OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдусаид Кўчимов
Асар номиТубсиз қудуқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абдусаид Кўчимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тубсиз қудуқ (ҳикоя)
Абдусаид Кўчимов

«
Бол тотли деб бармоғингни тишлама.
Мақол
»

Аканг қарағай қишлоққа кайфияти бузилиб, руҳи эзилиб, минг-минг пушаймонлар еб қайтиб келди. Бўлиб ўтган аччиқ ичакдай узун гапларни ҳеч кимга, ҳатто қўрбошига ҳам айтмади.

Айтсам, Тошкентга бориб, тоғам билан юлишиб келишдан қайтмайди, деб ўйлади. Бўлмаса, қўрбошидан яширадиган сири йўқ, ҳатто улфатлар гурунгидаги нозик-нозик ҳазил-ҳузуллар ҳам ичида қолмайди. Қўрбоши ҳам, айтмаса, жим қараб турадиган анойилардан эмас: ичидагини балиқ овлагандек битта-битталаб суғириб олмагунча кўнгли жойига тушмайди.

Қўрбоши — аканг қарағайнинг неча йиллик турмуш ўртоғи — Xосият. Чигирткадек чиллашир бу аёл ҳар гапида «аканг қарағай!» дея кўксига урадиган ўктам йигитни қайси макри-мақоми билан бурнидан ип ўтказиб олганига аҳли овул ҳайрон. Ер тагида илон қимирласа сезадиган қўрбоши, аканг қарағайнинг шашти пастлигини фаҳмламаслиги мумкин эмас, албатта.
— Тоға бўй бермадими? — худди ичидагини ўқиб тургандек тиккалай сўроққа тутди у. — Нимага гарангсиб турибсиз?
— Ҳештима. Камандировкада экан. — Ёлғонлади аканг қарағай. — Шер аканиям, Юлдузниям тополмадим. Ҳофизни прадуссир деган югурдаги боракан, икки-уч кунда гаплашиб, ҳал бўлса, айтаман, деб ваъда берди.
— Ундай бўлса, анграйиб ўтирмай, катталарни чақиринг, маслаҳат оши қилиб, тайёргарликни бошлайлик. Улжон момом айтарди, ёнида бир мири йўқ, туянинг тишини кўрар, деб. Тўй-тўй, деб чаккангизга гул тақиб юрибсиз, буёқда ҳеч вақонинг тайини йўқ.

Аканг қарағайнинг режаси ҳам шундай эди. У аёлига бир ўқрайиб, ўғлини ёнбошига ўтқазди-да, меҳмонларни номма-ном айтиб ёздирди.

Ўғли Элтой велосипедини ғизиллатиб, хабарчиликка кетди. Аканг қарағай супади бир ўзи қолди. Овозаси Тошкентгача етиб борадиган тўй қилиб, тоғани донг қотириш иштиёқи юрак-бағрини ўртаётган эди.

У икки-уч кундан буён тиғ тегмаган рапидадек ияк-чаккасини кирт-кирт қашиб, супадаги каравотга ўтирди. Темир каравот ғижирлаб кетди. Чўнтагидан носқовоқ чиқарди, тишига так-так уриб нос отди, тоққа томон сузиб кетаётган булутларга тикилиб, узоқ сукутга чўмди. Шу маҳал: «Кўкка қара, осмон қудуққа ўхшайди», деган бир сас қулоқлари остидан елиб ўтгандай бўлди. Думалоқ кўзлари қисилиб, осмонга тикилди. «Қудуқмиш... — кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқиб айлантирди, — соғлиқ жойидами?»

«Бир этак боланг бор, ер тирнаб топганларингни шамолга совурма, — пичирлади яна ўша сас. — Келин-куёвнинг дўст-ёрига ихчамгина базм қилиб, қолганини сандиққа солиб қўй. Рўзғорнинг ўттиз икки оғзи бор, дейдилар. Ҳали кўп керак бўлади».

Аканг қарағайга худди тоғаси қўлини валламатларча елкасига қўйиб, тепасида тургандек туюлиб кетди. «Қўлингизни тортинг!», дегандай елкасини силтаб, ён-верига нигоҳ ташлади. Тоғасининг ўгитлари ёдига тушган сайин табиати тирриқлашди. «Ўзим аҳмоқ, ўзим эшак мия! Бўлмаса, борармидим? Шунча панд-насиҳатдан кейин, яна артистдан гап очаманми? Баттар бўл. Энди кўнглинг жойига тушгандир... — У чапаничасига сўкинди. — Тоғанинг феълини билмасмидинг! Билардинг. «Сен айтган артистларга кўкидан камида бир ярим-икки минг бериш керак», «Пулинг кўпайган бўлса, болаларни ўқит, келинни олиб санаторийга бор, дам ол,» деб дарс берарини яхши билардинг!»

У овозини чиқариб алам билан ўзини койиди:

— Баттар бўл!

Тоғанинг айтганлари оғули ўқдай баданини тешиб ўтиб, суягига қадалган, заҳри ҳали-ҳануз етмиш икки томирини зирқиратиб оғритаётган эди. «Болаларим оч, ош-нон беринг, деб тиландимми! — қаршисида тоға тургандек ўдағайлади у. – Биздаям орзу-ҳавас бор. Ор-номус бор! Биз ҳам одам!» — оғзидаги носни супа пастига қараб жаҳл билан туфлаб юборди. — Ҳали... бир тўй қилай, бир тўй қилайки!..»

Қош қора-қорая меҳмонлар кириб кела бошладилар.

Аканг қарағайнинг ўртанча акаси Тўйчибой ранги ўчинқираган тахта дарвоза олдида: «Келинг, келинг, хуш кепсиз, тортинг, тортинг», деб баковуллик қилиб турди.

Қачонлардир панжакаш сомон сувоқ қилинган-у, кейин қўл тегмай қолиб кетган ўн уч болорли, вассажуфт хона одам тўлаверганидан сўнг бинойидек меҳмонхона сиёқига кирди.

Меҳмонлар икки тоифа: катталар — қишлоқ оқсоқоли, унинг ёрдамчиси, бозорқўм, мактаб директори, собиқ биригадир; яқин қариндошлар — ака-ука, тоға-жиян ва яна хотин тарафдан териб-териб айтилган вакиллар.

Мачит сўфиси Даврон ҳожи ҳам келди. У ўрта бўй, соч-соқоли оппоқ, қотмадан келган, қийиқ кўзлари мулойим кулимсираб турадиган киши эди. Ҳожи дуога қўл очди:
— Ҳар бир отанинг ўғлига қиладурғон ҳаққи учтадур. Туғилса, яхши исм қўймоқ; ақли кирса Қуръони Каримни ўргатмоқ; балоғатга етганда уйлантириб қўймоқ. Инимиз Қўйливой пайғамбаримиз амалларидан яна биттасини адо этмоққа қасд қилибди эканлар, тўй қуллуқ бўлсин, деб дуо қиламиз.

Бараварига «Овмин!» дедилар.

Ҳожи яқиндагилар билан бир-бир сўрашиб чиқди, қолганларга «Сиз яхшими, сиз яхшими?», дея бош ирғади. Рауф оқсоқол билан алоҳида саломлашди:
— Дамлигинамисиз, раис бова? Ҳамро гидингни таъзиясида кўринмадингиз?

Рауф оқсоқол «Ҳамма сендек бекор хўжами?», дегандай малолланди:
— Мажлис боракан, раёнга чақиришувди.

Нон ушатишди, олинг-олинг дея бир-бирларига манзарат қилишди. Гурунг бошланди.
— Ҳар гузарда тўй, шу бугуннинг ўзида тўрт жойга кириб-чиқибмиз, — деди шукрона оҳангида Даврон ҳожи.
— Йиғадиганини йиғиб, оладиганини олиб бўлди ҳамма. Энди эрта баҳоргача тўй қилади, еб-ичади, ўйнаб кулади-да, — энса қотирма қилди Рауф оқсоқол.
— Аллоҳга шукр.

Рауф оқсоқолнинг чап тарафида оёқларини чалкаштириб ўтирган Қулбин бозорқўмнинг нима учундир шашти паст эди. Патсиз наматларга тўшалган якқават кўрпачаларга, дастурхонга, вассалар орасидан хас-хашак осилиб турган шифтга қараб ижирғанар эди. «Шу топда бир нима дегудек бўлсанг, сен тизза бўйи ноз-неъмат, товоқ-товоқ гўштга ўргангансан-да, деб кесатишади, — хаёлидан ўтказди у. — Меҳмон атойи худо, қурбинг етса чақир.

Бозорқўмнинг асабийлашуви кучаяверди. — Новвойдан тўртта оқ нон опкелиш кимни ўлдирибди? — У қоп-қора тошпатирдан бир бурда синдириб, мўъжиза томоша қилаётгандай айлантириб тикилди...
— Чойни сузинг, мулла Қулбинбой, — хаёлини бузди пойгакда ўтирган собиқ бригадир. — Ҳалитдан бери кузатаман, азага келгандай қовоқ-тумшуқ қилиб ўтирибсиз, тинчликми?

Бозорқўм гавдасини унга бурди, бошини бошига яқинлатиб:
— Маслаҳат ошига қўй-пўй сўйилмасмиди? — деди панг товушда.

Бригадир тил учида «Ҳа» деб қўйди. Кўкайида: «Дарди-касали томоқ, пул. Бозорнинг бўриси. Тўнғиздай тўқ», деган фикр кечди.

Қариндошлар томонда ҳам суҳбат авжида.
— Тўй яхши-да, ҳар кимни тўйга етказсин, — дерди Мамаюсуф чойга бўктирилган нонни оғзига тиқаркан. — Одамлар бир-бирларини кўради, дардлашади.
— Одамзот дунёда нима учун яшайди, тўй-томоша қилай, эл-юртга ош берай, деб-да, тўғрими? — гапини маъқуллатишга ошиқарди Пиён пона. — Қодирқул қассопнинг тўйидаги халққа қара — бутун облис дарёдай оқиб келди-ёв!
— Улоқчи отлар-чи, мингдан ошди-ёв!
— Xоразмлик артис зўракан, ўйинчиси ҳаммани ўйнатди.
— Насиб бўлса, Қўйливойники унданам зўр бўлади! — мақтанди Тўйчибой. — Ё Юлдуз келади, ё Шер!

«Қоққани қозиғи, осгани хурмачаси йўғ-у, чиранишини кўр! — ичида пўнғиллади Қулбин бозорқўм. — Пулинг боракан, уйингни тузат! Ўзингга қара! Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига...»

Дастурхонга шўрва тортилди. «Данакдай-данакдай гўшт демаса, шилдир сувнинг ўзи!» — янада асабийлашди бозорқўм.
— Нон тўғраб ичинг, маза қиласиз, — деди бригадир бозорқўмга сирли илжайиб.

Қулбин бозорқўм қошиқни бир-икки лабига текизди, қўйди. Шўрвани хўр-хўр ютаётганларни энсаси қотиб кузатиб турди-да:
— Бўкиб-нетиб қолмасдан аввал маслаҳат қилайлик! — деди зарда билан. — Қўйливой, нима топшириқлар бор?

Қўйлибой лабини қўлининг орқаси билан шоша-пиша артиб:
— Тўйда тўйбеги бўп турсангиз бас, бозорқўм бова, — деди итоаткорона.
— Жой кўчадами?
— Ярим гектар ҳовли туриб, кўчангиз нимаси? — унинг ўрнига жавоб берди Тўйчибой. — Олмаларди остини текислаймиз — улоқ чопгудай майдон, теварагига гилам терамиз — гулдай тўйхона!
— Устини ёпиш керак, — маслаҳат берган бўлди Рауф оқсоқол. — Нима бўлганидаям олдимиз қиш, шир этиб қорми, ёмғирми ташлаб қолса, сичқоннинг ини минг танга бўлиб юрмасин.
— Менга қолса, райсентирдаги тўйхонада ўтказган маъқул, — деди мактаб директори бўшаган косани ўртага суриб қўйиб. — Иссиқ, батартиб, тўй эгалариям меҳмондай боради, меҳмондай юради.
— Бола-чақа, хотин-халаж оёқ остида ўралишмайди, — уни қувватлади собиқ бригадир.
— Э-е! Бола-чақа, хотин-халажди қий-чувисиз тўй-тўйми! — энсаси қотди Тўйчибойнинг. — Рестаранингизни шаҳарликка чиқарган, ака.
— Xў-ўш, — деди Рауф оқсоқол муҳим масалани ҳал қилгандек чўзиб. — Демак, ҳовлида. Жойни аниқладик. Коса-товоқ, чойнак-пиёла дегандай...

 — Oʻtirgichlarni maktabdan, kosa-qoshiqlarni bozor oshxonasidan olsak, — deb turibmiz. Gilam-sholcha qoʻni-qoʻshnidan  chiqar, — axborot berdi mezbon.

— Меҳмон қанча бўлади?
— Қишлоқ ўз-ўзидан тўлиқ айтилади, — сайраб кетди Тўйчибой. — Қўшни қишлоқлар ҳам. Анчадан бери марака-маврид қилганимиз йўқ. Элникини еб юрибмиз. Қарз. Қарзни узиш лозим.
— Гўшт, гуруч-ёғ дегандай, ҳал бўлганми? Ароқчи?

Аканг қарағай куракдай кафтлари билан гўштдор бўйнини ишқалади.
— Битта новвос, битта қўчқор боқувда. Сабзи-пиёз ўзимиздан чиқиб қолар. Қолганларига... — У «қолганларига, мана, сизлар бор», дегандай ер остидан қариндошларга назар ташлади. Одатга кўра, оға-инилар тўёналарини айтиши — биттаси гуручини, иккинчиси ёғини, учинчиси шираворини зиммасига олиши лозим эди. Ҳозир бўлса... Ҳеч кимдан сас-садо чиқмади.

Айни шу дақиқаларга умидлар боғлаб ўтирган аканг қарағайнинг дами қайтиб, томоғига муз тиқилгандай танглайигача музлаб кетди.

Ноқулай сукунат чўкди. Ҳамма чўян печка устидаги ранг-туси билинмай кетган тунука чойнакнинг шиғиллаб қайнашига маҳлиё бўлиб қолгандай эди.

Сукунатни бозорқўмнинг хирқироқ товуши бузди:
— Тўй, ўзи қачон?
— Ҳа, дарвоқе, тўй куни аниқми? — қизиқсинди Рауф оқсоқол.
— Вақтини белгилолмай турибмиз, — аранг жавоб берди аканг қарағай.
— Нимани маслаҳат қиляпмиз унда? — ошкора ажабланди бозорқўм. — Кунини айтмай тўй қиласанми?
— Артистлар масаласида ишкал чиқди.
— Қандай ишкал, тоғага бир оғиз шипшиб қўймайсанми?

Аканг қарағайнинг бўғзидаги муз парчаси энди бир ҳовуч чўққа айланиб азойи баданини куйдириб юбораётгандек бўлди.
— Қўйинг, гапирманг! — деди биров томоғидан бўққандек хирқираб. — Шу одамга орқа қилиб, тушиб ўтирибман.
— Бу нима деганинг?! — савол берди икки-уч киши бараварига.
— Ай-й! — кескин қўл силтади аканг қарағай. — Яхшиям, қарз сўраб, амал сўраб бормаппан, уриб ўлдираркан. Каттасиниб кетганини билганда, қадамим доримасди.

Ҳамма анг-танг бўлиб қолди. Ахир, «тоға», кимсан — қишлоқдан, нафақат қишлоқдан, бутун бошли тумандан етишиб чиққан энг таниқли, ҳурматли одам — Вали Рустамович эди-да!

Вали Рустамович неча йиллардан буён республика вазирликларидан бирини гард юқтирмай бошқариб келади, обрў-еътибори мамлакат доирасида ҳам ҳазилакам эмас. Ҳамма жойда айтгани-айтган, дегани-деган. Шундай катта амалдор-у, бироқ боладай содда. Қишлоққа келса, сим-сиёҳ «Мерседес»дан тушган заҳоти дарров кастум-шим, лоларанг бўйинбоғни оддий кийим-бошга алмаштириб олади-да, тўғри қабристонга боради. Аввал онасининг, кейин отасининг мозори ёнида чўккалаб, қироат билан Қуръон тиловат қилади. Сўнгра акаси етакчилигида қишлоқ айланади. Тўй, таъзия бўлган хонадонларга бирма-бир кириб, ҳол-аҳвол сўрашади. Ёрдам сўраганларга қўлидан келганини аямайди: ҳамқишлоқларининг неча-неча фарзандлари унинг кўмагида олий маълумотли бўлди, ишга ўрнашди.

Шундай инсон тўғрисида айтилган нописанд гап тирсагини сонига тираб, эчки соқолини ямлаганча суҳбатга қулоқ солиб ўтирган Али махсумга ёмон таъсир қилди. У барча иддаоларга бардош берар, аммо укаси Вали Рустамовичга пашша қўнса, чидаб туролмасди. «Бир омади кулиб министр бўлиб қолган, деб ўйламанглар, — дейди ҳасад қилганларга. — Бошидан қандай қийинчиликлар ўтмади укам бояқишнинг. Ўзи Тошкентга борди, ўзи ўқиди, ишга кирди, уй-жойли бўлди — биттамиздан бир чақа сўраган эмас. Аксинча, байрамларда келиб ҳаммамизга совға-салом улашиб кетарди. Кейин эшитсак, студентлигида кундуз ўқиб, кечаси қайроқ заводда ишлаган экан. Институтни тамомлаб энди ишга кирган пайтларида ҳам шанба, якшанба кунлари мардикорлик қиларкан... Xизир назар солмаса, эшак бозорга даллол бўлолмайсан. Раҳбарликка ҳам ҳар кимни қўявермайдилар...

Махсум вайсақи жиянининг қулоқ чаккасига қулочкашлаб тортиб юборгиси келди-ю, бир амаллаб ўзини босди:
— Қалтирамасдан, тушунтириб гапирсанг бўлмайдими? Xўш, укам нима деди?
— Тўй қилма, деди. Кичкинагина зиёфатча қил-қўй, деди. — Жазаваси тутди аканг қарағайнинг. — Ҳар кун тўй қилиб, ҳар кун келин тушираётганимдай, тўй билан ҳеч кимни қойил қилолмайсан, эмиш. Каллани ишлатиш керак, эмиш. Гўё у калла — калла, бизники салла.
— Йўғ-е! Шунақа дедими? — деди ясама ҳайронлик билан Поён пона. «Қўйлининг тўйига Юлдуз келармиш, Шер келармиш», деган шов-шувлар чиққандан буён ғайирлиги келиб юрарди унинг. — Туғишган тоға, ўз жиянига-я..! Ҳай, дунёйи қўтир.
— Мазах қилди! Ёш бола қилди. Камбағаллигимни бетимга солди! — титраб-қақшаб бақириб юборди аканг қарағай.
— Ёмон бўпти. Яхши иш бўмапти. Вазир одам, ўйлаброқ гапирмапти, — бошини сарак-сарак қилди Поён пона. — Катта бўлса, ўзига.
— Xалққа кам аралашгандан кейин шу, — унинг ёнига тушди Xосиятнинг акаси Парда қуруқ. — Элдан чиқибди.
— Билганингдан қолма, — деди кимдир.
— Шу қилганига, Шерни ҳам, Юлдузини ҳам опкеласан, тонг отгунча ўйнатамиз. — деди бошқаси. — Қистирмаган номард.
— Менга қолса, ёнбошига кўпкариниям қўшворардим. — деди яна бошқа бирови.

Али махсумнинг ғазаби қайнаб, ўнг қавоғи уча бошлади. «Кистасида бўлмаса, битига қиладими!», деб юборишдан аранг ўзини тийди.

Даврон ҳожининг юзлари тундлашиб, пешонасидаги ажинлар чуқурлашиб кетди. Унинг даврани оғзига қаратаётгани Рауф оқсоқолнинг ғашига тегаётган эди. «Ҳожи эмас, мендан лозим бу гаплар, — хаёлидан ўтказди ичида афсус билан. — Кимсан, давлатдан мояна олиб турган раҳбар, дабдабаю ас-асаларнинг олдини олишга жавобгар масъул шахс бўлсам! Қолаверса, гап айланиб Вали Рустамовичнинг қулоғига етиб борса, ким деган одам бўламан, қуруқнинг ўтига ҳўл куяр, бўлиб қолмагин яна, оқсоқолликка давогарлар кўпайганда ҳокимга айтган, қўллаб-қувватлаган ким эди?» — У хатосини тузатишга шошилди:
— Вали Рустамович ҳукумат одами. Гумбурлатиб тўй қил, жиян, десинми, пайтавақулоқ! Сенинг данғир-дунғиринг кимга керак? Кўпам чиранаверма.
— Яна насиҳатми? — қалампир чайнагандай афтини бужмайтирди аканг қарағай. — Бой тўй қилса, ҳамма хизматда. Қассоп жаҳонга ош беради — чурқ этмайсиз, Мели ферма кўпкари солимга туя қўяди — оғзингизда талқон...
— Оқсоқол, ақлли одам ўзига раҳнамо излайди, аҳмоққа эса унинг кераги йўқ, — деди Али махсум «бунга гапириш бефойда» дегандек хўрсиниб. Сўнг ғазаби ичидан тошиб кетишидан қўрққандек лабини маҳкам қимтиб «пона»чиларга юзланди. — Буни, майли, нодон, дейлик. Сенларни қайси жин чалди? Кечаси билан пул печатлаб чиқадиган заводи йўқ-ку!
— Тўғри гап туққанингга ёқмайди, — тўнғиллади аканг қарағай.

Али махсумнинг боши оғриқдан зирқираб кетди. Ғазабнинг зўридан тили калимага келмай дудуқланди:
— Қўйли... жиян... ўйламай сўйлаган — оғримай ўлади. Бировнинг арқони билан чуқурга тушма, чиқолмай азоб ейсан. Ҳамроҳингга эмас, ҳамёнингга боқ, жиян. Ҳеч ким сенга ёмонлик соғиниб турган йўқ. Тўй деб, бор йиққан-тиққанингдан айрилма, ҳамма ҳайитга кетганда хумга кириб ётишнинг кераги йўқ, деяпмиз, нега тушунмайсан!
— Зомбирдай чақаверманг-да, тоға, — уканинг тарафини олди Тўйчибой. — Бола тўй қилмоқчи, ўғрилик эмас.

Рауф оқсоқол увишиб қолган оёғини уқалади:
— Ари чақди деб аразламанг, иним, арини боли бўлади. Юрганда оёқни эҳтиёт қилгандек гапирганда тилни тиймасанг, тишинг синиб қолиши мумкин.

Қулбин бозорқўм тоқатсизланди:
— Ош-овқатинг бўлса опке, бўлмаса, турайлик.
— Қаёққа турасиз, ҳали ҳештима ҳал бўлган эмас-ку! — Фиғони фалакка чиқди Тўйчибойнинг.

Қўйли тўнғиллаб-тўнғиллаб чиқиб кетди.
— Дастурхонга қаранглар, бир кунлик тўй ўтади-кетади, қизишиб, юзимиз шувит бўлиб юрмайлик, — деди Даврон ҳожи.

Дастурхонда, майна талагандек, қуртлаган майиз-ёнғоғу арзон конфетларгача тугаб бўлган эди.
— Оғайнилар, ростини айтганда, кўрган кунимиз қурсин, — давом этди Даврон ҳожи. — Йил — ўн икки ой қуш тинса тинади, биз тинмаймиз. Емай-ичмай йиғамиз-да, тўйда ариққа отгандай оқизамиз. Кейин юрамиз, қарзга ботиб, тишимизнинг кирини сўриб.
— Омон бўлинг, ҳожи ака, омон бўлинг. Аммо-лекин, ярамни тирнаб юбордингиз, — деди салқи қовоқлари шишган бригадир ички армон билан. — Сафарқулимни уйлантирганда беш юз минг қарз бўлганман, тўрт юзи ҳали шундоқ турибди. Биттасидан юз олгандим, сўрайвериб ит кунини бошимга солди, шу занғардан қутулай, деб кўзимнинг сийдигини оқизиб пул сўраб бормаган эшигим қолмади. Ўзингда йўқ, оламда йўқ. — У оғир юкни бир зум елкасидан қўйиб, яна уни кўтариб кетишга маҳкум кимсадек чуқур «уф» тортди. — Елкамда тоғ, еганим — куйдирги, ётганим — кафан, ўйлайвериб кечаси билан ухлолмай чиқаман.
— Қарзни вақтида узмоқ фарз, — деди Даврон ҳожи. — Мол аччиғи — жон аччиғи. Пул жигардан бўлади. Тўра каззопнинг болалари бир-бировини чавақлаб ташлади-я!

Ҳожининг кейинги мисоли меҳмонларнинг «гап халтаси»ни очиб юборди:
— Пичоқ кўкракка кирмагунча кўзимиз очилмайди.
— Олишда, ҳой-ҳой, беришда, вой-войми?
— Кўрпага қараб оёқ узатиш керак...
— Мўлтонини тўйидай чувилламанглар!

Эшик ланг очилди. Катта сопол товоқларда таом келтирилди.
— Совусга марҳамат қилинглар, — манзарат қилди Тўйчибой.

«Совус эмиш... — ичида тўнғиллади бозорқўм, — Совус деганда гўшт бўлади, ёғ бўлади. Муррайган картошка-пиёз билан сув қачондан бери совус бўпқолди...».
— Нон опке, — деди кимдир асабий.
— Ароқ-мароқ йўқми? — сўради Шариф тажанг. — Томоқлар тақиллаб кетди-ку!
— Ароқ-мароқни тўйда ичамиз, — деди Тўйчибой зўраки илжайиб.
— Тўйда отиб ётсак, хизматни хотинлар қиладими? — сап-сариқ тишларини кўрсатиб хо-холади Шариф тажанг ва тўсатдан жиддий тус олиб Қўйлига юзланди. — Урсанг ҳам, сўксанг ҳам бир гап айтаман, ошна. Вали тоға юз просан ҳақ! Сен билан менга совундай кўпиришни ким қўйибди. Тутуннинг аччиғини мўри, сенинг аҳволингни мен биламан!
— Вайсамай овқатингни е, — ижирғанди Қўйли.
— Вайсайман, — Шариф тажанг ростакамига тажанглашди. — Нега вайсамай! Ичганимиз ёвғон, кийганимиз йиртиқ чопон, Юлдуз-Юлдуз, тўй-тўй, деб томоқ йиртамиз. Мана, манда тўртта бола бор, каттаси бу йил мактабни битириб, худога шукр, институтдан йиқилиб келди. Қолганларининг ўқиши ҳам нўл! Чунки, бизни худо урган. Фарзандим ўқисин, одам бўлсин, деб истол-пистол, компутир-пампутир олиб бермаймиз, пулни қизғанамиз. Тўй деса, минг қўйли бойдай ҳовучлаб сочамиз. Катта тўй бериб кўчама-кўча керилиб юргимиз келади. Кимга кериламан, нимамга кериламан, кошки ҳамқишлоқлар кимлигимдан бехабар бўлса. Бу кунингдан ўл, дейдиган мард йўқ.
— Гап фақат тўйда эмас, — деди ҳалидан бери дардини ичига ютиб ўтирган Али махсум фурсат келганидан жонланиб. — Каллани ўзгартириш керак, каллани. Армияда немисларнинг тўйини кўрганман. Саккиз одам билан ўтган. Яримта шнапс ҳаммадан ортиб қолган.

Даврага оғир жимлик тушди. Аканг қарағай чакагини кирт-кирт қашиди, собиқ бригадир бошини солинтириб ерга тикилди. Тўйчибой томоқ қириб, ўтирган жойида қимирлаб қўйди. Бир зайлда шиғиллаб турган печка устидаги тунука човгум чўзиб ҳуштак чалиб юборди.
— Немис — немис, ўзбек — ўзбек. Тўйни биз ўйлаб топганмасмиз, қадимги удум. Ҳар кимнинг орзу-ҳаваси бор. Қиламан депти, қилсин, сизга нима? — шовқин солди Поён пона. — Қилавер, оғайни, билганингдан қома.
— Ёмон жўрадан бир чеким нос афзал, дегани шу-да, — астойдил хафа бўлди Али махсум.
— Xафа бўлманг, — қулоғига шивирлаб уни юпатган бўлди Рауф оқсоқол. — Эшак маслаҳатлашиб ҳанграмайди...

Аканг қарағайнинг нафаси бўғила бошлади, кеткиси, диққинафас бу уйдан тезроқ чиқиб ҳеч ким кўрмайдиган қоп-қора тун қучоғига сингиб кеткиси келиб кетди. Кун бўйи ариқ ковлаган мардикордай ҳорғинлик сезди вужудида. Нега Тошкентга борди, нега тоғасига ялинди, тутуруқсиз ғийбатчи қариндошларни нега чақирди? «Тошдан сув чиқса чиқар, булардан бир чақа чиқадими? Чиқмайди! Чиқмайди! Xаржлайдиган сен, пул топадиган сен, зарилмиди заҳар-заққум кесатиқлар. Пона рост айтади, билганингдан қолма».

У одамлар қачон турди, қачон тарқалди, аёли қачон болаларга бош бўлиб йиғиштиришга киришиб кетди, англолмай қолди.

Ақли-ҳушини йиғиб олганда, бир ўзи супада оёқларини керганча серрайиб турарди. Ҳаво муздек экан, энтикиб-ентикиб симирди, тунги изғирин юз-кўзига тикондай санчилди. Бадани жунжикди. Уйга киргиси келмади. Чўнтакдан носқовоғини чиқараётганида калишини «шап-шап» судраб қўрбоши кепқолди.
— Ана, бир ташвишдан қутулдингиз. — У челакдаги сувми, ювиндими — «шўр» эткизиб супа пастига тўкди. Бўш челакни ерга қўйиб, икки қўлини белига тиради. — Меҳмонлар хафа бўлмай кетдими, ишқилиб. Тўёнадан гапиринг, қалай, ўтли-чўғлими?

Аканг қарағай жавоб бермади. Xотинига еб қўйгудек ўқрайиб қаради. Кундуз куни бўлганда эрининг алвастиникидай олайиб кетган кўзларини кўриб, эси оғиб қолиши ҳеч гап эмасди.
— Индамайсиз, носингиз борми?
— Қўявер, — худди ўзига гапираётгандай секин пичирлади у. — Девонанинг ишини худо ўнглайди.

Қўрбоши тушунди.
— Қўяверинг, энди кўряпмизми? — деди бир зумлик сукутдан кейин ҳамдард товушда. — Қишда бир ҳовуч қор сўрасанг, «неччи сўм?», дейдиган қурумсоқ қариндошларингиздан қачон ёруғлик чиқувди?!

Бу гап пичингдек туюлди аканг қарағайга.
— Сеникилар жа-а ҳотами той! Соғай десанг — сут, қирқай десанг — жун йўқ сеникиларда.
— Ичингизга илон кирганми, мунча заҳар сочасиз! — қўрбоши «бор-е!» дегандек терс ўгирилиб нари кетди.

У яна ёлғиз қолди. Юлдузларни ютиб юборган симсиёҳ осмонга синиқ нигоҳ ташлади. Шу пайт қулоғи остида яна тоғасининг таниш овози эшитилгандай бўлди: «Осмон тубсиз қудуққа ўхшайди. Ундан чалпак тушади, дейдиган андилар ҳам бор». Сесканиб кетди. Ён-верига хавфсираб қараб қўйди. «Топган маталини... — шивирлади сўмрайиб. — Қудуқ эмиш... Қудуқ...» «Ялт» этиб сўнган юлдуздек ғалати бир умид тўсатдан хаёл осмонида чарақлаб кетди. Xудди кўкдаги қудуқдан бир телпак тилла «тап» этиб оёғи остига тушаётгандек туюлди. Умрида афсона-ертакка ишонмаган одам, худди ёш боладай сеҳрланиб, кўзларини чирт юмди. Очса, барча умидлари чил-чил синишидан қўрқиб анча вақт қимирламай турди-турди-да, қўрқа-қўрқа кўзини очди: қоракуя осмон инсон зотини тириклай ютиб юбораман деб турган баҳайбат аждардай ваҳимали кўринди... «Тентак, — деди ўзига-ўзи. — Бир уй одамдан бир ҳўплам сув оберадиган битта мард чиқмади-ю, осмондан ҳиммат кутасанми?!» У оёғи остидаги пақирни алам билан тепиб юборди, анча жойга тарақлаб думалаб кетди.

Тошкент, тоға, маслаҳат оши, кесатиқ-пичинглар, тортишув-баҳслар... Боши сирқиради. Ер, осмон кўз ўнгида гир-гир айланаётгандай чайқалиб кетди. Кўкдаги қудуқ қоп-қора булутларга қўшиб, унинг ўзини ҳам тубсиз комига ютиб юборадигандек ваҳимага тушди. Кимдандир қасос олиш, кимгадир, ниманидир кўрсатиб қўйиш туйғуси юрак-бағрини янада кучлироқ ўртай бошлади.

— Қиламан! Кафангадо бўлсам ҳам! — муштини фалакка дўлайтириб тубсиз қудуққа дўқ урди.