OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАҳмад Аъзам
Асар номиАлмисоқдан қолган Карим (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Аҳмад Аъзам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм79KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Алмисоқдан қолган Карим (ҳикоя)
Аҳмад Аъзам

Карим — пастаккина, кўримсизроқ йигит, лекин жуда кучли, чайир; муштумлари юм-юмалоқ, тошдек қаттиқ. Карим тош кўтариб, эспандер билан қўлларини роса пишитган. Агар иккита ёнғоқни кафтида сиқса, ёнғоқлар эзилиб, мағзи пўчоғига ўтиб кетарди. Қалпини топиб урса, ҳар қандай йигитни ҳам қулатади. Пахтада, ётоқни тозалашга ўзининг ўрнига уни мажбурламоқчи бўлганда, факултетнинг энг уришқоқ, бўйчан йигитларидан бири — каттақўрғонлик Искандарни қалпини топиб бир урган, яхши ҳамки, девор бор экан, бўлмаса, Искандар учиб тушарди. Агар шунда Искандарнинг шериги Қодир Каримни маҳкам қучоқлаб олмаганда, Карим уни чатоқ қиларди. Лекин, бари бир, Қодир қўйиб юборгандан кейин у ҳеч нарса қилолмади — улар зўрлик қилишди. Аламдан Каримнинг кўзига ёш келди. Хўрликдан эмас, аламдан: кучи бўлатуриб бўйининг пастлигидан, шундай бақувват қўлларининг калталигидан, рақибларининг икки кишилигидан, курсдошларининг ҳаммаси бундан бехабар, ташқарида — мактаб ҳовлисида қийқириб футбол ўйнаётганидан, буларни деразадан кўриб қолган Манзуранинг чинқириб юборганидан, яна битта — жуда муҳим сабабдан йиғлаб юборди.

Бу гап штабга бориб етди. Манзура: «Курсдошимиз Каримни учинчи курсдаги Искандар билан Қодир тентак роса уришди», деб қизларга сотиб қўйибди; фаоллиги ошиб-тошиб ётганидан ўзини яна нима масалаларда кўрсатишни билмай юрган Салима штабга бориб айтибди. Декан пахтадагиларнинг аҳволидан хабар олгани шу куни келган экан, бу гапни эшитган заҳоти учаласини ҳам чақиртирди. Искандар ҳайдаладиган эди, ғирромликка ўтди, ўламан саттор, олдин ўзи урди, деб исботи учун шишиб турган юзини пеш қилди, оғзини очиб кўрсатди: Каримнинг бир уришидаёқ унинг лунжи ичидан тарам-тарам қирқилиб, ҳамон қонталаш бўлиб ётган экан.

Декан Искандар билан Қодирнинг бир ойлик стипендиясини олиб ташлади. Бироқ, бунинг Каримга иссиғи ҳам, совуғи ҳам йўқ эди. «Майли, улар стипендиясини олсин, менга бари бир. Лекин бир кун эмас, ахир бир кун Искандарнинг якка ўзи қўлимга тушиб қолар-ку», деди.

Искандарни якка қўлга туширганда Карим нима қилишини ўзи биларди-ю, аммо вазият ўзгариб қолди — Искандар шу куни оқшом жўражонларидан олтитасини эргаштириб, уларнинг ётоғига бостириб кирди. Энди ухламоқчи бўлган Каримни куткилашиб, ўртага олишди. Бу ёғи тушунарли эди, йўқ агар Адҳам бўлмаганда, бу ёғи нима билан тугаш ўз-ўзидаш маълум эди.

Ана шунда Адҳам ўзини кўрсатиб қолди, шу билан ҳаммани ҳайиқтириб, Каримнинг ҳаётига, ички сирларига аралашиб кетди. Каримнинг эса ҳеч кимга айтмаган, айтолмайдиган битта ички сири бор эди. Ва бу сир жуда муҳим эди.

Хуллас, Адҳам ана шунда орага тушди. Искандар жўралари билан бостириб кирганда бошқа болалар қўрқиб кетишди (биринчи курсда), Адҳам эса кичкина эговча билан тирноғини тозалаб ўтирган эди, индамай қўзғалди-да, Каримнинг ёнига келиб, уни Искандарлардан тўсиб олди ва гўё б ерда ҳеч гап бўлмаётгандек, бамайлихотир тирноғини тозалайверди. Боши оғиб, кимқайлардан адабиёт факултетига тушиб қолган хумкалла, ғирт безори Маъруф уни туртиб, « Сан бола, нари тур», деганда, Адҳам киприк қоқмай, хўппасемиз, айиқполвон Маъруфга шундай деди: «Қўлингни торт. Кучим бор, деб овора бўлма, қўл кўтарганинг заҳоти кекирдагингни суғуриб оламан. Кейин, геофакдаги «Байрон»ни,

«Чингизхон»ни биласанми? Билсанг бўпти-да!»

Шу гапдан сўнг Маъруф негадир бирдан чўкди, бошқаларининг ҳам шашти сўниб қолди. Искандар Маъруфга қаради, Маъруф эса шерикларига мўлтираб тикилди. «Бу хотинлик,— деди Адҳам шунча гап етмагандек. — Бир кишига етти киши бўлиб келиш — хотинликнинг ўзгинаси. Албатта, ҳозир Каримни, Каримга қўшиб, ким билади, балки мени ҳам урарсизлар. Лекин эртага... эртага бошқатдан бошқача гаплашамиз». :

Кейин муросаю мадора бошланди: улар Каримн тинч қўядиган, Карим ҳам Искандарга индамайдиган бўлди (буни Адҳам ўз устига олди). Маъруф Адҳамни қўярдақўймай ташқарига судради. Улар нимани гаплашишди — буни ҳеч ким билмади. Қайтиб киришганда Маъруф Адҳамнинг елкасидан дўстона қучмоқчи эди, Адҳам унинг қўлини силтаб ташлади. Шунча гап-сўзнинг орасида Адҳам қўлидан ялтироқ эговчани туширмади, пуфлаб-пуфлаб тирноғини тозалайверди.

Ҳамманилг кўзи, бор ҳайронликнинг сабаби шунда бўлгандек, эговчадан узилмади.

Хуллас, жанжал босилди. Лекин Каримнинг қўли, Адҳамнинг юраги бақувватлигини ҳамма билди.

Каримнинг юрагида гап бор эди.

«Байрон» билан «Чингизхон»нинг кимлигини Карим эртаси куни Адҳамнинг ўзидан билди. «Байрон»— география факултетининг тўртинчи курсидаги Қобил, «Чингизхон» эса унннг жўраси Турмуҳаммад экан. Карим уларни бир марта кўрган: Қобил озғин, оқсоқ бола; силлиқ, чўзинчоқ юзи нимаси биландир чиндан ҳам шоирларга ўхшаб кетади. Турмуҳаммад — қийиқ кўз, мўғулбашара, ҳайбатидан одам ҳуркади. Унинг-ку зўрлигига ишонса бўлади, гавдасининг ўзи кимлигини шундоқ кўрсатиб турибди. Лекин Қобилнинг нимаси одамни чўчитар экан, буни Карим билолмади.

Адҳам ҳам буни тушунтириб айтмади, Карим ҳам сўрашни ноқулай деб топди. «Лекин, ошнам, бизники ҳам номардлик бўлди,— деди Адҳам,— ном сотдик. Бошқа чора йўқ эди-да».

Шунда Карим Адҳамни бирдан яхши кўриб кетди, Адҳамнинг нимасидир уни ўзига ром қилиб олди. «Яккама-якка чиққанда, Маъруфни урармидингиз?», деб сўради Карим — шу топда у Адҳамнинг Маъруфга бас келишига ишонарди. Адҳам маъюс илжайиб қўйди. «Ўша ҳўкизни-я! Бир калла урса, қайтиб ўнгланмасам керак,— деди.— Мен нимани номардлик деяпман—кучим етмаслигини билиб туриб, «Байрон» билан «Чингизхон«ни орага солганимни-да. Лекин энди булар билан шунақа гаплашиш ҳам керак».

Карим айтмаслиги кераклигини яхши билиб турса ҳам, бари унга яқннлашгиси келганиданми ёки кечаги ҳимояси учун ўзича миннатдорчилик билдирмоқчи бўлдими, ишқилиб, Адҳамга кўнглини очди: ҳеч кимга сездирмаган, билдирмаган юрак сирини — Моҳбибини яхши кўришшш тутила-тутила айтиб берди. Адҳам эса у кутганчалик очилиб гаплашмади, фақат: «Ҳа-а», деди-ю, ғалати қараб қўйди.

Карим сирини бериб қўйганига афсусланди. Афсуслангани заҳоти шу гапларни айтиб Адҳамнинг домига тушганини, нима учундир бундан сўнг унга бўйсуниб юришини ҳис этиб, кўнгли эзилди,

Адҳам уни ечинтириб қўйган эди. Унинг юраги яланғоч, ҳимоясиз қолган эди.

Шу воқеага, мана, икки ярим йил бўлди. Ву орада Карим билан Адҳам узоқлашиб ҳам кетишмади, яқин ҳам бўлишмади. Каримнинг Моҳбибига муносабати эса кучайгандан-кучайди, лекин жилла; ҳам олдинга силжимади, яъни Карим мундай юрак бетлаб, Моҳбибига дардини ёриб кўрмади. Ўзича севиб, севгисидан изтироб чекиб, азобланиб юраверди. Ҳар эрталаб Моҳбибини кўрганида юраги зирқ этар, кўкси куйишиб кетар эди — худди биров унинг оғзидан ичига бир ҳовуч лағча чўғ ташлаб юборгандек. Ёзги таътилларни-ку, гапирманг: Моҳбиби икки ой олис Сариосиёсига, Карим қурилишга кетади!

Карим уч йилдан бери Моҳбибига севги изҳор қилишни, лоф эмас, юз марталар ўйлаб-кўргандир. Лекин қандай айтади! Умрида бунгача бирон-бир қиени севиб, унга севги изҳор қилмаган одам! Ана, айтди ҳам дейлик. Агар Моҳбиби: «Мен ҳам сизни...» деб қолса-ку, бу эҳ-ҳе!.. Моҳбибининг розилиги шу қадар ўткир, шу қадар ёрқин бахт эдики, Карим бунга ишонишдан ҳам қўрқиб кетарди. Хўп, яхши, Моҳбиби ҳам кўнса, ундан сўнг бир гап бўлар. Ҳар ҳолда, бу яхшиликка-ку. Лекин, рад қилса-чи? «Бошқани севаман, Каримбой, беҳуда овора бўлманг», деса-чи? Йўқ, буни тасаввур қилиш оғир. Карим қувончига чидар-ку, бироқ қайғудан тайин ўлади Моҳбибининг рад жавобини эшитгандан кўра, шун дай, ҳозиргидек узоқдан яхши кўриб, умид узмай юргани яхши.

Одамлар нозик-ниҳол, бўйчан, хипчадан келган қизларни ёқтиришади, бироқ Қаримга бунақа қизлар узун, чиллакчўпдай ориқ, яъни хунук кўринади.

Моҳбиби деганимиз эса исми жисмига мос — ўн тўрт кунлик ойдек тўлагина, ойкулчадек ширингина қиз эди.

Моҳбибининг шундай чиройли исмини бузиб, «Мабийи» деб чақиришлари Каримга жуда оғир ботади. Ҳамма шундай деб чақиради, паспортида шундай ёзилган экан. Моҳбибига метрика берган қай бир чаласавод, кар, тўнка котибнинг иши-да бу! Ноилож Карим ҳам тишини тишига босиб, Моҳбибига «Мабийи» деб мурожаат килади, Лекин у билан ҳар куни, ҳар соатда хаёлан сўзлашганда, албатта «Моҳбиби» деб шивирлайдк. «Мабийи»— «Ма, бийи — бийи, мана буни ол», деган каби яфда хунук эшитилади, ахир.

«Моҳбиби, мен сизни севаман!»

Карим тунни, кўрпага киришни сабрсизлик билан кутади, ётгани заҳоти бошини кўрпага буркаб, Моҳбиби билан ширин-ширин, одамни энтиктирадиган суҳбатларни бошлаб юборади.

«Моҳбиби, мен сизни севаман!»

Моҳбиби индамай бош эгади, Карим Моҳбибининг қўлларидан ушлайди, Моҳбиби ўзини олиб қочмайди. Моҳбибининг қўллари шундай майин, юмшоқки... Карим Моҳбибининг қўлларидан ушлаб ўзига тортади. Моҳбиби унга тикилади, кўзларида — «Қўйинг!» деган ҳаё. Моҳбиби эгилиб, юзларини бекитиб олади, Карим эса унинг юзини кўрмоқ-чи... Моҳбиби бошини кўтармайди, фақат Каримнинг қўлларини қисиб қўяди — оҳиста, беозор...

Кейин... Кейин улар жимгина кетишади. Моҳбиби Каримнинг елкасига бош қўяди, сочлари Каримнинг бўйнини қитиқлайди, ёқимли, маст қилғувчи ҳид таратади...

Моҳбибининг сочлари қанақа ҳид таратади? У нима билан бош ювар экан? Бирга кетганларидан сўнг Карим нима дейди? Йигитлар севган қизига очиқ-ошкора, севаман, деб гапиравермайди. Севги уларнинг дилида, бошқа нарсаларни гаплашиб ўтиришганда эса кўзида бўлади. Лекин мум тишлаб кетавериш ҳам яхши эмас-да.

Карим ширин хаёлидан янглишиб кетади-да, ҳаммасини қайта бошдан бошлайди...

Билмайди — қанча ётади, ишқилиб, не маҳалда кўрпа тагида дами қайтиб кетади-да, бошини очади; ҳамхужраси Бурҳонга сездирмай, секингина уф тортади; яна икки-уч соат ухлолмай, ўйланиб ётади.

Уч йилдан бери шундай. Уч йилдан бери Карим азоб чекади, ўртанади.

Энди бу юрак сирининг сирлиги ҳамма биладиган оддий гап бўлиб қолган. Йўқ, уни Адҳам ёймади. Адҳам ўзининг ўрисча китоблари, севимли ёзувчилари, бир-иккита ўзига ўхшаган дардкашлари билан бўлиб, Каримнинг муҳаббатини эсга ҳам олмагандир. Моҳбибини яхши кўришини Каримнинг ўзв билдириб қўйди. Доим Моҳбиби кўринадиган жойга ўтириб олиб, , билан кўз уриштирганда лавлагиси чиқиб, Моҳбиби бирон нарса сўраса, гапидан адашиб, севгисини ҳаммага ўзи ошкор қилиб юрдн. Ахир, нима қилсин — уч йил натижасиз севиб юришнинг ўзи бўладими! Устига устак, кўнглидагиси — кўзида, бетига қарасанг — ичи кўриниб турадиган бола бўлса...

Яхшими, ёмонми, Карим шундай яшаб келаётган, куни ўтаётган эди. Балки Бурҳоннинг бир гапи бўлмаганда, Карим эски дардини ортмоқлаб тўртинчи, ундан бешинчи курсга ва шу кўйи — Моҳбибига дардини айтолмай, қишлоғига жўнаб кетармиди?

Баҳорда — қизлар қишлик рўдаполарини ташлаб, аввал енгилроқ ёмғирпўшда, сўнгра кўзни қувнатиб, кўнгилни эзадиган гуногун кўйлакларда дарсга қатнай бошлаганларида, Бурҳон ижарахонада олма арчиб ўтириб, шундай деб қолди:
— Шу-у, Мабийингиз бўйи пакана бўлса ҳам, истараси иссиққина, а? Яхши хотин чиқади шундан. Ё нотўғрими, Каримбой? Бир гапириб кўрсангиз бўларди — кейин мазза қилиб яшайсиз: қайнатангиз — совхоз директори; институтни қизил диплом билан тугатган куёвтўранинг тагларида машина! Анови Ҳайит дегани бор-ку, жуда олғир кўринади қизингизни шу илиб кетар-ов...

Каримни иссиққина уйдан қаҳратон кўчага ҳайдаб чиқиб, бу ҳам етмагандай, устидан бир пақир совуқ сув қуйиб юборишгандек бўлди.
— Қайси Ҳайит?—деди у ичи қалтираб.— У… Унинг қизи бор эмасми?

Бурҳон: «Ҳай ошнам-эй, жуда соддасиз-да», дегандек бош чайқади, кулди. Олмадан бир бўлак қирқиб, пичоқ учида Каримга узатди:
— Унга ўхшаганларнинг қизи битта бўладими! Бугун бирови билан юрса, эртага бошқасини айлантиради.

Каримнинг томоғидан олма ўтмади, бўғзида туриб қолди.
— Ҳадемай битиради: бир ой ўтади-кетади,— дея олма кавшаб давом этди Бурҳон.— Дипломга қўшиб совхоз директорининг қизини ҳам олиб кетса, нима, хешиб чиқадими? Эй, ошнам, улар яшашни билади!

Каримнинг кўнглида нуқта каби муаллақ юлдуз чақнади, ундан ўткир санчиқ таралиб, кўкрак қафасини тешиб чиққудек оғритди.

Нимадир қилиш керак эди! Карим ҳозир нимадир қилмаса, ҳоли не кечишини ўзи ҳам билмасди.
— Яна ейсизми?—деди Бурҳон.— Яхши олма экан. Яна бир бўлак. Мозорбосди, Қўшработдан.

Карим бош чайқади.
— Шу қизларга ҳам ҳайронсан,— деди Бурҳон.— Қаранг, шу Салимача ҳам ўзига топиб олибди-я. Йигити, бечора, физфакда аспирант, домла эмиш, шўрингга шўрва тўкилгур...

Бурҳоннинг жағи очилиб кетди: Салиманинг читтакдек эканлигию йигитининг ғирт аҳмоқлигини роса чайнади, кейин ўзининг соддагина қишлоқ қизига уйланиб (олий маълумотлисининг нози-фироғи ҳам дипломига яраша бўлиб, «Мен сендан кам эмас», деб турар экан), тинчгина турмуш кечириш ниятини билдирди; қишлоқларида «Бурҳонжон акам қачон бизга оғиз соладилар», деб сочини ўриб ўтирган қизлар сон-мингта эмиш.

Карим унинг гапларини диққат билан тинглаб, ишқилиб, яна Моҳбиби ҳақида гапириб қолмасин, дея юрак ҳовучлаб ўтирди.

Лекин кўнглидаги оғриқ зўрайгандан-зўрайди, бунга чидашнинг сира иложи йўқ эди: «Моҳбиби» деган номнинг ўзи нур ўрнига совуқ бир оғриқ таратаётган ойга ўхшаб қолди — фақат Каримнинг кўнгли эмас, шу торгина ҳужра, ташқаридаги кенг дунё ҳам оғриққа тўлиб кетгандек, гўё ҳаво ҳам томоқни тирмалаб ўтиб, ўпкага санчилар эди.

Карим ётоққа отланди. Жуда боргиси келди. Ҳужрада ортиқ қололмас эди.

Кийинаётиб ойнага қаради-ю, дарров кўзини олиб қочди: ойнадан кўримсиз, бешинчи курсдаги ҳасип мўйловли, жингала сочли, етмиш сўмли жез тугма кўйлак, икки юз эллик сўмли жинси шим кийиб юрадиган Ҳайит — қизларнинг «Ҳайит акажон»ига солиштирганда эса жуда хунук, бурунбой бола—ўзи қараган эди.

Шу Бурҳонларга ўхшаб ҳеч кимни севмай юрса нима қиларди, а? Бу нима азоб!

Карим тўғри Моҳбибиларнинг хонасига борди. Тақиллатган эди, ҳеч ким очмади. Эшикни итариб кўрса, ичкаридан қулфлоғли экан. Бирдан хаёлига келган мудҳиш, даҳшатли манзарадан ўзи ҳам қўрқиб кетиб, эшикни гурсиллатиб урди. Салдан кейин зшик қия очилди-да, Турсунойнинг чўчиган, уйқуга пишмаганидан ола-кула бўлиб кетган кўзлари кўринди.
— Э-э,— деди Карим.— Э-э, ухлаб ётувдинглар-ми? Мен...

Турсуной эшикни қарс уриб ёпиб олди. Карим шундан сўнг ҳам жойидан қимирламай, бир-икки ғўлдиради, ёпиқ эшикка:
— Кечирасизлар,— деди.

Лекин кўнглидаги оғриқ бирдан қўйиб юборди:

«Ухлаб ётишибди ку! Эҳ, мен бўлсам...— деб шодланди у.— Ухлаб ётишибди-я!» ,«

«Агар эшикни Турсуной эмас, Ҳайит очганда нима қилардим? Нима ҳам дердим?»—сал ўтмай Карим шундай ўйлади. Майкачан, сочлари тўзғиган Ҳайитнинг: «Ҳа, ошна, нимага бизиинг ишимизга тумшуғингизни суқяпсиз?» дегандек қарашини кўз олдига келтирдию ич-ичигача қизариб кетди.

Даҳлизнинг ўртасида Адҳам унга қараб турган эди.

Каримнинг кўксида нимадир ғарчча қирқилиб кетгандек бўлди— ихчам-ингичка, Каримдан узун Адҳам жуда ўткир, одам сесканарлик нигоҳини унга санчиб турган эди.

Карим тўғри унга рўпара юрди.

Адҳам индамай қўлини чўзди, бошқа бирон жойи қилт этмади. Карим унинг қўлини негадир қаттиқ қисди. Адҳамдан «ҳа» билан «ҳим»га ўхшаган бир товуш чиқди.
— Шу,—деди Карим унинг қўлини қўйиб юбормай,— ўзим...

Адҳам қўлини тортди. Жилмайди —лабидан ип қочди. Шу ип Каримпинг бўйнига сиртмок бўлиб тушди.
— Қани, киринг,— дея Адҳам ортига бурилиб эшикни очди.

Карим унинг ортидан судралди.

Адҳам турган хона торгина, икки кишилик, лекин Адҳам комендант билан келишиб, ёлгиз ўзига тўғрилаб олган эди. Хона жуда шинам, девордаги трубка тишлаган серсоқол одамнинг расмини айтмаган-да, бошқа биронта ортиқча безак йўқ. Столда очиқ китоб, бир даста қоғоз — усткисининг ярмигача ёзилган.

Хона рангсиз, хира, қоронғироқ; фақат каравотнинг бош учидаги гулдор сочиқ кўзга яққолроқ ташланади.

Билинар-билинмас тамаки ҳиди кезадн.

Карим стол ёнидаги курсига ўтирди, нима дейишини билмай, жим қотди.

Адҳам хона тўридаги яккаю ягона креслога чўкди. Деразага орқа ўгирганидан юзи сирли тус олди.

«Шунақа нарсаларга пул сарфлаб, магазиндан эринмай кўтариб келганини айт», деб ўйлади Карим креслога суқланиб боқар экан.

Адҳам дабдурустдан сўради:
— Мабийининг олдига келувдингизми? Карим талмовсиради:
— Э, йўғ-а, ўзим шундай...
— Нима, ўзим шундай?

«Бунинг ҳам Моҳбибига кўнгли борми? Бунча текширмаса,— деб ўйлади негадир Карим.— Менга йўл бўлсин! Қайси қиз бунга йўқ дейди?»
— Нима, ўзим?—деб такрор сўради Адҳам.— Яширишнинг нима кераги бор? Келдим деб айтинг, ҳеч ким сизни айблаётгани йўқ-ку.

Карим миқ этмай бошини эгди, қўлларини кийиштирди.
— Шуни ростдан ҳам яхши кўрасизми?—деб яна уни найзага илди Адҳам.

Карим рад қилгиси келди-ю, лекин бунга керакли гап тополмаганидан, ноилож бош иргаб, Адҳамнинг гапини тасдиқлади.
— Ҳа, яхши,— деди Адҳам бир оз ўйланиб тургач.— Яхши кўрасиз. Яхши кўрсангиз, нега шуни ўзига айтмайсиз? Уч йилдан бери нима қилиб юрибсиз? Ё Мабийининг ўзи келиб, «Каримбой, мен сизни севаман», деб айтишини кутяпсизми?

Каримнинг кўнглида умид йилтиллади.
— Нима қилай бўлмаса? Адҳамнинг жаҳли чиққандек бўлди:
— Гаплашинг! Бу юришдан иш чиқадими? Нима қилай эмиш. Бирон йўлини топиб айтинг-да!

Карим ҳозир Адҳамнинг узоқ гапиришини, ўз тажрибаларини сўзлашини ва охирида Моҳбибининг кўнглини олиш йўлларини бирма-бир кўрсатиб беришини хоҳлар эди. Адҳамнинг жаҳл аралаш гапираётгани ҳам унга ўтиришди, кўнглида нимадир юмшади; бирдан енгил тортиб, отасидан танбеҳ эшитаётган боладек, йиғлагиси келди.
— Нима, Мабийингиз осмондаги ойми? Ҳаммага ўхшаган бир қиз-да. Сизнинг ҳам камчилик жойингиз, йўқ. Э, уч йилдан бери огзингизга талқон солиб юрибсиз-а, тавба! Бориб, «Мабийи, сизда икки огиз гапим бор эди», деб гаплашиб олиш шунча қийинми? Ҳарҳолда, уч йил қийналиб юришдан кўра осонроқдир.

Каримнинг кўнглида нотайин, умидсиз огриқ яна турди.
— Ё Мабийига ўзим айтайми?—деди Адҳам. Карим чўчиб кетди.
— Йўғ-э, нималар деяпсиз,— деди у шоша-пиша, худди Адҳам ҳозир Мабийининг олдига борадигандек.— Нима деб ўйлайди ахир!
— Бўлмаса, ўзингиз бориб айтинг-да.
— Хат ёзсаммикан?—деди у юрак ютиб.

Адҳам заҳарли илжайди — бир зумда Каримдан узоқ-узоқларга кетиб қолди.
— Хат?! Ғазал ёзиб бера қолинг, «Ишқингда зор ўлдим, нетай», деб. У ҳам сизга «Кел, ғарибим, ўлдим мано», деб жавоб қайтаради.

«Мунча тили аччиқ бунинг!»— Каримнинг ғаши келди.
— Кулманг! :
— Куладиган гапни айтяпсиз-да,— деди Адҳам сал юмшаб.
— Бўлмаса, нима қилай?—деди Адҳам эзилиб.
— Менга қаранг,— деди Адҳам.— Нима, тилингизга тирсак чиққанми? Боядан бери эшакнинг қулоғига танбур чертяпманми!

Карим ўзи кутмаган ҳолда зорланиб кетди:
— Қачон борсам хонасида одам бўлади. Ўзи ўтирган вақтида энди гапираман, десам, биров кириб қолади. Ўтириб-ўтириб қайтиб келавераман. Ўзи кўпҳам боравермайман-ку-я. Ҳайит ака кўп борар экан.
— Хўш?—деб ажабланди Адҳам.—Хдйит борса нима бўпти? Карим ўнғайсизланиб қолди.
— Билмасам, у ҳам Мабийига...
— Э, сизда калла борми ўзи?—деди Адҳам.— Елканинг устида нимани кўтариб юрибсиз? Х,айит уни... Мабийи уни бошига урадими? Ҳайитнинг Гулнораси унга қариндош-ку, шуни ҳам билмайсизми?

Карим изза бўлди.
— Бурҳон... бугун шунақа де б... Адҳам қўл силтади.
— Э, қўйсангиз-чи. Одам қуригандай, шу махсимчага ишонасизми? Каримнинг кўнгли сал ёришгандек бўлди. Адҳам сукут сақлаб турди-да:
— Хрзир нима қилишяпти экан?—деди.
— Кимлар?—деди Карим.
— Кимлар бўларди?—деди Адҳам.— Мабийилар-да.
— Нима эди?—деди Карим.— Ухлашяпти. Адҳам Каримга тик қаради:
— Ҳозир бориб Мабийидан бошқасини чиқариб юборсам... айтасизми? Каримнинг тиззаларигача титроқ тушди.
— Ҳозир-а? Э, йўқ, бўлмайди.

Адҳам ўзини ҳайронликка солиб, қўлларини керди:
— Нега бўлмас экан?

Карим индамади. Адҳам чуқур нафас олди:
— Эртага-чи?

Карим Адҳамга мунғайиб қаради.
— Каримбой, жўра,— деди Адҳам.— Шу битишли хотин ҳам ўғил туғадими, деган гап бор. Бу латтачайнарлигингиздан маънили иш чиқмайди, оғайничалиш. Ё бориб Мабийига очиқ айтинг, ё ундан тамом воз кечинг. Бунақа резинкадек чўзманг.
— Майли,— деди Карим бирдан.
— Бугунми? — Адҳамнинг товушида ғалатн, ёқимсиз бир қувонч бордек эди.— Хўш?
— Йўқ, бугун эмас,— деди Карим бўғиқ овоз-да.— Эртага. Майлими?

Тун—узундан-узун - йўл, қиррали тошлар қизиб-чатнаб ётган тошлоқ азоб эди. Карим ана шу йўлдан ҳар қадамда бир қоқилиб-йиқилиб кетаверди.

Моҳбиби гоҳ Каримни энтиктирар, гоҳ тескари қараб, Ҳайитми ё шунга ўхшаган бировнингми елкасига бош қўйиб ғамзали кулар, гоҳ Каримга ялинар, гоҳ Қаримни ялинтирар эди.

Бу қайноқ, телба-тескари хаёллар узра яратганнинг ўзи каби лоқайд, мағрур Адҳам креслода оёқ чалиштириб, уч-тўрт жойидан букланган исфиҳондек ваҳм солиб ўтирар эди.

Шу кеча Каримнинг Моҳбиби ҳақида ўйлаган неки ўю-хаёли бўлмасин, ҳаммаси Адҳамга урилиб, парча-парча қирқилиб кетаверди.

Ҳовлидаги водопровод жўмраги туни билан жириллаб чиқди.

Томдаги мушуклар икки марта нағма кўрсатди.

Карим ухлаб-ухлаёлмай, мудроқ ётганда Бурҳон уни туртди, лекин у ҳозир туришини, нонушта қилишини, сўнгра тиқилинч автобусда институтга боришини, у ерда Моҳбибини кўришини, айниқса, Адҳамнинг суяк-суякка қадаладиган нигоҳига дучор бўлишини ўйлаб, кўзини очмади: жўрттагача эловсираб, деворга ўгирилиб олди.

Бурҳон ювиниб келди, қиртиллатиб соқол олди; таранди, сочи дағал эди, тароқ текканда чисирлади. Карим буни аниқ эшитди, негадир кўнгли ғалати бўлиб кетди. Бурҳон узоқ нонушта қилди: чойни пиёлага қулқуллатиб қуйди, хўриллатиб ичди, оғзини чапиллатиб нон еди, устма-уст томоқ қирди, йўталди—Карим бу товушларнинг барчасини тинглаганча ижирғаниб ётаверди.
— Ҳў, Карим,— деб чақирди Бурҳон.— Биринчи пара — Ҳакимова. Туринг, кеч қоласиз.

Карим кўзларини қаттиқроқ юмиб олди: Ҳакимова домла уни осса осиб юбора қолсин.
— Ўзингиз биласиз,— деди Бурҳон.

Бурҳон чиқиб кетганидан кейин Карим кўзини очди.

Ҳаво қандайдир бўғиқ, оғир; деразадан кўриниб турган осмон туссиз эди.

Карим ташқарига чиқиб, анча вақтгача зинада мудраб ўтирди. Кейин сакраб турди-да, ҳовлини гир айланиб чопа бошлади, узоқ чопди. Сўнгра бадантарбия билан машғул бўлди: барча билган усулларини қайтақайта такрорлади; танасининг турли-туман жойларидаги мускулларини пишитувчи машқлар бажарди, икки қўлига тиралиб, санаб, ўттиз марта ётиб турди. Аъзои баданига тер кўпчигач, бе-лигача яланғоч бўлиб, пишқира-пишқира роса ювинди.

Карим бу орада Моҳбибини, Адҳамни, бугунги бўлажак учрашувни ўйламасликка тиришди.

Стол устида анчагина колбаса, сариёғ, уч-тўрт чақмоқ қанд, юмшоққина нон қолган экан, Карим қанднинг ҳаммасини чойга солиб, ажабтовур иштаҳа билан нонушта қилди. Кейин танасида ёқимли ҳорғинлик ҳис зтиб, каравотга чўзилди.

Ўйлаган ўйининг маънисига ҳам бормай, бир оз ётганини билади, кейин кўзи илиниб, донг қотибди.

Карим кўзини очганда устига офтоб тушган эди. Ҳаво очилибди. Вақт тушдан оғиб ўтиб, соат миллари тўртга яқинлашиб борар эди.

Карим уйқуга тўйган, тиниққан, таъби равшан тортган эди. Бўлажак учрашув унинг хаёлида мавҳум бир нарсадек тикланди.

Бориб Моҳбиби билан гаплашгандан кўра, офтоб қоплаган иссиққина кўрпа тагида роҳатланиб ётиш минг карра яхшироқ эди. Керак бўлса, Моҳбибининг ўзи келсин, Каримдан «Мени севасизми?», деб сўрасин. Оҳ, қани эди шундай бўлса! Карим кўрпадан чиқмай, бош ирғаганча тасдиқлаб қўя қоларди. Ё бошини сал кўтариб, Моҳбибига қараб жилмайиб... Лекин Моҳбиби сира келмайди-да — Каримнинг ўзи бориши, бугун, ҳозироқ бориши керак. Қаёқдан ҳам шу Адҳам аралашди?

Бориш керак. Бормаса бўлмайди. Бўлмас экан! Адҳам совуқ бўлса ҳам, мард йигит. Рост, судралиб юришдан иш чиқмайди. Латтачайнарликдан иш чиқмайди, оғайничалиш. Таваккал-да! Ҳа, Моҳбиби унга қарамаса, шу билан дунё тугаб қоладими, ҳаёт тўхтайдими? Ундан яхшироқ қиз қуриб кетибдими! Карим ҳали ёш бўлса, аъло ўқиса. Ким билади, келажакда институтларда ишлаб, кўтарилиб кетадими? Моҳбиби-чи, албатта қишлоғига кетади-да, бошқа қайга ҳам боради. Қиз бола-да, додини кимга айтади. Қишлоғига боргандан кейин тракторчигами, сувчигами, жуда бахти чопса, адабиётнинг «А» ҳарфини ҳам билмайдиган агрономми ё пиёниста мол дўхтиригами бериб юборишади. Беш йил шаҳарда ўқиган қизни ҳамма ҳам ишониб, жон деб олавермайди. Кейин Моҳбибининг ўзи пушаймон ейди. «Эҳ, ўшанда Каримдек йигитнинг кўнглини оғритиб катта аҳмоқлик қилган эканман, тузатиб бўлмас хатога йўл қўйган эканман», деб умр бўйи эзилиб ўтади. Эри бўлса ҳар куни кирлаб, тердан тарашадай қотган кўйлагини ечиб отади-да, китоб ўқиб ўтирган Моҳбибига: «Ҳей, хотин! Мабийи, деяпман! Ҳе бийингни... Этикни торт, йиғиштир байти-ғазалингни, чойни опке!», дея сансираб бўкиради... Замон айланиб, Карим ўз машинасида, йўқ, давлатнинг хизмат машинасида маданий аҳволни текширгани уларнинг Сариосиёсига бориб қолади; шундоқ муюлишда рулни бураётиб, челак кўтарган, озиб шафтолиқоқидай бўлиб қолган Моҳбибига кўзи тушади. Моҳбиби ҳам уни кўриб, турган жойида, кўзида ёш, қотиб тураверади.

Э, шундан бошқа гап қуриб кетибдими! Моҳбибининг бахтсизлиги унинг ҳам бахтсизлиги эмас-ми? У ҳам азоб чекмайдими, эзилмайдими? Кейин, Моҳбиби ҳам жуда кўчада қолгани йўқ. Агар тегаман, деса, ҳамма ҳам ноз қилавермас. Адҳамнинг-ку йўли бошқа, лекин шу Бурҳончанинг ўзи питирлаб қолса керак — сўлакайи оқиб турибди-ку, истараси иссиқ, пули кўп, отаси совхоз директори, деб.

Бориш керак. Адҳамга ваъда бермаганда, у билмаганда, бошқа гап эди. Бормаса, у Каримни қўрқоқ деб ўйлайди. Карим қўрқоқлардан эмас. Қани, борсин-чи, кейин бир гап бўлар-да, ахир.

Ётоққа яқинлашгани сари Каримнинг оёқлари оғирлашиб, босган қадами орқага кетаверди. Гўё ҳамма деразалардан уни кузатиб туришгандек, бошини кўтаришга журъат қилолмади.

Зиналар бунча кўп!

Даҳлиз бунча сирли, бунча диққинафас, бунча ваҳимали!

Карим зиналардан кўтарилиб олгач, тўртинчи қаватнинг даҳлизида туриб қолди: тўғри Моҳбибиларнинг хонасига борсами ё олдин Адҳамга учраб ўтсами? У балки Каримнинг келишини кутиб, ҳали қизларни чиқариб юбормагандир.

Карим Адҳамнинг эшигини очдию остонада қотди: Турсуной узала тушиб ётган Адҳамни қучоқлаб ўтирар эди!

Турсуной сапчиб турди, саросима билан ёқасини тўғрилаб, Каримга ўқрайиб тикилди.

Адҳам бамайлихотир «Келинг», дея ўрнидан қўз-ғалаётган эди, Карим бурилиб, секингина эшикни ёпди, алланечук қалтиради, нимагадир алами келди. Орқасидан Адҳамнинг «Карим!», деган ғалати меҳрибон овози ва Турсунойнинг асабий қиқирлагани эшитилди.

Беҳаё! Эшигини бекитиб олмайдими!

Гўё ҳеч гап бўлмагандек, Адҳам чиқди.
— Сизни деб, мана, биттасини овунтириб ўтирибман,— деди у Қаримнинг елкасига қўлини қўйиб,

Карим ўзини жуда ожиз, бахтсиз ҳис қилди. Адҳамнинг қўли тагида елкаси эзилиб кетаётгандек бўлди.
— Боринг,— деди Адҳам шивирлаб.— Хонасида ёлғиз ўтирибди. Биров кириб қолмасидан... Нега кечикдингиз? Майли, боринг.

Карим кетди. То Моҳбибиларнинг хонасига етгунча ортига ўгирилишга журъат қилолмади: Адҳамнинг нигоҳи унинг елкасига қўш найзадек тиралиб борар эди. Эшикни тақиллатишдан олдин бурилиб қаради: Адҳам югуриб чиққан Турсунойни ичкарига итариб юборди-да, ортидан ўзи ҳам ки-риб кетди.

Карим эшикни секингина чертди, нафасини ичига ютиб, қулоқ тутди -жимлик. Яна чертди. Каравотнинг ғижирлагани эшитилиб Моҳбибининг «Кираверинг», деган жиндай ҳаяжонли товуши келди. Карим елимлаб қўйилгандек, жойидан жилолмади.

Эшикни Моҳбибининг ўзи очди. Каримнинг тилига гап келмади, у гаранг, гунг, кар эди, фақат кўзлари очиқ; бошини қуйи солганича Моҳбибига эргашиб ичкари кирди.

Карим биринчи сезган нарса — қизлар хонасида пайдо бўладиган ҳид бўлди: қандайдир қуюқ, ёпишқоқ...

Карим эгилиб бошмоғининг боғичини бўшатди, лекин ечмай, шундоқ эшикка тақалган каравотга ўтириб олди.

На Каримдан гап чиқди, на Моҳбибидан.

Карим Моҳбибига қарашдан қўрқиб, тўғрига —ешиги очиқ шкафга кўз ташлади: шкафда икки-учта кўйлак, яшил ёмғирпўш, битта йигитларнинг костюми (кимники бўлса), унинг ёнида эса сарғиш ичкўйлак осиғлиқ эди. Албатта, Карим биринчи бўлиб шу ичкўйлакни кўрди. Бир зум ўйланди: ичкўйлак калтагина эди, бу хонада турувчи Моҳбибидан бошқа қизларнинг ҳаммаси бўйчан эди, Каримнинг юраги гумуриб кетди-да, ичкўйлакдан кўзини олиб қочди, лекин ичкўйлак яна ўзига қаратди. Моҳбиби буни сезиб қолди шекилли, илдам туриб келиб шкафни ёпиб қўйди.

Карим ялт этиб Моҳбибига қаради, Моҳбиби ҳам қизариб кетган эди, юзини тескари бурди.

Энди Карим гапириши керак эди.

Лекин қизларнинг нафаси, атир-упа, кийимларнинг, бурчакдаги кир-чир челакнинг иси қоришиб кетган бу ҳид Каримнинг димоғига қаттиқ ўрна-шиб, шусиз ҳам гапга келмаётган тил-жағини боғлаб турар эди.

Қарим Моҳбибига қарамаса ҳам, кўз қирида унинг бир неча марта сабрсиз нигоҳ ташлаганини сезди.

Анча вақт ўтди шекилли, Қаримнинг томоғида нимадир ғўлдираб;
— Шу-у-у,— деган товуш пишиллаб чиқдию бирдан ўчди.

Моҳбиби ўтирган каравот ғижирлади, Карим баттар букчайиб кетди.

Карим афсун қилингандек, мутлақо тилдай қолиб, оғзига талқон солиб олди.

Нега Моҳбиби индамаяпти?

Карим Моҳбибининг нега бундай ўтирганини, ўзининг нима мақсадда келишини Адҳам олдиндан айтиб қўйганини англаб етди. Англади-ю, ҳозир, худ-ди шу топда Моҳбибидан, ўқишдан, шаҳардан — ҳамма-ҳаммасидан воз кечиб, тўппа-тўғри қишлоғига пиёда қочиб кетгиси келди. Айниқса, қизларнинг ҳиди гупиллаб уриб турган шу хонага чопиб чиққиси келди.

Лекин бунинг ўрнига бошини тиззалари қадар эгиб, бошмоғига тикилди. Қўнғир ранги униқиб, оқариб қолган бошмоғи аста-секин каттариб бораётгандек туюлди. Мойлаш керак экан, эсидан чиқибди.

Моҳбиби йўталди. Йўқ, атайлаб эмас, шамоллаганга ўхшайди.

Жимлик жуда баҳайбат, вазмин бир нарсага айланиб, Қаримнинг бошидан босди. Карим ҳозир гапириши кераклигини, ҳозир гапирмаса, кейин кеч бўлишини билиб турса ҳам, тили айланмас, бунинг ўрнига гавдаси оғирлашиб, қулоқлари шанғиллар эди.

«Бурним қонаб кетмасин, ишқилиб», деб ўйлади у.

Бошини тиззалари орасига олиб, қаттиқ қисгиси келди унинг.

Яна қанчадир вақт ўтди.

Моҳбибининг каравоти яна ғижирлади — у ўтирган жойидан чўзилиб, дераза токчасидаги китобни очишдан олдин Каримга бир зум тикилди. Карим буни ҳам сезди. Китобнинг варақлари шилдиради. Каримнинг ичидан нимадир кўтарилиб келиб, ҳиқилдоғига кўндаланг бўлди; кутилмаганда ундан товуш чиқди:
— Мабийи...

Овоз жуда майин, нотавон эди — хижолат тортганидан Каримнинг боши тиззалари орасига тушиб кетди.

О, шундай пайтларда бирдан учиб кетсанг, эртаклардагидек турган жойингда йўқ бўлиб қолсанг!..

Анчадан бери кўксини чангаллаб ётган оғриқ бирдан ташқарига отилдн — бўгиқ, бешафқат:
— Мабийи!.. Ишонинг! Яхши кўраман сизни!

Бирдан боши енгиллашиб, бўм-бўш бўлиб қолди — у қаддини ростлаб Моҳбибига қаради.

Моҳбиби китобни икки қўллаб тутиб, кўзларини катта-катта очганча, Каримга тикилиб ўтирган ади.
— Мабийи?—деди Карим негадир юраги шувиллаб.— Нима дейсиз?

Мабийи ўзгарди; юзида, қалин лабларида қотган табассумга ўхшаш ўлик бир ифода суратланди, кўзларига Каримга мутлақо ёт бир бефарқлик қалқди,

Каримнинг юраклари эзилиб кетди, шунда ҳам умид узмай Моҳбибига термилди.
— Мабийи? Мабийи!

Моҳбиби бош чайқади — бунинг маъноси ўз-ўзидан аён эди: тамом, ҳаммаси тамом бўлди! Ёмон бўлди, жуда ёмон!

Ҳали даҳанаки жангнинг уришишгача бориб етмаслигига умид қилиб турган бир пайтда дафъатан тушириб қолинган муштдан сўнг кўтариладиган аламли бир газаб Каримнинг кўнглига ўрмалаб кела бошлади.
— Карим, қўйинг, керак эмас шунақа гаплар,— деб ниҳоят тилга кирди Моҳбиби.

Каримнинг сўнгги умиди чирс этиб ўчди.
— Йўқми?—деди у.
— Қўйинг.— Моҳбибининг овози Каримнинг кўнглини ёқимсиз тирмалади.

Карим отилиб турганича Моҳбибининг ёнига бориб қолганини билмади.

Моҳбиби унга қараб қўрқиб кетди.
— Мабийи, йўқми, деяпман?—деди у ҳансираб.

Моҳбиби секин бош чайқади.

Каримнинг кўз олди қоронгилашиб, худди йиқилиб бораётгандек, Моҳбибининг елкаларидан ушлаб олди.
— Менга қаранг,— деб иҳранди.— Менга қаранг деяпман!

Моҳбибининг елкалари тўла, қаттиқ эди, Каримнинг қўллари ботмади,

Моҳбиби унинг қўлидан чиқишга уриниб, юлқинди, бошини кўтариб газаб билан тикилди. Карим ҳам ундан кўз узмай, елкаларини қаттиқроқ чангаллади.

Китоб полга тушди.

Моҳбиби бирдан:
— Қўй-йи... Қўй, деяпман сенга,— деб чинқириб юборди.

Шу онда ёввойи ғазаб Каримнинг бўғзига чангал солди, ҳаво йўлларини тўсиб қўйди.

Карим Моҳбибининг елкаларини қўйиб юборди, кейин... бирдан қулочини керди-да, Моҳбибининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Яна нимадир бўлди шекилли, Карим зарбани Моҳбиби эмас, ўзи егандек қалқиб кетди.

Моҳбиби каравотга ағанаб тушган, кўйлаги юқорига сирилиб, оёқлари очилиб қолган эди.

Хона чир-р айланиб, Каримга эшикни рўпара қилди.

Узун коридор... Ортидан таъқиб этиб, елкасига пайдарпай гурсиллаб қоқилаётган қадамлар — ўзининг қадамлари; чўчинқираш, қизиқсиниш, ҳадик билан четланиб, липиллаб қолаётган юзлар, қизғишқорамтир йўлак, дарахтларнинг ғадир-будур таналари — Карим ўзига келиб қараса, шусиз ҳам кимсасиз паркнинг хилват бурчагига, кўзёшлари томоғига тиқилиб, ҳирқираганча ёмон, жуда ёмон сўкиниб боряпти.

У таққа тўхтаб, атрофга олазарак аланглади.

Кўз олдига Моҳбибининг қўрқувдан каттариб кетган кўзлари келди.

У яқиндагина бўялган ўриндиққа беҳол чўкди.

Ўриндиқдан сал наридаги ҳалқобчага бир тўп чумчуқ қўнди; бири қанотларини кериб чириллади.

Моҳбибини урганда жимжилоғи унинг оғзига кириб, тишларидан сийралиб ўтган эди, Карим бирдан шуни эслаб, жимжилоғини, гўё ўшандан бери ҳўлдек, кафтига артди. Кўз ўнгига Моҳбибининг каравотда ағанаб ётгани, семиз сонларининг жуда аянчли тарзда очилиб қолгани, кўйлак тагидан пистоқи ичкўйлагининг титила бошлаган оқиш тўр ҳошияси чиқиб тургани келиб, инграниб юборди-да, қўлларини асабий силтади.

Чумчуқлар гур-р кўтарилиб, нарироққа тушди. Уч-тўртта — ботирроқлари, чанқови босилмаган чоғи, дик-дик чўпчиб, ҳалқобчага яна яқинлаша бошлади.

Оҳ, шу иш бўлмаганда эди! Карим ёмон туш кўраётгандек, ҳозир бирдан сачраб уйғониб кетганда эди!

Карим сакраб турди.

Чумчуқлар бирдан кўтарилди.

Ижарахонанинг эшиги ланг очиқ эди. Тамаки тутатиб ўтирган Адҳамни кўриб, Каримнинг юраги орқага тортиб кетди.
— Қаерларда юрибсиз!—деди Адҳам.

Ёнига борса, Адҳам уни уриб юборадигандек, Карим тўхтаб қолди, бўйнини елкаларига тошбақа сингари тортди, қунишиб олди.
— Эшшак экансиз-ку!— дедн Адҳам ўқрайиб. Карим ҳақиқатан ҳам «ешшак» эканлигига бирдан кўнди.
— Сиз тўнкани икки соатдан бери пойлаб ўтирибман-а!

Карим тўнкаликка ҳам рози бўлди. Фақат ҳозир Адҳам уни аямай сўкаверса, сўкаверса... Ёки ҳовлига судраб чиқиб, лойга думалатиб, биғиллатиб тепса...

Лекин Адҳам бирдан юмшади:
— Ўтсангиз-чи. Нега қоққан қозиқдай туриб қолдингиз? Карим ўтди.
— Нима бўлди ўзи?— деди Адҳам.— Нима қилдингиз?

Карим индамай ерга боқди, кейин Адҳамга мўлтиради, яна ерга қаради.
— Гапирсангиз-чи,— деб бетоқат бўлди Адҳам,— Сизга айтяпман, гапирсангиз-чи!

Карим бошини буриб, деразага тикилиб олди. Нима деб гапиришни ҳам билмади.
— Бунга бир гап бўлганми ўзи?—деди Адҳам қўлларини керганча ёнбошга ўгирилиб — худди ҳужрада учинчи бир киши ҳам бордек.— Қиз болани уриб, яна...

Пичоқ Каримнинг кўксига қадалди.
— Қипқизил аҳмоқ экан-ку бу,— деди шафқатсиз Адҳам.— Бечоранинг жағи шишиб кетибди-я! Ўғил боламидики, шундай урса... Ё Мабийи билан муштлашишга борувдингизми?

Пичоқ қир-рт этиб Қаримнинг юрагини тешиб ўтди. Лекин Карим ўлмади, аксинча, миясида ярқ этиб нажот — ҳаммасидан биратўла қутулиш йўли очилиб кетди:

Кетаман!
— Қаёққа?— Адҳам истеҳзоли кулимсиради.
— Ўқимайман! Э, ҳаммасини!..— Бирдан Каримнинг кўзига ёш қалқиб, томоғи ҳирқираб қолди.— Кетаман.

Адҳам унга тикилганча анграйди:
— Чинингизми?
— Э, ўқишини ҳам, қизларни ҳам...— Карим баттар жазавага тушди, кўзёшлари тирқираб кетди. — Ҳозироқ кетаман!
— Эсингизни еб қўйибсиз,— деб такрорлади Адҳам.— Эсингизни еб қўйибсиз.

Карим Адҳамга алам билан қаради, кетса, ўзидан, ўзидан ҳам кўра Адҳамдан боплаб ўч оладигандек, баттар хуруж қилди:
— Керак эмас. Ҳеч нарса керак эмас, Бориб трактор ҳайдайман, арава қўшаман, гўнг ташийман, гўнг! Ҳаммага бунақа шарманда бўлгандан кўра... Қишлоқда булардан минг марта яхши қизлар бор.

Адҳам тўсатдан кулиб юборди.
— Вой тентак! Мажнунвойни қара!—Адҳам кулишдан таққа тўхтади, кўзлари қисилиб, бераҳм тус олди.— Бўпти, йиғиштиринг нарсаларингизни! Жўнанг!— Кейин Каримга томон эгилиб, унинг елкасига шап этиб тушириб қолди.— Туринг. Кран тагига бир нарса ташлаб қўйганман. Кетар жафосига тортасиз. Э, калла!

Карим «Кетаман» деган гапни ҳадеб қайтараверишдан қутулганига бир оз енгил тортди.

«Ҳа, шум-эй!—деб ўйлади Карим, шишага илашган лойни водопровод жўмрагида ювар экан.— Бари бир яхши бола-да. Совуқ бўлса ҳам, одамнинг кўнглини оғритса ҳам яхши!»

Адҳам уларнинг ижарахонасига бунгача сира келмаган эди.
— Карим,— деди Адҳам сигарет тутатиб олишгандан кейин.— Бир гапнинг тўғрисини айтайми?

«Ҳозир йиғлаганимни айтади!», деб ўйлади Карим юраги ивишиб.
— Нимани?
— Хафа бўлмайсизми?

«Кўзёш тўкиш хотинларнинг иши, дейди. Майли, деса депти-да!»— Карим ўзига ҳам нотаниш хотиржамлик туйди.
— Йўқ, хафа бўлмайман. Сиздан хафа бўлмайман.
— Шу бугунги ишни...— Адҳам гапидан тўхтаб, Каримга тикилди.

Каримга Адҳамнинг нигоҳи уни тешиб ўтиб, ортидаги бир нарсага қаттиқ ботаётгандек туюлди.
— Шуни,— деди Адҳам ҳамон Қаримдан кўз уз-май,— мен уюштирдим.

Каримнинг оёғи олтидаги тахта пол қаёққадир сурилиб кетаётгандек бўлди.
— Қанақасига?
— Шунақасига-да,— деди Адҳам.— Шу бола арзимаган қиз учун хор бўлиб юрадими, кел, шартта орасини узиб ташлайман, дедим.

Карим илон авраган қурбақадек, оғзини каппа-каппа очди, яна тили айланмай, ичидан ҳирқироқ товуш келди.
— Нега?
— Негалигини бугун кўрдингиз,— деди Адҳам ниҳоят ундан кўзларини олиб.— Мабийи сизни ёмон кўради. Қизлар ўзлари суймаган йигитларни ёмон кўришади. Сиз буни билмасдингиз. Бугун билдингиз. Билишингиз керак эди. Буёғи яхши бўлади.

Лекин ҳозир Каримга яхши эмасди. Сира яхши эмасди. Унинг кўксини яна нимадир куйдириб ўтди, ўтган жойи ёмон из қолдирди:
— Қуйинг,— деди Адҳам.— Ҳозир тушунтираман. Менга ишонаверинг. Ёмон ниятда қилмадим. То битиргунча унга илакишиб юраверар эдингиз, аммо бирон иш чиқмасди.

Карим пиёлани чангаллади.
— Қани!—деди Адҳам.— Сизнинг бугунги кундан озодлигингиз... Нега бунатса қарайсиз?

Карим Адҳамдан кўзини олиб, қўлидаги пиёлага тикилди, пиёла титраётган эди.
— Ҳали ҳам тушунмаяпсизми?
— Йўқ, очиғи тушунмаяпман,— деди Карим ғўлдираб.— Шуни олдин тўғри ўзимга айтсангиз бўлмасмиди?
— Майли, кейин... Айтсам ҳам бўларди,— деди Адҳам.— Бундан осони борми! Лекин менга ишонмас эдингиз, ишонсангиз ҳам...

Карим ўзини камситилган ҳис қилиб, хўрлиги келди.
— Нега, ахир? Мен шунақа... Адҳам бош чайқади.
— Негалигини билмайман-у, лекин менга ишонсангиз ҳам... Бунақа масалада бировнинг айтгани, аралашгани билан иш битмайди. Айтганим билан, бари бир, кўнгил узмай яхши кўриб юраверар эдингиз. Бировнинг гапи билан ажралиб кетадиган бўлганингизда... Сиз уни севасиз-ку.— Адҳам яна битта сигарет тутатиб олди.— Лекин, шу қиз севишга арзимайди.
— Нега унақа дейсиз?—деди Карим бу гапдаи енгил тортган бўлса ҳам. Адҳам қўл силтади.
— Майли, ҳовурингиз босилгандан кейин ўзингиз билиб оларсиз. Ҳали уни унутасиз, унутганингиздан кейин ҳаммаси ойдин бўлади.

Адҳам пиёланинг тепасидан чангаллади, пайлари ўйнаб кетди. Кейин бирдан Каримга қараб:
— Сизга ҳавасим келади,— деди.— Нега менга бунақа қарайсиз?
— Нимага? Бугунги аҳволимгами?— деди Карим, гарчи Адҳам бу ўйда эмаслигини, жуда муҳим гап айтмоқчилигини сезиб, бирдан ҳушёр тортган бўлса-да. Унинг ичида тошга ўхшаган бир қаттиқ нарса эриётгандек бўлди.
— Рост,— деди Адҳам,— шундай бўлмаганда сизни ахтариб келмасдим. Карим тўлқинланди, томоғига алланарса тиқилди.
— Тирик одамсиз-да,— деди Адҳам.— Менга ўхшамайсиз — сиз яхши кўрасиз. Майли, шу Мабийчани бўлса ҳам, яхши кўрасиз. Яшаяпсиз!
— Сиз-чи!—деди Карим.— Қайси қизсизга...
— Йўқ, буни сизга тушунтиролмайман,— деди Адҳам бирдан тундланиб.— Умуман, севмай яшаш ёмон, демоқчиман. Одамнинг кўнгли ўлади. Ўлик кўнгил билан яшаш қийин.

Адҳам ҳозир жуда чиройли кўринарди: оқаринқираган, чўзинчоқ юзи, пешанасига тушган, салгина йилтираб турган сочи, маъюс чақнаётган кўзлари, қирра бурни, текис бичимли лаблари, ўртаси салгина пучуқ ияги, узун бўйни, кулранг, оҳорли кўйлаги — бор кўриниши жонли ҳайкалдек Каримни сеҳрлаб, олам-жаҳон ҳавас, қандайдир илиқ ҳасад уйғотар эди.
— Баъзан йиғлагим келади,— деди Адҳам рўбарўсидаги битта Каримга эмас, балки юзлаб содда бахтли каримларга қараб.— Аммо йиғлолмайман — дийдам қотиб кетган. Ҳатто йиғлашни ҳам одам соғинар экан...

Адҳам кўп гапирди, лекин Карим ҳеч балони тушунмади: «Тавба, бунга нима етишмайди? Бўйдан, чиройдан, гапдан берган бўлса? Юраги сўққабошлиги нимаси?..

Қоронғи тушди. Деразадан салқин елвизак кирди. Карим деразадан бошини чиқариб тепага қаради: осмонда юлдузлар бодроқдай сочилиб кетган, жуда кўп эди. Карим кўп йиллардан бери биринчи марта осмонга орзу қилмай қаради.
— Бурҳон келмади. Ётоқда қолди,— деди.
— Кеп қолар,— деди Адхам.
— Йўқ, келмайди,— деди Карим.— Кечаси юришдан кўрқади.
— Нега? Ёш боламидики?
— Ким билади?— Карим кифтини учирди.— Бу ерда ҳам бир ўзи ётолмайди. Қўрқишини мендан яширмоқчи бўлади, лекин мен биламан. Шу учун уни ёлғиз қолдирмайман.— Карим кулди.— Қизиғ-эй, ўлгудай хасис, пул сўрасам, кундуз куни бермайди. Лекин оқшом сўрасам, беради.

Адҳам жуда ажабланди.
— Ростданми?
— Рост,— деди Карим.— Лекин эрталабоқ кеча берганимни қачон қайтарасиз, деб сўраб олади.
— Қизиқ экан!—деди Адҳам.
— Қизиқ,— деди Карим ҳам.— Бу Бурҳон...

Бурҳон ҳақида гапиришгани сайин Карим очилиб борарди. У негадир шу чоққача Бурҳонни шу қадар ёмон кўришини билмаган, ўйлаб ҳам кўрмаган экан, энди эса уни иштиёқ билан ёмонлай кетди. Ёмонлагани сайин кўнгли ёришиб, ўзини яхши одам ҳисобларди. «Мен Бурҳондан қанчалар яхшиман», деб ўйларди.

Адҳам шу ерда тунаб қолди. У Бурҳоннинг кир кўрпасига ижирғаниб қараган эди, Карим унга тоза кўрпасини берди.

Карим узоқ вақт ухлай олмади, кўрпадан Бурҳоннинг иси келар, гўё кўрпа ҳам эгасига ўхшаб хасислик қилар, Каримдан иссиғини қизғанаётгандек бўларди.

Ой чиқди, деразадан кўринди, Адҳамнинг юзини ёритди: Адҳам ухлаб ётганида пиш-пиш нафас олар, юзи ҳам мулойим тортиб, ҳимояга муҳтож ёш боланинг худди ўзи бўлиб қолар экан.

Карим ҳозир ўрнидан туриб, Адҳамнинг ёнига ўтиргиси, ҳеч бўлмаганда устидаги кўрпани тўғрилаб қўйгиси келди, лекин Адҳамнинг уйғониб кети-шини, уйғоқ пайтларда ўзи билан қандай гаплашишини кўз олдига келтириб, юраги бетламади.

Лекин, бари бир, Адҳамнинг шу ётишида ҳимояга муҳтож ёш гўдакни эслатадиган нимадир бир нарса бор эди...

Карим кўзини юмди:

«Эртага эрталаб, албатта, Адҳам кетганидан сўнг, Моҳбиби келса... »Каримжон, мени кечиринг...» Карим қувониб кетади-ю, лекин сир бой бермайди. Моҳбиби гўё ярашмоқчидек, унинг пинжига тиқилади, қўлларини силайди. Карим уни итариб юбормайди, аммо юзини тескари буриб олади. Моҳбиби унинг муштумини ёзмоққа уринади, «Қўллларингиз мунча қаттиқ!», дейди. Шунда Карим эриб кетади-да, ёлғондакам пўписа қилади, шу билан бугунги қилмиши учун кечирим сўрайди: «Мана, шу қўлми? Сизга кўтарилган мана шу қўлни каравотнинг тутқичига бир уриб синдириб ташлайми?» Карим қўлини силтаб тутқичга урмоққа чоғланади. Моҳбиби эса ростдан ҳам қўрқиб кетади. «Йўқ, йўқ,— дейди у йиғламсираб.— Нега? Ахир, шу қўлингиз менинг ақлимни киритиб қўйди-ку!» Моҳбиби унинг қўлини ўпиб қўяди...»

Карим шу пайт беихтиёр ўзининг қўлини ғалати бир ташналик билан ўпди ва бирдан ўзига келди; ҳозирги аҳмоқона орзунинг ҳеч қачон амалга ошмаслигини ўйлаб ғижиниб кетди, қўлини қаттиқ тишлади...