OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАкбар Рустамов
Асар номиРамазон тунида (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Акбар Рустамов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Рамазон тунида (ҳикоя)
Акбар Рустамов

Зокир намозшом чоғи қўйларини қамаб уйга кираркан, ичкарида ўтирган ота-онасининг суҳбати кулоғига чалинди. Тушунди: гап ўзи ҳақида бормоқда.
— Йўқ, — дерди отаси. — Эртага қишлоқдагилар фалончи ўғлини боқолмай, кўчага гадойликка чиқарибди, дейишларини истамайман.
— Вой, гадойлик нимаси. Очлиқдан чиқаётгани йўқ-ку! Бу ҳам бир болалик гашти-да. Ўртоқлари билан қўшиқ айтиб келишади. Хўп денг, боламнинг шашти синмасин.

Зокир эрталаб мактабга борар чоғида онасидан «Рамазон»га чиқишга рухсат сўраганди. «Бўпти, — деган эди у, — агар яхши бола бўлсанг, дадангдан рухсат олиб бераман«. Шундан сўнг Зокир оёғини олти қилиб чопди. Мактабда шу кунги дарслардан "беш" олиб, кундалигини онасига кўрсатди, уйдаги юмушларининг ҳаммасини бажарди, ҳатто қўйларини ўтлоққа бир айлантириб келишга ҳам улгурди. Демак, бугун "яхши бола" бўлибди. Ҳадемай тенгқурлари билан »Рамазон»га чиқади. Чунки у отасининг феълини яхши билади. Онасига ҳеч қачон йўқ демаган. Тўғри, аввалига бир оз рўйхушлик бермайди-ю сўнг кўнади-қолади...
— Ана, тўрт киши бўлдик. Бошқани қўшмаймиз. Улуш кам тегади. Салим жўрабоши шу сўзларни айтаркан, Зокирга кўзи тушди-ю гапини давом эттирди:
— Ҳей, сен майда, овозингни баландлатиб айтгин. Бизники эшитилмасин. Кейин пулни ҳам сен менга келтириб берасан. Чунки бизни кўриб, ё таниб қолишса айб қилишади. Сенга фарқи йўқ. Ҳали кичиксан!

Биринчи борганлари Ином бобонинг ҳовлиси бўлди. Дарвоза олдида қаторлашиб ашулани бошлаб юборишди:

    Рабиман, ё рабиман, ё Рамазон
    Худойим ўғил берсин бешигингизга...
    Пайғамбарнинг ўн бир ўғли бор эди...
    Ўн биридан шоҳ Юсуф гул узор эди...

Зокир баланд овозда «Рамазон» айтаркан, шу топда ойисининг пайғамбар ҳақидаги ривояти ёдига тушиб, унинг фарзанд доғида кўр бўлиб қолгани, Юсуф пайғамбарнинг эса зиндондаги азоблари, қул қилиниб сотилиши-ю, сўнгра бахти чопиб шоҳ бўлганини кўз олдига келтирди.

«Ана кўрдшггми, болам, яхшилик доим ғалаба қозонади, - деган эди онаси ўшанда. - Аммо бировга ёмонлик қилган киши бир куни юзи шувут бўлади».

Ином бобонинг ўзи дарвозани очди. Лаълидаги нон, ширинликларни дастурхонта тўкаркан, «Рамазон ойи муборак бўлсин», дея юзига фотиҳа тортди.
— Бу уйнинг орқасида ой кўрдик, бу уйнинг эгасини бой кўрдик, — дея одатий тарзда «Рамазон»нинг давомини айтган Зокир чолнинг бир неча ой ичида тез қариганини сезди.

Ином бобонинг ўғли бундан бир йилча муқаддам Россияга ишлагани кетган, аммо орадан икки ой ўтар-ўтмас унинг жасади келган эди. Шу топда боланинг кўзига отахон Юсуфни кудуқма-қудуқ ахтариб юрган сўқир Ёқуб пайгамбар бўлиб кўринди.
— Ҳе, қурумсоқ чол, — деди жўрабоши дастурхондаги егуликларга ёмон қараб. — Шунча майда-чуйданинг ўрнига юз-икки юз сўм берса ўладими?
— Ундай дема, — эътироз билдирди Зокир. — «Рамазон»ни пул учун эмас, савоб учун айтадилар.
— Ҳе, сани савобингни.. — гапга қўшилди болалардан бири. — Ўзи ҳаммаси сен лапашангни деб бўлди. Қайтанга сени қўшмасак бўларкан. Ана Чори тракторчининг уйи. Сен ичкарироқ кир. Ўғил боламисан ўзи, мунча лаллаймасанг.

Зокир Чори тракторчи кечга яқин қўшнисининг томорқасини ҳайдаб бериб қайтиб кетаётганини кўрганди. Унинг қовоғини уйиб, доимо нимадандир жаҳли чиққандай юришидан чўчирди. Қолаверса, Зокир баҳорда уйидан нарирокда ўтиб бораётган тиркамага осилган, буни кўрган Чори амаки, тракторни тўхтатиб чаққон ҳаракат билан ерга сакраб тушганди. Ўшанда бола ура қочаётиб тракторчининг «калуснинг тагига тушсанг нима бўларди. Ажалингдан беш кун олдин ўлиб кетардинг. Яна шундай қилсанг, қўлимга тушсанг, ўзим биламан», дея қичқирганини эшитганди. Шу боис уйга киришга қўшли ҳам йўқ, олдига қувиб солса-чи, деган ҳадик ҳам бор эди. Аммо шериклари устидан кулишини ўйлаб, оҳиста қўшиқни бошлади:

    Рабиман, ё рабиман, ё Рамазон...

Тракторчи ичкари эшикни очиб, ташқарига чиқди-да, болага яхшилаб разм солгач, деди:
— Ҳа, Зоирнинг ўғли, кел. Яқинроқ кел. Зокир қўрқа-писа ичкарига кирди.
— Ҳозир «Рамазон» айтдинг-а. Яна бир марта айт. Бола ноилож қўшиқни яна айтишга тутинди:

    Рабиман, ё рабиман, ё Рамазон
    Рамазон айтиб келдик эшигингизга
    Худойим, ўғил берсин бешигингизга.

— Тўхта, - деди тракторчи. — Шу ерини қайта айт.

    — Рамазон айтиб келдик эшигингизга
    Худойим, ўғил берсин бешигингизга.

— Эшитяпсанми, боланинг нияти ижобат бўлади, — деди у орқасидан эргашиб чиққан хотинига. Кейин Зокирга юзланди.
— Ма, ўғлим, ма, худо мангаям сандай ўғил берсии.

Шундай деб Чори тракторчи Зокирга иккита мингталикни узатди. Бола бир зум тракторчининг саховатидан ҳайратланиб турди-ю раҳмат айтиб, ташқарига йўналди.
— Вой-бу, Зокир, тракторчининг чўнтагидан борини ўмардингми, нима, — қўлидаги мингталикларга қараб ҳали ҳам кўзига ишонмасди Салим. — Агар Чори шу ҳолида икки минг сўм берган бўлса Сами бой бизга хазина ёғдиради.

Болалар кўпроқ пул илинжида бойнинг нақшинкор дарвозаси олдида тизилиб «Рамазон» айтишди. Биринчи марта жавоб бўлмагач, яна такрорлашди. Аммо бу гал ҳам аҳвол ўзгармади. Фақат чироқ ўчди холос. Болалар сезишдики, бойнинг уйидагилар қитмирлик қилишяпти. Шунда бу ҳолатларда айтиладиган жумлани қайтаришди:

    Бу уйнинг орқасида латта-путта,
    Бу уйнинг эгасининг... катта.

Болалар орқасига ўгирилиб бир-икки қадам юрган ҳам эдиларки, дарвоза очвдиб, ичкаридан бир баҳайбат ит отилиб чиқди. Югуришга чоғланаётиб, ўзини ўнглолмай йиқилиб тушган Зокир ўртоқларининг уни хавфли вазиятда ташлаб кетаётганлигини кўриб алами келди ва «кошки, тишламасайди», деган илинжда дуо айтаётгандек пичирлади:

    Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар,
    Жарга ташлаб бўри еди дедилар...

Важоҳат билан югуриб келаётган ит гўёки боланинг кўнглидан кечаётганини уққандек унинг рўпарасига келганда тўхтади-да бир оз туриб орқасига қайтди.