OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАҳмад Аъзам
Асар номиОйнинг гардиши (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Аҳмад Аъзам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм68KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ойнинг гардиши (ҳикоя)
Аҳмад Аъзам

Отаси уни ҳеч қачон урмаган, ҳатто чертмаган ҳам, лекин қаттиқроқ гапирганда, у бўйнини қисади, елкаларида титроқ туради.

Отаси у қадар, киши юрагига ваҳм соладиган ҳайбатли, девқомат эмас, ҳамма қарияларга ўхшаган оддий мўйсафид, фақат бўйи баландроқ, ёши олтмишдан ошган бўлса-да, қоматини тик тутиб юради.

«Отанг илгарилари кўп қийналган. Каримовлар хўп азоб берган, мажлисларда тикка қилиб дўқ урган», дейди онаси. У эса отасига бировнинг тик гапиришини кўз олдига келтиролмайди. «Салоҳиддин аканглар сендай пайтларда отанг шўрлик…», дея ҳикоя қилишга тушади онаси. У жон қулоғи бшган тинглайди-ю, отасининг «шўрлик» бўлганига ишонмайди. Унингча, отаси «ўша пайтларда» ҳам ҳозиргидек, қаерга бормасин, ҳамма пешвоз чиққан, қаерга кирмасин, ҳамиша тўрдан жой олган. Ҳатто Худойқул гуппи каби оғзикатталар ҳам отасининг олдида тилини тийиб қоладию...,

Отаси бирон кимса билан уришмаган, сан-манга бормаган бўлса-да, қишлоқдагилар ундан ҳайиқади, ҳайиқиш аралаш ҳурмат қилади.

Унинг елкаларига титроқ югурди.
— Миянг хатоми сенинг?! Икки боғ ўт деб Булунғур ёқага борасанми! Фалокат босиб сувга тушиб кетсанг...

У бошини кўтармайди, оёқлари қалтираб кетади,
— Орзиқул бобонгнинг чайласи олдидаги ўт белга уради. Ўша жойга бор! Ўроққа бохабар бўл, яна оёқ-поёғингга санчиб олиб... Сени кўтариб дўхтирма-дўхтир чопиб юрмайин.

«Ўсмайди ҳам, тўлишмайди ҳам,— деб ташвишланади чол.— Рангида ранг қолмабди-я».

«Бир шапалоқ урса борми, ерпарчин бўлиб кетсам керак,— чўчинқирайди бола.— Отнинг сағрисига бир муштлаб, сулайтириб қўйган-а!»
— Нега оқшом яна саҳаргача ўқидинг?
— Қизиқ китоб эди-да.
— Ҳе, китобинг билан қўшиб... Қизиқ деб хонумонимга ўт қўймоқчимисан?

У ҳайрон бўлиб отасига бир қараб қўйди.
— Ухлаб қолибсан. Китобинг сурилиб, чироққа тегай-тегай деб турибди. Уйқусираб туртиб юборсанг, омин, оллоҳу акбар, ҳаммаёқ ёниб кетади. Энг биринчи ўзинг ёнасан китобинг билан бирга.

«Демак жойимга кўтариб ўтказган эканлар-да»

У ўзини бир зум отасининг қучоғида тасаввур қилди. Димоғига қарияларга хос ачқимтил тер ҳиди урилгандек бўлди. Йиғлагиси келиб бурнини тортиб қўйди.

«Бунга ҳам қийин. Шунча мол-ҳолни бир ўзи эплайди. Тонг-саҳардан уйғотаман. Даштда бир ўзи, китобдан бошқа овунчоғи йўқ...»— Чолнинг раҳми келди, энди ётиғи билан гапира бошлади:
— Биров сени мажбурлаяптими, дунёдаги ҳамма китобларни ўқийсан, деб. Дарсингни бешга ўқисанг бўлди-да. Эртадан-кечгача Булунғурнннг лойқа сувидан чиқмайсан, оқшоми билан китобга шўнғийсан.

Боланинг хўрлиги келди: «Ахир чўмиладиган битта мен эмас-ку».
— Нега мактабнинг олмасидан ўғирладинг? Ана, чорвоғда мева-чева тўлиб ётибди-ку. Кунинг хом олмага колдими! Шунақа кўзи оч бўласанми, валад!

«Булар-ку бегуноҳ норасида, ўғриликнинг маънисини қайдан бнлсин,— деб ғашланади чол.— Бир тишлаб ташлаб юборишади. Шуни «Ҳа ундай, ҳа бундай, боланн бошдан тергаш керак, бўлмаса ўғри бўлиб кетади», деб ҳовлиққанини қара. Вой доно-э! Ўзинг-ку бир институтни ўн йилда зўрға битирдинг, энди одам қаторига кириб, бошқаларга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми!»
— Иккинчи марта шунақа гап эшитсам, ўша олмага оёғингдан осаман. Бир камим сен туфайли...

У қаршилик кўрсатмайди. Йиғламайди ҳам. Отаси уни етаклаб бориб, олмага... оёғидан осадн! Шунда Абдуалим келиб бир четда, ажаб бўпти, дегандек тиржаяди. Йўқ, йўқ! Ҳеч ким келмайди. У ҳамманинг эсидан чиқади. Осилнб туриб-туриб, охири, ўпкаси оғзига тиқилади-да, ўли-иб қолади... Ҳамма йиғлайди. Қосим муаллим ҳам жуда пушаймон бўлади, «отасининг бунчалар золимлигини билганимда, ўғирлигини айтмасдим», дейди. Одамлар афсус билан бош чайқашади: «Қандай аълочи эди! Қиш бўйи қирқта китоб ўқиган эди. Ҳай аттанг, бориб-бориб зўр одам бўлар эди-да! Отасининг дийдаси қаттиқ экан, шундай ўғилни-я!» Онаси ўзидан кетиб қолади. Отасининг кўзларидан дув-дув ёш оқади: «Ё парвардигор, қандай гунохи азимга ботдим! Ўрнига менинг жонимни олу тирилтириб бер! Майли, ҳеч иш қилмасин, кунбўйи китобдан бош кўтармасин. Велосипед ҳам олиб бераман». У ҳаммасини эшитиб ётади. Лекин мулла «Салоти жаноза-а», дейиши билан қулоқлари чиппа битади. Ўрнидан турмоқчи бўлади, лекин...
— Э, сал гапга кўзингнинг сувнни оқизасан. Қанақа ношудсан ўзи! Артма енгинг билан. Қара, ялтираб кетибди. Ҳайф-э сенга кўйлак! Семиз-семиз китобларни ўқийсан-у, бурнингни енгинг билан артасан.

«Сал қаттиқроқ гапирсанг кўзида ёш тайёр туради-я, тавба», деб хуноб бўлади чол,

Ҳуштак товуши эшитилди — Абдуалим. Чол мийиғида кулади:
— Ана булбулчанг сайраяпти, ўтга кетдик, деб. У бошини бурганча пиқирлаб кулиб юборади.

Чол енгил тин олади: «Ҳе, бир кун одам бўлар-да, бу ҳам».
— Бормай қўя қол, шунча йўлга бир ўзинг борасанми, ўзи келади отанг, — деб уни йўлдан қайтармоқчи бўлади онаси.
— Қари одам-а! Қоронғида туртиниб юрадими Ахир, чарчаб қоладилар.
— Чарчамайди, ҳали отдай. Қаридим, деб қўрқитади-да. Эҳ-ҳе, ҳали отанг...

Унинг жаҳли чиқиб онасига бақиради:
— Бўлди-э! Ҳамма ишга аралашаверасизми!
— Ёпирим-эй, бу кишининг оталарига ўхшаб зуғум қилишларини. Аччиқчалари бурунларининг учида туради. Яна ярим йўлдан йиғлаб қайтмагин.
— Патинкам қани, деяпман сизга!
— Ана турибди-ку, бурнингнинг тагида.

У шундай оёғи тагида ётган ботинкасини кўрмаганига изза тортади, лекин сир бой бермай пишиллаб кийина бошлайди.
— Бир бурда нон олгин йўлга.

У энсаси қотиб онасига ўшқириб бермоқчи бўлди-ю, лекин уч чақиримлик йўлни, борадиган жойи қабристон ёнида эканини ўйлаб, бир бурда нонни қўйнига солади.

Юлдузлар хира ялтирайди.

Йўл олачалпоқ ойдин. Эшак бир текисда йўрғала бормоқда.

У ортига ўгирилиб, эшак дупуридан кўтарилган чангнинг ҳавода эринчоқ туриб қолишини кузатади.

"Чанг тупроқ орасида сиқилганидан оқариб кетган ҳавоми ёки тупроқнинг майдасими? Чангда қолганингдан сўнг тупурсанг, бурнингни қоқсанг, лой тушади — тупроқнинг майдаси бўлса керак-да.

Қоронғида ҳамма нарса жимиб қолади-я. Қизиқ, одам ҳам қоронғида қўрқади. Ахир оқшом ҳам қуёши йўқ кундуз-ку, фақат қуёшнинг ўрнига ой чиқади.

Ойнинг нури нимадан, майда оқиш чангга ўхшаган бўёқми? Ҳавони, йўлни шу рангга бўяган. Соялар қора, чунки уларни ойдан дарахтлар тўсган. Нега ой дарахтларни ҳам оқиш рангга бўямаган? Уларнинг яшил туси ой бўёғи остида қолиб кетмайдими? Худди суюқ ранг суртилгандек ялтирайди. Сояси билан қўшилиб усти ялтироқ, таги чириган, қорамтир пичан ғарамига ўхшайди. Кундузи қуёш сочган нурлар оқшом қайга йўқолади? Борди-ю, кечаси ҳам кундузгидек ёруғ бўлса-да, қуёшнинг ўрнига ой чиқиб турса. Ёки ҳеч ҳам кун ботмаса. Жуда аломат бўлса керак».

Эшак тўсатдан бурилди. У эшакдан ағанаб тушай деди. Эгарининг қошини маҳкам чангаллаб, қўрқув билан йўлга тикилди. «Нимадан ҳурккан экан, илонми?»

Думалоқ соя йўл четидаги ўтларга томон ғимирларди: «Э, типратикан экан-ку».

Боланинг кулгиси қистади.

«Ойнинг соясига ўхшайди-я... Ой Ер билан Қуёш орасига кирганда сояси ерга тушади. Муаллим айтгани тўғри-ю, лекин сояси бунча баҳайбат? Ойнинг сояси типратикандан сал каттароқ бўлмайдими?»

Бир марта қуёш тутилгани унинг зсига тушди. Ҳаммаёқни қизғиш қоронғилик босганди ўшанда. Онаси унинг қўлига чўп тутқазиб, «тоғорани данғиллат», деган эди.

«Ойим қўрққан эди, Абдуалим ҳам. Ўшанда ҳамма қўрққандай эди. Ойнинг соясидан ҳам одам қўрқадими?»

Чорраҳага келганда эшак секинлади, қулоқларини саланглатиб, хирт этиб қўйди.

«Ҳа, жонивор-эй, қаёққа бурилай, деб сўраяпти».

У халачўпни кўтарди-ю, лекин эшакнинг бўйнига урмади, тўғрига деган маънода нўхтанинг ипини силтади. Эшак яна ўша маромда йўрғасини бош-лади. -

Боланинг хаёллари бояги изидан чиқиб кетди.

«Эшакка бунча катта қулоқнинг нима кераги бор, а? Одамларга ўхшаб шивирлаб сўзлашмаса. Ҳанграшини қулоқсиз ҳам эшитиш мумкин. Одам шунча трвушларни эшктади-ю, лекин қулоғи кичкина. Эҳ-ҳе, ўйлаб қараса, бир-бирининг гаплари, қушлар сайраши, машиналар гуриллаши, тракторлар тариллаши, шамол шувиллаши, араванинг ғийқиллаши, зшикиит-ғижирлаши, радио, қўшиқ... Вой-бў!»

У дафъатан уйдан чиққандан бери ҳеч нарса эшитмаётганини сезиб қолди. Ҳатто эшакнинг дупурини ҳам эшитмай келаверибди. Буни ўйлаши биланоқ атрофдаги барча овозлар шиддат билан унинг қулоғига ёпирилди: чигирткалар чириллаши, итлар ҳуриши, трактор товуши, кимдир варанглатиб қўйган ашула, узоқдаги Булунғур ариғи бандининг шовуллаши, ҳатто остидаги эгарнинг зорланиб ғичирлаши— ҳамма-ҳаммасини бирдан аниқ эшита бошлади. Бутун борлиқ шатур-шутур қилиб нафас олаётгандек.

У сокин туюлган сут ойдинда бунча кўп товуш борлигига шунчалар ажабландики... маълум муддат шу товушлар босими остида, оғзини ярим очганча, ҳеч нарсани ўйламасдан, барча овозлар билан бирга; ўзининг хам пишиллаб нафас олишини тинглаган| кўйи эгарда қотиб кетаверди.

Ўзи сезмаган ҳолда аста-секин хаёлга берилди.

«Ер нафас олса керак, чопиб кетаётган одамдек ҳансираб нафас олса керак. Бу товушларнинг барчаси шундан. Ҳамма нарса нафас олади. Дарахтлар ҳам зарарли газларни ютиб, кислородга айлантириб чиқаради, деган эди Турғунов муаллим. Айтгандай, шамол ернинг нафас чиқариши, жимлик ютиши эмасми? Ҳа, шамол - ернинг нафаси. Ой-чи, нафас оладими? Ёки куйлармикин?»

У тузукроқ жавоб топа олмади. Ойдан кумушранг унсиз садолар йўл ёқалаб кетган дарахтлар чодир: узра ялтироқ из қолдирганча қуйилиб тушишини ғира-шира тасаввур қилди-ю, аниқроқ фикрлашга чоғи келмади.

«Қанақа куй? Радиокарнайдан чиқадиган куйми? Унақага ўхшамайди. Ана, ойнинг ўзи радиокарнайга ўхшар экан. Нега «ой юзингни» дейишади? Ой қизларнинг юзига ҳеч ҳам ўхшамайди-ку... Мисол учун Маҳбубанинг афти ойга эмас, тўрлаган қовунга ўхшайди. Саодатнинг бети тўла сепкил. Ойда эса сепкил йўқ.

Ҳозир бирдан шу радиокарнай — ойдан «ой юзингнинг шеваси...» деб қўшиқ бошланиб кетса-я! Ёки қўшиқ ўрнига «ҳей бола, ҳадеб анграяверма!», бақириқ эшитилса.

Буни ўйладию юрагини ваҳм босди. Дарров их-ихлаб, эшагини ниқтади. Эшак жадаллади. Ой ростдан ҳам бақириб юборадигандек, унга қарашга боланинг юрагит дов бермади. Бироқ сал ўтмай қўрқа-писа бошини кўтариб яна ойга қаради.

Шунда... тонг қотди — дарахтлар оралаб уни таъқиб этиб келаётган ой очикқа чиқиб муаллақ турар, туманли теграсида эса... каттакон, маҳобатли доира ярақлар эди.

Қанчалар чиройли!

Эх-ҳе! Худди жуда катта тсиркул билан, учини ойнинг қоқ ўртасига қўйиб чизилгандек. Нега шу пайтгача кўрмади?

У ҳамма нарсани унутди.

Ой пастга эниб, жуда-жуда яқин келган, бола унга ёнма-ён ҳолда, айлана гардишнинг ўртасида чайқалиб-чайқалиб сузиб кетаётгандек эди. Дунёда ой ва боладан бошқа ҳеч кимса йўқ эди.

Бола ойга қўшилиб кетган эди...

Тўсатдан ой мушукдек бағиллаб унга ташлангандек бўлди. У қичқиришга ҳам улгурмай, эгардан учиб кетди — эшак шахт билан ўзини ёнбошга отган эди. Икки мушук пихиллашиб йўлни ўқдай кесиб ўтди. Чанг-тўзон ичида қолган бола бир муддат нафаси ичига тушиб, ўзига келолмаи турди. Сўнгра энтикиб-энтикиб йиғлаб юборди.

«Мов бўлган мушуклар экан-ку, шунга қўрқаманми. Аҳмоқ эшак ҳуркиб...»

У ўзига таскин берди. Қўзғалган эди, ўнг бўксасида санчиқ турди: «Халачўп кириб кетмадимикан?» Халачўп бир қадамча нарида ётарди. У ўтирганча халачўпга интилганида гавдасида ҳам алланечук оғирлик туйди. Секин ўрнидан турди, оёқларини силади, бўксасини авайлаб ушлаб кўрди. Оғриқ аъзои баданига тарқалди.

Хайрият, ҳеч жойи синмабди, чиқмабди. Фақат тирсаги ачишяпти — шилинган. Одам йиқилганда туя ўркачини, от ёлини, эшак эса туёғини ташлайди унинг остига. Шунинг учун туядан, отдан паст бўлган зшакдан ёмон йиқилади.

Эшак нарироқда турарди.

«Миниб олай, кейин кунини кўрсатаман. Хрзир урсам қочиб кетади, тутқич бермайди».

У «иш-иш», деб эшакка яқинлашди. Эшак қочмади. У инқиллаб ўзини эгарга олдию халачўп билан эшакни савалай кетди. Эшак халачўпдан ҳимояланиб калласини оёқлари орасига тиққанча, турган жойида гир айланди. Унинг эгардан ағнаб тушишига сал қолди, ўзини ўнглаб нўхтанинг ипини силтади. Эшак тез юриб кетди.

... Ҳамма нарса йўқолди. Ой ҳам, боланинг хаёллари ҳам. Иўлнинг икки чети тут аралаш қатор толлар билан қуршалди, яна очилди.

Қаршидан қабристон ваҳимали, босиқ бир сукут билан бостириб кела бошлади. Унинг танига титроқ кирди. Отасига: «Қўрқмайман, эшакни ўзим олиб бориб, сизни олиб келаман», деганига пушаймон еди.

«Ашула айтсаммикан? Лекин бу ерда, мозоратнинг олдида бақириб бўладими? Ўликлар эшитиб... Арвоҳларни безовта қилмаслик керак».

У қабристонга қарамасликка тиришиб, оёқлари билан эшакнинг

биқинига ниқтади. Бултур, йўқолган қўйини ахтариб юрганда, ўпирилиб тушган эски қабрда бир қора нарсани кўргани эсига тушиб юраги увишди. Ўшанда урра қочиб қолганди.

«Соч чиримасмикан?.. Эски жой-да. Қирқ гектар-а! Кундузи унча қўрқинчли эмас-у, лекин ҳозир... Нега оқшомда ваҳимали бўлади,а? Жин-ажиналар чиқадими? Ажина одамнинг отини айтиб чақиради. Менинг отимни қаёқдан билар экан?.. Мен уни учратмаган бўлсам. Ё у мени кўрганмикан?.. Отингни эшитсанг «Ҳа», демаслик керак. «Ҳа», десанг чалиб кетади. Мени чалмаса керак. Менга тегмайди. Чунки отамнинг бобосининг отаси тегирмон тоши устида сариқ сочларини тараб ўтирган ажинани қўрқмай ушлаб олган. Ажина роса ялинганда ҳам қўйиб юбормаган. Сочини бураб қийнайверган. Охири, «етти пуштингга тегмайман», деб қасам ичгандан кейин қўйиб юборган. Ажина шу заҳоти турган жойида йўқ бўлиб қолган. Мен бешинчи пуштман. Мени ажина чалмайди. Лекин ҳазиллашиб чақириши ҳам мумкин-да, бу болани бир қўрқитиб қўяй, деб».

Қабристон ёнидаги қишлоқчага кирилганда эшак бирдан ҳанграб юборди. Бола нафасини ичига ютиб, эгарга қапишиб қолди. Ён томондаги дарвоза тагидан бир кучук вакиллаганча пилдираб чиқди. Кучук бола юрагидаги қўрқувни ҳам ҳуриб ташлади

Симёғочга осилган лампочкадан тушаётган нурнинг сарғиш доирасига кирганда, у қабристонга қаради. Қабристон осойишта, ваҳимаси ортга чекинган эди. Кучук ҳам бир-икки ғингшиб орқада қолди.

У тирсаги ҳали ҳам ачишаётганини сезди.

«Боя йиқилганимда уст-бошим тупроққа роса беланган бўлса керак».

... У Маҳмуд аканинг дарвозаси олдида эшакдан тушмай қичқира бошлади:
— Ҳусниддин, ў Ҳусниддин! :

Унинг овози чийиллаб чиқди. Буни ўзи ҳам сезиб, катталарнинг товушига ўхшатиб йўғонроқ овозда яна чақирди.

Ичкаридан Шакар холанинг: «Ҳу-ув... Ит боғлиқ, киравер!», дегани эшитилгач, бола эшакдан тушиб, кийимларини қоқишга тутинди.

У эшикни очиб, ичкаридагиларга «Ассалом», деб кираётганида, айвонда идиш-товоқ юваётган Шакар холанинг Робия пучуққа: «Муштдай боланинг шунча йўлдан қўрқмай келганини қара», дегани қулоғига чалиниб, ғурурланиб қўйди.
— Э... Малла чўпон, келсинлар, келсинлар,— дея уни кўрган заҳоти Хайрулла амакиси одатдаги ҳазилини бошлади.

Отаси ҳаммадан юқорида, уйнинг тўрида ёнбошлаб ётарди; у кирган пайтда бир мулойим нигоҳ ташладию гапида давом этди:
— Яна ривоят қилурларким, агар сизнинг ҳамсоянгизки бўлса, унинг томига ғўзапоя босилган бўлса, айтайлик, шамол турдию бир боғ ғўзапоя сизнинг ҳовлингизга тушди...

«Биламан, бу ёғи: «Сизнинг шу ғўзапояни ёқиб пиширган овқатингиз — макруҳ».
— Акрам ака, шу ўғирликка кирадими, кирмайди?—деб сўради Мамат меш. У ҳам ёнбошлаб ётган эди.

«Ўзи отамдан катта-ю, ака, дейди».
— Албатта киради. Яъни, масалан, бориб, майдондан йиғиб, ўзингиз орқалаб келмагансиз. Унга меҳнатингиз сингмаган. Меҳнатсиз топилган бир игна бўлсинки, у — ҳаром.

У амакисининг ёнига чўкди. Амакиси унга эгилиб шивирлади;
— Эй, менга қара, йўлда роса қўрқдингми?
— Нимадан қўрқаман?
— Ҳар кўзлари пиёладай-пиёладай келадиган ажина сочларини ёйиб, олдингдан чиқмадими?
— Э-э, нима қиласиз ёлғон гапириб.
— Ёлғонми, бўлмаса, нега додладинг? «Эшитибди йиғлаганимни!»
— Қачон?
— Боя.
— Йўғ-э, бошқа бировдир.
— Сенинг товушингни танимайманми! Отанг изза бўлмасин деб, индамай ўтирибман-да. Бешинчида ўқиб, ажинадан қўрқасанми?
— Ажина эмас, иккита мов мушук биғиллашиб қолди.
— Ана, қўрқибсан-ку!

«Алдаяпти. Эшитмаган, шунча жойдак йиғлаганимни эшитадими! Синаб кўряпти»
— Э-э, сиз ўзингизнинг Раҳмонингизни билинг, сал қоронғи тушгандан кейин далага чиқишга қўрқадию.

Амакиси бир зум гап тополмай қолди-да, кейин кўрсаткич ва ўртанча бармоқларини жуфтлаб унга чўзди:
— Бир-бирига ёпишиб қолиб жуда азоб беряпти-да. Қани, зўр бўлсанг, шуларни очиб қўй-чи!

У амакисининг бармоқларини ажратиб қўймоқчи бўлиб қўл узатди-ю роса чиранганидан кейин амакиси нима қилиши эсига тушиб, қўлини тортиб олди.
— Мени уялтирмоқчисиз-а!?
— Ҳа, шум-э, биласан-а!?

Маҳмуд аканинг эсига бола тушиб отасидан сўради:
— Эшон бобо, Мақсудга ош олиб келишсин?
— Э-э, қорним тўқ, уйдан шўрва ичиб келдим.
— Шўрванг йўлда тушиб қолган-да.
— Майли, зўрламанг, бу ўзи кам овқат ейди, - деди отаси. Амакасига бу ҳам бир баҳона бўлди:
— Бу овқатнинг ўрнига ҳам китоб еса керак-да, кейин отасига ўгирилиб давом этди.— Тунов куни қарасам, бунингиз эшакнинг устида ҳам китоб ўқиб келяпти.— Унга қараб қув жилмайди.

«Жуда ёпишиб олди-да бугун. Ўзи ҳам игнадай гапни туядай қилади-я. Ўқишимнинг унга нима оғирлиги тушибди. Отамнинг гапи етмагандай, энди бу ҳам...»
— Бекор айтибсиз,— деганини ўзи ҳам сезмай қолди у.
— Э, буни қара, ўзидан каттага ҳам гап қайтара-дими,— деди амакиси.

Отаси Хайрулла акага таъна билан қараб қўйди. Амакиси жим бўлди. Отаси салмоқлаб гапирди:
— Бунга уриш-сўкиш кор қилмайди. Билмайман, китобдан нима топган. Акалари ёшлигида пишиққина эди. Қудрат бундайлигида, бўйи бир қарич бўлиб, қўш қўшар эди.
— Шуни билгани тўғри,— деди шу пайтгача жим ўтирган Раҳмат ака.— Қани, бизнинг шумтакалар ҳам шундай ўқиса. ~ирт хулиган. «Беш«га ўқийсанлар», деган шарт қўйиб икковига ҳам велосипед олиб бердим. Қаёқда! Бир ой ўтмасдан шалағини чиқа-ришди.
— Ҳа, энди боланинг ўзи қизиқмаса, қийин. Уриб-сўкиб йўлга сололмайсиз,— деди Мамат меш бе-ғамлик билан.— Бизнинг Пирматнинг аҳволи ҳам шу — қулайини топдими, болаларни тўплаб, эшак кўпкари қилади. Кўп эшак ҳалак, бир пўстак ҳалак.
— Ҳозир ўқимаганга қийин,— деди Раҳмат ака.— Бориб-бориб ўқимаганга иш қолмайди. Илгари тракторчининг қаватида бир-икки ой юрсанг, «Универсал» беришарди. Ҳозир тракторчиликка ҳам диплом керак. Трактор ҳайдаш ҳам қийинлашиб кетди.

Бу гап отасига ёқинқирамади:
— Ўқиганлари оламни гулистон қиляптими! Мана, биттаси Ҳайдарнинг ўғли. Худонинг бермиш куни оғзида папирос, тагида матасекл, санғигани-санғнган. Ким бир пиёла қуйиб берса — ўшанга жўра. Ўн йил мактабда ўқиди, ўн йил шаҳарда тентираб юрди. Ўрганиб келгани — арақхўрлик.

Отаси Қосим муаллимни ёмон кўради. У ўн йил эмас, етти йил ўқиган шаҳарда. Уч йил армияда бўлган. Бир йил синфида қолган шаҳарда ҳам. Рост, яхши дарс беради-ю, лекин кўп ичади.

Мамат меш аянчли илжаяди — Ҳайдар новвой унга қариндош.
— Акрам ака, Салоҳиддин кам кўринади, юрибдими эсон-омон?

Отасининг юзи тундлашди, кенг пешонасидаги ажинлари чуқурлашиб, яна ёзилди.
— Билиб, билмасликка олиб гапирасиз-а, Мамат ака.
— Энди сўраяпман-да, Акрам ака,— деди Мамат мвш.— Ҳарна қилса-да, ўғлингиз.
— Ўғил?! Бунақа ўғилнинг боридан йўғи яхши!— деди отаси. — Не-не азоблар билан ўқитдим. Қандай! оғир йиллар эди! У бўлса, ўқишни битириб келиб, муаллимлигини бошлагач, нима дейди денг: «Ота диндан кечасиз. Нима қиласиз йўқхудога ишониб...»
— Ҳа, энди нодонлик қилган-да,— деди Мамат меш бепарволик билан.

«Жўрттага сўради. Отамнинг ҳамма сирларини билади-да, Қосим муаллим учун аламини оляпти. Тўғри гапиришга қўрқади».
— Нодонлик?! Айтган гапини биласизми?! Мен диндор бўлганим учун у киши амалларга кўтарилмай қолган эмиш. Уялмай-нетмай ўзимга шундай деган...

«Қачон айтган экан?»

Акаси уйга келганда уни ёнидан жилдирмайди Отаси гапирмаган пайтларда у билан ҳазиллашиб ўтиради. Бир куни акаси нимагадир гўрковлар ҳақида сўзлаб, «Шекспир деган ёзувчи ўтган, унинг асарида гўрковлар жуда зўр ёзилган», деди. Отаси индамади. Акаси яна бир-иккита шунга ўхшаш гапларни айтаётганда, отаси жаҳл билан: «Тўхта», дедию бирдан баланд овозда тожикчалаб бақира кетди У ҳеч нарса тушунмай гоҳ отасига, гоҳ акасига ҳай рон боқиб, уларнинг тожикчани билишига ажаблана зди. Бир маҳал отаси унга «Бор, ўйна», деди. У ҳовлида нима қилишини билмай гангиб юрди. Сал ўтма акаси чиқди. Унинг ортидан отасининг: «Ҳе, Шекспулинг билан қўшиб...» деган сўкиниши эшитилди. Ака си аянчли илжайиб унинг ёнига келди ва «бобой ёмон қарияпти-да», деб ғудранди. Унинг томоғига алланарса тиқилди, эзилиб кетди, акасига раҳми келди
— Ҳозир-чи? Бошларида соябон шапка, оёқларида йиртиқ батинка, илинган магазинчининг устида ёзади, юлғич, муттаҳам, деб. Бешкападаги Абдулланинг ўғли шунинг дастидан қамалиб кетди. Шерқулнинг тўйига борганимда хотини олдимга бешта боласини етаклаб чикди. Ер ёрилмади, ерга кирсам. Ўғлим, қўй шу ишингни, одамларни қон қақшатма, дедим. Қилмади.

Мамат меш қўрқа-писа қараб қўйди-да, яна дастурхонга тикилиб олди. Маҳмуд ака дастурхоннинг сочиғини ўйнаб ўтирарди. Амакиси бошини қуйи осилтириб миқ этмасди.
— ...енди аспирантурами, паспирантурами деган катта ўқишга кирармиш. Бундай танангга ўйлаб кўр, тўртта боланг бор, ёшинг ҳам қирққа борди. Олим бўлиш осонми, бунинг учун ўн-йигирма йил умр керак. Эллик-олтмишга бориб олим бўлганингда элга қандай каромат кўрсатардинг! Шундай деб насиҳат тсилсам, мен тўрт йилда диссиртасса ёқлайман, деб ғудинглайди...

У амакисига термилди. Қани энди, амакиси бошини кўтара қолса!
— Ҳа, ўғлим, мана, Каримбойнинг ўғли Самарқандда ўн беш йил ўқишнинг орқасидан қувиб, энди олим бўлди. Нурмат керосинфурушнинг ўғли урушдан қайтгандан бери институтда дарс бериб, энди дўхтир бўлди. Сен эртадан-кечгача газетда ишлаб, кечқурун бола-чақанг билан ўралашиб, қандайига тўрт йилда олим бўлиб қоласан, десам, кўрасиз-да, дейди...

У отасининг энди анча гапиришини ўйлаб сиқилиб кетди. Ҳеч ким отасига қўйинг шу гапни, дея олмай-ди-я!
— Колхозга раис бўл, дейишса, кўнмабди. Нима, олим бўлмаса, нон тополмай қоладими? Қишлоққа кел, раислик ёқмаса, мактабга мудирлик қил, халққа аралаш-да, ахир қачонгача тентираб юрасан менга ёрдам бермасанг ҳам, одамларга фойданг тегар-ку, десам...

Ниҳоят амакиси унга қаради: «Бир нарса деб отамни тўхтатсангиз-чи. Акам сизга ҳам қариндош-ку!». Амакиси тушунди шекилли, кўзларини олиб Қочди.
— ...Аччиғим чиқиб кетди. Тур йўқол, иккинчи эшигимга оёқ босма, қаёқда санғиб юрган бўлсанг, ўша ёкқа жўна деб...
— Амаки, қўйсангиз-чи, шунақа гапларни. Уйдаги можарони нима керак кўчада достон қилиб…
— Э... Сен жим ўтир! Мен куйиб кетганимдан гапиряпман. Одамлардан яширадиган сирим йўқ. Ҳамма кўриб, билиб ўтирибди. Қачонгача яшираман?! Пушти камаримдан бўлган болам тугул, мени яратиб қўйган бўлса ҳам, бетига айтаман. Менга гап қайтариб валдирайсан-да, ўзинг унга бир оғиз насиҳат қилолмайсан.
— Мен нима дейман унингизга? Бир нарса десам, сиз тушунмайсиз, унақа эмас, бунақа деб ақл ўргатади. Сигирларингни семиртир, каттароқ оғил солиб, молларингни кўпайтир, дейди. Ҳанги эшагингнинг бурнини тилсанг, чарчамайди, қаттиқроқ ҳанграйди, деб кулади. Билдингизми! Шундай деб калака қилиб турган одамга мен нима дейман?!
— Ана, кўрдингми! Бу дегани тезакка қоришиб, оғил тозалашдан бошқасига ақлинг етмайди, деган маънини билдиради. Ўзидан бошқани одам санамай-ди-да! Осмонда юради у, осмонда!

Отасининг қўли бир зум ҳавода қотиб қолди. Бола чўчнб кетди.
— Ердагиларни оёғининг учи билан кўрсатади. Сен нима деб юрибсан ҳали. У ўзини прапесир санайди... Ҳамма аҳмоқ, у доно! Ҳамма онасидан туғилган бўлса, у осмондан оёғини осилтириб тушган.

Маҳмуд ака чўнтагини тимирскилаб, носқовоғини олди. Носқовоқнинг орқасига кўрсаткич бармоғи билан секин-секин уриб бошини орқага ташлаганча, нос отди. Амакиси имо билан носқовоқни сўради... Отаси жимиб қолди. Орага оғир сукунат чўкди.
— Ё пирим-эй! Уф-ф,— дея ёнбошлаб ётган Мамат меш оғир чайқалиб чордана қуриб ўтнрди, қорни чалиштирилган оёқларига босилди.
— Хайрулла, носқовоқни ташла бу ёққа!

Отаси ҳам нос чеқди. Яна ҳамма жим қолдн.
— Эй, бу дунёда қурт бўлсин, қумурсқа бўлсин, ризқини топади, — деб гап бошлади Мамат меш ку-тилмаганда.— Қимирлаган жон борки, ўз ташвишида. Ҳар кимнинг ўз насибаси бор. Мана, ёшимиз етмишга боряпти. Инқилобни кўрдик — ҳаммасини кўрдик! Қулоққулоқ деган замонларда яшадик. Мол-дунё кишига вафо қилмайди. Олимхўжабойнинг минг қўйи бор эди. Кўчага чиқсалар тагларида саман от, атрофларида ўн-ўн беш муридлари. Ана ас-асаю мана дабдаба! Нима бўлди? Қулоқ бўлиб дом-дараксиз кетди. Урушни кўрдик. Қирқ иккинчи йилдаги қиш шундай совуқ бўлдики, шундай совуқ! Э Акрам ака, бу Русиянинг совуғи ёмон бўлар экан. Оёққўлдан ажралишимга сал қолган. Қулоғим ҳалиям сал иссиққа қичишади.

Негадир амакисининг кулгиси қистаб қолди. Билдирмаслик учун мўйловининг учини бурай бошлаган-да, кўзлари чақчайиб кетди.
— ... Бировни ака дедик, бировни ука, ишқилиб, бола-чақани оч қолдирмадик. Ҳозир замон яхши. Қайси уйга кирманг, радиё... Одамлар кирини ҳам мошинада ювади. Тавба, шу кир ювадиган мошинага қатиқ солиб, туғмасини боссанг, сариёғини ажратиб берар экан-а! Эй, бу одамларнинг усталиги...

«Бир нарса демоқчи бўлса, гапни айлантириб, охирини йўқотиб қўяди. Аввал қуртқумурсқа, кейин инқилоб, Олимхўжабой, уруш, қимматчилик. Энди кир ювадиган машинага ўтиб кетди».
— Хайрулла, кечаги ойликдан неча сўм олдингиз? — деб сўради Мамат меш дабдурустдан.
— Тўйт юш пгўм,— деб жавоб берди амакиси оғзида нос борлиги учун соқовланиб.
— Шу сувчилик ҳам сердаромад иш-да. Нима дедингиз, Акрам ака?

Отаси индамади. Мамат меш гапида давом этди:
— Пулни йўқотманг. Бозор куни ўзим бир яхши сигир олиб бераман. Амакиси гиламни қайириб носини туфлади, кафти билан оғзини артди.
— Борини эплаб олай-чи. Болалар телевизор олиб беринг деб гаранг қилишяпти.

Шу пайт отаси кўкрак чўнтагидан занжири узун соатини чиқарди:
— Соат ҳам ўн бирдан ўтибди, Мамат ака. Гап сотиб ўтиришимиздан фойдайўқ. Турайлик. Қани, омин...

Мамат меш ўрнидан зўрға қўзғалди. Сал эгилган кўйи қулочини кенг ёйиб, белбоғини айлантириб эша бошлади.

Маҳмуд ака Мамат мешнинг, бола ўзларининг эшагини етаклаб келди.

Мамат меш айилни қайтадан, қаттиқроқ тортди. «Шундай катта қорин билан эшакка қандай қилиб минар экан?»

Мамат меш анча вақт каловланиб турди-да, охири;
— Маҳмуджон, қўлтиқдан олмасангиз...— деди хижолатомуз.

Маҳмуд ака ёрдамга шошилди. Мамат меш: «Ё пирим!», дея бир амаллаб ўзини эгарга олди, эшаги бели майишиб, гандираклади.

Маҳмуд акадан ибрат олган бола отасига кўмаклашмоқчи бўлди, лекин улгурмади. Отаси узангига оёқ тираб, эгарга енгил ўтирди. Бола айланиб ўтиб отасининг бу оёғига ҳам узангини тўғрилади.
— Қўлимдан ушла,— деди отаси,— энди оёғингни оёғимга қўй!
— Оёғингиз қайрилиб кетмайдими?—деди бола отасининг оёғнга оёқ босишга юраги бетламай. — Қўявер, икки пуд келасанми, йўқми,— деди отаси. У отаси айтгандай қилди.— Ана шундай, қўлимдан маҳкам ушла. Қани, ҳа!

У отасининг қўлига осилиб чиранди, гавдасини ердан узолмади. Отаси унинг қўлтиғи оша елкасидан тортгандан сўнг эгарнинг орқасига миниб олди.

Улар бир муддат жим кетдилар.

Амакисининг оёқлари ерга тегай-тегай дейди: дароз, бўлали одам бўлса-да, эшаги чоғроқ, эгарида узанги ҳам йўқ.

Мамат меш гап бошлади:
— Маъракаси тузук ўтди. Одам ҳам яхши келди. Оши ейишли бўлибди. Қурбон яхши ошпаз-да. Лекин қирриқроқ.

Отаси индамади. Амакиси чўзиб эснади.

Енгил шабада турди. У жунжикиб отасига яқинроқ силжиди, унинг елкасидан қуйироққа бошини қўйди, юзи ишқаланаверганидан ғаши келиб, яна ортга сурилди.

«Бу бобойлар ёзда ҳам чопон кийишади-я, иссиқлаб кетишмайдими?»

Қабристондан дарахтлар шарпаси қорайиб кўринди. Бойўғли қичқирди, аллақандай қуш питирлаб қанот қоқди, яна жим бўлди.
— Мамат ака, — деди отаси, — эртага Орзиқулни кўриб келайлик.

Мамат меш эшагини халачўп билан бир тушириб қолди. Жаҳли чиқиб сўкинди.
— Эрталаб Ўсарни кўрувдим,— деди отаси яна унга парво қилмай.— Қора новвос билан ғунажинини бозорга олиб чиқар экан. Бири гап бўлса, шошиб қолмай деяпти.
— Йўғ-э,— деди амакнси ташвишланиб,— ўтган куни борганимда дуруст эдп-ку! Бир соатча ҳангомалашпб ўтирдик. Овқати ҳам яхши эди. Бир коса шўрва ичди.
— Омонат-да, айтиб бўладими. Аҳволи ёмондир-ки, Ўсар йиғиняпти. Ақлли бола, сезмаса, билмаса, бекордан-бекорга ҳовлиқиб, менга маслаҳатга келмасди. Бугун боришга вақт йўқ эди, эртага борайлик. Чошгоҳда уйга келсангиз, Эшмурод билан Қодир акани ҳам олиб бирга ўтамиз. Уларга тайинл аганман.

Мамат меш оғир сўлиш олди, индамади.
— Мамат ака,— деди отаси.
— Ўзларинг бораверинглар,— деди Мамат меш.— Эртага уста чақирганман, ёнида бўлмасам, бир ўзи эплолмайди.
— Қўйинг, важ-карсон қилманг. У ёқда биров...— Энди отаси қаттиқроқ гапирди.— Илҳақ бўлиб ётибди бечора! Неча йиллик ошначилигингиз бор. Сизни деб қамалиб кетишига сал қолган...

Мамат меш индамай кетаверди.

У Орзиқул бобони яхши кўради: ҳар гал учратганда Орзиқул бобо: «Ассалому алайкум!», деб уни қизартиради. У эса сал яқинроқ келсин, кейин салом бераман деб улгуролмай қоларди. Чол уни калака қиларди: «Э, эсингиздан чиқиб қолдими? Отангиз берган тарбия қани? Муаллимларига бориб айтамиз-да, энди». У: «Мен салом бергунча ўзингиз шошилиб...» дея тутилиб қоларди. Шундан кейин у Орзиқул бобо кўчанинг нариги бошида кўриниши биланоқ «Ассалому алайкум!», деб қичқирадиган бўлди. Бироқ Орзиқул бобо ўзини эшитмаганга олиб, индамай келаверарди. У қайта қичқирарди. Чол пешонасига қўлини соябон қилиб томгами, ёки бирор қизиқ нарса кўргандек, ергами тикилиб яқинлашар эди-да, бирданига: «Ассалому алайкум», дер ва «Ва-алайкум ассалом», демайсизми, ўғлим», деб унга ажабланиб боқар эди. «Сиздан олдин салом бердим-ку, ахир», дея йиғлагудек хуноб бўларди у. Орзиқул бобо аччиқланарди. «Муаллимингизга бо-риб, Мақсудбойга одоб ўргатмабсизлар, деб айтмасамми», деб пўписа қиларди. У бир куни онасига арз қилди. Онаси: «Бобонг сени яхши кўрганидан ҳазиллашади-да», деб қўя қолди.

Энди шундай яхши киши оғир касал бўлиб ётибдию Мамат мешнинг уни кўришга боргиси йўқ.

У отасини Мамат меш нима учун «ака» деб иззат қилишини бирдан тушунди — отаси укасига гапиргандек, ўзидан кичик одамни кўндиргандек, баландда туриб, мулойим овозда гапирар эди:
— Хўп қизиқ одамсиз-да, Мамат ака, ичингиз тор. Ўша гапни ҳалигача кўнглингизда оақлаб юрибсиз. Қўйинг, ўтган ишга саловот. Беш кунлик дунё — тўрт-бешта бобой қолдик. Сиз ҳам, мана, етмишни қоралаяпсиз. Энди нариёғини ўйланг, майда-чуйда гапларни эмас. Кўнгилни кенг қилинг, кенг. Ҳақимиз қолмади энди бу дунёга устун бўлолмаймиз.

Мамат меш яна оғир сўлиш олди.

Чорраҳага етиб келдилар. Мамат мешнинг йўли бошқа, у эшагини бурди.
— Тонг отсин-чи, худо бир йўл кўрсатар. Яхши боринг, Акрам ака! Айтгандай,— Мамат меш эшагининг жиловини тортди (қишлоқда фақат унинг эшагига юган солинган).— Иш-ше, сабил қолгур! Хайрулла, келаси бозор Шерқўрғонга борамизми? Ола сигир жуда чимхўр чиқди, қуритиб келмасам, сиз ҳам новвосингизни сотмоқчи эдингиз-ку. Актамнинг мошини билан кетамиз.
— Мен сўймоқчи эдим,— деди амакиси.— Кейин Шерқўрғонда қорамолнинг нархи пастроқ, ютқизасиз.
— Йўқ-йўқ. Кеча бозор Усмонлар бориб келишибди, яхши экан.
— Хдй, кўрамиз-да, ҳали вақт кўп-ку,— дед амакиси дудмал қилиб.
— Бирга борсак яхши бўларди-да,— деди Мамат меш.— Ёнимда турсангиз, ҳар ҳолда, бир кишидан икки киши... Яна бир ўйлаб кўринг.

...Улар йўлда давом этдилар.
— Борармикан?— деди амакиси.
— Боради,— деди отаси ишонч билан.— Орзиқул ётиб қолгандан бери нима қилишини билмай, имога маҳтал бўлиб юрибди. Тўғри кириб борай деса, бўйни ёр бермайди. Бировнинг юр-юр қилишини кутади. Сиртдан шундай кўринган билан ўзи ёмон одам эмас — ҳозир тихирлик қиляпти, кўрасан, эртага бориб, Орзиқулнинг олдида кўзёш тўкиб ҳам олади...
— Ҳали ҳам ўша аразими?
— Ўша. Туриб-туриб нашъа қилади одамга - битта шопулбоп теракни деб эт билан тирнокдай икки жўра сан-манга бориб қолишган-а! Сўраганда Орзиқул ҳам бера қолмаган. Оғзи бепаравуз одам— «Тобутингизга насиб қилсин», деган. Эртасига ярашиб кетишлари ҳам мумкин эди-ю, лекин орага бир-икки гап етакловчи тушиб...

Ой жуда-жуда баландда, нурли гардиши ичида лоқайд сузиб борар, ердаги икки кишининг суҳбати бир маромда, теварак-атрофга, товушларга алоқасиз бир тарзда давом этар эди.

Бола ойга тикилиб, унинг икки соатча олдин қанчалар сулув кўринганига ажабланар эди.

Ҳарҳолда теграсидаги доира қайдан пайдо бўлади?
— Ота,— деди у юрак ютиб.

Отаси унга эътибор бермай гапида давом этди. У яна такрорлади:
— Ота!
— Нима дейсан?—деди отаси гапи бўлинганига норози бўлиб. «Уришиб берса-я».
— Ҳу, ойнинг атрофидаги доира қайдан пайдо бўлади?

Отаси бошини кўтариб ойга, сўнгра амакисига қаради, кейин койиб берди:
— Бола деган гапни гапга қўшиб, катталар сўзлашганда аралашмайди, жим туради.

У ноўрин савол берганидан изза бўлди. Амакиси буни сезди шекилли, ўзига яқин. олиб, изоҳ берди:
— Ҳеч қаердан пайдо бўлмайди, ой қўтонлаган-да.
— Қўтонлаган?!
— Қўтонни биласан-ку. Шу, қўй қамаладиган қўтонни.

У осмонда ўтлаб кетаётган хўппа семиз, дум-думалоқ оппоқ қўйни тасаввур қилди: юлдузларни битта-битта чимдиб боради, қўтони ҳам у билан бирга силжийди.

Отаси оппоқ кўйлакда, кўрпача узра ерга қараб узала ётди-да, унга:
— Қани, Саидмақсуд, бир елкаларни босиб қўйинг, ўғлим, — деди.

У тўлқинланиб кетди: отаси ундан мамнун бўлган, уни яхши кўрган чоғлардагина сизларди.

У эҳтиёткорлик билан отасининг белига оёқ босди.
— Чиқаверинг, чиқаверинг!

Сўнг деворни ушлаб ўнг оёғини ҳам қўйди. Қалтираб кетди. Жуда баландликка чиққандай, йиқилиб тушса, суякларигача майда-майда бўлиб кетадигандай туюлди.
— Энди аста-секин юқорироққа юринг.

У авайлаб қадам босди. Оёғи отасининг салқиган териси билан тойрилганда, тўхтаб қолди. Отасининг суяклари қисирлади. Унинг кўнгли алланечук бўлиб кетди.
— Чап елкамни босинг!

Отасининг суяклари яна қисирлади,
— Энди ўнг елкамни.

У деворга икки қўллаб суянди. Тиззаларидаги титроқ пасайди.
— Энди икки елкамнинг ўртасини.

Отаси жуда баҳайбат, паҳлавон одам туюлди унга.

«Уч юз килолик той пахтани елкасига олиб юз қадам юришдан гаров ўйнаб ютган. Менинг оғирлигим нима бўлибди».

У дадилланиб бир текисда майда қадам ташлаганча отасининг кифтида уёқ-буёққа бориб кела бошлади. Отаси роҳатланиб, бир неча марта уҳ тортди. «Баракатопинг!», деб алқади.

Дунёда ундан бахтиёрроқ одам йўқ эди.
— Ҳа, ана шундай! Онаси чой кўтариб кирди.
— Кўп яшанг, ўғлим! Туш энди.

У чироқни ўзига яқинроқ суради, лўлаболишга кўкрагини босиб китобини очади.

«Орзиқул бобо ўлса, Усар ака жуда ёмон кунга қолади-да. Одам қандай қилиб ўладй, а? Жони қаеридан чиқиб кетади? Нариги дунёда жуда ёмон бўлади-ку! Оқшом мозоратда бир ўзи... Ҳаммаёқ қпқоронғи. Чиқай деса устида қалин тупроқ... Мункар-акир келади... Уҳ-ҳ, қандай кўрқинчли!..»

У китобнинг навбатдаги варағини очаётганда, ҳеч нарса ўқимаётганлигини сезиб, яна қайта бошдан ўқишга тутинди.

«Отам ҳам қарияпман, дейди. Қарийверибқарийвериб, охири ўлиб қолса-я! Йўқ, отаси ҳали бақувват. Бугун ўзи қрқди, бўлмаса кифтида ўйин тушса ҳам отаси парво қилмас эди. Шундай кучли отасининг ўлиши мумкин эмас. Отаси ўлмайди, снра-сира ўлмайди. У ҳам ҳеч қачон отасини ташлаб, шаҳарга кетмайди. Мактабни битиргандан кейин шаҳарни роса томоша қилиб, кўп китоб олиб қайтади-да, умрининг охиригача отасининг ёнида яшаб, унга хизмат қилади, дуосини олади. Отаси билан бирга қарийди. Акаси нотўғри қилган. Нега у отасини соғинмайди, а? Ҳар куни отасини кўрмай яшашга қандай чидайди? Отанинг қарғишига қолган одамнинг иши ўнгмайди. «Ота қарғиши — ўқ», дейди онаси. Мана, энди қандай қилиб олим бўлади? Ҳамма ҳайиқадиган, ҳурмат қиладиган отасини қандай ташлаб кетиш мумкин! Қарийқарий, охири мункиллаб, ўрнидан биров қўлтиғидан олмаса туролмайдиган, эшакка ўзи минолмайдиган бўлиб қолса, уни ким боқади?! Акаси шуни ўйламаган-да. У отасини...»

... Ў оқ қўйга миниб олиб, кўзларини қамаштираётган гардиш деворнине эшигини ахтаради. Оқ қўй эса тихирлик қилиб юрмайди, би« жойда қотиб тураверади. Пастда отаси қўлини пахса қилиб қичқиради: Миянг хатоми сенинг! Нега ойга миниб олдинг? Яна йиқилиб тушиб бошимга бало орттирма. Сени кўтариб дўхтирма-дўхтир чопиб юрмайин. Яхшиликча туш, деяпман, бўлмаса олмага оёгингдан осаман ». Отасининг ёнида Орзиқул бобо қотиб-қотиб кулади: «Ана холос! Бизни пулисиротдан ўтказиб қўядиган қўйни миниб олибсиз-ку! Муаллимингизга бо«иб айтмасамми ». Мамат меш эшагидан тушмай отасига таскин беради: Қўйинг, индаманг, боланинг ўзи хохлаб тушмаса, мажбур қилиб бўлмайди. Кўп ўқиган-да. Ўқимаса ойга чиқармиди». У хадеб ярақлаётган гардиш деворнинг эшигини ахтаради, девор эса унинг кўзларини қамаштиради, эшиги эса кўринмайди. Оқ қўй хам тихирлик қилиб жойдан силжимайди. У қўйни халачўп билан уради, қўйнинг жунлари оёгига ўралашиб қолади. Бирдан димогига ачқимтил хид уриладию, учиб кетади. Отаси эса негадир мулойим овозда гапириб қолади: «Ҳа, нодон бола-я, яна чироқни ўчирмабди...»
— Ҳа, нодон бола-я, яна чироқни ўчирмабди. Уйқусираб туртиб юборса борми!

Чол ориққина ўғлини авайлаб кўтарди. Ўғли қучоғида уйқусираб чўчиб тушди, алланарса деб ғудранди. Чол ўғлини жойига ётқизар экан, меҳри ийиб кетди.

«Ҳали қирдай йигит бўлади. Ўжарлиги ҳам, аччиғи ҳам—ўзим. Акаларидан кўрмаганимни шундан кўраман».

Чол ўғлини ҳеч қачон урмаган, ҳатто чертмаган ҳам. Фақат муштдай бошидан бу қадар кўп китоб ўқий бошлаганига ташвишланади, холос.

Пастдан, қишлоқнинг ичидан товуш сал баландлади-ю, ўчди, паст ғовур эшитилди — Орзиқул қайтиш қилдимикан — товуш Ўсарникига ўхшайди, бошқа оғир ётган одам йўқ...