OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбулқосим Мамарасулов
Асар номиЙўловчи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Абулқосим Мамарасулов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм43KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Йўловчи (ҳикоя)
Абулқосим Мамарасулов

Бу дунёда мен бир йўловчи…

Ҳаёт гўзал!
Яшаш яхши!
Яхши яшаш яна ҳам яхши!
Озодликда нафас олишнинг гашти қанчалар лаззатли,а!<
Наҳотки у энди доим озод?
Наҳотки энди уни ҳар қадамда пойлаб юришмайди?
Наҳотки эрки ўз қўлида?

Одамнинг ишонгиси келмайди. Бу дунёда одам боласи не ҳолларга тушмас экан.

Тўлқин қамоқхонага тушганда етти йил сира ўтмайдигандай туюлганди. Мана, ҳозиргина дарвоза олдида ҳужжатларини қўлига бериб, «қайтиб келма», деб чиқариб юборишди. Қўлига уч сўм пул тутқазишди…

Тўлқин автобусга ўтириб, катта шаҳарга жўнади. У одамларга қувонч билан қарар, «енди мен ҳам сизлардек озодман», дегиси келарди. Лекин дилидаги шодлик юзига аянчли ҳаяжон бўлиб чиқаётганидан бехабар. Унинг юзи, ҳолати, қилиқлари чуқур ички кечинмалари туфайли ғалати кўриниб, йўловчилар диққатини жалб қиларди. Тўлқин ўзининг шунчалар қувончли дамларида ҳеч кимни ёмон демас, ҳаммани яхши кўргисикелар, ҳаммага меҳр билан тикилишга ҳаракат қиларди.

Қандай бахтли одамлар! Ҳаммаси озод! Қаёққадир ўз иши, турмуш ташвишлари сабабли шошишади. Тўлқин ҳам Барлосдаги ўз уйига кетяпти. Ҳозир тўғри бориб, онаси ётган хоналарни, тўшакларни зиёрат қилмоқчи. Ўз қўли билан Тўлқинга атаб тиккан буюмларни бир бошдан кўздан кечирмоқчи. Ўпмоқчи.

Қанчалар қадрдон буюмлар-а!

Қанчалар қадрдон уй!

Шунчалар соғиндики, шунчалар соғиниб кетдики… Эҳҳ!

Тезроқ етиб борсайди. Ҳовлисини кўрсайди. Уйини кўрсайди. Одам йўқлигидан деворлари нураб кетгандир. Қариндошлари қараб туришибдимикан?

Ҳовлида икки туп ҳусайни узум бўларди. Пишар-пишмас тагига ўтириб олиб, битталаб териб ерди. Онасининг фикри-ёди узумни бозорга чиқариб сотиш эди. Тўлқин эса ей қўйган бўларди. Онасини буни билиб қолиб, Тўлқинни олдига солиб қуварди. Кейин: «Сотиб сенга кийим-бош қилмоқчи эдим. Пулини гўримга орқалаб кетармидим?», деб йиғларди. Тўлқин эса парво қилмасди. Бебош эди…

Эҳҳ! Қанчалар ахмоқ бўлган экан-а!?

Энди онаси йўқ! Онаизори йўқ!!

Борида қадрига етмади. Онаси қамоққа тушганининг биринчи йилиёқ ўлиб кетган.

Онасини хотини кўмган. Буни одамлар кейинчалик айтиб беришди. Шунинг учун Тўлқин хотинидан норози бўла олмайди. Тўлқин ҳозир тўғри қабристонга боради. Онасининг қабрини зиёрат қилади. Йиғлайди, сиқтайди, бўзлайди, кўнглини бўшатади.

Илгари енгилтак бўлган экан. Ҳа, бу темир панжаралар одамни кўп нарсага ўргатади. Ҳаётни тушунтиради. Ўлганда онасининг бошида тура олмади. Яккаю-ёлғиз ўғил, ёлғиз фарзанд эди. Балки умрининг охирги дақиқаларида ҳам «ўғлим» деб, йўлига кўз тикиб кетгандир…

Дафн маросими қандай бўлди экан? Онамлайдиган инсон йўқ, тўртта одам кўтариб бориб, лаҳадга қўйгану, қайтиб келаверган. На худойиси, на бирон маъракаси ўтказилмагандир. Тўлқиннинг дастидан хор-зор яшаб,хор-зор ўлиб кетди-я! Судда унга ҳукм чиқаришаётганда ҳам онаси бўзлаб йиғлади. Тўлқин эса қилмишидан эмас, онасининг кўз ёшларидан эзилиб кетганди.

Ўша пайтлари ҳар куни ичгани ичган эди. «Онам мени кўчадан соғ кутиб олмаган, доим маст бўлганман», деб ҳамтовоқларига мақтанарди. Яқинда уйланган хотинини сочидан тортиб, додлатиб ураётганда орага тушмоқчи бўлаётган онасини кўкрагидан итариб юборганини, онасининг оғзи-бурни қон бўлиб, ўрнидан турганини ҳавтовоқларига айтарди. Ўзича бу ишларни қаҳрамонлик деб ҳисобларди. Ўшанда ҳозирги ақлининг заррачаси ҳам бўлмаган. Онасининг эрка ўғли эди. Айтгани айтган, дегани деган эди. Ўз-ўзидан киссага пул тушиб турарди. Фақат хоҳиш керак.Шундай бўлгандан кейин у ичмай ким ичсин? Ўзини дунёнинг устуни деб биларди. Гўё истаса, ҳамма ёқни остин-устун қилиб юборадигандай. Кейин уйга келарди-да, кучини қаерга сарф қилишни билмай… ёшгина хотинига мушт кўтарарди. Уйланишда ҳам Тўлқин заррача жон куйдирмаган. Ҳаммасини онаси югуриб-элиб тўғрилаган. Истаганинг шай бўлиб турса, атрофингдагилардан қийиқ ахтаравераркансан. Фақат баҳона керак. Кейин тайёр жанжал. Келганини кўриб, хотини чаппа қараса ҳам – тамом. Айбдор саналарди-да, жанжал бошланарди. Ундай эмас – бундай, бундай эмас – ундай… Онаси: «Болагинам, нега мени зорлатасан? Ота кўрмай ўсдинг, кўнгли ўксимасин, деб айтганингни қилиб, хоҳлаганингни едириб, сеникатта қилдим. Уйлантириб, энди орзу-ҳавас кўраман, деганда насибам шумиди? Катта бўлса эси кирар дедим, уйланса босилар дедим. Сен бошқача бўлдинг. У ёқ, бу ёғингга қараб иш қил, ҳалиям бўлса эсингни йиғ, болам!», деб неча бор ялинарди. Тўлқин эса: «Сен кампир менга ақл ўргатадиган бўлдингми?», деб шқирарди. Қасдма-қасдига, фақат «кампир»нинг истаклари амалга ошмаслиги учун янада кўпроқ ичарди. Илгари хотинини ўз хонасида урса, энди ҳовлига, кўчага чиқариб урадиган одат чиқарди. Қишлоқ аёллари: «Феодал қолдиғи! Хотинбезори», деб орқаваротдан гап қилишипти. Хотинига: «Ўн гулингдан бир гулинг очилмаган, эр қуриб кетибдими сенга, кет ундан», деб ақл ўргатишарди. Ҳали-ҳали ҳайрон қолади. Хотинининг чидамига ҳам балли-э! На отасининг уйига арз қилиб борипти, на судга. Тўлқин яхши билади, хотини қачон қараса, Тўлқиннинг онаси билан гаплашиб ўтирган бўларди. Бундан жаҳли чиқарди. «Икковинг бирикиб, менга фитна уюштираяпсанлар», деб баттар дилозорлик қиларди. Йўқ ердан баҳона топиб, «биламан, отангникига кетиб қолмоқчисан. Сен мени судга бермоқчисан. Агар шунақа сассиқ ишларингни шарпасини сезиб қолсам, сўйиб ташлайман», деб хотинини қон қиларди. «Биламан, сенинг ўйнашинг бор, мен йўғимда фалон иш қилиб юрибсан, писмадон иш қилиб юрибсан. Менга ўшаларни қаердан бўлса ҳам топиб берасан», деб неча марта хотинининг бўғзига пичоқ тираган. Э, ўзиям хотинининг тоғдай юраги бор экан. Пичоқни бўғзига тираса ҳам чидабди-я! «Эси кириб қолар» деган. «Онасининг арз-додларидан бир хулосага келар» деган. «Минг қилса ҳам бир ёстиққа бош қўйдим, кетиб қолсам яхши бўлмас» деган, «енгилтаклик қилмайин» деган. Ҳа, кўп нарсаларни ўйлаган. У эса… баттар бўлди.

Тўлқин одатдагидай, хотинини сочидан тортиб, кўчага судради. Орқасидан онаси дод-войлаб чиқди. Иккисининг йиғисига кўча ларзага келди. Аммо Тўлқиннинг бир туки қилт этмади. Бунақа ишлар унинг учун одат тусига кириб қолганди. У ичган эди. У зўр эди. Зўрлигини намойиш қилаётганди…

Қанчалар чиройли жувон эди-я, хотини!

Қанчалар маъсума эди!

Сочлари момиққина, майингина эди. Хушбуй ҳид анқиб турарди. У сочларни тортиш эмас, силаш керак эди, ардоқлаш керак эди. Лаззатларга кўмилиб, ўпиш керак эди.

Қани энди ҳозирги ақлининг заррачаси ўшанда бўлганда эди. Онасининг пойига йиқилиб зор йиғларди-ку! Хотинининг кўзларидан бир томчи ҳам ёш оқизмасди.

Эҳ, ҳаёт! Шунақа қилиб яшаган экан-да! Яшаш мумкин экан! Зўр эди. Шер эди. Қайирдилар! Синдирдилар! Эсини киргиздилар. Аммо кеч! Жуда кеч. Эҳҳе!

Ҳар бир ишнинг чеки бўлади. Яхшилигу-ёмонликнинг ҳам чеки бўлади.

Ўша куни зўравонлигига чек қўйилди. Қўшниларнинг сабр-тоқати тугади. Ўрта ёшлардаги қўшниси Файзулла ака келиб, елкасидан ушлади. «Қўй» деди, «уял» деди. «Бу томошангни йиғиштир, бўлмаса ўзим судга бераман» деди. Тўлқиннинг кўзлари чақчайиб кетди. «Судга берадиган насиҳатгўйни» қулочкашлаб солиб юборди. «Менинг хотинимни ҳимоя қиляпсан. Балки сен ўйнашидирсанки, жонинг ачияпти. Йўқол тез!» деб вишиллади. Зўрлигини яна бир карра намойиш қилди. Қўрқиб кетар, деб ўйлади. Файзулла ака эса кетмади. Ўзини қайтариб урди. «Сендақа зўрни…», деб ерга ётқизиб, қўлини орқасига қайириб олмоқчи бўлди. Қайси зўр ўзини урганларида қараб турган. Қайси шер ўзини занжирлаётганларида ваҳима билан ўкирмаган? Шер ҳеч қачон осонликча занжирбанд бўлмаган. Уни мажбур қилишган. Тўлқинни ҳам мажбур қилишмоқчи бўлишди. Қанақаси бу? Э йўқ, бе йўқ, ётқизиб олиб ураверса, одамга алам қиларкан. Нима ҳаққи бор? Ҳали Тўлқиннинг қўлини қайирадиган онасидан туғилган эмас. Ҳозир кўрсатиб қўяди.

«Зўр» жон-жаҳд билан қаршилик кўрсатди. Куч билан ётган ерида бир қўлини озод қилиб, пичоғини шартта суғурди-да, Файзулла аканинг қорнига солиб юборди. Устидаги «тоғ» ағдарилиб тушди. «Шер» занжирдан халос бўлди. У яна озодликка чиқди. Чиқдию…

Қўшниси қонга беланиб ётарди. Тўлқин қўлига қаради. - Қонли пичоқ!.. Вужуди бўшашиб, мастлигидан ном-нишон қолмади. Қонли пичоқни отиб юборди. – Қўллари қон!

Юракни эзиб юборгудай қичқириқ эшитилди. Сочларини юлганча, Файзулла аканинг хотини югуриб келарди. Тўлқин уйга кириб кетди. Ётиб олди. Унинг елкалари силкина бошлади. – Йиғларди. Нима қилганини аниқ-тиниқ билиб турарди. Ҳозир ҳамма қўшнилар ёпирилиб киришини, ўзини ўртага олиб, ўлгудай дўппослашларини истарди. Ўлдириб ташлашса ҳам майли. Ўшанда ҳақ жойида қарор топади.

Кўчада шовқин-сурон кучайди, лекин биттаси ҳам Тўлқиннинг олдига киролмади. Пичоқ солиб юборади, деб ўйлашди. У сезиб турарди. Ҳаммаси ўзини ўйлайди. Ҳаммаси мунофиқ. Жон ширин. Шунча вақтдан бери биронтаси келиб: «Қўй энди! Тўлқин, эсингни йиғ!» демади. Мана, охири иш одам сўйиш билан якунланди. Шунчалик ҳам осон экан. Шартта пичоқни тиқиб олди, вассалом! Ўшанда фикри-ёди ўзини ҳимоя қилиш эди, холос… Яхшиям, пичоқ Файзулла аканинг қорнига кириб, жон жойларига унчалик зарар етмаган экан…

Тўлқин қамоққа тушгандан кейин кўп ўтмай хотини ўғил туққан. Шунча азоблардан кейин бола она қорнида қандай омон қолди экан. Ҳозир етти ёшга кирган. Қанақа экан? Мактабга бораётган бўлса керак. Портфел кўтариб югуриб юргандир. Отасини танирмикан? Онасини кўмгандан кейин хотини бошқа эр қилиб кетган. Тўлқин эмас, бошқа кимдир ўғлига оталик қиляпти. Ўғли ҳақиқий отаси қамоқда ётганини, бир вақтлар қип-қизил безори бўлганини билмаса керак. Тўлқин оталикдан ҳам маҳрум. Қанчалар шафқатсизлик! Ўғли қай тахлит ўқиётган экан? Унга ўхшармикан? Исмини нима қўйишди экан? Чиройлисидан танлай олдилармикан? Тўлқиннинг ўзи бўлганда зўр исмлардан бирини қўярди-да: Шавкатми, Шуҳратми, Илҳомми! Эҳҳе, қанчасини билади. Хотини-чи? Қанақа экан? Ўша маъсумалигича турганмикан? Тўлқин билишни истайди. Ахир у пуштикамаридан бўлган ўғлининг онаси! Майли, ўғли бир умр отасининг кимлигини билмасин, бошқа бировларни «ота» десин, бошқа бировлар номида юрсин. Бари бир ўғлида унинг қони бор. Йўқ, йўқ, ҳеч ким уни ўғлидан ажрата олмайди. Ўзиникими, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.. Борадию, «юр ўғлим», деб қўлидан етаклаб олиб кетаверади. Қўлларидан келганини қилишсин. У ахир ота, ҳали ўлгани йўқ.. Битта ўғлини боқишга қурби етади. Хотини иккинчи эри билан қоладими, у билан кетадими, ўзи билади. Иши йўқ.Бунинг устига яна икки-учта туғиб олган бўлса, ўшаларига иккови қаноат қилаверишсин. Ўғлини эса ўзига қайтариб беришсин. Ҳозир тўғри ўғлининг олдига боради…

Вокзалга етиб кетишди. Тўлқин кассаг бориб, пассажир поезди раёнларига икки соатдан сўнг жўнашини билиб, қайтиб кўчага чиқди. Одам ғиж-ғиж. Ҳар ким ҳар ёққа шошади. Фақат у аланглаб, бир унга қарайди, бир бунга қарайди. Қарашлари ғалати. Бир кўрсанг куляпти дейсан, яна бир кўрсанг йиғлаяпти дейсан. Юзи буришган-тиришган, кичкина кўзларидан нимани ўйлаётганини билиб бўлмайди. У талмовсираб қадам ташларди. Димоғига иштаҳани қитиқловчи ҳид урилди. Ёнгинасида сихга терилган кабоблар қизариб пишаётганди. Сўлаги оққанча илжайиб, кабобпазга қаради, сўнг кабобга. Яна кабобпазга. Бирдан қорни очганини сезди. Қачонлардан бу н бунақа ширин таом таъмини тотмаган. Аммо чўнтагида бор-йўғи икки сўм тўқсон тийин пули бор. Ўн тийин автобусга кетди. Уйигача йўлга икки сўм. Тўқсон тийин овқатга. Шуни мўлжаллаб, қўлига уч сўм тутқизишган. Бироқ савил кабобнинг олдида турсаю, қандай ўзини тутади? Шуям ишми? Кабобни қаранг-а! Қип-қизил! Кўзини узгиси келмайди одамнинг. Сихи билан олсангу, битта-битта тишлаб еяверсанг. Э, нима бўлса бўлар, олдин қорнини тўйдириб олсин. Озод қуш ахир, хоҳлаган томонига учади, истаган ишини қилади.

Тўлқин бир кишилик кабоб олиб, четдаги стол ёнига ўтирди. Ёнидаги стол атрофида тўрт йигит – олдиларидаги баркаш тўла кабоб, бирининг қўлида шиша – хо-холашиб ўтиришарди. Косагул дўстларига ароқ қуйди: «олинг-олинг, сиз ичинг, мен ичмайман, йўқ, мен бўлдим…» Уларга қараб, Тўлқин завқланиб кетди. Кабобни олишга-ку, олди, лекин… юз грамм ароқ бўлсайди. Кўп керак эмас. Айтгандай, бугун қамоқдан чиқди, буни ювиш керак. Аммо бор-йўғи бир сўм йигирма тийин пули қолган. Уйига кетишга ҳам етмайди.

«Айнан юз граммлик қолипти!»

Тўлқин ўз кашфиётидан қувониб кетди. Ўзи учун шундай қувончли кунда ҳеч ким айб санамайди. Мана бу йигитлардан Тўлқиннинг қаери кам?.. Бир зумда Тўлқиннинг истаги рўёбга чиқиб, столида ароқли стакан пайдо бўлди.

Овқатни еб бўлгандан кейин Тўлқин яна ичкиси келаётганини пайқади. Йўқ, ячхшиси уйга кетишнинг йўлини қилиш керак. Қандай қилиб? Ҳеч нарсаси борми? Билагини ушлади. Қўлига соатнинг занжири тегди. Миясига ялт этиб бир фикр келдию… Соатни сотса-чи?

Тўлқин ўрта ёшлардаги, мўйловли, қишлоқилиги кийимидан билиниб турган бир кишини тўхтатди. Йўловчи ҳайрон бўлди.
— Юраверинг, ака, хурсанд бўласиз, - деди Тўлқин, эҳтиёткорлик билан уни четга чиқараркан.
— Менда нима ишингиз бор?
— Мана! – Тўлқин қўлидаги соатни чиқариб, унинг қўлига тутди. – Сотмоқчиман, қанча берасиз?

Йўловчи ҳайрон бўлиб, бир унинг ғалати башарасига, бир соатига қаради.
— Қўрқманг ака, ўғирлаганим йўқ. Ўзимники, - деди Тўлқин, унинг кўнглидан кечаётган фикрларни пайқаб. – Тўғрисини айтсам, киссавурларга пулимни олдириб қўйдим. Уйга кетишим керак. Йўлга пул йўқ. Шунинг учун соатимни сотяпман.
— Ҳа-а, - деди йўловчи бир оз таскин топиб ва соатни кўра бошлади. – Қанча сўрайсиз?
— Ўзингиз қанча берасиз?
— Мол сизники, сиз нарх айтинг.
— Тўғрисини айтсам, ўттиз саккиз сўм туради, яқинда олганман, менга йигирма сўм берсангиз бўлади.
— Эҳҳе! Иштаҳангиз карнай-ку! Юравериб тамом бўлган бу матоҳингиз. Ким билади, уйга олиб борганимча юриб турадимит ё бузилиб қоладими? Олинг, ўзингизга сийлов, йигирма сўмга, яхшиси, дўкондан янгисини оламан, - дея йўловчи икки қадам босганди, Тўлқин тўхтатди.
— Ака, бу савдо, сиз ҳам ҳеч бўлмаса оладиган нархингизни айтинг.
— Хоҳласа-анг, - деди йўловчи чўзиб, хотиржам сенсирашга ўтаркан, - уч сўм бераман. Нархи – шу. Бўлмаса, ўзинг биласан.
— Ака, сал инсоф қилинг! Ўттиз саккиз сўмлик нарса, мен ҳали овқатланишим керак, йўлга кетади, уч сўмингиз нима бўлади?
— Унда қанча сўрайсан?
— Сал кўпайтиринг.
— Беш сўм…
— Ака…
— Энди ўзинг биласан, мен кетдим.
— Тўхтанг, тўхта-анг… майли, олинг. Жуда қаттиқ одам экансиз!

Тўлқиннинг кўнгли анча ёришди. Икки сўм йўлга кетса, яна уч сўм ортиқча пули қолади. Эҳҳе, уч сўмга нималар харид қилиш мумкин эмас. Ўғлига совға олса-чи? Ажойиб фикр! – У қатор дўконлардан бирига кириб, бир сўмлик қалпоқча танлади. Роса қувониб кетса керак. Мактабдан чақириб олади-да:
— «Топ-чи, нима олиб келдим?» - дейди.
— «Машина», - дейди ўғли.
— «Йўқ».
— «Танк!» - ўғли атрофида ирғишлай бошлайди.
— «Йўқ».
— «Тўппонча!» - ўғли эркаланиб, бўйнига осилади.

Эриб кетган Тўлқин ўғлини маҳкам қучади. Ўпади. Юзини юзига ишқалайди. Кейин билдирмасдан бошига қалпоқчани кийгизиб қўяди.
— «Ие!» - дейди ўғли ҳайрон бўлиб. Кейин бошидаги совғани қўлига олиб, айлантириб кўради. Қувонади. «Раҳмат, дадажон!» деб питиллаб ерга тушганча, қалпоқчани силкитиб, югуриб кетади…

Тўлқин яна кассага борди. Поезд келишига ҳали бир соат вақт бор. Вақт бунча имилламаса. Билет олиб қўйса-чи? Э, улгуради!

Тўлқин қайтиб чиқди. Яна юз грамм бўлганда кайфияти жойига тушарди. Лекин у ичмайди. Ичкилик туфайли бошига тушган савдолар етарли. Назарида ҳали қорни тўймагандай. Яна кабоб еса-чи? Бир сўму етмиш тийинга олади. Икки сўм билетга ажратса, яна ўттиз тийин ортиқча пули қолади. Ҳа, ҳа, худди шундай қилади, аммо ичмайди. Бор иродасини тўплаб, бир грамм ҳам оғзига олмайди.

Тўлқин кабобни олиб ўтиргандан кейин бирдан егиси келмай қолди. Ўзини ҳар хил баҳоналар билан ароққа судраб келганини ҳам сезиб турарди. Ўйлаб қараса, овқатни кўнгли тортмаяпти, аммо бир сўму етмиш тийинлик кабобни қолдириб кетиш яхшими? Юз грамм ташлаб олса!? Ҳаммасини ҳазм қилиб юборарди… шунга жуда ароқхўр бўлиб қолмайди-ку, тўғрими?! Фақат кабобга сарфланган пул ҳайф бўлмаслиги учун! Бунга юз грамм кифоя. – Юз грамм! Қачонлардан бери оғзига бир қултум олмаган. Шундай бахиёр дамлари сал кўпроқ ичса, ким уришади? Кимнинг у билан иши бор? Қолаверса, ўз пулига ўзи хўжайин, истаганича сарфлайди. Хоҳласа. Кабоб ейди, хоҳласа ичади.

Тўлқин юз граммни олиб юборди-да, сихга тутинди. Аммо овқатлангиси келмасди. Ўзини зўрлаб ярмини еди. Қолган овқатга қараб, кўнгли бузилди. Шу кабобнинг ўрнига бемалол яна юз грамм олса бўларди. Эллик тийин ортиб ҳам қоларди. Кўрган куни қурсин! Ўтирипди сўппайи-иб!.. Мана, одамлар дўстлари билан ичаяпти. Бир-бирига соғлик тилаяпти. Бари хурсанд. Тўлқин эса якка-ёлғиз, ғирт етим! Онаси ўлиб кетган. Хотини бошқага теккан. Биттаю-битта ўғли кимларнидир «ота» деб чақиради. Тўлқин ҳеч кимга керак эмас. Уни ҳеч ким кутмайди. Қучоқ очиб кутиб оладиган жонкуярининг суяклари аллақачон гўрда чириб тамом бўлган. Барлосга борса, одамлар яна ундан чўчишади. Аёллар четлаб ўтишади. Болаларига: «Ана, Тўлқин одамхўр келяпти, қочинглар ундан», деб тайинлашади. Ҳаммаси уни ёмон кўради. Эҳ, бу шўр пешана!

 Toʻqin turib, koʻchaga yoʻnaldi. Kabob sovub qoldi. Pul hayf ketdi. Alvido yuz gramm arogʻu, yana ellik tiyin pul.  Eshikning oldida aroq sotuvchi. Toʻlqin shasht bilan oʻtib ketmoqchi edi, ammo qadami oʻz-oʻzidan sekinlashib, toʻgʻriga kelganda taqa-taq toʻxtadi. Kayfiyat rasvo boʻldi, endi ichib xumordan chiqmasa, oʻziga kelmaydi.  U pulining oʻn tiyinini olib qolib, qolganini sotuvchining qoʻliga tutdi.

Кассага кетаркан, пули қолмаганини ўйларди. Энди ичмайди, сира ҳам ичмайди. Ўзини шунча алдагани етар. Нима қилиш керак? Чўнтакларини титкилади. Кичкина паккиси бор, ўғлига атаб олган қалпоқча. Қалпоқчани сотса-чи? Ўғлига шундай ҳам бораверади. Совға ҳақида индамай қўя қолади. Ўғлига ота азизми, совға? Қолаверса, бирон нима олганини билиб ўтирибдими? Отаси топилиб борганига хурсанд бўлаверсин. «Ўғлим» деб борганининг ўзи катта давлат, агар ўғли билса.

Тўлқин четга чиқиб, харидор излади. Одамларнинг у билан иши йўқ. Ҳамма ўз йўлига шошади. Қарироқ бир кампир келаверди.
— Хола, -деди Тўлқин унинг йўлини тўсиб. – Неварангизга қалпоқча олмайсизми?

«Хола» ҳайрон бўлиб, оғзидан ароқ ҳиди анқиб турган «савдогар»га қаради.
— Сиз ҳайрон бўлманг, хола. Тўғрисини айтсам, бугун етти йиллик қамоқдан озодликка чиқдим. Хурсандчиликдан озроқ ичгандим. Уйга, ўғлимга совға –салом олдим. Қарасам, йўлга пул қолмапти. Шунинг учун сотишга тўғри келяпти. Аттанг, яхши қалпоқча эди.
— Етти йилдан бери дейсизми? – кампир унга ишонқирамай қарадию, афт-ангоридан хотиржам бўлди шекилли, қалпоқчани кўра бошлади.
— Ҳа-а, етти йил! – деди Тўлқин жонланиб, кампирнинг овозидаги хайрихоҳликдан кўнгли юмшаб. – Унда ўғлим туғилмаганди. Ҳозир кап-катта йигит бўлиб қолгандир. Ҳаёт шунақа экан, хола, - у чуқур уҳ тортди. – Тезроқ борсам дейман, ўғлимни кўрсам дейман…
— Бир сўм берсам бўладими? – кампир унинг орзуларга берилиб кетаётганини кўриб, шартта кесди.
— Бир сўм?! – Тўлқиннинг кўзлари ярақлаб кетди. «Қалпоқчанинг асл нархи бу. Яна ўн тийин бўлса, киссамда ўн тийин бор, ҳаммаси бир сўм йигирма тийин бўлади. – Юз грамм ароқнинг пули. Йўқ, ичмайди. Сираям ичмайди. Ҳозир фақат кетишга пул керак. Йўлга». – Холажон, кам айтмадингиз, аммо билетга бир сўму ўн тийин етмай турган эди. Нима қилсам экан-а? Яна ўн тийин қўша олмайсизми?
— Ма! – кампир айтган пулини чиқариб берди. – Тезроқ уйингга кет. Тағин ичиб, йўл-пўлда юмалаб қолма. Хўпми? Сенга пулни фақат билетга деганинг учун бераяпман. «Ҳе, одамлар! Шу заҳарни деб нима ёлғонларни гапиришмайди. Етти йил қамалган эмиш…», - деди кампир ўзича йўл-йўлакай.

Тўлқин пулни чўнтагига уриб, кампир узоқлашганча зўрға чидаб турди-ю, югургилаб етганча. Яна юз граммни уриб олди. Кўчага қайтиб чиққанда ҳали эс-ҳуши жойида, аммо оёқлари қалтирай бошлаган эди. – Тамом! Энди ичмайди. Бу охирги ва қатъий сўзи. Ҳали ўғлининг олдига бориши керак. Мактабига маст бўлиб кирса яхши бўлмайди. Кейин ҳаммаси ўғлининг устидан «отанг ароқхўр экан», деб кулишсинми? Йўқ, Тўлқин бундай бўлишини хоҳламайди. У ҳақиқий ҳурматли оталардек, янги костюмда, галстук тақиб, шляпа кийиб, мактабга дадил кириб боради-да, директорга учрайди: «Ўртоқ фалончиев, мен шунақа-шунақа одамман! Ўғлим қўлингизда ўқийди, уни олиб кетгани келдим», дейди. Кейин ўғли портфелини кўтариб, отилганча кириб келганда у директор билан Пентагоннинг навбатдаги кирдикорларини фош қилиб ўтиришган бўлади. Аммо ҳамма нарсани унутиб, чўккалаганча, қучоғини очади. Ота-бола йиғлаб кўришади. Дирктор ҳам, ўғлини чақириб келган ўқитувчи ҳам таъсирланиб, кўзларига ёш олишади.
— «Ўғлим, мен келдим, - дейди Тўлқин, - сени олиб кетаман»,
— «Кетдик, дада, бу ерда туришга бир минут ҳам тоқатим йўқ», дейди ўғли.
— «Наҳотки мени таниган бўлсанг?» - деб сўрайди Тўлқин ажабланиб.
— «Танидим, дада, - дейди ўғли. – Сизни ҳар доим тушларимда кўрардим. Келишингизни кутдим».

Ота-бола қўл ушлашиб, мактабдан чиқиб кетишади. Директор ва ўқитувчилар орқаларидан ўйчан қараб қолишади.

… Тўлқин гандираклагудай бўлиб, кассага жўнади. Бирдан нигоҳи кетиб бораётган пассажир поездига тушди. Югургилаб, перронга чиқди. – Ўзининг поезди! Шунда кетиши керак эди. Овора бўлиб, билмай қопти. Оббо! Энди нима қилади? Ҳа майли, ҳечқиси йўқ. Бугун бўлмаса, эрта бор. Озод одам, хоҳлаган пайти кетаверади. Аммо киссаси бўшаб қолди. Пул топиш чорасини қилиш керак. Ўғли уни утса-я! Кўзлари тўрт бўлиб ўтиргандир. Дўстларига: «Бугун дадам келадилар», деб мақтаниб қўйган бўлса-я? Тўлқин бормаса! Уят бўлади! Жудаям қаттиқ уят бўлади. Бориш керак! Қандай бўлмасин. Бориш керак. – У кассага чқинлашди. Навбатдаги поезд қирқ беш минутдан кейин келаркан. Ўшангача пул топиш керак. Йиғлагудай бўлиб, йўлга тикилиб ўтирган ўғлини кўз олдига келтириб, Тўлқин ҳаракатга тушди. Йўқ, у ўғлини хафа қилдириб қўймайди. Ҳақиқий ота эканини исботлайди. Кейин икковлон, ота-бола Барлосга боришганда ўғли дўстларига фахр билан: «Бу киши менинг дадам!», деб кўрсатади. Тўлқин, шундай-шундай деган каби илжайганча, бош силкиб, меҳр билан ўғлининг пешанасидан ўпиб қўяди. Кейин уйга боришади. Ўғли югурганча уйга кириб: «Ойи, дадам келди. Дадам!», дейди. Хотини юшуриб чиқади. Кейин… кейин… кейин нима бўлишини ўйлашни хоҳламайди.

Тўлқин яна киссаларини кавлади. Кичкина паккидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Қанчага олишаркан? Бари бир эмасми? Қўлига пул тушса бўлди. Йўлга етгулик қиладию, уйига жўнайди. Бир сўму йигирма тийинга олишармикан? Юз грамм ароқнинг пулига? Йўқ, у асло ичмайди. Шунчаки, кўнглига келиб қолди-да.

Тўлқин яна харидор кутди. Бепарво келаётган бир ўспирин маъқул тушди. Бунақалар пичоқни яхши кўришади. Ўзи ҳам шу ўсприндай вақтида доим пичоқ кўтариб юрарди.
— Ҳей, бу ёққа кел, - дея уни бармоғи билан имлаб чақирди.

Йигитча ҳайрон бўлди. Гандираклаб турган мастнинг кўзлари қўрқинчли эди. Башараси бунча хунук бўлмаса.
— Кел деяпман сенга! - Ярим дўқ, ярим ялиниш аралаш яна чақирди.

Ўспирин ўтакаси ёрилгудай бўлиб, орқасига қарай-қарай, лекин сир бой бермай, секин ёнига келди.
— Менга қара, - деди Тўлқин, ҳар қандай такаллуфни йиғишириб (ёш болага ҳам такаллуфми?), - биласанми, мен кимман? Мени етти йилга қамашганди. Бугун чиқиб келяпман. Мана, - у киссасидаги паккини чиқариб, қайирмасини очди. «Шуни ол, ўткир пичоқ. Менга йўлга пул кера. Қанча берсанг бер», демоқчи эди, аммо йигитча шаталоқ отиб қочиб қолди.

Тўлқин ажабланиб турганди, ўспирин нарироқдаги бир милитсионернинг олдига бориб, Тўлқинни кўрсатиб, алланималар деяётганини пайқаб қолди. Кейин икковлашиб, у томонга кела бошлашди. Тўлқиннинг кайфи тарқади. Ҳозир қўлга тушса, яна олиб бориб қамашади. Арз-додини тинглашмайди. Ахмоқ бола эканми бу? Мелисага борадими? Энди мастлиги, манавининг арзи, пичоқ - далил. Вассалом. Йўқ, уни ўғли кутяпти. Етти йил ётгани етади.

Қочиш керак…

Поезд йўлга чиқаётганди. Юк поезди. Бари бир эмасми? Тўлқин ўшанга қараб югурди. Оёқлари қалтираяпти. Ярим йўлда йиқилиб қолмаса бўлгани…