OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбулқосим Мамарасулов
Асар номиФаришта (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абулқосим Мамарасулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/06
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Фаришта (ҳикоя)
Абулқосим Мамарасулов

Алибек Самарқанддан ўқишдан йиқилиб қайтди. Тўғрисини айтганда, йиқилмади. Ён-верига қараса, ишонган таниши йўқ. Калласи айниб, ҳужжатини СамГАСИ га топширипти. Буни қаранг-а! Математиканинг «м» ҳарфини ҳам билмайди-ю, тағин... Яна, Самарқандда юргандан кейин бири у деб, иккинчиси бу деб, оёғингдан оладиганлар чиқар экан... Бор-е, дедию, ҳужжатларини қайтиб олиб, Барлосга равона бўлди.

Совхозда узум териш бошланаётганди.Бригадир Нурали ака ўзига ҳисобчи тополмай турган экан. Алибекнинг кўчада саланглаб юрганини кўриб, таклиф қилди. Тўртинчи синф математикасини тушунсанг, қўшиш-айириш, бўлиш-кўпайтиришни билсанг бўлди, эплайсан, деди. Алибек жон-жон деб рози бўлди. Бахт кулиб боққанини кўр. Ҳисобчи бўлиш ёмон эмас. Бир мавсумда қанчадан-қанча пул ишлаб олиш мумкин. Бўлди энди, Нурали ака билан келишиб, ўзигаям, отасигаям (омборда мудир), онасигаям (уй бекаси), акасигаям (студент), опасигаям (икки йил бурун тоғ тарафга эрга тегиб кетган, ҳозир чақалоғини боқяпти), синглисию (беш ёшли), укасигаям (бешикда) иш ҳақи ёзаверади. Ана пул, мана пул. Қолган ука-сингиллар ўзлари ишлашади. Уларга ҳам ёрдам қилиб туриш мумкин. Бу ёғи зўр бўлади. Пулга ботади. Бундан ташқари яқинда Педтехникумнинг студентлари ёрдамга келишади. Бу дегани - кайфу-сафо дегани. Маишат... Тўқсон фоизи қизлар. Биттасини илинтириб олса, ҳар куни учрашувлар, ўпишишлар, тиззага бош қўйиб ётишлар... мазза!... (Кўнгил қурсин, нимаям дейсиз!). Ўтган йили қишлоқнинг ёши катта болалари яйраб қолишганди. Уни эса, қизлар мактаб ўқувчиси деб назарига илишмаганди. Алибекка роза алам қилганди. Ўзингдан икки-уч ёш катта болалар студенткалар билан қандай учрашув ташкил қилганларини, хилватгоҳларда... Эҳ-ҳе, у ёғини эшитаверсанг, чидай олмай қоласан. Гап шу ерга етганда Алибек ўзини тутолмай, бутун вужуди кўз бўлиб, ҳамсуҳбатига тикилар, оғзининг таноби қочаётганини сезар, лекин... - Олдин танса тушишаркан, ўша ердан битта-битта етаклаб кетаверишаркан (ёлғон бўлса худонинг ўзи кечирсин!) Бу йил Алибек ҳам худди шундай қилади. Ўтган йили кичкина эди. Мактаб ўқувчиси эди. Энди... бўйи ўсган, керак бўлса, Самарқандини ҳам кўриб келди. Ҳа, Алибек ҳазилакам одам эмас. Кўп нарсани ўрганди, кўзи пишди. Умуман, ўша қизлар қўлида бўлади (ахир ҳисобчи-ку!) Любойига: сенга кўпроқ ёзаман деса, бўлди, ўзи югуриб олдига келади. Алибек студенткаларни қандай ўзига қаратишни яхши билади. Улар кунлик нормани бажариши керак, бу эса осон эмас.

Хуллас...

Алибек иш бошлаш учун узумзорга борса, синфдоши Зулфия сават кўтариб, узум териб юрипти.
— Ие, Алибек, сенам қайтиб келдингми? - деб сўради у, мулойим кўзларини тикиб, илжаяркан. - Ўқишга ўтолмадингми?
— Шунақа бўлиб қолди. Тўғрисини айтсам, ўқишга ўтиш қийин бўлиб кетипти. Авваламбор таниш керак, сўнг унга берадиган пул керак. Икковиям бўлмаса, ўқишдан умидингни узавер. Шуни билдиму, имтиҳонга етмасдан қайтиб келавердим. Ўзинг нима қилиб юрипсан?
— Ишлаяпман. Қурбоной билан бирга

Иккита саватни узумга тўлдириб, қатор орасидан Қурбоной ҳам чиқиб келиб қолди. Алибек унга ҳам қайтиш сабабларини тушунтирди.

Зулфия жуда зўр қиз бўлиб кетипти-да!

Ё аввалдан шунақамиди?

Атиргулдай очилганини қаранг! Бирам майин боқадией одамга. Эриб кетгинг келади-я!

Қўлимга ушлаб ҳидласам дейсан! Мактабда ўқиб юрган пайтлари пайқамаган экан. Айниқса қадди-қомати! Ажойиб! Зўр!! Қарашлари гўё юрагингга игна санчаётгандай бўлаверади. Шунақа игнанинг яна санчилаверишини истайсан, ҳузур қиласан. – Алибек ўз ўйларидан хурсанд бўлиб ишшайди.
— Нимага куласан? – Зулфиянинг ўзи мулойим кулимсираб турарди.
— Мактабда ўқиб юрган пайтларимиз эсимга тушиб кетди, - деди Алибек, ҳамон кўзларини қиздан узмай. - Ўшанда кичкина эдинг.
— Нима, энди катта бўлиб қолипманми?
— Ҳа, жуда чиройли бўлиб кетипсан!
— Ростданми?.. Сен эса,.. Самарқандга бориб айниб кепсан! - Зулфия гапини ҳазилга бурмоқчи бўлдию, қаттиқ ҳаяжонланаётганини яширолмади. Бетлари дув қизариб, - сени қараю, - деганча саватлардаги узумларни яшикларга тўкиб, Қурбонойнинг орқасидан қатор оралиғига югуриб кетди.

Қизнинг устида бор-йўғи қишлоқча кенг тикилган қизил гулли кўйлак бўлиб, ўзига жуда ярашган, бўй-бастини кўз-кўз қилиб турарди. Узун қилиб ташлаб қўйилган икки ўрим сочи тўлғаниб, киши завқини оширарди. Алибек ишшайганда уни орқасидан кузатиб қолди. Вужудига лаззатли титроқ кирганини англади. Ўйлаб турган гапи қандай оғзидан чиқиб кетганига ўзи ҳайрон: «жуда чиройли бўлиб кетибсан!» Ўз дадиллигидан ғурурланиб қўйди: «Бекорга Самарқандга бориб келдимми? Қанча ҳаётий тажрибаларим ошди. Зўр! Жудаям зўр! Зулфияси қурмағур-ей! Жуда чиройли бўлиб кетибди-я!» Алибек бир дақиқа ўз оғушида тасаввур қилиб кўрдию, юраги ўйноқлаб кетди. Кун бўйи уни ўйлади. Ҳар сафар унинг сават тўлдириб чиқишини кутади. Зулфия энди фақат Қурбоной билан бирга чиқадиган бўлди. Дугонасига унинг гапини айтган бўлса керак, иккови ҳам унга кулиб қарашади. Айниқса, Зулфиянинг табассуми - мулойим, майин, роҳатбахш, мазза қиласан одам...

Бир вақт қизлар чинқиришиб, қатор оралиғидан югуриб чиқишди. Шу атрофда ўралашиб юрган Алибек «нима гап?» деб етиб борди. Қўрққанлари энди ўзларига нашъа қилаётган қизлар қотиб-қотиб кулишарди. Токнинг орасидаги катта новдага арилар уя қўйган экан. Узум тераётганда новдани силкитиб юборишган шекилли, безовта бўлган арилар икковиниям шириқтириб қувипти.
— Ишқилиб чақмадими? – Алибек ҳомий сифатида сўраркан, Зулфиянинг қўлларини, юзини ушлаб кўра бошлади. Айни пайтда юраги чидаб бўлмас даражада ғаприқиб бораётганини сезди. Сал бўлмаса, қучоқлаб олай дерди. Ҳамон кулаётган Зулфия йигитнинг ҳаяжонли қалтироқ бармоқларини ҳис этиб, бирдан ўзига келди, аммо гўё ҳеч нарсани сезмагандай, яна кулаверди ва шу йўсин сездирмай ўзини олиб қочди.
— Қаерда у ? Менга кўрсатинглар-чи! - Алибекнинг мардлиги тутди.

Токзордаги ари инларини қуритишни у ўтган йилиёқ ўрганиб олган. Агар уя қўлга сиғадиган бўлса, шартта ин-пини билан суғуриб олиб мажақлаб ташлаш керак.Ари кафтни чақолмайди. Чаққанда ҳам таъсир қилмайди. Агар қўрқса, қўлга қўлқоп кийиб олса ўам бўлади. Ундан ҳам осони, баргларни тутиб туриб, инни бирдан қисимлаш...

Алибек ўйлаганидай қилиб, ариларни кафтлари билан сиқимлаб олди-да, роса эзғилади. Қизлар ғайрат билан қараб туришарди. Алибек ҳаммасини эзғилаб бўлиб, гўё бунақа ишлар ҳар кунги одатидай, қўлидагиларни бамайлихотир ерга ташлади. Шу пайт мажақланган ин ичидан бир ари ўрмалаб чиқиб, визз этиб етганча Алибекнинг бетидан чақди. У оғриқнинг зўридан «шапп» бетини чангаллади. Зулфия: «нима бўлди?» деганча атрофида гирдикапалак бўлиб қолди. Инда омон қолганлари яна бор экан, ўрмалаб чиқишаётганди, Қурбоной шошиб тепкилаб ўлдираверди. Бари бир икки-учтаси қочиб чиқиб, Алибекнинг атрофида анча вақт визиллашиб юришди. Алибек энг асосийси – мажақланган инни ерга ташлагандан кейин дарҳол тепкилаш кераклигини эсдан чиқарган экан.

Зулфия кўзини ушлаб ўтирган Алибекнинг елкасига чап қўлини қўйди, ўнг қўли билан бошидаги дуррани ечиб олиб, бир учини тупуклади-да, ари чаққан жойга босди. Шу усулдаги даволашни уч-тўрт марта такрорлагандан кейин дуррани Алибекнинг ўзига бериб, ўрнидан турди. Алибек аввал оғриқнинг зўри билан ҳеч нарсага эътибор бермаганди. Оғриқ камайгандай бўлгандан сўнг ҳозиргина Зулфиянинг момиқ кўкраклари элас-елас елкасига тегиб кетанини ўйлаб, юзига бахтиёрлик ёйилди.
— Қалай, энди оғримаяптими? – сўради қиз. Бирор нарсани сезганми, кўзлари бахтиёрона сузилар, бетлари қизариб кетганди.
— Ҳечқиси йўқ, - дея Алибек ўрнидан турди. Дуррани бераётиб, Зулфиянинг қўлини бир неча сония тутиб турди. Вужудига ҳарорат югурди.

Қани энди,.. қани энди,... яна ари чақсаю...Бу қўлларни узоқ ушлаб туриш учун саксон саккиз марта ариларга таланишга рози. Зулфия қўлини олмай, шўхлик билан ўзига тикилиб тураверди ўша пайт. Алибек чидамади, бу қўлларни қўйиб юборди. Қизнинг нигоҳларига дош беролмай (садқаи йигит кет!) , кўзларини олиб қочди. Яна титрай бошлади. Ниҳоят қиз бўшаган қўлини йиғиштириб, узум теришни давом эттиришга тушди. Қурбонойга нимадир деганди, иккови ялт этиб Алибекка қарашдию, пиқиллаб кулиб юборишди. Алибек хилма-хил ўйларга ботиб, узумзорлар оралиғидаги йўл билан карта орасидаги йўлакка жўнади. Енгилгина бўлиб қолганди. Худди биров «пуфф» деса учиб кетадигандай.

«Қиз эмас бу, фаришта! Фаришта!!» - Алибек ўз кашфиётидан хурсанд бўлиб кетди. Уни хаёл олиб қочди.

... Икковлон қўлни қўлга бериб, бир-бирига илжайганча кетишяпти. Бирдан Алибекнинг кўзларига нимадир кириб кетади. Фаришта дарров бошидаги рўмолни ечиб олади-да, унинг кўзларига босади. Йигит бу нозик қўллар устига ўз қўлини қўяди. Қўллар қўлларга, кўзлар кўзларга туташади. Улардан чаксиз меҳр, майинлик, мулойимлик, садоқат уфуради. Алибек аста унинг қўлларини силай бошлади. Нозик қўллар унинг бўйнига чирмашади. Фаришта унинг кўзларига яна бир неча дақиқа тикилиб туради-да, бошини секин Алибекнинг кўксига қўяди. Алибек энди Зулфиянинг сочларини силайди. Ундаги хушбуй ҳидни тўйиб-тўйиб ҳидлайди. Яна тўлиб-тошиб мурожаат қилади:
— Зулфия!
— Ҳа! – У бошини кўтармай, ҳаяжонли овозда жавоб беради.
— Мен сени энди Зулфия демайман.
— Ие, нега?
— Мен сенга янги, ажойиб исм топдим.
— Айтчи?
— Фаришта!
— ... – Зулфия қиқирлаб кулади. – Энди мени доим шунақа қилиб чақирасанми?
— Ҳа! Яна бир нарса десам хафа бўлмайсанми?
— Қани, эшитайлик-чи!
— Сени севиб қолдим.

Алибек фариштани аста қучоқлади. Сочларини меҳр билан силади. – У севги изҳор қилганди. Шу вақтгача изҳори дил қанақа бўлар экан, деб орзу қилиб, китобларда ўқиб, киноларда кўриб юрарди. Ҳозир ўзи шунақа воқеанинг иштирокчиси бўлиб турипти. Зулфия кулиб юборади.
— Нимага куляпсан?
— Гапларинг қизиқ. .
— Нимаси қизиқ?
— Йигитлар қизларга қандай севги изҳор қилишаркан, деб ўйлардим, энди...
— ...енди ўзингга севги изҳор қилишяпти.
— Менга қара, - Зулфия бошини кўтарди. – Қанақа қилиб севасан?
— Биласанми?.. – Алибек чайналди, - биласанми, севиш... «шунақаки, ҳозир мен сени жуда яхши кўриб қолганимни, сенсиз яшай олмаслигимни сезяпман», демоқчи бўлади, бироқ кўпроқ хаёлга берилиб кетганидан трактор ҳайдаганда ҳосил бўлган катта кесакка қоқилиб йиқилдию, ўзига келди.
— Ие, Алибек, шу ердамисан. Мен сени қачонлардан бери излаяпман.

Алибек қараса, қошида бригадир - Нурали ака турипти. Жиноят устида қўлга тушгандай , лол бўлиб қолди. Шалвираганча бригадирга эргашди. Қатордан карта оралиғига чиқаётганда қайрилиб қараб, баланд токнинг панасидан ўзига меҳр билан тикилиб турган Зулфиянинг нигоҳини илғади.

«Ажойиб! Зўр!» – неча марталаб такрорлан фикрларини яна такрорлади, мастдай гандираклаб бораркан. Аслида ҳам маст, хаёли жойида эмасди унинг. – «Фаришта! Менинг фариштам!» – Алибек тамшаниб қўйди.

Eнди аввалги бетутутуқ ўйлари қолиб, Алибек бутунлай бошқа одамга айланиб улгурганди. Карта оралиғининг қаерида бўлмасин, Зулфиянинг сават тўла узум кўтариб чиқишини пойлайди. У ҳам тез-тез чиқар, сўнг қайтиб кетишга шошилмас, яшикни бемалол олиб, билмаган кишидек, атрофдан нигоҳи билан Алибекни излар, нигоҳлар тўқнашса, бир-бирига оташли,чексиз, чегарасиз, бахтга тўлиқ табассум ҳадя қилардию, саватларини билакларига илганча, узумзор орасига чопқиллаб кириб кетарди.

Ўша куни Алибекнинг ҳеч бир оила аъзосига иш куни ёзилмади. Зулфиянинг тергани табелга икки баравар ошиб, беш кун якунига кўра «сотсиалистик мусобақа ғолиби» га айланди. Студент қизлар ҳам ёрдамга келишди, лекин Алибек ҳозирча уларнинг ёнига боргани йўқ. Умуман, бориш хаёлига келмай қолган. Истамайди...Вассалом!