OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбулқосим Мамарасулов
Асар номи«Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абулқосим Мамарасулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм27KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя)
Абулқосим Мамарасулов

Эшқобил ферма мамнун ҳолда қўлидаги қалам билан бир маромда столни тақиллатаркан, яна деразага қаради. Хотини ҳамон дарвозанинг олдида ўтирганча, бақириб-чақириб қарғанарди.

Неча кунки, уйида тинчлик йўқ.Хотини Самарқанддан автобусда қайтаётиб, «Эшқобил ферма сигир соғувчиси Ўрозгул билан дон олишиб юради», деган гапни эшитиб қолибди. Эшқобил у деса ҳам, бу деса ҳам сира гапга кўнмаяпти.
— Эҳ, ландовур! – деди Эшқобил охири тутақиб. – Мени кўролмайдиганларнинг гапи бу. Улар неча марта оёғимдан олишди, турмага тиқишга уринишди. Ниёзматнинг қилғиликларни эсингдан чиқдими?.. – Эшқобил гапи қандай таъсир қилаётганини билиш мақсадида тин олди. Хотини «турма» сўзини эшитган заҳоти сесканди. – Са-ал қолувди-ку! Юрардинг йиғла-аб... саккиз боланг саккиз тарафингдан осили-иб...
— Айбингиз бўлмаса ҳам қамайверадими?
— Ўрмонга ўт кетса ҳўлу-қуруқ баравар ёнади. Манаман деб кўкрагига урганларнинг нечтаси турмада ётипти-ку, «ўзбеклар иши»га чалкашиб. Уларнинг қай бирида айб бор дейсан?
— Уларнинг айби бордир-ки, қамашган.
— Ўл, жинни! Айби йўқ уларнинг. Москвага керак бўлди – қамалди. Мен ҳам эҳтиёт бўлмасам – ҳолим шу бўлишига зарра шубҳа йўқ.. Кеча ўзинг ҳам телевизорда кўрдинг-ку, қамалиб ётган райком секретарини! Уларнинг олдида мен кимман? Булар ёмонликка оламиз дейишса, ҳеч гап эмас. Битта ўлган молнинг нархи булар учун одамдан қиммат.
— Туф, туф-э! Оғзингиздан ел учирсин! Хўжайин, унақа деманг.
— Дейман-да. Булар ҳозирча ферма томондан менга айб қўйишолмади. Шунинг учун оиламни бузишмоқчи.
— Бари бир Ўрозгулни фермадан ҳайдашингиз керак!
— Қизиқмисан? Мен фермада уч йилдан бери ишлаётган бўлсам, Ўрозгул ўн уч йилдан бери ишлайди. Номдор, илғор, депутат, делегат.
— Бари бир ўшани ҳайдамас экансиз, гап чиқаверади. Ҳеч бўлмаса болаларингизни ўйланг. Нимасига учасиз ўша ўлгурни!
— Оббо! – Эшқобил зарда қилди. – Тушунасанми, у – депутат! Ҳатто мени ҳайдаттириши мумкин, аммо мен уни ҳайдай олмайман. Кучим етмайди. Нима қиласан ақлинг етмаган ишга аралашиб?. Ўйла, Ўрозгулнинг ҳам учта боласи бор, боқиши керак, нима қилсин, бечора...
— Ҳе, қирилиб кетсин бечора бўлмай! Бошингизни айлантириб қўйипти. Жо-он хўжайин, - хотини ошкора йиғлаб юборди. – Саккиз болангиз ҳаққи-ҳурмати, шу юришларингизни қўйинг.
— Бўпти, бўпти, - деди Эшқобил беписанд жойидан қўзғалиб, гап тамом дегандай.

Катта-кичик саккиз бола телевизор томоша қилиб ўтиришарди. Бири Эшқобилнинг у ёнига, иккинчиси бу ёнига, бири орқасига осилди. Бири биридан ширин. Бир дақиқа шундай ширин болаларини қўйиб, қандайдир Ўрозгулга осилиб юргани ўзига таъсир қилди. Ўзи унча чиройли эмас, аммо қурғурнинг зап истараси бор-да. Мана бу билан ўн саккиз йилдан бери турмуш қилади, аммо бирон марта Ўрозгулдай эркаланмаган. Эркаланиш нималигини билмайди. Мол-да бу, мол!

Ўрозгул сигир соғишдан ташқари ҳар тўртинчи оқшом молхонада навбатчилик қилади. Одатда бу тунлари Эшқобилнинг ҳам фермада иши чиқиб қолади.

Ўрозгул бу оқшом ҳам навбатчи.

Телевизордан берилаётган қочди-қувди филмни болалар зўр қизиқиш билан томоша қилишарди. Хотини ош сузиб келди. Шу пайт эшикдан кимдир келиб чақирдию, хотини шипиллаб чиқиб, бир муддатда қайтиб кирди.
— Нима гап, тинчликми? – сўради кимнидир безовта кутиб ўтирган Эшқобил, мумкин қадар ўзини бепарво тутишга уриниб.
— Тожибой аканинг аёли. Пичоқ сўраб келипти. Шўрликлар, битта пичоққинага ёлчимай умрлари ўтиб боряпти.
— Муомалани билмаган молфаҳм! – деди Эшқобил аччиқланиб. – Бунақаларга ачиниш керак эмас.
— Нега ундай дейсиз? Ўз кунларини ўзлари кўришяпти. Сизга оғирлиги тушгани йўқ.
— Тушганда қандай! Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб юборди-ку, ревизия чақиртириб. Битта ревизорга иккита қўй сўйдим. Учинчисини машинасига ортиб жўнатдим. Тожибойнинг касофати шу! Баттар бўлсин!
— Бугун мажлисда ҳам Тожибой акани роса сўкишиптими?
— Сўкиш ҳам гапми? Барлосдан бадарға бўлади у ҳали.
— Хидир акаям жуда ноинсофлик қилаётган эмиш-ку!
— Ким айтди сенга шу гапни? – сўради Эшқобил калакаомуз.
— Ревизор келгандан бери Барлосда шу гап-ку.
— Ақлинг етмаган ишга бурнингни тиқма, деб неча марта айтганман сенга! – Эшқобил аччиқ билан хонтахтани муштлади. – Ишинг бўлмасин! Бошқалар гапирса ҳам сен оғзингни юм.
— Мен эшитганимни айтаяпман.
— Ҳе... эшитмай ўл! – Эшқобил зарда билан қўлини сочиққа артаркан, ўрнидан туриб, эшикка йўналди. «Гуноҳ» қилиб қўйган хотини нафасини ютиб, ортидан эргашди. Болалар бамайлихотир ош еб, кино кўришарди.
— Тожибойнинг хати туфайли фермада ҳам тиним йўқ. Халатни опчиқ! – Эшқобил ўдағайлади.

Хотини зипиллаб бориб халатни келтириб, эрига кийгизаркан, сўради:
— Қаёққа борасиз?
— Қаёққа бўларди, фермага-да. Тожибой яна хат ёзган эмиш. Эшқобил ферманинг ярмини Хидир Собирович билан бўлиштириб еб ётипти, деган эмиш. Ҳозир нарядда Хидир ака «ерта-индин фермангни тафтишчилар босади, бориб, оқшоми билан тайёргарлигингни кўриб қўй», деди. Бу ёққа ол! – Эшқобил хотинининг қўлидаги дўпписини силкиб олди-да, жўнади. – Тожибойнинг оғирлиги ана шу! Ўлиб-тирилиб кечаю-кундуз гўнгга ботиб ишлайсану, битта молчалик қадринг йўқ. Одам ўлса акт қилишади, мол ўлса, бўйнингга қўйишади.

Эшқобил кўчага чиққандан кейингина аччиғи босилиб, кулимсиради. «Яхши баҳона топилди» Асли Хидир ака ҳам ноинсофликни ошириб юборди. Қайта қурамиз деб ҳамма раҳбарни янгилади. Янгилари «беш» букилиб, «тўрт» букилиб, саломга кириб, амал олди. Керак бўлса, ҳозир фермадан келаётган фойданинг чиноқчаси ҳам Эшқобилга тегмаяпти. Агар топган-тутганини Хидирга элтмаса, ўша куни у фермани ҳам «қайта қуради». Эшқобилнинг жойига кўз тиккан сон мингта.Эшқобил оғзидаги ошини бировга берадиганлар хилидан эмас. Хидир асли зоотехникдан чиққан эмасми, молхонани миридан сиригача билади, уни алдаб бўлмайди. Хидир унинг Ўрозгул билан алоқасидан ҳам хабар топибди. Бир-икки марта киноя қилган жойи бор. Лекин Эшқобил паст кетмаган. «Аввал ўзингга боқ» деган маънода қочирим қилган. Ўша-ўша Хидир «мен сенга тегмайман, сен менга» қабилида иш тутади.

Буям энди бир давр-да! Олдингда кўзини сузиб, дилпанглаб турса, боши очиқ бўлса... Бунақа хотинларнинг кўнглига қараш керак. Савоб бўлади. Жиловни сал бўш қўйса, Ўрозгул жилпанглаб, Хидир томон ўтиб кетиши мумкин эди. Аммо Эшқобил узангида маҳкам турди. Бўш келмади. Охир-оқибат Ўрозгул йўриғига юрди. Бўлмаса, авваллари Хидир Ўрозгулни кунда, кунора илғор деб, депутат деб, турли баҳоналар билан идорага чақиртиравериб, жонига теккан эди. Ўрозгулни-ку, худо урган. Ҳалиям Эшқобилдан қўрқиб, ўзини тийиб юрипти. Керак бўлса, Эшқобил тургани учун Ўрозгул илғор. Унгача ўн йил ишлаб, бири икки бўлмаган. Аслида бошқа соғувчилардан ортиқ бир каромат кўрсатиб қўйган жойи йўқ.

Ўрозгул молхонада ўзининг сигирларига емиш солиб юрга экан. Дарвозадан уни кўрди, Эшқобилнинг кўзлари яшнаб кетди.

Қилиқлари тоғда сакраб юрган оҳуникидай. – Ҳавасингни келтиради.

Эшқобил Ўрозгулдан ҳол-аҳвол сўраган, соғин сигирларнинг тагларини текширган, сўнг таналар, бузоқлар турган бўлмаларни кўздан кечирган киши бўлди-да, ўз кабинетига ўтди.

Кабинетнинг ичидан яна битта алоҳида хонага эшик бўлиб, уни унча-мунча меҳмонларга шайлаб қўйганди. Салдан кейин ташқи эшик қия очилиб, остонада тоғ оҳуси кўринди...

Umuman, har qancha ehtiyot chorasini koʻrishmasin, ikkovining yurish-turishini elu-xalq biladi. «Bilsa falon-falon...» deb yurgan edi, yoʻq yerdan xotini janjal chiqardi. Asli shu xotinlar ham noshukr-da! Axir Eshqobil ba’zi puldorlarga oʻxshab, topgan-tutganini koʻchaga, Samarqandning mehmonxonalariga tashiyotgani yoʻq-ku. Oʻrozgulga pul ham, hatto qonuniy er ham kerak emas. Har zamonda koʻnglini olib tursa kifoya. Bechoraning koʻngli yarim. Xotini buni tushunishni istamaydi. Kecha hatto «shu manjalaqi bilan yana yursangiz oʻzimga oʻt qoʻyaman», deb poʻpisa qildi. Har qalay Eshqobilning xotini oʻta shaddod, behayo emas, uni hurmat qiladi. Shuning uchun hozir ichkariga kirmay, darvozaning oldida qargʻanib oʻtiripti. Hali zamon kattalar kelib qolishi bor, xotinini bu yerdan joʻnatish kerak. Eshqobil ishchilardan birini «yangasi»ni chaqirib kelishga joʻnatdi.

— Тағин нима ҳунар бу? – сўради Эшқобил қовоғини уйишга ҳаракат қилиб, мийиғида куларкан.
— Менинг жавобимни беринг! – дедию, хотини йиғлаб юборди.
— Бу ер идора. Жавоб-павобни уйда гаплашамиз. Дийдиёингни йиғиштир-да, уйга бор, Ҳозир орқангдан етаман.
— Бу ер идора эмас, - исловотхона! Ислиқихона бу ер! – дедию, хотини кўз ёшларини артиб, жаврай кетди. – Оқшом мени алдаб, яна шу жалабнинг олдига келибсиз-да.
— Ким айтди?
— Ҳеч ким айтгани йўқ, ўзим кўрдим. Оқшом келиб тўғри унинг олдига бордингиз, кейин ўзингизнинг хонангизга ўтдингиз. Орқангиздан у келди.
— Бекор айтибсан! – Эшқобил сапчиб тушдию, шу заҳоти ўзини ўнглади. – Ҳа, яхши, кўрган бўлсанг, молхонанинг ҳамма томонини бирма-бир айландимми ахир?
— Айландингиз, кейин…
— Шошма, кейин хонамга ўтдимми?
— Ҳа.
— Ҳа. Орқамдан Ўрозгул келди. У ферма бўйича халқ назорати гуруҳи раиси. У билан буғалтерия ҳужжатларини текширдик.
— Бекор айтибсиз. Дарров светларингиз ўчди...
— Тўғри, - Эшқобилнинг юраги шувиллаб кетди. – Кейин икковимиз товуқ фермага комиссия бўлиб бордик.
— Ҳеч ёққа борганингиз йўқ.
— Сен қаёқдан биласан.
— Биламан-да. Шу ерда эдим.
— Ҳа майли. Сен айтганча бўла қолсин: мен ҳеч ёққа бормай шу ерда Ўрозгул билан бузуқчилик қилдим дейлик. Сен келибсан, кўрибсан, билибсан, нега дод солиб одамларни чақирмадинг? Сен нега ўзи менинг қадамимни пойлагич бўлиб қолдинг? – Эшқобил тутақди. – Сен нега менинг иш жойимга келасан? Қайта қуриш деган нарсани биласанми ўзинг?

Қарши ҳужумдан анг-танг қолган хотини оғзи-бурнига рўмолчасини босди. Катта очилган кўзларидан шашқатор ёш қуйилди:
— Сизни шарманда қилиб... кейин мен... болаларингиз... ахир саккиз болангиз...
— Мен ҳам сенга шуни айтяпман-да. Ҳар кимнинг гапига кириб шаталоқ отаверма!
— Жо-он хўжайин! – Хотини Эшқобилнинг оёғини ўпар даражада ялинишга ўтди. – Барига чидаб келаётгандим, кеча Ўрозгулнинг ўғли мактабда қизимиз билан уришиб қолипти. Анча гаплар бўлган. Муаллимлари аралашиб, зўрға ажратипти.
— Э, ёш бола нимани билади?! Гапираверади-да.
— Муаллимлари-чи?
— Қўйсанг-чи! Муаллим ҳам одамми? Ҳар куни биттаси келиб, сомон тиланиб, ярим қоп ем тиланиб, кўз ёши қилиби ўтиради. Се-эн жўна, майда-чуйда гапларингни қўй-да, уйга бориб, тушликка ўхшатиб кулчатой қил, - Эшқобил муросага ўтди. – Биласан, мен коммунистман. Коммунист бўла туриб, битта хотинини эплай олмапти, деган маломатга қолдирма мени.
— Жо-он хўжайинжон! – Хотини боядан бери айтмоқчи бўлаётган гапини ниҳоят қийнала-қийнала тилига чиқаришга уринди. – Оиламда тинчлик бўлсин десангиз, Ўрозгулни фермадан кеткизинг...
— Оббо! Бор энди, гапни калта қил! Уйда гаплашамиз, борақол, ҳозир комиссия келиб қолади, уларнинг кўзига ҳам яхши эмас.

Хотини унинг етовида эшик томон юраётганди остонада гул-гул ёниб, яйраб-яшнаб, «комиссия» – Ўрозгул пайдо бўлди У гўё ҳеч нарса билмаган кишидай Эшқобилнинг хотини билан ачомлашиб кўришди. Кейин атайлаб қилдими, ақли етмаганнинг иши бўлдими, - Эшқобил буни ажратолмади, - «рўмолим қолиб кетибди» деганча ичкари хонага кириб чиқдию, трюмо қаршисида ўзига оро бера бошлади. Хотин эрига қаради, эр – ерга.
— Янга, бола-чақаларингиз эсон-омонми? – сўради Ўрозгул. Унинг юз ифодасидан асабийлашаётгани сезилиб турарди. Афтидан эшик ортида туриб, ҳамма гапни эшитган. – Бу дейман... дарвозанинг олдида ўтириб, менинг гўримга роса ғишт қалапсизми?

Нимадир юз беришига фаҳми етган Эшқобил хотинини эшикка етакламоқчи эди, Ўрозгул бир парда кўтарилди:
— Янга, са-ал тилингизни тийиб юринг, бўлмаса маиший бузуқ эрингизнинг масаласини партбюрога қўйдираман!

Ҳойнаҳой, Ўрозгул ҳам «янга»сининг ўта ювошлигини билар, шунинг учун фурсатдан фойдаланиб, пўписа қилаётган эди.

Эшқобил пайқамай қолди. Хотини учиб бориб, Ўрозгулнинг майда ўрилган қирқ кокил сочларига тармашди.
— Ўзинг бузуқ! Гижингламай ўл!

Икки аёл қийқириб, айқириб олиша кетдилар. Ферма мудирининг кабинети шовқин-суронга тўлди. Томошабин кўпайди. Ниҳоят иккови бировларнинг кўмаги билан уст-бошларини тузата-тузата бир-бирларини бисотларида бор қарғишларга кўмишди, эллик йиллик айбларини очишди. Бирининг айтишича, Эшқобилнинг хотини ёшлигидайқ ўлгудай латта, ҳеч бир ишнинг уддасидан чиқолмайдиган, чиқадиганларни кўролмайдиган, ичи қора бўлган экан. Иккинчисининг айтишича, Ўрозгул мактабда ўқиб юргандаёқ ҳар кимга кўз сузиб юрган, сўнг аллақандай раиснинг ўғлига номусини топшириб қўйган, кейин бир камбағалнинг шўрини қуритиб тегиб олган. Зуғум қилавериб, жазманларининг гапи билан эрининг жонига қасд қилган экан. Шундан бери ҳар ким билан юрармиш.
— Алам қилдими? Юраман! Қўлингдан келганини қил! Ўзимга ўзим хўжайинман!
— Ўл! Бу кунингдан бадтар бўл! Сен яхши бўлсанг эрингни ўлдириб юборармидинг!?

Кўзларида ёш қалққан Ўрозгул жон-пони чиқиб, қичқириб ташланмоқчи эди, хотинлар тутиб қолишди. Ўрозгулнинг икки ўрим сочи юлинган, бети қонталаш, кўз остлари кўкариб кетган, кўйлаги, халати йиртилган, Эшқобилнинг хотини ҳам ундан яхши аҳволда эмасди.
— Тур, уйга жўна, шаллақи! – деб Эшқобил хотинини уришган киши бўлди. У хурсанд эди хотинидан: кўра-била туриб ёнини оляпти. Ўйнаш – бари бир ўйнаш экан-да! Партбюрога қўйдираман, деди. Лекин икковигаям, айниқса, хотинига сир бой бермаслик керак.

Эшқобил хотинининг бирдан донг қотган, саволларга, аламларга, ранжга, ўкинчга тўла кўзларига нигоҳи тушдию, ўнғайсизланди: «Шунча гапдан кейин шунча одамнинг олдида менинг ўрнимга манжалақининг ёнини оляпсизми?» деган савол бор эди хотинининг бир лаҳзалик қарашларида. Кейинги лаҳзада хотиннинг ич-ичидан титроқ туриб, ўкириб йиғлаганча, ташқарига отилди.
—Ҳамма иш жойига борсин, - деди Эшқобил астагина. Бирдан унинг юзи сўникиб кетди. Ҳамма, ҳатто Ўрозгул ҳам индамай жўнади. Эшқобил бир оғиз гапи билан тузатиб бўлмайдиган хатоликка йўл қўйганини тушуниб турарди.

Бир оз муддатдан кейин Эшқобил чиқиб, фермани кўздан кечирган киши бўлди, аммо юрагига қил ҳам сиғмай, қишлоққа жўнади. «Тағин ўзига бир кор-ҳол қилиб қўймасин» деган фикр миясига урганда ўзи ҳам даҳшатга тушиб, «Волга»сига газ берди. Бир маҳал қишлоқдан бир киши, аниқроғи Бойқул молбоқар машинанинг йўлига чиқаверди. «Аниқ бир нарса бўлган», деб Эшқобилнинг ранги ўчиб, «Волга»ни тўхтатди. Эшикни очганча, юраги ҳовлиқиб, «Тинчликми?» дея сўради.
— Э, сўраманг хўжайин, ишлар чатоқ! Расво бўлдингиз, ҳайдайверинг тез! – Бойқул ундан бадтар ҳовлиқиб, машинага ўтирди.

Эшқобил титраб кетди, вужуди дармонсизланиб, беҳол ўриндиққа суянди.

* * *

Яқинда Барлосга бориб, тўй устидан чиқдим: Эшқобил ферма уйланаётган экан. Айтишларига қараганда хотини раҳматлининг ўлимида унинг заррача айби йўқ. Ўша хотини аслида сал қадам олиши ундайро-оқ, эси ҳам кирди-чиқдиро-оқ бўлган экан. Ҳатто бу тўғрида жиннихонадан маълумотномаси ҳам бўлган эмиш Эшқобилнин қўлида. Фақат Эшқобил саккиз боласини ўйлаб, у билан турмушини бузмай юрган экан.

Тўйда раён газетаси қўлма-қўл бўлиб кетди. Газетадаги суратда Эшқобил ака ферманинг илғор сут соғувчиси, депутат, делегат, совхоз халқ назорати қўмитасининг аъзоси Ўрозгул Турғунтўраева билан биргаликда зотдор сигитлар ратсионини текшираётган пайт тасвирганлан, суратнинг тепасига катта ҳарфлар билан: «Замонамиз қаҳрамонлари» деб ёзиб қўйилган эди...