OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулла Қодирий
Асар номиУлоқда (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/жадид адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулла Қодирий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/16
Манба[ziyouz.com ziyouz.com...]


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Улоқда (ҳикоя)
Абдулла Қодирий

[1]

I- қисм

Кеча дадамдан сўраб қўйганим учун бугун акам ҳам «керак эмас, борма» деган жекиришини қилмади. Чойни наридан-бери ичиб, отхонага югурдим.

Дадам билан ойим:
— Оёғинг олти, қўлинг етти бўлиб қолдиёв! — деб кулишиб қолдилар.

Қашлоғични олдим-да, қора қашққамни яланғочлаб уёқ-буёғини қашлаб чиқдим. Жонивор типир-типир қилади, бош чайқайди, ер тепинади, дум силкитади... Шунинг билан менинг кўнглимга: «Худо хоҳласа келаси йилга бир улоқлар чопайки, ҳамма мени: «Турғун чавандоз», деб атасин деган орзулар тушади.

Улуғ ҳайитдаги ҳайитликка олдирган мўғул эгарча билан ғалатича қилиб тойчамни эгарладим. Тоғамга ялиниб-ялпоғланиб олдирган ўрус юганни артиб-суртиб солдим-да, ўзим четроқдан туриб кам-кўстини кузатдим:
— Қуюшқони ҳам ўрнида, эгар ҳам яхши қўнган, қоринбоғи ҳам жипс, юган ҳам тўраларникидек! Лекин умулдириғининг йўқлиги бироз кўнглимни ғаш қилди. Анчагина ўйлаб турганимдан кейин, акамнинг юган учун асраб қўйган қайиши эсимга тушиб, секингина ертўладан ҳалиги қайишни олиб чиқиб, умулдириқ ясадим.

Eнди тойчам жуда ҳам гижинглаб, худди тўраларникидек бўлиб кетди. Уёқ-буёғини супургандан кейин устунга қантариб қўйдим. Энди қолди: оқ жужунча камзулимни, ўрисча шимни, амиркон этикни, бахмал тўппини кийиш... Ана шундан кейин отга минсак чин тўрача бўламиз-да!

Ойимнинг бир қизиқ одати бор: ҳар қачон янгироқ кийим киймоқчи бўлсам, кўзини ола-кула қилиб: «Қақшағир, кир қиласан, тўй-пўйга борганда киярсан!» — деб қарғай бошлайди. Озгина «шайтон йиғиси» қилмагунингча иш ўнгланмайди. Бу гал ҳам ўшандоғ йиғидан қилиб олганимдан кейин, кийимларимни кийиб, шоҳи қийиқчамни белимга боғлаб олдим. Ойимга билдирмасдан секингина уйга кириб, дадамнинг кумуш чопқон қамчисини ичимга тиқиб, ташқарига чиқдим.

Хизматчи гўшт келтириб турган экан. Отхонадаги қора қашқани кўчага чиқариб туришга буюриб, гўштни ойимга киргизиб бердим-да, ташқарига қараб чопдим.

Ойим орқамдан:
— Кийимларингни кир қилма, тойингни қаттиқ чоптирма, улоқчилар орасига кириб, бирор ҳодисага йўлиқма, ўртоқларинг билан бир четда туриб томоша қил! — деб жавраб қолди.

Хизматчидан отни олиб миндим. Тўнимнинг этакларини йиғиштириб, қашқачамнинг човига бир-икки қамчи берган эдим, жонивор шаталоқ отиб кетди. Хизматчининг: «Ҳа, баракалла! Чавандоз!» деган товушини эшитиб, қаттиқроқ қамчилаб эдим, жонивор қашқачам кўтариб кетаёзди.

II- қисм

Чуқур ариқдан тойимни суғориб чиқаётганимда бир иўда улоқчи-чавандозлар учраб қолдилар. Уларнинг баъзилари акамнинг ўртоқлари эдилар, мен билан сўрашдилар. Улардан бири акамнинг қаердалигини сўраган эди, мен эрталаб улоққа кетганлигини айтдим.
— Бизнинг Маҳкамбой улоққа жуда ҳам ишқибоз-да! — деди ҳалиги йигит.
— Йўл бўлсин, бойвачча? — деб сўради мендан яна бери. Мен уялинқирадим:
— Улоққа! — дедим.
— Баракалла, чавандоз! Баракалла, Турғун чавандоз! — дейишди улар. Айниқса мени «чавандоз» деб аташлари жуда ҳам кайфимни келтириб, ичимдан: «Отангга раҳмат», — деб қўйдим.

Биз бир дуркум отлиқ борамиз. Жонивор тойчам бошқа отлардан қолишмайди ва гоҳо уларнинг отларидан ўтиб ҳам кетади. Тойчам ўта қолса: Отингиз жуда ҳам йўрға экан-да, бойвачча», — деб менга пичинг отишадилар.

Ҳа ким ҳар нарсадан баҳс қилади, орада менга ҳам сўз қотиб қўядилар. Мен уяламан. Сўз уриниб яна Маҳкам акам устида тўхталди:
Шу чоққача кўп улоқчи кўрдим, лекин Маҳкамдек улоққа серзавқини кўрмадим! — деди биттаси.
— Маҳкам бойваччанинг ота-бобоси улоқчи бўииб келган-да! — деди Собир тегирмончининг ўғли.
— Ахир, ўн икки яшар укасини кўрмайсизми, шу ёшидан улоқ чопмоқчи!

Бу сўздан менинг аъзойи баданим жимирлашиб кетди ва оз қолдики кулиб юборсам.
— Дадам Маҳкамнинг бобосининг улоқ чопшини гапираверса киши ҳайрон қолади, — деди яна бир мўйлови шопдек йигит, — юз, икки юз чавандоз ичидан ёппа-ёлғиз улоқни ажратиб чиқар экан-да!
— У вақтнинг одамини улоқнинг пири десанг-чи! — деди Собир тегирмончининг ўғли.
— Отинг яхши ва билагингда куч сероб бўлса, сен ҳам улоқнинг пири бўласан! — деди яна бири.

Мен бобомнинг мақтовини эшитиб, кеккайиб бормоқдаман... Шу пайтда орқамиздан от шаталоғи эшитилиб, қайрилиб қараган эдик, олдига бир ола эчкини ўнгарган, кўкраги очиқ, яктакчан, саман отлиқ бир йигитни кўрдик. У бизга етиб тўхтади ва ҳамма билан от устида туриб сўрашди.
— Бу ҳафта ёрдамлашасиз-да, карвон! — деди кулимсираб Тўғон ака.
— Ҳа, бўлмасам-чи, сиздек оғайниларга кўмаклашмасам бўладими! — деди ҳалиги йигит ва тўзумсизланди: — Қани, илдамроқ юринглар!

Йигит билан биргалашиб кетдик. Бироз боргач, бизнинг отимизнинг оёғи билан чавандоз йигитнинг сабри тугади шекилли, отига бирдан шартиллатиб қамчи берди ва қушдек учиб кетди. Биз, фақат унинг: «Мен тезроқ борай», — деган сўзини эшитиб қолдик. Eнди сўз ҳалиги чавандознинг оти тўғрисида бошланди.
— Валаднинг оти жуда ҳам чопқир-да, — деди Тўғон ака, — улоқчи бўИганингга яраша шундақанги отинг бўлса!
— Худди бодирафрафдек учади! — деди мўйлови шопдек йигит.

Шу вақт нима учундир ҳамма бирдан шарақлаб кулиб юборди. Кулги сабабига тушунмасам-да, мен ҳам уларга қўшилиб кулишдим.
— Бодирафрафми, бодисарсар? — деб сўради ундан аллаким.

III- қисм

Биз, акамга «Дўмбуровот» гузарида учрадик. Акамлар самоварчига палов дамлаб қўйиш учун ўзаро пул йиғиб беришгандан кейин, биз яна йўлга тушдик.

Даланинг кўчаси қишдан бошқа вақтда сув кўрмагани учун икки газ келадиган билқ-билқ гуппон тупроқ, йигирма-ўттиз улоқчи бирданига йўл босиб, қайси отини чоптириб, қайси Иўкиллатиб боради.

Кўчани тўзон қоплаган, киши кишини танимаслик ҳолга келган. Мен бўлсам уйга қайтиб борганимда: «Кийимларингни пес қилибсан!» — деб ойимнинг қарғишидан қўрқиб бораман.

Талайгина йўл босгандан кейин улоқ чопиладиган жойга етдик. 0ъзи, тўрт тарафи кўз илғамайтирғон даражада катта ва сайҳон бир ер экан. Бу жойга жуда кўп халқ йиғилган, бундаги улоқчи отлиқлар билан томошачи яёвларнинг ҳад-ҳисоби йўқ. Катта садақайрағочнинг тагида иккита бордондек самоварга ўтин қалаб қайнатадилар. Ундан нарироқда бир-икки киши уч-тўрт қоп бодрингни бир-бирисига тираб қўйиб: «Мирза қирон бодиринг! Касир-кусир бодиринг!» деб мақташадилар.

Акамлар саданинг остига — самоварчининг палосига отдан қўндилар. Кун қизиғида туриш қийин бўлгани учун, мен ҳам тойчам билан садақайрағочнинг бир бағрига бориб турдим. Теваракдаги кишилар бир менга ва бир тойчамга қарайдилар. Мен уялиб тойчамнинг ёлини тарайман. Теварагимдаги кишилар орасида вағир-вуғур гап, тўзумсизланиб улоқнинг бошланишини кутадилар. Бириси: «Бугун улоқ қизимайди», — деса, иккинчиси: «Бекор айтибсан, бугун улоқ жуда ҳам қизийди, чунки Салим билан Мурод чавандозлар келар эмиш», — дейди. Яна бири: «Ҳа, ҳа! Агар Салим келса, улоқ жуда ҳам қизир экан!» — деса, аллаким: «Салимнинг оти қозоқи от, қамчи кўтармайди, ҳайт деса бас!» — дейди. Тағин биров: «Улар уч киши эди, икки йилдан бери бири кўринмай қолди, ана ўшанисига чавандоз боласи бас келолмас эди!» — деса, яна аллаким: «ўлма, ўлма! Мен ҳам шуни кўпдан бери кўрмайман, гирдиғумдан келган, ердан бичиб олгандек йигит-а?» «БаИли, балли! Отангга раҳмат, худди ўша йигит, қанча сўроғласам ҳеч кимдан дарагини билолмадим!»

Шу йигитнинг устида анчагина жанжал бўлиб олди, бири: «ўлиб кетган», — деса, иккинчиси: «Тирик!» — деб қичқиради. Уларга яна бириси қарши туриб: «От босган, докторхонада ўлган!» — дейди, сўфироқ бир одам: «Бировга ёмон нафас қилманглар!» — деган эди, аллақайси киши: «ўлса ўлгандир, бунга нима жанжал!» — деб қўйди, тағин биров: «Бекор ҳам ўлтирибмиз-да!» — деб кулди. Яна: «Сираси-сираси!» Тағин шовқин-сурон, яна: «Ҳа, ҳа!» Тағин: «Йўқ, йўқ»...

Бир кишининг: «Ана улоқ келди!» деб юбориши билан ҳамма тип-тинч бўлиб, улоққа қараб қолди. Яна бир оздан кейин: «Улоғи ёш экан! Яхши чавандозга учурвоқ ҳам бўлмайди!» «Шуниси тузук, шуниси!» — деганжанжал бошлаган ҳам эди, майдонга икки чавандознинг от ўйнатиб кириши ҳамманинг товушини ўчириб қўйди ва секин-секин: «Салим чавандоз!» «Мурод чавандоз!» деган шивирлашишлар эшитилиб қолди.
— Қораси Салимми, чўтири?
— Салимнинг билаги кучликка ўхшайди! Чавандозламинг бириси кўк човкар ва иккинчиси ола отга минган баҳайбат чапани йигитлар эдилар. Булар келгандан кейин халқ чидамсизланиб қолди:
— Ана энди чин улоқ кўрасан! — дейишадилар.
— Букун қиёмат улоғи бўлар экан! — деб бошларини чайқатиб қўядилар.
— Муроднинг отини кўр, худди қаноти борга ўхшайди.
— Кўк човкарни айтасанми, тўруқними?
— Ҳар иккаласига от етмайди, иккови ҳам яхши зот!
— Қулоғи чимирилган от чопқир бўиади!
— Қулоқда гап йўқ, гап зотда!
— Йўқ, йўқ! Серкишновда, ўзим синаб кўрдим!
— Қора от чопқир бўлади, деганлар, қораси яхши, қораси!
— Дадам раҳматлик от олганда туёғига диққат қилар эди, гап туёқда.

Баҳслашадилар, ҳар ким ўз ёнидаги билан талашади. Мен ҳам шу тўғрида ўйлаб, уларнинг айтган нишонларини қора қашқамдан қидириб топсам суюниб, топмасам куюниб тураман.

Маҳалламиздаги ўртоқларимдан Нурхон, Ҳайдар соқов, Шокир мишиқилар ҳам отларини лўкиллатиб келиб қолдилар. Биз тўртовимиз отларимизни қатор қўйиб, уёқ-буёқдан гаплашиб турдик. Нурхон дадасидан ола йўрғани сўраганда қилган баҳонасини айтиб кулади. Ҳайдар соқов саман отининг йўлда Шокир мишиқининг байталига қараб кишнаганини айтиб, Шокирни масхара қилади. Кулишамиз. Шокир бўлса бурнини торта-торта: «Уялиб кетдим, бундан сўғун бия минмайман», — деб қизариб-бўзарди. Отимнинг умулдириғига уларнинг ҳаваслари келиб, баҳосини сўрашдилар, мен: «ўн беш танга», — деб, кумуш қамчини ҳам кўрсинлар учун ўйнагансимон эгарнинг қошига «тақ-тақ» уриб қўяман. Улар: «Қани, қани, кумушми?» — деб қамчинни қўлимдан олиб кўрадилар. Мен секингина бошимни қимирлатиб, ўзимда алланима сезинаман. Уларнинг отларига, ўзимникига, кийимларига, кийимимга қараб, ўзимни улардан аллақанча юқорида кўраман. Ҳайдар соқов тутила-тутила... «Келинглар, бир чоптирайлик», — деди. Нурхон кўнмаса ҳам тортиб олиб кетишди. Уламинг орқасидан Шокир ҳам байталини югуртирди. Чидаб туриб бўлмас экан, улар орқасидан тойчамга бир қамчи бериб юборган эдим, жонивор икки ямлаб бир ютуб, ўн одимда уларни йўлда қолдириб кетди. Анчагина узоқлашганимдан сўнг орқамдагиларга қараган эдим, ҳамманинг кўзида мен эканман. Яна қаттиқроқ ҳайдадим. Қирнинг бир чеккасига бориб отимни тўхтатдим, талай вақтдан кейин улар отларини лўкиллатишиб ёнимга етдилар. Бу ерда отларимизнинг чопқирлиги тўғрисида сўзлашдик. Нурхон, отининг чопмаслигига акасининг иссиқ ҳолда сув берганини сабаб қилиб кўрсатди. Ҳайдар соқов бўлса Эсон кўкнорининг ўғлини сўка-сўка:
— Бозорга ун учун бораётганимда бехос том бошидан гувала ташлаб юборди. Шундан бери қамчи билан юз минг урсанг ҳам жонивор қулоғини чимириб, ҳуркиб тура беради! — деди.

Менинг қашқачам тўғрисида, Ҳайдар айтади: «Сенинг, — дейди, — отингга ҳеч от боласи етмайди!» — дейди. Нурхон айтади: «Отдан сенинг бахтинг бор экан, лекин, — дейди, — ем-ҳашакни ўзинг бер, хизматкорга ишонсанг отингни бузиб қўяди, ўртоқ, мен сенга бир айтиб қўйдим», — дейди.

Шу ерда узоққина сўзлашиб тургандан кейин яна отни кейинга қараб қўйдик. Тағин улардан ўзиб кетдим. Халққа яқинлашгандан кейин «мени ҳам таниб қўйсинлар» деб қашқачамни уст-устига қамчилашим борми, шамол-да, шамол... энди халқ бир ўзимга ва бир қора қашқамга тикила бошлади. Мен бўлсам, «мени энди танийсизлар!» деб тойимнинг ёлини қамчи сопи билан тараб тура бердим.

IV- қисм

Томошачилар орасида яна ола-ғовур қўпти: «Ана, улоқнинг солиғини йиғаётибдилар!», «Улоқ ҳозир бошланади!», «Мурод чавандоз ҳам турди!», «Салим қалпоғини кийди!», «Рўзи қассоб» улоқни бўғизламоқчи, пичоғини қайраяпти!», «Бойваччалар ҳам қўзғалишдилар!», «Салим чопонини ечмоқчига ўхшайди!», «Ҳай баркалла, шоввозлар!»

ўртоқларим билан мен ҳам улоқнинг тезроқ бошланишини кутмоқдамиз. Чавандозларнинг қайсиси тўнини ечмоқда, баъзиси отининг айилини тортмоқда ва қайси бировлар улоқнинг солиғини бермоқда эдилар. Акам ҳам шоҳи салласи билан беқасам тўнини менга бериб, ўзи ўртага от ўйнатиб кетди.

Улоқчилар бирин-сирин ўртага ғуж бўла бошлаган бўлсалар ҳам, ҳануз улоқ ўртага кирмаган эди. Ҳамма томошачилар сабрсизланиб: «Шу тобгача туя бўғизласа ҳам бўлар эди, улоғи яхлаб қолдими?» — дейишадилар.

Орадан талай вақт ўтгандан кейин, бўғизланган улоғини олдига ўнгариб Ориф саркор ва унинг орқасидан бояги машҳур чавандозлар қалпоқни чаккага қия қўйиб, эгарга қийшиқ ўлтириб ўртага кирдилар. Томошачилар улоқни кўрганлари он: «Хоҳ, жонивор, бормисан!* дейишдилар.

Орадан аллаким: «Улоқнинг қони яхши ювилдими?» — деб сўраган эди, Ориф саркор:
— Хотиржам! — деди ва улоқни шалқ этиб ерга ташлади, сўнгра халққа яқинроқ келиб: «0ғайнилар! Бола-чақаларни четга чиқаринглар, от оёғида қолгудек бўлмасин, ўзларинг ҳам эҳтиётроқ жойда туринглар, ҳайвон билан бўлган иш қийин!» — деб айтди.

Ориф саркор халқдан фотиҳа олиб, отини югуртириб тўдага кетди. Томошачилар тўдадаги ўз яқинларига: «Букун ғайратларингни кўрамиз-да!» — деб бақиришдилар.

Улоқ бошланди...

Бириси олади, иккинчиси тортади. Иккинчисининг ёнига учинчиси ва тўртинчиси қўшилиб, бирдан саккиз томонга тортқилашадилар, орага четдаги улоқчилар ҳам сиқилишиб кириб, яна улоқни буйдалашадилар. Жуда қизиқ... ҳар ким улоқни ўз тақимига босиш ҳаракатида, лекин улоқнинг думидан, оёғидан, ёлидан тортувчилар жуда ҳам кўп. Тўдадан олиб чиқиш жуда қийин. Баъзан улоқни тўдадан олиб чиқувчи ҳам кўриниб қолади, бироқ унинг кетидан улоқчилар чуғур-чуқдек ёпирилишиб ўн-ўн беш қадамда тутиб оладилар. Яна тортиш бошланади.

Бу ёқдаги томошачилар: «Тақимга бос, тақимга!», «Отнинг бошини қўй, човига қамчини шиғаб бер!», «Бўш келма, маҳкам тут!», «Юганини бўшат, қамчингни тишлаб ол, ёнингга алаҳсима!», «01динг, олдинг!», «Берма, чапга бурул, чапга!», «Тут, қўйма!», «Вой тўймагур, бериб юбординг-а, ўз кўнглингда сен ҳам улоқчисан-да!», «Отинг ҳаром қотсин, отми, эшакми — бу ҳаром ўлгуринг?»... деб ҳар хил товушда бақиришадилар. Улоқ ерга тушиб кетиб қолса, томошабинлардан баъзиси югуриб бориб ердан улоқни азод кўтариб олади, укасими, ошнасими — ишқилиб бирорта яқин кишисига тутқизмоқчи бўлади. Лекин бошқа чавандозлар улоқни ундан олмоқчи бўлиб устига дув йиғиладилар, у бермасликка тиришади, бошқалар ўртага санжоб қилиб сиқадилар. Бечора анчадан кейин оқсоқланиб ёки қўлини силаб ўртадан аранг чиқиб кетади. Отаси боласини, акаси укасини танимайди, чанг-тўзон, терланган, пишилган, ҳар ким улоқни тақимига босиш қайғусида. Бош ёрилиб, кўз чиққан билан, отдан йиқилиб қўли синган билан парвойи-фалак... Ишқилиб, улоқни тақимга босилса бўлди... Тақимга босиш ўзи жуда ҳам нашъалик-да!

Лекин тақимга босиш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди, тақимга кўпроқ босувчилар бояги чавандозлар; азобланиб, ўлаёзиб бўлса ҳам улоқни тақимга босгач, отга қамчи бериб эллик-олтмиш одим нарига қочиб борадилар-да, яна орқадагилар тарафидан ўралиб олинадилар. Яна тортиш.

Улоқ бошланганидан бирор соат вақт ўтган эди. Бирдан улоқчилар сув қуйгандек тинчиб, тортиш ўрнида тўпланишиб қолдилар. Биз, отлиқ-яёв томошабинлар ҳам ҳаммамиз ўртага югуришдик. Мен кейинроқ борганим учун отлиқ-яёв халқ ўртани сириб олган эди. Мен чеккада қолдим. Ҳар қанча уринсам ҳам ўртага киришнинг эпи бўлмаганидан кейин одамларнинг оғзига қараб турдим. Лекин улоқчилар орасидаги ҳодиса ҳаммага ҳам номаълум эди. Ҳар кимнинг юзида таажжуб ва бир-бирисидан: «Нима гап?» — деб сўрашар эди.

Бир неча дақиқадан кейин: «Қимирлатманг, қимирлатманг!» — деган товуш эшитилиб, халқ яна таажжубга тушди.
— Нари бўлинглар, ҳовв! — деб ўртадан биров бақирди. Халқ бир четлик бўлиб, йўл очди.
— Нима гап, нима гап?
— Ҳеч нарса эмас... Эсонбойни от босипти!
— Қўрқинчли эмасми?
— Йўқ, сағал.

Кишилар бир-бирига қараб: «Фалокат-фалокат», — дейишдилар. Нари тур-бери тур қилиб, беш-олти киши отга босириқ бўлганни ўртадан олиб чиқдилар. Кишиларнинг кўмаги остида келтириб, саданинг остига ётқиздилар.

Дарров бир киши аравага юборилди, биттаси ўзига келармикан, деб ўлгудек бўлиб ётган Эсонбойнинг юзига сув сепиб кўрган эди, қимир этмади.
— Беш-олти отнинг тагида қолди-да, бечора!
— ўнта отнинг тагида қолса ҳам ҳеч гап эмас-ку, бироқ қалтисроқ жойидан босганга ўхшайди...
— Умри боқи бўлса ҳеч гап эмас.

«Бечора бултурги ҳайитда менга ярим сўм ҳайитлик берган эди. Илоҳи яхши бўлсин», деб кўнглимдан ўтказдим. Арава келди. Эсонбой акани аравага ётқиздилар. Акам уч-тўртта ўртоқлари билан арава ёнида Эсонбойни кузатиб шаҳарга жўнаб кетди.
— Шўр пахта қилсин, кепак қиздириб боссин, — деб халқ чувурлашиб қолди.

Улар жўнагандан кейин улоқ яна бошланиб кетди. Мен улоқ тугагунча томоша қилиб турдим. Лекин яхшики энди ҳеч кимни от босмади.

* * *

Кеча мени от қоққан экан, ўрнимга киришим билан тирракдек қотиб ухлабман. Эрталаб ойим: «Тур, тур тезроқ, даданг келса наҳ ўлдиради!» — деб устимдан кўрпамни тортиб тишлади. Мен уйқули кўзим билан: «Дадам бозор кетмадими?» — деб сўраган эдим, ойим:
— Эсонбойнинг жанозасида! — деб жавоб берди.
Менинг уйқум ўчди.


  1. Бу ҳикоя 1915- йилда ёзилган эди. Болалик дайримнинг ёдгори бўлгани учун ортиқча ўзгартиришлар киритмадим (А. Қ.).