OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдуқаҳҳор Иброҳимов
Асар номиВиждон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдуқаҳҳор Иброҳимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Виждон (ҳикоя)
Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Жазирама ёзнинг айни туш палласи. Поезд кутаётган йўловчилар анча нарида — вокзал биноси кўланкасидан паноҳ топишган. Перрон бўйлаб у ёқ-бу ёққа шошилиб ўтиб турган темирйўл ходимлари ва йўловчилар қуёш тиғи остида турган Ниёз амаки оиласига ажабсиниб қараб қўядилар. Оила аъзолари жам бўлиб, олис юрт¬га отланган отани кузатмоқда. Тирикчилик тошдан қаттиқ деганлари шу-да.

Ниёз амаки икки қутини уст¬ма-уст қўяркан инқиллаб вагон томон юрди. Болалар ҳам биттадан қути қўтариб, унга эргашдилар.
— Сўнггиси, — Муяссар опа вагон зинасида турган эрига қути узатди, аммо...

...Аммо қути оралиққа тушиб кетди, чоки бир-биридан ажралган қутида чиллаки узум бошлари кўзга «ялт» этиб ташланади. Буни кўриб болалар тамшаниб қўйишди.
— Сиз аралашган иш ҳамиша шунақа бўлади-я, — деди Ниёз амаки хотинига ўзича кесатиқ қилган бўлиб. — Энг етилганлари шу қутида эди.
— Қайтангга яхши бўлди, — Муяссар опа эрининг кесатиғига парво ҳам қилмади. — Болаларнинг ҳам бундоғ оғзи тегсин-да. Сотсангиз ўзингизга ўхшаганларга сотасиз-да. — Муяссар опанинг оналик меҳри жўшиб кетди.
— Э, ойиси-ей, тилимни қичитиб нима қиласиз? Менга қолса сотармидим? Сизларга бўлсин деб, бир кори-ҳолимизга ярасин, деб олиб кетяпман-ку. — Ниёз амаки вагондан сакраб тушди. — Энди бу нима бўлди, — у ерда ётган қутининг бир чеккасини кўтариб кўрди: — Анжири чиқиб кетибди-ку.
— Бизларга шунақаси ҳам бўлаверади, — Муяссар опа қути ёриғидан кўриниб турган бир бош чиллакини қўлига олиб, — Омонлик-сомонлик, янаги йил шу пайтгача эсон-омон юрайлик. Ма, қизим, бу сенга, — у қўлидаги узумни қизига берди ва бошқа фарзандларига ҳам улашиб чиқди. Лекин болалар оталаридан бир оз ийманиб туришарди.
— Билдим, билдим, бу ойиси дейман, қутини атайлаб ерга тушириб юбордингиз-а, — Ниёз амаки хотинининг «ҳийла»сига тушунган эди. — Ҳа, майли, бўлар иш бўлди. Аммо мен келгунча сўридагиларга тега кўрманг. Хўпми?

...Поезд жойидан жилди, Ниёз амаки вагон деразасидан қўлини чиқариб, хотини ва болаларига қараб силкитди. Фақат узумли қутини икки қўллаб ушлаб турган ўғлигина бошини қимирлатиб хайр¬лашди.

Ниёз амакининг оиласи шаҳар бўлиб шаҳарга, қишлоқ бўлиб қишлоққа ўхшамас чекка бир жойда яшарди. Узоқ-яқиндан келиб-кетувчи кишилар бу жойни «боғ шаҳар экан» деб таърифлашарди. Чиндан ҳам шундай, қаёққа қараманг, ям-яшил боғ-роғларга кўзингиз тушарди. Йўлкалар бўйлаб ҳам мевали дарахтлар, аймоқи токлар ўтказилганди. Шаҳарчада нари борса ўн минг аҳоли яшайди. Деярли ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша мўъжазгина боғи бўлиб, турли-туман дов-дарахтлар барқ уриб ўсиб ётарди. Сувга сероб, ҳавоси мусаффо бу шаҳарчада етти ёшдан етмиш ёшгача — ҳамма ўзини боғбон ҳисоблар, жилла бўлмаганда, бир туп кўчатни, ток қаламчасини экиб кўкартириш иштиёқида ёнар¬ди.

Ниёз амаки «боғ шаҳар»да обрўли, ҳурматли кишилардан бири бўлиб, кўп йиллардан бери мактабда ботаника ўқитувчиси бўлиб ишлаб келганлиги боис уни ҳамма танир, у ҳам барчани биларди.

Амакининг уйидан куз кезлари қаламча сўраб келувчиларнинг кети узилмасди, қўни-қўшнилар ўз токларини Ниёз амакининг назаридан бир ўтказиб олиш, унга хомток қилдириш орзусида юришарди. Чиндан ҳам Ниёз амаки ток ўстиришнинг «пири» бўлиб, чиллакиси ҳамманикидан ҳафта аввал етиларди, қора кишмиши гўёки майизнинг худди ўзига ўхшаш турган-битгани шира, шивирғониси эса келаси йил баҳоригача «қилт этмай» тураверарди.

Ниёз амаки яқинда институтни битириб келган ўғлининг бошини икки қилмоқчи. Келин ҳам тайин: Абдусалом билан бирга ўқиб келган Инобат исм¬ли қиз, Ниёз амакининг қадрдони, бир оз оғзи каттароқ Исмат киночининг ёлғиз фарзанди.

Ниёз амакининг Абдусаломни уйлантиришга тайёргарлиги йўқ эди.

Амакининг боши қотиб қолди, келин туширишнинг ўзи бўладими?

Бўлажак қудаси шаҳарча кинотеатрида бошлиқ. У Исмат киночи билан тўй хусусида холи гаплашиб ҳам кўрди. Қани энди киночи бироз ён босса, тўйни «ширингина қилиб» кичикроқ ўтказишга кўна қолса! «Ниёзвой, сизга барибир, — деди Исмат киночи, — олдингизда бир эмас, ўнта болангиз қаторлашиб турибди. Илоё

бошқаларининг ҳам бахтини кўринг. Аммо мен-чи? Икки бор оила қуриб, топганим шу ёлғиз Инобат. Қачондан бери қизимнинг тўйини кўрсам, орзу-ҳавасини қилсам, деб келаман. Яна эл-юртнинг ошини ошаб, нонини еб, елкамга қадар «қарз»га ботганман. Ўзингиз айтинг, Инобатнинг тўйида узмасам, қачон қутуламан бу қарзлардан. Тўйни ими-жимида ўтказиб, одамларнинг маломатига қолишни истамайман. Сиз ҳам ўйлаб кўрганингиз маъқул».

Ниёз амаки дўппини олиб қўйиб, сўри тагида ёнбошлаб, бундоқ ўйлаб қараса, қудасининг гапида ҳам жон бордек. У ҳам эсини таниганидан буён эл-юртнинг тўю маъракасида ҳамшаҳарларининг ош-нонини еб, улардан «қарздор» бўлганлиги рост. Гоҳо «Муаллим», гоҳо «қўшни» деб тўйга таклиф қилишади, чиқмай бўлармиди, албатта, чиқади, Ундан маслаҳат сўрашади, баъзан, тўйбоши қилишади.

Ниёз амаки тўйни бўлажак қудаси Исмат киночи истаганидек, каттароқ қилиб, ўтказиш учун қадрдонларидан қарз кўтармоқчи бўлди. Кейин бу шаҳдидан қайтди: олмоқнинг бермоғи ҳам бор-да! Жўжабирдек жондан орт¬тириб қарзини қачон, қандай узади?

Тўй ташвиши билан боши қотиб, сўри тагида ўтирганида ҳамкасби Ибодулла тўй овозасини эшитиб табриклагани келиб қолди, юрагини унга бироз бўшатган бўлди.

Ибодулла қуёш нурида ялтиллаб турган шиғил-шиғил чиллаки бошларига ишора қилиб:
— Мана, сизга нажот! — деди гўёки муҳим бир кашфиётни очган кишидек бир қиёфада.
— Хўш? — Ниёз амакининг кўзларига Ибодулла чиндан ҳам нажоткордек кўриниб кетди.
— Чиллакиларни сотасиз.
— Бе, бир пақирини икки пулга ҳам олмайди-ку!
— Бу ўзимизда. Катта шаҳарларда эса ҳар килоси фалон пул. Бир пақири бир қоп ун деган сўз. Мана, сизга, тўй харажати.
— Умрим бино бўлиб мева сотган эмасман, қандай бўларкин-а...— Ниёз амаки кўзларини болалардек мўлтиллатади.
— Ҳеч уятли жойи йўқ!
— Ахир, болаларнинг насибаси. Уларни ёз мевасидан бебаҳра қиламанми?
— Чиллаки егани билан болаларнинг шохи чиқармиди! Ана олма, шафтолиларингиз бору... Сотсангиз, Абдусаломни деб сотасиз-да. Ёки у фарзандингиз эмасми?
— Қуда томон эшитиб қолса...
— Эшитса нима қипти! Сиз ўғирлик қиляпсизми, иснод саналса. Ўзингиз етиштирган ҳалол пешона терингиз.

Ниёз амакига Ибодулланинг маслаҳати даставвал ёқмади. Лекин вақт ўтгани сайин бошқа чора топилмагач, олдин дилида, кейин ўнгида унинг маслаҳатига қўшилди. Бунга бир амаллаб хотини Муяссарни ҳам кўндирди. Чиллаки унча-мунча етилиши биланоқ бўш енгил картон қутиларга жойлади-ю, умрида биринчи бор катта шаҳарга отланди...

...Ниёз амаки пастки ўриндиқда чордона қурганча, бир қутидаги чиллакини кўздан кечирмоқда, ҳар бош узумнинг эзилган, уринганларини ажратиб, пақирга ташлади, баъзида кўзи қиймай, оғзига солади.

Бир пайт қўққисдан купега оқ халат кийган паст бўйли бир йигит кирди.
— Ие, шахматчиларнинг зўрлари ухлаб қолишибди-ку, — деди у ухлаётганларга кўз югуртириб. — Илҳом билан бир беллашай деб келгандим.
— Қани бу ёққа ўтиринг, — Ниёз амаки ёнидан жой кўрсатди, юзига бир оз қон югурди, — Илҳомжон кун бўйи шахматдан бош кўтармадилар. Моҳирликларига қойил қолдим, сиз ҳам зўр шахматчи бўлсангиз керак.
— Унчалик эмас, — деди йигит кулимсираб. — Сиздан илтимос, «буфетчи келиб-кетди», деб Илҳомга айтиб қўйсангиз. У ёғини ўзи тушунади.
— Хўп, бажонидил айтаман.

Йигит купедан чиқди.

Ниёз амаки эртаси куни эрта билан вагон-ресторан томон йўл олди. У қўлида қоғозга ўроғлиқ чиллаки билан ресторанга кириб борганида, буфетчи йигит ўз иш жойида чўт қоқиб, ҳисоб-китоб қилиб ўтирарди.
— Ассалому алайкум! Яхши ётиб турдингизми? — деди Ниёз амаки.
— Раҳмат, ўзингиздан сўрасак, — буфетчи чўт қоқишдан тўхтади. — Илҳомжон қалай, ўрнидан турдими?
— Йўқ, йўл чарчатибди шекилли, ҳали уйғонганлари йўқ, — Ниёз амаки қўлидагини буфетчига узатади. — Кеча сизга узум енг ҳам демабман, айбга санамайсиз, Янгилик деб шуни олиб келдим, ўз боғимдан.
— Раҳмат, — буфетчи узатилган нарсани олгиси келмади, — чиллаки билан унча ҳушим йўқ.
— Олинг энди, янгилик ахир, олмасангиз хафа бўламан.
— Майли, сазангиз ўлмасин, — буфетчи қоғозга ўроғлиқ узумни олди, уни очмоқчи бўлди, — бир бошгина бўлса бас.
— Йўқ-йўқ, — Ниёз амаки буфетчининг қўлидан ушлади, — ҳаммаси сизга аталган!
— Раҳмат, — буфетчи ўрнидан туриб қоғозга ўроғлиқ чиллакини музлатгичга қўйиб қўйди ва жойига келиб ўтиради. — Амаки, пивога қалайсиз?
— Бизга пивоси бўлмайди, — болаларча жилмайди Ниёз амаки, — ачимаган қатиқдан бўлса, уч-тўрт шиша олардим. Кетини ўйламай кеча чиллакидан сал кўпроқ еб қўйган эканман. Кечаси билан анча қийналдим, бироз иситмам ҳам чиқди.
— Бор, сиз учун топилади, — буфетчи пастдан бир неча шиша қатиқ олиб пештахтага қўйди, — керак бўлса, яна келарсиз.
— Раҳмат, — Ниёз амаки буфетчига пул узатар экан, севинчи ичига сиғмасди. У кефир олаётгани учун эмас, балки буфетчига узум бергани, у билан танишгани, унинг кўнглини ола билганидан хурсанд эди...

Поезд саҳро оралаб бор¬япти. Ниёз амаки ўз купесида қатиқ ичиб ўтирибди. У аҳён-аҳёнда шахмат ўйнаётган купедошларига ер остидан назар ташлади. Унинг оёғи остида қатиқдан бўшаган шишалар. Ниёз амаки қўлидаги қатиқни ичиб бўшатгач, шишасини тўрхалтага солиб, ўрнидан турди.
— Аҳмаджон, иним, — у шахмат ўйнаётганларга мурожаат қилади, — буфетга кетаётибман. Мабодо сизларга бирон нарса керакмасми? Ҳали замон буфет ёпилиб қолади.
— Раҳмат, — деди Ниёз амакига қараб қисиқ кўзли Аҳмаджон, — ҳозирча ҳеч нарса керакмас.
— Илҳомжон, сизга-чи? — сўради Ниёз амаки ҳамон шахматдан кўзини олмай ўтирган келбатли йигитга қараб. — Сигарет дегандай...
— Ҳозирча бор, — дўнғиллади Илҳом. — Раҳмат!

Ниёз амаки бироз нима қиларини билмай тик туриб қолди, сўнгра орқасига ўгирилиб, юқори ўриндиқда ёнбошлаб китоб ўқиётган ўспиринга қаради, унга нима деб сўз қотишни билолмай, купедан чиқиб кетди.
— Бу ўзи қанақа одам, — ўзича тутоқди Илҳом. — Отамиз тенги бўла туриб ҳадеб бизга ўз хизматини таклиф қила беради.
— Эй оғайни, соддасан-да, шуни ҳам билмайсанми, — деди Аҳмад. — Ахир, коса тагида ним коса бор деганларидай. Манзилга етгач, ҳали амакининг бизга иши тушади-да!
— Қанақа иши?
— Узум солинган йигирматача қути оёқ чиқариб ерга тушиб кетармиди? Биздан ёрдам сўрайди, албатта. Шунинг учун бизга... хушомад қиляпти.
— Гап бу ёқда дегин, ажабо!..

Ниёз амаки буфетчини ўз ўрнида кўрмай, ошхонага кириб борди. Бу ерда юзига сепкил тошган бир қиз идиш-товоқ ювиб ўтирарди.
— Қизим, буфетчи қанилар? — деди Ниёз амаки.
— Буфетчининг мазалари йўқ, — деди қиз. — Ўнинчи вагонда ётибди, учинчи купе.
— Ростданми? — Ниёз амаки хавотирга тушди. — Нима қипти унга?
— Билмасам.
— Ўнинчи вагондами, — дея Ниёз амаки ошхонадан шошилиб чиқди. Қаттиқ терлаб кетган Ниёз амаки бирма-бир купелар эшигини очди, буфетчи кўринмасди.
— Бемор тиф билан оғриганга ўхшайди, — ичкаридан шундай овозни эшитиб, Ниёз амакининг юзидан қон қочди. — Лекин бемор қони лабораторияда текширилмагунча аниқ диагноз қўйиш қийин.
— Балки бемор бузилган овқат ёки мева истеъмол қилиб хасталангандир. Афсуски, у гапирадиган ҳолатда эмас, — Ниёз амакини қўрқув босди, у ўзини бутунлай йўқотиб қўйган эди.
— Хўш, хизмат? — оқ халат кийган врач Ниёз амакининг қони қочган юзига қаради.
— Шундай... ҳалиги, — Ниёз амакининг тили калимага келмади, аммо баҳона ҳам топила қолди. — Буларни буфетчига қайтармоқчи эдим.

... Ниёз амаки ўз купесига маъюс кириб борди, қўлидаги тўрхалтани авайлаб ерга қўйди, ўрнига ўтирди.
— Амаки, хомушроқ кўринасиз? — дейди Аҳмад шахмат донасини суриб.
— Шундай, ўзим.
— Идишларни қайтариб олишмадими? — Аҳмад Ниёз амаки кўнглини кўтармоқчи бўлади, — хафа бўлманг, мана Илҳом топшириб беради сиз учун.
— Буфетчи иним қўққисдан оғриб қолибди, — деди Ниёз амаки хўрсиниб.
— Ие, бу қанақаси бўлди? — Илҳом ўрнидан туриб кетди. — ҳалигина соппа-соғ эди-ку! Мен бир бориб хабар олай.

Ниёз амакининг ичига чироқ ёқса ёришмасди.

Ilhom xomush qaytib keldi. Niyoz amaki yalt etib unga qaradi:

— Иним, нима гап?
— Нима бўларди, — Ил¬ҳом уҳ тортди, — вагон эшиклари қулф. Кириш ҳам, чиқиш ҳам номаълум вақтгача ман этилибди.
— Илҳом, билдим, буфетчи бирор юқумли касаллик билан оғриганга ўхшайди, — деди Аҳмад, — йўловчиларни бир-биридан ажратиб туриш учун шундай қилишган.
— Мабодо буфетчи овқатдан заҳарланган бўлса-чи? — сўради Ниёз амаки ерга қараб.
— Ундай бўлса биз учун унчалик ташвишли жойи йўқ.

«Мен ана шунисидан қўрқяпман», — Ниёз амакининг дилидан шундай фикр кечди.

Ниёз амакининг боши қотиб қолди: «Нимага ҳам буфетчига узум бердим?»

Бир пайт Ниёз амакининг ич-ичга чўккан кўзлари тумбочка устида турган бир шиша қатиққа тушди.
— Иситманинг давоси шу-ку! — Ниёз амаки беихтиёр шундай деб юборди. — Иним, қатиқ иситманинг давоси, деб эшитгандим. Рухсат берсангиз, шуни беморга олиб бориб ичирсам.
— Касаллик юқишидан қўрқмайсизми? — деди врач жиддий.
— Касаллансам, сиз борсиз-ку!
— Майли, — врач кулимсиради.

Тумбочка устида ярми ичилган қатиқли шиша. Ниёз амаки буфетчининг терлаган манглайини сочиқ билан артди. Бемор ҳозир бироз енгил тортганди. У нурсиз кўзлари билан Ниёз амакига қаради, унинг бу боқишида самимий миннатдорчилик ифодаси бор эди.
— Раҳмат, — деди у мажолсиз.

Шу пайт Ниёз амакидаги ўз манфаати учун курашиш ҳиссиёти яна ғолиб келди.
— Иним, — деди у ерга қараб, — сиздан бир илтимосим бор. Айтсам, майлими?

Буфетчи бош қимирлатиб, «майли» ишорасини қилди.
— Ўзингиздан қолар гап йўқ, — Ниёз амаки кўзини ерга қадаб сўзлади, — жўжабирдек жонмиз. Болалар кун сайин улғайиб боришяпти. Қизларни узатиш, ўғилларни уйлантириш — ёлғиз менинг гарданимда. Ахир, бу оталик бурчим-да!.. Шуларни ўйлаб ҳовлида етиштирган чиллакини олиб йўлга чиққандим, бир кори-ҳолимизга ярар деб... Тўғриси, сиздан чўчиб, узум ҳадя қилгандим. Врачга бу ҳақда сўз очмасангиз, акс ҳолда...
— Майли, сизнингча бўлсин, — деди бемор узоқ сукутдан сўнг.
— Яшанг, камол топинг, — Ниёз амаки очилиб кетди. У беморга қатиқли шишани узатди, — ичинг, кўнглингиз тортмасаям ичаверинг, давоси шу.

Ниёз амаки вагон йўлаги бўйлаб одимлаб келяпти. У тўсатдан юришдан тўхтади ва ўйланиб қолди. У вагонма-вагон юриб врачни топди ва уни ўз купесига бошлаб келиб, бўлган воқеани очиқ-ойдин айтди. Картон қутилардаги чиллакиларга ишора қилиб:
— Иним, буларни яхшилаб бир текшириб кўрсангиз, — деб ўз сўзида қаттиқ туриб олди. — Ахир, буфетчи укамиз, мен берган узумдан хасталанган бўлиши ҳам мумкин... — У шу сўзларни айтгач, ўзини енгил ҳис этди, кўнглини ғаш қилган руҳий нохушлик ундан йироқлашди.

Поезд бир маромда олға интилмоқда, йўловчилар эса ўзлари билан ўзлари андармон эди...