OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдулла Саидов
Асар номиОқ бўрининг фожеаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдулла Саидов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оқ бўрининг фожеаси (ҳикоя)
Абдулла Саидов

Бўри — зеҳни ўткир, табиат қийинчиликларига бардошли ва айёр йиртқич бўлиб, осонликча тутқич бермайди. Кекса овчиларнинг таъкидлашича бўрини ер тишлатиш — унинг яшаш тарзи ва табиатини яхши биладиган тажрибали овчиларгагина насиб қиларкан. Негаки, махлуқ узоқ муддатли тайёргарлик ма машаққатли меҳнатлар эвазига қўлга киритилади.

Табиат бўриларга мустаҳкам жағ ва мускуллар, туганмас куч ва сабр-тоқат ато этган. Улар ўз йўлларида учрайдиган дарахт, харсангтош, шох-шабба уюмлари, тепалик ва турли ҳайвонларнинг бош суяк қолдиқларини яхши эслаб қолишлари сабабли тўдадаги бўлиниб кетган шерикларини ҳам бехато топиб оладилар.

Ҳамроқул амаки бошлиқ фермер қўйчивонлари ғалладан бўшаган майдонлардаги ангордан қайтиб, тоғ этагидаги қўраларга жойлашиб олган кезлар эди. Дуркун қўй-қўзиларга йиртқичлар тез-тез оралаб, чўпонларнинг тинчи бузилди. Бу нохушликдан хабар топган мерган Носир амаки чорвадорлар ҳузурига шошди. Қадди-қомати келишган, тоғ йўлларида тез ва илдам юраоладиган, табиатан камгап ва босиқ овчи айни кунгача йигирмадан зиёд йиртқични ер тишлатган. У «Нива» автомашинасида, баъзан қашқа самани билан «Тўрткўз» ити ҳамроҳлигида ов қилишни яхши кўради.

Куз бошланиб, фермерларнинг сой бўйидаги бедазор ва боғларига янада файз қўшилган. Сўлим гўша кишига ҳузур-ҳаловат бахш этади. Бир чеккадаги эшик-ромлари ўрнатилмаган уйча Носир амакига маъқул тушди. Бу ердан осмонўпар тоғ чўққиларию, адоғи йўқ бепоён яйловлар кўзга яққол ташланиб турарди. Кеч кирган, этни жунжиктирувчи салқин шамол эса бошлади.

Биз ўтирган машина билан уйча оралиғи унчалик узоқ эмас. Азамат иккимиз воқеанинг нима билан якунланишини ҳаяжонланиб кузатяпмиз. Шу орада Носир амаки қўл силтаган эди, ҳамроҳим унинг пахталик уст-бошини элтиб берди.Шу пайт ғира-ширада тепаликдан бедазор томон бир тўп жониворларнинг чопиб кетаётганига кўзимиз тушди. Уларнинг иккитаси йирик, ўн чоғлиси майда ёввойи чўчқа болалари эди. Беозор жониворлар олисданоқ ҳидни илғашди чоғи, юришларини секинлатишди. Йўлбошловчи тўхтаб, уй томон ўгирилгач, келаётган йўлини сойлик томонга ўзгартирди. Атрофга қоронғилик тушиб, уларни кўздан йўқотиб қўйдик.

Орадан икки соатлар чамаси вақт ўтиб, аллақандай шарпа бедазор ичида кўриниб-кўринмай кела бошлади. Оралиқ масофа ўн-ўн беш қадам қолганида унинг оқ бўри эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Кутилмаганда гумбирлаган ўқ овози қулоқни қоматга келтирди. Носир амаки йиртқични аниқ нишонга олган эди. Кўп ўтмай беўхшов хириллаган товуш тун сокинлигини буза бошлади. Биз узоқни ёритувчи чироқни ёқиб кузатганимизда она бўри қорнидан чиқаётган пуфакчаларни кўриб ҳайрон бўлдик. Якка ўқ йиртқич биқинига тегиб, қорнини тешиб ўтган эди. Тонг ёришар-ёришмас чўпон-чўлиқлар унинг атрофини ўраб олишди. Бўрининг қорни нимталанган қўй думбаси ёғига тўла экан.

Вақт пешиндан оққач, Ҳамроқул амаки отдан тушиб, бизнинг дастурхонимиз атрофига келиб ўтирди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Фермер чой устида яна кўпдан бери тутқич бермай келаётган оқ ёлдор бўри ҳақида гапириб берди. Кейин эса бизни Дўланасой ва Қурисой томон бошлаб кетди. Сойлар анча чуқур, эгри-бугри, жарлик ва қир-адирлардан иборат эди. Машинамизни ярим йўлда қолдириб, арчазор бўйлаб яёв юришимизга тўғри келди. Азаматда резина этик бўлганлиги туфайли сой этагидан Носир амаки иккимиз сал юқорироқда паст-баланд қияликлардан юриб бордик.

Чакалакзордаги балчиқ ва тупроқ йўлларда йиртқичдан ҳеч қандай белги ва ном-нишон йўқ эди. Шу тахлитда икки кечаю-икки кундуз юриб вақтимиз самарасиз ўтди. Ҳориб-чарчаб асабийлашганимиздан Дўланасой ошувидаги юмшоқ ўт-ўланлар устида бирпас нафасимизни ростлаб олдик. Носир амаки эса бир-икки қир нарида қамиш ва чакалакзорларга назар ташлаб, диққат билан кузатувни давом эттирарди Бўриларнинг қувватини тежаб, майда қадамлар билан қўйлар ёйиладиган яйловларга яқинроқ йўлларни танлаши овчига анчадан бери маълум. У ана шу йўлларни аниқлаб олгач, бир нечта қопқон ўрнатишга киришди.

Қуёш эндигина ботган, ҳали борлиққа тун қора пардасини ёйганича йўқ. Аҳён-аҳёнда баланд тоғ чўққисидан бўри болаларининг акиллаши эшитилиб қолади.

Ойнинг хира ёруғида Дўланасой ошувидан ўн-ўн беш қадамча нарида ҳурпайганча фермер таърифлаб берган оқ ёлдор бўри бамайлихотир кетиб борарди. Кутилмаганда йиртқич бирдан тўхтаб, ортига ўгирилди. Узоқдан бизни кўрди шекилли, лекин писанд қилмасдан ўз йўлида давом этди. Ҳарқалай ишларимиз ўнгидан келадиганга ўхшарди.
— Тўппа-тўғри йўлдаги қопқонга бориб тушса-я, — пичирладим ҳамроҳим Азамат томон ўгирилиб.
— Тс-с. Бироз сабр қилайлик-чи.

Кейин иккаламиз оралиқдаги масофани сақлаган ҳолда, бешотарни қўлда маҳкам тутиб йиртқичнинг ортидан изма-из юра бошладик. Носир амаки эса ўнг томондан уни бир дам ҳам кўздан қочирмай кузатмоқда эди. Хуллас, шу тун барча елиб-югуришлар ва уринишларимиз зое кетмади. Кўпдан тутқич бермай келаётган оқ ёлдор бўри олдинги ўнг оёғидан қопқонга тушган бўлса ҳам оғриққа бардош берганича инграмай тик турарди. Овчи уни милтиқ қўндоғи билан бир-икки уриб йиқитди. Азамат иккимиз тайёр ўлжани машина олдигача судраб олиб келгунимизча ҳолдан тойиб, бўларимиз бўлди. Аммо қўйчивонларнинг дуосини олишга сазовор бўлдик.