз остини ёмонлар тешкан бўлсалар ҳам аммо киши сиғмаслиқ бўлғанлиғи мени оқлиққа чиқарди. Лекин киши сиғатурған бўлиб тешилганда ҳам мени айблай олмас эдилар, зероки, уйимиз остини тешкан муттаҳамлар албатта яхши ният билан тешмаган бўлиб, молимиз ва жонимиз қасдида эканликлари маълум эди. Башарти қотил мен бўлиб кўринганимда ҳам молим ва жоним қуруғида ўғриларни ўлдирганлигим учун яна гуноҳкор бўлмас эдим. Ҳар ҳолда бу фожиъа бизга зарарсиз бўлиб ўтдиким, бунинг учун ҳақ таолога қанча шукур қилсак ҳам оздир, — деди ва айвонға чиқиб танчага ўлтурғач, Кумушдан сўради: — ачанг келмадими?

Офтоб ойим жавоб берди:
— Қаттиғ оғриб қолибдир, — ва сўради: — кимлар ўлдириб кетканини била олмадингизми?

Қутидор ажабсиниб хотиниға қаради:
— Қизиқ сўз айтасан-а! — деди. — Бу ишка бутун шаҳар ҳайрон. Қилни қирққа ёрадирған донолар ҳам бир нарса тўқуй олмайдирлар... Аммо маним кўнглимга келадиргани шулки, бизнинг молимизға кўз олайтурған ўғрилар беш-олти киши бўлиб, уйни тешаёзған вақтла-рида оралариға низо тушиб, бир-бирлари билан пичоқ-лашқан бўлсалар керак.

Кумуш отасининг бу кашфига қарши тушди.
— Бу гапингиз тўғри эмас, ота, — деди.
— Нега тўғри эмас?
— Негаки, бир-биравларини ўлдиришиб, бизга зарар бер-масдан қуруққина кетмас эдилар.
— Тонг отиб қолғандир ёки улар ҳам ҳолдан тойғандирлар, — деб жавоб берди қутидор.
— Бу орада Ҳомид нима қилиб юрибдир, ўзига тузиккина бой киши эмасми эди? — деди Офтоб ойим, бу вақт Кумуш секингина онасиға қараб олған эди.
— Ҳомид тийнати бузуқ бир йигит эди, — деб жавоб берди қутидор. —Eҳтимолки, унинг топқан давлати ўғрилиқ орқасидадир, кишининг давлатига қараб ҳукм юрутиш қийин.
— Худойимдан ўргулайки, — деди Кумуш энтикиб ва даҳшатланиб, — ёмонларнинг жазасини ўзи берган. Ўғрилар тешиб олдимға чиқғанларида мен нима қилар эдим? Оҳ, отажон! Мен ажалимдан беш кун бурун ўлар эдим. Қизингиздан ажралур эдингиз!.. Мени ғафлат уйқуси босмаған бўлса, нега бир газлик пахсани кесар эмишлар ва бошимдан туйнук очар эмишлар-да, мен ҳеч нарса сезмас эмишман.

Офтоб ойим бошини чайқаб:
— Шуни айт, қизим! — деди.

Қутидор:
— Худонинг қандай ҳикматлари бордирким, шу кеча-кундузларда бизнинг теварагимизда қонли воқиъалар кўрила бошлади: бу кун никоҳ деганимизда Комилбекни ҳаммомда ўлдириб кетдилар (Кумушбиби юзида бир енгиллик кўрилди), кеча уйимиз орқасида бир эмас, уч киши ўлдирилдилар. Худо охирини бахайр қилсин энди...
— Иншооллоҳ, ишнинг охири хайрликдир, отажон,— деди Кумуш, — чунки бизнинг молимизга кўз олайтириб ёмон ният билан уйимиз орқасини тешкучиларни ер билан яксон этдириши истиқболимизнинг хайрлик фолларидандир, отажон!
— Тўғри айтасан, қизим, — деди қутидор.

Кумуш ўзининг қўнғуроқдек товши билан давом этди:
— Бу мақтуллар кимлар бўлса бўлсин, бизнинг уйи-миз орқасиға яхши ният билан келгучи кишилар эмас ва буларни тупроққа қоришдирғучи ҳам бизга хайрихоҳ бўлған қотил ва ё қотиллардир... Бизга мунча яхшилиқ қилған киши ким бўлса ҳам худо ажрини берсин! — деди.

Қутидор қизининг сўзини кучлаб тушди.
— Бизга ёмон нияти билан қараған бўлсалар, худо жазаларини берди. Бизга хайрихоҳ бўлғанларнинг ҳам хайри жазаларини берар, — деди.

Кумушбиби бу қўрқунч уйда ёта олмаслиғини билдиргани учун Офтоб ойим Тўйбекадан Кумушнинг буюмларини иккинчи уйга ташита бошлади. Қутидор эса бутун кун меҳмонхонасиға келиб-кетиб турған кўнгил сўрағучи ошна, ёр-дўстлари билан овора бўлди.

* * *

Шомдан сўнг қутидор эндигина меҳмонлардан бў-шаб ичкарига кирган эди, меҳмонхона йиғиштириб қолған Тўйбека қутидор ёниға келиб деди:
— Сизни бир киши чақирадир.
— Қанақа киши, танидингми?
— Танимадим.

Қутидор эринибгина ташқарига чиқди-да, меҳмон-хонада ўлтурғучи таниш бўлмаған киши билан совуққина кўришиб сўради:
— Хизмат?

Уста Алим қутидорға кулимсираб олғач:
— Рухсатсиз меҳмонхонангизга кирганим учун кечирасиз, — деди.
— Айби йўқ, мулла, — деди қутидор ва қаршима-қарши ултуришдилар.
— Ёмонлар суиқасдидан саломат қутилишингиз мубо-рак бўлсин!
— Тангрига қуллуқ бўлсин! — деди қутидор. Меҳмонхона қоронғиланиб кеткани учун ҳавли супириб турғучи Тўйбекага даричадан туриб буюрди: — Шамъ ёқиб чиқ, Тўйбека! Шамъ чиқишини куткандек уста Алим бошини қуйи солиб ўлтурар эди. Қутидор «нима юмишинг бор менда» дегандек қилиб унга савол назари билан кўз ташлар ва қуръон тингловчи кишидек бўлиб ўлтурғучи мажҳул кишидан таажжубланар эди. Ниҳоят, шамъ келиб токчага қўндирилғач, уста Алим муроқабадан бошини кўтариб қутидорға қаради:
— Мендан таажжубландингиз, — деди ва қўйнидан мактубларни чиқариб биттасини қутидорға узатди, — мендан ҳам бу мактуб ажиброқдир, — деб кулди. Қутидор хатнинг унвонига кўз югиртириб чиқғач, уста Алим айткандек таажжуб ичида хатни очди... Ўқуб битиргач, ул даҳшат ва таажжуб ичида тошдек қотиб қолған эди... Агарда унинг ёнида уста Алим бўлмағанда эди, эҳтимол ул қай ва қатларғача серрайиб қолар эди.
— Жон ва оилангиз душмани бўлған бир бадбахт энди ўз қилмишининг жазасини кўрди, буродарим Отабек уларнинг тотиқларини хўб боблаб берди, — деди уста Алим ва давом этди:
— шунинг билан сизнинг нажиб оилангиз даҳшатлик фожиъа даврларини кечириб, энди маъсуд кунлар арафасига етди. Хатни ўқуб сизнинг даҳшатланишингиз эмас, қувонишингиз, душманингизни юз тубан қилғани учун ҳақ таолоға шукур айтишингиз керакдир! Қутидор ҳушини бошиға йиғаёзди ва уфлаб тин олғач, ҳаяжон ичида сўради:
— Мен билан Отабекни қаматдирған ва дор остлариға юборған Ҳомидми?
— Ҳомид.
— Талоқ хати ёзғучи Отабек эмасми?
— Ҳошо ва калло, Отабек мундай гапдан хабарсиз. Унинг отидан талоқ хати ёзғучи ҳам шу бадбахт Ҳомид.

Мундан сўнг қутидор туриб ичкарига югирди, ярим йўлданоқ танчада ўлтурғучи Офтоб ойим билан Кумушка қичқирди:
— Сир очилди! Иккиси ҳам сачраб қутидорға қарадилар-да, бирдан сўрадилар:
— Нима, қандай сир?

Қутидор танчага бориб ўлтурмади-да, айвон пешонасидан туриб, қўлидағи хатни юқори товуш билан ўқуб чиқди:

«Муҳтарам қайин отамизға! Сиз билан мени қоронғи зиндонларға тушириб, дор остлариғача торткан, бунинг ила ўзининг ваҳшиёна тилагига ета олмағандан кейин маним тилимдан сохта талоқ хати ёзиб дарвоза ёнидан ҳайдаттиришка муваффақ бўлған ва бир гуноҳсизни шаҳид эткан Ҳомид исмлик бир тўнғузни ниҳоят, икки йиллик саргардонлигим сўнггида ёрдамчилари билан тупроққа қоришдиришға муваффақ бўлдим... Сизнинг шонли ҳавлингиз ёнида воқиъ бўлған бу кураш албатта сизни ва уй-ичингиз ҳам ёр-дўстларингизни анчагина тинчсизликка қўйған бўлса керак. На чораки, ёмонларни сизнинг ҳавлингиз орқасида рафиқам қасдида бўлғанлари пайтида учратишға тўғри келди ва мен бу ишка мажбур қолдим. Бунинг учун албатта мени кечирарсиз умидидаман. Фақат сизнинг тинчсизланишингиз ва мардумнинг юқори-қуйи сўзи бўлмаса сизга бошқа зарар бўлур, деб ўйлай олмайман. Сиздан бу улуғ гуноҳим учун афу сўраб, ҳайдалған ўғлингиз Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли».

Аммо қутидор «ҳайдалған» сўзини ташлаб ўқуди. Мактуб ўқулиб битканда Офтоб ойим, айниқса, Кумуш қутидорнинг бояғи ҳолиға тушган эдилар. Кумушнинг бу дақиқадағи ҳолини қалам билан чизиб кўрсатиш албатта мумкин эмас эди. Ул титрар эди, кўкарар эди, тўлғанар эди... Ҳозирги энг кучлик ҳиссиётини ҳиссиётнинг аъло ифодачиси бўлған ёш билан тўкар эди.

Қутидор ўз томонидан ҳам изоҳ бериб чиқди:
— Мен билан Отабекни қаматиб дор остиға юбор-ғучи, Отабек тилидан сохта талоқ хати ёзиб бир-биримиздан жудо эткучи, Комилбекни ўлдиргучи, уйимиз орқасини тешиб Кумуш қасдида бўлғучи — ҳаммаси ҳам шу баттол Ҳомид экан... Аммо бадбахтни икки кишиси билан тупроққа қоришдириб кеткучи Отабек экан! Офтоб ойим титраған товуш билан:
— Уятсиз Ҳомид, — деди.

Кумушбиби:
— Бечора бегим, — деб қўйди.

Уччави ҳам юракни тўхтатиб олиш учун анчагача жим қолдилар.
— Ўзи эсонмикин? — деб сўради охирда Кумуш.
— Хатиға қарағанда соғ, — деди қутидор.

Офтоб ойим сўради:
— Ўзи қаерда эмиш, хатни сизга ким келтурди?

Бу саволдан қутидорнинг эсига меҳмонхонада ўл-турган уста Алим тушкан эди. Ўрнидан ирғиб турди-да, хотиниға жавоб бермасдан ташқарисиға чиқди. Ул уста Алимнинг қаршисиға ўлтурганда, меҳмонхонанинг юқори даричаси остиға Офтоб ойим билан Кумуш хат келтиргучининг сўзини эшитиш учун келиб тўхтаған эдилар.

Қутидор узр айтди:
— Келтурган хабарингиз таъсирида сизни унутаёзибман...
— Мен буни пайқадим, — деди уста Алим кулиб,— шу йўсинда маккор Ҳомиднинг иблисона дасисаси бир оилани тамом ишдан чиқараёзғанким, бу тўғрида айниқса сизга сўзлаш ортиқчадир. Аммо арслон юраклик Отабек ҳам бадбахтни шундоғ янчиб ташладиким, бу жуда оз кишилар қўлидан келатурган ишдир.
— Ўғриларни ўлдирганда Отабекнинг ёнида неча кишиси бўлган? — деб сўради қутидор.

Уста кулди:
— Отабекнинг танҳо ўзи! — деди.
— Уч кишига танҳо ўзи? — қутидор ишонмаған эди.
— Азаматнинг ёлғиз ўзи! — деб уста Алим илгариги сўзини қайталади.
— Астағфируллоҳ... Нега менга бу тўғрида хабар бермаган?
— Сизга хабар бериб ўлтуришни йигитлик отиға эб билмай, ҳатто менга ҳам бир нарса сездирмаган. Мен ҳали бу нуқсони учун айбласам: «Мен ўзимнинг ашаддий душманим билан танҳо курашиб ё жон бермакка ва ё жон олмаққа қарор берган эдим. Шунинг учун ҳеч кимга ҳам билдирмадим», дейдир.

Қутидор бир томондан даҳшатка тушса, иккинчи жиҳатдан Отабекнинг дов юрагига ҳайрон қолар эди.
— Ўзига жароҳат олмағанми? — деб сўради қутидор.
— Бўксаси билан қўлидан яраланған бўлса ҳам зарарсиздир.

Уста Алим қутидорнинг баъзи бир эътирозларига қарши Отабекнинг қутидор томонидан қувланғанидан тортиб, шундан бери Марғилонға етти-саккиз мартаба келиб кетканини, ҳар бир келишида ўзининг уйига келиб тушканини ва қалин ўртоқ бўлиб олғанларини, шундоқ бўлса ҳам Отабекнинг ўзидан чин исмини яшириб юрғанини, жумъа куни уста Фарфидан биринчи мартаба ўз рақибини танишини, ниҳоят бу кунгина унга чин исмини очқанини сўзлаб чиқди.
— Талоқ хати-ку сохта экан, — деди қутидор, — нега бизникига бир келгани билан қайтиб келмади экан?
— Чунки унинг сўзига қараганда, сиз уни оғирроқ тариқа билан дарбозангиз ёнидан жўнатқан экансиз, — деб изоҳлади уста. — Тошканддан уйланишида сизнинг билфеъл бош қўшишингизни фақат қизингизни ундан чиқариб олиш учун қурилған бир ҳийла экан, деб ўйлаб, қайтиб эшикингизга оёқ босмаған, ҳатто хотинини қозиға чақириш тўғрисида фикри бўлса ҳам, сиз билан учрашишдан қочиб бу фикридан ҳам қайтқан, яъни сизнинг қизингиз бўлғани учун суйган хотинидан ҳам кечмакка қарор берган.

Қутидор ҳали ҳам Отабекнинг руҳига тушуна олмаған эди:
— Мендан ўзи хафа бўлған бўлса, ораға киши қўйса ҳам бўлар эди.
— Шундоғ қилса ҳам бўлар эди, — деди кулиб уста Алим, — мен ҳали ундан шундай деб сўрасам, «Ўзимга ишонмаған киши киши сўзига кирармиди, деб ўйладим», дейдир.

Куявингизнинг қизиқ табиъатини шундан ҳам яхши билиб олсангиз бўладирким, шу чоққача ота-оналари ҳам бу фожиъадан хабарсиз эканлар.
— Қизиқ йигит, — деди қутидор, — мендан ҳам катта нодонлиқ ўткан.
— Ҳаммаси ҳам тақдирнинг иши, амак, бу орада сиз билан маним ҳеч бир ихтиёримиз йўқ.
— Албатта йўқ, — деди қутидор ва сўради: — ўзи сизникидами?
— Бу кун пешинда Тошканд жўнаб кетди.

Қутидор тушуна олмаған эди:
— Нега-нега? — деб сўради.
— Нега... сабабини мен ҳам яхши тушуна олмадим.
— Қайтиб келадирган вақтини айткандир?
— Бу тўғрини сўраған эдим, муҳмалроқ жавоб берди,— деди уста ва ёнини ковлаб хатни олди. — Бу хат каримангизга бўлса керак, энди менга рухсат, — деди ва фотиҳа ўқуб ўрнидан қўзғалди.
— Мен сизга дастурхон ёздиришни ҳам унутқанман, қўзғалмангиз!
— Раҳмат, амак, ҳозирча мени кечириб турасиз, аммо бапиржа каттароқ зиёфатни унутмайсиз, — деб кулди уста Алим. Қутидор уни кўчагача кузатиб чиқди.

Кумушбиби дарича орқасидан ҳамма гапни эшитиб олған ва ҳиссиётини юм-юм йиғлаб ўткарган эди.

* * *

Офтоб ойим Кумуш билан бошлашиб ичкарига кирар экан, сўради:
— Ҳомиднинг ёмонлиғини бизга улашдириб юрган пучуқ хотиннинг шумлиги ўз бошиға етиб, ўлганларнинг биттаси ўшанинг ўғли экан, билдингми?
— Ўлганидан менга нима фойда, — деди Кумуш.

Офтоб ойим қизиға ажабланган эди.
— Фойдасини кўриб турибсан-ку, ахир.
— Фойдаси Тошкандга кетиб қолғаними?
— Кетиб қолған бўлса, тағин бир кун келар.
— Келмайди, — деди ўксиб Кумуш, — унинг ҳамма ҳаракати душманидан ўчини олиш учун экан.
— Ким айтди санга?
— Хат олиб келганнинг сўзидан пайқадим.

Офтоб ойим кулди:
— Эринг сани ташлаб кетмас, қўрқма қизим, — деди,— санинг бошингға тикилган бу балоларни ўзининг ширин жонидан кечиб дафъ қилған Отабек, сени сира ҳам унутмас, санга ёзған хатини отангдан олиб ўқуб кўр-чи олдин.

Кумушбиби йиғидан қизарған кўзини катта очиб сўради:
— Менга хат ёзғанми?
— Ҳалиги киши санга атаб дадангга бир хат берди-ку, билмадингми?
— Билмадим, — деди. Чунки ул уста Алимнинг «муҳмал жавоб берди» сўзини эшиткач, тамоман ўзини унутиб, берилган хатни пайқамай қолған эди.

Икки йилдан бери суратини кўз ўнгидан кеткуза олмаған, Отабекнинг юзини кўралмай, сўзини эшита олмаса ҳам ёзған хатини ўқуб эшитиш Кумуш учун катта қийматка молик эди.

Отасининг йўлакдан кириши билан латиф кўкраги кучлик тин олиш ила кўтарилиб ташланди- да, гўё Отабек билан учрашатурғандек юраги ўйнамоққа бошлади. Қутидор келиб танчага ўлтурғач, ўзига «амонатни топширинг» деган каби қараб турған Кумушка хатни узатди:
— Санга хат.

Кумушбиби уялиб-нетиб турмади ва кимдан, деб ҳам сўраб ўлтурмади, дарров токчада ёниб турған шамъ ёниға бориб хатни оча бошлади. Шамъ қаршисида қизарған шаҳло кўзлари, ёш билан синған жинггила киприклари, чимирилған тўсдек қора қошлари уни аллақандай бир ҳолга қўйған эдилар. Қоши устига тўзғиб тушкан сочларини тузатиб хатни ўқуди:

«Ой юзлик рафиқам, қундуз қошлик маъшуқам Кумуш хонимга! Шайтон устаси бўлған Ҳомиднинг маним отимдан сизга ёзған талоқ хатиси ила менга қарши ёниб кеткан юракингизнинг нафрат ўти эҳтимол энди ўча тушкандир. Сохта талоқ хатини олған сўнгингизда менга хитоб қилиб ёзған фикрларингиздан эҳтимол энди қайтаёзғандирсиз... Бу хатни ёзар экан, муҳаббатингиз билан тўлуқ бўлған юраким мудҳиш бир ҳақиқат эҳтимолидан яфроқ каби титрар ва ўзининг тўлиб-тошқан ҳасратларини, фарёдларини ифодасидан адашар эди... Сизга очиб сўзлай, гўзал рафиқам: гўё маним бу мактубим сизнинг Комилбек учун ҳасратлик ёшлар тўккан, ўтлик оҳлар тортқан чоғингизда эришар-да унутилған, эскирган бир юракнинг арзини тинглай олмассиз ва ёниб турған юрак ўтингиз билан куйдирарсиз...

Аммо хатимни ўқумасангиз-да ва марҳумингиз учун тортқан оҳингиз ўтида куйдирсангиз-да, маним учун фарқсиздир. Нега дейсизми? Чунки сиз маним шаръий рафиқамсиз — яхшилиқ билан-да ва ёмонлиқ билан-да мен буни исбот қилишға ҳозирман! Уйингиз орқасида қилған адабсизликларим, хунхўрлик-ларим учун мени кечирингиз... Чунки мен бу ваҳшийликни ишлашда ихтиёрсиз эдим: ҳаётингизнинг, номусингизнинг сақланиши буни тақозо этар эди... Албатта мен ишонаманким, сиз маним бу яхшилиғим учун миннатдорлик қиларсиз. Лекин мен бу миннатдорликка ўзимни сазовор ҳисоблай олмайман.

Мен ўшал куни кечаси душманлардан бирини ўлдирдим-да, сўнг даражада заифландим, иккинчи душмандан енгилишимни ва кўйингизда жон беришимни аниқ билиб роҳатланиб кетдим... Маним учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўбдан бери ғоям эди. Шунинг учун яқинроғингизда ўлмак учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилған туйнукчага кирдим.

Кирдим-да, сизни бўйингизни олдим, хафиф тин олғандағи латиф ухлаған товшингизни эшитдим... Шу вақт субҳоноллоҳ... ўзимда кутилмаган бир куч сезган эдим, икки эмас, икки юз душманга муқобала этишка ўзимда қудрат кўрган эдим... Мен ўзимга бағишланған куч манбаъини жуда яхши онглар эдим, мендаги бу ўзгариш манбаъи уй ичида ухлағучи бир малак эди... Сиз эдингиз!» Кумушбиби хатнинг бу ўрнига етканда қизариниб, бир оз ўқушдан тўхтаб олди ва давом этди:

«Шундан сўнг иккинчи душманни туйнукдан чиқмаёқ ишини битирдим. Бизнинг фожиъамизнинг асл омили бўлған Ҳомид эса гўё маним қўлимда мушук каби ўйин бўлған, уни кулиб туриб, ўйнаб туриб тилимлаган эдим...

Eсингизда борми, мени дор остидан қутқариб, менга янги ҳаёт бағишлағанингиз? Бу кеча ҳам бу иккинчи ўлимдан қутқарғучи ва иккинчи мартаба менга ҳаёт бағишлағучи яна сиз бўлдингиз! Шунинг учун миннатдорлик эткучи сиз эмас, мен бўлишға тегишман! Сиздан эмас, отангиздан бир ўпкалашим бор: сохта талоқ хатини маним ўз қўлим бўлиб, бўлмағанини ажрата олмаған. Гумонимча бу сохта хат сизга ҳам кўрсатилмаган ўхшайдир, чунки, айниқса, сизнинг кўз ўнгингиздан бу ҳақиқат қутила олмас эди... Ҳар ҳолда тақдирнинг бунчалик ўйинлари турған бир замонда биз нима ҳам қила олур эдик? Бу тўғрида мендан ҳам ўткан жойлари бордирким, сизнинг биринчи мартаба менга ёзған хатингиз маъносидан даҳшатлик суратда ўзимни тағофилға солған ва хат келтургучини суриштирмасдан жавоб хати бериб юборган эдим. Шунинг ила сизни-да, ўзимни-да Ҳомид қўлида ўйин бўлмоғимизға катта йўл очқан эдим.

Баъзи эҳтимолларга қарши сиз билан кўришмак менга муяссар бўлмади. Умримда биринчи мартаба кўнгил орзусиға қарши бордим. Чунки манимча орадағи қора тикон супирилган эди.

Мундан сўнг ҳамиша меники эдингиз. Мен Тошкандда юрарман, аммо кўзим ўнгида сизнинг ҳайкалингиз! Ажабо, бусиз менга мумкинми?! Завжингиз Отабек».

Кумушбиби хатни ўқуб тугатди-да, югиргилаганча уйига кириб кетди. Унинг бу ҳаракатидан қутидор билан Офтоб ойим ажабсинишиб бир-бирларига қарашған эдилар. Кумушбиби қўлида иккинчи бир мактуб кўтарганича уйдан чиқди-да, шамъ ёнида икки хатни бир-бирисига солиштириб кўрди. Бу хат Ҳомиднинг Отабек тилидан ёзған талоқномаси эди. Бу икки хат биринчи қарашда-ёқ икки киши томонидан ёзилғанлиқларини ўз оғизларидан сўзлаб турар эдилар.

Кумушбиби икки хатни қатор ушлаб отасиға кўр-сатди:
— Буларга қарангиз, ота! Бизни нечоғлиқ ғафлат босқан экан, — деди.

Қутидор қизининг мақсадиға тушуниб икки турли қўлни даррав пайқаб олди:
— Виждонсиз, иблис, имонсиз, кофир, — деб қўйди.

Кумушбиби Отабекнинг хатини буклаб чўнчагига солди-да, сохта хатни шамъга тутиб ёндирар экан, отасидан сўради.
— Шу воқиъадан сўнг куявингиз аниқ келганми эди?
— Келган эди, қизим.
— Бечорани нега ҳайдадингиз-да, нега мени, лоақал ойимни бу келишдан хабардор қилмадингиз?
— Мен унинг келишини бошқа гапка йўйиб, сизларга билдирмаган эдим...
— Қизимизни талоқ қилған бир кишини Тошканд деган жойдан эшикингизга келиши сизга ғариб туюлмағанми эди? — деб яна сўради Кумуш.

Қутидор уялиш ва ўкиниш орасида:
— Жаҳолат келса, ақл қочадир, қизим, — деб қўйди.

Офтоб ойим билан қутидор Ҳомиднинг иблисона ишла-рига «тавба-тавба» деб муқобала қилсалар ҳам, аммо Отабекнинг фавқулодда юракини сўз орасида «барака топкур, умринг узоқ бўлғур» билан қарши олар эдилар. Кумушбиби эса бутунлай бошқа қайғуда эди. Эру хотиннинг сўзлари Отабекнинг Тошкандга кетиб қолиши тўғрисиға келиб тақалди-да, Офтоб ойим Кумушдан сўради:
— Сенга келишидан айтканми?

Кумушбиби силталаш назари билан уларга қаради ва кескин оҳангда жавоб берди.
— Айтмаган! Eру хотин маънолик қилиб бир-бирларига қарашиб олғач, орада узоққина сукут бошланди.

Кумуш қути-дорға савол назари билан бир-икки қайта қараб ҳам қўйди.
— Келиб қолса яхши, — деди ниҳоят қутидор, — келмаса, Тошкандга ўзимиз тушамиз-да, — деб хо-тиниға қаради.

Бу сўз Офтоб ойимға ёқмағанлиқдан юзини четка бурди. Аммо Кумуш отасидан рози қолиб, онасиға қаради.
— Қизинг ҳар қайси ерда бўлса ҳам соғ бўлсин, — деди хотиниға қутидор. — Эрига топшириб, сен билан маним тинчкина дуо қилиб ўлтурганимиз маъқул ўх-шайдир.
— Энди қизингизнинг бир ками кундаш балоси эдими?— деди сапчиб Офтоб ойим. Қутидор хотиниға кулиб қаради:
— Эри яхши бўлса, кундаш балоси нима деган гап?
— Эри минг яхши бўлсин, барибир кундаш кундашлигини қила берадир. Машойихлар билмасдан «кундаш» демаганлар.

Қутидор қизиға қараб кулди ва хотинини юпатди:
— Ҳамма вақтга эмас, қўрқма.
— Менга қолса бир кунни ҳам кўб кўраман, кундаш билан кечирилган кун — кунми?
— Куявингнинг шунча қилған жонбозлиғини унутдингми?
— Нега унутай, — деди Офтоб ойим. — Келсин. Мана бош усти, болам бир эмас икки.

Улдурки, қизимни кундаш устига юборишға тиш-тирноғим билан қаршиман.
— Беш-олти кунга ҳам-а?
— Неча кунга?
— Менга қолса битта-иккита болалиқ бўлғунча тур-син, деяр эдим. Сен бунга кўнмасанг, бир-икки ой туриб келсин, лоақал. Бир йигит қизингни деб икки йиллаб сарсон бўлғанда қизингни икки ойлик кундаш азобидан ҳайф кўриш жуда уят, ахир! Қутидор «битта-иккита болалиқ» сўзини айтканда Кумуш қизариниб ерга қараған эди.

Офтоб ойим эри-нинг кейинги сўзи билан анчагина бўшашди:
— Бир ойдан ортиққа мен рози эмасман, шунда ҳам куявимнинг яхшилиғи учун, — деди.
— Ана энди ўзингга келдинг, хотин.
— Ўзимга келсам-келмасам шартим ҳалиги, шунда ҳам ўзим бирга бориб келаман.
— Албатта, ўзинг бирга борасан, қудаларинг билан танишмоғинг ҳам зарур.
— Қачон юбормоқчи бўласиз энди? — деб сўради Офтоб ойим. Қутидор бир оз ўйлаб олғач, Кумушка қараб жавоб берди:
— Отабек билан кетма-кет чопишмоғимиз ҳам унча маъқул кўринмайдир. Ундан сўнг қиш куни арава сафари ҳам қулай иш эмас. Шунинг учун орадағи уч ой қишни ўтказиб жўнармиз, — деди. Кумушнинг уч ой муддатни эшитгач, жуда ҳам ҳурпайиб кеткани учун бўлса керак, — балки ўзи ҳам бирар ойларда келиб қолар, — деган сўзни-да қўшиб қўйди.

Иккинчи бўлимнинг сўнгғи
II- boʻlim