OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдуқаҳҳор Иброҳимов
Асар номиОйна синди (трагикомедия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Абдуқаҳҳор Иброҳимов
Услуб
   - Театр ва драматургия
Шакл
   - Трагикомедиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ юлдузи» журнали, 2009 йил, 4-5-сон
Ҳажм182KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/09/02
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ойна синди (трагикомедия)
Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Уч Парда, Саккиз Кўринишли Трагикомедия

Қатнашувчилар:
Манзура – 40 ёшда, қиёфасидан анча ёш кўринади.
Мирсафо – 38 ёшда, гавдали, вужудидан жисмоний куч-қувват ёғилиб туради.
Сайёра – 20 ёшда, чиройли.
Ҳалимхон – 20 ёшда, новча ва хипча.
Бурҳониддин – 68 ёшда, салобатли, кўринишдан 50 ёшларга боргандек туюлади.
Даврон – 18 ёшда, қадамидан ўт чақнайди, кучли.
Лазокат – 54 ёшда, қўпол ва семиз.
Аброр – 59 ёшда, қилтириқ.
Меливой – 65 ёшда, нозик ва сатанг.
Муяссар – 17 ёшда, чин гўзал.

Биринчи Парда

Биринчи Кўриниш

Манзуранинг шаҳар марказидаги кенг, беш хонали хонадони. Катта зал, деворларга гиламлар осилган, чет эл мебеллари билан жиҳозланган. Полга патгиламлар тўшалган. Катта ва ноёб қандил нур таратиб турибди.
Саҳнада Манзура пайдо бўлади.
Узунчоқ катта стол устида идиш-товоқлар, ичимлик ва ичкилик шишалари айқаш-уйқаш бўлиб ётибди. Стуллар нари-бери бўлиб қолган. Бир стул оёғи осмондан бўлиб турибди. Буларнинг бари ҳали яқинда бу ерда базми жамшид бўлганидан дарак беради. Манзура хавотирланиб ён тарафдаги хонага кириб кетади ва тисарилиб қайтиб чиқади.
Манзура. Вой шўрим, вой шўргинам, ёлғизгина қизим...
Ҳали кайфи тарқалмаган Мирсафо тунги халатини судраганича чиқиб келади, бир-бирига тикилишади. Жимлик.
Манзура. Ахир, ҳали қизим турмуш қурмаган бокира... Энди қизимнинг кейинги тақдири нима бўлади, яшшамагур.
Мирсафо. Тушунтириброқ гапир, нима гап ўзи?
Манзура. Нима қилиб қўйганингни биласанми, аблаҳ?
Мирсафо. Майли, бўлар иш бўпти, биров эшитмасин. Ўтган ишга салавот, сўз бераман, келишамиз, қизингга товонини тўлайман. Лекин секинроқ гапир, секин... Биров эшитмасин.
Манзура (икки сонига қарсиллатиб уриб). Ҳа, яшшамагур-а, қизлик иффатини пулга чақиб бўларканми? Ахир, қиз болада фақат бир марта бўладиган иффат пардасини қайта тиклаб бўлмайди-ку. Йўқ, сен ярамасни шундай қўйиб қўймайман, ўзингни ўлдираман, уй-жойингга ўт қўяман, кейин ўзимниям ўлдираман.
Мирсафо. Ўлиш ҳеч қачон қочмайди. Яшашдан гапир. Лекин секинроқ. Деворниям қулоғи бор.
Манзура. Йўқ, энди мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, сени ўлдир¬¬магунимча тинчимайман. Уч марта турмуш қуриб орттирган ёлғиз қизимни заха қилиб қўйдинг-а. Ит тегди унга энди. (Чарчаб, ерга чордона қуриб ўтириб қолади, ҳаллослаганча қўли билан ўзини елпийди.)
Мирсафо (қўлидаги халатни кийиб, креслога чўкади). Бу ёғидан ғам ема, Манзура. Мана мен, Мирсафо турибман. Ўзим қизингга зўр йигит топиб, катта тўй-томошалар қилиб узатаман. Э, пул кучи билан нималарни қилиб бўлмайди дейсан. Пулнинг кучидан кўра қудратлироқ нарса йўқ бу оламда, одамлар оламида. Қўл остимда бир сўзимни икки қилмайдиган бақувват-бақувват йигитлар кўп.
Манзура. Қиз болага уйланмаган ўзбек йигитининг юрагида армони қолади, қизим бир умр унинг олдида тили қисиқ бўлиб юради.
Мирсафо. Э, ҳозир замон бошқа, йигитлар ўзгариб кетган. Ҳақи бўлса бас, чекинишга, кўзни чирт юмишга, ҳатто хотиним қиз чиқди дейишга ҳам рози бўлишади. Ҳа, ҳақ дегани – пул дегани, бойлик дегани, уй-жой дегани, «Мерседес» дегани, олтин дегани, келиннинг сепи зўр бўлса, иффатнинг ўрнини босиб кетаверади.
Манзура. Бекорларни айтибсан, ўзинг аёл зотидан эмассан-да, билмайсан. Қиз бола учун қизлик иффатидан ҳам зўрроқ сеп йўқ. Сен буни тушунмайсан.
Мирсафо. Қизингнинг ишини ўзим ўнглайман, уни ўзим бахтли қиламан.
Манзура. Нима, хотинингни қўйиб, қизимга уйланармидинг ёки уни иккинчи, хуфя хотин қилиб қўярмидинг?
Мирсафо (хандон отади). Бу гапларинг ҳавойи гаплар. Лекин қизинг билан бўлар иш бўлган экан, унинг эндиги қисматига бефарқ қарамайман, уни ўзим бахтли қиламан.
Сайёра (чап томондан қувноқ ҳолда чиқиб келади, эгнида тунги қизил ҳарир халат). Албатта! Албатта мен бахтли бўлишим керак.
Манзура (қизини йиғлаб қучоқлайди). Болам, қизалоғим, бошимизда шундай кўргуликлар бор экан... (Мирсафога.) Қизимнинг ўрнига ўз қизингни қўйиб кўрсанг бўлмасмиди...
Сайёра. Ойи!
Манзура. Бошқа биров сенинг қизингни бузиб қўйса, сен уни нима қилардинг...
Сайёра. Ойи дейман!
Манзура. Шуни тасаввур қиласанми, тасаввур қила оласанми? Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур-да!
Сайёра. Бўлди қилинг, ойи!
Манзура. Нега энди бўлди қилар эканман. (Кўксини кўрсатиб.) Мана бу еримга туз сепилган, ачишяпти, ёняпти. Ахир, фарзанд жигардан пайдо бўлади! Ўзинг она бўлмагунча, онанинг ҳолини билармидинг. Уфф.
Мирсафо. Аввал мен ювиниб олай. Кейин гапни давом эттираверамиз. (Ўнг томонга чиқади.)
Сайёра (ойисига яқин бориб, ним овозда). Мирсафо акани тинч қўйинг. Умуман эса, бугундан бошлаб менинг ички ишларимга аралашманг.
Манзура. Юзга кирсанг ҳам онанг бўлиб қолавераман. Сени тергашга ҳаққим бор.
Сайёра. Бошқа оналарнинг ўз болаларини тергашга ҳаққи бўлса бордир. Лекин сизнинг ҳаққингиз йўқ.
Манзура. Нима, нима? Нега менинг ҳаққим бўлмас экан?
Сайёра. Чунки, сиздан ибрат олиб бўлмайди. Учта эрдан биттасиниям этагидан ушлаб қололмагансиз.
Манзура. Менга таъна қилмагин, енгил тутмагин, қизим. Аёл киши уйим-жойим, бола-чақам деб оилани ташлаб кетмаслиги мумкин экан-у, лекин эркак кишини, агар у хоҳламаса, оилада ушлаб қолиб бўлмас экан. Мен буни уч марта синаб кўрдим.
Сайёра. ...ва учала эрингиз ҳам сизни ташлаб кетди.
Манзура. Юзимга солмагин, бадбахт.
Сайёра. Нега аччиғингиз чиқади, бор гап шу-ку, ойи. Ҳа, сиз менга ибрат бўлолмайсиз. Мен бошқа йўлдан бораман. Мени ташлаб кетишларини истамайман. Лекин, кимки менга ёқмай қолса, уни мен ташлаб кетаман. Бунинг учун мустақил шахс бўлишим шарт.
Манзура. Ҳа, иштаҳанг жуда зўр-ку. Жуда катта кетмагин, охири бахайр бўлмайди...
Мирсафо (сочиққа бошини арта-арта ўнг томондан чап томонга ўтиб кетади). Мен энди кийиниб олай... Сув иссиққина экан, мазза қилдим.
Манзура. Мен бехабар қолибман, сен жуда ўзгариб кетибсан-ку, қизим.
Сайёра. Уйда деярли бўлмайсиз-ку, ойи. Ойда, йилда бир учрашиб қоламиз.
Манзура. Ўзинг биласан-ку, ишим ўзи шунақа, ишбилармонлар туну кун ишлашади. Мен ўзимни ўтга, чўққа урмасам, бизларни ким боқади, очдан ўламиз-ку.
Сайёра. Уйда бўлсангиз меҳмон кутишдан бўшамайсиз.
Чап томонда кийиниб олган Мирсафо кўринади, уни сезишмайди.
Манзура. Сен жуда ўзгариб кетибсан-а, қизим. Тарбиянг билан ана энди ўзим жиддий шуғулланаман.
Сайёра. Кечикдингиз. Йигирма йилга кечикдингиз. Хўш, менга айтинг-чи, ўз дадам ким?
Манзура. Кўргансан-ку!
Сайёра. Сувратини! Ўзини эмас.
Манзура. Ўша суврат дадангнинг суврати-да. Муқаддас хотира, унутилмас ёдгорлик сифатида олтин гардишга солиб ётоғим тўрига осиб қўйибман-ку.
Сайёра. Хотира гардишда эмас, қалбда сақланади. Сувратдаги кишининг отам эканига умуман ишонмайман ҳам.
Манзура. Ишонгин, қизим. Бизларни туғруқхонадан сувратдаги ўша киши – сенинг даданг олиб чиққан эди, туғруқхона дарвозаси олдига оқ «Волга»ни кўндаланг қилиб қўйган эди, доя хотинларга суюнчини аямаган эди, эҳ, у онларим нақадар қувончли эди-я.
Сайёра. Агар ўз дадам бўлса, нега энди мени сира йўқламайди?
Манзура. Билмадим. Балки мендан кўнгли қолгандир?
Сайёра. Унда менда не гуноҳ? Балки мени ўз фарзанди деб ҳисобламас.
Манзура. Йўқ, ундай эмас. Сен уч ойлик чақалоқ эканингда даданг бизни ташлаб кетган эди.
Мирсафо чап томондан виқор билан чиқиб келади.
Мирсафо. Она-боланинг уриши – дока рўмолнинг қуриши. Энди сулҳ бўлсин. (Соатига қараб.) Бугун бу ерга ажратилган вақтим тугади. Мен кетдим.
Сайёра. Тўхтанг.
Мирсафо. Онангга сўз бердим, товонингни тўлайман. Лекин ҳозир ортиқча қола олмайман. Уйда хотиним ухламай мени кутиб ўтирибди, кечиксам субутим кетади. Шуни сен ҳам билиб қўйгинки, мен оиламни ҳаммадан ва ҳамма нарсадан устун қўяман.
Манзура. Тўхта.
Мирсафо. Вақтим тугаган. Кечиксам хотинимдан балога қоламан.
Манзура. Тўхта деяпман сенга! Қизимнинг товони масаласини ҳал қилиб кет.
Мирсафо. Сўз бердим-ку, эртага ҳал қиламиз.
Манзура. Йўқ, ҳозир ҳал қилиб кетасан. Бўлмаса, вазирингга арз қиламан.
Мирсафо тарашадек қотиб қолади.
Сайёра. Вазирнинг бундан бошқа қиладиган иши йўқми?..
Мирсафо (бир оз ўзига келиб, титраб-қақшаганча, Манзуранинг олдига келади, чўнтагидан пул чиқариб, унга узатади). Мана қизингнинг товон пули. Ўн минг доллар. Яна қора Йўлдош берадиган икки минг доллар ҳам сеники.
Манзура. Бу қиз боқиб катта қилган менинг ҳаққим. (Пулни олади). Пул қўлнинг кири. Сайёра ёш нарса, пулни тутиб туролмайди, пулдан пул туғдиролмайди. Унинг товон ҳақи кўчмас мулк бўлиши керак.
Мирсафо. Яъни...
Манзура. Яъни, Эскижўва, Олой, Фарҳод, Бешёғоч, Миробод, Отчопар бозорларидаги ёки Навоий кўчасидаги ярмаркага жойлашган хусусий тижорат магазинларингдан бирини қизимнинг номига хатлаб, нотариус орқали расмийлаштириб берасан. (Қизига.) Ёки сенда бошқа таклиф борми?
Сайёра. Шаҳар марказидаги гўзаллик салонига хўжайинлик қилишни истардим. Эркаклар зали, аёллар зали, маникюр, педикюр, косметика, либослар зали, чеварлар фабрикаси.
Манзура. Сен шунга рози бўлсанг, мен қарши турмайман. Қолаверса, ўзинг ҳам сартарошлик мактабини битиргансан. Келажакда бутун жумҳуриятимиздаги шу соҳаларни ўз қўлингга олишинг мумкин.
Сайёра. Кимсан Сайёра бўлиб кетаман!
Манзура. Илоё, омадингни берсин, қизим. (Мирсафога.) Қани, кабинетимга кириб, тилхатингни ёз. Сайёра, Мирсафо акангга ўзинг йўл кўрсат.
Мирсафо. Сўз бердим-ку, тилхатни эртага ёзаман.
Манзура. Йўқ, қолган ишга қор ёғиши мумкин. Тилхатни шу бугун расмийлаштирамиз. Мен ҳозир таниш нотариусга телефон қиламан. Тегишли улуши эвазига муҳрини қўйнига солиб етиб келади. (Телефон рақамларини тера бошлайди).
Сайёра (Мирсафога). Орқамдан юринг. (Чиқади.)
Мирсафо (юраётиб). Бир висол оқшоми деб бошимга шунча ташвиш орттириб олдим. Буям майли-ю, лекин бугун хотинимдан балога қоладиган бўлдим. Ана шуниси ёмон бўлди. (Чиқади.)
Манзура (залга). Ҳокимиятни қўлга олиш мана бундай бўлибди. Эгри таёққа – эгри тўқмоқ-да. Ҳа, аёл кишининг макри қирқта эшакка юк деб, бекорга айтишмаган. Мирсафони тузоғимга туширдим, шу йўл билан қизимнинг келажагини моддий жиҳатдан таъминладим. Энди бундан буёққа миллиардер Мирсафо қўлимда қўғирчоқ, ҳар мақомда ўйнатаман.

Иккинчи Кўриниш

Сайёра ўз иш кабинетида, катта стол қошида ўзига оро бериб ўтирибди. Стол устида соат, телефон, радиола, жажжи телевизор ҳамда бошқа алоқа воситалари. Кабинетда кресло, диван ва стуллар, журнал хонтахталари қўйилган, ерга чўғдек қип-қизил катта гилам тўшалган. Сайёранинг тепасидаги деворга унинг олтин гардишга солинган портрети ва «Сайёра гўзаллик салони» деб ёзилган лавҳа осиб қўйилган.
Соат тўққиз марта бонг уради. Сайёра пардозини тўхтатиб, лаб бўёғи, упа-эликлари, кўзгусини стол тортмасига қўйиб қўйгач, чақирув тугмасини босади. Остонада раққослардек хипча ва нозик, новчадан келган, хушрўйгина котиб – Ҳалимхон пайдо бўлади, эгнида қора шим, янги енги калта оқ кўйлак, бўйнида яшил галстук, оёғида қора амиркон ковуш, бир қўлида блокнот, иккинчисида қалам.
Ҳалимхон (бир томонга бир оз бош эгиб). Буюрсинлар, бегим.
Сайёра. Биринчи келган мижоз кирсин.
Ҳалимхон. Айтганингиз бўлади, бегим. (Чиқади.)
Сайёра стол тортмасидан олтин гардишли қора кўзойнак олиб, тақади. Хонага худди шундай кўзойнак таққан, қип-қизил шойидан кофта-юбка кийган Манзура кириб келади, қўлида ҳам қизил сумка.
Сайёра (ўрнидан туриб кетади). Ойи! (Кўзойнагини олади.)
Манзура. Қизим! (Кўзойнагини олади). Кабинетинг сенга жуда-жуда ярашибди, муборак бўлсин.
Сайёра. Ташаккур! Ўтиринг ойи!
Бу орада Ҳалимхон патнисчада, жажжи чинни идишларни тантанавор кўтариб кириб, бирини ликопчаси билан Манзурага тутқазади.
Ҳалимхон. Буюрсинлар, хоним! Қора қаҳва. Турк услубида ҳозирланмиш.
Манзура (қаҳвани ижирғаниб, мажбуран олиб, Сайёра қаршисидаги стулга ўтиради. Зўрма-зўраки). Ташаккур!
Ҳалимхон (Сайёрага қаҳва узатади). Буюрсинлар, бегим.
Сайёра (қаҳвани олиб жойига ўтиради). Ташаккур. Ҳалимхон, ҳозирча олдимга ҳеч кимни қўйманг.
Ҳалимхон. Жоним билан. (Икковига бир-бир таъзим бажо айлаб). Тотли бўлсин. (Чиқади).
Манзура (Ҳалимхоннинг орқасидан қараб қолиб). Бу турқи совуқни қаёқдан топдинг? Нима бало, сомонхонаю молхонада пайдо бўлганми... Балки ғўзапоя ота-онасига тўшак бўлганми... Башарасининг қўтир жомашовдек ғадир-будир бўлишига қараганда беланчаги устидан самолёт бутифос сепиб ўтганга ўхшайди. Тезроқ йўқот уни бу ердан, эрталабдан таъбимни тирриқ қилди менга қаҳва тутқазиб.
Сайёра. Йўқ, ойи, Ҳалимхон кўринишдан... мана шунақароқ бўлсаям, қалби гўзал, яхши йигит. Илгаритдан танишмиз, у ҳам сартарошлик мактабида ўқиган. Бунинг устига бир қўли узунроқ одам тавсия қилиб қолди. Сартарош қилиб қўйишим ҳам мумкин эди, лекин қабулхонага қўя қолдим, оёқ-қўли чаққонгина. Қолаверса, қабулхонада аёл киши ўтирса, ғийбат чиқиши мумкин. Барно йигитни қўйсам, ундан беш баттар бўлади. Лекин энг муҳими шуки, Гўзаллик салонимизга гўзаллик истаб келган мижозларим Ҳалимхонни кўрибоқ анча таскин топадилар.
Манзура. Ҳа, энди тушундим. Буям бизнеснинг, мижоз кўпайтиришнинг бир йўли дегин. Баракалла, қизим. Ҳа, эсимга тушиб қолди, қачонлардир бир китобда ўқигандим, эр-хотин тинч-хотиржам, сокин, безатилган гўшада, покиза ўринда, ювуқли ҳолда лаззат¬ланишлари, лаззат онларида, жимо пайтларида гўзал нарсаларни ўйлашлари, чиройли манзараларни кўз олдиларига келтиришлари керак экан. Ана шунда кўркам ва соғлом фарзандлар дунёга келар экан. Акс ҳолда анови Ҳалимхонингга ўхшаш турқи совуқлар туғилиб қолиши мумкин. Мана шунақа ибратли гапларни ёзиб, шиор қилиб, кўча эшикдан, кираверишдан бошлаб ҳамма ёққа осиб қўйдир, қизим. Бир дақиқалик ҳузур-ҳаловатни ота-онаси кўради-ю, жабрини ҳалигиндақа Ҳалимхонларинг чекади. Гўзал бўлишлик каттакон бахт, қизим! Хунуклик, бадбашаралик – бахтиқаролик. Бу хатони унутиб ҳам, тузатиб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди. Биласанми, қизим, эр хотинини қайси пайтда уриши мумкин? Шариат китобида ёзилишича, хотин киши агар зийнатланиб юрмаса, эри уни ҳатто уриши мумкин экан.
Сайёра. Мана шу гапингизни асл манбасидан топиб, шиор қилиб осиб қўяман...
Манзура. Хўш, ишга ўрганиб қолдингми? Қийналмаяпсанми?
Сайёра. Аста-секин ўрганяпман. Ҳа, айтгандай, хизмат кўрсатишнинг янги усулини жорий этдим. Телефонда буюртма қабул қиламиз, мижозларнинг уйига бориб хизмат кўрсатамиз.
Манзура. Масалан, қайси хизматлар?
Сайёра. Соч-соқол олиш, маникюр қилиш, педикюр қилиш, косметика қилиш, массаж... Юра олмайдиган ногиронлар бор, кундузлари иш пайтида салонимизга келолмайдиганлар бор ва, умуман, жонини ортиқча койитмайдиган бойвуччалар ҳам кўп. Вақтини жуда-жуда қадрлайдиган ишбилармонлар ҳам топилади. Бу хизмат турини эрталаблари, кейин кечқурун еттидан ўнгача ҳафтанинг ҳамма кунида жорий этдик. Бунга ҳалиги Ҳалимхонни мутасадди қилиб қўйдим. Телефонда буюртмаларни қабул қилади, ходимларни мижозларнинг уйига юборади, ўзи ҳам вақти-вақти билан мижозларникига бориб турибди, қўлим ишдан чиқиб қолмасин дейди-да. Мен ҳам идоравий-ташкилий ишлардан сал бўшашим биланоқ кунида бир-икки мижозларни қабул қиламан, албатта, керакли, обрўли кишиларнинг соч-соқолларини олиб қўяман.
Манзура. Ҳа, тўғри қиласан, керакли одамлардан таниш-билишни кўпайтиравер, уларнинг исм-шарифларини билиб қол, иложи бўлса, ташрифномаларини олиб қол, энг яхши коллекция – бу ташрифномалар тўпламидир, бу ўзи бир хазинадир. Мен ресторанда ишлаганимда мўътабар хўрандаларнинг ташрифномаларидан иборат бир коллекция тўплагандим.
Сайёра. Кўрганман.
Манзура. Яша... Мен онангман, шу сабабли бир-икки нарсани сенга насиҳат тарзида айтиб қўйишим шарт: аввало, ходимларингни ҳам, мижозларингни ҳам қабулингда уч дақиқадан ортиқ тутиб турма, иложи борича тез чиқариб юборишга, гапни калта қилишга интил. Ҳозир менинг ҳузурингда бундай узоқ ўтириб қолишим ҳам аслида нотўғри. Мен ҳозир кетаман... (Тез гапиради.) Бошлиқ кабинети оёқости бўлдими, обрўси бир пул бўлди, деган гап. Одамларни якка-якка қабул қил, бири билан гапни тугатмай туриб, иккинчисини қабул қилма, ким бўлмасин, марҳамат қилиб, қабулхонада кутиб турсин. Тўғри, баъзан-баъзан истисно бўлиши мумкин, дунёда юз фоиз бажариладиган қоида йўқ... Мен...
Сайёра. Гапларингизни тушунишим мумкин-у, лекин тушунишни истамайман.
Манзура. Нега энди?
Сайёра. Йўлларимиз бошқа-бошқа... Хўш, сиз менга айтинг-чи, қачонгача қолипга тушиб яшаймиз, эҳтиросга эрк берма, уни қилма, буни қилма, чеклаш устига чеклаш. Шу чеклашларни йўқотмай туриб, одам қаторида, дунё одамлари қаторида, илғор кишилар қаторида яшай олмаймиз. Мен асосий бахтсизликни ана шу ҳуда-беҳудага чеклашларда кўриб турибман.
Манзура. Ўзи сенга гап уқтириб бўлмай қолибди. Хўш, бугун уйга борасанми?
Сайёра. Билмадим.
Манзура. Ўзинг танангга бундоқ ўйлаб кўр, сендан бошқа менинг кимим ҳам бор, қизим. Дала ҳовлида ётиб юришни бас қил-да, уйга қайт. Ўзим кечки овқатга бозор гўштидан манти қилиб қўяман.
Сайёра. Кўрарман, бугун пайшанба, иш кўп, мижозларни кечки соат ўнгача қабул қиламиз.
Худди шу пайт Мирсафо Ҳалимхонни кўтариб олганича кабинетга бостириб киради. Сайёра ва Манзура ағрайиб қолишади.
Ҳалимхон (Мирсафонинг қучоғида типирчилаганича). Вой-вой, нима қиляпсиз, қовурғаларимни эзвордингиз-ку.
Мирсафо. Мен йўл усти бирров табриклаб ўтгани кирдим, вақтим жуда зиқ. (Чиқа бошлайди, орқага қайтади, Манзурага.) Мен сўзимнинг устидан тўла чиқдим. Гўзаллик салони Сайёра номига тўла-тўкис ва узил-кесил расмийлаштирилди, номини ҳам ўзим қўйиб бердим: «Сайёра».
Манзура. Мард йигит шундай бўлади-да. Лекин кейинги кунларда жуда камнамолар?
Мирсафо. Иш кўп. Италия билан яна қўшма корхона очяпман. Айтгандай, Сайёрага бир гап айтмоқчи эдим, эй аттанг, ёдимга тушмай турибди-да.
Манзура. Мирсафо, машинангда мени Эскижўва бозорига ташлаб ўт. Гўшт, мева-чева олай. Уйда ҳеч нима қолмапти.
Мирсафо. Бемалол.
Манзура билдики, Мирсафо Сайёра билан холи гаплашмоқчи.
Манзура (Мирсафога). Менсиз балки гапинг ёдингга тушиб қолар. (Чиқади).
Сайёра Мирсафонинг бағрига ташланади.
Мирсафо (Сайёрани қучоқлаб, юз-кўзларидан, елкалари, сочларидан ўпиб). Ўша кунги тилхат ҳамон онангда. (Сайёрани ўзидан узоқлаштирмоқчи бўлади.)
Сайёра (Мирсафонинг кўксига бош қўйиб). Ҳа, сейфларида... Нима эди?
Мирсафо. Бу гўзаллик салонига эга чиқиб қолди. Уни... совға қилишим шарт экан... Сенга бундан ҳам яхшисини олиб бераман. (Сайёрани ўзидан узоқлаштиради.)
Сайёра. Майли. Лекин аввал янги салонга эга бўлмагунимча, буни бермаймиз. (Мирсафонинг кўзларига боқиб, сочларини силайди).
Мирсафо (Сайёрани ўзидан узоқлаштиради). Онанг қайтиб кириб қолиши мумкин.
Сайёра. Энди қачон учрашамиз?
Мирсафо (атайин нархини ошириб). Ҳозир ишим кўп.
Сайёра. Сизни соғиндим.
Мирсафо (сирли қилиб). Бўлмаса гап бундай: ўша тилхатни олиб менга берган кунинг бирга бўламиз. Келишдикми?
Сайёра. Тилхат сейфда-ку. Уни қандай очаман?
Мирсафо. Билмадим. Сейфни бузасанми ёки унга тушадиган калит топасанми, бу сенинг ишинг. (Сайёранинг қўлларини елкасидан аста олиб ташлайди.) Кўришгунча хайр. (Чиқиб кетади.)
Ҳалимхон (остонада пайдо бўлиб). Рухсат этинг, бегим, мурожаат қилай!
Сайёра. Марҳамат!
Ҳалимхон. Уруш ва меҳнат фахрийси Бурҳониддин навбатдан ташқари кирмоқчи.
Сайёра. Сабаб?
Ҳалимхон. Фахрийлигидан ташқари қандли диабетга мубтало экан... Мана, ташрифномаси.
Сайёра (ташрифномага кўз югуртиргач, стол тортмасига ташлаб қўяди, ўзича). Бу биринчиси. (Ҳалимхонга.) Агар навбат кутувчилар рози бўлишса, майли, фахрий навбатдан ташқари кира қолсин.
Ҳалимхон. Илтифотингизни мамнуният ила ҳозир етказаман, бегим. (Чиқади).
Телефон жиринглайди.
Сайёра. Сайёра эшитади, буюрсинлар... Йўқ, бизга Польшаники керак эмас. Биз фақат фарангий духи ишлатамиз... Марҳамат. Хайр. (Телефон қулоғини қўяди.)
Башанг кийинган, олтин гардишли кўзойнак таққан, йўғон гулдор ҳасса ушлаган, кўринишдан бақувват ўрта яшар киши – Бурҳониддин кириб келади.
Сайёра (ўрнидан туради, жой кўрсатади). Келинг, отахон, ўтиринг.
Бурҳониддин. Яхши юрибсанми, қизим. (Ўтиради). Мени танимадинг-а. (Кўзойнагини қўлига олади.) Мен Бурҳониддин бўламан.
Сайёра. Танидим, ўтган ҳафтада келувдингиз.
Бурҳониддин. Баракалла, қизим. Роса бир ҳафта бурун – пайшанба куни келиб, сенинг бармоқларингдан шифо топиб кетган эдим. Буни қараки, азбаройи худо, ўша куни кучимга куч, мадоримга мадор, дармонимга дармон, ғайратимга ғайрат кирди, йигитдек бўлдим қолдим. Соғлиғим яхшиланганидан кеннойинг ҳам хурсанд бўлиб кетди.
Сайёра. Отахон, гапнинг лўндасини айта қолинг. Менинг сиздан бошқа ишларим ҳам кўп ўзи.
Бурҳониддин. Хўп, қисқа қиламан. Ҳозирги хотиним учинчи оилам, биринчиси билан ёшлигимда ажрашганман. Иккинчиси бундан уч йил аввал вафот қилди. Саккиз ўғил-қизимдан қутилган эдик. Қизларим тинчиб кетган. Ўғилларимнинг ҳаммасига алоҳида-алоҳида уй-жой қилиб берганман. Ҳайҳотдек ҳовлида бўй етиб қолган кенжа қизим билан қолгандик. Икки йилча бева яшадим. Кейин уйида ўтириб қолган бир ҳамшира қиз ўзи талабгор бўлиб менга турмушга чиқди.
Сайёра. Қиз бола ўзи талабгор бўлиб чиқди денг?
Бурҳониддин. Ҳа, ташқи қиёфамдан анча ёш кўринаман. Бу хотиним шу қиёфамга учган бўлса керак. (ўрнидан туриб ўтиради.) Балки менга эллик ёш беришар.
Сайёра. Ундан ҳам кам.
Бурҳониддин. Аслида олтмиш саккиздаман. Ҳозирги хотиним ўттиз саккиз ёшда. Тўғри, Шарқда эркак киши қаримайди, дейишадию, лекин бир йилча бўлиб қолди, қандли диабет деган дарди бедавога чалиниб қолдим, мадоримни қирқиб қўймоқда. Хотиним одобли заифа, тилида бирор нима демайдию, лекин қарашларидан сезиб қоламан, мендек қуп-қуруқ саксовулдан айни етилиб турган вужуди тафт олармиди, у қийналиб кетяпти, мен ҳам уни кўриб, қўлимдан бирор чора келмагач, эзилиб кетяпман. Бугун бўлмаса, эртага, бу ой бўлмаса, кейинги ой талоқ қилишимни талаб қилиб қолишидан чўчийман. Бунинг олдини олишга чора-тадбир излайман. Давони сенинг бармоқларингдан топгандайман. Бир ҳафтадан бери уйимизда қувноқлик ҳукм сурмоқда. Бу пайшанбани умид билан, орзиқиб кутмоқдамиз. Хотиним эрталабдан бошлабоқ девзира гуручдан қази-қартали, нохотли палов дамлашга уннаб кетди. Қизим, бизларни ноумид қилма.
Сайёра. Хўш, нима қилай?
Бурҳониддин. Худди ўтган галгидек сирли, сеҳрли, ўтли бармоқларинг билан бутун вужудимни силаб-сийпаб қўйгин.
Сайёра. Афсуски, бугун бандман. Бошқа мижозларим кутиб туришибди.
Бурҳониддин. Илоё, умрингдан барака топ. Мени ноумид қайтарма, қизим. Мана бу конвертда юз доллар бор. Сенга биз чол-кампирдан мукофот. (Конвертни стол устига, Сайёранинг олдига қўяди.) Агар бу кам десанг, янаги сафар қўшиб келаман. Кассага эса тегишли ҳаққингни тўлайман. Ҳа, мен учун пул муаммо эмас, худога шукур, уй-жойим, дала ҳовлим, машиналарим, етарли мол-мулким бор, пулим, унча-мунча олтиним, бироз валютам ҳам бор. Илгари бундай гапларни гапириб бўлмасди, бойликни яшириш зарур эди.
Сайёра. Ҳамма нарсангиз бор экан, эртанги кунингиз таъминланган экан. Лекин ташвишли кўринасиз, хотиржам эмассиз.
Бурҳониддин. Қалбим нотинч. Кўнгил ёш-да, лекин мадор йўқ, қизим. Фақат хотиним кетиб қолишидан қўрқаман. У лоақал кенжа қизимни узатгунимча уйимда бўлиши керак. Биласан, ўзбекчилик, онасиз, аёл кишисиз қиз узатиш амри маҳол. Кенжам ўн еттига тўлди. Жойи чиқиши биланоқ узатиб юбормоқчиман. Мени мана энди тушуниб етгандирсан, қизим.
Сайёра (конвертни стол тортмасига ташлаб қўяди). Сизни тушундим, аввал енгил душ олиб, ўнинчи кабинага кириб дам олиб туринг, мен сиз учун бир амаллаб вақт ажратиб, олдингизга кираман, Бурҳониддин ака!
Бурҳониддин. Вой «ака» деган бурро тилларингдан отагинанг ўргул¬син, қизим. (Яшнаб, ёшаргандек бўлиб, ҳассасини театрдагидек қўлида ўйнатиб чиқиб кетади.)
Ҳалимхон (кириб). Навбати етган мижоз талаба экан, рухсат берайми, бегим, ёки...
Сайёра. Майли, кирсин, биз учун барча мижозлар тенг ҳуқуқли. (Қора кўзойнагини тақиб олади.)
Ҳалимхон. Оқиласиз, бегим. Кўп яшанг (Чиқади.)
Ялт-юлт кийинган, қора кўзойнак таққан Даврон бир шода калитни қўлида ўйнаб кириб келади.
Сайёра. Ке, хизмат?
Даврон. Касалман. Шу ерда даволанса бўлади, деб эшитиб келдим.
Сайёра. Бу ер касалхона эмас, янглиш келибсан.
Даврон. Касалим ҳам ҳув унақа касаллардан эмас.
Сайёра. Нима касал?
Даврон. Мана шу ҳуснбузарлар мени қийнайди, соқол олишга ҳам қийналаман (бир қўли билан юзларини қашийди, иккинчи қўлидаги шода калитларни айлантириб ўйнайди.)
Сайёра Даврон қўлидаги бир шода калитга кўзи тушиб, эътибор беради.
Сайёра. Бор-йўқ касалинг шуми?
Даврон. Шу. Тез тузатса бўладими?
Сайёра. Бўлади. (Кўзидан кўзойнагини олади).
Даврон (Сайёра кўзойнагини олгач, унинг ёшлигини билиб, сенсирашга ўтади). Бўлмаса, тузатинг... тузат. Сен ҳам ўзим қатори экансан-ку.
Сайёра. Неча ёшга кирдинг?
Даврон. Ўн саккизга... Гапни бурма, тузатасанми-йўқми?
Сайёра (саволга савол билан жавоб беради). Нима учун шунча калитни кўтариб юрибсан ёки...
Даврон. ...ўғирликка тушмайман. Лекин дўст учун ҳаммасига тайёрман.
Сайёра. Шунча калитни нима қиласан?
Даврон. Ҳаммасининг ўрни бор-да (Калитларни бир-бир кўрсатиб, изоҳ беради.) Мана бу шаҳардаги участкамиз дарвозасининг калити, мана бу шу участкадаги ўз хонамнинг калити, мана бу шаҳардаги ўз гаражимнинг калити, мана буниси эса дала ҳовлим дарвозасининг калити, мана буниси дала ҳовлимдаги гаражнинг калити, мана бу дала ҳовлимдаги уйга кириладиган калит, мана бу «Нексия»мнинг калити, мана бу «Мерседес»имнинг калити, мана бу сейфимники, иккинчиси дала ҳовлимдаги сейфимники, мана бу майда калитлар эса стол тортмалариники.
Сайёра. Сейфинг иккитами?
Даврон. Ҳа, ҳар бирининг калитлари учтадан, запаси билан бўлгани яхши-да. Чилонзорда яшайдиган бир ўртоғим бор, калитлардан нусха кўпайтиради. Ўзида минг-минг калит бор, ҳар қандай сейфга тушадиган.
Сайёра. Калити йўқолган бир сейфимиз бор. Шуни очишга ёрдам бер.
Даврон. Сен учун ёрдам бераман, эвазига сен менинг касалимни тузатасанми?
Сайёра. Тузатаман... Сен... Отинг нимайди.
Даврон. Даврон.
Сайёра. Яхши отинг бор экан. Даврон, ўзинг ҳақингда менга гапириб бер-чи.
Даврон. Хўп. Ҳали айтганимдай, бу йил ўн саккизга тўлдим. Шарқшунослик институтида иккинчи курсда ўқийман. Халқаро иқтисодий алоқалар бўлимида, тўғрисини айтсам, мени амакиларим ўқишга жойлаб қўйишган. Бешта амаким бор, бири вазир, иккитаси катта амалдор, иккитаси СП тузиб олган, яъни қўшма корхоналар хўжайини.
Сайёра. Фамилиялари ким?
Даврон. Бизлар машҳур Юнусовлар бўламиз.
Сайёра. Эшитганман.
Даврон. Тоғам, тўртта холам бор, ҳаммалари азалдан тижоратчи, олдин яширин савдо-сотиқ қилишарди, энди ошкора. Илгари чайқовчи деб камситилса, энди тужжор деб ҳурматга сазовор. Ойим ҳам холаларимнинг бири, вино заводида лаборант бўлиб номига ишлайди, асосан, чет элга қатнайди, олдин Туркияга борарди, энди Бирлашган Араб Амирликларига, Хитойга бориб келмоқда. Ака-укалари орасида фақат дадам бўш-баёв чиққан, ҳамма уни орқаваротдан «Аброр сўтак» дейди...
Сайёра. Отангни ҳақорат қилма.
Даврон. Оилада онам хўжайин, айтгани айтган, дегани деган. Истаса, отамга семиз-семиз оёқларини уқалатиб ўтиради. Овқатни ҳам отам қилади, кир-чирга ҳам, қозон-товоққа ҳам, ҳовлига ҳам отам қарайди.
Сайёра. Отангни жудаям ерга уриб юбординг-ку. Бўлди, бас қилмасанг, сендан ҳам ихлосим қолади. Шундай отанинг ўғли ким ҳам бўларди деб.
Даврон. Мен асрандиман.
Сайёра. Қўй-ей!
Даврон. Йўқ, шундай, яқинда эшитиб қолдим. Эмишким, мен ота-онамнинг тўйидан кейин ўн беш йил ўтгач туғилибман. То унгача онамнинг қорнига ёпишиб ётганмишман. Булар бўлмағур гаплар. Агар шу гаплар рост бўлса, нега энди мендан кейин бола кўришмайди. Умуман, ёлғиз фарзандли оиланинг бирор ишкали бўлади, ҳаммасида бўлмасаям, тўқсон тўққиз фоизида бола асраб олинган бўлади, мен бундай оилаларни кузатиб, ўзимга қиёслаб келяпман. Негаки ўзим ёлғизман-да. (Хўрсиниб.) Даҳшатли жойи шундаки, мен на отамга, на онамга, на амакиларим, на тоғаларимга ўхшайман, ҳадеб уларга зид иш қилгим келаверади, айтганларининг тескарисини қиламан, бўлмаса ўрнига тушмайди. Балки миллатим ҳам ўзбек эмасдир.
Сайёра. Жуда ҳам олиб қочишга уста экансан-ку.
Даврон. Ҳеч олиб қочаётганим йўқ, гапнинг сирасини айтяпман. Ота-онам, қариндош-уруғларимга ҳеч қовуша олмайман, улар орасида ўзимни бегона ҳис қиламан. Гарчи улар мени жуда ардоқлашса ҳам. Демак, мен бошқа ота-онанинг фарзанди, бошқа қариндош-уруғларнинг туғишгани бўлишим керак, деб ҳисоблайман.
Сайёра. Ота-онанг боласи бўлма, одам боласи бўл дейишади.
Даврон. Қани мени дунёга келтирган ўша отам, қани мени туққан ўша онам?! Одам боласи бўлиш учун ўз ота-онанг кимлигини билишинг шарт. Бўлмаса инкубатордан чиққан оёғи сариқ жўжадан нима фарқинг бор?.. Мен аслида дунёга келмасам бўларкан ёки гўдаклигимда мени бўғиб ўлдириб юбориш керак эди. Чунки мендака чиқиндидан одамларга фойда келмайди, табиатан билиб туриб яхшиликка ёмонлик қиладиган одамман.
Сайёра. Балки менга бир яхшилик қиларсан.
Даврон. Қандай?
Сайёра. Чилонзордаги ўртоғингдан бир халта калит олиб, бугун кечқурун бизникига бор, мана ташрифномам.
Даврон (ташрифномани олиб). Хўп.
Сайёра. Демак, келишдик. Сени уйда кутаман.
Даврон. Кўришгунча. (Кетади.)

Иккинчи Парда

Учинчи Кўриниш

Манзуранинг квартираси. Биринчи кўринишдаги манзара. Сайёра кириб келади.
Сайёра. Ойи, мантингиз пишдими? Қорним жуда очқаб кетди.
Манзура (ичкаридан инқиллаб-синқиллаб, қўлидаги шапалоқдек кўзгуга қараганича, юзига упа-элик суртганича залга чиқиб келади). Манти қилолмадим. Мирсафо мен билан келди.
Сайёра. А? (Креслога ўтириб қолади.)
Манзура. Ундан вафо кутма. У бугун бу ерга мен учун эмас, ўша кунги тилхатни олиб кетиш учун келган экан... Сен қараб тур, ҳали сениям ўша тилхатни топиб беришга ундайди, балки аллақачон бу ҳақда сендан ҳам илтимос қилгандир. Лекин мен тилхатни бермадим. Тилхатни шундай жойга яширганман, ўзимдан бошқа одам сира ҳам тополмайди. «Аввал Сайёрага янги кўчмас мулк олиб бер» дедим. Соат етти бўлиб қолгандир. Мен тўйга бораман. Соат ўн иккисиз келмайман. Эшик-дарвозаларни маҳкамлаб ўтир. Ақлли қиз бўлу Мирсафони эсингдан чиқар. Ўзингга муносиби топилиб қолар. (Чиқади.)
Сайёра (онаси орқасидан). Балки... (ўрнидан туриб, стол қошига боради, овқатлана бошлайди.)
Ялт-юлт кийинган Даврон оғир халтани кўтариб, юки оғирлигидан бир томонга қийшайганича кириб келади.
Сайёра (халтага ишора қилиб). Энди кераги бўлмай қолди.
Даврон. Ундай бўлса, мен кета қолай.
Сайёра. Ке, мен билан бирга овқатлан.
Даврон (Сайёранинг ёнига келиб ўтиради). Қорним тўқ. Лекин сув ичишим мумкин.
Сайёра (Давронга шишадан сув қуйиб беради). Бўш пайтларингда нима билан шуғулланасан?
Даврон. Каратэ билан.
Сайёра (атайин). Сен-а!
Даврон. Ҳа. Кучлиман ҳам, кўринишимга қараганда анча кучлиман.
Сайёра (атайин). Сен-а! Сен кучлимисан?
Даврон. Мана сенга исботи. (Сайёрани даст кўтариб, ичкарига олиб кириб кетади.)
Сайёра (Давроннинг ҳуснбузарларини силаганича). Вой, сен нима қиляпсан, мени ерга тушир...

Тўртинчи Кўриниш

Давронларнинг ҳовлиси. Қарши томонда данғиллама иморат. Узун ва катта айвонда Аброр ва Лазокат. Лазокат қизил духоба сирилган креслода ялпайиб ўтирибди, эгнида кимхоб халат, бошида шоҳи рўмол, ироқи поча тутилган яшил лозимда. Унинг оёқлари остида – гилам тўшалган полда чўккалаганча жиккаккина Аброр хотинининг семиз-семиз оёқларини лозими устидан силаб, уқалаб ўтирибди. Даврон ичкаридан чиқиб келади. Уни кўрибоқ Аброр Лазокатнинг оёқларини уқалашдан тўхтайди.
Даврон. Дада, сизга раҳмим келади, аҳволингизга бир қаранг.
Аброр Лазокатга маъноли қарайди.
Лазокат. Ўғил деган отага ҳам шундай дейдими, ярамас?
Даврон. Шу аҳволига бир қаранг.
Аброр. Менга нима қипти?
Лазокат (эрига). Сиз бир гапдан қолинг, бола билан тенг келиб бўлармиди.
Аброр. Ойиси, ўғлимиз тушмагур яна наша чекканга ўхшайди, бу валдирашлари ўшанинг касофати.
Даврон. Дада?!
Аброр индамайди. .
... Дада деяпман!
Аброр яна индамайди.
Аброр. Ҳа, нима дейсан, оқпадар!
Даврон. Мен оқпадар эмасман, мен бепадарман... Эшитдим, билиб қолдим. Мен асранди эканман!
Лазокат. Ҳаддингдан ошма, бола.
Даврон. Ойи, сиз (дадасини кўрсатиб) бу одамни эр деб билмайсиз, билмагансиз ҳам. Бир малай, бир хизматкор, бир мардикор деб ҳисоблаб келасиз, эшак ўрнида устига чиқиб минасиз, мана ҳозир ҳам...

Аброр. Cенга худо бас келмаса, бандаси бас келолмайди. Э худо, ўзинг инсоф бер.

Даврон. Мен сизларга ҳавас қилмайман, гарчи бой-бадавлат бўлсаларинг ҳам. Ҳой, ойи! Ойи деяпман, сизга!
Лазокат (пинагини бузмайди). Гапиравер, қулоғим сенда.
Даврон. Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, бу одамни эр қилиб, бу дунёдан бефарзанд ўтиб кетмасдим.
Лазокат. Сен борсан-ку, ўғлим.
Даврон. Нима қиласиз, ўзингизни беҳуда алдаб, овутиб, мен асрандиман, барибир сизларга қоним қўшилмайди, чунки қоним етти ёт бегона. Сиз ақлли хотин бўлсангиз... Ёлғиз менга қараб қолмасдингиз. Бошқа оила қуриб, бир неча ўғил-қизнинг онаси бўлиб ўтирардингиз.
Лазокат. Ҳаддингдан ошма, баттол.
Аброр (хотинини юпатиб). Асабланманг ойиси, юрагингиз чатоқ-ку. Ўғлимизнинг жини ўзи келиб қолибди, оғир бўлишдан бошқа чорамиз йўқ, чидашга мажбурмиз, сассиқ экан деб бурунни кесиб ташламайдилар-ку. Бу гаплар ўзининг гаплари эмас, нашанинг хуружлари. Қолаверса, бегона эмас, ўз ўғлимиз гапиряпти-да.
Даврон. Бўлмаган гап. Мен асрандиман. Мана энди бунга тўлиқ ишониб етдим.
Аброр. Сен ўғлимизсан, ўғлим. Қолаверса, ойинг билан менинг муҳаббатимиз жуда кучли, қаттиқ ҳурмат қиламиз бир-биримизни. Шунинг учун ҳам ёлғиз сен билан чекланиб келяпмиз.
Даврон. Шуми сизга ҳурмат, ҳар куни оёқларини уқалайсиз.
Аброр. Мен врачман, онанг соғлиғи учун оёғини уқалаб туриш жуда зарур.
Даврон. Бу бир баҳона... Агар айб сизда бўлмаса, Асал бувим, амакиларим сизни бу туғмас хотин билан яшатиб қўймасди, ҳа, шундай.
Аброр (нимчорак овозда). Войдод, войдод, э худо, қандай маломатларга қолдирдинг. (Ерга мук тушганича, кичик-кичик муштлари билан бошига муштлай бошлайди).
Лазокат. Бўлди қилинг, бу жинни-ку, жиннининг гапига қулоқ солиб, кап-катта одам тентаклик қилманг.
Даврон. Кўраяпсизми, дада, бу гумбаз, тепса тебранмас, бу аёл жонининг ҳузурини билади-да, шунинг учун хўппоздай семиз, ҳаммаёғини жир битиб кетган.
Лазокат. Войдод, войдод, қўясанми-қўймайсанми, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку. (Икки сонига уриб, йиғлаб айюҳаннос солади). Э, худо, бу кунимдан кўра жонимни олсанг бўлмайдими?!
Даврон. Мазза! Сизларга озор берсам, мен мазза қиламан, роҳатланаман. Чунки сизлар мени бахтсиз қилиб қўйгансизлар. Чунки сизлар мени асраб олмасангизлар, агар ота-онам тайин кишилар бўлса, оддий турмуш кечирсам-да, улар бағрида униб-ўсардим, ўз ота-онам тарбиясида бетаъна, беғараз ўсардим. Ёки бўлмаса, ташландиқ бўлсам, гўдаклигимдаёқ ўлиб кетардим ёки бўлмаса, шунга қараб шаклланардим, кўрпамга қараб оёқ узатардим. Лекин сизлар менинг бахтсизлигим, қалбим нотинчлиги эвазига ўз бахтингизни қургансизлар, яъни ота-онам бўлиб олгансизлар. Лекин бу сохта ном. Киши ўзи туғмагунча ҳақиқий она, ўзи туғдирмагунча ҳиқиқий ота бўлолмайди, бошқаси пуч. Сизларнинг оилангиз пуч, чунки ёлғонга қурилган.
Аброр. Ойиси, бу – ўғлимизнинг гапимас, шайтоннинг васвасалари.
Даврон. Э, худо, кўраяпсанми, яна ёлғон гапираяпти, бефарзандлигини тан олишни истамаяпти.
Лазокат. Бўлди, бас қил!
Даврон. Бас қилмайман.
Аброр. Нима, бизларни ўлдириб қутулмоқчимисан?
Лазокат. Хўш, нима қилсак, сен тинчийсан?
Даврон. Ўз ота-онам кимлигини айтасизлар, бориб кўраман, кимлигини биламан, кейин сизларга ҳақиқий, маънавий фарзанд бўламан. Балки отам кимлигини энди билиб бўлмас. Лекин туққан онам бўлиши керак. Кимдир тўққиз ой қорнида кўтариб юрмаса, вақти-соати келгач, туғмаса, мен дунёга келмасдим-ку. Ўша кимдирни мен билишим, гаплашишим керак, агар ўлган бўлса, қабрини зиёрат қилишим керак. Шундан кейингина тинчийман.
Лазокат. Дадаси, ўғлимизнинг миясига бир шубҳа ўрнашиб қолибди. Бир ўқитиб ташлаш керакка ўхшайди катта домлаларга.
Аброр. Буям керак. Лекин ўғлимиз ўн саккиздан ошди, уйлантириш керак. Давоси шу.
Лазокат. Қанийди.
Аброр. Бу ҳақда маҳалла катталарига оғиз очган эдим, жуда маъқуллашди. Маслаҳатлашгани ҳали замон кириб келишса ажабмас.
Даврон. Маҳалланинг еб тўймас, довдир-совдирлари нима қилади бу ерда?
Аброр. Яхши-яхши одамларнинг қизларини келинликка далолат қилишади, кейин амма-холаларинг совчи бўлиб боришади, энг маъқулини танлашади, сен учрашувларга чиқасан, кимни ёқтирсанг, ўша билан унашамиз. Агар келин томон ҳадеганда рози бўлавермаса, казо-казо одамларни ўртага қўямиз, улар кафолат беради, кўндиради. Тўйимиз юришиб кетади.
Даврон. Мен учун бировлар ўртага тушмасин. Ўзимга тегишли масалани ўзим ҳал қиламан.
Лазокат. Лекин уйланишда обрўли, катта-катта одамлар ўртага тушмаса, кафолат бермаса, ҳеч ким сенга қизини бермайди, ҳа, буёғи ўзбекчилик.
Даврон. Ўзим топаман.
Лазокат. Қанийди! Ўзинг топ, биз рози.
Даврон. Мен ҳозир уйланмайман.
Лазокат. Нега?
Даврон. Аввал ўқишим битсин.
Лазокат. Яна тўрт йил кутолмаймиз, замон нотинч, қалқиб турибди, нарх-наволар кун сайин ўзгармоқда, эртага нима бўлади, билмаймиз. Сен учун, сенинг тўйинг учун йиққан нарсаларимиз, маблағимиз қадр-қимматини йўқотмай туриб, сени уйлантириб олайлик. Ўқишинг эса бўлаверади. Уйда сени кутиб ўтирган хотининг бўлгач, уйга шошиласан, ярим кечагача изғиб юришларинг барҳам топади, дарс қилишга шароит ошади. Қолаверса, энди мен уй юмушларига чарчаб қоляпман, ўғлим.
Аброр. Ўғлим, онангни ҳам ўйла, унга ёрдамчи керак.
Даврон. Сенларга келин эмас, хизматкор керак, оёқ уқаловчи керак. Битта уйда битта уқаловчи бўлса етади.
Лазокат. Йўқ, ўғлим, келиним фақат сенга қарайди. Мен келинимни бошимга қўяман. Ясантириб, безантириб, олдимга солиб қариндошларимникига олиб бораман, улар келингинамга қимматбаҳо кўрманалар беришади.
Аброр. Илоё, ўша кунларга тезроқ етайлик. (Фотиҳа ўқийди).
Лазокат. Келинни ўзимиз топамиз. Албатта, ўзинг ҳам кўрасан.
Даврон. Менга ёқмаса-чи?
Аброр. Бири ёқмаса, бошқаси ёқади.
Лазокат. Сиз аралашмай туринг...
Даврон. Ўзим ёқтирганим бор.
Аброр (севинчдан қарсак чалиб юборади). Урра-ей!
Лазокат. Вой онагинанг сендан ўргилсин, тилингга шакар, тилингга асал. Сен кимни маъқул кўрсанг, ўшангга уйлантирмаган номард.
Аброр. Ойиси, сиз учун ҳам яхши. Мушкулингиз осон бўлибди, қиз қидириб кўчама-кўча санғиб юришдан қутулибсиз. Хўш, кимнинг қизи у? Отаси ким?
Лазокат. Онаси ким?
Даврон. Билмадим.
Лазокат. Ҳечқиси йўқ. Сен билмасанг, ўзимиз билволамиз. Хўш, ўқийдими, ишлайдими?!
Даврон. Ишлайди.
Аброр. Истаса, ўзимиз ўқитиб олаверамиз. Ёшгинами?
Даврон. Сизга нима? Уйланадиган мен-ку!
Аброр. Бир сўрадим қўйдим-да. Узр.
Лазокат. Сиз аралашмай тура қолинг, дадаси. Бу сафар ўғлимизнинг одамлари кўпроқ сизни ёмон кўрсатиб келганга ўхшайди...
Даврон. Ёшини билишни истасангиз, гап шуки, у мендан икки ёш катта.
Аброр. А?
Лазокат. Ҳовлиқмай кетинг-ей... Ўзидан каттага уйланиш Муҳаммад пайғамбаримиз ҳазратларидан суннат. Мен рози.
Аброр (шошилиб). Мен ҳам рози.
Даврон. Сизлар рози бўлсангиз ҳам, рози бўлмасангиз ҳам менинг айтганим бўлади.
Лазокат. Жуда тўғри. Албатта, сенинг айтганинг бўлади.
Даврон. Ундан кейин у қиз бола эмас, жувон.
Аброр. А? Эрга тегиб чиққанми? Ёки эри ўлиб ёш бева қолганми?
Даврон. У эрга тегмай туриб... шунақа бўлиб қолган экан.
Аброр яна гапирмоқчи бўлганида Лазокат эрининг оғзини тўсади.
Лазокат. Буниям ҳечқиси йўқ. У билан яшайдиган сен. Никоҳ ўқитганидан кейин хаппиҳалол бўлиб кетади. Қолаверса, ҳазрат Муҳаммад пайғамбаримиз ҳам дастлаб жувон хотин бўлмиш ҳазрати Хадича онамизга уйланганлар.
Аброр. Кўраяпсанми, ўғлим, онанг ҳажга бориб ҳам табаррук бўлиб, ҳам диний билимини ошириб, Ҳожиона бўлиб қайтди. Уни ҳурмат қилсак, савоб бўлади.
Лазокат. Севганинг манзилини айт, ўғлим, мен ҳозироқ совчи бўлиб борай.
Даврон. Сайёра ҳозир эрга тегмоқчи эмас.
Аброр (ҳовлиқиб). Оти Сайёрами! Исми чиройли экан, ўзиям чиройли бўлса керак.
Даврон (ойисига). Сайёранинг идеаллари, яъни орзулари кўп экан. Аввал ўша орзуларига эришмоқчи, булардан бири оламга машҳур бўлмоқчи. Ана ундан кейин, менгами, бошқасигами расман эрга тегмоқчи. Ҳозирча эса мен таклиф қилсам бўш пайтларида бу уйимизга келиб, дала ҳовлимизга ҳам бориб, ётиб кетаверади. Мен ҳам уникига бориб келавераман. Орамизда тўла эркинлик. Сайёра жуда замонавий аёл.
Лазокат. Биз-ку сиз ёшларни тушунамиз, ўғлим. Лекин биз ўзбекмиз, мусулмонмиз, мусулмонобод маҳаллада турамиз, буёғи ўзбекчилик. Агар сен ўйлагандек бўладиган бўлса, эл-юрт маломатига қоламиз-ку, ўғлим.
Даврон. Бунинг мен учун аҳамияти йўқ.
Лазокат. Ахир, одам якка яшамайди, атрофдагиларнинг раъйига қарашга мажбур.
Даврон. Ундай бўлса, мен Сайёраларникига мутлақо бош олиб кетаман.
Лазокат. Ҳай, ҳай, бундай хаёлни миянгдан бутунлай чиқариб ташла. Сендан бошқа бизнинг кимимиз бор, ўғлим.
Аброр. Шуни айтинг, ойиси.
Лазокат. Жим туринг-ей...
Аброр. Узр. (Бўйнини хам қилади).
Лазокат. Ўғлим, агар сен уйдан кетиб қолсанг, мен гўристонга равона бўламан, бу ерда мен сенсиз туролмайман, сенсиз бу ер мени ютади. Биргина сенга қараб қолганман, ўғлим.
Даврон. Ойи, менинг таклифимни бир ўйлаб кўринг. Агар Сайёранинг келиб-кетиб туришига рози бўлмасангиз, мен уникига батамом кетаман. Сизларга бир соат муҳлат. Сизларнинг асосий хатоларингиз шундаки, менинг асранди бола эканимни мендан яширмай, менга тарбия беришингиз керак эди, шунда ҳақиқий маънавий ўғлингиз бўлиб етишардим. Ёлғон аралашдими, тарбия тамом. (Ичкари хонага кириб кетади).
Меливой билан Мирсафо кириб келишади.
Меливой. Мулла Аброр, шу ердамилар, иним! Қочадиган одам йўқми?
Мирсафо. Қочадиган одам қоптими ҳозир.
Меливой (Мирсафога). Бир айтдим-қўйдим-да.
Аброр. Келинглар, келинглар! Ассалому алайкум!
Лазокат. Ие, ие, Мирсафомилар! (Эрига). Бизлар эски ҳамкасабалармиз. (Мирсафо ва Меливойга). Хуш келибсизлар. Ассалому алайкум.
Ҳаммалари қўл олишиб кўришадилар.
Меливой. Ваалайкум ассалом! Яхши ўтирибсизларми?
Мирсафо. Ваалайкум ассалом! Тўй дарагини эшитиб келавердик.
Лазокат. Жуда яхши қилибсиз, марҳамат қилинглар. (Стол атрофига таклиф қилиб, ўзи бўш чойнакни олиб, ўчоқбоши томонга кетади).
Аброр, Мирсафо ва Меливой стол атрофига ўтиришади.
Меливой (фотиҳага қўл очиб). Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм! Қадам етди, бало етмасин, ўтирган ўрнимиз баланд бўлсин, Аллоҳ таоло ҳаммамизни ўз паноҳида асрасин, икки дунёмиз обод бўлсин, Яратган эгамнинг ўзи ҳамиша ёрлақасин, ўт балоси, сув балоси, кўринар-кўринмас балолардан, қуруқ туҳматлардан, ногоҳоний фалокатлардан асрасин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ўзи кечирсин, шу хонадонда тўй устига тўйлар бўлаверсин, омин Аллоҳи акбар!
Фотиҳа ўқийдилар. Бу орада Лазокат чойнак олиб келиб, фотиҳага қўшилади, кейин меҳмонларга чой қуйиб беради.
Мирсафо (чойдан хўплаб, уёқ-буёққа боқиб). Зап тўй қиладиган ҳовли бўлибдими! Камида минг киши сиғса керак.
Лазокат. Бир минг икки юз киши ҳам сиғса керак. Иморатсиз ўн икки сотих бор-да ҳовлимизнинг сатҳи.
Меливой. Маҳалламизда бой-бадавлат кишилар қанча кўпайса, шунча яхши, қўни-қўшниларга нафи тегади. Мирсафо Довудбоевларнинг ҳовлиларини сотиб олди.
Лазокат. Учала ҳовлини ҳамми?
Мирсафо. Учаласини ҳам олдик. Лекин ери учун олдим. Иморатларининг путури жуда кетиб қолган. Ҳаммаёғини шиптир босиб кетган. Бульдозер билан сурдириб ташлайман.
Меливой. Локин анча-мунча пишиқ Қишт чиқади.
Мирсафо. Пишиқ ғиштни ажратиб ўтиришга вақт қаёқда. Иморатни уч қаватли қилиб қурдираман, юз кунда пардоздан ҳам чиқариб, ичига кўчиб кираман. (Лазокатга.) Ҳозир катта, чиройли ҳовлиларга кириб, ўзимча лойиҳа тузиб юрибман.
Аброр. Бизнинг ҳовлимиз, иморатимиз қалай, ёқдими сизга?
Мирсафо. Чаккимас. Ўрнак олса бўладиган жойлари бор экан. (Меливойга.) Хўш, энди қайтамизми?
Меливой. Ахир, тўй маслаҳатига кирдик-ку.
Мирсафо. Ҳа, айтгандай шундай-а, сал қолса эсдан чиқай дебди.
Меливой. Хўш, сизларни мен биламан. Бутун эл-юрт ҳам билади. Бир томондан кимсан Юнусовлар бўласиз, иккинчи томондан эса Мансуровлар бўласизлар. Таги-тахтли, зоти тоза одамларсиз. Орзу-ҳавасга жуда ўч кишиларсиз. Ўғилли бўлганингдан буёққа орзу-ҳавас кўриш ниятидасан. Шу ниятингни дилингга тугиб келяпсан, тўғрими Аброржон?
Лазокат (эри учун жавоб беради). Тўппа-тўғри.
Меливой. Ўамкасабаларинг, оғайниларинг, қолаверса, маҳалла-кўй олдида қарздорсан ҳам. Эл-юртнинг сенга ўтказиб қўйгани бор. Кунда, кун ора маҳаллага наҳорги ошга чиқиб турасан.
Лазокат (эри учун жавоб беради). Тўппа-тўғри.
Меливой. Обрўйинг катта.
Лазокат (эри учун жавоб беради). Жудаям катта.
Меливой. Тағин шунча йиллик обрўйинг келиб-келиб ўғлинг балоғатга етганида бир пул бўлиб қолмасин, дейман.
Лазокат (эри учун жавоб беради). Худо кўрсатмасин. Обрўйимиз ўғлимиз туфайли янада ортиши керак.
Мирсафо. Шунинг учун ўғил-қиз ўстиради-да. (Айвоннинг у бошидан бу бошига бориб, ҳовлини кузатади, ўзича режалар тузади).
Меливой (Лазокатга). Бунинг учун зўр жойга қуда бўлиб, тарақлатиб тўй қилиш керак. Душманлар куйиб кул бўлсин, дўстлар қувониб яйрасин.
Лазокат. Бизниям ниятимиз шундай. Лекин...
Меливой. Нима лекин?
Лазокат эрига «Сиз гапиринг» дея буйруқ қилади.
Аброр. Ўғлимнинг ўз топгани бормиш. Лекин топгани бизга ёқмай турибди.
Меливой. Ўғлинг бекорларни айтибди, хом ўйлабди. Менинг «Ибрат» маҳалламда ота-онасига ёқмаган қизга уйланишини хаёлига келтирган йигит бўлмаслиги, бўлса, яшамаслиги, маҳаллани бўшатиб қўйиши керак. Қирқ йиллик ҳаётий тажрибам шуни кўрсатдики, ўзи топиб уйланганларнинг ўндан тўққизтаси ўз турмушидан рози эмас, айниқса, ёши элликдан ошгач, турмушдан нолигани-нолиган, эри хотинини ёмонлайди, хотини эса эрини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ, агар уларни уй-жой, бола-чақа, ўғил-қиз, қуда-андалари, хуллас, эл-юртнинг маломатига қолиш андишаси ушлаб турмаганида, бир кун ҳам бирга яшамасдилар. Шунинг учун келин, куёвни ёшлар эмас, турмуш қурадиганлар эмас, турмушни қуриб, оилани яратиб берадиган ота-оналар топишлари керак.
Мирсафо. Ҳа, онангни... Шунақа аблаҳлар қўлимга тушсами, чатаноғини мана шундай қилиб, икки томонга йиртиб ташлардим. Гулдек қиз болаларни уларнинг келажагини ўйлаб ўтирмай бузиб қўювчиларни отиб ташлаш керак. Менга қолса, шундай қонун чиқарардим.
Меливой. Аброр, иним, ўғлингга яхши тарбия беролмаганга ўхшайсан.
Аброр. Нега, нега бундай дейсиз, Меливой ака?
Меливой. Ахир, унга ўзбекча тарбия беролмабсан-да. Биров заха қилиб ташлаган салқитга кўнгли чопган йигитни ўзбек йигити деёлмайман.
Мирсафо. Мен ҳам шундай фикрдаман. Йигитлик ғурури борми ўзи ўғлингизда!
Аброр. Бу замоннинг боласи-да.
Меливой. Ҳай, ҳай, Аброр, замонамизга тил тегиза кўрма. Замонда нима айб. Ҳамма айб ўғлингга тўғри тарбия беролмаган ўзингизда. Дидини паст қилиб, қиз бола билан жувон хотиннинг фарқига боролмайдиган қилиб ўстириб қўйибсан-ку. Хайф сенга, иним.
Мирсафо. Мен уйланмаган йигит бўлсам, икки дунёда ҳам, бошимдан зар сочганда ҳам, катта амал ваъда қилганида ҳам жувон хотинга уйланмаган бўлардим. Бир йигит умрида ҳеч бўлмаса бир марта қизга уйланиб, йигитлигини исботлаши керак.
Меливой. Аброр, гап фақат сенинг ўғлингда эмас. Биз юрт катталари халқимиз келажагини ўйлашимиз керак. Бугун сенинг ўғлинг жувонга уйланса, қиз билан жувоннинг фарқига бормаса, эртага, худо кўрсатмасин, менинг неварам шу йўлдан борса. Индинга Мирсафонинг укаси, худо кўрсатмасин шу йўлни тутса. У ҳолда бора-бора қизлардан иффат талаб қилинмай қўйилади. Ўйлаб кўр, қандай даҳшат-а. Ўзбекни ўзбек қилиб турган, йигитларимизни йигит, қизларимизни бокира қилиб турган, қўйди-чиқдини камайтириб турган яхши одатимизга путур етади-ку, ахир. Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Аброржон, иним, агар сен ўғлингни жувон хотинга уйлантирадиган бўлсанг, тўйингга аралашадиган одам йўқ. Бор, қаёққа борсанг, боравер, ҳовлингни сотиб, «Ибрат» маҳалласидан кўчиб кет.
Мирсафо. Мен бехабар қолмай, ҳовлингизни ўзим сотиб оламан.
Лазокат. Меливой ака, келинимизнинг жувонлигини ким билиб ўтирибди, ўғлимиз талаб қилганидан кейин, ёпиқлик қозонни очмай тўй қилаверсак-чи? Хўш?
Меливой. Аввало, мен билиб туриб, бундай номаъқулчиликка розилик беролмайман, виждонимга қарши боролмайман, халқнинг энг муқаддас қадриятини, анъанасини оёқости қилолмайман. Қирқ йиллик маҳалла раислигим, эл-юртнинг менга ишончини топтаган бўламан. Иккинчидан, ўзларингнинг ҳам хабарларинг бордир, келин билан куёвнинг қўшилиш кечасида маҳалла хотин-қизлар кенгашининг вакиласи ҳам келин янга, куёв янга қаторида маҳалла янгаси сифатида гувоҳ бўлиб қатнашади. Бизнинг «Ибрат»да ўттиз йилдан бери шундай тартиб жорий қилинган. Ҳа, шунинг учун ҳам, бизнинг маҳаллага дуч келган одам қизини узатавермайди, охирини ўйлаб, эл-юрт олдида шарманда бўлмаслигига кўзи етса, қиз беради. Биз ҳам дуч келган жойдан қиз олмаймиз. «Ибрат» – энг аввало поклик-софликда ибрат!
Мирсафо. Нақадар гўзал одат-а! Шундай маҳалладан ҳовли қилаётганимдан бахтиёрман. Меливой ака, менга жой олишни далолат қилганингиз учун ўла-ўлгунимча сиздан миннатдорман.
Меливой. Ўзбекчилик ривожига ривож қўшсангиз бўлгани.
Мирсафо. Албатта, албатта! Уйим битгач, «Ибрат»да жоме масжид қурилишини бошлатиб юбораман, масжид қошида никоҳхона ҳам бўлади.
Меливой. Иншооллоҳ!
Лазокат эрига «ҳа, гапиринг» ишорасини қилади.
Аброр. Нима қилайки, ёлғиз ўғлим, ўта қайсар. Гапига унашга мажбурман, Меливой ака.
Меливой. Йўқ, ўғлингни бемаза ниятидан қайтар.
Аброр. Қайтаролмайман. Юрагидан урибди, шекилли.
Меливой. Юрагидан урган ўғилнинг қулоқ чаккасига тортиб-тортиб юбориш керак. Ана ўшанда ўкили жойига тушиб, мулла минган эшшакдек юввош тортиб қолади.
Лазокат. Бирор йўли бормикин?
Меливой (ўйланиб тургач). Чамаси бир йўли борга ўхшайди. Ўғлингни буёққа чақир.
Аброр (ён томонга қараб). Давронжон, ўғлим, бу ёққа чиқ!
Аввало эстрада қўшиғи эшитилади, кейин жажжи япон магнитофонини кўтариб, Даврон чиқиб келади.
Даврон (магнитофондаги қўшиқни ўчириб, суҳбатни лентага ёзиб олишга созлайди, буни ўтирганлар сезмайди). Ассалому алайкум.
Меливой. Ваалайкум ассалом... Давронжон, бу Мирсафо аканг бўлади, маҳалламизга кўчиб келаяптилар.
Даврон. Яхши.
Меливой. Давронжон, ўғлим, даданг Аброржоннинг, онанг Лазокатбонунинг, амакиларинг, тоғаларинг, бутун Юнусовлару Мансуровларнинг ҳурмати, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган бир йўлини топдим. Юрт устида юравергач, кўзинг пишиб, ақлинг пешланиб, тажрибанг ошиб, корафта бўлиб, тадбиркор бўлиб кетар экансан, киши.
Аброр. Қирқ йил маҳаллага раислик қилибсиз-у, сиз корафта бўлмай ким корафта бўлсин. Ўз соҳасининг академиги деса ҳам бўлади сизни.
Меливой. «Маҳалла» жамғармаси ўз халқ академиясини тузмоқчи деб эшитдим. Тузилса, мени биринчилар қатори академик қилиб сайлашса ажаб эмас.
Аброр. Иншооллоҳ!
Меливой. Давронжон, ўғлим, менга бир фикр келди: сени аввал моҳипора, онаси ҳам ўпмаган бир қизга уйлантирамиз.
Даврон. Мен Сайёрадан бошқаси билан яшамайман.
Мирсафо. А, оти Сайёрами?..
Меливой. Давронжон, сен шошилмай гапимни охиригача эшит. Кейин шунга қараб иш тут. Фақат номига уйланасан, фақат бир кечагина келин билан бирга бўласан.
Мирсафо (ўзича). Бир кеча...
Даврон. Хўш, ундан кейин?
Меливой. Авваламбор, катта тўй қилиб, ота-онангнинг орзу-ҳаваси ушалади, қолаверса, «Ибрат» маҳалласининг шаънига доғ тушмайди, маҳалла янгасининг имтиҳонидан ҳам ўтасан.
Даврон. Булар мени заррача қизиқтирмайди. (Кетмоқчи бўлади).
Меливой. Шошма. Гапимни охиригача эшит. Тўйдан кейин, орадан икки-уч ой ўтгач, биз уйлантирган хотинингнинг жавобини берасан. Сўраганларга муросаси келишмади, деб қўя қоламиз. Кейин севганинг билан топишасан.
Аброр. Мана шуни масалани радикал ҳал этиш деса бўлади, яшанг, Меливой ака.
Даврон (Меливойга). Амаки, мени кимнинг қизига уйлантирмоқчисиз?
Меливой. БуёҚини менга қўйиб беравер...
Даврон. Олиб берган хотинингиз ажрашмайман деб туриб олса-чи.
Меливой. Нега ажрашмас экан, ҳар ким севган ошини ичади. Сенга диёнатли, жанжалдан етти чақирим йироқ юрадиган, ишонувчан, тақдирга тан бериб, ҳамма-ҳаммасини Аллоҳдан деб биладиган содда одамнинг соддагина қизини топамиз.
Мирсафо. Ҳозирги замонда шундай одамнинг ўшандай қизи топилармикин!
Меливой. Юртчилик. Топилади. Кейин қарсиллатиб гижбадабанг тўй қиламиз. Даданг эл-юртга наҳорга ош беради, азиз меҳмонларга тўн кийдиради. Чайкаю Лимузинларга тушиб, йигирма-ўттизта машина бўлиб, ЗАГСга борасизлар, кечқурун «Наврўз»да никоҳ базми, тонготар ўйин-кулги, пул қистир-қистир бўлади...
Аброр. Артист зотининг тўйга юрадиганини ҳам, тўйга юрмай¬диганини ҳам таклиф қиламиз, устларидан пуллар сочамиз, доллар қистирамиз.
Меливой. Шундай қилсанг арзийди, ахир дунёга келиб биринчи қилаётган тўйинг. (Давронга). Ота-онанг сенинг тўйинг баҳона эл-юрт қарзини узиши керак, акс ҳолда қиёмат қарзи бўлиб гарданида қолади. Тўйларда ўтиб қолган қарзни фақат тўй орқали узиш мумкин, бошқа йўли йўқ. Масаланинг бу томонини ҳам ўйла-да, ўғлим. Агар бошқа ака-укаларинг бўлганида, сени бу борада эркин қўйишим мумкин эди. Афсуски, сен ёлғизсан.
Даврон. Барибир мен Сайёранинг олдидан ўтишим керак, кейин шунга қараб сизларга жавоб қиламан.
Меливой. Албатта ўтасан.
Даврон. Олиб берадиган хотинингиз судда ажрашмайман деб туриб олса-чи?
Меливой. Кўплаб суд мажлисларини кўрганман. Энг қулай, энг оммабоп ажрашиш усули шуки, судда «Хотинимга кўнглим йўқ» дейсан, «Оғзидан сассиқ ҳид келади», «Қўлтиқлари терлайди» десанг, олам гулистон. Керак бўлиб қолса, ойингга шундай топшириқ бераманки, у шундай қайноналик қилсинки, келиннинг ўзи безор бўлиб, ўзи талоқ қилишингни талаб қилади. Ўа, сен тўйга рози бўлсанг бўлгани, қолганини менга қўйиб беравер, ўғлим. Одамлар қурби етса, жойи бўлса, емишига чидаса, уйида от сақлайди, сигир соғиб сутини ичади, қўй боқиб кўпайтиради. Аброржон, Лазокатбону, ўйлайманки, битта келинни икки-уч ой сақлай оларсизлар. Келинчак дегани беминнат хизматкор, текин чўри дегани-ку. Сен, Давронжон, уйлангач, янада эркин бўласан, ота-онанг ҳадеб ички ишларингга аралашавермайди, кўп тергашга ҳаққи ҳам қолмайди, чунки хотининг бор, мустақил шахссан. Мазза қилиб айшингни суриб юраверасан.
Даврон. Сайёра...
Меливой. Яна Сайёра дейсан-а! Сайёранг ҳозирча запасда тура туради.
Аброр (чапак чалиб юборади). Яшанг, Меливой ака! Чиндан ҳам тадбиркор бўлиб кетибсиз. Бор, ўғлим, уйдан икки тўн олиб чиқ.
Даврон магнитофонни кўтарганича ичкарига кириб кетади.
Лазокат. Энди кимга қуда бўламиз?
Меливой. Мен бугун тунда тўй дафтарини кўрай-чи, эртага телефонда айтаман.
Мирсафо (Аброрга пул беради). Бу мендан сизга тўёна. Икки юз эллик доллар. Миқдорини айтганим учун ажабланманг. Одатим шуки, пул берганимда қанчалигини айтаман, пул олганимда албатта ўша заҳотиёқ санаб кўраман.
Даврон иккита тўн кўтариб айвонга чиқади.
Лазокат. Асл тижоратчи шундай бўлади-да.
Аброр. Бу хамир учидан патир. (Битта тўнни Меливойга, иккинчисини Мирсафога кийгизади).
Меливой. Ишимизни Аллоҳнинг ўзи ўнгласин. Омин, Аллоҳу акбар!
Ҳамма фотиҳа ўқийди.

Бешинчи Кўриниш

Манзуранинг квартираси. Биринчи кўринишдаги манзара. Зал. Манзура, Сайёра, Даврон диван ва креслоларда ҳордиқ чиқариб ўтиришибди. Даврон гапини тугатаётганида парда очилади, унинг қўлида ўша кунги магнитофон.
Даврон. ...Уйимда бўлган гап шу. Биласизлар, мен ёлғон гапирмайман. Гапимнинг исботи учун, мана, магнитофон қўйиб бераман, эшитинглар.
Манзура. Шартмас... Сенга ишонамиз, ўғлим. Шу, рост гапирганинг учун ҳам менга ёқиб қолдинг. Бўлмаса, бу уйга қадамингни бостирмасдим.
Сайёра. Ойи, Даврон магнитофонни қўяверсин, менга қизиғ-да...
Манзура. Ўа, майли.
Даврон магнитофонни қўяди.
Меливойнинг овози... Давронжон, ўғлим, менга бир фикр келди: сени аввал моҳипора, ойиси ҳам ўпмаган бир қизга уйлантирамиз.
Давроннинг овози. Мен Сайёрадан бошқаси билан яшамайман.
Манзура. Яшавор ўғлим! (Сайёрага). Мардлик мана бундай бўлибди!
Мирсафонинг овози. А, оти Сайёрами?
Манзура. Билиб туриб сўрайди-я, туллак.
Меливойнинг овози. Давронжон, сен шошилмай гапимни охиригача эшит. Кейин шунга қараб иш тут. Фақат номига уйланасан, келин билан фақат бир кечагина бирга бўласан.
Мирсафонинг овози. Бир кеча...
Давроннинг овози. Хўш, ундан кейин?
Меливойнинг овози. Шошма, гапимни охиригача эшит. Тўйдан кейин, орадан икки-уч ой ўтгач, биз уйлантирган хотинингни қўясан-у, севганинг билан топишасан.
Давроннинг овози. Барибир мен Сайёранинг олдидан ўтишим керак. У нима деса шу.
Даврон магнитофонни ўчиради.
Манзура. Ўғилгинамдан ўзим айланай. (Қизига). Сен Лайлию бу Мажнун.
Сайёра (Давронга, кесатиб). Бир кечалик куёв.
Манзура. Сайёра, Давронжон чиндан ҳам сенга садоқатли экан. Мен тўла ишонч ҳосил қилдим. Энг муҳими шу. Бунинг қадрига етишимиз керак. Айниқса сен. Давронжон, қизим сеники. (Ўз кўксига чапаниларча бир уради). Гап тамом... Сайёра, биз Давронжон билан машинасида бир жойга бориб келамиз. Давронжоннинг ҳайдаши менга ёқиб қолди, силлиқ ҳайдайди, одамни ортиқча уринтирмайди, қанча минсанг ҳам чарчамайсан, киши.
Сайёра. Яна бизнесми?
Манзура. Ҳа, қизим, яна бизнес. Эртага нима бўлади, ҳеч ким билмайди, ҳозир йўли очиқлигида ишлаб қолиш керак. Юра қол, Давронжон. (Чиқади)
Сайёра (Давронга). Ойимнинг шахсий шофёри бўлиб қоляпсан.
Даврон. Нима қилай?
Сайёра. Кейин айтаман. Ҳозир бора қол.
Даврон. Эшикни қулфлаб ўтир.
Сайёра. Ўзимни қулфлаб ўтираман... Рашкчи бўлма, мен рашкчиларни жуда ёмон кўраман.
Даврон. Жонинг қўлимда, буни билиб қўй, бир бошга бир ўлим. Яна шуниям яхшилаб билиб қўйки, бепадарлар узоқ яшамайди. Сен ҳам, мен ҳам.
Сайёра. Жиннилик қилма, ойим кутиб қолди, бора қол.
Даврон. Мен қайтиб келаман, ойинг балки бирор жойда тунагани қолар. (Магнитофонни кўтариб чиқади).
Сайёра (ўзича). Бошга битган бало бўлди-да, бу саплак. Орадан кўтариб ташлаш керак, бўлмаса менга тинчлик бермайди.
Башанг кийинган Мирсафо виқор билан кириб келади. Уни кўриб Сайёра ял-ял ёниб кетади, азбаройи севинганидан ирғишлаб, чапак чалиб юборади.
Сайёра. Мирсафо ака! (Югуриб бориб, Мирсафонинг бўйнига осилади, юз-кўзларидан, бўйниларию елкаларидан, кўкракларию қўлларидан эҳтирос билан ўпиб, ўпиб ташлайди, кейин кўксига бош қўйиб жим қолади).
Мирсафо аввалига ҳайкалдек қотиб туради, кейин Сайёранинг ҳарорати вужудига ўтиб, унинг сочларидан аста силайди .
Сайёра (эсига тушиб қолиб, Мирсафо қучоғидан шартта чиқиб, тисарилиб). Исмимни билмай қолибсиз?
Мирсафо. Нималар деяпсан? Тушунтириброқ айт.
Сайёра. Оти Сайёрами дебсиз.
Мирсафо. Ҳа, ҳа, эсимга тушди, бир эски қадрдоним билан ўша сенинг мишиқингникига кириб қолибмиз. (Сайёрани бағрига тортиб, белидан қучади). Шу дегин...
Сайёра (гапни бўлиб). Биринчидан, Даврон меники эмас. Ойимга мисоли бир хизматкор бўлиб юрибди.
Мирсафо. Сенинг илинжингда.
Сайёра. Тўғри... Иккинчидан, Даврон мишиқи эмас, каратэчи экан. Мени жуда ёқтириб қолган. Ўта рашкчи. Шу туришимизда кўрса иккимизни ҳам ўлдириб қўйиши мумкин.
Мирсафо (кулиб). Миллионер Мирсафо икки қўлини қовуштириб қараб тураверар экан-да. Унинг ҳимоя воситаси ҳам бор. Мана. (Қўйнидан револьвер олиб кўрсатади, кейин яна ёнига солиб қўяди). Сира қўрқма, жоним.
Сайёра. Барибир Давронни орадан олиб ташлаш керак.
Мирсафо. Буниям вақти келиб қолар...
Сайёра. Янги ҳовли сотиб олибсиз, менгами?
Мирсафо. Буниси биринчи хотинимга. Сенга ўрикзор томондан олиб бераман... Вей, менга қара, мишиқинг ҳамма гапни келиб сенга етказибди-да, зўр чақимчи чиқиб қолди-ку.
Сайёра. ўша суҳбатни магнитофонга ёзиб олган экан, опкелиб қўйиб берди.
Мирсафо. Мен шохида юрсам, у баргида юрадиган устаси фаранг, ишни пухта қиладиган экан, бўлди, бугундан бошлаб уни мишиқи демайман. Ўз йигитларим даврасига қўшсам арзир экан.
Сайёра. Унда мен даврангиздан чиқишим керак бўлади-ку.
Мирсафо. Масаланинг бундай нозик томони ҳам бор. Айтгандай, ўша суҳбат ёзилган лентани нега энди сенга қўйиб берди.
Сайёра. Менга садоқатли эканини бир кўрсатди-да. Умуман, уйида нимаики воқеа рўй берса, менга етказиб туради, унинг уйида, қариндош-уруғлариникида рўй бераётган ҳамма гаплардан ойим ҳам, мен ҳам тўла хабардормиз.
Мирсафо. Э, аттанг, бу одати чатоқ экан. Гап ташиган ­ йигит эмас, умуман одам ҳам эмас. Бояги гапимни қайтиб олдим. Ундай мишиқиларни хос йигитларим давраси уёқда турсин, ҳатто оддий ҳаммолликка ҳам олмайман. Сенга иккинчи топшириқ шуки, Даврондан ўша лентани ол, «садоқат рамзи сифатида менга эсдалик қилиб бер» дегин, хўпми?
Сайёра. Хўп (Мирсафонинг бўйнига осилади). Унинг ўзидан қачон қутуламиз, ҳадеб ҳалақит бераверади, ҳозир ҳам жоним ҳалак, ҳали келаман, деб кетган.
Мирсафо. Бундай нозик ишлар тадбир қўллаш билан бажарилади, жоним... Уни бошқа биронтасига уйлантириб қўймоқчимиз, бу ғоя мендан чиқди, маҳалла раиси Меливой эса ижрочи бир кимса, холос. Кўрдингми, тентаккинам, орқаваротдан иш битириб, сени ҳимоя қилиб юрибман. Энди тушундингми?
Сайёра. Энди тушуниб етдим, ўзим сиздан айланиб кетай. (Мирсафонинг бўйнидан қаттиқ қучоқлайди).
Мирсафо (Сайёрани ўзидан сал бўшатиб). Хўш, биринчи топшириғимни бажардингми?
Сайёра. Деярли ҳамма жойни қидириб кўрдим, ўша тилхат топилмади. Лекин ойимнинг ётоғидаги ҳаво йўли туйнугига бўйим етмади. Юринг, кириб бир уриниб кўрайлик-чи.
Мирсафо. Яхши, қани бошла.
Қўлтиқлашиб ўнг томонга юрадилар. Сайёра йўл-йўлакай бир қўли билан халати тугмаларини еча бошлайди.

Учинчи Парда

Олтинчи Кўриниш

Бурҳониддиннинг кўҳна ҳовлиси. Иморатлари шарқ услубида ва баланд қилиб қурилган. Олди панжарали ва узун-узун устунлари қовурқали. Сиртдан қараганда ҳовли манзараси янги қурилган ёки эндигина таъмирдан чиқарилган жоме масжидини эслатади.
Бурҳониддин тўғридаги айвонда қат-қат тўшалган кўрпачада давотга қўйилган Қуръони каримни тиловат қилиб ўтирибди. (Ижрочининг имкониятига қараб ўша сура ўқилади). Ёнидаги хонтахта усти ноз-неъматга тўла, чойнак ва пиёлалар бор. Чойнак пахтали духоба ёпқич билан ёпиб қўйилган.
Меливой билан Мирсафо киришади. Тиловатни эшитиб, юришдан тўхтаб, жим қолишади. Тиловат тугагач, фотиҳа ўқилади.
Мевливой. Ҳой, ким бор? Беизн киряпмиз, ишқилиб қочадиган одам йўқми?
Мирсафо. Ҳозир қочадиган одам қоптими?
Бурҳониддин (ўрнидан туради). Илгари қочадиган одамлар бор эди, ҳозир йўқ. Келаверинглар. (Меливой билан Мирсафони таниб.) Ие, ие, Меливой?! Мирсафо? (Меҳмонлар истиқболига пешвоз боради).
Меливой. Ассалому алайкум, Бурҳониддин ака!
Мирсафо. Ассалому алайкум.
Бурҳониддин. Ваалайкум ассалом. Хуш келибсизлар, эски қадрдонларим!..
Қучоқлашиб кўришадилар.
...Қани, буёққа чиқинглар, марҳамат.
Учови хонтахта атрофидан жой олишади.
Меливой. Омин, шу хонадонда яхши тўйлар бўлсин, Аллоҳу акбар!
Бурҳониддин (меҳмонларга чой қуйиб беради). Қани, дастурхонга марҳамат.
Меливой. Бурҳониддин ака, бизлар синашта одамлармиз. Шу сабабли дарҳол асосий мақсадга ўтавераман. Биз қулчиликка келдик, Бурҳониддин ака.
Бурҳониддин. Қизлик уй мисоли бир сарой. Шоҳ ҳам, гадо ҳам келаверади. Хуш келибсизлар. Сизлардек тайинли одамлар совчи бўлиб келганидан, ўртага тушганидан бошим кўкка етди. Ўйлайманки, яхши, таги-тахтли, зоти тоза йигитни далолат қиласизлар.
Меливой. Худди шундай. Куёв бўлмиш ота томонидан Юнусовлардан, она томондан эса Мансуровлардан.
Бурҳониддин. Бўлди, бас, ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ. Мен Юнусовларни ҳам, Мансуровларни ҳам кўпдан бери биламан. Ўшаларнинг ўғли ёки невараси бўлса, қизимни берганим бўлсин. Қолаверса, ўртага сизлардай эски қадрдонларим тушиб турибсизлар. Сизлар ёмон йигитни менга куёвликка раво кўрмайсизлар. Мен сизларга ишонаман. Қизим эса менга ишонади.
Меливой. Ҳаммамиз эса Аллоҳга ишонамиз.
Бурҳониддин. Қизим нима деса шу бўлади. Лекин қизим менинг измимдаги қиз, юзимга оёқ қўйишини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмайман.
Мирсафо. Сиздек отанинг фарзанди бўлади-ю, шундай нурли хонадонда ўсиб-улғаяди-ю, одобсиз бўлармиди. Агар ўғлим балоғатга етган бўлганида, ўзим сизга қуда бўлақолардим.
Бурхониддин. Невара қизларим ҳам бор... Иккинчидан, тўрт ўғил уйлантириб, тўрт қиз чиқарган бўлсам-да, бу уйда биринчи кенжа қизим билан турамиз, ўғилларимнинг ҳаммаси ҳовли олиб бериб, қозонини бошқа қилиб чиқариб юборганман. Болаларимнинг онаси вафот қилганига уч йилча бўлди...
Меливой. Хабаримиз бор, дуои фотиҳага, йигирма, йил ошларига келганмиз.
Бурҳониддин. Тўғри, тўғри... Эркак кишига танмаҳрам керак қабилида яна бир уйланган эдик, лекин орадан кўп ўтмай, бу ожизамиз бизни ташлаб кетиб қолди, (урғу бериб) уришсиз, жанжалсиз.
Мирсафо (ўрнидан туриб кетади). Наҳотки?! Наҳотки, шундай уй-жойни, шундай шароитни ташлаб кетиб қолган бўлса, яшаб юравермайдими? Инсофи йўқроқмикин-а?
Бурҳониддин. Йўқ, унда айб йўқ. Гарчи у бизни ташлаб кетган бўлса ҳам, мен имонимни ютиб ёлғон гапирмаслигим керак. У покиза, ҳалол аёл эди. Шу сабабли ҳам бу хонадондан кетди. Мен жисман унинг тенги бўлолмай қолдим, ёшларимиз ўртасидаги катта тафовут ҳам таъсир қилди, албатта, бунинг устига менинг қандли диабет дардига мубтало бўлиб қолишим ҳам ўз ишини қилди. Агар у бу уй-жойларни, мендан қоладиган катта мерос, мол-мулкни ўйлаганида эди, шу ерда яшаб юраверарди-ю, лекин нопок йўлга қадам қўйиб қўйиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас эди-да. Бояқиш шундан чўчиди, шекилли, оддий, лекин пок йўлни танлаб кетди. Майли, у ўз тенги билан бахтини топиб кетсин, ҳалол фарзандларнинг онаси бўлсин.
Меливой. Бурҳониддин ака, Ҳизрсифат, бағри кенг одамсиз-да
Мирсафо. Бурҳониддин ака, сизга яна битта савол: одатимизга кўра бизда кўп хотинликка йўл қўйилган-ку, фоҳишалик қаттиқ қораланган, хўш?
Меливой. Теша тегмаган савол!
Бурҳониддин. Бу яна ўша нарсага ­ ҳаромиларни дунёга келтириб қўймаслик мақсадига бориб тақалади, иним. Ахир, фақат аёл киши туғади-да.
Меливой. Ўта мантиқли жавоб.
Мирсафо. Бўлди, тан бердим, қойил.
Бурҳониддин. Хўш, мен сизларга айтсам, бева қолганимни билдириб, бу билан демоқчиманки, қизимга ўрнига келтириб мол-мулк қилолмайман, гарчи пулим етарли бўлса-да, қиз бола учун онанинг ўрнини ҳеч ким ўтай олмайди, айниқса турмушга чиқаришда.
Меливой. Шартларингиз шугинами!
Бурҳониддин. Шу, холос.
Меливой. Бизга берилган ваколат юзасидан иккала шартингизни ҳам қабул қилдик. Хўш, қиз билан йигитни қачон учраштирамиз?
Мирсафо. Хайрли ишни орқага суриб бўладими, ирими шунақа.
Бурҳониддин. Тўғри. Бўлмаса, эртага кечқурун соат олтида Анҳор бўйида учраштирамиз. Ўрда кўпригининг бу томонида, ўнг соҳилда.
Меливой (кулиб). Ўша жойлар келин-куёвлар учун бир пакка бўлиб қолибди ўзи.
Бурҳониддин. Кўпдан бери шундай. Буни қиз чиқарган, ўғил уйлантирган ҳар бир ота-она билади.
Мирсафо. Бурҳониддин ака, айбга буюрмайсиз-а, менда яна савол туғилиб қолди. Ўамманиям оилавий турмуши текис кечавермайди. Баъзилар ажралишга мажбур бўлишади, бошқа бировлар бева қолишади, кейин иккинчи, учинчи марта турмуш қуришга тўғри келади. Хўш, у дунёда, масалан, икки марта турмуш қурган аёл қайси эри билан бўлади ёки уч марта уйланган эркак қайси хотини билан бўларкин?
Меливой. Мутлақо янги савол.
Бурҳониддин. Муқаддас китобда ёзилишича, киши қайси оиласи билан яхши яшаган бўлса, у дунёда ўша эри ёки хотини билан бўлар экан.
Меливой. Бу жавобда ҳам оилавий тинч-тотувликка, инсон¬пар¬варликка чорлаш уфуриб турибди-я. Офарин!
Мирсафо. Жавобдан тўла қониқдим. Бу ҳақда ўртоқларга гапириб юраман... Бурҳониддин ака, танмаҳрамсиз анча қийналган кўринасиз, катта тўйдан кейин кичик тўй қилишга тўғри келади-ку.
Бурҳониддин. Йўқ, қуриган дарахтни яна суғоришга на ҳожат. Мен эркак сифатида қуриб бўлибман... Энди бас... Бир файласуфнинг китобида ўқиган эдим. На мол-мулк, на насл-насаб, на шон-шуҳрат, на салобат қаламкашни адабиёт оламига олиб кириб, халқнинг ардоғига сазовор қила олмайди. Шунга ўхшаш эр эркак бўлмаса хотин кишини занжирга солиб ҳам ушлаб қолиб бўлмайди. Бир керакли уринишдан бўлак барча уринишлар беҳуда. Мен буни ўз танамда ҳис қилиб кўрдим... Мабодо шу бўлажак кенжа куёвим, бўлажак қудаларим рози бўлишса, ёшларни бу ерга кўчириб келаман, бундан буёққа умримни невара боқишга, тоат-ибодат қилишга бағишламоқчиман.
Меливой. Буям яхши ният. Айниқа ёлғиз одам бекор қолмаслиги керак.
Бурҳониддин. Шуни айтинг, иним. Дунёда ёлғиз қолган одамлар сон мингта. Лекин уларнинг кўпчилиги ўзларининг ёлғизликларини билишмайди, билишсами, қаттиқ изтиробда қолишарди. Ёмони шундаки, ёлғиз қолганини, ёлғиз эканини била туриб яшаш бу дунёнинг дўзахи деб биламан... Ёлғиз одамнинг қалби бўм-бўш, ҳамиша ҳувуллаб ётади... Айниқса, ёлғизликда аср пайтидан то хуфтонгача бўлган вақтнинг ўтиши қийин кечади, ҳадеганда ўта қолмайди, яқин одаминг ёнингда бўлишини, кўзларига термулиб суҳбатлашиб ўтиришни қўмсайсан. Афсуски, кетган қайтиб келмайди. Тириклигида қадрдонларнинг қадрига етайлик, иниларим.
Мирсафо. Бурҳониддин ака, сизни ҳамма азалдан ўқимишли, билимдон одам деб билиб, ҳурматлаб келарди. Энди билсам файласуф ҳам бўлиб кетибсиз-а.
Бурҳониддин. Унчаликмас... Ахир салгина фикрлай олиш қобилиятига эга бўлсанг, ёлғиз қолишнинг ўзи сени файласуфларга тенглаштириб қўйиши мумкин экан. Ўтмишда азиз-авлиёлар беҳудага чиллахонада қирқ кун ёлғиз ўтириб, узлатга чекинмас эканлар-да...
Меливой. Бўлмаса, энди бизга рухсат. Келишиб олдик: эртага соат олтида Анҳор бўйида ёшлар учрашадилар... Йигитнинг оти Даврон... Қиз пошшанинг исми нима?
Бурҳониддин. Муяссар.
Меливой. Омин, Муяссар қизимизнинг бахти мукаммал бўлсин! Аллоҳи акбар!
Фотиҳа ўқийдилар.
Бурҳониддин. Хуш кўрдик, азизлар (қўлини кўксига қўяди).
Меливой. Хушвақт бўлинг. Йигит билан қиз учрашувини янгалари уюштираверадилар. Хотин-халаж бу ишга жуда уста.
Мирсафо (Бурҳониддиннинг қўлига конверт беради). Мендан сизга тўёна.
Бурҳониддин. Ие, бу қанақаси бўлди? Ҳали тўй у ёқда турсин унашганимиз ҳам йўқ-ку.
Мирсафо. Ҳали унашасиз ҳам, тўй ҳам бўлади. Лекин мен тўй кунлари чет эл сафарларида бўлиб қолишим мумкин... Икки юз эллик доллар, «Ал-Машриқ» магазинидан у-бу нарса олишингизга асқотиб қолар... Тўёна миқдорини айтаётганимдан таажжубланманг, Бурҳониддин ака. Одатим шуки, пул олсам, санаб кўраман, пул берсам, қанчалигини айтиб топшираман.
Бурҳониддин. Ҳа, асл савдогарлар авлодидан бўласиз-да.

Еттинчи Кўриниш

Анҳор бўйи, хиёбон. У ер-бу ерга суянчиқсиз ўриндиқлар қўйилган. Бурҳониддин Муяссар билан суҳбатлашиб киради. Унинг эгнида оқиш костюм-шим, оқ кўйлак, қора галстук, оёғида қора туфли. Қўлида доналари йирик-йирик қаҳрабо тасбеҳ ва ҳасса. Муяссар кўкрак бурма атлас кўйлакда, сочлари қирқ коқил қилиб ўрилган, қўлида «Ўткан кунлар» романи.
Бурҳониддин. Не қилайликки, қизим, онанг дунёдан эрта кўз юмиб кетди. Бўлмаса, мен сени бундай учрашувга етаклаб келармидим, онангнинг ўзидан ортмасди, бундай ҳам қувончли, ҳам ҳаяжонли ишлар... Опаларинг ўзларидан ортишмайди. Кеннойиларинг аҳволи ўзингга маълум. Қолаверса, бундай нозик ишларни бировларга олдиндан билдириб бўлмайди. Ирими шунақа. Ўали бўладиган ишми бу, бўлмайдиган ишми бу, билиб бўлмайди. Балки сен йигитга ёқмассан, балки йигит сенга ёқмас. Буни умр савдоси дейдилар, буни тақдири азал дейдилар, юлдузларинг бир-бирига мос тушса, олам гулистон, бўлмаса ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолаверади... Қариганим ростга ўхшайди, жуда эзма бўлиб кетяпман... (Қўл соатига қараб олади). Маърифат холанг билан соат беш яримда шу ерда учрашишга келишган эдик, у сенга ҳамроҳлик қилмоқчи эди, ҳам йигитнинг юриш-туриши, бўй-бастини кузатиб, иложи бўлса бир гапга солиб кўрмоқчи эди. Хола деган қиз бола учун онасидан кейинги энг яқин одам ҳисобланади-да... Буни қараки, келишилган вақтдан ўтди ҳамки, ҳамон холангдан дарак йўғ-а?
Муяссар. Келиб қоларлар. Транспортлар чатоқ-ку, дада.
Бурҳониддин. Ҳали замон йигит келиб қолади, соат ҳам олтига яқинлашди. Менинг бу ерда туришим ўзи ноқулай, одобдан эмас ҳам. Мен ҳув анави тепаликдаги ўриндиқда дам олиб ўтираман. Сен шу ерда сайр этиб юр, хоҳласанг анави ўриндиқда «ўткан кунлар»ингни ўқиб ўтир... Холанг албатта келишига ишонаман. У лафзли одам, ахир раҳматли онангнинг бир туғишган синглиси-ку. Лекин дунё тасодифларга тўла, мабодо холанг келмаса, йигит билан ўзинг сира тортинмай гаплашавер, тоғасининг хотини ­ кеннойиси билан келмоқчи экан, исми Даврон... Давронжон. Дадил бўл, қизим. Мен тепада сени кутиб ўтираман. Кейин уйга бирга қайтамиз. (Чиқади).
Муяясар ўриндиқлардан бирига бориб омонатгина ўтиради-да, китобига кўз югуртира бошлайди.
Даврон ва Сайёра ялт-юлт кийимда қўлтиқлашиб кириб келишади, иккаласи ҳам қора кўзойнакда.
Сайёра (кўзи Муяссарга тушиб, юришдан тўхтайди). Шу бўлса керак... Сен ўтиб кетавер, кейин қайтиб келасан, аввал мен бўлажак кундошим билан танишиб олай-чи.
Даврон. Марҳамат. (Чиқади).
Сайёра Муяссарнинг ёнига бориб ўтиради. Муяссар аввалига уни сезмайди, кейин Сайёрага кўзи тушади.
Муяссар (Сайёранинг ўзини кузатаётганини ички бир туйғу билан, зийраклик билан сезиб). Ассалому алайкум.
Сайёра. Ваалайкум салом...
Муяссар. Сезиб турибман, сиз мени кузатяпсиз. Сиз...
Сайёра. Хўш, мен кимман?
Муяссар. Сиз Даврон аканинг келинойиси бўласиз, топдимми?
Сайёра. Сиз Муяссар бўласиз-а?
Муяссар (ерга қараб). Ҳа.
Сайёра. Даврон шу ерда. Мен уни бу ёққа чақириб юбораман. (Чиқади).
Муяссар Сайёра кетган томонга қараб қолади. Башанг кийинган, сочлари силлиқ таралган Ҳалимхон гулдаста кўтариб, енгил одимлаб кириб келади. Муяссар уни Даврон деб ўйлаб, ўрнидан туради.
Муяссар. Ассалому алайкум!
Ўалимхон (бутун вужуди тебраниб). Ваалайкум ассалом. (Ўз йўлида кетаверади).
Муяссар. Мен Муяссарман. Сиз...
Ўалимхон (тўхтаб). Мен Ўалимхон бўламан. Сизнинг кутганингиз бошқа. Менинг кутганим бошқа... Мен Матлубахонни кутяпман. Кеча шу ерда бизларни учраштириб қўйишди, бугун иккинчи учрашувимиз бўлмоқчи... Сизниям омадингизни берсин. (Чиқади).
Муяссар. Бу ер одам бозори экан-а. (Бориб жойига ўтиради, яна китобни кўздан кечира бошлайди).
Даврон томоқ қириб, маъноли йўталиб киради. Муяссар буни сезиб, ўрнидан туради, у томонга қарайди.
Муяссар. Ассалому алайкум.
Даврон. Ваалайкум ассалом. Мен Давронман.
Муяссар. Мен...
Даврон (гапни бўлиб). Сен Муяссар бўласан, шундайми?
Муяссар. Ҳа. (Ерга қарайди).
Даврон унинг ёнига бориб, тақалиб ўтиради. Муяссар сесканиб кетиб, сал нари сурилади. Даврон Муяссарни бошдан-оёқ диққат билан кузатади, Муяссар Давроннинг кўз таъқибидан ўзини ноқулай сезиб, неча марта қўли билан кўйлаги этакларини пастга тортиб-тортиб қўяди.
Даврон ўнг қўлини Муяссарнинг чап сони устига қўяди. Муяссар чўчиб кетиб, унинг қўлини сонидан туртиб ташлайди.
Муяссар. Вой, нима қиляпсиз?
Даврон. Китобингни кўрмоқчиман, қани менга бериб тур-чи, қанақа китоб экан?
Муяссар. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»и.
Шу пайт бир томонда Лазокат билан Аброр кўринишади, Даврон билан Муяссарнинг бирга ўтиришганидан севиниб, «ишлар беш» деган маънода бир-бирига бош бармоқларини кўрсатишади-ю, аста орқаларига тисарилиб, ғойиб бўлишади, буни ёшлар сезишмайди.
Даврон (китобни олади-ю, лекин унга қарамайди, Муяссарга боқади). Ҳали бунақа китобларни ўқиб тураман дегин?
Муяссар. Кўп ўқийман.
Даврон. Севасанми?
Муяссар (бундай савол қаршисида эсанкираб қолади). Нимани... Тушунмадим.
Даврон. Китоб ўқишни севасанми деяпман.
Муяссар. Ҳа, жудаям.
Даврон. Ўзинг қаерда ўқийсан, ёки ишлайсанми?
Муяссар. Бу йил коллежни битирдим. Ҳужжатларимни тиббиёт академиясига топширдим. Жарроҳ бўлмоқчиман. Ойимларни нотўғри операция қилиб қўйишди, бўлмаса ҳали тирик бўлардилар. Шунинг учун жарроҳ бўлишга аҳд қилдим.
Даврон. Ҳм, жуда дадил кўринасан-ку. Имтиҳонлар тест бўйича бўлади. Қўрқмайсанми?
Муяссар. Йўқ. ўзингиз ўқийсизми, ишлайсизми?
Даврон. Менми... Мен шарқшунослик институтида ўқийман. Шу куздан бошлаб иккинчи курсда.
Чап томонда Бурҳониддин кўринади, ёшларнинг суҳбатлашаётганидан мамнун бўлиб, ҳассасини қўлтиҚига қисганича дуо қилиб фотиҳа ўқийди: «Илоё, ёшларнинг юлдузи юлдузига мос тушсин». Бурҳониддин тисарилиб, кўздан Қойиб бўлади, уни ёшлар сезишмайди.
Муяссар. Кеннойингиз қаерга кетиб қолди?
Даврон. Кеннойим?! Қайси кеннойим?
Муяссар. Ҳалигина мени гапга солиб ўтдилар-ку, кўзойнаклари сизникига ўхшайди.
Даврон. Ҳа, уми? У сен билан менга музқаймоқ олиб келгани кетди, ҳозир келиб қолса керак. Биргалашиб музқаймоқ еймиз.
Муяссар. Раҳмат. Мен энди борай. Дадам анави ерда мени кутяптилар, бирга кетамиз уйга... Хайр.
Даврон. Кўришгунча... (Орқасидан кузатиб қолади).
Сайёра (гапириб киради). Даврон, намунча маҳлиё бўлиб қолмасанг. Юрагингдан урди шекилли.
Даврон. Йўғ-ей.
Сайёра. Юрагингдан урса нима бўпти.
Даврон. Сенга ёқдими?
Сайёра. Вой, тавба, менга ёқиш-ёқмаслигининг нима аҳамияти бор? Уйланадиган менмас, сен-ку. Ўзингга ёқдими?
Даврон. Бир кечага ярар.
Сайёра. Унақа дема, яхши ният қил, жиннилик қилма. Бинойидек, ойиси ҳам ўпмаган қиз экан.
Даврон. Ана холос, кундошингни мақтаяпсанми?
Сайёра. У кундошим эмас, сен...
Даврон (гапнинг давомини айттиргани қўймайди). Мен сеникиман. (Сайёрани белидан қучоқлаб, маҳкам бағрига босади). Бошқаси билан ишим йўқ. Лекин гап-сўзларингдан, оёқ олишингдан билиб юрибман. Мени Муяссарга ошириб юбориб, ўзинг Мирсафо билан бўлиб кетмоқчисан...
Сайёра. Ҳақорат қилма мени!
Даврон. Лекин хомтама бўлиб юрма, ундай хомхаёлларни миянгдан мутлақо чиқариб ташла. Мабодо бирор нимани билиб қолсам, сенга айтганман: бир бошга бир ўлим, аввал икковингни чавақлаб ташлайман, кейин ўз юрагимга пичоқ санчаман. Биласан, бу дунёда мен учун юракдан куядиган одамим йўқ, шу сабабли мен учун ўлим чўт эмас, бу дунё билан боғланмаган мендек одам учун бу дунёдан кетиш қийин эмас, яъни ўлим унчалик даҳшатли эмас.
Сайёра. Гапларинг намунча совуқ бўлмаса, Даврон, бағринг иссиққина-ку. (Давроннинг бағрига суқулади).
Даврон. Менга макрингни ишлатма, қани дала ҳовлимизга кетдик. (Қўлидан қаттиқ ушлаб олиб чиқиб кетади).
Бошқа томондан эса Ҳалимхон ҳамон гулдастасини кўтарганича уёқ-буёққа аланглаб кириб келади.
Ҳалимхон. Вой товба, соат еттига қараб кетди-ку, ҳамон Матлубахондан дарак йўғ-а. Соат олтидан кечикмай келаман деб ваъда берувдилар-ку, куни кеча шу ерда. Нима бўлдийкин-а, ёки касал бўлиб қолдилармикан?.. Билмадим, билмадим... Асл сабабини билмадим... Ўзи пешонагинам шўр экан. Ўар гал қизлар бир учрашувга чиқишади-ку, иккинчи учрашувга келишмайди. Ўзим бўш-баёвман-да. Бир учрашувдаёқ ўзимга ром этолмайман... Йўқ, Матлубахон олдин учрашганим қизларга сира-сира ўхшамайдилар. Кеча ишонч билан «эртага келаман» деган эдилар, мен жуда-жуда ишонган эдим. Яна пича кутай, Матлубахон келиб қолсалар ажабмас... Э, худо, ўзинг мен бояқиш бандангни ноумид қилма. Матлубахоннинг кўнглига раҳм сол. (Чиқади).
Бошқа томондан Бурҳониддин билан Муяссар гаплашиб киришади.
Бурҳониддин. Узоқдан кўрдим, йигитнинг бўй-басти сенга жуда муносиб, қизим. Тўғри, молнинг оласи ташида, одамники ичида, дейди ота-боболаримиз. Йигитнинг ичи қанақа, дилида не ўйлари бор, буни Яратган эгамдан ўзга ҳеч ким билмайди. Лекин таги-тахти тоза одамларнинг фарзанди экан, бир томондан кимсан Юнусовлар, иккинчи томондан кимсан Мансуровлар. Мен кўпроқ йигитнинг ана шу зоти улуғлигига учяпман. Инсоният шундай яратилганки, қизим, қони тоза одам, албатта бир жойдан ёриб чиқади, инсофли, диёнатли бўлади, мабодо бирон сабаб бўлиб адашиб қолса, орадан кўп ўтмай яна тўғри йўлга тушиб олади, йиқилса, яна барибир бир кун қаддини ростлайди.
Узоқ умримда мен не-не одамларни учратмадим. Ҳалолликда, покликда, инсофлиликда хосият кўп экан. Бундай фазилатлар фақат қони тоза одамлардагина бўлади, ҳаромилардан худонинг ўзи асрасин. Ҳа, айтгандай, орага унча-мунча одамлар эмас, кимсан Меливой, кимсан Мирсафолар тушяпти, бу катта ҳурмат, зўр ишонч, қизим. Раҳматли онанг тирик бўлганида бу гапларни у айтган бўларди. Қандай қиламизки, мен гапиришга мажбурман. Ўзи йигитнинг гап-сўзлари ёқдими сенга?
Муяссар. Билмасам... Ёмон эмасга ўхшайди... Лекин кеннойиси менга ёқмади, сал енгилроқ кўринди.
Бурҳониддин. Э, соддадил қизим-эй, шунга ҳам ақлинг етмайдими, кеннойиси сени синамоқчи бўлиб ўзини атайин енгилроқ қилиб кўрсатган-ку.
Муяссар. Билмасам...
Бурҳониддин. Хуллас, маслаҳат бериш мендан, масалани ҳал қилиш сендан. Сен нима десанг, шу бўлади. Қани, кетдик. Намози шомга кечикмай.
Чиқадилар.

Саккизинчи Кўриниш

Давронларнинг ҳовлиси. Тўртинчи кўринишдаги манзара. Айвонда Лазокат билан Муяссар стол тузатишмоқда. Муяссар келинлик либосида. Журнал столчаси устида ким телефон қилгани ёзилиб қоладиган телефон аппарати турибди. Меливой, Бурҳониддин ва Аброр айвонга чиқиб боришади, стол атрофидан жой олишади.
Меливой. Менинг вақтим зиқ. (Лазокат билан Муяссарга.) Сизлар ҳам ўтиринглар, хотин қўядиган мардни ҳам буёққа чақиринглар.
Муяссар. Тушунмадим... Ойижон, ким у?
Лазокат. Эрингиз, ким бўларди.. (Ичкарига қараб.) Даврон, буёққа чиқ, ўқидим.
Муяссар (савол назари билан Бурҳониддинга қарайди). Дада...
Бурҳониддин. Шунақа эмиш, қизим. Мени шунга чақиришибди.
Муяссар мўлтиллаб ҳаммага бир-бир қараб чиқади, ҳамма кўзини ерга олади, Муяссар шилқ этиб стулга ўтириб қолади.
Меливой (кўча эшик томонга қараб). Ҳой, Мирсафо, чаққонроқ юринг, кутиб қолдик сизни...
Мирсафо (айвонга кўтарилар экан). Тинчликми?
Меливой. Зарур гап бор. Ҳозир ёш бир оиланинг ҳаёт-мамот масаласини ҳал қиламиз. Сизни гувоҳликка чақирдик. Қани ўтира қолинг.
Мирсафо. Узр. Ўтиролмайман. Уйимда меҳмонларим бор.
Меливой. Мениям вақтим зиқ. Ҳали тўйларга борадиган одамман. Бугун «Ибрат»да бешта никоҳ тўйи. Уч киши қиз чиқаряпти, икки киши ўғил уйлантиряпти.
Мирсафо. Ахир янги ҳовлимни қутлаб, юқоридан азиз меҳмонлар келишган. Менга рухсат беринг.
Меливой (жеркиб ташлаб). Худбин бўлманг, ука. Меҳмонлар бироз ўтириб туришар, бугун дам олиш куни. Лекин ёшлар тақдирига бефарқ қараш яхшимас. Ахир, ёшлар келажагимиз-а. Қолаверса, олдимизда ўғил-қизларимиз, невараларимиз бор, умид билан ўстиряпмиз. Ноумид шайтон, ука. Қани, ўтинг бу ёққа. Масалани зудлик билан ҳал қилиб ташлаймиз... Ўали мен кўп тўйларга борадиган одамман... Қани, хотин қўядиган ўша мард билан бир гаплашиб қўяй-чи мен! Чақиринглар уни!
Даврон (қўлида магнитофон кўтариб ичкаридан чиқади). Қани ким мен билан гаплашмоқчи, мен тайёрман.
Меливой (Давроннинг важоҳатидан чўчиб, гап оҳангини мулойимлаштиради). Ке, ке, ўғлим, мана буёққа ўтир.
Даврон Бурҳониддинга кўзи тушиб, ерга қарайди, четроқдаги стулга бориб ўтиради.
Меливой. Хўш, азизлар, менга қолса, тўй бўлса-ю, қўйди-чиқди бўлмаса. Кулсагу йиғламасак. Лекин юртчилик, баъзан мана (Даврон билан Муяссарга бир-бир қараб қўяди) шунақа воқеалар ҳам бўлиб туради. Қани, ким биринчи бўлиб гапиради?.. Вақт кетяпти.
Лазокат эрига «Сиз гапни бошланг» деган маънода буйруқ қилади.
Аброр. Бўлмаса, мен гапни бошлаб бера қолай... Уч ой бўлибдики, биз эр-хотин зимдан сезиб юрибмиз, ўғлимиз келинга кўнгилсиз, болохонада ётиб юрибди. Бирга яшаб кетишига кўзимиз етмай қолди.
Мирсафо. Э, нафасни иссиқ қилинг-ей, Аброр ака. Яшаб кета олади. (Даврон билан Муяссарни кўрсатиб.) Буларни бир кўринг, йўқ, яхшилаб бир кўринг. Узукка кўз қўйгандек бир-бирига жуда муносиб-ку.
Ҳозир сал кўнгилсиз бўлса, бора-бора кўнгил қўйиб кетади. Умуман, булар ёшидаги йигит-қизлар кўнгил нималигини чуқур билади, деб бўлармикин. Йўқ, улар кўнгил нималигини билиб етмай, кўнгил кўчаларига кириб кетишлари мумкин. Биз, ақли расо катталар тажрибали, ёши улуғ кишилар ёшларни тўғри йўлга бошлашимиз керак. Мен шундай деб ўйлайман. Мана ўзимдан қиёс: билсаларингиз, менинг ҳам аввал бошда хотинимга кўнглим йўқдай бўлиб туюлган эди. Шошилмадим, катталарнинг маслаҳатига қулоқ солдим, яшаб кетдим, биринчи фарзандимиз бизларни боғлаб қўйди, кейингилари оиламизни мустаҳкамлади. Даврон, сен ҳам шошилма, ука, менинг гапим шу.
Лазокат Меливойга «Қани, жавоб қилинг» деган маънода ишора қилади.
Меливой. Иним Мирсафо, сизу бизнинг даврлар бошқача эди. Лекин ҳозирги кунда ёшларга «Севмасанг ҳам бирга туравер» дейишга ҳаққимиз йўқ. Буни замон кўтармайди. Қонун ҳам йўл бермайди, охири ёмон оқибатларга олиб бориши мумкин.
Аброр. Биз, эру хотин ҳам ана шундан қўрқамиз-да, ўғлимизнинг феъли-атвори ўзимизга яхши маълум-да. Бизнинг боримиз бор, йўғимиз бор. Худо кўрсатмасин, ўғлимиз кўнгилсизлик таъсирида, жаҳолатга берилиб, келинга бирор зиён-заҳмат етказиб қўймасин деб қўрқамиз-да.
Бурҳониддин. Шаҳар бедарвоза эмас-ку, қуда.
Меливой. Ҳар турли ҳодисалар қулоғимизга чалиниб турибди, ана шулардан чўчияпти қудангиз бояқиш, Бурҳониддин ака. (Дабдурустдан Муяссарга.) Хўш, сен нима дейсан, қизим?
Муяссар аввалига ўзини бироз йўқотиб қўяди. Кейин ерга қараб сўз қотади.
Муяссар. Мен ҳеч қаёққа кетмайман.
Мирсафо. Баракалла, синглим, айни муддаони айтдингиз. Илоё қўшганингиз билан қўша қариб юринглар.
Меливой. Ахир, эринг сен билан турмайман дебди-ку?
Муяссар. Ойижоним билан туравераман. Ойижоним мени «Қиёматли қизим» деганлар, мен рост гапиряпман, мана ойижонимнинг юз-кўзлари... (Аброрга.) Дадажон, сиз ҳам мени «Сиз келиним эмас, қиёматли қизимсиз, ўзи қизимиз йўқ эди, мана энди ҳам келинлик, ҳам қизлик бўлдик» деган эдингиз, тўғрими, дадажон?
Аброр хотинига қарайди. Хотини четга қарайди.
Аброр. Аниқ эсимда йўқ.
Муяссар. Йўқ, дадажон, бу гапларни кўп марта айтгансиз. Даврон акамнинг амакилари, тоғалари, холалари, аммалари олдида ҳам айтгансиз. Мана, Даврон акамлар ҳам шоҳид. Даврон акам рост гапирадилар, мен уларга ишонаман.
Даврон. Тонманг, дада, шундай дегансиз.
Меливой. Айтган бўлса айтгандир. Ўтмишда нималар дейилмаган.
Бурҳониддин. Лекин сўзи билан иши бир одамни лафзи ҳалол дейишади. Лафзи ҳалол бўлмаган одам мунофиқ дейилади. Хўш, биродарлар, қудамнинг гап-сўзларидан менга кўп нарса англашилди. Қизим қандай жойга тушиб қолганини мана энди билдим. Ҳали бу ерга сира қадам босмаган эдим. Мен куёв чорлар қилганим ҳолда, булар қуда чақириҚи қилмай келаётир. Бунинг сабаби мана энди ошкор бўлди, буларнинг нияти бошидан бузилган экан... Алданибман, алдашибди. Лекин кўчага ташлаб қўйган қизим йўқ. Не қилайки, пешонасида шўри бор экан, ҳозироқ ўзим билан олиб кетаман, ажаб эмас яна бахтини топиб кетади. Қўйди-чиқди – бу катта фожиа эмас, худо бемаҳал ўлимдан асрасин, айниқса қуруқ туҳматни яқин йўлатмасин. Мана булар каттагина бахтсизлик ҳисобланади.
Меливой. Аброржон, тўйдан илгари сизга айтмаганмидим, диёнатли, тақдирга тан берадиган ажойиб одамга қуда бўлаяпсиз деб. Мана, шу гапимнинг тасдиғи.
Бурҳониддин. Биродарлар, ажрим қилиб, фақат қизимнинг ўз мол-мулкини машинага ортиб берсанглар бўлгани.
Аброр (севиниб). Айни муддао, қуда, машина ҳам айтиб қўйганман, гузардаги чойхона олдида кутиб турибди.
Муяссар (кўзига ёш олиб). Мен ҳеч қаёққа кетмайман.
Бурҳониддин (қизини жеркиб беради). Кетасан!
Муяссар. Қайси юзим билан қайтиб бораман уйга, дадажон? (Кўз ёшларини кафти билан юзидан сидириб ташлайди). Дугоналарим, кеннойиларим нима деб ўйлашади. Ахир, айбим нима ўзи?
Мирсафо. Даврон, ука, келиннинг айби нима? Айби бўлса, кўпчилик олдида бўйнига қўйиб бер, исбот қил. Кўнглида армони қолмасин.
Даврон. Характеримиз тўғри келмади.
Бурҳониддин. Тушунтириброқ айтинг, ўғлим.
Меливой (изоҳ беради). Характер – феъл-атвор дегани.
Бурҳониддин. Сиз бир оз аралашмай турсангиз. Мен куёвимдан сўраяпман.
Даврон нима дейишини билмай, ерга қараб жим қолади.
Мирсафо. Бирга тураверишса, бора-бора феъл-атворлари ҳам мослашиб кетади. Мана ўзимдан қиёс.
Даврон. Мирсафо ака, сиз бошқа, мен бошқа, мени ўзингизга ўхшатманг. Мен Муяссар билан бирга туришни истамайман.
Аброр. Ана, айтдим-ку сизларга. Топган гапи шу, мен билан ойисига ҳам енгил тутманглар, азизлар.
Бурҳониддин. Нега Муяссар билан бирга туришни истамайсиз, ўғлим? Ахир, бундан уч ой олдин қизимни кўриб, билиб уйланган эдингиз-ку.

Аброр. Ҳа, Муяссарни кўриб, бир неча марта учрашиб, совғалар олиб берган, кейин ўзи тўйга розилик берган эди.

Даврон (Бурҳониддинга). Менга қолса Муяссарга уйланмасдим.
Бурҳониддин. Сизни биров мажбур қилдими?
Даврон (Аброр, Лазокат, Меливойни кўрсатиб). Мана булар мени нотўғри йўлга бошлашди.
Аброр. Ё, тавба!.. Қайси ота ўз фарзандининг бахтини ўйламайди.
Даврон. Сизда қиёфа йўқ, сиз ойимнинг сояси бўлиб қолгансиз, дада.
Аброр. Биродарлар, ахир...
Меливой. Аброржон, сиз каттасиз, бир гапдан қолинг... Хўш, ишни, яъни ажримни тезроқ, силлиққина битирайлик. Давронжон, отага қаттиқ гапириш яхшимас.
Даврон. Қанақа одамсиз ўзи, амаки? Ҳаммасини ўзингиз бошлаб қўйиб, яна насиҳат қилгани уялмайсизми?
Меливой. Оббо боласи тушмагур-эй! Ҳали менга ҳам лой чапламоқчи шекилли? Ҳа, майли, ёш-да ҳали. Ёшларни кечириш мумкин.
Даврон. Чинданам ёш эканман. Ёшлик қилмаганимда, сизларнинг сўзингизга кириб, Муяссарга уйланмасдим, шу кунга учраб ўтирмасдим.
Меливой. Ҳой бола, ўйлаб гапир. Туҳмат қилсанг, маҳалламдан ҳайдаб юбораман.
Даврон. Менимас, сизни ҳайдаб юбориш керак!
Меливой аввал хандон отади, кейин масхаралаб сўрайди.
Меливой. Нега?
Даврон. Айтаверайми?
Меливой. Айтсанг, ўзингга жабр бўлади, ёш бошинг билан қамалиб кетасан. Умринг қамоқларда ўтади.
Телефон жиринглайди.
Мирсафо. Менинг уйимдан бўлса керак. Бу ернинг номерини қолдириб келгандим. (Бориб телефонни олади). Лаббай! Мен Мирсафоман... (Телефонни бироз ушлаб туриб, кейин жойига қўяди. Ранги сал ўзгаради, телефон тутган қўли сал титрарди, буни Даврон илғайди. Келиб жойига ўтиради). Уланмади.
Бурҳониддин. Давронжон, гапиринг, ўғлим, ҳаммасини гапиринг, мен билишим керак. Мен сизга сира ёмонликни раво кўрмайман. Даъвойим ҳам йўқ... Қизимни ҳам олиб кетаман. Бунга сўз бераман.
Даврон. Хўп...
Меливой (Давроннинг гапини бўлиб). Энди буёғи туҳматга ўтяпти. Билганингизни қилаверинглар, мен кетдим.
Бурҳониддин. Қани шу ердан жилиб кўр-чи. ассам сингунча савалайман.
Меливой. Сизга нима бўлди, Бурҳониддин ака, ҳассангиз ҳали ўзингизга кўп керак бўлади.
Бурҳониддин. Билсанг, сен туфайли ҳассамни йўқотдим. Кўр эканман. Сенинг сўзингга учиб, суриштириб-нетмай синамаган жойга қиз бердим. Йўқолган ҳасса синса синибди-да.
Меливой. Оғирроқ бўлинг.
Бурҳониддин. Ўтир деяпман сенга. Чапақай жаҳлим бир чиқмасин. Қани ўтир!
Меливой мажбуран жойига ўтиради. Бурҳониддин ҳам жойига чўкади.
Бурҳониддин. Ёлғон қўшмай гапираверинг, ўғлим.
Даврон. Ўзи ёлғонни қўшиб бўлмайди ҳам. Тўйдан олдинги ҳал қилувчи бир суҳбатдан кичик бир парчани эшитасиз ҳозир. (Магнитофон қўяди. Магнитофондан ўша кунги суҳбатнинг керакли жойлари эшитила бошлайди).
Магнитофонда:
Меливойнинг овози. Давронжон, ўғлим, менга бир фикр келди: сени аввал моҳипора, онаси ҳам ўпмаган бир қизга уйлантирамиз.
Давроннинг овози. Мен Сайёрадан бошқаси билан яшамайман.
Меливойнинг овози. Давронжон, сен шошилма, гапимни охиригача эшит. Шунга қараб иш тут. Фақат номига уйланасан, фақат бир кечагагина бирга бўласан. Тўйдан кейин орадан икки-уч ой ўтгач, биз уйлантирган хотинингни қўйворасан-у, севганинг билан топишасан.
Бурҳониддин. Бўлди, бас, бас, тўхтатинг, ўғлим.
Даврон магнитофонни тўхтатади.
Меливой. Азизлар, мен нимаики қилган бўлсам, нимаики деган бўлсам, адашган Давронни тўғри йўлга солиш учун қилдим. Агар қиз болага уйлантирсак, Даврон унисини унутиб юборади, деб ўйладим.
Бурҳониддин (Меливойга еб ташлагудек бўлиб, наъра тортиб юборади). Ҳмм! Хумпар! Иблис! Иркит!.. (Қизига ўнгланиб гапиради.) Кечир, мени қизим, бу махлуқни маҳалланинг отаси, қирқ йиллик раиси-ку, тўғри сўзлайди, деб ўйлагандим-да. Билсам, бу маҳалланинг тозиси экан. (Меливойга). Сен аблаҳ, қизимнинг тақдирини оёқости қилибсан-а. Ойна синса, қайта бутлаб бўлмайди-ку! Нима, сенга қизлик иффати бозорда сотиладиган бир матомидики, унинг ўрнини қоплаб бўлса! Ахир, қўшилув кечаси қиз бола учун қонли инқилоб туни бўлади-ку, эй иймонсиз одам, шуни билардинг-ку. Ахир, тўртта қиз чиқарган отасан-ку. Ўзингнинг қизингни ёки неварангни менинг Муяссарим ўрнига қўйиб кўрсанг бўлмасмиди, эй инсофи йўқ. Сен қизимнинг бахтига зомин бўлдинг, мен ­ қари отасининг бағрини доғлаб қўйдинг!
Меливой. Йўқ, Бурҳониддин ака, мен Давронни тўғри йўлга бошладим.
Бурҳониддин. Бекорларни айтибсан, сенинг йўлинг қалбаки, қалтис йўл, бу шайтоннинг йўли!
Меливой. Мен...
Бурҳониддин. Яна гап бермайди-я, бу аблаҳ! Йўқ, йўқ, йўқ, мен энди чидаб туролмайман!
Бурҳониддин ҳассасини ўқталиб Меливойга ташланади. Меливой қочади. Бурҳониддин уни қувлайди. Меливой айвондан уйга киради, эшикни ёпиб жон сақламоқчи бўлади. Бурҳониддин елкаси билан итариб очиб, ичкаридан беркитиб олади. Кейин унинг ҳасса билан Меливойни ураётгани эшитилади.
Бурҳониддиннинг овози. Мана сенга! Мана сенга! Мана буниси қизимнинг алами учун! Мана буниси ўзимнинг аламим учун! Мана буниси раҳматли хотинимнинг арвоҳ хотираси учун! Қасам ичаманки, шу ҳассам синиб битмагунча сен аблаҳни савалайвераман. Мана!.. Мана!.. Мана яна!..
Меливойнинг овози. Войдод, мусулмонлар, ёрдам беринглар! Эсини еган бу жинни мени ўлдириб қўяди! Вой, вой! Вой до-од! Ёрдам беринглар! Оҳ, вой! Вой!
Мирсафо, Лазокат, Аброрлар хона эшигини очолмай, Меливойга ёрдам беролмайдилар. Кейин ичкаридан овоз эшитилмай қолади.
Мирсафо. Бўларича бўлди. (Икки қўлини силкиб чиқиб кетади).
Кўча томондан машина мотори ўт олиб, юриб кетгани эшитилади.
Даврон (телефон аппарати тугмасини босиб, Мирсафо ҳали ким билан гаплашганини текширади, ўзи билан ўзи гаплашади). Билайлик-чи, ҳали Мирсафо ака ким билан гаплашдийкин? Ие, бу Сайёранинг номери-ку. Ҳа, аблаҳлар! Манзура опа чет элда-да, унинг йўқлигида пайтдан фойдаланишмоқчи бўлишибди. Ҳар қадамда хиёнат, сотқинлик! Менинг олдимга похол солмоқчи бўлибди-да. Мен уларга ҳали кўрсатиб қўяман. Йўқса, Даврон отимни бошқа қўяман. Агар у икки ярамасни чавақлаб ташламасам, йигит эмасман. (Стол устидаги катта пичоқни қўлига олади).
Муяссар (йўлини тўсиб). Жон Даврон ака, кетманг, кетмайсиз.
Лазокат. Бу нима қилиқ, жинни!
Даврон. Ҳув онангни! (Ота-онасига қараб.) Кўзимга кўринмаларинг ҳозир! Бўлмаса чавақлашни икковингдан бошлайман.
Аброр. Хўп, хўп, ўғлим...
Даврон. Мени ўғлим дема, сен сўтак!
Аброр ва Лазокат айвондан шошиб тушиб, ўчоқбоши томон кетишади.
Даврон. Кечир мени Муяссар. Мен сенга, дадангга кўп озор етказдим.
Муяссар. Энди у гапларни эсламанг, ҳозир қолсангиз, пичоқни жойига қўйсангиз, мен сизни мутлақо кечириб юбораман, сираям таъна қилмайман.
Даврон. Йўқ, Муяссар, мен сенга муносиб эмасман. Мен ўз бахтимни топай деб, сенинг бахтингни оёқости қилибман. Ўз муҳаббатим учун курашиб, сенинг ор-номусингни беқадр қилибман. Мен бир бетайин одам эканман. Бошида Сайёрани деганмидим, охиригача аҳдимда қатъий туришим керак эди. Сенга уйланмаслигим, сохта никоҳга рози бўлмаслигим керак эди. Чекинибманми, иродасиз эканман, мард, севгига муносиб эмас эканман. Муяссар, сенга муносиб эмасман. Мен бебурдман.
Муяссар. Йўқ, сиз адашгансиз, сизни алдашган. Кетманг! Қолинг!
Даврон. Йўлимни тўсма, Муяссар. Муҳаббат деб ўйлаганим сароб бўлиб чиқди. Мен қасос оламан, қасос! (Муяссарни четлаб ўтиб, югуриб кўчага чиқиб кетади).
Муяссар (орқасидан). Мени ташлаб кетманг, мени ташлаб кетманг. (Икки қўли билан бошини ушлаб, йиғлаб қолади).
Машина мотори ўт олиб, ўқдек учиб кетгани эшитилади.
Хона эшиги очилиб, икки қўлида иккига бўлинган ҳассасини ушлаганича Бурҳониддин айвонга чиқади.
Аброр ва Лазокатнинг бошлари кўринади, Бурҳониддинга кўзлари тушиб, ўзларини орқага олишади.
Бурҳониддин. Қариган чоғимда қўлим мунофиқнинг ҳаром қони билан булғанди, жаҳолатга берилиб, шу ишни қилиб қўйдим. Иблис ё ўлди, ё ҳушини йўқотди – индамай қолди. Хуллас, қизим, сенинг қасосингни олдим, энди мени отсалар ҳам, қамасалар ҳам, ачинмайман. Мен ошини ошаб, ёшини яшаб бўлган қари одамман. Лекин куёвим ёш нарса, у жувонмарг бўлмаслиги керак. У қани?
Муяссар. Пичоқ кўтариб одам ўлдиргани кетди у.
Бурҳониддин. Э, баттол-ей! Йўлини тўсиш керак, қайтариш керак.
Муяссар. Юринг тез, дада! Борадиган жойини биламан.
Ота-бола шошилиб чиқадилар.
Ичкари хонадан ҳаммаёғи қон, боши ёрилган, кийим-кечаги йиртилган, сочлари тўзғиган Меливой инқиллаб, синқиллаб судралиб чиқиб, айвон деворига суяниб ўтириб қолади, боши қуйи эгилган, кўзлари юмуқ.
Меливой. Вой, вой-вой, вой жоним...
Аброр ва Лазокатнинг бошлари кўринади, аввал мўралаб қарашади, кейин айвонга яқин келишади.
Лазокат (эрига). Сиз ҳам тез югуринг, бир кор-ҳол бўлмасдан Давроннинг йўлини тўсиш керак.
Аброр. Йўқ, ўзлари югурсинлар! Мен...
Лазокат. Эрмисан, эркакмисан, ахир. Отамисан ўзинг?!
Аброр. Мен врачман. Мен...
Лазокат. Ҳе, ҳезалак, қўрқоқ. Эсиз сен билан ўтказган шунча йиллик умрим... (Кўча томонга югуриб чиқиб кетади).
Аброр (орқасидан). Мен врачман. Меливой акага тез ёрдам кўрсатиш менинг врачлик бурчим, мен уни шундай алфозда ташлаб кетолмайман. (Айвон томонга юради). Ўлиб қолса товонига қоламиз-а.
Машина мотори ўт олиб, тез юриб кетгани эшитилади.
Аброр Меливойнинг юзига сув сепиб, ўзига келтиришга уринади, юзига шапатилайди.
Аброр. Меливой ака, кўзингизни очинг, мен ҳозир тез ёрдам чақираман. (Телефон рақамларини теради).
Меливой (кўзини очиб, бироз ўзига келиб). Тез ёрдам?.. Керакмас, иним. Тез ёрдам керакмас. Бу ҳолда одамлар кўзига тирик кўринганимдан кўра ўлганим минг марта аъло.
Аброр. Товонингизга қолишни истамайман. (Телефонга.) Тез ёрдамми? Фалокат юз берди. Ўн қўшним болохонадан йиқилиб тушди... Боши ёрилган... Беҳуш... Ёшими? Олтмишдан ошган...
Меливой эмаклаб бориб, Аброрнинг оёғларига ёпишиб ёлборади.
Меливой. Мени ўзинг давола, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин. Эл-юрт маломатига қолишни истамайман. (Телефон қулоғини тортиб олиб, Аброрга гапиришга қўймайди.) Илтимос қиламан, ёлбораман сендан. (Телефон қулоғини бағрига босганича юзтубан йиқилиб тушади).
Аброр (чўккалаб, Меливойнинг бошини тиззасига олади). Хўп, хўп, майли, сизнингча бўлсин, лекин кўзингизни очинг, кўзингизни очинг. (Юзига шаппатилаб, ўзига келтиришга уринади).
Шу аснода мусиқа садолари остида чироқ ўчади.

Парда