OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбу Али ибн Сино
Асар номиҒазаллар, қитъалар
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Форс адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Абу Али ибн Сино
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонШоислом Шомуҳамедов, Жамол Камол, Абдусодиқ Ирисов
Ҳажм90KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/12
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Ғазаллар, қитъалар
Абу Али ибн Сино

Абу Али Ибн Синонинг Адабий Фаолияти

Буюк қомусшунос Абу Алн ибн Синонинг ижодий фаолиятн жуда хилма-хил ва ранг-барангдир. Аллома ўз давридаги мавжуд бўлган ҳамма фанларда ҳам салмоқли из қолдирган.

Ибн Сино дунёда, биринчи навбатда, буюк табиб сифатида машҳур бўлгани билан бирга олимлар наздида буюк файласуф сифатида ҳам ҳурматли. Унинг ннсонга, биринчи навбатда, практик жиҳатдан зарур бўлган тиббий асарлари олим номини дастлаб бутун дунёга таратди ва уни ўчмасликка олиб келди.

Ибн Сино табибгина бўлиб қолмаган эди, у ўз даврининг буюк мутафаккири, кейинги асрлар фани, адабиётига салмоқли таъсир кўрсата олган буюк сиймо эди. Унинг аниқ фан соҳаларндаги асарлари ҳамда фалсафа ва адабиёт бобидаги катта хизматлари ҳақли равишда уни жаҳон фани ва маданиятннинг ажойиб бир намояндаси дейишга ҳуқуқ беради. Унинг фалсафий-эстетик ғоя ва қарашлари жаҳон маданияти эришган ютуқлар қаторига кирди.

Ибн Сино нжодидаги ажойиб хусусиятлардан бири шуки, у асарларида ўз даврининг жуда кўп илғор ғояларини кўринарли акс эттира олди.

Ибн Сино — шоир. Ибн Сино маърифатпарвар шоир эди. У инсонларни фан ва маданият, билим ва маърифат ўчоғини ёқишга, илмий йўлда оғишмай камолат ҳосил қилишга, ҳар бир масалага илмий, ақлий ёндашишга, ростгўй, виждонли бўлишга — хуллас, ннсонийликнинг энг яхши хислатларини ўзида акс эттириб, мужассамлантиришга ва инсон деган улуғ номни янада юқори кўтаришга чақиради.

Ибн Сино маърпфатпарвар сифатида ўзида шоирлик қобилиятини сезган чоғларидаёқ халқ ўртасида табобатни кенг кўламда ёйишга интилганини кўрамиз. Унинг тиббиётга онд достонлари шундан далолат беради. Ибн Сино бу достонларини арузнинг ражаз вазнида ёзган. Шунинг учун баъзан бу асарларни уржуза деб ҳам атаганлар. Шу вазнда у тиббиётга атаб бир қанча шеърий асарлар ёзди, ҳозирча, булар сони тўққизта. Улар қуйидагилар:

  1. «Соғлиқни сақлаш — гигиенага оид уржуза».
  2. «Тўрт фасллар ҳақида уржуза».
  3. «Анатомияга оид уржуза».
  4. «Гиппократ васиятлари ҳақида уржуза».
  5. «Тажрибадан ўтган тиббий нарсалар ҳақида уржуза».
  6. «Тиббий насиҳатлар ёзилган уржуза».
  7. «Мантиққа оид ёзилган уржуза».
  8. «Алоқа ҳақида уржуза».
  9. «Табобат ҳақида уржуза».

Ибн Сино ёзган бу достонларнинг саккизтаси тиббиётга, биттаси мантиққа онд асардир. Бу достонларнинг энг йириги «Тиббий достон» номи билан машҳур бўлган.

Ибн Сино бу асарини ёзганида ҳали у медицина оламига танилмаган ва ўзининг машҳур «Тиб қонунлари» асарини ёзмаган ҳам эди. Ибн Синонинг табобатга оид бу достони унинг бу соҳадаги илк асари эди. Бу билан Ибн Сино ҳам табобат, ҳам шеъриятга дадил қадам қўя олди.

Ҳатто у бу асари орқали ўз ғояларини ёйишни кўзда тутганларини ифодалаб шундай дейди: «Мен бу уржуза — достонга камолат тўнини ва ҳусн сарупосини кийгаздим, уни ўрганиш осонроқ ва машаққати камроқ бўлсин деб, тўқилишини осон ва вазнини енгил қилдим».

Араб маърифатпарвари ва адиби Журжий Зайдоннинг кўрсатишича, ражаз вазни шеър вазнларининг энг аввалгиси ва энг қадимгисидир. Бу вазндаги байтлар маснавийга ўхшаш қофиядош бўлади. Бу вазн ўз даврида халқчил, одамлар орасида кенг тарқалган вазн бўлган. Ҳар ким ҳам бу вазнда шеър айта олган, кейинчалик бу баҳр кенгайиб, уржуза деб аталадиган қасида ва шеърлар битилган. Одатда гапга уста ҳар бир араб бу йўл билан шеър айта олган.

Ибн Сино достонларининг энг йириги бўлган «Тиббий достон» 1956 йили Парижда ва мантиқ ҳақидагиси 1910 йили Қоҳирада нашр этилган. Тиббий достон қисқа насрий муқаддима билан бошланиб, кейин назмий йўлда давом этади. Нашр этилган нусхага кўра тиббий достонда 1326 байт бўлиб, 2652 йўл шеърдан иборат. У ерда муаллиф озгина назмий муқаддима (ўн олти байт)дан сўнг назарий медицинага ўтади, бунга 705 байт бағишланган, сўнг амалий медицинага ўтади, бунга эса 605 байт бағишланган.

Ундан ташқари Ибн Сино фалсафий шеърлар ҳам ёзган, бу борада унинг йигирма байт, яъни қирқ йўллик нафс-жон ҳақидаги машҳур шеъри ҳам бор. Ибн Синонинг бу шеъри кичик ҳажмли бўлишига қарамай, кўп файласуфлар унга шарҳлар ёзишган, у бир неча бор нашр ҳам этилган.

Наср йўлида Ибн Синонинг бизгача етиб келган машҳур асарларидан «Ҳайй нбн Яқзон», «Рисолатат-тайр», «Саломон ва Ибсол», «Юсуф» каби қиссаларини айтиш мумкин. Қисса деганда ҳозирги араб адабиётида ҳикоя жанрини тушунамиз. Лекин ўрта асрда қисса сўзи достон, повесть маъносида ҳам ишлатилган. Одатда қадим Шарқ адабиётида кичнк ҳажмдаги прозаик асар бўлса қисса жанрига кираверган. Шунинг учун ҳам Ибн Сино «Ҳайй ибн Яқзон», «Саломон ва Ибсол» ва «Юсуф» асарларини қисса деб атаган.

Бу қисса 1174 йилда Ибн Азро томонидан шеър билан иброний тилига таржима қилиниб, «Ҳайй нбн Мақиз» қиссаси номи билан машҳур. Бу таржима 1736 йили Истамбулда босилган.

Ибн Синодан ўн икки йил кейин вафот этган шогирди Абу Мансур Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Зайло ал-Исфаҳоний устодининг бу асарига шарҳ боғлаган. Ундан кейин «Ҳайй ибн Яқзон»ни номаълум бир киши форсчага таржима қилиб, шарҳ ёзган. Бу таржима шарҳнинг бир нусхаси Тошкентда, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти китоб фондида ҳам сақланмоқда.

Ўрта асрларда файласуфлардан Ибн Туфайл ва Шаҳабуддин Суҳравардийлар Ибн Синонинг бу қиссасидан ижодий фойдаланиб, шу номда тамоман бошқача, оригинал асар яратдилар.

Абу Убайд ал-Жузжонийнинг ёзишига қараганда, Ибн Сино бу асарини ҳижрнйиинг 414 йили (милодий 1023) Ҳамадонга якин бўлган Фараждан қалъасида тўрт ой қамалиб ётган пайтида ёзган. Шайх бу вақтларда 44 ёшларда бўлган.

«Ҳайй ибн Яқзон» қиссасининг тили, стили жуда оғир, айрим ҳолларда тушуниб бўлмайдиган иборалар, ортиқча синоним сўзлар қаторлаштирилиб юборилган бўлиб, тушуниш ва таржима қилишни анча мушкуллаштиради. Бунинг бир сабаби бўлиб, албатта, бежиз бўлмаслиги керак. Ҳатто ибнсиношунос Ғарб олимларидан Меҳрен бундай қийин формада фикр юритишни замондош теологлар ҳужумига учрамаслик учун шундай қилган, деб изоҳлайди. «Ибн Сино бу рисолаларини,— деб ёзади Меҳрен,— ўзининг энг яқин шогирдлари учун ёзган. Бу асарлардан унинг дунёга бўлган қарашини ҳам билиш мумкин».

«Ҳайй ибн Яқзон» қиссасининг бош қаҳрамонн — биринчи шахс Ибн Синонинг ўзи бўлса, унинг суҳбатдоши, ҳикоя қилувчи — Ҳайй ибн Яқзон — Уйғоқ ўғли Тирик — Ақлдир.

Қиссадаги бешта алоқа бўлими инсондаги бор бўлган бешта ташқи сезув органи — кўриш, таъм билиш, ҳидлаш, эшитиш, сезишдир. Булар киши организмида табиатни тушунишда, муносабатда бўлишда мисоли бир хабарчидир.

Ибн Синонинг бу қиссаси кўп жиҳатдан мажознй, рамзий битилган, кишилар феъли атворини ўз ичига қамраб ололган ва ҳаётий гаплардан мулоҳаза юритадиган адабий асар ҳамдир. Мана шу нуқтаи назардан қараганимизда қиссанинг икки планда — ҳам фалсафий, ҳам адабий планда ёзилганлигини кўрамиз. Дарҳақиқат, Ибн Сино бу асарида ҳам рамз — ишоралар орқали, адабий воситалар ёрдами билан ўзига туюлган маълум қарашларини баён қилган.

«Ат-Тайр»— «Қуш асари». Ибн Синонинг адабий ижодига кирадиган асарларидан бири унинг «Рисолат ат-тайр» («Қуш рисоласи»)дир.

Бу асар ҳам аслида рамз — ишоралар билан ёзилган бўлиб, олимнинг жон, ҳақиқат тўғрисидаги фикр ва ғояларини билиш учун ҳам аҳамиятга молик. Шарқнинг йирик сиймоларидан Фаридиддин Аттор «Мантиқ ут-тайр», улуғ Навоий «Лисон ут-тайр» каби асарларнни ёзишида Ибн Синонинг шу асари асосий туртки бўлган дейиш мумкин. «Қуш» ҳақида биринчи ўлароқ кичик асар ёзган Ибн Синодан сўнг бу соҳада асар ёзганлар уни янада чуқурроқ, янада кенгроқ бўлишини таъминладилар.

Ибн Синонинг бу асари билан биринчи бўлиб Умар ибн Саҳлон Совий (1145 йилда ўлган) шуғулланиб, уни форс тилида шарҳлаган. Ундан кейин Шарқда унга жуда кўп шарҳлар битилган.

Асарнинг номи кўпинча «Рисолатат-тайр» аталса-да, баъзан «Китоб шабака ва-т-тайр» («Тузоқ ва қуш китоби») деб ҳам аталиб келинган.

Қорахонийлар сомонийлар сулоласини йиқитгандан сўнг, Ибн Сино Бухорода туролмай, ўзига қулайроқ ва тинчроқ деб Хоразмга — Урганчга боради. Кўп ўтмай, у ерни кучайиб келаётган Ғазна ҳукмдорн Маҳмуд Ғазнавий ўзига бўйсундиришга уриниб, Хоразмшоҳга тазйиқ қила бошлайди. Буни пайқаган Ибн Сино Хоразмни тарк этиб, Нисо, Абивард, Тус орқали Гургонга келади. Гургонда яна Маҳмуд хавфи туғилади. Кейин Рай, Ҳамадонда яшайди, у ерда тўрт ой қамалиб чиқади. Кейин Исфаҳонда яшайди.

Хуллас, олим бир жойда тинчгина яшай олмай, шаҳарма-шаҳар кезади, бир фитнадан қочиб, иккинчисига учрайди. Тарихчиларнинг ёзиб қолдиришига қараганда, ҳатто Ибн Синонинг Хоразмдан қочиб қолганини эшитган Маҳмуд Ғазнавий унинг расмини ишлатиб, бутун қўшни ўлкаларга тарқатган, қаерда шу расм эгаси кўринса, тутиб унга юбориш кераклигини тайинлаган. Мана бу ҳолатларнинг ҳаммаси рамзий ишоралар, тамсилий иборалар билан «Қуш» рисоласида ўз аксини топган.

Асардаги тузоқ Маҳмуд Ғазнавийнинг чангали, қушларнинг бошу қанотларининг озод бўлиши эса, Хоразмшоҳ даргоҳидан ўз ихтиёри билан бошқа юртга чиқиши, қушларнинг оёқларида тузоқ қолдиқларининг қолиши ва душманнинг изма-из келишидан қўрқув эса, қайси ўлка, қайси шаҳарга борса, ҳамон муҳайё бўлиб турган Маҳмуднинг таъқибидир, қушлар учиб ўтган тоғ, водийлар Ибн Сино қочиб-кезиб юрган шаҳарлардир. Шу тариқа Ибн Сино бу асарида рамз билан ўз аҳволига ишора қилган.

«Саломон ва Ибсол» қиссаси. Абу Али ибн Синонинг аввалги икки насрий асари Шарқ ва Ғарб олимларига маълум бўлса ҳам, лекин «Саломон ва Ибсол» билан «Юсуф» қиссаси то кейинги вақтларгача кўпчилик олимларга деярлик маълум бўлмай келди.

«Юсуф» қиссаси билан «Саломон ва Ибсол» қиссаларннинг бир-бирларига тематик боғлиқлиги Ибн Сиинонинг «Хутбайи таслия»сини ташкил қилишга олиб келган эди ва натижада иккаласи бир асар сифатида бир хил саргузаштга дучор бўлган эди. Шу сабабдан бўлса керак, булар Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган мажмуага (инв. №2385) олдинма-кетин тушиб қолган.

Масалан, Саломон бир инсон бўлса, Ибсол шу инсоннинг маърифий, руҳий даражаси. Ибн Сино Ибсол образида берилган хислатларни инсонларда кўрмоқчи бўлади, шунга одамларни даъват қилиб, уни улуғлайди. Инсоннинг табиатида бўладиган шаҳвоний ҳислари Саломоннинг хотини образи орқали берилади. Бунда гўё истак, яъни хотин ақлни (яъни Ибсолни) эгалламоқчи бўлади. Лекин ақл унга бўйсунмайди. Шу жиҳатдан ҳам аллома Насируддин Тусий Ибсолнинг хотиндан ўзини олиб қочиши, ақлнинг ўз оламига тортишидир, дейди. «Саломоннинг хотини,— дейди Тусий яна,— нафс билан бирлашиб кетиб, бир шахсга айланган, истак ва ғазабга тортадиган бадан қувватларига ўхшатмадир. Хотиннинг Ибсолга бўлган ишқи эса унинг бошқа қувватларини эгаллагандек, ақлини ҳам эгаллашга бўлган интилишига ўхшатмадир».

Хуллас, Ибн Синонинг бу асари ўрта асрдан қолган адабий ёдгорликларнинг бир намунасидир.

«Юсуф» қиссаси. Абу Али ибн Синонинг бу асари ҳажм жиҳатидан кичик бўлишига қарамай, бу тўғрида дастлаб асар ёзганлиги билан диққатга сазовордир.

* * *

Булардан ташқари, Ибн Сино адабиётшуносликка оид «Шеър санъати» (Қоҳира, 1966) деган асар ҳам ёзган. Алломанинг бу асари унинг «Китоб аш-шифо»сининг бир қисми бўлиб келган. Тўрт қисмдан иборат бўлган «Аш-шифо» мантиғининг тўққизинчи бўилаги мана шу «Шеър санъати»дан иборатдир. Бунда муаллифимизнинг адабиёт борасидаги қарашлари, муносабатларн битилган.

Ибн Сино «Шеър санъати» асарнни саккиз бобга ажратади ва буларнинг ҳар бирини фасл деб атайди.

Биринчи фаслни муаллиф шундай атайди: «Шеър ҳақида умумий тушунча, шеърий форма ҳамда юнон шеър навлари ҳақида». Бу фаслда олим умуман шеъириятга баҳо беради, унинг тузилиши, шаклларига тўхтайди. Иккинчи фасл шеърда тема ва тақлид масаласига бағишланади. Учинчиси эса «Шеърнинг дастлаб пайдо бўлиш кайфияти ва шеър турлари ҳақида» деб аталади. Тўртинчиси «Байтлар ўлчовининг мақсад — ғаразлар билан муносабати ва хусусан, трагедия ҳақида, трагедия бўлимлари баёни» деб номланади. Бешинчиси «Шеър, хусусан, трагедия тузилиш тартиби, унда ишлатиладиган эпосга хос бўлган образли гап бўлакларн ҳақида» деб аталган. Олтинчи фасл бошидан охиригача трагедия қисмларига бағишланган.

Еттннчи фаслда «Шеър навларида ишлатиладиган сўзлар ва уларнинг мос келиши трагедия ва бошқа тур шеърларнинг унга ўхшаши ҳақида», саккизинчида эса «Шоирнинг камчилиги тўғрисида ва трагедиянинг ўзига ўхшаш турлардан афзаллиги ҳақида» каби масалаларга тўхталинган.


Рубоийлар

1

Шул хоки сиёҳдин то авжи Зуҳал,
Ҳар нечаки мушкилот эрур, этдим ҳал.
Очдим неча занжир — занжири макру ҳиял,
Ечдим неча бир тугун, магар қолди ажал...

2

Соқий, қадаҳи журъати жонинг қайда?
Ул оинаи нури жаҳонинг қайда?
Сун менгаки, кўнглимни мусаффо этайин,
Тақвони шикаст айлагонинг қайда?

3

Пир бўлдинг, ишингни ончунон этмассен,
Соч оқи-ла пирлигинг ниҳон этмассен.
Тун зулматида ҳар неки қилдинг — қилдинг.
Тонг равшанида бўлди, аён этмассен.

4

Эй меҳр, ки борми сен каби оламгард,
Саргашта йўловчиман, ўзинг йўл кўрсат.
Кўрдингми бировниким яна ишқ йўлида,
Ким юзида шунча гард эмиш, кўнглида дард?..

5

Зулфинг сочилиб, бўйинг қадар эврилмиш,
Огоҳмисен нечун, магар эврилмиш?
Чун лаълинг аро лаълию зумрад кўрибон,
Аждар бўлибон кўҳи камар эврилмиш...

6

Гар бодани гоҳ-гоҳ ичармен — хомлиғ,
Аммоки мудом ичар эсам — бадномлиғ.
Май шоҳу ҳакиму ринд ичар эрса, на хуш,
Гар бошқаси нўш айласа — душманкомлиғ.

7

Биздирмиз ўша ҳаққа тавалло қилгон,
Лутфингни тилаб, ўзни табарро қилгон.
Ҳар ерда иноятинг агар бўлса, бўлур
Қилгон қилмогону қилмагон гўё қилгон...

8

Не хушки, жаҳондин кечибон кетгайсен,
Манзилга пушаймонсиз агар етгайсен.
Ҳар нечаки айласанг — бугун айла адо,
Чун эртага нотавон қолиб, нетгайсен...

9

Эй нафс, ки ғарқ айла ҳавою ҳавасинг,
Зуд ўлки, зарур ҳимояти бир нафасинг.
Дунё дема, молу давлату ишва дема,
Ким, дўст деб душманга гирифтор ўласинг...

10

Юзннг каби офтоби пурмоя қани?
Зулфинг каби ҳар шому саҳар соя қани?
Бул товбага ул гуноҳ нечук зийнат эмиш?
Бу иккисидек ҳамдаму ҳамсоя қани?..

11

Ким берди руҳи лолаю гулбор сенга?
Бу сумбули наврастани, гулнор, сенга?
Кундузни қаро тун қўлига ким берди?
Бу ёри сазониким, сазовор, сенга?..

12

Эй тун, иноят эт, яна айлама хун,
Бу рози дилимни фош этиб, қилма фузун.
Кўрдинг, кеча не қадар узун бўлди кечам?
Эй васлу висол туни, узун бўл, узун...

13

Сўрдимки:—Нечун шикаста, нолондирман?
Айди:— Сабабни мен, гули хандондирман.
Сўрдимки:—Нечун кўйингда гирёндирман?
Айдики санам:—Сен тану, мен жондирман...

14

Уч нарса сенинг учингдан олмиш тимсол:
Руҳдан — гулу, лабдан — мулу, юздан — жамол.
Уч нарса менинг учимдан олмиш ҳама сол:
Дилдан — ғаму, юздан — наму, кўздан — хаёл...

15

Зулфинг санамим, агарда ларзон бўлур,
Эл ичра баҳойи анбар арзон бўлур.
Гар зулмннг аро юзинг намоён бўлур,
Нур тонг била тунга тенг фаровон бўлур...

16

Эй кошки, кимлигимни бир билсаме,
Нечун саргаштамен, назар қилсаме.
Соҳиби бахт эсам, ўйнаб-кулсаме,
Эрмасам, ёш тўкиб, бағрим тилсаме...

17

Бу бодия ичраким чунон чопди кўнгул,
Жаҳд этдию қилди чок-чок айлади ул.
Кўнглимда-ку минг қуёш ёнар эрди, вале
Охирда камолга топмади заррача йўл...

18

Ҳар нарсаниким замон бузиб, хор айлар,
Дунёйи хазинабон йиғиб, бор айлар.
Майл этсаю боз аслига эврилса фалак,
Ғайб пардасидин ҳақ яна ошкор айлар...

19

Менинг куфрим айбларга дилимдан ўзга султон йўқ,
Бу оламда менинг покиза имонимдек имон йўқ.
Мусулмонликда мен аҳли замон ичра эдим танҳо,
Агар кофир эсам мен ҳам, бу дунёда мусулмон йўқ.

20

Ўзни доно билган бу уч-тўрт нодон
Эшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон.

21

Ман мастга душману ҳушёрга ёрдир,
Ози тарёк, кўпи бир заҳри мордир.
Кўп бўлса зарари оз эмас унинг,
Оз бўлса унда кўп манфаат бордир.

22

Ҳар ерда жаҳолат ҳаддан ошган он,
Замона жигаринг қилур қаро қон,
Марварид, гавҳарга тўлурми қўлинг,
Остонанг ул ёғи гар бўлса уммон.

23

Соқий, жаннатий соф зулолинг қани?
Ҳақ кўринар ойна мисолинг қани?
Ичимни тозалаб ювмоқ ниятим,
Чўлоқ қумгон, синган сафолинг қани?

21

Ҳақ жаҳоннинг жонидур,бадандур жаҳон,
Фаришталар бу танга сезги, бегумон.
Унсурлардан барча жисм маволид аъзо,
Шудур борлиқ, қолгани ҳийлаю ёлғон.

25

Дўстим душман билан ўтирмиш бисёр,
Энди ўтирмайман у билан зинҳор.
Парҳез қил шакардан заҳари бўлса,
Пашшадан қоч, кўниш жойи бўлса мор.

Жамол Камол таржималари

Ғазаллар

Ҳақиқат тип-тиниқ бода эрур руҳнинг ғизоси,
Чечак-гуллардин ўзгай бўйи ҳам ранги сароси.
Ақиқ ранглигу мисли ёқуту лаълисифат бўлса,
Кимки ичса бир жом, бошига қўнгай ҳумоси.
Қуюлса тонг ила хумморларнинг жомига кул-кул,
Магар барбат садосидин келур хушроқ садоси.
Падар панди каби аччиқдир, аммо фойдаси беҳад,
Эрур нодонга ботилу вале доно равоси.
Ақл фатвоси андоқким, ҳалолдир ичса донолар,
Вале аҳмоқлара макруҳ эрур кайфи сафоси.
Бнлимдонга ҳалолдирким, ҳаромдир аҳли жоҳилга,
Ҳама яхши-ёмонни ажратур майнинг зиёси.
Ҳаром ўлмиш шароб оламда балким жаҳли жоҳилдин,
Нечаким ичди жоҳил, бўлдилар майнинг адоси.
Шаробни аблаҳ ичса, чун гуноҳи ҳаддидан ошгай,
Тилидин лоф ёғилғай, ўзгариб фикри ҳавоси.
Не хушдирким, қўлингга сунса паймона гўзал маҳбуб,
Гўзал юз шабнами томса, мен ул майнинг гадоси.
Абу Али, тиниқ майни ҳакимона ичавер,
Худо ҳаққи, шудир ҳақнинг йўлин топмоқ давоси.
* * *
Мард кишига ўн хил иш доим ҳаром,
Олтисидан мард киши холис мудом.
Хасислигу, ҳасад ҳам ёлғончилик,
Заифлик, дарду йўқликка бўлиш ром.
Агар неъматга етсанг, сен адолат —
Ҳам ақлинг бирла бер дўстларга инъом.
Агар шиддатда қолсанг, ютма дардинг,
Самон бўлгай бу дарддин чеҳра гулфом.
Назарга арзимас буткул жаҳон ҳеч,
Совуқ бир оҳ ила бўлгай саранжом.
Фалак — жуфт соққа, олам тахтасидир,
Ажал ўйнайди, бизлар — донаи хом.
Шоислом Шомуҳамедов таржимаси.

Қитъалар

Улуғлигим туфайли дилларида ваҳмалар зоҳир,
Йўқ эрса, шафқат этмай, айлашарди бетиним таҳқир.
Мени тутмоқчи бўлганлар қазиб чоҳ, айлашар «ав-ав»,
Кучук овози ҳарёқда, фақат мен бунда шерман, шер.
* * *
Узоқдан ўқрайиб, менга қилурлар неча ғавғолар,
Мен эрсам илм дерман, тунларим бедор ўтар бир-бир.
Агар бундай адоват ўрнига бўлсайди одил кўз,
Кўрарди ишларимда ул ёмон ўрнига хўб тадбир.


* * *
Тарк қил бор нарсани, аълодурур жон ҳаммадан,
Жон камоли илмдандир, илмдандир сўлу соғ.
Жон агар бир шиша бўлса, илм — бир ёнгувчи шам,
Ҳикмати инсонни билгил ул чароғда лампаёғ.
Гар чароғ равшан эрурса, сен соғ-саломат ҳам тирик,
Гар чароғ сўнса, сенинг ҳам ўлганингдир ушбу чоғ.
Шоислом Шомуҳамедов таржимаси.

Байтлар

Кўрларга қуёш равшан эмас-ку,
Жоҳилга тўғри йўл пинҳон шунингдек.
* * *
Мубтало бўлмоқни кимки истамас,
Ҳаммом иссиғига тутмас елкасин.
* * *
Менинг сабрим жуда қаттиқ, сенинг эрса юрак-бағринг,
Демак, бир тош эканмиз иккимиз ҳам бу муҳаббатда.
* * *
Олий мансаб эгалари жонснз нарсалар бўлди,
Ажаб, жонсиз нарсалар ҳам нашъу намо қилишар.
* * *
Зулфи бирла қоп-қора тун зоҳир айлар бўлди-ю,
Юзларининг шуъласи йўл бермади оқшомга ҳеч.
* * *
Мен улуғ бўлдим-ку, лек кенг бўлмади майдон менга,
Қимматим ошгач харидор чиқмайин қолди ахир.
* * *
Етиб борса, ҳазар қилғил, менинг сўз шамширим доми.
Ва ё тил шамширим — сўзим шамоли етгани они.
* * *
Ёмон ё яхшилик қилгай ҳар киши,
Шу ёмон, яхшини топмоқдир иши.
* * *
Қора қарға қаноти оппоқ бўлган он,
Мен ҳам соқол бўяб, бўлгум навқирон.
* * *
Агар овқат чексиз лазиз бўлса ҳам,
Кўп емагил, келтиради дарду ғам.
* * *
Йўқликка кетмишлар минглаб улуғ зот,
Бирортаси қайтиб келмади, ҳайҳот!
* * *
Кирмагим бунга аён мисли ўзннг кўрган каби,
Лек бу ердан чиқмоғим ҳам, шубҳаснз, амримаҳол.
Шоислом Шомуҳамедов таржимаси.

Насиҳат

Еган бўлсанг таомннг,
Ҳазм бўлмасдан олдин,
Яна устига-устак —
Емоққа йўқ зарурат.
* * *
Чайнашда тишлар ожиз —
Бўлган таомни ютма,
Таомнинг ёмони бу,
Қоринга бўлгай офат.
* * *
Ҳафта ичинда бир бор
Қайт қилиш сенга лозим,
Балғам зарарларидан
Омон қолгайсан минбаъд.
* * *
Оғир ҳужуму таҳдид,
Ҳатто, қолсанг хатарда,
Сурмай кейинга асло,
Ичингни тезроқ бўшат.
* * *
Силкит ухлашдан олдин,
Пок эт танинг чиқитдан,
Истасанг яхши уйқу,
Ҳар кун бўлсин шу одат.
* * *
Кун аро ҳаммом тушмоқ
Одатин тарк айлама,
Танинг топар парвариш,
Юрурсан соғ-саломат.
* * *
Дори-дармон ичмоққа
Ўзингни кўп ўргатма,
Дору ичиш ножоиз,
Етмасдан катта иллат.
* * *
Бордию зўр эҳтиёж
Сени айласа мажбур,
Иллат, дори таянчдир,
Баданга бўлур қувват.
* * *
Бу ҳикматни атайлаб,
Бир кун ҳаким Таёзуқ —
Нўширавон Одилга,
Қилган экан насиҳат...
Абдусодиқ Ирисов таржимаси.

Ал-Алавийга Жавоб

Тангрим ўзи берсин шифо, дард аритсин пешонадин,
Марҳамати бўлсин доим, кетмай қутлуғ остонадин.
Билким, дардларнинг иложи исҳол қилишдир аввало,
Сўнгра ушбу байтлар бўлур керак дори дармонадин.
Энсага қонни сўргувчи зулук қўймоқ — маслаҳатдир,
Агарда у истамаса қориқ қўймоқни янадин.
Эт емакни тарк айласин, ҳазми енгил таом есин,
Шаробга қўл чўзилмасин, то етмагай дард танадин.
Эзиб мажнунтол новдасин гулобга омухта этиб,
Юзга суртсин ухлаганда ҳар замон-ҳар замонадин.
Қадамасин тугмаларин бўғадиган ҳам тор қилиб,
Жаҳли чиқиб бақирмасин, ҳар хил сабаб-баҳонадин.
Илож шудир, ҳар кишики айтганимга қилгай амал,
Топгай шифо, оҳиста дард арийди ул ошёнадин.
Абдусодиқ Ирисов таржимаси.

«Тиббий Достон» (Уржуза) дан Парчалар

Тибнинг Тақсимланиши Ҳақида

Танада гар пайдо бўлса қандай мараз,
Тибдан топар давосини ҳар бир араз.
Илмий, амалийга бўлинди тиб аввал,
Бўлди уч нарсадан илмийси мукаммал.
У нарсанинг бири етти табиатдир,
Андин сўнгра келган олти заруратдир.
Уч нарса бор: битилгандир китобларда,
«Мараз, араз, сабаб», деган хитобларда.
Икки турга бўлинади амалий тиб,
Бири икки қўлдан топур даво, тартиб.
Бошқа бири бажо бўлур, бўлса даво,
Қўл келади белгиланган бўлса ғизо.
Билсанг, табиий нарсалар — рукнлардан,
Улар қоришидан пайдо бўлур бадан.
Бу хусусда Буқрот қавли саҳиҳ ўлур,
Тупроқ, олов, сув ҳам ҳаво манба бўлур.
Унга далил: жисм ҳалок бўлса магар,
Муқаррарки, тўрт унсурга яна қайтар.
Рукнлар гар бўлса бир хил табиатли,
Кўролмасдинг касал бўлган тирик зотни.


Мизожлар Ҳақида

Андин сўнгра келур сенга илми мизож,
Анинг ҳукми ёрдам берур, қилсанг илож.
Аммо мизож қувватлари тўртта ҳаргиз,
Ҳаким уни қўшиб айтар ёки ёлғиз.
Алар иссиқ, совуқ, юмшоқ, қуруқ чунон,
Ким ишласа — сезгисига бўлгай аён.
Мизож қувватлари рукну замонларда,
Ўсар нарсаларда, барча маконларда.
Устиқусдир эгалловчи бағоятда,
Оддий мизож бўлса агар ниҳоятда.
Иссиқлик-чи ўт, ҳавода мавжуд эрур,
Совуқ юрса, тупроқ ила сувда қолур.
Қуруқлик ўт била тупроқ мобайнида,
Ҳўллик эса — сув ҳам булутнинг қўйнида.
Бирикар бор, бирикмас бор вужуд узра,
Бизга борлиқ ҳукм этган жавҳар ичра...
Зўраяди қиш мавсуми ғоят балғам,
Қон қўзғалиб, баҳор пайти қўзир ҳардам.
Ёз фаслида қилгай хуруж сафро чунон,
Куз фасли-чи, савдо учун қулай макон.
Барча ўсувчилар бўлур бир нечтадан,
Маъдан, наботот, жонивор — тирик бадан.
Қай чоғ ғолиб келгай алар жисминг аро —
Дори бўлур ўстиргани бўлгай даво.
Табиб кўриш-ла билинур ундай мизож,
Доим агар мавжуд эса тўғри қиёс.
Аччиқ, ширин, шўртам ғизо асли қуруқ,
Ўткир маза иссиқ мизожликка уруғ.
Таъми агар тахир ё афт буриштириш,
Совуқ, қуруқликдан дарак нордону турш.
Сувлик бўлиб, таъм бўлмаса айтгил дадил,
Ундай табиатли мизождир мўътадил.
Барча ёғлиқ — ҳўл мизожу иссиқликдан,
Совуқлик — ҳўл мизож, таъмсиз, чучукликдан.
Ёшга қараб бўлгай мизож турли-туман,
Гапдан мурод — инсон эрур ҳеч бегумон.
Ёш-яланглар иссиқ мизождир ҳар қачон,
Бу табиий аҳвол эрурдир бегумон.
Сезгир, мизожи ҳўл бўлур, гар бола ёш,
Йигит мизожидур қуруқликка туташ.
Гар ўлчасанг-чи ўрта ёш совуқсимон,
Қари мизож анга яқин, балки ёмон...
Ҳар иккисин мизожи ҳам бўлгай қуруқ,
Пишиб етилмасликка-чи кекса ёвуқ.
Иссиқ, қуруқлик — эр мизож, билгил ани,
Ҳўллик, совуқликдир хотинлар маскани.
Қизилча, оқ гар омухта бўлган замон,
Мизожларнинг миқдори ҳам ўрта-миён.
Оқсоч одам совуқ мизож бўлгай, қара,
Иссиқ мизож бўлса сочи бўлгай қора.
Совуқлиги камнинг сочи малла, тарғил,
Иссиқлиги камнинг сочи бўлгай қизил.
Ўрта мизож рангли киши бўлса агар,
Қизғиш, малла ранг бўлиши чин муқаррар.


Аъзолар Ҳақида

Асли жисм аъзолари-чи тўрт бўлур,
Яна шохобчалар борким — жоиз, зарур.
Ҳар биттаси ўз бурчини этгай адо
Ҳозир айлаб жисминг учун қувват-ғизо.
Жисмингга қалб бергай ғизо — андин ҳаёт,
Қалб бўлмаса жасад мисли бир наботот.
Жондор жисмларга юрак унсур каби.
Абхур била ўтгай ҳароратлар дами.
Бош мия-чи, орқа мия бирлан асаб —
Ҳароратин оширмасдан турар асраб.
Иккисидан олгай бўғинлар ҳаракат,
Наслланишга қўш мояк — тайин олат.
Алар билан бола пайдо, нав сақланур,
Йўқса алар, жондорда нав одоқланур.
Эту ёғу безлар экан турли-туман,
Жондорларга бўлгай қурол, сақлар омон.
Бадандаги парда, суяк, бойлоқки бор,
Гавда учун суянчиқдир ҳамда мадор.
Бўлсин учун тан барҳаёт — рўзғори бут,
Асл аъзо хизматлари эрур мавжуд.
Оёқ-қўлга тирноқ ёрдир бармоқ учун,
Соч-тук чиқинди ҳайдаш, зеб бермоқ учун.


Нафсоний Қувватлар

Тўққиз қувват нафсий эрурки ўзгача,
Андин беши тегишли ўлгай сезгига.
Қулоғу кўз, сўнгра бурун, сезги, маза,
Комил бўлур улар, агар тугал сезса.
Ўндан бири — мушакларга боғлиқ қувват,
Йигит бўғинлари шундан боҳаракат.
Алар ичра бордир, билсанг, шундай қувват,
Нарса эсда акс этади худди суврат.
Бошқа қувват бордир — андин ҳосил фикр,
Ўзгаси-ла барпо бўлур хотир-зикр.


Макон Ва Об-Ҳаво Ҳақида

Қайси ўлка жойлашгандир тоғ устина —
Об-ҳавоси бўлур ажиб салқингина.
Ўлка агар тоғ қаърида, тосдай чуқур —
Бўлса агар, шак-шубҳасиз, иссиқ бўлур.
Гарчи диёр тоғдан жануброқдир хиёл,
Эсмоқлиги матлуб эрур иссиқ шамол.
Акси бўлиб, тоғлар жойи бўлса жануб,
Салқин шамол эсгай, иссиқ елни қувиб.
Ғарбида тоғ бўлса ҳаво оғир, ёмон,
Гар шарқидан эса — латиф, оромижон.
Денгиз учун аксинчадир ундай ҳукм,
Ушбуларни айтур сенга аҳли салим.
Жанубий ел ҳароратли, рутубатли,
Гўё бўғар, нафас олиш уқубатли.
Совуқлик ҳам, қуруқлик ҳам шамол-елдан,
Йўталга зўр келур ундан бундай элда.
Хуш келадир илиқ эсса сабо ҳар дам,
Дабур эсса, унга доим совуқ ҳамдам.
Қайси диёр ерларидир сувга сероб,
Атроф текис, тупроғи нам, бўлса захоб.
Кўлмагида бўлса агар суви ширин,
Мизожида бўлғай рутубат яширин.
Қоя бўлса яқинида, суви тузлук,
Шундай ернинг ҳаволари бўлгай қуруқ.
Чор тарафи очиқ эса гар масканинг,
Бор шамолу елга йўли очиқ анинг.
Қиш чоғида ҳаддан ошар совуқлиғи.
Ёз чоғида доим кўпдир иссиқлиғи.
Маскан агар даҳлиз эрур, ҳам ертўла,
Иш тут ўшанда ҳукмнинг акси била.
Иссиқ кийимдир: пахталик ҳамда ҳарир,
Ялтироқлар билан каноб совуқ бўлур.
Момиқ, жун бўлса, ҳар ерда ҳарорат бор,
Қуруқлиққа бунда бир оз зарурат бор.
Қора, яшил рангдан кўзга бор манфаат,
Шу ранглардан топгай басоратинг қувват.
Оқу сариқ ранглар ҳаддин ошса агар,
Бундан сенинг кўзларингга етгай зарар.


Ейиш Ва Ичиш Ҳақида

Билгинки сен ҳукми ғизо, ушбу бўлур:
Ўсмоққа лойиқ нарсаларни ўстирур.
Гар тоза қонни ўзидан пайдо қилур,
Ундай ғизолар мақталур, нафли бўлур.
Буғдой унидан ёпилса гар оби нон,
Жўжа эти ҳамроҳ бўлса — оромижон.
Кўкат есанг, яман кўкати хуш бўлур,
Истеъмоли бемор кишига мос келур.
Баъзи ғизо бўлгай ғализ, оқ нон шу ҳол
Уч йил боқиб сўйган қўйинг эти мисол.
Чарчаб-ҳориб келган кишига бор ғизо —
Балиқ эрурки — «разрозий» ном эл аро.
Ғизодан бор яна латиф мисли пиёз —
Хардал, саримсоқдек ёқимсиз беқиёс.
Бундай ғизо туғдиради сафрони кўп,
Андин ясар табобатда давони кўп.
Ундай ғизодан баъзида савдо бўлур,
Баъзи жисмларда касал пайдо бўлур.
Қари така ҳамда қари молнинг эти
Зиён эрур мисли кепак нони каби.
Бордир яна бир хил ғализ ёқмас таом,
Ғализ балиқ, сутдай пайдо қилур балғам.
Аммо ширин анҳор сувин ичсанг қачон,
Сақлаб қолур аслий рутубатни чунон.
Ундай сувлар чиқиндини ҳайдаб чиқар,
Шу туфайли томирларга ғизо оқар.
Ёмғир суви сувлар ичра зап тозадир,
Зарар унсур илашмаган кўп сарадир.
Ичимликлар, масалан, май, сут, мусаллас
Ғизо бергай тан-баданга ҳар бир нафас.
Ё табиатига танни мойил этар.
Ивитилган сиканжабин каби тутар.


Уйқу Ва Уйғоқлик Ҳақида

Тиним бериб, уйқу этса беҳаракат,
Қуввайн нафс, қуввайн ҳис топар роҳат.
Баданларинг қиздиради, бериб ором,
Уйқу, билсанг, сенинг учун ҳазми таом.
Кўпайтирсанг гар уйқуни ҳаддан нари,
Хилтлар билан тўлур мия қоринлари.
Кўп ухлашлик йиғар танда рутубатни,
Ўчиради ҳаёт берар ҳароратни.
Бедорлик ҳам маромида бўлса агар,
Таъбинг хушу ўзинг тетиксан муқаррар.
Куч-қувватни тиклаб берур ишлаш учун,
Чиқиндидан аритади бадан ичин.
Кам ухласанг, уйқусизлик пайдо бўлур,
Ғашдир дилинг, нотинч ўзинг, бўлмас сурур.
Руҳинг тушар, таъбинг хира кам уйқудан,
Сўлғун бўлиб рангинг бузуқ, озгай бадан.
Кўз киртаяр, ҳазминг бузар оз ухласанг,
Фикр ишламас, жисминг нурар, бошинг гаранг.
Билсанг риёзат турлари неча-неча —
Шарофатли бўлур эса у ўртача.
Тўғри ва мўътадил бўлиб ўсгай бадан,
Кир-чир ила чиқиндидан қутулар тан.
Ҳозир этур жисмингни у ғизо учун,
Гўдакларни йўллар нашъу намо учун.
Ортса риёзат ҳаддидан ҳориш бўлур,
Руҳинг тушиб, тинканг қуриб, ҳар иш бўлур.
Ҳаддин ошса, ёнгай ҳарорат, ёт, ғариб,
Намлик кетиб, жисминг қолур кўп сарғайиб.
Асабларинг заиф этур оғриқ, чу зўр,
Ёш яшамай, ош ошамай танинг қарир.
Риёзатсиз ётишдан кўп топма роҳат,
Бу роҳатдан тополмассан ҳеч манфаат.
Жимжит ётсанг ифлос хилт-ла тўлур бадан,
Ғизога ҳеч ҳозирланмас бирор маскан...


Бўшаниш Ва Бўшанмаслик Ҳақида

Томирдан қон олмоқ фойда баҳор чоғи,
Дори-дармон ишлатсанг ҳам, қилсанг сурги.
Қайт қилишга ёз фаслида ўзни шайла,
Савдо ҳайдаш зарур эса кузни пойла.
Ғарғара қил, тишингни юв, мисвок ишлат,
Оғиз, танглай тоза бўлур, қолмас иллат.
Заҳар тангиб келса, бўшат, эринмагил,
Тез ҳайдагил, қонинг фасод қилмай ҳосил.
Кир-чирингни даф этишга ҳаммомга бор,
Зудлик билан қушдай бўлгил ҳам беғубор.
Тозаламоқ бўлсанг теринг кирдан тамом,
Баданингни пок этмоққа керак ҳаммом.
Жимони-чи, ёшлар бажо этсин, майли,
Холи бўлсин бадан дарддан шу туфайли.
Ўзи озғин, ўрта ёшли, тани нимжон —
Бўлганларни қайтар ундан, жимо — зиён.
Ғизодан сўнг гар жазм этса жимога ким,
Ниқриз каби кўп дардларга бўлур маҳкум.
Жимо кўпи заиф айлаб, толиқтирар,
Жисмга кўп дарду алам йўлиқтирар.


Нафсоний Кайфиятлар Ҳақида

Ғазабланиш қўзғатади ҳароратни,
Зарар этиб, олур тандан ҳаловатни.
Қўрқиш совуқликни қўзғар, ўйнаб юрак,
Ҳаддан ошса, баъзан одам бўлгай ҳалок.
Шоду хуррам кечса ҳаёт яйрар бадан,
Эт семириб, андин етгай зарар баъзан.
Озғинларни ўлдиради қайғу бешак,
Кимки озмоқ эса, унга қайғу керак.


Касаллик Сабаблари Ҳақида

Совуқликни пайдо қилган нарса танда —
Баъзан бузар тартиботни бор баданда.
Наша киргай совуқликка ҳароратдан,
Қор аслида совуқ эрур табиатдан.
Очлик эса руҳ ғизосин айлар адоғ,
Тан гўёки ёғи тугаб қолган чироғ.
Ортиқ тутиш қамрар ҳароратни чунон,
Иссиқ кетиб, совур баданлар кўп ёмон.
Ҳаракат кўп оғир бўлса руҳ бўшашур,
Совур жасад, дармон кетиб, дардинг ошур.
Роҳат ичра яшар кимки юрса салқин,
Бурқсираб ўчган мисоли чўғ ўтин.
Қалин бўлса баданда гар кийим-кечак,
Бор оловни ўчиради бўғиб бешак.
Бадан совур бўлса агарда у ковак,
Бор ҳарорат тарқалади, мисли ғовак.


Юрак Ишлари Ҳакида

Бир хил уриш, мароми бир бўлса юрак,
Соҳиб юрак соғломлигидандир дарак.
Томир уриш маромидан чиқса агар,
Дарду алам борлигидан бергай хабар.
Томир уриш аслига гар бўлса хилоф,
Дарду алам кўплигига қил эътироф.
Томир уриш ҳаракати турли-туман,
Ҳар бирининг ўзига хос бордир замон.
Юрак тез-тез ва асабий урса агар
Етган бўлур унга ҳароратда асар.
Беҳол-беҳол бўлиб сийрак зарб ургани —
Совуқлиги ортиб, мадорсиз тургани...


Терлаш Ҳақида

Эсингда тут, ушбу эрур дард белгиси —
Рутубатли касалда кўп тер бўлгуси.
Гоҳо-гоҳо тер чиқса-чи, бундай эмас,
Бу тер киши табиати кучи, холос.
Оқарган тер чиқса агар тандан қат-қат,
Бадандаги балғамга бу чин далолат.
Сариқ чиқса билгил, дардинг сафроси бор,
Мабодо тер қора, демак, савдоси бор.
Қизил бўлиб кўринса тер касал қондан,
Шунга ўхшаш далолатлар келур таъмдан.
Суюқ тер хилт ичра бўлмиш латофатдан,
Қуюқ тер эрса ул ғализ — касофатдан.
Терласа гар буткул аъзо тан учун соз,
Ёлғиз аъзо терласа, бу ёмон мараз.
Вақтида тер чиқса, касал огоҳ бўлур,
Шу тер билан шифо унга ҳамроҳ бўлур.
Бу тер яхши, мақтовларга сазовордир,
Акси ўлса, бехайр ўлур, дилозордир...


Сафро Ва Савдо Ҳақида

Сафро агар келса ғолиб бадан ичра,
Кўзинг кўрар сарғайишни тери узра.
Оғзи аччиқ бўлур какра ютган каби,
Бемор бўлур иштаҳасиз ва асабий.
Ошқозони ачишади, қусар сафро,
Шу боисдан ич кетиши бўлур пайдо.
Уйқу қочиб, кўз киртайиб, ҳоли ёмон,
Оғзи қақраб, тили қурғаб, ранги сомон,
Шунда ғоят сариқ бўлур сийдик туси,
Терилари кўпчиб кетиб, оггай эси.
Емак емас, лек ташнадур, ғамгин, ўсол,
Уйқуда ҳам ўртанади ёнган мисол.
Томир уриш ҳам суст бўлиб, қизир бадан
Иссиқ сувда агар чўмилсанг кўп замон.
Ёзда эса лаззатли зўр, ширин емак —
Сафрога зўр келишини билмоқ керак.
Балғам агар ғолиб келса хилтлар узра,
Бош оғригай, уйқу келур, тинмас сира.
Танбал бўлур юрмакка ҳам, фикри саёз,
Телбалардек қадам босар, довдир мижоз.
Сўлак оқиб, юзи салқиб тортар хунук,
Рангда оқишлик юз берар кайфи сўник.
Томир уриш ҳам беқарор ва суст бўлур,
Пешоб қуюқ, аллақандай бир тус бўлур.
Булар чанқамайди, гарчи куяр юрак,
Балғам шўри ва сассиғи — дарддан дарак.
Совуқ мижоз устига ҳўл ғизо есанг,
Қариликка, қиш-қировга бефарқ эсанг,
Риёзат чекмасанг, яна кўрмай ҳаммом,
Билиб-билмай таом узра есанг таом,
Гар мамлакат сернам, яна серсув эрур,
Бундайлар тушида денгиз, дарё кўрур.
Босинқираш бузар доим уйқусини,
Қуввайи ҳазм тузатолмас Қайлусини.
Булар бари ихтилофи саломатдир,
Касалликдан сўзлагувчи аломатдир.
Сен бундайин белгиларга қил наззора,
Аларнинг дафъига шошгил, айла чора.


Касалликни Билдирувчи Белгилар Ҳақида

Ўлим хавфи баъзи дарддан бергай нишон,
Баъзи белги соғайишдан сўзлар ҳамон.
Таърифлаймиз белгиларни сифати-ла,
Бу далиллар билишга бир муқаддима.
Касал одам ҳалокини англасаким,
Ўзни шунда даволашдан тияр ҳаким.
Бўлса касал соғайиши унга равшан,
Очиқ сўйлаб, касал дилин этар гулшан.
Белгиларнинг аввали шу: фурсатлардир,
Фурсат ичра турли-турли офатлардир.
Билмак керак дард кечарми оғир, енгил,
Қисқа, узоқ муддат ичра — узил-кесил.
Дард касоди нечук пайдо — шунга қараб,
Табиб муддат белгилайди аҳвол сўраб.


Касаллик Даврини Билиш Ҳақида

Ҳар касаллик даври бўлур турли-туман,
Ҳалок, ҳаёт юз беради, шундай замон.
Дард бошланиш, авжга чиқиш, тугаш пайти
Келур ўлиш ё соғайиш, хатар қайтиб.
Тўртиламчи, дард пасайиш вақти дерлар,
Ўлим бўлмас даво янглиш бўлмаса гар.
Дард бошида аъзоларга етгай зарар,
Заифлиги бошқа ишлардан юз берар.
Ахлат, тупук, сийдикдаги чўкма тамом
То етилув кўрингунча этгай давом.
Улар таъсирида бўлгай иситма ҳам,
Навбат ила келур, дардга бўлиб ҳамдам.
Бу ҳолдан сўнг тугаш даври бошланур, бил,
Етилишинг тўла кўрсанг гар муттасил.
Бунда дарднинг тутиш даври кўп бўлмагай,
Юз бериши кам-кам бўлур ва пайдар-пай.
Дард камайиш томон юрар ушбу замон,
Соғайиш юз бериб, тугар касод-буҳрон.
Гар кўринса касалларда бу аломат,
Дилин шод эт, қолгусидир у саломат.
Зеро, бундоқ бир паллада ўлим бўлмас,
Даво янглиш бўлмас экан, касал ўлмас.
Ё бир офат юз берсаю келса вабо,
Ўлум бўлур, тишдан агар елса ҳаво.
Касалликнинг чегарасин билсанг қайда,
Енгил ғизо берсанг, ундан келур фойда.
Дард ариса ғизони сен ўртача қил,
Бахту иқбол келишини муқаррар бил.
Охирги давр касалликда кечса, албат,
Енгил ғизо бермоқни ҳам таққа тўхтат.


Касалликнинг Узун Қисқалиги Ҳақида

Ҳар бир касал маълум муддат талаб қилар,
Бнр хиллари қисқа, аммо ўткир бўлар.
Балки касал вафот этар, топмай нажот,
Ё соғаяр дарди бўлиб хору касод.
Етилмоқ ҳам, дард вақти хам шитоб бўлур,
Оғир бўлур, бемор ҳоли хароб бўлур.
Бундай дарднинг бошланиши бўлур қисқа,
Уни билиб, чорасига тадбир айла.
Ғизони мўл қабул қилса агар бетоб
Ҳазми оғир келиб, бўлур қуввати соб.
Бўлсин ғизо миқдорида мезон тиниқ,
Сафар аҳли овқатидек қатъий аниқ.
Аломатлар аммо огир келса агар,
Ва уларда зоҳир бўлса хавфу хатар.
Қувват кетиб, мадор агар битса ёмон,
Ақл-ҳушда кўринса гар, турфа нуқсон.
Кўтармаса дардин касалнинг қуввати,
Демак, унинг яқин эрур ҳалокати.
Белгиларнинг ёмонлиги, савдойилик,
Бу аҳволни аён айлар бўлса билик.
Бир хил дард бор, давом этар узоқ замон,
Унга унча йўлиқмагай лекин инсон.
Қуритади тинкангни кўп, айлайди сил,
Қони кетиб, озиб ўлар, мисоли қил.
Бундай касал кўп вақт ўтиб топгай шифо,
Дард етилиб ҳам тарқалиб, бўлгай адо.
Англа ани енгил содир бўлишидан,
Бундай дарднинг табъи совуқ келишидан.
Ундайларнинг озайтирма таомини,
Йўқотади қувватини, оромини.
Бу икки хил бетоблик ичра бегумон
Узун-қисқа эмас, дард бор — ўртамиён.
Бу хил дардманд кишиларга бергил ғизо —
Ўртача бер, мўътадили бўлгай раво.


Буҳрон Ҳақида

Танда шитоб ўзгаришлар бўлса аён,
Бундоқ дардга дейилади: дарди буҳрон.
Бу ўзгариш — машаққату палласидир,
Дард ила нафс курашида бўлур зоҳир.
Оз вақт ичра бунда одам топар вафот,
Ё хавф кетиб, ўлим ариб қайтар ҳаёт.
Бўлгай кураш ва олишув чин можаро,
Одамдаги қувват билан иллат аро.
Ғолиб келиб қувват, агар кетса буҳрон,
Шунда одам сиҳҳат топиб, қолгай омон.
Ё дард ундин ғолиб келса топар вафот,
Шунда ҳаёт майдонини олур мамот.


Буҳрон — Касоднинг Хилма-Хил Турлари Баёнида

Олти хилдир дардда бўлган ўзгаришлар,
Шу хилдадир енгилланиш, дард аришлар.
Оз вақт ичра киши жисми фориғ ўлур,
Соғайишга, дурустликка юз ўгирур.
Аввал бошдан кўринади касал шодон,
Бу хайрли аломатдир, яхши буҳрон.
Гар аксига ўзгарса ҳол тезу жадал,
Ҳалокатга олиб борур охир ажал.
Бу аснода табиб бўлур кўп ҳангу манг,
Ҳалокатли буҳрон уни айлайди танг.
Учинчи хил ўзгариш ҳам кўп суст бўлур,
Оқибатда касал ҳоли дуруст бўлур.
Бундан берироқда дардда бўлмас буҳрон,
Бемор оз-оз сиҳҳат топиб, қолгай омон.
Тўртинчи бир ўзгариш ҳам бўлмас шитоб,
Дарди ошиб, ора йўлда қолур бетоб.
Бундай пайтда қуриб борса силла — ёмон.
Дард зўраяр, кетган сайин қувват, дармон.
Бешинчиси — ўртачадир ўзгариши,
Ўлим сари етаклашдир унинг иши,
Лекин бордир яна битта ажиб буҳрон,
Вақти билан етаклар у ҳаёт томон.
Бу иккала буҳрон шундоқ мураккабдир.
Қачон кўрсанг бир-бирига зидлик қилур.
Дуруст буҳрон пайдо бўлур дард сўнгида,
Бемор танда қувват устун бўлур унда.
Буҳрон билан билмоқ лозим уч нарсани,
Бу маънони англамоқлик бурчинг санинг.
Тугаса бир дард-аламнинг гар буҳрони.
Ннма билан тугаши ҳам маълум ани.
Ҳар бир буҳрон келишини айтадиган —
Кучли белги бўлур, уни этдик баён.
Афт-ангори телбасимон, телбамисол,
Ҳоли ёмон, қулоғида оғриқ, ўсал.
Кўз ёш оқар ҳеч тинмайин, келгай малол.
Безовтадир, уйқуси кам, сармаст, хиёл.
Дарди ошиб, кўзларидан уйқу ўчар,
Гоҳ бўйнига, гоҳ кўксига оғриқ кўчар.
Гоҳ-гоҳида чўчиб тушар, кўз уйқуда,
Тез уйғонур қолган каби тўлқин-сувда.
Тишларини қайрайди у ғажир-ғужир.
Дарди қўзиб, ҳа деганда бурун қичир.
Баъзан қолар тамшанганча, лабин сўриб,
Лаб таноби қочар гоҳо, гоҳ гезариб.
Тез-тез нафас одат бўлур бу дард учун,
Нафаслар ҳам совуқ, аммо чуқур-узун.
Томир тез-тез уриб, гоҳо қизир бадан,
Йўтал тутар келиб худди гарғарадан.
Доим юрак ўйноқ, гарчи оғир ётар,
Сапчиб туриб, ўз-ўзича юриб кетар.
Оғрир қизилўнгач, оғрир томоқ давом,
Кўнгли айниб, маъюс, ғамгин боқар мудом.
Гоҳ-гоҳ қовурға ёнида санчиқ бўлур,
Оғриқ, алам ўткирланиб аччиқ бўлур.
Қорин оғриб буйракка ҳам келади зўр,
Бетоб учун бу хил оғриқ оғир келур.
Зўрайса гар олатда оғриқ ул замон,
Зирқирайди орқа тешик ё бачадон.
Барча бўғинларга алам, оғриқ елур,
Баъзиси тишдан, баъзиси ичдан келур.
Яхши буҳрон кези оғриқ, аламлар зўр
Бўлса, билгил, бу яхшидур, дард тузалур.


Ўлимдан Дарак Берувчи Белгилар Ҳақида

Нурни ёқтиришмас, сўник қарашлари
Юзни шартта бурар, оқар кўз ёшлари.
Кўзнинг қири тораяди, тортиб кичик
Эснов йўғу дарча мисол оғиз очиқ.
Бўшашади икки қўлу икки оёқ,
Чалқанчаси ухлаб қолар чарчаган чоғ.
Бундай касал тўшагида ёта олмас,
Уйқусираб оёқ-қўлин ёпа олмас.
Илашгандек гавдасига гўё ип-тук,
Гумонсирар, қилиқ қилар қизиқ-қизиқ.
Дард сўнггида оғирлашур қўлу оёқ,
Бир нарсага тикнилади жуда узоқ.
Икки қўли интилади ёстиқ сари,
Тишларини ғичирлатар ҳаддан нари,
Кўзга нуқул кўринади бир қора қул,
Уни бўғиб ўлдирмоқчи бўлар буткул.
Дарди оғир келаверса, бундоқ касал,
Чўкаверар, яқин бўлиб қолгай ажал.
Аввалга жим ётиб, сўнгра бўлса гапдон,
Вазмин ётган касал бўлса бесарамжон.
Кўз-қулоқдан нолиса кўп, сўнг алқисса,
Оғриғидан қувват кетиб гап демаса.
Дардни тортиб, азобини чекиб буткул,
Туш кўрганда устига қор ёғса нуқул.
Ҳаяжонли, совуқ нафас олса бурун,
Бу аломат — ҳалокатдан нишондир чин.
Ухлай олмай, мижжа қоқмай чиқса туни,
Ва уйқудан кўз очмаса кундуз куни,
Оромини бериб, бўлса ҳоли ёмон,
Аламига сабаб бўлса уйқу ҳамон,
Ўлик юзига ўхшаса касал бети,
Суягига чип ёпишса чакак эти.
Дард совуғи таъсиридан қулоқ шалпанг,
Киртайган кўз ичга тушиб боқса аранг.
Қизаришлар, қорайишлар ҳаддан ошиб,
Кўзлар туртиб чиқиб, лекин хиралашиб.
Ҳаракати камаяди, бақраяди,
Ҳар тарафга совуқ боқиб, ағраяди.
Найзаланиб қийшаяди бурун учи,
Тортишади асабланиб лаблар чети.
Қўл-оёғи совуб борар мурда мисол,
Тилда яра ва доғ-дуғлар тошар яққол.
Содир бўлса безовталик ҳам изтироб
Ёндирувчи иситмалар айлаб хароб.
Тирноқ туси қизил-яшил тортиб, чиндан
Танда яра тошса, қора доғлар билан.
Еттинчи кун аввал сариқ касал келур,
Қовурғалар узра ўша зоҳир бўлур.
Кўринса гар соғ вақтидек юзу кўзи,
Тузалиши аён бўлгай, аниқ ўзи.
Еттинчи кун сариқ касал кўринса гар,
Зеҳни соғлом бўлса, унга тушмас хатар.
Сезгида ҳам, ҳаракатда қувват бўлса,
Жисму жони енгилланиб нафас олса.
Ором, уйқу истар кўпроқ бундай киши,
Ухлаб, ором олсин, хўбдир бундоқ иши.
Уйқу дардин аритади, сен яхши бил,
Алаҳлаш ҳам дард-аламни айлар енгил.
Мия дарди ҳамда унга шерик аъзо —
Барисининг касалига шудир даво.
Алаҳлашдан тинса бир кун соғ-саломат,
Бундай касал шифо топиб кетар албат.
Чучкиришлар бўлса агар бундай кези,
Бу тузалиш белгисининг худди ўзи.
Бошу мия касалида қулоқ, бурун —
Аъзолардан қон оқаркан шифо бутун.
Нафас олиш бўлса агар чин мўътадил,
Энг яхши бир жараёндир, ҳайрон бил.
Соғайишда томир уриш шитоб бўлмас.
Нафаси ҳам серҳарорат бўлмайди, бас.
Ҳазми дуруст, иштаҳа хўб, аҳвол ҳамон,
Ахлат қуюқ-суюқлиги — ўрта миён.
Ахлат туси ўртачадир, яъни сарғил,
Ёки қора бўлмас, ёки яшил-заҳил.
Ёки буҳрон куни ахлат гар омухта —
Гижжа бирла чиқса, касал иши пухта.
Ўша ахлат туфайли у бўлмиш бетоб,
Бу ишдан сўнг дарду алам битди ҳисоб.
Карлик кетур агар шунда чиқса сафро,
Будир мия огрнгига тайин шифо.
Қора талоқ ва ланжликни даф этадир,
Бавосирдан қон келиши — хайрлидир.
«Сариқ сув»да сув кўп келиши нораво,
Балғам унга аралашиб чиқса — шифо.
Бордию кўз оғриқ узра чиқса сафро,
Тез орада тузалишга будир гувоҳ.
Сийдигини утруж-лимон рангда кўрсанг,
Ундаги оқ қуйқумин чўкканда кўрсанг.
Касал кўрсанг, тер чиқаркан гар мўътадил,
Бу қон иситмаси, буни дуруст деб бил.


Амалий Қисм Ва Унинг Бўлиниши

Сен эшитган бу сўзларга азм айладим.
Тиб ҳақида илмий китоб назм айладим.
Хоҳиш бўлган амалийин ёза бошлай,
Ўша қисмларни шеърга тиза бошлай.
Ву китобнинг бош қисмида айтган эдим,
Зарур бўлган барча гапни битган эдим.
Икки хилдур амалий тиб қисми — йўли.
Унинг барни бажо этур табиб қўли.
Бошқа бири бажарилур даво билан,
Ҳолга кўра тайинланган ғизо билан.
Неки ўша тадбир ила чора этмиш,
Қабул айлаб, амал этмоқ лозим эмиш —
Биринчиси — соғлиқ сақлаш дейилади,
Иккинчиси — касалликнинг тузалиши
Мана шулар табибларнинг ғоя, иши.


Соғлиқни Сақлаш — Гигиена Ҳақида

Сенга айтсам сўзнмизнинг росту чини:
Соғлом одам доим сақлар сиҳатини.
Одам бўлур тан узра бир белги билан,
Андан аён касалланиш хавфида тан.
Ё бўлмаса эту суяк ёки тери
Узра сезарсан бир мараз нари-бери.
Чун бир кишини кўрасан меъда заиф,
Табъи совуқ ҳам нозигу шундан майиб.
Баъзан она қорнидан ҳам офат келур,
Бирор ортиқ ё шиш каби кулфат келур.
Баъзан бўлур ёшга қараб нуқсони ҳам,
Бир вақт бўлиб, бўлманди бир замони ҳам.
Чун ҳўл мижоз ёшлик чоғи бўлгай заиф,
Улғайганда бақувватдир, ҳушдир, зариф.
Заифлашур қуруқ мижоз куз фаслида,
Фасли баҳор заиф эмасдир аслида.
Соғлиқ сақлаш ишида бу амалий тиб —
Икки амалдан топмишдир шундоқ таркиб.
Гар истасанг мижознинг чин қолмоғини
Ўз ҳолида, мос эт ғизоси чоғини.
Гар истасанг ўзгартирмоқ таъби бадан,
Чора ахтар мижозингга тескаридан.
Соғ кишининг соғ-саломат, вақтини чоғ
Айламоқни истасанг гар, англа мутлоқ.
Маскан ўлсин сенга доим шундоқ диёр,
Бир диёрки, ҳаволари соф, беғубор.
Маскан десанг юзинг бургил саҳро томон,
Шарқий шамол англа латифдир бегумон.
Ёз чоғида тоғ томонда, яъни шимол
Тевараги очиқ шундоқ ўлкада қол.
Тунда ўтир баланд жойда, ғир-ғир сабо,
Кундузи туш пастлик томон, хўбдир ҳаво.
Жун, пахталик усти-бошдан юзинг ўгир.
Кийим бўлсин енгил, чун пояйи зиғир.
Хушбўй гиёҳ ишлат совуқ мижозини,
Ҳидли мойдан танла қизил гул мойини.
Кўзларингни эҳтиёт қил чанг-ғубордан,
Ҳам тутундан асра, ҳамда буғ-биҳордан.
Самум, Қуёш шуъласи ва чўғ-аланга,
Қарши келса, зиён бўлур кўзгинангга.
Чаплашилган ажи-бужи хатга сира,
Боқа кўрма. майда хатдан кўзинг асра.


Ейиладиган Нарсалар Тадбири Ҳақида

Овқат емоқни одат эт сен бир маҳал,
Бўлмай десанг, лайлу наҳорда ҳеч касал.
Энг кўп емак икки бордир сенга мезон,
Икки кунда уч бор емак ўртамиён.
Ҳазм истасанг, шошмай егил, ё майдалаб,
Муддатин чўз, чайнаб егил кўп марталаб.
Оғир ўлса чайнамоқлик гар тиш билан,
Андин оғир ҳазми анинг ютиш била.
Кўнгил тусар ҳар нарсага жазм айласанг,
Лекин ани ҳазми оғир деб ўйласанг.
Зидди била иш тут, бўлсин акси мизож,
Шояд ўша бадҳазм ғизо топгай ривож.
Олдин суюқ, сўнгра қуюқ ишлат ҳар он,
Таъми чучук бўлса анга қўшгин нордон.
Қуруқликни ҳўлликка қўш, хуш қил, тузат.
Совуқликни иссиқликка чатиб, безат.
Совуғини қўшгил агар иссиқ мизож,
Ҳўл мижозга аксин қўшсанг бўлгай илож.
Агар таом бадҳазм ўлиб, ҳол бўлса танг,
Туз, мурч, қалампир сеп анга, хушхўр қилур,
Юмшоқ бўлиб таом, таъбинг масрур қилур.


Таом Ейиш Вақтлари

Овқат егил доим риёзатдан кейин,
Сендан чиқиб кетган нажосатдан кейин.
Емакка вақтни бемалол чоғлаш керак,
Салқин шамол, тоза жонга боғлаш керак.
Бу иш учун совуқ кезни мўлжалга ол,
Доим шундай тадбир ила иш қила қол.


Ёзда Овқатланиш Вақти

Ёз ҳавоси оз емоқни кўрур лозим,
Танда ғизо бўлса қайда енгил ҳазм.
Ғализ этдан ўзингни тий, ўгир юзинг,
Гиёҳ, кўкат, сутлар бўлсин ошу тузинг.
Янги балиқ билан етилган қўзичоқ,
Майли, таом ўлсин гоҳи, эркак улоқ.
Товуқ, жўжа, каклик эти ҳам қирғовул
Таом бўлсин, шуни доим қил тановул.


Ичимликлар Ҳақида

Бўлмай десанг гар хомсемиз, кўпроқ ҳаёт,
Сен учга бўл қорин ичинг, келур нажот.
Учдан бир жой нафас учун зарур ҳар он,
Учдан бири овқат, боқий сувга макон.
Ташналикка оз совуқ сув бўлгай даво,
Турган, илиқ сув кўп ичмак бўлмас шифо.
Ичимликка музни кўп ишлатган ёмон,
Чунки андин асабларинг топгай зиён.
Ичирмагил музли сувни чўлласа ҳам,
Бўлмаса гар семиз, серқон, миқти одам.
Дастурхонда тўкин бўлса ҳам қанчалик,
Ичаверма, ҳирс қўйиб то бўкканчалик.
Сув ичмагил эсинг бўлса баъдаз таом,
Ташна бўлиб чиққач, ҳатто тушиб ҳаммом.
Риёзатдан сўнг сув ичмак ўзи кулфат,
Жимодан сўнг эса мисли бало-офат.
Зарурат гар талаб этса, куйса андак,
Шундагина тановул эт сувни андак.
Қачон таом йўл олади ҳазм томон,
Аста-секин паст қоринга тушгай ҳамон.
Майли шунда ичкинг келса сув ва шароб.
Қонгунча ич, тўйгунча ич, бўлса сероб.
Шароб ичиб, ташна бўлиб ёнсанг агар,
Сув кўп ичиб, чанқоқ кетиб, қонсанг агар.
Оғзинг қуруқшаб чанқоғинг чандон эрур,
Билгил ўшандай ташналик ёлғон эрур.


Май Ва Шунга Ўхшаш Ичкиликлар Ҳақида

Кўп май ичиб жонингга кўп қасд қилмагил,
Озроқ мусаллас бирла кўп қаноат қил.
Одат қилиб ҳар кун ичиш — бир бедаво.
Гар оч қорин эса, ичмак бўлмас раво.
Еган бўлсанг енгил, латиф хуш бир таом,
Ёки аччиқ, ўткир бўлса, ичма таом.
Доим ичиб, маст юришдан бўлгил йироқ,
Ичмакка кўп қасд айласанг, ойда бир боқ.
Манфаат бор май ичилса аҳён-аҳён,
Гар кўпайса анда зиён турли-туман.
Ким боши оғрирки, майдан қизир бадан,
Доим хумор тутиб турса кечу эртан.
Анга райҳонни ичирким, майли андак,
Сўнгра анга нордон анор бўлсин газак.
Беҳи, бодринг есин, ишни кўп пухта қил,
Берганингга анга май сув омухта қил.
Майни ичиб нолиса ким боду елдан,
Анга ичир майнинг ўзин, тоза хилдан.
Бундайларга кучли сариқ май фойдалик.
Шўртаъм газак ҳар чоқ анга бўлгай тузик.
Оппоқ тиниқ майлар дуруст ёз фаслида,
Хушдир ютум бўлгай латифроқ аслида.
Омухта қил сувни анга, нордонни тот,
Есанг бўлур кўнгил агар тортса овқат.
Абдусодиқ Ирисов таржимаси.