OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдунаби Ҳамро
Асар номиОлотнинг одамлари (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдунаби Ҳамро
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм44KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/30
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 2011-йил, 5-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олотнинг одамлари (ҳикоя)
Абдунаби Ҳамро

– Қумми полвонга олиб боринг бу кишини, чўпонларнинг зўри Қумми бова! – дедилар ҳоким бизга. «Гап йўқ, ҳоким бова, – дедик қуллиқ қилиб, – бир оғиз сўзингиз... Мошин масаласи...»

– Мошин тайёр. Ана, бизнинг «уазик» бекор ётибди, ўшани мининглар. Келишдикми, мухбир бова?

– Келишдик, – деди мухбир бова ва қўлини кўксига қўйди.

Камина қулингиз – ҳокимиятда бош мутахассисмиз, ижтимоий масалалар бизнинг бўйинда. Биронта шоир-поир, мухбир келса, уни айлантириш, керак-яроғини топиш, хурсанд қилиб жўнатиш – биринчи даражали вазифа. Мухбирларни яхши кўрамиз: улар келган кун каминага байрам! Димиққан кабинет, уюм-уюм қоғозлардан қутуламиз. Рости, авваллари ўзимизча ўйлардик: компутир деган матоҳни қоғозни камайтириш учун яратишган. Мана, ҳамма ён компутирлашди, энди ҳужжатлар камаяди, ҳамма нарса шу ақлли машиналар хотирасида сақланади, деб севиндик. Йўқ, ҳар доимгидай, адашган эканмиз. Энди ҳар бир ҳужжат бир неча нусхага кўпайди, янги-янги папкалар пайдо бўлди. Осмондан қор ёққандек юқоридан қоғоз ёғади-эй! Қарор-фармойиш, буйруқ, йиғилиш баёни, дастур, қўлланма, йўлланма... оти ҳам, хили ҳам бисёр. Алқисса, мухбиржонлар келишса, айниқса, бугунгидай қишлоқ хўжалик масалалари бўйича бўлса, бизга худо берди. Икки-уч кун яйраб оламиз.

– Жўллиевга учраб кетинг! – дея гап қистирди котиба қиз. Жиблажибонга ўх­шаган шу қоқчаккани ҳеч жиним суймайди-да. Бит кўзларини ғилтиллатиб, Фармонбибининг шпиён келини Соттидай гап пойлайди.

– Бўпти-бўпти... – дея тўнғилладик энсамиз қотиб.

– Жўллиев? Бу қанақа фамилия? – иршайди мухбирча. Унинг ёшига номуносиб қоринчаси, қирғий бурнию товоқдай юзига қараб ижирғаниб кетдик. «Сенга нима, хунаса! Ўзингникиям жа унақа жон олгудай эмас-ку! Маллаев эмиш! Бир ҳарфи ўзгарса ё Каллаев, ё Саллаев бўлади...»

– Э-э, тақсир бизда бунақа фамилиялар кўп, – дея тиржайиб изоҳ бердик, – Жўллиев бўлса, бобосининг исми ё Жўлмурод, ёки Жўламон бўлади. Бунинг қонида, менимча, қозоқними, қирғизними қони бор.

Олотда агар бировнинг фамилияси Худдиев бўлса, бобоси Худойберди ё Худойқул бўлган. Беккиев – Бекмуродов, Қуллиев – Қулмуродов, Холлиев – Холмуродов, Шоммиев – Шомуродов ва ҳоказо. Мана, ҳозир ўзимиз излаб бормоқчи бўлган чўпон бова Қумми полвон. Асли исми – Қурбонмурод. Жумми деган исм эшитсангиз, билингки, у ё Жумақул ёки Жумадурди бўлади. Сиз сигарет-пигарет чекиб туринг, мен замҳокимга бир учраб чиқай, кейин жўнаймиз.

Жўллиев қабариқ кўзойнаги остидан саволомуз тикилди:

– Боланинг қадам олиши қалай?

– А чёрт его знает! – қўл силтадик. – Простой мухбир-да. Катта Қумми чўпонга юборяптилар. Бориб келайлик-чи, «уазик»да.

– «Чурпа»сини ким топади, – минғиллади у. «Чурпа» – мухбирнинг йўл кираси ва бошқа майда-чуйда харажатлари. Бу – ёзилган қонун. Келган одам ҳеч нарса сўрамайди, лекин илмоқли гап қилади, хўмраяди, тирноқ остидан кир излайди. «Чурпа»ни чўзсангиз ҳамма ёқ гуллола! Кейин машҳур «олоти сомса»дан би-и-р тўйдирасиз, шу билан тамом. Кет-ди-и! «Қаранглар, изидан гап-сўз чиқиб юрмасин» дейди катта. Иложингиз қанча, ортиқча гап кимга ёқади дейсиз.

– Сиз-да, ака, мен топайми? – дедим ҳайрон бўлиб. Жўллиев уф тортди, пайтдан фойдаланиб, эшикни ташқаридан ёпдик.

– Кетдикми? – мухбир бова сигаретини очиқ деразадан чертиб юборди.

– Кетдик.

Али полвон мошинасини йўлга тўғрилаб қўйган экан, ўтирдигу жўнадик.

– Қандайсиз, дойи? – сўради у хумдай бошини хиёл орқага буриб.

– Зап-законний! Ўзинг-чи, жиян, димоғ чоғми?

– Э-э, бир қимир-қимир-да, юрибмиз. Мошин эзиб ташлайди баъзан. Уйда уч инак, тўрт геччи, уч ҳўжак, беш бача... тушуниб олаверинг.

Маллаев ҳеч балони тушунмади. Бизга анграйиб қаради. Ноилож «таржима» қилдик:

– Уч сигир, уч бузоқ, тўрт эчки ва бешта бола!

– А-а! Шеваларинг қизиқ экан.

– Олотда шунақа.

Қумми чўпон деганимиз – ёши тўқсонни қоралаб қолган, қотмадан келган, пишиқ, қувноқ ва бир оз айёрроқ чол. Уйига олти ойда, бир йилда келса бир келади, бўлмаса шуям йўқ. Маърака-мавриддан ҳам барганда, яъни мосуво. Отағарнинг боваси, ичи тўла гап. Ёш ҳам шунга яраша-да. Тағин денг, айрим қилиқлари... қайсидир йили ўша ёқларда, ўз қўши атрофидаги бир қудуқни очибди. Йигирма йилча бурун бошқа ёққа кўчганда унинг оғзига қопқоқ уриб, михлаб ташлаган экан. Ҳайит арафаси уйига келибди. Чори полвон момосига йил оши бераётган экан. Гурунг орасида Итолмас чўпон сўраб қолибди:

– Қумми оға, Доя хотиндаги қудуғингизни очибсиз деб эшитдим.

– Ҳм-м.....

– Бир ҳафта-ўн кун ичида қўйларни ўша ёқдан ҳайдаб ўтаман. Қудуқдан суғорса бўлармикан?

– Бе-э, Итолмас бова, соғмисиз ўзи?! Йигирма йилда сув айниб, кислотага айланиб кетгандир дейман! – гапга аралашибди Тўрақул биргат.

– Ҳиҳ, нима, одамлар аҳмоқми сенга! – дея айёрона зарда қилибди Қумми чўпон. – Очган куним олдин Қорёғди чўпонга ичириб кўрдим сувдан, балоям ургани йўқ. Ке­йин қўйларни суғордим.

Энди ўзингиз хулоса қилаверинг бобойнинг муғомбирлиги тўғрисида. Тағин денг, ўзи Қоровул қишлоғидан, ҳамюртлари ҳаммаси «галди – гитди» тахлит гапиришади, у бўлса пот қилиб, «келопмиз-кетопмиз» дейди. Қизиқсангиз, «Биз узоқ йили весилкада бўлганмиз Мирзачўлда» дейди. Бунинг устига, шундай ичдан пишганки, асти қўяверасиз. Ҳар юлғун, ҳар саксовулнинг тагида бир жуфт ароқми, виноми кўмиб қўйилган «секретный» тўчкалари бор. Мана бунга ўхшаган биронта ёзармонми, ё бошқа идорадан икки-уч текширувчими бориб қолса, мактабни ташлаб, ёнида тиқилиб юрган неварасига буюради:

– Аҳмадбой, ҳув анави қумтепадан тушиб, чап томондаги саксовулларни сананг. Тўртинчи саксовулнинг тагини ковланг.

Хиёл ўтмай, йигитча ўша ёқдан бир жуфт бўйни узун шиша топиб келади. Чолнинг учинчи хотини (олдинги иккитаси уни кута-кута ўлиб кетишган) Жумми (Жумасултон) момо жа ясан-тусанни жойига қўядиган кампир. Шунданми, чол унинг шохини қайириб туради ўқтин-ўқтин.

– Хотин ака, кўчада мандан нақ ўн метр орқада юринг. Бегона эркаклар билан сўрашманг, хештабор бўлсаям, қўллашиб кўришманг. Қўлингизни енг остига яшириб юринг...

Ўзи бўлса отам замонидан қолган ярим ҳарбийча кител, раиси чолвор (галифе) кийиб олган денг. Оёғида хиром этик ғарчиллайди, бошида антиқа теридан сур телпак. Гитлерникига ўхшаган қўнғиз мўйлови тагида бир жуфт тилла тиши бот-бот ялтираб туради. Шошмай, қўлини орқага қилиб, миннатдор бўлсагина ерни босаман дегандай одимлайди. Вей, кўрсангиз бир нусха-да, кузатиб маза қиласиз.

– Ҳа, шоир бова, дамингиз ичингизда? – Али полвон хаёлни бўлди.

– Ай-й, хаёл опқочди-да, жиян. Қумми бовани ўйладим.

– Ия, шоирмисиз, шеър ёзасизми? – мухбир бова жонланиб қолди.

– Ну-у, «ҳамма бидир-бидир, менам бидир-бидир» деган экан бир чаламулла. Кўп қатори-да, Олотда ҳамма шунақа.

– Ҳамма? Ҳамма шеър ёзадими? – йигитча ишонқирамай кўзларини пирпиратди.

– Ҳамма бўлмасаям, кўпчилик шунақа. Полвонлик, шоирлик бу одамларнинг қонида бор. Мана, Али полвонни олайлик. Бовасини Исмат чўнг дейишарди. Гавдаси тоғдай эди, болалигимда икки-уч кўрганман. Қаҳратон қиш кунлариям икки пиёла кўкнорини эзиб, закускасига бир хумчойнак чойни ичарди-да, тўғри келган юлғуннинг тагида ухлайверарди. Туя боқарди-да. Уйғонгандан кейин устига ёққан қорни қоқиб, туриб кетаверарди. Момомиз раҳматли томонидан қариндошлиги бор. Ана, буям мени тоға деб чақиради. Фигурани қаранг, нақ Гўрўғли дейсиз. Ўтган кун Бешим қассобнинг тўйидаги курашда ўзимизникиларниям, қўшни юртлардан келган уч-тўртта полвонниям «супурма» қилиб қоқиб ташлади, биринчи товоққа қўйилган ҳўкизни тортиб кетди.

– Жа-а, опқочдингиз-да, дойи... – Али полвон хижолат бўлиб қизарди. – Аслида даврага чиқиш ниятимиз йўқ эди. Жўралар билан бир оз дорилагандик, шулар бод беришди-да... Ҳўкиз ҳам дардисар бўлди, ўзи уйдагиларни боқишга ўт йўқ.

– Ия, полвонлигидан, ғалабасидан, олган совринидан нолиган одамни энди кўришим... – мухбир ҳайрон бўлди.

– Ажабланманг, мухбир бова, – дедик кула-кула, – Олотда шунақа.

Бу орада туман марказидан чиқиб, қишлоқларни кезиб, тўғри «Ҳамза» насос стантсиясига элтувчи асфалт йўлга тушиб олдик. Баҳор авжида, одамлар далага чиққан, йўл ёқаларида иш қайнайди. Бир пайт полвон машинани секинлатди.

– Тинчликми? – дедик олдинга энгашиб.

– Капчачилар чиқишяпти.

– Капчачи? У нима дегани? – Маллаев қизиқсинди.

– Капча деганимиз – белкуракнинг бир тури. Фақат иккита қулоғи бор. Заводской эмас, темирчилар ясашади. Ариқ-зовур қазиганда фойдаланимиз ундан. Давлат чиқарган белкурак шох лойни кесмайди, капча бўлса, жаллоднинг ойболтасидай ўткир бўлади. Полвон, тўхта!

Йигирма беш ёшлардаги йигит капча тиғига бир отим лой, унинг устига бир тўғрам нон қўйиб, йўлни тўсиб чиқди. Орқа ўриндиқдан тушдик-да, нондан бир тишлам олиб едик, сўнг чўнтакдан битта беш юзталикни олиб, лой устига қўйдик.

– Узр-да, жиян, вақт зиқроқ. Ҳорманглар-ов!

– Бор бўлинг, шоир бова! Қани, йўл бўлсин? – сўради нарироқдаги ариқ қази­ётганлардан бири.

– Чўлга! Қумми бовани би-и-р зиёрат қилиб келайлик. Қани, омин, ишлар бароридан келаверсин, аллоҳу акбар!..

– Раҳмат, шоир бова! Яхши бориб келинглар.

–Бўпти, худо қувват берсин, – дея машинага ўтирдик.

–Ғалати одат экан... – деди мухбир бола.

– Ё беш-олти метр ариқ қазиб берасиз, ё кўнгилдан чиқариб, бир нарса ташлаб кетасиз. Олотда шунақа.

Йўлга тушдик. Жумабозордан ўтиб, Қизилқалъага яқинлашганда Али полвон гап қотди:

– Дойи, меҳмон оч қолмадилармикан? Соат ҳам ўн иккига яқинлашди.

– Мухбир бова, қорин...

– Йўқ, ҳалигина завтрак қилувдим Бухорода, бораверайлик-чи. Ҳали чўлга узоқми?

– О-о, чўлга ҳали юз километрча бор! – дедик ҳузур қилиб керишганча. – Бўпти, полвон, Қирлишонда, Маҳмуд аканикида чой ичамиз.

Меҳмон қизиқсиниб атрофга аланглайди. Теварагимиз пахтазор, онда-сонда, у ер-бу ерда биронта шийпон кўриниб қолади. Шўро даврида бу адоқсиз ҳудуд жамоа хўжаликларига бўлиб берилган, сув тақчил, пахта ҳосили ҳаминқадар эди. Мана энди фермерлар бу ерларни яшнатишяпти.

Канал кўпригидан ўтиб, чўлга бурилдик, бир километрча юрмай, полвон мошинни тўхтатди.

– Ҳа-а? – дедик. – Маҳмуд устоловойникига ҳайдайвер.

– Раҳмон ака турибди йўл бошида, – деди у аста.

– А-а! Унда тушамиз! – Хурсанд бўлиб кетдик.

Қирлишон ҳудудида маҳалла раисиям, котибиям шу одам. Тўғри, раис қўйишади, аммо туман марказидан узоқ бўлгани учун қатнаб ишлашга ким чидарди. Ўзи бу ерда эллик-олтмиш хонадон бор, булар орасида Раҳмон акадан билимдони топилмайди. Паст бўйли, чаққон, киришимли, ҳар қандай овқатни сайратворади.

Тушиб кўришдик. Раҳмон ака айёрона илжайиб турибди.

– Ҳа-а, Чорлиюп, кимни кутяпсиз?

– Сизларни-да! Ҳокимиятга телпон қилсам, чўлга кетишди дейишди. Ман айтдимки, барибир шу ердан ўтишади! Қани полвон, мошинни четроққа олинг, уйга кетдик.

– Ака, – деди мухбир қўлини кўксига қўйиб. – Биз чўпонлар олдига...

– Эби, меҳмон бова, ҳозир чўпон топиладими чўлда? Номозгар пайти қайда бўсаям қўшига қайтиб келади, бориб таппа босасиз! Шоир бова, кўп гап – эшакка юк, кетдик. Сизнинг ўтишингизни энамга айтганман. Индамай ўтиб кетсангиз хафа бўладилар, биласиз-ку!

– Биламан, кетдик.

Муҳаррам момо саксондан сакраганига анча бўлди. Тумандаги байраму сайилларга чақиртирамиз, дойра чалиб, бир лапарлар айтадики, иҳи! Йигирма йилча Бухорода яшаган, замона зайли билан эри қамалиб, болаларини олиб, Олотга кўчиб келган. Шунгами, буям Қумми полвондек тожикчалаб қўяди баъзан. Бизга, аёлимизга меҳри бўлакча. Тадбирларда бирга юравериб, она-бола бўлиб кетганмиз.

– Воҳ-воҳ, мани шоир ўғлим келипти-ку!

Югургилаб пешвоз чиққан кампирни кўриб мухбир ҳайрон бўпқолди.

– Ака, менми? Шоирлигимни қаердан билдилар бу онахон?

– Эби, сизга эмас, дойимга айтяптилар. Ҳали сизам шоирмисиз? Мана бўлмаса! – Али полвон хандон отиб кулиб юборди.

Уч-тўрт соат қолиб кетдик. Муҳаррам момо хазина, гапу ҳангома деганингиз қайнаб чиқади, ашула, лапарлари тугамайди. «Раҳмон ака, икки-уч хил овқат қилдириб, болаларни қийнаб қўйдингиз-да», – деди меҳмон хижолатомуз. «Эби, меймонжон, бунинг нимаси қийин? Ўзимизам ҳузур қилиб ўтирдик. Олотда шунақа», – деди мезбон жилмайиб. «Соҳиб менинг отим. Соҳиб Саломович Маллаев... Шу-у, фамилия бир оз...», – дея хокисор жилмайди йигит.

–Ничего, за то, тахаллусингиз қиёмат экан! – деди Али полвон гулдираб, – Соҳиб Салом! Гап йўқ!

– Эна, дуо қилинг, турайлик энди... – дея қўлни кўкракка қўйдик. Энамиз таранг қила-қила охири кўндилар. Фотиҳадан сўнг мезбонлар билан хўшлашиб, йўлга тушдик.

– Кўп ичвордик-да, ака... – деди чайналиб Соҳиббой. Али полвон тағин кулди.

– Эби, ўзи неча пиёла олдингиз, шоир ака?

– Билмадим, беш-олти пиёла бўлди-ёв!

– Э-э, беш-олти бутилками дебман мен! Булар нима экан! Ана, дойимиз бис-бинойи ўтирибдилар-ку!

– Ҳа-а, энди устозга гап йўқ экан! – мухбир бова ялтоқлангандек бўлди. Энса қотганини сездирмай, латифа бошладик...

Қумми чўпоннинг қўшига етгунча қош қорайди. Мошиндан тушаётиб полвон ҳазиллашди:

– Уйга айтиб келганмидингиз, дойи?

– Э-э, уйга қанча кам борсам, янганг шунча хурсанд. Юравер, жиян.

Бизнинг «қўш» деганимизга тушунмагани шундоққина афтидан кўриниб турган мухбир бовага изоҳ бердик:

– Ана, қўш ана шу. Пахса деворли икки кулба, четан билан ўралган қўйётоқ. Ҳув анови ерда қудуқ бор, ундан қўйларни суғоришади.

Соҳиб Салом бош ирғади. Бу орада ҳоким бованинг мошинини кўриб, Қумми чўпоннинг чўлиғи Қўлдош кичкина югургилаб келди.

– Эб, эби! Шоир бовами бу?! Қани-қани, томирлар, келаверинглар!

Бўйи бир қарич, жонсарак, бўлса-бўлмаса беғубор жилмайиб юрадиган бу одамнинг ранг-рўйи тоза, қўй кўзлари самимий, соқол-мўйлов қўймаган. Раҳматли отамиз билан синфдош бўлгани учун бизга эркалик қилади, баъзан тегишиб гапиради. Етти ёт бегонани ҳам «томирларим, жигарларим» деб чақиради. Ва шунга яраша ардоқлайди ҳам. Умуман, Қўлдош кичкина учун одамнинг бегонаси йўқ.

Бир пайтлар, ўтган асрнинг 60-йилларида жамоа хўжаликлари қошида чўчқахоналар ташкил этилганди. Табиийки, ўзбекман деган мардум бу махлуққа яқин бормайди, шунинг учун раис бова Олотдан бир алкаш ўрисни топиб, хотини билан қўшиб, кўчириб опкелади. Чўчқахона икки колхоз чегарасидаги «нейтрал» бир ҳудудда қурилган бўлиб, қишлоқлардан сал йироқроқ эди. Қиш кунларининг бирида бояги ўриснинг аёли Маруся қишлоқда пайдо бўлади. Қорбўронда бошяланг, оёқяланг чопиб келган насроний хотинни кўриб, ҳамма ҳайрон. Ҳеч ким эшигини очмайди. Фақат Қўлдош кичкина, ўша пайтлари армия хизматидан келиб, Бухородаги бухгалтерия техникумида ўқиётган йигит, уни тушунади.

– Муж болен! Он простудился! Помогите!

– Что с ним? – сўрайди Қўлдош.

– У него жар! Он просто горит! – изиллайди аёл.

– Нима дейди бу маржа? Чулдирамай, одамга ўхшаб гапир, энағар! – қаҳрланади Қўлдошнинг акаси Султон.

– Эри шамоллаб қолибди, иссиғи баланд экан. Бориб келаман! – йигит чопонини кияди.

– Э-э, ўлиб кетмайдими, сенга нима зарил!

– Оға, ахир у ҳам одам-ку!

Алқисса, Қўлдошбой беморни эшакка ўнгариб, медпунктига опкелади ва бу атрофдаги ягона ҳамшира, татар аёли Васима Ҳасаншинани ўрисчаю татарча аралаштириб оёққа турғазади. Бу Қўлдош бова деганимиз шунақа.

Ботаётган қуёш нурида қизарган уфқ томондан қўйлар суруви кўринди, атрофни маъраган товушлар тутди. Қумми чўпон невараси билан ҳай-ҳайлашиб, отарни ҳайдаб келмоқда эди. Қўлдош кичкина пахса уйча олдига, қумга шолча тўшаб, кўрпача солди, қумғонни тўлдириб, гўшт қайнаётган қозон остига, чўғнинг бир четига ўрнаштирди. Аҳмадбой боваси билан қўйларни қамаб, қудуқдан сув тортиб, новларга қуя бошлади. Новларнинг бир чети қўтондаги новга туташ, қўйлар сувга интилишди. Қумми бова ювиниб-тараниб, биз томон юрди.

Кўришдик, сўрашдик, об-ҳаводан, нарху наводан гаплашдик. Бу орада Аҳмадбой бешинчи юлғун остини ковлаб, иккита шиша топиб келди. Шўрва сузилди. Нарироқдаги бензинда ишлайдиган движок ғувиллайди, қўйлар ора-сира маъраб қўяди, қошиқлар товоқларга тегиб тақиллайди. Электр лампочка ёруғига кўп ўтмай ой нури қоришиб кетди.

Овқатдан сўнг мухбир йигит чўпонни сўроққа тутди: сўради, суриштирди, ёзиб олди. Уларни ёлғиз қолдириб, Қўлдош бова икковимиз нарироқда гурунглашдик, Аҳмадбой қўйлардан хабар олишга кетди.

– А-й, томирларим-эй, хўп яхши бўлди-да келганларингиз. Мана, Хизр кезган чўлларда юрибмиз бизам. Бир пайтлар калхўзда катта буғолтир эдик. Гидилян балосидан сўнг бу ёқларга келиб қолдик-да. Полвон бова улфат одам, келишиб ишлаб юрибмиз, – дея хўрсинди Қўлдош бова саҳро зулматига кўз тикканча. – Бу бача Тошкентдан келганми?

– Ҳовва, газитдан.

– Майли эса, катта одам экан. Хапа қилма уни, кўнглига қара. Отанг билан жўра эдик...

У ўша ёшлик йилларига қайтгандек тамшанди, кўзлари ёшлангандек бўлди.

– Ҳай, босмачининг невараси, келмайсанми бу ёққа!? Қўлдош, кел сенам! – чўпоннинг овози эшитилди. Бориб кўрпачага чўккаладик.

– Сўроқ-савол тугадими? – дея кулимсирадик.

– Ҳовва, тамом. Лекин ямон инжиқ экан бунинг. Ким қаердаги, отам замонидаги гапларни сўрайди. Майли-да, билганимизча айтдик...

Чўпон бованинг кайфи чоғ эди. Умуман, сархушлик аломатлари ҳаммамиздаям сезиляпти, айниқса, мухбир йигитда.

– Сизни нимага полвон дейишади, ё кураш тушганмисиз ёшлигингизда? – туйқус яна сўроқни бошлади у.

– Э-э, братишка, икки хотинни нокаут қилиб, учинчиси билан «ничя»га эришган одам полвон бўлади-да! – дея луқма ташлади Али полвон гулдираб. Қийқиришиб, роса кулишдик.

– Ҳа-а, энди, курашганмиз бизам, болам.

– Эби-и, бир вақтлар бу ёқ ҳеч кимга олдирмасди! Қоракўлу Жондор, Қаршию Фаробдан келган не-не полвонлар Қумми полвоннинг отини эшитиб қолса, даврадан зипиллаб чиқиб кетарди! – Қўлдош кичкина ҳаволанди. – Полвоннинг кичкинаси чатоқ бўлади, биласизлар-ку. Бу ёқ ҳам ўзимиздай ихчамгина, қўлда турмасди, зоғора балиқдай...

Кекса чўпон ҳазин жилмайиб, оғир бир дамсар урди. Шу хўрсиниқ билан тўзонли, дард тўла йилларнинг ғубори отилиб чиққандай бўлди.

– Исталин бова бизга бир яхшилик қилиб кетди-да, бўлмаса ўша ёқларда...

У гапини тугатмай, Соҳиб орага суқилди:

– Ия, Сталин жаллод, восвос бўлган дейишади, ўзимиз ҳам ўқиганмиз!

– Унисини билмадим. Лекин, тўчний, ўз вақтида ўлдию биз қамоқдан қутилдик! – деди чўпон айёрона жилмайиб.

– Қамоқми, сургунми? – сўрадик бизам жим турмай.

– Одамларга «вешилка» деймиз-да, болам. Қамоқ десанг биров қўрқади, биров ола қарайди. Қамоқ, Магадан...

«Ё раббим-а, бу ёғи «Тулач» бўпкетди-ку!» деган гап хаёлдан ўтди. Шу пайт чўпон бова ёнбошидаги таёғини дутордай ушлаб, бир нималарни ғўнғиллай бошлади. Мухбир ҳайрон бўлиб Қўлдош кичкинага қаради.

– Кайфлари тутиб қолса, бу ёқ ғазалми, ўланми айтиб қоладилар. Сизлар эшитинг­лар, томирларим, эшитинглар... – деди у шивирлаб. Кекса чўпон ҳамон ғўлдирарди.

– Полвон бова, сасни бир парда кўтаринг энди! – дея бод бердик.

– А-а? Ҳа-а... Алқисса, Гўрўғли Хирмондалидан хат олганди, кейин кайфи чоғ бўлиб, кўнгли тоғ бўлиб, бир ғазал айтди:

Ўн саккиз аршли от миндим,
Отдин армоним қолмади.
Заррин тўшаклар устинда
Ётдим армоним қолмади,
Ётарман, армон қолмади-ё-ёв!

Баҳор ҳаволари анқиб ётган чўлни ой нури сутдек ёритар, чўпоннинг дардли, ҳазин товуши олис мозий қаъридан келаётгандай кўтарилиб тушарди. Соҳиббой анг­райиб қолди. Унинг кўзларида: «Во ажаб, бу одам чўпонми, полвонми ё бахшими!» – деган савол акс этарди. Бизнинг кўнгилни эса фахр туйғулари тўлдирди: ана, бизнинг боваларимиз қанақа! Олотликлар шунақа, мухбир бова!

– Боважон, Саётхондан айтинг, – дея илтижоли пичирлади Аҳмадбой. Унинг қачон келиб ўтирганини сезмай ҳам қолибмиз.

– Майли, болам, ҳозир... Ў-ў, бир пайтлар «Тоҳир-Зуҳро», «Шоҳсанам-Ғариб», «Саётхон-Ҳамро»ларни ёд билардик... Қарилик қурсин, болам, қарилик! – Чўпон яна кўзларини юмди, бир оз сукут сақлаб, хаёлини жамлади. – Алқисса, Саётхонни ахтариб борган Ҳамро мусофир юртда зиндонга тушиб қолди. Чоҳда ётиб, тепасидан қараб-қараб ўтаётганларни кўриб, жисму жонига дард ўралиб, кўксини тиғлаб, зор-зор йиғлаб, бир ғазал айтди:

Мисрнинг элидан келган жонларим,
Хабар беринг, бизим эллар омонми?
Соясига кун тушмаган тоғларим,
Хабар беринг, бизим эллар омонми?

Ён-атрофга қарасак, Қўлдош бованинг боши эгилган, Али полвоннинг дами ичига тушган, мухбир бованинг кўзи ёшга тўлиқ, Аҳмадбой бовадан кўз узмай термилган... Полвон бова бўлса тебраниб-тебраниб айтаверди:

...Қанотим йўқ олис-олис учмоққа,
Иложим йўқ ушбу чоҳдин чиқмоққа.
Ҳамро айтар, сармаст бўлиб қучмоққа,
Ҳурлиқожон, хипча беллар омонми?

Ер-осмон айланди, юлдузлар йиғлади, ой уятдан ёнди. Чирилдоқлар жим бўлди, бовамизнинг саси ҳам пастлади. Хаёллар олисларга учди, ҳар ким ниманидир эслади. Ким билсин, полвон бова – қамоқдаги ҳаётини, Қўлдош кичкина Гидилян терговини, биз эса... биз тенгилар ниманиям кўрибди? Ҳарқалай, кўрмасак-да, ҳис этдик, тушундик. Ғамнок нола, шоҳ сатрлар, айтим бағридаги дард бизни маҳв этди. Анча чўзилган сукутдан сўнг Соҳиббой сўз қотди:

– Раҳмат-эй! Лекин... нимага «Ҳурлиқожон»? Нега?

– Чунки, «Саётхон ва Ҳамро» достони халқ орасида «Ҳурлиқо ва Ҳамро» деб ҳам аталади. Тағин билмадик, балки биз адашаётгандирмиз, – дея изоҳ бердик.

– А-а! Вот гап қаерда!

– «Вот-вот»ламанг, мухбир бова, ўзбекча айтаверинг, – деди чўпон жилмайиб, – ўриснинг замонини кўрган биз айтсак, манави босмачининг невараси айтса ярашади, йўқ, кечиримли. Сиз мустақилликнинг боласи, тағин шоирман дейсиз...

– Ў-ў, узр, боважон, узр. Биру нолга урдингиз.

Шу оқшом ухламадик ҳисоби: гап, гурунг, хотиралар бизни ром қилди. Саҳар туриб қарасак, чўпон чўлиғи билан қўйларни ҳайдаб кетибди, Аҳмадбой бир ширбоз қўйни сўйиб, мошинга босиб қўйибди. Ҳай-ҳайлаганимизни кўриб, қатъий турди:

– Жиянларнинг насибаси бу, дойи. Бунинг устига, бовамиз эшитсалар хафа бўладилар, бизни кўзга илмади булар деб.

«Ана, бизда шунақа» дегандек Соҳиббойга қарадик, у ҳам елка қисиб қўйди. Қайтдик – Қирлишонга етгач, Али полвон мошинни секинлади.

– Ҳа-а?

– Раҳмон ака турибдилар йўл четида.

Мухбир бованинг ранги ароқнинг шишасидай оқара бошлади. Кулишдик, уни юпатдик:

– Қўрқманг, тушмаймиз. А-а, Раҳмон ака, ассалому алайкум! Қани, нима гап, ака?

– Ҳокимиятда йиғилиш бор экан, – деди у кўришиб бўлгач, – уйга кириб бир пиёла чой ичиб, сўнг йўлга тушсак ҳам успет қиламиз.

– Йўқ-йўқ, акажон, чиқинг-чиқинг мошинга, илойим худо хайрингизни берсин, кетдик! – Соҳиббой типирчилаб қолди. Кула-кула Раҳмон акани мошинга тортиб чиқардик.

– Бу нима? – сўради мухбир, Жўллиев берган «чурпа»ни чўнтагига тиқишга уринаётганимизда.

– Бу – йўлкира, мухбир бова, – хокисор жилмайишга уриндик, – ирими шунақа...

– Ака, устоз! Мен китобларингизни ўқиганман, сизга айтмагандим ҳали. Мен сизни эсладим, яхши эсладим кеча. Халқингиз ҳам сизни қанчалик ардоқлашини кўрдим. Бу – бир. Маош тузуккина, сафар ҳақи бор, шу етарли. Бу – икки. Шундай одамларни кўрдим, танишдим, маза қилдим, таассуротлар – бир дунё. Бу – уч. «Олот сомса»дан тўйдик. Бу – тўрт. Мана бу эса – беш!

Шундай деб у папкасидан шапалоқдай китобча чиқариб узатди. Шеърий тўплам экан. «Соҳиб Салом. Сизларни сўраб келдим.» Дастхат ҳам ёзиб қўйибди. Бало экан! Қачон улгурди ўзи! Илк бетдаги шеърига кўз югуртирдик.

...Ёмонга йўқ деганлар,
Лафзида тўхтаганлар,
Бобомга ўхшаганлар,
Мен сизни сўраб келдим.

Уни бағримизга босиб, қулоғига шивирладик:

– Омон бўл, ука. Ўғил бола экансан. Илойим катта шоир бўл!

«Чурпа»ни Жўллиевнинг столига ташлаб, Соҳиббек билан етаклашганча пастга тушдик.

– Мен ҳали бу юрт одамлари ҳақида ҳикоя, йўқ, қисса ёзаман! – деди у хайрлашар чоғи. – Ажойиб одамлар экан!

– Арзийди, ука, ёзсангиз арзийди. Олотликлар шунақа.

Бир ойча ўтгач, катта газеталардан бирида «Чўпонларнинг бахшиси» деган мақола босилди. «Барот қирриқнинг тўйига Қумми полвон ҳам келармиш» деган гапни эшитиб, газетани чўнтакка тиқиб бордик. Қурбонмурод чўпон мақолани кўриб, яйраб кетди.

– Ў-ў, қисталоқ, ямон зўр ёзибди лекин! Исталин бованиям ёзибди! Эй-й, отасининг гўрига! Қани, босмачининг невараси, олдикми? – У яримлатиб қуйилган пиёлаларга ишора қилди.

– Бовамизни кўриб қолган одамсиз, қўлингизни қайтарсак уят бўлар дейман...

– Ҳа-а, маладес! Шунақа мухбир балалар келса, тўғри мани олдимга олиб боравер. Полвон бованг ҳали-бери ўлмайди!

– Илойим ўлманг, боважон, илойим ўлманг...

Полвон бованинг кўнглидаги дунёни ҳам, бизнинг юракда талашаётган ҳисларни ҳам икки пулга олмайдиган сершовқин тўй эса давом этарди...