OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАдҳам Дамин
Асар номиБизда ҳам ғурур бор (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Адҳам Дамин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бизда ҳам ғурур бор (ҳажвия)
Адҳам Дамин

Кечаси уйга ширакайф кириб келганимда уйқусираган кўзларини ишқалаб, «Намунча» дея хушламай эшик очган хотинимни кўргач, вақт алламаҳал бўлиб қолганини пайқагандек бўлдим. «Овқатни иситайми?» дегани қулоғимга дағал эшитилди. «Емайман!» дедим кескин. Қорин оч бўлса-да, бизда ҳам ғурур бор.

Хотиним хўмрайганича ётоққа кириб кетди. Мен эса залга ўтиб, диванга ёнбошладим. Ҳадеганда уйқу келавермади. Стол устида хотинимнинг сумкаси турарди. Шайтон ўлгур сумкани очиб яхшилаб титкила, аёл кишининг сумкаси сир-синоатга тўлиқ ҳазина, дейди. Ўнг елкамдаги раҳмон фариштаси эса «уят эмасми, кап-катта одам» деб бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Кайф — таранг, ўйлардан бошим гаранг, фикрим чалғиб, қай бирига ён босишни билмайман. Охири, шайтон васвасаси ғолиб келди. Шартта сумкани қўлга олиб ялтироқ тугмачисини тордим — «чиқ» этиб очилди. Ўпирай, кичкинагина бўлса-да, нақ хазинанинг ўзи-я: узилган тугмачаларми-ей, парча қоғозларга ёзилган телефон рақамларими-ей, кондуктордан қайтган эски-туски уч сўмлик, беш сўмликларми-ей... Xуллас, санаб саноғига ета олмаймиз. Бирдан кўзим яп-янги, бежиримгина ҳужжатга тушиб қолди. Қизиқ, буниси нима экан? Ия, ёзувлари инглизча-ку! Орасида қўлда ёзилган ўзбекчаси ҳам бор. Шошиб ўқидим — хотинимнинг исм-фамилияси дона-дона қилиб ёзилган. Ўнида эса қандайдир чет эл машинаси маркасининг номи, сотилган куни ва ҳатто ҳарфли-рақамли номеригача қайд этилган. Бунга ҳам бир ой бўлай деб қопти. Охирида қандайдир фирманинг муҳри ҳам бор. Во дариғ, бу қандай гап ахир? Қайта қуриш ўтиб, тижорат замонлари бошланиб, эрни уйга михлаб, ўзга юртларга бориб мол келтириб, олди-сотти қилиб рўзғор тебратаётган аёллар борлигини биламан, лекин сира-сира бир уйда туриб, эридан бемаслаҳат машина олган аёлни энди кўришим. Э дунёи қўтир, бир томони чўтир, эр деганнинг қадр-қиймати шунчалик бўлдими? Бир оғиз индамай, сен ҳам одаммисан демай... Ахир, бизда ҳам ғурур бор-а!

Нима қилиш керак бунақа ўзбошимча хотинни? Бесўроқ машина олса-ю, тағин бир ойдан буён ўғри мушукдек чурқ этмай, маза қилиб миниб юрса-я! «Права»ни ҳам тўғрилаган ҳойнаҳой. Ахир, мошинга пул топган одам «права»га топмайдими? Қаерга қўйди экан? Бир-икки умумий гараж томондан келаётганини кўргандек бўловдим-а. Ҳозироқ уйғотиб... Ҳе, ўша, эрини сариқ чақага олмай мошин минадиган ойимча-сатангни... Эси бор одам, ўз қадрини билган одам бундай хотиннинг ковушини бир кундаёқ тўғрилаб қўяди. Зўр келса, чопонини мардларча елкага ташлаб, тоғу тошларга бош олиб чиқиб кетади. Ахир, эр деганнинг обрўйи шуми?

Ўрнимдан шартта турдиму полни ғичирлатиб битта-битта босганча ётоққа кириб бордим.
— Тур! Тур ўрнингдан, — дедим бақириб хотинимни турткилаб, умримда биринчи марта санлаганча. — Сен билан орани очиқ қилмоқчиман.
— Нима, — хотиним ёқимсиз дўнғиллади. — Ярим тунда маст-аласт келганингиз етмай... Эртага гаплашармиз.
— Тур деяпман, сенга! — хунобим ошиб баттар ўшқирдим. — Ҳозир гаплашамиз! Иссиғида! Айни пайти! Эртага кеч бўлади! Мен ҳам эркакман. Ғурурим бор!

Залга чиқиб диванга оғир чўкдим. Ортимдан юз-кўзларида минг ҳадик билан хотиним кириб келди.
— Мен сенга кимман? — яна ўшқирдим унга қараб. — Айт!
— Болаларимнинг отаси.
— Яна-чи?!
— Эримсиз.
— Xайрият, унутмабсан, ўзбошимча...
— Вой, нима қиппан?!
— Тағин сўрайди-я! Одам деган бир иш қилса, аввало, эри билан маслаҳат қилиши керакми? Мошин олганингга бир ой бўлибди, гажаванг қилиб миниб, юрибсанакан-да! Эрингга бир оғиз айтмабсан-а, номард! Одам деган ҳам шунақа бўладими?

Хотиним шундагина бир нарсани тушунгандек дам стол устидаги очиқ-сочиқ ётган сумкасига, дам унинг ёнидаги машина ҳужжатига қараб кулиб юборди.
— Вой ўлмасам, хаёл қурсин, айтиш эсимдан чиқибди. У-ми? Ахир у — немисларники-ку: «Пфафф Зингер» — тикув машинаси...

Диванда қандай турган бўлсам, шундай ўтириб қолдим. На кулишни биламан, на йиғлашни. Кечирим сўрай десам, ғурур қурғур қўймайди.

Сўнгги гапни дона-дона қилиб хотиним айтди.

— Ўлганингиз яхши бу кунингиздан... Алкаш! Xурмачага сиққанча ичингда! Ғурури бормиш яна...