OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлишер Навоий
Асар номиҲолоти Паҳлавон Муҳаммад
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мумтоз адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Алишер Навоий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм68KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/15
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад
Алишер Навоий

Бисмиллоҳир-Раҳмонир-Раҳим
«
Эй чарх, не даврларки даст эттинг,
Даврингда муҳаббат аҳлини маст эттинг,
Ҳар кимники, оламда забардаст эттинг,
Охир ажал илгида ани паст эттинг.
»

Тариқ фаносида муфаррад ва фано тариқида мужаррад, жаҳондағи паҳлавонларнинг паҳлавони жаҳони ва паҳлавонлиғ жаҳонининг жаҳон паҳлавони, сурат ва маънида бешабиҳ ва беназир, яъни Паҳлавон, шамсул-миллати ваддин[1] Муҳаммад Куштигир[2] сийрат ва суратида.

Паҳлавоннинг насабида саёдат шарафи бор, аммо чун тағойиси Паҳлавон Абусаид[3]ким, замоннинг паҳлавон ва мусаллам куштигири эркондур ва Паҳлавон кичик ёшлиғ эрконда ул фанда кундан-кунга андин ғарибосор ва ажиб намудорлар зоҳир бўлур эркондир. Андоқки, оз фурсатда жамиъ абнойи жинс борини мағлуб қилиб, бориға фоиқ ва ғолиб келибдур. Чун рўзгор ҳарунлиғидин ва лайлу наҳор буқаламунлиғидин[4] Паҳлавон Бусаид ҳаёт вадйатин муқтазойи ожил[5]ға топшурубдур. Паҳлавон истиҳқоқ била паҳлавонлиқ сартакиясига ўлтурубтур ва бу тойифа сарҳалқалиғин тавъ ва рағбат била қабул қилибдурлар. Невчунки ул, агарчи куч ва забардастликда замоннинг мунфариди эркондур, аммо куштидонлиғ ва забардастлиғда ҳам андоқ экондур ва бу тойифадин бу ўтган тўрт-беш юз йил, балки минг йилда анингдек ҳеч ёд бермайдур ва нақл қилмайдур. Бовужуди улки, ўз фанидаки, кушти бўлғайким, шуҳрати ул исм биладур ва онча якфанлиқда ва мардум афканлиқда кичик ёшлиқ эркондурким, шогирд куштигир эркондур ва бу фанда не варзиш қилур эркондур. Чун қобилияти баланд тушгандур ва мулоямати табъи борча фунунға муносиб ва баҳраманд воқеъ бўлғондур, кўп фазонил ва камолот ҳам касб қилғондурким, замон аҳли борчада Паҳлавонни мусаллам тутар эрдилар.

Ул жумладин адвор[6] ва мусиқий илмидурким, чун лаҳжаси ва ҳусни савти хўб экандур ва усули мазбут ва ҳаракоти ва саканоти марғуб. Ул дақиқ фанда кўшиш ва саъй кўргузуб, дахли том ва маҳорати молокалом топиб эрди ва дилкаш нақш[7]лар ва амал[8]лар ва дилписанд қавл[9]лар ва ғазаллар тасниф қилур эрди ва хўб айтур эрди. Андоқки, эшитган хавос ва авом хушҳол бўлмоқда беихтиёр ва ўрганмоқда беқарор эрдилар.

Ул асрнинг бу фанда моҳирлари мисли: Устод Муҳаммад Хоразмий ва Мавлоно Нуъмон ва Мавлоно Соҳиб Балхий ва Шайх Сафойи Самарқандий ва Хожа Юсуф Андижоний[10]дек кишиларнинг таснифоти муқобаласида ишлар ясабдур ва нақш ва суфия ва амал ва қавл ва жир чорзаблардек ва чун ўзи аларнинг кўпидан ҳам хушгўйроқ ва ҳам хушхон эрмиш, ишларининг шуҳрати кўпроқ воқеъ бўлур эмиш.

Машҳур амалларидан бири «чаҳоргоҳ» амалидурки, Мавлоно Тўтий[11] (алайҳа раҳма) нинг ул шеъридинким, матлаи будур:

Соқиё, де рафта ҳасту аҳволи фардо нопадид,
Хешро имруз хуш дорему фардоро ки дид?[12]

ким, Мир Бузург Термизий[13] отиға боғлабдурким, бағоят хушоянда ва мулойим эшитилур ва далил буким, Хуросон мулкида, балки Самарқанд ва Ироқда ҳамул ишни билмас гўянда йўқтур, балки ғайри гўянда дағи беҳад ва ҳаср халойиқнинг ёдидадур. Яна «сегоҳ» амалидурким, Мавлоно Хусрав[14]нинг шеъриға боғлабдур ва матлаи будурким:

Эй зи тоби оразат шамъе ба ҳар кошонай,
В-эй асири пурхами зулфат дили девонай[15]

ким, Бобур[[16] отиға боғлабтурки, ул дағи бағоят муассир ва хушоянда ишдур. Яна «сегоҳ» амалидурки. Мавлоно Котибий[17]нинг ул шеъридинким, матлаи будурким:

Гаҳики, тиғи ту дар қатли аҳли дид барояд,
Ба як мушоҳада мақсуди сар шаҳид барояд[18].

Бу ишни боғламоқдин ғарази бу матлаъ эрмишким:

Маноли Котибий аз шоми ғам ки субҳи саодат
Ба юмни давлати Султон Абусаид барояд[19]

ким, Султон Абусаид мирзо[20] отиғи боғлабдур, ниҳоятдин ташқари дилпазир иш тушибдир.

Ва улким, Султони Соҳибқирон[21] хизматиға мушарраф бўлди, Машҳаддин «сайди ғазол»[22] шўъбасида ул ҳумоюн ҳазратнинг исмиға ўзининг бу шеъринки:

Онжо ки бар даргаҳат рўи ниёз овардаем,
Рўи дил дар каъбаи иқбол боз овардаем[23]

амал ясаб эрди ва бозгўйи[24]да бу икки байтин боғлаб эрди ва инсоф оламида бу икки байтдек оз айтибдурки, мамдуҳнинг бешинчи отасиғача зикр бўлмиш бўлғайким:

Султон Ҳусайн хусрави ғозийки мисли ў
Ҳаргиз набуда дар садафи рузгор дур.
Шоҳ аст шаҳриёр падар бар падар ки ҳаст,
Мансур Бойқаройи Умаршайхи бин Темур[25].

Бу амалда басе мақомот[26] ва шааботе[27] дарж қилиб эрдиким, таърифдин мустағнидур ва асру дилпазир ва бағоят беназир боғланиб. яна ишлар ҳам мисли: «қавл» ва «ғазал» ва «чорзарб»[28]дек ва «савт»[29] ва «нақш» худ беҳадду адд боғлабдурки, халойиқ орасида машҳурдурки, борчасин дарж қилилса мужиби итноб бўлур.

Ва шеър ва муаммо[30] бобида илмий ва амалийсида Паҳлавон соҳиб вуқуф ва жалд эрди, ул навъким, замон шуаросининг юзидин бирига онча шуур ва вуқуф йўқтур ва аксар назм аҳли ҳар навъ шеър айтсалар эрди — Паҳлавон назариға етқурурлар эрди ва анинг ислоҳ ва тағйир ва табдилин қабул қилур эрдилар ва ўзининг дағи шеър ва муаммо фаннида табъи мулойим эрди. Андоқки, бу матлаъ Паҳлавоннингдурки:

Гуфтамаш»: «Дар олами ишқи ту корам бо ғам аст?
Гуфт хандон зери лаб: «Ғам нест, кори олам аст»[31].

Ва «Куштигир» тахаллус (қилур эрди) ва бу табънинг тахаллуси асру хўб воқеъ бўлубтурки:

Аз хаёли печтоби кокули мушкини ў,
Дуди дил бар фарқи Куштигир ҳамчун парчам аст.

Муаммо тариқида худ мухтариъ эрди. Жамъики муаммо айтурлар[32], басе заҳмат била бир байтдин ё бир рубоийдин бир исм ҳосил қилурлар. Паҳлавон устод абъётидинким, қойил муаммо қасди қилмамиш бўлғай, табъи ўзи била исмлар пайдо қилиб эрди ва бу кўп воқеъ бўлубтурким, ҳоло ушшоқ орасида бор. Ул жумладин, Ҳазрати Хожа Ҳофиз Шерозий[33]нинг девонининг бурунғи ғазалининг матлаидинки, бағоят машҳурдур. «Али» исм чиқорибдурки:

Ало ё айюҳас-соқий адир каъсан ва наввилҳо,
Ки ишқ осон намуд аввал, вале афтод мушкилҳо[34].

Ҳам Хожа Ҳофиз бу матлаидинким:

Ҳолиё маслаҳати хеш дар он мебинам,
Ки кашам рахт ба майхонаву хуш биншинам[35].
«Амин» исм ҳосил қилибдур. Бу байтдинким:
Ганжи зар гар навбад ганжи қаноат боқист,
Он ки он дод ба шоҳон ба гадоён он дод[36].
«Тақий» исм ҳосил қилибтурур.

Ва яхши рубоийлари ҳам бор. Хоҳ бир маҳалда биров учун айтғон, хоҳ бировнинг руқъасиға жавоб юборган. Баъзи ёронлариға[37] бу рубоийни битиб юбориб эрдиким:

Гар жон ажалам зи тани ношод барад,
Ҳошо ки маро меҳри ту аз ёд барад.
Хоҳам ки шавам хок маро бод барад,
Бошад ки ба сўи Астробод барад[38].

Ва ҳам баъзи мухлис ва муътақид ёронлари руқъаси жавобида[39] айтиб эрдиким:

Аз оҳуи роми худ фаромўш макун,
В-аз сайде ки роми худ фаромуш макун.
Ҳарчанд ки бошад фаромўшкори,
Аз сари ғуломи худ фаромўш макун[40].

Ва мулойим қитъалари ҳам бор. Ул жумладин бири будурким, жўйи «Султоний» ёқасида Паҳлавон бир лангаре[41] бунёд қилибдурки, анинг таърифини қилмоқ — қуёш равшанлиқға ва майни мастлиқға таъриф қилғондекдур ва бир қатла Султон Соҳибқирон овдин қайтғонда ул такияга тушубдур ва Паҳлавон ҳозир эрмас эркандур. Бу жиҳатдан бағоят мутараддид ва мутаассир бўлубтур. Ул маҳалда узр учун бу қитъани айтиб эрдиким,

қитъа:

Такъяи моро шараф бигузашт аз чархи барин,
По ба рў афканда соя сояи парвардйгор,
Гарчи гардун атласи худ кард пойандози шоҳ,
Кош ман мебудами то жони худ карди нисор[42].

Дағи яхши сўз маснавийси ҳам борки, назм аҳлининг мутааййинлариға ул навъ абёт воқеъ бўлмайдур.

Ул жумладин будурким, паҳлавон Пирий куштигирким, Паҳлавони номурод умрин анинг тарбиятиға сарф қилди ва назари бу эрдиким, қариғон чоғдаки, ул жаҳон паҳлавони куштигир бўлиб, Султон Соҳибқирон матбуъ табъ надими мажлиси ва Паҳлавон фарзанди муниси ва шамъи мажлиси бўлғай ва ул бевафолиқ қилиб Паҳлавондин айрилди ва Паҳлавон номуслиқ ва ғайратлиқ жигархор киши эрди ва андуҳдин кўнглида сўз ва баданида гудоз эрди, аммо мутлоқ ҳеч кишига изҳор қилмас эрди. Аммо ҳеч навъ махфий сирри ва рози йўқ эрдиким, бу фақирдин яшурун бўлғай. Андоқки бу фақирнинг ҳам андин. Алқисса қариғонининг шарҳида ва паҳлавон Пирийнинг бу қариғон чоғда умрдек бевафолиқ бобида маснавий айтибдурки, бу фақир абъётин беш байт ва ўн байт айтур маҳалда ўқур эрди, бир неча байт сабт қилилди ва ул абёт будурким,

маснавий:

Чу бар чарх равшан шавад ҳоли ман,
Ба сад дида гиръяд бар аҳволи ман.
Маро бор будй гули навшукуфт,
Дареғо ки боди хазонаш бирўфт.
Ҳама умр тухми беҳи коштам,
Чу вақти баромад набардоштам.
Зи он талх шуд зиндогонин маро,
Ки пири фиканд аз жавонй маро.
Кунун ман на он шери занжириям,
Бадар бурда ҳам зи ғам пириям.
Ба хурди падар тифл аз он парварад,
Ки то дар бузургй ғам нахўрад.
Зи он дар жавоний бор оядаш,
Ки дар аҳди пири ба кор оядаш.
Маро пирй он навъ охир фиканд,
Ки ҳечам жавонй нашуд судманд[43].

Бу маснавий ниҳоятин подшоҳ дуоси била хатм қилибдур ва ҳол аҳли бу абётдин маълум қилурларким, Паҳлавоннинг табъида не миқдор дарди ҳол чошниси бор экандур.

Яна санойиъ[44] аруз[45] қофияси[46]да ҳам кўп соҳибвуқуф эрди. Дағи қироат илмин ҳам яхши билур эрди ва хўб махраж ва тажвид[47] била Қуръон ўқур эрди ва гоҳи ҳуффоздин қироат бобида сўрар эрдиким, алар жавобидин ожиз бўлур эрдилар. Паҳлавондин истифода қилур эрдилар.

Яна нужум илмин[48] онча билур эрдиким, ҳар мавлид учун ройижаи толеъ битий[49] олур эрди.

Яна тибб ва ҳикматға кўп мулоямати бор эрди. Мавлоно Қутбуддин[50]ким, бу мулкнинг мутааййин табибидур — бу фанни касб қилур эрди. Мавлоно Ало ул-мулк[51] табиб била Мавлоно Абдуссаломи Шерозийки, беназир муолиж эрди — Паҳлавонға мусоҳиб эрди ва дойим бу фан баҳсида ва гуфту шунуфтида алар Паҳлавон сўзларин мусаллам тутиб, муолажаларин ҳам таъриф қнлур эрди ва асҳобдин ҳарқайсиға мараз тори бўлса эрди, кўпи ул эрдиким, ўзи муолажа қилур эрди.

Яна фиқҳ илми[52]да ибодотдин фаройиз ва сунан ва вожибот ва мустаҳаббот ва бу ибодатға мувофиқ адъияким, кўпрак фуқаҳо ва зуҳҳодға мазбут ва маҳфуз эмас, Паҳлавонга мазбут эрди.

Ва устод абётин: маснавий ва қасида ва ғазал ва ҳар синф шеърдин хўб ва ҳам кўп ёдида эрди. Андоқки, ҳар маҳалда ҳар навъ муносиб назмлардин ширин иборат ва такаллум била ва баъзи маҳалда рангин алҳон ва тараннум била андоқ адо қилур эрдиким, аксар мажлис ҳуззориға насридин хабар ва назмидин асар воқеъ бўлуб, риққатлар даст берур эрди ва кўп машойихлар ва аҳлуллоҳ ва дарвешлар мажлисиға баҳраманд ва хизмат ва мулозаматларидин сарбаланд ва аржуманд бўлуб, шарафи қабул топиб ва басе ҳар сифатдин аҳли тариқ паҳлавонлар ва улуғ кишиларга шойиста хизмат қилиб, кисватлар ҳавола қилиб эрдилар. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло анга қобилият каромат қилиб эрди. Ҳар навъ ишга хотир мутаважжиҳ қилса эрди — ул навъ дахл қила олур эрдиким, ул фан аҳлининг моҳирлариға мустаҳсан тушгай ва бир навъ қабулиятни анинг зотида халқ қилиб эрдиким, ҳар навъ халойиқ била ихтилот қилғоч, аларнинг кўнглига матбуъ ва табъиға маҳбуб эрди ва писандида атвори беғоят ва ҳамида аҳлоқу шиори бениҳоят, мижозида базлу сахо ғолиб ва табъида шафқату раҳо муфрит, улуғларға зотий ниёзмандлиғ ва хизмат ва кичикроқ нотавонларға расми меҳру шафқат ва сарпайвандлиқ ва мутавасситул-ҳолларға иши мулоямат ва хўб забонлиқ ва фуқаро ва масокинға варзиши мувофақат ва нафърасонлиғ. Кечароклик ва кундузлик йигирма тўрт соатда Паҳлавоннинг такъясйда ҳоҳ сафарда, ҳоҳ ҳазарда табх иштиғолидин фароғат йўқ эрди, турлук-турлук атъима эрди. Андоқки, бу неъмату ағзиядин фуқаро ва масокину муқим ва мусофир маҳзуз эрдилар. Ағниё ва аҳли тамкин ва озодалару шоҳзодалар ва акобиру ашроф баҳраманд эрдилар, ҳаттоким, султонус салотин ҳам етгач, бу мазкур бўлғон атъималар ҳам тортилур эрди ва етмасалар эрди — Паҳлавоннинг ушоқлари кўтариб тоғға элтурлар эрди ва агар элтмасалар эрди — юқоридан киши келиб, тилаб элта борурлар эрди ва ашриба ва фавоқиҳ ва ҳалвиёт[53] ҳамул атъимаға - яраша муқаррар эрдиким, тортилур эрди ва ҳар тарафдин келган фуқоро ва ғуроба ва ак-сараш ўн кун, балки бир ой-икки ойғача таваққуф қилсалар эрди — бу маъкулот аларнинг илайига кулфатсиз, балки икки-уч қатла тортилур эрди ва улоғларига арпа ва сомон, улоғлар ва ўзларига ороста маскан ҳам тайёр эрди. Ва бу халойиқдин кўпи андоқ эрдиким, борур чоғларида Паҳлавон мурувват ва карамидин йўл харжиси ва баъзи дарвешона либослар ва табаррукларға ҳам мустафид бўлуб эрдилар. Жамии аҳли туруқ ўзларини Паҳлавоннинг фотиҳа ва такбириға еткурмағунча ўз тариқларида ишлари тамом бўлмас эрди.

Борча содоту машойих ва уламою фуқаронинг маҳбуб ул қулуби эрдн ва подшоҳ эшигида аркони давлатдин олийшон беклар ва олиймакон ичкилар ва судур ва сойир халойиқға Паҳлавоннинг суҳбати наврўз ва байрамча бор эрди, ҳаттоки султонзодалар тиламас эрдиларким, бир лаҳза онсиз бўлмағайлар эрдиким, подшоҳзодалардин нечаки муътамад отланиб, Паҳлавоннинг такъясига бориб, суҳбатлиғе қилғайлар эрди. Ул дағи борчасиға лойиқ хизматлар қилиб, суҳбатлар тузиб, неъматлар тортиб, созандалиғ ва гўяндалиғ буюруб, самоъ ва рақс қилиб, аларни хушҳол ва мунбасит узотур эрди.

Ва Султонус-салотиннинг ғариб шафқату улфати ва ажиб инояту нисбати Паҳлавон борасида бор эрди. Ҳеч суҳбат тиламаслар эрдиким. Паҳлавондин айру қилғанлар. Борча мажлис ва маҳфилда Паҳлавон ҳозир эрди ва суҳбатнннг хушлуғиға боис эрди.

Ва шеър ва муаммо ва мусиқийки, суҳбатнинг мужиби нишот ва инбисотидур, чун Паҳлавоннинг борчада вуқуфу дахлу тасарруфи зоҳир, балким ул фунунда аҳли фандек моҳир эрди — суҳбатнинг юзи Паҳлавонға эврулур эрди. Ва Султон ус-салотнининг надими мажлис ва аниси анжуман ва хилвати ва ҳар розда маҳрами ва ҳар ҳолда ҳамзабону-ҳамдами эрди. Такаллуфсиз ва муболағасиз подшоҳдин гадоғача ва аҳлуллоҳдин яҳуд ва торсоғача Паҳлавонни севмас ва тиламас киши йўқ эрди.

Субҳоналлоҳ, юз минг ҳамду сипос ва санойи беҳаду қиёс ул қодир сунъиғаким, ҳар бандасиғаким, бир овуч туфроқдин халқ қилибдур, мунча қабулият ва қобилият ва ахлоқи ҳамида ва атвори писандида ва зоҳир юзидин мунча фазлу камол ва маъни тарафидин мунча важди ҳол бера олурким, бир жаҳон халқин мулоямат била сайд ва бир олам аҳлин занжири иродати била гирифтори беқайд қилғай.

Алқисса, Паҳлавоннинг борча навъ ишларининг хушлуғи баёнида ва ҳар тавр сийрат ва суратининг дилкашлиғининг шарҳида забонварлар тили қосир ва достонгустарлар нутқи ожиздур.

Қирқ йилға яқин бу фақир била мусоҳиби жоний маҳрами рози ниҳоний эрди. Фалокат айёмидин зоҳир юзидин таайюн ва иститоат замониғача кўпрак авқот била экандур. Биз иковдин-иков ҳар кўйда югурган, ўзни ҳар аҳли дил шарафи мулозаматиға еткурган. Анинг рифқу мувофақатин не тил билан тақрир қила олғаймен ва не қалам таҳрири била баён қила олғаймен.

Мундин ўтмаски, қирқ йил бир менингдек худрой ва бесарупой ошуфтасори паришон рўзгор киши била мусоҳиблиқ қилғайки, хотирға келмаски, андин хотирға ғуборе ўлтирмиш бўлғай ва кўнгулға етмаски, ҳаргиз андин кўнгулға озоре етмиш бўлғай, балки андоқ нисбат қилмиш бўлғайким, кундан-кунга муҳаббат риштаси маҳкамроқ ва маваддат қоида ва тариқи муаккад ва мустаҳкамроқ бўлмиш бўлғай ва ҳол улким, етмиш икки фирқа била маоши ушбу наҳаж била воқеъ эрдиким, ҳар киши анинг мулояматин ўз ҳолиға мулоҳаза қилса эрди — хаёлиға бу келур эрдиким, андин махсусроқ ва мулойимроқ ёри ва мусоҳиби йўқ эрди эркан.

Анинг зеҳну закоси латофатидин ва ҳофизаси тезлиги ва зарофатидин бир неча калима хотирға келур; адо қилмоғи ҳоли аз муносабате эмас. Султон Абусаид мирзо замонидаким, Хуросон аҳли Самарқанд аҳлиға асир эрдилар ва ҳар навъ зулм ва тааддики, алардин воқеъ бўлса, бу асирлар мутеъ ва фармонпазир.

Бу фақирни айни ифлосу фалокат ва сарнавишу ранжуриш Машҳад сори тортиб элтти ва анда етгандин сўнгра мафосил марази[54] тори бўлиб, бир гўшада йиқилдим. Иттифоқо Паҳлавон хизматлари ҳам ул айёмда Машҳадда эрди. Бу фақирнинг ҳолидин хабар топғондин сўнгра ҳар кун қадам ранжа қилиб, улча қоидаи шафқат ва ёрлиғ ва тариқи муҳаббат ва ғамхорлиқ бажо келтурур эрдилар — ангачаки мараз дафъ бўлди. Ва Мавлоно Абдуссалом Шерозий[55] раҳимаҳуллоҳки, ул замоннинг моҳир ҳакими ва ҳозиқ табиби эрди — бу заифға муолиж эрди. Андоқки, атиббо даъбидурки, мариз мизожида маразни зойил қилғондин сўнгра чун адно хилт жилд тахтида қолур — тараддуд ва далк буюрурларки, ул маводни таҳлил била дафъ қилғай — ул дағи бу фақирға буюруб эрди. Паҳлавон меҳрибонлиқ ва шафқат юзидин ҳар кун иёдатимға келур эрди ва далк ходимлиғи ва тариқин чун киши андин яхшироқ билмас эрди ва ўзи ҳам ҳакимшева киши эрди — илтифот қилиб, ул амрға иштиғол кўргузар эрди. Қазоро, бир кунким, саҳари фақир бу шеърни айтиб эрдиким, матлаи будирким:

Ҳар қаён боқсам, юзумга ул қуёшднн нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар, ул ой манга манзур эрур.

Ва бу шеър етти байт эрди ва мусаввир қилиб жайбимға солиб эрдим ва ҳануз кишига ўқумайдур эрдим ва кўрсатмайдур эрдим.

Паҳлавон илтифот юзидин маъхуд дастури била эгнимни тутар эрди, муқаддима бунёд қилдиким:
— Сени бу кун дерларким туркча шеърни яхши айтурсен ва туркча назм айтур элдин эшитиб, бизга бу сўзни мусаллам тутарлар. Бизнинг бир саволимиз бор.
— Жавоб берай, сиз бори саволингизни айтинг.

Деди:
— Саволимиз будурки, туркийгўй, шуародин улча шеърлари рўзгор сафҳасида сабтдур, қайси яхшироқ айтибдурлар? Ва сенинг ақиданг анинг яхши айтмоқиға борур, сен бегонурсен?

Фақир дедим:
— Борча яхши айтибдурлар, мен бегонурмен.

Паҳлавон деди:
— Сен такаллуф ва касри нафсни қўй, воқеъ юзидин сўз айтки, буки: борини бегонурмен дерсен, борча худ бирдек эмас, албатта тафовут бор.

Фақир айттимким:
— Мавлоно Лутфий ҳоло мусалламдурлар ва бу қавмнинг устоди ва малик ул-каломидур.

Деди:
— Нечук Сайид Насимий[56], демадинг?

Фақир дедим:
— Хотирға келмади ва бар тақдир келмоқ, Сайид Насимийнинг назми ўзга ранг тушубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур. Бу саволда сенинг ғаразинг мажоз тариқида айтур эл эрди.

Паҳлавон эътироз юзидин киноятомуз дедики:
— Раво бўлғайки, Сайид Насимий борида Лутфий назмини писанд қилғайсен ва ҳол улким, Сайид Насимийнинг назми зоҳир юзидин мажоз тариқиға шомилдур ва маъни юзидин ҳақиқат тариқиға ва юқори битган байтни ўқудиким, фақир бу саҳар айтиб эрдим. Чун матлаъни ўқуди, ўзга абъётин ҳам мутаоқиб баён қилди ва тахаллусиким, бу навъ воқеъ бўлубтурким:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки, хом этган киши ранжур эрур.

«Навоий»ни «Насимий»та тағйир бериб ўқуди ва филвоқеъ бу байтда Навоий лафзидин Насимий лафзи муносиброқдур ва фақир мутаажжиб бўлдум. Оҳистароқ илгимни жайбимға элттим ва мулоҳаза қилдим: ўзум битиб жайбимға солғон мусаввада мавжуд эрди, ҳайрату таажжубим ортти. Ва Паҳлавон ҳамул айтган сўзни иода қиладур эрди ва ул шеърнинг абётин мукаррар ўқур эрди. Ва бу фақир бетаҳаммул бўлуб сўрдумким, ул иш кайфиятин маълум қилғаймен. Ул ўзин йироқ тутти ва ўз сўзида русух кўпрак зоҳир қилди. Фақир муболаға қилғон сойй Паҳлавон ҳам муболаға кўргузди. Зарурат юзидин сўрдумки:
— Бу шеърни қачон ёд қилиб тутуб эрдинг?

Деди:
— Ўн икки йил бўлғайки, Бобур мирзонинг мажлисида бу шеър ўтар эрди, менга бағоят хуш келди, битиб олиб ёд туттум.

Бори ҳар ҳол била букун ўтти, ул такъясиға борди. Тонгла ҳамул дастур била яна келди, яна суҳбат бўлди, яна бу сўз ораға тушди. Яна фақир сўрдум ва илҳоҳ қилдимким, бу иш кайфиятин маълум қилғаймен. Бу қатла худ дедики:
— Ул вақтки, мен бу шеърни ёд туттим, куштигирлардин ҳам нечаси бор эрдилар ҳам ўргандилар, — деб уч-тўрт пиёда сорт куштигирники, анинг била келиб эрдилар тилаб дедики: «Ўқунг, андоқки менинг била ўрганиб эрдингиз». Алар дағи пайдарпай равон ўқудилар. Фақирға таажжуб устига таажжуб воқеъ бўлди ва Паҳлавон сўзи сидқида муболаға қилур эрди. Агарчи муболаға хожат эмас эрди, невчунким, сидқи даъвосида неча тонуқ ҳам ўткарди.

Оқибат андоқ маълум бўлдиким, эгнимни улайдурғонда жайбимда қоғоз кўрубтур, оҳисталиқ била ул қоғозни чиқориб кўрубтур ва маълум қилибдурки, ушбу яқинда айтилғон шеърдур. У қоғозни очуқ ёнида қўюбдур ва ёд тутубдур ва чирмаб, жайбимға солибдур. Ҳамул замон бўлғон сўзларни ораға солибдур. Оқшомки, такъясиға борибдур, куштигирларига таклиф била ўргатибдур ва буюрубдурки, эҳтимоми тамом била такррр қилибдурларки равон ўқур чоғда равон ўқуғайлар.

Паҳлавоннинг ул навъ ғариб ишлари ва ажиб зарофатларики, табъға мужиби таажжуб ва ақлға боиси таҳайюр бўлғай — кўп эрди.

Дар силсилаи фақир ба иршоди туем,
Дар шому саҳар ҳамеша бо ёди туем,
Дар доираи фано ба авроди туем,
Яъне ки ятими Неъматободи туем[57].

Паҳлавон жавоб битган руқъада бу рубоийни битиб эрдиким:

Э, Мир, ту пиру мо ба иршоди туем,
Доим ба дуогўию бо ёди туем,
Ин шаҳр ба ту хуш асту мо бо ту хушем,
Мурдему хароби Астрободи туем[58].

Султон Соҳибқирон асари иноятидин ва маҳзи тарбиятидин Паҳлавоннинг иши улуғ бўлди. Андоқки, улуғлуқға таъзим қилурлар эрди ва истиҳқоқи бор эрди ва Неъматободдаким, анинг такъяси эрди — подшоҳ давлатидин юзга яқин куштигир яна мунча ҳамдин ортуқ сойир худдом Паҳлавон хизматида бор эрдиларким, юзча куштигирдин ўнчаси талабкаш ва йигирмага яқини қадаргир ва жалди навхостаким, борча маъракада тутарлар эрди. Ҳаттоким, салотин замонида ҳам яна ўн-ўн беш созанда ва гўянда ва хонандаким, ул силсила аҳлидин ҳеч қачон ҳеч қайсиға даст бергани маълум эмас. Ва мунга яраша борча тартибу одоб ва тазйину асбоб муҳайё эрдики, баяк бора Паҳлавоннинг ушоқларидин бири бу фақир қошиға изтироб била югуруб келдики, Паҳлавонға бевосита ғаше[59] воқеъ бўлубтур ва ҳуши зойил бўлуб, бехуд йиқилибдур, сизга хабар қилдуқки, табиб юборгайсиз. Фақир филҳол Мавлоно Абдулҳай[60] била Мавлоно Нуриддинким, ҳозир эрдилар, таъжил била юбордим. Алар бошиға етгунча Паҳлавон худ ўзга олам азиматиға оёқ урган экандур. Атиббо бир замондин сўнгра Паҳлавон мотамидин ғамзада бўлуб, юз дарду ҳасрат била қайтиб келдилар.

Бу ҳолдин Султон Соҳибқирон мизожиға ғариб андуҳ ва изтироб тушуб, ғоят ҳузн ва малолатдин талх-талх шўроба тўкуб, ҳой-ҳой йиғлади ва шаҳзодалар дағи ушбу дастур била мотам амриға муртакиб бўлдилар ва аркони давлатдин олий миқдор умарои завил — иқтидор ва вузаро ва соҳиб тамкин ичкилар ва хусусият ойин гулчеҳралар ва сойир эшик аҳлики, борча Паҳлавонға ёр ваҳаводор эрдилар, беихтиёр сўгворлиқ расмини бажо келтуруб, ўзни мотамий туттилар ва шаҳр аҳолисидин содоти олийшон ва уламои олиймакон вамашойихи изом ва қузоти киром ва хавосу авом мажмуи таъзият тутуб, либосиға тағйир бериб, марсия ва таърихлар айтиб, дайнини ўзлариға иқрор қилдилар, балки бошқа-бошқа ўзларин соҳиб азо кўр-гузуб, ошуб ва шайн зоҳир қилдилар. Ва зарофатосор шуаро ва диққатшиор зурафоки, Паҳлавоннинг борча вақт мусоҳиби эрдилар ва ҳақиқат маоб аҳли тариқ ва тариқат интисоб аҳли таҳқиқ, Паҳлавон дойим аларнинг хизмат ва дилжўйлиғиға иштиғол кўргузур эрди — борча маълул ва гиръён ва ул мотамдин паришон ва бесару-сомон бўлдилар ва теграсидаги ёри ушшоқ ва мулозимлар ва ҳамнишин ва сойир фуқаро ва масокин «вовойло, вомусибато!» ниқобин фалаки асирға тортиб, нав-ҳалар ва нудбалар кўргуздилар.

Ва Султони Соҳибқирон Паҳлавоннинг мадфанин Неъматобод ичидаким, Паҳлавон учун ясағон эрди — таъйин қилдилар ва анда дафн қилдилар. Ва подшоҳона жашн тузуб, азим ошлар бериб, хатм қоидасини бажо келтурдилар.

Чун Ҳазратн Маҳдумий Шайх ул-исломий қаҳф ул-аномий[61] Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон ил-Жомий[62] (қаддасаллоҳу руҳуҳу)дин бир йил сўнгра Паҳлавон ҳамул Ҳазратнинг пайравлиғиға; бу фано тангнойидин бақо гулшани фазосиға хиром кўргузди ва ул Ҳазратнинг Паҳлавон била бениҳоят илтифотлари ва беҳадду ғоят махсус мулоямат ва ҳолатлари бор эрди, фавтининг таърихи ғариб услуб била воқеъ бўлубдурким, фавтларнинг таърихи бўлур:

Муҳаммад Паҳлавон ҳафт кишвар,
Ки дар даҳраш навбад ақрону амсол.
Сару сарҳалқаи аҳли тариқат,
Ки рафт аз қайди гети фориғ ул-бол.
Зи баъди қутби олам орифи Жом,
Ки ў маҳдуми даврон буд аз иқбол.
Пас аз соле сўи жаннат хиромид,
Аз ин дерина дайри мухталиф ҳол.
Агар пурсад касе таърихи фавташ,
Бигуям: «баъди Махдуми ба як сол»[63].

Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳар замон юз қандил нур ва ҳар дам минг машъал берур, пурфутуҳ руҳиға нозил қилсун ва анинг руҳи мададидин бу шикаста ва ғамзада ва бу хаста мотамзаданинг дунё мақосидин ва охири муродотин ҳосил!

То ҳашр уза анинг марқади пурнур ўлсун,
Ҳақ раҳматидин равон мағфур ўлсун,
Жаннат чаманида руҳи масрур ўлсун,
Кавсар суйи бесоқий анга ҳур ўлсун.

  1. Шамс ул-миллати вад-дин – миллатнинг ва диннинг қуёши. Бу олий рутбали шахсларга бериладиган лақаб.
  2. Паҳлавон Муҳаммад даврнинг йирик маданият арбобларидан эди. Алишер Навоий бу гўзал инсоний фазилатларга эга, илғор фикрли шахс билан 40 йил мобайнида яқин дўст бўлган ва уни ўзининг мураббийси санаган. Паҳлавон Муҳаммад халқ кураш турларидан «куштигир» – яккама-якка кураш тушишда шуҳрат қозонган. Ҳеч шубҳасизки, Навоийдек улкан арбоб ва буюк шоир фаолияти ҳамда ижодиёти йўналишида, равнақи ва такомилида Паҳлавон Муҳаммад каби улкан маданият намояндаларининг ўрни катта бўлган.

    Паҳлавон Муҳаммад вафотидан кейин Навоий унинг хо-тирасини абадийлаштириб, бу рисоласини ёзган. Унда дўсти ва мураббийсининг ғоят жозибали образини яратган ҳамда характерини гўзал ва бетакрор чизгиларда очиб берган.
  3. Пахлавон Абусаид – Паҳлавон Муҳаммаднинг тоғаси, машҳур курашчи – паҳлавон, кичиклигида Паҳлавон шу тоғасидан куштигирликни ўрганган.
  4. Рўзғор ҳарунлиғидин ва лайлу наҳор буқаламунлиғидин – тақдирнинг ўжарлиги ва кечаю кундузнинг ўзгарувчанлигидан, демакдир.
  5. Муқтазойи ожил – ўлим.
  6. Адвор – мусиқа назарияси.
  7. Нақш – куй, ашула.
  8. Амал – куй, ашула, оҳанг.
  9. Қавл – сўз, гап, мусиқага солинган шеър.
  10. Устоз Муҳаммад Хоразмий, Мавлоно Нуъмон, Мавлоно Соҳиб Балхий, Шайх Сафойи Самарқандий, Юсуф Андижоний Ҳирот маданий ҳаётининг фаол иштирокчилари, шоир, бастакор ва созандалар.

    Навоий Паҳлавон Муҳаммад уларнинг асарлари қабилида мусиқалар яратганини таъкидлаб, баъзи жиҳатларини улардан яхшироқ чиқишига эришган, овози ғоят ёқимли ва гўзал бўлгани сабабли кўпроқ шуҳрат тутган эди, деб ёзади.
  11. Мавлоно Тўтий – асли туршизлик шоир. Навоий «Мажолис ун - нафоис»да Мавлоно Тўтий Абулқосим Бобур Мирзо замонида тарбият топганлигини таъкидлайди ва яхши қасида ва ғазаллари борлигини эътироф этади. Ёшликда дунёдан ўтган бу шоир вафотига Навоий «хурус» сўзи билан таърих туширган эди, бу сўздан абжад ҳисобида 816 йил чиқади. Демак Мавлоно Тўтий 1461 – 62 йилларда вафот этган.
  12. Тарж.: Эй соқий, қишнинг иккинчи ойи кетдию эртанииг аҳволи номаълум; ўзимизни бугун хурсанд қилайлик, эртани эса ким кўрибди?
  13. Мир Бузург Тирмизий - ўз даврининг ғоят нуфузли сиймоларидан. Абу Саид мирзонинг ўғли Султон Маҳмуд мирзонинг отаси, Султон Масъуд мирзонинг бобоси.
  14. Мавлоно Хусрав – бу билимдон соҳиби девон, лекин дағал табиатли. Ҳиротда вафот этган шоир ҳақида «Мажолис ун-нафоис»нинг II мажлисида Навоий маълумот бериб ёзади: «Даъволиқ ва бузургманиш ва тундхў киши эди. Фақир қошиға баъзи маҳалда шеър келтурса эрди, бурунроқ андоқ калом сурар эрдиким, дахл қилмоқ йули боғланур эрди. Заруратан, барча шеърни таҳсин қилмоқ керак эрди.
  15. Тарж.: Чеҳранг тобланишидан ҳар бир жонга шамъ пайдо бўлади, девоналар дили жингалик буралиб кетган сочларннинг асиридир.
  16. Бобур – Абулқосим Бобур, темурийлардан. 1447 – 57 йилларда Хуросонда ҳукумронлик қилган. Шоҳрух вафотидан кейин авж олиб кетган темурий шоҳзодаларининг ўзаро курашларига бардош бера олмай шаҳарни ташлаб кетганлар Абулқосим тахтга ўтиргач, қайтиб кела бошлайдилар. Улар орасида Алишер Навоий оиласи ҳам бор эди. Шоирнинг отаси шоҳ хизматига киради ва бироздан кейин Сабзавор ҳокими қилиб тайинланади. Отаси вафотидан сўнг ёш Алишер ҳам сарой хизматига киради. Абулқосим Бобур маърифатли ҳукумдор эди. У илм ва адаб аҳлига ҳомийлик қилар эди. «Мажолис ун-нафоис»да Навоий у ёки бу шоир ёки воқеалар муносабати билан 12 жойда Бобур мирзони тилга олади ва VII мажлисда унга алоҳида мақола бағишланди. Унинг дарзешваш табиати, гўзал аҳлоқли, юксак ҳикматли шахс бўлганлигини таърифлаб, тасаввуфда ҳам билимдон ва яхшигина шоир ҳам бўлганини қайд этиб ўтади. Бобурнинг бир форсий рубоийси ва қуйидаги туркий байтни келтиради:

    Неча юзунг кўруб ҳайрон бўлойин,
    Илоҳи ман санга қурбон бўлойин.

    Абулқосим Бобур 1457 йилда Машҳадда вафот этган.

  17. Мавлоно Котибий – Шамсудди Муҳаммад ибни Абдуллоҳ (таваллуди номаълум, Туршез – 1435, Астробод), машҳур шоир, хаттот ва мунший. Яхши котиб бўлганлигидан «Котибий» тахаллусини олган. Шоирнинг Нишопурда таҳсил олгани, Ҳирот, Самарқанд, Мозандарон, Шилон, Ҳижоз, Табриз ва Исфаҳонларда бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Умрининг охирларида Астрободда муқим бўлган ва шу ерда вафот этган. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис»нинг бир мажлисида Қотибийга мақола бағишлаган. Унинг қасида жанрида ихтиролар қилгани, «Тажнисот», «Зул-баҳрайн», «Зулқофиятайн», «Ҳусн ва Ишқ», «Носир ва Мансур», «Бахром ва Гуландом» номли маснавийлари, ғазаллар девони, қасидалар девони борлигини таъриф қилиб, Навоий «Хамса»га киришдию охирига етказа олмади, деб ёзади. Навоий таассуф билан «Бизнинг Султон Соҳибқирондек (яъни, Ҳусайн Бойқаро – С. Ғ.) сухандон подшо анга мураббий бўлса эрди ва умри дағи бирор нима вафо қилса эрди, кўп элнинг кўнглин шеър айтмоқдин совутқай эрди», – деб ёзади ва Котибийнинг шеъриятидаги маҳоратига юксак баҳо бериб, ғазал, қасида ва маснавийларидан намуналар келтиради.

    Котибий тоун – вабо касалидан вафот этган ва Астрободда «Нуҳ гўрон» қабристонига дафн этилган.
  18. Гоҳо тиғинг ошиқлар қатли учун кўтарилганда, бир кўриш билан юз шаҳиднинг мақсади ҳосил бўлади.
  19. Тарж. Котибий ғам тунингдан нолима, Абусаид давлати баракатидан саодат тонги отиб қолади.
  20. Султон Абу Саид – Қаранг: ушбу китоб 220-бет, 38-изоҳ.
  21. Султони Соҳибқирон – Султон Ҳусайн Бойқаро – Қаранг: ушбу китоб, 186-бет, 32-изоҳ.
  22. «Сайди ғазол» – мумтоз мусиқа йўлларидан бири.
  23. Даргоҳингга ёлвориб юзланганимда, кўнгил юзини иқбол каъбасига йўналтирган бўламан.
  24. Бозгўй – ашулада бирор сўз ёки шеърни такрор айтиш.
  25. Султон Ҳусайн ғолиб подшоҳдир, унингдек рўзгор садафида ҳеч ким, ҳеч қачон бўлмаган; У шоҳдир, отаси – Мансур Бойқаро Умаршайх бин Темур ҳам буюк шоҳ бўлган.
  26. Мақомот – мусиқашунослик илмида Шашмақом, Ҳоразм мақомлари ва Фарғона - Тошкент мақом йўлларининг мажмуаси маъносида қўлланилади.
  27. Шаабот – мусиқа йўллари.
  28. Чорзарб – мусиқий куй номи.
  29. Савт – мусиқий куй.
  30. Муаммо – Қаранг: ушбу китоб, 217-бет, 14-изоҳ.
  31. Унга айтдимки, сенинг ишқинг Оламида ишим ғамдин иборат бўлди. У кулги аралаш мийғида «ғам эмас», оламнинг ишқидир, – деди.
  32. Тарж.: Унинг жингалак – буралган кокили хаёлидан кўнгил дуди куштигирнинг боши устида худди қора нишондир.
  33. Хожа Ҳофиз Шерозий – Қаранг: ушбу китоб, 218-бет, 19-изоҳ.
  34. Эй соқий, косани айлантир ва ич, дастлаб ишқ осон кўринган эди, бироқ мушкил тушди.
  35. Ҳозирда ўзим учун шуни маслаҳат кўрдимки, майхонага кўчайин ва у ерда шод ўтирайин.
  36. Гарчи олтин хазинаси бўлмаса ҳам, қаноат хазинаси боқийдир, уни шоҳларга, бунисини гадойларга берди.
  37. Баъзи ёронлариға – бу ерда Алишер Навоий кўзда тутилади.
  38. Агарчи ажал ношод тандан жонни олса, асло меҳрингни менинг ёдимдан ола олмайди; хохлайманки, тупроқ бўлсаму уни шамол олиб кетса, шундай бўлсаки, уни Астробод томонга элтса.
  39. Баъзи мухлис ва муътақид ёронлари руқъаси жавобида – бу ерда Алишер Навоий мактубига Паҳлавон ёзган жавоби кўзда тутилади.
  40. Ром бўлган оҳуйингни унутма. Сайд қилинган ромингни унутма; унутмоқлик не чоғлиқ бўлмасин, ўз қулингни унутма.
  41. Лангар – йўловчилар қўниб ўтадиган жой; камбағал, етимесирларга овқат улашадиган ғарибхона ҳам лангар дейилади.
  42. Парвардигорнинг сояси такъямга ўз соясини солиб, унинг шарафини баланд осмондан ҳам юксалтириб юборди. Агарчи осмон ўз атласини шоҳга пояндоз қилган эса-да, кошки ўзим бор бўлсайдим, жонимни нисор қилардим.
  43. Агар ҳолим фалакка маълум бўлса, юз-кўз билан аҳволимга йиғлар эди; менда янги очилган гул бор эди, во дариғ уни хазон шамоли олиб кетди; умр бўйи яхшилиғ уруғини экдим, униб чиққанда эса йиғиб ололмадим; шунннг учун ҳаёт менга аччиқ бўлди. Кексалик мени ёшлик палласидан итқитиб ташлади; энди мен ул занжирбанд шер эмасман. Кексалик ғами мени бутунлай олиб кетди. Ота болани шунинг учун тарбия қиладики, токи у катта бўлганида ғамхўрлик қилсин; ундан йигитлигида фойда бўлсин, кексалик пайтларида эса, ишга ярасин. Мени кексалик шундай синдирдики, йигитлик асло фойда келтирмади;
  44. Санойиъ – санъат сўзининг кўплиги, ҳунарлар маъносида ҳам келади. Бу ерда адабий санъатлар назарда тутилади.
  45. Аруз – шеърнинг вазнлари, ўлчовлари ҳақидаги фан.
  46. Қофия – шеърда байт ёки мисралар охиридаги сўзнинг иккинчи байт ёки мисра охиридаги сўзга мос оҳангдош бўлиши. Шарқ поэтикасида қофиянинг ўзига хос назарияси бор. Шунинг учун қофияга оид адабий илм мавжуд.
  47. Тажвид – Қуръон каримни талаффуз қоидалари билан ўқиш. Бу ҳам илм даражасида ўрганилган,
  48. Илми нужум – осмон жисмлари ва унинг ҳарактларини ўрганувчи илм, астрономия.
  49. Мавлид учун ройижаи толеъ – кейинги вақтларда кенг тарқалган гараскопни англатади.
  50. Мавлоно Қутбиддин – ўша даврнинг машҳур табиби. Паҳлавон Муҳаммад ундан тиб илмини ўрганган, асли Насафдан бўлган.
  51. Мавлоно Ало ул-мулк – Паҳлавон атрофидаги табиб дўстларидан.
  52. Фиқҳ илми – диннинг йўл-йўриқлари, қоидалари тўғрисидаги илм.
  53. Ашриба ва фавоқиҳ ва ҳалвиёт – шароблар, хўл мевалар ва ҳолвалар (қанд-қурслар ҳам киради).
  54. Мафосил марази – бўғимларнинг зирқираш касали.
  55. Мавлоно Абдуссалом Шерозий – замонасининг машҳур ҳакими, ҳақиқий табиби. Машҳадда Навоийни даволовчи табиб бўлган.
  56. Сайид Насииий – буюк озарбайжон шоири, файласуфи. Исми – Али, Имодиддин – лақаби. Асли Ширвондан, 1370 й. да Шамоҳи шаҳрида туғилган, илк таҳсилни ҳам шу шаҳар мадрасаларида олган. У аввал «Ҳусайний», «Саййид» тахаллуси билан шеърлар ёзган. Насимий Темурнинг истилочилик сиёсатига ва истибдодига қарши курашга даъват қилувчи, яъни тариқат – ҳуруфийликни қабул қилган ва уни фаол тарғиб-ташвиқ этган. У бу жабҳада кейинчалик унга дўст бўлиб қолган устози, ҳуруфийлиқ тариқатига асос солган Фазлуллоҳ Наимий билан танишгач -«Насимий» тахаллусини олади. Наимий Мироншоҳ томонидан қатл этилгач, ватанини тарк қилган, Насимий Бағдод, Онатўли, Токат, Бурса ва бошқа жойларда яшайди, охири Ҳалабда қарор топади. Миср султони Муайяддин Насимийни даҳрийликда айблаб, 1417 йилда уни тириклайин терисинн шилдириб, қатл этишга эришди. Шоирнинг фожиали ўлими ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да шоир ҳақида ёзади: ...мазкур бўлган мулк аҳлиға анинг шеъри муқобаласида ҳамоноки шеър йўқтур. Ҳамоно тақлид аҳли (риёкорлар – С. Ғ.) ани мазҳабида қусур туҳматига муттаҳам қилиб, шаҳид қилдилар. Машҳур мундоқдурки, терисин сўяр ҳукм бўлуб-тур.. Ул ҳолатда бу шеърни дебдурким,

    Назм:

    Қибладур юзунг, нигоро, қошларинг меҳроблар
    Суратинг мусҳаф, вале холу хатинг эъроблар.

    Ва бу шеърнинг тахаллуси ушбу муддаоға долдурким:

    Назм:

    Эй Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол,
    Қўй, терингни сўйса сўйсин, бу палид қассоблар.

    Айтиш кераки, бу мақтаъ байт Навоий таржимасида берилган. «Қатрада осмон акс этади» деганларидек, байт Навоийнинг юксак таржимонлик маҳоратини намоён қилади. Байтнинг асли қуйидагичадир:

    Чун Насими жовидони ёр ила бўлди висол,
    Гўй неча донарса донсун бу яшил дулаблар.

    Биринчи байтнинг иккинчн мисрасидаги «Мушкин хатинг»ни Навоий «холу хатинг» деб берган.

    Бу ерда Навоий Паҳлавон Муҳаммадга Насимий шеъриятининг моҳияти – ҳақиқат тариқи – йўлларини баён этишлик бўлгани ҳақида фикр билдиради. Унга эътироз билдириб, Паҳлавон дейдики, Насимий шеърлари зоҳиран мажозий, ботинан эса ҳақиқийдир.

  57. Тарж.: Фақирлик йўлида сенинг иршод (тўғри йўллар кўрсатиш)инг биланмиз. Кеча-кундуз ҳамиша сенинг ёдинг биланмиз. Фано доирасида сенинг номингни такрорлаш биланмиз. Яъни, сенинг Неъматободинг етимларимиз.
  58. Тарж.: Эй Мир (яъни Навоий – С. Ғ.) сен пирсан, биз сенинг иршодинг биланмиз. Доим сенинг дуогўйингмиз ва ёдинг биланмиз. Бу шаҳар сенга яхши, ёқимлидир ва биз сен билан хурсандмиз. Биз ўлдик, Астрободинг харобимиз.
  59. Ғаше – қандайдир дард.
  60. Мавлоно Абдулҳай – табиб, Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»да Мавлоно Абдулхайни табобат аҳлидан Ғиёсиддин Азиз ва Уло ул-мулклар билан бир ерда тилга олади. Уларнинг учаласини «Амир» унвонлари билан беради ва саройда мансаб ва обрўлари юқори бўлганини қайд қилиб ўтади. «Макорим ул-ахлоқ»да эса, Мавлоно Абдулҳай Навоий ҳастининг охирги дамларида ёнида бўлгани ва табиблардан Мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Чилоний билан шоир томиридан қон олганликларини ёзади.

    Паҳлавон Муҳаммаднинг сўнгги дамларида Навоий ўз ҳузурида бўлган мавлоно Абдулҳай ва Мавлоно Нуриддинларни дарҳол унинг ёнига жўнатади, лекин фурсат ўтган, Паҳлавон бандаликни бажо келтирган бўлади.
  61. Қаҳф ул-аномий – инсонлар таянчи, паноҳи демакдир қаҳф ғор, Қуръони каримнинг «қаҳф» сурасидаги биродарлар узоқ муддат ухлаб қолган ғор бўлиб, сиғинадиган жойни ҳам англатади.
  62. Абдураҳмон Жомий – қаранг: шу китоб, 113-бет.
  63. Тарж.: Муҳаммад Паҳлавон – етти ўлка паҳлавони. Дунёда унинг тенгги, ўхшаши йўқ. Тариқат аҳли (суфийлар – С. Ғ.) нинг боши ва сарҳалқаси (ақли – С. Ғ.) дунё кишанларидан қанот ёзиб кетди. Олам таянчи, Жом маърифатчиси иқбол юзасидан даврнинг ҳурматли зоти (яъни, Жомий – С. Ғ.) кетидан бир йилдан кейин ранг-баранг кўринишдаги бу кўҳна дунёдан жаннат томон хиром қилди. Агар кимда-ким вафоти таърихии сўраса, «Маҳдумдан кейин бир йил ўтгач» – деб айтинг. Бу ерда таърих моддаси «баъди махдуми ба як сол» бўлиб, абжад ҳисобида 899 – 1433 йил чиқади.