OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАҳмад Аъзам
Асар номиДутор билан танбур (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Аҳмад Аъзам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм72KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/11
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дутор билан танбур (ҳикоя)
Аҳмад Аъзам

Собир телевидениега ишга келди. У бундан олдинлари «зангори экран»да беш-олти марта чиққан, ҳатто бир «жонли» кўрсатувнинг битта «саҳифа»сига бошловчилик ҳам қилган, шундан бу ердаги ишдан оз-моз хабари бор, ходимларнинг бир қанчаси билан кўз таниш, тўрт-бештаси билан қуюқ салом-алиги ҳам бор эди. Лекин келган куни ўшанақа ўзига яқин деб юрганларидан бири Бекпўлат унинг ўзларига раҳбар этиб тайинланганини эшитиб, дабдурустдан:

– Сизга ачинаман, – деб қолди. – Аччиғингиз чиқмасин-у, лекин сиз ишлайдиган жой эмас. Йўқ, яхши жой, ўзимизда ҳам кўз тикиб юрганлар бор эди, ўн беш-йигирма йиллаб ишлаб қўйган одамлар, кўтарилиш шуларнинг ҳаққи. Лекин гап бунда эмас.

Собир бу гапга сал оғринди-ю, синини бермади, лекин ичида сергакланди.

– Нимада бўлмаса? – деди у Бекпўлатнинг гапини ерда қолдиргиси келмагандек. – Яшаш керак-ку, дўстим. Яшаш учун ишлаш.

– Керак, керак. – деб синиқ илжайди Бекпўлат. – Ойлиги яхши, қалам ҳақи бор, яна... майли. Лекин бу ерга отдан тушиб кирасиз, шу билан қайтиб отга минолмайсиз. Бош муҳаррир, қўйса, ҳамма бўлади, лекин ёзувчи бўлиш... Сизга муносиб эмас. Ютқизасиз. Ка-атта! Йў-ўқ, мени норози экан деб ўйламанг, келганингиз шахсан менга яхши, фақат сизга ичим ачияпти.

– Кейин гаплашамиз, – деб Собир Бекпўлатнинг гапини кесди – ҳамманинг тилига эрк бердирмаслик керак, ҳатто у яқин одаминг бўлса ҳам. – Ўтириб ёзувчилик қиладиган ишни тайёрлаб турган отамиз йўқ. Сиз айтган толлар кесилиб кетган.

Бекпўлат қўлини банд қилиш учун стол устидаги қоғозларни тахлашга тушди.

– Майлингиз. Табрикла десангиз, табриклайман. Бу ҳам чин юракдан, беҳазил.

– Гапингизни қаранг, – деди Собир сулҳга чорлаб. – Ундан кўра билишим керак нарсаларни айтинг, менга янги...

Бекпўлатнинг лабидан яна ип қочди:

– Ҳамма жойдаги иш, ўргатадиган жойи йўқ. Студиялар, монтажхоналар қаерда, қанақа камераю қанақа кассеталар ишлатамиз – шуларни билиб олсангиз бўлди. Бунга Порсохон акамиз борлар, ҳали миянгизни қоқиб қўлингизга беради... Кеча сизни кўрган экан, эшитиб юрардим, раҳбарга ёлчийдиганга ўхшаймиз дейди...

– Сиздан ҳам яхши гап чиқар экан, – деди Собир.

– Мен эмас, Порсохон ака айтди... – деб жўрттага анқовсиради Бекпўлат.

– Эй-й, ўйламанг, – деб Порсохон ака қўл силкиди – гўё галалашиб учиб келган хавотир қушларини кишт-киштлагандек. – Сиз мен кўраётган ўн еттинчи раҳбарсиз. Улар сиздан ортиқ эмас эди, сизнинг улардан кам жойингиз йўқ. Тортиб кетасиз. Интизомни қаттиқ ушланг, ютқизмайсиз. Чунки, – Порсохон ака ориққина, сал букик бармоғи билан тепани нуқиди, – интизом – нонимиз, эфир эса – фақат интизом! – Кейин Порсохон ака икки қулочи билан бурчакдаги телевизорга талпинди. – Мана бу доим ёқиқ турсин, ўчмасин, доим! Чиройли хонимларни ўпаётганингизда ҳам бир кўзингизни бундан узманг. Шуни мажбурият қилинг, одатга айлантириб олинг. Бизларни қоқ ярим кеча уйғотиб, нима кетяпти, деб сўранг, ўлай агар, бир гап топиб айтамиз. Тушимизда ҳам шу ҳаёт-да.

Бу ердаги иш икки тахлит экан, бу томони – телевидение, муҳарририятлар, у томони – телемарказ; бу, телевидение томондаги ишнинг бошқа ишхоналардан унча фарқи йўқ, кўрсатувига стсенарий ё диктор матни ёзиб, «папка тўлдириб» ўтирган битта-яримтани айтмаса, ҳувиллаб ҳам ётар, («Иши бўлмаса нима қилади ҳавони исроф қилиб? Лекин ойда икки кун ҳамма келади: ойлик, қалам ҳақи кунлари», деб изоҳ берди Бекпўлат) ҳамма гап нариги, телемарказ томонда, ўша ёқда оддий одам боласи тушунмайдиган бир нималар бўлиб, қайнаб-тошиб ётар экан. Порсохон ака Собирни айлантириб чиқди, уч қаватли бинонинг ичи катта-кичик хоналар, баҳайбат студиялар, ҳаммасида аппаратлар қизил-кўк-сариқ чироқлари милтиллаб, сезилар-сезилмас ғивиллаб ишлаб ётади, қучоқ-қучоқ кассета кўтарган одамлар, долонларда устининг у ер-бу ери очиқ қолган ариқчалар чилвирдай, бармоқдай юмшоқ симларга тўла, лимиллаб оқаётгандек, ҳаммаси бориб-бориб бир керакли жойларга уланар, керакли жойлар эфир каналларига, эфир каналлари минорага, минорадан ҳаво орқали томошабин фуқароларнинг уйларига... Собир пастдан келиб, пастдан кетиб юрган экан, Порсохон ака бўлмаса, иланг-биланг бу долонлардан қайтишга йўлини топиши ҳам маҳол эди.

– Ай-й, қўрқманг, – Порсохон ака иложи бор ҳамма нарсага қўл силтаб гапирар экан. – Шунча нарсани билиш сизга шарт эмас. Керагини билинг, етади шу. Ҳаммасининг ўз одами бор. Мана, шу кетган минг-минг қулоч симларнинг ҳам ҳар бири белгили бир ишни бажаради, аниқ бир жойдан чиқиб, аниқ бир жойга уланади. Чалкашмайди, ҳар бири алоҳида рақамланган...

Нима бўлмасин, Собир анча янгилик қилар экан, Порсохон аканинг «Одам қилган ишни одам қилади, амалдорга эса амали билан бирга ақл ҳам берилади», деган ярим ҳазил, ярим таскин гапларига қарамай, ишни ўрганишга астойдил киришди. Эфирдан бошлади. Кечқурун ҳам уйига келиши билан кўрпачани узун ташлаб, чўзилиб ёнбошлади-да, лўлаболишни қўлтиққа босди. Ора-сира бирон бадиий филм ё кўзи тушиб қолган шов-шувроқ кўрсатувни кўрмаса, «зангори экран»ни унча суймайдиган одам, қадалиб ўтиришга анча қийналди, телевизорга тикилгани сайин хаёли ҳар қаёқларга қочиб, фикрини тизгинлаши мушкул бўлди, лекин энди ҳаёти шу, аравасига тушгандан кейин қўшиғини айтиши керак...

Соат тўққиз яримлар, «Тор сирлари» деган кўрсатувда бир бастакор билан суҳбат кетаётган эди, Собир кўзи қисилиб, мулгиб кетган экан, ошхонада Комиланинг ниманидир тиқирлатганидан ҳушёр тортиб, яна экранга тикилди. Бастакорнинг ўзи ҳам соз чалар, куйларини мусиқа асбобларида ўзи басталар экан, бошловчи йигит «Шу куйни ижро этиб берсангиз», деди. Бастакор шундоқ деворда илиғли турган танбурни олди-да, бармоғига нохун тақиб, чалиб бошлади. Экрандан эса... дутор куйи таралди. Аввалига Собирнинг диққати илмади, худди шунақа – танбур чертилса дутор куйи чиқаётгани тўғридек туюлди унга. Калласига етиб боргандан кейин эса ўзига ишонмай:

– Комила, чоп! – деб бақирди.

Комила елкасида сочиқ, қўлида ликопча билан югуриб кирди.

– Қара, қара!

Комила экранга кўз тикди, кейин ёқасига туфлаган бўлди-да:

– Юрагимни ёрдингиз-ку, – деди. – Бир гап бўлди, устингизга чойнак ағнадими деб...

– Сен бу ёқдаги гап-га қара-да. Қулоқ сол...

Комила бошини сал қийшайтириб, экранга қаради, аввал ҳеч балони тушунмади, кейин ҳайрон бўлди:

– Танбурни дутор қилиб чаляптими?

– Қанақа дутор қилиб? Қара, ана, нохун тақиб олган.

Комила баттар ажабланди.

– Ҳа-эй, лекин нимага дутор куйи? – У қўлидаги ликопчани артишга тушган эди, дарров ҳайронлиги босилди. – Бирон-бир усулдир-да.

– Қанақа усул? Бошидан кўряпман-ку. Адашди булар.

– Адашмайди. Шунча одамнинг адашиши мумкин эмас. – деб билағонлик қилди Комила. – Эҳ-ҳе, қанча одам ишлайди!

– Ҳаммаси ҳам одам-да шу, тирик, – деди Собир. – Билсанг, мен тирик одамларнинг адашиш ҳуқуқини қонунга киритар эдим.

Комила ярим кечаси эри билан тортишишдан ўзини олиб қочди:

– Энди ўзингиз ҳам ишлайсиз-ку, эртага сўраб биларсиз. Лекин, қизиқ...

Собир эртаси куни сўраб олай деса, муҳарририятида ҳали ҳеч ким йўқ, ўзи мажлисга кириши керак, ходимлар бемалолроқ келар экан.

Кичик раҳбарлар ҳар куни роппа-роса тўққизда бош директор хонасида тўпланиб, кеча эфирнинг қандай ўтгани, бугунги дастурнинг узатилишини «беш дақиқалик» қилиб олар эканлар.

Жуда яхши, эрталабдан ҳамма очиқ юз билан саломлашиб, сўрашади, ора-сира ҳазил-ҳузул бўлади, кичкина ҳангомачалар айтилади. «Аҳил одамлар экан, иноқлик шундоқ юзларидан балқиб турибди», деб ўйлади Собир. Кеча танишганларида ҳам уни шундай хуш қарши олган эдилар...

Бош директор Маъмур шиддат билан отилиб кирди, лекин тўрдаги жойига ўтишдан аввал ўтирганлар билан бир-бир қўл олишиб чиқди, унинг юзида ҳам хушфеъл табассум ярқиллар, бу тасассум у кўришаётган ҳар бир юзда шуълаланар эди.

Маъмур жойига ўтиб ўтирди, чақноқ кўзлари билан ҳаммага бир сидра қараб чиқиб, ким бор-ким йўқлигини назардан ўтказди-да:

– Бошладик, Мирзақул, бугун сенми? – деб мўндидай қора йигитчага им қоқди.

Йигитча ўрнидан қапчиб турди.

– Ҳаммаси жойида кетди, ўзгариш бўлмади, чепе йўқ, – деди.

– Телефонлар? – деб сўради Маъмур.

– Телефон бўлмади, тинчлик, Маъмур Султонович.

– Яхши, – деб Маъмур юмшоқ курсисига ясланди-да, яна ҳаммага бир-бир мамнун кўз юборди. – Кимда нима масала бор? Йўқ? Жуда яхши. Хўш, бўлмаса...

Собир шу билан «беш дақиқалик» тамом, бош директор ҳозир ҳаммага жавоб беради, деган хаёлга борди, кечаги танбур куйи ўрнига дутор куйи берилгани ҳам, нега бундай бўлганини сўраш ҳам эриш туюлиб, умуман бунақа нарсани гапиришнинг ўзи бу машваратга ярашмаслигини ҳис қилди. Гўё кеча телевизорда кўргани жуда арзимас бир нарса, ўтирганларга сира алоқаси йўқ, шунақа майда-чуйдалар билан бу ердагиларнинг бошини қотириш ёш боланинг ишидек бўлиб қолди.

Шу вақт эшик очилди ва бир-бир босиб Жавҳар ака кирди, индамай тўрдаги, Маъмурга яқин жойдаги бўш курсига чўкди, йиғилишни усиз бошлаб юборишганигами, ўтирганларга оғир-оғир қараб чиқди-да, бошини тўлғаб қўйди. Бир зумда ҳамма ёқда қандайдир ўзгариш содир бўлди, барча жиддий тортди, Маъмур ҳам ўтирган жойида қимирчилаб, Жавҳар акага кўзларини пирпиратиб қўйди-да, қўлига газета олди. Бошқалар қўлларидаги ён дафтарларни очдилар. Собир шунда ўзидан бошқа ҳеч ким қўли бўш келмагани, ҳамманинг тиззада ён дафтар, қўлда ручка билан айтилган нарсани ёзиб олишга шай турганига эътибор қилди.

– Хўш, бугун, – деди Маъмур овози сал титраб. – Кетдик! «Билағон бола».

– Жойида, – деб жавоб берди Камол.

– «Деҳқон сурури», – деди Маъмур ва пайсаллаган Мирзараҳим акага жавоб кутиб қаради. – Иқтисод.

– Тайёр, – деди Собирнинг ёнида ўтирган Мирзараҳим ака бошини кўтармай.

– «Олинг, кам бўлмайсиз».

– Топширилган, – деди Аввалбой.

– «Куйга ошуфтаман». Мусиқа.

– Кечаси қайта монтаждан чиққан, – деди Ўлжабой ака нимагадир араз билан.

– Мажлис тугаши билан беринг. – деди Жавҳар ака тўрсайиб. – Кўриб оламиз.

Ўлжабой ака Жавҳар акага пешонасини тириштириб қаради:

– Кеча кўрдингиз, айтганингизни қўшдим. Яна нимага?

– Барибир, кўнгил хотиржам бўлсин, – деб гапни кесди Жавҳар ака.

– Ўлжабой ака? – деб Аввалбой умидвор қаради.

Ўлжабой ака икки кўзини ҳам юмиб, «бўлади» деган имо қилди. Аввалбойнинг юзи ёришди.

Маъмур шунақа қилиб, кечаси соат биргача бериладиган кўрсатувларни бир-бир суриштирди, бугун тайёрланиб, соат йигирма иккида кетадиган кўрсатув бор экан, Мирзараҳим акага: «Кўриб олишимиз, соат олтидан кечикмасин», деб қаттиқ тайинлади.

Ишланиб-ишқаланиб, бир изга тушган иш, кўпинча изоҳ ҳам керак эмас, масала бир луқма ё имо билан ҳал бўлар, ҳатто муҳарририятларнинг номи ҳам тўлиғича айтиб ўтирилмас, «Адабиёт» ё «Мусиқа», «Иқтисод» ё «Субҳидам» дейилса ҳам кифоя экан.

Маъмур «хўш», деб столни шап этиб урди, ўтирганларда қўзғалишга бошланган ҳаракат яна унинг гапи билан тўхтаб қолди:

– Хўп, Собир ака, кеча эфирни кўрдингизми?

– Кўрдим, – деди Собир унча англамай.

– Нима фикрлар бор? Биз кўравериб ўрганиб кетганмиз, сиз янги одам. Тоза қарашларингиз бўлса керак, – деди Маъмур.

Собир қарамаёқ ўтирганларнинг унинг нима дейишига қизиқсиниб, ишонқирамай, синашта тикилганини, лекин гапириши ҳеч кимга керак ҳам эмаслигини сезди, шунинг учун ўзини хомроқ гап айтишдан эҳтиётлаб қўя қолди:

– Менга бир-икки кун индамасангиз, ҳали пасту баландини ўрганай.

Маъмур жилмайиб, яна юмшоқ курсига ясланди.

– Маъқул, қийнамаймиз. Мослашиб олинг. Лекин ўрганиш чўзилмасин. Хўш, савол йўқми, тушунмовчилик? – деб у Собирдан, кейин бошқалардан кўзи билан сўраб чиқди, «Шу билан мажлис тамом» дегандек яна столни шапатилади.

Шу вақт Собир ўзига нимадир бир нарса ёқмаётганини туйди, гапирган пайти Жавҳар аканинг ўсиқ қошлари тагидан беписанд кўз қадашларими, Маъмурнинг уни ҳали ҳеч нарсани билмайди деб, ҳаддан ортиқ аяшими, янги ҳамкасбларининг ошкор илтифот кўрсатишларими, ишқилиб, алланечик ҳамма уни жуда содда деб ўйлаётгандек туюлди. «Ҳали шунча ҳам ғўрманми? Булардан кечаги нарса қандай ўтиб кетган? Мумкин эмас-э», деб ўйлади у ва ўзи кутмаганда шу савол тилига чиқиб кетди:

– Кечирасизлар, – деди у товушидаги хижолатли қалтироқни босиб. – Кеча бир кўрсатув берилди, суҳбат, мусиқа билан. «Тор сирлари» деган. – Йиғилиш тугади, турамиз деб шайланганларга Собирнинг гапи ҳали унча етиб борганича йўқ эди, лекин Ўлжабой ака унга ялт этиб қараган кўйи, кўзини узмай турарди. – Шу... бастакор экранда танбур чалди, лекин эфирда дутор куйи кетди.

Ўлжабой ака хавотирли, беўхшов иржайди-да, Маъмурга қаради, Маъмур кўкрагини кериб, хушнуд яйради, Ўлжабой ака энди Жавҳар акага ўгирилди-да, у билан кўз уриштирди, Жавҳар аканинг энсаси қотиб, лаби йирилганини кўрди-да, яна Собирга бурилиб, ҳи-ҳилади. Камол Аввалбойга им қоқди, Аввалбой бир Собирга, бир Маъмурга қаради-да, кўзи билан кулди. Мирзараҳим ака очилиб, бошини эгиб олди. Қолганларнинг юзида ҳам Маъмурнинг яйраб илжайиши акс этаётган эди. Ўлжабой аканинг юзи кулиб турган бўлса-да, кўзлари бежолигидан Собир бари бир ўринсиз гапирганини англади.

Маъмур столини дўмбира қилди.

– Хўш, дутор билан танбур денг, Собир ака? Бўлади. Мен ҳам, мана, янги келганимда Жавҳар акам, кўрсатув «жонли»ми ё монтаж оласизми» десалар, «Жонли, жонли, ўзим кўриб олдим», деганман...

Ҳамма гуриллаб кулди. Фақат Жавҳар ака Маъмурга бир нарса деб тўнғиллади, Маъмур табассум аралаш, кўзини юмиб, «қўяверасиз энди», деган имо қилди. Булар имо-ишора, кўз уриштиришларнинг роса ҳавосини олган кўринади.

– Собиржон, Собир-а отингиз? Дуторнинг қорни катта, танбурники кичкина. Танбур мана бундай, дутор эса мана бундай чалинади, – деб Ўлжабой ака танбурни тиззасига, дуторни биқинига тираган бўлиб, уларнинг чалинишини ҳам кўрсатди. – Танбурни бармоққа кесилган ангишвона, йўқ, учбурчак узукка ўхшаган нарсани тақиб, «нохун» дейилади, манувнақа чаламиз, дуторни бармоқ билан, мунақа, тирноқ уриб... Ҳозир кабинетга борсак... столнинг устида битта нохун бор эди, кўрсатаман.

– Одам ҳамма нарсани билавермайди, – деди Мирзараҳим ака. – Мен ҳам қонун билан уднинг фарқига бормайман. Бу киши ҳам танбур чертиб юрмаган-ку.

– Мусиқада созлардан намуна бўлиши керак, – деди Жавҳар ака. – Минг марта айтганман. Хонада биттадан турсин деб. Ҳам чиройли, ҳам кўргазмали қурол.

Ўлжабой ака ўзини оқлади:

– Ҳамма созанда ўзиникини кўтариб келади-ку. Хонада турса, қўли қичиган тинғирлатавериб, ишлагани қўядими? Бир ҳафтага қолмай, моховга ошна қилишади.

Жавҳар ака гап қайтарганни ёқтирмайди шекилли, ҳовуллаб берди:

– Майли тинғирлатишса, лекин мана бунақа дутор билан танбурнинг фарқига бормаслик бўлмайди.

Ярим одам жойидан турган, Маъмурда иши борлар ҳали ўтирган эди, Жавҳар аканинг гапи ҳамманинг устида гумбурлаб кетди. Мирзараҳим ака Собирнинг оёғига тепиб-тепиб қўйди, Аввалбой «индаманг» деган маънода кўзини қисди. Камол унга қараб ҳамдард илжайди. Бошқалар хижолат билан кўзини олиб қочди. Ўлжабой аканинг ияги қалтиради:

– Биров дутор билан танбурни ажратолмаса, унга ҳам мусиқа айбдор, – деб аччиқ қилди у. – Ишга олган сизлар.

– Ҳай, ҳай, Ўлжабой, – деб Мирзараҳим ака уни тартибга чақирди.

– Нима ҳай-ҳай, нима ҳай-ҳай? – деб тишланди Ўлжабой ака. – Мусиқадан бошқа ишларинг ҳам борми? Бу кишим ҳам биздан бошлаяпти. Танбур ўрнига дутор кетди эмиш!

– Ey inson, – dedi Javhar aka. – Ishga kimni olamiz, deb mendan soʻramay qoʻyishganiga ancha boʻlgan. Mana, oqibati!

– Бўлди, – деди Маъмур муросага чорлаб. – Ўлжабой ака, гапириб бўлмайдими сизга? Ёзувчи одам, асбобингизни қайдан билсин. Бир оғиз сўрадилар.

– Менга найнинг нечта тешиги бор денг, – деб гап қўшди Аввалбой.

– Шуни ҳам билмайсизми? – деб унга қувват бўлди Камол. – Олтита.

– Ҳеҳ, – деб кулди Аввалбой. – Саводдан уриб кетган экан-да. Пуфлайдигани тешик эмасми? Еттита!

– Мен ҳеч тушунмайман, манавинақа шақилдоғи бор-ку, нима керак шу? Ҳар замонда шақ этиб кафтига уриб қолади, шунга ҳам бир одам овора, – деди Камол.

Бу гаплар албатта Собирни чалғитиш учун айтиляпти. Собир гапининг қандайдир ноўрин чиққанини англаб турса-да, лекин бунақа таъсиротни кутмаган эди, устига устак, ҳозир бир нарса демаса, бу ҳангома ўзининг зарарига бутун атрофга тарқалиб, бундан беш баттар гап-сўзга қолишини ҳам ўйлаб қолди.

– Кечирасизлар, мен чалишни билмайман-у, лекин дутор билан танбурнинг фарқига яхши бораман, – деб у атай овозини кўтариб, дона-дона таъкидлади. – Кеча ростдан ҳам танбур чалинганига дутор куйи берилди.

Ўлжабой аканинг кўзлари ола-кула бўлиб, ранги қум ўчди.

– Туринг-э! Яна шу гапми? – деди.

Собир куч билан ўзини босди:

– Оғизнинг жиягини сал йиғиштирасиз, ака, – деди.

Ўлжабой ака бирдан безанглаб кетди:

– Нима деяй бўлмаса? Эй, шу мусиқанинг ҳам падарига лаънат! Келган бало мусиқага ёпишади, келган бало мусиқага ёпишади. – Ўлжабой ака балонинг ёпишишини такрорлаб, икки қўли билан кўрсатиб ҳам берди. – Янги одам деб индамаса, бошга чиқиб, бўйинга миниб олади шекилли...

Собир бу одамнинг бирон нарсасини билмай ўлдириб қўйгандек, жуда бетайин аҳволга тушди, гапирса унинг баттар гувиллашини ўйлаб, индамай қараб тураверди.

Ma’mur oʻrnidan irgʻib turdi-da:

– Қани, ҳамма ўтирсин-чи! Ўтиринглар, – деди. – Хўш, Мирзақул, кеча эфирни кўрдингми?

Мирзақул жойидан сапчиди:

– Кўрдим, Маъмур Султонович!

– «Тор сирлари»ни-чи?

– Кўрдим, Маъмур Султонович, – деб Мирзақул кўзини олиб қочди.

– Бу киши нима деяптилар? – деди Маъмур унга тикилиб. – Айт, бу киши нима дедилар? Ҳа, сурма еганмисан, овозинг чиқмайди?

Мирзақул индамай деразага аланглади, кейин ерга тикилиб олди.

– Кўрмагансан, эшшак! Яна менга «вич»лайсан. «Вич»ингни пишириб ейманми? – деди Маъмур. – Нима кўргансан, айтайми, а? Тўртинчи каналдаги «Ўлим бўса»сини! Ҳе, кино кўрмай ўл!

Ҳамма жойига қайтиб ўтирган, кўпчиликнинг боши хам эди. Фақат Жавҳар ака калласини тўлғаб-тўлғаб қўяр, тунд юзидан бирон нарсани англаш қийин, лекин йилтираётган кўзларидан бир нарсага тайёрланаётганини тахминлаш мумкин эди.

– Хўш, ўртоқ раҳбарлар, – деди Маъмур. – Кечаги эфирни ўзи ким кўрди? Қани?.. Мирзараҳим ака?

Мирзараҳим ака секин бошини кўтарди-да, Маъмурга тик қараб, мулойимгина:

– Кеча қудам келган эди, – деди.

– Сиз қудангиз билан, обзорчингизнинг эса аҳволи бу, – деди Маъмур зарда билан. – Аввалбой?

Аввалбой бардам қўзғалди-да:

– Монтажда эдим, – деб бурро жавоб қилди.

Маъмур унга истеҳзоли қаради, лекин ҳеч нарса демай, Камолдан сўради:

– Сиз ҳам кўрмагандирсиз?

Камол беозор кулимсираб:

– Йўқ, мен кўрдим. – деди. – Фарҳод Узайр Бегижонов билан суҳбат қилди, Узайр Бегижонов ўз уйида яп-янги костюм-шим кийиб, галстук тақиб ўтирибди, шимининг тахи бузилмаган. Жуда сунъий-да.

Жавҳар ака вағирлаб берди:

– Сиздан Бегижоновнинг шими сўралмаяпти. Узайр танбур чалдими ё дуторми?

Камол кифтини қисиб:

– Танбур чалди, – деди, кейин астойдил лабини бурди. – Нима куй чалгани қулоққа кирмабди-эй. Фалати бўлгандай бўлди лекин... балки дутор куйи берилганигадир...

Ўлжабой аканинг фиғони ошди:

– Ўй ука, талмовсирамай, аниқ қилиб гапиринг: дуторми, танбурми?

Камолнинг ўзи ҳам ҳайрон бўлди:

– Эътибор қилмабман. Нимадир қовушмади ишқилиб. Кўзим Узайр Бегижоновнинг костюмида эди, «Танбурни шляпада чалганида жуда тўкис бўларди-да», деб ҳам қўйдим. Одам баъзан шунақа, бир нарсани кўриб туриб, бошқа нарсани хаёл сурасан.

Маъмур ҳатто хуноби ошганда ҳам яйраб гапирар экан.

– Хўш? Нега индамайсизлар? Эфирни кўрган бошқа мард ҳам борми? – У даврага бир қур кўз югуртирди, ҳамма жим эди. – Акалар, укалар, қаерда ишлаяпмиз, қаердан нон еяпмиз? Тешиб чиқмайдими! Шундай нарса ўтиб кетсаю ҳеч ким билмаса! Менинг кўнглим сезяпти. Бошда Собир ака адашган дедим, энди ўйлаб кўрсам, адашмаган. Янги одам нимадан адашиши ҳам мумкин?

Ўлжабой аканинг заҳраси заъфарон бўлиб қолди.

– Ўв, мени мияси суйилган деяпсизларми? Эсимни еганим йўқ. Кимнинг деворини тескари урган эдим? Бундай эмас-да энди.

Қандайдир бир кўринмас болтами, ойболтами, ишқилиб, жуда ўткир-оғир бир нарса Ўлжабой ака билан бошқаларнинг ўртасини чопиб қўйган, Ўлжабой ака қанча шовқинласа, шунча ожизланиб борар, ҳаммага кўз югуртириб, ўзига ҳамдард излар, одамлар эса ундан нигоҳини олиб қочар эди. Унинг аҳволига қараб туриб, Собирнинг ичи эзилиб кетди, боя ҳамманинг ўзига илтифот кўрсатгани қандай сунъий бўлса, энди шу одамларнинг Ўлжабой акани ёлғизлатиб қўйгани шундай бир тошбағирлик бўлиб кўринди.

Маъмурнинг гапини Жавҳар ака илиб кетди:

– Мана оқибати! Жағим чарчайди – папкани топширинглар деб. Қарға қағиллайдими, туя бўкирадими – фарқи йўқ. Мукофотдан кес, ҳайфсан бер – бефойда. Маъмуржон, ўзингиз билгандек, бугунги кўрсатувларнинг ҳам ҳали ярим папкаси йўқ. Бу, ярим эфир ҳужжатсиз – қонундан ташқари кетяпти дегани! Эртага, эфир ўтгандан кейин кўтариб келишади, қийшайи-иб! Қалам ҳақи керак-да.

– Папкаси бўлмаса, қабул қилманг дейман-ку, – деди Маъмур.

Жавҳар аканинг жағ мушаклари ўйнаб кетди. «Ҳозир оғзига биронтанинг билаги тўғри келса, ғарч узиб олса керак», деб сесканди Собир.

– Қандай қабул қилмайман? – деб вағирлади Жавҳар ака. – Кўзининг сийдигини оқизиб сизнинг олдингизга киради, сиз йўқ демасангиз...

– Нима, папкаси йўқ деб эфирни тўхтатайми? – деб зорланди Маъмур. – Томошабин папкангизни кўрмайди-ку. Хўп, ана, «Тор сирлари»нинг папкаси бормиди?

– Бор эди, бор эди, – деди мулойим бўлиб қолган Ўлжабой ака.

Маъмур Жавҳар акага ботиниб қаради:

– Кўрувдингизми?

Жавҳар аканинг ҳам попуги пасайгандек бўлди.

– Ҳа, – деди ерга қараб. – Мен кўрмасам ўтказмайман-ку.

– Кўрган бўлсангиз?.. – деди Маъмур жавоб кутиб.

Жавҳар ака бу ишга ўтирганлар айбдордек, ҳаммага жаҳл билан кўз югуртириб:

– Куйни эшитишим шарт эмас, ғоясини текширмайман-ку, – деди. – Телевизоримнинг товуши ўчирилган эди. Ким чиққанини папкадагига солиштириб кўрдим.

Бу орада Маъмур телефон рақамини тераётган эди.

– Марказийми? Салом-алайкум! Раҳмат! Раҳмат! Ҳа, ака, айтганман, бўлади, бўлади... Хурсандман... Ҳа, жуда яхши... Бемалол, бемалол!

Маъмур ким биландир жуда очилиб-сочилиб гаплашди, бу орада Ўлжабой ака ўтирганларга такрор-такрор мўлтиради, Жавҳар ака қовоқлари остидан босим қараб олди, жағ мушаклари бориб-бориб келди, боши неча марта тўлғанди, «Калла жонивор ҳам бор экан-да», деб ўйлади Собир. Бошқалар жим кутиб қолди...

– Ака, кечаги назорат ёзувларини укалардан зинғиллатиб, а... Йўқ, тинчлик... Ака, сиз бор-ку, нотинчлик бўладими? Ҳа, секингина, дўстлар билмасин...

Ma’mur goʻshakni qoʻyib, hammaga amirona nazar soldi. U hozir odamlarning ustidan katta rahbarga aylangan, koʻplarning rangi oʻzgargan, «nazorat yozuvlarini» eshitgan O’ljaboy aka bechora gezarib qolgan edi.

– Жавоб! – деди Маъмур кескин оҳангда, кейин товушини пасайтириб: – Собир ака, сизга раҳмат, – деди.

Mirzarahim aka pastroq tovushda choʻziq qilib:

– Э-э, – деб ўрнидан турди.

Маъмурнинг нигоҳини тутаман деб кўзи умидсиз овчилик қилаётган Ўлжабой акадан бошқа ҳамма қўзғалди...

Собир носинашта даврада бунақа мужмал аҳволга ҳеч тушмаган, ўзини нимагадир айбдор сезар, айбининг аниғини билолмаганидан баттар хуноби ошар эди. Кабинетда у ёқдан-бу ёққа юрди, чекди, ўтириб ўйлади, калласига бир маънили ўй ҳам келмади, телевизорни ёқиб, қараб ўтирди, кўнглига сиғмади. Охири «Э-э, нима бўлса ҳам ўтиб кетди-ку, бундан бу ёғига устароқ бўлиш керак шекилли», деб қўл силтади...

Бу орада долон жонланиб, саломлашиш – сўрашишлар кўпайди, эркакларнинг гурс-гурс, аёлларнинг тақ-туқ қадам товушлари кучайди, бир жувоннинг жаранглама кулгиси бор экан, икки марта кимгадир қичиқ ҳазил қилди, кимдир «Ҳа, сан ўлмагин-да», деб қўйди.

Собир папкаларни паришон варақлаб ўтирган эди, дермантин қопланган эшик гурсиллаб урилди-да:

– Мумкинми? – деб Бекпўлат кирди.

– Тўғри кираверсангиз бўлмайдими? – деди Собир. – Эшикни гумбурлатиб теп, яна рухсат сўра.

Бекпўлат беозор кулиб:

– Тепганим йўғ-э, матоси қалин, муштламаса бўлмайди, – деди. – Янги раҳбар келгани билинибди, бугун ходим кўп. Бу, тинчликми «беш дақиқалик»да? Мусиқада ўрдак сузяпти, нима гап десам, янги шефингдан сўра дейишди. Бир нима ўтиб кетган шекилли?

Собир гап тарқалганига ҳайрон бўлди.

– Кеча танбур чалиниб, овозига дутор куйи кетди. Шуни сўраган эдим. Дарров...

Бекпўлатнинг қоши пешонасига кўтарилиб кетди:

– Нима? Нима деяпсиз!?

Энди Собир танбурни чалган бўлиб кўрсатди:

– Бегижонов, бастакор, танбур чалди. Лекин дутор куйи берилди.

Бекпўлат унга оғзини очиб қараб турди-да, икки қўли билан бошини чангаллади:

– Вай-й! Ростданми? Худо урибди-ку!

– Нега худо уради? Шунга шунчами? Мажлисда гаплашиб олинди-ку, – деди Собир юраги ивишиб.

Бекпўлат асабий кулди:

– Мажлисдаги гап-гап. Энди бошлансин-да.

– Ўзи ҳеч ким кўрмай ҳам қолган экан. Бекор айтибманми? – деди Собир астойдил куйиниб.

Бекпўлат Собирга тикилиб турди-да:

– Бекор. – деди. – Сизга нима, янги одамсиз, ўзлари билан ўзлари ейишсин эди. Саккизта эчкига саксонта така ўтиради, нега ўтказиб юборади? Лекин чатоқ бўпти.

– Айтмасам, ҳеч ким билмай қолармиди? – деди Собир.

– Мумкин, – деди Бекпўлат. – Сиз тўғри қилибсиз, кўрган нарсангизни қандай айтмайсиз? Лекин айтмасангиз яхши бўларди. Ўлжабой ака сиздан хафа бўлади-да.

– Мендан, нега? – деб ҳайрон бўлди Собир.

– Айтяпман-ку, ака, бошланади деб. Бошлангандир ҳам. Тушунтириш хати, ҳайфсан, ҳайда-ҳайда. Худо берди Жавҳар акага. Ўлжабой аканинг устига миниб олиб ириллайди, йўқ, бўкиради, ў-ў, яна панжамга илиндинг-ку, деб...

Шу вақти эшик товушсиз очилиб, Порсохон ака кирди, тўғри келиб қўлини Собирга чўзди:

– Табрик! Жанговар чўқинтирилишингиз билан! Яхши! Бизда гапидан латта иси келадиганлар ишлай олмайди. Талашиб, тортишиб, ҳақини ажратиб олиши керак одам. Айниқса, раҳбар. Нима, оғзингизнинг жиягини йиғиштиринг, дедингизми? Оригинал! – Порсохон ака Собирнинг ҳайрон қараб қолганига изоҳ берди. – Эй-й, Собиржон, бизда гап ётмайди, оғзингизни очмасингиздан олдин ҳамма эшитиб бўлган бўлади. – Порсохон ака одати бўйича қўл силтади. – Ўзидан кўрсин, монтажни ассистентга ҳам ташлаб кетадими! Лекин бу бир фалокат.

– Ким бўлган? – деб сўради Бекпўлат.

– Эгамназар, – деди Порсохон ака. – Ошни сузмасимиздан етиб бор, деб кетишган яна.

– Буларнинг таҳорати йўқ-да, – деди Бекпўлат, – доим бир нарсаси чиқиб туради...

Собирнинг кўк телефони жиринглади.

– Собир акамисиз? – Гўшакдан бир қизнинг чиройли овози келди. – Маъмур Султоновичга! Бир келиб кетар экансиз.

Собир долонда бораётиб, ходимларининг сал ҳадик билан саломлашиши, синовчан қараб қўйишларидан билдики, ростдан ҳам «беш дақиқалик»даги гап тарқалган, тарқалганда ҳам маҳовати билан, ўзи ҳақида ҳам анча-мунча гап қўшилган шекилли, бугунги муносабат кечагидан бошқачароқ.

Қизиқ экан, бир пасда. Бу ерда одам зерикмайди шекилли.

Маъмур ҳам уни сакраб туриб кутиб олди, бошқатдан қўл бериб кўришди.

– Келинг, ака, – деди янада очиқ жилмайиб. – Ўрганяпсизми? Бизники шу-да, ака. Энди ичимизга кирдингиз, кўраверасиз.

Собир нима дейишини билмаганидан индамади.

– Қойил сизга, тўғри айтган экансиз.

– Эй, бунинг нимасига қойил? – деди Собир.

– А шунча одамдан ўтиб кетибди-да! Битта сиз кўргансиз. Ўтириб кўрдик, айтганингиздай! Ҳозир «разбор» қиляпмиз. Ҳақиқатан ҳам қўлинг сингур Бегижонов танбур чаляпти, эфирдан дутор кетяпти! Кўриб туриб, одам ишонмайди-я!

– Бегижоновда нима айб? – деди Собир.

– Наҳс-да, ака, наҳс босган, – деди Маъмур бурнини жийириб. – Ёмон кўраман шу одамни. Доим қари қиз овга чиқди, кетидан ғовға чиқди. Яна бизни танқид қилади, мусиқани тушунмайдиган одамлар ўтирибди деб. Ўзи бўлса уйида янги костюм-шим кийиб, экранга чиқади. Фаросат! Ҳа, майли, бу – ўзимизнинг гаплар. Сизни чақиртирганим – яна бир марта раҳмат айтиш. Бу ердаги аччиқ-тизиқ гапларни кўнгилга олмайсиз. Ўлжабой ака ўзи ёмон одам эмас, ҳали қаймоқлашиб кетасиз, керак одам, лекин гап эшитавериб, ҳалиги, ёзувчилар нима дейди, қашқатаёқми, калтакзадами бўлиб қолган.

– Ёзувчилар эмас, кампирлар айтади, – деди Собир.

Маъмур бошини орқага ташлаб кулди.

– Халқ тили-да... Шу, Собир ака, энди ўзимизникисиз, эрталабки гап шу ерда қолсин.

Собир кифтини қисди.

– Тарқаб бўпти-ю.

– Тарқалади! Минг эҳтиётини қилинг, даврада айтилган гапнинг қирқта қулоғи, йигирмата оғзи бор. Ичимизда ўрмалайди. Масала – Маъмур кўрсатгич бармоғи билан тепага ишора қилди, – юқорига чиқиб кетмасин. Йўқ, яширмаймиз. Лекин... раис ўзимиздан, аниқроғи мендан эшитсинлар-да. Ўзим лаб-лунжини тўғрилаб тушунтираман. Бошқалар қайси кўнгилда нима деб етказади – ким билади? – Маъмур ўзининг пиёласига чой қуйиб, Собирга узатди. – Битта ичинг, дил кетди. Бундан кейин, худо хоҳласа, кўп ишларни бирга қиламиз, шунақа пайтлари, акажон, аввал секин ўзимга айтсангиз, ёзувчилар нима дейди, нуран аъло нурми...

Бош директорнинг чойи, ичига алламбалолар солинганми, ҳам тахир, ҳам зиғирмойнинг мазаси келар экан. Собир қаёққа тупурсам экан деб ижирғаниб чиқса, долонда Жавҳар ака турган экан.

– Сизга қараб турибман, – деди Жавҳар ака меҳр кўргазган бўлиб. – Чақиртирсам, кабинетингиздан бу ёққа келгунингизгача битта роман битилади. Бизга кирайлик.

Жавҳар ака оғир гавдасини чаққон буриб, кабинети эшигини очди-да, Собирга манзират қилди. Собир индамай эргашди.

Жавҳар ака жойига ўтиргандан кейин тортмасидан бир даста оқ қоғоз олиб, тап-тап уриб тахлади, Собирга қаради, унда ҳеч нарса йўқлигини кўргандан кейин, даста қоғоз устига ручка қўйди-да:

– Яхши бўлди, Собиржон, – деди, – жуда яхши, худо ол, қулим, дегани шу-да, ўзи тўғрилайди! Келганингиздан бир кундаёқ кўзга ташланиб турибсиз. Лекин эҳтиёт бўлинг: орқангиздан пичоқ урадиганлар бор бизда. И-и, чоҳга итарадиганлардан эҳтиёт бўлинг деб, ўзлари итариб юборади! Ана биттаси! Нохунни кўрсатармиш! Ҳавасакка иккита нағма машқи борми-йўқми, бу эррайим ҳам созанда! Мутахассис! Пешонасига туфлаб бир сўм ёпиштиринг, қийпиллаб ўйнайди. Отарчи! Бутун бошли муҳарририятни шунақа одамга топшириб қўйганмиз. Ёзувчининг қадами бехосият келди эмиш. Савияни қаранг! Мия моғорлаб, бетни тасқара бойлаган-да бир қарич. Сиз ўйланманг, ўзим борман. Бамаслаҳат иш қилсангиз, кам бўлмайсиз...

Собир шу бир-икки кун ичида одамларнинг гапини бўлмай эшитишга ўрганиб қолди, лекин Жавҳар акани жим тинглашга қийналди, аммо унинг гапини бўлишнинг ҳам эвини қилолмади. Ноилож тишини тишига босиб ўтираверди.

Бу Ўлжабой дегани чўқимай қарға бўлган, ўқимаган бир муллойи беамал экан. Унга Жавҳар ака айтибди: «Ўзинг ишни чатоқ қилиб, яна нимага ёзувчидан хафа бўласан, бола-чақасини ўйнатиб, хотинининг кўнглини олиш ўрнига эфирингни кўриб берса» деб, лекин у тўқим табиат, пайтавақулоқ, хуллас, тўйиб қутуриб кетган экан-да-э, энди қанча тез кетига тепилса, шунча барака топар экан тепган одам. Гап нима устида кетяпти экан? Виждон устида, масъулият устида! Жавҳар аканинг даврларида бунақа эмас, ҳамма қилган ишига жавоб берар экан, ҳозир интизом тушиб кетибди.

Жавҳар ака жуда кўпчиликдан шекилли, биз, бизнинг давримизда, бизлар ундоқ қилганмиз, деб гапирди, кейин бу киши ҳамма нарсани олдиндан билар экан, биз билар эдик, айтиб қўяй, мени айтди дейсиз, биз олдиндан айтган эдик-ку, дейди, шунданми, у киши раҳбар пайтлари бунақаси бўлмаган, бўлса ҳам Ўлжабойга ўхшаганларнинг шохи «момент» синдирилган, ҳозирги бу эркинчиликнинг охири яхши эмас экан.

Жавҳар ака Собирга қараб гапиргани билан уни кўрмаётган, ҳисобга ҳам олмаётган, у Собирнинг орқасидаги теранликларгами, пучмоқларгами кўзини тиккан эди. Тинглагани сайин Собирнинг кўнглига мубҳам бир хавотир оралади, Жавҳар ака кўзига одамзод уммони ичида не-не замонлар оралаб, олдида кўндаланг чиққан жонзот борки, ҳаммасини катта боши, йирик-йирик жағлари билан босиб-ғажиб-янчиб ўтиб келаётган баҳайбат бир наҳангнинг ўзи бўлиб кўринди, уни тўхтатадиган ё орқага қайтарадиган куч йўқ, Собир бунга шунчаки, кўрганини бошқаларга етказиб, қудратига шоҳидлик берадиган бир гувоҳ эди, холос.

Жавҳар ака даста қоғозни Собирга суриб, катта жағи билан им қоқди.

– Энди қоидамиз шунақа – ҳаммасини ёзиб беришимиз керак. Сиз ҳали янги, ўзим қарашиб юбораман. Хўш, бундай. Компания раисига. Кечаги сана, кечқурун соат тўққизу ўттиз бешда берилган кўрсатувни кўрдим, унда бошловчи Фарҳод Олимжоновнинг таклифи билан бастакор Узайр Бегижонов танбурда «Ўрик гуллари» куйини ижро этди, лекин эфирда дутор ижросидаги «Сой соҳили» берилди.

– «Ўрик гуллари»ми ё бошқасими, қайдан биламан, – деди Собир ғижиниб. – Танбурнинг товуши чиқмади-ку, парда босилишига қараб айтадиган даражада эмасман.

Жавҳар ака бир муддат илжайиб тикилди.

– Ҳа майли, буни ёзмаймиз... Хўш, эртаси куни бош директор ЭМ.ЭС.Қориевнинг кабинетида соат тўққизда бошланган эрталабки оператив йиғилишда мажлис аҳлига мазкур ғоявий-сиёсий хато ҳақида маълумот етказдим. Аммо мажлисда «Мусиқа» муҳарририятининг бош муҳаррири Ў. Нуралиев хатодан тегишли хулоса чиқариш ўрнига каминани ҳақорат қилди, тартибга чақирган бош директор ўринбосари Же.Қурбонбоевга қўполлик кўрсатди.

– Ҳақорат қилмади. – деди Собир.

– Ия, бало тикилди деса, бехосият келди, деб гап тарқатиб юрса, ҳақорат эмасми шу, Собиржон? – Жавҳар ака жуда-жуда ҳайрон тикилди Собирга. – «Тур!», Тур-э», деб итга айтилади, а бу ҳақорат бўлмай, нима? Эрталаб шарт-шурт гапирганингизга, манна-э, ниҳоят ғурури баланд, тишлик-тирноқлик бош муҳаррирга эга бўлдик, деб хурсанд бўлувдим. Бу ёғи қанчадан тушди энди? Ўлжабойнинг ўзи ҳажи қабул бўлиб қолган, битта туртки етади. Кўпчиликнинг дуосига қоласиз. Эчкининг ўлгиси келиб, қассоб билан ўйнашиб турибди-ку.

Собир ўрнидан турди.

– Собиржо-он, – деди Жавҳар ака чўзиб, – бу сизга керак, ҳа, сизга. Мансаб пиллапоясида неча кўтарилишингиз бор. Таржимаи ҳолингизда яна бир ижобий факт-да бу. Зўр бўлади. Шунақа фактлар йиғилаверса, келажагингизга яхши. Мен сизга бир яхшилик қилай деяпман.

– Ўлжабой ака яна ҳам сасиб юрган бўлса, ўзим гаплашиб қўяман.

Жавҳар ака ҳам ўрнидан туриб кетди:

– Ўв, ука! Сизнинг тенгингиз эмас у одам. Бошни дорга тикманг. Бир мушт ураман деб... Ўлжабойнинг гаплари сизга эмас, менинг мана шу юрагимга санчилди. Қонуний йўл билан таъзирини едириш керак, вассалом!

Жавҳар ака ўтирган жойида бостириб келаётгандек, Собирни оғир бир рутубат босди. У бурилиб эшикнинг дастасини ушлади.

– Э тўхтанг-да, мўҳ-мўҳ деса қўй ҳам тушунади, сиз бўлса, – деди Жавҳар ака сир билан. – Айтмаганимга қўймайсиз шекилли. – Жавҳар ака шу гавдаси билан чаққон келиб, Собирга бошини эгди, жилмайиб, кўзи билан имлаб, қаттиқ шивирлади: – Қўшамиз! Тушуняпсизми? Мусиқанинг ҳам бошига офтоб чиқсин.

Собир ҳеч нарсани тушунмади, лекин Жавҳар аканинг мамнун қараб туришидан хурсанд бўлиши керакдек эди. Тили сур калтак бўлса ҳам, шундай гавдали одам эшилиб-буралар экан.

– Мусиқани сизга қўшамиз. Етди етдими энди бу доно каллага? Ҳа? Энди ўтириб ёзинг айтганларимни.

Собир эшикнинг дастасини қўйди. Жавҳар акага тик қаради.

– Мени бунақа нарсаларга аралаштирманг.

Жавҳар ака нодон болани биринчи марта кўраётгандек ажабланди:

– Ука, укажон! Мен ёзувчиларни бошимга кўтараман. Носир Нозим акамларга мен чойлар дамлаганман, хизматларида бўлганман. Сизни ҳам ўзимиздан деб...

Собир унинг гапини бўлди:

– Кечирасиз, мен ҳеч кимга чой дамламаганман. Сиз билан фарқимиз шу.

Sobir Javhar aka tutib qoladigandek, oʻzini eshikka urdi, Javhar aka «Til ham bor ekan, zahargina», deb qoldi, lekin uni toʻxtatishga ulgurmadi, orqasidan ham chiqmadi.

Собир кабинетига кириши билан телефондан Бекпўлатни излаттирди.

Бекпўлат Порсохон ака билан бирга кирди. Иккаласи ҳам индамай, Собирнинг оғзига қаради. «Эшитдимикин булар?» деб ўйлади Собир ва ўйини ўзи рад қилди, ҳар қалай, Жавҳар ака чақириб айтмайди-ку. У Бекпўлатнинг битта ўзи билан гаплашмоқчи эди, лекин Порсохон акани чиқариб юбориш жуда ноқулай, ҳам гапини Порсохон ака ҳам эшитиши керакдек туюлди.

– Бекпўлат, кеча гапингизни олмай, бекор қилган эканман.

Бекпўлат кечагидек лабидан ип қочиб қаради, индамади. Собир Порсохон акага тушунтирди.

– Бекпўлат кеча бу ер сиз ишлайдиган жой эмас, деганда, ҳа, бир олифта гап-да, деб ўйлаган эдим. Ҳозир бош қотди, қандай бўшасам деб.

   Sobir ularning hay-haylab berishini kutgan edi, lekin ular xuddi shunday boʻlishi tabiiydek tutdilar oʻzlarini. Bekpoʻlat oʻsha-oʻsha siniq tabassum qildi, Porsoxon aka zavqlanib tizzasiga shapatiladi.

– Мен гапни кеча айтдим, бугун эмас. Бир кунда кўп нарса ўзгаради, – деди Бекпўлат.

– Нима ўзгарди? – деди Собир.

– Ишни бошламаганингизда бошқа гап эди. Энди кетаман, дейиш номардлик бўлади.

– Ҳай, қани, Жавҳар акамиз нима деб ўқидилар? – деди Порсохон ака айёр кулиб.

Собир Жавҳар ака билан бўлган гапларни айтгиси келмади:

– Қўяверинг, – деди.

– Сизга бир гап айтайми? – деди Порсохон ака. – Туҳмат бўлса, худонинг ўзи кечирсин. Жавҳар акангизнинг шу кўрсатувни кўрмаганига сира ишонмайман.

– Кўришга кўрган, лекин телевизорининг товуши ўчган экан, – деди Собир.

– Жавҳар аканинг телевизори? Ўчиқ бўлади-я?! Ҳаётда!

– Порсохон ака, мумкин эмас, – деди Бекпўлат. – Кўриб-билиб туриб? Ўзига ҳам гап тегади-ку.

– Эй-й, соддалар, – деб кулди Порсохон ака. – Нима бўпти танбур ўрнига дутор кетса? Фоявий-сиёсий хато эмас бу. Биров сўрамайди ҳам. Кимнинг нима иши бор? Лекин бу ерда... Маъмур бор, Ўлжабойнинг кавушини тўғрилаб қўйиш керак. Маъмур кўрсатувларни олдиндан кўрмайди. Жавҳар акага ташлаб қўйган, бир гап бўлса, Жавҳар ака жавобгар, у эмас. Жавҳар ака эса мусиқа билан бизни қўшса-да, ўзи бош муҳаррир бўлса. Режа шу. Шу учун мусиқа атрофида қанча гап кўпайса, шунча яхши. Бу киши кейин келиб тартибга солиб берадилар. Битта мусиқанинг ўзига интилсалар, шубҳа туғилади. Лекин Маъмурнинг ҳамма гапдан хабари бор. Жазолашни ҳам Жавҳар аканинг қўли билан қилади. Ҳаммаси ҳисобга олинган, Бекпўлатвой.

Собирга бу гаплар жуда қизиқ эди...

– Аҳ-ҳа, тўғри, – деди Бекпўлат. – Лекин бош директор ўринбосарлиги ҳам ёмон эмас-ку?

Порсохон ака қўл силтади:

– Бе-э, акам кеча ўзларига бўйсунган Маъмурга бугун бўйсунгилари йўқ. Минг интилгани билан, Маъмур ҳам жойини бериб қўядиганлардан эмас, кейин ёш ҳам кетяпти. Ҳа-эй, Собиржон, ишларимизнинг кети очилиб ётган сири кўп. Ўлмаган қул кўраверар экан. Во-оҳ, бутун умрни шу ерда ўтказиб юборибмиз-эй, қирқ уч йил шу битта эшикдан кириб, битта эшикдан чиқиб юрибмиз. Балиқчадан балиқ бўлдик, лекин тилла бўлмадик, наҳанг ҳам, ҳовуз ўша-ўша, ўзгаргани йўқ. Лекин шукр, шукр қилишимиз керак. Жонимизга тўзим берсин, шунча йилдан бери Жавҳар ака билан ҳам олишиб келяпмиз, сиз бўлсангиз... бир кунга...

– Ёзувчилар худбин бўлади-да, яхши маънода, ўзини, ижодини ўйлайди, – деб фалсафа сўқди Бекпўлат. – Бу ердаги одамлар-чи? Ҳаммасини кўриб, сезиб турибди-ку. Нечтаси кирмоқчи олдингизга, янги иш, ёлғизланиб қолмасин, кўнгилларига тиргак бўлармиз деб. Сиз бўлса, бошингиз қотиб кетмоқчисиз. Кеча мен бу ерда ишламанг деган маънода айтмадим, ишласангиз сизга ачинаман дедим. Ҳали...

– Бўлди, бўлди, – деди Собир таъсирланиб. – Бошқа бу мавзуда гапирмайман...

Эшик очилиб, Ўлжабой ака, доим кириб юрадиган жойи, лекин сал тортиниброқ кирди. Ўтириб, қўлларини очди-да:

– Қани, Порсохон ака, бир дуо беринг, – деди.

Порсохон ака:

– Омин! – деб фотиҳа тортиб қўя қолди.

Ҳаммалари фотиҳа тортгач, Порсохон ака Ўлжабой акага қуш боқиш қилди:

– Келинг, Ўлжабой.

– Ҳай, – деди Ўлжабой ака, кейин Собирга тўғри қаради. – Собиржон, сизга ҳайфсиниб келдим. Қаранг-эй, ўтиб кетибди-я! Яна танбур чалса, дутор куйи чиқаётгани тўғридай. Шунақа бўлиши мумкинлиги сира калламга келмабди...

«Бехосият деб айтдими, йўқми? – деб ўйлади Собир, лекин Ўлжабой аканинг танқайган бурни, қовжираган кўзларига қараб, фикридан қайтди. – Йўқ, Жавҳар ака тўқиган. Бу одам пов этиб ёниб, кейин қандай ўчишни билмай юради шекилли».

– Хўш. Ўлжабой, бўлади-да. Нимага келишдинглар, шундан гапиринг, – деди Порсохон ака.

– Жавҳар акам нимани сўраса, ёзиб бердик. Илож қанча? Энди гўштимизни сихга тортиб, чўққа тоблаб оладими ё хомлай ейдими, ўзи билади. Пешонадан кўрамиз-да, – деб Ўлжабой ака мумсик илжайди. – Бизники шу – гадой аразласа тўрвасига зиён.

– Ҳали айтмоқчи эдим, – деди Бекпўлат. – Собир ака, тушликда ҳеч қаёққа кетмайсиз. Хотинларимиз бир тадбир ташкил қилган. Ҳамма бўлади. Ўтирамиз. Сиз билан яқиндан танишув. Бу ҳам ҳаммага қилинавермайди, ака, обрўйингиз... Ўлжабой ака, сиз ҳам киринг. Э-э, кўп ичга олаверманг, отнинг оёғи тўртта бўлса ҳам қоқинади.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2011-йил, 1-сонидан олинди.
1995–2006