OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбулқосим Мамарасулов
Асар номи«Бахитли савет аялининг арзаси» (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абулқосим Мамарасулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





«Бахитли савет аялининг арзаси» (ҳикоя)
Абулқосим Мамарасулов

Қаршигул қаламининг учини тишлаб турди, ўйланди. Ниҳоят ёзишга қарор қилди. Эри Худойберди билан ажрашиб ажрашолмайди, ярашиб ярашолмайди. Тўрт боласи билан саккиз ойдан бери отасиникида сиғинди бўлиб ўтирипти. Кеча райижроқўмга борган эди. Қабул қилган одам яхши гаплашди. Яхши одам экан. Худойберди бўлса, уни мен ўзим зириллатаман, сен уйга бор-да, ўйлаб, битта яхши ариза ёзиб кел, ораларингда нима гап ўтган бўлса, барини ёз, деди. Қаршигул икки кунки, ариза ёзишга уринади, аммо... тўрт бола?.. Қирилгур, бўйнинг узилгур саккиз ойдан бери тайинли хабар олмади. Болаларимнинг аҳволи нима кечди, усти бутми, қорни тўқми, демади. Онасини юборипти. Қаршигулнинг қайнонасини! Қайин опаси билан бирга! Қаршигул уларни бошига урадими? Қаршигул... ахир...
— Ҳеч ким сизларни яраштиришга уринмадими? – деб сўради қабул қилган одам.
— Яраштиришганди, бари бир бўлмади, - деди Қаршигул қимтиниб.
— Нега?
— Шундай. Яшолмадик.
— Тўрт бола туғилганча яшапсизлар-ку. Энди... синглим, сиз бор гапни очиқчасига айтаверинг. Тортинманг. Нега яшолмадинглар?

Қаршигулнинг қўлидаги гўдаги чириллай бошлади. У қилди-бу қилди, гўдак овунмади. Қаршигул хижолатдан қизариб, ўрнидан турганча, болани силкиб, овутмоққа уринди. Бола кўнмади.
— Биз бола кўрмаганмизми? Эмизаверинг, -деди райижроқум бува, қандайдир, оталарча зарда билан.

Қаршигул ана шу ишорага маҳтал эди. Боласига кўкрагини тутди. Бола талпиниб эмишга тушди. Гўдагига қараб туриб, Қаршигулнинг хўрлиги келди. «Болаларингни шу кўйга солганча аваря бўлиб ўл!», дея ичида қарғанганча, кўз ёшлари юзига сизиб чиқди. Буни ўзи сезмади. Кўз олдида Худойберди турарди. «Тур йўқол! Сен менинг тенгим эмассан!», деган эди ўшанда.

«Тенги бўлмасам нега уйланди? Этагига осилиб олганим йўқ эди-ку!»

Қаршигул узил-кесил қарорга келиб, енги билан кўз ёшларини артди-да, ёзишга тутинди:

«АРЗА»

«Биздинг турмуш қурушимизға эналаримиз сабабчи бўған. Ўнинг энаси мени келин қимоқчи бўб келдию «Биттагина тоғамдинг улидан қизимди аяймамма?!» деп менинг энам тўппа-тўсиннан рози бўлди. Кейин Худойбердиминан мени учраштиришди. Бир-биримизди кўрдик. Экавмизам тўйға рози бўлдиқ.. Мен ў вахтлари 17 жашдайдим. Турмуш, хаят, севги нималигини тушунмаганман. Энам қариндошлигимиз маккам бўсин деган. Мен эмасам хаят шуякан, вояға жетган қиз эрга тийиб кетайбериши керагакан деп ўйлағамман. Тувриси, Худойберди балант бўйли, келишган жигит эди. Мунинг устига институтти битириб кеганийди. Шуларди ўйлаб, роса қувонганман. Мактабти мен б-н питирган қизлар кетманчигаям, ўроқчигаям тийиб борайтиб эди. Шундай бўсаям мен қараб турғаним жўқ. Худойберди мактапта ишлаб пул товған бўса, мен далага чиқиб, хашак жийдим. Қанорга солиб. Эшшакта уйга ташидим. Худойберди бу ишларди қилишга ийманарийди. Майли дедим. Олий маълумотли одамди уялтмай дедим. Жийган хашагим қишта моллардан ортиб қолди. Ортганини бозорга опчиқиб соттик. Ўзингиз биласиз, бизда лалмикор. Мен сомонди, хашакди урламаганман. Мошинга ортип кетганнам кейин уюмдинг тагида қоған майдасини ташиганман. Совхоз дириктири Хидир акаям бир марта кўриб қоп: «Ҳа майли. Бу урликка кирмайди, ташийбер» деган.

Қўни-қўшниларимиз гилам тўқир эди. Кейинчалик менам қизиқиб, уйрандим. Сингилчаларига бош бўп 6 та гилам тўқидик. Мина шуйтиб рўзғорди анча бутлаб олдик. Пулимиз кўпайди. Ў кўтарилиб, раёнга ишга ўтди. Жилт жанга мошин олди. «Жигули». Мошин олдию, айниди. Ўни шу даражага жетказган мен жомон бўп қолдим. Авваллари майда жанжаллар бўп турар эди. Биринчи фарзандимиз 25 кунлик бўғанда мени биринчи марта урди ва тепти. Калтак ва тепки зарбидан ҳушумди билмай, эсим овуб қопти.Шўннан сўғин белим овруйдиган бўп қолди. Шўнда жанжал нимадан чиққанини билмайман. Ҳар куни охшомлари менга тирғаларийди. Менинг чиллам чиқмаған бўса, қайтайин... Кейин ўнинг очуви чиқар эди. «Ота-боволаримиз бекорга эки-учтадан хотин омағанакен. Ўлардинг калласи ишлаганакен!» деб гап сотар эди. Нима десанг дейбер, иложим жўқ, деб туриб олар эдим. Шуниям айтишим керак, райижроқўм бова, Худойберди нуқул: «Мен бутун дуняни оған Амир Темирдинг уруғиман, барлосман. Сен Шайбонийхондинг авлодисан, барлослардинг душманисан. Сендан яхшилик кутиб бўмайди» дегич эди. Биринчи жанжалгача бу гапларди ҳазиллашиб айтар эди. Кейин чини билан мени душманга чиқариб қўйди. Ў шундайчақит, ўтакетган миллатчи. Миллатчи бўмаса мени – аммасининг қизини нимага хўрлайди? Биз ахир савет замонида жашаяппиз. Амир Темир бовосининг бизга нима алоқаси бор.. Аслида, Худойбердиям шў бовосига ўхшап зўр бўсам дейди. Уйдаям, кўчадаям, қишлоқдаям ҳамма уннан қўрқади. Ҳатто қишлоқда ҳеч кимга гап бермайдиган Эшқобил ферманиям бир тўйда ичиб олиб урган. Менинг билишимча, шўнда ўзини атай мастликка соған. Асли маст бўмаған. Биздинг бовомиз Шайбонийхон ўнинг айтишича, Амир Темирдинг болларини Ўзбекистоннан қувиб чиқарганакен. Ажаб қипти, хўп қипти. Менам сизди райис бово, Худойбердини раённам ҳайдашингизди сўрайман. Сиз биздинг уруғдан экансиз-ку. Илтимос сиздан, барлосман, Амир Темирдинг авлодиман, деб керилиб журганига ўнинг бир таъзирини беринг. Шайбонийхондинг авлодлари ҳазирам зўрлиғини билиб қўйсин. Раёнда барлослар озчилик, қўрқманг, Худойбердининг тарафини оладиған ҳеч ким жўқ.. Бу яқда мен дод-вой қип тураман, урди-сўкди, савет заманида аялларди ҳимоя қиладиған борма, жўқма деб. Шуйтиб бир бопламасангиз, жуда ҳаддидан ошиб кетди. Нима, ичиб келдим деб урай берадима? Ўтакетган жомон у! Ҳеч кимдан қўрқмай қўйған. Жиловини тортмасангиз илож жўқ.. Иложи бўса бир-еки жилға қаматинг...»

Қаршигул сўнгги жумлани ёзган заҳоти ўчириб ташлади. Ўла-ар, тағин... Худойбердини қаматиб ўзи нима қилади?

«... Иложи бўса қаматаман деб қўрқитинг. Шуйтип, экинчи марта кўз жоришимдан сал авал яна жанжал қилди. Кечаси соат 9-10 ларда маст ҳолда кириб келиб, юзимга шапалоқ тортди ва қўлини мушт қип овзима урди. Овзим қонга тўлиб, миям зирқираб овриди. Бир жилдан кейин 10 декабр куни кечаси тўйдан маст бўп қайтиб яна урди ва сочимдинг бир ўримини жулиб олди. Ташқарига қочиб чиқиб эдим, акаси кўриб қоп, ўртаға тушди. Худойбердини қўлидан тутиб, ҳомиладор аялди урасамма, эсинг қаяқда, деб қайтармоқчи бўлди. Шунда Худойберди худой ургур менинг жавобимди берди. Шўннан сўғин мен бирга яшашга кўнмадим. Худойберди келиб отамға жолинди. Буннан энам эриб, «E, болангди қайтиб отасиз ўстирасан», деб мени уришди. Бошқа буйтмасликка сўз берди-ку, деб қайтиб бордим. Ў эса худой бермагир ўзи жолинип уйга оппориб оғаннан сўнг 6 ойғача кечалари чаппа қараб жотди. Мен б-н гаплашмади. Пиширган овқатимди жемади. Нима, мени қуруқ чўриликка оғамма, буйтиб жашаганнам ўлган жохши, деб менинг очувим чиқди. Лекин бир нима дейишга иложим жўқ, қайтаманакен, деб журибидим, энамдинг давленияси кўтарилиб тўсатдан вафот этди Отамдинг бир ўзи жош-жош укаларим ва сингилларим билан қолди. Шуйтиб аразлаб борадиған жойимдинг тинчлиги бузилиб, ўзлари билан ўзлари бўп қолди. Шунинг устига мен 3 бола б-н бормайин деб тақдирга тан бердим. Барлосга яна бир холам ҳам келин бўлиб турган. Э, бу барлослар жуда миллатчи бўларакен. Биздинг уруққа битта қиз бериб, меган ўхшагандинг эки-учтасини келин қип оп қўйди. Шуйтиб ғам-ташвишларим кўпайиб, нима қиларимди билмай, холамдикига бордим. Ҳасратлашиб, озроқ ўтирдим. Қайтиб кесам авзойи бузилиб, жўлимди пойлаб ўтири. Холангдикида қ... борма деб, ҳа, шуйтиб сўкди. Бетимга бир шапат урди. Тепди. Жиғилиб, бошим зирқираб, кўзларим тиниб кетди. Шундаям уйтиб-буйтиб уй-рўзғор ташвишлари б-н ғимирлаб кунди кеч қилдим. Аммо кечаси бошим овриб, жотолмай журагим сиғилиб, худди ҳазир ўлиб қоладиғандай бўлай бердим. Боллар қўрқмасин деб ташқариға чиқиб ўтирдим. Кечаси соат 2 да келди-да, «ўладиган бўсанг кўчага чиқиб ўл, ўлигинг маған дардисар бўмасин, деди. Оврувим баттар кучайиб, оёқ-қўлим уйишиб, жомон бўп қолдим. Сўнг катта улимди уйғотиб, бирор мошин товиб духтурга бораман деган хаёл б-н кечаси кўчага чиқдим».

Қаршигул аламдан чимирилиб кетди. Ҳали-ҳамон ўша ҳолати ўзига таъсир қилади. Орқамдан чиқар, уйга кир деб айтар, деб умид қилганди. Кечаси соат иккида қишлоқда машина нима қилади? Аёл боши билан кимникига борарди? Шуни яхши англагани ҳолда «арза»сида бошқача ёзди. Ҳар қалай ғурурини ерга уришни истамади.

«Мошин тополмай қайтиб кирдим. Шў-шў касалим зўрайиб жотиб қолдим. 2-3 кундан кейин синглиси келди. Энаси билан тил бириктириб, мен билан жанжаллашди. Туволмай ўл касалча, чиллашир, деб мени тоза ахлатга булғаб ташлади. Ўлим кетган энам ҳам, падарим ҳам қомади. Кечқурун хўжайиним кеб эди, қайннам ўған: «бу касалингди жавобини бер. Қиз оппераман деб эдим-ку! Сен Барлосдан эрка улисан. Энаси ўппаган қиз сеган тияди», деб бақирди. Шуйтиб учаласи3 жоқдан куткилай берди. Бош оврувим кўпайиб, бу кеча ўлиб қоламан-ов, деб 1 тийинсиз яна чиқиб кетдим. Худойбердига айтдим... Райис бова, арзамди хўжайинимга кўрсатманг. Отимди тилга опсан деб бала бўлади. Ўнинг борида худога шукр деб айтишгаям қўрқаман. Шўндайчақит ариятчил. Шуйтиб хўжайинимга айтдим. Отамдикига бораман, ўлигим кўчада қоп саған жук бўмасин дедим. Отам мени духтурга кўрсатди. Духтурлар мени қонинг кам деб оп қолди. 15 кун касалхонада жотиб чиқдим. Барака топсин, жомон кунимга жомон отам жоради. Духтурларди рози қилди, бир қанча пул пул эвазига дори, қуйишга қон топиб келди. Ў эса хабар омади. Биттасиям кўришга бормади. Духтурдан келайтсак, Х. астанофкада турғанакен, кеп отамға: «бўлди, қизингизди жийиштириб опкетинг», деди. Шўндаям отам, акамлар қариндошчилик ҳурмати, 3 боланинг ҳурмати деб ёроштиришга олиб борди. Ў эса ҳеч нарсадан ҳеч нарса жўқ, жавобимди бериб жерди.

Бир ўлимдан қолиб, 4 болам жети ойлик бўп дуняга келди. Бир-биридан ширин, бир-биридан жажжи уч болага оталик меҳрини беролмаган, дуняга жонга 4 фарзанди кегандаям кўришга қизиқмаган ота яна қайтиб оталик қилиши мумкин? Ота-боволаримиздан қоған нақл бор: «Ота бўлиш онсот, оталик қилиш қийин».

Қаршигул ўзи топган иборадан ғурурланиб кетди. Худойберди юрипти-да, раён бўйича муаллимларга катталик қиляпман деб. Қаршигул ўқимаса-да, керак бўлса, мана бунақа гапларни топиб қўяди. Қараб турсин. Бу хатга кўзи тушиб қолсаям роса анграйса керак. Наҳотки шунча гап менинг хотинимдан чиқди деб. Судга ариза берган ўзи. Қаршигул ҳам бўпти, ажрашсак ажрашаверамиз, деб кўнди. Мана, яна Худойбердининг ўзи ишни пайсалга соляпти. Онаси кўнмаяпти-да жодугар! Ёмон бўлгандаям ўтакетган ёмон, ярамас кампир экан. Қаршигул бир марта айтганини қилмаган эди, шу-шу қайнона-келин терслашиб қолишди. Невараларини бирон марта қўлига олган эмас. Жудаям меҳри қаттиқ. Худойбердининг ўзига қолса-ку... Ичмаган пайтлари ундан яхши одам йўқ, лекин... Тўрт боласи билан кўчага ҳайдаб, қиз олиб бўпти. Ҳо-о! Туғадиганидан оладими, туғмайдиганими? У ҳали тўрт бола туғиб, ўстириб бера оладими Қаршигулдай? Осон бўпти-да, а?! Худойберди жимгина мунда-ай қилиб юрса бўлади Мунда-ай қилиб юрмаса, энди Қаршигул ҳам бўш келмайди. Худойбердининг болаларни бир кўришга зор бўлиб юрганиниям билади. Зор бўлмаса, онасини, сўнгра синглисини, ҳа, ҳа, айнан Худойбердини хотинига қайраб солганларни орқасидан юбормас, болаларга деб бир дунё кийим-кечак жўнатмас эди. Мен эркакман, хотинга ялинмайман, деб ахмоқ бўлиб юрипти-да. Керак бўлса, ялинади. Ҳали шунақа ялинадики... Ана шу ниятда кеча у райижроқўмга борган эди. Тўғри, мени эрим билан яраштириб қўйинглар, демади. Лекин ажрашаман деган сўзни ҳам айтгани йўқ. Қачонгача бундай юради. Ё у ёқли, ё бу ёқли бўлиши керак-да. Шунинг учун шунақа-шунақа гаплар, деб тушунтирди. Айтаётиб, ўзиям йиғлаб юборди. Бир томондан қўлидаги гўдаги чириллаб турипти. Хуллас, райис бованинг кўнгли юмшади. Худойбердининг кўзига кўрсатаман, деди. Ё райОНОда ишлаб, бола-чақасини уйига опкелади, ё ... Қаршигулнинг нияти ҳам шу эди. Худойберди амалдан кеткиси келмайди. «Раённи нуқул сенинг уруғинг эгаллаб олган. Барлосларга кун йўқ», деб Қаршигулга даъво қилгич эди. Охири, куёвларинг бўламан, мен ҳам бегона эмасман», деб ишга жойлашдию, шу-шу ўзи айтмоқчи, Шайбонийхоннинг авлоди билан бирикиб, ҳатто ўзининг барлосликларини ҳам тан олмай қўйди. Охир-оқибат хотинини бола-чақаси билан ҳайдади. Қаршигулни райижроқўмга боришга тезлаганлар ана шу гапларни албатта айтишни тайинлашган. «Райижроқўм ўзимиздан. Худойбердининг «бизга душмансан» деган гапларини эшитса, орияти қўзийди», дейишди. Шундай бўлди ҳам. Барлосдан бош кўтариб чиққан битта менман деб гердайиб юргич эди. Қани қаергача борар экан? Тезлаб жўнатганлар: «Нима касалинг бор деб сўраши билан бирдан ҳўнграб йиғлаб юбор. Иложи бўлса, райижроқўмга билдирмасдан болангни чимчила, уям йиғласин», деб тайинлашганди. Райижроқўм гап сўрагандан кейин сира йиғлагиси келмади. Гапиниям йўқотиб қўйди. Боласиниям чимчилашни унутди. Тутилиб-тутилиб гапираётганди, боласи ғингшийверди. Ўз ҳолига ўзи асабийлашиб турган Қаршигул аччиқ билан боласини қаттиқроқ силкиган экан, чириллаб йиғлаб берди. Шу-шу райижроқўмнинг рухсати билан боласини эмиза туриб, хўрлиги келган Қаршигулнинг гап халтаси очилиб кетдию, бор дардини тўкиб солди. Унинг ҳолини эри бўла туриб, уй-жойи бўла туриб, тўрт боласи билан отасиникида саккиз ой бадалида сиғинди-боқиманда бўлиб ўтирган хотин билади. Ғурур ҳам ўлсин. Баъзи кунлари, э, боре, деб эри рухсат берадими, йўқми, бора солиб, болалари билан ўз уйига кириб ўтириб олгиси келади. Шундай қилса, Худойберди уни қуволмасди. Ўзинг кетавер, мен тўрт бола билан қаёққаям борардим, дерди Қаршигул. Аммо... аччиқ устида отасиникига келишга келиб қўйган, энди... Аччиғи ёмон-да Қаршигулнинг. Худойберди ичиб келган пайтлари сал кайфияти бузилиб турарди. Шунда Қаршигул индамаса-ку! Тили қичийди. Кейин... Худойберди ёмон эмас. Қаршигулдан ҳам ўтган. Неча бор Худойберди ичиб келган маҳаллари «E қоч!» деб чаппа қараб ётиб қолган. Ўзи етти йил турмуш қургани бадалида бор-йўғи уч марта уч шапалоғу, бир мушт урган. Ана, қўшнилари... худонинг берган куни эр-хотин жанжаллашиб, хотинининг гоҳ у ери, гоҳ бу ери кўкариб юради. Парво қилмайди, отамникига кетаман, демайди. Қашқатаёқ. Ўрганган. Икки-уч кун тинч яшашса, хотини ўзини қўйгани жой тополмай, асабийлашаверади. Калтакни соғинаверади.Унинг олдида Қаршигулники ҳолва. Ўша шапалоқларни ҳам Худойберди, керак бўлса, аяб, оғритмай урган. Фақат калтак емай ўрганган хотин калтак еса «чибижинглаб» кетармикан, ҳар қалай. Умуман, Худойберди ичиб келгани учун эмас, онасининг хархашаси туфайли уни урган. Қаршигулга ана шу алам қилади. Ишқилиб, қайнона-келин келишиб яшаши қийин экан. Ғурбат чиқмаслиги мумкин эмас экан. Айтишларига қараганда қайнонаси Қаршигулни ҳайдатишга ҳайдатиб қўйиб, энди ўзи афсусланиб юрганмиш. Яхши кўрган қизи келиб, Қаршигулнинг оиласини бузишга буздирди, аммо ўзининг эри бор, рўзғори бор, кетди, онасига қарашмади. Ҳовлидаги мол-ҳолнинг бари кампирга қолди. Олдида овқати йўқ, қайноқ чойи йўқ. Чуғурлашиб ётган неваралари йўқ. Уйи гўристондай тинчиб қолган. Акадир, укадир, ўғилдир, қиздир, рўзғори бошқами, бўлди, кўнглиям бошқа бўлади. Яқинда она-бола жанжаллашга эмиш. Онаси: «келинимни невараларим билан олиб кел. Нима бўлса бўлиб ўтди», деган экан, Худойберди жириллаб онасига тармашипти. «Ҳаммасини сиз қилгансиз. Сиз бориб опкелинг», депти. Синглиси келиб орага тушмоқчи экан, Худойберди уни шириқтириб қувиб юборипти. «Онамни айнитган, рўзғоримни бузган сенсан», депти. Шунақа гаплар. Бу ёқда Худойбердининг ўзи судга ажрашиш учун ариза бериб қўйган. Аризасини қайтариб олишга юзи чидамаяпти. Қаршигул ялинади, ажрашмайман, деб туриб олади, ўшанда шарт қўяман, деб ўйлаган-да. Қаршигул паст кетмади. Шайбонийхон бовоси каби барлоснинг эрка ўғлини енгишига ишонади. Шунинг учун райижроқўмга борди. Шунинг учун тап тортмай шунақа гапларни ёзяпти. Ёлғони йўқ, ҳаммаси бўлган воқеа. Фақат ўша жанжалларга ўзининг тили тезлиги сабаб бўлганини ёзмаганини айтмаганда... Негадир ўша қайинсинглиси билан аввал-бошдан келишмай қолган. Акасини Қаршигулдан рашк қиладими-ей. Шунчалик ҳам бўладими? Топган гапи шу: «Янгам ёмон, акамни ажратиб оламан». «Ажратиб олиб ўзинг бирга ётасанми?», деб бўлмаса. Қийин экан. Мана энди ҳар ким қилса – ўзига, дегандай, яхши кўрган акаси итдай ҳайдапти-ку! Баттар бўлсин! Ўз акасининг рўзғорини бузганга буям кам. Энди керак бўлса, Қаршигул ўйин кўрсатади, ўзини лаълига солади.

Қаршигул ёзишда давом этди:

«Дарҳаққат Х. ўз фарзантларига оталиқ қилолмайди. Ўзингиз айтингчи райис бова, шу даражада бузилған айлани тиклаймиз деб сўд ходимлари бизди сарсон қиб журиши жохшима? - «Бизди» сўзини ёзишга ёзиб қўйиб, Қаршигулнинг бадани жимирлаб кетди. Нега энди «мени» эмас? Ҳар қалай кўнгли... ҳа майли... – «6 ой сурок берган бўса суроги тамом бўп кетди. Нимага бизди ажратиб қўймаяпти? Ё ажраш учунам сўдга пора бериш керакма? Сўд секретари Искандар рўйхатти туври омади. Рўйхатига рози бўмаған эдим, дўқ урди. Бир жоқдан ўзлари қонунди бузиб, 6 ой сурокди ўткизиб жерди. Тағин дўқ қиса. Рабочи, бечара одамди, тўрт болали аялди дўхлаш мумкин деб қайси савет қонунида жозилғанакен? Искандан шўни меган товиб берсин. Ўннанам сўраб кўринг, райис бова. Бўмаса мен ўнингам устидан арз қиламан. Райижроқўмга ёзай бер, ҳаққат қип беради, деб одамлар айтти. Искандар рўйхатга молларди киргизмади. «Молларда боллардинг ҳаққи бор», деб эдим, «болларингизга алимент оласиз», деди. Мен ахир шўл уйда 8 та молди одам қиламан деб ўлиб кетай дедим. Ҳеч бўмаса, тўрт бола учун биттаям сигир бермаймакен? Алименти нима бўлар эди? Алиментини бошима ураманма?»

Тўғри, шундай ёзиш керак. Алимент олмайман, дегани – ярашаман дегани. Раис бова ўзи тушуниб олади. Ақлли, ўта шум одамга ўхшайди. «Арза»си чўзилиб кетди. Энди тугатса ҳам бўлар. Тугатишда... райижроқўмга жўнатганлар ўргангандай ёзиш керак:

«Шуйтиб райис бова, менинг – бир жабрдийда савет аялининг гапини эшитасиз, ҳаққат қип берасиз, деб олдингизга кеб эдим. Ҳўкиматга раҳмат, хўжайиним кўчага қувиб жерсаям очимдан ўлмадим, дори сепсаям майли, ҳўкиматтинг пахтаси боракен, шўнда ишлаб, пул товиб, кунимди кўрдим. Пахтазорда ўз бахтимди қайтадан товғандай бўлдим.

Сизга арза билан муражат қилувчи Барлос қишлоғига келин бўп тушган, лекин ҳазир отасиникига қувилган бир жабрдийда бахитли Савет аяли

Қаршигул. 8/VII – 1989 г.»