OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбдусаттор Ҳотамов
Асар номиҚуш уяси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Абдусаттор Ҳотамов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қуш уяси (ҳикоя)
Абдусаттор Ҳотамов

Анвар ётоқхонага қадам босиб, кийимини алмаштираркан, кўнгли ғашланди. Юрагига қоронғилик бостириб кириб, жонсиздек ўзини диванга ташлади. Атрофга маъносиз боқди. Каравотнинг оёғида хотинининг селон халати тахлоғлиқ. Тўртта ёстиқ иккитадан қилиниб, каравот бошига қўйилибди. Зулайҳо ёстиқларнинг бир учини пучуқ қилиб турғизиб, устига тўр ёпиб қўярди. Ўғилчасининг илгичдаги кийимларини кўриб, бир энтикиб қўйди. Равшанни соғиниб кетди. Кўз олдида Зулайҳо кетаётганида қўлида индамай жавдираб бораётган ўғилчаси пайдо бўлди.

Эшик ғийқ этиб очилди.
– Болам, овқатингни олиб келаверайми?

Анвар салом берди. Она ўғли чеҳрасига маъюсгина разм солди. Соқолини бугун олмаган шекилли, ўсиб кетибди. Кўзлари киртайгандек.
– Мен ҳозир, ювиниб келай, – деди у.

Она сассиз юриб, каравот оёқ томонида турган стулга чўкди. Бу билан ўғлида муҳим гапи борлигини, бошқа айтмай чидаб туролмаслигини билдиргандек эди. Йигит ҳозир кўнгилсиз ҳодиса юз беришини сезгандек жимгина ерга қаради. Лекин туриб кетгиси ҳам келмади.
– Бориб келасанми-а, болам?

Анвар ялт этиб онасига боқди.
– Қаёққа?
– Xотинингникига-да.
– Нима, мен уни ҳайдабманми? Ўзи кетди.
– Қарс икки қўлдан. Бирингдан ўтганини биринг кечир. Ахир оила муроса билан.
– Сиз мени тушунинг, ойи. У нотўғри иш қиляпти. Ноқонуний молларни сотаяпти. Шуни қилмагин дедим, холос.
– Иккинчи қилмас. Гулдек болангни ўйла.
– Мен келмасин деяпманми? – овозини пасайтирди Анвар.
– Онамнинг қўли косов, сочи супурги бўлмасин десанг бориб, олиб келасан.
– Йўқ, бормайман. Одамни қийнаманг, ойи.
– Ўт-бетинг камайиб қоладими? Ё мансабингдан тушиб қоласанми?! – Она овозида титроқ сезилди-да, йиғлаб юборди. Кенг енгига кўз ёшини арта туриб деди:
– Сен ҳам мендек бўлгин, келин туширгин, кейин биласан. Унгача отдан тушсанг ҳам эгардан тушмайсан. Не ҳасратда катта қилиб кўрган роҳатим шуми?

Анвар ерга қараганча индамай қолди. Онасига осон эмас. Эрта тонгда сигир остини тозалайди, соғади, ем беради. Уйни супуриш, сидириш, ҳовли... Ишлагандан баттар, ёши эса ўтиб қолган.

Йигит ўрнидан туриб шахт билан дераза пардаларини четга суриб ташлади. Ойна қўш табақасини тарақлатиб очди. Ичкарига ҳузурбахш шаббода кирди. Кейин ғийчиллатиб яна диванга келиб ўтирди.

Она бурнини тортиб-тортиб, пиқ-пиқ йиғлагач, нурсиз кўзларини четга олиб қочди:
– Майли, унда ўзинг биласан, болам.

Анвар онасининг юзига қарадию, бирдан унинг анча қариб қолганлигини ҳис қилди. Кўзлари атрофида ажин кўпайибди. Оппоқ сочлари сийраклашибди. Шундоқ ҳам кичик гавдаси мушдеккина бўлгандек.

Эри вафот этгач, шу миқти аёл ҳаёт дейилган улкан синовнинг барча қийинчиликларига бардош берди. Ўғлини оқ ювиб, оқ таради. Бошқалар олдида ўксимасин деб мактабда фаррошлик қилди, уйда сигир боқди, новвойчилик қилди. Мана энди шу алпозда катта қилган ўғли бир оғиз сўзини қайтариб ўтирибди.
– Майли, – деди Анвар бироздан сўнг, – борсам ҳам фақат сизнинг ҳурматингиз учун бораман.

У машинасини бир-бирига ўхшаш кўчалардан аста юргизиб бораркан, онаси деб ўз шаънига яхши иш қилмаётганини, хотининикига айбсиз айбдор бўлиб кетаётганини сезиб, боши қотарди.

* * *

Ҳовлидаги каравотда сабзи тўғраётган қайнонаси ўзи томон энгашган куёвига тиззалаб ўтирганича келинг, дедию, қўлининг учи билан елкасига бир-икки қоқиб қўйди. Кейин ошхонада уймалашиб юрган қизига, Залоҳат, кўрпача олиб чиқ, поччангга, деб бақирди. Анвар ҳовли ўртасида қаққайиб туриб, атрофга қаради. Пешайвоннинг дераза, эшиклари бўёқлари ўчиб кетган, тцемент зинанинг ғиштлари кўчиб ётибди. Ҳовлини қўшни уй билан ажратган девор тагини ёмғир ювиб кетмаслиги учун қачонлардир қўйилган тунукалар ҳали олинмабди. Ҳалол бўлмагани учун дўкондор қайнотаси топиш-тутишининг мазаси йўқлиги ростга ўхшайди.

Залоҳат пешайвон зинасидан кўрпача кўтариб тушаётиб вой-войлаб юборди.
– Ҳа, нима бўлди? – деди онаси ишини тўхтатиб. Бу орада Анвар оёғи қайрилиб, кўрпача билан думалаб ётган қайнисинглисини турғизиб қўйди. Залоҳат жавоб ўрнига вой-войларди.
– Уқувсиз қиз! – Койиб кўрпача соларди қайнона. – Қачон одам бўласан, билмайман. Шуни ҳам эплаб олиб чиқолмадинг.

Бу гаплар йигитга айтилаётгандай оғир боца-да, у илтифот кутмай, каравот чеккасига чўккалай қолди. Зулайҳо ҳам, Равшан ҳам кўринмасди. Кўнгли баттар ғашланди.
– Зулайҳо қани? – деди ниҳоят қайнонасига журъацизгина.
– Ҳа, олиб кетгани келдингизми?
– Энди... гаплашиб олсак дегандим.
– Нима, жанжалларингнинг ҳали чаласи бормиди?

Анвар иккиланиб қолди. Xотини бўлган воқеани айтганми, йўқми? Шунинг учун индамади. Қайнонаси давом этди:
– Бўлмаса кетидан қоровуллик қилманг. Унақа ишонмас экансиз, пулингиз кўп бўлса, уйда ўтирсин. Одамлардек кийдиринг, едиринг. Лекин замондан орқада қолмасин.

Анвар билдики, Зулайҳо бўлган воқеани айтмаган, бошқа нарса деган. Нега? Қилмишидан афсусланиб, гапнинг чувалишини хоҳламадими ёки эри уни яхши кўриб рашк қилишини маълум даражада билдирмоқчи бўлдими?

Ичкари уйдан зарҳал ранг шиппак судраб, Зулайҳо чиқиб келди. Эрига кўз қирини ташлаб, секингина салом бериб ўтди. Боядан бери жилдираб турган водопровод сувини каттароқ очиб, тагидан ёш бола иштонини чая бошлади. Демак, Равшанни ухлатиб чиқибди.
– Ҳеч ким унга қоровуллик қилаётгани йўқ. – Анвар бу ерга келиб янглишганини сезди. – Фақат тўғри бўлсин деяпман, холос.
– Нима, битта-яримта билан гаплашиб юрганини кўрдингизми-а? – Қайнонаси сабзи тахтани тақ этказиб четга улоқтирди.

Йигит очиқ айтолмади. Қайнонаси бу вазиятда барибир қизининг ёнинини олишини сезиб турарди. «Балки янглишаётгандирман, – ўйлади Анвар. – Дунёда туҳматдан ёмон нарса йўқ. Агарда бу эр-хотин ўртасида бўлса, оилага кетган дарзга даво топилмас».
– Xўп майли, – деди йигит ўрнидан оғир тураркан. Боя унинг бир елкасида юк бўлса энди икки елкасидаги юк гавдасини тобора ерга босиб борарди. – Кетасизларми, Зулайҳо?

Зулайҳо қўлидаги ўғлининг сиқиб, арқондек бўлиб кетган иштонини тутганча, индамай онасига қаради.
– Кетаверинг, – деди онаси. – Шу ҳам турмуш бўлди-ю!

Анвар Зулайҳога умид билан боқди. У эса кўзини олиб қочди.

* * *

– Ўғлим, бу нимайкин? – деди Нозима хола бир парча қоғозни кечки овқатдан сўнг ўғлига узатаркан. – Почтачи ташлаб кетди.

Ўқиб кўрса, Зулайҳо номига судга чақирув. Юраги «шиғ» этиб кетди. Бирор айб қилибдими ёки янглиш келганми? Унда нима учун уй манзили, исм-фамилияси тўғри? Битта-яримта ишга гувоҳликками?
– Ҳа, – деди онаси унинг жим қолганидан, – келишингдан сезгандим. Ўт-бетинг оғрияптими?
– Йўқ, бугун жуда чарчадим. Чой борми?
– Ҳозир, – У тиззаларига икки қўлини тираб ўрнидан турди-да, ҳовлига чиқиб кетди. Анвар онасига ачинди. Ўғил ўстиришнинг роҳатими бу? Зулайҳонинг ҳақ гап учун кетиб, ҳанузгача қайтмаганига жаҳли чиқди. Бунинг устига чақирув қоғози. Xаёлида бирдан ўзининг туғилган кунидаги қимматбаҳо кўйлак, гўшту қаймоқ, сариёққа тўла холодилник, қўшни аёлнинг унга «Хотинингиз менга ҳам янги кўйлаклардан олиб келсин» дегани келдию, ичида бир нарса узилиб кетгандек бўлди.
– Яхши қайнасин, – деди Нозима хола жойига инқиллаб келиб ўтираркан. – Айтгандай, бояги қоғоз нимайкан?
– Бу, болаларнинг иши, ойи. Ҳазил қилиб ташлаб кетишибди-да.

Сўнг сабри чидамади. Ўрнидан туриб кийина бошлади.
– Зулайҳони олиб келаман.
– Вой, қаёқдан кун чиқди, болам?

* * *

Зулайҳо пешайвонда Равшанни оёқлари орасига олиб, синглиси билан телевизор кўриб ўтирган экан. Ота-онаси қаёққадир кетишибди. Анварни кўриб ўрнидан турди. Салом берди. Синглиси кўрпача олиб чиқиб солди.
– Қани кетдикми? – деди йигит турганича хотинига тикиларкан. У Зулайҳонинг юзи олқиндидек бўлиб қолгани, уйқусизликдан қизарган кўзлари киртайганлигини пайқади. Ўғли эса қўлида ҳамон пишиллаб ухларди.
– Уйда ҳеч ким йўқ-ку, келишсин.
– Йўқ, кецангиз ҳозир кетасиз, бўлмаса бошқа келмайман.
– Зало, – деди Зулайҳо синглисига эрининг авзойи бузуқлигини сезиб, – ўртоғингни чақириб чиқиб ўтир. Биз борақолайлик.

Анвар машинага шашт билан газ бериб, жойидан чийиллатиб ҳайдаб кетди. Бир-бирини кесиб ўтган кўчалардан чиққач, катта йўлга етди-да, машинани елдек учирди. Орқада Равшанни бағрига босиб ўтирган Зулайҳо олд ўриндиқ суянчиғига ўнг қўлини тираб олган, ёнидан ўтаётган машиналарнинг «ғув-ғув»и ва шамолидан беихтиёр кўзини юмарди. Бирдан Анварнинг машинаси олдига қаттиқ сигнал бериб,оқ «люкс» «Жигули» лип этиб тушиб олди. Икки машина оралиғи унчалик катта эмасди. Қувиб ўтган «люкс» орқа ўриндиғида ўтирган икки йигит маст бўлса керак, етиб бўпсан, деб дам Анварга тилларини чиқарар, дам Зулайҳога кафтларини ўпиб кўрсатарди. Шусиз ҳам тутоқиб келаётган Анвар рулга мушукдек ёпишиб олганича, тезликни янада оширар, ғазаб билан эшитилар-ешитилмас, аҳмоқ, мараз, деб қўярди. Унга сари бояги йигитлар хахолаб кулишар, дам униси, дам буниси энгашиб, рулдаги ўртоғига гапини маъқулларди.

Олдиндаги машина бироз секинлашди. Анвар қувиб ўтиш белгисини ҳам ёқмай машинасини кескин чапга буриб, тезликни оширди. Олдиндаги машина шу заҳотиёқ йўл бермай ўртага тушиб, тезликни пасайтирди.
– Қўйинг, секинроқ юринг, – деди Зулайҳо синиқ товушда. – Улар ичиб олганга ўхшайди. Бирон фалокат бўлмасин.
– Ярамаслар, майна қилишни кўрсатиб қўяман сенларга!

Анвар кейинги пайтда иши юришмаётгани, хотини билан жанжаллашиб қолганлиги, бунинг устига бояги чақирув қоғози туфайли юрагида туғилган ташвиш ва гумонлардан боши айланар, ҳамма аламини ҳозир олдиндаги машинадагилардан олмоқчидек эди. Тартиббузарлар чалғиди шекилли, «люкс» одатдаги ўнг тарафдан юра бошлади. Бундан фойдаланмоқчи бўлган Анвар тезликни ошириб, қувиб ўтишга киришди. Олисдан лапанглаб «КрАЗ» кўринди. Йигит яна газни босди. Шу пайт «люкс» ҳам тезликни оширди. «КрАЗ» ва Анвар машинаси орасидаги масофа тобора қисқариб борар, бир неча дақиқадан кейин даҳшатли ҳодиса содир бўладигандек эди. Буни кўриб келаётган Зулайҳо бирдан бақириб юборди. Қўлидаги Равшан титраб уйғониб кетди. Анварнинг ёдига машинасида хотини, боласи борлиги тушди. Ҳозир уларнинг автомобили улкан «КрАЗ»га урилиб, пачақ-пачақ бўлиб кетишини ҳис этди ва тормозни босиб, рулни ўнгга шашт билан буриб юборди. Ғилдиракларнинг чийиллаши юракларни ларзага солди.

Анвар ўриндиғи ортига бир нарса дўқ этиб текканини сезди. Кейин эса кўз олди қоронғилашиб нима бўлганини билмай қолди. Бир вақт рул чамбарагидан бош кўтариб орқасига қараса, хотини ўғлини маҳкам қучоқлаганча, икки ўриндиқ орасидаги чуқурликда ғужанак бўлиб ётибди. Йигит эшикни елкаси билан туртиб очди-да, нарироқда, кўча чеккасида оқиб турган водопровод сувидан ҳовучлаб олиб келиб аввал Зулайҳога, кейин Равшанга сепди. Xотинини ўриндиққа суяб ўтқазгач, ўғлини кўтариб олди. Зулайҳо кўзини очган бўлса ҳам тез-тез нафас олар, сочлари ёйилиб кетган, Равшан энди чинқириб йиғлар эди.
– Болани нима қилдингиз? – деди Зулайҳо бироздан кейин хириллаб. – Олинг бу ёққа!

У Равшанни титраб қўлига оларкан, эрига ўқрайиб тикилди:
– Нима, ажалимиздан беш кун бурун ўлдирмоқчимидингиз?

Анвар индамай орқа эшикни ёпди. Водопроводдан юз-қўлини ювиб келгач, йўл чеккасига чиқиб қолган машинаси атрофини айланди. Лоақал чизиқ ҳам йўқ. Демак, вақтида тормоз бериб қолибди. «Люкс» тезлиги ўша пайтда соатига юздан кам бўлмабди. Яхшиямки, орқадан машина келмаётган экан, акс ҳолда нима бўларди? Ўғли, хотини унга шундай қовоқ солиб туришармиди?

* * *

Зулайҳо нега бундай йўлга кирди экан? Ўйлаган сари бунинг сабаби ойдинлашар, бу фожиа юз беришида Зулайҳонинггина эмас, балки ўзининг ҳам айби борлигини англаб борарди. Кўз ўнгидан хотинининг ҳафта, ўн кунда янги кўйлак кийиши, Олимжон акам яхшилар, деб мудирни мақтагани, музлатгичнинг доимо гўшт-ёғга лиқ-лиқ тўлиб туриши бирма-бир ўта бошлади. Ўзи туғилган кунида Зулайҳо ниҳоятда қиммат костюм-шим совға қилганида Анвар «Қаердан олдингиз?» деб сўраганида, хотини сирли жилмайиб, «Узумини енгу боғини суриштирманг» деб жавоб қайтарганида индамади, қайтангга хурсанд бўлиб кийиб олди.

Фақат иш билан бўлиб хотинининг орзу-истаги, ҳаётидан деярли хабардор бўлолмади. Кино-театр деган нарсаларни унутиб юборди. Зулайҳо дугоналаридан эшитиб келиб, фалон жойда яхши филм ёки театр қўйилаётган экан, деса, «қайси вақтда борамиз?» деб қўярди. Қариндош-уруққа ҳам онда-сонда аралашишарди. Ана шу пайтларда хотини қаёқларда юрди экан?

Ҳовлида қушлар чуғурлади. Бу, ёзнинг қайноқ, янги куни бошланаётганидан дарак эди.

* * *

Анвар бир пайтлар – уйланмасидан аввал бўлажак хотинини бошқача тасаввур қилганди. Ҳаётида эса ўзгача бўлиб чиқди, тўғрироғи, Зулайҳонинг илк кўриниши тасаввуридек эса-да, дунёқараши, табиати, э, буёғини айца, ўзини тутиши бўлакча эди. У ҳар нарсага шахсий манфаат олиш ниятида қарар, бу дунёда яшаб қол, қабилида ҳаёт кечирар, майда-чуйда, лекин ортидан кўп ташвишлар келтирадиган ишларга бепарво қарарди. Умрини ўқитувчиликдек ёзув-чизувлик ишига бағишлаган Анварга аслида хотинининг бундай табиати ёқмаса-да, лекин юрагининг бир чеккасидан балки Зулайҳо тўғри ўйлаётгандир, барибир зўр яшаш керак, ахир одам дунёга фақат бир марта келади-ку, деган ўй йилт этиб ўтарди. Бироздан сўнг уйқудан уйғонган мисол сесканарди-да ҳушёр тортарди ва ... хаёлида бир пайтлар орзулаган ўша ёстиқдоши пайдо бўларди.

Нозик-ниҳол, думалоқ оқ кўзли сирға таққан паримисол қиз айтарди:
– Мен сизни икки чақноқ кўзларимга жойладим,

Кўзларим қоралиги, зеболиги шу сабаб.

Анвар мисралардаги йигитни ўзи деб тасаввур қилар, гўё рўпарасидан соҳибжамол – бўлажак хотини чиқиб келарди. Йигит қалби эса илк баҳор қуёшида эриган муз каби шаффоф сувга айланиб, дунёқараши ўзига мос, касби, юрак туйғуларини тушунадиган маънавий маслакдошига етганидан олам-олам ҳузур топгандек эди.

«Юринг, олис-олисларга кетайлик, токи ёлғиз-ёлғиз суҳбатлашиб бир-биримизга тўяйлик». Бу – йигитнинг овози.

«Оҳ, қани эди иложи бўлса. Сокинликни бирам соғинганманки... Атрофда чирилдоқлар чирилласа, фақат иккимизнинг қадам товушимиз эшитилса. Қадам товушимиз ҳам эмас, нафас олишимиз эшитилса...» Буни ўша қиз айтарди.

«Бўлмаса кетдикми?».

«Кетдик!».

Қўл ушлашиб ўркач-ўркач тоғлар томон юришади. Қояларга етиб боришмоқчи. Улар кетаверишади, тоғлар орқага чекинаверади, чекинаверади. Тўхташса, тўхтайди. Xудди ўзларига ўхшайди – тозаям ўжар. Лекин пок ниятлиларга тоғлар барибир бағрини очади.

Йўлларида сойлар, сарҳадлар кўп. Далалардаги кўм-кўк ўт-ўланлар тиззага урилиб ётибди. Ҳар одим ташлашганда шудринг марвариддек дув тўкилади.

Суҳбатлари сира тугамайди, гаплари гапларига уланаверади.

«Инсондаги энг яхши фазилат нима?» сўрайди йигит.

Қиз бироз ўйланиб дейди: »Мени синамоқчимидингиз? Аввал ўзингиз айтинг-чи».

«Муҳаббат ва садоқат!»

«Кўнглимдагини топдингиз, Анвар ака».

«Фақат бу, биласиз, кенг қамровли тушунча. Инсонга, оилага, Ватанга муҳаббат ва садоқат. Атрофимизда чин инсонлар кўп. Шу билан бирга мен орзулайман: агар иқтидорим бўлса эди, баъзи инсонлардаги жами тубан иллатларни топа оладиган компютер ўйлаб чиқардим. Токи ҳар бир киши алдов ва хиёнатдан огоҳ бўлсин, ҳалол ва покиза яшасин».

«Анвар ака, бир кун келиб ниятларингиз ҳам ушалар. Балки ўқувчиларингиз ихтиро қилар ўша компютерни. Лекин агар одамларнинг ўзи садоқатли, вафодор бўлмаса, хилвату қоронғуликларда оғир гуноҳлар қилаверса ундайларнинг иллатларга тўла юрагини ўрганишдан нима фойда? Сизу бизга ўхшаган устозлар аввало болаларни чин инсон этиб тарбиялашимиз керак эмасми?»

«...»

«Фикримга қўшилдингиз, шекилли, Анвар ака?»

«Ҳа, тўғри гап. Лекин биласизми, дунё яралибдики, хиёнат ва нафс устунлик қилиш учун садоқат, виждон, покизалик билан ҳамма вақт олишиб келади. Афсус, базан ҳалол ва соддадил одамлар иблисларнинг маккор хийлалари қурбони бўлган. Ишонасизми, бу шайтоний талвасаларнинг ортида тиржайганича совуқ башарали алдов туради. Ҳамма гуноҳларга кимларгадир арзимасдек, ҳатто беозор туюлган ана шу алдов етаклаб боради».

Йигит шундай деб ўйчан туриб қолди, кейин қизнинг қўнғироқдек овозидан сергакланди:

«Қайтдик, Анваржон ака, қайтдик!»

* * *

Анвар уйғонганида аллақачон қуёш чиққан, ток сўрисида чуғурчиқлар ғужғон ўйнар, ёзнинг ёқимли шабадаси дераза тўрпардаларини билинар-билинмас силкитарди. Стулга тахлаб қўйилган кўйлак, шимларини кўриб, бахтиёр куёвлик даврини эслади. Орзулар, орзулар, эзгу орзулар... Болалик бўлиб, уларни тарбиялаш, томорқаларида боғ барпо қилиш, ўғил-қизларини ўз сигирларидан соғилган орзулари каби оппоқ, қайноқ сут билан боқиш, ҳалол меҳнатлари ортидан рўзғор тебратиш... Афсус, ўтган умрни қайтариб бўлмайди, лекин ҳали ҳам кеч эмас.

Ўйчан кийиниб, ювинди, ошхонага чиқиб хонтахта ёнига чўкди. Эшик ғийқиллаб очилиб, юпқа, ҳарир рўмоли икки учини елкалари оша ташлаган онаси кириб келди. Чеҳраси ёришган, ҳатто ёшаргандек.
– Болам, хотининг мактабга ишга кетган, зора энди ишлаб қолса, – деди у, кейин ўғлига бир қараб қўйиб давом этди. – Кеча сен йўғингда йиғлаб-йиғлаб дардини айтди. Дўконнинг хўжайини ҳужжациз молни сотдирганини Зулайҳодан суриштиришипти. Роса тавбасига таянипти. Xўжайинини бўлса жазолашипти. Сен хотининг билан гаплашмаётганинг учун буларни менга ўзи айтди. Дўкондан бўшаб, мактабга меҳнатдан дарс бергани бориб келаяпти. Ўзинг ҳам хотининг ўқитувчи бўлишини хоҳлагандинг-ку, болам.

Анвар турмушнинг кўп аччиқ ташвишларини кўрган, рўзғорнинг бор-йўғига чидаган, лекин ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмаган онасига меҳри баттар ошиб кетди. Индамай чойини ичди, бироздан кейин мактабга дарс ўтишга бориши керак. Энди Зулайҳони ҳар куни ўша ерда учратади. Ҳатто йиғилишда бирга бўлади. Балки уйга ҳам бирга қайтишар.

Дафъатан уйланиши арафасидаги хаёлларини эслади. Улар қўл ушлашиб ўркач-ўркач тоғлар томон боришар, орзу-ўйларининг чегараси йўқ эди. Энди ниятларига ... тоғларда эмас, ўз қишлоқларида етишар. Бунинг учун нима керак?

Анвар иш папкасидан ручка ва оқ қоғоз олди, катта-катта ҳарфлар билан «Муҳаббат ва садоқат» деб ёзди. Булар, албатта, кенг маънодаги тушунча, деб ўйлади яна. Бу битикни хонаси тўрига илиб қўйгиси келди. Бугун ўқувчиларига шу ҳақда сўзлашни истади. Ва бирдан кўз олдида фидойи онаси пайдо бўлди. Ана, жонли мисол. Қуш уясида кўрганини қиларкан.

Йигит ўша икки сўз остига ҳафсала билан «Сиздан бошқа кимим бор, онажон?» деб ёзди. Кейин қоғозни сумкасига солди. Кўпайтириб, ўқувчиларининг ҳаммасига тарқатгиси келди. Қўлига қайта олиб, яна қаради.

Икки гап бир-бирига жудаям ярашиб турарди.