OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдуқаюм Йўлдош
Асар номиЁлғон ва ҳақиқат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдуқаюм Йўлдош
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм69KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ёлғон ва ҳақиқат (ҳикоя)
Абдуқаюм Йўлдош

Ўзбековуллик Райимберди чўлоқнинг кенжа ўғли Ғозиқул ўқишни битирганидан сўнг шаҳарда қолиб кетди.

Ваҳоланки, Ўзбековулда ота-онанинг охир-оқибат кенжа ўғил билан яшаши расм бўлганди.

Райимберди чолнинг ҳам кўнглида шундай ният бор эди. Шу боис ота катта ўғилларининг ҳар бири алоҳида уй-жой қуриб олишига қўлидан келганча кўмаклашди.

Ғозиқул ўқиб юрган чоғлари шаҳарга олифталарча кийиниб, қишлоқни босган таппи исидан бурнини жийириб бўлса ҳамки, онда-сонда келиб турарди.

Йигит салгина мақтанишни хуш кўрарди.

Ўқиши борасида ҳам тенгдошларига ёинки ўзидан кичик ёшдагиларга алланечук мароқланиб, лаззатланиб ҳикоя қилишни бопларди:

Dars deganlarini teshib qoʻyganman! derdi gapga biyron talaba odatda darrov joʻshib ketib. Domlalar ham buni yaxshi biladi. Shuning uchun baholarimni avtomat qoʻyib qoʻyaverishadi.

Табиийки, ёшлар бор жойда гап айланиб қизларга келиб тақалади-да.

Ғозиқул бу соҳада ҳам суяги йўқлигини пеш қилишни бопларди.

Тўрттаси билан юраман, дерди у суҳбатдошларининг бурнига тўрт панжасини уриб юборгудай тақаб. Ҳаммасининг фигураси даҳшат!

Биронтасига уйланасизми? деб сўрарди илоннинг тилидай ингичка бўйин тақиб олган шаҳарлик талабанинг оғиз кўпиртиришларига маҳлиё бўлиб қолган собиқ синфдошлардан бири гапдон тенгдошини «сен»лашга истиҳола қилиб.

Ана шунда Ғозиқул деганлари лабларини ғалати буриштириб-қийшайтириб, қошларини чимирар, ўзича ақлли ёки маънодор гап қилмоққа уринар ва бир муддатлик сукунатни ўтказгач, алал-оқибат:

Йўқ, дерди сохта тантана билан. Уларнинг бариси «Юрсанг майли, лекин тегмаймиз!» деб айтган.

Албатта, бу қадар чуқур ҳикматли эътирофнинг мағзини чақишга қишлоқ ёшларининг салоҳияти етмасди. Шу сабаб навбатдаги савол ўртага ташланарди:

Нега?

Ғозиқул савол бергувчига «Шуни ҳам билмайсанми?» дегандек мазахомуз қарар ва сира эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда шартта айтардики:

Бир маза қилиб қолишмоқчи бўлишган-да!

Талаба бу билан нима демоқчи ё бўлмаса ўша «юрадиган» қизлар нимани бир маза қилишмоқчи буни тушуниш мушкул эди. Лекин ортиқча савол бериш ҳам ўнғайсиз.

Райимберди чолнинг ўзига қўйишса-ку, ўқишини битирган заҳоти ўғлини диконглатиб судраб келарди-я шаҳардан. Лекин кутилмаган бир ҳодиса бўлиб қолди.

Eнди ўқишини тамомлаган Ғозиқул лотереяга «Нексия» ютиб олибди!

Ўзиям Ғозиқул деганларини ойнаи жаҳонда бир ойча реклама қилишди-ёв.

Кеч тушаверса бўлди, телевизор атрофига йиғилиб олганлардан биронтаси «Ҳозир Ғози чиқади» дер ва шу гап айтилар-айтилмас, экранда пайдо бўлган «Реклама» ёзувининг ортидан камера қаршисида сал ўнғайсизланиб турган Ғозибой кўринарди.

Дарвоқе, омадли ютуқ соҳиби микрофонга қараб:

Мен, Ғозибой Раҳимбердиев, бозорда иккита лотерея сотиб олгандим... деб гап бошларди.

Балки шу сабабли бўлса керак, Ўзбековулда одамлар энди бахтли талабани «Ғозибой» деб атай бошлашди.

Хуллас, Ғозибой телевизорда кўринавериб чарчамади, одамлар Райимберди чолни табриклаб чарчашмади.

«Neksiya» yutgan Gʻoziboydan esa darak boʻlavermadi. Shu sabab, el-yurtning gapidan uyaldimi, Rayimberdi chol bir qoʻchqor soʻyib, ovulning katta yoshli erkaklarining barini dasturxonga chorladi.

Райимберди чол ўжаргина эди. Шу боис, бир дўқ билан учар қушдай шаҳарга интилаётган катта ўғилларининг попугини пасайтириб қўйди:

Ота керак бўлса ўзи келади, ака керак бўлса ўзи келади.

Шунда тўнғич ўғил Норбўта озгина эътироз билдиришга уринди:

Гуппи болангизни дўст-жўралари эритиб юрган ҳар куни.

Райимберди чол бир муддат ўйланиб қолди, сўнг:

Ҳар куни эрийверишга пул қайда, агар мошинни сотмаса... деди.

Бу гапни эшитган акаларнинг ичидан қиринди ўтди, аммо ота ҳузурида ортиқча маҳмадоналик қилишдан ўзларини тийдилар.

Ғозибой қирқинчи куни қишлоққа оппоқ «Нексия»да кириб келди.

Қучоқлашиб сўрашишлару қутловлардан кейин ота ҳайрон бўлиб сўради:

Праванг йўқ эди-ку, болам, машинани қандай ҳайдаб келдинг? Йўлда гаи-паи...

Бунга жавобан Ғозибой одатига кўра беписанд қўл силтади:

E, ҳозирги замонда пул бўлса самолётни ҳам ҳайдаб кетса бўлади, ота...

Қувониб кетган Райимберди чол боқиб юрган каттагина қўчқорини сўйди, эл-юртни уйга чорлади. Бу сафар дастурхонга ароқ-вино ҳам қўйилди.

Келганлар бири-биридан ширин қадаҳ сўзлари айтишди, Райимберди чолни, Ғозибойни қутлашди. Кўпчилик билан тўқиштириб ичавериб, анчагина кайф бўлиб қолган Ғозибой чайқалиб-гандираклаб ҳовли ўртасида турган оппоқ машинаси ёнига борди-да, кутилмаганда капотга бор кчи билан даранглатиб урди ва:

Бу... дея бўкирди, бу машина отамнинг хизматида бўлади. Бир умр...

Меҳмонлар «оҳ-воҳ»лар билан ўз ҳайратларини изҳор этишди, кўнгли бўшаб кетган Райимберди чол кўзларига ёш олди...

Ишқилиб, ҳаммаёқ «сен же, мен же» бўлиб кетди.

Меҳмонлар тун ярмида тарқалишди.

Eртаси куни пешинга қадар кун тафтида пишиллаб ухлаган Ғозибой бир амаллаб кўзларини очдию, офтобадаги илимиқ сувда шоша-пиша юзини ювгач, ҳовлидаги чорпояда ёнбошлаб ётганча бир умр ўзининг хизматида бўладиган оппоқ «Нексия»га кўзларини қисиб, завқланиб қараб ўтирган отанинг ҳузурига борди.

Одатдаги салом-алик, «Яхши ётиб турдингми?» «Раҳмат»лардан кейин дабдурустдан Ғозибой дангалига кўчди:

Ота, уч юз мингча пул керак.

Ота сергак тортди.

Тинчликма, болам?

Оформленияга, чехолга. Агар яна юз минг бўлса сигнализатсия ўрнатсаям бўлади.

Райимберди чол ўзича мулоҳаза қилди. «Оформления, чехол керак... Лекин машина қишлоқда бўлса, сигнализатсяи нимага керак?»

Уйда бунча нақд пул йўқ эди.

Ота уч ўғлининг ҳар биридан биттадан қўйни деярли мажбурлаб олди. Айниқса Норбўта қаттиқ қаршилик қилди.

Тўйга деб биттагина қўй боқаяпман, униям берсам, ўзим нима қиламан? деб оёғини тираб туриб олди.

Шунда Райимберди чол уни жеркиб берди:

Bitta qoʻy shuncha aziz boʻldima? Ertaga moshin uyda tursa yurasan maza qilib.

Хайрият, бу дастак ўжар ўғилнинг шахтини сал сўндирди. Бундан мамнун бўлган отанинг ўзиям битта қўй қўшди. Сўнг бу қўйларни янги машина ортиб бозорга олиб боришга кўнгли бўлмай, қишлоқда молни кўтара савдо билан оладиган Саид даллолни чақирди. Даллол отанинг мўлжалидан анча паст нархни айтди.

Савдолашиш бошланди.

Ниҳоят, бир тўхтамга келинди.

Барибир пул уч юз мингга етмади. Қолганига чол-кампир пенсиясидан ўлимликка деб йиғиб юрганини қўшишди.

Шойи белбоққа тугилган пулни эътиборсизлик билан юкхонага ташлаб қўйган Ғозибой раҳмат айтган бўлди ва машинани қишлоқ йўлидан чангитиб ҳайдаб кетди.

Райимберди чол оппоқ «Нексия» ортидан узоқ қараб қолди. Гўёки машинани сўнгги бор кўриб турганини кўнгли сезгандай...

* * *

Вақтнинг бу қадар ошиқиб чопқиллашини! Овулда бирдан Ғозибойга айланган кенжатой ҳов ўша машинани расмийлаштиришу ўриндиқларга ғилоф ўрнатиш учун уйдагилар не машаққатлар ила топиб берган уч юз минг сўмни олиб кетганидан кейин нақ олти ой қорасини кўрсатмади.

Ота, акалар бир ой кутишди, икки ой. Охири хавотирлана ҳам бошлашди. Аммо Ғозибойи тушмагур овулдан шаҳарга бориб ўқиётган талабалардан салом айтиб юборишни канда қилмасди.

Ўша талабаларнинг айтишича, Ғозибой «Ишларим беш!» деган эмиш. Яхшигина ишга кирибди, овулдагиларнинг тушига ҳам кирмаган маош олаётган эмиш. Яқинда эса чет эл сафарига ҳам боришни мўлжаллаб турган экан...

Бу хабарларни эшитиб отанинг сал кўнгли жойига тушгандай бўлади.

Аммо тўнғич Норбўта ҳеч бу гаплардан қаноат ҳосил қилмайди. Кунда бўлмаса ҳам, кун ора келиб гап орасида кенжатойнинг вафосизлик қилаётганини қистириб ўтиб кетади.

Shahar koʻrgan echkidan qoʻrqish kerak, derdi odatda Norboʻta gap ohangiga ozgina vahima aralashtirgan holda. Buningiz soddagina bola, birontasi boshini aylantirib, «Neksiya»ni maza qilib minib yurgandir. Biz boʻlsak bu yerda, chang ichida bitta eshak aravaga zor boʻlib... Necha marta toʻy-ma’rakaga borishga ham birovga sargʻaydik...

Отанинг ҳам кўнглида бир нияти бор эди. Ғозиқул келсаю, чол-кампирни оппоқ «Нексия»га миндириб олиб, бир Бухоройи шарифга зиёратга олиб бориб келса. Ахир, Бухоро азиз-авлиёлар ўтган жой. Ана, қишлоқ мулласи Ашур кўса ҳам бир жаноза маҳали гурунг орасида айтиб ўтиб кетди-ку: «Бухорони зиёрат қилиш ярим ҳажга баробар», деб. Шундай экан, ўзингнинг машинангда, юмшоққина ўриндиқларга ястаниб олиб, беминнатгина боришга нима етсин.

Чол айнан шу сабабли овулдаги тенгдошлари ўратага пул ташлаб, Бухорога бориб келиш учун эскигина «Паз» автобусини кира қилишганида қўшилмай туриб олди. Тенгдошлар ҳадеб зўрлайверишганида эса соғлиғини баҳона қилди. Ҳолбуки, етмиш бешга кириб Райимберди чол сал оқсаб юришини айтмаса (бу ҳам болаликдан қолган, буғдой ўрар маҳали ўзининг жўраси Сайдазим сариқ адашиб ўроқни унинг болдирига санчиб олган) бирон марта соғлиғидан шикоят қилмаган, дўхтирларга чопмаган.

Сайдазим жўраси сариқлигидан ташқари, қувгина ҳам эди. Шу сабабли у Райимберди чолни аяб ўтирмади, гап билан узиб олди:

Олисдаги «Нексия»дан, жўра, яқиндаги «Пазик» яхши. Тушунганский?

Райимберди чол бамисоли гуноҳ иш учстида қўлга тушгандай қизариб кетди, сўнг бир амаллаб ўзини қўлга оларкан, сир бой бермасликка уринган кўйи ҳазин оҳангда гапиришга уринди:

Гап соғлиқда, жўра. Соғлиғим тўғри келганда-ку, Бухорога пиёда боришгаям тайёр эдим-а...

Сайдазим сариқ жўрасига истеҳзо билан қараб турди-турди-да, сўнг яна нишини санчди:

Бу кетишда ҳали пиёдаям боролмай қоласан-ов...

Ҳар не бўлганда ҳам ўттизтача чол эски, шалақ, бунинг устига қўланса иси салонга уриб турадиган автобусда Бухоро шаҳрига, муқаддас жойларни зиёрат қилишга бориб келишди. Ана шундан кейин Сайдазим сариқ нақ бир ҳафта овулда ҳеч кимга гап бермади. Айниқса Райимберди чолнинг олдида кўрганларига қўшиб-чатиб роса мақтанди.

Райимберди чол бу гапларни қулоғини динг қилиб эшитди, оғзидан суви келиб эшитди. Қариянинг Бухорога жуда-жуда боргиси келди. Аммо ўйлай-ўйлай, охири ўғлини кутишга қарор қилди. Ахир, лафз ҳалол. Ўғли ўшанда, отаси ўғли машина ютиб олгани боис эл-юртга дастурхон ёзиб, борини тўкиб солганида ҳамманинг кўз олдида капотни муштлаб «Бу машина отамнинг хизматида бўлади. Бир умр...» деганди ахир. Ўша ҳузурбахш дақиқаларни эсласа қариянинг кўнгли юмшайди, томоғига муштдай бир нима келиб тиқилади, етмши икки томирига илиқ бир нима югургандай бўлади.

«Кўлик ёшларга ярашади, дея ўйларди отахон бундай пайтлари. Майли, болалар миниб юраверсин. Чол-кампирни бир Бухорога олиб бориб келса бўлди-да...»

Райимберди чол дўст-тенгдошлари олдида соғлиғидан шикоят қилиб, хаторликка йўл қўйган эканми, ишқилиб, кейинги кунларда чиндан ҳам оёқ бўғимларида оғриқ пайдо бўлди, боши ҳам сал ҳаракат қилса айланадиган бўлиб қолди. Бунинг устига ўқтин-ўқтин пешонасида санчиқ туради.

Қария буни чарчаганликка ёхуд шамоллашга йўйди. Шу сабаб баданига эринмай қўй ёғидан суртиб чиқди, оёқ бўғимларига шўр пахта босди, кунда-кунора уйда исириқ тутаткизиб турди.

Мана шундай кунларнинг бирида Ғозибой уйга салгина уринганлиги сезилиб турган кул ранг «Матиз»да кириб келди.

Райимберди чол индамади, аммо кўзларининг пахтаси чиқиб кетган Норбўта дам сайин отасининг ёнига келар ва вишиллаб:

Ана, айтмабмидим! деб кетарди.

Тўнғичига қараб ўқрайиб-ўқрайиб қараб қўяётган чол ниҳоят бир пиёла чойдан кейингина тил учида турган саволни берди:

Болам, мошининг ўзгариб қолибдима?

Ғозибой пинак бузмай, шу заҳоти жавоб қайтарди:

«Нексия»ни арендага бердим. Ўзим ҳозирча «Матиз»ни эрмак қилиб юрибман.

Права олдингма?

Ўғил яна бепарво қўл силтади:

Пулингиз бўлса, ота, ҳозирги замонда самолёт ҳайдасангиз ҳам бўлади. Гаиларнинг ҳам отаси пул-да, ота...

Гапга ҳеч сабри чидамай, жойида ирғишлагудай бўлаётган Норбўта аралашди:

Арендага берсанг шу ердаям шопирлар бор эди.

Бу саволга ҳам олдиндан жавоб тайёрлаб келган эканми, Ғозибой акаси гапини тугатмасдан оғзидан олиб ёқасига ёпиштирди:

«Нексия» шаҳарнинг машинаси, ака. Бу ернинг шопирлари, бу йўлларда уни уч кунда расво қилишади.

Дарҳақиқат, овулга олиб келувчи ягона йўл йил бўйи ўнқир-чўнқир бўлиб ётар эди.

Норбўта нимадир деб эътироз билдирмоққа оғиз жуфтлади, аммо тўнғичидан олдин ота тилга кирди:

Болам, биз чол-кампирни бир Бухорога олиб бориб келсанг. Азиз жойларни зиёрат қилиб келсак...

Қачон?

Ота шошиб қолди, сўнг ўйланиб туриб жавоб қайтарди:

Иложи бўлса, жума кунлари...

Бўлди, гап йўқ, деди Ғозибой ишонч билан. Жума бўлса жума-да. Келаману, олиб кетаман. Сизлар тайёр бўлиб турсаларингиз... Фақат... шу ерга келганда ўғил ўйланиб қолди: шу «Матиз» сал жёсткийроқ-да. Мен сизларни «Нексия»да олиб бориб келаман. «Нексия» юмшоқ бўлади, қийналмайсизлар...

Яна кўнгли бўшашиб, кўзларига ёш қалққан ота белидаги белбоғининг учини мижжаларига босди:

Умрингдан барака топ, болам...

Бўлмаса сизларга ўзим хабар қиламан, деди Ғозибой ишбилармонларга хос кўтаринки оҳангда. Сизлар тайёр бўлиб турасизлар...

Оқшом, ётиш олдидан Ғозибой отасига яқин келиб, шивирлади:

Ота, бирон икки юз мингча пул керак бўлиб қолди.

Тинчликма? хавотирланиб сўради Райимберди чол.

Тинчлик, ота, тинчлик. Айтдим-ку, яхши жойга ишга кирдим деб. Бир-икки сўм ташласам, чет элга бориб ишлаб келишим тезлашади.

Отага бу таклиф унчалик ёқинқирамади, аммо ғаши келганини сездирмасликка уриниб, аста сўради:

Чет элга бориш шартма? Ишинг яхши бўлса... Бўлмаса шу ерга қайтиб келсанг ҳам бўларди. Раёндан бир иш топилар...

Ғозибой кескин бош чайқади:

Бу ернинг иши менга тўғри келмайди, ота. Ундан кейин, шаҳарда бир йилда топганимни чет элда бир ойда топаман, ота.

Ўзи қанчага бормоқчисан?

Уч ой, кўпи билан тўрт ойга...

Чол иккиланиб қолди.

Бу ёқда энанг қариб қолди...

Уч ойда қайтаман дедим-ку... Ишлаган пулимга икки хоналими уй олсам, сизлар ҳам бориб маза қилиб яшайверасизлар...

Райимберди чол узоқ мулоҳаза қилди. Охири ўқиган-билган ўғли бежиз бундай қарорга келмаган, деган ўйга борди-да, ўғилларини маслаҳатга чақирди.

Ғозибой ҳовлида, чорпояда пишиллаб ухлаб ётган маҳали ичкарида қизғин баҳс кетмоқда эди.

Бир сўм ҳам бермайман! деди Норбўта пишқириб. Бунингиз «Нексия»да, «Матиз»ларда ялло қилиб юрсин-да, биз бу ерда эшак аравагаям зор бўлиб... Бермайман. Пулнинг ўзи йўқ. Бўлгандаям бермасдим!

Қолган икки ўғил отанинг оғзига қарашди.

Ниҳоят, Райимберди чол тўнғичини жеркиб берди:

Уканг чет элда ишлаб, пул топби келса ёмонма? Шаҳардан уй олса ёмонма? Бизнинг уйдан ҳам ўқимишли одам чиқсин-да. Болаларинг катта бўлаяпти, эртан-бир кун ўқийман деб қолса, укангнинг уйига бемалол бораверасан...

Eшигини тепиб очиб кирасиз, дея ота фикрини давом эттирди укалардан бири.

Норбўта иккиланиб бош чайқади.

Ҳай билмадим-ов... Авваллари бозор кўрган эчкидан қўрқ, дейишарди. Эндилари шаҳар кўрган эчкидан қўрқ, деган гап бор... Ўқимишли бўламан деса шу ердаям бўлаверарди. Шунинг учун шаҳарда яшаш шартма?..

Хулласи, дея машваратга якун ясади Райимберди чол, учаланг биттадан қўй берасан.

Қўй! Қанақа қўй! фиғони фалакка чиқди Норбўтанинг. Уйимда битта эчкиям йўқлигини ўзингиз яъши биласиз-ку.

Бўлмаса битта қўйнинг пулини берасан, деб туриб олди ота.

Ота амри вожиб.

Ўғиллар айтилган миқдорни топиб келишди.

Етмаганига ота ўзи билан кампири пенсиясидан ўлимликка деб йиғиб юрган охирги пулларни қўшди.

Eрталаб, шойи белбоққа тугилган пулни Ғозибойга тутқазаркан, ота илинж ила эслатди:

Чол-кампир бир Бухорони зиёрат қилиб келсак...

Кенжатой отасига ажабланиб, кўзларини катта-катта очиб қаради:

Айтдим-ку «Нексия»да олиб бориб келаман деб. Ўзим хабар қиламан, тайёр бўлиб турсаларингиз...

Иложи бўлса, жума куни... деди юраги ҳаприқиб кетган ота.

Бўлди, гап йўқ. Ўзим бирон студентдан айтиб юбораман...

Ғозибой худди ўтган галгидай пул тўла белбоғни юкхонага эътиборсиз тарзда ташлаб қўйди-да, моторни ўтт олдирди.

Негадир ғазаби қайнаб кетаётган Норбўта аста укасининг ёнига бориб, тишлари орасидан шивирлади:

Бизди ҳеч бўлмаса раёнга обориб ке, ука. Бир бозор қилиб қайтайлик...

Ғозибой шошиб билагидаги соатига қаради. Сўнг афсусланиб бош чайқади:

Жон деб борардим-у, ака, соат учда муҳим йиғилиш бор-да. Етиб бормасам бўлмайди. Келаси сафар «Нексия»да обориб келаман.

«Нексия»нг арендада эмасми? ижикилаб сўради дарғазаб ака.

Ғозибой пинак бузмади:

Хоҳлаган пайтимда олиб тураман, деб шарт қўйганман. Ўша кунлар учун пул тўламайди-да.

Норбўта бир жойи оғриб кетгандай афтини бужмайтирди:

Кўзига қараб ҳайдасин... Бировники деб дуч келган ерга кетавермасин...

Буни ўзим контрол қилиб турибман, ака...

Шу билан хайрлашишди.

«Матиз» қишлоқнинг сертупроқ йўлидачанг булутини осмонга кўтарганча елиб кетди.

* * *

Кутиш азобини бошидан ўтказган одам яхши билади. Райимберди чол бир жума кутди, икки жума, уч жума...

Ҳар жума эрталаб ота киши билмас кийиниб олади. Мабодо Ғозибой «Нексия»да келиб қолса, шошиб қолишдан чўчийди-да. Бунинг устига, машинани кутдириб қўйишдан истиҳола қилади. Кампирига нима? Устига битта янги кўйлагини ташлайди, оёғига калишини илади бўлди-да, шу билан тайёр. Райимберди чол эса... Оппоқ яктак-иштон, ҳаттоки майка ҳам ювилган, тоза, ҳар пайшанба кечқурун Норбўтанинг хотини дазмоллаб берадиган камзул-шим... Камзулнинг кўкрак чўнтагидан соатнинг занжири чиқиб туради. Чўнтакда дазмолланган рўмолча. Масси-калиш ялтирайди. Баъзан ҳаттот оқсоқол мўйловини ҳам ялтиратиб, мойлаб олади. Ахир, ҳазил гапми чол-кампир Бухоройи шарифга боришади, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг ошёнига... Бундай зиёратга етганлар бор, етмаганлар бор... Бухоро зиёрати ярим ҳаж савобини адо этмоқ билан баробар...

Райимберди оқсоқол жума кунлари пешинга қадар таҳоратини янгилайвериб, қишлоқ чеккасига кўз тикавериб чарчайди. Тушга бориб чолнинг кайфияти тушади. Овқат ҳам емайди. Бир пиёла кўк чойни наридан-бери ичган бўлади-да, аста уйга кириб кетади ва киши билмас кийимларини алмаштиришга тушади.

Аммо буни кўпчилик билади...

Ҳатто бошида Норбўта отасигаи заҳарханда аралаш:

Келмайди, унингиз келмайди, деб айтишдан ўзини тийиб туролмасди.

Йўқ, бора-бора ўғил отасининг азобланаётганлигини сезди чоғи, ортиқча гап-сўздан ўзини тиядиган бўлди. Бунинг ўрнига жума кунлари саҳардан отасини эргаштириб қишлоқ чеккасидаги мачитга қатнайдиган бўлди.

Отамнинг ҳарна чалғигани яхши, деди Норбўта хотини бирдан ўзининг тақводор одамга айланиб қолганлигидан ҳайратлана бошлаганини кўрганида. Бўлмаса ўзини ўзи еб қўяди...

Кунлар, шу жумладан жумалар ҳам ўтиб борарди...

Охири Норбўта бир машина топиб, отасини Бухорога олиб бориб келмоққа жаҳд қилди. Аммо Райимберди чол кўнмади. Сабаб ҳам асослигина бўлди: «Ғози эшитса отам мени кутмабди-да деб хафа бўлади...»

* * *

Одамлар бор: емайди, ичмайди, ишламайди, аммо қўшнисининг уйида нима бўлаётганлигини миридан-сирисига қадар аниқ-тиниқ билмаса кечаси ухлай олмай чиқади. Шундай қишлоқдошлардан баъзилари шаҳарни эринмай изғиб, Ғозибойни топиб олишибди.

Чет элдаги хизмат юзасидан берилган саволларга йигити тушмагур киприк қоқмай жавоб бериб ташлабди:

Sal kechikib turibdi. Lekin ishlarim besh! Yaqinda ikki xonali uy oldim!

«Икки хонали уй» хабари Ғозибойнинг қишлоқда тўкилай деб турган обрўсини бирмунча кўтариб қўйди. Буни эшитган Райимберди чол ҳам енгил тин олди: «Ҳар қалай, шаҳарда бежиз юрмаган экан-ку...»

Аммо кейинги хабарлар кўнгилни қувнатадиган даражада эмасди.

Шаҳардаги бозорда келиб-келиб Сайдазим сариқ учратиб қолибди Ғозибойни. Сал чапанилиги бор эмасми, чол бирдан тутақиб бақира бошлабди:

Ҳей бола, йўлингга сарғайиб қарайвериб отангнинг кўзлари тешилиб кетди-ку! Бир такси билан бўлсаям обориб кел чол-кампирни Бухорога!

Бунга жавобан Ғозибой ажабланиб:

Такси нимага керак, «Нексия»м бор-ку, дебди.

Eнди ажабланиш навбати Сайдазим сариққа келибди:

Машинанг бўлса обор-да, нега аччиқ ичакдай чўзиб юрибсан?

Обораман! дебди Ғозибой сира шубҳага ўрин қолдирмайдиган оҳангда. Бу ҳафта вақтим йўқ, аммо кейинги ҳафта албатта обориб келаман...

Гўё ишни ўзи битиргандай хурсанд бўлиб, терисига сиғмай кетган Сайдазим чол қишлоққа келасола Райимберди жўрасидан суюнчи олгани чопади.

Райимберди чол икки ҳафтача ҳаяжонланиб, ўзидан ўзи мийиғида илжайиб, кўзлари чақнаб, кўчаларда қаддини кериб юрди. Шу ўн тўрт кун мобайнида оқсоқол бирон марта соғлиғидан шикоят қилмади.

Аммо ваъда қилинган жумада келмади Ғозибой... Табиийки, ҳаммамиз ҳам тирик инсонмиз, иш-пишимиз чиқиб қолиши мумкин.

Аммо кейинги жума ҳам қорасини кўрсатмади Ғозибой... Ҳаттоки ундан кейингисида ҳам...

Райимберди чол бирдан чўкиб қолди.

Бамисоли ичидан бир нима «чўрт» этиб узилиб кетгандай бирдан қадди букилди. Кўзларидаги ўт сўнди.

* * *

Илк бор ваъда қилинганидан кейин орадан роппа-роса ўттиз тўққиз жума ўтгандан сўнг (Райимберди чол эринмай санаб юрганди) келди Ғозибой. Бу сафар у эскироқ, ранги тўқ кўк «Жигули»да эди.

Ота ҳайдовчилик гувоҳномаси хусусида сўраб ўтирмади.

Норбўта тергов қилишни бошлаб юборди, аммо бирон саволига жўяли жавоб ололмади.

Ғозибой нуқул «иши беш»лигини пеш қиларди. Бунга сайин тўнғич аканинг жиғибийрони чиқарди.

«Нексия» қани? дерди у фиғони фалакка чиқиб. Агар мошин арендада бўлса, пули қани? Нега пачақ бир «Жигули»да юрибсан? Шунча пайтдан бери нега шопирликка ўқиб олмадинг?.. ва ҳоказо.

Ахийри хотини орқали саволларини такрорлаган Норбўта «шаҳарлик эчки» Ғозибойнинг яқинда катта бир одамнинг (йигит нечукдир «ко-отта» дебди) эркатой қизига уйланаётганини, аммо вақтинчалик ўша ерда яшаб туришини маълум қилди.

Ичкуёвми? қотиб қолди Норбўта. Эси жойидами бунинг? Отаси, онаси, учта акаси бари бирдай тирик туриб бу ичкуёв бўладима?

Ушбу серғазаб саволга «Бу вақтинчалик. Тез орада ишларим «беш» бўлиб кетади, ана ундан кейин алоҳида яшайверамиз» деган дудмалроқ жавоб бўлди.

Жаҳл устида ака асосий саволни бермаганлигини Ғозибой одатдагидек қанақадир муҳим ишлар учун икки юз минг сум олиб кетгандан кейингина англади. Аммо энди кеч эди. Шундай қилиб, «Тўй қачон? Қачон совчиликка борилади?» деган саволлар очиқлигича қолди.

Хўш, қанақа муҳим ишлари учун харажат керак экан кенжатойга? Тўғриси, буни Райимберди чол унчалик тушунмади. Лекин ўғлининг жон куйдириб бир нима тушунтиришларига жимгина қулоқ солиб, ҳаттоки бош ирғаб, маъқуллаб ўтирди. Афтидан, Ғозибой қайдадир дўкон очмоқчими-ей, қурилиш фирмаси ташкил қилмоқчими-ей. Ишқилиб, тез орада ишлари «беш» бўлиб кетар экан, ана шунда ҳаммасини қўшиб, ортиғи билан қайтараркан.

Райимберди чол индамай ўрнидан турди, кичкина хонага ўтиб, ўлимликка дея сўнгги ойлар ичида йиғилган эллик беш минг сўмни олиб келиб хонтахта устига қўйди.

Қолган юз эллик минг сўмча пулни уч ака бир амаллаб топиб келди. Қаердан излашди, кимларнинг остонасига бош уриб боришди, не сармоядорларнинг юзига қараб сарғайиб ўтиришди номаълум, аммо отанинг бир амри ила уларнинг ҳар бири бир кечада эллик минг сўмдан пул олиб келиб беришгани рост.

Бу гал акалар кенжатойни кузатгани чиқишмади. Улар айниқса оғзи ёмон Норбўтанинг бирон нима деб юборишидан чўчишганди.

Доимий одатига канда қилмаган ҳолда шойи белбоғга ўралган икки юз минг сўмни юкхонага беписанд ташлаб қўйган Ғозибой тўсатдан бир нима эсига тушгандай отаси томон ўгирилди ва шоша-пиша:

Ота, деди, бу ҳафта вақтим йўқ. Лекин кейинги жумаларга тайёр бўлиб турсаларингиз, энам иккалангизни Бухорога, зиёратга олиб бориб келаман. Бу, шундай дея ўғил мотори ишлаб турган «Жигули»га ишора қилди, жуда жёсткий. Бўлмаса жон деб шунда обориб келардим. Шунинг учун яхшиси «Нексия»ни бир-икки кунга олай-да...

Майли, болам, майли, деди Райимберди чол негадир ўғлига қарамасликка тиришиб. Ўзинг қараб кўр, имкониятинг бўлса, ишингдан гап тегмаса...

Бу гапга жавобан ўғил яйраб кулди:

E, қизиқсиз-а, ота, иш тугармиди...

Агар иложи бўлса... ота соқолини тутамлаб ўйланиб қолди. Сўнг дона-дона қилиб, аммо шундаям ўғлига эмас, номаълум нуқтага тикилган кўйи гапирди: агар иложи бўлса, шу ерга қайтиб келсанг яхши бўларди. Энанг иккаламизнинг беш кунлигимиз борма-йўқма... Тўйингни кўрсак... Ўзинг тепкилаб кўмардинг... Майли, нима бўлса ўтди...

Ўғил отанинг гап оҳангидаги аллақандай синиқликка эътибор берадиган аҳволда эмасди. Шу сабабли шоша-пиша гапни бўлди ва кўзлари чақнаб, кўтаринки руҳда деди:

E, ота, ҳали ҳаммаси зўр бўлиб кетади. Шу ишларни битириб олай, кейин бир катта ҳовли оламан. Ўша ерда ҳаммамиз маза қилиб яшаймиз. Мана кўрасиз... Ўлимни эса ўйламанглар. Ҳали невараларингизнинг тўйини ўтказиб берасиз, деб юрибмизу...

Ҳар қалай, Ғозибой Норбўта таъбири билан айтганда шаҳар кўрган эчкилардан эди. Шу боис гапга уста эди.

Лекин бу сафар Райимберди ўзига хўрозқанд ваъда қилинган ёш боладай шодланиб жилмаймади, аксинча, индамай турди-турди-да, охири чуқур бир хўрсиниб олгач, қўлларини фотиҳага очди:

Йўлинг ойдин бўлсин, болам... Эсон-омон ватанингга етиб ол...

* * *

Eсон-омон шаҳарга етиб олган Ғозибой шу билан ўн олти ҳафта сувга тушган тошдай изсиз ғойиб бўлиб кетди. Eнди Райимберди чол жума кунлари эрталабдан ҳайитликка олиб бориладиган болакайдай энтикиб-шодланиб кийиниб олмайди. Қария энди жума кунларни бошқа кунлардан фарқламай қўйган.

Аммо фарзанд барибир фарзанд-да. Ота ҳам шу муддатдан кейин шаҳарда ўқиётган талабалардан сўраттирди, уларнинг уйига неваралирини юборди, керак бўлса Норбўтаю қолган икки ўғлига ҳам зуғум қилди, хуллас, Ғозибой ҳақида бирон янгилик эшитишга астойдил уринди.

Ниҳоят, кўплашиб қилинган саъй-ҳаракатлар оқибати ўлароқ, дастлабки маълумотлар кела бошлади.

Таассуфки, бу хабарларда кишини шодмон этгувчи унсурлар камроқ эди. Билъакс...

Чунончи, узунқулоқ гапларга қараганда Ғозибой ўша икки хонали уйида бир аёл билан бирга яшаётганмиш... «Жигули»ни ҳам ташлаб, ишга пойи-пиёда қатнаётганмиш... Гарчанд учраб қолган танишига «ишим беш» деб оғзини тўлдириб мақтанган бўлса-да, ранги рўйидан, айниқса, уст-бошидан бу чиранишга арзигулик аломат топиш мушкул эмиш...

Бу гапларни эшитиб ота хавотирга тушди. Илк бор қон босими кўтарилиб кетиб, шифохонага борди, бирон ўн беш-йигирма кун аччиқ дорилардан ичиб юрди, юмшоқ жойига ўн-ўн бешта укол олди.

Ахийри ота чидай олмади. Невараларини зинғиллатиб, далада кетмон чопиб юрган Норбўтани топтириб келди.

Тўнғич ўғил ҳаллослаб ҳовлига кириб келган заҳоти ота аччиқ устида унга қараб ўшқирди:

Бир онанинг қорнидан талашиб тушган инингга жонинг ачийдима сен боланинг?

Норбўта гапнинг бу қадар ғазабли буромадидан баттар довдираб, отасига ҳайрон термулиб қолди.

Райимберди чол кеча олган пенсиясини чорпоя чеккасига қўйди-да, ўша ғазабкор оҳангда фармон берди:

Бор, изла, топ! Аҳволига қара! Тоза қийналган бўлса кўчирасола кел шу ерга! Очдан ўлмайди!

Гап ким ҳақида кетаётганлигини англаган Норбўта итоаткорона бош эгди-да:

Хўп, ота, бораман, деди. Излайман, топаман. Лекин энди у эчкингиз қишлоққа қайтмас-ов. Шаҳар кўрди-да...

Ота бетоқат қўл силтади.

Қайтмасаям омон юрса бўлди. Қийналиб қолган бўлса ёрдам бер. Укаларингга айт. Уч-тўрт сўм обор.

Норбўта афтини буриштирди:

Бу ебтўймасингизга қанча кераклигини жуда яхши биламиз... Нима, бизнинг пул ишлаб чиқарадиган станогимиз борма? Ё «Нексия»мизни арендага бериб қўйибмизма?..

Шунга қарамай, саҳарга қадар бир амаллаб яна икки юз минг сўм пул топилди.

Тонгда Норбўта «Қайдасан, Ғозиқул!» дея йўлга тушди.

* * *

Норбўта эртаси куни кечқурун бола-чақасига, укаларинг болаларига, ота-онаси икки сумка ширинлик, майда-чуйда совға кўтариб келиб қолди. Одатга кўра, тўнғич ўғил аввало отасининг ёнига бориб, салом берди.

Ҳол-аҳвол сўрашувдан кейин ота Норбўтага тик қараб тураверди. Бу унсиз нигоҳдаги саволни илғаган тўнғич ўғил бидирлаб кетди:

E, шароити зўр экан! Исиқ сув, совуқ сув, газ. Ток ўчмайди. Зўр. Келин билан Ғозиқул бир-бирини сизлаб гапиради... Ахийри отасининг кўзлари ғазабдан чақнаб кетганини кўрган Норбўта шоша-пиша изоҳ берди: Энди, уйланмаса бўлмайдиган бўлиб қолган экан-да... Лекин келин буни сизлайди, бу уни... Зўр...

Ажабки, ўғил иложи борича кўпроқ ва тезроқ, имкон қадар қувноқ оҳангда гапиришга уринарди-ю, лекин буни ўзи истаганчалик эплолмас, устига-устак нуқул кўзларини отасининг нигоҳидан олиб қочарди...

Боравер... деди охири ота қўл силтаб.

Енгил нафас олган Норбўта онасининг ҳузурига ошиқди.

* * *

Орадан икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтди. Бир куни Райимберди чол неварасини юбориб, Норбўтадан Ғозиқулнинг адресини сўраттирибди. «Хат ёзиб юбораман», деган эмиш.

Норбўта бир қоғозга манзилни ёзиб берди.

Eртаси куни Райимберди чол ҳов бир пайтлардагидай, эрталабдан кўчалик кийимларини кийди. Кейин почтахонага бориб ўзининг ва кампирининг пенсиясини олди.

Шундан кейин Райимберди чолни бекатда кўрганлар ўзларича қарияни туман марказидаги катта мачитга бораяпти шекилли, деб ўйлашди. Ахир кун жума эди-да...

Аммо қария йўлни шаҳар томон солди.

Райимберди чол автобусдан тушган заҳоти олдига югуриб келиб, эски танишлардек қуюқ салом берган таксичига ҳайрон бўлиб тикилиб турди-да, сўнг манзил ёзилган қоғозни кўрсатди.

Манзилни ўқиган ҳайдовчи ўйланиб қолди. Кейин:

Гадой топмас жой-ку, ота, деди. Шаҳарнинг нариги чеккаси. Майли, олти минг беринг, обориб қўяман.

Райимберди чол кулимсиради:

Қишлоқдан шу ергача олти минг сарфламадим...

Eнди бу ер шаҳар, отахон, бўш келмади таксичи йигит тилла тишларини намойиш этиб куларкан. Майли, сизнинг ҳурматингизга тўрт ярим мингга обориб қўяман. Ҳурматингиз бор, отахон...

Райимберди чол маъқуллаб бош ирғади.

Ғозиқулнинг уйи ҳайдовчи айтганчалик жуда олисда эмас экан. Кўпи билан йигирма дақиқада етиб келишди.

Оқсоқол шошилмасдан беш қаватли уйнинг бешинчи қаватига кўтарилди.

Eшикни, дарҳақиқат, қорни қаппайган бир жувон очди.

Ота салом берди. Сўнг, жувоннинг ўзига чақчайиб қараб турганини кўргач:

Мен Ғозиқулнинг отасиман, деди хижолатомуз жилмайиб.

Жувон шоша-пиша салом берди ва ўрдакдек лапанглаган кўйи ичкарига кириб кетаркан, йўл-йўлакай:

Ғозибой ака! Қишлоқдан, дея овоз берди.

Ичкаридан майкачан, калта иштон кийган Ғозиқул югуриб чиқди.

Ота-бола қучоқлашиб кўришишди.

Одмигина, деворга ёпиштирилган гул қоғозлари кўчиб тушган хона. Бурчакда икки кишилк диван. Ўртада мўъжазгина хонтахта. Шу хонтахтага бояги жувон ҳарсиллаб-пишиллаб келиб дастурхон тузаган бўлди. Буни кўриб Райимберди чол хижолат чекди.

Дастурхонга ота олиб келган майиз, конфет, печене, ҳаттоки қишлоқ нонларидан ҳам қўйилганига қараганда...

Бу орада ҳол-аҳвол сўрашишлар тугади.

Ўзингнинг ишинг қандай, болам? деб сўради ота аста.

Бу сўроқда нечукдир изтироб ва айни пайтда ҳадик ҳам бордай эди. Аммо отасини остонада кўрган заҳоти қўрқиб кетган Ғозибой буни илғамади ва одатига кўра кекирдагига зўр берди:

Ishlar «besh», ota! Nasib qilsa bir-ikkita ishlar bitay deb turibdi. Qoʻlimga katta pul tushadigan. Ana oʻshandan keyin maza qilib yashaymiz. Katta bir hovlini moʻljallab yuribman, oʻshani sotib olsam, enam bilan sizni ham koʻchirib kelaman. Hammamiz tugal boʻlib...

Ота индамай дастурхонга қараб ўтираверди. Фақат зеҳн солиб қараган одамгина қариянинг ранги янага қорайиб кетганини, кўзларига алам ёши инганини пайқаб оларди. Лекин Ғозибой баъзан ҳатто ўзи ҳам мутаассибларча ишониб қоладиган ҳавойи режаларини баён қилиб бериш билан овора эди.

Eҳтимол, ҳаммаси одатга кўра шу билан тугаши ҳам мумкин эди. Яъни, ўғил оғиз кўпиртириб мақтанади, ота эзилиб, изтироб чекиб уйга қайтади...

Аммо кутилмаганда...

Кутилмаганда орага бояги, хона билан ошхона ўртасида ўрдакдек лапанглаб юрган жувон аралашиб қолса бўладими!

Буни ҳеч ким, айниқса ота кутмаганди!

Вой, вой, вой, деди жувон масхараомуз оҳангда. Қанақа ҳовли, бизам билсак бўладлими? Мош сиғмаган орқангизга ловияни тиқиб нима қиласиз?

Ўчир... инг! деди кўзлари ола-кула бўлиб кетган, ранги қув ўчган Ғозиқул тишлари орасидан.

Eнди ўчирмайман! деди жувон шартта. Сизнинг ёлғон гапларингизга учиб, шунча писиб юрганим етар!

Мутлақо туйқусдан Райимберди чолнинг кўнглидан «Булар ростданам бир-бирини «сиз»ларкан», деган фикр ўтди. Сўнг эса бирдан сергак тортди.

Бўлди! дерди бобиллаб жувон. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим! Отам қирқ йиллик раис, йиққанининг ўзи ётиб есак қирқ йилга етади, дегандингиз! Акамнинг иккита машинаси бор, дегандингиз, келди, кўрдик акангизни ҳам! Оғзидан сиз икки йил бурун сотиб юборган «Нексия» тушмайди. Қишлоқда бир сурув қўйим бор дегандингиз. Мен бўлсам шу ҳолимда, жувон қаппайиб турган қорнига ишора қилди, картишка билан карамдан бошқа нарсани кўрмайман. Эртага болангиз бир нарса бўлиб туғилса, билиб қўйинг, икки қўлим ёқангизда кетади... Олтин тоғлар ваъда қилгандингиз, ўзингизнинг бўлса битта кичкина тўй қилишга қурбингиз етмади... Нима, тўрт болали бўлганимда қиласизми ўзингиз ваъда қилган катта тўйни?.. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку! Шармандаи шармисор қилдингиз-ку ота-онамнинг, қариндош-уруғларимнинг олдида! Ҳеч вақойингиз йўқ экан, ҳеч бўлмаса уларнинг олдида тилингизни тийиб юрсангиз бўлмасмиди! Нима қиласиз қоп-қоп ваъдалар бериб. Ваъдани сиз берасиз, мазахга мен қоламан...

Жувон изиллаб йиғлаб юборди.

Адойи тамом бўлган, шолғоми чиқиб кетган Ғозиқул ерга қараб қолди.

Тўсатдан Райимберди чол оҳиста йўталди. Сўнг фавқулодда хотиржам овозда, жуда ҳам сокин бир тарзда аста-секинлик билан келинини гапга тутди ва ўзини қийнаб келган баъзи саволларига қисман бўлса-да жавоб олди.

Дарҳақиқат, Ғозиқул машина ютиб олганидан кейин уни ювишга, маишатга шу қадар зўр берганки, охир-оқибат бўйнигача қарзга ботиб, машинани сотишга мажбур бўлган. Кейин «Матиз» машинасини ижарага олиб, таксичилик қилиб кун кўрмоқчи бўлган. Аммо ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги боис, миршабларга тушавериб бор-будидан ҳам маҳрум бўлган.

Қишлоққа ҳайдаб борган кўк «Жигули» эса, ота гумон қилганидай, бировники, тўғрироғи, келиннинг укасиники экан...

Келиннинг исми Ҳилола экан. У тиббиёт колежида ўқиб юрганида Ғозиқул билан танишиб қолгану, унинг қоп-қоп ваъдаларига учиб...

Келин ҳўнграб йиғлаб юборди:

Бир ой бўлди, остона ҳатлаб кўчага чиқолмайман. Қарз сўрайвериб, қўшниларни безор қилиб юборгандик. Энди уларни қайтариш керак. Қайси пулга? Дўхтир бўлса «Тоза ҳавода сайр қил», деб уришади мени. Кўчага чиқсам, қўшниларнинг таъна-маломатидан ҳаво ичимга заҳар бўлиб қуйилади... Уйда юрагимни ҳовучлаб ўтираман. Эшик «тиқ» этса қалтираб қоламан. Қайноғам келган куни, келин Норбўтани назарда тутаётганди, уйнинг эгаси келиб бир жанжал қилди, бир жанжал қилди. Уч ойлик ижара пулини тўламагандик. Ҳалиям ўғлингизнинг ёнида пули бор экан, борини чиқариб берди...

Райимберди чол ўғлига саволомуз қаради.

Бироқ Ғозиқул бошини ердан кўтармасди.

Унинг ўрнига ҳам ўксиниб ҳиқиллаётганкелин жавоб берди:

Уйми? Уйда ижарага турамиз? Бу кишим қайси пулига олсин уйни? Бу кишиники фақат оғизда...

Ғозиқул сакраб ўрнидан турди ва «тарс-турс» юрганча айвонга чиқиб кетди.

Келин яна изиллаб йиғлашга тушди.

Ота бош эгиб қолди...

* * *

Райимберди ота эрталаб ёнидаги бор пулини келиннинг қўлига тутқазди, ўзига фақат йўлга етадиган пул қолдирди, холос. Шу куни пешиндан кейин ота қишлоққа кириб келди.

Ваҳимага тушган ўғиллар она бошчилигида уй ёнида туришган экан.

Отанинг қаердан келаётганлиги аён эди...

Райимберди чол бир ҳафта-ўн кун пул излади, уч ўғлига дўқ урди, пўписа қилди, ҳовлидаги қўй-моллардан соттирди, ишқилиб, бир миллиондан кўпроқ пул йиғди. Яна тўрт юз минг сўмча пул қарзга топилди.

Хуллас, Норбўта бориб, келиннинг қўлига бир ярим миллион сўмни бериб келди.

Ота талабига кўра, Норбўта Ғозиқулни қишлоққа кўчиб келишга роса ундаган. Аммо «шаҳар кўрган эчки» бўлмиш Ғозиқул бўй бермаган. Ҳамишагидай:

Яқинда ишларим «беш» бўлиб кетади. Ана ўшанда қишлоққа «Мерседес» миниб бораман, деб туриб олибди.

Келин эса очиқдан-очиқ:

Қишлоққа бу аҳволда боришга уяламан, дебди.

* * *

Райимберди ота янада чўкди. Фарзандлар уни шифохонага олиб боришди.

Ота туман шифохонасида қийналиб жон берди... То сўнгги сонияга қадар отанинг тобора нурсизланиб бораётган кўзларидан ёш аримади...

Ҳар нечук, юборилган одамлар Ғозиқулни топиб келишди.

Ғозиқул акалари қатори бел бойлаб, асо ушлаб «Вой, отам»лаб туришга яради.

Майитни жойлаб келишганидан сўнг Норбўтанинг уйида бир ғунажин сўйилиб, овулнинг оқсоқолларига бир косадан шўрва берилди.

Ҳаёт шафқатсиз. Одамлар ҳам.

Балки бунда бир ҳикмат бордир, ҳар нечук, қабристондан қайтган одамлар марҳум ҳақида эмас, кўпроқ кундалик тирикчилик ташвишлари ҳақида гаплашишарди.

E, ишлар билан бўлиб сал кечикиб қолдим-да, деб қолди бир пайт Ғозиқул сал баландроқ овозда. Кўпчилик у томонга «ялт» этиб қарашди. Бўлмаса кейинги жума юмшоққина «Мерседес» машинасида келиб, отам билан энамни Бухорога, зиёратга олиб бориб келмоқчийдим. Оғайниларга тайинлаб қўйгандим. Бариси тайёргарлик кўриб, кутиб туришганди...

Нечукдир бу гаплардан сўнг хонага ўлик сукунат чўкди. Оқсоқоллардан кўпчилиги алланимадан хижолат чеккандай бош эгиб, дастурхон попугидан кўз узмай ўтиришарди.

Шу «Мерс»ни ўзим олмоқчиман, дея гапида давом этди Ғозиқул. Яқинда бир катта иш қилдим, қўлимга катта пул тушадиган. «Кўк»идан...

Норбўта аввал томоқ қирди. Сўнг алақандай жеркиган оҳангда:

Ука, деб чақирди.

Ғозиқул сергак тортиб шу томонга қаради.

Сени сўрашаётганди, деди Норбўта ташқарига ишора қилиб.

Шу ердаям топиб олишади-я, деди илжайиб Ғозиқул шошиб ўрнидан тураркан.

Норбўта укаси билан изма-из чиқди.

У ёқда, деди у Ғозиқулга дўнг ортини кўрсатиб.

Ғозиқул ҳайрон бўлиб шу тарафга юрди.

Норбўта укасининг ортидан келди. Унинг қўлида бир тугунча бор эди.

Мана, деди у тугунчани укасининг қўлига тутиб. Бу ерда икки юз минг. Отам охирги кунлари тилдан қолди. Агар гапирганида шундай васият қилиши аниқ эди. Шаҳарга бор. Келиннинг кўзи эсон-омон ёриганидан кейин қишлоққа кўчиб келинглар. Ана жой, ана уй. Биз ҳам қараб турмаймиз. Хоҳласанг фермерлигимни ол. Энди шаҳарда уйтиб юриш сенга ярашмайди...

Ака, сиз тушунмаяпсиз-да, яқинда ишларим «беш» бўлиб кетади...

Аммо Норбўта укасини гапиртиргани қўймади. У қўли билан қишлоқ ўртасидаги бекатга ишора қилди.

Ҳозир эса бор. Ярим соатлардан сўнг автобус ўтади. Шаҳарингга жўна. Негадир ҳозир сени кўргим келмаяпти... Ҳозир кетсанг, ҳаммамизга яхши бўлади... Кейинги бозор худойи қиламиз. Келсанг яхши бўлади...

Келаман, деди ҳовлиқиб Ғозиқул. Албатта келаман...

Ғозиқул тугунни бағрига босганча, акасининг фикридан айниб қолишидан чўчигандай бекат томон тез-тез юриб кетди.

Ғозиқул якшанба куни худойига келолмади. Бир талабадан «Зарур ишим чиқиб қолди. Лекин тез орада «Мерс»да бораман», деб айтиб юборибди...