OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбулқосим Мамарасулов
Асар номиЖарима (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абулқосим Мамарасулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм54KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жарима (ҳикоя)
Абулқосим Мамарасулов

Муқаддима

Маматнинг тепа сочи тик бўлиб кетди. Наҳотки одам қуриб қолгандай, келиб-келиб, уларга Банот кўр қўшни бўлса?! Бир қориндан талашиб тушган акасига ёмонлик қилиб, элдан қувилган хотин буларга тинчлик берармиди?

Банотнинг акаси бултур тўй қиламан, деб қаттиқ йиғинди. Чавандозлар кўпкарига бир-икки кун олдин оти билан келишади-ку, шуни ҳисобга олиб, отлар учун озроқ арпа ғамлаган экан. Қурғурни қаёқдан олган – у билади, худо билади. Тўй куни Банот атай раёндан милитсионерни бошлаб келиб, уни «тутиб» берипти. Тўй азага айланди. Акаси қулоғини ушлаб кетди. Банот эса, мана … юрипти. Юргани майлия, одам қуригандай, келиб-келиб, энди Маматларга девор-дармиён қўшни бўлмоқчи! Раҳима холанинг ҳовлисини сотиб олмоқчи?! Гап шундаки, Раҳима хола бола-чақаси билан ота юртига кўчиб кетяпти. Бу ерда бир эмас, иккита ҳовлиси бор. Сотамиз, деб овоза қилишганига ҳам икки ойдан ошди. Арзонга булар кўнмайди, қимматга – талабгорлар. Раҳима хола уйни сотармиш, деган гап Банот кўрнинг ҳам қулоғига етипти. Эрини олдига солиб, бугун эрталаб Раҳима холаникига келибди. Шуни эшитиб, ҳамма ваҳимага тушиб ўтирибди.
— Банот кўр ҳамсоя бўлса, кўчиб кетиб тинчиймиз-ов, - деди ҳатто Маматнинг хотини.
— Нафасингни иссиқроқ қил-е! Эл бор, юрт бор, қолаверса, бригадир бор, ўйлаб, бир чорасини топишар ахир…
— Иқбол опаям хафа. Раҳима холага: «уйингни Банотга сотсанг – қарғайман. Борган жойида ёлчимасин, олган пули буюрмасин, дейман», деди.
— Раҳима холачи?
— Унда ўзинг ол. Ўзинг олмайсан, бошқага сотгани қўймайсан, қанақа одамсан ўзи, деди. Бир ҳовлисини тўққиз мингга савдо қилипти.
— Тўққиз минг? – Мамат ўрнидан туриб кетди. – Чолдеворга-я? Банот кўрнинг эси жойидами ўзи? Ё пулни ердан шипириб олиптими?
— Пулнинг зўри билан олмаса, ким унга уй сотарди. Раҳима холага пул керак эмиш, янги уй қурамиз деб анча қарз бўлипти. Энди Банот кўр кўчиб келса…

Маматнинг хаёлига бир фикр келиб қолди. У хотинини овутди-да, ташқарига чиқиб, отига минди. Бир талай қўшнилар кўчада уй савдосини муҳокама қилиб туришган экан.
— Оҳо! Жамоа жам-ку! Мунча? – сўраган киши бўлди Мамат, отиниг жиловини тортиб. – Азага йиғилгандай бўлиб турибсизлар. Жон ҳовучлаб… Кўчиб келавермайди, э қизини…
— Кетидан сўкишни биз ҳам биламиз, - деди Усмон.
— Банот кўрдан, ўзи, нега қўрқасизлар? Кимки ўғри бўлса, ўша қўрқсин, - деди Мамат, Усмонга қарамасдан.
— Қўрқадиган бир биз эмасдир, - деди Усмон ранги ўзгариб. – Нима қиласиз шунақа гапларни чувалатиб.
— Нима дейин бўлмаса?
— Кўрни яқин йўлатмаслик керак.
— Қўлингиздан келса – йўлатманг! Бригадирга боринг, айтинг! – деди Мамат чўрт кесиб ва жиловни силтади.

1

Мамат илгари узумчилик бригадасида ишларди. Қаттиқ касалга чалиниб, узоқ даволандию, оғир ишга ярамай қолди. Икки йилдан бери совхознинг бедазорига қоровул. Отда ҳам куни бир айланиб чиқса – бас. Совхознинг энг чеккаси – шу бедазор. Банотнинг томорқасига туташ. Банотнинг бир қўра қўйи бор. Қачон қарама, болалари бедазор атрофида боқиб юришади. Бир куни қўйлар безадорга тушган экан, Мамат ўзини босиб, танбеҳ берди. Банот ёмон. Ўрмон хўжалиги қоровули Самадбойнинг капасини куйдирди…

Яхши бўлмади ўшандаю Самадбойдан ҳам озроқ… ўтди-да, ўзи. Э-е, бу Банот!! Ўшанда Самадбой иккови сояни олиб, ўтган-кетгандан ҳангома қилиб ўтиришган эди, бир маҳал… Асли Самадбойнинг ҳам айби йўқ эмас… Янтоқзорда қўйларини боқиб юрган Банотнинг эрини кўриб, бехосият, деди. Мамат гап қўшмади.
— Ҳеч қўлга тушмади-да.
— Ҳмм!?
— Тунов куни бостирмага керак бўп қолди-да. Қўлинг теккандан кейин оғзинг ҳам тегади-да, тўғрими?.. Кесиб опкетаётсам, эр-хотин… Банот кўр – бош, «ўғри», деб ёқамдан олгудай бўлди-ёв.Ўргилдим сендақа тўғрилардан. Ҳап, сеними, шошмай тур, деб…

Шу чоғ қўйлардан бири нимадандир ҳуркдими, тисарилди, кейин бурилиб, ирғишлаганча дарахтзорга кириб кетди. Самадбой ўмганини кўтарди:
— Ҳў-ўй, Саъдулла ака! – деди ўдағайлаб, - қўйларингизга қарасангиз ўласизми?

Қўйларини дарров қайтарган Саъдулла ака бу гап ёқмади.
— Нима демоқчисан? – деди тап тортмай.
— «Нима демоқчисан?» дейди-я! Қўйни эплаган боқади-да.
— Қўйим давлатга сенчалик зиён етказгани йўқ..
— Нима, нима? – Самадбойнинг юзлари қорайиб кетди. Қўллари титраб ўрнидан турди-да, Маматнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, ета бир мушт уриб, Саъдулла акани қулатди. Мамат пича тайсаллаб турди. Қараса, иш чатоқ. Бориб ўртага тушди. Саъдулла акани турғизиб қўйган бўлди.
— Ифлос, муттаҳам! – Саъдулла ака тупуриниб, қоқинди. – Ўғри!
— Нима дединг? Ўзинг кимсан? Авлиёмисан? Ҳе, сендақа авлиёнинг… - Самадбой бир силтаниб, Маматни четга сурдию, яна Саъдулла акага ташланди. Ерга ётқизиб, тепа кетди. Мамат яна орага тушди, яна уларни ажратди, яна Саъдулла акани турғизиб қўйган бўлди. Кийимларига илашган хас-хашакни қоқишга ҳам ҳоли келмай, ҳиқиллаб кетаётган Саъдулла акага ачинарини ҳам, ачинмасини ҳам билмасди. Ҳар қалай у Банотнинг эри эди… Банот эса…
— Касофат! Энағар!… - Самадбой сўкинди.

Мамат ҳушёр тортди. Эсим борида этакни йиғиштириб, жўнаб қолай деб турганди, Самадбой уни туртди. Ғалати қараганча: «Оқ туя кўрдингизми?» деди. Шу чоғ бало-қазодай бўлиб, Банот кўр етиб келди. У шанғиллаб оламни бузар, деб чўчиганди Мамат. Йўқ, Банот бундай қилмади.
— Кўзларингни ўйиб оламан! – деди икки бармоғини Самадбойга нуқтаб. – Қўлларингни синдираман.
— Э, ҳовлиқма! Давлат бу дарахтларни сенинг қўйларинг учун эккан эмас. Ҳали жавоб берасан! Тўлайсан!
— Қайси дарахтингни еди? Қани кўрсат-чи менга.
— Мен сенга атчўт бермайман. Тегишли жойда кўрсатаман. Тушундингми?
— Кўрсатолмайсан. Ўзинг қип-қизил ўғрисан! Нимани кўрсатасан? …Ие! Сиз ҳам шу ердамисиз? – деди Банот Маматни энди кўриб. Бу-ку, майли, «сен»дан чиқан, сизга нима жин урди? Ҳай, қўй, дейишнинг ўрнига…
— Опа, мен…
— Опа деманг. Сиздан ҳам кўнглим қолди. Одам деган шундай бўладими? Бу-ку, қип-қизил…
— Э, опа, сиз олдин нима гаплигини билинг. Ўртага тушган айбдорми?
— Нима гаплигини жуда яхши биламан. Ҳаммангни тилинг бир. Сенларга қолса…
— Ҳў-ўв! Ҳў-ўй, манжалақи! Кетасанми, ё бир уриб, ерга киргизиб юборайми? – Самадбой яна ўдағайлади.
— Кетмайман! Ур! Ана ур! Зўрмисан? Ур! Ҳа-а, уриб бўпсан! Қўрқасан! Қўрқмай кўр-чи! Шошмай тур. Бола-чақангни ўйлаб, ичимга ютиб юрувдим. Сениям эсингни киргизиб қўядиганлар бор!

Банот йўл бўйи жавраб кетди. Сўнг Мамат эшитдики, эрини касалхонага ётқизипти… Охири Самадбой қамалдию Маматнинг ҳам унга қўшилиб кетишига сал қолди. «Мен бор-йўғи уларни ажратгандим», деб зўрға қутулди.

Бедазорга етиб келганича ҳар нарсани ўйлайверганиданми, боши қизиб, Мамат ҳолсизланди. Отдан тушиб, ёнбошлади. Пича кўзи илинган экан, тапир-тупурдан уйғониб кетди. Қараса, бир қўра қўй шундоқ бедазорнинг уватида… Боши қотди: нима қилса экан? Ўзи, Банот кўр… Хотини «кўчиб тинчиймиз-ов», дедими? Саъдулла ака-ку, ёмон одам эмас, а, бари бир хотинининг йўриғига юради-да. Банот кўрни қишлоқнинг тенг ярми хушламаяпти… Тинчинг бўлмайди кейин… Ҳадиксираб яшашдан ёмони борми? Нима қилса экан-а!? Қўйлар бедазорга ёпирила бошлашди. Эгаси қани бунинг? Мамат ирғиб ўрнидан турди-да, отига минди-да, қўйларни олдига солиб ҳайдади. Бўлса-да, Банотнинг қўйлари чиқар. Қилаётган иши Маматнинг ўзига ёқмади, аммо… нима бўлса бўлар, .. ҳайдайверди. Анча жойга боргандан кейин ўгирилиб кўрдики, ўн-ўн икки яшар бола кетидан югуриб келяпти. – Банотнинг ўғли. Бўғилиб, қилт этиб, ютинди. Бир хаёл қўйларни бериб юбормоқчи бўлди. Яна… Банотни юраколди қилгани маъқул. Қўрқса, оч қорним, тинч қулоғим, деб иссиқ жойини совутмайди. Раҳима холанинг ҳовлисини олмайди. Қолаверса…

Мамат отини тўхтатди. Яқинлашган бола ҳам Маматнинг қўлидаги қамчиндан кўз узмай, ҳиқиллаганча тўхтади.
— Ҳа, жўра! – деди Мамат, унинг кенг манглайига қараганча, - қўйлар сеникими?

Бола мўлтайиб, ҳа, деганча, бош ирғади. Кейин ерга қараб, кўзларини билаги билан тўсганча, ҳўнграб юборди. Яна бир нима бўғзига тиқилди.
— Қарасанг бўлмайдими қўйларингга?

Бола умидвор ёшли кўзларини унга тикдию Бу қараш Маматга Банотни эслатди. Дийдаси тош қотди. Хотини, «кўчиб тинчиймиз-ов» дедими? Қўшнилар ҳам?..
— Бориб энангга айт. Қўйлар бедапояга тушган эди, Мамат ака ҳайдаб кетди, де.

Мамат қўйларни ҳайдадию Боланинг йиғисини эшитса-да, қайрилиб ортига қарамади. Тишини тишига босиб, йўлида кетаверди. Чайла ёнидаги қўтонча кўпдан бери бўш. Мамат қўйларни қўтончага қамади-да, чайлага кирди. Бахтига бригадирнинг ўзи ҳам шу ерда экан. Яхши бўлди – гувоҳликка ўтади.
— Ҳа, Мамат ака! Ишлар бошқачами бугун?
— Э, қўяверинг, бугун бир иш қиламиз, қоғоз-қалам борми?
— Топамиз. Нимайди?
— Акт тузишни биласизми?
— Ийя, ийя, янгилик-ку! Нимага акт ёзамиз?!
— Банот кўрнинг қўйларини ҳайдаб келдим. Бир қўрқитиб қўймасак, бўлмайдиганга ўхшайди…

2

Банот Раҳима холаникидан кўнгли анча таскин топиб чиқди. Ҳовли савдоси пишиб қолаёзган эди.

Eлдан четда яшаб, тўғриси, Банотнинг бўладигани бўлди. Бу овлоқ жойда қўни-қўшни йўқ ҳисоб. Сувни ҳам қудуқдан олишади. Яқин атрофда на бир дўкон, ва на бир қишлоқ бор. Нафсиламбирини айтганда, бу ер мол боқишга қулай. Лекин гап бунда эмас. Одамнинг тафтини одам оларкан. У ҳам элга элакишсам, бировнинг оғирини енгил қилсам, дардимга малҳам қўшниларим бўлса, дейди. Шунинг учун ҳам Раҳима холанинг уйига талабгор бўлди. Шунинг учун ҳам…

Банот уйнинг дарагини уч кун бурун раёндан қайтаётиб, автобусда эшитди. Айтишларича, бир-иккита ҳовли сотилаётган эмиш. Унинг юраги ҳаприқдию Нима бўлганда ҳам биттасини олиш керак. Катта ўғли Самарқандда техникумни битиряпти. Раёнда ишлайман, дейди. Ўша ёққа кўчишса, унга ҳам қулай бўлади: хоҳласа, автобусда, автобус бўлмай қолса, хоҳласа, пиёда бориб келаверса ҳам бўладиган жой. Уч чақирим нима деган масофа ахир!? Раён марказигача-да!

Аммо Банот эшитдики, Раҳима хола тезоб, таъбига ёқмаса, харидорга терс гапириб, қайтариб юборармиш. Шу боис у Раҳима холаникига чўчинқираб қадам босди.
— Ҳовли сотармишсиз, деб эшитдик, - дея гап бошлади Саъдулла ака, дастурхон ёзилиб, бир пиёладан чой ичилгач. – Агар савдомиз тўғри келса, ҳовлингизнинг бирини олсак, деган ниятимиз бор эди.

Биргалашиб иккала ҳовлини ҳам кўриб чиқишди. Нариги уй-жой анча кўримсиз, одам яшамаётгани учунми, ўт босган эдию Бундан ташқари автобусдаги хотинларнинг гапига қараганда йигирма йил олдин бир одам шу ҳовлида тентак бўлиб қолиб, кўчиб кетган экан. Кейингиси ўн беш йил яшаб, бефарзанд бўлиб, охири касалга чалиниб, буниси ҳам кўчиб кетибди. Раҳима хола номига ўғли учун сотиб олса-да, ўша катта ўғли шу ҳовлида яшаб, шу ҳовлидан ота юртига кўчиб кетибди. Шу ҳовли… ҳақиқатан ҳам пешайвонли, томорқаси ҳам ҳийлагина, молхонаю, қўйлар учун қурилган қўраси бор. Ошхона-омбори мустаҳкам. Чорбоғдаги мевали дарахтлар ҳам анчагина…
— Мана шу ҳовлига нарх айтинг, - деди Саъдулла ака, Банот билан маслаҳатлашиб олгандан кейин.

Раҳима хола Самарқандда ўқийдиган, бугун қандайдир сабаб билан уйга келиб қолган ўртанча ўғли – Воҳидга қаради.
— Бу ҳовли ҳозирча тура туради, - деди Воҳид, - аввал акамникини сотамиз.
— Нега?
— Энди… майда-чуйда кўч-кўронлар шу уйда. Биз сотсак, эртага ҳовлини бўшат, дейсизлар. Майда-чуйдани бу ҳовлидан у ҳовлига ташиш керак. Сизларга шу ҳовли яхши кўриняпти-да, а? Аслида униси яхши. Уй – янги, пойдевори мустаҳқам. Сизлар, хоналари кўп, айвони бор, молхонаси катта, деб бунга қизиқяпсизлар, аслида…

Sa’dulla aka Banotga qaradi.  -  Vohidning gapida jon bordek tuyuldi. Banot bari bir fikridan qaytmadi. Egasi maqtagan moldan qoch. Qimmat boʻlsa, shunisi ma’qul, egasi yolchimagan uydan uzoqroq turgan ma’qul.

— Энди ўзларингиз биласизлар, - деди Раҳима хола, - лекин бу ҳовли ўн мингдан камига сотилмайди.
— Ўн минг бўлар, етти минг бўлар, савдони қочирманг, - деди Банот қувониб, чунки Воҳиднинг гапидан кейин бир оз ташвишланиб қолган эди.
— Сизлар фойдаларингизни билмаяпсизлар-да, - деди Воҳид. – Тўғри, нариги ҳовлимиз ҳақида ҳар хил гаплар чиққан. Қолаверса, акам беш йил ўша ҳовлида яшади, учта фарзанд кўрди. Кўчиб кетаётганда ҳам қишлоқнинг ярми тўпланиб, оқ йўл тилаб қолди. Ҳар ким ҳар нарса деяверади-да.
— Энди-и, - дея чўзиб гап бошлади Саъдулла ака, - бизниям сизга ўхшаган устудент ўғлимиз бор. Ўшани уйлантириб, шу ҳовлига киритсак деймиз. У раёнда ишламоқчи. Бу ердан қатнаш қулай. Уйни савдо қилган билан ҳали-бери кўчиб келмаймиз. Майли, қанча яшасанглар яшайверинглар, розимиз. Фақат гапни пишитиб қўяйлик. Пулиниям пичасини олинг. Қачон нариги ҳовлини сотиб, кўчиб кетадиган бўлсаларингиз хабар қиласизлар, биз етиб келиб эгалик қиламиз. Сизлар кўчиб чиқиб кетаверасизлар.

Воҳид кулимсиради:
— Ҳозир биз пулни олсак, орадан уч кун ўтмай, чиқ менинг ҳовлимдан деб келсангиз… Қўйинг… бу ҳовли ҳали сотилмайди.
— Ундай деманг, ука, - деди Банот, уйдан қуруқ қолаётгандай шошиб, кейин Раҳима холага ўгирилди. – Дугона, сиз айтинг, ўғлингизга айтинг ахир, сал шаштидан тушсин. Энди, ҳар ким таъби тортган овқатни ейди. Бизга шу ҳовли маъқул. Етти минг бўлмаса, саккиз мингга берарсизлар?
— Аввало сотилмайди. Сотилса, нархи – ўн минг! Бир тийин кам эмас! – деди Воҳид қатъий.
— Оббо укам-ей! Дугонам харидорларни яқин йўлатмаётган эмиш, деб эшитиб, роса қўрқиб келгандим. Сизни кўриб хурсанд бўлиб ўтиргандим, сиз онангиздан ҳам ўтказиб юборар экансиз.

Улар кулишди.
— Мен гапнинг пўскалласини айтяпман. Нариги ҳовли қачон сотилишини билмаймиз. Бир йил, балки икки йил туриб қолар. Шунча вақт кутмайсизлар-ку, тўғрими?
— Майли, майли, биз ҳали-бери келмоқчи эмасмиз. Саккиз минг деганминан шунча пулимиз йўқ ҳозир. Савдоси пишса, бас, кейин йиғинамиз. Энди,.. ҳозирча, минг сўмми, бир ярим мингми, бериб қўяйлик. – Саъдулла ака қўйнига қўл тиқди.
— Қўйинг, ака, қўйинг, пулингизни чиқарманг.
— Ҳай, бўлмаса, саккиз мингга розимисиз? Шунга барака қилайлик, қўлингизни беринг, ука!
— Ие! Қўйсангизчи, нима, барака олиб, бизни қасамга таямоқчимисиз?
— Майли, - деди Саъдулла ака қўйнидан қўлини олиб, - шартларингизга розимиз. Фақат шу ҳовлини сизларга берамиз, деб бизни ишонтиринг.

Воҳид онасига қаради.
— Дугона, ўғлингизга айтсангизчи. Бир нима денг ахир! – дея Банот тилга кирди. – Бизлар ҳам бир орзуманда одам. Шу ҳовлида бола-чақамиз яшасин, барака топсин, деб яхши ниятда келганмиз. Бошқалар берадиган пулни биз ҳам берамиз, кўпроқ ҳам берамиз. Тўққизга кўнасизларми?
— Она, бу уйда ким турса ҳам бизга бари бир эмасми? – деди Воҳид. – Бу кишилар шундай яхши ният қилиб… Лекин айтиб қўяй, то кўчиб кетгунимизча индамай турасизлар. Гап пулда эмас-у… Умуман, шу уйни олаётганларингизни ҳеч ким билмагани маъқул. Тўғрисини айтсам, қўни-қўшнилардан битта-яримта гап қочяпти. Боя Усмон ака чиқиб… Ҳай, майли, шу гапда… акангиз билан ораларингизда қандайдир гап ўтган экан-ку!..

Eру-хотин ерга қараб қолишди. Орага ноқулай жимлик чўкди.
— Нима ҳам дердик, эл ичида бир марта ёмонотлиқ бўлганмиз, - деди Банот жимликни бузиб, - майли, сиз айтганча бўла қолсин…

Улар кетаётиб, кўчада Усмонга рўпара келишди.
— Ҳал бўлдими? – талмовсираб сўради Усмон.
— Йўқ, келишолмадик, - деди Саъдулла ака.
— Бари бир шу уйни оламиз! – деди Банот, унга синовчан тикилиб.

Усмонннинг юзи беўхшов қийшайиб кетди, мўйлови асабий қимирлади, бежо кўзларини олиб қочди.
— Қанча дейди?
— Ўн минг!
— Ўн минг?! Шу гувалагами? Яхшиси сизлар Товбой аканинг уйини олингизлар. Шипирланган, пойдевориям зўр.

Товбой аканинг уйи ҳам Раҳима холанинг иккинчи ҳовлисига ўхшаб, лаънат тамғаси босилган, икки оила ёлчимаган, шунинг учун энди арзон бўлса-да, бирон киши олишга журъат этмаётган ҳовли эди.
— Бизга шу уй ёқади, - деди Банот, Усмонга тик боқиб. – Юз минг бўлсаям шу ҳовлини оламиз. Кўнглингиз қандай?

Улар йўлда давом этишди.

Воҳиднинг гапида жон бор шекилли. Усмон… Қаёқдан эшитди экан булар? Банот уй оламиз, деб бировга чурқ этгани йўқ. Эрининг-ку, оғзи маҳкам. Шайтоннинг ишими бу? – бутун Барлосда шу гап. Ишқилиб, бир ёмонотлиққа чиқма. Эл оғзига номинг тушмасин экан. Асли Банотда нима айб? Рост, акаси унинг дастидан қамалди. Лекин… аслида-ку, Банот қаматмоқчи эмасди. Шундай бўлиб чиқишини туш кўриптими? Милитсионерлар бир тоннача арпа топишди, кейин бошқа айблари ҳам очилиб…

Акаси дала бригадир эди. Совхознинг неча минг гектарлик лалми еридан ўрилган буғдой, арпа, сомон унинг қўлидан ўтарди. Тўйга тайёргарлик кўриб, кимлардан маслаҳат сўрамади, лекин: мана шу синглимдир-ов, шунда ҳам кўнгил бордир-ов, деб кўр бўлса-да, Банотни йўқламади. Шунақа иш қиляпмиз, сингил, нима дейсан, демади. Албатта, Банот тоғни ағдариб келолмасдию, ҳар қалай, кўнгил-да. Нуқул етти ёт бегоналар, машина минганларни чақирди. Мунда-ай, узоқроқда турса ҳам бошқа гап эди. Кўз кўрмайди, қулоқ эшитмайди, хотиржам юрасан. Ахир ёнма-ён яшаб… Банот истаса-истамаса, акасиникига ким киряпти, ким чиқяпти, кўриб-билиб туради. Бу ҳам камдек, биттасига: синглимнинг ҳам, куёвимнинг ҳам тайини йўқ, бир дастурхон атрофида ўтиргинг келмайди уларминан, депти. Ана шу гап баридан ошиб тушди. Ҳатто тўй куниям бир оғиз йўқлатмади. Фақат тўйхабарчи эл қатори, «фалончиникига тўйга», деб ўтиб кетди. Ўғли, ботинкам йиртиқ, тўйга қандай бораман, деб хархаша қилди. Эри бояқиш, дили оғридими, мунғайиб уйга кириб кетди. Ноғоранинг така-туми… Созанда ноғорани эмас, унинг миясини чалаётгандай… Банот дунёга келгандан бери бунчалик хўрлик кўрмаган эди. Шарттта тўйхонага кириб борди-да, акасининг енгидан тортди.
— Нима керак сенга? – деди акаси энсаси қотиб, сўнг қўлини жеркиб тортиб олдию

Банот кўр ёниб, ловуллаб кетди. Акам, ҳеч бўлмаса, кўнгил учун, «қаёқда юрибсан, бу ёққа ўт», дейди деб умид қилган эди. Йўқ, ундай бўлмади.
— Тўйингизни бузаман! – деди Банот, бутун қаҳрини ягона соғ кўзига жамлаб.
— Бор, бор, кўп шақилламан! Ишқилиб, бир ёмонлик қилмасаларинг туролмайсанларми?
— Туролмайман! Ёмонлик қиламан! – деди Банот депсиниб. – Бизлар ҳам одам эдик, синглингизман! Бировларга ўхшаб ҳаром-ҳаришдан…
— Ҳўй, менга қара, нима демоқчисан ўзи? Йигирма йилдан бери ҳоли-жонимга қўймайсан! Синглим бўлганингдан ор қиламан. Энди бир каминг тўй бузиш қолувди. Бор, билган п…ни е!
— Буниси менинг ишим! – деди Банот.

Кейин… Ўзи шунақа: Банот аччиғи чиқса, ҳеч балодан қайтмайди. Жаҳл устида кўп ишларни қилиб юборади. Бунинг оқибатини, аччиғи тарқаса пушаймон ейишини сезиб турса-да, бари бир, қилади. Бир томондан одамлар ҳам… диндан чиқариб юборадиган муомала қилади-да. «Ҳап, сеними?!», дейдиган даражага олиб боради. Мана, Усмон ҳам қўли эгри, тағин… Банот ҳам бошқалардай ҳеч нарсани кўрмагандай тинч яшашга кўп уринди, бўлмади…

3

Eру-хотин уйда ўтириб, энди нима қиламиз, шунча пулни қаёқдан топамиз, деб хомчўт қилиб ўтиришганда ўғиллари ҳиқиллаб келиб қолди. Нима эмиш, Мамат қоровул қўйларни ҳайдаб кетган эмиш.
— Ҳе-е, одам бўлмай кет-е! – Банотнинг аччиғи чиқди. – Нега ҳайдаб кетади? Онасининг маҳрига тушган эканми? Ҳайдаб кетса, индамай қараб туравердингми, эшшак! Ҳў, оғзингдан қонинг келгур! Ўчинр овозингни!

Бола йиғидан таққа тўхтади. Бурнини тортиб, кўзларини ишқалади.
— Қаерда боқаётган эдинг? Ё бедапояга тушдими? Тўғрисини айт, алдама!

Бола индамади.
— Гапирсанг-чи, ер юткур! Тилинг узилиб тушиб қолмагандир?! Бедапояга тушганмиди?

Бола йўқ, деган маънода бош чайқадию, яна ҳўнграб юборди. Банот бир нимани англагандай, бечораваш, ўйланиб қолди. Мамат икки йилдан бери бедазорга қоровул. Бирон марта сан-манга борганлари йўқ. Шундай одам билан ҳамсоя бўларканмиз, деб Банот хурсанд бўлганди. Энди…

Мол аччиғи – жон аччиғи. Банот эрини қийин-қистовга олиб, Маматнинг олдига жўнатди. Жўнатдию, кейин пушаймон қилди. Ўзи бориши керак эди. Мамат билан яхшилаб гаплашиб қўярди. Нега бундай қилади, а? Банот ўзини қўярга жой тополмай, ҳовлига чиқди, яна уйга кирди. Ўғлидан: «бедапояга тушганмиди, йўқми?», дея қайта-қайта сўради. Жавобини эшитишга сабри етмай, шошилиб, кўчага чиқди, яна…

Ниҳоят эри шалпайиб қайтиб келди.
— Қўйлар қани?! Давлатга топшириб юбориптими? – сўради Банот ўдағайлаб. Ўзи, бу лапашанг эрининг қўлидан бир иш келмаслигини яхши биларди. Шунинг учун юборганидан пушаймон еди.
— Қўйларинг юз сўмлик бедани еб қўйди. Ё жарима тўлайсан, ё қўйларингни давлатга топшириб юбораман, деди.
— Юз сў-ўм! Ўнта қўй юз сўмлик беда ептими? Юз сўмга беда олсам, уч ой қиш едираман-ку!

- Akt ham tuzipti, menga qoʻl qoʻying, dedi, qoʻymadim…

«Акт»ни эшитиб, Банотнинг дами ичига тушди. Сўнг яна аччиғи чиқди. Мамат ҳали Банотнинг ноғорасига ўйнамапти. Ҳозир раёнга бориб, битта милитсионерни бошлаб келади-да, ҳу, яккатутнинг тагида пойлаб туришади. Ўзи, ўз оёғи билан… Банот рўмолини бошига ташлаб, раёнга кетдим, деб кўчага отланганди, эри тўхтатди:
— Шошмасанг-чи, пишириб қўйиптими у ёқда? Мамат штарапни бир соатда опкелсангиз опкелдингиз, бўлмаса, қўйлардан умидингизни узинг, штрап ўрнига топшириб юбораман, деди.
— Мен ҳам Маматни давлатга топшираман. Би-ир ўтириб чиқсин, эси жойига тушади. Самадбойга қўшилиб кесилаётган эди, аслида бекор гуноҳидан ўтган экан-да. Ҳу, уйгинанг куйгур!
— Ў-ўв, гапга тушунмаган, қўйларинг давлат ҳисобига ўтиб кетади, деяпман. Кейин Раҳима холанинг ҳовлисидан ҳам айрилиб қоласан. Сен бўлса… Яхшими, ёмонми, эртага Маматга ҳамсоя бўлсак… Униям бола-чақаси бор. Кўз кўзга тушади. Ҳадеб раёнга бораман, дейсан. Сен каллани ишлат. Маматга бас келолмайсан: қўлида қоғози бор. Бригадир, яна битта ишчи, уч киши қўл қўйган. «Мен давлатнинг одамиман, давлатнинг бедасини қўриқлаяпман», деди Мамат. Ҳар ерда унинг гапи ўтади.

Банот иккиланиб туриб қолди. Сўнг:
— Бедапояга тушгани ростми ўзи? – дея ўсмоқчилади.
— Муни бориб Маматдан сўра. Учта одам бекорга буйтмаётгандир ахир!
— Ҳу қирилиб кетгур! – Банот ғазабини бир чеккада мунғайиб ўтирган ўғлига сочди. – Мамат қўйларнинг ўрнига сени қўрага қамамайдими, сени давлатга топшириб юбормайдими? Юз сўм тугул, биров бир сўмга олмайди сени! Қирғининг келсин! Қирғинларинг келсин-а!

Бола йиғлади. Саъдулла ака ўртага тушди:
— Қў-ўй, бўлари бўлди! Энди бу ёғини ўйлайлик. Хў-ўш, нима қиламиз?
— Манови оғзингдан қонинг келгур берсин юз сўмни! Менинг ортиқча пулим йўқ. Бедапояга тушгани ростми? Ўла, қирилиб кетгур! – Банот яна ўғлига ёпишди. – Бир тийинлик нафи тегмайди, юз сўмлаб зиён етказади. Қўйларни оралатиб юборган бўлсанг керак. Мамат бекорга буйтмайди. Сиз ҳам ландавурсиз! – Банот эрига ўгирилди. – Тушунтирмадингизми? Бир марта кечир, демадингизми? Ўзим бориб гплашаман Мамат билан! Шошмай турсин! Айтганим – айтган, деб ўйлаган-да! Қўйларни топшириб кўрсин. Бунда-ай, отининг юганига тармашмайсанми? Ака, қўйинг, бир марта кечиринг, демайсанми? Ҳе ўл-а!!!
— Бақириб бўлдингми? Пулни олиб чиқ.
— Қанча?
— Олиб чиқ, озроқ… Ишқилиб, Мамат кўнадиган бўлсин. Бари бир юз сўм бермаймиз-ку.

Банот ичкарига кириб, сандиқни очди-да, саксон сўм олди. Шу заҳоти ўн сўмни қайтариб жойига қўйди: «Мамат бу пулни еганга п…мни есин!» Етмиш сўм! Банот яна ўн сўмни сандиққа қайтарди: «Мамат шу ёғини есаям оғзи-бурни тўлиб кетади!» Қўлидаги олтмиш сўм ҳам кўп эди: «Бу пулни Мамат ўлсаям давлатга топширмайди: «Ҳаромхўр!» Бермайин деса, актнинг кучини яхши билади. Ўшанда кўрган: «Самадбой урганда эри бир кечаю-кундуз қон тупуриб ётган. Охири духтурхонага олиб боришди. Самадбой ували-жували, болалари чирқираб қолмасин, деб эри даъвоси йўқлигини айтибди. Лекин духтур: «Ким у, совет замонида бировни урадиган зўравон?», деб шартта акт ёзиб ташлаптию… Мамат ҳам ўшанда оёғидан илинган эдию… Ҳў, қон қусгур!

Банот пулни кўкрагига босиб, эшикка йўналди. Назарида яна ўн сўм ортиқчадай: «Нима қипти? Эллик сўм ҳам Маматни тешиб чиқади? Ўлмайди! Шуни ҳам тинч-омон бола-чақасига едириб кўрсин-чи!» Банот яна ўн сўмни сандиққа қайтарди.

4

— Сиз ҳам бопладингиз, - деди бригадир қотиб-қотиб куларкан. – Юз сўм-а! Бало экансиз! Яна, директорга ўхшаб, дўқ урганингиз ортиқча! Сизни ювош одам деб юрсам… э, яшанг-е! Банот кўрнинг эрини қўрқитдингиз-а.
— Э, ука, керак бўлса, ювошнинг йўғони чиқади. Томошани энди кўрасиз. Ҳали замон Банот кўр ҳалпиллаб келиб қолади.
— Келса, қочиб кетмайсизми?
— Йўқ. Қочмайман. Бугун у билан би-ир-р ташлашайин.
— Банот кўр юз сўм беради, деб ўйлайсизми?
— Э, менга бир тийиниям керак эмас. Пулини бошимга ураманми? Бугун уни маралний эзишим керак. Гап шунда.
— Қўлингиздан келмайди-ёв.
— Бу нима? – Мамат «акт»ни пеш қилди. – Биз қоровулмиз, ҳаққимиз бор. Энди сиз ҳам оғзингизга талқон солмай, онда сонда гапни қувватлаб туринг-да.

Банот ўғли билан эрини етаклаб келганда улар ҳамон чайлада маслаҳатлашиб ўтиришарди. Банот қўтончадаги қўйларни кўрибми, ё бошқа мақсаддами, ювошгина бўлиб, чайланинг четига чўкди.
— Келинг, - деди Мамат пинак бузмай.

Чайлага бир зум ноқулай жимлик чўкди.
— Ҳамсоя бўлиш ниятимиз бор эди, - деди ниҳоят Саъдулла ака, - сизни яхши одам, деб кўп эшитганмиз, ўзимиз ҳам биламиз. Кўз кўзга тушиб турадиююю
— Ҳа-а… - деди Мамат кинояомуз, давом этаверингчи, дегандай.
— Энди-и, тўғри: бизнинг номимиз ёмонотлиққа чиққан. Яхши бўлсак ҳам ёмонмиз, ёмон бўлсак ҳам ёмонмиз. Биздан ўтгандир, ўтмагандир, қўйимиз бедага киргандир, кирмагандир, мана, ўғлимиз билади, сиз биласиз. Бир айбимиздан ўтинг…

Eрининг эзмаланишидан Банотнинг тоқати тоқ бўлди:
— Қўйларни беринг, - деди у Маматга ўқрайиб.

Бу гап Маматнинг нафсониятига тегди. Бир нарса деб юборишига сал қолдию, шайтонга ҳай бериб, ўзини босди:
— Ана, турипти қўйларингиз, олиб кетавермайсизми?

Кинояга киноя билан жавоб қайтаришга Банот ожиз эди. Ожизлигини ҳис этиш ундан-да ёмон. Энг ёмони – Маматнинг қўлида «акт» бор. Қолаверса, эрта-индин… Шуларга суянарман, деб…
— Мар-ҳа-ма-ат! – деди Мамат, сўзининг ҳар бир бўғинига урғу бериб ва қўйнидан буклоғлиқ қоғоз чиқарди. – Мана, шу «акт»ларга қўл қўйинг-да, қўйларингизни олиб кетаверинг. Икки соатдан бери уларни қўриқлаб ўтиравериш жонга тегди.
— Қўйлар бедапояга кирмаган! – деди Банот хезланиб.
— Кирмаган?! Ҳа-а, шундайми? Яна нима демоқчисиз? Тағин қанақа туҳматингиз бор, қўшнижон!? Айтинг! Армон бўлиб қолмасин. Балки давлатнинг бедаси катта энангиздан қолгандир, сизга мерос бўлиб!? Қўлингизда қоғозингиз ҳам бордир, бу бедазорда Банотнинг қўйлари бемалол ўтлаб юравериши мумкин, деган. А?! Бедазор отамдан қолган эмас, индамай кетаверсам. Давлатнинг мулки – бу! Мана бу «акт»га , - Мамат қўлидаги қоғозни силкиди, - қўл қўйсангиз қўйдингиз, қўймасангиз, бош тортди, деб ёзиб, ўзингизни ҳам давлатга топшираман, қўйингизни ҳам.

Eр-хотин бош эгиб қолишди. Орага яна ноқулай жимлик чўкди. Мамат бригадирга қаради, бригадир кўзларини олиб қочди. Мамат томоқ қирди. Ниҳоят бригадирдан садо чиқди:
— Бедани егани-ку, майли-я, - деди у чайналиб, аммо лекин… шундай катта йўлнинг ёқаси, раҳбарлар келиб қолса… яхши эмас. Бу кишигаям қийин, бўйнида жавобгарлиги бор…
— Мана бундан бўлган-да! – Банот туриб-туриб яна ўғлига ёпишди. – Қўйлар бедага кирмади, дегандинг-ку, жувонмарг!

Бола ҳиқиллади.

Бир юк Маматнинг елкасидан шундай босдики, ерга кириб кетаётгандай бўлди.

Банот ўғлини шапатлай бошлади. Бола йиғлаганча, чайладан қочиб чиқди.
— Бўлар иш бўлди, Маматжон ука, - деди Саъдулла ака. – Ҳамма гапингиз тўғри. Мен ўзим яримжон одамман, биласиз. Янгангиз уй ташвишидан ортмайди. Каттамиз техникумни битиряпти. Шу вақтгача зарари тегса тегдики, фойдаси тегмади. Кичкиналарининг қилиб ўтирган иши – мана бу! Ўзингиздан қолар гап йўқ. Биз ҳам яхшилигингизни унутмасмиз. Бир кун қайтарармиз. Сиз айтганча пул тополмадик. Тишимизнинг кавагида асраган қирқ сўм пенсия пули турган экан, янаги ойгача қозон қайнатмасак қайнатмасмиз, болаларнинг ризқидан қийиб, шуни олиб келдик. Мана! Илтимос, шу «акт»ни йиртиб ташланг. Кўп яхшиликларингизни кўрганмиз, яна бир укалик қилинг, Маматвой!

Шу тобда Мамат қаёқдан ҳам Самадбойни, унинг бола-чақасини эслаб қолди. Дийдаси қотди.
— Нега «акт»ни йиртар эканман?!
— Бир гапдан қолинг энди, Маматжон! Йиртиб ташланг шуни, жон ука.
— Йиртиб ташласак, кейин сизнинг қирқ сўмингизни қаёққа қўямиз?
— Майли, қаерга қўйсангиз қўяверинг. Шу қирқ сўм сизники.
— Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? – Бирдан Маматнинг жини тутиб қолди. – Мен пулингизга зор эмасман. Худога шукр, оёқ-қўлим бут. Сиз… сизларга қолса, ҳамма - ўғри, муттаҳам! Битта сизлар – тўғри! Сизлар – ҳалол! Самадбой-ку, майли, туғишган акасини қон қақшатган одам… - бригадирнинг турткиси боис Мамат тилини тишлади.

Бошқа пайт бўлганда эр ҳам, хотин ҳам Маматга нима дейишни яхши билишарди. Оғиз очгани қўйишмай, юммалаб ташлашарди. Лекин ҳозир… иложи борича камроқ чиқимдор бўлиш, Маматнинг жиғига тегмай, қирқ сўм билан масалани ҳал қилиш… Мамат юз сўмнинг барини келтирасан, дея оёқ тирамаётганидан хурсанд бўлишса, пулни олмаётганидан ташвишга тушиб қолишган эди.
— Энди, Маматжон, қўйинг шу гапларни! Манавини олинг-да, бизни…
— Ҳў-ўй, нима деяпсиз ўзи? Пора берганниям қамайди, олганниям. Қонун бор-а, тўғрими, бригадир?
— Ҳм-м.
— Мана, бригадир гувоҳ, қўйларингни ҳам, ўзларингни ҳам, актни ҳам керакли жойга топшираман.

Мамат бунчалик дейишга бормас эди. Боши қотиб қолди. «Акт»ни тузишга туздия, энди нима қилади? Уни йиртиб ташласа, анави пул… пора ҳисобланади, шекиллию Бригадир эса миқ этмайди.
— Майли, «акт»ни йиртманг, - деди Саъдулла ака бўшашиб. – Фақат ўша, «юз» деган жойини ўзгартиб, «қирқ» қилинг. Бизгаям раҳмингиз келсин. Тўғри бўламан, деб тўқмоқ еб юрган одамлармиз. Энди-и, давлатга ўзингиз топшириб қўярсиз. – Саъдулла ака пулни икки қўллаб узатди. – Мана, яна ўн сўмим бор эди, униям қўшай. Эллик сўм бўлди. Олинг энди шуни, Маматвой!
— Тортинг-е! – Мамат жон-пони чиқиб тисарилди. Юзи оқариб кетди. – Бу нима қилганингиз? – деди у лаблари гезариб, - ҳозир…
— Жон, ука, хўп дея қолинг! Яхши кунларингизда қайтарайлик. Болаларингизнинг ҳузурини кўринг. Жон, ука!.. – Саъдулла ака аянчли мўлтайганча, тиззалаб Мамат сари силжиди, узатилган қўлларида эллик сўм пул. – Қўйинг энди, нима ўтса биздан ўтди, бир марта кечиринг… - Кўзларида ёш қалқиди, овози қалтираб кетди.

Мамат тисарила-тисарила чайладан чиқди. Чиқатуриб:
— Бригадир билади, бригадир, - дейишга зўрға куч топди.

Бригадир юзини ўгирганча тутақиб ўтирар, афтидан яхшилик қиладиганга сира ўхшамасди. Ичида эса… Маматни, унга қўшилиб, номаъқулнинг нонини еган… ўзини бўралатиб сўкарди…