OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдуқаюм Йўлдош
Асар номи«Мени синдиришди...» (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдуқаюм Йўлдош
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм54KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Мени синдиришди...» (ҳикоя)
Абдуқаюм Йўлдош

E, бу дунёда яхши одамлар ҳам кўп экан!

Зойир буни бошига хўб ғалати савдолар тушгандан сўнг билди!

Зойир ўзи азалдан шунақа эди: эркак киши кўчада кўкрагини кериб юриши керак деб ҳисобларди. Ўзиям шунга муносиб бўлишга интиларди.

Зойирнинг яна бир ақидаси бор эди: эркак киши бировга ўзини хафа қилдириб қўймаслиги лозим. Акс ҳолда ўзингга нисбатан ўзингнинг ҳурматингни йўқотиб қўйишинг мумкин. Ўзингни ҳурмат қилмай қўйдингми, тамом, бошқаларни ҳам ҳурмат қилмай қўясан, ўз навбатида улар ҳам сени бир тийинга олмайдиган бўлишади.

Худди мана шу ҳаётий принтсиплари боисми, Зойир бир ерда узоқ ишлолмасди. Бўлмаса олий маълумотли инженер-механик деган номи бор.

Айниқса сўнгги иш жойи...

Ачинади-да одам.

Каттагина хўжаликка энди бош инженер бўлиб тайинланганди. Бор-йўғи бир ҳафта ишлади-я, бир ҳафтагина! Ҳатто балансда мавжуд техникаларни тузук-қуруқ қабул қилиб олишгаям улгурмаганди.

Ҳаммасига хўжалик раҳбарининг оғзи шалақлиги сабаб бўлди.

Бир умр амал катта-кичик амал курсиларида ўтириб келган, сурила-сурила охир эришгани шу хўжаликка раҳбарлик бўлган Эргаш ака тонг саҳарда тўнтарилган қозондай қорнини силаганча идорада ёки далада оппоқ «Нексия»сида пайдо бўлиб қоларди-да, уйқудан чап ёни билан турган одамдай дуч келган ходимни боплаб хумордан чиқиб сўкиб олгач, гўё катта ишни уддалаган одамдай қониқиш ила уйига қайтар ва яна уйқусини келган жойидан давом эттираркан. Бундан яхши хабардор одамлар тонг саҳардан идорага келиб оларканлар ё бўлмаса далани айланиб юрарканлар. «Хўжайин» бир келиб кетганидан кейин эса енгил нафас олган ходимлар ҳам уй-уйларига тарқалиб кетишарканлар. Мабодо хўжайиннинг ғазабига дуч келиб қолишса, худди айбдор одамдай бош эгиб туравериш маъқул экан. Акс ҳолда... Ишқилиб, Эргаш ака ўзига гап қайтарган ёки тик гапирган одамни ёқтирмас экан, кейинчалик ҳам шу одамни то тавбасига таянтирмагунча ўзиям тинчимас, бошқаларниям тинчитмас экан...

Зойир бундай гапларни орқаворатдан эшитган, аммо унчалик эътибор бериб ўтирмаган эди. Бекор қилган экан...

Ўша куни Эргаш ака «Нексия»сидан ҳарсиллаб-пишиллаб тушиб келаётган экан. Нима иш биландир идорага келган Зойир аввал панароққа ўтмоқчи бўлди, сўнг ўзининг бу ўйи ўзига нашъа қилиб, «Нимасидан чўчийман?» дегандай шахд билан илдам бориб раҳбарига салом берди.

Алик олиш нималигини билмайдиган Эргаш ака ўсиқ қошларини чимирганча бир зум янги бош инженерга чақчайиб қараб турди. Сўнг:
— Сен бола бу ерда нима қилиб юрибсан? — деди.

«Бола», аслида эса йигирма тўққизга кирган, икки фарзанднинг отаси бўлган Зойир ноилож ҳисобот берган бўлди:
— Бир-иккита ҳужжатлар керак бўлиб қолганди. Балансни солиштириб кўрмоқчи...

Нордон нарса егандай бирдан афти буришиб кетган Эргаш ака тўсатдан бош инженерининг гапини бўлиб, ўшқира кетди:
— Конторга қараб тилингни осилтириб йўрғалайвергандан кўра орқангни бир ерга босиб ишлаб ўтирсанг ўласанми?

Зойир авваллари бир-икки кишидан раҳбарининг оғзи шалақлиги борасида эшитганди. Аммо бу қадар безбетлик...

Зойирнинг эсанкираб қолганини кўрган, буни қўрқдига йўйган Эргаш ака баттар авж қилди:
— Сенинг бир ишонганинг ҳоким бованг бўлса, менинг ишонганларим унданам катта одамлар! Ғашимга тегаверсанг, бир чертаман, чиққан жойингга қайтиб бориб тушасан!..

Айниқса сўнгги жумла Зойирга оғир ботди.

Тўғри, уни бош инженерликка хокимият тавсия этган. Аммо бу жиноят эмас-ку. Қолаверса, аввал унинг «дело»сини яхшилиб ўрганиб чиқишган.

Балки бу ҳақоратларга чидаса ҳам бўларди. Бироқ «чиққан жойига қайтиб бориб тушиши» хусусидаги дўқ Зойирнинг ҳамиятига тегди. Онаси ўлиб кетганига бир йилдан ошди. Марҳуманинг арвоҳини чирқиллатишдан не наф бор?..

Бунинг устига аллақачон идора биноси деразаларидан бошларини чиқариб, буларни қизиқиш билан кузатиб турган бир-иккита раҳбарчалар олдида...
— Сал оғзингизга қараб гапиринг, раис бова, — деди Зойир иложи борича хотиржам гапиришга уриниб. Ваҳоланки, унинг юраги гурсиллаб уриб, ғазабдан оёқлари дир-дир титрай бошлаган эди.

Катта ишни амалга ошириб қўйган одамдай мамнунлик ила ортига ўгирилиб, машинасига қайтиб чиқмоқчи бўлаётган Эргаш ака турган жойида донг қотиб қолди. Илло, шу хўжаликка раҳбар бўлиб келганидан буён бировдан бир оғиз эътироз эшитиб улгурмаган эди.
— Нима? — деб юборди кўзлари баттар чақчайиб кетган Эргаш ака. — Тилинг чиқиб қолиптими сен боланинг?
— Соқов эмасдим, — сал зарда билан гапирди Зойир.

Eргаш аканинг ўзи энди бир муддат унга гарангсиб қараб турди, сўнг оғзидан кўпик сачраб бақиришга ўтди:
— Тур, йўқол, қайтиб бу ерда қорангни кўрсатма! Қишлоқданам кўчириб юбормасам, юрган эканман мен ҳам!

Eнди Зойирники ҳам тутди.
— Эргаш ака, осмон қўлингизда бўлса ташлаб юборинг! — деди жаҳл билан. — Олсангиз ишингизни оласиз-да, шунга шунча ваҳимами?!.
— Оламан! — жон-жаҳди билан қичқирди раис. — Ҳаммасини оламан!
— Менга деса ишингизни пишириб емайсизми!

Зойир шу сўзларни айтди ва жаҳл билан бурилиб, кета бошлади.

Ғазаб зўридан тилига гап келмай қолган, юзи қисқичбақаники каби қип-қизариб кетган Эргаш ака бир-икки уриниб ҳам жўяли сўкиш тополмай қолгач, охири қўлини мушт қилиб тугганча бош инженер ортидан бўкирди:
— Ҳали ўзинг тўрт оёқлаб эмаклаб келарсан олдимга!.. Ана ўшанда... Шундай қилдирмасам, отимни бошқа қўяман! Ана ўшанда кўрасан менинг кимлигимни!..
— Кўрсак кўраверамиз-да, — жаҳл билан жавоб қайтарди идорадан анча узоқлашиб улгурган Зойир.

Ҳа, ўшанда Зойир бу гапни нафрат аралаш ғазаб билан айтди. Аммо орадан маълум фурсат ўтгач, раис пишак дўқи қилмаганлигини, чиндан ҳам унинг қўлидан кўп ишлар келишини англади.

* * *

Шу билан Зойир қайтиб ишга бормади. Ғирт бекорчи бўлиб қолмаслик учун эса даласи хўжаликнинг энг охирида жойлашган Абдуолим фермерга тракторчи бўлиб ишга кириб олди.

Орадан уч ҳафталар чамаси вақт ўтгандан сўнг Зойирнинг уйига қўшни маҳаллада турувчи Ибройим кириб келди.

Гарчанд иккалови тенгдош бўлишса-да, дум-думалоқ бўлиб семириб кетганиданми ёки тепа сочи тўкилгани учунми ёши каттароқ кўринадиган Ибройим туман марказидаги коллежни битирганлиги ҳақидаги дипломи билан бош инженер бўлибди.

Зойир Ибройимни астойдил табриклади.

Шундан кейин янги бош инженер чаккасини қашлаганча муддаога ўтди:
— Анави... приём-передача охиригача бормаган экан, ака. Бир-иккита қоғозларга қўл қўйиб берсангиз. Ҳаммасини ипидан игнасига қадар тўғрилаб ёзиб келдим. Ҳатто болтларниям эринмасдан битталаб санадим. Раиснинг ўзиям бориб текшириб кўрди.

Ибройим қалин папкасидан бир даста қоғоз чиқариб узатди.

Раиснинг таниш имзосини кўриб, бурни жийирилган Зойир:
— Ҳаммаси жойидами? — деб сўради бир оғиз.
— Албатта-да, — қўлларини кенг ёзди Ибройим. — Келиб-келиб раисдай каттаконимиз билан тенгма-тенг олишган сиздай акахонимни алдайманми?

Мақтов кимга ёқмайди дейсиз. Кейинги кунлар ичида хуфтон бўлиб юрган дилига озгина нур инган Зойир беихтиёр илжайиб қўяркан: «Одамлар... ҳаммасини билади... Яхшиям ўшанда раисга эгилиб-букилиб, хушомад қилишга ўтмаганим...» деб қўйди ўзича.

Зойирнинг жим қолганини кўрган Ибройим буни ўзича тушунди ва чуқур нафас олгач, кўзларини катта-катта очган кўйи ишонч ва қатъият ила хитоб қилди:
— Агар алдасам эркак эмасман!..

Бу ҳаяжонли қасамни эшитган Зойир ноқулай аҳволда қолди. Ўзини виждонли бир одамни қасам ичишга мажбур этаётган нокасдай ҳис қилди.
— Майли, майли, — деди у шоша-пиша. — Ишонаман, ишонаман...

Зойир худди шундай шошқинлик билан бир даста далолатномалару баённомалардаги ўзининг фамилияси ёзилган жойларга имзо чекиб чиқди.
— Раҳмат, — қўлини кўксига қўйди Ибройим. — Бу яхшилигингизни унутмайман.
— Сизга ишонмасам, кимга ишонаман, — деди Зойир.
— Бундан кейин ҳам бемалол ишонаверинг, — ним эгилди Ибройим. — Биз сизга заррача бўлсин гап тегадиган иш қилмаймиз. Хурматингиз бор, ака, ҳурматингиз. Ахир сиз кимсан Зойир акасиз!

Оғзининг таноби қочиб бораётганини сезган Зойир бир амаллаб ланж-лунжини йиғиштириб олди ва:
— Ишингизга омад, — деди самимий оҳангда. — Аммо ўзингизни раисга ҳақорат қилдириб қўйманг. Бўш келсангиз, бошингизга чиқиб олади у.
— Албатта, — деди камоли эҳтиром билан Ибройим. — Бу соҳада ўзингиз бизга ибрат бўлдингиз. Ҳақиқий эркакнинг қанақа бўлишини кўрсатиб қўйдингиз. Энди бўш келмаймиз, ака.
— Шундай бўлсин, — мамнун жилмайди Зойир.

Ибройим яна бир бор миннатдорчилик билдиргач, қуюқ хайрлашганча деярли орти билан тисарилиб чиқиб кетди ҳовлидан.

Янги бош инженернинг ушбу мулозамати унчалик кўнглига ўтиришмаган бўлса-да (худди хушомад қилаётганга ўхшаб кетди), Зойир барибир ўзидан ризолик туйган кўйи хонасига кириб кетаркан:
— Ибройимга ўхшаган яхши одамлар кўпайгани яхши-да, — деб қўйди.

Бироқ тез орада содир бўлган воқеалар Зойирнинг вақтидан бурун бундай хулосага келиб қаттиқ янглишганини кўрсатди.

* * *

Орадан олти ойга яқин вақт ўтди.

Қишлоқ анчагина катта бўлгани билан, нимагадир ёмон хабар жуда тез тарқалади.

Аввал «Прокуратурадан келиб, хўжалик техникасини текширишаётганмиш», деган миш-миш тарқалди. Сўнг бунга «Техника роса талон-тарож қилинган, арзимаган пулга сотиб юборилган экан», деган гап-сўзлар қўшилди.

Зойир бу гапларга парво ҳам қилмай юраверди. Зеро, у бошқараётган тракторни Абдуолим фермер бундан икки-уч йил бурун хусусийлаштириб олган, ҳамма ҳужжатлари жойида эди.

Шундай кунларнинг бирида...

Кечга яқин эди.

Қувгина Абдуолим тракторчисига мийиғида илжайиб қараб турди-турди-да, сўнг гапнинг дангалига кўчди:
— Нега буйтиб жимгина юрибсиз десам, вақтида қилар ишни қилиб, из қолдирмасдангина жўнаб қоламан деган экансиз-да?

Зойир фермерга ажабланиб тикилиб қолди, сўнг очиғига кўчди:
— Тушунмадим, ука.

Фермер ёйилиб илжайди.
— Ҳамма ёқда дув-дув гап: «Зойир ака бир ҳафта бош инженер бўлиб ишлаб, хўжалик балансидаги трактор билан машиналарнинг ярмини сотиб юборибди. Агар яна бир ҳафта ишлаганида ҳеч нарса қолдирмас экан-да», деган.
— Йўғ-е! — деб юборди Зойир беихтиёр.
— Бу ҳали ҳаммаси эмас. Раис билан ораларингиздан ола мушук ҳам асли ўша сотилган техниканинг пулини талашиб қолиш орқасидан ҳам ўтган эмиш... Эргаш ака энди, дўппи тор келганда «Техникага мен модий жавобгар бўлмаганман, бош инженер бўлган», деб туриб олган эмиш...

Тракторчисининг анграйиб қолганини кўрган фермер кулимсирашдан тўхтади ва жиддий оҳангда гапини якунлади:
— Прокуратура билан ҳазиллашманг, ака. Пулини ундириб олгани майли, қаматиб юборса юзингиз бир умр шувит бўлиб ўтасиз. Пул кетса кетсин, ака, бу ишни дарров бости-бости қилиб юборинг.

Зойир яна тушунмади:
— Қанақа ишни?

Абдуолим фермер афсус билан бош чайқади:
— Мени аҳмоқ қилишингиз мумкин, лекин прокурорни бундай қилолмайсиз. Яхшилаб бир дўқласа, ичингиз ўтиб кетади. Ана ўшандан кейин бурнингиздан ип ўтказиб олиб, ҳар мақомга солади...

Фермер кетди.

Ҳайрон бўлиб қолган Зойирнинг кўнглига хавотирнинг қора булути бостириб кела бошлади.

У шоша-пиша қўлини мой латтага артди ва трактори рулини тўғри қишлоқ томон бураркан:
— Бир ками шу эди... — дея тўнғиллаб қўйди.

Йўқ, ҳали бу гап-сўзларнинг бариси ёлғон чиқишига ишонч аралаш умид бор эди. Тўғри, Абдуолим фермер жиддий йигит, бунинг устига акаси тенги одам билан ҳазиллашиб ўтирмайди. Аммо... аммо уни ҳам чалғитган бўлишлари мумкин-ку...

* * *

Ҳали айтиб ўтганимиздай, қишлоқда ёмон гап тез тарқалади.

Шом қоронғусида уйига ҳовлиқиб кириб келган эрини хотин изиллаб йиғлаб кутиб олди. Гўё ҳозирнинг ўзида келиб, Зойирни қамоққа олиб кетишадигандек.

Буни кўриб Зойир баттар ваҳимага тушди.

Яхшиям кеч тушган, кўчада одам кам.

Зойир шипиллаб Ибройимникига йўл олди.

Ҳовлисида аллақачон сут ранг «Нексия» пайдо бўлган Ибройим чорпояда майкачан ҳолида ёнбошлаганча чой ичиб ўтирган экан.

Бош инженер собиқ ҳамкасабасини хушламайгина қарши олди, тил учида:
— Келинг, ўтиринг, — деб қўйди.

Ибройимнинг бирдан ташвишли қиёфага кирганини кўрган Зойир отни қамчиламаса, ундан бирон гап ололмаслига кўзи етган кўйи, бирдан асосий мақсадга ўта қолди:
— Қишлоқда ҳар хил гаплар юрибди... Тинчликми?
— Ҳа, энди, Зойир, биласан-ку, ҳар замонда текшир-текшир бўлиб туради, — пешонасини тириштирди Ибройим. — То проверкадан ўтиб олганингча энамизни кўрамиз.

Зойир қаршисида ўзини ташвишманд қиёфада тутишга уринаётган, аммо ялпайиб ётишидан сира ҳам «енасини кўраётганга» ўхшамаётган ҳамсуҳбатининг нима учун бирдан ўзини «сен»лашга ўтганига, «ака» демаётганига унчалик ажабланиб ҳам ўтирмади. Зеро, Ибройимнинг совуқ қарашиданоқ вазият бундан олти ой олдинги эмаслиги сезилиб турарди.

Нимадир ўзгарган эди.
— Ишқилиб, текшириш тинч ўтаяптими? —яхши гап эшитиш илинжида мулойимлик билан сўради Зойир.

Ибройим баттар пешонасини тириштирди:
— Қаёқда дейсан. Мендан олдин ишлаб кетган...лар беш-олтита трактор, иккита машинани ҳужжатларини тўғриламасдан сотиб юборган экан. Энди ўшаларни топасан деб ёқамдан олишаяпти... Моддий жавобгарлик зиммасида экан...

Товуши тобора пасайиб бораётган Ибройим охири ерга қараб олди.

Ичи музлаб кетган Зойир аранг сўрай олди:
— Ким экан у сиздан олдин ишлаб кетганлар?

Мана шундагина Ибройим бир нимага жаҳд қилгандай аста-секин бошини кўтарди ва Зойирга иложи борича қатиқ тикилишга уринди-да:
— Биттаси... ўзингиз, — деди нимагадир яна «сиз»лашга ўтиб.

Зойир илон чаққандай жойидан сапчиб туриб кетди.
— Ҳой, жўра, — деди у асабийлашганидан ёноқлари пир-пир учиб, — оғзингизга қараб гапиринг. Мен бор-йўғи бир ҳафта ишга қатнаганимни, кейин раис билан келишмасдан кетиб қолганимни ҳеч ким билмаса ҳам сиз яхши биласиз-ку.

Ибройим яна ерга қараб олди-да, минғирлади:
— Мен бир кичкина одамман... Менинг ҳамма қоғозларим тўғри... Ноқонуний хусусийлаштириш, ҳужжатсиз сотиб юборишнинг бари сиз ишлаган даврда бўлган экан. Ҳужжатлар шуни айтиб турибди...
— Қанақа ҳужжатлар? — лол қотди Зойир.
— Ҳужжатлар-да... — аниқ жавобдан ўзини олиб қочди Ибройим. — Ҳаммаси прокурорда.

Зойирнинг миясига нимадир чақмоқ каби келиб урилгандай бўлди. Ҳужжатлар... Демак... демак ўшанда Ибройим алдаб, керакли ҳужжатларга имзо чекдириб олган экан-да... Ҳа, нима деган эди-я... Зойир бирдан эслади: «Агар алдасам эркак эмасман!» деб қасам ичганди.
— Ахир... — томоғига муштдай бир нима келиб тиқилган Зойир «қулт» этиб ютиниб олди ва ўзининг ўзига нафратини оширадиган тарзда аянчли овозда, баайни ёлвораётгандай оҳангда гапирди: — Ахир қасам ичгандингиз... Ҳаммаси жойида дегандингиз... Ҳаммасини ўзим санаб чиқдим дегандингиз... Сизга, қасамингизга ишонгандим... Эркаксиз, ахир...
— ...

Ибройим ерга қараб гум-гурс ўтираверди.

Ундан ортиқ гап ололмаслигини англаган Зойир индамай ҳовлидан чиқиб кетди.

* * *

Кўпдан кўп маслаҳат чиқади.

Eртаси куни уйқусиз ўтган оқшомдан сўнг ишга бўйнини эгиб, жиноятчи каби музтар қиёфада борган тракторчисига ачиниб қараб қўйган Абдуолим фермер салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашишлардан кейин йўл-йўриқ кўрсатган бўлди:
— Агар айбингиз бўлмаса, буйтиб бошди эгиб юравермасдан ҳаракатни қилиб қолинг, ака.

Зойир фермерга ялт этиб қаради:
— Нима қилай? Менда айб нима қилсин.

Шундан кейин Зойир фермерга бундан олти ой олдинги ва кеча кечқурунги воқеани қисқагина айтиб берди.

Фермер ажабланиб елка қисди:
— Бундай қарасам қўй оғзидан чўп олмаган одамга ўхшайсиз... Боринг, яра газакламасдан туриб керакли одамларга учрашинг, тушунтиринг, илтимос қилинг, керак бўлса қўлига уч-тўрт сўм тутқазинг. Ишқилиб, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин. Бўлмаса мошин-тракторларни тўлатиб олиши-ку, бир тараф, «Моддий жавобгар эди» деб бўйнингизга тўрт-беш йилни илиб юборишдан ҳам тоймайди булар...
— Нима қил дейсиз? — жон-жаҳди билан сўради Зойир. — Тўғри прокурорнинг олдига бориб, бор гапни айтиб берсаммикан? Уям одам, тушунар. Емаган сомсага пул тўлатишмоқчи, десам. Эргаш аканинг ўч олаётганини айтиб берсам...

Фермер ўйланиб қолди, сўнг бир нарса эсига тушгандай юзи ёришди:
— Қишлоқнинг бошида турадиган Асқар акани танийсизми?
— Ҳа, қизил «Москвич»и бор.
— Ҳа. Ўша. Ўзининг қаерда ишлашини аниқ билмайман, лекин бир-иккита илтимос билан борганларга ёрдам берганини эшитганман. Асқар аканинг туққан тоғаси шу системада каттароқ одам шекилли... Ишқилиб, орган одамлари билан ош-қатиқ бўлиб юради дейишади. Бориб аввал шу кишидан маслаҳат сўранг-чи...
— Ҳозир... борайинми? Иш...
— Э, ака, ҳозир боринг-да. Бу ёқда уйингиз куяйин деб турибди-ю... Иш қочиб кетармиди... Қолганини ўзим қилиб қўяман.

Зойир оёғини қўлига олганча қишлоққа қараб чопди.

* * *

Омади келганини қаранг. Новча, озғин, ораста кийинган, тилла гардишли кўзойнак тақиб олган Асқар ака деганлари энди уйидан чиқиб, катта кўчага бурилаётган экан.

Зойир ҳовлиқиб унинг йўлига чиқди ва қўлини кўтарди.

«Москич » тўхтади.

Зойир шоша-пиша салом берди.

Аҳволидан, ўзини тутишидан нимадир содир бўлганини тушунган Асқар ака Зойирни чеккароққа, дарахт соясига олиб ўтди-да:
— Энди гапиринг, ука, — деди кўзойнаги оша диққат билан тикилиб.

Зойир яна шоша-пиша, шу сабабли сал чала-чулпа тарзда бор гапни айтиб берди.
— Ёрдам беринг, Асқар ака, — деди у ниҳоят ҳансираб. — Қуруқ туҳматга қолиб кетаяпман.
— Ўзи текширувчиларга учрадингизми? — дарҳол савол берди Асқар ака.
— Ҳозир борсамми деб тургандим... Аввал сиз билан учрашиб, маслаҳатлашийин деб...
— Ҳм-м, — дея бир муддат норозироқ тарзда ўйланиб қолган Асқар ака соатига қаради. Сўнг бир нимага аҳд қилгандай ишчан қиёфада деди: — Унда бундай қиламиз. Бахтингиз бор экан. Раёнга бораётгандим. Йўл-йўлакай прокуратурага кириб, гап нимадалигини билиб чиқаман... Балки арзимаган ишдир. Битта телефон билан битиб кетар... Йўқ, яхшиси бирга борамиз... Правангиз бор, а?
— Бор.
— Жуда яхши. Унда ҳозир уйингизга кирамиз. Правангизни оволинг. Биронтасига чой-пой ичириш керак бўлса, анави зормандадан менинг ҳам қўшилиб ичишимга тўғри келади. Бусиз иш битмайди. Шунда машинани ўзингиз ҳайдаб қайтасиз. Кейин... — Асқар ака Зойирнинг усти-бошига синовчан тикилди: — Ўзингиз ҳам сал тузукроқ кийиниб олсангиз. Билиб бўладими, бирон нозикроқ жойга бориб қоламизми? Совға-салом дегандай...
— Тушундим, тушундим, — деди жон ҳолатда Зойир.

* * *

Хуллас, Зойир шоша-пиша уйига кириб, кўчалик кийимларини кийди ва жами бойлиги — юз мингга яқин пулни чўнтагига солиб олди. Хотин буни кўрди, аммо миқ этмади. Афтидан, у ҳам бу балонинг тезроқ даф бўлишини истарди.

Бир пасда туман марказига етиб келишди.

«Москвич» туман прокуратураси жойлашган уч қаватли муҳташам бино олдига келиб тўхтади.

Зойир машинада ўтириб турадиган бўлди.

Асқар ака қўриқчиликда турган милитсионерлар ёнидан худди ишхонасига кираётгандай гердайиб ўтиб кетди.

Орадан ярим соатдан сал кўпроқ вақт ўтди.

Зойирнинг ичини ит таталай бошлади.

Ниҳоят новча Асқар аканинг қораси кўринди. Қуёш тиғида кўзойнагининг тилла гардиши ялтираб кетган Асқар ака шошилмай машинаси томон келарди.

Асқар ака ўз жойига ўтиргандан кейин нимагадир қовоғини солди ва оғир уф тортди.

Буни кўриб Зойирнинг ичи музлаб кетди.
— Тўртта трактор, битта «Зил», битта «КамАЗ»... — санай кетди тўсатдан Асқар ака. — Бунча нарсани ҳазм қилишнинг ўзи бўлмайди, ҳамқишлоқ. Тиқилиб қолиш мумкин. Ростданам аралашмаганмисиз ўзи?
— Айтдим-ку борини, — зориллади Зойир.

Асқар ака яна бир муддат қошларини уйганча ўйланиб қолди, сўнг чўнтагидан митти қўл телефонини чиқарди-да, рақам тераркан, хушламайгина деди:
— Аммо бир аблаҳда экан делонгиз... Туяни ютса думини кўрсатмайдиганлар хилидан. Яна ҳеч нарса олмагандай кўзингизга бақрайиб тикилиб тураверади... Қани, бир гаплашиб кўрайлик-чи. Дами баланд бўлса, нима ҳам қилардик, зоримиз бор, зўримиз йўқ деб қўяқоламизда, а, ҳамқишлоқ?

Юраги тобора пўкиллаб бораётган Зойир:
— Бир иложини қилинг, ака, — деди Асқар акага мўлтираб қараб. Сўнг қачондан бери тилининг учида турган жумлани базўр ситиб чиқарди: — Хизматингизни қиламиз...
— Мен ҳамқишлоқларимга хизмат айтмайман, — деди Асқар ака аллақандай улуғворлик ила. Сўнг бирдан бармоғини лабига олиб бориб, «жим» ишорасини қилди-да, ўшандай улуғвор оҳангда телефонга гапира бошлади: — Ассалому алайкум. Раҳимов керак эдилар... Шерзоджон... Ўзларими? Мен Асқар акангизман... Ҳа, раҳмат... Ўша куни тоғамнинг уйида сиз ҳақингизда анча яхши гаплар бўлди... Эшитиб хурсанд бўлдим... Хизмат йўқ, ука. Фақат бир яқин кишимизнинг сизга иши тушиб турган экан. Шуни бир маслаҳатлашиб кўрайлик деб, а... Ҳа, «Гулистон» хўжалигидан... Э, қанақанги талон-тарож? Акахонимиз бузоқнинг ҳақи бор деб сигирнинг сутини ичмайдиганлардан... Қолаверса, тоғам ҳам бир вазиятни ўрганиб кўр-чи, дегандай бўлувдилар... Ҳа, ҳа, собиқ главний инженер. Зойир Абдусаломов... Бизга анча яқин одам... Шуни бир гурунглашсак, а. Қаерда бўларди, бир пиёла чой устида. Холироқ жой бўлса. Менга қаранг, Шерзоджон, иш қочиб кетмайди. Борарсиз ўша бошқармангизга. Аввал бир кўришайлик. Хўп, ана, ярим соатга. «Висол» қалай? Ўтган сафар табакаси сизга маъқул бўлувди шекилли, а? Хўп, ярим соатдан кейин... Хўп...

Шундан кейин Асқар ака қўл телефонининг тугмачасини босди ва Зойир томон ўгирилди:
— Бир амаллаб кўндирдим. Борайлик, гаплашиб кўрайлик-чи.
— Раҳмат-е, ака, — деди ҳаяжондан товуши титраб кетган Зойир. — Бола-чақангизнинг ҳузурини кўринг. Хизматингизда бўлайлик...
— Яна қайтариб айтаман, — илжайди Асқар ака, — мен ҳамқишлоқларимга хизмат айтмайман. Қўлимдан келса беминнат ёрдамлашаман, қўлимдан келмаса очиғини айтаман-қўяман...

Ана шундан кейин ҳам дунёда яхши одамлар йўқ деб кўринг-чи!..

* * *

«Висол» қаҳвахонаси туман марказидан хўжалик томон чиқиш йўлида экан.

Шинамгина қаҳвахонанинг ичида алоҳида хонаси бор экан. Бу ерга келавериб ўрганиб қолган шекилли, Асқар ака тўғри шу хонага кириб борди.

Офитсиант столни турли газаклару ичимликлар билан безаб улгурар-улгурмас Шерзод дегани ҳам кириб келди. Бу хўппа семиз, юрганда оёқлари таравақайлаб, қорни эса сув тўла мешдай қулдур-қулдур овоз чиқарадиган, аммо митти кўзлари одамга тешиб юборгудай синчковлик билан қарайдиган қирқ ёшлардаги одам экан.

Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашганларидан кейин одатга кўра аввал учрашганлари ва танишганлари учун ичишди.

Зойир пиёлага лаб текизиб қўйди, холос.

Зойир бир нарсага тан берди: бу бақалоқнинг ичи бамисоли қудуқ экан, ичган билан тўлмас экан. Унга етай деб Асқар аканинг ҳам бўлари бўлди.

Ишқилиб, биринчи овқат келгунга қадар учта шиша бўшади.

Тўртинчи шиша яримлаб қолгандан кейингина Асқар ака имо-ишорали гап қилиб ўтирмай, тўғридан-тўғри мақсадга кўча қолди:
— Шерзоджон, боя айтган қариндошимиз шу киши бўлади. Қуруқ туҳматга қолиб ўтирибди. Ўзингизни қора тортиб келавердик. Бир ёрдам қиласиз энди...

Тўсатдан мутлақо ичмаган одамдай ҳушёр тортиб, ёғли лабларини сочиққа артган Шерзод ўзига мўлтираб қараб турган Зойирга синчков назар ташлади ва бирдан пихиллаб кулиб юбораркан:
— Бу акам чатоқ, — деди. — Вақтида техникани сотган, пулини қуртдек санаб олган. Энди мусичаи беозор бўлиб, орага сиздек акахонларимизни қўйиб... Яхши эмас, яхши эмас... Ейишни билган одам беришни ҳам билиш керак...

Ранги ўчиб кетган Асқар ака Шерзодни силтаб ташлади:
— Бу унақа одам эмас деб айтдим-ку. Ё менинг гапим етарли эмасми? Жуда агар қуруғига ишлагинг келмаётган бўлма, ма, ол, лекин қайтиб бу одамга туҳмат қилма!

Шундай дея Асқар ака ён чўнтагидан иккита юз долларлик чиқарни ва Шерзоднинг олдига ташлади.

Хижолат тортган Зойир ўрнидан туриб кетай деди. Аммо Асқар ака уни қўл ишораси билан жойига қайтариб ўтқазиб қўяркан:

 — Men koʻchada topganimni koʻchada sarflayman, — dedi. — Kecha bir ish qilgandim, shunga xizmat haqimni ertalab tashlab ketishuvdi. Men bu pulni baribir uyga olib bormasdim. Sizga mening yordamim boʻlsin...

Eнтикиб кетган Зойирнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Э, бу дунёда яхши одамлар ҳам кўп экан! Мана, шулардан биттаси, эҳтимолки энг яхшиси Асқар ака қаршисида турибди!..

Шерзод пулни олди, ёруққа солиб кўргач, чўнтагига солиб қўяркан:
— Сизники табаррук, — дея яна пихиллаб кулди. — Оз бўлсаям кўп ўрнида кўрамиз-да.
— Етади, — тўнғиллади Асқар ака жиддий тарзда. — Кўпини пули борлардан оласан!
— Хўп, хўп, дедик-ку, — қўлини кўксига қўйди Шерзод. — Энди шу ҳақда бошқа гаплашмай, озроқ ароқ ичсам, озроқ овқат есам майлими, рухсат берасизми?
— Рухсат бераман, — илжайди Асқар ака.

Шерзод бечора шу рухсатни кутиб турган эканми, жон-жаҳди билан ичкиликка ва таомларга ташланди. Ўзиям бу борада Асқар акани чангида қолдириб кетди-ёв...

Орадан ярим соатча ўтиб, икитадан қовурилган жўжа ейилганидан кейин (томоғидан овқат ўтмаётган Зойир минерал сув ичиб ўтирарди, холос) Асқар ака шамоллашга чиқиб кетган маҳал худди боягидек бир қултум ичмаган одамдай бирдан ҳушёр тортган, фақат кўзлари қип-қизариб кетган Шерзод эгилиб, Зойирга шивирлади:
— Акангизнинг ҳурмати бор... Асли нархи минг эди... Майли, сизга яна бир арзимаган хизмат айтаман. Ўшани бажарсангиз бўлди...
— Жоним билан, — деди Зойир қўлини кўксига қўйиб.

Базм ярим тунгача давом этди.

Зойир олиб келган пул ҳисоб-китобга учма-уч етди...

* * *

Зойир эртаси куниёқ таниш-билишларидан қарз олди, етмаганига бир қўйини сотди, ишқилиб икки юз долларга етадиган пулни кечга ячқин Асқар аканинг уйига олиб бориб берди.

Ажаб, аввалига Асқар ака пулни олишдан қатъиян бош тортди.
— Мен ҳамқишлоқларимга хизмат айтмайман, — деди боши торс ёрилай деб тургани боис афти буришиб кетаётган Асқар ака.
— Ҳам салом бериб, ҳам товон тўлаб юрманг, Асқар ака, — деди Зойир меҳр билан. — Сизга жуда катта раҳмат...

Eртаси куни эса оппоқ «Нексия»да келган бир оқ кўйлакли, бўйинбоғ таққан йигит Шерзоднинг «арзимаган хизмати»ни айтиб кетди. Қўшни қишлоқда яшайдиган Шерзоднинг акаси яқинда бир янгигина «Зил»ни хусусийлаштириб олган экан. Ўшанинг майда-чуйда эҳтиёт қисмларини қўйиб, юргазиб юбориш керак экан...

Зойир ҳаллослаб қўшни қишлоққа югурди.

«Янгигина» машина деганларининг рамаси бор эди, холос...

Буни кўриб Зойирнинг кўзи тиниб кетди. Шерзоднинг акаси қўлини белига тираб турганини кўргандан кейин эса бу одамдан ҳеч қандай кўмак бўлмаслигини ҳам англади.

Аммо лафз ҳалол. Зойир уйидаги ягона сигирини бозорга олиб чиқиб сотди, пулига эҳтиёт қисм сотиб олиш учун уч марта бозорга чиқди.

Ишқилиб, саккиз кун деганда машина ўрнидан қўзғалди...

Бу хабарни шахсан Шерзоднинг ўзига айтиб қўйиш, ҳам бир йўла кўзига бир кўриниб қўйиш мақсадида кеч бўлса ҳам Зойир туман марказига йўл олди.

«Дамас» туман марказига кириб бораётгани маҳал йўл четидаги «Висол»қаҳвахонаси ёнида турган қизил «Москвич» Зойирга таниш туюлди.

Зойир хабарни Асқар акага айтиб қўя қолай деган ўйда «Дамас»ни тўхтатди.

Зойир аввал келиб юрган одамдек тўғри ичкарига хонага кириб бораётгани боис биров уни тўхтатиб ўтирмади.

Ўша хона.

Бирдан бостириб кириш ноқулайлиги боис Зойир қия очиқ эшик олида бир зум туриб қолди.

Худди шу маҳал ичкаридан аниқ-тиниқ янграётган овоз эшитилди.

Гапираётган Асқар ака эди. Аммо сўзлар... Сўзлар жуда-жуда таниш эди.
— Мен кўчада топганимни кўчада сарфлайман, — дерди Асқар ака. — Кеча бир иш қилгандим, шунга хизмат ҳақимни эрталаб ташлаб кетишувди. Мен бу пулни барибир уйга олиб бормасдим. Сизга менинг ёрдамим бўлсин...

Бунга жавобан Шерзоднинг пихиллаб кулгани эшитилди:
— Сизники табаррук. Оз бўлсаям кўп ўрнида кўрамиз-да.
— Етади, — тўнғиллади Асқар ака. — Кўпини пули борлардан оласан!
— Хўп, хўп, дедик-ку, — дегановози келди Шерзоднинг. — Энди шу ҳақда бошқа гаплашмай, озроқ ароқ ичсам, озроқ овқат есам майлими, рухсат берасизми?

Ҳа, буларнинг бари жуда-жуда таниш эди. Гўё...

Гўё артистлар бир саҳнани иккинчи бор ижро этишаётгандай...

Зойир аста боҳини ичкарига суқди ва яқиндагина ўзи ўтирган жойда кўзларида миннатдорлик ёши билан Асқар акага термулиб ўтирган эллик ёшлардаги бир деҳқонни кўрди...

Зойир... индамай ортига қайтди.

Наҳотки... Наҳотки... Наҳотки инсон боласи шунчалик маккорликка, риёга қодир бўлса...

* * *

Eртаси куни Зойирнинг номига прокуратурадан чақирув қоғози келди.

Зойир худди шундай бўлишини билгандек миқ этмай қоғозни олди, кўрсатилган жойга имзо қўйди.

Шундан кейин Зойир чақирув қоғозини яхшилаб буклаб чўнтагига солди ва тўғри идорага йўл олди. Зойирнинг юзиданоқ нимагадир қатъий аҳд қилгани сезилиб турарди.

Идора ёнидаги дарахтлар соясида қордай оппоқ «Нексия»сини юваётган Ибройим собиқ ҳамкасабасининг кўринишиданоқ ҳаммасини тушунди шекилли, югуриб келасола унга ҳовлиқиб гап уқтира бошлади:
— Вақтида келдинг... Эргаш акам шу ерда... Сени фақат шу одам қутқариб қолади!.. Дарров олдига кир. Эгил, ялин, ёлвор, ишқилиб жонингни сақлаб қол... Озроқ хушомад қилсанг ўлиб қолмассан... Қолгани бир гап бўлар... Эргаш ака яхши гапни яхши кўради... Агар барисини бўйнингга қўйишса ўзингни сотибам тўлай олмайсан...

Зойир миқ этмасдан йўлида давом этарди.

Ундан олдинга ўтиб олган Ибройим пилдираб борасола аввал қабулхона эшигини очди, кейин эса Эргаш ака ўтирган кабинет эшигини.

Ибройим жон-жаҳди билан нималарнидир ишора қиларди.

Зойир шу томонга кўз қирини ташлади ва Ибройимнинг «Eгил... эгил...» деб ишора қилаётганини кўрди.

Зойир... аввал сал эгилди... сўнг... жиққа ёшга тўлган кўзларини чирт юмиб олган кўйи янада кўпроқ эгилди ва остона ҳатлади...

Шу оқшом Зойир уйида хонасига биқиниб олиб хотини, болаларини қўрқитиб роса ичди, маст бўлиб олгач эса кўринмас кимларгадир роса бақирди. Деразага яқин келган хотин шўрлик эрининг алам билан:
— Мени синдиришди... Мени синдиришди... — деяётганини эшитгандай бўлди. — Мени хўрлашди... ҳақорат қилишди...

Ногаҳон бирдан жимлик чўкди. Юраги увишиб кетган хотин қулоғини дераза ойнасига босди.

Ичкаридан пиқ-пиқ йиғи овози келарди...

Eркак йиғламоқда эди, эркак...