OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбулқосим Мамарасулов
Асар номиЙигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абулқосим Мамарасулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя)
Абулқосим Мамарасулов

Мурод беш яшар…

Онаси бешикдагиси билан овора бўлиб қолдию,синглиси иккиси отасига эргашиб, кўчага чиқишди. Кузнинг ёмғирли, зимистон кечаси эди. Отаси ишга жўнаб кетгандан сўнг қоронғида қолишдан чўчиган Мурод:
— Ота, биз уйга кираверайликми? – деб сўради.
— Кираверинглар, - деди отаси, энкайганча велосипедининг қаеринидир созлашга уннаркан.

Ака-сингил чопқиллашиб уйга киришди.
— Отанг кетдими? – сўради онаси, бешикни тебратаркан.
— Ҳа.
— Яхши бориб келинг, дедингми?
— Йўқ.
— Ий-э! Боласи тушмагур! Яхши бориб келинг, демадингми? – Онасининг кўзларида безовталик акс этди.

Ака-сингил бир-бирларига қараб, бош эгишди.
— Ўтинглар, ётинглар қаққайиб турмай! Яхши бориб келинг, дейди-да одам. – Онаси чақалоқнинг йиғисига ҳам қарамай, шошганча ташқарига чиқди. Бир оздан сўнг бўшашиб қайтиб кирди. – Жўнаб кетибди отанг, - деганча, зарда билан бешикни тебратди. – Йиғлайвериб, бало бўлдинг!

Ака-сингил индамай кўрпага кириб кетишди…

Мурод ухлаб қолипти. Турткидан аранг кўзини очди.
— Тур, Муроджон, тур, туринглар, ҳовлига чиқинглар… - дерди онаси йиғили овозда, сўнг уни қучоқлар ва яна йиғлар, титроқ қўллари билан қизининг бошини силар, яна: - Туринглар, чиқинглар, йиғланглар… - дер эди.

Мурод уйқусираб, ҳеч нимага тушунмади. Онаси унга тўн кийдирди, белига белбоғ боғлади. Синглиси икковини етаклаб, айвонга олиб чиқди:
— Отагинангдан айрилиб қопмиз-эй! Отагинангни ўлдириб кетишипти-эй! Нима қиламиз энди, Муроджо-он??!!! Йиғланглар-эй! – онасининг кўзларидан шашқатор ёш оқарди.

Синглиси ёмон бир нарсани сезибми, қўрқибми, ёки онасининг сиқташидан таъсирланибми, баралла йиғлаб юборди. Лекин Мурод миқ этмас, ҳеч вақони англамас, тумшайиб турар эди. Кейинчалик кампирлардан бири:
— Сен бош ўғилсан! Энди укаларингга ота ўрнида отасан, болам! Уларга қара, онангга қанот бўл! – дея дув-дув йиғлаганда ҳам гарангсиши қолмади.

Тонг отди. Одамлар йиғила бошлади. Келган ким, кетган ким. Ҳовли гавжум бўлиб қолди. Мурод кузатиш эрмаги топилганидан хурсанд. Бировлар унинг бошини силайди, катта йигит бўлиб қолибсан-ку, дейди. Бундан кўнгли ўсади. Ҳовлида хотинлар давра олган, ўртадагиси аллага ўхшаш бир нима айтар, теварагидагилар унга жўр бўлишарди. Жуда ғалати эди-да бу ўйин. Тезроқ отаси кела қолсаю, Мурод унга ҳаммасини бирма-бир айтса. Бояги кампирнинг гапига қараганда, отасини духтурхонага олиб кетишганмиш.

Мурод Тоҳир амакисини қуршаган даврага яқинлашди.
— Бошига темир билан қаттиқ урган экан-да, занғар! – деди бурама мўйловли киши бош чайқаб, - бўлмаса, акангиз унча-мунчага бас келадиган одам эмасди. Мелисага хабар бериб улгурганини айтинг… Учта эканми улар?.. Қоровулга ҳужум қилиш… группавой… постда турган одамга… Ўзлариниям оналарини Учқўрғондан кўрсатса кераг-ов?..

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Кимга қарама, афсуслангандек бош чайқайди, холос. Тоҳир амакисиуни кўтариб олди-да, даврадан чиқди. Амакиси ҳар гал ширин конфетлар олиб келарди, шунинг учун Мурод уни яхши кўрарди.
— Бизникида тўй бўляпти-я?!

Амакиси жавоб бермади.
— Ака, отам нега духтурхонага кетди?
— А? Отангми? Ёмғирда ишга жўнатибсизлар-ку! Оқшом совқотиб қолган-да!
— Тўйга келадими?
— Қайси тўйга?
— Мана, тўй бўляпти-ку! Онам қўшиқ айтяпти. Юринг, томоша қиламиз.
— Кейин… кейин…
— Ака, бугун менга кампут опкелмадингизми?
— Конфетми?.. Сен ҳам катта йигит бўлиб қолдинг, Мурод. Қачон мактабга борасан?
— Отам, келаси йил, деган.
— Нечага кирдинг?
— Олтмиш бирга, - деди Мурод сал уялинқираб.
— Ий-я, қариб қолипсан-ку, ука…
— Ака, сизни биров урдими?
— Йўқ.
— Унда нега йиғлаяпсиз?
— Оббо сен-эй! Урган одамни айтсам, уриб берасанми?
— Кучим етмайди-да. Кеча Алибек мениям урди. Йиғловдим, қочиб кетди. Ҳали кўрасан, Тоҳир акамга айтиб бераман, сениям боплайди, дедим.
— Кўзига кўрсатиб қўймадингми ўзинг?
— У мендан катта-да! Ака, сиз Алибекдан зўрсиз-а!? Уни уроласизми?
— Ҳа, адабини бериб қўямиз, шошамай турсин бу Алибек.
— Алибек эса, Тоҳир акангдан қўрқмайман, деди. Кейин отамга айтгандим, бор, ушлаб кел, қулоғидан чўзиб қўяман, деди. Мен чиққанча Алибек қочиб кетибди. Ҳали отам духтурхонадан келсин, Алибекни ушлаб бераман.

Шу орада Тоҳир акасини кимдир чақириб қолди. У Муродни ерга қўйиб, ўша ёққа кетди…

Мурод уйга кирди, ётди. Ухлаб қолган экан, кимдир юзларини силаб-сийпаб уйғотди. Қараса, ҳалиги кампир:
— Отангни духтурхонадан олиб келишди, тур болам, хўшлашиб қол, - деяпти.

Отаси тўрдаги уйда ухлаб ётган экан. Совқотиб қолмасин деб, бошини оқ латта билан боғлабқўйишипти: «Отам уйғонгунча Алибекни ушлаб келаман».
— Отам қачон уйғонади, момо?

Аёллар уввос солиб йиғлашди.
— Йиғла, болам, йиғла! Нимага йиғламайсан ахир?! Бу –охирги кўришинг! Энди қайтиб отангни ҳеч қачон кўрмайсан! Эё-й-й, шўри қуриган неварам-а!

«Момомни ҳам биров урганга ўхшайди».

Мурод энди йиғламайди. Алибекдан калтак еса ҳам йиғламайди. Ўшанда кўз ёшини оқизиб келганда отаси хафа бўлган, йигит ҳам йиғлайдими, деган. У йиғламайди.

Одамлар бир нимани кўрпага ўраб, айвонга олиб чиқишди. Хотинлар чувиллашиб қолишди. Эркаклар ҳалиги нарсани нарвонга қўйиб, кўтариб кўчага чиқишаётганда Мурод ҳам питиллаб ортларидан эргашди.
— Кел, отажон! – Ҳотам бобо уни опичлаб олди.

Бобо бир кўча нарида туради. Соқоли оппоқ. Муродларникига тез-тез келиб туради. Онасининг айтишича, у ёмон одам. Беш-олти марта уйлангану, хотин чидамаган: ё қочиб, ё ўлиб қутулган. Онаси:
— Камроқ келсин шу одам бизникига, - деган эди бир гал отасига. – Сиздан бошқа унга хотин топадиган йўқми?
— Кимни шунга жони ачирди? – деган эди отаси.
— Сиз-чи? Сизга нима? Хотин керак бўлса, ўзи топиб олсин! Невараси уйланадиган бўлиб турибди-ю!
— Ҳай, буям савоб иш-да! Мингта келин бир хотиннинг ўрнини босолмайди.
— Хотин керак бўлса, ўғиллари топиб берсин.
— Мен топсам нима қилипти? Бир қариянинг дуосини олсак олипмиз-да, хотин.
— Ҳе-э, қари бўлмай ҳар бало бўлсин. Кўзларини ёмон кўраман, олма-кесак териб туради. Кўнглида ғарази кўп у одамнинг…

Қўй, қирқ йиллик гапни қўзғама. У вақтлари сенам, менам бўлмаганмиз-ку. Нима бўлса бўлиб, унут бўлиб кетган. Яхшими, ёмонми, қариндошчилиги бор. Эрта бир кун оёқдан қолса, келинлари ҳам, қизлари ҳам кунига ярамайди. Бир хотинга зор бўлади, шунда…
— Доим шунақа деб енгасиз…

Онасининг айтишича, Ҳотам бобонинг кейинги уч хотинини отаси топган. Бари бари бобога хотин чидамаган, охиргисиям ўлиб қутулганми-эй, яна сўққабош эмиш…

Муроднинг отасига, у-бу, юмушимга қарашинг, деб қўшнилар келаверарди. Баъзси Муродга олма, бошқаси конфет тутқазардию Ҳотам бобо эса бирон нарса олиб келган эмас. Шунинг учун у Муродга ҳам ёқмас эди. Лекин ҳозир одамлардан орқада қолиб кетаётгнида Ҳотам бобо опичлаб олганига жуда хурсанд бўлди.
— Мени яхши кўрасанми, отажон?
— Сира кампут опкемайсизку!
— Ҳа-а… шунақа де. Оббо отажон-эй! Ҳали кўп кампут опкеламан, кейин мени яхши кўрасанми?
— Кампут опкеласизми? – сўради Мурод ишонқирамай.
— Ҳа, бир сандиқ опкеламан.
— Олма-чи?
— Олмаям. Ўшанда ота дейсанми мени?
— Йўқ… Ўзимнинг отам бор.
— Отанг йўқ энди. Ўлди! Уни кўмамиз, шу билан омин оллоҳу-акбар. Катта отангни қара, соқоли шалвираб, йиғлаб боряпти. Мени қулоқсан, деб сургун қилсаям ҳалигача омонман. Ўғли кўзини олдида асфаласофилинга жўнаворди. Энди сенга қийин, бир ўзинг ётишга қўрқасан. Шунинг учун сенга ота керак. Мени ота қиласанми?
— Ўзимнинг отам уйда, ухлаяпти! – деди Мурод, Ҳотам бобонинг гапларига парво қилмай. Чунки бу бобо илгарилари ҳам шунақа ёмон гапларни айтиб, уни қўрқитмоқчи бўлар, аммо у қўрқмас эди.
— Koʻrmayapsanmi, ana, odamlar otangning oʻligini koʻtarib ketishyapti. Obborib koʻmishadi, shu bilan tamom-vassalom. Onang – ersiz, sen – otasiz qoldinglar, - dedi Hotam bobo huzur qilib. – Hali katta otang ham kelib oyogʻimga bosh urib, tavba qiladi… Sen boshqa birovlarnikiga borib yurasanmi, meni ota qilib olaver-da. Keyin senga har kuni kamput olib kelaman.

Мурод одамлар кўтариб бораётган нарвондаги – отаси эканига ишонмаса ҳам Ҳотам бобони яна ёмон кўриб қолди. Ҳатто кампут бераман, деганда ҳам индамади. Олдинроқда кетаётган Тоҳир амакисини кўриб, питирлаб, Ҳотам бобосининг қўлидан пастга тушди ва ўша ёққа югурди.
— Ака-а!..
— Ий-э, Мурод, сен ҳам келяпсанми? – Амакиси уни опичлаб олди.

Мурод амакисининг елкаси оша Ҳотам бобога ғолибона қараб қўйди-да, сўради:
— Ака, Ҳотам бобо ёмон одам, а?
— Нимага ундай дейсан?
— Онам доим шунақа дейди. Менгаям, отанг ўлди, энди мени ота қилиб ол, деяпти. Отам ўлгани йўғ-а, ака?! Ҳотам бобо алдаяпти-я?!

Ҳотам бобо чўтнинг соққасидай кўзларини йилтиллатиб, уларга тенглашди. Тоҳир акаси ёмон ўқрайди, лекин бобо парво қилмай, деди:
— Ўлим ҳам, отажон, ўлимга чора йўқ. У десанг ҳам, бу десанг ҳам янганг бева қолди…

Тоҳир акаси Муродни чап қўлига олди-да, чолнинг юз-кўзи аралаш башарасига солиб юборди. Ҳотам бобо нимагадир тойиб йиқилди. Мурод қувониб кетди: «Тоҳир акаси зўр! Ҳали Алибекни ҳам уриб беради!» Ёнма-ён кетаётганлардан бири Тоҳирнинг билагидан тортиб кетдию Бошқаси Ҳотам бобони турғизди. Бобо уст-бошини нари-бери қоқди.
— Майли, отажон, майли. Отангнинг кўз ёшини кўрдим, энди ўлсам ҳам армоним йўқ.. Шу кунларга етказганига шукр!

Калтак еган бўлса-да, Ҳотам бобонинг кўзларида ёш кўринмасди. Тоҳир амакиси

Эса йиғларди.
— Ҳе… ўша… сендақа ифлосни! Ҳали акамнинг болаларига сен ота бўлмоқчимисан? – Тоҳир акаси Муродни ерга қўйиб, уриниб-суриниб, Ҳотам бобо тарафга интилди. – Ҳали бургутнинг ўлими – қузғуннинг байрами бўлиб қолдими? Ҳе ўша…

Одамлар уни маҳкам ўраб, ушлаб қолишди.
— Кет бу ердан! Эмаса соқолингдан судраб, акамнинг лаҳадига тиқаман!
— Майли, отажон, майли, урсанг ҳам майли… Менга…

Уйга қайтиб келишганларида билдики, отасини яна духтурхонага олиб кетишипти. Оқшом ёмғирда қаттиқ совқотган экан. Шундан кейин ким отанг қаерда деб сўраса, духтурхонада дейдиган бўлди. Момоси ҳам, Тоҳир акаси ҳам шунақа дейишган-да.

Кунлар ўтаверди. Ҳадеганда отаси духтурхонадан келавермади. У отасини соғинди. Отам духтурхонадан қачон чиқади, деб инжиқлик қиладиган бўлди. Онаси тун бўйи ухламай, йиғлаб алла айтарди:

Алла болам, алла,

Ширин болам, алла.

Отасидан айрилган

Етим болам, алла.

Бир куни Мурод кўчада яна Алибек билан уришиб қолди. Бу сафар Мурод бўш келмади. Алибекни уролмаган бўлса-да, калтак ҳам емади.
— Мурод сағир, Мурод сағир! – деди Алибек уролмагандан сўнг.
— Ўзинг сағир! – деди Мурод бўш келмаганидан кучланиб.
— Менинг отам бор, отаси бор сағир бўлмайди. Сен сағирсан, сенинг отанг ўлган!
— Бекор айтибсан. Отам духтурхонада, ҳали келади, - деди Мурод. Дедию, бари бир кўнгли бўшашди.

Отаси духтурхонада жуда узоқ қолиб кетди-да. Тезроқ келса бўлмайдими? Алибекни ушлаб берарди. Кейин отаси уни роса саваларди. Отаси Алибекни уришини тасаввур қилди. Алибек додлайди: «Қўйиб юборинг-эй! Муродга иккинчи тегмайман!», деб ялинади.

Мурод жилмайди.
— Сени Тоҳир аканг шундай деб алдаган, - деди Алибек, - отам айтди-ку. Мурод сағир қолди деб. Етимча етти кулча. Энди-чи, онанг Ҳотам бобога тегади. Ҳотам бобони ота қиласан. У сени роса калтаклайди. Билдингми? Ийх! – Алибек маза қилиб кулди.

Бунақа гапларни Муродга биргина Алибек айтмаётганди. Ҳотам бобонинг номини эшитгач, Муроднинг хўрлиги келди. Аламининг зўридан узалиб, ерда ётган катта тошни инқиллаб кўтарди-да, Алибекка ташланди. Алибек эса: «Мурод сағир, Мурод сағир! Етимча – етти кулча!», деганча қочди-кетди. Унга етолмагач, Мурод аламидан йиғлаб, уйга югурди. Келса, айвондаги сўрида Ҳотам бобо ўтирган экан.
— Кел, отажон! – деди у кўзлари чақнаб, сўнг ошхонадан чиқиб келаётган Муроднинг онасига ўгирилди. – Ҳеч бўлмаса мана шу норасидаларингни ўйласанг-чи! Буларни катта қиламан, деганча сил бўлиб кетасан. Ёш жонингга жабр қилма. Мендан ёши бари бир чиқмайди. Икки дунёда ҳам мендан тузугини тополмайсан.
— Ким чақирди сизни? Кетинг! Кетинг бу ердан! Гапни кўпайтирманг! Эрсираб қолганим йўқ.- Онаси зарда билан ичкарига кириб, эшикни ёпди.
— Онажоним-эй! Бу шаштингдан тушарсан… эр ҳам керак бўлиб қолар… - Ҳотам бобо ўзича ғудраниб, гапи ўзига нашъа қилиб, кулимсираб ўтираверди.
— Тушаманми, тушмайманми, сизнинг ишингиз бўлмасин, - деди онаси ичкаридан қайтиб чиқаркан. – Нимага бутун қишлоққа сассиқ гап тарқатиб юрибсиз? Ким сизга тегаман, деди? Уялинг! Уят сизга! Туринг, кетинг бу ердан!
— Қўй, онажон, қўй, ҳайдама! Ундан кўра уйингга киргиз, овқатинг пишаётганга ўхшайди, сузиб кел, ейлик. Бундан кейинги ишларни бафуржа келишиб олайлик. Сен – есир, мен – есир…
— Мурод, тез бориб Тоҳир акангни чақириб кел, - деди онаси, ошхонадан косов кўтариб чиқаркан. – Бу мияси айниган кучук яхшиликча кетмайдиганга ўхшайди.

Амакисининг ҳовлиси узоқ эмас. Мурод чопқиллаб кетди. Амакиси жуда яхши-да. Бир мошин кўмирни ўзи ҳовлига ташиб берди. Каттакон халтада оқ кампут, ун олиб келдию Онаси, яхшиям Тоҳир аканг бор экан, бўлмаса, ҳаммамиз очдан ўларканмиз, дейди. Отаси дутурхонада ётиб олгандан бери Ҳотам бобо жуда серқатнов бўлиб қолди. Отаси уйда бўлганида-ку, бу чол онасига қайрилиб ҳам қаролмасди. Жилпанглаб, ишини битирарди-да, жўнаб қоларди. Энди жуда бемалолхўжа, хоҳлаган пайтида кириб келаверади. Эҳ, Муроднинг кучи етгандами, Ҳотам бобони йиғлаганча урарди. Ҳали кичкина-да…

У амакисини бошлаб келганда онаси сўрида чақалоғини бағрига босганча, эмизиб ўтирган экан.
— Яна келдими у? – деди Тоҳир акаси тутақиб.
— Ҳа,.. косов билан зўрҳа ҳайдадим.
— Бир гап бордирки, у ҳадеб келаверади!
— Шу гапни айтмаган битта сиз қолувдингиз. Ўзингиз билмайсизми нима гап борлигини? Акангизнинг арвоҳи чирқиллаб турганда менга шу гапни айтасизми? Тегмайман эрга! Ҳеч кимга тегмайман! – Онаси қон бўлиб йиғлади. Унга қўшилиб чақалоғи, кейин Мурод ҳам йиғлаб юборди. Онаси сиқтаб давом этди. – Ҳотам чолнинг онангизга уйланмоқчи бўлганини, аммо онангиз унга тегмаганини, бутун умр Ҳотам чол шу армон билан яшаётганини биларсиз? Ўзи ҳаммага айтиб юради-ку. Отангиз актив бўлиб, кейин Ҳотам чолни қулоқ қилганини ҳам билмайсиз-да, сиз а? Алами кўп у одамнинг сизлардан. Энди жабрини мен тортаяпман. Бекорга Тоҳирнинг янгаси менга тегишга розилик берди, деб Барлосга гап тарқатиб юриптими? Отангиз ҳассасини пешанасига диқиллатиб уриб йиғлаётганда ишшайиб: «қайтар дунё бу оқсоқол», деганидан хабарингиз бордир. Шунча гапни била туриб, менга яна нима дейсиз?

Тоҳир акаси ўтирган жойидан сапчиб турдию: «Ҳе… ўша…» дея сўкинганча, отилиб кўчага чиқди.

«Ўҳҳ! Боплайди энди!»

Ҳотам бобо ўшанда Тоҳир акасининг дарагини эшитибоқ, энди мени ўлдиради, деб қочиб, икки кун сомонхонасида яшириниб ётган экан.

Бир куни Муродларникига яна одамлар йиғилишди. Унинг назарида яна тўй бошланди. Ўйнаб юриб, ошхонага кирдию, қотиб қолди. Отаси орқасини бериб ўтирганча, қозондаги шўрвани шопирар эди. Мурод қувониб кетди: «Отаси духтурхонадан қайтиб келипти-да! Қандай яхши!» Соғингани шунчаликки, отасининг бағрига отилиш ўрнига нафаси ичига тушиб, жимгина ташқарига чиқди. Коса кўтариб келаётган онасининг этагидан ушлаб тортди-да, отасини кўрсатганча шивирлади:
— Отам!
— Нима, гўшт ейсанми? – Онаси эгилиб сўради.

Мурод йўқ маъносида бош силкиб, «отам», деб шивирлади яна. Кейин онасининг орқасига яшириниб, отасини кузатди.
— Бовоси, менинг ўғлимга озроқ гўшт беринг, - деди онаси.
— Ҳа?!

Муроднинг кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Қозон бошидаги одам ўгирилиб унга қаради: у бошқа одам эди!!! Отаси эмасди!!! Ўтириши, мўйлови, ҳатто юзи ҳам ўхшаркану…
— Қоч, қоч! Баринг болангни етаклаб келаверасан. Гўштни сенларнинг болаларингга берсам, меҳмонларга нима қўяман?

Мурод йиғлаб юборди. Йўқ, гўшт беришмагани учунмас, алдангани, отаси келмаётгани учун йиғларди. Отаси бўлса ҳеч кимуни ҳам, онасини ҳам силтаб ташлай олмас эди.
— Ҳа, жўра! – Ортдан келиб қолган Тоҳир акаси уни даст кўтариб олди-да, бағрига босди. Овутди. Қозон бошида ўтирган бобони уришиб, унга гўшт олиб берди. Бироқ Муроднинг кўнгли гўшт тиламасди. У хун бўлиб, баттар йиғлади.
— Отасини соғинипти-да, Мурод! Қўй, йиғлама, жўра! Айтган вақти бир туюр гўшт берсангиз ўлиб қолармидингиз? Биласиз-ку, кўнгли яримта… Бўлди қил, ахир сен катта йигит бўлиб қолдинг-ку! Йигит ҳам йиғлайдими? Духтурлар отангга рухсат беришмаяпти экан. Ҳали бориб, духтурларни уриб, отангни тортиб олиб келамиз, хўпми? Қани, жўра, ахир кап-катта йигит…

Йиғламай деса, отасини соғинган. Отаси эса сира келмаяпти. Ҳотам бобо эса онасини қўрқитгани қўрқитган. Алибек гарчи энди уролмаса-да, етимча – етти кулча, деб қочади. Мурод қаттиқ ўксинган, кўз ёшлари маржон бўлиб оқар эди.
— Ҳўй йиғлоқи, отанг кўрса нима дейди? – деди ўчоқ бошида ўтирган бобо.

Мурод гўё эшикдан отаси кириб келаётгандай сергак тортди. Жимит қўлчалари билан кўз ёшларини артди.
— Отам келса, Алибекни тутиб берамиз-а? – деди Тоҳир акасига.
— Ҳмм!
— Ҳотам бобониям, а?

Тоҳир акаси юзини терс ўгирганча, қулт этиб ютинди…