OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлександр Пушкин
Асар номиТанланган асарлар (шеърлар ва достон)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Романтизм
Муаллифлар
   - Александр Пушкин
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётҒафур Ғулом номидаги Адабиёт на санъат нашриёти, Тошкент, 1999
Ҳажм258KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/05/02
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Танланган асарлар (шеърлар ва достон)
Александр Пушкин

Эркинлик (Ода)

Қоч, йўқол, кўринма — чекил кўзлардан.
Цитеранинг ожиз. эй маликаси!
Магрур эрк куйчиси, қани, қайдасан.
Қайдасан шоҳларнинг зўр таҳликаси!
Кел, гултожим узиб ташла бир ёнга!
Инжиқ рубобимни парчала-синдир...
Эркни улуглайин бутун жаҳонга.
Тахту тож қусурин топтайин бир-бир.
Шоири кулфат. офат аро сен ўзинг
Дадил қасидалар илҳомин берган —
Ўша олижаноб, улуг инсоннинг
Атоқли изларин очгил менга сан!
Ҳавойи қисматнинг арзандалари.
Жаҳон золимлари! Титранг бу замон!
Сиз-чи, эй уларнинг хор бандалари.
Мардона-мардона бошланг қўзғолон!
Қай томонга назар ташламай, эвоҳ.
Темир кишанлару зулм қамчилари:
Қонунлар хатарли, қонунлар расво,
Эрксизликнинг ночор ёш томчилари;
Ҳар ёнда хақсизлик, зўрлик ҳукмрон.
Уюшган хурофот — қуюқ мавҳумот,
Қулликнинг даҳоси қўрқинч ўлтирган,
Шонларни бўғади шум ҳирси, ҳайҳот!
Эзгу озодлик-ла қонун дўстлашса,
Айрилмас бир тусда жипслашса магар;
Содиқ қўллар қонун тиғин ушласа.
Ҳаммани қуриса хайрлик сипар;
Бош устида адл қиличи ниҳоят —
Танламасдан келиб тушса аёвсиз —
Юқоридан барбод этилса бутун жиноят,
Қиличнинг дамидан ўтса тўхтовсиз,
На очкўз, нокаслик ва на қўрқув-ла
Сотилиб кетмаса қонун беомон —
Подшоҳ бошига хавф солмас шунда
Халқларнинг уволи фақат шу замоп.
Ҳукмдорлар! Сизга тож-гахт берган
Қонундир! Наинки берсин табиат.
Сиз халқдан юқори турасиз, аммо,
Мангу қонун сиздан юксакдир, албат!
Халқ ўзи ёки шоҳ қонун қўлида
Билганин қилолса, бу халқнинг шўри,
Бехабар мудраган қабилаларга
Алам! Ушаларга тушади зўри.
Сени гувоҳликка чақирдим букун
Нуқсонлар ўтида куйган подшоҳ ,
Яқиндаги бўронда боболар учун
Шоҳона калласин қўйган подшоҳ.
Людовик ўлимга чиқиб боради,
Буни кузатади жим зурриёти,
Тожидан ажралган шоҳона бошин
Қонли, шум кундага муте уради.
Қонун жим туради — халқ туради жим,
Жиноят болтаси тушади оғир...
Ҳам ёвуз, қирмизи, ясоғлик кийим
Кишанбанд галларда ётади ахир.
Эй ёвуз ҳукмрон, бадкирдор, золим!
Нафратларим сенга, тожу тахтингга.
Сенга ва наслингга келаркан ўлим.
Қаттиқ севинч бўлиб кўринар менга
Сенинг пешанангда, эй зулм шоҳи!
Халқлар ўқир аниқ — лаънат тамғаси,
Сен жаҳон даҳшати, сен олам доғи,
Сен ерда тангрига халқлар таънаси!
Қоронғи ва ғамгин Невага боқиб,
Ярим тун юлдузи жилва қилганда,
Қайғусиз, ташвишсиз калласи оғиб,
Сокин уйқу малол келганда,
Ўйга толган шоир югуртади кўз:
Туман орасида мудҳиш уйқуда —
Хилватда золимнинг ҳайкали ёлғиз .
Унутилган сарой — турар қаршида.
Ҳам эшитар қўрқинч Клио товушин —
Шу қўрқинчли девор, сарой ортида.
Ҳам Калигуланинг сўна олишин
Яққол кўради у кўзи олдида...
У кўради уқалар ҳам юлдузларда,
Шароб, аччиқ ғазаб — кин ила сархуш
Яширин қотиллар борар, юзларда —
Густоҳлик — юракда ваҳима-қўрқиш.
Турар сотқин посбон сассиз-садосиз,
Аста туширилган осма кўприк ҳам,
Дарвозалар очиқ кимсасиз тунда,
Ёлланган хиёнат қулида шу дам.
О, номус! О, бизнинг кунлар даҳшати!
Янчарлар босиб кирди йиртқичга ўхшаб,
Шарафсиз зарбалар бир-бир тушади...
Ҳам тождор ёвуз маҳв бўлади қақшаб.
Сизга ибрат бўлсин, эй шоҳлар, букун:
На инъом, мукофот, на оғир жазо —
На хилват зиндонлар, на-да саждагоҳ
Бўлар сизга содиқ қалқон, ё паноҳ.
Шоҳлар, бошлаб ўзингиз бош эгингиз
Мустаҳкам қонуннинг остонасига,
Халқнинг эрки, тинчи шудир, билингиз.
Шудир тахтнинг қўриқчиси мангуга!
1817
Миртемир таржимаси
* * *
Сибирь конларининг тагида
Мағрур сақпанг сабот ва чидам.
Ғамгин заҳмат кетмас беҳуда —
Юксак хаёл, амалингиз ҳам.
Бахтсизликнинг содиқ синглиси —
Умид қора чуқурда, инон,
Кўзғар ғайрат, қувноқлик ҳиссин,
Келур орзу этилган замон.
Мушкул жазо инларингизга —
Эркин товшим етган сингари,
Пўлат қопқалардан ўтиб ичкари —
Севги, дўстлик етади сизга!
Парчаланур оғир кишанлар,
Зиндон қулар ва эрк шодумон
Пешвоз чиқар эшикда у он,
Қилич берур сизга ёронлар.
Миртемир таржимаси


Царское Село Хотиралари

Ғуссали тун пардасин осмиш
Мудроқ осмон равоқларида.
Водийларни сукунат бағрига босмиш.
Ўрмон оппоқтуман қучоқларида.
Сал шилдирар эманзор соясига шошган сой.
Сал пичирлар уйқучан шаббода барг-ўтларда,
Юзиб юрар каттакон оққуш янглиғ ой —
Кумуш ранг булутларда.
Юзиб юрар — ҳам сочар хира, оқиш нур.
Буюмларни ёритар нур доираси.
Юз яшар арғувонзор — хиёбонлар кўринур,
Йироқларда сабзазор ҳам тепалар сираси;
Бунда кўрдим сарвга чирмашибдир мажнунтол,
Соялари жимиллар сувнинг биллур мавжида;
Далалар маликаси нилуфар мағрур, хушҳол,
Дабдабаси, зийнати, гўзаллиги авжида.
Ғадир-будур тоғлардан тушар бебош шаршара,
Марварид дарё бўлиб оқар, қайнашар.
У ёнда, сокин кўлда пари қизлар шўх сара,
Эринчак тўлқинларни сачратишар, ўйнашар.
Бу ёнда, жимжитликда муҳташам саройлари.
Булутларга чўзмиш бўй, суянчиғи кўк тоқи,
Даврон сурмаганмиди бунда ер худолари?
Россия Минервасин шумасми саждагоҳи .
Шу эмасми шимол жаннати.
Шоҳ қишлоғи, соз боғи эрам;
Ҳалок этиб арслонни рус бургутин қудрати.
Тинчиб ором олмасмиди шу жойда хуррам?
Эвоҳ! У олтин пайтлар ўтдилар жадал.
У палла буюк хотин эди ҳукмрон.
Россиянинг шавкати бошкарарди у маҳал.
Бахтиёр дориламон.
Бу ерларда ҳар қадам дилни уйғотар.
Ўтмишларни эслатар дарҳол;
Атрофга назар солиб рус бир оҳ тортар:
«Ғойиб бўлди бари, йўқ буюк аёл!»
Ҳам хаёлга ғарқ бўлиб, ям-яшил қирғоқларда,
Қулоқ солиб елларга ўтиради лол.
Кечмиш йиллар жимирлар кўз қароқларда. —
Ва жимгина дил бўлар хушҳол.
У кўради, ҳайбатли қоя кўксида
Тўлқинлар ўртасида юксак ҳайкал бор .
Қанотларин кенг ёйиб унинг устида
Бир ёш бургут турар барқарор;
Оғир занжир ҳалқаси, ҳам ўқ, ҳам камон —
Баланд ҳайкал атрофин қуршамиш уч қат.
Оқтўлқинлар шовуллаб этакларида бийрон.
Ярқироқ кўпикларда қилади роҳат.
Қалин қарағайларнинг қуюқ сояларида
Кўтарилган оддий ёдгор .
Кагул қирғоғи, сенга ҳарорат бор барида.
Азиз ватанга эса шавкат пойидор!
Умрбод барҳаётсиз, эй рус паҳлавонлари,
Сиз жанг даҳшатларида топдингиз камол роса,
Сизнинг ҳақда, малика сафдоши-ёронлари
Наслдан наслга кетар овоза.
О! ҳарбий талашларнинг гурлаган асри
Россия шавкатининг гувоҳи бўлган замон!
Славянларнинг уша мардона насли —
Улуғ саркардаларни кўргансан аён,
Зевс яшинларидай, қўлга олдилар зафар,
Шиддатларидан титраб жаҳон қолди танг,
Тўқидилар Державин ва Петров мадҳиялар -
Баҳодирлар шаънига куйлари жаранг!
Сен ҳам ўтиб кетдинг, унутилмас чог!
Ҳам дарров ўзга замон бўлди намудор;
Ҳам янги можаро, жанг даҳшатлари тумтароқ;
Одамзод қисмати — азоб, оҳу зор.
Маккор ва беор шоҳнинг тийиқсиз панжасида
Ярқиради қонли бир қилич.
Турди жаҳон офати, шиддат алангасила —
Жадал отди жанг тонги мудҳиш ва қизгич.
Ҳовлиқма тошқинлардай Россия далаларида —
Оқди, оқди душманлар;
Йўлларида ғамнок чўл чуқур уйқу бағрида,
Ерда бурқийди қонлар;
Тинч қишлоқлар, шаҳарлар ёлқинланар тун бўйи
Кўк гумбази ва уфқ кийди қизил ранг.
Мудроқ ўрмонлар қўйни — қочқинлар уйи,
Омочларни қирларда босиб ётди занг.
Келмакдалар — уларнинг зўрига йўқ бирон ғов,
Хароб этар, ағдарар, кўтарар тўзон.
Беллона фарзандлари руҳлари тузиб ясов,
Самовий лашкарсимон —
Қоронғи қабрларга инар бетўхтов,
Ё тун бўйи кезишар ўрмонларда саргардон...
Аммо, янгради овоз! Йироқда алғов-далғов,
Совут, қилич шақирлаб келар оломон!
Эсингни йиғ, қалтира, ёт қабила лашкари,
Россия ўгиллари — бу қўзғалганлар;
Орсизларнинг устига учар бирдай ёш- қари.
Ўч қаҳрида диллари олов,чанганлар.
Қалтира. эй шаддод шоҳ! Ҳалокат яқин!
Ҳар аскар бир баҳодир, мардона келар.
Ё ғалаба қозонар дин ва шоҳ ҳаққи.
Ё жангда ўлар.
Арғумоқлар пишқирар, ўтар ўйноқлаб,
Водийлар тўлиқ лашкар;
Саф ортидан саф оқар ўч ва шон чоглаб,
Севинчлари ошкор.
Мудҳиш базмга шошар, қиличлар ўлжа қунлар
Ҳам жанг оловламади, гумбурлайди қир-довон.
Тўзонли ҳаволарда шамширлар, ўқлар гувлар.
Қалқонларга сачрар қон.
Ҳалок бўлди душманлар жангда! Рус ғолиб!
Такаббур французлар орқага қочар,
Аммо, зўравонларга парвардигор ёр бўлиб
Сўнг қатла шуъла сочар;
Ёвни бунда янчмаган кекса саркарда ,
Бородино даласи, о, қонли жанггоҳ!
Қутуришлар, кибрлар битмади бу сафарда!
Кремль тепасида француз, эвоҳ!
Москва ерлари, эй она юртим,
Гуллаган у йилларнинг эрталарида —
Бепарво олтин кунлар кечирган эдим,
Балолардан, ғамдан нарида...
Ватан душманларини кўрдингиз сиз ҳам,
Сизни ҳам қизартти, қон қақшатди олов бисёр.
Қурбон қила олмадим жонимни мен ўша дам,
Фақат дил ғазаб билан ўртанди бекор.
Қани сен, эй юз қуббалик Москва чиройи?
Азиз мамлакатимнинг кўрки, қайдасан?
Қани жилодор шаҳар, ҳашамат жойи?
Ҳозир фақат вайронадасан.
Москва! Бу манзаранг русга ғамгин шу қадар!
Йўқолмиш аъёнлару шоҳлар кошоналари.
Миноралар тожларин қорайтирмиш ёнғинлар.
Йиқилмиш боёнларнинг фароғатхоналари.
Зийнат, кўркамлик макон қурган жойларда,
Сояли дарахтзорда, яшил боғларда.
Арчазор хушҳид сочиб турган жойларда —
Кул, тўзон — бу чоқларда.
Сўлим ёз тунларининг сокин, соз дамларида
Учиб келмас бу ерга хушчақчақ шовқин.
Чароғонлик, жило йўқ қирғоқ чаманларида.
Ҳаммаси жимжит, сўлғун.
Ҳай рус шаҳри! Шаҳарлар онаси, юпан.
Келгинди ўлимига кўз ташлагил бир йўла.
Ёвнинг ўжар бўйнига тушди бу замон
Парвардигор ғазаби, ўч қўли биратўла.
Кўз ташла, қочмоқдалар орқага боқмай бир зум,
Қонлари оқ қорларда оқмоқда дарёсимон.
Қирмоқда қора тунда уларни очлик, ўлим.
Орқадан рус қиличи қувар беомон.
Эй, уларни қалтиратган зўр — бардам
Европанинг қабилалари,
О, йиртқич французлар! Гўрга тушдингиз сиз ҳам.
Эй, даҳшат! Эй, шиддат йиллари!
Ҳақиқат овозига, ҳам динга, қонунга ёв —
Бахт ва жанг арзандаси, қайлардасан бу замон?
Салтанатларни бузиш хаёлида солдинг дов!
Ғойиб бўлдинг субҳидам қўрқинч тушсимон.
Парижга кирди руслар! Ўч машъали каёқда?
Эй, француз, бошингни қуйи сол бу дам
Аммо нима кўрдим мен? Илжайиб айни чоқда
Зар-зайтун шохин тутиб қаҳрамон ташлар қадам.
Ҳали овлоқ жойларда жанг чақмоғи чақарди.
Гўёки чўл тунидай Москва ғамгин;
У ёвга ўлим эмас. нажот — сулҳ олиб борди,
Ҳам жаҳонда тотувлик сочди, сақламади кин.
Баҳодирлар шаънига қасидалар куйлаган
О, Россия куйчиси, илҳоми балапдпарвоз.
Ёронлар даврасида алангали шавқ билан -
Жаранглатгил олтин соз.
Титроқ торлар дилларга пуркади олов.
Янграр ботир шаънига хуш, ширин овоз,
Ҳам жанговар қўшиқни тинглаб қўзгалар дарров,
Жўшар навқирон шоввоз.
1814
Миртемир таржимаси


Ўртоқларимга

Учиб ўтиб кетди тутқунлик вақти:
Энди кўп қолмади, эй тенгқурларим,
Биз ташлаб кетамиз бу тор хилватни,
Царское Село дала-қирларин.
Бизни чорлар олис шовқин-сурон,
Жудолик кутади эшик ёнида,
Ҳар ким кўз тикади йўлга, навқирон
Ва мағрур хаёллар ҳаяжонида.
Биров бўрк остига ақлин беркитиб,
Ҳарбий либос кийиб шу махалданоқ,
Гусар қиличини ёнда силкитиб,
Чилла совуғида қотса ҳам, бироқ,
Сафда сиполикни бой бермай сира,
Сўнг соқчихонага иссиққа кирар:
Биров — мансаб учун тугилган азал,
Ишда виждон эмас, шуҳрат дардида,
Ўзин итоаткор мугтаҳам сезар
Машҳур мутаҳамнинг эшик олдида;
Фақат мен, тақдирга буткул бериб тан,
Бахтли танбалликнинг содиқ фарзанди,
Кўнглим ҳар нарсага бефарқ ва беғам,
Танҳо мудрамоққа секин ястандим...
Бефарқман мирзолик ва уланликка,
Барибир қонунлар, гусар бўрклари.
Ўзимни урмайман капитанликка,
Ёки асессорлик мансаби сари;
Дўстлар! Лекин ҳиммат қилингиз пича
То катта гуноҳлар қилиб бир куни
Жанговар қалпоққа алмашгунимча,
То кутмай даҳшатли офат хавфини.
Июль кунларида танбал бемалол
Ечиб юроларкан жилет тугмасин —
Қизил қалпоғимга ҳеч ким тегмасин.
1817
Асқад Мухтор таржимаси


Чаадаевга

Бу диёрда илк йиллар изтиробин унутдим,
Овидий мозорини холи ҳамсоя тутдим,
Бунда мен учун шуҳрат — арзимас бир машаққат,
Ҳорғин руҳим сени дер, сен камсан унга фақат.
Мен-ку: сиқиқ — танг ҳаёт, кишанга сақлайман кек.
Базмлардан воз кечмоқ бўлмади унча қийин.
Унда юрак ухларкан, жилваланур пуч ҳикмат,
Совуқ одоб қуйнида музлар ёниқ ҳақиқат,
Ёш дўстлар даврасидан айрилиб шу кунларда —
Сира афсусланмадим мен олис қувғинларда;
Тин олиб, ўзга озғур ўйдан қоча бошладим,
Ёвларимни гумдонлик лаънатига ташладим.
Уздим бандилик тўрин — азоб, маломатини.
Юрагим олур бунда янги ором тотини.
Тинч меҳнат ва тафаккур чанқовин, бу фурсатда
Англаб олди хўб ўжар фаросатим ғурбатда.
Ўз кунимга ҳокимман; ақлим тартибга иноқ.
Узун ўйлар ипини тугаман қўймай йироқ;
Ўтган исёнкор ёшлик йилларимни излайман,
Эрк қўйнида уларни тасдиқламоқ истайман.
Ҳам бўлай маърифатда асрим билан баравар.
Жаҳон маъбудалари, келди тагин музалар —
Ва қилдилар табассум мустақил, ҳур райига
Тўқнашди дудоқларим ташландиқу насимга:
Кўнгилга севинч солди ўша қадимий овоз:
Куйлайман — орзуларим, табиат ва шавқни боз.
Содиқ, вафодор дўстлик мадҳин роса куйлайман,
Ёш чоқда мафтун этган ҳарна бўлса куйлайман.
У кунларда-ку, ҳали ҳеч кимга маълум бўлмай,
Ғам билмай, ташвиш билмай, тартибга амал қилмай
Куй таратдим, томоша — эрмак маконларида.
Шох қишлогин оғуши — салқин майдонларида.
Аммо, менга дўстлик йўқ, қайғуларла юраман.
Мен бунда бегона юрт уфқларини кураман:
На музалар, на ашъор, на эрк — севинч саросар:
Биргина сен дўстимга ҳечам келмас баробар.
Рухий кучларимнинг сен ҳокими эдинг, ахир,
Эй ягона дўст, сенга маьлум эди бутун сир,
Бағишлагандим бебахт қисқа умримни сенга.
Ва балки, ўзинг халос этган туйғумни сенга .
Юрагимни билардинг гул ёшлик кунларимла.
Сен кўрдингки: кейинроқ орзу тўлқинларимда.
Махфий сиқди дилимни унинг азоб, қийноғи;
Сирли тагсиз жарларла айни ҳалокат чоғи —
Мени сергак қўлинг-ла тутиб қололдинг, жўрам,
Ссн бўлдинг менга умид, сен эдинг менга ором:
Пайқарди жиддий кўзинг теран дилимни аён.
Маслаҳат ё гинанг-ла берар эдинг унга жон.
Ишқим яллиғи баланд ёнар ҳароратингдан,
Менда букилмас чидам пайдо булди мехрингдан;
Бўҳтон шовқинларила ранжишни ҳам қўйганман,
Нафратда жирканишга уддабурон бўлганман.
Менга на дер у лақма, ўзи малай зодагон,
Бурун кўкси юлдузли, жоҳил ва қашқа полвон,
Философ-ку, кўп озгур, чиққан фаҳшнинғ учига,
Овозаси таралган оламнинг тўрт бурчига,
Аммо, маърифат олиб, бадномни ювган бир оз,
Шаробдан қайтди, лекин бўлди лақма қиморбоз.
Нотиқ Лужников эса енг ичида иш бошлар.
Андак ғашимга теккан зарарсиз вовиллашар.
Шикоят қилармидим, шўхларнинг қилмишидан,
Хонимлар ғужурлаши, фитначилар ишидан;
Шум ният, ғийбатларни татишга фурсатим бор.
Мен сенинг дўстлигингдан қилганимла ифтихор?
Худога шукур: ўтдим қора йўллардан омон.
Бугунги ғуссалардан кўп сиқилар эди жон;
Қайғуларга кўникдим, толедан олдим ҳисоб;
Яшарканман, чидайман — жонимла тоқату тоб...
Биргина орзум шуки, сен қол, мен билан қолгин!
Худойимдан ҳамиша шунигина тилар дил.
О, тезданми, дўсгинам, битар ҳижрон муддати,
Қачон қўшилар қўллар, икки дил муҳаббати?
Қачон мен эшитарман самимий саломингни?
Қучоқлардим! Кўрардим хонала мақомингни.
Унда сен доим зийрак, ўйчан философ гоҳо.
Ҳавойи оломонга кўз ташлайсан бепарво;
Тез ёнингга бораман, азиз дўсти меҳрибон,
Қадимий суҳбатларни ёдлашурмиз иковлон:
Илк оқшомлар, талашлар — пайгамбарлар сингари.
Биз билган мурдаларнинг тирик ҳангомалари,
Санармиз, тергашармиз, суҳбату мунозара.
Эрксевар умидларни қўзгасак тағин зора,
Мен бахтиёр бўлурман; тангри ҳаққи, сен аммо
Остонамиздан қувла, Шепингни кўрмай асло!
1921
Миртемир таржимаси


Пушчин Альбомига

Бу махфий вараққа кўз ташлаб бир чоқ
Менинг ёзганимни эсга олгайсан.
Ширин хаёлларга бирпас толгайсан,
Хаёлда лицейга учгайсан, ўртоқ!
Эсланар тез ўтган биринчи кунлар,
Ҳам бирга ўтказган тотув олти йил,
Қайғулар, шодликлар, қувноқ гурунглар
Ажралмас ўртоқлик қарор топган дил...
Ўтиб кетди бари қайтмагай ортиқ...
Эсга тушганида юм-юм оқар ёш:
Эсга тушар илк бор бўлганинг ошиқ.
У хам ўтди... Лекин кетса ҳамки бош,
Ёшлик дўстларини унутиш оғир;
Шўх хаёл эмас-ку, узилмас асло.
Қў-рқинч замоналар келсин, барибир.
Мангуликдир, бузилмас асло!
1817
Миртемир таржимаси


* * *
Жонажон юртининг мовий осмони
Остида зориқди, сўлди сарвиноз...
Хазондек қовжираб ёшгина жони,
Сояси устимда этади парвоз;
Аммо орамизда мислсиз ғов бор,
Мен туйғу уйғотдим қалбда беҳуда:
Лоқайдлаб ўлимдан қилди хабардор,
Мен ҳам уни лоқайд тингладим жуда.
Уни бениҳоя севардим ахир;
Оташин юрак ва ҳис билан бутун,
Куйида зориқиб бўлиб мунтазир,
Азоб-уқубатдан гўё бир мажнун!
Қани ғам, қани ишқ? Кўнглимдан, ҳайҳот,
Ўтган тотли кунни этиш учун ёд,
У шўрлик, соддадил бир соя учун
Сира тополмасман на кўз ёш, на ун.
1826
Рамз Бобожон таржимаси


Шоир

Қутлуғ қурбон бўл деб, шоирдан ҳали
Талаб этмас экан Аполлон,
У, ювошлик билан, ғавғоли
Дунё ташвишидан чиқолмас ҳамон;
Муқаддас лираси сукунатда, лол;
Руҳин муздай чулғайди уйқу,
Дунёда бенафлар ичра, эҳтимол,
Ҳаммасидан бенафроғи шу.
Лекин агар илоҳий бир сўз
Сезгир қулоғига урилса қитдай,
Худди уйқусидан турган бургутдай,
Шоир қалби титрар сабрсиз.
Ўйин-кулги тегар ғашига,
Одамлар мишмишин ётсирар, севмас.
Халқнинг хукмдори қошида
Шоир магрур бошини эгмас;
Нотинч қалбда оханглар тошар;
Ёввойи, шиддатли кўз қарашлари,
Сахро тўлқинлари бағрига шошар.
Шовуллаган ўрмонлар сари...
1827
Асқад Мухтор таржимаси


Тумор

Яланг қояларга сира тўхтамай
Денгиз ҳамишалик чайқалиб урган,
Илиққина порлаб кўкда тўлин ой
Туннинг ширин пайти жилмайиб турган,
Ҳарамда мусулмон, кайфини суриб,
Яшаган диёрда — кўзлари хумор
Жоду қиз эркалаб, нозланиб туриб
Қўлимга тутқизган эди бир тумор.
Эркаланиб туриб менга дедики:
«Менинг туморимни йўқотмай сақла.
Унда сирли куч бор, муҳаббатимки
Бағишлади сенга, сен уни оқла! ,
Бўронда, довулда, мудҳиш тўфонда —
Касалдан, ўлимдан, тўфондан, эй ёр,
Бошингни сакламас ҳеч бир маконда
Сенга мен бахш этган сеҳрли тумор.
Шарқнинг сон-саноқсиз давлатларини
Багишламас сенга бу тумор ҳеч ҳам,
Ҳамма пайғамбарнинг умматларини
Бош эгдириб сенга қилмайди қарам;
Ҳамда сени гамгин бу узоқ юртдан
Дўстлар оғушига, ватанга, дилдор.—
Шимол сари, она юртга жанубдан
Учириб еткизмас мен берган тумор...
Ва лекин макрли, ҳийлакор нигоҳ
Мафтун этиб қўйса сани дафъаган,
Ё зулмат кечада дудоқ хар ногоҳ
Севмасдан бўсалар олса лабингдан,
Азиз дўст, ўшандай бир жиноятдан
Юракка янгидан қўймай дард, ғубор;
Хиёнат, унутиш каби ҳолатдан
Саклаб қолар сени мен берган тумор».
1827
Миртемир таржимаси


Арион

Биз кўпчилик эдик ўша қайиқда;
Елкан очдик зўр бериб бир қанчамиз.
Бир жон, бир тан бўлиб анчамиз.
Кучли эшкак урдик жимликла —
Қуйруққа суянган оқил дарғамиз
Ҳайдар зилдек огир қайиқни.
Мен бўлса, бспарво ишончга тўлиқ.
Уларга куйлардим... Бирдан қўрқувлик
Тўлқинлар куюни — босқинчи довул.
Шовқин-ла келди-ю, босди барчамиз...
Чўкди дарёга, чўкди бариси.
Фақат мен уларнинг сирли куйчиси
Отилганман қиргоқ томон дахшат чогила:
Ўша қўшиқларни ҳамон айтаман.
Хўл жандамни қуёшда қуритаман -
Қия тоғда, қирра қоя тагида.
1827
Миртемир таржимаси


Кавказ

Кўз ўнгимда Кавказ. Ўзим юксакда.
Корли қояларнинг ёқасидаман:
Бургут кўтарилиб олис чўққидан
Мен билан тенглашиб аста сузмакда.
Бу ердан кўраман илк сел тошқинин,
Корларнинг дастлабки қўрқинч босқинин.
Тагимда булутлар оқади аста;
Булут аро гувлаб шалола тошар:
Остида баҳайбат қоқ қоятошлар;
Нимжон ўт, қуриган чангалзор пастла;
Кейин дарахтзорлар, салқин ўтлоқдар:
Кутилар тинмай сайрар, кийик ўйноқлар.
Одамлар маконин кўрмиш тог аро.
Бўлиқ қияликда ўтлайди пода,
Чўпон ўрлаб борар қувноқ вохада,
Арава шошади кўк қирғоқ аро,
Даралар пана жой юпун отликка,
Терак ўйноклайди бебош шодликда;
Ўйноқлару, гўё қафас тутқуни,
Ем кўрган ёш йиртқич каби ишқирар;
Беҳуда қаҳр-ла қиргоққа урар,
Кояларни ялар очкўз тўлқини...
Ҳайҳот! На қувонч бор унга, на ем бор:
Уни лол қоялар сиқар шиддаткор.
1829
Асқад Мухтор таржимаси


Жинлар

Сур булут айланар, учар.
Ой юзар бутун хира —
Оқаради соврилиб қор;
Осмон хира, тун хира.
Йўл бепоён, чўл бепоён;
Қўнгироқ ҳам қилур зор...
Қўрқинч, қўрқинч — қирла сарсон
Қезмаклик беихтиёр.
«Қани, чу де».— «Илож йўқ. тўра
Отларга қийин бу йўл;
Қор ёпишар кўзимга ҳам,
Қор остида ўнгу сўл;
Минг тикилсанг кўринмас из,
Адашибмиз, не чора!
Жин оздирган ўхшар, эсиз;
Қуршаб, қилар оввора...
Қара: ана бири юрар.
Пуфлар, туфлар мен томон;
Хурккан отинг, ана, судрар.
Жарга судрар беомон;
Саноги йўқ, кўз ўнгимда
Қаққайишар йўл бўйи;
Милтирашар унда-бунда,
Ғойиб бўлар шу кўйи;.
Сур булут айланар, учар,
Ой юзар бутун хира —
Оқаради соврилиб қор;
Осмон хира, тун хира.
Жилишга ҳам йўқдир мадор;
Қунғироқ бирдан жимжит,
Отлар тўхтар... «Йўлда не бор?» —
«Қайдам, тўнгак, бўри, ит»
Бўрон гувлар,бўрон бўзлар.
Пишқирар сергак отлар;
Қоронғуда ёнар кўзлар,
Мана жин сакрар, ҳатлар;
Торта кетди отлар тағин.
Жиринг-жиринг қўнғироқ...
Кўрдим: руҳлар тўпланганин
Мажлис қилар; туз — авлоқ...
Жинлар ҳадсиз, бадбашара;
Хира шуъла сочар ой —
Учар, ўйнар хил-хил давра,
Куздаги япроқлардай...
Эҳа: қанча! Қаён ҳайдар
Нечун мунгли қўшиқлар?
Қазишарми девга мозор,
Ё алвасти тўйи бор?
Сур булут айланар, учар,
Ой юзар бутун хира —
Оқаради соврилиб қор;
Осмон хира, тун хира.
Жинлар кўчар, кўч-кўч учар -
Йироқ кўкда пайдар-пай,
Увлар, гувлар, жинлар зор-зор.
Юрагимни узгудай...
1830
Миртемир таржимаси


Анонимга Жавоб

Оҳ, сен ким бўлсанг ҳам ширин сўз билан
Табриклаб иқболга мени уйғотдинг
Кўринмас кулларинг тутиб қўлимдан,
Менга асо бердинг ва йўл кўрсатдинг .
Оҳ, сен ким бўлсанг ҳам: илҳомбахш бир ол.
Ёки, ёшлигимнинг олис мухлиси.
Ёки,сирли илҳом дусти — ёш ниҳол,
Ёки гўзалликнинг маъсума қизи
Шодликдан маст бўлган қалбим миннатдор.
Заррача диққатга бўлмай сазовор.
Ҳеч кимдан илтифот кўрмаган эдим,
Саломинг эшитиб ҳайратда қолдим.
Кибордан марҳамат кутиш кулгили
Багритош оломон шоирга худди
Ўткинчи фигляр деб ташлайди нигоҳ;
Агар у юракдан чекса оғир оҳ,
Агар у ўқиса маъюс шеърини,
Моҳирона чертса юрак торини.
Чапак чалиб, мақтаб қўяр оломон.
Ёки сал бошини чайкар ногаҳон
Куйчининг бошига тушса зўр кулфат,
Қувгин, қамоқ ёки оғир мусибат.—
«Соз бўпти!» — дейдилар санъатсеварлар. -
«Соз бўпти! Янги ўй, ҳисларни тўплар
Ва бизга етказар». Лекин улар жим,
Шоирни қўлламас улардан ҳеч ким,
Қўрқув ичра сукут сақлаб ётса бахт...
1830
Ҳамид Ғулом таржимаси


Д. В. Давидовга

Сенгадир бу шеърим, куйчи қаҳрамон!
Ортингдан асов от миниб, қадрдон,
Жавлон уролмадим ўтди майдонда,
Тўплар гумбурлаган жанговар онда.
Сен, ювош Пегасда эпчил чавандоз,
Тингла, мен Парнаснинг қадим вақтга хос
Эски мундирини кийдим то шу дам;
Аммо эй, ажойиб чавандозим сан.
Машаққатли, огир бу хизматла ҳам
Менинг огам, командиримсан!
Менинг Пугачимга бир қур боқ, дарров
Пайқайсан: у ҳушёр ўжар бир казак!
У сенинг олдинги отрядингда хам
Эпчил уряднигинг бўларди бешак.
1836
Мамарасул Бобоев таржимаси


Саркарда

Рус шоҳи саройида битта улкан хона бор:
На бахмал, на олтиндан унда бир нишона бор.
На тождаги олмослар сакланар бу уйда;
Лекин, эни-узуни, юқорида-қуйида —
Эркин, тўкис қаламлик, ўткир кўзлик санъаткор
Нуқул сурат чизипти — қандай ёрқин ва рангдор!
Қишлоқ парилари-ю, ё тамтам олтинлармас.
Дайди жинлармас, ёки кўкракдор хотинлармас.
Рақсу ов тасвиримас — бари қилич, қалқонлар!
Бари юзида мардлик барқурган паҳлавонлар!
Рассом бир-бирига зич, ёндош ўрин берипти.
Халқимиз қудратининг бошлиқларин терипти,
Бунда — шонли юришда шон олган талай сардор
Ва ўн иккинчи йилдан бизга мангулик ёдгор!
Кўп маҳал бу хонада мен авайлаб юраман.
Таниш бу суратларга кўзим тикиб тураман:
Жанговар наъралари гўёки янграр ҳамон.
Кўпчилиги йўқ хозир; баъзилари навқирон
Кўринса хам ёрқинроқ тасвирда, хозир қари.
Тинчлик, сукут қўйнида мункиллаб яшар бари,
Ҳам гултожли бошлари қуйи...
Жазб этар фақат —
Бу ҳайбатли, жанговар сафда мени бир сурат.
Мен унинг қаршисида хар гал тўхтаб қоламан,
Янги фикрлар чулғаб, узоқ назар соламан,
Мен узоқ боққан сари дилни бир ғусса ёкар.
Бир ғусса ёққан сари кўзларим тикка боқар!
У тиктурар. Манглайи худди ялангоч чаноқ.
Чексиз хасрат бекинган каби — юксак, ярқироқ.
Атрофи — коронғулик. Лашкаргоҳ — орқа томон.
Кўзларда ўйчан нафрат, сиёқида мунг аён.
Расмини чизар экан шу тарзда, шу сиймода,
Рассом ўз фикрни дангал этдимикин ифода,
Ёки жўшқин илхомнинг қудратими, ажабо.
Ҳар нечук унга Доу берипти шундоқ сиймо...
Бебахт сардор! Тақдиринг қандай огир беомон!
Сенга ёт ўлка учун бор-йўгинг бўлди қурбон,
Вахший оломон сени англай олмади гарчанд.
Тек йўл ошдинг сен фақат буюк фикрларга банд,
Номингдаги ёт садо кўриниб ёт ва ёмон,
Ғавғо солиб, кетингга тушиб олди беомон,
Сен ўзинг у кез пинхон қутқариб қолган бу халқ,
Булғади сочларингнинг эзгу оқини бефарқ.
Қийматингни тушунган зийрак-чи, эди айёр,
Нодонларга ёқай деб, сенга берди кўп озор...
Ишончинг кучли эди, тебранмайин қанча йил,
Адашганлар ўнгида туролдинг тетик, дадил;
Оқибат ярим йўлда, ғинг демай — чиқармай ун,
Лозим эди, тан бердинг, гултождан кечдинг бутун,
Кечдинг сардорликдан хам, теран хаёллардан хам,
Лашкарда махфий қолиш орзунг хам топти барҳам!
У ерда сен навқирон аскардай, кекса сардор! —
Ўқларнинг шўх садосин эшитган каби илк бор,
Ўзингни ўтга урдинг, ўлиминг этиб орзу,
Эсиз!..
О, тубан зот, аянч қавм, о, ярамас инсонлар
Бир лаҳзалик омадга қурбон бўлган паст жонлар!
Кўз ўнгингиздан тез-тез ўтади шундоқ инсон,
Уни мазах қилади сўқир, ёввойи замон,
Лекин у юксак сиймо танилажак жаҳонга,
Келажак насл шоирин солажак ҳаяжонга!
1835
Миртемир таржимаси


Сувга Чўккан Одам

Чопқиллашиб кириб уйга,
Гўдаклар шовқин солди:
«Дада! Дада! Бизнинг тўрга
Ўлик илиниб қолди!»
Ёлгон, ёлғон, жинқарчалар,—
Вайсар ота: — Кўргулик!
Бола эмас — бир дардисар!
Адабинг берар ўлик!
Суд ҳам келар, бошлар тергов.
Қани. қутулиб кўр-чи!
Иложим йўқ, борай дарров,
Кампир, чакмонни бер-чи!
«Қани ўлик?» — «Қаранг бу ён!»
Қарасаки, қирғоқда —
Ётар ростдан битта бежон.
Тўр ёзиглиқ қумлоқда.
Кўкарган хам шишган мурда,
Хунук, қўрқинч ва ёмон.
Шўрлик жондан кечмиш сувда,
Ғарибмикан саргардон;
Балиқчими сувга чўккан,
Маст йигитми дарбадар:
Йўлтосарлар талаб кетган
Ё бефаҳм савдогар?
Апил-тапил қараб олди,
Нима ҳам қилсин деҳқон?
Ўликни судраб қолди
Оёғидан сув томон;
Сувга отди қирғоқдан тез,
Эшкак билан итариб;
Ўлик юзди тагин шу кез
Гўр ва крест ахтариб.
Тирик каби кўп чайқалиб.
Юзди у оқим томон,
Кўз узмайин узоқ қолиб,
Уйга жунади дехқон.
«Югуришар, ҳой итваччалар,
Бераман ширин кулча.
Айтиб қўйсанг биринг агар,
Калтаклайман ўлгунча!»
Тунда бўрон шовкин солди,
Дарё хам урди тўлқин.
Жинчирог хам ёниб бўлди.
Мужик кулбаси тутун.
Бари ухлар, мудрар кампир,
Сурисида ётар у.
Увлар бўрон, бирдан кимдир
Деразани урди-ку.
«Ким у?» — «Очгин, ҳой, хўжайин!
«Хўш, тагин қандоқ бало?
Тун дайдиси, саёқ, Каин!
Жин бошлаб келдими ё,
Ташвишга вақт борми бирон,
Уйим тор ҳам қоронгу!»
Хам уриниб, турди дехқон.
Деразани очди у.
Булутлардан юмалар ой.
Ким денг? Ялангоч узи:
Соқолдан сув оқар сой сой
Бежону очиқ кўзи,
Бори йўги карахт, мудҳиш.
Тани шишган сар-басар,
Ҳам ёпишган тишлари ниш
Қора қисқичбақалар!
Таниш-ди ялангоч меҳмон.
Тез ёпди деразани.
«Қуриб кет!»— дер титраб деҳқон
Пичирлар бир нимани.
Қўрқинч ўйлар чувалади,
Қалт-қалт титрар тинмайин,
Тонг отгунча ун солади
Эшикда у дам сайин.
Халқда бордир қурқинч хабар:
Ҳар йил, ўшандан буён.
Шўрлик деҳқон, шу муқаррар.
Тайин кун кутар меҳмон,
Ҳаво ғазаб чақар эмиш.
Бўрон солармиш шовқин,
Тинмай эшик қоқар эмиш
Сувга чўккан — ўша тун.
1828
Миртемир таржимаси


Романс

Булутли куз, оқшом палласи,
Тентир жувон дала йўлида.
Бахтсиз ишқнинг сирли меваси —
Чақалоғи титроқ қўлида.
Ҳарён жимжит: ўрмонлар, тоғлар
Бари ухлар, кеча қоронғу.
Диққат билан атрофга қарар —
Бир қўрқувда, ваҳимада у.
Ухлар маъсум, жон чақалоги,
Кўзларини тикиб чекар оҳ...
«Сен ухлайсан, жоннинг қийноғи.
Сен билмайсан қайғумни, эвоҳ.
Кўз очарсан ва қўмсаб лекин
Кўкрагимни изларсан бекор;
Эрта бахтсиз онанг ўлишин
Тополмайин йиғларсан зор-зор.
Орзу этма, бекор, онангни!
Мангу уят бўлди гуноҳим.
Унутарсан умрбод мени,
Унутмасман сени, чирогим!
Ўзга бўлур сиғинчоқ — паноҳ.
Дерлар: «Ётсан, бизга ўгайсан».
«Қайда,— дерсан,— отам ва онам?
Бир меҳрибон тополмагайсан.
Ёт болалар аро, бечора,
Ғамгин ўйда азоб чекарсан,
Юрагингда мангулик яра:
Оналарга кўзинг тикарсан.
Ҳар ерда сен ёлғиз, дарбадар,
Такдирингга ўқирсан лаънат;
Эшитарсан аччиқ пичинглар,
Шунда мени кечиргин фақат...
Эхтимолки, шўрлик етимчам.
Онанг учрар,қучарсан бир кун.
Эвоҳ! Кайда бевафо эркам,
Эсдан чиқмас, улгунча дилхун.
У чрар бўлсанг, берма тасалло,
Дегин: «У йўқ, жахонда бугун.
Лаурага хажр бўлди бало,
Бу оламни тарк этди бутун!»
Нелар дедим?.. Балки, бир замон
Шўрлик онанг дуч бўлур яна.
Мунгли кўзинг солгай хаяжон!
Танимасми ўз ўглин она?
Кошки эди, беаёв қисмат
Тасирланса менинг ноламдан...
Балки, четлаб ўтарсан фақат.
Айриларман мангу боламдан!..
Ссн ухлайсан - бахтсиз болам,
Огушимда сўнг бор упайин.
Хақсиз, мудхиш қонун - бу алам,
Жудоликка солар, нетайин.
Ҳали масум қувончларингни
Курмагандир омонсиз йиллар.
Ухла. қўзим. тинч кунларингни
Бузмас хозир аччиқ ғам-селлар!»
Ўрмонзордан ногох ой қалқиб,
Ой нурида кўринди капа, —
Туси ўчиб, титраб, толиқиб
Ёндошди у эшикка хафа...
Энгашдию жим ташлай қолди
Гудагини ёт остонага.
Курқиб, кўзин ўгира қолди,
Яшринди тун — зулматхонага.
1814
Миртемир таржимаси


Қушча

Ватаним одатин бегона элда
Мен муқаддас билиб бажармоқдаман:
Баҳор байрамида — гўзал сайилда
Кушчага эрк бериб учирмоқдаман.
Кунглим шундан топар тасалли — ором:
Худодан нолишим ўринли эмас,
Ахир, мен озодлик этолдим инъом
Ақалли биргина жонга бу нафас!
1823
Ҳамид Ғулом таржимаси


Демон

Сирли олам қошида илк бор
Ҳайратларга тушган кунларим,—
Қиз нигоҳи, шовқин ўрмонзор,
Тунда оққан булбул унлари,
Баландпарвоз олий туйғулар,
Ҳурлик, шараф, ишқий аланга,
Дурри санъат, илҳом, ёғдулар
Ўт солганда жон ила танга —
Умид, роҳат — барига ногоҳ
Соя солиб ғамли ва нолон,
Қандайдир бир ёвуз руҳ гоҳ-гоҳ
Келар эди қошимга пинҳон.
Ғамли эди бизнинг мулоқот:
Табассумдан то нигоҳ қадар,
Аччиқ-аччиқ сўзлари бедод
Қуяр қалбга мисли муз заҳар.
Бўҳтонлари беҳад, бемисол,
Келажакни синаб кўрарди;
Гўзалликни атарди хаёл;
«Илҳом — ирганч» деб наҳс урарди;
Ишонмасди эрк, ишққа буткул,
«Яшаш — кулги», дерди доимо.
Табиатда ҳеч нарсага ул
Эзгуликни кўрмади раво.
1823
Муҳаммад Али таржимаси


Денгизга

Алвидо, зўр қудрат — асов ғалаён!
Яшил тўлқинларинг сўнг дафъа суриб —
Кўзларим олдида қайнайсан чунон,
Мағрур гўзаллигинг билан барқ уриб.
Ундовинг ғавғоли, шовқининг камли,
Қулоғим соламан сўнг қатла мен ҳам,
Гўёки пичирлар, чорлар аламли,
Ҳайрлашув пайти яқин дўст, ҳамдам.
Орзули бу кўнглим истаган қирғоқ,
Сенинг соҳилингда кезардим сарсон,
Кезар эдим сокин, туманли, чарчоқ,
Эзгу ниятларим қийнар эди жон!
Нақадар ёқарди: бўғиқ овозинг
Ва теран садоли чақириқларинг,
Кечқурунги сукут ва ўжар нозинг,
Ҳаяжон, ғазабинг — бақириқларинг!
Балиқчининг енгил елкан кемаси —
Истасанг кўксингда сақланар омон,
Юзар тўлқинларда, йўқдек ваҳмаси,
Лекин сен бошласанг улкан ғалаён —
Ғарқ бўлар кеманинг гала-галаси.
Мангу кетай девдим, бўлмади имкон:
Ғамгин, ҳаракатсиз, кўнгилсиз қирғоқ,
Сени шодиёна қутлай олмадим,
Тизма тоғларингдан ҳатлай олмадим,
Шоирона қочмоқ бўлгандим йироқ!
Сен кутдинг,чорладинг... мен кишандайдим.
Руҳим қанотланди беҳуда, бекор.
Қудратли орзуга мафтун бандайдим.
Шу сабаб мен колдим қирғокларла зор.
Нимани аяйман! Қайга бу замон —
Мен йўл солар эдим бепарво, беғам?
Битта илинж сенинг гўшангда ҳамон
Кўнглимга ҳайратлар солар дам-бадам...
У битта қоядир, шон сағанаси...
У ерда ухлайди совуқ уйқуда —
Улкан хотиралар ҳаммаси.
Наполеон ҳаёти сўнган ер шу-да!
У ерда азобла бўлди у ҳалок.
Унинг орқасидан довул сингари —
Ўзга даҳо учди, дилни айлаб чок,
Ақлимизнинг ўзга бир ҳукмдори.
Кетди, эркинлик-чи, йиғлади йўқтаб,
Қолдирди тожини жаҳонга, эсиз!—
Шовқин сол, пўртана, уни улуғлаб,
У сенинг қўшиқчинг эди-ку, денгиз!
Унда барқ урарди тимсолинг аён,
Руҳан худди сендай яралган эди.
Сендай теран, ғамгин, сендай паҳлавон,
Сендай- бўйинсунмас, зўр инсон эди.
Дунё бўшаб қолди... энди сен мени
Қаён олиб чиқар эдинг, океан?
Инсонлар тақдири ҳар ерда бирдир,
Қайда фароғат бор бўлса, посбон —
Маърифат золим у ерда, аён...
Яхши қолгил, денгиз! Унутмайман ҳеч
Сенинг тантанали бу жамолингни,
Қулоғимда турар, жаранглар ҳар кеч,
Ҳамиша тинглайман ғалаёнингни.
Ўрмонлар ва жимжит саҳролар томон —
Ёрқин хотиралар ола кетаман.
Қоялар, кўрфазлар, тўлқин ва сурон,
Соя, жилоларинг эсда тутаман.
1824
Миртемир таржимаси


Булбул Ва Гул

Баҳор чоғида холи боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фигон айлаб, «Гулим, раҳм айлагил», дерди.
Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона.
Сени хеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам,
Ёнарсан, ўртанарсан, ёд этарсан тинмайин бир дам.
Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди,
Қарайса, яшнаган бир гул, фақат додинга етмайди.
Чўлпон таржимаси


Чол

Киборлар олами танг қолган
Серзавқ ошиқ энди мен эмас.
Баҳор, ёзим, оҳ, ўтиб бўлган,
Излари ҳам энди кўринмас.
Ёшлик йиллар тангриси Амур,
Сенинг содиқ мухлисинг эдим.
Агар қайта туғилсам, билур —
Эдим қандай хизмат қилмоғим!
1815
Шуҳрат таржимаси


Эртаклар

Noel

Кўчманчи золим, ҳайҳот!
Келар Россия томон.
Нажоткор солади дод,
Бутун халқ йиғлайди қон
Биби Марям ҳай-ҳайлаб. нажоткорни қўрқитар.
«Йиғлама, болам, асло,
Мана, бўжи — рус пошшо!»
Шоҳ келиб, берар хабар:
«Россия халқи, билгил,
Бутун дунёга аён:
Мундир кийдим хилма-хил,
Прусс, австрсимон.
О, хурсанд бўла бер халқ: даҳшатли, тўқман, соглом;
Газетчи мақтаганда:
Еб-ичиб, бердим ваъда —
Ишдан ҳормадим тамом.
Қўшимча, солинг қулоқ,
Сўнгра қиламан бундоқ:
Лавров берар истеъфо.
Сариқ уйга Соц раво;
Горголининг ўрнига чиқараман бир қонун,
Инсонга инсон ҳаққин
Шоҳона сийлаш-ла мен
Тортиқ этаман бутун».
Шодлигидан ўрнида
Гўдак тўкар кўз ёш дув:
«Наҳот ёлғон йўқ бунда?
Наҳот чиндан бўлса бу?»
Она унга айтади: «Алла, кўз юмгин андак:
Ухлаш вақти бемалол,
Шоҳ-отага қулоқсол,
Сўйлаб бермокда эртак».
1818
Рамз Бобожон таржимаси

Қўшиқчи

Севги, ҳасрат куйчисин тунги садосин
Эшитганмисиз гужум ўрмон ортида?
Дала жимжит мудраркан саҳар пайтида.
Найнинг содда-ю, лекин мунгли навосин
Эшитганмисиз?
Учратганмисиз холи қора ўрмонда
Ишқ ва ўз қайғусининг қўшиқчисини?
Табассум ё юзида кўз ёш изини,
Ё ҳасрат тўлган куз-ла қараб турганда.
Учратганмисиз?
Оҳ тортиб қуйганмисиз тинглаб товушин.
Севги, ҳасрат куйчиси тинч куйлаганда?
Йигига дуч келганда қалин ўрмонда.
Кўриб сўник кўзию жим боқишини,
Оҳ тортганмисиз?
1816
Миртемир таржимаси


Истак

Кунларим оҳиста судралиб ўтар;
Мунглуг кўнглим учун ҳар зум беомон,
Бевақт севги дардин ортириб кетар,
Тентак хаёлларим қўзгар ҳаяжон.
Аммо сукутдаман, чиқмас фиғоним;
Йиғлайман, кўз ёшим менга овунчоқ,
Қайғу панжасида қолган бу жоним
Шундан аччиқ нашъа топади ҳар чоқ.
Ҳаёт дақиқаси! Уча бер, майли,
Беҳуда хаёллар, йўқ бўл зулматда!
Азиздир ишқимнинг азобли йўли,
Майли ўлсам ўлай шу муҳаббатда.
1816
Миртемир таржимаси


Элегия

Мен яна сизники, эй ёш дўст-ёр,
Туманли айрилиқ кунлари адоқ,
Оғангизга такрор очдингиз қучоқ;
Яна шўх даврада кўришдик дийдор.
Сиз ҳамон бояги, дил бошқа бироқ:
Қадрдон эмассиз унга сиз бу чоқ.
Мен хам ўзгарганман... Шодлик палласи
Ўтди кўз илғамас тор йўлдан бот-бот,
Бутунлай: тепамда бу тезоб ҳаёт
Тонгларининг турар ғира-шираси.
Хушчақчақлик бўлди кўнгилдан йироқ.
Қизғанчиқ қисматда бўлиб дарбадар
Дилшодлик, қаёқда, ором — ҳаммаси
Унутилди: қолди дилимда кадар.
Ёш бошимда ғамнинг сукут пардаси.
Бехуда, сиз менга хазил сўз ташлаб,
Мулойим ва дилкаш сухбатлар бошлаб —
Бўлмоқчисиз оғир уйқумни, бекор,
Бари тамом, дилим ғам билан лиққа,
Бахтиёр шўхликнинг мухри хам сийқа,
Оғир азобларни таратмоқ учун —
Чакки келтирасиз менга тағин соз,
Кечмиш орзулари сўндилар бутун.
Туйғусиз торларда бўғилди овоз.
Бари тамом бўлди: қолди фақат ғам!
Менга кенг жаҳон тор, ёруғ кун қора,
Кимсасиз, қоронғи ўрмонлар ора —
Бораман; хуррамлик ёт менга бу дам;
Музлади лаҳзалик қувонч изи ҳам.
Куйдингиз, кечаги гул япроқларим!
Гуллай олмадингиз бир ой ҳам тўлиб,
Чопқиллаб ўтдингиз, шодлик чоқларим!
Кетдингиз, кўз ёшим эрксиз тўкилиб,
Тонг қоронғисида қоларман сўлиб...
Эй дўстлик! Сен мени унут, унутгил,
Жимгина берайин тақдиримга тан,
Қўй, қолсин изтироб, аламларда дил,
Қўй, майли, хилватда йиғлай танҳо ман.
1817
Миртемир таржимаси


Қишлоқ

Қутлайман, ҳувиллаб турган ошиён,
Сен эй, ором, меҳнат, илҳом булоғи,
Кунларим оқими қуюлар пинҳон,
Жазм этар унутиш ва бахт қучоғи.
Мен сеники — ўзим алмаштирдим шу
Базму эрмак, жирканч дабдаба кўшкин.
Фикрдошим, эркин бекорчилигу,
Эманзор шовқини, қир тинчи учун.
Мен сеники — елга ва гулга макон
Соя-салқин боғни севаман жуда.
Чакалакзордаги шилдироқ сувда.
Хушбўй ўтлокларда кўнглим ҳар қачон.
Кўз олдимда жонли лавҳалар буткул:
Бу ерда ложувард кафтдай икки кўл.
Олисдан оқариб кўринар баъзан,
Сузиб бораётган балиқчи елкан,
Ортида экинзор, адир-тепалар,
Узоқ-узоқларда тарқоқ кулбалар,
Туман босган омбор, шамол тегирмон,
Салқин соҳилларда юрар подалар,—
Ҳар ёнда барака. меҳнатдан нишон...
Ташвиш кишанидан бунда қутулиб,
Бунда ҳақиқатда бахтга интилиб,
Қонунни ҳар қалб-ла эътибор қилдим,
Нодон ғийбатига бепарво бўлдим.
Уятчан ёлвориш бўлса мен тайёр,
Чексиз ноҳақликда золим ё аҳмоқ
Тақдирига ҳавас этмайман зинҳор.
Ўтмиш бузруклари, илтимос шундоқ!
Чексиз танҳоликда сизнинг хуш овоз
Менга етиб келар, эшитилар соз;
У ҳайдар танбаллик уйқусини тез,
Менда туғдиради меҳнатга ғайрат,
Ва сизнинг ижодий хаёлларингиз
Қалб чуқурлигида етилар қат-қат.
Кўнгил хира мудҳиш фикрдан лекин:
Яшнаган майсазор ва тоғлар аро
Инсоният дўсти пайқайди ғамгин —
Ҳар ёнда жаҳолат келтирган жафо.
Кўрмайин кўз ёшни, эшитмай фарёд.
Одамлар бошига тушган кўргулик,
Ваҳший хўжайинлик бунда — қонун ёт,
Туйғусиз ўзига зўрлик билан мулк.
Меҳнат ва деҳқонни тортқилаб олган,
Қамчига бўйсуниб, бош солиб қуйи,
Хўжайин ерида бир умр бўйи
Оч қуллар энг оғир азобда қолган.
Бунда то ўлгунча бўйинтуруқ бор,
Гуркирамас қалбда орзу ва истак,
Бунда бадкор ёвуз нафси-чун дилдор,
Соҳибжамол қизлар яшнайди гулдак,
Кексайган оталар — орқа-нуштлари,
Навқирон ўғиллар, меҳнат дўстлари,
Жонажон кулбадан борар оломон
Жафокаш қулларнинг орттириб сафин:
О, менинг овозим қалбга ҳаяжон
Сололса кошкийди! Билмайман нафин
Кўксимда ёнган ўт — аланганинғ бу,
Тақдир мени нотиқ яратмаган-ку?
Шоҳ амри-ла, дўстлар, хору зор, тутқун
Халқни кўраманми озод ва бардам,
Ватаним устида балқирми бир кун
Маьрифатли эркнинг тонготари ҳам?
1819
Рамз Бобожон таржимаси


Русалка

Кўл устида эманзор ичра
Паноҳ топган роҳиб қай бир вақт,
Ибодатдан бўшамас сира,
Емас-ичмас, чекарди заҳмат.
Мана олиб белкуракни чол,
Ўзи учун гўр ковлаб қолди,
Ва ўлимни ўйларкан, дарҳол —
Ёдга эзгу номларни олди.
Кекса роҳиб ёз санасида
Худовандга ибодат этди —
Ғариб кулба остонасида
Эманзорлар унниқиб кетди;
Кўл устида бурқиди туман,
Осмон бўйлаб аста ой сузар
Оқбулутлар аро. Дафъатан —
Роҳиб сувга ташлади назар.
Тикилди-ю, қўрқиб кетди у;
Не гап, ўзи англай олмас ҳеч...
Бир қараса, кўпирарди сув,
Бир қараса, яна бирдан тинч.
Бирдан... Тунги соядек енгил,
Чўққидаги қор каби оппоқ
Жувон чиқди, яланғоч соҳил —
Ёқасида ўлтирди шундоқ,
Роҳибга у ташлайди назар
Ва жиққа ҳўл сочин тарайди.
Кекса роҳиб қўрқиб қалтирар
Ва гўзалга тўймай қарайди.
Уни жувон ўзга чорлаб тек,
Бош силкитиб қилдию имо,
Ғойиб бўлди учган юлдуздек,
Мудроқ босган тўлқинлар аро.
Туни бўйи ухлолмади чол,
Ибодатга турмади кундуз;
Кўз олдини босиб ўй-хаёл,
Қиз сояси намоён ҳануз.
Яна қора кийди эманзор,
Ой сузади булутлар аро,
Сув бўйида жувон беозор
Ўлтиради рангсиз ва зебо.
Назар ташлар, бошини чайқар,
Олислардан ўпар ҳазилкаш,
Тўлқин билан ўйнар ва қалқар,
Кулар, йиғлар болага ўхшаш,
Ва роҳибни чорлар, урар оҳ...
«Роҳиб, роҳиб! Келгил мен томон!..»
Шаффоф мавжга чўкади ногоҳ;
Сукунатга тўлар ер-осмон.
Учинчи кун ошиқбеқарор
Келиб дилбар соҳилга яқин,
Паривашни кутди у такрор,
Эманзорга тушгунча салқин...
Тун зулматин қувди тонг, бироқ —
Роҳибни ҳеч топмадилар, рост,
Фақат сувда болалар оппоқ
Бир соқолни кўрдилар, холос.
1819
Рамз Бобожон таржимаси


Тикланиш

Ваҳший рассом мудроқ беизн,
Гений суратини бузади
Ва у сурат устига ўзин
Бебурд суратини чизади.
Лекин, у ёт бўёқлар бир-бир
Кўчиб тушар йил сайин, аён;
Ва гений ижоди беқусур
Аввалгидек бўлур намоён.
Ана шундай кетар эзилган —
Юрагимдан сохта тугунлар,
Ва шубҳасиз тикланур ўтган —
Илк ва тоза-мусаффо кунлар.
1819
Туроб Тўла таржимаси


* * *
Мен сизга ачинмайман, вафосиз севгиларда
Беҳуда оқиб ўтган баҳоримнинг йиллари!
Мен сизга ачинмайман у оташин найларда
Эҳтирос-ла куйланган, эй тунларнинг сирлари!
Мен сизга ачинмайман, бевафо дўст, жўралар.
Базмларнинг тожлари, даврада айланган жом.
Мен сизга ачинмайман, хиёнаткор гўзаллар,
Мени хаёл банд этган, хурсандчилик қилмас ром.
Кайда, қайда қолдингиз, ёшликдаги орзулар,
Ва қалбнинг сокинлиги эркалатган кезлари!
Қани аввалги оташ, илҳом бахш этган завқлар.
Келинг, келинг, муштоқман, баҳоримнинг йиллари.
1820
Зулфия таржимаси


Қора Шол

Қора шолга мажнунона боқаман,
Сўник дилни гам ўтида ёқаман.
Гўл йигитлик чоги — ишқда куйгандим.
Ёш ва сулув грек қизин суйгандим.
Соҳибжамол эркаларди ҳар замон.
Келди бироқ қора куним беомон.
Бир кун дилкаш меҳмонларим бор эди,
Эшигимни қоқди жирканч яҳудий:
— «Зиёфатда, (деди пичирлаб) барин.
Вафосизлик қилди сенга дилбаринг».
Қулига мен олтин бердим қаргадим,
Сўнгра содиқ қулимни тез чорладим.
Бирга чиқдик: отда учдим мен жадал,
Раҳмдиллик йўқди асло шу маҳал.
Грек қизин бўсағасин кўрган чоқ
Кўзим тинди, мадор кетди, тоқат тоқ.
Йироқ хилват уйга кирдим мен танҳо.
Арман ўпар, қучогида бевафо.
Қора босди: садо берди ханжарим...
Бўса битмай у ёвуз ҳам ўлди жим.
Бошсиз танни тепкиладим беармон.
Рангим ўчиб, лол боқардим қиз юнон.
Ҳали эсда — ёлворишлар... оққан қон...
Улди қиз ҳам, битди севги ўртаб жон!
Улик бошдан қора шолни тортдим мен.
Қонли тиғни ўшанга жим артдим мен.
Қулим, зулмат ёйганда тун дунёга.
Мурдаларни отди жўшқин дарёга.
Шундан бери кўрмадим кўз ундан шўх,
Шундан бери хурсанд ўтган кечам йўқ.
Қора шолга мажнунона боқаман,
Сўник дилни ғам ўтида ёқаман.
1820
Миртемир таржимаси


Наполеон

Келиб етди кўргулик они;
Буюк инсон кўзини юмди.
Наполеоннинг мудҳиш даврони
Эрксизликда зулматга чўмди.
Шон тантиғи, маҳкум ҳукмрон
Бу жаҳондан юзтубан кетди.
Ва у қувғин насли навқирон —
Янги авлод улғайиб етди.
Сенинг қонли хотирангни, о!
Жаҳон сақлар кўп, бениҳоя.
Ҳеч кимсасиз тўлқинлар аро
Шон-шуҳратинг ташламиш соя.
Мана сенинг ажойиб қабринг!
Унда сенинг жасадинг ётар,
Унда халқнинг ғазаби-қаҳри
Ва мангулик шуъласи ёнар.
Донги ўчган юрт осмонида
Бургутларинг учди, кўпданми?
Машъум кучлар зўр тўфонида
Шоҳликлар ер қучди, кўпданми?
Тинглаб ўжар ирода амрин
Шумлик билан елди байроқлар.
Сен ҳокимлик бўйинтуруғин
Авлодларга солдинг у чоқлар.
Умид нури ёришган олам
Тутқунликдан уйгонган замон,
Галлнинг қаҳри тошиб ўша дам
Чирик тахтни этаркан яксон:
Исёнкор кенг майдонда ўлик
Шоҳ жасади ерда ётган дам,
Балқиб чиқди муқаррар, буюк
Эркинликнинг ёрқин куни ҳам,—
Халқ бўрони тўлқини кўмиб,
Кўриб гўзал қисматингни бот.
Эзгу умид кўйига чўмиб,
Одамзодга келтирдинг иснод.
Инқирозга юзин тутган бахт —
Толеингга ишонч богладинг,
Мафтун бўлдинг, ихлос қайтган тахт —
Салтанатга ўзни чоғладинг.
Янги бир халқ касб этган ёшлик
Ғурурини жиловладинг сан,
Янгигина бунёд бўлган эрк
Кучсиз, тилсиз қолди дафьатан.
Қуллар ичра ҳокимлик нафсинг
Қондирдинг-да, ўзни маст этдинг,
Жангга бошлаб, қуллар кишанин
Гулчамбарлар билан беркитдинг.
Франция шон қозонди-ю,
Истиқболин унутди ногоҳ.
Дабдабали иснодига у
Мафтун бўлиб ташлади нигоҳ,
Босиб кирдинг зиёфат тўкин —
Бир маконга қилич-ла, ғаддор.
Ҳалок бўлди, Епропа шу кун
Ва ҳувиллаб қолди, бир мозор.
Европанинг кўксига қадам
Қуйиб, чиқди девкорнинг чанги.
Тильзит!.. (бу сўз даҳшат солса ҳам,
Энди руснинг ўчмайди ранги.)
Тильзит кибрли қаҳрамонни, о! —
Сўнгги марта шонга этди ёр,
Лекин бефайз, бенаво дунё
Бахтли қалбни қилди беқарор.
Баттол! Сени кўтарганлар ким?
Ким ажойиб ақлингни олди?
Кибрланиб, қандай қилиб сен —
Рус қалбини пайқамай қолдинг?
Билолмадинг улуғ ёнғинни,
Ўйладингки, сулҳга биз муштоқ.
Тортиқ каби кутамиз уни,
Каманг, таланг русларни бироқ...
О Россия, жанговар ватан,
Кадим ҳаққинг билан тикла қад.
Аустер, тин қуёши, сўн сан.
Порла улуг Москва абад!
Ғолиб келди ўзга пайт, мана:
Йўқол, бизнинг ўткинчи иснод!
Москвани олқа, Россия!
Бўлсин деймиз урушни барбод
Темир тожин чангаллаб шу дам.
Калтираган қўли билан у
Кўз олдида кўрар жаханнам.
Ҳалок бўлар нихоят мангу!
Европанинг лашкари яксон!
Оппоқ қорнинг қон босган юзи
Улар таслим бўлгандан нишон.
Қорлар эриб, учар ёв изи.
Борлиқ дахшат солди бўрондек.
Туткунликдан Европа озод.
Чақмоқ каби ўзин отди тик
Золим сари хўрланган авлод.
Ғолиб халқминг Немезидасин
Баланд қўлин кўрди Бонапарт.
Золим! Жабру зулмнинг қасосин -
Олди сендан майдон ичра мард.
У кўрсатган харбий муьжиза —
Балолари ювилиб кетди,
Уларни ёв осмон тагида
Кунгилли қалб охи беркитди.
Жазирама сургун ороли,
Унга келар сахарлаб елкан,
Сулх сўзини йўловчи ходи —
Бирор тошга аста чизаркан, -
Қувгун, мавжга тикиб кўзини.
Эсларди у қиличлар сасин.
Ғоят даҳшат сахар кезини,
Франция арзи-самосин.
Ҳеч кимсасиз маконда гохо.
Унутиб у тахт, уруш, авлод,
Фақат углин ўйларди гамгин,
Чекиб аччиқ алам ва фарёд.
Ким бемаьни ким, улар билан
Ғариб рухни этса безовга.
Шармандаси чиқиб дафъатан,
Юзи қаро бўлур, албатта.
Офаринлар! Рус халқига у
Аён унга шонли бир кисмат
Ва сургундан жахонга мангу
Эркинликни қилди васият.
1821
Рамз Бобожон таржимаси


* * *
Садоқатли грек қизи, йиғлама, ёринг
Душман ўқи кўксин тешиб, шон билан ўлган.
Сен эмасми, кузатаркан ўз баҳодиринг,
Қонли шухрат жангларига йўлланма берган?
Дил сезаркан айрилиқнинг оғир хижронин,
Сўнгбор очди ёринг сенга иссиқ қучогин,
Гўдагига бахт тилади тиёлмай ёшин,
Лекин, қора ялов эрк-ла ҳилпираб кетди.
Худди Аристогитондай қилич ўйнатиб,
Жангга ўзин отди — мардинг йиқила туриб
Жуда буюк ва муқаддас иш қилиб кетди.
1821
Зулфия таржимаси


Я. Н. Толстойга Ёзилган Хатдан

Шовқин-сурон, базмлар қадрдони сен,
Чарогимиз, ёниб парпирайсанми?
Аскиябозларнинг қўлида, заррин —
Қадах, кўпик сочиб ялтирайсанми?
Киприда, шеърият ошнолари сиз.
Хушчақчақ жўралар, бормисиз хамон?
Муҳаббат ва сархуш соатлари тез
Учишиб кетдими эскича равон —
Эркинлик, танбаллик ундаб қолган кез?
Кувгинда согиниб, ҳар соат, хар он,
Армонлар ўтида ўзни ёқаман,
Сизни эслайману, қанот қоқаман,
Тасаввур этаман, кўраман аён:
Мана. у қадрдон меҳмондўст хона,
Ҳур- илҳом париси, севгига макон.
Бунда биз қасамёд этиб дўстона.
Улар билан тотув бўлдик ҳар қачон.
Бунда биз дўстликни англадик иқбол.
Бунда давра қуриб столни қуршаб
Тенгдошлар ўлтирар эдик бемалол;
Бунда ўжарликлар ўз ишин бошлаб.
Шўхлик қўшиқлари, шиша ва суҳбат
Гап-сузнинг белига тепиб турарди.
Баҳсларимиз ҳазил, шароб, ҳарорат —
Важидан ўт олиб, нақ гуркирарди.
Вафодор шоирлар, мафтун килувчи
Сизнинг тилингизга соламан қулоқ...
Комета майидан менга қуйинг-чи,
Сиҳат-саломатлик тила, эй қалмоқ!
1822
Рамз Бобожон таржимаси


* * *
Шундай эди, шундай бўлар ҳали ҳам,
Бу қадимдан қолган ибрат, йўл-йўриг.
Билимдон кўп, лекин оқил, доно кам,
Таниш-билиш саноқсиздир, дўст-чи, йўқ1
1822
Шуҳрат таржимаси


Ҳаёт Араваси

Баъзида юк оғир бўлса ҳам
Учиб кетар арава қушдай;
Эпчил ямшик қиш пайти шаҳдам
Ҳайдаб борар устидан тушмай.
Эрталабдан аравада биз,
Эринчаклик, роҳатдан безиб.
Бош ёрғудай елдирамиз тез
Қичқирамиз: чу!
Кўп яхшида қолмас бу шиддат;
Толиқамиз, қўрқинч кўринар -
Қия юклар, жарликлар ғоят;
Қичқирамиз: секинроқ, хумпар!
Аввалгича олиб борар у,
Кўникамиз оқшомга яқин,
Ётоққача босади уйқу.
Отларни вақт қувлайди локин.
1823
Рамз Бобожон таржимаси


Боқчасарой Фонтанига

Ишқ фонтани, эй ўлмас фонтан.
Сенга икки қизил гул совғам!
Шилдирашинг ёқимли чунон,
Шоирона кўз ёшларинг ҳам.
Сачрар менга кумуш тўзонинг,
Эсар салқин шабнам нафаси,
Тинмайин оқ, юпанч чашмаси!
Шилдир-шилдир сўйла достонинг...
Ишқ фонтани, қайғули фонтан,
Мармарингдан айладим сўроқ,
Мен эшитдим йироқ элга шон;
Мариядан айтмадинг бироқ...
Унут бўлдинг наҳотки мангу —
Сен, эй сўлгин ҳарам юлдузи?
Ё Мария, Зарема бону —
Наҳот ширин хаёлнинг ўзи?
Ёки бари ширин бир уйқу,
Бу қоронги хилватда хаёл,
Ё бир дамлик тимсолмиди у,
Ё қалбдаги мажҳул идеал?
1824
Миртемир таржимаси


Куйдирилган Мактуб

Алвидо, эй ишқ мактуби! Амр этди дилдор.
Кўзим қиймади-ю, қўлим бормади зинҳор
Қувончимни ташлаш учун ўтга кўп замон...
Вақт-соати етиб келди: ишқ мактуби. ён!
Шайланганман: таъсир этмас ҳеч нарса менга
Варақларинг емирмоқта очкўз аланга...
Бир нафасда!.. Ловуллайди... тўзғиган тутун.
Кўтарилиб. оҳ-зорим-ла йўколур бутун.
Вафодордан жудо бўлгандаги таассурот,
Ўтга тушган сургуч қайнаб биқиллар... ҳайҳот!
Шундай бўлди! Варақланди қора саҳифа,
Эпчил кулда мактубдаги эзгу қиёфа —
Оқаради... юрак қисар. Эй мўътабар кул.
Ғам-ғуссани тақдиримнинг севинчи буткул
Қайгули шу куксимла қол мен билан мангу...
1823
Рамз Бобожон таржимаси


…га

Йўқ, йўқ, муҳаббатнинг жўшқин раъйига
Энди мен бўлмасман телбаларча қул.
Озор ҳам бермайман дил оромига.
дил, ўртанишга ҳеч қўймайман йўл;
Бас энди. шайдолик етар! Ва аммо,
Не учун хаёлга толмайин бир зум,
Ногаҳон самовий, нозли, мусаффо
Қиз кўзим олдидан ўтаркан маъсум?..
Томоша қилмоққа тотли шавқидан
Наҳотки, қолмади зарра ижозат?
Сукутда кузатмоқ нигор изидан,
Тиламоқ мумкинмас бахту саодат?
Наҳот, тилаб бўлмас ҳаёт неъматин;
Унга ҳаловату ором ва шодлик?
Ҳаттоки, барнонинг қалбига яқин
Рафиқа атовчи кимсага толе?
1832
Зулфия таржимаси


Куёв

Уч кун бўлди — савдогар қизи
Наташадан йўқ эди дарак,
Учинчи кун ҳовлига ўзи
Ақл-ҳушсиз келди жонсарак.
Ота-она ёндашиб шу чоқ,
Наташани қилишди сўроқ.
Улар сўзин эшитмайди қиз,
Қалтирайди, энтикар ҳолсиз.
Ота-она жуда куйдилар,
Суриштириб кўришди узоқ.
Кейинчалик сўрмай қўйдилар,
Сирни эса билишмас бироқ.
Аввалгидек Наташа тағин
Шод кўринар, юзлари гулгун,
Опа-сингил билан чиқди-ку
Бўсағада ўлтиргани у.
Дарвозанинг ёнида яна
Дугоналар билан гўзал қиз
Ўлтирарди, тўсатдан мана
Кўз олдидан учиб ўтди тез
Бир тройка абжир ва кўркам;
Отларининг ёпиғи гилам.
Чана ичра тик туриб ўглон.
Саваб ҳайдар ўзи ўша он.
У тикилди келиб рўбару,
Наташа ҳам ташлади нигоҳ.
Елдай учиб ўтар экан у,
Ҳушдан кетди Наташа ногоҳ.
Уйга чопиб боради шоша,
«Ўша! — деди,— танидим, ўша!
Худди ўша! Ўшалиги рост!
Тутинг, дўстлар, этинг тез халос!»
Оиласи чекиб ташвиш, ғам.
Қулоқ солар бош чайқаб такрор.
Ота унга дейди: «Жонгинам,
Сир-асрорни менга эт ошкор.
Айтгил, сени ким хафа қилди.
Фақатгина кўрсатсанг булди».
Бирор сўз ҳам айтмай жимгина,
Юм-юм йиғлар Наташа яна.
Ҳовлисига эрта тонготар
Совчи хотин келди ногаҳон.
Наташани аввал у мақтар,
Отаси-га сўз ташлар чунон:
«Мол сизники, биз-чи, харидор.
Йигитимиз ҳар нарсада бор;
Ҳам хушбичим, ҳам чаққон, ёвқир.
Ор-номусли, ҳар ишга қодир.
Бой, ақлли ва соҳибкамол,
Таъзим қилмас ҳеч кимсага хам.
Бояриндек ўзи бамисол,
Ташвиш билмай яшар хотиржам.
Келинчакка қилмоқчи совға:
Почапўстин, марварид, тилла -
Узуклардан кўнгилдагидак,
Ҳам кимхобу зарбофдан кўйлак.
Куни кеча сайр қилиб юрса,
Дарвозада дуч келибди қиз:
Черков бориб, никоҳ ўқилса,
Жуда яхши бўларди шу кез?»
Совчи пирог еб ўлтираркан,
Гапирарди киноя билан,
Бечора қиз, шўрлик келинчак.
Ўзни қўяр жой топмас андак.
«Розиман,— дер ота баногоҳ, —
Қани, ишлар бўлсин бахайр.
Наташага ўқилсин никоҳ,
Ота ёлғиз ўзи ҳам дилгир.
Қиз қизликча ўтмас умрбод,
Фақат куйлаб кечирмас ҳаёт,
Пайти, ахир, қургали ошён.
Гўдакларга бир ором макон».
Қиз деворга ёпишиб тақир,
Алланима айтмоқчи бўлар;
Бирлан ҳўнграр, қалтирар дир-дир.
Хам йиғлайди. Хам бирдан кулар.
Совчи гангиб, тез югурди-ю,
Ва ичирди унга муздек сув.
Косадаги қолганин дарҳол
Қиз бошидан қуйди бемалол.
Оила оҳ урар, парвона,
Эс-ҳушига келди Наташа,
Дер: «Сўзингиз эзгу, дурдона,
Измингизда бўлай ҳамиша.
Зиёфатга чорланг куёвни,
Нон ёпиш-чун қаланг оловни.
Қайнатингиз таърифи йўқ май.
Таклиф этинг судни ҳам атай».
«Эй фариштам, рухсат эт, рухсат!
Мен жонимни беришга тайёр —
Хурсанд бўлсанг!» Катта зиёфат.
Ноз-неъматлар пишмоқда бисёр.
Меҳмонлар ҳам келиб қолишди,
Қизни стол томон олишди.
Куйлар-йиғлар ёр-дугоналар.
Мана учиб борар чаналар.
Мана куёв — ҳамма жамулжам.
Стаканлар жаранглар пайваст.
Оқ урилар соғлик учун ҳам,
Шовқин-сурон ва меҳмонлар маст.

Куёв

«Эй муҳтарам дўсту ёр, нечун,
Емас-ичмас гўзал қайлиғим,
Меҳмонларни кутмайди мамнун,
Қайғуради, ўлтиради жим?»
Келин берар куёвга жавоб:
«Вақти келди — этайин аён,
Менинг кўнглим беором, хароб,
Кеча-кундуз кўз ёшим маржон.
Ёмон бир туш этади нохуш».
Ота унга дейди: «Қандай туш?
Не гап ўзи. Бизга қил баён.
Жигарбағрим, азиз меҳрибон?»
«Бир туш кўрдим,— деб сўзлайди у,—
Юрганмишман хилват ўрмонда.
Қора булут остидан ёғду
Сочармиш ой хира осмонда
Йул адашдим: ичкари томон —
Борган билан кўринмас инсон,
Фақат арча, қарағай — шулар
Тепаларда тинмай! шовуллар.
Бирданига, туш эмас гўё —
Кўз олдимда бир уй намоён.
Тақиллатдим, чиқмайди садо,
Жавоб бермас чақирсам бир жон.
Дуо ўқиб эшикни шу дам —
Очиб кирдим, уйда ёнар шам.
Боқсам: ҳарён кумуш билан зар,
Муҳташам ва ёниб ярқирар».

Куёв

«Айт, тушингнинг нимаси ёмон?
Яшаркансан, демак, бадавлат».

Келин

«Тўхга, тўрам, бўлмади тамом,
Олтин, кумуш, мовутлар қат-қат,
Ҳисоби йўқ кимхоб ва гилам,
Новгород матосига ҳам
Ҳавас билан жим назар солдим,
Ажабландим, ҳайратда қолдим.
Туёқ сасин шу чоқ эшитдим,
Келишдилар зинага томон.
Мен эшикни тезда беркитдим,
Ва бўлдим печь ортига пинҳон...
Мана, товуш янграр кетма-кет...
Кириб келди ўн икки йигит.
Улар билан бир париваш қиз,
Соҳибжамол, чиройда тенгсиз.
Сажда этмай, пайқамай бутни
Оломондек кириб келишди.
Ўлтираркан столга бўркни —
На олди, на дуо қилишди.
Оға тўрга ўтиб ўлтирди.
Ўнг кўлила инисин туртди.
Чап ёнида у париваш қнз.
Соҳибжамол, чиройда тенгсиз.
Қўшиқ, кулги, шовқин ва сурон.
Айш-ишратнинг кайфи шу қадар...»
Куёв
Айт, тушингнинг нимаси ёмон?
Хурсандликдан беради хабар».
Келин
«Тўхта, тўрам, бўлмади тамом,
Кайфу сафо этмоқда давом,
Қизимоқда базму зиёфат,
Ўртанмоқда париваш фақат.
Емай-ичмай ўлтирар сокин,
Кўзидан ёш оқади юм-юм.
Ога эса олиб пичогин.
Шир-шир чархлар дамини бир зум.
Хушлиқина ташлайди нигоҳ.
Ўрим сочин ушлайди ногох
Ўша онда қизалок топди,
Ёвуз унинг ўнг кўлин чопди.
«Бу-чи. — деди куёв ўша чоқ,-
Бўлмаган гап, чиндан афсона!
Кўрган тушинг ёмонмас, бироқ.
Хафа бўлма. Ишон жонона!»
Юзларига қиз қаради тик.
«Кайси кўлдан мана бу узук?»—
Шундай деди бирдан келинчак.
Хамма жойидан қузғалди бирдак.
Жиринг этиб узук гилдирар.
Қути ўчиб, қалтирар куёв,
Меҳмонлар таажжуб қилдилар.
Сунг буюрар: «Ёвузни дарров
Тутинг, боғланг! Фош бўлди хунрез.
Кишанланди, жазоланди тез.
Наташанинг довруғи кетди,
Қушигимиз шу ерда битди.
Рамз Бобожон таржимаси


19 Октябрь

Арғувон либосин ташлайди ўрмон,
Қуриган далада совуқдан нуқра,
Тоғларнинг ортига беркинар хира
Қуёш беихтиёр бир боққансимон.
Алангалан, камин , бўм-бўш кулбамда,
Шароб, сен совуқ куз дўсти, хамрохи,
Қуй кўксимга шодлик кайфини ҳамда
Ғуссанинг бир нафас унутилган оҳин.
Ғамгинман! Мен билан эмас дўст-ёрон,
Ҳижрон аламида ичардик узоқ,
Чин қалбдан, қўл сиқиб, очардим қучоқ,
Кўп йиллар тилардим севинч беармон,
Бир ўзим ичаман, сокин тасаввур —
Дўстларни атрофдан чорлар дилрабо,
Азизин кутмас қалб, тепмас у масрур,
Яқиндан эшитилмас таниш бир нидо.
Бир ўзим ичаман, дўстларим бугун
Мени эслар Нева бўйларида хам...
Сиздан кўпчиликми у базмда жам?
Кимни йўқотдингиз саноқдан тағин?
Ким дилхуш одатни тарк этмиш дарҳол?
Мангуга кўз юмди орангиздан ким?
Дўстларча йўқловда кимнинг тили лол?
Кимлар кўринмайди? Кимсиз бу базм?
Куйчимиз келмади — сочи жингалак.
Кўзларин чақнатиб, гитарни олиб;
Гўзал Италияда уйқуга толиб —
Ер тагида ётар: ўз тилла андак
Рус қабри устига бирор дўсту ёр
На чизди сўзларнинг лавҳайи бандин.
Мунгли саломимга бир вақт сазовор —
Бўлсин деб, гурбатла шимол фарзанди.
Дўстлар доирасида бормисан ҳамон,
Сен, ёт осмонларга ошиқ-беқарор-.
Ёки жазирама элда сен такрор,
Ё муз денгизила сузасан равон?
Оқ йўл сенга... Лицей бағридан тезда
Кемага ҳатладинг ўйнашгансимон.
Шундан бери сенинг йўлинг денгизла,
О, тўлқин, бўронлар ўғли, жонажон!
Адашган тақдирла сақладинг мангу
Энг яхши йилларнинг илк хулқ-атворин;
Кучли тулқин аро эслайсан барин:
Лицей шовқинлари, эрмак ва кулгу.
Денгизлар ортидан бизга чўздинг кул.
Бизни олиб юрдинг қалбингда фақат,
Дединг: «Балки, узоқ хижронга бир йул
Бизни ҳукм этган сирли шу қисмат!»
Дўстлар, бизнинг гуруҳ нақадар кўркам!
У юрак сингари ажралмас абад.
Оғишмас, эркин ва бепарво, беҳал
Дўстлик илҳоми-ла бўлган мустаҳкам.
Бизни ташламасин қайларга такдир,
Қайга бошламасин иқбол чароғи,
Жаҳон бизга ётдир, ҳамон барибир.
Бизнинг ватанимиз Подшо Қишлоғи.
Элма-эл юрдим мен қувгандек яшин.
Шафқатсиз тақдирнинг измида қолиб.
Янги дўстларимнинг кўксига толиб,
Ҳорғин, эркаланиб қўйдим мен бошим...
Ғамгин ва исёнкор ёлвориб ҳарчанд
Илк йилларнинг содда армони билан
Мен баъзи дўстларга боқдим ихлосманд.
Лек ёвуз саломи кўп аччиқ экан.
Бунда, унутилган хилватда, ҳозир
Совуқ ва бўронли даштда нақадар
Менга хушчақчақлик бўлди муяссар:
Сиздан уч кишини, дўстлар, бирма-бир
Бағримга босдим мен. О, дўстим Пушчин,
Бадарға кулбага сен келдинг илк бор,
Ғамгин қувғин кунни сен этдинг ширин,
Сен лицей кунларин келтирдинг такрор.
Горчаков, бахтлисан илк кундан буён,
Мақтовлар — тасодиф дабдабалари
Ўзгартмади эркин қалбингни бари:
Сен шаъну дўстларга бирдайсан ҳамон.
Турли йўл кўрсатди беомон қисмат.
Ажрашдик ҳаётга қўйганда қадам:
Лекин сўқмоқ йўлда кутмаган фурсат
Учрашдик, қондошдек қучоқлашдик ҳам.
Тақдир ғазабига бўлганда дучор,
Етимдек дарбадар, барчага мен ёт.
Бўронлардан бошим хам бўлиб, ҳайҳот!,
Илҳом жарчисига кўз тутдим бедор.
Сен келдинг илҳомнинг эринчак ўгли,
О. менинг Дельвигим қалб ҳароратин
Узоқ уйқусидан уйғотдинг, балли.
Ташаккурга кўмдим бутун қисматим.
Ёшликдан қўшиқ-ла ёндик яширин.
Ажиб ҳаяжонга берилдик тезда.
Шунда икки муза келарди бизга,
Эркалаб тақдирни этарди ширин:
Мен олқиш-қарсаклар завқини севдим,
Сен, мағрур, куйладинг илҳом, қалб учун:
Умримдан беҳуда кетди санъатим,
Даҳонгни парвариш этдинг сен сокин.
Майда машмашани ёқтирмас илҳом;
Гўзаллик бўлиши керак улуғвор,
Ёшлик ўгитлари, аммо кўп маккор,
Ҳовликма орзулар этади хуррам...
Бир кун ўзимизга келармиз, бироқ —
Кечир. Ортда из йўқ қарасак шу пайт.
Вильгельм, ҳамқисмат ва куйчи ўртоқ,
Биз ҳам ана шундай бўлмадикми, айт?
Пайтидир! Арзимас бутун бир жаҳон
Биз чеккан азобга; тарк бўлсин хато!
Сояга яшириниб яшайлик танҳо!
Кечиккан дўст, сенга кўзим нигорон,
Кел, сеҳрли ҳикоянг оташи билан
Чин кўнгил наклини жонлантир шу чоқ;
Сўзлашайлик Шиллер, шараф ва ишқдан,
Кавказ кунларини эслайлик узоқ.
Менга ҳам пайтидир... дўстлар, базм этинг!
Хурсанд учрашувни сезяпман, рости.
Шоир башоратин унутманг асти:
Йил ўтар, сиз билан бўларман тагин.
Орзу-армонларим топади қарор;
Йил ўтар, сиз билан бўларман тагин,
О қанча ҳайқириқ, кўз ёш шашқатор.
Қадаҳлар кўкларга кўтарилар шод!
Илк қадаҳ, лим тўлсин, ошналарим, ҳей!
Дўстлар шарафига оқ урилсин, оқ!
Сен илҳом париси, димоғлари чоғ,
Бахт-саодат тила: яшасин лицей!
Ёшлигимиз дўсти, пуштипаноҳи,
Тирикми, ўликми — бариси учун
Аламни унутиб, олсак қадаҳни
Яхшилик, фароғат янграр бус-бутун.
Лим-лим тўлдирилсин! Шавқлансин кўнгил,
Яна томчи қўймай оқ урингиз, оқ!
Бу ким учун? Дўстларим, ўйлангиз бироқ...
Ура, шоҳимизга! Шундай! Ичамиз бир йўл.
У инсон! Ҳокимдир унга бир нафас,
У шубҳа, эҳтирос. миш мишларга қул,
Ноҳақ қувғин учун афв этайлик бас,
Парижни забт этди, лицей қурди ул.
Ичингиз, жўралар, хамон бунда биз!
Даврамиз соатлаб нурайди, эвоҳ!
Биров тобутдадир, биров етим, оҳ!
Тақдир шу, сўламиз, кунлар ўтар тез;
Букчайиб, ҳарорат йўқолиб секин,
Яқинлашмоқдадир ҳаёт қирғоғи...
Байрам этар экан ким лицей кунин
Ўзи ёлғиз қолиб кексайган чоғи!
Бахтсиз ошно! Янги авлодлар аро
Бегона, ортиқча, ҳасратли меҳмон,
Кўллари қалтираб кўз юмиб чунон,
Бизни, бу кунларни эслар бенаво...
У қадаҳ кўтариб, майли, бу куни
Роҳатла ўтказсин мунгли бўлса ҳам,
Худди мен қувғинди, бир тутқун уни
Ўтказганим каби беташвиш, беғам.
1825
Рамз Бобожон таржимаси


Қиш Оқшоми

Бўрон, зулмат осмонни тутар,
Қор-қуюнни қилади ўйин,
Дам ҳайвондай бўкириб ўтар,
Дам гўдакдай йиғлар, берар ун,
Эски томдан похол тортади —
Гувлаб, бирдан солади шовқин.
Дарчамизни келиб қоқади —
Дам кеч қолган йўлчидай юпун.
Кўҳна кулбам, кичкина уйим
Ҳам ғамгин, ҳам зулмат қўйнида
Сен нимага, бечора бувим,
Жимжит қолдинг ойнак ёнида?
Чарчатдими бўрон увлаши,
Зерикдингми, бувим, ё эса?
Ё, мудратган дугинг товуши,
Ҳоридингми ёки бўлмаса?
Кел, ичайлик, меҳрибонгинам,
Шўрлик ёшлигимнинг ҳамроҳи,
Қадаҳ қани, ёндиради ғам,
Кел, ичайлик, кетсин дил оҳи.
Куйла менга, қушча ташвишсиз
Нечук яшар денгиз ортида?
Куйла, нечук соҳибжамол қиз
Сувга келар саҳар пайтида?
Бўрон, зулмат кўк юзин тутар,
Қор-қуюнни қилади ўйин.
Дам ҳайвондай бўкириб ўтар.
Дам гўдакдай йиглаб чекар ун.
Кел, ичайлик, меҳрибонгинам,
Шўрлик ёшлик чоғлар ҳамроҳи,
Қани, қадаҳ, ёндиради ғам,
Кел, ичайлик, кетсин дил оҳи.
1825
Миртемир таржимаси


Бўрон

Ҳайқирган бўронда, зулмат ичида.
Қиргоқлар-ла ўйнаб ётганда денгиз,
Оппоқ либос кийган, тўлқин устида
Қоятош учида кўрдингми бир қиз;
Кўрдингми, чақмоқлар ярқираб туриб
Ҳардам ёритганда уни қизғишроқ,
Шамол тинмай, ўзин ҳарёнга уриб,
Унинг ўртуги-ла уча кетган чоқ!
Бўрон зулматида кўркамдир денгиз,
Ҳам зангор жилосиз ярқирар осмон;
Аммо, ўша қоя устидаги қиз
Тўлқиндан, осмондан хам,
Даҳшатли бўрондан ҳам —
Чиройли, инон!
1825
Миртемир таржимаси


Стенька Разин Ҳақида Қушиқлар

1

Волга кўз илғамас, оқади ёйиқ,
Юзиб борар унда тик тумшуқ қайиқ,
Қайиқнинг ичида эшкакчилари —
Казак йигитлари — мард, ёвқур бари,
Учида хўжайин ўзи ўлтирар,
Баҳодир Стенька Разин ўзи бор.
Унинг қаршисида чиройли бир қиз.
Эрон маликаси, кўркам асир қиз.
Боқмас маликага Стенька Разин,
Она-Волга томон қадаган кўзин:
«О, сен. бор бўл, Волга — меҳрибон она!
Гўдакликдан ичдим сув қона-қона,
Аллалаб ухлатдинг узун тунларда,
Қанчалар тебратдинг шўх тўлқинларда,
Мен йигит учунми мудрамадинг сен,
Элимга яхшилик аямадинг сен.
Сенга биз қилмадик ҳали ҳеч сийлов».
Шунда сакраб турди Разин — қўрқинч дов.
Эрон маликасин даст кўтарди-ю —
Тўлқинларга отти. Ботди у сулув,
Шу билан бош эгди она дарёга.

2

Юрди Разин у замон —
Астрахань шаҳри томон,
Юргизар савдо-сотиқ,
Талаб қила бошлади
Воевода кўп тортиқ.
Берди Разин аямай
Шилдираган кимхоблар,
Парча гулли кўп мато,
Ҳам ялтироқ зарбофлар.
Воевола унамас,
Талаб қилар пўстинлар.
Пўстини қимматбахо:
Яп-янги этаклари,
Биттаси қундуз ёқа,
Биттаси нуқул сарсар.
Унга Стенька Разин
Бермади пўстинларин.
«Бер, Стенька Разин, бер,
Яхшиликча ечавер.
Берсанг, берганинг — қуллуқ;
Бермасанг, нақ кўрасан,
Ҳайдайман тақир чўлга.
Осгайман яшил толга,
Осиларсан ўларсан —
Ит пўстини киярсан».
Шунда Стенька Разин
Ботди чуқур хаёлга:
«Хўп, майли, воевода.
Ола қол пўстинимни —
Пасайтир шовқинингни».

3

Бу — на от дупури, одам гавгоси.
На овлоқ даштларда карнай садоси.
Бўкирган, ўшқирган — бу ҳаво, довул.
Гуркирар тўлқинлар, қопланар унг-сўл.
У мени, Разинни чорлар қошига,
Чақирар кўк денгиз томошасига:
«Сен, танти эр йигит, абжир йўлбосар,
Сен, сарсон қароқчи, кайфи чог қайсар
Сен учқур қайиққа дарров ўтиргин,
Ёйиб бўз елканни ел томон бургин,
Сен жадал юр яшил денгиз оралаб,
Мен ҳайдаб келаман уч кичик корабль:
Биринчи кемада олтин тўладир.
Иккинчида нуқул кумуш бўлади.
Учинчисида жонон бир қиз келади».
Миртемир таржимаси


Пайғамбар

Руҳий ташналикда ҳорғин, саргардон,
Зулмат саҳросида кўп санқиб юрдим.
Ҳам олти қанотлик фаришта кўрдим —
Икки йўл устида бўлди намоён.
Енгил бармоқлари — енгил туш каби
Кўзу кипригимга тўқиниб ўтди,
Башорат нури-ла чарақлаб кетди —
Сесканиб, кўз очган бургут қуш каби.
Қулоқларимга ҳам тегиб ўтди у,
Бўлди қулоқларга садо ва шов-шув;
Туйдим мен — ларзада эди осмон,
Малакларнинг баланд учишин кўрдим.
Денгиз махлуқлари юзишар чунон,
Водийларда кўкан сўлишин кўрдим.
У менинг оғзимга ёпишди шу дам,
Гуноҳкор тилимни суғуриб олди,
Каззоб, сафсатабоз эди тилим ҳам.
Жонсиз огзим очиб, ўрната қолди —
Ҳикматли илондан олиб заҳар тил.
Қонли қўли билан дарров исрофил.
Қилич-ла сийнамни этиб чоку чок,
Титроқ юрагимни юлиб олди у,
Ёлқинланган кўмир чўғини шу чоқ
Сийнайи порамга жойлай қолди у.
Даштда ётар эдим мурда мисоли,
Ваҳий тушди кўкдан — тангри мақоли:
«Қўзғал, эй пайғамбар, менга қулоқсол,
Иродам-ла тўлиб ҳақлик таратгил,
Денгизда, тупроқда айлан, айт мақол,
Сўз айтиб инсонлар қалбин ёқа бил.
1826
Миртемир таржимаси


Энагамга

Оғир кунлардаги ягона ҳамдам.
Эй менинг суюкли, кекса энагам!
Хилват қарагайзор гўшасидасан.
Кўпдан буён мени ёлғиз кутасан.
Ўз уйинг ойнаси ёнида ҳамон —
Куйиб-ўртанасан вақт ўтган сайин.
Ажин босган қўллар қимирлар бийрон,
Оҳиста тўқийсан сира қўймайин.
Унутилган эшик сари қарайсан,
Йироқ, хилват йўлга тикасан кўзинг.
Ғусса, андишага дилни ўрайсан.
Кукрагингни эзар, саргаяр юзинг.
Кузингга кўринар, ногаҳон…
1826
Миртемир таржимаси


* * *
Арзанда сипохлар ичида бояр
Шоҳларнинг фикрини ўзга жалб этиб -
Кулги, кўз ёшларни эгаллаб моҳир,
Аччиқ ҳақиқатга ёлгонни чатиб,
Утмасланган тигни қитиқлар, излар,
Боярни шон-шуҳрат сари гижгижлар.
Уларнинг базмига ўзи бир савлат,
Баланд мақтовларга этади диққат.
Тингла зиналарда халқ, у оломон
Вазмин эшикларнинг ортига келиб,
Малайлар итарган ҳолда тиқилиб,
Нарида куйчини тинглайди шу он.
1827
Рамз Бобожон таржимаси


Зар Билан Ханжар

«Ҳамма нарса меникидир»,— деди зар;
«Ҳамма нарса меники»,— деди ханжар.
Зар дедики:— «Барин сотиб оламан»;
Ханжар деди:— «Барин тортиб оламан»
1827-1836
Рустам Комилов таржимаси


* * *
Куйлама ёнимда, о, соҳибжамол,
Грузиянинг ғамгин қўшиғин, ҳайҳот,
Куйласанг, ёдимга тушади дарҳол
Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт.
Ҳайҳот, ҳеч шафқат йўқ бу қўшиғингда,
Хотиримга солар олис саҳрони,
Ҳам ойдин кечада — ой ёруғида
Йироқдаги қизни — шўрлик сиймони...
Азиз, маъсум хаёл чиқар ёдимдан,
Унутилар сени кўрганда, дилдор,
Сен куйлайсан, тағин мен кўз олдимда
Тасаввур киламан ўшани такрор.
Куйлама ёнимда, о, соҳибжамол,
Грузиянинг ғамгин қўшигин, ҳайҳот,
Куйласанг, ёдимга тушади дарҳол
Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт.
1828
Миртемир таржимаси


Анчар

Хасис тупроқ, намсиз, гиёхсиз.
Кунда қовжираган биёбон,
Шунда турар, ер узра ёлғиз,
Анчар — гўё даҳшатли посбон.
Ташна чўлда табиат уни
Ғазабли бир кунла туғаркан,
Шохлардаги ўлик баргини,
Томирин захрила сугорган.
Захар силқиб томиб пўстлоғидан
Кун таптида эриб оқади,
Куюлиб кунботар чоғида
Мусаффо мум бўлиб қолади.
Яқинида қуш қоқмас қанот.
Ундан ҳатто йўлбарс хам қочар.
Гох дуч келиб қора гирдибод
Ажал ҳидин таратиб учар.
Намлаб ўтса бир дайди булут
Унинг нурсиз қора япроғин,
Шохларидан захардай бўлиб
Ўтли қумга сачрайди ёғин.
Аммо унга одамни одам
Йўллади ҳукмрон назар-ла,
Итоат-ла йўл олди у хам.
Эртасига қайтди захар-ла.
Ажал мумин келтирди одам,
Ҳам барглари сўлган бир бутоқ,
Рангсиз, совуқ пешонасидан
Тер оқарди, гўёки булоқ.
Келтирди-ю, бўлди бемажол.
Чайладаги хасга етди-да,
Бечора қул шунда берди жон
Ҳукмдорнинг оёқ остида.
Князь эса ўқлар нишига
Бу захарни суркаб бир маҳал.
Шу ўқ билан ўз қўшнисига —
Ёт элларга ёғдирди ажал.
1828
Асқад Мухтор таржимаси


Гул

Қуриган, хиди йўқ, унутилган гул —
Китобни очаркан кўриб қолдим мен.
Ғалати хаёлга тўлди-да кўнгил,
Паришон термулиб, туриб қолдим мен:
Қаерда ва қачон, қайси бахорда -
Гуллаган? Узоқми? Ким узди экан?
Ёт қўлми, танишми узган нахорла.
Нима учун бу ерга қўйди экан?
Нозик бир висолнинг эсдалигими.
Ёки шум айрилиқ — фироқ ёдгори?
Ёки тинч сахрода, ўрмон соясида
Ёлғиз сайр, томоша хотиралари?
Тирикмикан йигит, тирикмикан қиз?
Шу пайтда уларнинг қайда гўшаси?
Ёки шу қуриган — сўлғин, белгисиз
Гул каби сўлдими хар иккаласи.
1828
Миртемир таржимаси


Қиш Эртаси

Нақадар ажойиб кун; аёз ва офтоб!
Ҳали сен уйқуда, гўзал моҳитоб -
Латофатли дўстим. пайтидир, уйгон;
Очгил нозли сузук кўзларинг секин,
Шимол Аврораси қаршисида сен
Шимол юлдузидек бўлгил намоён!
Ёдингдами, ўтган оқшомги қуюн,
Хира кўкни зулмат қоплайди бутун;
Осмонла нимранг чог ой каби сузар,
Саргайиб боқарди булутлар аро.
Сен ҳам ўлтирардинг гамгин, бемано —
Бугун эса... ойнадан ташлагил назар;
Қуёш нурларидан товланиб минг бор,
Серҳашам гиламдан ётар оппоқ қор,
Чексиз мовий осмон остида кўркам,
Қорайиб кўринар шаффоф бир ўрмон,
Ям-яшил арчалар унда бепоён,
Музларнинг тагида ярқирар сув ҳам.
Ёп-ёруг турарди бутун бир хона,
Каҳрабо нуридан бериб нишона.
Чарсиллаб ёнарди печдаги ўтин,
Мазза хаёл суриш ётиб уринла,
Аммо биласанми: чанага шунда
Бўз отни кушишни амр килаймикин?
Эрталабки қорда сирганиб, толиб.
Учқур от жиловин жуда бўш қўйиб,
Азиз дўстим, елиб борамиз шахдам,
Кезамиз бўшаган далалар сари,
Кун-кеча барглари қуюқ ўрмонни,
Мен учун қадрдон соҳилларни ҳам.
1829
Рамз Бобожон таржимаси


Видолашув

Хаёлимда дилкаш қиёфанг
Эркалайман букун сўнгги бор.
Қалбда умид уйготиб аранг,
Қўркоқ, ғамли ҳузур-ла севгинг
Эсламоқни қилдим ихтиёр.
Ўтиб борар умримиз, йиллар —
Ўзгартириб ҳар иккимизни,
Эндиликла шоирга сендан
Совуқ қабр эпкини елар,
Ва сен учун шоир ҳам сўнган.
Юрагимнинг сўнгги видосин
Қабул этгин, э йироқ жонон:
Гўё бева қолган бир хотин,
Жўнатаркан қувғинга дўстин,
Сукут ичра қучган дўстсимон.
1830
Зулфия таржимаси


Ўсмирга

Совуқ денгиз сохилида тўр ёймоқда балиқчи;
Бола унга қарашмоқда. Балиқчини қўй, ўсмир,
Сени ўзга истиқболлар, ўзга ташвишлар кутар;
Сен ақллар овлагайсан, қарашгайсан шоҳларга.
1830
Асқад Мухтор таржимаси


Шоирга

Шоир! Халқнипг меҳрига хеч тикиб юрма кўз!
Мақтовларнинг ўтажакдир оний шовқини,
Эшитарсан галварс тўда ҳукмини маъюс.
Қоим бўлу, осуда тут кўнгил лавҳини.
Сен подшосан: танхо яша. Эркка буриб юз,
Ҳур идрок-ла топа билгил ҳурлик завқини,
Ардоқлагил хуш ўйларинг самар-шаьқини.
Мардлигинг-чун эхсон кутма, очма бунлан сўз
Ўзингдадир эхсон бори. Сен олий хакам.
Қаттиққўлсан ўз-ўзингга сен барчадан хам.
Кўнглинг тўқми ёзганингдан. эй сохибкамол
Кўнглинг тўқми? Майли, авом койиса уни.
Булгаса-ю, шаънинг ёнган меҳроб юзини.
Минбарингни ўйин қилса болалар мисол.
1830
Муҳаммад Али таржимаси


Акс Садо

Ўкирарми ўрмонда хайвон,
Чалинарми бургу ногаҳон,
Гулдурарми момақалдироқ,
Куйларми қиз адирда ногох,
Майли, қандай ун,—
Сен қўшасан жавоб. акс садо,
Ҳавода тўлқин.
Гулдураклар гулдурашига,
Тўлқинларнинг гуркирашига.
Бўронларга соласан қулоқ.
Ҳам чўпонлар ҳой-ҳой товушига
Жавоб ҳозир;
Сенга жавоб — ун йўқ... Ўшандоқ
Сен хам, эй шоир!
1831
Миртемир таржимаси


Булут

Бўронда тарқалган, эй сўнгги булут!
Ёлгиз сен чопасан кўкда шу минут;
Ёлғиз сен ташлайсан мунгли кўланка,
Шодмон кунда ғамгин ёлғиз сенгина.
Боя сен куршовдинг осмон юзини,
Ўровди даҳшатли чақин ўзингни;
Сен — сирли, ваҳмали гулдирадингу,
Ташна ер қўйнига тўлди ёмғир-сув.
Бас, бўлди, тарқалгин! Фурсатинг ўтди,
Ер салқин ва тоза; бўрон ҳам кетди.
Шамол ҳам эркалар тол баргларини,
Тинч кўкдан нарига ҳайдашди сени...
1835
Миртемир таржимаси


* * *
...Яна келдим
Ёруғликнинг бу гўшасига,—
Сезилмаган у икки йилни
Кувғинликда кечирган жойга.
Ўн йил ўтди ўшандан бери,
Менинг учун ушбу хаётда
Кўп ўзгариш бўлди. Узим хам
Бўйсуниб бу умум қонунга,
Ўзгаргандим,— бу ерда тағин
Ўтмиш қучар дафъатан мени.
Кеча юрдим шекилли сарсон
Бу толзорда...
Мана ғариб уй —
Энагам-ла бунда яшардим.
У йўқ энди, девор ортида
Эшитилмас оғир қадамлар,
Кечалари бошим устида
Ўтирмайди бўлиб парвона...
Мана толзор тепа, кўпинча
Қимирламай ўтирардим мен.
Боқар эдим кўлга шу ердан —
Эслар эдим хасратга чўмиб,
Ўзга қирғоқ ва тўлқинлар...
Олтин дала, яшил сайхонлар;
Ўртасида ёйиқ, кўм-кўк кўл;
Ажиб суви узра балиқчи
Судраб юзар тўзган тўрини.
Ён бағрида, кўл қирғоғида
Кўринади тарқоқ қишлоқлар.
Ундан нари қийшиқ тегирмон —
Қанотини зўрға кўтарган.
Айланади шамол зарбида.
Бобо мулки чегарасида.
Тоққа томон йўл чиққан жойда
Ёмғир ювган учга қарагай.
Бири турар танҳо нарида.
Иккисининг ораси яқин;
Ойдин, ёруғ кеча қўйнида
Мен ўтганда булар ёнидан,
Баргларининг шитирлашлари,
Таниш садо қутлаган мени...
Ўша йўлдан ўтдим яна мен.
Яна кўрдим қарағайларни.
Кўз олдимда... Хамон ўшалар,
Ўшаларнинг ошна шарпаси.
Аммо, кўхна илдизларининг
Ён-верида яйдоқ ерларда
Ёш новдалар ўсипти хозир,
Тўп яшиллик; қалин шохлари -
Соясида чўзишибди бўй.
Гўё унинг болаларидай...
Нарида бу қарагайларнинг
Битта дўсти хўмрайиб турар,
Эски бўйдоқ, сўққабош танхо
Илгари бир кўрганим каби
Апланаси бўш.
Салом, салом —
Эй, нотаниш навқирон насл
Мен кўрмасман сенинг қудратинг
Камолотинг сўнгги замонда
Менга ошна қарағайлардан
Юксалганда, ўзиб ўтганда;
Менга ошна қарагайларнинг
Бошларига соя тўкканда,
Утганлардан беркитганингда,
Мен кўрмасман. Бироқ неварам
Дўстона бир сухбатдан қайтиб.
Хурсанд. ширин фикрга тўлиб
Ёнингиздан тунда ўтганда,
Саломлашган шовқинингизни
Эшитар ва хотирлар мени...
1835
Миртемир таржимаси


Петр Биринчининг Базми

Кемаларнинг ранг-баранг туги,
Ҳилпирайди Невада узоқ;
Эшкакчилар аҳл қўшиғи
Қайиқлардан тарқалар янгроқ,
Шох қасрида катта зиёфат;
Меҳмонлар маст, сўзда шов-шув бор.
Тўп отишдан Нева ҳам беҳад
Зилзилага келди шиддаткор.
Нега бундай базму зиёфат
Берар экан Питербургда шох?
Тўп ўкирар жамулжам улфат,
Эскадра дарёда ногоҳ?
Янги шон-ла нурга тўлдими.
Рус найзаси, руснинг ялови?
Ғаддор швед маглуб бўлдими?
Сулҳ сўрарми қаттол бир ёви?
Ё шведни қувлаган элга
Брант қурган кўхна бот келди,
Бобосини кутгали йўлга —
Бир оила ёш флот елди,
Ва жанговар набиралар хам
Шу кексанинг ёнида турди,
Фан шарафи учунми шу дам
Қўшиқ янграб, тўплар ўкирди?
Ё Полтава шонли йиллигин
Зўр тантана қиларми шодон,
Рус подшоси давлатин, элин
Шу кун Карлдан сақлаган омон;
Ё туғдими Екатерина?
Ё қора қош, сулув хотини,
Мўъжизалар кашф этган сийна,
Тугилганми ўзи шу куни?
Йўқ! Афв этар у фуқарони;
Гуноҳкорга қуйиб зўр гуноҳ,
Хурсандчилик этар бу они;
Кўпиради у билан қадах,
Қалб ва юзи сочар эди нур,
Манглайидан ўпади мана;
Ёвни мағлуб этгандек мағрур,
Афв этганин қилар тантана.
Шунинг учун бу улфат, шовқин,
Питербургда шоҳ базм қурар,
Тўй ўкирар, музика бутун,
Эскадра дарёда турар,
Шунинг-чун бу қувончли соат
Шоҳона жом тўла, жарангдор,
Тўп отишдан Нева ҳам беҳад
Зилзилага келди шиддаткор.
1835
Рамз Бобожон таржимаси


* * *

Exedi Monumentum

Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга.
Халқнинг келар йўлини майса-ўтлар қилмас банд:
У магрур қад кўтарди бош эгмасдан таъзимга.
Александр қуббасидан ҳам баланд.
Йўқ, бутунлай ўлмайман — қалбим яшар лирамда,
Тупроғим-ла чиримай, яшайди у то абад.
То бирон шоир-поир қолар экан оламда,
Мени сира тарк этмайди шон-шуҳрат.
Овозим-ла чулғанур поёни йўқ улуғ Русь,
Ундаги барча эллар мени ёдлайди ҳар дам.
Магрур славян насли, бугунги авом тунгус,
Фин халқию дашглар дўсти қалмоқ ҳам.
Узоқ замон халқ меҳрига бўлажакман мушарраф,
Чунки, рубобим билан эзгу ҳислар туғдирдим.
Шу ёвуз замонамда куйладим эркни мақтаб,
Хор-зорларга ачинмоққа чақирдим.
Тангри ҳукмидан чиқма. эй илҳомим париси,
Ранжида хотир бўлма, тожу гулчамбардан кеч,
Лоқайд қабул эта бер мадҳу туҳмат барнсин.
Аҳмоқ билан эса ўчакишма ҳеч.
1836
Рамз Бобожон таржимаси


Санъаткорга

Ҳам ҳазин, ҳам шод кираман корхонангга, санъаткор:
Мармар сенга итоатчан, гипсга жон берасан:
Қанча худо, малак, ботир... Зевс — чақмоқ тангриси
Мана Сатир най чалади ер тагидан тикилиб.
Ишни бошлаб берган Барклай, шон келтирган Кутузов.
Бу Аполлон — орзу-умид, Ниобея — ғам-ғусса...
Шодман. Аммо шунча жонсиз мўътабарлар ичида
Хафаҳолман: ёнгинамда йўқдир мсҳрибон Дельвиг;
Санъатдўсти, кенгашчиси қора гўрда ётипти.
Бўлса Сени қучар эди! Фахр этарди сен билан!
1836
Асқад Мухтор таржимаси


Шеър Тўқувчи Дўстимга

Арист! Сен хам кўплардай топинибсан Парнасга!
Тез эгар урмоқчисан асов. қайсар Пегасга:
Гултож учун шошасан хавф-хатарга боқмасдан,
Беаёв танқид билан жанг бошлайсан қўрқмасдан!
Арист, менга ишону, қоғоз, қаламдан воз кеч;
Сой, ўрмон, мозорларни олмагин ёдингга хеч;
Шумшук тизмалар тўқиб, ишқда ёнмай қўя қол;
Тоғдан қуламай туриб, тезроқ пастга туишб ол!
Сенсиз хам шоирлар кўп, тағин чиқар, бўлмас кам,
Шеърлари нашр этилару дарров унутар олам.
Эҳтимол, шу топда хам шовқин-сурондан йироқ,
Тентак бир ҳавас билан умрбод бўлиб иноқ.
Мактабнинг панасида яширингандир биронта.
Янги «Телемахнома» улғайтар ўзга ота...
Бемаъни тизмачилар тақдиридан қўрқ зинхор,
Бемаза шеърлар тўқиб беришар бизга озор!
Авлодлар ҳурматига шоирлардир сазовор:
Пиндда гултож мўл, лекин чақиртиканак хам бор.
Шарманда бўлишдан қўрқ! Гап етиб Аполдоша,
Маълум бўлса сенинг хам чиққаннш Геликоша,
Жингалак сочли бошин чайқаб туриб, дарғазаб,
Сенинг дахонгга калтак сийлов қилса, не ажаб.
Қалай? Қовоғинг солиқ, жавоб айтишга шайсан.
Биламанки: «Ортиқ гап не хам даркор.-— дегайсан.
Мен раъйидан, сўзидан қайтувчилардан эмас.
Билгил. бахтим ёр бўлиб, рубоб танладимми, бас;
Олам, майли, дейверсин мен тўғримда не деса,
Аччиғлан, койи, бақир,— ёзаман шеър мен эса».
Арист! Қофиябоз — бу шоир деган гап эмас,
Тинмай ёзганинг билан биров уни шеър демас.
Яхши шеър яратмоқлик осон эмас унчалик,
Яъни французларни Витгенштейн енггунчалик!
Аммо рус элин фахри — уч санъаткор, уч устоз,
Дмитриев, Державин, Ломоносов — уч шоввоз —
Кўп донишманд бўлишган ва бизга қилган хитоб;
Дунёга келар-келмас ўлади қанча китоб!
Қофиябозлар талай, сафсата яратади,
Китоб дўконларида бари чириб ётади;
Пуч гапларни ким ўқир, қолиб кетар ҳаммаси,
Ҳаммасига босиғлиқ Фебнинг лаънат тамғаси!
Фараз қилайлик, Пиндга чиқиб оларсан хушбахт.
Шоир аталишга хам хақли бўларсан у вақт,
Завқ билан ўқимоққа тушар сени эл бутун.
Лекин сен ўйлайсанки, шоир бўлганинг учун
Оқиб кела беради бойликлар дарё-дарё,
Мамлакат сенга қарам бойлик зўридан гўё,
Пўлат сандиқларингда сақланар олтин, кумуш,
Еб-ичасан, ухлайсан, осойишта — кўнгил хуш!
Шундайми?! Йўқ, азизим! Шундаймас, бари бекор;
Ёзувчи манглайида на мармар кошона бор,
На олтин тўла сандиқ!.. Шоир бой бўлмас бундоқ:
Ер тагида ертўла, баланд ташландиқ чордоқ —
Мана ёзувчиларда кошона, ёруғ заллар,
Шоирни ҳамма мақтар, лекин боқар журналлар;
Фортуна ғилдираги ёндошмайди бутунлай,
Дунёга юпун келиб, Руссо ўлди юпундай.
Гадолар кунатғаси Камоэнс ётоғида,
Костроь ўлиб кетган аллаким чордоғида,
Аллакимлар кўмдилар: улар кечирган турмуш -
Қайғулардан иборат; юксак донглари — бир туш!
Чамамда сен шу маҳал ботдинг андак хаёлга:
«Ўзи нима гап,— дейсан,— ўхшаб нақ Ювеналга,—
Жиддий ҳукмлар айтдинг, ном-баном, бўлак-бўлак,
Поэзия ҳақида фикр юргиздинг андак;
Парнас ҳамшираларин гапга унатолмайин.
Шеърий ваъз айтиш учун келибсан-да атайин?
Жиннимисан, соғмисан? Нима бўлди ўзингга?»
Арист, кўп гап не ҳожат, жавобим шу сўзингга:
Эсга тушди, қишлоқда яшар эди битта чол,
Ўзи художўй эди, оқарганди соч-соқол,
Қўни-қушниси билан тотув эди. тўқ эди,
Ундан ўтар донишманд шу атрофда йўқ эди.
Бир кун никоҳ тўйидан келар эди кеч оқшом,
Андаккина маст эди, бўшатганди талай жом,
Йўл-йўлакай дуч келди бир талай содда деҳқон:
«Гуноҳкор бандалармиз, йўл кўрсатгин, тақсиржон.
Гап шуки, бизга-ку сен ичгани йўл бермайсан.
Ҳушёрликка ундайсан, буюрасан, тергайсан,
Биз сенга ишонамиз; бугун сен ўзинг, лекин...»
«Тўхтанг,— деди художўй қишлоқиларга секин,—
Умр кўринг, черковда айтганимдан жилманг ҳеч.
Айтганимни қилингу, қилганимни қилманг ҳеч!»
Сенга ҳам мана шундай жавоб беришим даркор,
Ўзимни окламоқчи эмасман зинҳор, зинҳор:
Бахтлидир шеър тўқишга ҳаваси йўқ ҳар киши,
Умрини ўтказар тинч, бўлмас ғами ташвиши.
Кетма-кет ода ёзиб, журналларга қилмас жабр,
Бадиҳа устида ойлаб ўтирмас, бесабр,
Сайр қилишни ёқтирмас у юксак Парнасда ҳам,
Изламас пок музалар, учмас шўх Пегасда ҳам,
Қалам тутган Рамаков унга мудҳиш сўз демас,
У — тинч ҳам хушвақт. Арист, чунки у шоир эмас!
Лекин гап чўзилди-ку, зериктирмайин, дейман,
Сатирик қалам билан азоб бермайин дейман,
Азизим, гапим адоқ, кенгаш бердим сен учун.
Найингни чаласанми, ё йўқ — ҳал этгин бугун?..
Ўйлаб кўр, қайси маъқул, ўзинг сайлагин, бироқ:
Довруқ олмоқ яхши-ку, тинч яшамоқ яхшироқ!
1814
Миртемир таржимаси


Жудолик

Соя-салқин лицей хилватгоҳи,
Улфатимиз шеърларимни тинглар сўнгги бор.
Лицей ҳаётининг дилкаш ҳамроҳи.
Бу — сен билан сўнгги лаҳза кўришмоқ дийдор,
Биргалик йиллари қолди орқада:
Аҳил улфатимиз тарқалар.
Хайр! Омонда асрагай худо,
Ўз эркингдан бўлмагин жудо.
Фебдан ҳам ажрама, азиз биродар!
Умидли, кувончли, тотли муҳаббат,
Мен кўрмаган севги маҳрингга тушсин:
Умрингнинг кунлари осойиш ва бахт
Қўйнида туш каби учиб ўтишсин!
Хайр! Қайда бўлсам: қонли жангдами,
Азиз дарё бўйи, тинч ялангдами,
Муқаддас дўстликка содиқман ҳар вақг,
Барча (тақдир эшитарми тилакларимни?)
Барча дўстларингга йўлдош бўлсин бахт!
1817
Асқад Мухтор таржимаси


* * *
Яхши қол, қадрдон яшил ўрмонзор!
Яхши қол, қайғусиз дала қучоғи!
Сиз ҳам, эй тез учган хушвақт бахтиёр
Кунлар — енгил қанот эрмаклар чоги!
Хайр, Тригорское, шодмон ҳаётим,
Мудом хушвақт кутган севикли диёр!
Сизга ўргандим мен, тузингиз тотдим,
Наҳот, айриламан мангуга такрор.
Сиздан эсдаликлар олиб кетаман,
Лекин қолдираман сизга бу қалбим.
Бир кун (ширин хаёл!) — тағин қайтарман
Оромбахш далангиз қўйнига, балким.
Юрарман жўказор сояларида,
Мен дўстона эркка бош эгувчиман,
Қия тепаларнинг ораларида —
Ақл,гўзалликни хўп севгувчиман.
1817
Миртемир таржимаси


Чаадаевга Атаб

Севги, умид, жимжит шон ушоқлари
Эрмак бўлолмади бизга кўп замон,
Ўтди ёшлигимиз овунчоқлари
Гўёки туш, гўё тонгдаги туман:
Аммо ёнар ҳали бизда иштиёқ,
Ёвуз бу салтанат қилса ҳамки жабр,
Қалбимиз талпинар бетоқат, бесабр.
Ватан даъватига соламиз қулоқ.
Ошиқ йигит ширин висол дамини
Зориқиб кутгандай, бўлиб нигорон —
Муқаддас озодлик минутларини
Ишонч-ла кутамиз энтикиб ҳамон.
Қали эрк майлида ёнар эканмиз,
Юрак ҳаёт экан номусга-шонга:
Дўстгинам, ватанга жонни тикканмиз,
Кўнгил орзулари фидо ўшанга!
Ишон. шубҳа қилма, келар у замон,
Балқар бахт юлдузи — дилбар ва порлоқ!
Россия уйқудан уйғонар, инон,
Шоҳлик вайронаси устига, ўртоқ,
Ёзилажак бизнинг номлар бегумон.
1818
Миртемир таржимаси


N. N.

«
В. В. Энгельгардтга
»
Эскулапга чап бериб қолдим,
Ориқман, тақирбош, лекин саломат;
Азоб панжасидан қутулиб олдим,
Бошгинамдан кетди оғир маломат;
Приапнинг қувноқ ҳамроҳи соғлиқ
Ҳам уйқу, ҳам фароғатли дам
Яна худди илгаригидек,
Оддий, тор кулбамга қўйдилар қадам.
Кел, чала беморни юпатгин сен хам!
У сени кўрмакка жуда интизор,
Сени, қонунлардан холис, бахтиёр,
Пинднинг танбал фуқаросини.
Озодлик ва Вакхнинг содиқ фарзанди.
Венеранинг мухлис дилбанди,
Айши фарогатнинг соҳиби, сени!
Пойтахтнинг бекорчи ташвишларию
Неванинг соп-совуқ гўзаллигидан,
Нодонларнинг чиркин миш мишларию
Шунча хил зиқналик безорлигидан
Қўрғонлар, ўтлоқлар чорлайди мени.
Боқчаларнинг яшил салқини,
Дала-даштда дарё соҳили
Ва эркин қишлоқлар чорлайди мени.
Қўлингни бер. Бораман ўзим
Ғамгин сентябрнинг аввалларида:
Яна биргалашиб қурамиз базм,
Бу ернинг патталик малайларидан.
Тентагидан, амалдоридан
Очиқ кўнгил билан сўзлаб қолармиз.
Сўзларимиз осмон ҳукмдоридан,
Гоҳо ердагисин тилга олармиз.
1819
Асқад Мухтор таржимаси


* * *
Кундуз машъаласи секин сўнаркан,
Зангор денгизга тушар кечалик туман.
Шовқин сол, шовқинлар сол, итоатли оқ елкан,
Тўлқинлар от тагимда, ғазабнок океан.
Кўзимга кўринади олис у қирғоқ.
Жануб далалари — сеҳрли диёр:
Ғуссалиман, жўшқинман, шодман бу чоқ,
Мени сархуш этгулик хотиралар бор...
Пайқайман: кўзларимда яна ёш кўринади;
Ошна хаёлларим учишар айланамда;
Қалбим бир туғён этиб яна дарров сўнади.
Кечмиш, у тентак севги эсга тушар бу дамда —
Саёқ йиллар, бутун ғам, суюкли ҳар не боркан,
Орзулар, умидларим алдагани беомон...
Шовқин сол, шовқинлар сол, итоатли оқ елкан,
Тўлқинлар от тагимда, ғазабнок океан.
Кема, уч, етказ мени тезроқ у олис ёққа;
Алдоқчи зўр денгизнинг тахликали майлича,
Ёндаша кўрма фақат гамгин — таниш қиргоққа,
Туманли ватанимга ёндаша кўрма пича,
Қайноқ ҳирсим даставвал ёлқинлар ила тулган,
Сезгим ва орзуларим ўтлай ёнган ерларга.
Нозли музалар сирли ва юмшоқ кулган,
Сузук боқишларини багишлаган ерларга, —
Яқинлашма, ёндашма ёшлигим тор-мор қилган,
Бўронларда эртароқ сўлган, сўнган ерларга.
Енгил қанот севинчим менга вафосиз бўлган,
Юрагим совуқ ҳасрат-гамда қолган ерларга...
Мен янги таассурот излаган йўловчиман.
Сиздан қочдим ватаним — суюкли аймоқларим;
Сиздан қочдим, эй, фақат завқ-шавқ аллалаган,
Бир дамлик ёшликдаги бир дамлик ўртоқларим,
Сиз ҳам эй, муҳаббатсиз ўзимни қурбон этган,
Шошқин хаёлларимнинг, эй, озғин сирдошлари,
Тинчлигим, шоним, эрким, юрагим эгаллаган
Ёшлигимнинг вафосиз, минутлик тутошлари.
Барчангизни унутдим... Олтин баҳорларимнинг
Сирли эй, сирдошлари, сизни-да унутганман.
Аммо юрагимдаги ўша эски ярамга,
Чуқур севги дардимга ҳеч нарса бўлмас дармон...
Шовқин сол, шовқинлар сол, итоатли оқ елкан,
Тўлқинлар от тагимда, хўмрайган океан...
1820
Миртемир таржимаси


* * *
Учишган булутлардан бўшаб қолди кўк юзи;
Эй сен қайкули юлдуз, эй сен оқшом юлдузи,
Сўлғин дала, биёбон шуълангдан кумуш бўлди,
Қора қоя, мудраган кўрфаз ҳам нурга тўлди;
Милтиллаган нурингни севаман ҳақиқатан,
Ухлаган ўйларимни уйготди у қайтадан.
Водийлар адил-бўйчам тераклар билан тўлган,
Нозик, умрбод яшил дарахтлар мудраб турган.
Жанубнинг тўлқинлари дардли шовқинлар солган,
Ҳар нима кўнгилларга ёқимли ва хуш бўлган —
Тинч ва сокин ўлкада — суюмли, ёруғ юлдуз,
Порлашингни ёдимда саклаб юраман ҳануз.
У ерларда бир кезлар самимий ўй сурардим,
Эринчак хаёлларда денгиз бўйлаб юрардим,
Кулбаларни қучганда кечанинг сояси жим,
Коронгида изларди соҳибжамол қиз сени,
Қизларга кўрсатарди сенга тақиб исмини.
1820


Ханжар

Ўлмас Немезиданинг қўли учун тиргакмиш
Сени Лемносс худоси,
Эркнинг махфий посбони — қасоскор ханжар мудҳиш —
Хўрлик ва ҳақоратнинг сўнгги ҳукмфармоси.
Зевс яшинлари жим, қонун қиличи мудроқ
Ерларда лаьнатлар, умидлар яратасан.
Сени асрар шоҳона у сарполар панароқ,
Сен тахт кўланкасида яшириниб ётасан.
Ёвузнинг кўзларига ярқирар бу тилсиз тиғ.
Жаҳаннамнинг шуьласи, тангри чақмоги янглиг,
Хам ёвуз титраб кетар, аланглар ҳарён
Ўз базмида ногаҳон.
Кутилмаган зарбаларинг уни топар ҳар жойда,
Черковда-ю, чодирда, қуруқликда ва сувда,
Сирли қулфлар урилган сирли уйда — ҳар
қайда,
Оилада ёки ширин уйқуда.
Эзгу Рубикон шовлар Руми Қайсар3 остида,
Олампаноҳ Рим қулаб, қонун эгди бошини,
Аммо эрк севган Брут кузғади исён:
Ханжар, яна қон тўкдинг — у ҳам ўлик тусида —
Қучолмайди виқорли Помпей мармар тошини.
Исён насли кўтарар қаҳр-газаб ғулғуласи,
Лаънати, қарғиш теккан қонли — баднамо —
Эркинликнинг у бошсиз қолган танаси
Устида бадбашара бир жаллод бўлди пайдо.
Ўлимлар пайғамбари1 чарчаган дўзахларга
Бармоқлари-ла қурбон белгиламишдир.
Сени ва Эвменида бибини нақ уларга
Тангрининг ўзи тўғри юбормиш — йўлламишдир.
Эй ёш ҳақиқатпарвар, Румлик сайлаган одам,
Эй, Занд, сенинг асринг ҳам жазонинг
сиртмоғида
Сўнди, аммо муқаддас, фазилатли, шан одам,
Товуши қолиб кетди бу жазо тупроғида.
Германиянгда мангу шарпа бўлиб қолдинг сен,
Жиноий қувватларга офату хатар.
Карл Занднинг тантанали қабрида —
Ёнади бехат-беёзув ханжар.
1821
Миртемир таржимаси


Аломатлар

Турли-туман аломатни кузат ҳар қачон,
Ёш болалик йилларидан подачи, деҳқон,
Кўк ғарбида кўланкага кўз ташлаб бир дам,
Олддан айтар шамолни ҳам, очиқ кунни хам;
Айтар дала баҳрин очар ёмғир шарросни.
Узумларга хавфли бўлган эрта аёзни.
Агар оқшом оққуш сузиб тинч сувда юрса.
Келишинглаб хабар бериб, қичқириб турса,
Ёки гамгин булутларга ботса қуёш-нур,
Билки, эрта уйғотади қизларни емғир,
Ё урилар дарчага дўл: тонгда қишлоқи -
Шайланаркан ўриш учун бўлиқ бошоқни.
Бўронларни эшитиб у чиқмайди ишга,
Яна қайта икковлашиб бошлар мудрашга.
1821
Рамз Бобожон таржимаси


* * *
Кечирармикансан, орзумдаги рашк,
Ишқдаги бу сифат телба ёнишни?
Содиқсан! Не учун севасан, яккаш —-
Фикру хаёлимга қўрқув солишни.
Жазманлар қуршаган сенинг атрофинг,
Кўринмак истайсан барчага дилбар.
Гоҳ мунис, гоҳ маъюс сенинг нигоҳинг
Ҳаммага нечун пуч умид бахш этар?
Ақлимни банд этиб, ўзимни мафтун,
Бу бахтсиз севгимга ишончинг комил,
Кўрмайсан, шовқинли гурунгда бутун
Суҳбатга бегона, изтиробда дил. —
Танҳолик ҳасратин чекаман толиб,
Маҳрумман илтифот ва шафқатингдан...
Кетмоқчи бўламан: қўрқиб, ёлвори
Кўзларинг қидирмас менинг изимдан.
Ишвали сўзлар-ла қилмоқбўлиб ром,
Мени гапга тутиб қолса бир жонон. —
Сен бегам, осуда; қувноқсан мудом,
Бу таънанг мен учун ўлимдан ёмон!
Гапир-чи, не учун менинг рақибим,
Мену сен — икковни кўраркан хилват,
Сенга нечун сирли қилади таъзим?..
Айт-чи, ким берипти бунга ижозат?
Сўйла-чи! Не учун тўлганар рашкда,
Не учун оқарар жамолинг кўриб?
Не учун кун ва тун ўртаси пайтда
Онангсиз, сен танҳо оласан кутиб?!
Лекин мен севимли... Мен-ла қолганда
Шу қадар муниссан, шу қадар дилдор!
Бўсанг ўт! Сен ишқдан суҳбат очганда
Самимий юрагинг этилар изҳор!
Сенга кулгилидир мендаги азоб
Ва лекин севасан етади ақлим.
Азизим, қийнама, ҳеч қолмади тоб.
Билмайсан, нақадар кучлидир ишқим,
Билмайсан, қандай зўр менда изтироб.
1823
Зулфия таржимаси


* * *
Тун ели ғир-ғир
Таратур сехр.
Келар,
Елар
Водийул Кабир.
Зар тусли ой чиқди кўк аро,
Сукунат... О... гитара янграр...
Ёш испан қиз балконда танхо
Панжарага суяниб қарар.
Тун ели ғир-ғир
Таратур сехр.
Келар,
Елар
Водийул Кабир.
Рўмолингни ташлаб бу чоғда
Кун мисли кел, ҳой қизгина, қиз1
Панжарани қолдириб доғда
Нозиккина оёғинг ўткиз!
Тун ели ғир-ғир
Таратур сехр.
Келар,
Елар
Водийул Кабир.
1824
Муҳаммад Али таржимаси


Чаадаевга

Ахир, бу бачкана гумонлар нечун?
Инондим бутун:
Бу жой қўрқинч эхром бўлмиш бир замон,
Бунда қонга ташна тангрилар учун —
Тутундай бурқиган қурбонлик ва қон:
Ёвуз Эвменида хусуматлари
Шу ерда тугалиб — бўлмиш хотиржам;
Қўлини узатмиш оғаси сари —
Шу ерда Таврида даракчиси ҳам:
Дўстликнинг муқаддас ахди, шукуҳи —
Вафо расмин қурмиш бу вайронада,
Ғурурланмиш улуғ тангрилар руҳи -
Уз ижодларидан шу бутхонада.
Чаадаев, ўтмиш хотирингдами?
Яқиндайди ёшлик шавқлари билан
Ўйлардимки машъум — мудҳиш исмни
Узга хароботга топширмоқни ман.
Бўронлари тинган қалбимда. бироқ,
Танбаллигу сукут топибди қарор,
Дилим жўшқин меҳру илҳомга иноқ.
Эзгу дўстлигимиз топишга такрор
Исмларимизни ёзаман, ўртоқ.
1824
Миртемир таржимаси


Шон-Шуҳрат Орзуси

Тиз чўкиб қошингда тилсиз бир нафас
Фароғат, ишқ билан бўлганимда маст,
Кўз ташлаб ўйладим: севгилим жонон,
Шуҳрат истадимми, бу сенга аён;
Биласан, беқарор дунёдан кетиб,
Ҳовлиқма шоирлик номин тарк этиб,
Бўронлардан чарчаб солмадим қулоқ,
Ғўнғиллаган мақтов, ғийбатга бироқ,
Миш мишлар соларми қалбга ҳаяжон,
Қиё боққанида бўлиб нигорон,
Бўйнимга чирмашиб, шивирлаган пайт:
Севасанми, жоним, бахтлимисан, айт?
Севмайсанми ўзга ёрни менсимон?
Унутмайсанми, айт, дўстим, ҳеч қачон?
Мен эса, уялиб турар эдим лол,
Завқларга ғарқ бўлиб, сурардим хаёл.
Келгуси даҳшатли жудолик дамлар —
Бўлмайди... қандай ҳол? Кўз ёши, ғамлар,
Бўҳтон, бевафолик бошимга бари
Бирдан ёпирилди... қайдаман? Қани?
Чўлда яшин урган йўлчидай шу вақт —
Тураман, кўз олдим зим-зиё беҳад.
Ҳозир менда янги орзу азоби:
Шон-шуҳрат истайман, истайман, токи —
Номимни эшитиб қол таажжубда,
Сенга дуч келай мен ҳамма тарафда.
Баланд овоз билан бутун нарса ҳам
Мен ҳақда сўйласин, куйласин кўркам,
Вафодор оҳангни куйлаб осуда,
Боғчада, кечаси тим қоронғуда,
Ҳижрон пайти сўнгги ёлворишим у,
Сенинг хотирангдан чиқмасин мангу.
1825
Рамз Бобожон таржимаси


... га

Эсимдадир ажиб дам ҳали:
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Пок гўзаллик даҳоси каби,
Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон.
Ғам-аламдан дилим ёнганда
Тушларимда кўрдим чеҳрангни
Ҳаётдаги бўм-бўш суронда
Келиб турди товшинг жаранги.
Йиллар ўтди. Исён бўрони
Хаёлларим совурди дилдан.
Ва унутдим дилбар садонгни,
Ўчди азиз чеҳранг ёдимдан.
Қувғунликнннг чангида нурсиз
Ғамга тўлиб кунларим ботди;
Худо, илҳом ва кўз ёшисиз,
Ишқ, изтироб ҳаётсиз окди.
Мана, қалбга ошно бўлди най,
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Гўзалликнинг соф парисидай,
Бир лаҳзалик ажиб тушсимон.
Руҳим яна уйғонди бу дам,
Яна унда тирилди нажот;
Яна дилда худо ва илҳом,
Кўз ёшию муҳаббат, ҳаёт.
1825
Зулфия таржимаси


* * *
Агар сени алдаса ҳаёт
Сен ноумид бўлма ҳеч қачон.
Ғамли кунга қилгин итоат.
Хушнуд кунлар келади, ишон!
Қалб келажак ишқи-ла яшар;
Бу кунимиз қайғу ва доғли:
Бари оний, ўтишга шошар,
Ўтган эса, ҳамиша тотли.
1825
Зулфия таржимаси


Бохус Қўшиғи

Нимадан тинди, ҳей шодумон овоз?
Янгра, бохусона қўшиқ, янгроқ соз!
Бор бўлсин сарвиноз қизлар, жононлар!
Бизни назокат-ла севган жувонлар.
Қани, қадаҳларни тўлдира бошланг!
Жаранглаб турсин,
Бода кўпирсин —
Ноёб узукларни тагига ташланг!
Кўтаринг бир йўла, сипқарайлик оқ,
Бор бўлсин музалар, бор бўлсин идрок!
Сен, эй эзгу офтоб, порла ёрқинроқ!
Ёруғ тонг отганда, мана бу чироғ,
Ранги ўчиб, лип-лип сўнганисимон.
Сохта донишмандлик сўнар беомон —
Порлоқ ақл қуёши олдида албат.
Бор бўл, эй офтоб, йўқол, эй зулмат.
1825
Миртемир таржимаси


* * *
Қонимда ёнади орзу оташи,
Сен менинг дилимга солдинг жароҳат;
Бўса ол шаробу болдан ҳам ширин
Сенинг бўсаларинг, бағишлар роҳат.
Кел, меҳру севги-ла бошимга эггил,
Беисён, оромда тин олсин жоним:
Қувноқ кун ботгунча уфққа енгил,
Қуюлгунча туннинг туманлари жим.
1825
Зулфия таржимаси


Вяземскийга

Қадим жон офати — денгиз шунчалик
Оловлантирдими даҳонгни сенинг?
Мадҳ этдинг сен олтин лирангни чалиб
Нептуннинг даҳшатли паншахасини.
Мадҳ этма. Бу бизнинг бадбин даврда
Ерга иттифоқдош у кекса Нептун.
Одам — барча бебош олағовурда
Ё золим, ё хоин ва ёки тутқун.
1826
Асқад Мухтор таржимаси


Язиковга

Язиков, сенга ким бахш этди илҳом
Бу шўхчан номани ёзмоқлик учун?
Бунча ҳазилкашсан, бунча меҳрибон,
Бу қадар тошибди ҳисларинг, кучинг,
Жўш урган ғайратинг бунча навқирон!
Йўқ, сен ўз созингни қониб сугорган
Касталь чашмасининг сувлари эмас;
Сенга бошқа ердан туёги билан
Иппокрен чашмасин очибди Иегас.
Сизилиб оқмайди ундан муздай сув.
Ачиган шаробдай кўпирмайди у;
Яроқсиз сувлардан холи, озода.
Ром билан винонинг аралашмаси -
Гўё Тригорскда. бизнинг замонда
Эркин ташналикнинг очган чашмаси
Соф ва олижаноб ичимликдан у,
Маст қилар, уйготар бесабр туйғу.
1826
Асқад Мухтор таржимаси


* * *
Аччиқ сатиранинг оташ музаси!
Кел, менинг оташин даъватимга кел!
Менга керак эмас мақтов лираси,
Менга Ювеналнинг қамчисини бер!
Лекин, бу бадҳазм эпиграммам
Нодон тақлидчилар, асти сизгамас,
Эй, баднафс таржимон, қофияпараст —
Бечора нўноқлар, бўлинг хотиржам!
Хотиржам бўлингиз, шўрлик шоирлар!
Журнал муридлари — юраги кирлар!
Омон бўлинг сиз ҳам, тентаклар! Бироқ,
Эй, сиз муттаҳамлар, чиқинг яқинроқ!
Сизнинг ҳаммангизни, разил, аблаҳлар,
Виждон қийноғига оламан ёмон!
Қайси бирингизни унутсам агар,
Сўрайман, жаноблар, айтинг шу замон.
О, қанча мис манглай — қовоқкаллалар,
О, қанча беномус, орсиз афт-ангор,
Буларнинг ҳаммаси мендан баробар —
Ўчмайдиган тамға олишга тайёр!
1820-1826
Туроб Тўла таржимаси


1827 Йил 19 Октябрда

Тангри ёр бўлсин, жўралар, сизга
Шоҳ хизматию ҳаёт ғамида.
Дўстона ишрат базмлари ҳам
Севгининг сирли, ширин дамида.
Тангри ёр бўлсин, жўралар, сизга
Бўронлардаю тириклик дардида,
Ёт диёрда ҳам олис денгизда,
Ҳам у қоронғи ернинг қаърида...
1827
Миртемир таржимаси


Шоир Ва Авом

Procul este, profane

Шоир қалбин ёндириб илҳом
Паришонҳол чертар лирасин.
У куйларди — теграда авом
Қулоқ солар кибрли, худком,
Англаб етмай гапнинг сирасин.
Бефаросат қора халқ сўйлар:
«Ёрилгудай бўлмоқда қулоқ,
Намунча у хуш сас-ла куйлар?
Қаёқларга бошлайди бу чоқ.
Не ўргатар, куйлар не ҳақда,
Қўнгилларни тутиб қийноқда
Ўзбошимча жодугар мисол?
Қўшиғи ҳур бамисли шамол.
Аммо шамол янглиг бесамар:
Унда бизга не наф, не зарар.

Шоир

Тилингни тий, муҳтожликка гарқ,
Ақли қосир, фаросатсиз халқ!
Фигон этма манфур ва нолон,
Сен — чувалчанг, кўк ўғлимас, йўқ.
Наф бўлса бас, нафдан кўнглинг тўқ,
Нима сенга ахир Аполлон
Унда наф йўқ, хулласи калом.
О, мармар-ку бу тангри!.. Бироқ
Сенинг учун мўнди яхшироқ:
Бўлур унда пиширса таом.

Авом

Эй, фалаклар эркаси, бил-чи;
Заковатинг, илоҳий элчи,
Сарф этмоғинг лозим бизни деб,
Дилларимиз покла-ю, бер зеб.
Журъатсизмиз, айёрмиз жуда,
Шукур қилмас беормиз жуда,
Юрак эмас биздаги — кесак,
Биз — туҳматчи, биз — қул, биз — тентак
Бижғиб ётар иллатлар тоғ-тоғ,
Яқинингни ардоқлаб, сийлаб
Берсанг мумкин ибратли сабоқ,
Тинглар эдик бор вужуд ила.

Шоир

Бас, шоирга эканми ҳавас,
Эй, сиз билан нима иши бор?
Фаҳш лойига ботмайсизми! Бас!
Лира саси қила олмас кор!
Сиз тобутдек кўзга ёмонсиз,
Тентакликда хўп беомонсиз?.
Измингизда бор ахир ҳануз,
Дарра, болга, зиндон, бу не сўз?
Етар энди, эй телба қуллар!
Шаҳарларда сурилур йўллар, —
Воҳ воҳ, жуда нафли иш-ку бу! —
Истайсизки, ибодатин ҳам,
Саждагоҳин ҳам, токатин ҳам
Унут этиб коҳинлар бу дам
Йўл супурсин, шундоқми?.. Ёҳу!..
Тирикчилик икир-чикири,
Ва ё ғараз, ё саваш эмас,
Биз туғилдик илҳом сурури,
Ширин сасу ибодат деб, бас!
1828
Муҳаммад Али таржимаси


* * *
Грузия қирларида тун қоронғиси,
Кўз олдимда Арагва шовқин солади.
Ғамгинман ва енгилман, дилим қайғуси
Равшан; соғиниш мунги дилга тўлади.
Фақат соғиниш мунги... Менинг мунгимни —
Ҳеч нима азобламас, ташвишга солмас.
Янгидан севгим ўти олар кўнгилни,
Чунки у севмай турмас, севмай туролмас
1829
Миртемир таржимаси


* * *
Шовқинли кўчада сарсон юрсам-да,
Халқтўла черковга бориб кирсам-да,
Шўх йигитлар билан бир ўтирсам-да,
Мени хаёл босар, ўй босар ҳамон.
Мен дейман: бу йиллар шошиб ўтади,
Сон-саноқсиз одам бир-бир кетади,
Дунёда кимки бор — бори битади,
Кимнингдир сўнгдами яқин шу замон.
Сўққабош чинорни ҳар кўрганимда —
Ўрмонлар бобоси, дейман, дилимда —
Оталарим асрин кўрдинг умрингда —
Мендан сўнг ҳам қолиб, сурасан даврон.
Гўдакни эркалаб турганда хушхол,
Дарров ўйлаб дейман: эркам, яхши қол,
Менинг ўрнимни бос, кўрмагил завол,
Мен тутоқдим, сўлдим, сен гулла омон!
Ҳар кун, хар йилимни ўтказиб шундоқ,
Одатим — хаёлга ботаман узоқ,
Ҳар йил сўнг нафасдан оламан сўроқ,
Ҳар соат топаман ўлимдан гумон.
Билмайман, ажалим дуч келар қайда,
Жангдами, сафарда ё тошқин сойда,
Ёки гўрим анов водий, тўқайда,
Совуқ хоким олар оғуши томон!
Ўликка ҳамма ер бирдак ҳар қалай,
Туйғусиз тан гўрда қолмас чиримай,
Ҳар нечук истагим: Ватанда ўлай,
Азиз тупроқ бўлсин сўнгги ошиён.
Қабрим теграсида ёш ҳаёт кулсин,
Қушлар бош устимда сайрашиб турсин,
Бепарво табиат доим барқ урсин —
Мангулик чиройда яшнаб беармон.
1829
Миртемир таржимаси

Меҳнат

Тотли дам бу: неча йиллик меҳнатимни тугатдим,
Нега тағин сирли ҳасрат нотинч қилар кўнглимни?
Ё, улкан иш бажарилгач, турибман ҳаққин олиб —
Бекор қолган мардикордек, бўлак ишга бегона,
Ё муқаддас куйчиларнинг, олтин тонгнинг дўстини,
Туннинг тилсиз ҳамроҳини — меҳнатимни кўз қиймас?
1830
Асқад Мухтор таржимаси


* * *
Қирмизи юз танқидчим, бўрдоқи аскиябоз,
Доим мазах ва эрмак сенга бизнинг толгин соз,
Кел, бир нафас ёнимда ўтиришга унагин,
Лаънати ғам-гуссага чидармизми, синагин.
Қара, қандоқ манзара: қатор бу гариб капа,
У ёни қора тупроқ ёнбағир, ясси тепа,
Устларида қуйилган сур булутлар, туманлар.
Қани ёруғ далалар? Қани қалин ўрмонлар?
Қайда анҳор? Боқ, анов пастак қўра ичига -
Икки шўрлик тол турар кўзларнинг қувончига,
Икки, холос... Унинг ҳам бири яйдоқ-ялангоч.
Куз ёмғири дастидан қуп-қуруқ қолган ёгоч.
У бирида сап-сариқ увиб қолган япроқлар,
Кўлмакни булгаш учун елга фақат интизор,
Шугина! Қўрасида йўқ тирик бирон кучук.
Ростдан ҳам, ана деҳқон, яланг бош элтар ўлик.
Чақалоқнинг тобути, изма-из икки аёл,
Эринчак поп боласин узоқ ҳай-ҳайлар деҳқон:
Отангни чақир-чи, — дер, — черковни очсин дархол.
Жадалроқ! Ҳеч фурсат йўқ! — Кўмардим аллақачон.
Нега хўмрайдинг? — Қани, тентакликни ташласанг.
Бизни юпантиргали бир хиргойи бошласанг?
Сен қаёққа? — Москвага! Бу ерда юрмай бекор,
Граф тўйидан қолмай! — Тўхта, ҳай, карантин бор,
Ахир бизнинг ўлкада ҳозир ҳинду вабоси.
Ўтир, бир чоқ муҳташам Кавказнинг дарвозаси —
Ёнида итоаткор навкаринг ўтиргандай.
Шўрлик қани, огайни? Ҳа! Ғусса босди — ҳай, ҳай!
1830
Миртемир таржимаси


Ёлвориш

О, агар бу рост бўлса, тунда —
Битганида одамнинг умри,
Қабрларнинг тошига шунда
Ялт-ялт тушса кўкдан ой нури,
О, агар бу рост бўлса, шундоқ
Бўш қолса тинч мозорнинг бари —
Мен Лайлига бўлиб кўп муштоқ;
Чорлайман: кел, дўстим, мен сари!
Авваллари кўринганингдай
Маҳбуб руҳи, бўлгил намоён,
Сўнгги ғамдан ўзгариб чирой
Рангсиз, ҳолсиз, қиш кунисимон.
Кел, енгил куй ёки шамол, ё —
Олисдаги юлдуз сингари,
Кел, мисоли даҳшатли сиймо,
Менга фарқсиз: келгил мен сари!
О, сени мен чақиришим бу,
Севгилимни кек билан хазон —
Этганларга таъна эмас-ку,
Ёки мени аҳён ва аҳён —
Қийнагандан шубҳалар қаҳри,
Тобут сирин фош этиш эмас...
Ғамгин дейман: севаман пайваст,
Сеникиман, келгил мен сари!
1830
Рамз Бобожон таржимаси


* * *
Мери учун ичаман,
Меригинам дилрабо,
Жим эшик беркитаман,
Меҳмоним йўқ, мен танҳо,
Мери учун ичаман.
Меримдан чиройлироқ,
Бўлса бўлар, эҳтимол,
Бундай парининг бироқ, —
Бўлишлиги кўп маҳол,
Бундай меҳрибон, қувноқ!
Бахтиёр бўлгин, Мери.
Ҳаётимнинг қуёши.
Ғам, ҳижрон кўрма, пари,
Яша, билмай кўз ёши,
Бахтиёр бўлгин, Мери.
1830
Миртемир таржимаси


Насл-Насабим

Гала-гала рус қаламкашлар
Ҳамкорини қилиб масхара,
Мени зодагон деб аташар,
Бу бемаъни гапларни қара!
На офицер ва на асессор,
На зоти-насабим дворян,
Академик ва на профессор;
Мен анчайин рус мешчаниман.
Давр иллати менга тушунарли,
Унга қарши турмайман бироқ:
Бизда янги — туғма номдорлик,
Янги бўлган сари номдорроқ.
Қақшаб битган уруғлар ёди
(Бахтга қарши, ёлғиз эмасман),
Мен қадимги бояр авлоди;
Биродарлар, мен майда мешчан.
Менинг бобом қуймоқ сотмаган,
Бўёқчилик қилиб шохларга
Кулдан князликка ўзин отмаган,
Жўр бўлмаган у маддохларга,
Австриянинг упа суркаган
Қўшинидан қочган солдатмас,
Мен оқсуяк эмишманми? Бас,
Мен, худога шукур, мешчанман.
Жангда эзгу Невский учун
Хизмат қилган Рача — аждодим;
Тождор золим — Иван IV
Раҳми шафқат қилган авлодин.
Шохлар-ла эл бўлган Пушкинлар;
Кўпларининг таралган шони
Поляклар-ла олишган кунлар
Ниженовгород мешчани.
Барҳам бериб макру адоват
Ҳам шиддатли уруш-хавфларни,
Ёрлиқ тутиб, Романовларни
Халқ тахтга қилганда даъват,
Шу ёрлиққа имзо чекканмиз,
Жафокашнинг ўғли раҳм этган.
Бир вақт биз ҳам бўлганмиз азиз;
Ҳа, бўлганмиз... лекин мен — мешчан.
Ўжарликдир бизни хор қилган:
Опоқ бобом бир сўзли эди,
Петр билан чиқишмай диди,
Шунинг учун дорга осилган.
Бу бизларга сабоқ бўлсинки,
Подшоҳ баҳсни ёқтирмас экан.
Бахтли — князь Яков Долгорукий
Ақллидир у ювош мешчан.
Менинг бобом Петергоф қасри
Ичра бўлган исён пайтида
Содиқ қолди Миних сингари,
Петр III нинг ҳалокатига.
Шунда бўлди Орловлар азиз,
Бобом эса тушди зиндонга,
Бош эгди шиддатли наслимиз,
Ва мен, мешчан, келдим жаҳонга.
Гербли муҳрим остига кўмдим
Қўлимдаги тўп-тўп ёрлиқни,
Киборлар-ла йўқ борди-келдим,
Тийдим қонда исёнкорликни.
Мен бир саводхонман, бир нозим,
Мусин эмас, фақат Пушкинман,
На бойу саройда мулозим,
Ўзим катта одам: мен — мешчан.
Post scriptum
Фиглярин тўқипти уйда ўлтириб:
Менинг қора танли бобом Ганнибал
Гўёки бир шиша ромга сотилиб,
Шкипер қўлига тушганмиш тугал.
У шкипер шонли ва бизнинг элни
Ҳаракатга солган бир дарға эди,
Жонажон кемада тутганда рулни
Унга кучли давлат суръатин берди.
Дарға бетакаллуф эди бобомга,
Арзон тушган араб бардошли эди,
Сидқидиллик билан чиқди довонга,
Шоҳнинг қули эмас, сирдоши эди.
Ганнибал бобомнинг машҳур фарзанди,
Чесменда у бошлиқ бўлган жангларда
Азим корабллар ловуллаб ёнди,
Қулади Наварин биринчи марта.
Фиглярин илҳомнинг жазавасида
Дворян мешчани деб атапти мени.
Ўзи ким мўътабар оиласида.
Уми?.. Мешчан кўчасининг дворяни.
1830
Асқад Мухтор таржимаси


Будрис Ва Унинг Ўғиллари

(Адам Мицкевичдан)
Будрисда бор уч ўғлон, литвалик уч навқирон,
Келди улар қошига чол маслаҳат солгани.
«Эгарларни қилинг тахт, от шай бўлсин ҳаммавақт.
Чархлаб қўйинг, болалар, қилични, ойболтани.
Ҳақиқатдир шу хабар: уч томонга баробар
Юриш қилиш нияти Вильнода туғилипти.
Ҳоким Кестут русларга, Ольгерд эса прусларга,
Паз полякларга қарши юриш қилмоқ бўлипти.
Сиз ҳали навқиронсиз ва абжир паҳлавонсиз,
(Ҳамманг Литва худосин паноҳида омон бўл!),
Чиқолмайман сафарга, сизни йўллай зафарга;
Учовлонсиз, учингизга мана учта очиқ йўл.
Ҳаммангга улуш катта: биринг Новеградда
Руслардан ўлжа олиб, яшай берсин бадавлат.
Рус хотинлар хушбичим, эгнида қиммат кийим,
Рўзғорида мўлчилик, сахийлик расм-одат.
Бирингиз пруслардан, лаънати иблислардан
Қимматбаҳо нарсалар топа олар бир талай,
Дунё-дунё пул унда, мовутлар гул-гул унда,
Каҳрабо-чи, беҳисоб, денгиздаги қумлардай.
Паз билан учинчингиз ляхни урсин қўрқувсиз:
Польшада моли давлат, зеби зийнат кўп эмас,
Олса арзир шамширин; аммо у ердан биринг,
Аминманки, уйимга келинсиз қайтиб келмас.
Поляк қизидан гўзал малика йўқдир азал,
Печь ёнида ўйнаган мушукчадай хушчақчақ —
Йилтиллар кўзлари ҳам, худди ёнар икки шам,
Атиргулдай қирмизи, юзлари момоқаймоқ.
Ҳали йигит эканман, қаллиғ олиб келганман,
Ҳай болалар, ўзим ҳам шу Польшага борганда.
Мана, қариб қолсам ҳам уни эслайман ҳар дам
Ҳамон ўша томонга кўзим тушиб қолганда».
Ўғиллар қўл сиқишди ва сафарга чиқишди.
Кўз тикар йўлларига уйдан жилолмаган чол.
Қунлар ўтар басма-бас, биронтаси ҳам келмас,
Ўлдирдилар шекилли, деб Будрис қилди хаёл!
Қор ёғади гупиллаб, отлиқ келар дукурлаб,
Чакмонининг тагида каттагина бир тугун.
«Ўғлим, совғами? Нима? Оббо, сен-ей, пулми-а?
«Йўқ, отажон, пул эмас, поляк қизин келтирдим
Паға-паға қор тушар, отлиқ шамолдай учар.
Қора чакмон остига яширипти бир тугун.
«Чакмонингда нима бор? Мовут эмасми гулдор?»
«Йўқ, ота, мовут эмас, поляк қизин келтирдим».
Қор ёғади гупиллаб, сўнгги отлиқ дукурлаб,
Қора чакмон остида олиб келар бир тугун.
Чол Будрис тиним билмас, сўрагиси ҳам келмас,
Бирданига уч тўйга меҳмон чақирар бугун.
1833
Асқад Мухтор таржимаси


* * *
Ақлдан оздирма, худо таоло;
Йўқ! Таёқ ва хуржун баридан аъло,
Меҳнат, заҳмат чекишлик осон.
Ақлу идрокнинг қадру қиммати,
Ундан ажралишнинг ёмон иллати
Шундагина эмас, бу аён:
Мени эркинликда қўйсалар танҳо
Чақмоқ тезлигида учардим гўё
Қоп-қоронғу ўрмонзор сари!
Ўртаниб, алаҳлаб куйлардим шунда,
Ажиб хаёлотдан чиққан тутунда
Кўринмасдан бўлиб сарсари.
Мен ҳам тўлқинларга солардим қулоқ,
Бахту саодатга тўлиб ўша чоқ,—
Очиқ кўкка қарардим секин.
Ўзимни сезардим, даштни учирган,
Ўрмонни жойидан йиқиб кўчирган
Қуюн каби қудратли, эркин.
Ақлдан оздингми, бу ёмон кулфат.
Қўрқинчли бўласан, мисоли офат,
Устингдан қулф солинур худди,
Аҳмоқни занжирбанд этарлар дарров.
Қафасдаги йиртқич сингари биров
Сени ўйнаб қилади кулги.
Мен бўлсам тинглайман қоронғу кеча:
На булбулнинг янгроқ овозин пича,
На эманзор гувиллашини,
Тинглайман дўстларнинг чақириқларин,
Тунги соқчиларнинг сўкинишларин
Ва кишанлар шалдирашини.
1833
Рамз Бобожон таржимаси


* * *
Бас, етар, бас, жон дўстим! Тинчлик сўрайди юрак,
Кун кетидан кун учар — умримиздан бир бўлак —
Ҳар соат узиб кетар; биз бўлса иккаламиз
Яшамоқчи бўламиз, аммо рости — ўламиз.
Ёруғликда бахт йўқ, аммо тинчлик ва эрк бор,
Кўп замонки, бир хавас келади хаёлимга,
Кўпдан чарчаган қулинг қочишни ўйлаб юрар
Пок меҳнат, роҳат юрти — у узоқ маконига...
1834
Миртемир таржимаси


Ғарбий Славян Қўшиқлари

Гайдук Хризич

Ғор ичида, чақир тошлар аро
Дадил гайдук Хризич беркинди.
Катерина — унинг хотини
Икки ўғилчаси билан ёнида.
Чиқолмайди улар бу ғордан.—
Ёвуз душман пойлаб турибди,
Агар жиндак бош кўтарсалар
Қирқ милтиққа бўларлар нишон.
Таом кўрмадилар уч кеча-кундуз.
Тошлар чуқурида тўпланган
Ёмғир сувин ичдилар фақат.
Тўртинчи кун балқиди қуёш.
Чуқурликда сув қуриб битди.
Катерина оҳ тортди шунда:
«Раҳм-шафқат қил, парвардигор!»
Шундаёқ йиқилиб жон берди.
Хризич унга қараб юм-юм йиғлади;
Ўғиллар йиғлашга қилмади журъат,
Хризич юзин четга бурганда
Кўз ёшларин артдилар, холос.
Бешинчи кун, ақлдан озиб,
Ухлаган кийикка боққан бўридай,
Она жасадига тикилди ўғил.
Буни кўриб қўрққан кичиги
Акасига қараб қичқирди:
«Жонингни қийнама, акажон!
Ичгин менинг иссиқ қонимни,
Бунда агар очликдан ўлсак,
Кечалари чиқиб қабрдан
Ухлаган душманнинг қонин сўрармиз».
Хризич туриб, дер уларга: «Бас!
Очлик, ташналикдан ўқ афзал».
Шунда учови ҳам қоядан пастга
Қутурган бўридай сакраб чопдилар.
Ҳар бири ўлдирди етти душманни
Ва ҳар бири еди етти ўқ:
Душман қирқиб уларнинг бошин,
Найзаларга санчиб кутарди.
Аммо ёв уларга боқолмади тик —
Хризичлар душманга шу қадар даҳшат.
Асқад Мухтор таржимаси

Иакинф Маглановичнинг Мотам Кўшиғи

Оқ йўл, узоқ сафарга тушгин!
Йўл топарсан, худога шукур.
Кеча ойдин; чарақлайди ой;
Тагигача сипқарилди май.
Ўқ афзалдир ётгандан бемор;
Эркин яшаб ва эркин ўлдинг.
Ёвинг қочди бўлиб тор-мор;
Аммо уни ўлдирди ўғлинг.
У дунёда бизни эсга ол,
Дийдор кўришсанглар, эҳтимол.
Унутмагин, укам, азизим,
Огамизга мендан ҳам таъзим!
Учрашганда отамга айтгил:
Ярам битди, бўлсин хотиржам,
Саломатман. Ян деган ўғил
Туғиб берди менга рафиқам.
Бобо ҳурматига, исми — Ян,
Ақли расо йигит бўлади.
Найза ушлашни ҳам ўрганган,
Милтиқ отишни ҳам билади.
Қизим менинг Лизгорда яшар,
Эри билан тотув ва хурсанд.
Тварк қилди денгизга сафар,
Тирикми, йўқ — ўзинг биларсан.
Оқ йўл, узоқ сафарга тушгин!
Йўл топарсан, худога шукур.
Кеча ойдин; чарақлайди ой;
Тагигача сипқарилди май.
Асқад Мухтор таржимаси

Булбул

Булбулим, эй булбулгинам,
Ўрмонларда кезган қушча.
Сен қушчада ширин бирам
Тенгсиз, ноёб уч қўшиқча.
Менда-чи, мен мард ўғлонда —
Уч зўр қайғу-машаққат бор!
Биринчисин айтсам агар —
Ўйлантирган ёш чоғимда;
Иккинчисин айтсам агар —
Тулпор отим ҳорғин, чарчоқ.
Учинчисин айтсам агар —
Гўзал қиздан тушдим йироқ,
Айирдилар шум одамлар.
Менинг учун гўр қазинглар
Кенг далада, кенг далада,
Бош ёғимни этинг гулзор,
Яшнаб турсин қизил гуллар,
Оёғимда оқсин булоқ,
Ариқчада муздек сувлар.
Гўзал қизлар ўтган чоқда
Боғлаб олар чамбар гулдан.
Чол боболар ўтган чоқда,
Ҳовуч-ҳовуч ичар сувдан.
Асқад Мухтор таржимаси

Вурдалак

Ваня шўрлик ўзи қўрқоқроқ:
Қабристонда, бир кун бемаҳал.
Терга ботган қўрқувдан оппоқ,
Уйга қайтиб борарди жадал.
Қоқинади Ваня бечора,
Гўр оралаб борар жонсарак,
Бирдан қулоқ солса — қабр ора
Кимдир увлаб кемирар суяк.
Қотди, жилолмади жойидан.
Худовандо! — деб ўйлади у,—
Гўристонда суяк ғажиган
Оғзи қизил вурдалак-ку бу.
Нима қилдим! Қувватим камроқ;
Бу алвасти ейди-ку мени,
Агар ўзим дуо ўқибоқ
Еб олмасам гўр тупроғини.
Қарасаки, қайда вурдалак —
(Жаҳлин кўрсанг Ванянинг шунда!)
Гўрлар орасида бир кўппак
Суяк ғажиб ётипти тунда.
Асқад Мухтор таржимаси

Сингил Ва Акалар

Икки эман дарахт ўсганди қатор,
Булар ўртасида бир нозик арча.
Ўсган эман эмас — икки оғайни,
Ўсиб-улгайишиб бирга яшарди:
Бири Павел эди, бири Радула,
Булар ўртасида — сингил Елица.
Акалар севарди ёлғиз сингилни,
Унга чин юракдан бўлиб меҳрибон:
Бир куни бир пичоқ тақдим этдилар,
Ўзи зарҳалланган, қини кумушдан.
Ранжийди янгаси — у ёш Павлиха,
Қайин эгачига қилади ҳасад.
«Овсин, менга қара, қадрдон сингил,
Дейди Радуланинг хотинига у:
Ишлатмаганмисан шундай бир ўтни:
Уни эзиб ичган киши дафъатан —
Ўз туғишганига кўринсин ёмон?»
Радула хотини беради жавоб:
«Худо ҳаққи, опа, қадрдон овсин,
Билмайман бундайин иримли ўтни,
Билганда ҳам сенга айтмасдим асло.
Акаларим шундай мени ҳам севган,
Менга ҳам хилма-хил совға беришган»
Мана, отхонага борди Павлиха,
Тўриқ отни сўйиб қонин оқизди,
Қайтиб келиб деди ўз эрига у:
«Синглингни севишинг ўзингга бало.
Совғалар берасан унга беҳуда:
Ўлдирипти сенинг тўриқ отингни».
Павел Елицани қилади сўроқ:
«Бу нега? Айт менга, айт, худо ҳаққи»,
Синглиси ёш тўкиб, жавоб беради:
«Мен эмас, акажон, жувонмарг бўлай,
Ва ёш ҳаётимиз ҳаққи қасамёд!»
Ишонар, ҳеч нарса демас акаси.
Мана кўм-кўк боққа кирди Павлиха,
Шартта кўк лочиннинг бошини узди,
Қайтиб келиб деди ўз хўжасига:
«Синглингни севишинг ўзингга бало,
Совғалар берасан унга беҳуда:
Мана ўлдирипти кўк лочинингни».
Павел Елицани қилади сўроқ:
«Бу нега? Айт менга, айт, худо ҳаққи?»
Синглиси ёш тўкиб жавоб беради:
«Мен эмас, акажон, жувонмарг бўлай,
Ва ёш ҳаётимиз ҳаққи, қасамёд!..»
Бу гал ҳам ишонар акаси яна.
Қоронғи кечада Павлиха секин
Қайин эгачисин пичоғин олди,
Ўзининг нораста ёлғиз ўғлини
Олтин бешигида сўйиб ўлдирди.
Эрталаб югуриб борди эрига,
Йиғлаб, фарёд солиб сочларин юлди:
«Синглингни севишинг ўзингга бало,
Совғалар берасан унга беҳуда:
Мана, ўлдирипти ўғлимизни у,
Агар ишонмасанг бу гал ҳам менга,
Бориб кўргил унинг зарҳал пичоғин».
Сакраб турди Павел шу замон,
Елица уйига югуриб борди:
Синглиси тўшакда ухлаб ётарди,
Бошида осиғлиқ зарҳал пичоғи.
Қинидан суғуриб қаради Павел —
Пичоқ бўялганди қип-қизил қонга.
Силтаб тортди қизнинг оппоқ қўлидан:
«Худо ургур сингил, бу нега, айтгин,
Отхонада тўриқ отни ўлдирдинг,
Боғда кўк лочиннинг уздинг бошини,
Энди боламизни сўйибсан, нега?»
Синглиси зор йиғлаб жавоб беради:
«Мен эмас, акажон, жувонмарг бўлай,
Ва ёш ҳаётимиз ҳаққи, қасамёд!..
Агар ишонмасанг менинг онтимга,
Олиб чиқ майлига тақир далага,
Боғлагин югурик отлар думига,
Улар судрасинлар оппоқ танимни,
Садпора қилсинлар, розиман, майли».
Синглисига энди ишонмас ака:
Олиб чиқди уни тақир далага,
Югурик отларнинг думига боғлаб,
Судратиб ҳайдади отларни қувиб.
Унинг томчи қони томган ҳар ердан
Қирмизи лолалар, чечаклар унди.
Бегуноҳ ва оппоқ тани устида
Катта черков булипти пайдо.
Шундан бир оз фурсат ўтгач Павлиха
Бир оғир касалга бўлди мубтало,
Тўққиз йилча давом этди шу касал,
Бутун суягидан ўтлар кўкарди,
Бу ўтга ин қўйиб ёвуз илонлар
Кундуз кўзин сўриб, тунда ётарди,
Илон Павлихани қийнарди шундай.
Охири эрига ялиниб деди:
«Арзим эшит, тўрам, мени олиб бор —
Қайин эгачимнинг черкови томон:
Зора шифо топсам мен уша жойдан».
Эри етаклади черковга томон.
Яқинлашар экан оқ уйга улар,
Бирдан у черковдан чиқди бир овоз:
«Келма бу томонга, э ёш Павлича.
Бўлмайди сен учун бу жойда шифо
Овозни эшитгач бу ёш Павлиха,
Ялиниб-ёлворди ўз хўжасига:
«Тўрам, худо ҳаққи, сўрайман сендан,
Олиб борма мени оқ уйга, тўхта!
Югурик отларнинг думига боглаб.
Кенг, тақир далада судрат мени ҳам!»
Хотиннинг арзини тинглади Павел,
Югурик отларнинг думига боглаб
Кенг, тақир далага қўйиб юборди.
Унинг томчи қони томган хар ердан
Тикан, қичитқонлар ўсиб чиқарди.
Унинг оппоқтани қолган ўринда
Ажойиб, катта бир кўл бўлди пайдо.
Тўриқ от шу кўлда сузиб юрипти,
Унинг орқасидан зарҳал бешик ҳам;
Бешикнинг устига кўк лочин қўнган,
Унда норасида гўдак ётипти;
Боланинг бўғзида онанинг қўли
Ҳамда аммасининг зарҳал пичоги.
Мамарасул Бобоев таржимаси

От

«Тулпорим, не учун кишнамакдасан,
Не учун бўйнингни сен эгиб олдинг,
Не учун ёлларингни тўлқинлатмайсан,
Не учун сувлиғингни чайнамай қолдинг?
Ёки, ўйнатолмай қолдимми сани?
Ёки, емадингми тўйиб арпани?
Ё эгар-жабдугинг гўзал эмасми?
Жиловинг ипакдан тўқилмаганми,
Ё, тақанг кумушдан қуйилмаганми,
Узангинг қип-қизил зарҳал эмасми?»
Жавоб қайтаради қайғули тулпор:
«Маьюс бўлганимнинг сабаблари бор,
Эшитдим узоқда туёқлар сасин.
Укларнинг товушин, карнай садосин:
Кишнашимга сабаб шуки, майдонда
Узоқ кезолмайман ёлим ўйнатиб,
Узоқ яшолмайман яшнаб оромда,
Гўзал жабдуғимни мақтаб кўрсатиб,
Чунки, тез орада бешафқат душман
Эгар-жабдуғимни ечиб олади,
Шамол каби енгил оёқларимдан
Кумуш тақамни ҳам тортиб олади:
Қайғум бежиз эмас, эгаримни ёв —
Устимдан тортқилаб олиб кетади
Ва сенинг терингни шилиб беаёв,
Терлаган яғриним ёпиб кетади».
1834
Ҳамид Ғулом таржимаси


* * *
Орамизда яшаганди ул ,
Унга ёт қавм аро; кўнглида зарра
Йўқ эди бизларга кину адоват.
Биз уни севардик. Ювош, беозор —
Бари суҳбатларга қўшилар эди,
Бахам кўришардик тиниқ орзулар.
Қўшиқларни бизлар (илҳоми кўкдан.
Ҳаётга ҳам кўкдан боқарди). Тез-тез
Сўйларди келажак замонлар ҳақда,
Дердики: «Низони унутиб халқлар
Улуғ оилага бирлашажаклар!»
Очиқиб тинглардик шоирни. Ғарбга
Жўнаб кетди шоир — тилашиб оқ йўл.
Хўшлашиб қолдик биз. Бироқ-чи энди.
Ювош меҳмонимиз ёвлиқ қилмоқда
Бевош оломоннинг раъйига қараб,
Шеърий нардаларга жойлабон нафрат,
Заҳар қуймоқдадир каломларига.
Қаҳрвор шоирнинг саси олисдан
Эшитилиб турар!.. О, тангри, ўзинг
Дарғазаб қалбига тинчлик ато эт,
Ва унга қайтаргил...
1834
Муҳаммад Али таржимаси


* * *
Ўйладимки, юрак унутди
Муҳаббатнинг эзгу азобин,
Дедим: ўтган бариси ўтди,
Ўтди! Қайтиб келмайди тағин.
Ўтиб кетди завқ-да, қайғу-да
Ва ҳавойи енгил умидлар...
Аммо ўткир ҳусн олдида
Тушди яна ларзага улар.
1833
Зулфия таржимаси


* * *
Ёшлик байрамимиз бизнинг бир вақтлар
Шод эди, яшнарди гулчамбар кийиб,
Кадаҳлар жаранглар куйга жўр бўлиб,
Тиғиз ўлтирарди даврада сафлар.
Беғам ва бепарво қалб-ла у замон —
Яшардик мушкулни этиб бартараф,
Қадаҳ кўтарардик умид ва армон,
Ёшлик — ҳаммасига рўшнолик тилаб.
Энди ўзгачадир: суронли байрам,
Йиллар ўтиш билан биз каби абгор,
Тийилди, тинчланди, унда йўқ виқор.
Жаранги бўғилди қадаҳларнинг ҳам.
Даврамизда сўзлар оқмайди шўхчан,
Сийрак ўлтирамиз ғамгин, бемажол.
Кулги кам, қўшиқлар оралаб баъзан,
Кўпроқ оҳ тортамиз ва қоламиз лол.
Мана пайти келди: йигирма беш бор
Эзгу лицей кунин этамиз байрам.
Сездирмай қувлашиб ўтди йиллар ҳам,
Бизни ўзгартириб юбормиш зинҳор!
Беҳуда эмас — йўқ! Ўтди чорак аср!
Зорланманг: тақдирда қонуният шу;
Инсон атрофида дунё айланур,
Наҳот, ҳаракатсиз қолар у мангу?
Эслайсизми, дўстлар, даврамизни нақ
Тақдир қовуштирган у кун, у замон.
Биз нелар гувоҳи бўлдик, бу аён!
Сирли бир ўйинда мисли ўйинчоқ,
Халқлар қаҳр-ғазабдан қилди ғалаён,
Шоҳлар тахтга чиқди ва кунпаякун,
Инсон қонларидан қизарди майдон,
Гоҳ шараф, гоҳ эрклик, гоҳ ғурур учун.
Эслайсизми: лицей бўлганда бино.
Биз учун шоҳ очди шохона бир кўшк,
Биз келдик. Кунигин кутиб олди хуш,
Табриклаб шоҳона меҳмонлар аро.
У чоқ ўн иккинчи йил гулдураги
Ҳали мизгир эди. Ҳали Наполеон
Улуғ халқ кучини синамаганди —
Таҳдид. Иккиланиш қалбида ҳамон.
Эслайсизми: ўтди кетма-кет қўшин,
Оғаларимиз-ла видолашдик биз.
Маърифатга қайтдик — аламлар чексиз,
Ҳавас-ла қарадик биз улим учун —
Кетаётганларга... насллар жанг қилди,
Рус халқага олди мақтанчоқ ёвни,
Москва ёнгини ёритди унинг —
Полклари йўлида қор ва қиролни.
Эслайсизми: бизнинг голиб Агамемнон,
У тутқун Париждан бизга келганин.
Унинг кўз олдида севинч елганин!
У қандай улуғвор, кўркам. паҳлавон.
Халқлар дусти эди. эркка посбон,
Ёдингизда бордир - шунда нақадар
Сувлар тўлқин урди, гуллаб боғ-бўстон.
У ҳордиқ чиқарган ерда, жилвагар.
У энди йўқ! — этиб бошларни осмон,
Ҳайратда қолдирган Русни тарк этмиш,
Унутилган қувғун умр қоида ўтмиш.
Барчага бегона, сўнди Наполеон,
Ва янги даҳшатли, қудратли подшо
Европа юртида тахтдадир тетик,
Ер устида янги булутлар пайдо.
Ва уларнинг бўрони...
1836
Рамз Бобожон таржимаси


Элегия

Бепарво йилларнинг сўнган шўх дами
Сархуш бош оғриғи каби азобли.
Худди шароб каби у кунлар ғами
Канчалик эскирса, шунча зардобли.
Йўл оғир. Истиқбол бўронли уммон;
Мехнат, қайғу ваъда қилади хамон.
Аммо, истамайман, дўстлар, ўлишни,
Истайман қийналиш, фикр қилишни.
Кўраман — зўр ғавғо, гамлар ичрадир.
Ташвишлар ичрадир мен учун ҳузур.
Гоҳ бўлиб куйларга мафтун, осуда,
Хаёлларим узра мен тўкаман ёш.
Балки, ишқ умримнинг ғамли сўнгида -
Кўринар алвидо табассуми-ла.
1830
Мамарасул Бобоев таржимаси

Достонлар

Боғчасарой Фонтани

Қовоқ солиб ўтирар Гарой.
Лабларида каҳрабо чилим.
Даҳшатли хон атрофида жим
Бош эгиб тек турарди сарой.
Жимжит эди бутун кошона:
Ҳамма хоннинг хафа юзидан,
Ғам ва ўйли ғазаб изидан
Пайқар эди мубҳам нишона.
Аммо магрур соҳиби фармон.
Қўлларини бир силтаб солди:
Барча секин тарқалди ҳар ён.
Кўшклар аро бир ишчи қолди:
эркин нафас олди сийнаси.
Тўлқинланиб бузмай сукутни
Ўйнаб турган кўрфаз ойнаси
Акс этгандан қора булутин
Унинг жиддий манглайи аён
Дил тўлқинни айларди баён.
У магрур дил не гам-ла улмиш,
Қандай фикр билан банд булмиш
Яна Рус-ла жанг қизмоқчими,
Ё Польшани танг қилмоқчими,
Нега хафа, не у сандирар,
Ва ё қонли учми ёндирар.
ёки қўшин айламиш исён.
Ёки тоғли халқ жангларидан.
Гиноянинг найрангларидан
Ташвиш тортиб ўйланарми Хон?
Йўқ, энди у чарчаб қолмишдир.
Зерикмишдир шуҳрат, зафардан.
Бераҳм қўл ортиқ толмишдир.
Хаёл узоқ қонди сафардан.
Наҳот, ҳарам ичра хиёнат,
Наҳот, елга учиб диёнат,
Асира қиз жиноят қилмиш,
Кофирга дил иноят қилмиш?
Йўқ, Гаройнинг хотинлари ҳеч
Бундай ишга журьат қилмаслар,
Мунгли нола чекиб эрта-кеч,
Ёмонликни асти билмаслар.
Ойна уйда ўсар гул каби,
Ой юзлари зиндон ичра берк,
Зулм остида гўё қул каби
Уларда ҳад йўкдир, йўқдир эрк,
Ою йиллар навбатма-навбат
Ғамгин оқин билан ўталар.
Билдирмасдан ёшлик, муҳаббат
Барчасини олиб кетарлар.
Кунлар бирдай кечадир ғамда,
Битта-битта имиллар соат.
Ялқовлик амр этар ҳарамда,
Кам кўринар сафо-фароғат.
Ёш жувонлар қайғуга тўлиб,
Бир иш қилиб овунмоқ бўлиб.
Зеб беришиб кийим кийишар,
Гаплашишар, ўйнаб ейишар.
Ёки ўйноқ сувлар сасида,
Тоза, шаффоф замзамасида
Тўп-тўп бўлиб сайр этишадир
Чинорларнинг зич соясида.
Ортларида уларни пойлаб,
Ёвуз ога юрар ҳай-ҳайлаб,
Ундан қочиш, беркиниш бекор:
Ҳасадли кўз, динг қулоки бор.
У ҳийлакор, у лаганбардор.
Ҳар бир ишдан воқиф, хабардор.
Унга ўла ўрнашмиш мангу
Абадий бир тартиб саройда,
Унга хоннинг изми ҳар жойда
Ягона бир қонундирки, у
Уни қуръон фарзидек билар;
Дилда сақлар ва бажо қилар.
Унинг кўнгли севги истамас,
У бут каби сезгидан маҳрум,
У ҳиссизлик домида маҳкум,
На кўз ёши, на юмшоқ нафас,
На таънага бермас эътибор;
Асиралар чеккан оҳу зор
Унга асти қилмайди таъсир;
Пинагини бузмайди тақир;
Ёлворишга қулоқ солмайди;
Ҳақоратни қилмайди писанд.
Ҳеч на уни юмшатолмайди,
Тош қалби-ла мағрур ва хурсанд.
Унга хотин одати маълум,
У кўп кўрмиш, ҳар ерда ҳар зум.
Ҳурликда ҳам, эрксизликда ҳам
Юмшоқ нигоҳ, кўзлардаги нам
Кўнглига ҳеч ҳоким бўлолмас.
У уларга ортиқ ишонмас.
Соч ёзишиб ҳарам қизлари —
Асиралар чўмилар экан,
Сеҳр сочган гўзал юзлари
Чашмаларда кўмилар экан.
Қип-яланғоч қизларга лоқайд,
Беэътибор термилиб, шу пайт
У пойлоқчи ҳозирдир яна,
Тутқунларга нозирдир яна.
Кечалари барг ҳам мизғиру,
У ухламас. Оҳиста босиб,
Ҳар эшикка бир қулоқ осиб,
Ҳарам ичра танҳо изғир у;
Ким дам олар, ким тушда инграр,
Ким оҳ тортар— ҳаммасин тинглар
Уйдан уйга билдирмай кўчиб
Кенг ташлайди у маккор домни;
Биронтаси сандираб, чўчиб
Тилга олса бегона номни,
Ё мабодо дўстига бир оз
Тақдиридан койиб, қилиб роз
Дилдагини айласа изҳор,
Балоларга бўлар гирифтор!
Гарой нега тинмай чекар ғам?
Чилим ўчиб қолмиш қўлида.
Ботинолмай дам олгани ҳам
Остонада, хоннинг йўлида
Имо кутиб турадир оға,
Ибо тутиб турадир оға.
Ўйга ботган ҳукмдор турар:
Олдидаги дарча очиқ, у —
Кўнгли чексиз қайғуга тўлган.
Индамасдан оҳиста юрар
Кечагина севимли бўлган
Хотинларин қабрига тўғри.
Хонни кутиб, кўриш кўйида,
Ўйнаб турган фонтан бўйида
Ипак гилам узра ўйнашиб,
Бир тўда шўх қизлар осуда
Ўлтиришар эди яйрашиб:
Болалардай шодланиб, сувда
Мармар тубда кўринган лиққа
Гир-гир юзиб юрган балиққа
Термилишар эди яйрашиб.
Гоҳилари унга атайлаб
Олтин сирға ташларди бойлаб.
Жориялар атрофда хушбўй
Шарбат ташиб юрарди. Ногоҳ,
Ширин қўшиқ, жаранглаган куй
Бор ҳарамни айлади огоҳ:

Татар қўшиғи
I

Йиғи, жафоларни бошдан кўтариб
Тангри ўзи берар эҳсон:
Бахтиёрдир, йиллар сўнггида қариб
Макка бориб зиёрат қилган инсон.

II

Бахтиёрдир Дунай соҳилларини
Қони билан тақдис этган баҳодир.
Жаннат қизи ёзиб кокилларини
Унга ширин кулги билан боқадир.

III

Аммо, Зарема, эшитгил тағи-на.
Дунё ва роҳатга бермай эътибор.
Худди гулдай сени ўз қучогида
Эркалатган ҳаммасидан бахтиёр.
Улар куйлар. Аммо қани у,
Муҳаббатнинг юлдузи қани.
Ҳарам кўрки — кундузи қани.
Қайда қолди Зарема бону?
Ҳайҳот, унинг гул ранги сўлмиш.
Ҳайҳот дили қайғуга тўлмиш,
Мақтовларга солмайди қулоқ,
Кўзларида ёш булоқ-булоқ,
Яшин урган хурмодек қадди
Букилмишдир, йўқ энди ҳадди.
Ҳеч на унга ёқмасдан қолди,
Чунки, Гарой боқмасдан қолди.
Вафосизлик қилди хон... Аммо,
Эй гуржи қиз, сен-ла чиройда
Ким тенглашар? Ҳаттоки ой-да
Даъво қилса, бўлур муаммо.
Чамбар қилган сочинг, эй пари,
Илон каби юрак ёрадир.
Ярқираган кўзинг жавҳари
Кундан ёруг, тундан қорадир.
Дил дардини кимларнинг саси
Сендан кучли баёнлай билар?
Кимнинг ширин-шакар бўсаси
Сеникидан жонлилик қилар?
Сенга бир йўл кўнгли тушган эр
Қандай қилиб бошқа кўркни дер?
Лекин, лоқайд, золим Гаройхон
Ҳарамига Польша қизини
Асир қилиб олгандан буён.
Сендан нари тутиб ўзини,
Ҳўрлаб сени ташлаб қўйди-ю,
Ўзи ғамгин, тунлар беуйқу
Танҳоликни айлади одат.
Қўлларингдан кетди саодат!..
Ёш Мария яқиндагина
Ўзга диёр кўкини кўрди:
Гулдай кўрки билан қизгина
Ўз юртида гуллаб юрурди.
Фахрланар эди у билан
Қариб қолган отаси ҳар он,
Лобарим,— деб, мақтанув билан
Эркалатар эди беармон.
Унинг бола эрки чол учун
Қонун эди, тингларди бутун...
Чолни қийнар эди бир тилак:
Истардики, бахор кунидак
Очиқ бўлсин қизининг бахти,
Хушнуд кечсин умрбод вақти,
Заррагина қайгу ҳам уни
Ранжитмасин,— дер эди у чол.
Ҳеч бир нарса бирон дам уни
Ланж этмасин,— дер эди у чол.
Ҳатто эрга чиққанида ҳам
Хотирласин,— дерди,— туш каби
Ўтиб кетган, гунчадай сабий
Беташвишу беозор, бегам
Яшнаб юрган қизлик чогини,
Осмондай кенг эрк қучогини.
Унинг юмшоқ севимли нози,
Табиати, лазиз овози,
Ёниб турган мовий кўзлари,
Дона-дона ширин сўзлари
Бир-биридан жозибадорди;
Ҳаммасида ажиб куч борди.
Очиқ қўлли, сахий табиат
Аямаган эди борини;
Санъат билан у нажиб хилқат
Безар эди гул дийдорини.
Сеҳр тўла арфа билан қиз
Уй базмини жонлантирарди.
Амалдорлар, бойлар изма-из
Орқасидан излаб юрарди.
Йигит-яланг «Оҳ...» деб ўйида,
Азоб чекар эди кўйида.
Лекин, гўдак бола эди у,
Кўнгли ишқни билмасди асло.
На каму кўст, на гам, на қайгу,
Юрагини тилмасди асло.
Отасининг қасрида озод
Ўртоқлари билан ўйнаб шод,
Учар қушдай ҳур ва хурсандди.
У кўпданми бу ерда банди?
Бир вақт татар тўплари маҳкам
Дарё каби Польшани босди;
Хирмонларга тушган ёнғин ҳам
Бу қадар тез ёйилолмасди.
Кунпаякун бўлиб урушда
Етим қолди гуллаб ётган юрт,
Бу бераҳм ёвуз юришда
Фарёд солди қонга ботган юрт.
Бутун атроф қайғуга толди:
У кулгилар, ўйинлар битиб,
Эркалатган қўйинлар битиб,
Ҳашаматли сарой бўш қолди.
Мариянинг уйи жимжит, бўш...
Уй маъбади ичра бир тўда
Мумияланган ўликлар хомуш
Роҳат қилиб, совуқ уйқуда
Князликка махсус нишон-ла,
Олтин тож-ла, ҳайбатли шон-ла
Ётар экан, у ерда яна
Пайдо бўлмиш янги сағана...
Ота гўрда, асоратда қиз.
Кошонада бахил бир ворис
Амри фармон бериб юрадир,
Тавқи лаънат остида, беор
Хароб бўлган юртни айлаб хор
Бадном этиб, ерга урадир.
Ҳайҳот! Сақлар қўйнида қулдек
Боғчасарой ёш князь қизин,
Эрксизликда ёш тўкар, гулдек
Сарғайтириб Мария юзин.
Аяйди у бахтсизни хон:
Унинг мунгги, у чеккан фиғон
Уйқусини безовта қилиб,
Гаройга ҳеч бермайди омон.
Бечорага хон раҳми келиб,
Катъий ҳарам қонунларини
Юмшоқ тутар унга атайлаб.
Тунд пойлоқчи на кун, на туни
Қиз олдига кирмайди пойлаб;
Ётар пайтда жойига уни
Унинг ғамхўр, парволи дасти
Олиб чиқиб ётқизмас асти;
Марияга нигоҳ тикмакка
Ботинолмас унинг кир кўзи;
Жорияси билан қиз якка
Хилват уйда чўмилар ўзи;
Асиранинг ғамгин оромин
Бузиб қўймай, бўлмай, деб зомин
Хон ўзи ҳам қўрқар ичида:
Ҳарамнинг бир йироқ бурчида
Унга яшаш ижозат этган,
Гўё, унда самовий бир жон
Яширинган, узлатга кетган.
У ерда ҳеч тинмасдан ҳамон
Азиз қизнинг олдида бутун
Чироқ ёниб турар куну тун.
У ерда қиз кўнглин юпатиб
Масъуд кечган ўтган замон-ла
Ўз юртини дилга эслатиб,
Умид яшар ювош имон-ла.
У ерда ёш тўкар тинмай қиз
Кундошлардан нарида, ёлғиз.
Лекин атроф ғарқ бўлмиш яксар
Тентакларча бир ишрат ичра.
Мўъжиза-ла ажралган ҳужра
Ёш санамни беркитиб асрар.
Озғин ўйлар қурбони у дил,
Бузуқ кайфлар орасида ҳам,
Бир гаровни сақлайди ҳар дам
Бир илоҳий ҳистга муттасил...
Тун қорайди, босди қоронғу
Тавриданинг гул боғларини;
Бор оламни маст қилди уйқу,
Гуллар йигди япроқларини,
Узоқлардан булбул зорини
Эшитаман: ой дийдорини —
Кўрсатадир юлдуз кетидан;
Кўм-кўк, тоза осмон бетидан
Нур тўкадир гулзор боғларга,
Водийларга, ўрмон, тоғларга.
Боғчасарой кўчаларида
Кечки пайтлар оқ рўмол ўраб,
Оппоқ ойдин кечаларида
Бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб,
Гаплашишиб ўтириш учун
Оддий татар хотинлари тек
Липиллашиб енгил соядек
Уйдан уйга кезишар бутун
Сарой тинчган, ухлаган ҳарам
Тинч роҳатга чўмиб парвосиз:
Тун тинчлигин бирон нарса ҳам
Бузолмайди. содиқ муҳофиз
Ўзи кезиб чиқиб бор-йўқни,
Ётмиш; аммо тинч қўймас ташвиш
Ҳатто унда ухлаган руҳни.
Хиёнатни кутиб хавфланиш
Ором бермас асти ҳам бунга:
Гоҳ кимнингдир шитирлагани,
Гоҳ бировнинг пичирлагани,
Гоҳ қичқириқ эшитилар унга.
Бекорларга алданиб бирдан
Сапчиб турар, қалтироқ босар;
Атрофига тинч қулоқ осар...
Ҳамма сокин, сас йўқ бир ердан:
Мармар ҳовуз ичра ўйнашар
Фақат булбул дили поралар,
Фақат ширин куй фавворалар
Севимли гул узра куйлашар...
Булар уни узоқ банд этар,
Яна такрор уйқуга кегар.
Кандай хушдир билгувчиларга
Шарқ кечасин қора чиройи!
Пайгамбарни севгувчиларга
Қандай ширин боқадир ойи!
Уларнинг уй-ўчоқларида,
Мафтун этар гул боғларида,
Ой остида сирларга тўлган,
Тинчлик билан ҳамсуҳбат бўлган,
Шаҳват билан дарду фарогат
Ташиб ётган ҳарамларида,
Кечаларнинг тинч дамларида
Кандай кўрк бор, қандайин роҳат!
Хоннинг ҳамма хотинлари тинч
Ухлар эди, биттаси нотинч,
Ухлай олмай, ўрнидан туриб,
Эшигини очди-ю, аста,
Битта-битта оҳиста юриб
Ташқарига чиқди бирпасда...
Кушдай мудраб, кўзи илиниб
Кари ога олдида ётар.
Агар бу иш унга билиниб
Колса, умри қайғуга ботар...
Оҳ, у чолнинг қаттикдир қалби.
Ялинганга бермас эътибор:
Уйқуси ҳам алдамчи, айёр!
Ёнбошидан секин, руҳ каби
Сездирмасдан ўтиб кетди у.
Бир эшикка бориб етди-ю,
Титраб секин очди қулфини...
Ичкарига кирди, ҳам уни
Сирли ваҳм босди шу замон.
Ажабланиб боқди тўрт томон:
Шамдон ёнар, тўкар сўник нур,
Ялтирайди бурчакда бир бут,
Киз ётадир, юзида сукут,
Кўксида хоч порлаб кўринур.
Эй гуржи қиз, булар ҳаммаси
Эслатдилар сенга мозийни,
Гўё ўтган купларнинг саси
Айтган каби бўлди розини.
Кўз ўнгида тинч роҳат билан
Ухлаб ётар у князь қизи,
Кизликка хос ҳарорат билан
Анор каби қизариб юзи.
Ошкор экан сарин ёш изи,
Заиф кулги остида ёнар:
Ёмғир ювиб, ўчиб кетган ранг
Ойнинг хира нурида аранг.
Худди шунга ўхшаб товланар.
Гўё, жаннат ўғли осмондан
Учиб тушиб, ухлаб ётгандай.
Асирага ачиниб жондан
Уйқусида йиғлаб ётгандай...
А, Зарема, не бўлди сенга!
Чидолмади, қалби сиқилди,
Беихтиёр ерга йиқилди.
Ва ялиниб: «Ачингил менга.
Рад этмагин арзимни!» — деди,
Унинг сўзи, у чеккан фиғон
Ухлоқ қизни чўчитиб шу он
Тинч уйқудан уйғотган эди.
Князь қизи туриб, олдида
Бегона бир хотинни кўрди;
Кўрқиб, унга қараб олди-да,
Ҳаяжон-ла қалтираб сўрди;
«Кимсен? Тунда, танҳо нечун сен
Бу ердасен?» — «Сенга келдим мен
Мени сакла; тақдирим учун
Менга фақат қолди бир чора...
Рахм айласанг, йўқолса зора
Умрим уфқин қоплаган тутун.
Бахт қўйнида кўп ҳузур қилдим,
На қайғуни, на ғамни билдим...
Ўтди ором берган у соя,
Тингла, ҳалок бўлмайин зое,
Мен бу ерда туғилганим йўқ,
Менинг юртим йироқдир, йироқ...
Ўтган кунлар, у дардли фироқ,
Ёдимдадир ҳали ҳам тўлиқ.
Ёдимдадир гуллаган боғлар,
Осмон билан ўпишган тоғлар,
Тоғдан оққан ирмоқлар, сойлар,
Ўтиб бўлмас ўрмон-тўқайлар;
Ёдимдадир кечган саодат,
Ўзга қонун, ўзга бир одат.
Аммо, қандай тақдир-ла нечун
Ўз юртимдан айрилганимни,
Бу ёқларга қайрилганимни
Билмайман мен; фақат, қора тун
Елкан узра турган одаму
Ҳамда денгиз эсимда холос...
Шу чоққача қўрқинч ва қайғу,
Аламлардан мен эдим халос.
Ғавғодан чет тинчликда хандон
Ҳарам ичра гуллаб юрардим,
Итоатли кўнгил-ла ҳар он
Ишқ дарсини кутиб турардим;
Бу яширин орзуларим тез
Ушалдилар. Конли урушдан
Чарчаб даҳшат сочган юришдан
Қайтиб келди ҳарамга хунрез.
Таъзим қилиб, хоннинг олдига
Биз ҳаммамиз чикдик. У менга
Диққат билан индамай, сўзсиз
Очиқ, нурли назарин солди,
Сўнгра, мени чақириб олди...
Шундан бери биз ками кўстсиз
Тиним билмай, роҳатда масрур
Нафас олдик бахт билан ҳар дам;
Бирон йўл ҳам на фитна, на дам;
На туҳмату на шубҳа, қусур,
На азобли рашкнинг ситами.
На хафалик ва на алами
Бизга ташвиш сололмаганди,
Вақтимизни ололмаганди.
Мария, сен дуч келдинг унга.
Бир кўришда хуш келдинг унга...
Шундан берли кўнгли торайди.
Жиноятли ўй-ла қарайди!
Хиёнат-ла етказиб озор
Эшитмайди ҳеч хитобимни,
Сўрамайди асти тобимни.
У ноладан, фиғондан безор;
У. эскидай менга топинмас.
Менда энди эскидай нафис
На ширин сўз унга кухна ҳис
Гўё битган, гўё топилмас.
Жиноятга бедахлсан сен,
Мен биламан, айб сенда эмас...
Тингла мени: чиройлиман мен.
Менга ҳеч ким тенглаша олмас.
Бир сенгина ҳарамда бутун
Рақиб бўла олардинг менга:
Аммо, айтиб қўяй мен сенга,
Туғилганман эҳтирос учун,
Сен мен каби сева олмайсан;
Совуқ кўркинг билан сен нечун
У бир ожиз дилни қийнайсан?
На ҳақинг бор, на ҳаддинг сенинг,
Кўй Гаройни менга; у менинг.
Бўсалари ёнар бетимда,
Иссиғи бор ҳали этимда,
Менга қатъий қасамёд этган.
Борлиғим-ла кўпдан армонин.
Ўй ва хоҳиш, бутун фармонин
Бирга қўшган, иттиҳод этган:
Хиёнати мени ўлдирар,
Хазон этар, гулдай сўлдирар...
Мен йиғлайман: кўргин, тизамни
Буқдим энди қаршингда мана,
Сарғайтирма менинг юзимни,
Ялинаман, қайтариб яна
Севинчимни, оромимни бер.
Ул бурунги Гаройимни бер...
Менга зарра этма эътироз:
У меники: сенга асирдир,
Йўлларингда кўзи басирдир.
Хох таҳқир-ла, хоҳи қилиб роз,
Не истасанг, айлагил шуни,
Аммо, бездир ўзингдан уни.
Онт ич... (гарчи, мен қуръонни деб,
Муҳаббатни ҳамда хонни деб,
Ўз динимни отган бўлсам ҳам,
Аммо. менинг онамнинг дини
Сенинг дининг эди) кел, мени
Халос айла, ёд этки қасам,
Ўша дил-ла онт ич Гаройни
Заремага қайтармоқ учун...
Аммо тингла: эсла худойни,
Гар, йўқ десанг, ханжарнинг кучин
Кўрсатмоққа қодирман оз-моз,
Зеро, менинг ватаним Кавказ».
Шу сўзларни айтди-да, бирдан
Ғойиб бўлди дарров у ердан,
Таъқиб этмоқ учун изма-из
Ботинолмай, дов қилмай дили,
Орқасидан чиқолмади қиз,
У азобли эҳтирос тили
Беайб қизга асти маълуммас:
Аммо, унинг овози, у сас
Сал анигу ажойиб эди,
Қўрқинч эди, гаройиб эди.
Қандай ёшлар, қандайдир фарёд
Бу хўрликдан айлайди озод?
Не кутадир уни? Наҳот, у
Қолган аччиқ ёш кунларин, бу —
Асоратда ўтказадир хор?
Эй худойим, эй парвардигор!
Агар Гарой бахтсизни мангу
У маҳбусда унутса эди,
Ё, гамлардан халос айлаб у,
Тез ўлимга юз тутса эди,
Қандай шодлик билан ғам тўлган
Бу жаҳонни отар эди қиз!
Кўпдан ўтган ҳаётнинг лазиз
Лаҳзалари, кўпдан йўқ бўлган!
Не бор энди унга дунёда!
Вақти етди, кутарлар уни:
Катта очиб тинчлик қўйнини
Чақирарлар уни самода.
Кунлар ўтди. кетди Мария,
Тарки умр этди Мария.
Кўпдан орзу этган оламни
Янги малак каби ёритди.
Аммо, уни, гўзал санамни
Нелар сиқди? Нелар ҳоритди?
Нечун, нечун даф этди тобут?
Нелар уни айлади нобуд?
Асоратми, ҳасратми, ғамми,
Эрксизликда тортган ситамми,
Касалликми ё бошқа бир сир,
Ким билади? Ўлмиш бехабар...
Латофатли Мария ўлмиш...
У ёш ғунча очилмай сўлмиш!..
Бўшаб қолмиш тумрайган сарой;
Уни яна қолдирмиш Гарой;
Яна ўзга қирғоклар томон,
Ёвуз юриш бошламиш ёмон,
Тагин тўфон, бўронлар аро
Ғамгин учар қон қусар хунрез.
Аммо, унинг юраги қора,
Оловланар унда бошқа ҳис.
У кўп чоқлар тўқинишларда
Қиличини тикка ушлар-да,
Яна бирдан қотиб қоларди,
Жинниларча назар соларди
Атрофига бўзариб, гўё
Ваҳимага тўлгандай дили,
Алланелар гўлдираб тили
Ёш тўкарди бамисли дарё,
Унутилган у содиқ ҳарам
Хон юзини кўрмайди бу дам;
Унда, азоб қўйнида маҳкум.
Совуқ мухсий қўлида мазлум.
Қаримоқда хотинлар ғамда.
Кўпдан улар ичра ҳарамда
Гуржи хотин кўринмас; уни
Муҳофизлар дарёга отган,
Бечора сув остига ботган...
Князь қизи маҳв ўлган туни
Бажарилиб бу қонли сазо
Кўзин юмган Зарема... Эвоҳ,
Қандайгина бўлмасин гуноҳ,
Кўп даҳшатли бўлган бу жазо!
Кавказ олди тупроқларини,
Русиянинг тинч қишлоқларини
Уруш билан қилиб минг вайрон
Тавридага қайтиб келди хон.
Саройнинг чет бурчини сайлаб.
Марияга эсдалик айлаб
Мармарлардан ясатди фонтан.
Тепасига хоч ўрнатилмай,
Мусулмонлар ойи осилмиш.
(Бу албатта, бўлмагур бир иш:
Нодонликнинг айби бутунлай).
Евузлар бор, кечиб кўп йиллар
Ҳали учиб кетмаган улар
Ҳали мармар ҳовуздан сувлар
Киргоқлардан тошиб гувиллар.
Тиним билмай, тўхтамай бир он
Дона-дона ёш тўкар фонтан:
Ўғли ҳарбда жон берган она
Худди шундай йиғлайди яна...
Ўтмишнинг бу ривоятини
У ёқларда қизлар билишган,
Сўнгра ғамгин ҳайкал отини
«Ёш фонтани», бўлсин дейишган.
Мен шимолни ташлаб ниҳояг,
Базмларни кўпга унутиб,
Боғчасарой томон йўл тутиб,
Мулроқ кўшкни қилдим зиёрат;
Халқ офати, жангари татар
Ишрат қилиб, базмлар қурган
Урушлардан сўнгра бехатар
Беками кўст фароғат сурган
Тинч уйларда, боғларда сездим —
Хамон роҳат яшар куну тун;
Сувлар ўйнар, гул чечак отар,
Ток занглари товланиб ётар,
Деворларда ярқирар олтин.
Мен у ерда тинмай оҳ уриб,
Йиғлаб, ҳақиқ тасбеҳ ўгириб,
Баҳорида яшнамай сўлган
Хотинларнинг макони бўлган
Панжарали дарчалар кўрдим,
Кунгурали парчалар кўрдим.
Кўрдим хонлар қабристонини;
Хўжаларнинг сўнг маконини.
Гўрлардаги мармар устунлар
Гўё тақдир ҳақида секин
Ҳазин-ҳазин таратиб унлар
Сўзлагандай туюлди... лекин,
Хонлар қани? Қайда у ҳарам?
Бутун атроф мукаддас ва жим,
Ўзгармишдир... аммоки, у дам
Бу билан банд эмасди дилим:
Оқ гулларнинг майин нафаси,
Фонтанларнинг куйлаган саси
Жазб айлади, қилди фаромуш,
Ихтиёрсиз, менда ақли ҳуш
Номуайян тўлқинга тушди.
Шунда сарой ичида бир қиз
Соя каби сирли ва изсиз
Кўз олдимда липиллаб учди!..
Дўстлар, кимнинг соясин кўрдим?
Айтинг менга, мен сиздан сўрдим:
Даф маҳал бўлган у юмшоқ
Кимнинг шакли мени ўша чоғ
Таъқиб этган эди? Ким эди?
Ҳайҳот! Бутун атроф жим эди.
Мариянинг тоза жоними,
Ё, Зарема рашк билан тўлиб
Бўш ҳарамда бир кўлка бўлиб
Кўз олдимда ўтган оними?
Эсимдадир шундай бир чирой,
Худди шундай севимли нигоҳ...
Дил ўшанга кетар бутунлай,
Сургунда ҳам ғуссаси, эвоҳ,
Қалбимдадир, тилларимда — оҳ...
Эй аклсиз! Бўлди! Энди бас,
Ғусса чекма, ҳеч фойда бермас.
Бебахт ишқнинг нотинч, ноилож
Оромига бермишсан хирож.
Ҳушингни йиғ, тўсиқларни буз,
Токайгача сен ожиз маҳбус
Кишанларни ўпиб ётасан?
Токайгача енгил тор билан,
Бу оламда оҳу зор билан
Жунунингни ошкор этасан?
Мен музанинг мухлиси, ёри,
Мен тинчликнинг мурид, хуштори
Тезда бутун шуҳрат ўйлари
Ҳам севгини тамом унутиб,
Яна сизга томон йўл тутиб
Кўраман, эй Солғир бўйлари!
Хотиралар асири бўлиб,
Мен бораман ўша ёқларга,
Денгиз бўйи баланд тоғларга.
Яна Таврид сувлари тўлиб
Хурсанд этар ҳарис кўзимни,
Ҳур сезарман яна ўзимни.
Сеҳрли юрт, дийда юпанчли!
Юрагимнинг эрка қувончи!
У ерларда ҳарна жонлидир:
Ўрмон, водий, гулистонлик қир,
Узумларки, ёқут, каҳрабо,
Тераклару сувлар салқини;
Эрта билан қуёш ёлқини
Таралганда, эсганда сабо,
Айиқ тоғнинг айланасида
Зангор ҳаво ярқирар экан,
Тиниқ, кўм-кўк сувнинг пастида
Қизил нурлар барқ урар экан,
Токлар ошиб, қирғоқ йўллардан
Учар экан йўлчининг тойи,
Унинг ҳиссин ўнгу сўллардан
Жазб этади бу ер чиройи!..
Усмон Носир таржимаси