OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлбер Камю
Асар номиИсён ва санъат (эссе)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Франсуз адабиёти
Бўлимлар
   - Абсурдизм
Муаллифлар
   - Албер Камю
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Эсселар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонНазар Эшонқул
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Исён ва санъат (эссе)
Албер Камю

Санъат бир пайтнинг ўзида ҳам эътироф, ҳам инкор этувчи ҳодисалар сирасига киради. «Биронта ҳам санъаткор воқеаликка охиригача дош беролмайди», дейди Нитсше. Бу ҳақиқат, бироқ биронта ҳам санъаткор воқеаликни четлаб ўтолмаслиги ҳам ҳақиқат. Ижод – ваҳдалул вужудга интилиш, шу билан бирга мавжуд оламдан қочиш, уни инкор қилиш ҳамдир. Бироқ у оламда ўзлигини тополмагани, бу олам ўзлигига мос келмагани учунгина инкор қилади. Бу инкор моҳиятан ибтидога, тарих занжирининг илк ҳалқаларига, олам эзгулик ва ёвузликка бўлинаётган паллаларга қаратилади. Исён – олам бўлинишидан бошланган. Шу сабабли санъат исённинг моҳиятини бизга тўла очиб бера олувчи восита бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ ажабланарлиси шундаки, инқилобчи ислоҳотчилар ҳақиқий санъатга ёт кўз билан қараб келишган. Афлотуннинг қарашлари бу масалада ҳаммадан ошиб тушади. Унинг учун «гўзаллик ҳамма нарсадан устун, тил бор-йўғи жило берувчи восита эди». Шу сабабли у ўз давлатидан шоирларни бадарға қилишда ташаббускор бўлганди. Замонавий инқилобий ҳаракатлар ҳам санъатни суд қилишга киришди. Жамиятга мададни табиатдан излаган Руссо санъатга хурофот деб қарарди. «Ақл тантанаси» учун ёзган дастурида ҳамма нарсани аввал момоқалдироқ гумбурлатиб, сўнг яшин билан куйдирмоқчидек таассурот қолдирадиган Сен – Жюст Ақл маъбудасини гўзаллик эмас, кўпроқ меҳр-шафқат соҳиби сифатида кўришни истади. Франтсуз инқилоби учар журналист Демулен[1] ва мухолиф ёзувчи Саддан бошқа бирон санъаткорнинг олқишига сазовор бўлолгани йўқ. Аксинча, ўша даврдаги энг улуғ ва ягона шоирнинг боши танидан жудо этилди[2] , ягона катта ёзувчи эса Лондонга қочиб кетишга мажбур бўлди[3] ва у ерда мутассиб тақводорга айланди. Сал кейинроқ «сенсимончилар» санъатнинг «жамият учун фойдали» бўлишини талаб қила бошладилар. «Тараққиёт учун санъат» – ХИХ аср ақл соҳибларининг бирдан-бир даъвоси эди, гарчи ҳақлигини исботлай олмаган бўлса-да, ҳатто Гюго ҳам шу даъво билан байроқ кўтарган эди. Фақат Валес[4] санъатни хумори қонгунча сўкишдан ва унга маълум вазифа юклашдан ўзини тийди.

Рус нигилистлари ҳам шунга яқин қарашда эдилар. Писарёв моддий фойда бермайдиган эстетикани тан олмади. «Рус Рафаели бўлгандан кўра рус этикдўзи бўлиш фойдалироқдир», дерди у. У ҳатто Шекспирга ҳам этик тиктирмоқчи бўлди. Кейинчалик машҳур ва катта шоир бўлиб етишган нигилист Некрасов «Пушкиндан кўра бир бурда пишлоқ менга афзал» деган эди. Санъатни «тарбия воситаси»га айлантирмоқчи бўлган Толстой қарашлари ҳаммага маълум. Улуғ Пётр саъи-ҳаракати билан Петербургдаги Ёзги боғга келтирилган ва Италия қуёшида пишган, мармари ҳозиргача ярақлаб турган Венера ва Апполондан эса Инқилобий Россия бутунлай юз ўгирди. Қашшоқлик баъзида беҳисоб бойликни кўрганда ана шундай бурнини жийиради.

Немис мафкураси айблови бундан ҳам шафқатсизроқдир. «Руҳ ноёблиги» шарҳловчилари бани башар ҳамжиҳат бўлган жамиятда санъатга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди, деб ҳисоблашади. Гўзаллик ҳам яшаб қолади, бироқ у бадиий тарзда эмас. Ақлга мувофиқ воқеаликнинг ўзи инсоннинг жами эҳтиёжини қондира олади. Воқеаликдан юқори турувчи шаклни танқид қилиш воқеаликка тўлиқ бўйсунувчи санъатни ҳам қамраб оляпти. Маркснинг фикрича, санъат ўз замонидан ташқарида яшай олмайди; у ўз даврининг ва ҳоким синфларнинг манфаатини акс эттиради. Фақат инқилобий санъат, ҳа, фақат ўша, инқилобга хизмат қила олиши мумкин. Воқеаликдан устун бўлган гўзаллик яратаётган санъат воқеликнинг ўзини мутлақ гўзалликка айлантирсагина ўзининг бош вазифасини бажарган бўлади. Инқилобий ҳаракатда ўз ўрнини англаган рус этикдўзи гўё гўзалликнинг ҳақиқий яратувчиси эмиш. Уни янги, инқилобий одам учун тушунарсиз бўлган, ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган бир лаҳзалик оний гўзаллик яратган қандайдир мужмал Рафаелга қиёслаб бўлмайди. Шундай бўлса-да, Маркс, «нега юнон бадиияти биз учун ҳануз гўзаллигича қолмоқда», деб савол қўяди ва шундай жавоб беради: у инсониятнинг беозор болалик даврининг инъикосидир ва биз, уларга нисбатан, катта бўлиб қолганлар, бу асарларни болаликни хотирлагандай завқланиб ўқиймиз[5]. Шунда ўз-ўзидан улуғ Италия уйғониш даври шоҳ асарлари, Рембранд суратлари, хитой санъати билан бизни нима боғлаб туради деган савол пайдо бўлади. Ҳеч нарса! Санъат устидан ҳукми ҳозиқлик давом этмоқда ва бунга санъаткорлар, ақл-идрок эгалари ҳам қўшилишмоқда: улар санъатга туҳмат қилар эканлар, энг аввало ўзлари ўтирган шохга болта уришмоқда, ўзларини ўзлари шармандали равишда масхара қилишмоқда. Аслида санъаткор Шекспир билан этикдўз Шекспир ўртасидаги баҳсдан шу нарса маълум бўлдики, этик тикаётган паллада эмас, Шекспирни ўқиётган паллада инсон гўзаллик билан юзма-юз келади. Давримиз санъаткорлари тавба-тазарру қилаётган ХИХ аср рус дворянига ўхшайди, зеро иккаласи ҳам виждони оғригани учунгина узрхоҳликка ўтган. Мутеликни бўйнига олганлар ва муросасозлар ҳам унинг истаги билан ҳисоблашмаган ҳолда инсониятни, шу жумладан, этикдўзни ҳам ўша бой маънавий неъматдан – абадулабад маҳрум қилмоқчи, гўзалликни топтамоқчи бўлаётганлар билан бир сафда эканлигини унутмасликлари керак.

Аммо, бу зоҳидона нодонликни оқловчи асос ҳам борки, бу биз учун ҳам қизиқдир. Бу инқилоб ва исённинг эстетик инъикоси масаласидир.

Ҳар қандай исёнда исён қилинган нарсанинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ва унинг ўрнини бошқаси билан алмаштиришдек истакларни жамлаштирган умумий талаблар акс этади. Шу маънода исён – янги дунё қуришга интилишдир. Бу санъатга ҳам тааллуқли. Исён ўз олдига, очиқроқ айтганда, эстетик талаблар қўяди. Барча исёнкор фикрлар, кўриб чиққанимиздек, ёки даъватларда, ёки янги дунёни рамзлаштирган образларда намоён бўлади. Лукретсийнинг шаҳар деворлари, Саднинг одам ўтолмас қўрғонлари, хаёл қояси ва ёлғизлик чўққиларидан иборат Нитсшенинг тафаккур ороли, Лотреамоннинг илк ҳаёт океани, Рембонинг оҳанг панжараси, сюрреалистларнинг борлиқни ларзага солган бўрондан сўнг қоладиган из каби фикр истеҳкомлари, мамлакатнинг қоқ ярмини эгаллаган қамоқхона тасвирлари, конслагерлар, озод қуллар империяси – булар ҳаммаси бир бутунликни, ягоналикни ва унга бўлган иштиёқу-майлларни ифодалайди. Мана шу тасвир этилган дунёни одам тезроқ англаши мумкин: англанган дунё – янгиланаётган дунёдир.

Бу ҳолатни биз деярли барча санъат турларида учратамиз. Санъаткор дунёни ўз тушунчасидан келиб чиқиб қуради. Табиат мусиқасидагина ҳудуд ва замон йўқ. Борлиқ эса ҳеч қачон жим турмайди: ҳатто сукунат пайти ҳам у биздан таралаётган оҳангларга акс-садо бериб, ўзининг азалий куйини чалаверади. Бироқ бизга тушунарли бўлган товушдан ҳамиша ҳам оҳанг чиқавермайди ва мусиқа бўлавермайди. Шу билан бирга мусиқа ўзаро уйғунлик тугаган, оҳанг товушга айланган, бизнинг ҳиссимиз ва кечинмаларимизга мос табиатдаги тартибсиз оҳанглар тартиблашувга киришган жойдан бошланади. «Мен шунга қатъий амин бўлиб боряпманки, - деб ёзган эди Ван Гог, - тубанликка ғарқ бўлган дунёга қараб Парвардигорга баҳо бериб бўлмайди. Дунё, шунчаки, охирига етказилмаган чизги, холос». Ҳар бир санъаткор ана шу чизгини муфассал суратга айлантириш, унга етишмаётган манзараларни киритишни хоҳлайди. Санъат ичида энг буюги ва заҳматкаши бўлган ҳайкалтарошлик уч ўлчовли дунёда инсон қиёфасини коинот ва ўз услуби мужассами сифатида яхлит тасвирлашни истайди. Ҳайкалтарошлик мавжуд воқеликни инкор қилмайди, балки унга ҳаммадан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезади, бироқ унга ҳеч қачон бор кучи билан ёпишиб олмайди ҳам. Уйғониш даврида унинг ютуқларидан бири ишора – кўз ифодаси ва тасвири бўлдики, бу билан у бани одамдаги ишора ва ифоданинг рамзига айлана олади. Унинг моҳияти мавжуд қиёфадан кўчириб олишда эмас, балки уйғунлаштиришда, яъни бир сониялик юз ифодаси, тана ва қомат ишорасини мангу гўзалликка, мангу ишорага айлантира олишда кўринади. Фақат шу йўл билан – намунавий ёки одатий образлар ёрдамида ҳорғинлик силласини қуритган одамларнинг эътиборини мангу гўзалликка тортиб, сершовқин шаҳарлар ҳашамига яна ҳам ҳашам қўшади. Балки муҳаббати топталган ошиқ юнон маъшуқасига бугун ҳам нафрат ва ғазаб билан қарар, бироқ бу қарашдан ҳеч қандай эстетик завқ уйғонмайди.

Тасвирий санъат ҳам ана шундай уйғунлик маҳсулидир. Делакруа ўз санъати ҳақида мушоҳада қилиб, шундай ёзган эди: «Даҳолик бу – уйғунлаштириш ва ифодалай олиш истеъдодир». Мавзуни танлаш биланоқ санъаткор асарга биринчи ғиштни қўяди. Манзара тутқич бермайди ёки хотиранинг қайсидир бурчагига бекиниб олади. Шунинг учун ҳам манзарачи рассом ёки натюртморчи мўйқалам соҳиби макон ва замондан энг аввало тутқич бермайдиган ёки бетартиб ранглар орасида ғойиб бўладиган, бир лаҳза кўриниб сўнг мангулик ортига яширинадиган манзараларни тезроқ қоғозга тушириб қолишга шошилади. Манзарачининг биринчи вазифаси яхлит суратнинг қисм-қисмларини тайёрлашдан иборат бўлади: қисмларни тайёрлаётган лаҳзадаёқ у танлай бошлайди. Кўпинча сюжетли сурат макон ва замондаги бошқа бир ҳаракатнинг инъикоси сифатида юзага чиқади. Сўнг санъаткор тасвирни яхлитлаштиришга ўтади. Перо делла Франческо каби улуғ мўйқалам соҳибларининг асарлари ёз фаслининг бир сониясини ушлаб олиб, мангу тўхтатиб қўйгандек таассурот қолдиради. Унинг қаҳрамонлари гўё макон ва замонни сезмаётгандай, ундан буткул халос бўлгандай, макон ва замон хавфини назарига илмай яшашда давом этади; уни на макон, на замон ўчиришга қурби етади – санъатнинг энг мўъжизали хусусияти ҳам шунда. Ўз ўлимидан сўнг юз йиллар ўтгач ҳам «файласуф» Рембранд йиллар шарпаси орқасига яширинган ҳолда ўша ўзи кўтарган муаммо устида сиз билан баҳслашиб ўтираверади. «Бизни нарсалар манзараси билан ўзига ром қилмоқчи бўлган, бироқ ҳеч қачон бизни мафтун қилолмайдиган бу тасвирий санъат дегани аслида бир пулга қиммат». Бу Паскалнинг машҳур ибораси. Делакруа ҳеч бир асоссиз равишда «бир пулга қиммат» сифатлашини «ғалатироқ» деб ўзгартирган. Бир қарашда ҳақиқатан ҳам ўша нарсалар бизни мафтун қила олмайди, чунки биз уларни кўрмаймиз. У биздан узилган ҳолда абадий ҳаракатда яшайди. Исо Масиҳни қамчилаётган жаллоднинг қўлини ким кўрган? Салб юришига кетаётганлар изидан зайтунзорга сингаётган ғуборларни ким кўрган? Бироқ буларнинг ҳаммаси гўзал ва шафқатсиз манзаралари билан бизни ўша азоб-уқубатга юзма-юз қилиш учун музейнинг совуқ деворларига зарб этилган: умри ғаму-ҳасратда ўтган Исонинг бир неча сониялик уқубати ана шу суратларга жо қилинган. Рассомнинг мўйқалами табиат сирларига, тарих қатламларига бемалол ёриб кира олади ва шуниси билан у бани олам ҳаракатининг ажралмас қисмидир. Санъат Гегел орзу қилган хусусийдан умумийга қараб интилувчи доимий ҳаракатдаги ва курашдаги ҳодисалар сирасига киради. Балки бани башар бирдамлигига интилаётган бугунги замон шу сабабли ҳам ана шу яхлитликка интилишнинг энг мукаммал намунаси бўлмиш санъатга кўпроқ эҳтиёж сезаётгандир? Бадиий тафаккур даврнинг ибтидо ва интиҳосига ҳамиша мос келади: бугунги тасвирий санъатнинг турмушга ва яхлитликка бўлган бетиним интилишини фақат бадиий тафаккур орқалигина тушунтириш мумкин. Ван Гогнинг юракни ларзага солувчи зорланишида барча санъаткорларнинг кибр ва умидсизликлари акс этган: «Мен ҳаётда ҳам, тасвирий санъатда ҳам худони четлаб ўтишим мумкин. Бироқ менинг ички «мен» им ўзидан устунроқ «мен»ни четлаб ўтолмайди, усиз менинг ижодим ҳам, ҳаётим ҳам маънисиз бўлиб қолади».

Мустабид инқилоб томонидан ишончсизлик билан кутиб олинадиган санъаткорнинг воқеликка қарши исёни аслида эзилувчилар кўтарган онгсиз исённинг самовий юксак кўринишидир. Барча нарсага шубҳа ва инкор кўзи билан қаровчи инқилобий ҳаракат санъатда инкордан ташқари эътироф ҳам мавжуд эканлигини ич-ичида ҳис қилади: санъатдаги ҳаракат – яратувчанлик билан, гўзаллик – адолат билан тенгдир: баъзи ҳолатларда гўзаллик ўз-ўзидан адолатсизликни фош қилувчи шафқатсиз воситага айланиши мумкин. Шунинг учун биронта ҳам санъат тури фақат инкор эвазига яшаши мумкин эмас. Ҳар қандай фикр, кези келса, ҳеч нарсани англатмагани каби инқилобчилар маънисиз деб атаётган санъатда ҳам маъно ва яна нимадир мавжуд бўлади. Инсон умумий адолат талаб қилиб, умумий адолатсизликка қарши оёққа туриши, адолатли жамият ижодкори бўлиб чиқиши мумкин, бироқ унинг дунёдаги барча нарсага ҳаммаси бир пулга қиммат деб қарашга ҳаққи йўқ. Гўзалликни ижод қилиши учун у воқеликни инкор қилиши ва айни пайтда унинг завқли томонларини кўра олиши шарт бўлади. Санъат воқелик билан баҳслашади, бироқ ундан буткул четлашмайди. Нитсше ҳар қандай аҳлоқий, илоҳий тушунча ва одатларни инкор қилиши, уларни бу ҳаётга, бу дунёга ғирт туҳмат деб аташи мумкин. Бироқ ўзининг гўзаллиги билан бизни туғилиш ва ўлим орасидаги дунёни севишга ва бу гўзалликни бошқалар билан баҳам кўришга ундайдиган бошқа бир олий тушунчалар ҳам мавжудлигини у эсдан чиқармаслиги керак. Алалхусус, санъат бизни исённинг ҳақиқий моҳиятига – унга юксак қадрият ва янгиловчи куч, абадий кураш ҳамда ички тикланишнинг воситаси сифатида қарашга ўргатади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ҳозир санъатнинг қайта қад ростлаш жараёнини бор қиёфаси билан акс эттира оладиган шакли – роман санъати ҳақида гаплашамиз.


  1. Камилл Демулен (1760-1794) франтсуз публитсисти, сиёсий арбоби, франтсуз инқилоби қатнашчиси.
  2. Андре де Шене (1762-1794) якобинчи террорчилар томонидан қатл этилган.
  3. Франсуа Рене де Шатобриан (1768-1848) 1793 йил Англияга қочиб кетган.
  4. Жюл Валес (1832-1885) франтсуз ёзувчиси, журналисти, Париж коммунаси арбоби.
  5. Карл Маркс «1857-1859 йиллардаги иқтисодий қўлёзмалар» асари.