OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлиназар Эгамназаров
Асар номиТиниб-тинчимас ҳамкасблар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Алиназар Эгамназаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 2-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тиниб-тинчимас ҳамкасблар (ҳикоя)
Алиназар Эгамназаров

«Кабобни Олиб Кел»

Марҳум журналист Xолбек Ёдгоров ошхўрликни яхши кўрарди. У «Қизил Ўзбекистон»да ишлаган 50-йилларда меҳнат таътилига чиққан ёки хизмат сафарига бориб келган ходимларнинг чойхонада ош қилиши анъанага айланган эди.

Бир куни таҳририят ходимларидан беш-олти киши равоқда турганида Xолбек ака Султон Акбарийга дебди:
— Бухорога бир ҳафталик хизмат сафарига бордингиз-у, лекин нега ош қилиб бермадингиз?
— Ҳозир пулим йўқ, — дебди Султон ака.
— Қачон бўлади?
— Яқинда бир жойдан қалам ҳақи келиши керак, ўшанда қилиб берарман.

Шу пайт равоқ бошида почтачи кўринибди. У журналистлар ёнига келиб кўришгач, дебди:
— Xолбек ака, сизга Фарғонадан «извещение» бор.

Шунда даврадагилардан бири:
— Ана, ош қилиш учун пул топилди, — дебди.

Холбек ака эса:
— Ҳозир почтага бориш учун вақтим йўқ, — дебди-да, хонасига кириб кетибди.

Почтачи ортига қайтиб кетаётганида Тўлаган Соатов уни тўхтатиб:
— Xолбекнинг «извещение»сини беринг. Унга ўзимиз бериб қўямиз, — дебди.

Почтачи «извещение»ни Тўлаган акада қолдирибди. Xолбек ака бир ой аввал Фарғонага борганида вилоят газетаси учун ёзган бош мақоласига 30 сўм қалам ҳақи юборилган экан.

Почтачи кетгач, Тўлаган Соатов:
— Кимнинг паспорти ёнида? — дебди:
— Менинг паспортим ёнимда, — дебди Собит Тоиров.

Тўлаган Соатов ўша заҳоти Xолбек Ёдгоров номидан ишонч қоғози ёзиб, унинг имзосини қўйиб, Собит аканинг қўлига тутқазибди. Собит ака дарров почтага бориб, пулни олиб келибдилар. Кейин беш-олти журналист «Тошкент» ресторанига кириб, ажойиб газаклар билан тушлик қилишибди. Қайтишда иккита нон орасига кабоб ва газаклардан солиб, газетага ўраб, Xолбек акага «насиба» олиб келишни ҳам унутишмабди.

Воқеадан кимдир Xолбек акани хабардор қилган экан. У почтага телефон қилиб: «Ҳозир бир одам сохта ишонч қоғози билан менинг пулимни олгани боради, унга пул берманглар», — дебди. Лекин хабар кечиккан, бу пайтда Собит ака пулни олиб, почтадан чиқиб кетишга улгурган экан. Буни билгач, Xолбек аканинг кайфияти баттар ёмонлашибди.

Собит ака бундан бехабар ресторандан келтирилган «совға»сини олиб кириб:
— Xолбек ака, биз тўрт-беш киши бир жойга меҳмондорчиликка борган эдик. Дастурхондаги ноз-нематлардан сизга ҳам илиндик, — дебди.

Шунда Xолбек ака:
— Кўтар совғангни, мен сенларнинг сарқитларингга зор эмасман! — дебди.

Собит ака бир нарса дея олмай қайтиб чиқиб кетибдилар. Бироз вақтдан кейин муҳаррир муовини Қобилжон Узоқов олдига иш билан кирса, у:
— Собитжон, қилган ишларингдан Xолбек хафа бўлди. Ресторанга борганлар ўртада йиғиб, пулини қайтариб беринглар, — дебди.

Собитжон ака Қобилжон аканинг айтганини қилиб, яна Xолбек аканинг олдига кирибди-да:
— Устоз,сиз почтага бориб овора бўлиб юрманг деб, қалам ҳақингизни мен бориб олиб кела қолдим, — деб ўттиз сўм пул узатибдилар.

Холбек ака пулни олгач, жилмайиб дебдилар:
— Энди бояги кабоб билан нонни олиб кел, Собитхон, чой қўйиб юборишни ҳам унутма.

Икки Ойлик Бахт

Марҳум ҳамкасб дўстим Ҳамид Икромовни кўчада учратиб қолиб, сўрадим:
— Ҳамиджон, меҳнат таътилига чиқдингизми?
— Йўқ,
— Қачон чиқмоқчисиз?
— Таҳририятимиздаги «Н» меҳнат таътилига чиқиб келганидан кейин.
— Сизнинг меҳнат таътилига чиқишингизнинг у одамга нима алоқаси бор?
— Биласиз-ку, мен уни жинимдан баттар ёмон кўраман. У таътилдан қайтганидан кейин чиқсам, уни икки ой кўрмаслик бахтига муяссар бўламан.

«... Бетинг Қурсин»

50-йилларда «Қизил Ўзбекистон» газетасида М.исмли анча ишёқмас матн кўчирувчи бўларкан. У машинкага янги қоғоз қўйиб, тўрт-беш қатор ёзган бўларкан-да, сўнг ёнидаги ҳамкасби билан гап сотиб ўтиравераркан. Журналистлар баъзан шошилинч мақолаларни айтиб ёздириш учун унинг олдига кирсалар: «Шу бетим чиқсин, кейин сиз билан ёзаман», деб баҳона қиларкан. Лекин бу бет ҳа деганда чиқавермас экан.

Бир куни журналист Шоаҳмад Шораҳмедов янги мақоласини М.га айтиб ёздириш учун матн кўчириш хонасига кирибди. М. эса: «Мана шу бетим чиқсин, кейин ёзиб бераман», дебди. Шоаҳмад ака, «Яхши» деб қайтиб чиқиб кетибдилар. Орадан ярим соатча вақт ўтгач, яна матн кўчириш хонасига кирибдилар. М. ҳалиги жавобини такрорлабди. Шоаҳмад ака ортига қайтиб чиқиб кетибдилар. Ярим соатча ўтгач, яна кирибдилар. М. бу гал ҳам эски жавобини айтган экан, Шоаҳмад ака унга яқин келиб ўқрайиб қараб:
— Xў, бетинг қурсин! — дебди.

Галстук

Саидваққосовга ҳокимликдан қўнғироқ қилишиб, эртага соат ўн бирга Валихонов қабулига келиш кераклигини айтишди. Валихонов кимсан — ҳоким, Саидваққосов эса кичик шаҳарда маданият бошқармаси бошлиғи. Ҳоким қабулида бўлишнинг нозик жиҳатлари кўп. Яъни, бахтингиз чопса, юқорироқ лавозимга ўтиб кетишингиз мумкин. Дакки бериш, ишдан олиш учун чақирган пайтлари ҳам бўлади. Бундан худо асрасин.

Саидваққосов эрталаб ишга «пўрим» кийиниб келди. Бошқармадаги зийрак ходимлар эса бошлиқдаги бу ўзгаришга дарҳол эътибор бериб, бир-бирларига маъноли қараб олишди. Бошлиқ икки-уч ходимни ҳузурига чақириб иш юзасидан гаплашгунча, соат ўн бўлди. Xонада ёлғиз қолгач эса, ўрнидан туриб, эшик ёнидаги деворга илинган ойнага қараб, уст-бошига разм солди. Шунда бўйнидаги галстуги яхши боғланмаганлигига эътибор берди. Галстукнинг тугунини тўғриламоқчи бўлганда, учи тугун орасидан сирғалиб чиқиб кетди.

Саидваққосов галстук боғлашни билмасди, шу боис котибасини чақирди:
— Лобар, галстук боғлашни биласизми?
— Йўқ.
— Ким билади?
— Суриштириш керак.
— Дарҳол суриштиринг, мен ҳозир ҳоким олдига боришим керак.

Котиба хонама-хона юриб, ходимлардан ким галстук боғлашни билишини суриштирди. Минг афсуски, ўттиз кишилик жамоада фақат бир киши галстук боғлашни биларкан-у, у ҳам аксига олиб, ҳозир ишхонада йўқ экан. Котиба буни Босит Саидваққосовичга маълум қилганди, у шошиб:
— Ким экан у? — дебди.
— Шоиримиз Нурулла Жўшқин.
— Қаерга кетибди шоир?
— «Бешқарсак» дастасининг янги дастури кўриги бўлаётган экан, ўша ёққа кетибди.
— Шофёримга айтинг, ҳозироқ бориб уни олиб келсин.

Соат ўн бирга оз вақт қолаётган эди. Бошқарма ҳайдовчиси «Волга»ни учириб кўрик бўлаётган жойдан Нурулла Жўшқинни олиб келди.

Жўшқин етиб келганда Саидваққосов хонасида ечилган галстугини қўлида тутганча ҳаяжон билан у ёқдан бу ёққа юрарди. Жўшқин ичкарига кириши билан бошлиқ:
— Нуруллажон! Мени соат ўн бирда Валихонов кутяпти. Бу энангни... галстук ечилиб кетди-ку! — деди.
— Ҳозироқ боғлаймиз-да уни, ака.

Жўшқин бошлиқ қўлидаги галстукни олиб, бармоқларини худди сеҳргардай ҳаракатлантириб, уни бир пасда чиройли қилиб боғлаб, Саидваққосовнинг бўйнига тақди. Бошлиқ яна ойнага қараб, мамнун қиёфада Жўшқинга деди:
— Минг раҳмат, ука! Яхшиямки, сиз бор экансиз...

Ҳокимиятда нима гап бўлгани номаълуму, аммо галстук воқеасидан сўнг кўп ўтмай Жўшқин оддий ходимликдан етакчи ходимликка кўтарилди. Уни йиғилишларда биронта ходим танқид қилса, Саидваққосов ҳимоя қиладиган бўлди.

Бошлиққа қараб, бошқаларнинг ҳам муносабати ўзгариб, шоир билан қуюқ сўрашадиган бўлиб қолишди. Жўшқин бу ўзгаришларнинг асл сабабини яхши англар, шу боис Босит Саидваққосовга холи жойда дуч келса, салом-аликдан сўнг «Ечилиб кеца, мен бор!» дегандай унинг галстугини йўлига бўлса ҳам тўғрилаб қўярди. Бу бошлиққа ҳам хуш ёқарди, албатта.

Лекин ҳар бир яхши нарсанинг ёмон томони ҳам бўларкан. Саидваққосов Жўшқиннинг жамоадаги галстукни боғлай оладиган ягона одамлигини билгандан бери уни санъаткорлар билан гастролларга ҳам, хизмат сафарига ҳам юбормай қўйди. Бошлиқ бу ишини ҳар гал турли баҳоналар билан изоҳларди. Аслида эса, мабодо галстуги ечилиб кеца, боғлаб берадиган одам тополмай қийналишини ўйлаб, уни ўзидан узоқлаштирмасди.

Жўшқин бу ҳақда ўйлаб-ўйлаб, охири иложини топди. Саидваққосовнинг туғилган куни эрталаб тўққизта чиройли галстук сотиб олди. Уларни яхшилаб боғлаб, бошлиқ ҳузурига кирди. Уни туғилган куни билан табриклаб, совғасини топшираркан:
— Бу галстуклар мендан сизга туҳфа, Босит Саидваққосович, — деди, — Тўрттаси уйингиздаги шкафда, тўрттаси ишхонадаги ғаладонда турсин. Биттасини доим костюмингиз чўнтагида олиб юринг. Бўйнингиздаги қаерда ечилиб кеца, ўша ерда шартта алмаштириб оласиз.
— Эй, офарин, Нуруллажон, ақлингизга балли! Ўзи бўладиган йигициз-да, — деди Саидваққосов хазина топган девонадай суюниб. — Шу нарса шу пайтгача ҳеч хаёлимга келмапти-я...

Жўшқин бошлиқ ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқди. Xонасига кириб, қилган ишини сирдоши Солижон Темировга мақтанди.
— Бу ишинг яхши бўлмабди, — деди Солижон.
— Нега?
— Обрўдан айрилибсан-ку! Жамоамиздаги галстук боғлашни биладиган ягона ходим сифатида мавқеингни бой берибсан-ку!

— Бу ёғини ўйламабман. — Жўшқин бўшашиб жойига ўтириб қолди.