OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАҳмад Аъзам
Асар номиОдамнинг оласи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Аҳмад Аъзам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм65KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Одамнинг оласи (ҳикоя)
Аҳмад Аъзам

Лоф эмас, Яламада Шерқўзидек мулойим, ундан ҳалимроқ кишини топиш мушкул. Мана, ёши қирқдан ҳам ошибдики, биров билан сан-манга борганини ёки, ақалли номига бўлса-да, кимсага дўқ урганини ҳеч ким кўрмаган-эшитмаган. Лекин Ялламанинг ман-ман деган бўйни йўғони ҳам унинг қаршисида қўл қовуштириб айтадиган гапини орқа-олдига қараб, ўйлаб гапиради: Шерқўзи «Жоним-жоним»лаб ҳар қандай одамнинг жонини кекирдагидан суғуриб олади.

Шерқўзи бир одамдан, у ҳам бўлса отасидан бир оз чўчийди. Лекин ҳовли-жойи, рўзғори бошқа, шундай экан, қариб қолган бобойдан чўчиди нима, чўчимади нима! Уч синглиси, «мусофирликда юрган» укаси ва онасига Шерқўзи аяброқ гапиради, аммо улар ҳам Шерқўзидан негадир ҳайиқишади. Аиниқса, хотини Кароматга худо юракдан берган: елкасидан ҳам келмайдиган (тақдир экан-да!), увоққина эри олдида қалтираб туради. Шерқўзи жаҳли чиққан пайтларда бақирмайди, сўкмайди, «Хоним!» деб сизлайди, «Кароматхон!», дейди - узиб олади. Унинг эшикдан: «Каром, чой-пойинг борми?» Ўзбекнинг рўзғори қурсин, бирин битирсанг, бири тайёр туради-я». Деб ҳорғин кириб келишига, оҳ Каромат жони-жаҳонини беришга тайёр - Шерқўзининг эркалатгани шу-да!

Аслида-ку, Шерқўзи рўзғори, хўжалигидан нолимаса ҳам бўлади -жойида. Эшик олди бир текис ваиш, ҳусайни, кейин яна бир қатор қора кишмиш, мускат… энг охири - эртаги даройи. Ундан сўнг худди шундай тартиб билан помидор, бодринг, картошка, ловия, булғори қалампир, аччиқ жайдари қалампир экилган. Уйнинг орқасида эса беда, маккажўхори, пиёз, озгина саримсоқпиёз, сабзи, яна уруғини Шерқўзи қайдандир топиб келган «суданка» деган емиш ўт. Ён томонда чоғроққина боғ, у ерда мевали дарахтнинг ёнғоқ билан шафтолидан бошқа қарийб ҳаммаси бор. Шерқўзи бу иккала дарахтнинг мевасини яхши кўрса ҳам, ўзини хушламайди: ёнғоқ кўп жойни эгаллайди, томорқанинг анча жойига соя ташлаб, бошқа экинларни сиқиб қўяди, шафтоли эса уч-тўрт йилдан сўнг қариб қолади. Ҳовлининг чор-атрофи бир текис бўй тортган мирзатераклар билан ўралган. Ҳар биридан иккита болор чиқади. Агар қирқ сўмдан (Шерқўзи ошиқча сўрамайди -инсофи бор) пулласа, ўзича ўсадиган, ош-нон сўрамайдиган шу теракларнинг ўзи икки ярим-уч минг туради. Бу ҳам бир давлат-да, пул топиш осон эмас, лекин йўлини билиш керак.

Шерқўзи пулга муҳтож эмас. Уч говмиш сигири (биттаси яқинда туғиб беради), икки зотли бузоғи, бир новвоси бор; буқаси эса боқувда, бурнига ўтказилган халқани силкитиб, пишқириб ётибди. Беш-олтита қўйи даштда -чўпонда. Ҳар йили ё биронтаси йўқолади, ё ҳаром ўлади, бироқ Шерқўзи қўли очиқ, бағри кенг одам - куйиниб ўтирмайди, «Садақа-да, келган балоқазо шунга урсин», деб қўя қолади. Негаки, Шерқўзи пулнинг изидан қувган одам эмас, аксинча, пулнинг ўзи уни қувлаб юради. Тўғри, Шерқўзи тинмайди, эртаю кеч меҳнат қилади, кўпинча тез-тез мол алмаштириб сотади. Ҳар биридан икки юз-уч юз ёнга қолади, лекин ҳеч ким буни айб санамайди -бозор-да, йўлини билагн одамники ҳалол.

Ўтган йили Шерқўзи ўғли ухлагандан сўнг хотинига аччиқ чой дамлатиб, ўзича хомчўт қилиб кўрса, жамғармаси битта енгил машинага бемалол етиб, ҳатто ошиб ҳам қолибди. Кейин ўйлаб қараса, Яламанинг энг олд одамларида машина бор. Шерқўзининг улардан ҳеч бир камчилик жойи йўқ. Шерқўзи эртаси куни яқин-яқин оғайниларидан шунчаки номига икки минг қарз кўтарди; қишлоқда ҳар хил одам бор, ўзи сувчи, топгани мунча, шунча пулни қайдан олди, деб устингдан ёзишдан ҳам тоймайди булар. У пулни костюмининг астарига тикди-да, тўғри марказга - райижроқўм раисининг қабулига жўнади. Гапни қисқа қилди: «Бизни, мана, яқин ўн йилдан бери яхши биласиз. Пахтани кечалари қулоқ бошида қолиб суғориш ташаббусига қўшилганимиз учун раҳматномани ўз қўлингиз билан топширгансиз. Аммо шу патгача уним кам, буним кам, деб сизни безовта қилганим йўқ. Энди бир илтимос бор. Тўғрисини айтганда, сиз учун оғзингизнинг бир четидан чиқадиган гап, биз учун эса… ўзингиз биласиз». Райижроком раиси: «Нима илтимос экан? Агар қўлимиздан келса, сиздек илғор сувчидан ёрдамимизни аяймизми?», деб қўйгач, Шерқўзи темирни қизиғида босди: лўнда қилиб шу киши шу лавозимга кўтарилгандан бери раён хўжалиги гуриллаб ривож топганини, ҳали худо хоҳласа, бундан ҳам зўр бўлажагини, одамларнинг фаровончилиги ошиб; кўпчилик машина олганини ва шулар қаторида ғариб Шерқўзига ҳам битта «аравача» кераклигини (агар иложи топилса, албатта; йўқса, нима, машинасиз одамнинг куни ўтмаяптими!) баён этди; «Кел-э, шу калбағалнинг ҳам елкасига бир офтоб тегсин, дейсиз-да энди», деди охрида. Хуллас, марказга ими-жимида, ҳеч кимга билдирмай жўнаган Шеркўзи қайтишда ҳаммага кўз-кўз қилиб говмиш сигирининг қаймоғидек товланиб турган «Жигули»ни ҳайдаб келди. Қурғур, ўзи ҳам кийикдек бўлар экан, сал тизгинни бўшатсанг - учади-я, учади! Аиниқса, Шерқўзининг бунга қадар керакли қоғозларигача тўғрилаб қўйиб, машина ҳайдашни ҳам ўрганиб олганини айтмайсизми!

Яламаликлар: «Шерқўзининг ҳозир беш-олти минг пули бор», деб гап қилишади, балки, ростдир. Лекин бунинг учун ҳеч ким Шерқўзини айбламайди: ишлаб топади - ҳалоли бўлсин! Ҳа энди, ҳамма жойдагидек, Яламада ҳам бир-икки оғзига кучи етмаган топилади. Бултурдан бери мактабда рус тилидан дарс бераётган малла, сепкилдор Сарвар (у ўқишдан дипломга қўшиб «Саврасик» деган лақаб ҳам олиб қайтган) Шерқўзини «мешчан» дебди. Шерқўзи буни эшитиб кулиб қўя қолди. Ўзи тенги бўлганда-ку, онасини кўзига кўрсатар эди-я! Қўлидан бир иш келиши даргумон, чўнтагида ҳемири йўқ бу мирқуруқ ёшлар ўзлари етишолмаган нарса борки, ёмонлашади. Кейин Шерқўзи ҳеч ҳам мечкай эмас, овқатни танига қараб танлаб ейди.Бу болалар оғзидан чиққан гапнинг маънисини билмайди-ю, яна бировларни наҳ уришига ўласанми! Аввал Шерқўзидек бўл, қора меҳнатнинг мазасини татиб кўр, ҳа, унда гапирсанг ярашади. Тўй-маракангга бошқош, қувончингга шерик, дардингга дардкаш бўлса, бошингга ташвиш тушганда, «Жон ака, ёрдам беринг», деб олдига югуриб келсанг-у, яна ўзи еб бировни қуруқ қўйгандек, тўртта ғилдирак олганига Шерқўзи пуф сассиққа чиқса!

Шерқўзи чорпоядаги икки қават кўрпачада ёнбошлаганча, қўлидаги шингил райҳон билан елпиниб, гоҳ хушнуд, гоҳ дилгир кайфиятда (одам ҳеч нарсани ўйламаса шунақа бўлади) «Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро кўзим мани», дея минғирлаб хиргойи қилиб ётган эди, қай гўрдан олашақшақ пайдо бўлиб, нақ тепасида шаққиллаб қолди. Шерқўзи чўчиб тушди, қўлидаги райҳонни дастурхонга ташлаб юборди.

Кишт-э, нафасинг ўчсин! Ҳой Каромат, ҳайда буни, ҳозир чакки халтангни тешиб кетади.

Кечки овқат ташвишида ғимирсиб юрган Каромат ошхонадан чиққунча олашақшақ бир нарсани уқтирмоқчи бўлгандек аввалгидан қаттиқроқ, жон-жаҳди билан шақиллади-да, учиб кетди, қўшнининг тепа шохи қўриб қолган толига қўнди.

Ўҳ-ў, - деди Шерқўзи хавотирга тушиб. - Яна аччиқ ҳам қиладилар! Сенга чакки халтани қўшқўллаб тутқазиш керак экан-да?

«Шу қушнинг моякни оғзидан туғиши –осмикан?- деб ўйлади у, хаёлига келган нохуш гапларни қувишга уриниб. Тавба, ҳамма парранда тухумни бир томони билан туғса, бу тентак тескарисини қилади-я! Сабил жуда бехосият қуш-да, айтгани доим тўғри келади».

Каромат уйдан яна иккита ёстиқ кўтариб чиқди.

Мана, бор-ку? - деди Шерқўзи ажабланиб. - Ё ўзинг ҳам ёнбошламоқчимисан?

Каромат ҳу ўша келинчаклик пайтларидагидек ички бир ҳаяжон билан, юзлари ёришиб табассум қилди:

Сизнинг соянгизда ёнбошласам арзимабдими?

Шерқўзининг ҳайрати ошди: «Бугун жуда нозу фироқлар ўзгача - бирон гапи бор-ов. Бекорга ишва қилмайди бу».

Ҳм… ёнбошла, - деди у бошқа гап тополмай. Каромат ёстиқларни эрининг ёнбошига қўйиб, чойнакка қўл чўзди:

Чойингиз совиб қолибди, янгилаб келайми? - Кераги йўқ.

Каромат эрининг ёнига чиқди, индамай унинг оёқларига суяниб ўтирди. Шерқўзининг кўнгли ғалати бўлиб кетди.

Э-э, суйкалмай ўтир. Чарчаб келганман.

Каромат эрининг совиб қолган чойини ичди-да:

Бугун ўхшатиб қуйруқ ёғига палов қилиб бераман, - деди, кейин эрининг кийимларига қараб, қўшиб қўйди: - Алмаштириб олмайсизми, устингиздагини ювиб берардим.

Шерқўзи томоқ қирди-да, чордана қуриб ўтирди.

Менга қара, бирон бундайроқ кийимлик-пийимлик олдингми? Олган бўлсанг, кўп айланиб-ўргилавермай айт-да қўй!

Каромат маъсум илжайди-ю, индамади, дастурхонга тикилиб ўтираверди. Шерқўзининг сабри чидамади:

Гапирсанг-чи!

Каромат яна индамади.

Шерқўзи қараса, хотини ҳали-вери оғиз очмоқчи эмас, шунинг учун жўрттага эснаб, ёлғонлади:

Айтгандай, Ҳаким бечора: «Хотинини касалхонага олиб бориб ташласангиз», деган эди-я. Сал бўлмаса, эсимдан чиқай дебди. Тур, бошқа кўйлак олиб чиқ, бунингнинг ёқаси тўзиб кетибди.

Каромат унга ташвиш билан қараб қўйди-ю, лекин ҳадеганда қўзғалавермади. Шерқўзи баттар қистовга олди:

Тур, мунча инмиллайсан?

Каромат бошини кўтарди, хотин бўлиб эрига биринчи марта тик боқиб гапирди:

Султонингиз, уйланаман, деяпти! Шерқўзи дуруст англамади:

Нима?

Хотин олиб берасиз, деяпти. Шерқўзининг кўзлари чақчайиб кетди:

Қанақахотин?!

Кароматнинг бояги табассумлари, бу гапни айтишдан олдин ўйлаб қўйган режалари ҳаммаси бир зумда учди-кетди. Эрининг кўнглидаги гаплар ҳошиясига майдалаб ёзиб қўйилгандек дастурхонга термилиб қўрқа-писа минғирлади:

Бир-бирига кўнгил берган экан.

Кимга? Анави Карим чаккининг жинқарчансигами?

Йўқ, бошқа Аширқул аканинг қизи.

Шерқўзи тутоқди:

Эй, менга қара, эсинг жойидами ўзи? Оғзингдан чиққан гапни билиб гапиряпсанми?

Каромат эрига аламли қаради:

Билганим учун гапираяпман. Ҳали жуда аҳмоқ бўлиб қолганим йўқ… Чўлга кетаман деяпти…

Шерқўзининг бир қоши кўтарилди: «Эҳ-э, гап жиддийга ўхшайди. Бу касофат олашақшақ бекорга шаққилламаган».

Эй, менга қара, галдирама. Дам хотин олмоқчи, дам чўлга кетмоқчи дейсан. Нима, уйланиб, чўлга хотини билан кетмоқчими?

Сизга бир гапни уқтиргунча ўлиб бўлади одам.

«Агар Манзурани олиб бермасанглар, бошимни олиб чўлга кетаман», деяпти. – Кароматнинг кўзларига жиқ-жиқ ёш тўлди. Шерқўзи эса негадир ўз-ўзидан бир оз енгил тортди: «Кетиб бўпти! Кетса ҳам икки кунда мулла бўлиб қайтади. Лекин манавит ақли калтани қандай қилиб тинчитиш керак?»
— Ҳм, бошини олиб кетади, де. Бу ерда ишламаган бош уёқда иш берар экан-да, а? Сенга ташлаб кетса бўлмасмикан - ақлингга ақл қўшилармиди! Иккита бош билан тузукроқ ўйлармидинг…

Кароматнинг киприклари пир-пир учди:
— Сизга шунақа майна қилиш бўлса! Телевизордаги Эргашдан камингиз йўқ.

Шерқўзининг қоши жойига тушди, бироқ шу он яна қайта, бу гал атай кўтарилди.

Тинчгина ўтирган эдим-а! Қай гўрдан шу гапни топдинг?

Ўғлингда калла бўлмаса сенда бордир? Сен эсингни еб қўймагандирсан?-Шерқўзи қўллари титраб чой қуйди, бир кўтаришда ичиб юборди. - Э, тавба! Ўқишдан-ку биринчи имтиҳондаёқ оёғи осмондан бўлиб қайтди. Энди бу нағмани ўйлаб топдими? Ноябрда лип этиб армияга олиб кетса… Э, ҳали хотиннинг маънисини қайдан билади бу!
— Биттаю битта ўғлингиз… - деди Каромат иягини тиззасига қадаганча.

Шерқўзи бўғилди:

Йўқ, у менинг ўғлим эмас, мўлтонининг тўрвасидан тушиб қолган, бегона! Бу мол-давлатни нариги дунёга орқалаб кетаман, деб ўзим учун тўпладимми! Ўпкам оғзимга тиқилиб эртадан қора кечгача ким учун чопаман? Биттаю-битта фарзандим, шуни одам сонига қўшай, деб юрибман-ку, ахир!

Шундай-ку-я - деди Каромат кўзларини енги билан артиб.

Шерқўзи бирдан ҳовуридан тушди:

Каром, менга қара, эсингни йиғ. Мунда-ай танагга ўйлаб кўр. Ҳали мурти чиқмаган болага хотин олиб бериб, маломатга қолмайлик. Оёқ тираб туриб олса, насиҳат қил, авра. Бугун кўнгил қўйса, эртага эсидан чиқади. Жуда кўкрагини захга бериб ётиб қолмас. Отам хотинни қўйнимга солиб қўйса, ҳар куни биттадан муччи олардим, деган калтаўй бола-да. Ё бирон шумлик қилиб қўйганми ўғлинг?

Каромат қўрқиб кетди:
— Йўғ-э, худо сақласин! Фақат хат олиб, хат беришармиш.
— Унда, ҳовлиқма. Болангнинг сал суяги қотсин, бирон ишнинг бошини тутсин, кейин бир гап бўлар.
— «Отамга айтинг», деб ҳол-жонимга қўймаяпти-да, нима қилай? Шерқўзи бир зум ўйланиб турди-да, деди:

Ҳа, гаранг қилаверса, «Отанг розига ўхшайди», деб қўявер.

Кароматнинг юзи ёришди:

Ростданми?

Шерқўзининг энди жаҳли чиқди:

Э-ҳа, гап бу ёқда экан-ку Ўғилдан олдин ўзлари чопавул чопган кўринадилар? Фаросат улашганда қаёқда эдилар? Қайнона бўлгилари келиб қолдими? А, бу Аширқулнинг хотини бузуқ, эркакларни йўлдан урадиган эди-ку? Уни кўрарга қўзлари йўқ эди. Энди у билан қуда-анда бўлмоқчимилар ?

Бу гап Кароматга ёмон ботди.
— Мусалламни ёмон кўрсам… - дея тутилиб қолди у. - Унга ҳам ўзингиз айбдорсиз. Бечораниўзингиз… йўлдан охдиргансиз. Шуни оламан, деб…
— Ҳа-а, ана шунақа бўлади, - деб Шерқўзи хотинининг гапини шартта кесди. – Бир вақтлар пуф сассиқ эдик, калтабақай, яна нима балолар эдик. Биз билан роса бир йил юриб, тегишга келганда, «Бўйи бир қарич бўлмай ўлсин, шу читтакка тегаманми! Тагига тўртта ғишт қўйса ҳам менга етмайди», деб бурунларини жийирган эдилар, - Шерқўзи қўлларини белига қўйиб, овозини чийиллатиб, бошини сарак-сарак қилганча хотинини ижиклади. - Айтавермайми? Мусаллам менга битай деганда, ҳар куни йўлимни пойлаб, бунинг ҳам иложи бўлмагач, «Агар мени ташлаб, мусалламни олса, устимга керосин сепиб ўт қўяман», деб опасини югуртирган ҳам ўзлари. Шундайми? Яна айтайми? «Куёвимга кўз қисдинг», деб пгўрлик бева Шарофатни юлганингизни ҳа гапирайми? «Мусалламни иссиқ-совуқ қилиб беринг»», деб чизмакаш ойимга ялинганингиздан ҳам мандат берайми? Йўқ, денг! Ҳа, нега индамайдилар?

Каромат бошлаган гапининг ўз зарарига бундай чаппа айланиб кетишини кутмаган эди, шошиб қолди, чор-ночор илжайганча, қизариб-бўзариб ён берди:
— Ўлинг, сиз ўшанда ҳам кичкинагина бўлиб, бир йўла беш-олтитамиз билан юрар эдингиз. Билмасмидим, ҳали ҳам мен…

Бу гап Шеркўзига анча ёқиб тушди, шундай бўлсада, ўдағайлаб қўйди:
— Ким кичкина? - Кейин ростдан ҳам худо ўзини бўйдан жиндай қисгани эсига тушиб, хотинини гап билан секингина чимдиб олди: - Шунча гапдан кейин кичкина ҳам қиладилар!

Каромат шўрлик қора булутлар ёғмай, бошидан шув ўтиб кетганига ишонч ҳосил қилиб енгил тин олди, ўзини уялганга солиб эрига ер остидан сузилиб боқди. Шерқўзи ҳам лабини йиғиштиролмай кулиб юбормаслик учун чойдан ҳўплади. «Ҳе, ноз қилмай ўл-э», деб ичида хотинини сўкди.
— Ҳа энди, худо бировни узун, бировни қисқа, бировни катта, бировни кичик қилиб яратади-да. Анави теракларни қара, экканимда ҳаммаси бирдай эди. Суви бир хил, ери бир хил, лекин иккита бараварини топиб бер, қани? Ҳамма бир текис бўлса, д…нёнинг қизиғи қолмайди. Мана, сенинг бўйинг кетган… Бизники шу, сал Лекин олмага етмасак ҳам, шафтолини узамиз, ҳа! Яратганнинг қудратини қара - икковимизни қўшиб қўйибди. Ё норозимисан? Норози бўлсанг, айт. Мана, Суннат салангни қара – бўйи том баравар. Ақли-чи? Элликка кирди, ҳали ҳам валасапид минади. Э-э, кампир, дунёнинг ишлари шунақа…

Шерқўзи шу тариқа бир муддат ваъз ўқиди, бутунлай тор-мор бўлган «кампири» ҳам ора-сира ҳангомага мой қуйиб, эрининг оёқларини уқалаб ўтирди.

Эр-хотин ораларидан ҳеч гап ўтмагандек, яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишди-ю, бироқ Шерқўзининг ҳаловати йўқолди. Қолаверса, хотинининг гап маъқуллаб, оёқларини уқалаб ўтиришида ҳам маъни кўп. Муштипар аёлда, ҳам эрнинг, ҳам фа–занднинг кунглини олмоқчи. Бу савдонинг ўрта бир йўлини топиш керак сих ҳам куймасин, кабоб ҳам. Лекин эркатой ўғилни аҳдидан қайтариб бўлармикан?

Кечқурун укаси галстукларини ярақлатиб, осмондан тушдими, ердан чиқдими, бир-бир босиб эшикдан кириб келганда Шерқўзи бир кўза тилла топгандек суюниб кетди: Султон ҳеч кимнинг гапини олмаса ҳам, амакисиникини олади.
— Кел-э! Қайларда юрибсан? Одамни соғинтириб юбординг-ку! Ука деган ҳам шундай бўладими? Уч ойдан бери на хат, на хабар! Мундоқ акам бор эди ҳам демайсан. Ишларинг қалай? Рангинг олиниб қолибди. Чарчадингми? Имтиҳонларинигдан қутулдингми? Қачон битирасан бу ишингни? Ҳеч ёқлай деяпсанми? Ёқла-э тезроқ. Бизнинг кўкракка ҳам шамол тегсин! Укамиз олим бўлди, деб кариллаб юрайлик. Энди уйлансанг ҳам эрта эмас, Мусақулбой. Турғун сен билан ўқиганмиди? Яқинда яна ўғилли бўлди. Ўзи магазинчи, тўрт ўғилнинг отаси, бурнига хода етмайди. Бу ёқда, мана, Султон аканг ҳам уйланаман, акам йўлимни очсин, деб турибди. Келин ҳам тайёр эмиш, ҳа. Тоза ошиқ-маъшуқ. Қўй-э шу ишингни, қийналиб кетдинг. Ё домлангнинг қиз-пизига кўз тикиб юрибсанми? Майли сеники тўғри. Катта одамлар билан қариндош бўлган яхши. Мана, биз ўқимадик. Лекин янганг билан қозон-товоқ, уй-рўзғон институтини гуллатиб ётибмиз. Энди қайнотақайнаналикни имтиҳон топширарканмиз…

«Масковдаги беш йиллигидан ҳам катта ўқишда домуллоликка ўқиётган Мусоқўлбой» акасининг пишиб ўтиб кетган шафтолидек тап-туп тўкилаётган саволларига сиполик билан хушламайгина ҳа-ҳу деб ўтирди. «Машқи паст - пул сўраб келган-ов», деб қўйди ўзича Шерқўзи.

Ака-ука қуйруқ ёғига қилинган хушхўр паловни тушириб, сўнгра хўжабилмас қонувнни ҳузур қилиб ейишди, устидан аччиқ кўк чойни босиб-босиб ичишди. Шерқўзи «Ҳа, кўрсатган кунингга, етказган мартабангга шукур!» деб ёнбошлади, нос отди. Мусо ҳам чўнтагидан тилла қоғозли қутичани чиқариб, сигатера тутатди.
— Мусоқулбой, бошга бир ташвиш тушиб турибди, ука, - деб гап бошлади Шерқўзи носини тупириб, оғзини чой билан чайиб олгач - шу уканг, жиян бўлса ҳам уканг-да энди… Кампир, ўғлинг қаёққа даф бўлди?
— Мансур жўрасининг туғилган куни экан. Ўзингиздан сўраб кетди-ку, -деди Каромат.
— Хаҳ, тирмизаклар-эй! Туғилиб нима каромат кўрсатибдиларки, уни нишонласа! - деди Шерқўзи. - Майли, бориб келақолсин. Ишқилиб ичкиликка ўрганиб кетмаса бўлди… Мусақулбой, шу уканг еган-ичганимни бурнимдан булоқ қилиб оқизмоқчига ўхшайди-да.

Мусақул акасига ҳайрон қараб қўйди.
— Кампир, бор, сен у-бу ишларинга қара қозон-товоғингни ювасанми ё ҳамсояларникига ўтиб гап сотасанми, ишқилиб бизни холи қўй, гапимиз бор, - деди Шерқўзи.

Афтидан Каромат уларни ҳеч холи қолдиргиси йўқ эди, шекилли, синини бузмай:
— Ўтирибман-да, - деди.

Шерқўзи шу пайтгача гапини икки қилмаган хотинига ўқрайиб қаради, аммо ҳеч нарса демай укасига ўгирилди:
— Тоза чарчадим, ука. Бир ўзим бўлсам, ҳали у деб югур, ҳали бу деб. Бир ёқда колхознинг иши, бир ёқда рўзғор ташвиши. Аҳволимни кўриб турибсан - битта хотинга гапим ўтмайди. Али десанг, бали деб туради. Она-бола тоза бошимга чиқиб олди. Мана, бир ойки, ҳар куни ғалва: Султонбойга хотин олиб бериш керак эмиш! Оқшомлари ухламай, кўкрагини захга бериб ётади. Бир-бирларига кўнгил қўйибдилар! Шу Аширқулда бир қиз бор - худонинг балоси. Агар шуни олиб бермасам, она-бола мени ташлаб, чўлга қочиб кетар эмиш, чўлга!

Каромат анграйиб қолди. «Ёлғон гапиргунча ёрилиб ўлсангиз яхши-э», дегандек ёқасини ушлади. Мусо акасининг гапларига чиппа-чин ишониб, янгасига қаради: «Шунақами?» Каромат нимадир демоқчи эди, Шерқўзи имкон бермади:
— Ўтир-э! Мен гапиряпман. Эрманми сенга! Ана шунақа, ука, бир оғиз гапириш учун булардан рухсат сўраш керак. Аит, деса - айтаман, йўқса, тилимни тишлаб ўтиравераман.

Мусо жуда ташвишланди:
— Масала шу қадар жиддийми?
— Нима, қулоғингга танбур чертаяпманми? Жиддий бўлмаса, шунча куйиб-пишаманми?

Мусо галстугини бўшатди, яна битта сигарета тутатди, ростдан ҳам акасининг бошига жуда катта фалокат тушгану, бунда фақат ўзи халаскор бўлиши мумкиндек, ўйчан қиёфада сўз бошлади:
— Унда масалага бунақа тарзда бир ёқлама ёндашиб бўлмайди. Тўғри, Султон сал ёшроқ албатта. Лекин кечалари ухламай… Умуман, бу қадар қаттиқ севиб қолган бўлса, кўнглини синдирмаслик керак. Кейин унинг шаклланишига ёмон таъсир этиши мумкин. Масала жуда жиддий. Чуқурроқ ўйлаш керак.

Шерқўзининг энсаси қотди.
— Масала-пасалангни қўйиб тур, ука. Ундан кўра Султонга ўзинг икки оғиз насиҳат қилсанг-чи. Сени «акам-акам»лаб, соянгга саккиз қават кўрпача тўшаб юради - гапингни икки қилмас.

Мусо «жиддий масала»ни ҳал этишнинг бунақа осон йўли борлигига ҳайрон бўлди:
— Мен-ку насиҳат қиларман, бироқ у... Севги деган нарса…
— Хўш? - деди Шерқўзи укасининг чайналишига ғаши келиб.
— Болага жавр бўладими, дейман…
— Мен ҳам шуни айтаман-да, - деди Каромат қайнисининг далдасидан умиди учқунлаб.
— Унда нима қил дейсан? - деди Шерқўзи. Мусо яна дудмал гапирди:
— Ҳар ҳолда кўнгил масаласи…
— Уйлантириб қўяйми? - деди Шерқўзи қизишиб. - Нонни нанна деб юрган болани-я?

Мусо кифтини учирди:
— Билмасам. Шерқўзи давом этди:
— Уйлантириб қўйсам-да, ҳафта ўтмай: «Ота, буниси ёқмади, оёғи ингичка экан, бошқасини олиб берасиз», деса, ё: «Кулиши бизга тўғри келмади, яхши куладиганини топдим», деб қолса, унда нима қиламан? Менинг қиз фабрикам йўқки, бу она-боланинг кўнглига тўғри келадиган, андазасига тушадиганидан чиқариб бераверсам!

Мусонинг бирдан ўжарлиги тутди:
— Демайди! Мен кафилман - демайди. Муҳаббат - сизга ўйинчоқ эмас. Бу… Ўзингизнинг ўғлингиз бўлса ҳам, туйғуларини оёқости қилишга ҳаққингиз йўқ!

«Ие, бу бало қайдан чиқди?», деб қўйди Шерқўзи кўнглида.
— Эй, менга қара, калланг жойидами ўзи? - деди у ич-ичидан хуруж қилиб келаётган жаҳлини босишга тиришиб.

Бу гап Мусога аччиқ қамчи бўлиб тегди ва у шу пайтгача қамчи кўрмаган асов арғумоқдек кўтарилиб кетди:
— Каллам жойида, жуда жойида! Қани…
— Каллангиз жойида бўлса, ўзингиз уйлантириб қўя қолинг! - деб Шерқўзи бирдан сизлашга ўтди.

Мусога акасининг кинояси жуда оғир ботди, шунча вақт унинг гапларидан ранги чиқмай юрган одам, бирдан исён қилди:
— Бўпти! Ўзим уйлантириб қўяман! Нима, қўлидан келмайди, деб ўйлаяпсизми? Келади! Тўй-пўй деб ўтирмай иккаласини ҳам Москвага олиб кетаман, ўқитаман. Степендиямни шуларга бериб, ўзим вокзалда юк туширсам ҳам, кунимни кўраман.

Шерқўзининг заҳраси учди: «Э, бу қипқизил тентак экан-ку!». Лекин, бари-бир тилининг қичиғини босолмади:
— Ҳм… майли уйлантириг. Сизга ҳам фарз - укангиз. Мен ўлиб, нетиб қолсам, албатта унинг бошини силашингизга тўғри келади. Лекин ҳозир қайси пулчаларига уйлантирадилар? Муллажирингни қайдан топадилар, муллажирингни?

Топаман! - деб турсайди Мусо.

Олдин ўзларига хотин топсинлар! Олти йилдан берики,

одамла…нинг ичидаги гапларни топиш тўғрисида китоб - дастуриламал ёзяптилар (Диссертатсиясининг мувзуини Мусо ҳар келганида акасига деҳқонча қилиб қайтақайта тушунтириб қўйган эди.) Бирон бир қизнинг ҳам кўнглини текширсалар бўлармиди, зора, ўзларига майл билдирган чиқар…

Мусо қандай гувлаб кўтарилган бўлса, шундай шувиллаб тушди:
— Менинг уйланишим билан ишингиз бўлмасин! Уйланарман ҳам. Оғирлиги сизга тушмайди. - У лаблари титраб, акасига ёвқараш қилди. Шерқўзи ҳаддидан ошганини сезди, бундан ўзи эзилди. - Ака бўлатуруб сиздан шу гап чиқдими… бўпти! Бопладингиз! Энди ўғил уйланти…асизми ё ўзингизга яна битта чўри оласизми, аралашмайман. Бундан кейин - Мусо гапини охиригача айтмай қўл силтади-да, сапчиб жойидан турди.
— Илоё, ўғил туғмай мен ўлай! - дея Каромат ҳўнгиллаганча йиғлаб юборди.

Шерқўзи индамай ерга қараб қолди; укаси эшикни қарс уриб чиқиб кетгач эса, жуда-жуда хўрлиги келди: шу китобхўр, савдойи укам ҳам одам бўлсин, пешонасига офтоб тегсин, деб топган-тутганини аямайди; жўнаганида доим машинасига ўтқазиб, шаҳардаги вокзалгача чиқариб қўяди шу йил кўкламда кийимларининг унниқиб қолганини кўриб, бегона юртда – дўсту душманнинг ичида кўнгли чўкмасин, деб, жигари-да, юз эллик сўмга (шунча пулни қайси мард еб кетарга беради!) устидаги костюмни олиб берди; мана оқибати - итдай қилиб кетди! Хотинини чўрига тенг қилди. Бир оғиз гапига!
— Ўчир унингни! - деб ўшқирди у ҳамон ўксиб-ўксиб йиғлаётган хотинига. Ўчир, деяпман!

Каромат унини ўчириб, пиқиллашга ўтди. Шерқўзи укасининг ҳамон ўчмай, ликопчада тутаб ётган сигаретасига термулиб, ўзини бу оламдаги энг бахтиқаро одамдек ҳис этди, чуқур хурсинди:
— Сўровдингми, бу боди неча кунга келган экан? Каромат елкасини қисди.
— Қанақа меров хотинсан? Сўраб олмайсанми, ахир? - дея Шерқўзи дўпписини қийшайтириб, гарданини қашлади. - Бугун буқага ем бердингларми?

Каромат бош ирғаб, «Ҳи-ий» деган товуш чиқарди, бу «Ҳа», дегани эди.

Шу тунни Шерқўзи қуш уйқусида ўтказди. Ўғлининг ярим кечаси гандираклаб келганини, ётгандан сўнг ҳам кўнгли айниб, уч марта ташқарига отилиб чиққанини кўрса ҳам, индамади. Ўйлаган ўйларининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб, эрталаб дили равшан тортиб турди. Икки чақиримча наридаги участкадан хабар олди. Кеча таралган сув ҳали этакка етмабди. Текис ер-да, сув юриши қийин, лекин ғўзалар қониб ичади. Шерқўзи у ер-бу ердаги ювилаёзган қулоқларга чим босиб тўғрилади-да, уйга қайтди. Келса, кўзлари қизариб, ранги олиниб қолган Султон қатиқни қошиқ билан кавлаб ўтирган экан, отасини кўриб бошини ҳам қилди; кеча ичгани учун ундан аччиқ-тизиқ дашном кутди. Аммо Шерқўзи буни ўғлининг юзига солмади - у бошқа фикрлар билан банд эди.
— Бўлдингми? - деди у. - Қани, болтани ол.

Ота-бола ҳовлига чиқишди. Шерқўзи қайси теракларни йиқитиш кераклигини бир бошдан кўрсатиб турди. Султон эса болта билан кафтдек пўстлоғини учириб белги қилиб бораверди.
— Йигирмата, - деди Шерқўзи. - Етади. Йиқитиб, бутайсан-да, пўстлоғини шиласан. Кўзингга қара, электр симига ёнбошлатиб қўйма тағин. Дарахт болта урган тарафга қулайди, эсингдан чиқмасин. Аилантириб ғажиб ташлама, бир томонидан чоп. Бунга икки кун кетади. Кейин мана бу эски оғилни бузиб, ўрнини текислайсан. Биронта шопир билан тоғдан беш-олти мошин тош ташийсан. Бирон тонна семон, уч мингта ғишт қуясан. Оғилнинг ўрнига, кейин ташиб қийналмайсан-да. Теришига, майли, ўзим қарашаман, аммо бошқа ҳамма ишни ўзинг қиламан, ўргатаман. Уч уй, биттаси мана бунақасига тушади. Бу ёғи айвон. Иморатни қулинг ўргилсин қилиб битирасан, ана ундан кейин - тўй. Келинни янги уйга туширмасак уят бўлади, ҳамма шундай қиляпти. Сенинг бошқалардан кам жойинг йўқ. Ўзинг қара, шу чолдеворга келин обкелиб бўладими? - У пойдевори ердан бир қулоч кўтарилган, деразалари уч тавақали, томи шифер билан қопланган, оқланган беш хонали иморатга ишора қилди. - Сенга янги уй керак. Би

Султоннинг қўлидан болта тушиб кетай дерди.
— Бунақада… уч йилда ҳам… - дея олди у.
— Ҳа? Уйланиш - олма пиш, оғзимга туш эмас. Агар бу ишларни эртароқ битираман, пулни бир ойда топаман, десанг ҳам - ихтиёринг. Мен чўзиб ўтирмайман. Ёки, шунча вақт мени кутиб ўтирмайди, деб қўрқаяпсанми? Кутади, яхши кўрса - кутади. Сен янги уйга тушириб оламан десанг, обрўйи-да, қайтанга боши осмонга етади. Ё яхши кўрмайдими?

Султон ерга қараганча қизариниб ғулдиради:
— М-м, нега энди…
— Бўпти-да, - деди Шерқўзи. Бироқ Султоннинг саволи бор эди:
— А, келаси йил ўқишга борасан, деган эдингиз-ку?

Шерқўзи бунақа анқов болани энди кўраётгандек, жуда «ҳайратланганини» билдириб:
— Ана холос! - деди. - Қанақа ўқиш? Эсингни еб қўйдингми, ўғлим? Бўйнингга ола хуржун тушаяпти-ю, сен ўқиш дейсан. Хотинингни ким боқади? Сенга ким ҳар ойда етмиш-саксон сўм жўнатиб туради? Буларни ўйлайсанми?

Султон бўзариб кетди.
— Ҳе, содда болам! Хотин деб ўлиб-тирилиб пул йиғасан, тушуриб ҳам оласан. Тўйдан кейин уч-тўрт ҳафта чилланг чиққунча яшинмачоқ ўйнаб, қувлашиб ҳам юрасан. Кейин… бошланади - рўзғорнинг униси кам, буниси кам. Бир вақт қарабсанки, севги дегани донга қўнган чумчуқдек пир-р этиб учиб кетди, унинг ўрнига эса хотининг тўрт-бешта чурвақани қаторлаштириб туғиб ташлабди. Шундан кейин дод сол, бақир, қайда - ёшлик қайтмайди, яшинмачоқ ҳам йўқ. Болаларинг катта бўлади, қўлини ҳалоллаш керак уйлантириш керак. Улар-ку ҳеч нарсанинг ташвишини тортмай униб-ўсаверади, аммо сенинг бўйнингда - бир умрлик бўйинтуруқ!

Шерқўзи ўғлига зимдан разм солди: Султоннинг ранги ўчиб, шалвираб қолган эди.
— Қанақа қилиб ўқийсан? Уларни қишлоқда қолдириб, ўзим кетаман десанг, болаларинг: «Отажон, бизни ташлаб қайга борасиз», деб биғиллаб этагингга тармашади, хотин ёқангдан ушлайди, сен қайда бўлсанг мен ҳам ўша ерда, сенсин бир кун кам яшамайман, дейди. Яхши кўргандан кейин шунақа-да. Сени еру кўкка ишонмайди. Шаҳардан бирортасини топиб олади, деб қўрқади. Жўраларинг ўқийди, битириб келиб ёғлиқ-ёғлиқ жойларни эгаллайди. Яна ўқийман дегани Мусо амакингга ўхшаб Масков, Ленинград, Киев деган юртларга боради, дунё кезади. Сен эса биримни икки қилай, чирқиллаб ётган болаларимнинг оғзига бирон егулик тиқай, деб, хотиннинг этагидан чиқолмай, шаҳар нима, саёҳат нима, томоша нима - билмай ўйин-кулгидан, дунёнинг гаштидан бебаҳра ўтиб кетасан. Доим шу қишлоғинг, вағ-вуғ йиғлаётган болаларинг, шу қора кетмон… Майли, нима қиласан энди, уйланаман, деб сўз бериб қўйгансан, устидан чиқ. Чидайсан-да энди, - дея Шерқўзи, гўё ўғли аллақачон уйлангану ҳозир отасиг

Шерқўзи уйланишнинг «қора» манзарасини ўғлига аниқ-равшан чиқиб берди, мисоллар билан тушунтирди, куйиниб уқтирди, унга жуда ачинди, бундай мушкул аҳволига ўзи мадад бўлолмаслиги учун таассуф билдирди: уйлангандан сўнг ҳар ким ҳам, агар у эркак бўлса ўз аравасини ўзи тортиши керак. Ўзи эса бошқа нарсаларни ўйлади: оғилни йиқитиб, ўрнини текислашга вақтии йўқ эди - айни муддао; лекин теракларга жабр бўладиган бўлди-да. Хдй майли, йиқитиб, арчиб, яхшилаб таҳлаб қўйилса, биронтаси сўраб қолар. Ана Соҳибназар ака бу йил иморатини бошламоқчи, болор излаб юрадими, келади-да. Бўлмаса, устига қора қоғоз ёпса, нам ўтмайди, қуриб ётади. Ўзи ҳам вақти келди - яна бир йил қирқилмаса, ўзаги чириб қолади.
— Ҳа, пешанангдагини кўрасан-да, ўғлим. Қ,лга туфлаб олиб, бисмилло, де, ишни бошла. Болтани теракнинг тубидан ур, тункаси ер баровар қолсин. Мен онанг билан маслаҳат қилай-чи, келинига кийим-кечак тўғрилаганмикин. Бу ҳам катта ғалва - қирқта кўйлак қўйиш керак. Ҳар бири юз сўмдан кам эмас. Тавба, яхши кўрганингдан кейин жанда-жунда ҳам бўлавермайдими? Йўқ, бу замоннинг қизларига камида пошшонинг маликаси киядиганидан топиш керак. Илгари одамла… бир қоп жухори, уч газ читми, бўзми, шу билан хотин тушириб олган. Э-э

Султон ҳар бири қучоқни тўлдирадиган теракларнинг аввал тубига, сўнгра учига мунғайиб қаради, назарида, улар булутларга туташиб кетгандек эди. Шерқўзи эса ўғлининг уйланишига рухсат бериб, оталик бурчини ўтаган, аммо унинг бошига тушган фожиадан гангиб қолган одамдек елкасидан босиб турган юкни базўр кўтариб, оғир-оғир қадам ташлаганча жўнади, йўл-йўлакай кафтини тўлдириб нос отди.
— Сўраб келдим, - деди Каромат эрини кўрган заҳоти. - Бугун кечқурун кетар экан.
— Хафами?
— Ҳа, хийлагина, - дея Каромат эрининг оғзига термилди.
— Пулдан ўнта ўн сўмлмк олиб чиқ. Яп-янги, шалдираб турганидан! -деб буюрди Шерқўзи.

Мусо акасини кўриб қовоғини уюб олди, кўришмади ҳам. Шерқўзи эса ўзини жуда ғариб тутди, укаси саломлашмаслигини билса ҳам қўлини чўзди.
— Отам қани? - деб сўради.
— Хатмга кетди, - деб тўнғиллади Мусо.
— Бийим-чи?

Мусо тескари ўгирилиб олди:
— Билмайман!
— Қаёққа кетди экан, а? - деди Шерқўзи кампир онасида жуда зарур иши бордек.
— Келин ахтариб кетган. Менга! - деди Мусо.

Шерқўзи йўталиб қўйди, томоқ қирди, «Эҳ-э, кеча тоза тегиб кетган кўринади. Пулингиз керак эмас, деб бойваччалик ҳам қилса керак», деб ўйлади.
— Ҳа, ука, менинг ҳам куним битганга ўхшайди, - деди Шерқўзи дабдурустдан йиғламсираб. Атай бурнини ҳам тортиб қўйди. - Мазам йўқ, ука, мазам йўқ. Шу йил қишда ўпкани олдириб қўйганга ўхшайман.

Мусо акасига ишонқирамай қаради, индамади.
— Кўкламда, ренгин келувди… - Шерқўзи гапининг давомини айтмай, худди ҳози– , айни дамда бу дунё билан хайрлашаётган одамдек «олис-олислар«га шифтнинг бурчагидаги ўргимчак уясига чексиз қайғу билан термилди: «Тавба, минг хил жонзот бор-а, шу ҳам кун кўрса керак-да энди».

Мусо лакқа тушди.
— Хўш-хўш?
— Отамга айтолмай юрибман. Доғимни кўтара олмайди, деб қўрқаман. Илиниб турган бобой нарса, йиқитиб қўяманми, дейман-да. Мендан олдин қайга борасан, сендан олдин мен кетишим керак, деб… Эй худо, сенга нима ёзиғим бор эдики, отамдан илга…и мени олсанг! Сен Масковда, муштипар сингилларим ўз рўзғори билан Мен бунақа қия бўлиб кетсам, бобойнинг оғзига ким сув томизади? Ким ҳасса ушлаб, «Вой, отам»лаб туради? Ҳаммангнинг йўлингга термилиб кўзи очиқ кетадиган бўлди-да отам бечора… - Шерқўзи буни аниқ тасаввур қилдию гапига ўзи ҳам ишониб, бирдан ўпкаси тўлди, кўзларидан тирқираб ёш келди. Мусоқулбойнинг ҳам ияклари қалтираб қолди.
— Ҳа, ш–рлик отам! Етмишга чиққанда бу кўргиликлар ҳам кутиб турганмиди! Шерқўзи кафти билан кўзларини артди. - Ука, бу гапни оғзингдан чиқара кўрма лекин. Зинҳор базинҳор! Айниқса, бобойга.

Энди Мусонинг кўзлари ёшланди:
— Нима, докторлар аниқ касалга чиқардими? Шерқўзи чўчиб кетди-да, ёлғонини андавалашга ўтди:
— Ҳали аниқ эмаску-я, лекин шу Хўжам ҳеч натижасини айтмайди-да. Кўрса, индамайди. Ўзим сўрашим - нокулай.
— Сўраш керак-да, ахир. Негативини кўрсатсин. Қанақасиз, одам ҳам ўз соғлигига шунчалик бепарво бўладими?
— Э-э, сен ҳам қизиқ экансан, - деди Шерқўзи. - Агар сил касалсан, деса, одамлар мен билан битта пиёладан чой ичмай қўяди. Ошна-оғайнига тўй-маъракага аралашолмай қоламан…
— Ну и ну! - дея тутаб кетди Мусо. - Тўй-маърака эмиш! Гапни қаранг! Бўпти, сўраманг, одамлар сизни тўйдан калтак билан қувлаб чиқаради. Лекин гап бундай: ҳозироқ, йўқ, бугун кечқурун мен билан жўнайсиз! Москвада сизни ўзим текширтираман. Сизни қишлоқ врачлари эмас, академик… профессорлар кўради.
— Қўй-э, ўзим бир бало қилиб тузалиб оларман, - деб қўл силтади. Шерқўзи, «Ўттизга чиқса ҳам бунинг ҳовлиқмалиги қолмабди», дея ўйларкан. - Балки… ҳеч гап йўқдир. Ўзим ваҳима қилиб юрган бўлмайин тағин. Мени Москвага олиб борсанг-у, соппа-соғ чиқсам, сен акадим, прапесирларинг олдида қизариб… Лекин шу ҳар замонда «Ўҳ-ҳў-ў», деб йўталиб қўяман-да.

Мусо Москва касалхоналарининг бу ердагидан минг карра афзал эканини исботлаб, оёқ тираб туриб олди. Шерқўзи кўнмади, «Рўзғор, бола-чақамни ташлаб, Масковда тентирашим етмай турувди», деди. «Ана шу қолоқлигингиз билан ўз бошингизга етасиз!» деб хитоб қилди Мусо. Шерқўзи гапни айлантирди, чувалатди-чийратди, охири Мусо акасининг ҳеч қанақа касал-пасал эмаслигига қандай ишонганини билмай қолди. У боплаб чув тушганини сезиб, жаҳли чиқа бошлаган эди, Шерқўзи мавзуни мутлақо бошқа томонга - Мусонинг болалигига буриб юбориб, кулдирди: Мусо тўрт яшарлигида «Назирани оламан», деган эмиш. «Уни олиб нима қиласан?» – деб Шерқўзи сўраса, Мусо ўйлаб туриб-туриб: «Ўпаман», - деган эмиш.

Мусо бошини орқага ташлаб қаҳқаҳ отган пайтда Шерқўзи сегингина унинг олдига пулни қўйди. Мусонинг қаҳқаҳаси оғзида, тиззаларига шапатиламоқчи бўлган қўллари кўтарилганича қолди:
— Ия, бу… қандай бўлди? - деди ўн сўмликлардан кўз узмай.
— Ҳа энди, чой пули қиларсан, - деди Шерқўзи жилмайиб. Мусонинг юзига мамнун бир табассум ёйилди:
— Кечагидек тезлашиб турсак бўлар экан-ку.

Чамаси бирор соатлардан сўнг Шерқўзи ўша чорпояда ёнбошлаганча, «Бизни ташлаб қайга кетди…» деб хиргойи қилганча хаёл суриб ётарди: »Ҳамма ишнинг чаппа айланиб кетишига сал қолди-я… Мусоқулбой бу йил ёқлармикан? Китоб ёзиш шунча қийин ишми, а? Ҳа, одамларнинг ичидагини билиш осон эмас-да. Ҳеҳ-ҳе, «Туйғуларини оёқости қилишга ҳаққингиз йўқ» эмиш. Ол-а! Ҳа, мана туйғуларини оёқости ҳам қилмадик, катта йўл ҳам очиб бердик. Қани, бу кишининг туйғучалари неча кунга чидар экан? Йигирмата теракни йиқитишни бир ҳафтага чўзади. Кейин оғилни йиқитганда бир чангиб берсин, бир чангиб берсин! «Ота, бу...ни бир едим, иккинчи емайман, ўқишга бораман», деб чопиб келади олдимга. Ишларни санаб берганимда кўзи чиқиб кетди-ю, яна бу киши хотин олармишлар. Шу Соҳибназар аканинг саккизинчига ўтган қизчаси қўғирчоқдеккина бўлибди-да. Э, тавба, умр жуда тез ўтади-я! Соҳибназар ака биринчи хотинини туғмаслиги учун қўйиб юборгани худди кеча эди. Мана, қизи бўй етиб қолибди. Онаси жуда покиза аёл. Султонбойни бир амаллаб ўқишга жойлаштирсак, икки-уч йилни ўтказиб шу жамалаксочга бир оғиз солиб кўрамиз-да».
— Каром, чой-пойинг борми? Эй, бу ўзбекнинг рўзғори…

Шу пайт Шерқўзи сўрининг сузма осилган айрисига қўниб турган кечаги олашақшақни кўриб қолди.

Бунгача Султондан ҳамма гапни оқизмай-томизмай билиб олиб, лабини тишлаб қолган Каромат дамлаб, тиндириб қўйган чойини кўтариб чиққанда Шерқўзи олашақшақ билан қизғин «суҳбат» қурган эди:

— Ҳа, чўқи, чўқи! Шу чакки халтани сен учун осдириб қўйибман. Қачон бу арзанда олашақшағимиз келадию тешиб кетади, деб кечадан бери йўлингда кўзим тўрт. Э, бугун машқинг пастроқ? Нега шақилламайсан? Шақилла, яна бир эшитайлик. Армонинг қолмасин. Шақилла-да-э…