OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Abusaid Abulxayr. Ruboiyot / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАбусаид Абулхайр
Асар номиРубоиёт
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Форс адабиёти
Бўлимлар
   - Суфизм
Муаллифлар
   - Абусаид Абулхайр
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Рубоийлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонЭргаш Очилов
Ҳажм76KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/15
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Рубоиёт
Абусаид Абулхайр

Абусаид Абулхайр (967—1049)

Абусаид Фазлуллоҳ ибн Абулхайр Муҳаммад ибн Аҳмад Майҳаний Хуросондаги Ховарон вилоятининг Майҳана қишлоғида туғилган. Султон ул-орифин - Орифлар султони деган шарафли унвонга сазовор бўлган бу улуғ инсон Абусаид Абулхайр, Шайх Абусаид Майҳаний номлари билан мусулмон оламида шуҳрат қозонган.

«Қутби олам Абусаид Абулхайр қаддасаллоҳу сирриҳу барча акобир ва машойихлар қалбининг подшоҳи эди. Бу дунёда ҳеч кимдан бу қадар кўп каромату риёзат нақл бўлган эмас. У - фонийи мутлақ, у - боқийи барҳақ, у - илоҳий маҳбуб, у - ниҳоятсиз маъшуқ, у - мамлакат нозанини[1], у - маърифат бўстони, у - фалакни сайр этувчи арш»[2], - деб васф этган эди уни Фаридиддин Аттор «Тазкират ул-авлиё» асарида. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да бу таърифни давом эттириб, уни «шариат султони», «тариқат султони», «замона султони», «тариқат аҳлининг ҳусни», «қулуб мушрифи», яъни «қалбларни ўзига қаратган зот» каби сифатлар билан улуғлайди. Унинг замонида барча машойих Абусаидга тобе эдилар, дейди.

Нақл қилишларича, Абусаид Абулхайр нафақат донишманд, балки яхшигина табъи назми бор, ўзи дилкаш ва суҳбати ҳузурбахш киши бўлган. Эронда унинг 720 рубоийси ва пароканда шеърларини ўз ичига олган «Суханони манзуми Абусаид Абулхайр» тўплами[3] ҳамда шайхнинг сўзлари ва ҳолатлари баёни, у ҳақдаги ҳикоятлар асосида тартиб берилган «Асрор ут-тавҳид»[4] номли маноқиб нашр этилган. Хусусан:

Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,
Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад.
Он холи сияҳ бар он рух мутраф зад,
Абдол зи бим чанг дар Мусҳаф зад[5], -

рубоийси шоирга фавқулодда шуҳрат келтириб, унга бағишлаб 5 та рисола ёзилган[6].

Бу рубоийни соҳибқирон Амир Темур ҳам ёд билган. Абусаид Абулхайрга «қабул назари» Шайх Абулқосим Бишр Ёсиндан тушган: у Абусаиднинг келажагини башорат қилиб, «олам анинг била тирилгусидур»[7], деган эди.

Сўнг Сарахсда Шайх Абулфазл Ҳасан Сарахсийга мурид бўлиб, ундан тариқат одобини ўрганади. Устозининг даъватига кўра Нишопурга бориб, ўз даврининг машҳур олими Абдураҳмон Суламий қўлида диний илмларини камолга етказиб, иршод даражасини олади. У шайхлик хирқасини Шайх Абулаббос Қассоб Омулий қўлида кияди.

Тасаввуфга оид манбаларда Абусаид Абулхайр тариқатга шеъриятни омухта этган шайх сифатида тилга олинади. Сўфиёна рояларни акс эттирган илк қитьа ва рубоийлар ҳам унинг қаламига мансуб. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, тариқат шайхларининг шеъриятга мурожаат қилиши Абусаид Абулхайрдан бошланган. У ўзидан кейинги тасаввуф адабиётига катта таъсир ўтказган.

Илоҳий ишқ васфи, эзгулик ва эзгу амаллар, яхши ахлоқ тарғиби, вафо ва садоқат, ҳижрон туйғулари, замонадан ва нафсдан шикоят ва бошқа мавзулар Абусаид Абулхайр рубоийларининг асосини ташкил этади.

Бу намуналар, аввало, жозиб оҳанги, шавқингез руҳи ва латиф маъноси билан кишини ўзига тортади. Улар халқ оғзаки ижодига яқин, равон ва енгил услубда ёзилган. Лекин ўзида тасаввуфнинг кўплаб нозик назарий масалаларини ифода этганлиги жиҳатидан бу рубоийлар асосан самоъ мажлислари, сўфийларнинг маърифий суҳбатлари орқали машҳур бўлган.

Рубоиёт

1

Олам сири то ҳануз ечилмай келади,
Бу бебаҳо дур ҳамон тешилмай келади.
Ҳар бир киши ақли борича сўз айтар,
Ҳақ моҳияти лекин очилмай келади[8].

2

Сен теша каби ўйлама ўзингни фақат,
Ё ишни қилиб, қолма қуруқ ранда сифат.
Сен аррадан ол сабоқ ҳаёт мактабида:
Ярмини ўзингга олу ярмини узат!

3

Келтирди фалак қанча баҳору кузни,
Алмаштириб ўрнини кеча-кундузни.
Номард қўлига бериш учун дунёни
Мардларни териб, ер қаърига киргизди.

4

Хушбўй ҳидига мушк ила анбарни[9] гадо
Қилгувчи у сочинг кеча, эй нозик адо,
Тушди оёғинг остига-ю, қилди нидо:
«Бошдан-оёғим бошдан-оёғишта фидо!»

5

Майдон кенг-у, аммо марди майдон йўқдир,
Мард аҳлида ҳозир шавкату шон йўқдар.
Зоҳирлари гарчи авлиёга ўхшаш,
Ботинларида заррача иймон йўқдир.

6

Таcбеҳ ўгириб, умрни зоеъ қилма,
Май иста-ю, дунё деб югурма-елма.
Дединг: «Нима туҳфа келтирай ул дўстга?»
«Келтир нима келтирсанг-у, бедард келма»

7

Бўлмас сира бизда дилки, хуррам бўлгай,
Шодлик ўзи биз тарафда-ку кам бўлгай,
Ҳар шодлиги дунёни магар юз очса,
Келгунча етиб бизга ўшал ғам бўлгай.

8

Кўнглимни у ўтли сўзлари олдилар-ей,
Хам зулфлари, оҳу кўзлари олдилар-ей.
Дерлар менга: «Дил бердинг уларга не учун?»
«Мен берган эмасман, ўзлари олдилар-ей!»

9

Ёрдан сўрадим боисини ҳижронни,
Бул бўлди жавоби менга ул жононни:
«Мен кўзинг эрурман, йўқ ажаб, кўрмасанг-ей,
Мен жонинг эрурман, киши кўрмас жонни».

10

Маҳшар куни ҳамма йиғилар бир ерда,
Ажр олиш хавфи хар аёлу эрда.
Кафтимга қўйиб ишқини пешкаш этаман,
Менга: «Қани туҳфанг?» — дегани тақдирда.

11

Ҳеч битга ғами фурқати жононча эмас,
Ҳар қанча ёмон дарди-да ҳижронча эмас.
Қандоқ кечайин жоним эсанг, мушкул эрур,
Дунёни(нг) бирор бойлиги чун жонча эмас[10].

12

Кўп эзгу сўзим, аммо амал йўқ менда,
Бу ҳолимдан ор лоақал йўқ менда.
Осон гапириш мудом, қилиш мушкулдир,
Осон кўпу мушкул-чи, азал йўқ менда.

13

Ҳақ ошиғи тунларда туриб роз қилади,
Ёр эшигу томи узра парвоз қилади.
Ҳар қайда эшик бўлса, ёпарлар тунда,
Ошиқ эшигин тун чоғида боз қилади[11].

14

Дунё қулининг мол ғамидан кўнглида доғ,
Чоғдир бу жаҳонда танҳо дарвешда думоғ.
Занжир билан зангги[12] бўлса бўйнида магар,
Кўпроқ кўтаради ул эшак юкни-да, боқ.

15

Шарқ чўллари қўйнида тиканларки қатор,
Ошиқ элининг қонига оғушта — хумор.
Ҳар қайда паричеҳраю гулчеҳраки бор,
Оҳ, бу нима дард — барчасига мен харидор!

16

Аҳволи ғарибни бетайин билгайми?
Дард лаззатини бедард ҳис қилгайми?
Мард кишининг қимматини мард билади,
Номард назарига мардни ҳеч илгайми?

17

Огоҳ яшаб, огоҳлик ила ўл, эй дил,
Ҳақ толибисанми, йўлда жон таслим қил.
Ишқ бунда тириклик сифати — сен ҳам агар
Мансуб эсанг унга хоҳ яша-ю, хоҳ ўл!

18

Ёди туну кун ошуфта кўнглимга яқин,
Савдоси унинг кўксимаро гўшанишин[13].
Чиқмасман бандалиги доирасидан
То дил узуги ичра ҳаёт нақши бу кун.

19

Биз — ишқ қурбонимиз, жаҳон — кушхона,
Биз — очмизу бедор, жаҳон — ошхона.
Жаннат ҳаваси йўқ бизда, жаннат ўзи —
Бизнинг дўзахга рашк этар пинҳона.

20

Ҳарчанд ишимиздан хабардормасмиз,
Беҳуда тамошобини гулзормасмиз,
Ул ҳошияи китобга даркормасмиз,
Даркор-ку эмасмиз вале бекормасмиз.

21

Мен — ишқман-у, ҳар томирима ғам пайванд,
Мен — дардман-у, дил дардгадир ҳожатманд.
Мен — сабрман-у, шер панжасининг комидаман[14],
Мен — шукрман-у, мудом хоҳишим хурсанд.

22

Ҳар қанча агар яхши ишинг — сендан эмас,
Ё бўлса ёмон қилишинг — сендан эмас.
Кўн боригаю шод яша, яхшими-ёмон —
Дунё ишига ўтмас тишинг — сендан эмас.

23

Дунё ғаму дард манзилидир, билгайсан,
Йўқ фойдаси ҳар қанча дилинг тилгайсан.
Ҳар қуни бирор дўст фироғида куйиб,
Ҳар лаҳза бирор дўстга видо қилгайсан...

24

Эй кўз, қарасанг син солиб, кўргайсан то:
Дунё иши бошдан-оёқ дарду савдо.
Хилват ва қаноат уйини айла макон,
Осуда бўлай десанг, яшагин танҳо.

25

Оҳ, ўтди қуним дунёи ғаддор ғамида,
Оҳ, кечди туним ҳам йўқ ила бор ғамида.
Бир лаҳзаси дунёларга тенг умрим,
Ўтди беҳуда ташвиши рўзгор ғамида.

26

Юз шукр, сафо гулшани бўлди танинг,
Ишқ ғунчасига тўлди тамом пираҳанинг[15].
Жисмишта ҳарорат адашиб тушган экан,
Тер айлаб, уни тўкди ўзидан баданинг.

27

Дил аҳли[16] мудом қибла билар Ўзингни,
Кўксига тумор қилиб тақар сўзингни.
Қай кимсаки, юз ўгирса бу кун сендан,
Қай юз ила эрта кўради юзингни?!

28

Руҳ гулшанининг тоза гулидир чеҳранг,
Нозик шу қадарки, шом-саҳар, эй шўху шанг,
Кўзим ёнидан агар хаёлинг ўтса,
Киприк тегиб, аҳволи унинг бўлгай танг.

29

Лозим ҳидоят йўлига юз тутмоқ,
Ишқида кўнгилни зору ёлғиз тутмоқ.
Ўз тоату хайришта умид қилма сира,
Ҳақ раҳмату фазлига керак кўз тутмоқ.

30

Бўлсин десанг давлату дунё ҳамкор,
Сендан кишига етмасин асло озор.
Ҳеч қўрқма ўлимдан-у, ема ризқ ғамини,
Ҳар иккиси ўз вақти билан бўлгай ёр.

31

Айбу гуноҳим агарчи олам-олам,
Лутфу карамишта умидим мустаҳкам.
Қўллашга бечораларни сўз бергансан,
Дунёда бечора киши йўқ мендан ҳам.

32

Шод ёр ситамидан ким агар оҳ этмас,
Ички сиридан кимсани огоҳ зтмас.
Дил оташидан бошдан-оёқ куйса-да шам,
Ўт этагидан қўлини кўтоҳ[17] этмас.

33

Ким ошиқ эса, бошига тиғ келгусидир,
Заҳр етса унга, мисли шакар билгусидир.
Ҳарчанд жигарида қатра сув бўлмаса-да,
Дарё-дарё қонни нўш қилгусидир[18].

34

Ҳар турфа хатони гар Худо бағишлар,
Ҳар гуноҳ учун ўзга ато бағишлар.
Оламдаги бор нарсани(нг) қайсига фано,
Қайси бирига бўлса бақо бағишлар.

35

Бир тоифа ўзича ғурур айладилар,
Мақсад йўлида жабру қусур айладилар.
Бир тоифа даъвогар-у, бир тоифа-чи,
Сендан узилиб, ўзни ҳақир айладилар.

36

Дилхастаю бағри чок бўлмоқ лозим,
Кечмоғу вужуддан — пок бўлмоқ лозим.
Иш аввалида ўз-ўзидан пок бўлиб,
Ишнинг охирида хок[19] бўлмоқ лозим.

37

Рухсорини бениқоб бўлмайди кўриб,
Дийдорини беҳижоб бўлмайди кўриб.
Кун авжида кўзингни қамаштиргайдир
Офтоб-да бериб азоб, бўлмайди кўриб.

38

Ҳажринг-ла кетаркан, қолади дил қони,
Дўзахча-дўзахча ўту кул хирмони.
Шавқинг-ла келаркан бу жаҳон гулшанига,
Айбимдан очилгай неча гул бўстони.

39

Бу дунё вафо қилмас бир арпага ҳам,
Минглаб киши ошиқ унга аммо ҳар дам.
Душман билар Оллоҳ ўзига дунёни,
Ҳақ душманидир дунёни севган одам!

40

Мулкинг сени дил, майли, ғаминг мўл бўлсин!
Қайғу селидан хаста вужуд кўл бўлсин!
Дардинг нима қилса дилни лутфдир, йўқса —
Тор дилга ғамингни чеккали йўл бўлсин!

41

Гар мадрасадан ажри амал топгайсан,
Лек майкададан айши азал топгайсан.
Риндлар[20] уйига агар буюрсанг ташриф,
Иймон асосини тугал топгайсан.

42

Эй Тангри, Муҳаммад, Али, Заҳро ҳаққи!
Ҳусайну Қасану оли або[21] ҳаққи!
Қар икки жаҳонда ҳожатим айла раво
Эл миннатисиз Алиюлаъло[22] ҳаққи!

43

Эй Қайдари шоҳсувор, мадад вакти бу кун!
Саккиз имому[23] чорёр[24], мадад вақти бу кун!
Бу дунёда мен ожиз-у, душман кўпдир,
Эй соҳиби Зулфиқор[25], мадад вақти бу кун!

44

Эй Тангри, ўзинг каримсану ғаффорсан,
Раҳмону раҳиму роҳиму сатторсан[26].
Орзум шуки, бу бандаи шармандани ҳам
Ҳифзингга[27] олиб, лутфу карам айларсан...

45

Дил то бу жаҳон ташвишидан ҳур бўлмас,
Жисминг садафида[28] ҳеч қачон дур бўлмас.
Бош косасини тўлдиради нафсу ҳаво,
Энди унга бошқа нарса манзур бўлмас.

46

Дил боғлама: дунё тубану кони ҳавас,
Топтайди уни асли азал нокасу кас.
Минг жазмани бор бу маъшуқани нетасан?
Ул ёрни тила, бир сеники бўлгаю бас!

47

Ишқ ҳатто шерни зору гирён[29] қилади,
Юксак баридан — ким нима гумон қилади.
Душманлик қилар бўлса, меҳр кўрсаттай,
Дўстлик тиласа, юракни у қон қилади.

48

Эй, барча бу кўклигу баҳорлар сендан,
Ял-ял ёнган бу гулъузорлар сендан,
Оҳ чекиб, тўкар ёш беқарорлар сендан,
Cендан бу шамол, ёмғиру қорлар сендан.

49

Эй бод[30], сенга хоки Мустафо[31] ҳаққи қасам!
Эй ёмғир, Алийи Муртазо[32] ҳаққи қасам!
Эл келди фиғонга, етади, бас қилгил,
Эй дарё, шаҳиди Карбало[33] ҳаққи қасам!

50

Ишқ келди-ю, сочди бошимга хоки ғам,
Ёғдирди бало булутидан ёмғир ҳам.
Қон бўлди-ю кўнглим, вужудим ёнди чунон,
Ёш ўрнига кул тўкилди кўздан ҳар дам.

51

Ёр севгиси йўлида тутибмиз манзил,
Ёниш ҳунарини ўтдан ўрганди кўнгил.
Бошга кўтарарлар бу шаҳарда бизни,
Бу обрўни ишқ туфайли қилдик ҳосил.

52

Дўзахда агар зулфини қўлда тутаман,
Жаннат аҳлининг ҳолидан ор этаман!
Ёрсиз мени жаннатга қилишса таклиф,
Жаннатни бошимга ураманми — нетаман?!

53

Бир лаҳза ҳаваслар шамига сен пуф де!
Кўнглимга малол жамоли ҳар Юсуф[34] де!
Бу болдан бир ялам солай оғзишта,
Шаҳди сени маст айламаса гар туф де!

54

Ғамгинман-у, сен туфайли чекмасман ғам,
Ҳар лаҳза умидворману шоду хуррам.
Сендек қўли очиқ зотнинг даргаҳидан
Ҳеч ким ноумид эмас, умидвор мен ҳам.

55

Сўнгсиз ғаму дардингдан бедармонман,
Кўксим тўла доғ — ёна-ёна бирёнман[35].
Бағримни ёқар алам: кўзим гавҳаридек
Кўзимдасан-у, кўролмайин гирёнман.

56

Бир кун гулоб[36] орзусида боққа кирдим,
Гул чеҳрасини оташ ичида кўрдим.
Дедим: «Нега куйдиришди — айбинг борми?»
Дер: «Боғ ичида бир лаҳза хандон эрдим».

57

Бахтинг асосини, эй рафиқ, қўлга кирит,
Умрингни совурма беҳуда — қадрига ет.
Қар даврада, ҳар ерда, ҳар иш қилганда
Кўнглинг кўзини ҳамиша ул ёр сари тут!

58

Ким бошидан ишқ ичра жудо гар бўлмас,
Ошиқлик иши унга муқаррар бўлмас.
Ҳам ёрни-ю, ҳам бошни агар истар эсанг,
Ҳар иккиси ҳеч қачон муяссар бўлмас!

59

Дил сенга макон бўлмаса, қон қилгум уни!
Дўст тутмаса кўз, наҳри[37] равон қилгум уни!
Жонимда яшар висол умиди, йўқса,
Ҳайдаб вужудимдан, бемакон қилгум уни!

60

Ҳақ зикрини айтмоққа забон яхши эмиш,
Тоатни қилиш тунда ниҳон яхши эмиш.
Утмоқ тиласанг пули Сиротдан осон,
Нон бер гадоларга, чунки нон яхши эмиш.

61

Ҳар кимсаки, қўл тортмаса зулм — ваҳшатдан,
Маҳшарда у мосуво эрур шафқатдан.
Эй йўлтўсар, охиратда бу сен тўсган
Йўллар сени ҳам тўсгуси ҳақ жаннатдан.

62

Ориф[38] вужуди бўлса-да ҳарчанд огоҳ,
Қудсий[39] ҳараминг сари у йўл топмас, оҳ.
Арбоби шуҳуду[40] аҳли кашфнинг[41] дасти
Идрокинг этапши тутишга кўтоҳ.

63

Каъбада хаёлинг этса банд бегона,
Тоат бари фисқ-у, Каъбадир бутхона.
Гар дилда Худо-ю, манзилинг майхона,
Кечгай бу гуноҳингни ўзи жонона.

64

Ҳақ денгизи кон дурри ҳақиқатта, абас,
Гирдоби унинг тузоғ-у, кемаси — нафас.
Ҳар бир қулоғи садафни кўз гавҳаридир,
Ҳар мавж ишорадир киши қошига, бас.

65

Майхона пири нола чекар дардингдан,
Беайб гўдак-да ёш тўкар дардингдан,
Тонг қушлари-да фиғон этар дардингдан,
Оҳ, барчани минг бир оҳ тутар дардингдан!

66

Сочига тароқ урди ўшал сарви суман,
Беркитди юзини анбарин зулфи билан.
Номаҳрам у юзни кўра олмай энди
Сеҳр соҳибининг ҳийласига бергай тан.

67

Дарвеш[42] бўл-у, подшоҳга сира қасд этма,
Ҳеч фақр[43] этагидан-да узиб қўл кетма.
Кир оғзига аждарни-ю, дунё тилама,
Чоҳ ичра ўтир-у, орзуйи чоҳ этма.

68

Очди ўша дилбарим ниқоб бир ёқдан
Ҳам тонг кўтарди-ку ҳижоб бир ёқдан,
Гар қўпган эмас қиёмат — юз очди нега
Бир ёқдан ул ой-у, офтоб бир ёқдан?!

69

Бу ғамзадалар[44] давосини билгайсан,
Ушшоқ[45] дилининг дуосини билгайсан.
Айтиб нима қилдим сенга ўз дардимни,
Мендан кўра яхшироқ уни билгайсан.

70

Бу ҳийла дединг, йиғласам ишқингда зор,
Гар ҳийла эса, нечун кўзим қонли, ёр?
Сен ўз юрагишта менгзама ҳар дилни,
Йўқ, йўқ, санамо, диллар ичинда фарқ бор!

71

Сабримга, Худоё, мени сарвар[46] айла,
Ҳақ нури билан дилим мунаввар айла,
Бу ошиқи саргашта[47] қулинг ризқини ҳам
Эл миннатисиз Ўзинг муяссар айла!

72

Гар Каъба сари бизни югуртиргайсан,
Майхона аро ёки ўтиртиргайсан.
Бул барчаси мавжудлигимиз шарти эрур,
Кошки эди ўзликни унутгиргайсан[48].

73

Ул тун менга берганда висолингдан ранг,
Ялдо[49] каби тун қисқа-ю, кешликдир танг.
Ул тун вале мен забун билан қилсанг жанг,
Тун кўр-у, хўроз гунг-у, Сурайёдир[50] ланг.

74

Дилдан сўрадим: «Ишинг нечук, сўйла, ҳабиб?»[51]
Тўлди унинг дийдасию ёш тўкди ҳадеб.
Деди: «Не бўлар ҳоли ўшал кимсаниким,
Умрин басар этгай у биров хоҳиши деб?»

75

Кўпдан бери дил гулхани ҳижронда куяр,
Ашким ҳама ул дийдаи гирёнда куяр.
Куйгай эдим онқадар — дилингдан ўзга
Менда дили кофиру мусулмон-да куяр...

76

Мен дод этаман, ишқ илкидан дод этаман!
Бир нозли санамга тушди ишқим — нетаман?!
Ё жаҳд этиб васлига бир кун етаман,
Ё қолдириб армонлара дилни кетаман...

77

Мажнун нима дашт-у, нима тоғ — фарқ этмас,
Ошиқ нима бош, недир оёқ — фарқ этмас.
Маҳв айлаб ўзини, сени ким топса, ўшал —
Менлик нима, сенлик нима — боқ: фарқ этмас.

78

Ошиқману девонаману шайдоман,
Машҳурману афсонаману расвоман,
Кофирману бутпарастману тарсоман[52]
Бундан баттарман неча бор ҳатто ман!

79

Мансур[53] маърифат[54] баҳри[55] наҳанги гўё,
Тан пахтасидан жон чигитин қилди жудо.
Келтирганида тилга «Аналҳақ» сўзини,
Мансур йўқ эди унда, бор эрди Худо!

80

Кўнглимиз ғаминг билан тўлиқдир, эй дўст,
Дардинг туну қун бизга рафиқдир, эй дўст.
Мен кўнгли синикларни севарман, дебсан,
Бизнинг-да шу кўнглимиз синиқдир, эй дўст.

81

Мақсад йўли — Каъба, чалғима ўнг-сўлга,
Майхона десаш, тушарсан ўзга йўлга.
Майхона йўли валекин андоқ обод,
Чайқалмай ўтар қадаҳ-да қўлдан-қўлга.

82

Дардингни чекиб, тадбири дармон қилмам,
Зулфингни севиб, орзуйи иймон қилмам.
Жононим, агар жон тиласанг, хуш бўлгай,
Жононим учун андишаи жон қилмам.

83

Хоҳ шодман-у, хоҳ қайғуда — ёдинг дилда,
Ўлтирсаму турсам эзгу номинг тилда.
Ёдингга мен андоқ чулғанибман, эй дўст,
Кўрмайди кўзим ўзгани бу манзилда.

84

Бермиш сенга икки нарсани қодир Эгам,
Ҳар иккиси ззгуликда тоқдир чинакам:
Ул биттаси сийрат — тутасан дўст кишини,
Ул биттаси суврат — тутишар дўст сени ҳам.

85

Сенсиз мени бир лаҳза қарорим йўқдир,
Гарчи карамингдан сира зорим йўқдир.
Тил бўлса-да танда ҳар туким — минг тил ила
Шукрингни қилиш учун мадорим йўқдир...

86

Ёшга тўла кўзларимга уйқу йўламас,
Дардим — висолинг орзусидан ўзга эмас.
«Уйқунгда кўрарсан — кўзни юмсанг», — дерлар,
Ҳеч кимса вале: «Уйқунг ўзи борми?» — демас.

87

Эй хожа, ғурур сенга бўлибди ҳамроҳ,
Кўнглингда мудом боғу роғу хирмангоҳ.
Биз олами тажриднинг[56] ошуфтасимиз,
Бизнинг ғамимиз: «ло илоҳа иллаллоҳ».

88

Кўнглимдаги бор майлу таманно[57] сенсан,
Бошимдаги бор оғриқу савдо сенсан,
Ҳар қанча ҳаётга боқмайин, кўргайман:
Сенсан бугун-у, эрта-да танҳо сенсан!

89

Ҳар кексаю ёшнинг дили шод дардингдан,
Диллар сира бўлмасин касод дардингдан,
Мен хастанинг жисмини бу тупроқ уйида
Айлантириб ўйнар гирдбод дардингдан.

90

Гуноҳ юкидан заиф таним бўлмиш хам,
Тангрим, бу қулингни қилмагил кўпдан кам.
Гарчанд амалимда сенга мақбул иш йўқ,
Лутфингни дариғ тугма, Эгам, мендан ҳам.

91

Ишқингда сени жонни фидо қилгим бор,
Кўйингда йўғу борни адо қилгим бор.
Қай кунки кўрарман сени, эй умри азиз,
Ул кунда сенга жонни фидо қилгим бор.

92

Илм бирла амал агар баробар бўлгай,
Ҳар икки жаҳон сенга муяссар бўлгай.
Ул саҳфани мақтанма, хатм этдим деб,
Қайтар у варақ ортига — дафтар бўлгай.

93

Мойилмизу май ичишга, тақво дилда,
Дунёга берилгаймизу уқбо[58] дилда.
Дунё била дин сира келишганми, ахир?
Бас, бўлган эмас на дин, на дунё дилда!

94

Ҳар кимсаки, ишқ учун агар сайланади,
Ишқ ўқига учмоққа ўшал шайланади.
Қонга беланиб ётса-да, туриб-йиқилиб,
Уз қотилининг атрофида айланади...

95

Қошингда аёнлару ниҳонлар бари ҳеч,
Бор ўйлар, ишончлару гумонлар бари ҳеч.
Бўлмайди бериб нишона ҳеч зотингдан,
Ҳар қайдаки, Сен бор — нишонлар бари ҳеч!

96

Ёр келди-ю, айтди: «Хасга тут кўнглингни,
Ҳар лаҳза умидга баста[59] тут кўнглингни.
Мен кўнгли шикасталарни дўст тутгайман,
Бас, мени десанг, шикаста тут кўнглингни».

97

Бул аҳли замонадан ор қилсанг-чи?
Тарк этгали суҳбатин қарор қилсанг-чи?
Топмайди ривож банда иши банда билан,
Уммидни Узидан ихтиёр қилсанг-чи?

98

Васлинг сени қайда, мени маҳжур[60] қайда?
Дурдона қаерда, ғайрати мўр[61] қайда?
Қўрқув нима билмагайман қанча куйсам,
Парвона қаерда, оташи Тур[62] қайда?

99

Эй Тангри, мени ғамга гирифтор қилма,
То дўсту яқинлар қошида хор қилма.
Эл миннатисиз бергил Ўзинг ризқимни,
Лутфингни аяб, эл қўлига зор қилма.

100

Бир зот деди: «Ёр яшайди қай манзилда?»
Дедимки: «Ёр макони бизнинг дилда».
Дедики: «Дилинг қаерда?». Дедим: «Унда».
Деди: «У қаерда?» Дедим: «Уми? Дилда».

101

Уд[63] йўқ эди, тол таёғини келтирдим,
Юз қорасию соч оқини келтирдим.
Ўзинг деган эрдинг-ку: умидсизлик — куфр,
Шул боис умид маёғини келтирдим.

102

Бир лаҳза юзингсиз истиқомат қилмам,
Кўйингда бировларни маломат қилмам,
Наслингни қидиргали иқомат[64] қилмам,
Ишқингда-ку тавба то қиёмат қилмам.

103

Ул ёр кўйида ошиқи мардонаман-ей,
Тушдим вужудимдан айри, бегонаман-ей,
Ул илм талаб қилмади — лаб бойланди,
Ул ақл харид қилмади — девонаман-ей.

104

Айб айлама, эй хожа, агар ичсам май,
Ошиқлигу хумморлик учун этсам саъй.
Ҳушёр эканимда қуршаса ағёрлар,
Беҳуш эканимда оғуши ёрнинг шай.

105

Ишқинг хосу омдан эрса пинҳон, на қилай?
Дард ошса-да, топилмаса дармон, на қилай?
Дил ўзгага майл этса қанийди, аммо,
Мен истасам-у, бермаса дил ён, на қилай?

106

Қўзғолди жаҳонда сени деб фитна-фироқ,
Дарвешни яқин тутдинг-у, бойларни йироқ.
Сен хаммага сўзлайсан-у, кардир ҳамма,
Сен ҳамма билан-у, ҳамма кўрдир бироқ.

107

Мажнуни паришонинг ўзим — имдод[65] қил!
Оввораю ҳайронинг ўзим — имдод қил!
Ҳар чораси йўқнинг чорасози бўлгай,
Бечораю сарсонинг ўзим — имдод қил![66]

108

Дедимки: «Дилим». Деди: «Кабоб айлама кўп».
Дедимки: «Кўзим». Деди: «Селоб[67] айлама кўп»,
«Жоним», — деган эдим, деди: «Ишқ оламида
Кўп зору хароб, сен-да хароб айлама кўп».

109

Истар эсанг, Оллоҳ назарига илсин,
Тегрангда малаклар айланиб-ўргилсин,
Ё қилгил унинг ризолиги бор ишни,
Ё кўн у сени ҳар нима қилса-қилсин!

110

Эй хожа, ўлим хаёли ғам келтиргай,
Ўртаб у кўнгилни, кўзга нам келтиргай.
Юз марта ҳаётни ўйлаган қул бир бор
Балки эсига ўлимни ҳам келтиргай...

111

Ҳақ тоатисиз беҳишт умидин тутма,
Дин хотамисиз[68] мулки Сулаймон[69] кутма.
Гар икки жаҳон розилигин истарсан,
Ҳеч битта мусулмон дилини ранжитма.

112

Эй барча тирик жонни яратган Бирубор,
Ҳар бир қадами уларни сенга ошкор.
Даргоҳингга бойладим умид риштасини,
Энди мени қўллагил ўзинг, эй Ғаффор!

113

Маълум эди сенга то яралишга қадар
Қандоқ бўлиши аслида фарзанди башар.
Бас, банда гуноҳи бандадан эрмас, Эгам,
Ул банда қилар ҳар нени амр этсанг агар.

114

Эй Тангри, менга раҳнамое йўлла,
Бул бенаво қулга бир навое йўлла.
Тақдирим ипига боқ: тугун узра тугун,
Раҳм айла-ю, бир тугункушое[70] йўлла.

115

Дил аҳли маърифат сиридан огоҳдир,
Ўзни унутиб, Худо билан ҳамроҳдир.
Ўз нпфъинг-у, Ҳақ вужудин исботин қил,
Шул маънийи «ло илоҳа иллаллоҳ»дир.

116

Бегонанинг ишқи дилини тутди ватан,
Деб ҳеч мени ёзғирмасин ул сарви суман,
Чунки ҳали остонасининг тупроғи
Қайноқ жигарим қонларининг тафти билан!

117

Сўз гар узун эрса, мухтасар этмак шарт,
Феъл-хўйи ёмон ёрдан ҳазар этмак шарт.
Чин ёр кўйида валекин ўлмоқ лозим
Ҳамда уни тезда бохабар этмак шарт.

118

Эй Тангри, карам эшигин оч юзимга,
Кўринсин ўшал нажот йўли кўзимга.
Ҳар икки жаҳондан озод айла, токи
Ёдингни фақат кўрай раво ўзимга.

119

Эй ёр, биласанми, нимани хоҳлайман:
Васлинг сени — бор-йўғим мани, хоҳлайман.
Фарёду фигону оҳларим боиси шу:
Қар икки жаҳонда ман сани хоҳлайман!

120

Эй нозли санам, сени кўнгил хоҳлайди,
Айёми висолни муттасил хоҳлайди.
Васлинг менинг мақсадим мудом Оллоҳдан,
Шунчадир умид — қанчани дил хоҳлайди!

121

Ишқ ўлкасида бирор осуда дам йўқ,
Дард ортиғу бунда, озгина малҳам йўқ.
Чекмай аламу дард этма дармонни умид,
Беайбу гуноҳ умиди раҳмат ҳам йўқ.

122

Тут покиза дилни — боқади Ҳақ дилга,
Олмайди ғуборли дилни у бир пулга.
Зоҳид[71] дилини покласа Оллоҳ йўлида,
Айлантирар у жумла башарни қулга.

123

Кўнглим сирини билувчи Оллоҳим Ўзинг,
Кўрсатгучи тўғри йўл буюк шоҳим Ўзинг.
Дам урса чумоли гар бирор чоҳ тубидан,
Чумолини ҳолидан-да огоҳим Ўзинг.

124

Бўлганда аён табибга бул дарди ниҳон,
«Ёрдан ўзгасига, — деди у, — боғла забон».
Дедим: «Не таом ей?» Деди: «Дил қонини ич,
Парҳез сенга бўлгай, яна ҳар икки жаҳон»

125

Дунё сира қилмагай вафо инсонга,
На отага қолди-ю у, на ўғлонга.
То келса қўлингдан ўтказ умр тоат ила,
Шул чарх иши ҳам гадо-ю, ҳам султонга.

126

Ёнган куни оламда муҳаббатнинг ўти
Маъшуқадан ошиқ куйиш илмин ўқиди.
Ул дўст тарафидан келди бу сўзу гудоз[72],
Шамъ ёнмаса, парвона сира куймас эди.

127

Ҳайҳот, яна таратди хуш бўйини май,
Қўпди яна оввозайи ҳою ҳую ҳай[73].
Ҳақ сирлари янграр дил қулоғида мудом,
Оллоҳ тилидан фақирга йўллар уни най.

128

Оҳ-нола чекиш — фақирга бор шп бу кеча,
На сабр намоёндир-у, на ҳуш бу кеча.
Ўтган кеча ёр бағишлаган бир дамлик
Шодликка товон тўлаш билан хуш бу кеча.

129

То ўз вужудингдан пушаймон бўлмай,
Дил аҳлию ринд элига сарбон бўлмай,
Бу халқ назарида бўлмагайсан кофир,
Ишқ мазҳаби ичра чин мусулмон бўлмай.

130

Эй дўст, даво юбор бу беморларга,
Бер ризқини инсу жину ҳам ёрларга.
Сув бўйида ташналаб юрибмиз, сув бер —
Чанқоғини қондиргали бу зорларга...

131

Ҳайҳот, бу ғамимга эш бўлар одам йўқ,
Севгининг узун йўлида бир ҳамдам йўқ.
Дил қаърида роз жавҳари хирмон бўлди,
Тинглашга уни, нетай, бирор маҳрам йўқ.

132

Афсуски, йигитлик замони ўтди,
Шодмонлигу комронлик[74] они ўтди.
Сув бўйида ташна ётдим-у, ёнимдан —
Ул оби ҳаётнинг хуш сурони ўтди...

133

Бор дардим-у, ундан юрагим бирён-ей,
Бор ишқим-у, ҳар лаҳза кўзим гирён-ей.
Бир ишқки, дил тугул жаҳон тоб бермас,
Бир дардки, йўқ унга сира дармон-ей.

134

Келгил яна, хоҳ баланду пастсан, келгил,
Кофирми, мажусий, бутпарастсан, келгил.
Ҳеч бўлма умидсиз бу улуғ даргоҳдан,
Минг марта магар тавба ушатсанг, келгил.

135

Лутф айла Ўзинг, қилма паришон бизни,
Ҳарчанд ўрамиш гуноҳу исён бизни.
Зотинг — ғани-ю, биз — муҳтож, Ўзингдан —
Ўзгасига қилма зору нолон бизни.

136

Ким ўтмаса жамъдан[75], у сира фард[76] бўлмас,
Ким кечмаса ўздан, у сира мард бўлмас.
Ким дўст йўлида бор-йўғини этмаса маҳв,
Бедарддир ўшал — кўнглида ҳеч дард бўлмас.

137

Мисли Халилуллоҳ Каъба бунёд этсанг,
Тоат ва намоз-ла уни обод этсанг,
Ҳар кун икки минг бандани озод этсанг,
Етмас ангаким — ҳаммани гар пюд этсанг!

138

Жону дил аро суврату маъно сенсан,
Дин мақсади-ю, мазмуни дунё сенсан,
Ошиқ элининг маъшуқи танҳо сенсан,
Кимларга ниҳон, кимга ҳувайдо[77] сенсан!

139

Осон неча минг Каъбани обод айлаш,
Мушкул вале бир кимса дилин шод айлаш.
Лутф ила бир озодни қул этмоқ мушкул,
Осон вале мингта қулни озод айлаш.

140

Соқий[78], бўла қол, қадаҳни сун, ўлгайман,
Қўл май қадаҳидан олса тин ўлгайман.
Ҳар кимсани паймонаси тўлса — ўлгай,
Паймонам агар бўшаса, мен ўлгайман.

141

Ишқ сўзини ҳар дамки, қулоққа илдим,
Жону дилу кўзни ғам тиғида тилдим.
Ошиқу маъшуқни икки деб ўйлар эдим,
Ул иккиси бир экан — ўзимдан билдим.

142

Келгил яна, то сидқу ниёзим кўргил,
Бедор кечалардаги намозим кўргил.
Девона эмасман-у, фироқинг солди
Шу кўйга мени, э сарвинозим, кўргил...

143

Билгилки, тириклик бир умр дўст ила хуш,
Кўп эрса-да жабри, бирибир, дўст ила хуш.
Дерлар тилагинг беҳиштми, дўст дийдори?
Ғофилдир улар, беҳишт, ахир, дўст ила хуш!

144

Ул дўст висол эшигани бизга ёпар,
Ҳар лаҳза фироқ оташида дилни ёқар.
Бас, мен-да шу кўнглимни синиқ тутгайман,
Дўст чунки мудом кўнгли синиқларга боқар.

145

На сен-у, на мен азал сирин билгаймиз,
Ё ушбу муаммони-да ҳал қилгаймиз.
Ҳақ пардасидан ташқарида бор сўзимиз,
Гар тушса у, на сен-у, на мен қолгаймиз…[79].

146

Севгиси унинг бўлди бало бошимга,
Ҳеч ажрамас — ўхшайди қариндошимга.
Қочмоққа уринсам рамидан — ҳар гўшада
Тоғ-тоғ ғами пегавоз чиқади қошимга.

147

Султон дедиким, нақд хазинамдир ўшал,
Сўфий дедиким, ғам тўла сийнамдир ўшал,
Ошиқ дедиким, дардима малҳамдир ўшал,
Бир мен биламан, дилимда не ғамдир ўшал.

148

Сармояси инсон умрининг бир нафас-ей,
Бўлсин шу нафасда маҳраминг ҳамнафас-ей,
Ўлтирсанг агар шу ҳамнафас-ла бир нафас,
Мазмуни ҳаётнинг худди шу бир нафас-ей.

149

Бул чархи фалак кўзимга сенсиз тордир,
Ҳижрон юки остида дилим абгордир.
Умримни узайтириб, хижил қисмат ҳам,
Жонимни олиш эса ажалга ордир.

150

Ҳар ҳол била йўлингга кирилса хушдир,
Ҳар йўл била васлинг қидирилса хушдир,
Қар кўз била юзингни кўрилса хушдир,
Ҳар тил била номингни тутилса хушдир.

151

Қон бўлди кўнгил, мунча сабр кимга керак?
Эй жон, мени тарк айла, жабр кимга керак?
Эй дийда, уялсанг бўлар ўз ҳолингдан,
Ёр юзини кўрмасанг, бу нур кимга керак?!

152

Кўз ёшига айланди-ю кетди жисмим,
Жисмим нима, ишқингда унутдир исмим.
Мендан асаре қолмаса — бу ишқ нечун?
Мен бўлдим маъшуқ бутун — ошиқ ким?

153

Аҳд[80] ошиқимиз-у, жон унинг муштоқи,
Ёнгаймиз ишқ оташида то жон боқий.
Ғам газаг-у, дард надим-у, мутриб — нола,
Май бизга жигар қони-ю, кўзлар — соқий.

154

Кимнинг дилида бир сири пинҳон бўлмас,
Кўринса-да тирик, жисмида жон бўлмас.
Бор, дард талаб айла — иллатинг бедорлик,
Бир дардки, унга сира дармон бўлмас.

155

Ошуфта юзимдан туну кун зар ёғади,
Ёш ўрнига кўздан ўт саросар ёғади.
Ишқингнинг алангасида ёндимки чунон —
Севгимни булутидан самандар[81] ёғади!

156

Оламда агар чарху қуёшу ой бор,
Ишқинг майидан барчаси масту хуммор.
Сен фориғу оламдан, олам сенсиз ҳеч,
Хорижу макондан, у сенинг-ла пойдор.

157

Ошуфта этиб ишқ отли дарёда Ўзинг,
Маҳв айладинг ўзликни бу савдода Ўзинг.
Мен қайга етай зоту сифотингни тилаб,
Пинҳон-да Ўзингсан-у, ҳувайдо-да Ўзинг.

158

Ишқ исми у куйдиргучи оташни, ажаб,
Куфру дин уйига ўт қўяр ул, ё Раб.
Ишқ мазҳаби ўзга-ю, бўлакдир иймон,
Пайғамбари ишқ на ажамийдир, на араб.

159

Бор бизда жаҳонда яна бир ўзга жаҳон,
Жаннат ҳам эмас, дўзах ҳам — у ўзга макон.
Сармоямиз ошиқлигу бепарволик,
Зуҳд аҳлини йўли эса ўзга бегумон.

160

Исёнларимиз агарчи саҳро-саҳро,
Бир хасча эмас лутфи қошида аммо
Гуноҳларимиз бўлса-да кема-кема,
Ғам йўқ, сабаби: раҳмати дарё-дарё.

161

Гоҳ худди фаришта ҳазрати инсонман,
Гоҳи еб-ичишдан ортмаган ҳайвонман,
Гоҳ енгади шайтон — соҳиби исёнман,
Бу турфа феълимдан ўзимам ҳайронман

162

То меҳри Абу Туробни(нг) дамсозимдир[82],
Ҳайдар[83] ҳамиша ҳамдаму ҳамрозимдир.
Бу икки жигаргўша — менга икки қанот,
Синдирма паримни — вақти парвозимдир.

163

Дарддан оғиз очма, йўқ-ку жонингда ўшал,
Бу мавзуни қўй, йўқ ғаладонингда ўшал.
Лоф урсанг-у бойнинг қошида гавҳардан,
Аҳмоқлик эрур, бўлмаса конингда ўшал.

164

Ўхшайди кумуш кўзага асли бу жаҳон,
Гоҳ суви ширин-у, гоҳи аччиқдир, аён.
Умрим мана мунча, деб ғурурланма сира,
Ҳар лаҳза ажал оти эгарлоқ бегумон[84].

165

Мендан сўради бир киши: «Маъшуқанг ким?
Тутдим ўша нозли санам исмини шу зум.
«Қандай яшаяпсан бу каби ёр қўлида?» —
Деб йиғлади ҳолимга ўшал зот юм-юм.

166

Беғам яшай олмайди сира ошиқи лол,
Беёру диёрлик унга келмайди малол.
Бир ишвасига жон бериш орзуси унинг,
Билмай нима ҳижрон-у, нима васлу висол!

167

Умринг самари бошдан-оёқ макру фириб,
Ҳеч нолима, ўтсанг-да мудом қайғу чекиб.
Бўлма сира мағрур ўзинга — аслинг, ахир,
Тупроғу ҳавою суву ўтдан-ку, ҳабиб!

168

Ёр айласа қаҳрини намоён сенга,
Ғам чекмаки, меҳри уни чандон сенга.
Ойинадаги суратга ўхшар жонон:
Гар сен қарасанг, қарайди жонон сенга.

169

Эй Тангри, назар айла бу саргардонга,
Лутфингни кам этма ошиғу ҳайронга.
Сен қилмишима қараб мукофот берма,
Қиммат ярашар сенинг каби Раҳмонга!

170

Гар мадрасада сен энг билимдон бўлсанг,
Ҳар даврада зўр, дониши даврон бўлсанг:
Бу илм ила ишқ мактабида, тонг йўқдир,
Ёш бола каби ожизу нодон бўлсанг.

171

Хаста бу кўнгил давосини билгайсан,
Ўтли юрагим сазосини билгайсан.
Нетдим яшириб, гуноҳга ботган кишининг
Саркаш дили муддаосини билгайсан.

172

Етмас қўли сенга, ким хаёлинг қилгай,
Ё мен каби орзуйи висолинг килгай.
Ўз ҳосилини кўриб қувонса шояд,
Холикки, тамошои жамолинг килгай.

173

Ошиқ кеча-кундуз ўйлагай севганини,
Маъшуқ қизитар нозу карашма фанини[85].
Биз айбу гуноҳ қиламиз, сен лутфу карам,
Ҳар ким қилади-да қўлидан келганини.

174

Бу ғалвали бош савдоси, эй жон, бир ён,
Ўз қаҳри билан бу чархи даврон бир ён,
Ошуфта бу дил дарди бегумон бир ён,
Бу барчаси бир ён, ғами жонон бир ён.

175

Ёдингдан кўнглим сира гофил бўлмас,
Жон танда экан, ўзгага мойил бўлмас.
Дил кўзгусига тушибди юзинг акси,
Бу сувратинг энди сира зойил бўлмас[86].

176

Ишқингда, санам, гоҳ бутпараст эрмишман,
Гоҳ ринду хароботию[87] маст эрмишман.
Девона феълим барига боис — шодман,
Гар гоҳи баланд-у, гоҳи паст эрмишман.

177

Ул бандага лутф эт ўзга ёри йўқдир,
Дардингни чекар — бўлак шиори йўқдир.
Ишқингда шу ҳолатдаки ул, бир лаҳза —
На сенсиз-у, на сен-ла қарори йўқдир.

178

То кўрдим-у гул юзингни, эй шамъи Тироз[88],
На иш қиламан, на рўза бор-у, на намоз.
Сен бирла мажозим-да менинг жумла намоз,
Сенсиз-чи, намозим-да менинг жумла мажоз.

179

Элдан сира қилмишимни пинҳон тутма,
Дунёни(нг) мушкулин менга осон тутма.
Шод айла бугун-у, эрта ҳам лутфишта
Мос бўлмаган арзимас бир эҳсон тутма.

180

Ё Раб, мен агар гуноҳни одат қилдим,
Жонимга ўзим ситамни беҳад қилдим.
Амрингга нима зиддир — ўша ишдан мен
Юз бурдиму тавба қилдиму бад қилдим.

181

Сен ўйламаки, мени жаҳон қўрқитгай,
Ташрифи Азроил бегумон қўрқитгай.
Ҳақ бўлса ўлим — мен нега қўрқай ундан?
Худбинман-у, шу мени ёмон қўрқитгай.

182

Фазлинг ила барча мушкулим осон қил,
Лутфинг ила дардимга менинг дармон қил.
Мен — зору ҳақир, бас, бир нима қилма умид,
Сен — шоҳсан улуғ, шунга қараб эҳсон қил.

183

Маҳшар куни зўр савол-жавоб бўлгаймиш,
Ёр «марҳамати» қаҳру итоб бўлгаймиш.
Ёрнинг қўлидан гарчи ёмонлик келмас,
Диллардаги қўрқув беҳисоб бўлгаймиш.

184

Афсуски, киши огоҳ эмас дардимдан,
Йўқдир хабари бу чеҳраи зардимдан[89].
Дўстлик ҳаки, ол хабар фақирдан, эй дўст,
Топмайсан асар йўқса бирор гардимдан.

185

Куйган юрагимдан йиғди доман юрагинг,
Мен — телбасидан қутулди зотан юрагинг.
Гар қилса вафо умрим, узай дил сендан,
Худди ўзинг узган каби мендан юрагинг.

186

Бул умр баҳор эрка елига қолсин!
Бул дийдами — тоғларни селига қолсин!
Шундай яшаким, кўз юмсанг, ҳайрат қўлини
Тишламак иши башар элига қолсин!

  1. Бу иборани, бизнингча, «Худонинг суюклиси», «Оллоҳнинг эркаси» тарзида талқин қилиш лозим (Эргаш Очилов).
  2. Бу иборанинг мазмуни: «Илоҳий оламни сайр зтувчи улуғ зот», демакдир (Э. О.).
  3. Суханони манзуми Абусаид Абулхайр (Бо тасҳиҳу муқаддимаю ҳавошию таълифоти Саид Нафисий). Чопи шашўм. - Техрон, 1376 (ҳижрий).
  4. Асрор ут-тавҳид фи мақомоти шайх Абусаид (Толиф Муҳаммад бин Мунаввар бин Абусаид бин Тоҳир бин Абусаид Майҳаний). Муқаддима, тасҳеҳу таълифоти доктур Муҳаммадризо Шафеъий Кадканий. Чопи чаҳорўм. Иборат аз ду жилд. - Теҳрон, 1376 (ҳижрий).
  5. Суханони манзуми Абусаид Абулхайр. С. 30.
    Маъноси: Ҳурлар нигоримни қўриш учун саф тортдилар. Жаннат ҳам ҳайратланиб, қарсак чалиб юборди. У қора холли маҳбуба юзларига парда тортганида абдол (Худонинг хос бандалари, яқинлари) қўрқувдан Қуръонга чанг урди.
  6. Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор тарихи. - Тошкент, 1994. 75-бет.
  7. Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд (Насойим ул-муҳаббат). - Тошкент, 2001. 207-бет.
  8. Бу рубоий Абу Наср Форобийга ҳам нисбат берилади.
  9. Анбар — хушбўй модда; мажозан: зулф.
  10. Бу рубоий Паҳлавон Маҳмудга ҳам нисбат берилади.
  11. Боз қилади — очади.
  12. Занг — қўнғироқ, зангўла.
  13. Гўшанишин — пинҳон ўтирувчи; хилватда ўтирувчи.
  14. Ком — оғиз, танглай; мурод, мақсад, орзу; бахт.
  15. Пираҳан — кўйлак.
  16. Дил аҳли — маърифат аҳли, орифлар, донишмандлар.
  17. Кўтоҳ — қисқа, калта.
  18. Нўш қилиш — ичиш.
  19. Xок — тупроқ; хор, ҳақир.
  20. Ринд — шариат ва тариқат босқичларидан ўтиб, ҳақиқат асрорига еттан киши. Илоҳий майдан маст ва ҳурфикр инсон тимсоли.
  21. Оли або — Муҳаммад пайғамбар хонадони: Муҳаммаднинг ўзи, куёви Али, қизи Фотима, набиралари Ҳасан ва Ҳусайн.
  22. Алиюлаъло — Ҳазрат Али.
  23. Саккиз имом — Ҳазрат Али ва унинг авлодларидан иборат имомлар: Али ибн Абу Толиб, Ҳасан, Ҳусайн, Зайн ал-Обидин Али, Муҳаммад ал-Бокир, Жаъфар ас-Содиқ, Мусо ал-Козим, Али ар-Ризо.
  24. Чорёрлар — «ҳулафо ар-рошидин» — «тўғри йўлдан борган халифалар»: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али.
  25. Соҳиби Зулфиқор — Ҳазрат Али. Муҳаммад алайҳиссалом Зулфиқор номли қиличини унга ҳадя қилган.
  26. Карим, Ғаффор, Раҳмон, Раҳим, Роҳим, Саттор — Худонинг зоти ва моҳиятига ишора қиладиган исм ва сифатлари бўлиб, уларнинг адади 99 та.
  27. Ҳифз — сақлаш, муҳрфаза қилиш.
  28. Садаф — ичида гавҳар етиладиган ҳуққа.
  29. Гирён — йиғловчи, йиғлаб турган.
  30. Бод — ел, шамол.
  31. Мустафо — Муҳаммад алайҳиссаломнниг исмларидан бири.
  32. Ўз илми, хулқи ва дин йўлидаги хизматлари билан Оллоҳ, пайғамбар ва ислом аҳлининг ризосига сазовор бўлган, деган маънода Ҳазрат Алига Муртазо лақаби берилган.
  33. Шаҳиди Карбало — Ҳазрат Алининг ўғли Имом Ҳусайн. Халифа Язидга қарши ҳокимият учун курашда 680 йили Куфа яқинидаги Карбало даштида ўлдирилган.
  34. Бу ерда ҳусну жамол тимсоли бўлган Юсуф алайҳиссалом кўзда тутилмоқда.
  35. Бирён — қовурилган.
  36. Гулоб — гул суви, атиргул япроқларидан олинадиган хушбўй ичимлик; мажозан: кўз ёши.
  37. Наҳр — дарё.
  38. Ориф — маърифат соҳиби, Оллоҳни таниган киши, комил инсон. Оллоҳнинг зоти, сифатлари ва исмларини мушоҳада этадиган завқий ва важдий илмлар эгаси бўлган зот.
  39. Қудсий — пок, покиза.
  40. Арбоби шуҳуд — ваҳдат уш-шуҳуд таълимоти арбоблари. Бу таълимотнинг моҳияти шундан иборатки, сўфий нимага боқмасин, ўша нарсанинг ўзини эмас, балки унда Ҳақни кўради. Чунки ваҳдат уш-шуҳуднинг ўзи ҳамма нарса Оллоҳдан деган маънони бидциради.
  41. Аҳли кашф — орифлар, валийлар.
  42. Тасаввуф истилоҳотида дарвеш изловчи, истовчи маъносини ифодалаб, сўфий, фақир, ошиқ, ориф, соҳибдил, соҳибасрор, соҳибназар каби ўзини Ҳаққа бағишлаган кишиларнинг тимсоли бўлиб келади.
  43. Фақр — тариқатнниг тўртинчи мақоми. Дунё неъматлари, вужуд эҳтиёжларидан қўл тортиб, фақат Ҳаққа муҳтож бўлиш.
  44. Ғамзада — рамгин, қайғули.
  45. Ушшоқ — ошиқлар.
  46. Сарвар — етакчи, йўлбошчи, раҳбар.
  47. Саргашта — сарсон, овора; саргардон; паришон.
  48. Ўзлик — инсоннинг нафс ва дунё билан боғлиқлиги. Нафс ва дунё — Ҳақ йўлида тўсиқ.
  49. Ялдо — қишнинг энг узун кечаси; ниҳоятда қоронғи тун.
  50. Сурайё — юлдузлар туркумидан бирининг номи. Олти кичик юлдузнинг бир ерда жам бўлишидан иборат.
  51. Ҳабиб — дўст.
  52. Тарсо — насроний, христиан.
  53. Мансур — машҳур сўфий Мансур Ҳаллож (858—922). «Анал-ҳақ» — «Мен — Худоман» дегани учун ўлдирилган.
  54. Маърифат — Оллоҳ моҳияти ҳақидаги илм.
  55. Баҳр — денгиз, уммон, катта дарё.
  56. Тажрид — бошқалардан ажралиш, танҳолик.
  57. Таманно — истак, умид; мақсад.
  58. Уқбо — охират.
  59. Баста — боғлиқ.
  60. Маҳжур — айрилиб қолган; маҳрум.
  61. Мўр — чумоли.
  62. Оташи Тур — Тур тоғида Мусо алайҳиcсаломга намоён бўлиб, ўз жилваси билан тоғни майдалаб ташлаган илоҳий нур.
  63. Уд - бу ерда: ўтга ташлаганда хушбўй ҳид таратадиган ёғочнинг бир тури.
  64. Иқомат — бу ерда: саъй-ҳаракат маъносида.
  65. Имдод — кўмак, ёрдам, қўллаш; илтижо, ялиниш, сўраш.
  66. Бу рубоий Жалолиддин Румийга хам нисбат берилади.
  67. Селоб — сел суви, тошқин; мажозан: кўз ёши.
  68. Xотам — узук.
  69. Сулаймон — шон-шавкатли подшоҳ ва пайғамбар. Унинг мол-мулки ҳад-ҳисобсиз бўлган. Еру осмон, шамол, деву пари, барча ҳайвонот олами унга бўйсунган.
  70. Тугункушой — тугунларни ечувчи, мушкулларни ҳал қилувчи.
  71. Зоҳид — узлат ва тақвони касб қилиб, дунё лаззатидан юз ўгирган киши. Бу тоифа ишқ ва ирфон (илоҳий маърифат)дан бехабар бўлиб, уларнинг мақсади тақво билан охират мағфиратини қозониш, Қуръонда ваъда қилинган жаннатнинг ҳузур-ҳаловатига етишиш. Сўфийларнинг ҳар икки дунёдан мақсади Худонинг ўзи, унинг дийдори бўлганлиги учун ҳам зоҳидларнинг бу ишини тамаъгирлик деб ҳисоблайдилар ва уларни танқид қиладилар.
  72. Сўзу гудоз — ёнишу қуйиш (эриш); ғаму алам, дарду ғусса.
  73. Ҳою ҳую ҳай — самоъ мажлисларидаги ғайбий моҳиятга ишора қиладиган зикр сўзлари.
  74. Комрон — мақсадга эришган, бахтли.
  75. Жамъ — хотирни жам қилиб, халқдан узилган ҳолда Ҳақни мушоҳада қилиш. Бу соликнинг фано мартабасидир.
  76. Фард — танҳо, халқдан узоқ.
  77. Ҳувайдо — аён, равшан, ошкор.
  78. Соқий деганда сўфийлар Оллоҳни, Муҳаммад алайҳиссаломни, маъшуқани, пир ёки комил инсонни назарда тутадилар. Соқий даврага май улашгани каби улар ҳзм одамлар қалбига илоҳий файз бағишлайдилар, ҳақиқий ишқ ўтини соладилар, ғайб маърифатидан баҳраманд этадилар.
  79. Бу рубоий Умар Хайёмга ҳам нисбат берилади.
  80. Оллоҳ ўз ризосига эришган хос бандаларига охиратда жамолини кўрсатишга ваъда қилган. Бу ерда шунга ишора қилинаяпти.
  81. Самандар — афсонага кўра ўт ичида туғилиб, ўт ичида яшовчи, ранги ҳам оловранг жонивор.
  82. Дамсоз — ҳамдам, ҳамсуҳбат, улфат, сирдош.
  83. Ҳайдар — шер; ҳазрат Алининг лақаби.
  84. Бу рубоий Умар Хайёмга ҳам нисбат берилади.
  85. Фан — илм, ҳунар, санъат; хийла, найранг; мақсад.
  86. Зойил бўлиш — йўқолиш.
  87. Xароботий —хароботахли. Харобот — инсоний сифатларнинг хароб-у, жисмоний вужуднинг фоний бўлиши. Кишининг хароботийлиги унинг комиллигидирки, ундан беихтиёр равишда илоҳий маърифат содир бўлади. Хароботдан мақсад — комил инсон ҳузури; пири харобот — комил инсон, ориф шайх; харобот аҳли — риндлар.
  88. Шамъи Тироз — Тироз гўзали; гўзал маҳбуба.
  89. Зард — сариқ, сариқлик; сарғайган юз.