OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлишер Навоий
Асар номиМажолис ун-Нафоис (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мумтоз адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Алишер Навоий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм405KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/16
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Мажолис ун-Нафоис (II- қисм)
Алишер Навоий

Еттинчи Мажлис

Салотини изом ва авлоди вожуб ул-эҳтиромлари зикридаким, баъзи яхши маҳалларда хуб байт ўқубтурларким, филҳақиқат ўзлари айтқондек хубдур ва баъзи назм латойифига машғул бўлубтурларким, ул дағи матлуб ва марғубдур

Мулук шажарларининг бўстони ва салотин гавҳарларининг уммони, хоқони жаҳонгири соҳибқирон, яъни:

Темур Кўрагон(1) — агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтқонча бор. Табаррук ҳайсиятидинким, ул ҳазратнинг муборак исми бу мухтасарда бўлғай ва ул латойифдин бири била ихтисор қушилур. Мундоқ нақл қилурларкнм, чун Табризда Мироншоҳ Мирзо(2) чоғирға кўп иштиғол кўргузди. Димоғи ва мизожи эътидол тариқидин инҳироф топиб, андин номулойим амр кўп сурат тута бошлади. Самарқандда ул ҳазрат арзиға бу навъ еткурдиларким, уч надими борким, муфрит чоғир ичмакка боис алардурлар. Ҳукм бўлдиким, тавочи миод била чопиб бориб учаласининг бошин келтурсун. Алардин бири Хожа Абдулқодир эрди ва яна бири Мавлоно Муҳаммад Кохин эрди ва яна бири Устод Қутб Нойи эрди. Тавочи бо-риб иккисини ясоққа етқурди. Аммо Хожа Абдулқодир қочиб қаландар бўлуб, ўзин девоналиққа солиб мулкдинмулкка мутавори юрур эрди, то улким, ул ҳазрат яна Ироқ юруши қилди. Ул мамоликда Хожанинг ул ҳоли баъзиға маълум бўлуб, юқори арз қилдилар. Ҳукм бўлдиким, тутуб келтурсунлар. Ул ҳазрат тахтда эрдиларким, Хожаи фақирни девоналиққа қўймай, судраб тахт илайига келтурдилар. Андин бурунким, сиёсат ҳукм бўлғай, чун Хожанинг камолотидин бири қуръон ҳифзи ва қироат илми эрди, филҳол бийик ун била қуръон ўқумоқ бунёд қилдиким, ул ҳазратнинг ғазаби лутфқа мубаддал бўлуб, фазл ва камол аҳли сори боқиб, бу мисраъни ба вақт ўқудиким:

Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад(3).

Андин сўнгра Хожаға илтифот ва тарбиятлар қилиб, ўз олий мажлисида надим ва мулозим қилди. Идрок ва фаҳм аҳли билурким, йиллар балки қарнларда мундоқ латиф сўз воқеъ бўлмас. То олам аҳли билғайларким, Султон соҳибқиронғаким, мажолисда пайдар-пай хуб абёт ва яхши сўзлар дармаҳал воқеъ бўлур дағи. маврусийдурким, нисбатин ул жадди бузургворға тузатурким, ул бирининг макони равзаи жинон ва бу бири жаҳон мулкида жовидон бўлсун!.

Xоқони Саид Шоҳрух Мирзо(4) ким, авлоди ваамжод орасида соҳибқирон отасининг қойим мақоми бўлди. Ҳам назмға машғуллуқ қилмас эрди, аммо хуб байт ва яхши сўзлар кўп ул ҳазратдин ҳам воқеъ бўлур эрди. Муни ҳам бир нақл била ихтисор қилилур. Бу фақири ҳақир Бобур Султон муборак тилидин мундоқ эшиттимким бир мажлисда акобир сари бо-қиб Шоҳрух Мирзодин нақл қилдиларким, устод Қивомиддин меъморға бир иморат жиҳатидин эътироз қилиб бир йил мулозаматдин маҳрум экондур. Йил бошида тақвим истихрож қилиб бу васила била шояд Мирзонинг муборак диндорин кўра олғаймен деб эшикка келиб, судурни восита қилиб, они судур кўргузуб тақвимин арз қилибтурлар, Мирзо табассум қилиб бу байтни ўқубдурларким:

Ту кори заминро наку сохти
Ки, бо осмон низ пардохти(5).

Анингдек отадин мундоқ ўғул ҳеч ажаб эмас.

Абобакр Мирзо — набира бўлур. Баҳодирлуғи ва қиличи зарби Чиғатои улусида машҳурдур. Чун табъида назм чошниси бор эрмиш. Ҳамул баҳодирлуғ таврида бу туюқ андин машҳурдурким:

Эр керак ўртанса ёнса ёлина,
Ёра еб ётса отининг ёлина.
Ит ўлуми бирла ўлса яхшироқ,
Эр отониб душманиға ёлина.

Агарчи баъзи алфози турконароҳдур, аммо тажнисини яхши топибдур.

Султон Искандар Шерозий ҳам набирадур. Салтанат тажаммулини, дерларким салотиндин ози онча қилмиш бўлғай. Етти ё саккиз йиллиқ салтанатида гўёки уч ганж топибдур. Мавлоно Ҳайдар туркигўй, анинг модиҳи экандур. Бу анинг маснавийсидиндурким:

Ҳиммат элидур яди байзо деган,
Эр нафасидур дами Исо деган.

ва Султон Искандарни дерларким, табъи назм эрди. Ва бу туюқни андин нақл қилурларким:

Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрки, ё Ҳалабни ё Руми.

Бурунғи туюқдин бу турконароқдур.

Халил Султон(6) — ҳазрат султон ус-салотиннинг воқеасидин сўнгра Самарқанд тахтида салтанат қилди. Зурафо ва шуаро мажлисида жамъ бўлурлар эрди. Машҳурдурким, ўзи шеър айтур эрди. Андоқким, девони таърифида Хожа Исматуллоҳ қасида айтибдур, аммо тилаб топилмади, ушбу матлаидин ўзгаким:

Эй турки пари пайкаримиз, тарки жафо қил,
Коми дилимиз, лаъли равонбахш раво қил.

Улуғбек Мирзо(7) — донишманд подшоҳ эрди. Камолати бағоят кўп эрди. Етти қироат била қуръони мажид ёдида эрди. Ҳайъат ва риёзийни хўб билур эрди. Андоқким, зиж битиди ва расад боғлади ва ҳоло анинг зижи орода шоеъдур. Бовужуди бу камолот гоҳи назмға майл қилур. Бу матлаъ анингдурким:

Ҳарчанд мулки ҳусн ба зери нигини туст,
Шўхи макунки, чашми бадон дар камини туст(8).

Бойсунғур Мирзо(9) — хуштабъ ва сахий ва айёш ва ҳунарпарвар подшоҳ эрди. Хаттот ва наққош ва созанда ва гўяндадин мунча беназир кишиким, анинг тарбиятидин ороға кирди, маълум эмаским, ҳеч подшоҳ замонида пайдо бўлмиш бўлғай. Улча имкони бор, оламни хушлуқ била ўткарди. Дерларким, бу матлаь анингдурким:

Надидам он ду рух, акнун ду моҳ аст,
Вале меҳраш басе бар жони мо ҳаст(10).

Тахаллуси будурким:

Ғуломи рўи у шуд Бойсунғур
Ғуломи хубрўён подшоҳ аст(11).

Бобур Мирзо — дарвешваш ва фоний сифат ва карим улахлоқ киши эрди. Ҳиммати олида олтуннинг дағи кумушнинг тош ва туфроғча хисоби йўқ эрди. Тасаввуф рисолаларидин «Ламаъот»(12) била «Гулшани роз»(13)ға кўп машъуф эрди. Табъи дағи назмға мулойим эрди. Бу рубоий анингдурким:

Чун бодаву жомро баҳам пайвасти,
Медон ба яқинки, ринди боло дасти,
Жомаст шариату, ҳақиқат бода
Чун жом шикасти, ба яқин бадмасти(14).

Агарчи туркча назмлар ҳам айтур эрдиким, барчаға қабул эрди. Аммо у байт ҳам анингдурким:

Неча юзунг кўруб ҳайрон ўлайин,
Илоҳи, мен санга қурбон ўлайин.

Абдулатиф Мирзо(15) — савдойи мизож ва васвасий табъ ва девонасор киши эрди. Мундин ўзга дағи ғариб бадфеъллиқлари бор эрдиким, зикридин беҳижоблиқ лозим келур. Ўтар дунё маслаҳати учун донишманд ва подшоҳ отасин ўлтурди. Ҳар ойинаким, салтанат Шируяға вафо қилғонча анга қилди. Аммо табъи назм эрди ва шеърни ободон айтур эрди. Бу матлаъ анингдурким:

Бар дилу жон сад бало аз як назар овард чашм,
Чун бигуям шукри ин, ё раб, набинад дард чашм(16).

Жаҳоншоҳ Мирзо(17) — дағи шеър айтур эрди. Бу мақтаъ анингдурким:

Аз лутфи дўст ёфт ҳақиқи мурод дил,
Бе жидду жаҳди тоату бе миннати амал(18).

Яъқуб Мирзо(19) — туркман салотинида анингдек писандида зотлиғ ва ҳамида сифотлиғ йигит оз бўлғай. Дарвешсифат ва фонийваш эрди. Бу рубоий анингдурким:

Оламки, дар у сабот кам мебинам,
Дар ҳар тарабаш ҳазор ғам мебинам,
Чун кўҳна работестки, аз ҳар тарафаш
Роҳе ба биёбони адам мебинам(20).

Сайид Аҳмад Мирзо(21) — салим табъ ва пок зеҳн киши эрди. Хили машҳур назмлари бор. Ҳам ғазал, ҳам маснавий, ҳам туркий, ҳам форсий ғазал таврида девони бор. Ва маснавий таврида «Латофатнома» анингдур. Бу туркча матлаи яхши вақеъ бўлубтурким:

Сайд этти фироқинг мени мурғи саҳарийдек,
Қил одамийлиқ, қилма ниҳон юзни паридек.

Бу форсий матлаъ ҳам анингдурким:

Маҳам гар пеш аз ин пинҳон бимонад,
Ажаб, гар бедилонро жон бимонад(22).

Султон Аҳмад Мирзо — дарвешваш, яхши ахлоқлик, писандида атворлиқ, одамишева кишидур. Ота жонибидин хуштабълиқ анга маврусийдур. Йиллар Хуросон тахтида ҳукумат қилдиким, ҳеч киши андин шикоят қилмади ва таън этмади. Ва Султон соҳибқиронға ота майобасидадур ва икки девон ихтиёри ва мулку мол мушорун илайҳи ва сипоҳи ва черик муътамаддун алайҳи улдур ва гоҳи назм ҳам айтур. Бу байт анингдурким:

Сен кибй шўхи ситамгар дунйида пайдо қани,
Сеҳр бобида кўзунгдек кофири яғмо қани?

Бойқаро Мирзо — бовужуди улким, Султон Соҳибқироннинг туғқон оғаси эрди. Йиллар Балх (қуббат ул-исломий)да салтанат қилди. Ва лекин шикаста нафслиқ ва кичик кўнгуллук, тавозуъ ва таъзимлиқ киши эрди ва ҳақшунослиғи аъло мартабада эрди. Табъи дағи назм ҳулъясидин муарро эмас эрди. Бу матлаъ анингдурким:

Зиҳи тажаллии ҳусни ту дар жаҳон пайдо,
Ва з-ин тажаллии у гашта жони мо шайдо(23).

Кичик Мирзо(24) — хуб табълиқ, тез идроклиқ, шўх зеҳнлик, қавий ҳофизалиқ йигит эрди. Оз фурсатда яхши толиби илм бўлди ва кўпроқ улум ва фунундин ўз мутолааси билан вуқуф ҳосил қилди. Шеър ва муаммони хуб англар эрди, балки кўнгли тиласа айта ҳам олур эрди. Бовужуди бу фазойил дарвешлиқларга мойил бўлуб, Макка зиёрати шарафиға мушарраф бўлди. Аммо бағоят мустағни киши эрди. Бўла олурким, фақир истиғноси эркан бўлғай. Бу рубоий анингдурким:

Умре басалоҳ месутудам худро,
Дар шеваи зуҳд менамудам худро.
Чун ишқ омад кадом зуҳду чи салоҳ,
Алминнатулиллаҳ, озмудам худро(25).

Баъзи дерларким, бу рубоий ҳазрат Махдумий Нуран била таворуд(26) воқеъ бўлубтур. Андоқ дағи бўлса улуғ давлат турур.

Султон Бадиуззамон Мирзо(27) — ҳусни сурат ва ҳусни сийрат била ороста ва жамоли зоҳирий ва камоли ботиний била пийроста йигитдур. Разм атворидин отар-тутарда дилписанд ва базм асбобидин ичмак ва бағишламоқда бемонанд. Табъи ҳам назм услубида мулойимдур. Бу матлаъ анингдурким:

Маҳи ман, бе гули рўят дилам хум гашта чун лола,
Жигар ҳам аз ғами ҳажрат шуда паргола-паргола(28).

Бу туркий матлаъ дағи таркибда хуб ва ҳолатда марғуб воқеъ бўлубтурким:

Эй сабо, гар сўрса ҳолим шаммаи ул сарвиноз,
Эврулуб бошиға мен саргаштадин еткур ниёз.

Шоҳ Ғариб Мирзо(29) — шўх табълиғ ва мутасарриф зеҳнлик ва нозук тахайюллуқ ва дақиқ тааққуллуқ йигитдур. Назм ва насрда назири маъдум ва мутаханйила ва ҳофизада адили номаълум. Ов ва қуш хотириға марғуб ва қурро ва ўқуш кўнглига маҳбуб. Бу матлаъ анингдурким:

Қайси бир гулчеҳра ул гулбарги хандонимча бор,
Қайси бир шамшод қад сарви хиромонимча бор?

Бу матлаъ ҳам яхши воқеъ бўлубтурким:

Тарки меҳр айлаб агарчи бўлди жонон ўзгача,
То тирикман, қилмағумдур аҳди паймон ўзгача.

Бу матлаи хос хаёл ва ғариб адо топибдурким:

Порсо ёримға май ичмак шиор ўлмиш яна,
Баски тортарман сабу, эгним фигор ўлмиш яна.

Бу форсий матлаи ҳам бағоят ошиқона тушубтурким:

Бозам балои жон ғами он моҳпора шуд,
Эй вой, он маризки дардаш ду бора шуд.

Бу матлаи ҳам бағоят ошиқона ва мухлисона ва муассирона воқеъ бўлубтурким:

Дўстон, ҳар гаҳ гузар сўи мазори ман кунед,
Жои такбирам дуои жони ёри ман кунед(30).

Девон ҳам жамъ қилибдур. Яхши матлаълари бу мухтасарға сиғмас, магар яна бир китоб битилгай.

Фаридун Ҳусайн Мирзо(31) — Фаридун ҳасаблиқ ва Ҳусайн насаблиқ. Зоти таъзим ва виқорлиқ ва хулқи адаб ва ҳурмат шиорлиқ, ёй кучида ягона ва ўқ отарда замона аҳлига нишона. Тоат ва тақвийға мойил. Зикр ва тиловатқа машғул йигитдур. Хуб табъи ва мулойим зеҳни бор. Бу матлаъ анингдурким:

Гарчи дар кўи ту помоли жафо гардидам,
Ба худо гар сари мўе зи вафо гардидам(32).

Бу туркча матлаъ ҳам анингдурким:

Эй сабо, еткур манга сарви равонимдин хабар,
Раҳм этиб бергил манга ороми жонимдин хабар.

Муҳаммад Ҳусайн Мирзо(33) — халойиқ ани адолат ва шижоат ва салтанат ойинида кўп таъриф қилурлар, аммо улча зоҳир бўлди — бағоят саркашлик ва бегонавашлик гўё зотида бор. Ҳар тақдир била дерларким, бу матлаъ анингдурким ва яхши тушубтур:

Олудаи гарди зи паи сайдки, гашти,
Ғарқи арақе бар дили гармки, гузашти(34).

Бойсунғир Мирзо(35) — табъи диққатлиқ ва зеҳни жавдатлиқ. Салтанат тахтида фақрпешалик ва макрумат бисотида фаноандешалик йигитдур. Фазойил ва ҳунарларга роғиб ва фазл аҳли тақвиятиға муртакиб. Назм ойини дағи анга мақбул ва гоҳи ул фикрга табъи машғул. Бу матлаъ анингдурким:

Кош дар ишқи бутон девонае бошад касе,
Тарки олам карда дар вайронае бошад касе(36).

Султон Масъуд Мирзо(37) — равшан зеҳнлик ва мустаҳсан табълиқ ва покиза ҳисол ва маҳмуд фаол йигитдур. Вафо ва дилжўйлуқ анинг шиори, сахо ва дарвешхўйлуқ анинг атвори. Мулк равнақ ва интизомида ахтари масъуд. Назм зеб ва зийнат итмомида абнои жинсқа мақсуд. Бу туркча матлаъ анингдурким:

Ёр бориб жонға қўйди доғи фурқат, эй рафиқ,
Кўнглума кор этмасунму дарди ғурбат, эй рафиқ?

Султон Али Мирзо(38) — ҳоло Самарқанд мулкида салтанат тахтида мутамаккиндур. Дерларки, табъи назмға мойилдур. Бу матлаъни андин нақл қилурларким:

Васлида мағрур бўлдунг ҳажрида зор, эй кўнгул,
Не анинг бирла, не онсиз, тоқатинг бор, эй кўнгул.

Еттинчи мажлиснииг туганчиси

Бу олийжоҳ подшоҳлар ва анжумсипоҳ фалак дастгоҳлардин аввалғи Жамшид(39) ва Фаридун(40) монанд ота била фарзандға сўнгғи авлод ва ахфод ва амжодқа фалак Жамшид била Фаридунға ичиргандек, аёғи ичурди ва вужуд базмгоҳидин сурди ва адам фаромушхонасиға киюрдиким, дунёда ҳақ таоло аларни шоҳи тахтгир қилғондек охиратда ҳам муқарраби даргоҳ ва арши сарир қилғай. Ва аларнинг мулку тахт ва салтанатин ва тожу сипоҳ ва ҳашаматин аларға вориси барҳақ ва мулкка ҳориси мутлақ, яънн Султон Соҳибқиронға мусаллам тутғай ва руҳларининг шамъин ҳам ўз ўчоғлари шуъласи била ёрутғай ва сойир шоҳзодалар дағи бу давлатдин баҳраманд ва шоҳ иноятидин сарбаланд бўлғайлар.

То Темуру Шоҳрух деган бўлғай от
Андин сўнгги шаҳлар бори фархунда сифот.
Эй давлату иқболға оростаи зот,
Мажмуича бўлсун санга даврони ҳаёт.

Саккизинчи Мажлис

Султон соҳибқироннинг латиф табъи натойижининг зеболари, ҳусн ва жамоли зикрида ва шариф зеҳни хасоисининг раънолари ганж ва далоли шарҳидаким, ҳар қайси замон сафҳаси бўстонида рангинлиғ ва равонлиғдин гулъузоредур сарвқад ва ҳар бириси даврон арсаси гулистонида равонлиғ ва рангликдин сарви озодедур, улхад

Салтанат баҳрининг дурри яктоси ва хилофат сипеҳрининг хуршеди жаҳонороси, саховат ҳавосининг абри гуҳарбори ва шижоат бешасининг ҳузабр шикори, адолат чаманининг сарви сарбаланди ва мурувват маъданининг гавҳари аржуманди, кўшиш размгоҳининг Рустами(1) достони ва бахшиш базмгоҳининг Ҳотами(2) замони, фасоҳат илмининг нукта бирла сеҳрсози ва балоғат жаҳонининг диққат била муъжиза пардози - Султон ус-салотин Абдулғози Султон Ҳусайн Баҳодирхон –

Ким, мулки давоми то қиёмат бўлсун,
Зотиға бу мулк узра иқомат бўлсун,
Адл ичра тарийқи истиқомат бўлсун,
Олам аҳли учун саломат бўлсун.

Бу хусрави гардунжоҳниким, насаби бобида хома сурсам юз минг хон ва хоқонни бу жузви мухтасарда йиғиштурса бўлурми? Ва бу дорои анжумсипоҳниким, ҳасаби шарҳида қалам урсам юз туман хоқон ва қооннинг ҳамида ахлоқича сўзни бу муҳаққар авроққа йиғиштурса бўлурму? Насаби бобида фасоҳатшиор яхшилар «Насабнома»(3) битибдурларким, ҳар сафҳаси Моний коргоҳин хижил этар ва ҳасаби шарҳида балоғатдисор муншилар тарихе тартиб берибдурларким, ҳар варақи Чин нигористонин мунфаил айлар. Ҳар киши ул «Насабнома»ға боқса билғайким, хоқон ва рой анга бир турк ва бир ҳинду бандадур. Ва ҳар ким, ул тарихни мутолаа қилса, англағайким, Жамшид ва Искандар анинг ҳам билганларидин, ҳам қилғонларидин шармандадур. Бас чун бу мухтасарда нима ул жинс сўзлардин суғурса бўлмас ва алар шарҳида нукта сурса бўлмас. Ва юқориғи сўз услуби тақозои ул қилурким, ул ҳазратнинг латойифи табъидин бир неча матлаъ била бу авроққа зеб ва зийнат қилғай ва натойижи зеҳнидин бир неча байт била бу ажзоға қадру қиймат берилгай ва ҳар ошиқона матлаъ била дард аҳли жониға шуълаи фано ёқилғай ва ҳар дардмандона байт била ишқ аҳли кўнглиға барқи бало чақилғай. Бас эмди, шуруъи мақсудқа ва ружуъи матлубқа қилали-им, сўз итноби ул шариф табъға мужиби калол ва фасонаи тули ул латиф зеҳнға боиси малол бўлмасун. Ул ҳазратнинг хуб ашъори ва марғуб абёти бағоят кўптур ва девон ҳам мураттаб бўлубтур. Девон ибтидосидин бунёд қилилди ва ҳар ғазалдин бир матлаъ ёзилди:

«Алиф» ҳарфи:

Манзурнинг хўйининг булъажаблиғидаким, меҳрида ошиқ жон берса, бовар қилмослиғининг бесабаблиғида:

Не ажойиб хўй эрур, эй шўхи сийминбар, санга —
Ким, неча меҳрингда жон берсам эмас бовар санга.

Маҳбубнинг муфрит илтифотидин беҳол бўлуб бехудона ул илтифотни изҳор қилур маънида бу матлаъ ғариб адо топибтурким:

Эврулуб гул бошиға булбул висол ўлғай анга,
Гул анинг бошиға эврулса, не ҳол ўлғай анга.

Гул вақтида биров хор ғамидин мубтало эрканининг изҳори ва лоладек бағрида юз доғ била эрканининг намудори:

Бўлди гул вақти-ю мен хор ғамидин мубтало,
Ҳажр ўтидин лоладек бағримда юз доғи бало.

Кўнгли ноласин вайронадағи чўғз фарёдиға нисбат қилибтур. Ул маъни шарҳида бу матлаъ яхши тушубтур:

Ваҳки, кўнглум ноласи ҳардам бузулғон жон аро,
Гўиё бир чўғз эрур фарёд этар вайрон аро.

Сиришки дарёсидин гирдобға тушганин ва торжисми ул гирдобдин печу тобға қолғонин бу матлаъда изҳор қилурким:

То тушубтурмен сиришким баҳридин гирдоб аро
Зулфидек саргашта жисмим қолди печу тоб аро.

«Бе» ҳарфи:

Фурқат ўтидин жисми бетоб эканин ва ғамгин кўпгли печу тобидин кўзида хуноб эканин бу матлаъда ғариб навъ адо қилур. Бу матлаъ мавқуфдур ўзга абётқа, аммо дастур била матлаъ битилди:

Фурқатингда йўқ эди жисмимда жон, кўнглумда тоб
Кўзда хуноб эрди-ю, ғамгин кўнгулда изтироб.

Бедиллиғидин телба кўнглин тилай борғони бу ғазалда охирғача мусалсал айтилибдур ва зебо дейилибдур:

Телбараб итган кўнгулни истадим ҳар ён бориб,
Тоғу дарёву биёбонларни бир-бир ахториб.

Манзур юзи олида кўзгу рашкидин печу тоби ва кўнглида ул қуёш тобидин заррадек изтироби:

Зарра янглиғ, айб эмас, кўнглумга тушса изтироб,
Меҳри рухсориға ҳардам чун эрур кўзгу ҳижоб.

Фироқ зулмидин жониға ўт ва кўнглида тобин ўтқа тушган қил печу тобиға ташбиҳ қилибдур ва ғариб ташбиҳ воқеъ бўлубтур:

Эй фироқнинг зулмидин жонимда ўт, кўнглумда тоб,
Ўтқа тушган қил каби жисмим аро ҳам печу тоб.

Мусофир ёри ҳажридин кўнглининг хароблиғин ва ул ошубдин жони бетоқат ва бетоблиғин хуброк важҳ бирла ажаб яхши адо қилибдурким:

Бир мусофир ой хаёли қилди кўнглумни хароб,
Қолмади жонимда онсиз ваҳки не тоқат, не тоб.

«Те» ҳарфи:

Манзур лабидин оби ҳаётни хижл ва Исо(4) они қошида дам урмоғдин мунфаил дегани оби ҳаётдек равонсо ва Исо дамидек руҳафзо тушубтур:

Эй дудоғинг шарбати шармандаси оби ҳаёт,
Нутқунг оллида эрур Исоға дам урмоқ уёт.

Ҳажри барқидин шабистониға ўт тушганининг ифшоси ва учқунидин байт ул-эҳзони куйганининг адоси ажаб ўтлуқ матлаъ тушубтурким:

Ваҳки, ҳижрон барқидин тушти шабистонимға-ўт.
Учқуни бирла туташти байт ул-эҳзонимға ўт.

«Се» ҳарфи:

Бу ҳарфда турк шуаросининг малик ул-каломлари шеър айтмайдурлар, балки айта олмайдурлар, то анга не етгайки, бу муқобалада киши они кетургай ё нисбат бергай. Бу матлаъ таърифида мунча басдур:

Ёр кўйидин ўтарда кўргузур бу зор макс,
Сўз деса доғи жавобида қилур бисёр макс,

«Жим» ҳарфи:

Раҳмсиз ёри қонин тўкиб тараҳҳум қилмағони ва меҳрсиз дилдори ҳолин кўриб табассум қилмағонини айтур:

Тўкуб қоним, тараҳҳум қилмадинг ҳеч,
Кўруб ҳолим, табассум қилмадинг ҳеч.

Бу радиф ҳам гўёки шариф табъ ва латиф зеҳннинг ихтироидурким, эшитилмайдур, бағоят ширин ва дилпазир ва рангин воқеъ бўлубтур:

Хаста жоним заъфиға лаъли шакарборинг илож,
Зор кўнглум дардиға жонбахш гуфторинг илож.

«Ҳе» ҳарфи:

Бу ҳарфқа дағи туркий алфоз гуҳарин назм силкига тортқувчи шуаро таарруз қилмайдурлар, ҳамоноки, ишколи жиҳатидиндур, ёрдин не келса, они мубоҳ билиб, жон берурда дебтур:

Ёрдин не келса ошиқ берса жон бўлғай мубоҳ,
Дафтари ишқ ичра гўё буйла бўлмиш истилоҳ.

«Xе» ҳарфи:

Бу ҳарфда туркигўй шуароким, девон тартиб қилибдурлар, ўзларин маъзур тутуб ўтубдурлар ва бағоят хуб матлаъдурким:

Ой юзунгдек кўрмади бир меҳр давронида чарх,
Балки кун тортиб хижолат меҳри рахшонида чарх.

«Дол» ҳарфи:

Маъшуқ васли умидидин муддате мустаманд бўлуб ул давлат муяссар бўлғондин сўнгра сиҳҳат маразға мубаддал бўлғон таҳририда бу икки байтнинг дағи маъниси бир-бирига муваффақ ва мусалсал воқеъ бўлубтур асру ва ғариб тартиб ва ажиб таркиб тушубтур:

Муддате ишқинг хаёли бирла эрдим мустаманд,
Бодаи васлинг била бир дам бўлай деб баҳраманд.
Чун бу давлат бўлғудек бўлди муяссар, войким,
Сиҳҳатим ул лаҳза толеъ заъфидин топти газанд.

«Зол» ҳарфи:

Бу ҳарфда дағи муқаддам туркийгўй шуародин, хок Мавлоно Лутфий ва хоҳ Мавлоно Саккокийким, Мовароуннаҳрда малик ул-калом эрдилар, назарға келмайдур, ҳамоно йўқтур:

Қилди руҳафзо лабинг қулмак била жонимни аҳз,
Йиғлатиб кофир кўзунг ҳам нақди иймонимни ахз.

«Ре» ҳарфи:

Ул мазмундаким, бовужуди улки, баҳор васли муяссардур, кўнгул фироқ хазонининг хорларидин озурдадур, бу матлаъ сўзнок воқеъ бўлубтурким:

Тоза бўлди боғу кўнглумда фироқ озоридур,
Жилва қилди гул, нетай, бағримда ҳижрон хоридур.

Маҳбуб жамолидин кўз равшан бўлуб, хаста кўнгулга висоли маскан бўлғон шукронаға бу матлаъдек оз воқеъ бўлубтурким:

Шукрлиллаҳким, жамолингдин кўзум равшандурур,
Хаста кўнглумга висолинг кулбаси маскандурур.

Жононнинг заъф ҳолатида сустайғонининг хаста жонининг заъф қилғонига ташбиҳ қилибдур ва кўп муносибдур:

Заъфдин ҳардам чу ул ороми жоним сустаюр,
Жоним ўлуб хаста, жисми нотавоним сустаюр,

Кўнгли фироқу дард ўқидин ёра эркани ва бағри ҳажр тиғи заҳмидин юз пора бўлғонини басе хуб бу навъ адо қилурким:

Оҳким, кўнглум фироқу дард ўқидин ёрадур,
Ваҳки, бағрим тиғи ҳижрон захмидин юз порадур.

Ишқ ошубидин уй кунжида ашки гулнор эрканин зоҳир қилур ва гулистон сайрида гул анинг кўзларига хор кўрунганин пайдо этар:

Бўлсам уй кунжида, ашким қатраси гулнор эрур,
Азми гулзор айласам, гул кўзларимга хор эрур.

Фурқатдин кўнгул қатра-қатра қон эрканин бурунғи мисраъда айтиб, сўнгги мисраъда ўтқон мукаррар лафз муқобаласида «Оллоҳ-оллоҳ» лафзи ҳам мукаррар ва асру муассир адо топибдурким:

Фурқатингдин хаста кўнглум қатра-қатра қон эрур
Оллоҳ-оллоҳ, бу не ҳажри беҳаду поён эрур.

Жаннат сабзаси ёрнинг хатти намудорича эрмаслиғин айтибдур ва Масиҳо(5) нутқи дилдорнинг лаъли шакарборича бўла олмаслиғин дебтур:

Қайси жаннат сабзаси хатти намудорича бор,
Ё Масиҳо нутқи ул лаъли шакарборича бор?

Бир ғунчаи хандондин айру кўнглида қолғон хорхорин кўргузубдур ва тинмағур жонға онсиз дунйидин риҳлат мақомин тузубтур:

Ғунчаи хандон бориб, кўнглумда қолди хор-хор,
Тинмағур жонимға онсиз дунйида боре не бор.

Гулрўйнинг ғунчадек оғзи ва рухсори узра кўрганин зарра хуршед юзида пайдо бўлғонга хуб ташбиҳ қилибдур:

Уйлаким хуршеди тоби заррани пайдо қилур,
Ғунча оғзинг сиррини ҳам гул юзунг гўё қилур.

Кўзи ёрининг юзига тушгач, кўнгли беқарор бўлғони ва ёр ҳам ани ўз лутфи меҳридин умидвор қилғонн шарҳида басе хуб ва писандида тушубтур:

То кўзум тушти юзунгга, кўнглум ўлди беқарор,
Сен ҳам эттинг лутфи меҳрингдин мени уммидвор.

Гул рухсори ёнида сариғ лола санчқон ва ёнида зулфни кокулидек кейин солғон намудорида:

Гул юзи атрофида ул лолаи асфармудур,
Ёнида зулфимудур ё кокули анбармудур?

Зулфи саҳобининг соябони ойдек юзига ёйилғонн ва сарсардек оҳ таҳрикидин ул булут гаҳ ёпилғони ва гаҳ очилғони ҳусн баҳорида бағоят турфа кўрунурининг шарҳи:

Соябони зулфиким, ойдек юзига ёпилур,
Сарсари оҳимдин ул гаҳ очилур, гаҳ ёпилур.

Васлидин баҳра етмай, тиғи ҳижрон кўнглини ҳалок қилғани ва ҳажр заҳри берғонига ўхшар ва васлдин тарёк топилмагони:

Тиғи ҳижрон сурди етмай васлидин кўнглумга баҳр,
Нўш бермасдин бурун, берди манга бир қатра заҳр.

Элни ноз кулкуси била тиргузмакдин ҳикоят ва ўзининг риштаи ҳаётин зулм илги била узмакдин шикоят:

Элга боқиб ҳар замон юз ноз ила кулмак недур?
Ўзгаларни тиргузуб, ваҳ, мени ўлтурмақ недур?

Маҳваши бехабар эркандин анинг хотири зори ҳайронидин шарҳи ҳол ва ғамкаши ғофил эркандин анинг рози пинҳонидин гилаомиз мақол, басе хуб воқеъ бўлубтурким:

Маҳваше йўқ сўрғали бу зори ҳайрондин хабар,
Ғамкаше йўқ топқали бу рози пинҳондин хабар.

Ҳабибеким, фиғонидин анга асар бўлмағай анинг андухи ва рафиқеким, ёмон ҳолидин анга хабар бўлмаған, анинг фиғон ва андуҳи:

Не ҳабибеким, фиғонимдин анга бўлғай асар,
Не рафиқеким, ямон ҳолимдин ул топқай хабар.

Ўтлуқ оҳининг шарарларин маҳбуб юзигаким сочилур зар ҳуққа ҳарирнинг зар ришталариға ташбиҳ қилур:

Чун юзига ўтлуқ оҳимнинг шарори сочилур,
Гўиё зар ҳуққаедурким юзига ёпилур.

«Зе» ҳарфи:

Ўз ниёзи ва бадхўй ёри нози шарҳида бу нозанин матла не бало ниёзмандона воқеъ бўлубтурким:

Ваҳ, не ҳолатдурки, мен ҳар неча кўргузсам ниёз,
Эй маҳи бемеҳр, сендин зоҳир ўлмас ғайри ноз.

Ашк қони ва кўнгул чоки изҳорида бу матлаъ ягона ва бағоят ошиқона воқеъ бўлубтур:

Қон кўруб ашкимни, кўнглум ёрасини сўрмангиз,
Чок ўлуб кўксум, жигар парголасини сўрмангиз.

Бу матлаъ маънисинииг ғаробати ишқ шуъласидин равшанроғдур ва ўт забонасидин муайянроқ:

Ишқни манъ этсалар шавқим ўти айлар ситез,
Шуъла янглиғким, нафас таъсири айлар они тез.

Наргис кўзлук ва ғунча оғизлиғ гульузори кўзу оғзин наргис била ғунчаға таржеҳ(6) қилғони ажиб навъ воқеъ бўлубтур:

Наргис олмас ердин ул фаттон кузунг олида кўз,
Оғзинг олида тутулмиш ғунчанинг оғзида сўз.

Ошиқона киноят била ҳусн аҳлиға элни шайдо қилур маънида насиҳат қилибдур ва оламға расво қилур маънида мавъизат этибдур, басе ғарибдур:

Баъдазин, эй ҳусн аҳли, элни шайдо қилмангиз,
Бевафолиқ айлабон оламға расво қилмангиз.

«Син» ҳарфи:

Васлидин маҳрумлуқ бобида манзурни кўрмак муаяссар бўлмаса, анга назар тушгон ерни кўрмак орзу қилибдур. Бу нодир маънидур:

Бир нафас ул ойни кўрмак чун эмасдур дастрас,
Они кўрган ерни, ваҳ, бориб кўройин бир нафас.

Манзурнинг лаби табассумини ва ўзини қоналғон доғини ғунчаи хандон ва лолаи Нўъмон(7)ға ташбиҳ қилибдур ва маъниси шеър саноеидин «тажоҳил ул-ориф»(8) услубида хуш воқеъ бўлубтур:

Айлади лаъли табассум, ғунчаи хандон эмас,
Доғини кўнглум қонатти, лолаи нўъмон эмас.

Ўз ниёзи ва нозанинининг истиғноси изҳорида ва ўзи жон бермакида анинг бепарволиғининг осорида шундоқ матлаъ оз воқеъ бўлубтурким:

Менда ҳар дам юз ниёзу анда истиғнову бас,
Ҳар замон юз жон берай ул шўх бепарвову бас(9).

«Шин» ҳарфи:

Ёрнинг ўзгаларга илтифотидин гиламандлиғи ва кўнглини мухотаб қилиб кўнгли оромидин шикоятпайвандлиғи:

Эй кўнгул, ул дилрабонинг ўзга ёри бор эмиш,
Ваҳ, санга душман бўлуб, ул ўзгаларга ёр эмиш.

«Сод» ҳарфи:

Бу ҳарфда дағи туркигўй фасоҳатшиорлар варақ ғозига қалам сурмайдурлар ва ҳеч навъ назм ароға келтурмайдурлар:

Эй кўнгул, бўлсанг вафосиз дилраболардин халос,
Шукр қил, бўлғон кишн янглиғ балолардин халос.

«Зод» ҳарфи:

Туркигўй балоғатосорлар бу ҳарфнинг ҳам таркин тутубтурлар ва ҳеч навъ назмға жилваи зуҳур бермай ўтубтурлар:

Ишқдин то қилмишам пайдо мени шайдо мараз,
Қилғудекдур заъфлиқ жисмимни нопайдо мараз.

«То» ҳарфи:

Турк каломининг малик ул-каломлари бу ҳарфда дағи такаллум тузмайдурлар ва калима назм ҳайсиятидин варақда кўргузмайдурларким:

Эй жамолинг гулшанида сабзаи сероб хат,
Оразинг кофури узра зеб мушки ноб хат.

«Зо» ҳарфи:

Бу ҳарф ҳамул жумладиндурким, турк тилининг ширинашъор ва шакаргуфторлари душворлиғи жиҳатидин мутлақ таарруз қилмайдурлар:

Кўнглум этти ишқ асрорин қилиб такрор ҳифз,
Кимса қилғондек каломи поки ваҳй осор ҳифз.

«Айн» ҳарфи:

Бу қофия ва радиф ҳазрат Султон Соҳибқироннинг ихтироидурким, ҳеч назм айтилмайдур ва ҳеч девонда битилмайдур:

Оҳким, ҳижрон ўтидин куйди жоним ўзга навъ,
Ўртади офоқни ўтлуқ фиғоним ўзга навъ.

«Ғайн» ҳарфи:

Ишқ доғидин шукр изҳори қилибдур ва ҳажр доғидин шикоят осори кўргузубтур, басе муассир тушубдурким:

Доғи ишқинг бермиш эрди хаста кўнглумга фароғ,
Ваҳки, қўйди шуълаи ҳижрон яна доғ узра доғ.

«Фе» ҳарфи:

Ишқу муҳаббат ҳавосининг ҳумойи баланд парвози Хожа Ҳофиз Шерозий — каломи таврида тушубтур ва салосат ва таркибда анга ёвушубтўр:

Ғам сипаҳ қасдимға чекти, соқиё, тут жоми соф.
Ким, бўлур жоми май ичкандин далер аҳли масоф

«Қоф» ҳарфи:

Фироқ тийралигининг мажораси ва ўз куймаклигининг дарди бедавоси:

Қилди бахтимни қаро зулфидек ул моҳ аз фироқ,
Неча кўйдургай мени дилхастани оҳ аз фироқ.

Ёр иштиёқинннг суубатида ва дарди фироқ уқуба-тида бу матлаъ беҳад Дилнавоз ва бағоят жонгудоз воқеъ бўлубтур:

Бор эмиш ёр иштиёқи асру қаттиқ иштиёқ,

Васл топмон, ваҳ, туганмас дард эмиш, дарди фироқ.

Телба кўнглининг ишқда шайдолиғин ва ўзга париларға бепарволиғин бир рафиқни мухотаб қилиб арз қилур:

Телба кўнглум то эрур ишқ ичра шайдо, эй рафиқ,
Айламас ўзга парилар сори парво, эй рафиқ.

Манзурнинг лаъли лаби устида сабзаи хат ҳайъатин кўруб ажаб рангларда бу матлаъ воқеъ бўлубтур ва филвоқеъ рангин тушубтур:

Лаъли узра сабзаи хатти намудориға боқ,
Шўхи рангомизнинг шингарфу зангориға боқ.

Кўнгли ўтининг ороми йўқлуғига ҳасрат оҳи тортибдур, ҳамоноки, ул ўт шуъласи бу ялдин ортибдурким:

Оҳким, ишқинг ўтини бир замон ороми йўқ,
Истаган ором ул ўтқа жуз хаёли хоми йўқ.

«Коф» ҳарфи:

Матлубнинг моҳи оразин саодат матлаи ва хоки даргоҳин аҳли биниш тўтиёсиға нисбат берилибдур. Бу матлаъ салис ва соф ва пок тушубтурким:

Эй саодат матлаи, ул орази моҳинг сенинг,
Аҳли биниш тўтиёси хоки даргоҳинг сенинг.

Моҳи тобонин мухотаб қилиб андин айру тушганда чашми гирёнининг қон ёшин изҳор қилибдур, мубкийи муҳлик тушубтур:

Сендин айру тушгали, эй моҳи тобоним менинг,
Дам-бадам қонёши йиғлар чашми гирёним менинг.

Бу фақирнинг бир ғазалига бу ғазал жавоб воқеъ ўлубтурким, ўзум инсоф юзидин муътарифманким, андин юз мартаба ортуқроқ тушубтурким:

Тушгали ҳажрингда, эй сарви гуландомим менинг,
Не кўзумда уйқу бор, не жонда оромим менинг.

Шоми ҳижронин кўруб, меҳр отин тутмағон мазмунида ва ваъдаи субҳи висол айлаб ёрутмоғон афсунида:

Шоми ҳижроним кўруб сен меҳр отин тутмадинг
Ваъдаи субҳи висол айлаб вале ёрутмадинг.

Ишқдин жаҳон ичра, афғонидин калом ва кўю-кўчада бу достонидин паём:

Ваҳки, ишқингдин жаҳон ичра фиғонимдур менинг,
Барча кўю-кўчада ҳам достонимдур менинг.

Маҳбубнинг зулф очқонидин ва ўз ошуфта аҳволлиғи ва қоши чинидин кўнгли беҳоллиғи бобида:

Зулф очиб мен телбани ошуфта аҳвол айладинг,
Қош уза чин кўргузуб кўнглумни беҳол айладинг.

Ғам тунди бодидин жисми биноси вайрон, балки ер бирла яксон бўлур маънида бу матлаъ бағоят хуб адо топибдурким:

Ғам ели жисмим биносин бўлди вайрон қилғудек,
Қайси вайронким, қаро ер бирла яксон қилғудек.

Манзурнинг саводи хатти аро лаъли хандони муқобаласида ўз ғами аро кўзи дурри ғалтонин солибдур, дилпазир тушубтурким:

Ул саводи хат ичинда лаъли хандонин кўрунг,
Баҳри ғам ичра кўзумнинг дурри ғалтонин кўрунг.

Байт ул-эҳзонининг тийралигин дуди ҳижронидин дегани хуб ва вайронининг емирулганин ашк тўфонидин дегани дилошуб воқеъ бўлубтурким:

Дуди ҳижрондин қарорди байт ул-эҳзоним менинг,
Сайли ашким бирла ҳам емрулди вайроним менинг.

Сарсари оҳин байт ул-эҳзонига офат дегани хуш оянда дебтур ва вайронидин гарди бало бошиға ёғарини дилрабоянда адо қилибдурким:

Қолғоч оҳим сарсариға байт ул-эҳзоним менинг,
Ёғдурур гарди бало бошимға вайроним менинг.

«Лом» ҳарфи:

Сафар азмида мусофиридин айрилур чоғда хайрбод мазмунлуқ алфозни радиф қилиб айтқон шеърнинг матлаи фурқатнамо келибдур ва андуҳосо айтилибдур:

Оҳ ила-азм эттим, эй розимға маҳрам, яхши қол,
Дард ила айрилдим, эй дардимға марҳам, яхши қол.

евафоси кўйида кўнглига маскан қилмоғини тарғиб қилмоғи хуб ва йиғлаб ҳолини адо қилурда шеван қилмоғини таълим бермаки марғуб:

Эй кўнгул, ул бевафо кўйида маскан айлагил,
Зор йиғлаб, шарҳ этиб, ҳолингни шеван айлагил.

Манзуридин бир назарға хурсанд бўлуб ҳажр торин васл сарриштасиға пайванд қилурин хуброқ важҳ бирла истидъо қилур:

Нетти, бир боқмоқ била кўнглумни хурсанд айлагил,
Ҳажр торин бир замон васлингға пайванд айлагил.

Ишқдин бошиға келган суубат шарҳида такаллум кўргузмак ва Фарҳоду Мажнун ўл суубатни хаёл қила олмаслиғида тараннум тузмак мажнунвор ва фарҳод-осор келибдур:

Ишқдин келди менинг бошимға онча саъб ҳол,
Ким, они Фарҳод ила Мажнун қила олмас ҳаёл.

Бу ғариб хаёлдурким, Султон Соҳибқироннииг хотирлариға келибдур ва назм аҳлига зоҳир қилиб эрдиларким, айтсунлар, барча айттилар, аммо ҳеч қайси ул ҳазратча айта олмадилар. Ул бу матлаъдур:

Ҳажринг ўти жисми зорим қилди кул, эй ёр, бил,
Гар бино қилсанг мазорим тарҳин ул кул бирла қил.

Хурвашенинг гулшан кўйидин равзаи ризвон мунфаил ва юзу хаттидин лолаву райҳон хижил эрканин латифойин била зоҳир қилибдур:

Гулшани кўюнгдин, эй жон, равзаи ризвон хижил,
Юзу хаттинг рашкидин ҳам лолаву райҳон хижил.

Васл орзусидин кўнгли қушиға қанот таманноси қилиб, васл ҳавосида парвоз буюрғони ошиқона ва муштоқона тушубтур:

Кирпикимдин, эй кўнгул, ҳардам қанотлар соз қил,
Ҳажр даштидин висоли кўйига парвоз қил.

Бу фақирнинг машҳур матлаиғаким:

Англадинг, ё йўқмуким, айлар сафар ёр, эй кўнгул,
Ваҳки, бўлдук ҳажри илкидин яна зор, эй кўнгул

жавоб воқеъ бўлубтур, аммо юз мартаба ондин равонроқ ва яхшироқ воқеъ бўлубтур:

Чун жунун занжириға бўлдум гирифтор, эй кўнгул, Бўлғасен мен телба ҳолидин хабардор, эй кўнгул.

«Мим» ҳарфи:

Ишқ ўтидин ўз дарду ҳасратин ва фурқат дардидин ёр ғафлатин бу матлаъда асру ва сўзнок адо қилибдур:

Ҳаддин ошти ишқинг ўти бирла дарду ҳасратим,
Войким, сен ғофилу куйдирди доғи фурқатим.

Маъшуқ умидида дарду ҳасратини изҳор қилиб бетоқатлиғиға раҳм этмасида у матлаъдаўқ жавоб ул табъи дурарбордин ва хомаи гуҳарнигордин рақам топибдурким, васфида ақл ҳайрон ва фаҳм саргардон:

Неча бўлғай васлинг уммидиға дарду ҳасратим,
Раҳм қилким, йўқтурур ҳажрингда эмди тоқатим.

Масал таврида бу матлаъдек парварда, ва ороста, ва мураттаб, ва пийроста оз воқеъ бўлубтурким, ул ҳазратнинг латиф табъидин ва шариф зеҳнидин бош урубдур:

Мен ҳалок ўлдум ғамингдин сен қўёшсен, эй санам,
Айб эмас гар мендин ўлса камлигу сендин карам.

Ҳам бу матлаъға жавоб агарчи масал таврида эмас, аммо ғаробат жонибини маръи тутулуб, бас нозук ва покиза дейилибдур:

Ваҳки, ишқим шуъласи ҳардам чекар андоқ алам,
Ким, малойик кўзи дудидин бўлур ҳар лаҳза нам.

Бу матлаъ қофиясида икки шеър айттилар, учунчн матлаъ ҳам қувват юзидин айтилибдур, алардин ортуқ бўлмаса, кам ҳам эрмас:

Сен ғамим билмай хаёлинг бирла бордур ҳайратим,
Билганингни англасам, билмам, не бўлғай ҳолатим.

Ер қадди ҳажридин сарв майлин мафқуд дебдур ва юзи шавқидин гул орзусин кобуд билибдур. Алҳақ равшан ва рост тушубтурким:

Қадду юзунг ҳажридин, ваҳким, менга бўлмиш мудом,
Сарв майли бартараф, гул орзуси худ ҳаром.

Ўз жисмиға тутошқон шуълани ёрға арз қилурға бу матлаъни ҳам оташин ва рангин хаёл қилибдур:

Оташин хилъат дема жисмим уза, эй дилбарим
Ким, эрур ишқинг ўти бирла туташқон пайкарим

Парирўйи тарки муҳаббат қилғанин билдирур, бу жиҳатдин жовидон кўнглига фурқат ўти туташқоник ёр арзиға еткурар:

Қилғон эрмиш ул пари тарки муҳаббат, билмадим,
Тушгон эрмиш жовидон кўнглумга фурқат,билмадим

Бу қофияда бовужудким, икки рангин матлаъ ўтубдур, назм таврида ғоят қудратдин сўз адосида ниҳояти диққатдин бир матлаъ дағи дейилибдурким, хублуқдаг ул матлаъларча бор:

Неча куйгай ҳажр ила фарсуда жоним дам-бадам,
Кўнглум ичра ғам уза ғамдур алам узра алам.

Сўзу гудозин ҳам дегали маҳваш топмағондин алами ва розин айтколи мушфиқе кўрмагондин ғами марақ воқеъ бўлубтур:

Қани бир маҳваш, анға сўзу гудозимни десам.
Қани бир мушфиқки, бирдам онға розимни десам

Ҳам бу матлаъ таврида-ўқ қофияға тағйир берилиб, ҳамул радифда бу матлаи дағи асру дилоро ваандуҳафзо тушубтур:

Топмадим бир мушфиқеким, ҳоли зоримни десам,
Ёхуд ул гулдин ичимда хор-хоримни десам.

Париваш ҳажрида озорларидин ани хабардор қилмоқ орзу айлабтур ва анинг жилваси муқобаласида кўзин гуҳарбор қилмоғни ҳавас қилибдур ва иккиси нодир воқеъ бўлубтурким:

Зор ўлармен ул пари йўқким хабардор айласам,
Жилва қилгач, оллида кўзни гуҳарбор айласам.

«Нун» ҳарфи:

Мавлоно Яқинийға(10) жавоб айтилибдур. Ва яқиндурким, Мавлоно тирик бўлса эрди, жони бирла инсоф бергай эрдиким, андин яхшироқ воқеъ бўлубтур:

Эй висолинг хаста кўнглум марҳами, ороми жон,
Ўлмадим ҳижрон элидин мен қатиқ жонлиғ ямон.

Ва бу баҳр ва қофияда яна бир шеърдурким, иккаласи бир-биридин хуброқ тушубтурким:

Эй сенинг қошу кўзунг бир фитнаи охир замон,
Лабларингдур хаста кўнглумга ҳаёти жовидон.

Юз даврида қирон таърифида ва бу матлаъ ўткан икки матлаъ қофиясида воқеъ бўлубтур, тажнис риоят қилилибдурким, бу навъ ширин ва рангин ва хуш тартиб оз воқеъ бўлмиш бўлғай:

Ул қуёшким ой юзининг даврида қилмиш қирон,
Барча маҳвашлар аросида эрур соҳибқирон.

Бу матлаъ фақирнинг бир матлаи муқобаласида тушубтурким, агар бурунроқ айтилмиш бўлса эрди, фақир ҳаргиз ўз матлаимни айтмағай эрдим Айтмиш бўлсам ҳам, битмагай эрдим:

Тиғ ила кўксимни қилдинг захм, эй сиймин бадан,
Қони турмайдур деб ул заҳм узра куйдурдунг туган.

Ишқ суубатидин ҳолининг бир-бир шиддатнн айтиб, ҳеч кишига бу ҳоллар бўлмасун, деб истидъо кўргузмакда бу матлаи ажаб хуб тушубтурким:

Ишқ аро ҳеч ким мекингдек зору шайдо бўлмасун,
Бўлса ҳам, ваҳ, мен киби маҳжуру расво бўлмасун.

Маъшуқ иштиёқидин хаёл қилмиш бўлғайким, они кўргачфиғон жондин бурун чиққай ва жони худ рашкдин фиғондин бурун чиққани ғарибадо топибдур:

Сени кўргач дер эдим чиққай фиғон жондин бурун,
Чиқмасун деб рашкдин жон чиқти афғондин бурун.

Бу матлаъ ҳамким, қофия тағйир топиб ҳамул радифда воқеъ бўлубтур, ғоят зеболиғда ва ниҳоят раънолиғда воқеъ бўлубтурким:

Васл аро ўлтур мени ҳижрон жафосидин бурун,
Нетти гар қилсанг халос онинг балосидин бурун?

Ёр васлида ҳижрон балоси биймидин ўлум орзу қилмоқки, ҳижрон доғи била ногаҳ куймаки ва васл аро ўртағон доғи дармонсиз дебтур, яъни маҳзи дармон:

Васл аро ўлтур мени то доғи ҳижрон кўрмайин,
Куйдур андоқ доғ илаким, ҳеч дармон кўрмайин.

Ўз қотилиға зору ҳайронлиғин ва анинг бодаи ишқиднн кўз ва зулфидек маст ва паришонлиғин хуш дебдур ва дилкаш адо қилибдур:

Ваҳки, бир қотилға андоқ зору ҳайронмен букун
Ким, кўзу зулфи киби масту паришонмен букун.

Маҳзун кўнгулнинг ёрсиз девона бўлмоғининг узри ва ул ҳажридин Вомиқ ва Мажиундек расволиққа афсона бўлмоғининг маъзирати:

Ёрсиз маҳзун кўнгул девона бўлмай найласун,
Вомиқу Мажнун киби афсона бўлмай найласун? (11)

Ўртанган кўнгли дудидин олам қарорғони ва ўртанган бемеҳри қаҳри лутфойин ва лутфи итоболудин ўз-ўзи била такаллум қилибдур ва тараннум кўргузубтур:

Куйди бу маҳзун кўнгул олам қарорди дудидин,
Қаҳри лутфойин била лутфи итоболудидин.

Ўз қотили вайрона қабрини зиёрат қилғоли келганин иддио қилур ва ул вайронани иморат қилмоғни истидъо этар бобда:

Гар келиб вайрона қабримни зиёрат қилғасен,
Раҳм этиб, эй қотилим; они иморат қилғасен.

Гулчеҳраси келса савсандек демактин лоллиғи ва келмаса ҳажридин боди сабодек беҳоллиғи:

Келса ул гулчеҳра, савсандек демактин лолмен,
Келмаса, боди сабодек ҳажридин беҳолмен.

Сабрсиз кўнглининг ишқ ва жунунин ва нотавон ҳолининг дарду шавқи бир-биридин фузунин девонавор дегони ва мажнункирдор адо қилғони:

Сабрсиз кўнглумга боқсам ортадур ишқу жунун,
Нотавон жонимни кўрсам, дард ила шавқи фузун.

Манзурнинг хат ва зулфида бу уч матлаъдурким, бирбирига жавоб воқеъ бўлубтур. Қофия ва радифи ул ҳазратнинг бу фанда мужтаҳид табъининг ихтироидур. Аввалғи матлаъ будурким:

Сабзаи хаттинг ичида ўйлаким жондур ниҳон,
Ҳуққаи лаълинг аро ҳам дурри ғалтондур ниҳон,

Иккинчи матлаъ будурким:

Зулфи ичра бел, хат ичра лаъли хандондур ниҳон,
Уйлаким, жондур ниҳон, ҳам риштаи жондур ниҳон.

Учинчи матлаъ будурким:

Зулфи ичра гул, гул ичра лаъли хамдондур ниҳон,
Тунда меҳру меҳр аро бир чашмаи жондур ниҳон.

Ишқ шиддати ажзидин кўзни аъмолиққа хитоб қилғони басе дардмандона тушубтурким:

Кўзларим кўр эт, қазо, бир шакли мавзун кўрмайин,
Ўзни бир лайливаше ишқида Мажнун кўрмайин.

Бу матлаъ дағи ўз ҳоли шарҳидаким, анвоъи балият бир ишқ жиҳатидин бир-бирининг устида бўлмиш бўлған. Бу матлаъ яхши воқеъ бўлубтурким:

Йўқ дамеким, телбалардек ул париға зор эман,
Сабру ҳушумдин жудо, дарду балоға ёр эман.

Манзурнинг парчами ошуфталиғи шарҳида ва ўз кўнглининг анда барҳамлиғи адосида бу матлаъ кўнгулларни ошуфта ва барҳам қилғудек тушубтур:

Ул қуёшким, чарх аро ошуфта парчамдур букун,
Хаста кўнглум зулфи тоби ичра дарҳамдур букун.

Филжавоби бағайр:

Ул қуёшнинг меҳри нечун бандаға камдур букун,
Кўз ёшим тинмай оқардин ер юзи намдур букун.

Париваш ёри ишқидин ҳолининг паришонлиғиким, тил шарҳидин лол булғай, ниҳоят хублиқдан баён топибдур:

Бир париваш ишқида андоқ паришон ҳолмен
Ким, анинг шарҳин қилурда асру гунгу лолмен.

Гардун бедодидип элни бода қутқорур мазмунда соқийни мухотаб қилиб, май тутмоқ истидъосида бу байт муфаттиҳдур:

Соқиё, тутқил тўла гардун кнби соғарниким,
Жонима дермен даме бедоди гардун кўрмайин.

«Ве» ҳарфи:

Сабодин сарви равонининг келган хабарин сўрар ва андин жон, иси, келган муносабат била руҳи равонининг ҳадисин сўрар:

Эй сабо, бергил хабар сарви равоним келдиму?
Жон иси сендин келур, оромижоним келдиму.

Бу шеърнинг қофиясидин сўнгра атф вовин(12) калиманинг асли ҳарфи ўрниға тутулуб ғариб ихтироъ қилибдур:

Эй жафо тиғи, келиб мажруҳ кўксумни ёру,
Қўл яланг айлаб солиб ҳарён ичимни ахтару.

«Xе» ҳарфи:

Кўнгли ранж била куюб жонониға демағонин булбул куйса гули хандониға ғам бўлмаслиғин ташбиҳ қилиб, ишқ чаманида булбулдек гулбонг урғони:

Ранж ила куйди кўнгул демас ани жонониға,
Қайда булбул куйса ғам бўлур гули хандониға.

Сарви парирух ёдиға келса, ҳур ва жаннат ёдидин чиқарни ёд қилиб, бу-тарона била ғамгин кўнглин шод қилурким:

Ҳар қачонким келса ул сарви парирух ёдима,
Келмас ул дам жаннату ҳур хотири ношодима

Кўнглига хитоб қилурким, анинг дардин маҳи таннозиға еткургай ва жонининг ҳалоклигин сарви нозиға арз этгай:

Эй кўнгул, дардимни арз эт, ул маҳи таннозима,
Хаста жонимнн ҳалокин айт сарви нозима.

Бу матлаъдин ёрнинг киноятомез узрхоҳлиғининг манъидурким, ширин лабин шакаррез қилиб, ул афсун тили била ошиқ ўтини тез қилмағай:

Узр учун ширин ҳадисингни шакаррез айлама,
Бу фусун бирла ўтумни дам-бадам тез айлама.

Сарви озодининг боғ аро жилва қилғони учун ишқ аҳли оҳу фарёди куйдурурининг адоси сўзнок тушубтур:

Жилва қилди боғ аро ул сарви озодим яна,
Куйдурур ишқ аҳлини бу оҳу фарёдим яна.

Малик ул-калом Мавлоно Лутфийнинг машҳур матлаи жавобида дебтур:

Эй қадинг тубию жаннат хадди гулгун устина.

Бу матлаъ воқеъ бўлубтурким:

Хаттининг тори тушубтур лаъли майгун устина,
Уйлаким, жон риштаси бир қатраи хун устина.

Басират аҳли қошида зоҳирдурким, тафовут не чоғликдур. Не учунким, Мавлоно юзни жаннатқа нисбат қилубдур ва бу муносиб ташбиҳдур. Бовужуди бу икки мисраъ бир-бирига марбут эмас ва жавоби бовужуди ғаробати маъни иккаласи бир-бирига мувофиқ ва алфози бир-бирининг муқобаласида лойиқ воқеъ бўлубтур. Ва қофияга тағйир бериб ҳам ушбу радиф била яна уч ғазал дейилибтур. Бовужуди улким, Мавлоно жавоби матлаъда хат таърифидур, уч матлаънинг иккисида хат таърифидур ва бирида хол таърифидур. Мундин назм таврида ғояти қувват маълум бўлур.

Ул уч матлаъдин бири будурким:

Ул зумуррад хатки чиқмиш лаъли хандон устина,
Сабзаи хаттинг ичида уйлаким жондур ниҳон,

Иккинчи матлаъ будурким:

Сабзаи хаттинг саводи лаъли хандон устина,
Хизр гўё соя солмиш оби ҳайвон устина.

Учинчи матлаъким хол таърифида воқеъ бўлубтурким:

Нуқтаи холинг ажаб йўқ лаъли хандон устина
Ким, бўлур бир қатра доим оби ҳайвон устина.

Ишқ уйқуни кўздин учурғони жиҳатидин кечанинг саъб ҳоли шарҳида бу матлаънинг хублуғи гунашдин равшанроқдур:

Бир қуёш ҳажрида чектим ўтлуқ афғон бу кеча,
Куймагим дудидин ўлди чарх гирён бу кеча.

Филжавоби биғайриҳи:

Онча чектим бир куёш ҳажрида афғон бў кеча
Ким, фиғонимдин уюмас жинну инсон бу кеча.

Меҳрораз ёри чеҳра очиб жон ўртарининг тазарруи ва ошкоро лутф кўргузуб кўнглини пинҳон ўртарининг тазаллуми:

Оразинг меҳрин очиб, жисмим аро жон ўртама,
Ошкоро лутф этиб, кўнглумни пинҳон ўртама.

Филжавоби биғайриҳи:

Ўт солиб эл жониға сен мени пинҳон ўртама,
Ўрта жонимни-ю, жоним, элни чандон ўртама.

Ишқ ошуби ва бедоди ҳикоятида ва ҳажр зулм ва тааддиси шикоятида бу матлаъ асру дардмандона ва бағоят ниёзмандона тушубтур:

Неча ул ой ҳажрида кўнглум бузулғай ғам била,
Неча жисмим уйи емрулгай ғаму мотам била.

Бу қофия ва радиф ҳам ул ҳазратнинг хоссаи табъидур ва ҳеч ерда эшитилмайдур ва бағоят ширин ва рангин тушубтур. Ҳажр шоми суубатида ўзини анжум ва афлок била машғул тутар кайфиятида бу ғазал боштин оёқ хуб ва пурошуб воқеъ бўлубтурким:

Ҳажр шоми ой чиқиб мен йиғлар эрдим дард ила,
Сайрлар қилдим сени истаб маҳи шабгард ила.

Бу авқотда ҳукм бўлуб эрдиким, туркигўй шуаро татаббуъ қилғайлар. Баъзеки, айттилар — лат едилар, баъзе айта олмаслиғиға муътариф бўлдилар. Ул жумладин бири фақир эрдимки, инсоф бердим ва матлаи будурким:

Ўтка солғил сарвни, ул қадди раъно бўлмаса,
Елга бергил гулни ул рухсори зебо бўлмаса.

Ёрни ағёр била кўра олмаслиғидин кўз қони деб айни рашкдин бу матлаъ хуб адо топибдур:

Қани кўзким, сени кўргаймен даме ағёр ила.
Ё тааммул қилғамен ағёр ила гуфтор ила.

Ишқ зулмидин ториққанда кўзга ҳам ёр ва ағёр сори боқардин манъқилур маънида бу матлаъ ҳам ошиқона, ҳам дардмандона тушубтурким:

Эй кўз, ўзга юз сори ўзунгни ҳайрон истама,
Бир вафосиз ишқидин кўнглунгни ҳам қон истама.

Ул ҳазратнинг хосса ихтироотидин бу тўрт шеърдурким, «ўзгача» лафзин радиф қилиб, қофиялари ҳар қайсининг ўзгача воқъе бўлубтур. Ҳар қайсининг латофати бирбиридин ортуғроғ тушубтур ва алардин бири будурким:

Ғам ели айшим биносин қилди вайрон ўзгача.
Ҳушу сабрим мулкини ер бирла яксон ўзгача.

Иккинчи матлаъ будурким:

Оҳким бўлдум яна ишқ ичра шайдо ўзгача,
Ақлу ҳушумдин жудо халқ ичра расво ўзгача.

Учунчи матлаъ бу навъ воқеъ бўлубтурким:

Бўлғали лаълй уза хатти намудор ўзгача,
Тутти оҳим барқидин кўк юзи зангор ўзгача.

Яна бир матлаъ бу навъ воқеъ бўлубтурким:

Ваҳки, ҳижрон тарҳин ул ой солди бунёд ўзгача,
Нотавон кўнглумга бунёд этти бедод ўзгача.

Кўнглига сабрдин ўзга чора ишқида билиб сабр қила олмағондин бечоралиғ изҳори қилибдур ва бадеъадо топибдур ва ғариб муаддо бўлубтур:

Чораи ишқи недур, жуз сабру маҳзун кўнглума,
Чун қила олмас, қилинг бир чора мажнун кўнглума.

Ғардун шикоятидаким, офиятин расволиғ била бадал қилмиш бўлғай, бу матлаъ нишотфарсо ва андуҳ афзо воқеъ бўлубтурким:

Эй кўнгул, гардун балият тошини ёғдурдило,
Ҳар тараф сабрим уйин деворини синдурдило.

Бу радифда яна бир матлаъким, ғазал таврида марсияомез Хожа Ҳофиз Шерозийга воқеъ бўлғон йўсин била ул ҳазратқа дағи воқеъ бўлубтур ва бағоят нодирдур:

Вой, юз минг войким, сарви равоним бордило
Сабру ҳушум мулкидин ороми жоним бордило.

«Ё» ҳарфи:

Матлубин истаб, тополмаслиғидин ва ҳеч ҳамдам ани бу мусибатда зорлиғин сўрмаслиғидин ўз-ўзи била гиламандлиғ изҳор қилибдур:

Қайда истай, истасам, қайдин топай сен ёрни
Ким, манга ҳамдам бўлуб сўрғай даме мен зорни.

Кўнгул ҳар неча ёр дарду ғамидин озор топар, аммо анинг моҳрухсорин кўргач, меҳри фузунроқ ва муҳаббати сарриштаси узунроқ бўлур мазмунда бу матлаъ беназир тушубтур:

Нечаким, тортар кўнгул дарду ғаму озорини,
Меҳрим ортар ҳар неча кўрсам маҳи рухсорини.

Паривашининг қаро либосидин ҳайрат қилғониким, қуёш қаронқу тунда кўрунмак ғарибдур ва васл кавкаби саъди ҳажр тийра шомида тулуъ қилмоқ ажиб:

Ҳайратим бор то қаро қилмиш либосин ул пари,
Ким қаронқу тунда кўрмиш офтоби ховарий.

Кўзин сарви сийминбари келур муждасидин йиғламоқдин тийибдур, жонин хуршиди анвари васли башоратидин куймакдин манъ қилибдур:

Йиғлама, эй кўзки, ул сарви сийминбар келгуси,
Куймагил, эй жонки, ул хуршиди анвар келгуси.

Жонида ҳарф ғами ёзар таҳририға кўнгли ажз ва нотавонлиғидин унамаслиғиға тадбир ва чора топмасдин бечоралиғ зоҳир қилур:

Жонға айтурмен, ёзай ҳарфи ғаминг таҳририни,
Кўнглум ўлмас, ваҳки, билмасмен бу иш тадбирини.

Ўз сабз хатининг сабзаи хати ҳажрида ўлса, қабри сабзаси хати ҳижрон ништари бутмак иддио қилибдур ва ғариб маъни воқеъ бўлубтур:

Сабзаи хаттинг саводи бирла ўлсам, эй пари,
Сабзаи қабрим не тонг, гар бўлса ҳижрон ништари.

Бу матлаънинг бурунғи мисраида хат ва лаб таърифида ва иккинчи мисраида юз ва зулф ҳайрат изҳори воқеъдур. Тўрталаси нодир тушубтур:

Мушкбў хаттинму дей, ё лаъли дурборинму дей,
Юзи иймонинму дей, ё зулфи зунноринму дей?

Бу матлаъ ҳам манзурини ҳусн юзидин Ширин ва Лайлиға ва ўзин ишқ бобида Фарҳод ва Мажнунға таржиҳ қилибдур. Бу навъ оз эшитилибдур:

Ҳусн ила сен комилу Ширину Лайли шуҳрати,
Ишқ аро мен зор ўлуб, Фарҳоду Мажнун туҳмати.

Ишқ ўти ҳирқати таърифидаким, ул ўртамаган нима қолмамиш бўлғай, бу матлаъ сўзнок тушубтурким:

Ишқинг ўти жисму жони нотавоним ўртади,
Турфа ўт эрдики, пайдову ниҳоним ўртади.

Ҳажр тунида васл орзусидин булъажаб хаёлин баён қилур ва фироқ шомида висол шавқидин саъб ҳолин адо кўргузур:

Кеча ҳажрингдин висолингға ҳаёлим бор эди,
Ҳеч кимга айта олмонким, не ҳолим бор эди.

Бу қофия ва радифда бу фақирнинг ҳам шеъри бор ва машҳурдур, аммо ул ҳазратнинг бу шеъриким, анинг жавоби тушубтур, ҳеч нисбати йўқдурким:

Қилмағай эрдим юзин кўрмак таманно кошки,
Солмағай эрдим кўнгул мулкига ғавғо кошки.

Маҳзун кўнглини алдаб дилрабосининг келур хабарини дебтур ва орғадаб ишратфизои васли хабарин айтибдур, ажаб навъ ширин воқеъ бўлубтурким:

Ғам ема, маҳзун кўнгулким, дилрабойинг келгуси,
Базми ишқинг тузгучи ишратфизойинг келгуси.

Ишқ тарийқида ўз камолин зоҳир қилурким, ишқ аҳли ягоналари андин сўзу гудоз таманно қилибдурлар, балки боштин-аёқлариғача ул ўтқа ёқибдурлар:

Ишқим ўтидин келиб Мажнун бир учқун истади,
Ол дедим, сунғач илик, боштин оёғин ўртади.

Ғоят бедиллиғидин, ғам даштида итган нотавон кўнглин ёд қилур ва тарки жон айлаган бехонумон кўнгли ёди била ўз андуҳин зиёд қилур:

Ваҳки, ғам даштида итган нотавон кўнглум қани?
Тарки жоним айлаган бехонумон кўнглум қани?

Ҳижрон балосидин жониға етиб, ажалға илтижо қилур ва эл можаросидин ториқиб, ўлумни орзулар, бу услубда сўз бас ғарибдур:

Эй ажал, осуда қил ҳижрон балосидин мени,
Бир йўли қутқар улуснинг можаросидин мени.

Баҳор фасли бўлуб айш гули очилғони ва ғам хазони елидин сабри хирмони соврулғони бобида дейилибдур:

Навбаҳор ўлди, очилмас, ваҳки, айшим гулшани
Ғам хазони елидин соврулди сабрим хирмани.

Бу шеър қофиясида яна бир шеър ўттики, бу анга жавобдур ва иккаласи бир-биридин хуброқ тушубтур:

Бир париваш шавқи, ваҳким, жисму жоним ўртади,
Айрилиб ҳар учқун андин хонумоним ўртади.

Золим ёрни зулм қилмоққа беихтиёрлиғи айтилибдур ва ўзининг мазлумшиорлиғини хуброқ важҳ била адо қилибдур:

Ер зулм айлар учун беихтиёр ўлмиш нетай,
Ваҳ, анга жавру ситам қилмоқ шиор ўлмиш нетай.

Ёр фироқидин ёшу қон тўкмоқ кўзининг фани бўлғонни бу жиҳатдин ул баҳру кон инжу ва лаъл махзани бўлғонни ғариб суратда назм қилур:

Эй фироқингдин кўзумнинг ёшу қон тўкмак фани
Ким эрур ҳам лаълнинг қони, ҳам инжу махзани.

Ёр кўйида тушган сўзон кўнглинки, ёри поймол қилмиш бўлғай, ерга тушган ўтқа ташбиҳ қилғониким, аёғ била ерга суртуб ўчурурлар, хосса маънидур:

Тушгали сўзон кўнгул кўюнг аро филҳол они,
Ерга тушган ўт эдиким, айладинг помол они.

Ҳижрон соғаридин дам-бадам ўздин борурни ибо қилиб, васл жоми муяссар бўлса, лаболаб сипқорурни муддао қилибдурким:

Неча ҳижрон соғаридин дам-бадам ўздин борай,
Васл жомин гар тутар бўлсанг лаболаб сипқорай.

Бовужуди ўз ишқи ўти ва ёр ҳусни ўти риққати қалб ва тараҳҳум жиҳатидинким, ишқ аҳли лозимасидур яна бир мазлуми зор ишқининг ўти била ҳам кўнмак ва матлаъдин шеърнинг охириғача бу маънини ҳар байтда изҳор қилибдурким, назм элидин ҳеч кимга даст бермайдур:

Бас эмас эрди манга ҳам ўз ўтум, ҳам ёр ўти
Ким, анга афзун дағи бўлмиш яна бир зор ўти.

Жон оғзига етганда жонон лабин таманно қилмоқки, жон топширғай ва жононға яшурун нақди пинҳон топширғай, бас латиф воқеъ бўлубтур:

Етти жон оғзимға еткур лабниким, жон топшурай,
Бори ўлмасдин бурун бу нақди пинҳон топшурай.

Мажнунни ишқ тарийқида ўзига ўхшатмоқ ва девоналиғ расмин анга ўргатмак камоли ошиқлиққа ва девоналиққа долдур ва ишқ ва жунун аҳлиға бу навъ бас булъажаб ҳолдур:

Ишқ аро Мажнунни дерменким, ўзумга ўхшатай,
Ҳушини зойил қилиб, девоналиғни ўргатай.

Паривашининг туфулият жиҳатидин ёрлиғ билмасин ва анинг шавқидин шайдо кўнгли ҳушёрлиғ билмасин зоҳир қилиб, дард аҳли қошида ўз дарди дилин айтибдур:

Ул париваш тифл, ваҳким, ёрлиғ билмас нетай,
Шавқидин шайдо кўнгул ҳушёрлиғ билмас нетай.

Ул олам аҳли султони ҳиммати қошида баски султонлиғи муҳаққир кўринур ва фақирни филҳақиқат салтанатқа таржиҳ қилур, бу байтдаким, ҳақиқат маъниси мажоз суратида адо топибдур. Умид улким, ул ҳазратнинг тарийқида ҳам неча мажози бўлса ҳақиқатда мубаддал бўлғай ва мажоз аҳлиға эҳсон ва ҳақиқат аҳлига мустаҳсан воқеъ бўлубтур:

Ким гадойинг бўлса оламдин кечиб, эй дилрабо,
Фақр аҳли ичра ул султони оламдур букун.

Хилват(13). Олам аҳлиға андоқки, мажлис бўлур, мажлис аҳли ҳасратидин табъға калол ва зеҳнға малол юзлангандин сўнгра ҳар тоифа ўз хурди ҳолиға кўра махсуслари била хилват ихтиёр қилурлар. Чун «Мажолис уннафоис»нинг етти мажлисни табъ аҳли ғавғоси ва назм хайли алолоси била ўткарилди. Секкизинчи мажлис Султони Соҳибқирон мажлисидурки, ани андоқки, ҳақидур баён қилмоқ мумкин эрмас ва ул даъвоға ақлким, мунсиф ҳакамдур, рухсат бермас. Нечукким, бўлса шикаста ва баста ва баъзи паришон ва баъзи пайваста адо топти. Эмди хилватда дағи бир-икки нақл ул ҳазратнинг ғайри назм латойифидин ҳам битилса ва бир-икки сўз шарҳ этилса йироқ бўлмағай.

Улжумладин — Мавлоно Лутфий (алайҳа раҳма)ки, ўз замонида Хуросон мулкида туркий ва форсийда малик ул калом эрди, бир кун баҳор айёмидаким булуг ошиқ кўзидек ашкбор ва ул ашк қатаротидин ҳар бири: маъшуқ ваъдасидек бир мавҳум тор ошкор қилур эрди, бу фақирға йўлуқти ва дедиким, бу ёғин торлари махсус бўладур, Мир Хусрав (алайҳа раҳма) ҳиндуча ашъорида бир ажиб-ғариб маъни айтибдур ва ул будурким: маҳбуб баҳор айёмида бир ён борадурмиш бўлғай ва ёғин жиҳатидин ер балчиқ бўлмиш бўлғай ва анинг. аёқи балчиғдин тойиб йиқилур чоғида ғоят нозуклугидин ёғин риштасин мадади била тутуб қўпмиш бўлғай. Бу фақир бу маънини эшитгач, хушҳол бўлуб, Мир Хусравнинг бу дақиқ хаёлиға офаринлар ўқудум ва табъ аҳлидин ёғин тақриби била ҳарким қошида бу сўз нақл қилилди. Манга юзланган хушвақтлиғ анга ҳам юзланиб, Мир Хусравнинг таърифида беихтиёр бўлди. Бир кун ҳам мазкур бўлғон тақриб била Султони соҳибқирон Олий мажлисларида банда бу сўзни арз қилдимким, бир кун Мавлоно Лутфий Мир Хусравдин бу навъ ғариб маъни нақл қилди, деб. Хаёлимда бу-ким, ул ҳазратнинг ҳам латиф табълариға хуш келиб, таърифда муболиға қилғувсилардур. Банда кўп шааф била айтқон учун филжумла табассум қилиб, инбисот изҳори қилдилар. Аммо кўп илтифот воқеъ бўлмади. Сўнгғи кун андоқ маълум бўлдиким, ул ҳазратнинг муборак табълариға Мир Хусравнинг бу хаёлида эътирозе юзланган эрмиш бўлғай, яна ҳайрат даст бердиким, Мир Хусравнинг бу хаёлиға жамеъ табъ аҳли таъриф ва таҳсиндин ўзга ҳеч нима зоҳир қилмадилар, оё, ул ҳазрат не эътироз қилиб эркинлар. Олий мажлисда ер ўпуб, арз қилдимким, ул эътирозни гуҳарбор алфоздин эшитмак муроддур. Дедиларким, ул эътирозбудурким, ул ёғин қатраси юқоридин қуйи иниб келадур, муқаррардурким, риштасиға дағи ҳамул ҳолдур. Риштаиким, майли қуйи бўлғай, анинг мадади била йиқиладурғон ўзин асрамоғи маҳолдур. Ул ҳазрат бу эътирозни нақл қилғоч, фақир билдимким, мен ва ҳар киши ҳамким, бу маънини эшитиб, таҳсин қилибдурбиз —барча ғалат қилғон эрмишбиз. Қулоқ тутуб ўз нуқси табъимға муътариф бўлдим. Андин сўнг ул ҳазрат дедиларки, бу байт андоқ бўлубтурки, эътироз маҳалли йўқтурким;

Заъфдин кулбамда қўпмоқ истасам айлар мадад,
Анкабуте ришта осқон бўлса ҳар деворға.

Умид улким, мундоқ соф табъ кузгусига ҳаргиз даврон ҳаводисидин ғуборе ўлтурмағай ва мундоқ равшан зеҳн шамъин ҳаргиз навойиби сарсари ўчурмагай.

Улжумладин будурки, Мавлоно Қабулий деган кичик ёшлик йигит Қундуз ва Ҳисор тарафидин келиб эрди, табъи туркий ва форсий назмға мулойим эрди. Олий мажлисқа мушарраф бўлуб, подшоҳона таҳсин ва эҳсонға ҳам сарафрозбўлуб эрди. Бир кун бир туркий ғазалки, матлаи будурким:

Наъл кестим дарди афзун бўлдию кам бўлмади,
Доғ қўйдум сўзи кам бўлғай дебон, ҳам бўлмади

айтиб келиб эрдиким, юқори арз қилғай. Фақирға бердиким, теграсида эврулгаймен ва хотирға келганни анга айтқаймен. Чун ўқудум «ҳам бўлмади», қофиясини яхши айтмайдур эрди. Дердимким, яхши қофияси будур, мундин яхшироқ боғласанг бўлур эрди. Ул дедиким, мен хили ташвиш торттим, яхши боғлай олмадим. Албатта, бу қофияни сиз боғланг. Чун муболаға қилди, фақир ул қофияни боғладим, бу навъким:

Сарв мойил бўлдиким, ўпгай аёғинг туфроғин,
Йўқса ҳар соат сабо таҳрикидин хам бўлмади.

Алқисса, Қабулий бу шеърни битиб наввобдин бирининг воситаси била Олий мажлисқа еткурубдур. Ул ҳазрат ўқуғондин сўнгра дебтурларки, иккинчи байти анинг назмининг ранги эмас, хаёлға андоқ келурким, фалон муйи анинг бу шеърида айтмиш бўлғай.

Фақирни тилаб бу бобда такаллум қилдиларки, — бу байтни оё улму айтиб эркин, ё бировму анинг учун деб эркин? Фақир таажжуб қилдим, аммо лутфи йўқ эрдики, ул ғариб йигитким, бу шеърни ўткариб эрди, дегайменким, — бу байтни мен айтибмен. Чун иқрор қилмадим. Муболаға била сўрулди, ул ҳазратқа чун равшан бўлуб эрди, инкор қила олмадим. Дедимким, муборак хотирғаким, мавриди фуюзи ғайбийдур, чун зоҳирдур не навъ тонғаймен. Бағоят мунбасит бўлуб, ҳукм бўлдиким, Қабулийни топиб келтурсунларким, бу бобда анинг била мутояба қилали. Филҳол ани топиб Олий мажлисда ҳозир қилдилар. Ҳазрат жулус ҳукми буюруб, илтифот зоҳир қилиб, шеърини таҳсин қилдилар. Фақир мутараддидким, таъриф бунёд бўлди, анга ажаб шармандалиғ бўлғусидур ва фақирға андин ортуғроқ. Ул бобда ҳеч сўз демадилар. Муддате ўлтурди ва сўз ўзга тарафлар тушти, то улки, мажлис ниҳоятқа етти ва эл тарқалдилар. Оз киши маҳрамлардин қолди. Наввобдин бири арз қилдиким, Қабулийни келтурдилар ва ул байт бобида анинг била мутояба қилмадилар, ҳамоноки унутулди. Ҳазрат буюрдиларким, унутулмади, аммо ул сўз зикрида анга уят бўлур эрди, тиламадукки, ғариб йигит мажлисда эл аросида уятлиғ бўлғай, ул сабабдин анинг шеъри ва ул байт бобида сўз дейилмади. Бу фақир ер ўпуб арз қилдимким, бу раҳм ёлғуз анга воқеъ бўлмадиким, манга дағи бўлди.

Субҳоноллоҳ! Офарин ул сонеъғаким, бир соҳиб давлатқа мунча ҳусни хулқ ва камоли фазл ва баланд идрок ва табъ ва зеҳни пок каромат қилибдурки, бу афсоналарни ясаб, бировга боғласалар, эшитган киши инона олмағай, балки жаълийдур деб, айтқучининг такаллумиға қулоқ солмағай.

Бу Султони Соҳибқироннинг эрамойин суҳбатларида ва фирдавстазйин хилватларида бу навъ ғариб латойиф ва ажиб заройиф ҳар лаҳза мутаоқиб ва мутавотир ва ҳар лаҳза мутазоид ва мутакосир зоҳир бўлур, то сипеҳр шабистонининг шамъи заррин лагани бадри мунир бўлғай ва афлок шаҳристонининг машъали анжумани меҳри оламгир ўлған, бу адолат авжининг тўлун ойиға камлик юзланмасун ва бу салтанат-буржининг хуршиди оламоройи камол даражасидик айланмасун!

Ул ҳумоюн табънинг бу навъ диққатсозлиғ ва нуктапардозлиғларини сипеҳр дабири йиллар битиса тамом этмас ва хиради хурдадон хуш тақрири қарилар айтса итмомиға етмас. Авло улким, ихтисор била тамом қилилғай ва дуо била ихтитом берилғай:

Ё раб, бу замона шаҳларининг шоҳи,
Ким, кўнгли эрур сирри ниҳон огоҳи,
Бергил анга авж моҳдин то моҳи,
Балким неки бор эса анинг дилхоҳи.
Кўк арсаси базмгоҳи ўлсун, ё раб,
Кун шамсаси чатри жоҳи ўлсун, ё раб,
Кавкаб адади сипоҳи ўлсун, ё раб,
Ҳар ишда Ҳаҳ паноҳи ўлсун, ё раб.</div>

Изоҳ Ва Таржималар

Муқаддима

1. «Ва дуруди номаъдуд ул хулосаи маъдум ва мавжудғаким» мавжуд бўлган ва бўлмаган нарсаларнинг яратувчисига саноқсиз мақтов ва дуолар бўлғай, демакдир.

2. «Малики аллом» — Оллоҳ кўзда тутилади.

3. Қуръони каримнинг нозил бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.

4. Жаброил — Исломдаги тўрт фариштадан бири. Худо билан пайғамбар ўртасида элчилик қилган фаришта. Муҳаммад пайғамбарга Қуръон шу фаришта орқали нозил бўлган.

5. «Хайр ул-аном алайҳиссалавоту вассалам» — арабча: одамларнинг яхшиси, унга салом ва дуолар бўлсин демакдир. Бу ибора Муҳаммад пайғамбар номига қўшиб ёки уни назарда тутиб айтилади.

6. Абдураҳмон Жомий (1414 Жом, — 1492 Ҳирот) — форс-тожик адабиётининг кўркамли намояндаси, шоир, мутафаккир ва олимдир. Алишер Навоий 1476—1477 йилларда Жомийни ўзига пир қилиб олади ва унинг ҳаёти охиригача ораларидаги самимий дўстликка садоқатни сақлаган. «Жомий ва Навоий» мажмуасининг ношири машҳур матншунос олим Порсо Шамсиев шу мажмуа муқаддимасида ёзган эдилар: «Чин инсоний хислатлардан сабот, матонат, ғайрат, толмас меҳнаткашлик бу икки дўстнинг муштарак хусусиятлари бўлиб қолди. Бу муштарак хусусият булардаги буюк ижодий куч ва маҳоратнинг деярли бир мезонда борганлигида кўринади. Жомий бирор асар ёзса, биринчи галда Навоийга тақдим этар, керак миқдорда ислоҳ этишни, камчилик ва нуқсонларни кўрсатиб беришни талаб этар эди. Навоий Жомийни ўзига мададкор, қийналганида мушкулларини ҳал қилувчи ва ишларга рағбатлантирувчи улуғ ҳомий ва мураббий деб билар эди». (П.Шамсиев. Улуғ дўстлик лавҳаларидан. Жомий ва Навоий (тўплам). Тошкент, «Фан», 1966.).

Бу икки улуғ сиймолар бир-бирларининг ташаббуслари билан асарлар ёзар, бир бирларига ўз асарларида мадҳиялар битар эдилар. Алишер Навоий Жомий ҳақида унинг вафотидан кейин махсус «Ҳамсат ул-мутаҳаййирин» (Ҳайратланганлар бешлиги) асарини ёзган.

7. «Мадда зилли ва иршодаҳу» — арабча: Оллоҳ унинг сояси ва тўғри йўлини узайтирсин, демакдир.

8. «Баҳористон» — Жомийнинг 1487 йилда Саъдий Шерозийнинг машҳур «Гулистон» асари пайравлигида ёзган ахлоқий ва тарбиявий мазмундаги асари. Жомий ўз ўғли Зиёвуддин Юсуфга дарслик тарзида яратган. «Баҳористон» муқаддима ва 8 боб (равза)дан иборат: 1) орифлар саргузашти; 2) улуғлар ҳикматлари; 3) адолатли шоҳлар ҳақида; 4) сахийлик тарғиби; 5) ишқий ҳикоятлар; 6) ҳазл-мутойибалар; 7) шеър ва шоирлар; 8) тамсиллар.

Навоий бу ерда «Баҳористон»нинг еттинчи бобини назарда тутади. Моҳиятча, бу боб тазкира бўлиб, унда Рудакийдан Навоийгача 37 нафар машҳур шоирлар ҳақида маълумот мавжуддир.

9. Султони Соҳибқирон — бахтиёр султон маъносини англатувчи бу лақаб улуғ, жаҳонгир подшоҳларга берилган. Бу ерда Ҳусайн Бойқаро назарда тутилади. Илми нужумда икки сайёра тўқнашган пайтда туғилган болани англатади. Унинг ғоят улуғ мартабали бўлишига ишонишган.

10. Нигорхона — расмлар хонаси; Нигорхонаи чин — Чин расмлари хонаси. Бу ерда Навоий Жомий «Баҳористон» асарида шоирларга бағишланган бобни шундай безадики, унга Чин (Хитой) нигорхонасининг ҳам рашки келади, деб таърифлайди.

11. Амир Давлатшоҳ (тахминан 1436/38 — ваф. 1497, Самарқанд) тазкиранавис. Отаси Амир Бахтишоҳ Шоҳрух Мирзонинг лашкарбошиларидан бўлган. Давлатшоҳ «Улоин» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. 1471 йилга қадар Ҳусайн Бойқаро хизматида бўлган. Ҳиротдан қайтгач, отаси мулкида деҳқончилик қилган ва адабий ижод билан шуғулланган.

12. «Тазкират уш-шуаро», Давлатшоҳнинг 1486 йилда ёзган асари. Унда Ироқ, Эрон ва Ўрта Осиёда X—XV асрларда яшаб нжод қилган 150 дан зиёд шоирлар ҳақида маълумотлар берилади. Бу асар Навоий тавсияси билан яратилган бўлиб, Навоийнинг ижоди ва арбоблик фаолияти ҳақида махсус боб бор.

13. «Султони Соҳибқироннинг ҳумоюн валодатлари» — Ҳусайн Бойқаронннг туғилган йили (1438 й.) назарда тутилади.

14. «Аммо ҳоло бу фано дор ул-ғуруридин бақо дор ус-суруриға интиқол қилибдурлар» — ҳозирда ўткинчи ғурур саройидин (яъни, бу дунЁдан) абадий хурсандчилик саройига (яъни, у дунёга) кўчиб ўтишган (яъни, вафот этишган) демакдир.

15. «Ҳоло бу фаррух замонда намояндадурлар» — ҳозир бу бахтиёр замонда ҳаётдирлар, демакдир.

16. «Мажолис ун-нафоис» — Нафис мажлислар демакдир.

Аввалги Мажлис

1. Амир Қосим Анвор — Шоҳ Қосим Анвор Табрезий (1346, Табрез—1433, Жом). Араб ва юнон, форс ва туркий тилларни яхши билган ҳамда шу тилларда шеърлар ёзган. Умрининг аксар қисмини Ҳиротда кечирган. Самарқандда ҳам яшаган.

Шоирнннг тўла куллиёти 1959 й. Теҳронда нашр қилинган, унда ғазаллар девони, «Анис ул-ошиқин» (Ошиқлар дўсти) номли маснавийси, «Таважжуҳнома» (Оллоҳга интилганлар ҳақида асар), «Воқиаи Ҳирот» (Ҳирот воқиалари), «Рисолаи вужуд» (Борлиқ ҳақида рисола), «Макотиб» (Мактублар), «Саволу жавоб» ва бошқа асарлари ўрин олган.

Қосим Анвор тасаввуф адабиётининг йирик намояндаси сифатида машҳур. У, айниқса, Жалолиддин Румийга эргашган. Шунингдек, Қосим Анвор асарларида ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий масалалар ҳам илгари сурилади. Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида ҳам бу шоир ҳақида анча муфассал маълумот беради.

2. «Қуддиса сирриҳу» — арабча: сирри муқаддас бўлғай, деган маънони англатади ва вафот этганлар ҳақида айтиладиган дуо ҳисобланади.

3. Валоят аҳли — валий, авлиё одамлар.

4. Ҳақойиқ ва маориф — ишқи ҳақиқий ва маърифат мазмунида ёзувчилар.

5. Садриддин Ардабилий — XIV асрдаги машҳур тасаввуф шайхларидан.

6. «Анис ул-ошиқин» — Ошиқларнинг дўсти демакдир. Қосим Анворнинг асари.

7. Таржеъ — қайтариш, такрорлашни англатади. Шеърда такрорланувчи банд бўлиб, бунда шоир вазни бир, қофияси бошқа бўлган бир неча банд шеърнинг ҳар банди сўнгида бир байтни такрорлаб келтиради. Такрорланган байт ҳар банд охиридаги байт билан боғланиб бориши шарт ҳисобланади.

8. Байтнинг таржимаси (бундан кейин «тарж.:» деб бериб борамиз): Оллоҳга шукрки, сенинг икки жаҳон мулкига сармоя бўлган ишқинг менинг юрагим ва жонимдадир.

9. Тарж.: Риндмиз, ошиқмиз, жаҳон ўртовчилар ва ёқавайронлармиз. Сенинг ғаминг турганда дунё ғамини чекишдан не фойда?!

Бу байтдаги «ринд» сўзинннг таърифи «Ғиёс ул-луғат»да: «Ринд—шариат қоидаларини жоҳиллик юзасидан эмас, онгли суратда инкор қилувчи одам», деб берилади. Тасаввуф истилоҳотида «ринд» барча бойлик, лавозим, зоҳирий илтифоту мулозиматлардан ўзини йироқ ташлаб, олам ва одамнинг энг юксалган поясида ўзини озод сезувчи ҳур фикрли ннсонни англатади.

10. Жалолиддин Румий (1207—1273)—шоир ва мутафаккнр. Исми Муҳаммад, лақаби Жалолиддин. Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад Чингизхон юриши арафасида Балхдин Нишопурга кўчади ва шоир Шом, Ҳалаб ва Арзанжонда илоҳиёт, фиқҳ, риёзиёт (математикага оид фанлар), тарих ва бошқа илмларни ўрганади. Даврнинг машҳур шайхларидан Бурҳониддин қошида 1232 йилдан суфийлик тариқати ва шариатдан таҳсил олади. Қунияда эса Шамс Табризий билан учрашади ва уни маънавий устоз деб танлайди. Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» номли асари уни дунёга машҳур қилади. Унда илоҳиёт, фалсафа, тасаввуфга оид масалалар ўз аксини топгандир. 6 мустақил дафтардан иборат бу асарда кўплаб ривоятлару ҳикоятлар, масалу латифалар ўрин олган.

11. Тарж.: Табризда бир Саййидзода бор эди.

12. Тарж.: Феъл, сифат, зот ва исмларинг билан ҳамма яширин ва ошкор нарсаларнинг асли ўзингсан.

13. Жорубкаш—масжид, мадраса, хонақо ва мозорни супурувчи хизматкор. Навоий бу ерда Жом вилоятидаги Харжурд деган жойдаги мозорда дафн этилганларга, жумладан Қосим Анворга ўз ҳурмати ва эътиқодини нзҳор этади.

14. Хамса ва салосина ва самона миа — арабча: 835 й.ни англатади. Милодий ҳисобда 1431—32 й. га тўгри келади.

15. Мир Қосим Анвор кўзда тутилат.

16. Имом Али Мусо ар-Ризо — Али Ибни Мусо, лақаби Али Ризо. Ислом ақидаларига кўра саккизинчи имом. У аввал Мадинада яшаган, 816 й. да Халиф Ал-Маъмун томонидан Хуросонга келтирилган ва 817 й. да Марвда 33 минг одам қатнашган йиғинда валиаҳд деб эълон қилинган. Имом Ризонинг номи Маъмун номидан кейин тангаларда зарб этила бошлаган. Маъмун ҳатто унга ўз қизи Хабибани беради. Али Ризо Эронда қадимги Тус шаҳри яқинидаги Нукон деган қишлоқда тўсатдан вафот этади. Маъмун уни ғоят катта дабдаба билан Санобод деган Хорун ар-Рашид мақбараси жойлашган боғда дафн қилади. Кейинчалик бу ерда Машҳад шаҳри пайдо бўлади. Ҳозир Машҳаддаги Имом Ризонинг ҳашаматли мақбараси мусулмонларнинг зиёратгоҳидир. Навоий вазирлик даврида Имом Ризо мақбарасининг жанубий қисмида гўзал бир айвон қурдирган ва ундаги устунларнинг бирига Ҳусайн Бойқаро номини ўйдирган. Бу ерда шоир Мир Махдумнинг отаси Маккадан Машҳадга Али Ризо мақбараси зиёратига келганли баён этилади.

17. «Ман хадима худима» — арабча: ким бировга хизмат қилса, унга ҳам кимдир хизмат қилади, демакдир.

18. Тарж.: Чалғучи тарона чал, соқий май тутгил, кимки, «май ҳаром» деган бўлса, унинг қони ҳалолдир.

19. Тарж.: Мени риндлик оламида расволикнинг нишонаси қилдинг, дилимни олиб, жонимни юз надоматга қўйдинг.

20. Муаммо — арабча: яширинган, беркитилган, демакдир. Муаммо Шарқ шеъриятида кичик лирик жанр турларидан бири. Мисраъ, бир-икки байтда (баъзан жумла, ибора ёхуд бир сўз ҳам бўлиши мумкин) исм ёки бирор сўз яширинган бўлади. Муаммода эса унга мураккаб имо-ишоралар бўлади. Муаммони махсус қоидаларга асосан (унга рамз, имо, киноя, ўхшатиш, сўз ўйини, араб алифбосидаги ҳарфлар нуқталарини алмаштириш, сўзларнинг бошқа тиллардаги синонимларини топиш, тескари айлантириш ёки «абжад» ҳисоби (ҳарфларнинг рақам маънолари) ва ҳ. к. йўллар билан топиб олиш, ечиш керак бўлади. Муаммони тузиш ва уни ечиш қоидаларига бағишланган махсус рисолалар ҳам яратилган. Айниқса, XV асрда муаммо кенг тарқалган эди. Жомий ва Навоий ҳам муаммо ҳақида рисолалар ёзганлар.

Бу муаммода «Аҳмад Мирак» исми яширинган. Аслиятда шундай ёзилади.

Тарж.: Мен май истамайман, уни берма ва тутма. Саъдни ёр кўчаси бошиға элтиб қўй.

Биринчи мисраънинг яна шундай мазмуни бор: сўз аввалидаги [ҳарф] менда йўқ.

Агар дан олиб ташласак, қолади. Унинг рақам маъноси 10, ҳарфларда ёзилади. Бу икки ҳарфнинг рақам йиғиндиси бўлади. 9 рақами яна бирикувидан ҳосил бўлади. Шундай қилиб, «май» сўзидан «аҳ» бўғимини чиқардик. ни — «мад»ни ол, деган ишорага биноан «Аҳ»га «мад»ни қўшсак «Аҳмад» чиқади. дан «ми» олинади. Юқоридагидек иккинчи мисрадан «Саъдни қолдириб «ро»ни, яъни «р» ҳарфини қўй сўзининг аввалига, яъни, биринчи ҳарфи олдига олиб бориб қўйилади ва «Мирак» ҳосил бўлади. Натижада кўрсатилган муаммо ечими «Аҳмад Мирак» исми чиқади.

Кўринадики, муаммони ечиш араб алифбосига асосланади ва уни таржимасини бериш билан мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун муаммоларни араб алифбосида бердик ва таржима қилмадик.

21. Тарж.: Мен ёмонлик қилдим, узр айтиш гуноҳдан ёмонроқ.

Чунки бунда учга бузилган даъва бор: борлик, куч ва қувват. Кейинги мисраъ арабча бўлиб, куч билан қувват эса худодан бошқа ҳеч кимда йўқ.

22. «Мақсади ақсо»— энг сўнгги мақсад.

23. «Қасидаи бурда» —араб шоири Каъба Ибни Зухайр (VII аср) асари. Бурда дегани йўл-йўл матодан тикилган устки кийим — қабони англатади. Ривоятга кўра, Муҳаммад пайғамбар шол дардига мубтало бир бемор устига ўз бурдаси устки кийимини ташлаган экан, у даво топиб, тузалиб кетибди. Қасиданинг номида шу ривоятга ишора бор. Қасида уч қисмдан — анъанавий лирик муқаддима, дидактик қисм ва мадҳдан иборат. «Қасидаи бурда»га жуда кўплаб назиралар ёзилган, мухаммаслар боғланган, шарҳлар битилган. Мусулмонлар қасидага маълум даврларда илоҳий маъно ҳам бериб, унинг айрим парчаларини тумор тарзида ўзлари билан олиб юрганлар (қаранг: Фильштинский И.М. Арабская классическая литература. М.,«Наука», 1965).

24. Шоҳрух Мирзо (1377—1447) — темурийлар сулоласидан, ҳукмдор. Темурнинг ўғли. Улуғбекнинг отаси унинг подшоҳлиги даврида Самарқанд, Ҳирот ва Марвда бир қанча бино, истеҳком ҳамда иншоатлар қурилди, илм-фан, маданият ривож топди. Навоий «Мажолис ун-нафоис»нинг еттинчи мажлисида Шоҳрухга алоҳида мақола бағишлайди.

25. Тарж.: Эй бу оламда яширин ҳам, ошкора ҳам ўзингсан, ошиқ юрагининг дарди ҳам, асл давоси ҳам ўзингсан.

26. Тарж.: Мен туркман, ҳиндуни Жайполнинг ўлаксаси деганман, Жунанинг дабдабасини бир дона арпага ҳам олмайман.

27. «Ажойиб уд-дунё» — Дунёнинг ажойиб (ишлари); «Жавоҳир ул-асрор» — Сирларнинг жавҳарлари.

28. Тарж.: Яна тун бўлди, кўзим йиғи майдонига сув урди: Кўз ёшининг сели уйқу сипоҳига ҳужум қилди.

29. Таърих — адабий жанр турларидан бўлиб, унда абжад ҳисоби усулларини татбиқ этиш билан бирор муҳим воқеа, улуғ кишилар вафоти, биноларнинг бунёд этилиши вақти ва ҳ. к. лар йилини ёзиб қолдирилади. Таърих яратувчиларни таърихгўйлар дейилади. Таърих шеър билан айтилса, ғоят муносиб саналади. Таърих моддаси бўлган сўз, мисраъ, байтлар араб ҳарфида ёзилиб, абжад ҳисоби билан чиқарилишини эътиборга олиб, таърих моддаси бўлган сўзларни араб алифбосида келтирдик: сўзидаги ҳарфлар абжад бўйича йиғиндиси 866 й. (1461—62 й.) сўзидан ҳам шу сана чиқади.

30. Котибий — Шамсиддин Муҳаммад Ибн Абдулло (тав. номаълум, Туршез — 1435, Астробод) XV асрдаги машҳур шоир, хаттот ва мунши. Яхши хаттот бўлганлигидан Котибий тахаллусини олган. Шоирнинг Нишопурда таҳсил олгани, Ҳирот, Самарқанд, Мозандарон, Гилон, Ҳижоз, Табрез ва Исфаҳонларда бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Умрининг охирида Астрободда қўним топган ва шу ерда дафн этилган.

Манбаларда Котибий қаламига 140 асар мансуб дсб қайд қилинади. Унинг «Қасидалар дсвони», «Ғазаллар девони», «Хамса» достонлари машҳурдир.

31. «Зул-баҳрайн» — Икки баҳрли. «Зул-қофиятайн» — Икки қофияли.

32. Тарж.: Кўз ва дил туфайли тупроқ баданим ўт ва сув ичидадир. Кўз билан кўргил ва дил билан раҳм қилгил, ишим харобдир.

33. Тарж.: Эй тўғри юрувчи тақдир камонинг ўқдек; Сенинг ўқдонингга безакли осмон қоплон думидекдир.

34. Тарж.: Кўршапалак феруза ранг гунбаздан гунбаз ферузасига қараб кетди.

35. Тоун марази — вабо касали.

36. Тарж.: Вабо олови қаҳридан тупроғи мушкдан ҳам хушбўйроқ бўлган Астробод бирданига хароб бўлди. У ерда ёшу қаридан ҳеч ким қолмади, чунки «ўрмонга ўт тушса ҳўл ва қуруқ баробар ёнади».

37. Ашраф—Абу Али Ҳусайн ибни Ҳасан Мароғий. Дарвеш Ҳасан Хиёбоний (туғ, номаълум — ваф. 1460) номи билан танилган. 1436—1440 йиллар мобайнида «Хамса» анъанасини давом эттирган. «Минҳож ул-аброр» (Тақводорларнинг ёруғ йўли), «Риёз ул ошиқайн» (Икки ошиқнинг машаққатлари), «Ширнн ва Хусрав», «Ишқнома» ёки «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт авранг» (Етти тахт) ва «Зафарнома» номли «Хамса» таркибидаги достонларни ёзган. Шоирнинг тўртта шеърлар девони ва «Сад панди Али» (Алининг юз панди) номли Ҳазрат Алн ҳикматларининг таржимаси бўлган манзумаси ҳам мавжуд. Афтидан бу охирги асари Навоийнинг «Назм ул-жавоҳир» номли асарига ўхшаш кўринади. Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида Ашраф ҳақида ёзади ва Ҳиротда бўлганини таъкидлайди. Шоир «Хамса» устида узоқ йиллар меҳнат қилгани ва ниҳоят уни тугаллашга ноил бўлгани хусусида Навоий Ашрафнинг қуйидаги байтини келтиради:

Аз шарафи васли ту Ашраф шудем,

Давлати мо буд мушарраф шудем.

(Тарж. Сенинг васлинг шарафи билан Ашраф (яъни, шарафли) бўлдик, бу биз учун давлат эди мушарраф бўлдик).

38. Тарж.: Билимда илғор бўлган шахс қошида гуноҳкорни ўлдиришдан гуноҳни кечиш афзалроқдир.

39. Тарж.: Ўқнинг чўпи бўлишни истайман, токи сен баъзи-баъзида ҳолимга кўз учи билан қарагайсан. Бу ерда шоир ўқ тортганда, кўз қири билан нишонга боқиши каби ҳолатни назарда тутмоқда.

40. Хожа Исматулло (туғ. номаълум—ваф. 1437, Бухоро)—асосан Бухорода яшаб ижод этгаи шоир. Халил Султон саройида бўлган. Феодаллар исёнидан сўнг шоир саргардонликка учрайди. Улуғбек ҳукмрон бўлгач, Исмат Бухорийни сарой хизматига таклиф этади. Лекин шоир узлатни, дарвешлар орасида бўлишни афзал кўриб таклифни қабул қилмайди. Шоирнинг саккиз минг байтдан иборат шеърлар девони, «Иброҳим Адҳам» номли маснавийси маълум. Унинг тасаввуфий таъсуротлар, суфиёна ҳиссиётлар билан йўғрилган шеърлари халқ орасида машҳур бўлган.

41. Халил Султон (1384—1411)—Темурнинг набираси, Мироншоҳнинг ўғли. 1405—1409 йилларда Самарқандда ҳукмронлик қилган. Темурнинг Ҳиндистон юришида қатнашиб, ўзининг ҳарбий салоҳияти билан улуғ бобоси рағбатини қозонган Халил Султон 1402 й. да Туркистон ҳукмрони қилиб тайинланган эди. Лекин 1404 й. да Темурнинг рухсатисиз оддий табақа қизи гўзал Шодмулкка уйлангани учун унинг ғазабига учраган эди. Темур вафотидан 1 ой кейин 1405 й. 18 мартда тахтга ўтирган Халил Султон Мовароуннаҳрдан четларда тан олинади. Феодал низолари, ворислар орасидаги тўқнашувлар натижасида Халил Султон 1409 йил 30 мартда асир олинади ва Фарғона, Андижон, Ўтрорларда саргардонликдан безиб, Шоҳрух билан шартнома тузади ва тахтдан воз кечади. Охири Райга жўнайди. Манбаларнинг таъкидлашича, Шодмулк ҳам унинг ортидан Райга келади. Халил Султон Райда вафот этади. Шунингдек, манбаларда Халил Султоннинг Шодмулкка бўлган муҳаббати ҳамда ўз душманлари, ҳатто хоинларга нисбатан ҳам олижаноб бўлгани таъриф қилинади.

Халил Султон саройида олиму фозиллар, санъаткор ва шоирлар ижод қилар, ўзи шеърият билан шуғулланар эди. Навоий ушбу асарнинг еттинчи мажлисида Халил Султонга алоҳида мақола бағишлайди ва соҳиби девон бўлганини қайд қилади. Хожа Исмат Бухорий Халил Султон девони таърифида қасида ҳам битган экан.

42. Тарж.: Юрак кабобдир ундан шўр [ғавғо] қўзғатганлар, чунки у юракка Халил (чин дўст, демакдир) туздонидан туз сепганлар.

43. Тарж.: Бу бепоён денгиз жаҳонларни ўз ичига олгандир. Илоҳий ақл ғаввоси ундан гавҳарни пайқай олмайди.

44. Тарж.: Эй дардинг ўқи ошиқлар юрагига нишона! Бутун халқ сен билан овораю ўртада сен ғойибсан.

45. Тарж.: Гоҳ бутхонада гўшанишинман, гоҳ масжидда истиқомат қиламан. Яъни сени уйма-уй қидириб юраман.

46. Тарж.: Дил шишадир, кўзларинг уни ҳар томонга олиб борадилар, улар мастдирлар, мабодо синдириб қўймагайлар.

47. Тарж.: Чанг ва даф садоларндан дилим васлингни истайди. Чунки ҳар бир тери остида худонинг бир дўсти бор.

48. Яхъё Себак (туғ. номаълум—ваф. 448—49 й.) — шоир, арузшунос олим ва хаттот. Аввал «Туффоҳий», сўнгра «Фаттоҳий», «Хуморий» ва «Асрорий» тахаллусларида ёзган. Нишопурда яшаган. «Мажолис ун-нафоис»нинг форсийга таржимони Фахрий Ҳиротий шоир назмий рисолалар, «Таъбири хоб» (Туш таъбири) номли асар ва «Ҳусну Дил» деган достон ёзгани ҳақида маълумот беради.

49. Тарж.: Эй, лола даврида пиёлани майдан холи қилувчи умр ўтди. Бу ҳасрат доғига қачон даво қилурсан?!

50. Хожа Ҳофиз—Шамсиддин Муҳаммад (туғ. 1321—ваф. 1390, Шероз) буюк форс шоири. Етим қолгач, нонвойга шогирд тушган, Қуръонни ёд билгани ва яхши тиловат қилгани учун «Ҳофиз» номи билан шуҳрат қозонган. Шеъриятда уни тахаллус қилиб олади. Ҳофиз ҳам ишқи мажозий, ҳам ишқи ҳақиқий ҳақида ёниб ёзган. Ҳофиз ғазалсаро шоирдир. Унинг девони вафотидан сўнг тузилган. Судий деган турк олими (ваф. 1591) Ҳофизнинг мукаммал девонини тузган. Кейинчалик шоир шеърларига кўплаб шарҳлар ёзилган. XVII аср охирларидан бошлаб, Ҳаммер, Пургштал. таржималари, Гётенинг «Ғарбий-Шарқий девони» орқали Ҳофиз Ғарбда шуҳрат қозонди. Эрон олимлари Абдураҳим Халхолин, Муҳаммад Қазвиний, Қосим Ғаний, Саид Нафисий, Муҳаммад Муъин ва бошқалар Ҳофиз ижодини ҳар томонлама таҳлил этдилар, Ҳофиз ғазалларига жилд-жилд шарҳлар битдилар. Оврупо шарқшуносларидан Я.Рипка, А.Арберри, X.Рёмер, X.Риттер ва бошқалар, рус олимларидан Е.3.Бертельс, А.Н.Болдирев, И.С.Брагинскийлар ҳам ҳофизшуносликка етук ҳисса қўшдилар.

Навоий Ҳофиз ғазалиётини пухта билган ва ўзининг «Девони Фоний» деб номланган форсийдаги ғазалларидан 237 тасини Ҳофиз ғазалларига татаббуъ қилиб ёзган. Бу масала тожик олими акад. А.М.Мирзоев томонидан қисман тадқиқ этилган ва Навоийнинг Ҳофизнинг ғазалига жавобияларидан намуналар алоҳида рисола тарзида нашр қилинган. (Қаранг: А.Мирзоев. Фоний ва Ҳофиз. Душанбе, «Ирфон», 1961).

51. Тарж.: Эй бангилар, наша баргининг арраси (япроқ қирралари) сизнинг ақл ва имонингиз кўчатининг томирини кесмоқ учун ўткирлашгандир.

52. «Бу фақир аруз фанида восита била Мавлононинг шогирдимен» — машҳур арузшунос Дарвеш Мансурдан Навоий аруз илмини ўрганган. У эса Яхъё Себакнинг шогирди бўлган. Навоий бу ерда «восита била Мавлононинг шогирдимен» дер экан, ана шуни назарда тутади.

53. 852 (1448-49 й.).

54. Ҳужжат ул-ислом Имом Муҳаммад Ғаззолий — Абдуҳомид Муҳаммад ибни Муҳаммад Тусий (туғ. 1058, Тус—ваф. 1111, шу шаҳар), машҳур мутакаллим, фақиҳ ва суфий. Аввал Гўрган мадрасасида, кейин Нишопур яқинидаги «Низомия» мадрасаларида таҳсил кўради. Бир неча муддат Бағдоддаги «Низомия» мадрасасида мударрислик қилади. Сўнгра Шом, Фаластин ва Ҳижозда яшайди. Ғаззолий асарларида фалсафа, илоҳиёт, риёзиёт, мантиқ, табииёт ва ахлоққа оид масалалар юзасидан баҳс юритилади. Ғаззолийнинг тасаввуфга оид асарлари халқ орасида кенг маълум бўлган. Масалан, «Кимёи саодат», «Эҳъё ул-улум ад-дин» (тирилиш ва дин илми). Ғаззолий фалсафаси асосида худони ақл билан англаш мумкин эмас, уни руҳий илтижолар, сиғиниш ва ибодатлар орқали англаш мумкин, деган ақида ётади. Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат»ида Муҳаммад Ғаззолийга алоҳида мақола бағишланган. Унда олимнинг кунияти (абу, ибн, умм, бинт каби сўзлар билан бошланадиган лақаби) Абу Ҳомид ва лақаби Зайниддин деб кўрсатилган. Мисрнинг Искандария шаҳрида, Нишопурда яшагани ҳам қайд қилинади. Ғаззолий Нишопурда хонақоҳ ва мадраса қурган. Навоий Ғаззолийнинг яна «Ёқут ут-таъвил» (Сўзнинг (бошқа маънодаги) ёқутлари), «Жавоҳир ул-Қуръон» ва «Мишкот ул-анвор» (Қандил нурлари) номли асарлар ёзганини таъкидлайди.

55. Анварий — Авҳадуддин Али Ибни Муҳаммад Ибни Исҳоқ (туғ. 1105, Абиварднинг Ховарон ноҳияси — ваф. 1187, Балх) машҳур форс шоири. Тус мадрасасида таҳсил кўрган. Илми нужум, хикмат, ҳандаса, фалсафа ва тиб илмларини пухта эгаллаган. Табиатан шўх ва озод фикр шоир 20 ёшларида Султон Санжарга қасида бағишлаган ва ҳукмрон томонидан саройга таклиф этилган. Маълум муддат Марв ва Нишопурда истиқомат қилган, ниҳоят 1154 й.да Балхга келган. Анварийнинг ҳажвиялари ғоят ўткир бўлиб, замона адолатсизликлари, зулмкорликлари ва ҳукмрон табақаларнинг ахлоқий тубанликларига қарши қаратилган эди. Анварийнинг донишмандлигига, маърифатга чорлашлари, ҳақиқатгўйлиги ва турмуш тарзига кўра ҳаким деб атаганлар. Анварининг қасиданависликнинг пайғамбари деб таърифлаганлар. Шоирнинг қаламига 250 та қасида, 337 та ғазал, 472 та рубоий, 557 та қитъа мансуб бўлиб, шеъриятининг умумий ҳажми 15000 байтни ташкил этади. Анварий девонидаги шеърларга Алавий Шодиободий (XVI аср) ва Абдулҳасан Фароҳоний (ХVII аср)лар томонидан шарҳлар битилган. Тожик олими Р.Ҳодизода 1972 й. да шоир девонини изоҳлар билан нашр этган.

56. Тарж.: Ўз истагимни Рай мулки билан қиёс қилганимда...

57. Алауддавла Мирзо— Шоҳрухнинг набираси, Бойсунғур Мирзонинг (ваф. 1433) ўғли. 1447—1448 й. ларда Хуросоннинг бир қисмини—Хирот атрофларини бошқарган.

58. Бу қасида матлаъининг биринчи мисраъида абжад ҳисоби билан 849 (1445— 46 йил) берилган; иккинчи мисраъидан ҳам худди шу таърих чиқади.

59. Абу Саид — темурийлардан. Султон Муҳаммаднинг ўғли. 1451 58 й. Ларда Мовароуннаҳр ҳокими, 1458-69 йилларда эса темурийлар давлатининг олий ҳукмдори; У ўзидан олдинги шоҳ Абдулқосим Бобурга нисбатан анча қаттиққўл, зулмкор эди. Навоий ва унинг тоғалари Мир Саид Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибийлар Ҳусайн Бойқаронинг Абу-Саидга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганлари учун уларга ғоят совуқ муносабатда бўлган Абу Саид илм ва санъат аҳлини қадрламаган ҳукмрон бўлгани учун ҳам муносабатларни яхшилашдан кўра Навоийга Ҳиротни тарк этиш осон туюлган ва у Самарқандга кетган эди. Навоийнинг Абу Саиддан норозилик туйғулари унинг “Маснавийси” — Саййид Ҳасан Ардашерга шеърий мактубида ўз аксини топган. Бу асарда Навоий ўзининг Хиротдан Самарқандга кетишини беихтиёр қилинган сафар, деб эътироф этади. Бобурда эса «Билмон, не жарима била Султон Абу Саид Мирзо Ҳиридин ихрож қилди», деган маълумот бор. Навоий Абу Саид 1469 йилда Эроннинг Ғарбий қисмларини ўзига бўйсундириш мақсадида юриш бошлаб, Озарбойжонда қатл этилгандан сўнг, Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтини эгаллагач, янги ҳукмдорнинг таклифи билан пойтахтга қайтади.

60. Абдуллатиф Мирзо (туғ. 1422—23, ваф. 1450)—темурийлардан. Мирзо Улуғбекнннг учинчи ўғли, Ҳиротда бобоси Шоҳрух Мирзо тарбиясида вояга етган. 1440 й: дан бошлаб ҳарбий юришларда қатнашган Абдуллатиф Улуғбекка қарши фитналарда иштирок этиб, охири 1449 й. да қўшин тортади ва Самарқанд беклари кўтарган исён сабабли Улуғбек пойтахтга қайтади. Абдуллатиф Дамашқ кентини ишғол қилади ва отаси, укаси Аблулазизни қатл эттириб Самарқандни эгаллайди. 1450 й. да Самарқанд шимолидаги Боғи майдон ёнида Улуғбек тарафдорлари томонидан ўлдириладн, Навоий асарнинг VII мажлисида Абдуллатиф ҳақида маълумот беради ва унинг табиатига хос бўлган васвасийлик ва шафқатсизликни кўрсатиб ўтади. Аммо «шеърни обдон айтур эрди», — деб ҳам таъкидлайди Навоий.

61. Тарж.: Йўқлик даштида у оғизни ўйлаб юрардим, у сабза мийиқ кўринади-ю йўлимнинг Хизри бўлди. Бу байтда шоир маҳбуба оғзининг ниҳоятда кичиклиги, мийиғидаги мўйчалар янги унган яшил сабзаларга ўхшашлиги ва у кўриниши билан қоронғуликдаги йўлида Хизр бўлиб туюлганини таърифлайди.

Хизр эса афсоналарга кўра, «оби ҳайвон» (тириклик суви)ни топган ва ундан ичиб, ҳамиша тирик юрадиган сирли кароматлар соҳиби. Бадиий адабиётда Хизр ғойибдан пайдо бўлиб, йўлдан адашганларга қўмак берувчи ҳам деб тасвирланади. Хизр яхшилик ва фаҳму идрок тимсоли ҳисобланади.

62. Тарж.: Гул, гул, дедим, май ичида рухсоринг ранги намоён бўлди, унинг ғунчаси табассум қилдию у гул олдида бошқа гуллар ҳеч бўлиб қолди.

63. Улуғбек Мирзо — Муҳаммад Тарағай (туғ. 1394, Султония —ваф. 1449, Самарқанд) буюк илми нужум ва риёзиёт олими, давлат арбоби. Темурнинг набираси, Шоҳрухнинг ўғли. 17 ёшида Мовароуннаҳр ва унга ёндош ўлкаларнинг ҳокими бўлган. 1447 йил Шоҳрух вафотидан кейин темурийлар давлатининг олий ҳукмдори бўлди. 1449 йил Улуғбек унинг сиёсатидан норози қучлар ва шаҳзода Абдуллатиф фитнаси натижасида шаҳид қилинади. Улуғбек даврида илм-фан, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, меъморчилик кенг ривожланади. Унинг ўзи аниқ фанлар қатори мусиқа илми ва адабиёт билан шуғулланган, шеърлар ҳам ёзган.

Навоий бу асаридан ташқари достонларида, жумладан “Фарҳод ва Ширин”да Улуғбек Мирзони фарах ҳамда ғурур билан тилга олади.

64. Тарж. Биз бахти қаро, ёмон кунга қолган ва юлдузи сўнган кишимиз; бутун умримизда бирор кеча ҳам мақсадимиз шамъи ёнмаган.

65. Тарж.: Менда шундай оғиз бўлишига қарамай, шеър айтайки, ундан сув чакиллаб турсин.

66. Тарж.: Эй гул гулюзлини кўришни менга манъ этувчи, дил ҳолатини билмайсан, мени кечиргил.

67. Тарж.: Аҳволим сирларидан биров огоҳ бўлишинн истамайман, йўқса, саҳар чоғида бир оҳ тортиб, бутун оламни куйдириб юбораман.

68. Жўги Мирзо — темурий шаҳзодалардан.

69. Тарж.: Юзинг меҳри (қуёши)дан тонг сингари совуқ дамлар ураман; бирор кун кўйингга етишим учун дил кўп саргардон қилди.

70. Хожа Салмон Жалолиддин Хожа Салмон Ибни Хожа Алоуддин Муҳаммад (туғ. 1310, Сова — ваф. 1376, ўша шаҳар) Салмон Соважий номи билан машҳур, форс шоири. Замоннинг аксар илмлари, жумладан адабиёт, риёзиёт, шеършунослик, тилшуносликни мукаммал эгаллаган. Шоир ўзининг «Қасидаи Маснуъ» номли ўта мураккаб, бир неча баҳр, турли-туман шеърий санъатлар қўлланилган мувашшаҳ (безатилган, зийнатланган, демакдир) тариқида ёзилган асари билан шуҳрат қозонган. Салмон Соважий “Куллиёт”и 16000 байтдан иборат. У ғазалларида Хожу Кирмони, Носир Бухорий, Ҳофиз Шерозий ва бошқа машҳур шоирлар анъанасини давом эттирган. Унинг “Жамшед ва Хуршед”, «Фироқнома» номли достонлари ҳам бор.

71. Тарж.: Сенинг қоматинг туфайли оламда қиёмат кўтарилди; Агар қиёмат рост бўлса, сенинг қаддингнинг ўзи бир қиёматдир.

72. Тарж.: Сиз — туз кони, биз шўрбахтмиз; худо бизга буни бердию сенга уни.

73. Тарж.: Ўлган пашша(лар) ошим юзидаги қайла; тирик бит(лар) ноним устидаги кунжутлар эди.

74. Тарж.: Покиза хилқатли подшоҳ мадҳида Сиймий бир кунда икки минг байт айтди ва ёзди.

75. Тарж.: Нозик маънодан холи шеър бутун умр бўйи бир қоралик бўлиб қолади (ёки бир қоралама бўлиб қолади).

76. Бойсунғур Мирзо (туғ. 1397, Ҳирот — ваф. 1434, ўша шаҳар) Темурнинг набираси, Шоҳрухнинг ўғли. Аввал Мозандарон, Астробод ва Жўржон ҳокими, кейин отасининг вазири бўлган. Бойсунғур Мирзо ғоят маърифатдўст шахс бўлиб, Ҳиротда жуда бой китобхона ташкил қилиб, котибу мусаввирлар, наққошу саҳҳофларни, заркор усталарни йиғиб, ижодларига мадад берган. Бойсунғур Мирзонинг ташаббуси ва иштироки билан Ҳиротдаги китобат санъати аҳллари ва матншунос олимлар Фирдавсий «Шоҳнома»сининг 40 та қўлёзма асосидаги мукаммал матнини яратганлар ва уни гўзал настаълиқ хатида кўчириб, нафис миниатюралар, наққошлик лавҳалари билан безаганлар. Ҳозирги кунда бу мўътабар ва нодир қўлёзма Теҳронда, «Кохи Гулистон» музейи фондида Навоийнинг табаррук дастхати («Наводир ун-ниҳоя» матни) билан бир ерда сақланади.

77. Тарж.: Қуёш каби юзингдан агар парда кўтарсанг, муштарий (сотиб олувчи, харидор маъносини ҳам англатади) сайёраси жону дил билан харидоринг бўлади.

78. Тарж.: Эй соқий, майга шу қадар ғарқ бўлдимки, агар тупроғимдан бирор гул униб чиқса, ундан май томиб туради.

79. Тарж.: Само шипидаги олтинсувоқ қуёш ғишти Султон Али Мусо Ризо мақбарасининг фарши (мақбарасига ётқизиш) учундир.

80. Тарж.: Эвоҳ! Лаъл (қип-қизил) лабингнинг ширинлиги менинг абадий ҳаётимдир; Лабни тишлаб, менинг жонимдан, нима истайсан?!

81. Тарж.: Гўзаллар, худо учун мен билан бўлинг; Худони биламан (айнан: менда худо бор), кейин сизларни.

82. Бобо Савдоий — «Мажолис ун-нафоис» таржимони Фахрий Ҳиротий бу шоирнинг вафот этган йилини 853 (1450—51) деб кўрсатади. Навоий ёзишича, шоир 80 дан ўтганда вафот этган бўлса, тахмин 773 (1372—1374) йилларда туғилган бўлади. Иккинчи таржимон Муҳаммад Қазвиний эса шоирнинг Бойсунғур Мирзо билан қилган ажониб ҳазл-мутойибаларини келтиради: Кунларнинг бирида томда икковлари суҳбатлашиб ўтирган эканлар, Мирзо сўрабди: Агар мени севсанг шу томдан ўзингни пастга ташла. Бобо Савдоий дарҳол туриб, тезлик билан том четига қараб югурибди ва етгач тўхтабди ва дебди: Мен Сизни то шу ергача яхши кўраман ва бас. Бу сўзлардан Мирзо ғоят завқланиб кулибди ва дебди: Агар менда айб кўрсанг айт, танбеҳ бер, токи мен уни тузатай. Шоир дебди: Сизда сусткашликдан бўлак айб йўқдир. Мирзо сўрабди: Қанақа сусткашлигим бор? Шоир жавоб қилибди: Бир оғиз сўз айтишда сусткашлик қиласиз. Агар менга бир минг олтин танга беришларини айтсангиз, мен бойиб қолардим. Мирзо кулиб, шоирга минг олтин танга бахшида қилган экан.

83. Тарж.: Холинг анбар, юзинг гул, мийиғинг райхондир; оғзинг ғунча, тишинг инжу, лабинг маржондир.

84. Амир Хусрав — Яминуддин Абдулҳасан Амир (туғ.1253, Патёли — ваф. 1325, Деҳли) шоир, адиб, мутафаккир, бастакор. Хусрав Деҳлавий номи билан машҳур. Отаси Сайфуддин Маҳмуд лочин қабиласидан бўлиб, мўғул истилоси арафасида Шаҳрисабздан Ҳиндистонга қочган. Жуда ёшликдан шеър ёза бошлаган, аввалига «Султоний» тахаллусини олган Хусрав Деҳлавий узоқ муддат Бангола ва Деҳли султонлари хизматида бўлган. Шоир классик шеъриятнинг барча жанр ва турларида ижод қилган. Урду ва араб тилларида ҳам шеър ёзган. У биринчи бўлиб шеърларини алоҳида номлар билан ҳаётининг турли фаслларига мослаб 5 та девонга ажратган. Низомий Ганжавийнинг «Панж Ганжи» (Беш хазина) жавобида 5 та достон ёзиб, «Хамса» деб атаган ва бу билан хамсачилик анъанасига асос солган. Шоир шунингдек бошқа достонлар, адабиёт илми, иншо санъати ва мусиқа назариясига оид ҳам асарлар яратган. Навоий Хусрав Деҳлавийни ҳар бир достони аввалида ўзининг мўътабар салафи сифатида таърифлайди ва унинг шеърнятдаги санъаткорлигини юксак баҳолайди, шеърларида ҳам шоирга пайравлик қилади. «Насойим ул-муҳаббат»да ҳам Хусравга алоҳида мақола бағишлайди. Унда шоирнинг Шайх Низомиддин авлиё хизматида бўлганлиги, Шайх шоирга Муҳаммад Косалес (коса яловчи, гадой) деб ном берганини ёзади. Навоий бу ерда Мавлоно Зоҳидийнинг Хусравнинг машҳур қасидаларидан бири «Дарёи аброр» (тақводорлар дарёси)га татаббуъ (ўхшатма) қилганини ёзади.

85. Тарж.: 3уҳрага чанг ёки рубобни ким берди; ё раб, тош орасидаги лаълга порлоқликни ким берди? Зуҳра — Чўлпон юлдузи (Венера). У Шарқда эрта тонгда, Ғарбда кечқурун порлаб кўрннадиган ёрқин юлдуз. Қадим юнонларда Зуҳра муҳаббат маъбудаси ҳисобланган. Зуҳрани Ноҳид ҳам деб аталади. Зуҳра гўзаллик, муҳаббат ҳамда мусиқа аҳли хомийси саналади.

86. Шайх Камол — Камолуддин Масъуд (туғ. тахминан 1318—23, Хўжанд — ваф. 1401, Табрез) Камол Хўжандий номи билан машхур. Шоир асосий таҳсилни Хўжандда, кейин Самарқандда олган. Хоразм ва Шош (Тошканд)да ҳам истиқомат қилган. Камол Хўжандий ниҳоятда билимдон шахс бўлган: адабиёт, араб тили, фиқҳ, ҳадис, калом, ҳикмат, тафсир ва тасаввуфни пухта билган. Ироқ ва Озарбайжои ҳокими Табрез атрофидан Волиёнкуҳ деган мавзеъни туҳфа қилгач, ўша ерда боғ барпо этган ва уни Беҳишт деб атаб, боғдорлик билан кун кечирган.

Навоий Камол Хўжандий ижодига катта ҳурмат билак қараган ва «Девоний Фоний» таркибидаги, ғазаллардан 4 тасини шу шоирга жавоб тарзида ёзган.

87. Тарж.: Қисмат куни (насиба тақсим этиладиган кун) зоҳиддан бошқа ҳар ким ўзига бахшида қилинган айшни олди; у эса не чоғлик машаққат чекмасин қуруқ қолди.

88. Тарж.: Тун каби қора зулфинг қуёшни (яъни гўзалнинг юзи) барига олган, тун қуёшга соя солганини ким кўрган?!

89. Тарж.: Ошиқлик кўчасида аҳди-паймони мустаҳкам бўлган бир аҳли дил (яъни, дилбар, дилдор) менга айтган эди: Сендан бошқани қидирган кишини талабгарликка ундама, сен шундай кишига талабгор бўлгилки, у ҳам сенга талабгор бўлсин.

90. Султон Бойқаро — темурийлардан. Султои Ҳусайн Бойқаронинг акаси. Инисига навкар эди. Бобурнинг ёзишича, «девон бошида ҳозир бўлмас эди, ғайри девонда бир тўшакта ўл турурлар эди. Иниси Балх вилоятини бериб эди. Неча йил Балхда ҳукумат қилди». (Бобирнома, Тошкент, ЎзФА нашр. 1960, 221-бет).

91. Тарж.: Сенинг ширин лабинг шакар идишига ўхшайди, тишинг инжуси гавҳар шодасига ўхшайди.

92. Тарж.: Жунун аҳллари сенинг тузоғингга илинган, шунинг учун Жунуний (ҳам) ўша халқа (ичида) асирдир. Бу ерда шоир ёр сочларининг узун ва жингалаклиги ва ошиқларнинг уларга дилбасталигини таърифлайди.

93. Тарж.: Эвоҳ! дард кўз қорасини хароб қилди; замона кўзим чашмасини сароб қилди.

94. Тарж. Кўзимнинг қизарган жиягига оқ дори суртиш худди кабобга майда туз сепишга ўхшайди.

95. Тарж.: Осмон гунбазида айландинг, майдондан майдонга тўп каби сакрадинг, терга пишган пайтингда ёмғир ёғиб, ўртада чақмоқ чақнагандек бўлар эди.

96. Тарж.: То паймонам тўлмаган дамгача майхонадан чиқмасликка аҳд қилдим.

97. Бобур Мирзо — Абулқосим Бобур. Темурийлардан, 1447—1457 йилларда Хуросонда ҳукмронлик қилган. Шоҳрух вафотидан кейин авж олиб кетган темурий шаҳзодаларнинг ўзаро курашларига бардош бера олмай шаҳарни ташлаб кетганлар Абулқосим тахтга ўтиргач, қайтиб кела бошлайдилар. Улар орасида Навоий оиласи ҳам бор эди, Шоирнинг отаси подшоҳ хизматига киради ва бир оз муддатдан сўнг Сабзавор хокими қилиб тайинланадн. Отаси вафотидан сўнг ёш Алишер ҳам подшоҳ саройига хизматга киради. Бу вақтда Ҳусайн Бойқаро ҳам Абулқосим Бобур хизматида эди. 1957 йилда Абулқосим Бобур Машҳадда вафот этган.

98. Тарж.: Ёдингда бўлсинки, сенинг кўчанг менинг манзилим эди; остонанг тупроғидан кўзим равшанлик топар эди.

99. Тарж. Ақл устоди учун ечилиши қийин бўлган нозик маъно, синаб кўрганимизда бир қултум май билан ҳал бўлар эди.

100. Тарж. Майнинг ҳаромлигини мадраса аҳлидан сўрай деб кимнинг эшигини қоқсам, (у ердагилар) бехуш ва аласт бўлиб ётган эди.

101. Меҳри — XV асрнинг биринчи ярмида Ҳиротда яшаган шоира. Меҳрининг эри Хожа Абдулазиз Шоҳрух Мирзонинг сарой табиби бўлган, Меҳри софдил, равшанфикр, истеъдодли, ширинсухан ва ҳозиржавоб бўлгани учун малика Гавҳаршодбегимнинг яқин суҳбатдоши — надимаси экан. Тазкираларда қарийб бир овоздан Меҳрининг ниҳоятда гўзал бўлганлиги кайд қилинади. Шоиранинг бизгача етиб келган шеърлари у ёки бу ҳаётий воқеалар муносабати билан бадиҳона айтилгандир. Меҳри фитна-фужурлар боис бирмунча муддат Шоҳрух томонидан зиндонбанд қилинади. Лекин зиндонда туриб яратган исёнкорона шеърлари уни халос бўлишида мухим роль ўйнайди. Навоий келтирган икки байт тазкираларда берилишича, Меҳри қаламига мансубдир. Шоира шеърларида, дадил айтилган фикрлар, аниқ ҳис-туйғулар, аламли армонлар гўзал бадиий образ ва воситаларда баён этилади.

102. «Валлоху аълам» арабча: Оллоҳ билувчидир.

103. Тарж.: Унинг жамолисиз кўз равшанлиғининг менга нима кераги бор?! Кўзимга равшанлнк ёр дийдоридан ҳосил бўлади.

104. Тарж.: Тўсатдан (унга) тўқнаш келган соатимдан дод! (Энди) қайтадан дилим жойига келиши учун бир қанча муддат керак бўлади.

105. Тарж.: Мени бир жафо билан ўлдириб, пушаймон бўлгандирсан, юрагим қонини тўкиб, хафа бўлгандирсан.

106. Тарж.: Йўлнинг узоқлиги ва Муғайлон тиканлари машаққатидан Каъбага келаётганингдан пушаймон бўлгандирсан.

107. Султон Масъуд Мирзо— темурийлардан. Абу Саид Мирзонинг набираси, Султон Маҳмуднинг тўнғич ўғли. Феодал урушлар оқибатида, Бобурнинг хабар беришича, Қундуз ҳукмрони Хусравшоҳ Масъуд Мирзо кўзларига мил тортиб кўр қилади. «Шоҳий» тахаллусида шеърлар ёзган.

108. Тарж.: Зайн билан бирга бўлсанг сени ножинслар-ла юришдан манъ қилади. (Сен) Шундай бегонасанки, ўз ғамингни чекмайсан.

109. Ҳазрати Мавлавий Махдуми Нуран — Абдураҳмон Жомий кўзда тутилади.

110. Тарж.: Бу майни сансиз лабимга олиб борар эканман, буни шодхуррам бўлиш учун қилмаймаи; Сенинг қора зулфинг кунимни қора қилди, ўз қора кунимни кечага айлантираман.

111. Саъдиддин Кошғарий (ваф. 1457, Ҳирот)—Навоийнинг «Хамсат ул-мутаҳаййирин»ида ёзишича, «Нақшбандия» хожаларн силсиласининг, ул замонда комил ва мукаммал муршид ва халифаси эрди. Абдураҳмон Жомийнинг қайнатаси бўлган.

112. Мир Шоҳий — Амир Оқмалик Ибни Малик Жамолуддин Ферузкуҳий, тахаллуси Мир (амир) Шоҳий (туғ, 1385, Сабзавор — ваф. 1453, Астробод). Шоир хаттот, наққош, мусиқачи. Мир Шоҳийнинг аждодлари мўғул истилочиларига қарши деҳқонлар ва ҳунармандларнинг халқ ҳаракати сарбадорларнинг етакчилари бўлганлар. Бу ҳаракатга барҳам берилгач, Мир Шоҳий Бойсунғур Мирзо саройидаги хизматни тарк этиб Сабзаворга қайтади ва деҳқончилик билан шуғулланади. Давлатшоҳ Самарқандий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар бу шоир шахсияти ва ижодига юксак баҳо берганлар. Навоийнинг эътироф этишича, у Мир Шоҳийни кўрмаган. Лекин ораларида ёзишмалар бўлиб турган. Шоирнинг наъши Астрободдан Сабзаворга келтирилиб дафн этилган.

113. Тарж.: Раҳмсиз кўнгил туфайли хароб бўлдик, гоҳ-гоҳ бизни эслаб тургил; Кўчанг итларимиз, бир тош [отиб] охирда бизни шод этгил. 114. Тарж.: Сен жаҳон подшоҳисан, биз шаҳрингнинг ғарибимиз.

Сенинг учун ватандан кечган бехонумонлармиз.

115.: Тарж.: Эй Сабзавор, кўз ёшим ва оҳим билан остин-устин бўл! Чунки шоҳ шаҳри шоҳсиз (яъни, Шоҳийсиз) қолса, ҳеч нарсага ярамайди.

116. Тарж.: Соқий агар гул фаслида май бермаса, менинг қўлим соқий этагида ва гул оёғида бўлади.

117. Тарж.: Умр ўтдию мен майдан кеча олмайман, чунки бу хароба оламдан мен маст кетмоқчиман.

118. Тарж.: Ёрим ноз-карашмадан ўқ, қошдан камон тортди, гўзал юзидан неки келса торта берди.

119. Тарж.: Юзинг (қаршисида) кумушдан сўз очиб бўлмайди, қўрқувдан уни ўпиб бўлмайди.

Иккинчи Мажлис

1. 896 (1490—91 й.)

2. Шарафиддин Али Яздий (туғилган йили номаълум, Язд яқинида, Тафт — ваф. 1454, ўша ер) — Шоҳруҳ Мирзо ва унинг ўғли форс ҳокими Иброҳим Султон саройида хизмат қилган. 1429 й. Шоҳрух уни саройга даъват этиб Улуғбек Мирзога мураббий қилиб тайинлаган. Олим «Зафарнома» асарини ана шу адабиёт, тарихнинг билимдони Иброҳим Султон номи билан боғлайди. Бу асар Темур шажараси, туркий қабилалар тарихи ва Чингизхоннинг тўрт улусини умумий тарзда баён этувчи биринчи қисм ва Темур тарихини ёритувта асосий қисмга бўлинади.

Шарафиддин Али Яздий «Шараф» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. «Зафарнома» 1969 йилда А.Ўринбоевнннг сўз боши, изоҳ ва кўрсаткичлар билан тайёрлаган нашри, А.К.Арендс таҳрири ва кириш сўзи ила босилиб чиққан.

3. «Асмоуллоҳ» — (Оллоҳнинг исмлари) Шайх Муҳаммад Тободгоний қаламига мансуб Аллоҳнинг 99 муборак исми ва уларни зикр этишнинг фазилатлари ҳақидаги асар. Унга жуда кўп шарҳлар яратилган.

4. «Ҳулал» — «Ҳулали мутарраз» (гул тикилган ипакли мато).

Бу асар муаммони тузиш, уни ечиш йўлларидан баҳс этувчи назарий асардир. Муаммога бағишланган биринчи шу тарздаги асар 1392 йилда ёзилган «Иҳъё фил илми ҳалл ал-муаммо» (Муаммони ечиш илмининг жонлантирилиши) деб аталган ва Бадиъ Табризий деган тожир қаламига

мансуб бўлган.

5. Тарж.: Эй суфий, майпараст риндларни инкор этма, чунки пиёлада дўст аксининг шуъласи бордир.

6. Тарж.: Жамолинг боғидан кўз ва жонга зебу-зийнат етишди.

Наргис гулига кўзинг билан ғурурланиш аниқ фарз бўлиб қолди.

7. Тарж.: Эй кўнгил, шод бўл, подшоҳлик осмонининг қуёши Султон Ҳусайн бизга меҳрибонлик соясини солди. Бу арабча шеър мазмуни очилмади.

8. Маклуби муставий —шеърий санъат. Бирор жумла ёки бирор мисраъ шеърни ўнгдан ҳам, чапдан ҳам бир хил ўқиладиган қилиб тузилади. Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс.

10. Мурод дором (муродим бор) ва — барояд ёраб (Илоҳо етилгуси) сўзлари ҳар икки тарафдан бир хил ўқилади.

11. Абу Ҳанифа (815—895) — адиб ва тарихчи, жуғрофия, илми нужум, риёзиёт ва табиат фанларининг пухта билимдони бўлган. «Китоб уш-шеър ва аш-шуаро» (Шеър ва шоирлар ҳақида китоб), «Китоб ул-фасоҳат» (Чиройли услуб ҳақида китоб) каби асарлари адабиёт илмида ноёб саналган.

12. Ибн Ҳожиб — Жамолиддин Абу Амр Усмон Ибн Умар ибн Ҳожиб (1175—1249) араб тили бўйича машҳур олим. Унинг наҳв— синтаксисга бағишланган «Ал-қофия» ва марфологияга оид «Ал-шофия» дарсликлари асрлар мобайнида мадрасаларда асосий қўлланма бўлган.

13. Сайид Шариф — Али ибн Муҳаммад ас-Саййид аш-Шариф ал-Журжоний (туғ. 1339, Астробод — ваф. 1413, Шероз) Шероз мадрасасида ва Самарқандда мударрислик қилган. Фалсафа, илми нужум ва фиқҳга оид асарларга шарҳлар ёзган. Унинг атамалар луғати ва шеърият сирларига оид асарлари кенг тарқалган.

14. Тарж.: Сенинг сарв каби қаддинг менинг учун жондир, балки равондир. Эй сарв, мен томонга равон бўл, сенга жонимни фидо айлай.

15. Муҳаммад Табодгоний — машҳур шайхлардан. Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида бу шайхнинг фазилатлари ҳақида ёзади ва асарларини санаб ўтади. («Мажолисда» берилганлардан ташқари «Асмоуллоҳ» (Оллоҳнинг исмлари), «Тазкират ул-ҳабиб» (Дўстнинг тазкираси) ва «Васоё» (Васиятлар), зикр бобида «Арбаъин» (Қирқ) ва фақр ва сулук (худога яқинлашиш йўли) яна бир «Арбаъин»). Навоий ўзига Муҳаммад Табодгонийнинг алоҳида илтифоти бўлганлигини эътироф қилади. Шайх 891/1482—83 й.да Ҳиротдаги Чилгазий маҳалласида вафот этган. жумласи билан унинг вафотига таърих туширилган экан. Абжад ҳисобида ундаги ҳарфлар йиғиндисидан 891 рақами келиб чиқади. Шайх 87 ёшда вафот этган экан, демак у 804 (1401—1402) й. да таваллуд топган.

16. Шайх Зайниддин (Абу Бакр) машҳур шайхлардан, илоҳиёт илмида донг таратган. Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да ёзишича, Машҳад зиёрати Тусдаги муқаддас мозорлар тавофига мушарраф бўлган, 791 (1388—89) йилда вафот этган.

17. Ҳожа Абдуллоҳ Ансорий — Абу Исмоил Абдуллоҳ ибни Абу Мансур Муҳаммад (туғ. 1006, Ҳирот, Қуҳандижи — ваф. 1088 Ҳирот, Козургоҳ). Шоир, олим, тасаввуф назариётчиси, фақиҳ. «Пири Ҳирот» лақаби билан ҳам машҳур. Балх, Нишопур, Тус, Бистомда яшаган. «Илоҳийнома» (Муножот» ҳам деб аталади), «Ганжнома», «Сад майдон» (Юз майдон), «Насоеҳ» (Насиҳатлар), «Табақот ус-суфия» (Суфий табақалар) ва бошқа кўп асарлар Абдуллоҳ Ансорий қаламига мансубдир. Унга 3 та девонни ҳам нисбат берадилар. Лекин мутахассисларнинг тадқиқига кўра уларда турли сўз санъаткорларининг шеърлари жамланган.

18. «Манозил ус-сойирин» (Кезувчилар манзиллари) — Абдуллоҳ Ансорийнинг машҳур асарларидан бири. Бу номда муаллифнинг 2 асари маълум: бири араб, иккинчиси форс тилида. 1082 йилда ёзилган ва кейинчалик унга жуда кўп тасаввуф билимдонлари томонидан шарҳлар битилган.

Асарнинг бадиий қийматларидан бири шундаки, унда дидактик достонлар яратиш учун замин ҳозирланган, насрдаги сажъ санъатининг юксак намуналари берилган. Бу асар 1898 йил Теҳронда тош босмада, 1953 йил Қоҳирада нашр этилган.

19. Тарж.: Сарвдек қоматингдан бошқа [нарса]га қарайдиганлар, ростини айтилса ҳаммалари паст назардирлар.

20. «Фусус» — Ибн ал-Арабийнинг «Фусус ал-ҳикам» (Ҳикматлар тошлари) асари. Пайғамбарлик бурч-уҳдалари ҳақида ғоят мураккаб имо-ишоралар ва мажозларга тўла араб тилида ёзилган.

21. Тарж.: Эй воҳ, сенинг юзингдан кўзларимга нур келади: жамолингдан ҳамиша ёмон кўз йироқ бўлсин!

22. Имом Фахр — Фахриддин Розий, машҳур суфийлардан. Қазвиний «Мажолис»га қўшган VIII мажлисда Фахриддин Рофеъий деган машҳур авлиё дунёга келганида Имом Фахр унинг оғзига ўз сўлагини томизган экан ва бунинг баракатидан Рофеъий комил олим бўлиб етишган, деб ёзади.

23. Тарж.: Ул ойнинг лаб ва тишлари нимага ўхшайди? Худди қанд дона-дона гуруч устида турганига (ўхшайди).

24. Тарж.: Шоҳга шоҳнинг ўзидан бошқа маҳрам йўқ; шоҳ аҳволидан шоҳдан бошқа огоҳ йўқ.

25. Тарж.: Ўлим балоси ва қиёмат қайғуси қоматимиз дарахтини чанбардек эгиб қўйди.

26. Тарж.: Халқ Муфлисий девона бўлибди, дейди. Ахир девоналикнинг ўзи муфлис (фақир)ликданку!

27. Тарж.: Ёрнинг ўқи дилларга етилишидан рашким келади.

Ўқинг бошқага тегдию менинг дилимга таъсир қилди.

28. Мавлоно Абдураззоқ — Камолиддин Абдураззоқ Ибни Жамолиддин Исҳоқ Самарқандий (1413—1482, Ҳирот). Тарихчи олим, сайёҳ, шеърият билан ҳам шуғулланган. Ўзи Ҳиротда туғилган эсада, отаси самарқандлик, бўлгани учун ва ўзи ҳам шу шаҳарда бир неча муддат яшагани сабабли «Абдураззоқ Самарқандий» номи билан кенг танилган. У тафсир, ҳадис, тил ва адабиёт илмларидан пухта хабардор бўлган. Шоҳрух, Абдулқосим Бобурлар хизматида бўлган. Абдулқосим Бобурнинг ҳарбий юришларида қатнашган. Абдураззоқ Самарқандийнинг Навоий тилга олган ва таъриф қилган тарихий асари. “Матлаъ ус-саъдайи ва мажмаъ ул-баҳрайн” (Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиши)дир, Унда Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон ва Озарбайжонда мавжуд бўлған сиёсий аҳволга, темурийлар давлати пойтахтлари Самарқанд, Ҳиротдаги маданий қурилишлар, Улуғбек Мирзонинг илмий ва сиёсий фаолиятига оид қимматли маълумотлар мавжуд. Бу асарнииг иккинчи жилдининг биринчи қисми шарқшунос олим А.Ўринбоев томонидан 1960 йил ўзбек тилига таржима қилинди ва муфассал сўз боши ҳамда изоҳлар билан нашр қилинди.

29. Тарж.: Менинг мерган гўзалим яна қошларини чимирди, бутун оламни ўлдирди-ю энди менга ўқ отмоқчи бўлади.

30. Тарж.: Эгнингдаги нозик кўйлакни шамолдан ҳилпиллаши, янги давлатга етишган кишининг кумуш устида титрашига ўхшайди.

31. Тарж.: Менинг сарвим найшакардек ёш ниҳол ширин ва хўшқоматдир, найнинг барг кийимлари устидан камар боғлаганидек бели боғлидир.

32. Тарж.: Гарчи ақл кўзида етти иқлим олтин хазина бўлиб [кўринсада], агар яхшироқ қарасанг, етти бошли аждаҳодир.

33. Тарж.: Жаҳон боғи олти тоқли, икки эшикли хонадир. Унинг тўрт томонидан «алҳазар!» (Ҳазар қил! Сақлан! Сақлан!) деган фиғон эшитилади.

34. Тарж.: Майхонанинг бурчаги қуйиладиган лаъллардан (яъни, қизил майдан) сафо хазинасига айланган. Ундаги чангнинг шакли ғамни дафъ қилувчи аждаҳо оғзига ўхшайди.

35. сўзидан «абжад» ҳисобида 816/1461— 62 йил келиб чиқади.

36. Тарж.: Боғ сайрига, бинафшазорни айланишга чиқдим. Ҳар бир бннафшадан ёрим сочларининг иси келарди.

37. «Мажолис» таржимони Фахрий Ҳиротий Соғарий шеъриятидан яна бир байтни келтиради:

То шунидамки тавон лаъли туро жон гуфтан,
Оташе дар дилам уфтодки, натвон гуфтан.

Тарж.: Сенинг лаъл (лабларингни) жон деб атаганларни эшитдим дегунча, дилимга [шундай] бир оташ тушадики айтиб бўлмайди.

Навоий Жомий ҳақидаги «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида Жомийнинг Соғарий билан ҳазл-мутойиба қилиши ҳақида мароқли бир лавҳа келтиради. Бир куни Соғарий Жомий хузурида ўзининг бир шеърини дабдаба ва баланд овозда ўқийди. Навоий унинг ўқишини таъриф қилади. Жомий кулиб: «Бизга мундоқ бозий берур» (яъни: бизни шундай алдайди), —дейди ва қуйидаги қитъани айтади:

Соғарий мегуфт: дуздони маони бурлаанд
Ҳар кужо дар шеъри ман як маънни хуш дидааид,
Дидам аксар шеърхояшро яке маъни надошт,
Рост гуфтастки, маънихошро дуздидаанд.

Тарж.: Соғарий айтар эди: Маъно ўғрилари ҳар қаерда менинг шеъримдаги яхши бир маъно кўрсалар [уларни] олиб кетганлар. Мен аксар шеърларида маъно йўқлигинн кўрдим. «Уларнинг маъноларини ўғирлаб кетганлар» деб рост айтган экан.

Шу лавҳада келтирилишича, Навоий унинг бир байтига Соғарий жавоб ёзганда Навоий унда нуқсонни кўрсатиб беради. Шоир, ҳечқиси йўқ, Жомий шундай эътироз билдирдилар, дейди.

38. Амир Суҳайлий — Низомиддин Аҳмад (1444—1502). Амир Шайхам номи билан машҳур шоир. Давлатшоҳ Самарқандий маълумотига кўра Шайх Озарий (қаранг: шу китоб 214-б. 11-изоҳ) шогирди бўлган ва устози тавсияси билан Суҳайлий (ёруғ юлдуз, демакдир) тахаллусини олган. Суҳайлий ўзбек тилида ҳам ёзган. Давлатшоҳ шоирнинг туркий девони борлигини хабар қилади. Унинг Хусрав Деҳлавийнинг «Дарёйи аброр» (Тақводорлар дарёси), Жомийнинг «Лужжат ул-асрор» (Сирлар тўплами), Навоийнинг «Туҳфат ул-афкор» (Фикрлар туҳфаси) асарларига жавоблари бор. Навоий бу шоир билан қалин дўст бўлган ва уни «Ёри-азиз» деб ардоқлаган. «Девоний Фоний»да унга татаббуълари ўрин олган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»да Суҳайлийнинг: Шаби ғам гирдбоди оҳам аз жо бурд гардунро, Фурў бурд аждаҳои сайли ашкам рубъи маскунро.

Тарж.: Ғам тунида оҳим тўфони осмонни жойидан суриб ташлади. Кўз ёшлари селининг аждаҳоси ер юзининг [инсон яшайдиган қисмини] ютиб юборди. Бу шеър тимсолида Навоий шоир шеъриятидаги бадиий образларнинг ўзига хослиги ҳақида фикр билдиради ва шу шеърни шоир Жомий ҳузурида ўқиб берганида, у шундай деганини келтиради: «Мирзо, шеър айтасиз ё одам қўрқутасиз?». Ўша вақтларда буўндай гўзал зарофат, мутойибалар халқ орасида тез тарқалиб кетар эди. Суҳайлийнинг форсий девони Тожикистонда Шарқшунослик институтида, «Лайли ва Мажнун» достони эса Бодлеан ра Оксфорд китобхоналарида сақланади.

39. Тарж.: Вайсий ва Соғарий икковлари Ҳарам (Макка)га сафар қилмоқчи бўлдилар. Лекин у бири эшаги йўқлигидан ва буниси эшаклигидан у йўлдан қолдилар.

40. Тарж.: Менинг кўзим инжулари [ёшлари] билан баҳор булути бирдай. Менинг нолаю зорим билан булбул навоси бирдай.

41. Ҳазрат Шайх — Абу Муҳаммад Илёс ибни Юсуф ибни Закий Муайид (туғ. 1141, Ганжа — ваф. 1209, ўша ерда) Низомий Ганжавий номи билан машҳур шоир. Биринчи марта беш достондан иборат «Панж Ганж» (Беш хазина) номи остида «Хамса» яратган; «Махзан ул-асрор» (Сирлар хазинаси), «Хусрав ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар» (Етти гўзал) ва «Искандарнома». Охирги достон «Шарафнома» ва «Иқболнома» номли икки қисмдан иборат.

Давлатшоҳ Самарқандий Низомийни соҳиби девон шоир деб таърифлайди ва унинг ҳажми 20 минг байтдан иборат деб ёзади. Эрон олимлари чоп этган шоир лирикасида 16 қасида, 192 ғазал, 5 қитъа, 68 рубоий ва 17 фард жамланган.

Низомийдан кейин унинг достонларига жавоб ёзиш анъанаси бошланган. Навоий ҳам туркийда «Хамса» яратади, ундаги ҳар бир достонда Низомийни ўзининг буюк устоди сифатида тилга олади. «Насойим ул-муҳаббат»да Низомийни буюк шайхлар сирасида келтиради ва шоир достонларидаги «Назмлар агарчи зоҳир юзидан афсонадур, аммо ҳақиқат юзидин ҳақойиқ (ҳақиқатлар) кашфи ва маориф баёниға баҳонадур» деб таърифлайди. Бу ерда Навоий Фасиҳ Румийнинг Низомий Ганжавийнинг «Махзан ул-асрор»ига жавоб ёзгани ҳақида маълумот беради.

42. Тарж.: Сендан кимдир эшитган ҳар бир нафасни [сўзни] шаксиз ундан ўзга ҳам эшитади.

43: Тарж.: Ёр васли кўйида кўп югурдим, [аммо] ишнинг ҳақиқати билан таниш бўлган ҳеч кимни кўрмадим.

44. Тарсеъ санъати — бадиий санъатлардан. Шеърда биринчи мисраъ сўзлари билан иккинчи мисраъ сўзларининг бир-бирига оҳангдош, вазндош ва қофиядош бўлиб келишидир.

45. Тарж.: Ўзни зарра қадар [ҳам] мавжуд деб билмаслик, керак. Яхши-ёмон сўзни кўп айтмаслик керак. Мақбул бўлмайдиган [нарса] ижод эмас, нимаики қабул қилинар экан рад қилиб бўлмас.

46. Жомийнинг «Нафахот ул-унс» (Дўстликнинг ҳуш ислари) асари 1475—1476 йилда ёзилган. 609 нафар тасаввуф илми намояндалари ҳақида маълумот берилади. Мансур Халлож, Абусаид Абулхайр, Али Ҳамадоний, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозийлар шулар жумласидандир.

Навоий бу асарни туркийга “Насойим ул-муҳаббат” номи остида таржима қилган ва бунда анчайин эркин йўл тутган. Кўп янгиликлар киритган, жумладан туркий машойихлар ҳақида маълумотлар берган.

47. Шайх Фаридиддин Аттор Фаридиддин Абуҳамид Муҳаммад ибни Абубакр, Иброҳим Нишопурий (туғ. 1145, Нишолур— ваф. 1221, ўша ер) шоир, мутафаккир. Отаси табиб ва аттор бўлгани учун тахаллуси Аттордир. Баъзи манбаларда шоир «Фарид» тахаллуси билан шеърлар ёзгани қайд этилади. Аттор адабиёт, калом, ҳикмат, дин илмлари (тафсир, хадис фиқҳ)ни, шунингдек, тиббиёт ва доришуносликни пухта билган. Тазкираларда Аттор асарлари адади 190 деб кўрсатилади. Шоирнинг «Мантиқ ут-тайр» (Қуш сўзи) асари машхур бўлиб, Навоий уни болалигида севиб ўқиган, ҳатто ёдлаб олған. Умрининг охирларида, 1499 йилда унга жавобан «Лисон ут-тайр» (Қуш тили) асарини ёзган.

Бу ерда Навоий Ҳофиз Али Жомий Атторнинг бир қасидасига шарҳ ёзгани ҳақида маълумот беради. Манбалар Аттор қаламига 100 қасида мансуб деб хабар қилади.

«Насойим ул-муҳаббат»да Навоий Аттор «Тазкират ул-авлиё»нинг муаллифи эканидан сўз бошлайди. Ҳофиз Али Жомий шарҳ ёзган Аттор қасидаси 26 байтдан ортиқ эканини ва шарҳнинг баъзи мазмунини беради. Мақола сўнггида Навоий Атторнинг 104 ёшга етиб, 627 (1229-1230) й. да шаҳид бўлганини ва мазори Нишопурда эканини баён этади. Тожик дарсликларида эса бу сана 1220 -1221 й. деб кўрсатилади.

48. Тарж.: Сен юзингни беркитиб бозорга келдинг; халқни бу тилсимга гирифтор қилдинг.

49. Шайх Баҳовиддин Умар (ваф. 875 (1470—71), Ҳирот) — машҳур шайхлардан. Хондамир «Ҳабиб ус-сияр» (Дўстларнинг хислатлари) асарида хабар қилишича, Шоҳрух Мирзо замонида мўътабар алломалардан Саъдуддин Қошғарий, Шамсиддин Муҳаммад Асад, Хожа Зайниддин Жомий ва бошқалар ҳамроҳлигида ҳаж сафарида бўлган. Ҳиротда Ийдгоҳ шимолида дафн этилган. Абулқосим Бобур мирзо унинг мазори устига олий мақбара қурдирган.

50. Хожа Абу Наср Порсо — олим, файласуф, Нақшбандия тариқатининг машҳур олими Муҳаммад Порсонинг ўғли.

51. «Мажолис» таржимони Муҳаммад Қазвиний Навоийнинг бу сўзларини таржима қилар экан, худди шундай таърихли қасидани Навоий вафотига унинг яқин дўстларидан Соҳиб Доро ёзганлигини илова қилади ва ҳар байтнинг биринчи мисраидан «абжад» ҳисобида шоирнинг туғилган йили ва иккинчи мисраидан вафоти санаси чиқадиган қасидадан биринчи байтини келтиради.

52. «Бу ишлар башар савҳидин ташқари учун ани дерлар эрдиким, Аторудни истихрож қилибдур». Бу ерда Навоий шоирнинг таърихли қасидасининг юксак таърифини бериб, унинг иқтидорига қойил қолганини билдиради ва замондошларини шоир, ёзувчилар ҳомийси, Аторуд, (Меркурий) ақл, истеъдод қудратининг рамзи саналган сайёрасини гўё у кашфэтган, деган муболағали эътирофни келтиради.

53. Муҳаммад Қазвиний Саййид Камол 99 йил яшади, деб маълумот беради.

54. Тарж.: Эй (гўзал), жон кўзига равшанлик сенинг юзинг нуридандир. Сенинг қаддинг сарвни ерга ўтказиб қўйган.

55. Тарж.: Саодат шуълали ул шамъдан жаҳонга янгидан равшанлик етишади, деб умид қиламиз. Бу байт Хондамирнннг «Ҳабиб ус-сияр»да ёзишича, Абу Саид билан Ҳусайн Бойқаро ораларидаги мухолифат пайтида ёзилган. Байт маъносини Абу Саидга етказганларида шоирни пинҳона (қатл этишни буюрган. Навоийнинг юқоридаги уни ҳалок қилишганида бир жойга кўмиш учун сўнгакларини ҳам топиша олмади мазмунидаги сўзларини Хондамир маълумоти билан боғлаб тушунмоқ мумкин бўлади.

56. Ҳазрат Шайх Абусаид Абулхайр оти Фазлуллоҳ, машҳурдин арбоби, олим. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, тариқат илми, араб тили ва адабиётида комил билимга эга бўлган. Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё асарида келтирилишича, Абусаиднинг отаси Абулхайр аттор бўлган ва Султон Маҳмуд Ғазнавий яқинларидан саналар экан. У бир сарой бино қилиб, деворларига Султон, унинг лашкарлари расмини чиздирган экан. Ёш бола бўлган Абусаид ўз хонаси деворига «Аллоҳ» сўзини ёзиб чиққач, отасига кўрсатибди. Отаси «Буни нега ёздинг? дебди. Шунда бола: «Сен ўз Султонингнинг номини ёздинг, мен ўз Султонимнинг» деб жавоб берибди. Шу аснодан бошлаб, ота сарой деворидаги нақшларни ўчиртириб ташлаб, фарзандининг таълим-тарбияси билан машғул бўла бошлаган экан.

57. Тарж.: Сенинг ой юзингдан жон ойнаси ясаганлар ва у ойнага жонни телмуртириб қўйганлар.

58. Шоир Камол Хўжандий (қаранг: ушбу китоб, 225-б. 86-изоҳ) кўзда тутилади.

59. Тарж.: «Кўзингга айт, бизнинг юзимиз хаёлидан бошқа ҳеч бир суратни назарига келтирмасин», деди. Мен «кўзим устига» (яъни, жоним билан), дедим.

60. Тарж.: Биз сенинг савдойингда жону бошдан кечишни истаймиз. Ҳар дамда жон комини лаъл-лабларингдан шакарга тўлдирмоқчимиз.

61. Тарж.: Оташин лаълингдан гулнор юракка ўт тушган, эй маккор санам, сенинг кўнгил элтишдан бўлак ишинг йўқ.

62. Тарж.: Бутун еру кўкда бўлган ҳайқириқларнинг бошланишида «жоним худога» деган овоз чиқар эди.

63. Тарж.: Эй айрилиқда қолган, сен ўз дўстларингдан узоқдасан, биз бу шаҳарда шундай ҳолдамиз, сен эса бошқаларнинг шаҳрида [юрасан].

64. Тарж.: Ховар саҳроси бизнинг қўлимизни гулнинг этагидан тортиб олди. [Энди] қиёмат саҳросида бизнинг қўлимиз саҳро этагида бўлади.

65. Тарж.: Тонг уфқдан оқ байроғини чиқаргинда, оҳим осмон чўққисига туғ тикади. (Яна бир байти:) Худога шукрки, Ҳирот [шаҳри]нинг қозисиман, инсонлар аторидаман, эшак эмасман.

66. Тарж.: Агарчи шаҳр вақфларини бутунлай совурган эсада, худо хайрини берсинки, шу бинони қурди.

67. Кичик Мирзо — Мирзо Муҳаммад Султон, темурийлардан. Шеърият билан ҳам машғул бўлган. Хусайн Бойқаронинг опаси Окобегимнинг ўғли. Тоғаси хизматида бўлган. Навоий Кичик Мирзога ушбу асарнинг еттинчи мажлисида алоҳида мақола бағишлайди.

Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» (Яхши хулқлар)ида хабар берилишича, Навоий ташаббуси билан унинг маблағига Марв шаҳрида «Хусравия» номли мадраса бино қилинганида унинг биринчи ғиштини Кичик Мирзо қўйган эди. Бино битганда (подшоҳлик демакдир) сўзидан «абжад» ҳисоби билан бинонинг қурилиш таърихи, 881 (1476—1477) й. чиқарилган эди.

68. Мавлоно Жаъфар Ҳирот хаттотлик мактаби намояндаларидан настаълиқ хатида донг таратган.

69. Тарж.: Эй ҳар гўзалнинг чеҳрасини очувчи, сенинг номинг ҳар бир беморнинг шифосидир.

70. Тарж.: Соянг ҳар жойга тушса, ўша ердан гул ўниб чиқади, ёлгиз гул эмас, бошдан-оёқ гулу шакар унади.

71. Тарж.: Яна ҳайит келди, эй жоним, кел қурбонинг бўлай, сўйилган қўйнинг кўзидек ҳайронинг бўлай.

72. Тарж.: Сенсиз йиғи орасида ухлаб қолсам, тушимда ўзимни сув оқизиб кетаётган кўраман.

73. Тарж.: Сенга муштоқман ва узоқдаман, жон қийновчи ғамим шундандир. Ортиқ муштоқ кишилар узоқроқда бўладилар, оҳ[лар] тортишим шундандир.

74. Тарж.: Агар бошимга минглаб бало келадиган бўлса, шунга сазоворман. Халқнинг энг ёмониману [лекин) ўзимни яхши деб биламан.

75 «Ихлосия» мадрасаси —Ҳиротда Навоий ўзи қурдирган мадраса. Бу зеб-зийнатли бино Ҳиротнинг Инжил дарёчаси сохилида қад кўтарган ва Навоий «бу мадрасағаким, хулуси (самимий) ихлосдин ясалди «Ихлосия» от қўюлди», деб ёзган эди.

76. Тарж. Бу гавҳарларни кўм-кўк дарёда етиштирганлар, кўргилки бу машъаллардан ёлқинли қуёш пайдо қилганлар.

77. Тарж.: Ёрнинг лаьли (лаби)дан бир бўса олдим. [Бундан] ҳаёт топдим, жон олдим.

78. Тарж.: Санавбар (дарахти) сенинг қаддинг хизматкорлигидан ажралгандан бери сочи тўзиган девона бўлиб қолди.

79 Тарж.: Ишим яхши бўлмай, ёмон бўлганига хафа эмасман, бўлса бўлар, бўлмаса бўлмас, охири нима бўлар экан?

80. «Бард» сўзи «совуқ» маъносинн англатадн. Афтидан бу шоир табиатан совук, қўпол сўз бўлган бўлса керак.

81. Тарж.: Шоҳ Абулқосим даврида Султон Али Мусо Ризо [шаҳид бўлган] Машҳад жаннатдан ҳам ёқимли булди.

82. Тарж.: Сенинг мушк ҳидли кокилинг ҳар бир дил учун ўзгача бир банддир. Сочингнннг ҳар бир толаси жон риштасига ўзгача бир пайванддир.

83. Тарж.: Итинг олдига ҳар дамда алоҳида парчалар ташлаб турмоқ учун кўнгил қушининг патини юлиб, кўксини қовурдим.

84. Тарж.: Пештоки дилбарнинг қошига ўхшаш бу жой мамлакат подшоҳининг тупроқдан юксалтирган биносидир.

85. Тарж.: Юлдузлар билан безалгаи бу фалакнинг эски варақлари юлдузлар сингари қўшинга эга бўлган кўп шоҳларнинг кўҳна тарихидир.

86. Ҳазрати шайх ул-исломий Аҳмади Жомий Абу Наср ибни Абул Ҳасан (туғ. 1049, Жом ваф. 1141, ўша шаҳар) олим, мутасаввиф шоир. Аҳмади Жомий номи билан машҳур. Лақаби Зиндапил (тирик фил) ёки Жандапил бўлиб, бу ном билан ҳам кенг таниқли бўлган.

Аҳмад Жомий Шайх ул-ислом мартабасига кўтарилган, унинг «Анис ултолибин» (Толиблар дўсти), «Кунуз ул-ҳикмат» (Ҳикмат хазиналари), «Биҳор ул-ҳақиқат» (Ҳақиқат дарёлари), «Сирож ус-соирин» (Сайр қилувчилар чароғи), «Мифтоҳ ун-нажот» (Нажот калиди) ва бошқа асарлари маълум. Аҳмад Жомийнинг ошиқона ва орифона ғазаллари девони ҳам бор бўлиб, халқ орасида аичайнн тарқалган. «Сабзпарию Зардпарий» номли қиссани ва XVII аср шоири Жомий Гармийнинг «Варқа ва Гулшоҳ» асарини хато тарзда Аҳмад Жомийга нисбат берилади. Афтидаи бу асарлар таркибида шоир шеърлари кўплаб учраса керак. Навоий «Лисон ут-тайр»да ғоят инсондўстлик ва олийҳимматлик ғояси билан йўғрилган бир ҳикоятни келтиради.

87. Тарж.: Шодлик, завқ ва хушчақчақлик мавсуми етишди. Агар гадо ҳач ўз дилидаги муродига етишса не ажаб!

88. «Алайҳа раҳма» — арабча. Унга [Аллоҳнинг раҳмати] бўлғай демакдир.

89. Тарж.: Маржон (сув ҳайвони) панжасининг ва ўрдак оёғининг қизиллиги дарёларда сув ўрнига қон оққанидан бўлмай, нимадан эди?!

90. Тарж.; Кўчанг атрофида юз зорланишлар билан айланаман, узоқдан баҳона қилиб, яна айланаман.

91. Ғазлфурушлуқ дўкони—йигирилган ип дўкони демакдир. Е.Э.Бертельс «ғазалфуруш» деб ўқиб, ёзган эди: «на базарах Герата существовали книжные лавки, где знатоки литературы могли найтн любое новое произведение... Существовали особые торговцы газелями (ғазалфуруш), которым можно было заказать копию лирического стихотворения...» (қаранг: Бертельс Е.Э. Навои и Джами, 1965. с. 28-29).

92. Тарж.: Агар сенга маъқул бўлсам, «Қабулий»ман, йўқ эса: икки дунёда мендек номақбул топилмас.

93. Тарж.: Эй хитойлик қора кўз, жон қуши сенга улфатдир, бўлак қора кўзларга нисбатан дилбарим оҳу (кийик) кабидир.

94. Тарж.: Ўжар дилбарим билан бир лаҳза бирга бўлармиканман деб, ҳаёт [йўлини] кесишда юз жойдан ҳийла қўзғатаман.

95. Тарж.: Кечаси ўтириб шу қадар беҳисоб шароб берки, ҳисоб куни (яъни, қиёмат куни)гача ўрнимдан тура олмай қолай.

96. Тарж.: Сен ҳаргиз бизнинг ғамгин дилимизни шод қилмадинг Бошқаларни ўлдирдингу мени ёдга олмадинг.

97. Тарж.: Эй Аёзий, пашшахонангнинг ранги пашша ўтирган рангда; Тўнинг ҳам, кўйлагинг ҳам, этигинг ҳам покиза эмас.

98. Тарж.: Гарчи менинг дилим ҳар доим ёр висолини изласа-да, ёр менга қаршилик қилиб, ағёр дилини қидиради.

99. Тарж.: Мен бебахт ошиқману, мастман, нима қилса бўлади?

Кўнгилни бағишлаганман, жоним қўлим кафтида, нима қилса бўлади?

100. Тарж.: Мен шундайменки, май ва қадаҳдан бошқа фахрланадиган нарсам йўқ. Гул юзли соқий, косаларни тўлдириб-тўлдириб узатавер.

101. «Табҳ ишида мадад қилмаким, шерик бўлурсен» мазмуни: таом пиширишда мадад қилма, шерик бўлишинг мумкин. Бу ерда гўзал ва мутойибали лутф ишлатилган.

102. Тарж.: Ул бодом кўзлининг хандон пистадек лаблари хаёлида чашм деб аталган кўзларим қон чашмаси булоғига [айландн].

103. Тарж.: Ўғри уй асбобларини туйнукдан тортиб кетганидек, ул гўзалнинг холи кўнглим борлиғини кўз равшанлиғидан тортиб олади.

104. Тарж.: Ул оғиздан ҳеч ким қилча ҳам нишона кўрсата олмайди. Бу ғамдан шундай танг бўлдимки, [буни] ҳеч кимга кўрсатмасин.

105. Паҳлавон Муҳаммад (ваф. 1493, Ҳирот) — XV аср Ҳирот маданий марказининг йирик намояндаларидан. У риёзот математика, илми нужум, кимё, фалсафа, адабиёт, санъат ва кураш турларидан гуштигирликда ном чиқарган. Яхши бастакор ва хонанда бўлган. «Гуштигир» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Навоийнинг 40 йиллар мобаннидаги яқин дўсти, ота ўрнидаги мураббийси ҳам эди. Навоий бу яқин кишиси ва маслакдошига махсус «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» номли асар ёзиб, унинг шахсияти ва истеъдоди қирраларини очиб беради. Ушбу тазкиранинг IV мажлисини Паҳлавон Муҳаммадга бағишланган мақола билан бошлайди.

106. Тарж.: Хўжанддан келган бир киши қози булмоқ мақсадида шахарда айланар эди, бироқ садр унинг қози бўлишига рози эмас эди. (Охири) бир эшакни садрга пора бериб, қози бўлди. Агар эшак бўлмаса, қози бўлмасди. Кейинги жумлада сўз ўйини ишлатилган, уни икки маънода тушуниш мумкин.

107. Тарж.: Муҳаббат қоидасида ёрдан гина қилиш йуқдир, булмаса ул вафосиздан кўпгина қилган бўлур эдим.

108. «Сияр ун-набий» — Пайғамбарнинг хислатлари.

109. Тарж.: Фалак ўз отига [миниб] чопганда, қар бир ойга бир нағал ташлаб кетди.

110. Тарж.: У мени гоҳ чўп билан, гоҳ мушт билан уради, ўйнай-ўйнай мени ўлдирмоқчи бўлади.

111. Тарж.: Мен умр бўйи ҳавас орқасида юракка пайравлик қилдим, умр ўтди, билмайманки, нимага эришдим.

112. Тарж.: Эй зоҳид, бизнинг қибламиз дилдорнинг қоши, [сенинг қиблангдан] афзалдир, Сен масжид билан бўлавер, сенинг юзинг деворга бўлгани маъқул.

113. Мавлоно Риёзий — Имомиддин Риёзий Самарқандий (ваф, 1479, Самарқанд). Шоир хаттотлик, мусиқа, илми нужумдан хабардор ва Қуръони мажидни етти қироат билан ўқийдиган ҳофиз бўлган. Баъзи тазкираларнинг маълумотига кўра, ёшлигида вафот қилган. Риёзий девонида ғазал, қитъа, рубоий ва фардлар мавжуд бўлиб, девон нусхалари Лондон, Бангола, Душанбе китобхоналарида сақланади.

114. Тарж.: Ул ҳилол қошлининг қулоғидаги инжу бир юлдуздир,

Ҳусн юзасидан қуёшга ёндашиб туради.

115. Тарж.: Ҳусн юзасидан ул ҳилол қошлининг қулоғидаги инжу шундай бир юлдуздурки, ой билан ёндашиб туради.

116. Тарж.: Кишилар янги ойга тикилиб турганларида у ғойиб бўлганидек, қора отинг жавлон урган пайтида нағалигина кўзга чалинади.

117. Тарж.: Агар кўчанг шу сув ва ҳавоси билан менинг манзилим бўлса, на Хизр суви, на ўлик тирилтира оладиган (Исо] нафаси керак бўлади.

118. «Миръот ус-сафо» — Софлик ойинаси.

119. Тарж.: Суфий мақсад инжусини қидириб бориб (яъни ёш тўкавериб), «мажмаъ ул-баҳрайн» (яъни, икки дарёнинг тўпланиш жойи) бўлади; Чунки ҳар бир йиғлаётган кўз чашмасидан бир дарё ҳосил қилган.

120. Тарж.: Эй ноз қилишга ўрганган, биз сенга ёлборузчилармиз. Сени замона ажойиб кўнгил олувчи қилиб яратган (экан).

121. Мавлоно Лутфий (туғ. 1366, Ҳирот—ваф. 1465) — шоир, тасаввуф билимдони. Навоий сўзи билан айтганда, форсий ва туркийда ўхшаши йўқ сўз санъаткори. Лутфий девони ғазал, туюқ, қитъа, рубоий, қасида ва фардлардан таркиб топган. Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Лутфийга алоҳида мақола бағишлайди. Унда, жумладан, ёзади: «Агарчи шоирлик тариқида маъруф ва машҳур бўлди, аммо дарвешлик тариқини доғи илкидан бермади. Бу фақир борасиға кўп илтифоти бор эрди ва фотиҳалар ўқур эрди». Лутфийнинг Шоҳрух Мирзо, Бойсунғур Мирзо ва Абдураҳмон Жомийларга гўзал қасидалари бор. Лутфий «Гул ва Наврўз» номли достон ҳам ёзган. Лекин бу асарни Лутфий қаламига мансуб эмаслиги ҳақида адабиётшунослигимизда мунозаралар олиб борилди. Лекин масала ҳамон ҳал бўлгани йўқ.

122. Тарж. Тунга ўхшаш зулфингдан қуёш [юзинг] сояпарвардир; Тун каби зулфингда ой ўрнига қуёш чиққандир.

123. Тарж.: Агар ошиқлар дилининг иши чин кофирга тушса, шу сингари бемеҳр, бадфеълга тушгандан қўра яхшидир.

124. Мавлоно Яқиний — (XV аср) шоир. Яқинийнинг насрда ёзилган «Ўқ ва Ёй мунозараси» ўзбек адабиётида шу жанрнинг етук намунаси саналади. Биринчи бўлиб бу мунозарани Э.Рустамов “Узбекская поэзия в первой половине XV в” номли асарида атрофли таҳлил этиб берган.

125. Тарж.: Бир нафас бўлса ҳам қуёшга дам урмаган тонг сенсан, мевасидан ҳеч ким ея олмайдвган дарахт сенсан.

126. Мавлоно Атоий — (XV аср) шоир. Адабиётшунослигимизда бу шоир шеърияти ҳам бир томонлама, фақат дунёвий муҳаббат куйчиси (Лутфий каби) сифатида талқин қилиниб келар эди. 1991 йил С. Рафиддинов нашр қилдирган Атоийнинг тўла девони сўз бошисида шоирнинг тасаввуфий шеърлари таҳлилига ҳам уринишни кўрамиз:

127. Мавлоно Саккокий — (XIV аср охири —XV аср биринчи ярми) шоир. Мирзо Улуғбек даврида камолга эришган ва шеърлари билан шуҳрат қозонган. Саккокий Хожа Муҳаммад Порсога, Халил Султон (қаранг: 219-бет, 41 изоҳ)га атаб биттадан ва Улуғбек Мирзога атаб 5 та қасида ёзган. Улуғбек Мирзонинг Амири кабири Арслон Хожа Тархонга ҳам 4 та қасидаси бор.

128. Тарж.: Бу диёрда бизнинг кўнгил овловчимиз ёлғиз ўзингсан ва бас; сендан бир қиё боқишингни ўтинамиз ва бас.

129. Хожа Юсуф Ҳамадоний — кунияти Абу Яъқуб (ваф. 535/1140 -41, Марв) олим ва машҳур шайхлардан. Боғдод, Исфахон ва Самарқандда ҳадисларни эшитган, замоннинг таниқли алломалари суҳбатида бўлган. Ҳиротда ҳам яшаган. Охири аввал истиқомат қилган шаҳри Марвга қайтган ва ўша ерда оламдан ўтган. Асҳоби (яқин дўстлари) орасида Аҳмад Яссавий ва Абдулхолиқ Ғиждувонийлар бўлганлиги ҳақида манбаларда маълумот учрайди.

130. Тарж.: Сен жаннат дарахти каби сарву шамшод қоматсан. Мен қоматингни қандай таъриф қилай?! Қиёматсан!

131. Тарж.: У ҳар доим сенга даъво қилади. [Лекин] у даъвони бемаъни қилади. Сенинг меванг Самарқанд олмаси каби ширину, уники Балх олхўрисидек аччиқдир.

132. Тарж.: Умр ўтди, ғафлатдан шундайин мастманки, не чоғлик тавба қилмайин, уни яна синдирдим.

133. Тарж.: Сенинг бемор кўзларинг мени ҳар дам тоқатсиз (заиф) қилиб қўяди. Эй жонон, сенинг жон бағишловчи лаъл-лабинг жонимга қасд қилади.

134. Мирзо Али Идигу Темур — «Мажолис» таржимонлари Идигу номини Фахрий— Қазвинийда— тарзида берадилар. Афтидан Мирзо Али Гилон ҳукмрони бўлган.

135. Тарж.: Азоб билан ўлдирилган шаҳидларнинг қабрига қарагилки, (қабрларн устига] дил оташи ва сенинг ўқингдан туғ тикилгандир.

136. Мирзобек (ваф. 1490—91, Самарқанд) — шоир. Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ»да ёзишича, Мирзобек вафотининг таърихи сўзидан абжад ҳисобида 896 (1490-91) й. берилади: Навоий «Мирзобек фарзанд масобасида (даражасида, ўрнида) эрди», деб ёзади.

137. Аҳмад Ҳожибек (ваф. 1495—96, Бухоро) — Шоир, арбоб, тахаллуси «Вафоий». 10 йил Ҳиротда, 1496 йилгача Самарқандда ҳокимлик қилган. Бобурнинг хабар қилишича, Аҳмад Ҳожибек Бойсунғур Мирзо сиёсатидан норози тархонийлар фитнаси оқибатида Бухорога Султон Али Мирзо устига лашкар тортиб енгилганида асир олинади ва ваҳшиёна қатл этилади. Навоий Самарқандда таҳсил олаётган 1465-1469 йилларда Аҳмад Ҳожибек унга мураббийлик қилган ва оддий жиҳатдан мадад бериб турган. Аҳмад Ҳожибек тадбиркор ва адолатли бўлган. Бу ҳақда Хондамир «Макорим ул-ахлоқ»да мароқли бир воқеани келтиради. Унда асирлардан бири Навоий аралашуви ва Аҳмад Ҳожибек хайрихоҳлиги туфайли мудхиш жазодан қутилиб қолгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу тазкиранинг VI мажлиси Аҳмад Ҳожибекка бағишланган мақола билан бошланади.

138. Салламуллоҳ — арабча: Аллоҳ саломат қилсун, демакдир.

139. Саййид Ҳасан Ардашер (ваф. 1488—89, Ҳирот) — шоир, тасаввуф арбобларидан. Навоий Саййид Ҳасан билан биринчи марта 1455—56 йилларда учрашган ва у билан ҳаётининг охирига қадар дўст бўлиб қолган. Навоийга ота ўрнида бўлган бу оқил ва билимдон аллома вафоти уни қаттиқ ғамга чулғаган ва дўсти, маслакдош мураббийсига атаб махсус «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер» номли асар ёзган. Унда Саййид Ҳасаннинг билимлари кўлами — араб тили, фиқҳ, шеършунослик, муаммо илми, илми нужум, мусиқа назариясини мукаммал билиши, инсон сифатида ғоят хоксор, камтар, юмшоқ кўнгилли ва сабр-тўзимли бўлгани баён этилади. Навоий Саййид Ҳасан вафотига марсия (ҳар банди 8 байтли 7 банддан, яъни 112 мисрадан иборат) ёзган. Марсияда кўркамли олим, фозил ва шоирдан, ажойиб инсондан жудолик туйғулари, дил армонлари, самимий ва тиниқ инсоний кечинмалар қаламга олинади. Саййид Ҳасан Навоий ҳаётида, унинг ижодий камолотида муҳим ўрин тутган. Шаир ўзининг биринчи йирик «Ҳасби ҳол» деб юритиладиган асари — шеърий мактубини Самарқанддан Саййид Ҳасанга юборган, бу ҳол юқоридаги фикримизга маънодор далилдир.

140. «Сулук ихтиёр қилиб, арбаинлар чиқариб, кўп мақосиди маънавий ҳосил қилди» — қирқ кун чилла ўтириб, тоат-ибодатлар билан кўп маънавий мақсадларга эришди, деган маънони англатади.

141. Тарж.: Дилором билан тонг пайтида тўла қадахларни сипқоришдан, ғунча сингари ҳар иккимиз тор бир қўйлак ичида чирмашиб қучушмоғимиздан ёқимлироқ нима бор?!

Учинчи Мажлис

1. Мадда зиллаҳу—арабча: Оллоҳ соясини (яъни, умрини) узун қилсин!, демакдир.

2. Хожа Муҳаммад Таёбодий — Жомийнинг махсус хизматкори.

3. Тарж.: Йўловчи, билгилки, қаҳр пайтида қийинчиликларни кўтариш осон [кўринади], туянинг оғзида қуруқ янтоқ хурмодек тотли [туюлади].

4. «Мушорун-илаҳ ва мўътамадун-алайҳ» арабча: ишорат, яъни зикр қилиб ўтилган ва ўзига эътимод (яъни, ишончли)ли бўлган, демакдир.

5.«Ийдия» — арабча: байрамона, ҳайитлик маъносини англатади.

6. Тарж.: Шукр, эй кўнгил, яна юз безак ва гўзаллик билан байрам гўзалининг гардани янги ой оғушига кирди.

7. Тарж.: Кўнгли синиқ, ҳоли паришон ошиқни ўлдирма. Қаноти синган қушга жафо тошини нега отасан?

8. Тарж.: Ҳамиша қоматинг туфайли нолаю зор чекаман. [Бу] бало дарахти девоналик мевасини бермаса эди, деб қўрқаман.

9. Тарж.: Ҳолдан толганлигидан иягининг айланаси бултурги олмага ўхшаб қолган эди.

10. Мавлоно Сайфий (ваф. 1503, Бухоро)—шоир, адабиётшунос. Бухоро ва Ҳиротда таҳсил олган. 1487 й. Бухорога қайтган. Сайфийнинг 2 та девони: «Рисолаи аруз», «Рисолаи мусиқий» асарлари бор. Биринчи рисоласи шеър ва шоирлик, аруз қонун-қоидалари, баҳри ва доиралари анчайин содда ва равон тил ҳамда услубда яратилган. Шеърлар девонида анъанавий ғазалчилик йўлида ёзилган шеърларн мазмун жиҳатидан ўзига хос хусусиятга эгадир. Уларда, Навоий таъкидлаганидек, касб-ҳунар эгалари мадҳ этилади. Маълумки, кейинчалик бу хил асарлар «шаҳрошуб» (шаҳр аҳлини ҳаяжонлантирувчи) шеърият деб атала бошланган.

11. Тарж.: Эй кўнгил, жононим нозик белини таъриф қилдинг, бу билан жонимнинг нозик жонини тилга олиб, яхши кетдинг.

12. Тарж.: Пардозчи гўзалим, кўп кишилар билан чиқишадию, мен хастанинг ҳолига асло парва қилмагин.

13. Мавлоно Осафий — Хожа Шамсиддин Ҳиравий (туғ. 1449, Ҳирот — ваф. 1517)—шоир. Ҳирот адабий муҳитининг йирик намояндаларидан. Соҳиби девон шоир. Унинг мукаммал девонини 1968 йилда Ҳоди Арфаъ Кирмоний катта сўз боши билан Теҳронда нашр эттирган. Хондамир «Макорим ул-ахлоқ»да Навоий билан Осафий ораларида ўтган илиқ ҳазил билан йўғрилган бир суҳбатни келтиради. Навоий ўзининг «Соқийнома»сида Осафийни яқин дўстлари ва ҳаммаслаклари қаторида ҳамда заковатлп шоир сифатида тилга олади. Восифийнннг «Бадоеъ ул-вақоеъ» (Воқеий бадиалар) асарида ҳам Жомийнинг бир ғазалига жавоб ёзиш тавсия қилинганда, Осафий ва Ҳилолий масъулият сезиб, жавоб ёзмаганликларини ҳикоя қилади. «Мажолис» таржимони Фахрий Ҳиротий Навоий адабий анжуманларида Осафийнинг қуйидаги:

Бадин жони балокаш кас накардаст, ончи ман кардам,
Дар ин чашми сияҳрў кас надидаст, ончи ман дидам.

(Тарж.: Бу балокаш жонга ҳеч ким менчалик жафо қилмаган. Бу қаро кўз билан мен кўрганни ҳеч ким кўрмаган) матлаини ёддан ўқиб юрганлиги ҳақида хабар қилади.

Фахрий яна Осафийнинг Навоий вафотига ёзган марсиясидан бир байт ва туширган қуйидаги таърихини келтиради:

Он Мири баландқадр, олий рутбат,
Чун кард аз ин жаҳон ба жаннат рихлат,
Аз соли вафоту жойи у пурсидам,
Доданд жавоби манки, жаннат, жаннат!

(Тарж: Юксак қадрли [ва] олий мартабали ул (А) Мир бу жаҳондан жаннатга равон бўлганида, мен вафот йили билан унинг жойини сўрадим. Менга «Жаннат, жаннат» — деб жавоб беришди. сўзларидан «абжад» ҳисобида Навоийнинг вафоти йили 906 (1500—1501 й.) чиқади.

14. Тарж.: Мухтасиб (шариатга хилоф ишларни текширувчи) майхонадан ўтарда май қуйқасини тўкиб ташламади. Бошимизга бир бало келиб эди-ю, лекин яхшилик билан ўтди.

15. Мавлоно Биноий — Камолиддин Али ибни Муҳаммад Сабз (туғ. 1453, Ҳирот — ваф. 1512, Насаф (ҳозирги Қарши) шоир, тарихчи, мусиқачи. Отаси Муҳаммад Сабз банно — бинокор, бўлгани учун шундай тахаллус танлаган. Шеър ёза бошлаганида «Холий» тахаллусини қўллаган. Жомий ва Навоий адабий мактабида вояга етишган. 1487 йил Табрезга Султон Яъқуб саройига кетган. 1491 йил Ҳиротга қайтган. Сўнгра Самарқандда 1500 йилдан бошлаб Шайбонийхон саройида хизматда бўлган. 1510 йиллардан Насафда истиқомат қила бошлайди. Биноий 1512 йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг Шайбонийга қарши юришида Қаршидаги қатли омда шаҳид бўлади. Биноийнинг 3 та девони, «Беҳрузу Баҳром» номли достони, «Мажмаъ ул-ғароиб» (Ажойиб тўплам) номли қасидаси, «Шайбонийнома» ва «Футухоти хоний» (Хон ғалабалари) деган тарихий асарлари, «Нуҳ ранг» (Тўққиз ранг) ва «Савт ун-нақш» (Нақш савтлари) номи остида мусиқага оид ишлари маълум. Биноийнинг тарихи асарлари Муҳаммад Шайбонийхон хонадони, шахсияти ва ҳукмронлиги, юришлари воқеаларини қамраб олади.

Навоий билан Биноий орасида қандайдир зиддият, тўқнашувлар бўлгани ҳақида Бобур маълумот беради ва баъзи латифага ўхшаш воқеа, гапларни келтиради. Ҳар қалай, Навоийнинг Биноий ҳақидаги мақолада унга ҳаққоний баҳо бергани, истеъдодини мадҳ этгани, «Соқийнома»да ёдга олгани улар муносабатида кескин адоват бўлмаганлигидан далолат беради. Биноий ижоди ҳақида катга тадқиқот яратган олим акад. А.Мирзоев бу масалани изчил текширган ҳамда Биноийнинг Навоий ҳақидаги таърифларини келтириб ижобий далиллаб берган.

16. Тарж.: Кимки ёримнинг кўзларини сурма билан қорайтирган бўлса, худди сурмадек менинг рўзгоримни (ҳаётимни) қора қилди.

17. Мавлоно Муҳаммад Бадахший— қаранг: ушбу китоб, IVмажлис. Хондамир ва Восифий унинг Навоийга 30 йил хизмат қилган яқин кишиларидан бўлганлигини эътироф этадилар.

18. Тарж.: Кимки сарв [қоматлигим]нинг салласини бежаб қўйса, чамандан суман гули териб нима қилади?!

19. Хожа Маждиддин Муҳаммад (ваф. 1494, Тобуқ)— Шоҳрух Мирзонинг девонбошиси Хожа Пир Аҳмад Хонийнинг ўғли. Ҳусайн Бойқаро салтанатида парвоначи (вазир муовини, фармон ижро этувчи) ва вазир бўлган. Тарихий манбаларда қайд қилинишича, саройдаги маълум фитна-фужурлар Маждиддинга бориб қадалади. Бобур ёзишича, Ҳусайн Бойқарога бирмунча маблағ зарур бўлиб, хазиначилардан сўраганда, улар “йўқдир” дейдилар. Маждиддин ёлғиз қолдиришларини ўтиниб, шоҳ наздига шарт қўяди: «менинг илигимни (қўлимни) қавий (кучли) қилиб, сўзуми тажовуз қилмасалар (қайтармаса, чекламасалар) оз фурсатда андоқ қилайки, вилоят маъмур ва раият шокир (шукр қилган) ва хизона (хазина) мағфур (мўл) ва сипоҳи вофир (фаровон) бўлғай». Шундан сўнг шоҳ бутун Хуросон учун муҳим ишларни бажаришни Маждиддин ихтиёрига топширади. Оз фурсатда кўп яхши ишларни бажариб, «вилоятни маъмур ва ободон қилди», деб ёзади Бобур. Лекин сарой «аъёнлари ва беклари билан зиддона маош» (зиддиятли муомала) қилгани учун Маждиддин пойтахтдан узоқлаштирилади, тафтиш пайтида беҳад бойликлар йиғгани ошкор бўлади.

Рус шарқшуноси Е.Э.Бертельс ёзишича, Навоийнинг Астробод ҳокими қилиб тайинланишини, айниқса 1488 й. пойтахтдан нохуш хабарлар эшитган Навоий Ҳиротга келганида Ҳусайн Бойқаро дарҳол қайтишини лозим кўрганини Маждиддиннинг ножойиз фаолияти билан боғлайди.

Бу ерда Навоий Маждиддиннинг эҳтиёжмандларга бўлган терс муносабатига урғу бермоқдаки, шоир унинг саройдаги фаолияти даврини «Маждиддин бузуғлиғлари» деб атаган эди.

20. Тарж.: Хожа Маждиддин ишимизни йўққа чиқарди. Ушал кун қоғозимизни ўқимай чирмади қўйди.

21. Тарж.: Йўлингга қалам сингари бошим билан тўхталмай юриб келаман. Эй ой, мен учун хатдан сеҳргарлик йўлини туздинг.

22. Мавлоно Ҳасаншоҳ — Ҳиротнинг машҳур шоирларидан. Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”да бу шоирнинг нозик истеъдоди, ширин суханлиги, ҳар қандай мажлисга файз кирита олган суҳбатдош бўлганини таъриф қилиб, ёшлик даврида Бойсунғур Мирзонинг ўғли Султон Муҳаммад мулозими эканида улар орасида ўтган бир ҳазл-мутойибали нақл келтиради. Деярли худди шу нақлни биз юқорида Бобо Савдоий номи билан боғли ҳолда келтирган эдик (қаранг: ушбу қитоб, 224-бет, 82-изоҳ). Лекин бу нақлда Муҳаммад Султон Ҳасаншоҳ шоирга 5000 динор иноят қилади. Ҳасаншоҳ билан Навоий орасида бўлиб ўтган ҳазл ҳангомани Восифий келтиради: “Ҳасаншоҳ рўзғордан қийналиб, ўғлига Навоийга бориб, отам ўлди, дегин. Пул берса егулик нарсалар харид қилиб кел,—дейди. Навоий ўғлига 30 хоний пул беради ва ачиниб тасалли айтади. Эртаси Ҳасаншоҳ

Навоий ҳузурига кириб келади. Навоий уни кўриб роса кулади ва дейдн: Эй Мулло, сиз ўлиб эдингизку, бу нимаси? Ҳасаншоҳ жавоб қилади: Агар кеча пул бермаганингизда ўлган бўлардим”.

Хондамир маълумотига кўра, Ҳасаншоҳ вафотига Амир Султон Иброҳим Аминий деган шоир қитъа таърих туширган экан. иборасидан абжад ҳисоби билан 907 (1502—1503) йил келиб чиқади.

23. Тарж.: Лабинг тўғрисида бир сўз айтмоқ истайман. Ул оғиз ҳақида биргина сўз айтмоқ истайман.

24. Мутаҳҳари Удий — Ҳирот маданий муҳити намояндаларидан.

Афтидан табиатида тамаъгирлик, ҳирс каби хислатлар бўлса керакки, Ҳасаншох шоир билан алоқадор бадихона қитъа айтилишига сабаб бўлган воқеани Хондамир . «Ҳабиб ус-сияр»да келтиради.

25. Тарж.: Мутаҳҳар — оти бор ўзи йўқ нарсадир. Нажосатни мутаҳҳар (тозаловчи) деб бўладими? Эшаги эшакка чопадию у пул топади. Демак уни эшак алдовчи деса бўлади.

26. Тарж.: Бир қўлингда қиличу бир қўлда қалам. Қиличбозликни қўйиб, қаламзанлик (ёзувчилик) қилгил.

27. Тарж.: Кўзга айтдимки, беадаблик билан қарама; у дедики, беадаблик нима қилсин, айни муштоқликдан, бу.

28. Фирдавсий Тусий — Абулқосим Мансур ибни Ҳасан Тусий (туғ. 934, Тус шаҳри яқинидаги Табароннинг Божи қишлоғи — ваф. 1021) форс адабиётининг машҳур шоири. Замона билимларини пухта эгаллагани сабабли уни “Ҳаким” деган фахрли унвон билан аташган. Ёшликдан қиссаю ривоятлар, асотир ва ўтмиш тарихи билан қизиққан, Фирдавсий Абу Мансур, Абулмуайяд Балхий, Масъуд Марвозий ва Дақиқий каби шоирларнинг «Шоҳнома»ларини қунт билан мутолаа қилган. 975-976 йилларда ўзи «Шоҳнома» ёзишга киришади ва 994 йилда уни тугаллайди. Асарни қайта таҳрир қилиш ишлари 1010—1014 йилларда якунланади. Фирдавсийшуносликда бу иккинчи таҳрирни шоир ҳукмрон Маҳмуд Ғазнавийга мўлжаллаб, у ҳақда ўрни-ўрнида мадҳу санолар киритган, лекин шоҳ асардаги истилочиларга, зулмкорларга оид ақидаларга рағбат, араблар ва уларнинг динига бўлган зид қарашлардан келиб чиқиб унга нописанд муносабатда бўлган. Бунга жавобан Фирдавсий 100 байт Маҳмуд Ғазнавийга ҳажвия ёзиб асарга киритган, деб талқин қилганлар. 1990 йил охирида Эронда «Шоҳнома»нинг 1000 йиллиги ғоят тантанали тарзда нишонланди ва шу муносабат билан ўтказилган Жаҳон Коигрессида қилинган маърузаларда «Шоҳнома»даги Маҳмуд Ғазнавий ҳақидаги мисралар ва алоҳида ҳажвия Фирдавсий қаламига мансуб эмаслига масаласи жиддий қўйилди. Ушбу сатрлар муаллифи ана шу конгрессда иштирок этди ва юбилей муносабати билан ташкил этилган барча тадбирларда қатнашишга, кўргазмалар билан танишишга, қўлёзмалар сақланаётган фондларда бўлишга муяссар бўлди. «Кохи Гулистон» музейи фондида сақланаётган «Шоҳнома»нинг 40 та Мовароуннаҳр ва Хуросон нусхалари асосида Бойсунғур Мирзо ташаббуси билан тайёрланган ва унинг муфассал сўз бошиси мавжуд ҳамда нафис 22 миниатюра ва наққошлик санъатининг ҳайратомуз намуналари билан безатилган, ниҳоятда гўзал хат билан 1429 йилда кўчирилган нодир ва ноёб қўлёзмасини ўз кўзи билан кўриш бахтига мушарраф бўлганини билдиради. Бу қўлёзма жаҳонга «Шоҳномаи Бонсунғурий» номи билан машҳур бўлиб, халқимиз маданияти тарихининг заррин саҳифаси саналадн. Айтиш керакки, Бойсунғур Мирзо муқаддимаси «Шоҳнома»нинг илк тадқиқоти сифатида эътироф этилади. «Шоҳнома»нинг энг қадимги қўлёзма нусхаси Италиянинг Флоренция шаҳрида сақланар экан. Юбилейга ана шу нусханинг фотофаксимилеси ва 7 жилдли 4 китобдан иборат француз олими Жюль Муль тайёрлаган матн асосидаги нашри чоп этилган эди. Ўзбекистонда «Шоҳнома»нинг уч жилдлн таржимаси босилган. Таржимонлар Ш.Шомуҳамедов, Назармат, Ҳамид Ғулом ва Жуманиёз Жабборовлардир. «Шоҳнома» ва ўзбек адабиёти проблемаси юзасидан адабиётшунос Ҳ.Ҳамидов қатор тадқиқотларни амалга оширган.

29. Тарж.: Ўшанда кўп қўтосларнинг мода ва нарларини занжир билан бир-бирига [шундай] боғладиларки, хандақ олдида филларга қарши тўсиқ [пайдо] бўлди. Нега филдан қўрқишлик керак, у ҳам сигир ва эшак каби тўрт оёқли [ҳайвон]дир.

30. «Ҳафт пайкар»—Етти гўзал. Низомий Ганжавнй достони.

31. Тарж.: Пайғамбарликка сен лойиқсан, [чунки] қўлингда, номанг бор. Муҳри эса таъзим [юзасидан] орқасидадир.

32. Тарж.: Ул нотекис кенг даштда бамисоли типратиконга ўхшаш қирилмаган бошлар ётар эди.

33. Мавлоно Дарвеш Машҳадий — Фахрий Ҳиротий ўзидан илова қилиб: бу шоирнинг ёмон тиллиги, жоҳиллиги Навоий айтганидан юз чандон кўпдир. Лекин одамлар унинг Аллоҳдан ўзининг ит феъли, нафсдан фориғ қилишликни илтижо қилиб ёзган дарвешона бир байти учун афв этадилар, деб ёзади ва форсийда ёзилган бир байтини келтиради.

34. Тарж.: Унинг қошидан байрам ойи асарини кўрди. Ул ойдан дарак бўлмаганига йил [ҳам] бўлди.

35. Тарж.: Гулнинг юзи (ҳақида) яна бир овоза юксалмагунча, бўстонда булбулдан ҳам садо чиқмайди.

36. Тарж.: Яна ул фасл келдики, базмнинг шамъи лоладек порлайди. Раъно гули лаъл каби қип-қизил майни олтин қадаҳда кўтаради.

37. Тарж.: Кеча муҳтасиб ҳол сўраб дерди: Май арзон бўлди, пули ҳалоллар қайдасиз?

38. Тарж.: Эвоҳ, эй дўстлар, ул ширин лаъл ҳавас юзасидан бизни ўлдирди. Пашшадан бўлак ҳеч ким бошимизга келмади.

39. Тарж.: Рақиб билан сўзлашиб турганингни кўрдиму бу мени ўлдирди. Сўзлашдан тўхтадингу менннг жоним тинчланди.

40. Тарж.: Ажаб эмаски, агар бугун кечқурун парвона шамънинг умр дарахти хазон бўла бошлаганини кўриб жонини тарк этса.

41. Тарж.: Қандай яхши вақтки, гўзалим қўлида ғазаб қиличи билан келса-ю ҳамма рақиблар қочиб кетсаларда, мен у билан ёлғиз қолсам.

42. Тарж.: Ғам тунида дилимдан чиққан дуд ул [гўзалнинг] кокили ёди билан буралиб ва жингалак бўлиб кўтарилади.

43. «Оҳий» — Фахрий Ҳиротий «Оятий» деб беради.

43. Тарж.: Ойдин гўзал бўлган чеҳрасининг саҳифаси ёди билан Қуръондан фол очсам, «Юсуф сураси» чиқди. Бу ерда қаламга олинган Қуръони каримдаги 111 оятдан иборат «Юсуф сураси»да гўзаллик тимсоли Юсуф пайғамбар қиссаси баён этилади. Шу асосда бадиий адабиётда Қуръонда номи зикр этилмаган аёл ривоятлар заминида Зулайхо деб аталиб, достон ва қиссалар яратилган. Ўзбск адабиётида «Юсуф ва Зулайхо» достонини XIV аср охири XV аср аввалида яшаб ижод этган Дурбек деган шоир ёзган. Лекин афғонистонлик олим Ёқуб Воҳидий бу достон муаллифининг номи Ҳомид Балхий деган масалани кўтарди.

45. Тарж.: Ул қуёшнинг сувратига шунчалик ҳайронманки, агар менга тиғ урсалар ҳам кўзимни юммай туравераман.

46. Тарж.: Май ичиш пайтида соқий май қадаҳининг оғзини ёпгани каби ул [гўзалга] нима бўлдики, қопқоқ билан менинг кўзим қорасини беркитиб қўяди.

47. Тарж.: Эй, майнинг тобланишидан сенинг рухсоринг гули ранг-баранг бўлади, жамолинг боғининг сабзаси озгина-ю гули кўпдир.

48. Тарж. Лутф-марҳаматингни арзон қилиб, гоҳо ғарибларни йўқлаб турсанг ёмон бўлмас эди. Чунки марҳамат кўргазиш гўзалларнинг гўзал одатидир.

49. Тарж.: Қошинг билан баҳслашишда янги ой тезлик қилар ва чимирилар эди. Қуёш юзингни кўргач, ўзини юмалоқ ва ясси қилиб олди.

50. Тарж.: Агар ғам бурчагида ул кумуш тандан узоқликда ўлиб қолгудек бўлсам, ўлган кунимнинг ўзидаёқ ишқ ишига халал етади.

51. Тарж.: Ғам саҳросида девонавор ўзим-ўзимга чанг соламан. Гоҳ тошни чангаллайман, гоҳ тош чангалимдан тушиб кетади.

52. Тарж.: Менинг кўзимга тоғ билан дашт фазоси тор бўлиб қолди. Чунки менда Фарҳод ғами ва Мажнун ишқининг балоси бор.

53. Тарж.: Ғамингда тўккан қонли кўз ёшларимдан менга теккани — унинг ҳар бир қатраси дилимнинг тугунларини ечгани бўлди.

54. Тарж.: Ул жафо ахтарувчи [ёрим] менга [ҳамиша] озор берганидан озгина қилган ғамхўрлиги ҳам кўпдек туюлади.

55. Тарж.: Эй дил, ҳамиша тақво аҳли билан улфат бўлавериш ярамайди. Май қуйқасини ялаганлар билан ҳам бир неча кун бирга бўлиш керак.

56. Тарж.: Зулфинг домига тушдиму девоналикда шуҳрат қозондим.

57. Тарж.: Кўз ёш гавҳарларини ёр йўлига сочдим. Ошиқ бўлганим учун шодман, хўб иш қилдим!

58. Тарж.: Унинг ёшлик чоғини кўрдим ва дин аҳлига кўрсатдим. Жонларга бало бўлсин, буни сизларга топширдим.

59. Тарж.: Муҳтасиб агар ринд бўлса майхона эшигини ўзи очиб беради. Риндлар учун майни ер остидан бўлса ҳам пайдо қилади.

60. Мавлоно Ҳилолий — Бадриддин (ваф. 1529, Ҳирот). Астрободда дунёга келган, Йили маълум эмас. Ҳилолий қаламига 1 девон ва «Шоҳ ва Дарвеш», «Сифот ул-ошиқин», «Лайли ва Мажнун» номли 3 достон мансуб. Девони 2700 байтдан таркиб топган бўлиб, уни шоирнинг ўзи 1521 йилда тузган. Фахрий Ҳиротий таржимасига илова қилиб ёзади: «Ҳазрат Амир (яъни, Навоий) дуоси қабул бўлиб, шоир шеъриятда ҳамма маҳорат услубларини пайдо қилди ва ўз замонининг нодирига айланди» ҳамда Ҳилолийнинг уччала достонидан 5 байтни мисол тариқасида келтиради. Муҳаммад Қазвиний ҳам ўзидан: «Мир Алишер таклифи билан илмларни эгаллаш ва охирига етказишга машғул бўлган» деб қўшиб кетади. Ҳилолий тимсолида Навоийнинг адабиётга кириб келаётган умидли ёш кучларга алоҳида эътибор билан қараганини кўриш мумкин. Ҳилолий илк дафъа Навоийга ўз шеърини ўқиб берганда ундаги бадиий иқтидорни сезиб, тахаллусини сўрайди, «Ҳилолий»— деб жавоб беради. Шунда Навоий «Ҳилолий» эмас, Бадрий, Бадрий!» (яъни, сен «янги ой» эмас, «тўлин ой» экансан маъносида), деб шоирни мақтайди. Яна бошқа ҳикоятга кўра, кунларнинг бирида Навоий шоирларга устози Жомийнинг машҳур ғазалига жавобия ғазал ёзишни буюради ва энг яхшилари учун мукофот белгилайди. Шунда Ҳилолий ва Осафий деган шоирлар жавоб ғазал ёзмайдилар. Навоий бунинг сабабини сўраганда, — жавоб ёзишда ўша асардан орттириб ёки ҳеч бўлмаса унинг савиясида ёзиш лозим, биз эса ўзимизда етарли куч сезмадик, — дебдилар. Шеършуносликда жуда қувватли экансизлар деб, мукофатни Навоий ана шу иккала шоирга берган экан.

61. Тарж.: Бугун ул хушрафтор ва хушқомат нени шунчалик оёқдан қолдирдики, эртага, балки қиёмат эртасига ҳам ўрнимдан тура олмасман.

62. Тарж.: Эй оқил, девонага уйни нима кераги бор. Чунки мен девона уйга борадиган йўлни билмайман.

63. Тарж.: Ёрнинг мийиғи ва лаби сабз ва қизил тусда жилва берганда, хаста кўнглимдан сабзранг ва қизил ўт кўтарилди.

64. Тарж.: Худо сенинг хаёлинг билан мени ҳамиша шод қилсин. Агар хаёлингдан айрулгудек бўлсам худо сақласин!

65. Тарж.: Бир Лайли юзли қоним устига барини елдириб етиб келади. Бу вақтда Мажнун дилимнинг аҳволи қандай бўлишлигини била олмайман.

66. Тарж.: Кўзларим ой юзли ёрга [боқишдан] жудо бўлгандан бери дилим қондан жудо бўлди, кўзлар қон тўкишдан тўхтади.

67. Кўфтгарлик — пўлат аслаҳа, анжомларни тилла суви билан қоплаш санъати. Муҳаммад Қазвиний таржима изоҳида кўфтгарликни куфтапазлик (таом тури) деб берган.

68. Тарж.: Шундан хурсандманки, отган ўқи ношод кўнглимга жо бўлди, энди ўз ўқини қидирганида мени ҳам ёдига олади.

69. Мавлоно Соҳиб — Фасиҳиддин Соҳиб Доро номи билан машҳур қасиданавис шоир. Навоийнинг яқин суҳбатдош дўстларидан. Навоий вафотидан сўнг Ҳусайн Бойқаро китобхонасига китобдор қилиб тайинланган. Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»да Соҳибнинг асли Астрободдан, деб ёзади ва шахмат-шатранж бобида хоҳ кабир, хоҳ сағирни ҳозирона ва ғойибона тарзда юксак маҳорат билан ўйнар эди, деб таъкидлайди. Шунингдек, Соҳиб Навоий вафотига марсия таърих ёзганини хабар қилади. Муҳаммад Қазвиний эса Соҳибнинг иншо фанида моҳир бўлганини қайд этади ва Навоий билан Соҳиб ораларида бир сафар асносида, бўлиб ўтган ҳазл-мутойибани келтиради ҳамда абжад ҳисобида ҳар байтннинг биринчи мисраидан Навоийнинг туғилган йили иккинчисидан вафоти йили таърихи чиқадиган қасида марсиясини беради. Бу қасида ҳар банди 8 байтли 5 банддан иборат бўлиб, шундай бошланади:

(Тарж.: Эй фалак, шу янглиғ бедодлиғ ва бераҳмлик қилдинг.

Вей ажал, жаҳон мулкини вайрон қилдинг).

Биринчи байтдан 844 (1441), иккинчисидан 906 (1501) келиб чиқади.

Восифий Соҳиб Доро ота томонидан менга қариндош эди, деб ёзади.

Муҳаммад Шайбонийхон Нахшабдан чиқиб, Ҳиротни босиб олиши муносабати билан ҳам Соҳиб Доро қасидатаърих ёзган экан. Восифий Соҳиб Доро номидан «Бадоеъ ул-вақоеъ»дан бир туркум ҳикоятлар келтиради.: Уларнинг аксарияти Навоий ва замондошлари ҳақидадир. (Қаранг: Болдырев А.Н. Навои в рассказах современников. Сб. Алишер Навои. М. — Л., 1946).

70. Тарж.: Эй дўстлар, токайгача менга ёр кўчасига боришликни манъ қиласиз, боришни тарк қилмайман, мендан кечиб қўяқолинг.

71. Тарж.: Сийнамда ситамкорнинг ўқидан яра бор. Жоним дилдан, овора дилим эса жондан батанг келди.

72. Тарж.: Шундай бир кимсани истайманки, жон чиқар пайтда менга ўз либосини кийгизса, ўладиган кунимда тобутимга ҳам ёпса.

73. Тарж.: Менинг қаро бахтим ҳабибим билан учрашишга монеълик қилди, қандай бадбахтманки, қаро бахтим ҳам менинг рақибимга айланди.

74. Тарж.: Дилим бенаво бўлди, шунинг учун у ғамгиндир, бенавонинг ҳам ҳамеша шундай бўлади.

75. Тарж.: Ул оғизни бақбақа устидан қидирдим, у ой кулиб деди: бу ердан тилак ҳосил бўлмас.

76. Тарж.: Эй ой [юзлигим], бу кеча ўз нуринг билан бу кошонани равшан қил, бўлмаса, бу уйга ўт қўйиб юбораман.

77. Мавлоно Мажнун — Камолиддин Маҳмуд Рафиқий деган хаттот ва шоирнинг ўғли. Уни «Мажнун чапнавис» деб ҳам атаганлар. Чунки у чапдан ўнгга қараб ёзиш усули «бозгуна» хатининг моҳир устаси бўлган (Қаранг: Кази-Ахмад. Трактат о каллиграфах и художниках (Введение, перевод и комментарии Б. Н.Заходера). М.—Л, 1947). «Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихи» китобининг муаллифи, олим ва хаттот А.Муродов маълумотига кўра Мажнун «Рисолаи қавоиди хутут» (Хатлар қондаларига оид рисола) номли асар ёзган. Мажнун ҳарф шаклларини нуқта ўлчови системаси асосига қурган экан. Хондамир эса Мажнуннинг яхши қасидалар ёзганини билдиради.

78. Тарж.: Ваъз эшитишга бориб, зор-зор йиғлайман. Бу баҳона билан ёр ҳажрида йиғлайман.

79. Тарж.: Агар Лайли ва Мажнун ҳақида юзлаб ривоят бор бўлса, булар бизнинг ишқимиз воқеаларининг ҳикоясидир.

80. Тарж.: Шароб қадаҳида риндларнинг боши ҳубоб бўлди. Кўп бошлар [эса] қадаҳ бошида шаробга айланди.

81. Тарж.: Эй турк гўзалим, ҳар гал сен зийнатхонага кирганингда, уни Хитой сувратхонасига айлантириб юборасан.

82. Тарж.: Кошки эди, доим ойна унинг қаршисида турса, унинг назари бошқа ағёр томонига тушмас эди.

83. Тарж.: Нозли гўзалимга дилим аҳволидан сўзлаб нима қиламан, ахир севгим излари сариғ юзимдан кўриниб турибдику!

84. Тарж.: Ғам водийсида сапамлар ишқида шунча оҳ урдим. Энди мен ғам-дийда шодлик билан кам нафас олаяпман.

85. Тарж.: Ҳар дам у майгун лаблардан узоқлашсам, иккала қон сочувчи кўзларимдан коса-коса қон тўкаман.

86. Тарж.: Гарчи Мажнуннинг дили ишқ ғамидан тўла қон бўлган эса ҳам, лекин менинг бу ҳолим қайси Мажнунда бўлган?!

87. Тарж.: Ул қотил дилим хонасига ўз доғи билан шундай муҳр босдики, унинг меҳри ўлганимдан кейин ҳам дилимда қолсин.

88. Тарж.: Эй дардлиларнинг қотили, сенинг тиғингдан дардмандлар дили ғунчадек қон бўлиб кетган.

89 Тарж.: Ул қуёш юзлининг тор оғзими яхшилаб кўргим келади, унинг юзига кўзим тушиши билан кўзларим хиралашиб, кўра олмай қолади.

90. Тарж.: Мен сочлари тўзиқ ақлдан бегонаман, ул паричеҳра ишқида дсвонаман.

91. Тарж.: Ҳар бир хафа кишининг ноласи [унга] жафонинг кўплигидандир. Мен эса менга ҳам жабр қилганидан нола қиламан.

92. Тарж.: Эй паричеҳра, агар сен кўзларим саройига келсанг, дилим кўзларим пардасидан сенга поёндоз тўшайди.

93. Тарж.: Бугун кечани ёритувчи ул шамъ , менинг меҳмоним бўлди. Кошки эди, бу кеча қиёматгача тонг отмаса.

94. Тарж.: Унинг орзусида заррадек доим паришонман. Юзининг офтобисиз тинчлигим ҳам йўқ.

95. Тарж.: Эй хушқомат сарв, эй жафо қилувчи шўхим, ғамларинг ўқидан бу мажруҳ таним чакалакзорга айланди.

96. Тарж.: Дилим кафтидаги доғлар ёримнинг қўлидан келган. Гарчи улар куйдирсада жонимнинг оромидир.

97. Тарж.: Ҳеч вақт ёр менинг зор-зор йиғлаганимдан афғон чекмади. Чунки мен унинг афғонига йиғламаган эдим.

98. Тарж.: Агар дилдоримга бир оғиз сўз айтиш имкониятини топсам, афгор дилимнинг аҳволини арз қилардим.

99. Тарж.: Кимки қаршисида сенинг жамолинг китобини кўраркан, у қандай қилиб мутолаадан кўз уза олади.

100. Тарж.: Гарчи ҳаётим дуруст ўтмасада, ишқ билан шодман, бўлак қисматим йўқ. Турмушнинг яхшилиги ва ёмонлиги билан ишим йўқ.

101. Тарж.: Ҳижрон водийсида дард билан ғамдан бошқа нарса йўқдир. Ундан [ёрнинг] хаёли билан олам [ташвишларидан] осойиш топаман.

102. Тарж.: Эй соқий, биз адабсизликлар қилсак ажабланма. Биз маст кишилармиз, бизларда адаб бўлмайди.

103. Тарж.: Мен унинг итлари галаси ичидан жой топдим. Остонаси ғуборидан кўзимни равшан қилдим.

104. Тарж.: Назар аҳли мазоридан агар лола униб чиқса; у лола дил доғи ва жигар қонидан [иборат] бўлади.

105. Тарж.: Кўзларим сенинг юзинг ҳавасида бўлгани учун менга орқа ўгириб, сенга қараб туради.

106. Тарж.: Юзини ой деб атадим. Бу сўзим бутун шаҳарга тарқаб кетди. Тишлари ҳақида сўзлаган эдим, оғзим дурларга тўлди.

107. Тарж.: Ёрим мени нозу карашма занжирида тутади. Яна ишқида девоналигим мени хароб қилади.

108. Мавлоно Зийракий — Ҳиротда анчайин танилган бу шоирнинг Навоий «Мажолис»да келтирган ғазалига Турк султони Салимшоҳ Миср сафари чоғида (924/1518 й.) Муҳаммад Қазвинийга жавоб ёзишни таклиф этади. Қазвиний унинг матласини келтиради. Восифий Навоий билан боғлиқ ҳикоятларда Зийракийнинг турли анжуманларда иштирок этганини қайд қилади.

109. Тарж.: Ишқ йўлида жафо тошлари йўл озиғимдир; тоғу даштларда лола — жигар гўшамдир.

110. Тарж.: Унинг юзидаги холдан беҳол бўлдим; уни яратганга офаринки, бу унинг паргори нуқтаси бўлди.

111. Тарж.: Эй фалак, суякларимни тош билан юмшат; мабодо кўнгил олувчимнинг тиғини ўтмас қилиб қўймасин.

112. Бадиуззамон Мирзо (туғ. 1457, Марв — ваф. 1517, Истанбул) — шаҳзода, шоир. Ҳусайн Бойқаронинг ўғли, онаси Марв ҳокими Султон Санжарнинг қизи Бика Султон бегим. Бадиуззамон 1495—1505 йилларда Сийистон ва Балх ҳокими бўлган. 1497 йилда Астробод ҳокимлигини талашиш натижасида Ҳусайн Бойқаро билан оралари кескин бузилади. Хадича бегим ва вазир Низомулмулк фитнаси оқибатида ўғли Мўмин Мирзо қатл қилингач, Бадиуззамон саркашлиги янада ортади. Шайбонийхон 1506 йил Ҳиротни босиб олганда Бадиуззамон Эронга Исмоил Сафавий ҳузурига қочади.

Муҳаммад Қазвиний маълумотига кўра, Турк Султон Салимхон Табризни эгаллаганида Бадиуззамонни иззат-ҳурмат билан Истанбулга олиб кетади. Тахтдан умидини узмаган Бадиуззамон Султон Салим хизматида бўлади ва 1517 йилда тоун (вабо) касали билан дунёдан ўтади. Навоий бу шаҳзода сиймосида давлатни идора этиш сиёсатини пухта билган, кенг илмлардан хабардор валиаҳдни кўришни истаган ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилган. Унга «Хамса» достонларида панду насиҳатларга тўла алоҳида боблар ажратган, тез-тез мактублар йўллаб турган, жумладан усули идора хусусидаги, Мўмин Мирзо қатли муносабати билан ва б. Навоий ёзган мактублари «Муншаот» таркибида мавжуд. Фахрий Ҳиротий Бадиуззамоннинг Мўмин Мирзо қатлига ёзган қуйидаги байтини келтиради:

Вазиди, эй сабо, барҳам зади гулҳои раъноро,
Шикасти з-он миён шохи гули наврастаи моро.

(Тарж.: Эй сабо, сен эсдинг ва раъно гулларини совурдинг. Шу орада менинг энди гуллай бошлаган ёш шохимни синдирдинг). Навоий «Мажолис»нинг еттинчи мажлисида Бадиуззамон ҳақида мақола беради.

А.Муродов Ҳабибнинг «Хат ва хаттотон» (Истанбул, 1887) асарига таяниб, Бадиуззамон Мирзонннг турли хатларни пухта билганлиги ва айниқса, настаълиқ хатида ғоят гўзал ёзганлигини баён қилади. Бадиуззамоннинг Абулфайз номига ёзилган бир «ийдлик» (ҳайитлик) қитъасининг расми мавжуд экан.

113. Тарж.: Зор кўнгилнинг ёниши ҳеч қачон кўз ёши билан камаймайди. Мендаги бу ўт фақат тупроқдан таскин топади.

114. Тарж.: Ёлғизлар замона бандларидан озоддирлар; улар не бировнинг тузоғига тушган ва на овчилардир.

115. Тарж.: Ғамингсиз нафас ола олмайман; ғамсиз нафас чиқара олмайман.

116. Тарж.: Қўл дилда, оёқ лойда қолган; оламда бош кўтариб юра олмайман.

117. Тарж.: Дилга доим жафо етказиб турасан. Бошқаларга қилган жафоларинг менга яна бошқа балодир.

118. Тарж.: Мен дилсиз [бечора] ҳатто сояни ҳам унинг ёнида бўлишини истайман. Эй ҳажр кечаси, кел ва уни ер юзидан йўқот.

119. Тарж.: Кечаси ул кўнгил ёритувчининг ити ёнида кетар эканман, шодлигимдан тонггача кўзимга уйқу келмади.

120. Тарж.: Агар менинг этагимни малак-фаришта тириклик (Хизр) суви билан ювган бўлса эдн, ҳозирда жононим этагидан қўлингни узоқ тутган бўлардинг.

121. Тарж.: Жоду кўзинг туфайли дил юз пора бўлди; мен[энди] бир дил билан эмас, юз дил билан юзингнинг ошиғи бўлдим.

122. Тарж.: Юзингсиз мотаму ғамим бор. Мотам [бўлганда ҳам] оҳ қандай мотамим бор!

123. Тарж.: Ишқинг савдосидан бошим осқ остидадир. Чунки бизнинг сирримиз бошланишини кўрмадим.

124. «...аблуқ йўсунлуқ йигитдур»-яъни икки юзламачи (лаганбардор) табиатли йигитдур.

125. Тарж.: Ёр менинг ҳолимдан, ағёр эса афғонимдан йиғлайди. Менга ва менинг аҳволимга дўст ҳам, душман ҳам йиғлайди.

126. Тарж.: Ҳажрингда ғам олови бошимга уриб кетганида, кўзларим гирдобидан шамъ каби ёшлар тўкаман.

127. Тарж.: Унинг ой юзи ойинасига гард ўтирмаслиги учун жамолига бўлган меҳр қаршисида оҳимнинг йўли бекилди.

128. Тарж.: Эй соқий, мен мастману соф май тутасан; агар бадмастлик қилсам, яхшиси, кечиргайсан.

129. Тарж.: Васлингга бир дам етишиш абадий ҳаётдан яхшироқдир; васлингни эслаш билан шод эдим, бу замон шодроқдурман.

130. Тарж.: Кишилар ишқинг йўлида, бемалол кетаверадилар, ошиқ мену, бошқалар бекорга овора бўладилар.

131. Бу шоир ҳақида Муҳаммад Қазвиний қуйидагиларни илова қилади. Арабистонда мусиқа соҳасида кенг шуҳрат қозонади. Унинг икки ғуломи бўлиб, улар биргаликда бир-бирларига овозларини созлаб, ҳамовозликда Шайхийнинг асарларини куйлаганлар. Бириси Сиёҳча номли ҳинду бўлиб, Румга кетади. У 968 (1560—61) й. да Румда яшайди ва ул диёрнинг мусиқа соҳасидаги машҳур санъаткорларидандир. Иккинчиси румлик бўлиб, Ҳиндистонга кетади.

132. Тарж.: Ёнаётган кўксимдаги бу нарса доғ эмас, бу ишқ муҳридирки, сенинг севгинг учун жонимға босилгандир.

133. Тарж.: Баҳор фасли, гул мавсумида [кўнгил] ёзиш керак. Эй соқий, май келтир, айтишнинг нима ҳожати бор!

134. Тарж.: Сенинг камандингга ҳар қандай бахтсиз илннавермайди. Бу бало [доми] ёлғиз бизнинг бўйнимизга тушган.

135. Тарж.: Кеча оқшом мейинг нолаларим малоикалар уйқусини қочирди; ойнинг [атрофидаги] ёруғлик гардишини менинг кўз ёшларим тўфонидан сув олиб кетди.

136. Бу шоир ҳақида Фахрий Ҳиротий шундай илова қилади: Наргисий Навоий ёзганидек, Марвдан эмас, балки Амир (яъни Навоий) хизматига Марвда етишган. Ҳозир (яъни, «Мажолис» таржима қилинган. 1520 йилларда) Абҳарнинг шайхзодаларидан бўлиб, шу ўлка одамлари унинг аждодларини ғоят ҳурмат қиладилар. Агар авваллар бевошларга қўшилиб, шариф вақтини беҳуда сарф қилган бўлса ҳам, ҳозир кўпроқ вақтини рўза ва намоз билан ўтказмоқда.

137. Тарж.: Сенинг ишқинг дарди кимники девона қилган бўлса, Мажнун каби вайрона бурчагидан жой эгаллади.

138. “Гўёки бировнинг мамлуки экандур. Хожаси ани ё ул Хожасини озод қилибтур” кимнингдир асири бўлган бу шоирнинг озод қилиниши ҳақида Навоий хожаси уни озод қилибдими экан ёки озодлик олиб, Хожасини ўзидан халос қилибдимн деган маънода истеҳзо билан ёзади.

139. Тарж.: Эй Зуҳра манглайли, сени кўра олмай умрим ўтмоқда, эсизгина, азиз вақтларим шундай ўтиб бормоқда.

140. Тарж.: Эй хандон ғунча, юрагимни сиқиқда тутганинг учун жон [бу] юракдан тўйди-ю юрак жонимни олди.

141. Тарж.: Эй зоҳид, тўнингни келтириб майга гаров қўй; зоҳидлик асбобини ва тоат-ибодат уйини хароб қил.

142. Тарж.: Мен оворага итларинг олдига бориб, бечора дилим аҳволини айтишга йўл йўқ.

143. Тарж.: Шароб қадаҳидан менга жон равшанлиги келади. Ул тиниқ майнинг мавжи мен учун жон ойнасидир.

144. Тарж.: Эй сарви ноз, бизнинг дилимиздан жой олмайсан, жой оласанку, лекин бизнинг дилимиздан эмас.

145. Тарж.: Эй ғам туни, ул шамъдан узоқда менинг жамолимни куйдирдинг; йиллар висол кунинг ваъда қилиб, мени ёндирдинг.

146. Мавлоно Зебоий — шоиралар ҳақида маълумот берувчи тазкираларда Зебоийнинг аёл шоира эканлиги таъкидланади ва Жомий уни мадҳ этгани баён этилади.

147. Тарж.: Сенинг қоматинг юра бошласа, сарвни ҳам ўз бандаси қилади, ҳам озод қилиб юборади.

148. Тарж.: Ул лола юзли мени ўзининг қули деб атайди, охирда юзимнинг қоралиги ўз таъсирини кўрсатади. Навоий шоирнинг қора рангли қуллардан эканлигини ва бу матлаи ўз ҳолига муносиб тушганлигини баён қилади,

149. «Қаллоший» — шуҳратсиз, ялқов, дайди маъносини англатади. Навоий шоирнинг «атвори тахаллусиға муносиб» дер экан, унинг табиатида қусурлар борлигига ишора қиладн.

150. Тарж.: Сени олам гўзалларининг подшоҳи қилиб яратгандан одамларнинг ёмон кўзидан асрашини тилайман.

151. Мавлоно Гадоий — ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, соҳиби девон шоир. «Мажолис» ёзилган вақтда 90 ёшдаги шоир тахминан 806 (1403—1404) йилда дунёга келган.Унинг ягона девони Париж Миллий кутубхонасида сақланади. Гадоийнинг Шоҳрухнинг набираси Халил Султонга бағишланган бир қасидаси бор. Уни Э.Рустамов Темур набираси Халил Султонга хато нисбат берган эди. Биринчи марта Гадоий ҳақида шу сатрлар муаллифи 1962 йилда мақола эълон қилган. 1965 йилда шоир шеърларидан кичик мажмуа чиқарган эди. 1973 йилда Э.Аҳмадхўжаев Гадоий девонини Париж нусхаси асосида сўз боши билан нашр қилди.

152. Тарж.: Сенда анбар [ҳидидан ҳам хушбўй] соч пайдо бўлганидан бери бизнинг кўнглимиз ватанли бўлиб қолди.

153. Тарж.: Эшигингда арзга келган мискинлар нолаю зор қилиб турар экан, сени гўзаллик подшоҳи деб ким айтади?

154. Тарж.: Эй дил, унинг ғами билан бўлиб сени савдога қўйдим, ўзим ҳақимда ўйламайману, сенинг ташвишингни чека оламанми?

155. Тарж.: Менинг сарвим дилимдан ҳзм, кўзимдан ҳам жой олган; у гул каби покиза, сабо каби ёқимлидир.

156. Тарж.: Сенинг юзинг беқарор дилларнинг қибласидир, оёғинг излари хоксорлар меҳробидир.

157. Тарж.: Бу кеча унинг лаъл лаблари ошиқ қонига ташна кўринади. Эй соқий, [унга] май берма, мастликдан уни уйқу элитмасин деб қўрқаман.

158. Тарж.: Сен [отган] ўқ дилим гулзорининг дарахти бўлди; у дил юкидан бўлак мева қилмайди.

159. Тарж.: Унинг шакар лабларидан гарчи менга дашном етсада, аччиқ сўзларида ҳам ширинлик туяман.

160. Тарж.: Мен ой юзингдан йироқда ҳар кеча саҳаргача йиғлаб чиқаман. Май идиши каби қонга тўла дилим, [кўз ёши билан] нам кўзим қаршисида йиғлайди.

161. Тарж.: Юзта сўздан ҳийла билан бирига қулоқ осасан, уни ҳам айтмасимданоқ эсингдан чиқарасан.

162. Тарж.: Ҳажрингда дил дам-бадам нолаю оҳ чекади. Ғаминг дилга қасд қилиб эди, энди жонга қасд қилмоқда.

163. Тарж.: Козургоҳ далаларининг ҳавоси ва Султонийнинг суви, агар билсанг, жаннат шабадаси ва Ҳизр умрини бахш этади.

164. Тарж.: Унинг юзларисиз кипригим учидаги ҳар қатра қон ҳижрон кечасининг ёниб турган машъали бўлиб қолди.

165. Тарж.: Саҳар чоғида ул ой юзига ниқоб тортганида, халқ орасида қуёш тутилди, дея фиғон кўтарилади.

166. Тарж.: Мийиғидаги сабзалардан сўз очсам, Хўтан мушкидан гапирасан; [шундай қилиб] қачон бу билан зулфи ҳақида сўзлашасан?

167. Тарж.: Майхонага бораман, унинг бир бурчагидан ўзимга жой танлайман, май косасини топаману, ўша ерда сипқараман.

168. Тарж.: Ёримдан айрилиб, балога гирифтор бўлдим, не бало бўлдики, ёримдан жудо бўлдим.

169. Тарж.: Гулзорга тўкилган гул барги эмас, булбул юраги ярасига пахтадан қилинган қонли кафандир.

170. Тарж.: Бу яшил гунбазда кўринганларни юлдуз деб ўйлама, юзинг томошасига махлиё бўлган ҳурларнинг кўзларидир.

171. Тарж.: Қонга бўялган лола пардасини холи куриб, юрагим пардасидан чиқиб кетибди, деб ўйлабман.

172. Тарж.: Ёримнинг ҳажридан кунларим қаро бўлди. Менинг кунларим ва рўзгорим ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

173. Тарж.: Яна мийиғидаги сабзалар гулзори янги сўлим майсалар пайдо қилди. Жаҳон боғининг иши яна бошқа ранг пайдо қилди.

174. Тарж.: Одамлар олдида кўзим ёр юзига тушмасин дейман, лекин у яқин келса, юзига беихтиёр назарим тушиб қолади.

175. Тарж.: Ул пари кийган либос гул баргидандир. Кийимнинг ҳар тарафидаги боғичлар эмас, унинг пар ва қаноатларидир.

176. Тарж.: Қаддим камондек эгилди; умр олтмишга етди, ёшлик ёйдан ўқдек тилиб кетди.

177. Тарж.: Заифлик дил хасталигидан эмас, сенинг ҳажрингдандир. Дил ноласидан табъинг ранжимагай, деб қўрқаман.

178. Тарж.: Тунда биз ошиқларнинг тўшаги қора тупроқдир, холос. Устимизга ёпган чойшабимиз [эса] осмондир, холос.

179: Тарж.: Эй шамъ, бу кеча ул ойнинг юзига даъво қилишдан кеч, мажлисимизни қоронғу қилдинг, энди тилингни қисқа қил.

180. Фахрий Ҳиротий бу шоирнинг номини Хожа Мир Маст эканлигини ва аввал «Фиғоний», кейин эса «Зиё» тахаллуси билан ижод қилгани ва таърих туширишда моҳир бўлганини ёзади ҳамда шоирнинг бир таърихи, қасидасидан бир матлаъ ва ғазалидан бир матлаъ келтиради.

181. Тарж.: Кимки Чин суратига ўхшаган юзингга кўз очиб қараса, шундан сўнг сени томоша қилишдан кўзини узмайди.

182. Тарж.: Жононнинг меҳрсизлигига бундан ортиқ бардош қила олмайман. Эй худо, ул номеҳрибонни менга меҳрибон қилғил.

183. Тарж.: Қонли кўз ёшини рақибдан яшириш учун Мажнуннинг юзи доим деворга ўгрилган эди.

184. Тарж.: Воизимиз ҳар доим май ичишни манъ қилади: ўзи шу майдан бир сипҳорса-ю май уни вайсашдан бир дам тўхтатса, қандай яхши бўлар эди!

185. Тарж.: Бошимда хумнинг тагидаги лойга етишиш ҳаваси бор эди, бадбахтликни қараки, ўшанга ҳам қўлим етолмади.

186. Тарж.: Ул ҳаёт чашмасидирки, одамлар ундан жон топадилар. Аммо у чашмадан менинг оғзимда ҳайрат сувидан бошқа нарса йўқдир.

187. Тарж.: Ёрдан жудоликда иштиёқдан бўлак дардим қолмади. Эй ажал, кела қол, айрилиққа тоқатим қолмади.

188. Тарж.: Кўзимдан ёшлар сел каби тўлиб оқмоқда. Икки кўз ул сел устидаги ҳубоб (қабарчиқ кўпик)дек келмоқда.

189. Тарж.: Ул [ёр] учун ўзимни ўлдирсам, унинг қаҳри келади. Ваҳ, бу қандай қаҳрдирки, у қаҳр туфайли ўзимни ўлдираман.

190. Тарж.: Най оҳанглар замзамаси билан дам урса ҳам, менинг нолам олдида овоз чиқара олмайди.

191. Тарж.: Эй кўнгил, менга унинг сарв каби қомати кўринмаса, жонимга ҳар лаҳзада ҳажр ўқи қадалаверади.

192. Тарж.: Байрам келди, ўзимнинг ойдек гўзалим бўлмагани учун менга шодлик йўқ, барча халқ шод, мендек ғамгин йўқ.

193. «Бу ҳазратким...»— Абдураҳмон Жомий назарда тутилади. Рубоийдаги «бу ҳазрат» Султон Ҳусайн Бойқарони, «ул ҳазрат» эса Жомийни англатади. «...ул ҳазрат ҳақ сари қилди риҳлат» мисраидан Жомийнинг вафот этгани англашилади. Ана шу учинчи мажлис аввалида эса Жомийга ҳали ҳаёт шоир сифатида таъриф берилади. Гап шундаки, Навоий «Мажолис ун-нафоис»ки тўлдириб, унинг ҳар мажлиси алоҳида хотималар ёзган ва асарнинг иккинчн таҳририни яратган. Бу уҳдани шоир 1498 йилда амалга оширган. Бинобарин, бу вақтда Жомий ҳаётдан кўз юмган эди. Юқорида Жомийнииг 1492 йилда вафот этгани тилга олннган эди.

Тўртинчи Мажлис

1. «азҳару мин аш-шамс»—арабча: қуёшдан порлоқ, демакдир. Паҳлавон Муҳаммаднинг камолоти таърифида айтилган.

2. Тарж.: Каъба ва калисода сенинг иршодинг биланмиз, ибодатхона ва майхонада сенинг ёдинг биланмиз. Саҳарда зикринг, шомда эса сенинг дуоларинг биланмиз. Яъни, Неъмат-ободинг етимларимиз. Паҳлавоннинг жавобия рубоийси:

Тарж.: Эй Амир, сен пиримизсан, биз сенинг иршодинг биланмиз. Доим дуогўйингмиз ва сенинг ёдинг биланмиз. Бу шаҳр сенга ёқимли-ю, биз сен билан хушвақтмиз. Биз ўлганмиз, Астрободинг [йўлида] хароб бўлганлармиз.

Аввалги рубоийни Навоий Астрободдан Паҳлавон Муҳаммадга мактубда ёзпб юборади ва жавоб хатида кейинги рубоийни олади. Навоий бу ҳақда «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида ҳам ёзган.

3. Тарж.: Унга айтдимки, сенинг ишқинг оламида ишим ғамдин иборат бўлди. У кулги аралаш мийиғида: «ғам эмас, оламнинг ишидир», деди.

4. Тирзиқ — бир-бирига муносабатсиз равишда бириккан сўзлар.

Келишмаган сўзлардан шеър битиш бўлса керак.

5. Кунгур — девордан чиқиб турган ходани, девор устидаги данданаларни англатади, шунигдек, «беҳаё», «гадой» ҳамда «ноғорачи» маъносида ҳам келади. Навоий Мир Сарбараҳна ёшлигида «кунгур» лақабли Оқил деган йигит билан бирга бўлиб, покликдан қайтиб, унинг йигитлари таъсирига берилган эди, деб ёзади. Мир Сарбараҳна ижодидан келтирилган рубоий мазмунига кўра «кунгур» сўзи биринчи маънода олинган бўлса керак.

6. Тарж.: Қуёш билан ойга топинувчилар сенинг кўзингдан бир назар орзу қиладилар. Рубоийнинг кейинги байти беҳаё мазмунда бўлгани учун таржимаси берилмади.

7. Имтило марази — мечкай, юхо — еб тўймаслик касали. Бундай беморнинг беҳад семириб кетиш ҳоллари ҳам учрайди.

8. «Жавоҳир ул-асмо» — Исмлар жавоҳирлари.

9. Тарж.: Таърихи шундай эди: «Алишер муҳр босди». Навоий таърихнинг тўла матнини келтирмай (камтарлик билан таъриф унчалик тўғри эмас дея), унинг моддасини беради. абжад ҳисобида, 876 (1471—72 й.) иборасидан эса 10 йил тафовути

билан 886 (1481—82 й.) келиб чиқади.

10. Тарж.: Санамнинг дастидан покликнинг этаги йиртилди. Хотир лавҳи-саҳнидан хаёлингдан бошқа нимаики бўлса, ўчиб кетди.

11. Мавлоно Масъуд — Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр»да ёзишича. Масъуд Ширвоний илми калом, мантиқ, фалсафада замона алломаларидан бўлган. У «Ғиёсия» - номли мадрасада ҳам мударрислик қилган. Навоий ҳам унинг баъзи дарсларини эшитган. Фахрий Ҳиротий «Мулло шудан осон аст, одамий шудан душвор» (Мулло бўлиш осон, одам бўлиш қийин) маталини унга нисбат беради. Хондамир Масъуднинг «Ҳошияи шарҳи ҳикмат ул-аъин» деган асари борлигини хабар қилади.

12.: Тарж.: Мастлар кўксини тиниқ майнинг ўткирлиги билан куйдир, менинг куйишимга шаробдан бошқа ҳеч нарса даво бўла олмайди.

13. Тарж.: Мурувватли ва гуноҳ ишларни ёпиб кетувчи подшоҳ даврида Ҳофиз соқий бўлдию, муфтий майхўр бўлди.

14. Тарж.: Кўзимни сенинг юзинг ойинаси қилмоқчи эмасман, киприклардан зулфингнинг анбар таратувчи тароғи қилмоқчимасман.

15. Тарж.: Унинг боши атрофида жон бўлиб қолган кокилингни хаёлингга келтирмаки, паришон қилади.

16. Мир Атоуллоҳ Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ Ҳусайний Нишопурий (тахм. XV аср 40 йиллар, Нишопур — 1513, Машҳад) адабиётшунос олим. «Ато», «Атоий» ва «Атоуллоҳ» тахаллусларида ижод қилган. «Ихлосия» ва «Султония» мадрасаларининг мударриси бўлган. Хондамир «Макорим ул-ахлоқ»да ёзишича, Навоий Мир Атоуллоҳга «Ихлосия» мадрасаси яқинидан «майдони кенг, иморати кўп, ҳавоси гўзал ва суви ширин» ҳовли тортиқ қилган. Олимнинг «Бадоеъ ус-саноеъ» (Бадиий санъатлар) ва «Рисолаи қофия» номли адабиёт назарияси, аруз ва қофия илмига оид асарлари бор, «Бадоеъ ус-саноеъ» Алибек Рустамов томонидан 1981 йил ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди.

17. Мақлуби муставий — араб алифбосида ёзилган, ўнгдан ҳам, чапдан ҳам бир хил ўқиладиган сўз, ибора ёки шеър санъатини англатади.

18. «...сойим уд-даҳр эрди» йил бўйи рўза тутадиган эди, маъносини англатади.

19. «Шаҳр зариф ва шўхлари «Вали, шалоин» ҳам дерлар» — Шаҳр ҳазилкашлари ва шўхлари «Шилқим (хира)лар авлиёси (бошлиғи)» ҳам дердилар. Навоий тушунтиришича, Мир Муртоз ким билан нима масалада баҳс бошласа енгмагунча, мулзам қилмагунча тинчимас экан, яъни одамни хит қилиб ташлар экан. Шунинг учун юқоридаги лақаб билан атаганлар кўринади.

20. Тарж.: Кўнгил олувчининг хаёлидан бошқа нарса кўнгилга келмагунча, йўли устида кўз қорачиғлари назоратчи бўладилар.

21. Мавлоно Ҳусайн Воиз (туғ. йили номаълум, Сабзавор яқинидаги Байҳақ деган жой — вафоти 1505, Ҳирот), тахаллусн «Кошифий» шоир, адиб, воиз. Нишопур ва Машҳадда ҳам яшаган. Жомий ва Навоийга жуда яқин бўлган. Унинг ваъз, иншо, нужум, ахлоқ, тарих, тасаввуф, риёзиёт ва фиқҳ фанларига оид 37 асари бор, жумладан «Анвори Суҳайлий» номли машҳур асари «Калила ва Димна»нинг таржимасидир,

Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида, ўзинииг Абдураҳмон Жомий вафотига ёзган марсиясини катта маъракада Хусайн Воиз Кошифийга ўқитган. Бундан Қошифий шеърларни ҳам гўзал ўқигани ва овози ҳам яхши бўлгани кўринади.

22. «Жавоҳир ут-тафсир» — Тафсир жавоҳирлари.

23. Тарж.: Меҳроб ва минбарда шундай яхши кўринадигаи воизлар хилват жойга борганларида бошқа ишлар қиладилар.

24. Тарж.: Эй сабзак мийиғли [гўзал], тоза қора мушкни ёсуман гулига сепма, [зулф каби] тобланган сунбулни настаран гулига урмагил.

25. Ҳазрат Амир ул-мўъминин Али — ибн Абу Толиб (661 йилда ўлдирилган) исломда «Хулафо ар-рошидин» (тўғри йўлдан борган халифалар), халқ орасида «чорёрлар» деб аталган тўрт халифанинг тўртинчиси. Муҳаммад пайғамбарнинг ҳам амакиваччаси, ҳам куёви (қизи Фотиманинг эри). Исломдаги икки асосий оқимдан бири «Шиа» (арабча, гуруҳ демакдир, бу ерда Али тарафдорларини англатади) оқимини ташкил қилган. Алини, шунингдек, ажойиб саркарда ва қаҳрамон шахс сифатида ҳам кўп китобларда таъриф қиладилар.

26. Тарж.: «Бизнинг Муъинимиз кўп қобилиятли эди, лекин бу ёғоч, зинапоялар уни зоеъ қилди». Бу ерда ваъз ўқиладиган минбар зиналари кўзда тутилади,

27. Тарж.: Баҳор фасли келдими экан, олам қўкаламлашиб, шодликка тўлди, ғўзалнинг висоли етишдимикин, кўнгил васлга ҳамдам бўлди.

28. Бу арабча шеър матнини англаб олмадик.

29. Мирхонд — Муҳаммад ибни Ховандшоҳ ибни Маҳмуд (туғ. 1433, Балх — ваф. 1498, Ҳирот) тарихчи. Отаси Бурҳониддин Ховандшоҳ асли бухоролик бўлган. Мирхонд Навоий таклифи билан «Равзат ус-сафо» (Сафоли жаннат) номли темурийларга бағишланган тарихий асар ёзган. 7 жилддан иборат бу асарнинг 6 жилди Мирхонд қаламига мансуб, 7-жилдини набираси Хондамир ёзган.

30. Тарж.: Кимки оби ҳаётдан қўл ювса, замона Хизри ўшадир, Кимки нафс зулматидан, четга чиқса Искандар ўшадир.

31. Хондамир — Ғиёсиддин ибн Ҳумомиддин Муҳаммад (1475-1534), тарихчи, машҳур тарихчи Мирхонднинг набираси (қизининг ўғли). Ёшлигидан то Навоий вафотигача унинг хизматида бўлган, китобхонасини бошқарган. Хондамир Навоийнинг биринчи биографи ҳисобланади. У «Макорим ул-ахлоқ» асарида шоир шахсияти, фаолияти, ижодиётидан муайян маълумотлар келтириб, унинг шархи ҳолини яратиб беради. Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» (3 жилдли), «Хулосат ул-ахбор», «Дастур ул-вузаро» (Вазирлик учун дастур), «Номаи номий» (Атоқли номалар) каби асарлари маълум. Ҳусайн Бойқаро вафотидан кейин Хондамир Шимолий Афғонистонинг Башт деган қишлоғида яшаб ижод қилади. 1528 йил Ҳиндистонга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳузурига жўнайди. Бобурдан сўнг Ҳумоюн хизматида қолади. Бу пайтларда Хондамир «Ҳумоюннома» деган асар ёзгани ҳақида маълумотлар бор (қаранг: Д. Юсупова. Хондамир ижоди. Шарқшунослик—1 тўплами. Тошкент, «Фан», 1990). 1534 йилда вафот этган Хондамир Деҳлидаги машҳур Низомиддин Авлиё ва Хусрав Деҳлавий дафн этилган қабристонга қўйилган.

32. Мавлоно Ҳамидиддин — Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр»да ёзишича, унинг отаси Мавлоно Шамсидднн Муҳаммад Табодгоний вафотидан кейин Ҳиротда (Хиёбонда) дафн қилинган жойнинг жанубида Навоий хонақоҳ солдирган, Ҳамилиддин шу хонақоҳда тоат-ибодат билан машғул бўлган ва 927-1520-21 й. вафот этган.

33. Тарж.: Гоҳо хаста дилларни ёд қилмоқ керак, бирор кўнгилни худо учун шод қилмоқ керак.

34. «Манозил ус-сойирин» — Сайр қилувчилар манзиллари. Хожа Абдулло Ансорий асари.

35. Б арабча шеър мазмуни очилмади.

36. Тарж.: Жаҳонга керак бу боғдан қандай қилиб ташқарига қадам қўяй, чунки унинг ичкариси жаннат боғи, ташқариси Эрам боғидир.

37. Мир Ихтиёриддин — бу шоир номини «Мажолис»нинг ҳар икки таржимони «Саййид Ихтиёр» тарзида берадилар.

38. Тарж.: Бу ҳавзнинг тозалигидан сўзламоқчи бўлганимда, оғзимни юз марта оби ҳаёт билан юваман. Ҳар чандки, Хизр чашмаси бўлса ҳам таърихини «Кавсар соқийси»дан ахтараман. Шеърнинг таърих моддаси ибораси бўлиб, абжад бўйича 897 (1486—87) чиқади. «Пои Ҳисор» деб аталган ҳавз ана шу йилда битилган экан.

39. Тарж.: Қоматинг хаёли унқусиз кўзларда сув ўртасида ҳар томонга сузган балиқдек айланади.

40. Тарж.: Эй бас энди! Гўзал юзлар менинг тавбамдай, кўп эски тавбаларни бир қарашдаёқ йўққа чиқардилар.

41. Мир Ҳусайн Муаммоий — «Ҳабиб ус-сияр»да шоирнинг узоқ йиллар «Ихлосия» мадрасасида яшагани, турли билимлар ўргангани, муаммода донг таратгани ҳамда 904/1498—99 й. да вафот этгани ва шу мадраса гунбази остида дафн қилингани баён этилади.

42. Тарж.: Ҳилол шаклидаги қошларинг намли кўзлардан нари кетмади. Тўғри, балиқ ҳам дарёдан қуруқликка чиқмайди.

43. Фахрий — «Мажолис»нинг биринчи таҳририда бу шоир йўқ, у кейин иккинчи таҳрирда (1498 йил) киритилган. Форсий таржималар ҳам асос эътибори билан аввалги таҳрир матнидан қилинган. Фикримча, бу «Мажолис»нинг биринчи таржимони Фахрий Ҳиротий бўлиши керак. Фахрийнинг тўла исми Султон Муҳаммад ибн Амир Муҳаммад (туғ. йили номаълум, Ҳирот — ваф. 1562—63, Ҳиндистои) шоир ва адабиётшунос. Асарларидан «Латоифнома» номи остидаги «Мажолнс ун-нафоис» таржимаси. 189 нафар янги шоирлар ҳақидаги маълумотни илова қилган. «Туҳфат ул-ҳабиб» (Дўстлар туҳфаси), «Жавоҳир ул-ажойиб», «Равзат ус-салотин» (Султонлар жаннати) каби турли мавзудаги асарлари ва «Саноъ ул-ҳасан» (Гўзал санъатлар) номли бадиият масалаларига бағишланган рисоласи, «Радойиф ул-ашъор» деган ҳар-хил шоирлар шеъриятидан радифлар бўйича тузилган мажмуаси маълум. Шунингдек, Фахрий қаламига «Ҳафт кишвар» (Етти мамлакат) номли афсона, асотирлар ва ахлоқий масалалардан бахс этувчи асар ҳамда тахминан 5 минг байтдан иборат шеърлар девони ҳам мансуб, деган маълумотлар бор.

44. Эй сарви нозанин, ҳеч вақт сенга дил меҳрибон бўлмаган деб айтдинг. Сендан [менинг] бундай гумоним бўлмаган.

45. Сайид Жаъфар Муҳаммад Қазвиний ёзишича, бу шоирнинг девони ўша даврларда машҳур бўлган экан.

46. Тарж.: Гўзалим зулм занжирига қўл солиб, Ҳизр оби ҳаётини ташна одам ёдидан кўтарди.

47. Мир Саййид Ҳусайн Абивардий — Камолиддин Ҳусайн, шоир Навоий хизматида бўлган. Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”да унинг Ироқда Яъқуб Мирзо саройида бир неча йиллар бўлганини ёзади ва қуйидаги мароқли лавҳани келтирадн. Навоий бу шоирни Султон Яъқуб Мирзо ҳузурига Жомийнинг куллиёти ва бир нечта бошқа асарлар билан жўнатади. Шоир етиб борганида Султон ундан йўлда зерикмай келдингизми?, деб сўрайди. У, Жомий ҳазратларининг китобларини мутолаа қилиб келдик, дея жавоб қилади. Кейин маълум бўладики, китобдор Жомий куллиёти ўрнига бошқа асар бериб юборган ва шоир уни очиб ҳам кўрмаган экан. Бу воқиадан Навоий воқиф бўлгач, Камолиддин Ҳусайндан жуда ранжиган, кейинчалик унга ҳеч қачон илтифот кўрсатмаган. Сўнгра у Балхда Бадиуззамон Мирзо хизматида бўлиб, юқори лавозимларга кўтарилган. Шайбонийхон даврида эса элчилик қилган.

48. Тарж.: Юзинг қуёшига дунё қулдир. Юсуфга Яъқуб деб от қўйибдилар. Навоий бу байт ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан паст савияда ёзилгани ҳақида фикр билдиради. Муҳаммад Қазвиний эса, агар Навоий «Юсуфга Яъқуб деб от қўйдилар» тарзида эмас, «Юсуф номини Яъқуб қилдинг» дея ўқиганда эди, ҳар жиҳатдан шеър яхши чиққани маълум бўлар эди, деб ўз фикрини илова қилади.

49. Тарж.: Бирор дам дунё дастидан қутула олмадим. Эй соқий, кел, бир нафас майпарастман.

50. Тарж.: Биз доим мастдирмиз; майхонадан нима гинаю, қадаҳларнинг тўла ва камлигидан нима гина!

51. «рушд осори зоҳирдур» етуклик белгиларин кўриниб турибди, демакдир.

52. Тарж.: Жаҳонда сенинг ғамингда юрган мендек бошқа бир киши нўқ. Юраги куйган, ёлворучан одам йўқ. Ғам ва дардимни очиб ташлашни истайман, бироқ нима қилайки, ҳеч ҳамдард йўқ.

53. Мавлоно Сафий — Фахриддин Али Сафий (туғ. 1463, Сабзавор— ваф. 1533, Ҳирот) шоир ва адабиётшунос. Унинг асарларидан «Рашаҳоти айн ул-ҳаст» — нақшбандия силсиласи ҳақида, «Маҳмуд ва Аёз» — Низомий «Лайли ва Мажнун»ига жавобия тарзида ёзилган, отаси Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Асрорн Қосимий» рисоласининг қисқача баёни, «Латойиф ут-тавойиф» (турли табақаларнинг латифалари) маълумдир. Али Сафийнинг «Латойиф ут-тавойиф»дан танлаб олинган баъзи ривоятлар К.Қаҳҳорова ва С.Иномхўжаевлар томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган.

54. Тарж.: Лаълдек қизил лаб ва хуш ис билан келибсан; ажойиб безак билан ундан чиқибсан.

55. Тарж.: Масиҳ агар унинг оғзидан бир оғиз сўз эшитса, уялганидан ортиқ дам уришга ҳам мажоли қолмайди.

56. Мавлоно Абдулвосеъ — шоир, иншо фанида моҳир Навоийнинг яқин суҳбатдошларидан. Хуросоннинг Нури деган вилоятида дунёга келган. Восифий «Бадоеъ ул-вақоеъ»да Абдулвосеъ Навоий шарафига Ҳирот яқинидаги Барза деган жойда берган зиёфатда қатнашгани ва унга нисбатан қилинган ҳазлга ғоят зукколик билан жавоб берганини ҳикоя қилади. Навоий шоирга берган алоҳида мақоласида ҳам унинг ана шу хислатини таъкидлаб ўтади.

57. Хожа Деҳдор — Хожа Ҳофиз Ғиёсиддин Деҳдор Жомий ва Навоийларга яқин, суҳбатдошлардан. Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да Хожа Деҳдор ҳақида алоҳида лавҳа келтиради: Ҳусайн Бойқаро ва Навоий Жомийга таом ва егулик нарсалардан насиба илинганида Хожа Деҳдор орқали юборар эканлар. У эса олиб борган нарсаларидан ўзи мириқиб еб келар, пул-мулдан ҳам олиб қолар экан. Шулар ҳақида Жомий рубоий, қитъалар битар экан. Навоий асарида ана шундай шеърлардан 4-тасини келтиради. Бу ерда Навоий Хожа Деҳдорнииг яна бир хусусиятини моҳир тақлидчи эканлигини ҳам қайд қилади.

Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да ёзишнча, бир куни Хожа Деҳдор Жомийни тушида кўрибди, улар «Қуръон ўқи», дебдилар. Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллаган (1469 й.)дан сўнг, 7—8 йил олдин кўрган тушини Хожа Деҳдор Навоийга сўзлаб беради. Навоийнинг тавсияси ва ҳаракати билан Хожа Деҳдор Қуръонни ёдлаб, яхши ўқийдиган ҳофиз бўлиб етишибди. Жомий вафотидан бир неча соат олдин Навоий топшириғи билан Астрободга юборилган Хожа Деҳдор Ҳиротга жадал қайтиб келади. Иттифоқо Жомий бошида Қуръон тиловат қиладиган ҳофиз йўқ экан, дарҳол Қуръон ўқий бошлайди, хатм қилиши асносида Жомийнинг жони узилади. Навоий сўзини Жомий каромати 30 йилдан зиёд вақт ўтгач натижа берди, деб якунлайди.

58. Тарж.: Мушк сенинг мийиғинг хатлари билан тенглашиш лофини уради қандай бебошлик! Бизнинг таъна қилувчи қора юрагимиз янглишган.

59. Тарж.: Эй кўзинг қароқчиси камонига ўқни қатор терган! Янги ой қошинг камонидан бир чеккага яширинди.

60. Тарж.: Сочинг тугунларини тишим билан ечишни истайман, бироқ бу савдодан девона бўлиб, занжир чайнайман.

61. Тарж.: Эй бевафо, бизга висолинг қачон насиб бўларкин; ғаминг жунунидан менда ҳушёрлик қайда!

62. Бу муаммони Муҳаммад Қазвиний келтиради.

63. Садр—арабчада кўкрак, кўкс демакдир.

64. тескари ўқилса бўлади. Яъни «занг» қўнғироқ маъносини англатса, «канз» хазина демакдир.

65. «ҳисси шомма» — ҳид билиш ҳисси, «мажмумот» — ҳидли, муаттар нарсалар: Бу ерда Мавлоно Нурнинг соддалигини кўрсатувчи бир воқеа тафсилоти келтирилган.

66. Тарж.: Кўйлагинг нилуфар рангли, мен унга ҳайрон қоламан, чунки ҳар куни унинг ёқасидан қуёш чиқиб келади.

67. Султон Али Машҳадий — Низомиддин (тахм. 1432, Машҳад —1520, шу шаҳар), машҳур хаттот, насхтаълиқ хатининг моҳир устаси. Манбалар уни жуда чиройли бўлган, деб қайд қилади. «Қиблаи ул-куттоб» (Котиблар қибласи), «Зубдат ул-куттоб» (Котиблар сараси), «Султон ул-хаттотон» (Хаттотлар султони), «Котиб ус-султоний» (Салтанат котиби) деган лақаб-унвонларга сазовор бўлган. Устози Азҳар хаттот тавсияси билан Ҳиротга юборилган. Шайбонийхон келгандан сўнг Машҳадга қайтган ва шу шаҳарда дафн этилган. Султон Али Машҳадий қаламига хаттотлик илмига оид «Сирот ут-сутур» (Сатрлар йўли), «Сирот ул-хат» (Хат йўли), «Мидод ул-хутут» (Хатлар сиёҳи) каби шеърий асарлар мансубдир. Кунларнинг бирида Ҳусайн Бойқаро унга «Мен учун бир қабр тоши ёз» деганида, Султон Али: «Шоҳимнинг бу фармонлари жуда узоқ муддатга қаратилади» — дейди. Шоҳ кулиб: «Биз ҳам жуда яқин вақтда ўлмоқ хаёлида эмасмиз. Сиз ҳам кўп тезкорлик қилманг» деб жавоб қилган экан. Султон Али Навоий асарларини кўчирган. Жумладан, шоирнинг Илк девони ва «Наводир ун-ниҳоя» номли иккинчи расмий девони (1488), “Хазойин ул-маоний”дан интихоб-танланма (1492—93)лардир.

68. Тарж.: Кўз ёшларим қонли юрагимдан намуна бўлгани каби баҳор чоғида гул ул гулранг юздан намунадир.

69. Тарж.: Ишқинг ор-номус ва обрўни ўтга солди катта-кичик барча халқнинг бор-йўғини елга совурди.

70. Тарж.: Эрта баҳорда агар гул сабзалар орасидан униб чиқса, сенинг майин хатларинг янги гул барглар (орасидан) унади.

71. «Муту қабла ан тамуту» — арабча, ўлишингиздан илгари ўлинг, демакдир.

72. Тарж.: Эй кумуш иякли [гўзал), мендан ўзгага юзингни кўрсатма, чунки кучли рашкимдан жоним танамдан чиқиб кетади. [Барча] халқ кўзининг мардумаки — қорачиғи бўлишни истанман, токи сенинг юзингни мендан бўлак ҳеч ким кўрмагай.

73. «Ал-уҳдату алар-ровий» — арабча. Сўзнинг тўғри-нотўғрилиги айтган кишининг бўйнига, демакдир.

74. Тарж.: Менинг кўзимга нур ул сипоҳнинг йўли гардидан келди, худога шукурки, кўзимнинг нури йўл тўзонидан келди.

75. Тарж.: Эй сабо, ул (гўзал) жамоли боғини тамошо қилдингми? Гулнинг ғунчасини очилтиргандек — сени изтиробда кўраяпман.

76. Бедилий — шоиралар ҳақида маълумот берувчи тазкираларда, жумладан Могаи Раҳмоний хонимнинг «Парданишинони сухангўй» (Парда остидаги сўз санъаткорлари) номли асарида Бедилий Ҳиротда анчайин маълум шоира бўлганлиги қайд қилинади.

77. Тарж.: Ул сарвнинг гўзал юришини кўрмоқ учун боғга бораману наргис гулидан икки кўз қарз оламан.

78. Тарж.: Мен бечора кўчанг бошида ҳарчанд тентираб юрсамда, кўнгил оҳи ва кўз ёшидан бошқа ҳеч нарса кўрмадим.

79. Бобо Али Хушмардон — Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр»да ёзишича, покиза рўзгор ва ширинсухан дарвеш бўлган. Абулқосим Бобур Мирзо Машҳадда қишлаган йили унинг хизматига етишиб, шоҳнинг, илтифот ва иноятига муяссар бўлган.

80. «даржий битиб эрди»—дарж — бирор мақсад ва масала юзасидан рисола, нома каби асар ёзмоқни англатади. Хожа Маҳмуд яхши хаттот бўлгани туфайли олти асл қалам ва уларда ёзиладиган ҳусни хат ҳақида шундай китоб тузган кўринади.

81. Бу таърих моддаси ибораси бўлиб, абжад қоидасига биноан 897 (1491—92) чиқади.

82. Устод Қулмуҳаммад — уд асбобини яхши чалгани учун Устоз Қулмуҳаммад Удий номи билан донг таратган. Самарқандда ҳам узоқ муддат яшаган, таҳсил олган ва ижод қилгани ҳақида маълумотлар учрайди. «Ушшоқ», «Наво», «Ҳусайний» каби мақом йўлларида пешрав, қавл, кор, амал ва нақшлар яратган. «Пешрави Удий», «Савти Нурий», «Амали Удий», «Савти Удий» номли таснифлари Хуросон ва Мовароуннаҳрда машҳур бўлган. Бу санъаткор Ҳирот маданий марказининг ҳам йирик арбобларидан бўлган. Восифийнинг ёзишича, Маждиддин Муҳаммад Навоий шарафига зиёфат уюштирганда Устод Қулмуҳаммад ҳам қатнашган. Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да Устод Қулмуҳаммадни кичиклигида мусиқий билимларни пухта эгаллаши учун Бу — Алишоҳ деган давр алломасига тавсия қилганлигини қайд этади.

83. Тарж.: Ул паризод юзининг меҳри орқали жунун одат бўлди. Шу жиҳатдан мен девона халқнинг тилида достон бўлдим.

84. Тарж.: Бу шундай мақом-жойки, бунда гардга буланган чеҳра яхши; дардмандлигу муҳтожлигу кўп дардли дил яхши.

85. Тарж.: Бир мусофирки, сафарда бирга бўлмайди, мен бехабарман, ундан менга хабар келмайди.

86. Тарж.: Эй шайх мени тавба қилдириб, ўзингни изтиробга солма. Худо розилиги учун менга азоб берма.

87. «алайҳит-таҳияти вас-сано»—арабча: унга оллоҳнинг дуо ва мақтови бўлсин.

86. Тарж.: Бирор айш ва фаровонлик шунга баробар келадимики, эрта билан уйқудан бош кўтарсаму, сенинг юзингни кўрсам.

88. «барот наменависад» — форсча: пул олиш ҳужжатини ёзмаяпти, демакдир.

90. «Рангининг ҳумрати бор учун мутойиблари ани «сурх қалб» дерлар — рангида қизиллик бор учун ҳазлкашлари уни “қизил қалб” дердилар.

91. Тарж.: Дилнинг қонхўри [бўлган] сенинг лаъл лабингдан қайта жон топдим, бундан кейин кўчанг бошида бизни ва кўнглимиз зорини кўр!

92. Тарж.: Кекса бошимдан тоза ниҳол ўсиб чиқди. Ул ниҳолнинг меваси ғам, ғусса ва жигар қони бўлди.

93. Тарж.: Кўнгил овловчи сарв [қоматинг] шавқидан нолагар бир қумриманки, [эгма] қошинг тузоғидан бўйнимда сиртмоғим бор.

94. Тарж.: Ғам ўти тезланса, сабру тоқатим қолмайди; бу ўт алангасида бир нафас ўтирсам, юз марта ўрнимдан тураман.

95. Хожа Ҳусайн Кирангий — Хожа Камолиддин Ҳусайн бен Жалолиддин Қанбар Кирангий шоир, давлат арбоби. Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»да Хожа Ҳусайн садр эканида уни неларнидир ўзлаштиришда ва алдашда айблаб, шоҳга ёмон кўрсатадилар. Шундан сўнг у истеъфога чиқади ва қолган умрини фароғатда ўтказади. Хондамир ҳам Навоий каби Хожа Ҳусайннинг пок ва диёнатли одам бўлганини эътироф этади. Хожа Ҳусайн Ҳиротнинг Жомеъ масжидининг қибла тарафида дафн қилинган экан.

96. Тарж.: Сенинг ёдингдан бошқа ҳеч бир оҳ юракдан чиқмайди. Сенинг хаёлингдан бошқа ҳеч бир сурат кўзга кўринмайди.

97. Тарж.: Анча вақт бўлдики, ул пари пайкар кўзга кўринмаяпти, дилимда жонлашиб олдида, энди кўзга кўринмаяпти.

98. Тарж.: Зор дилим номеҳрибон [гўзал]нинг зулфидан жой олди; агар [ишқ] савдосидан паришонҳол бўлса, у ҳам ўринлидир.

99. Тарж.: Кечалари ул жингалак соч толалари шунчалик чирмашадики, бу ҳол бало занжири гирифторларига кам етишади.

100. Тарж.: Эй сабо, менинг отли [гўзалим] йўли гардидан келтир; бу ёш тўкувчи кўзим учун тўтиёдир.

101. Тарж.: Бир муддат дўстлардан жудо бўлган эдим, машаққат ва дардга мубтало бўлган эдим. Агар ёр мен билан ошнолик қилмаса, қариндош ва ошнолардан бегона бўлардим.

102. Тарж.: Агарчи жаннатда ёқимли шабода ва кавсар суви бўлсада майфуруш уйиниг об-ҳавоси бошқачадир.

103. Ҳожа Абдуллоҳ Садр — Хожа Шиҳобиддин (ваф. 1516, Ҳирот) шоир, олим, мунши, мусиқашунос, бастакор ва созанда. «Баёний» тахаллуси билан шеърлар ёзган. Ҳусайн Бонқаро салтанатида муҳрдор, вазир ва парвоначи (қабулгоҳ масъули) лавозимларида ишлаган. «Хусрав ва Ширин» достони ва «Мунис ул-аҳбоб» (Дўстлар муниси) номли рубоийлар мажмуаси, «Тарассул» номли ҳукмронларнинг фармонлар, фатҳнома, давлат мактублари, шахсларнинг хатлари (масалан, Хожа Аҳрор, Жомий, Навоий, Ҳусайн Бойқаро) жамланган тўплами маълум ва машҳур бўлган.

104. Хожа Муҳаммад Марворид — Хожа Шамсиддин Муҳаммад Марворид — Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»да ёзишича (ваф. 409/ 1498—99, Ҳирот), асли кирмонлик, давлат ва дин арбоби. Мирзо Жаҳоншоҳ Туркман салтанати замонида Ҳиротга келган. Абу Саид даврида вазирликда муҳрдор бўлган. Самарқандда ҳам бироз яшаган. Кейинчалик Хожа Абдуллоҳ Ансорий мозорини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бошқарган. Абдуллоҳ Марвориднинг отаси.

105. Тарж.: Кўнгил ул дилнавознинг оғзи ва гўзал кокилини топиб, тириклик сувини ичди-ю, узун умрга эришди.

106. Тарж.: Эй ҳамдам, ул [дилбар] билан сўзлашувинг шукронасига менинг ҳолимдан ҳам оз-моз айтиб берсанг нима қилади?

Бешинчи Мажлис

1. Амир Давлатшоҳ — қаранг: ушбу китоб, 213-бет, 11-изоҳ.

2. «Мажма уш-шуаро»—Шоирлар йиғини. 892. (1486—87) йида яратилган тазкира. Муҳаммад Рамазоний томонидан Э.Браун муқаддимаси ва ўзининг сўз бошиси билан Теҳронда нашр этилган.

3.Тарж.: Қандай яхши! Юзинг қуёшидан жаҳон кўзи равшан, ул равшанлик кўз орқали кўнгил уйини равшан қилди.

4. Мир Ҳусайн Али Жалойир — шоир, арбоб. Заҳириддин Бобур ёзишича, отаси Али Жалойир Абулқосим Бобур бекларидан бўлган. Ўзи эса Ҳусайн Бойқаро саройида қушбеги бўлган. Қасидани яхши ёзар экан. 917 (1511—1512) йилларда Бобур Самарқандни олганида 5—6 йил унинг қошида бўлиб, яхши қасидалар бағишлаган. Навоийнинг иниси Дарвеш Алининг хотини Офоқ бегим ана шу Ҳусайн Али Жалойирнинг қизи бўлиб, шеърият соҳасида зукко қобилияти бор экан. Лекин Бобур Ҳусайн Али анчайин бевош, қимор ўйнаш ишқибози бўлганлигини қайд қилиб ўтган.

5. Тарж.: Худога шукрки, одил шоҳнинг меҳрибончилиги билан яна бир йўла гулим тикандан, тикан оёғимдан, оёқ эса лойдан чиқди.

6. Тарж.: Гўзалнинг бўстон сайрида гулдан оёғи озор топади. Киприклари тикани бор учун мен қандай қилиб уни кўзим билан қидирай.

7. Мир Ҳайдар—Навоийнинг жияни, шоир. Халқ орасида «Ҳайдар телба» номи билан машҳур. Навоий Астробод ҳокими эканлигида Ҳайдарни баъзи расмий топшириқлар билан Ҳиротга юборади. Норасмий бир зиёфатда Навоийга суиқасд қилингани, унга ошпаз заҳар қўшилган таом бермоқчи бўлганини хабар қилади. Ҳусайн Бойқаро бундан воқиф бўлгач, Навоийга мактуб йўллайди. Навоий эса Ҳайдарнинг айтганларини бутунлай рад этади. Шоир мактубларидан бирида шоҳ наздида Ҳайдар гуноҳидан ўтганлиги учун миннатдорлик изҳор қилади. Лекин 1498 йилда Ҳайдар Сабуҳий қатл этилади. Бу Навоий учун катта мусибат бўлади, чунки Ҳайдарни шоир ўзи тарбиялаган бўлиб, уни фарзанди ўрнида кўрар эди.

8. Тарж.: Лаъл лабинг майми ёки тоза асалми? Ўзинг айтгил, бу иккидан қай бири? Юзингдаги терми ёки гулобми? Ўзинг айтгил, бу иккидан қай бири?

9. Алоуддавла — Шоҳрух Мирзонинг набираси, Бойсунғур Мирзонинг ўғли. Ҳирот атрофларидаги ерларни идора қилган.

10. “Абдолнома” — авлиёлар ҳақидаги китоб.

11. Тарж.: Бемор кўзларидан дилимда юз хил алам бор эди, ўз кўзи билан кўрмагунча, бу аламга ишонмади.

12. Султон Ҳусайн — Навоийнинг акаси Баҳлулбекнинг ўғли.

13. Тарж.: Жонондан айрилиш менга беҳад мушкул кўринади. Эй мусулмонлар, ширин жон билан хайрлашиш қийиндир.

14. Муҳаммад Солиҳ (туғ. 1455, Хоразм — ваф. 1535, Бухоро) — шоир, тарихчи, давлат арбоби. Хоразм ҳокими Нур Саидбек оиласида туғилган. Бобоси Амир Шоҳ Малик — темурийлар, жумладан Улуғбек Мирзо хизматида бўлган. Муҳаммад Солиҳ дастлаб Хоразмда, сўнгра Ҳиротда тахсил олган. Ҳусайн Бойқаро саройида, кенинчалик Шайбонийхон хизматида бўлган. 1500 йилларда Бухоро доруғаси ҳокими қилиб тайинланган. Муҳаммад Солиҳ «Шайбонийнома» номли тарихий достон яратган. Унинг ягона қўлёзма нусхаси Венада сақланади. Бобур Муҳаммад Солиҳ ҳақида «Шарир (ярамас) ва золим табъ ва бераҳм киши эрди», деб ёзади.

15. Тарж.: Кокил ёрқин ойдек юзини ёпиб турар экан, паришон эмасман. Охири тонг бўлганидан кейин тун қоронғилигидан нима ғам?

16. Тарж.: Эй носиҳ, ақлу дониш кўйида бизга раҳнамо бўлма. Ихтиёримиз ўзимизда эмас, жунун қай томонга йўлласа, ўша томонга кетаверамиз.

17. Тарж.: Жононимнинг қиссаси келиб чиқармикан [дея] мажлисда ҳамиша гўзаллар тўғрисида сўз юритаман.

18. Алайкабек — Ҳусайн Бойқаро бекларидан.

19. Тарж.: Дилим дардининг давосини қаердан қидирай, қаерга борай, нима қилай, дилим аҳволини кимга айтай?

20. Мир Валибек — Ҳусайн Бойқаро бекларидан. Бобур у ҳақда «Султон Ҳусайн Мирзо тахт олғондан сўнг хили, умр топмади, бот-ўқ ўлди. Мусулмон ва намозгузор ва турк ва содиқ киши эрди», деб ёзади.

21. Тарж.: Дилбарим фироқида масжидга бориб, сажда қилиш баҳонасида бошимни ерга ураман.

22. Тарж.: Ҳеч ким мени ғамсиз кўрмаган, мендек ғамдийдани ғамнинг ўзи ҳам кўрмаган.

23. Тарж.: Қамон қошли гўзалим, мен дилхастани ўлдирдинг; менга қарата бир ўқ узгин, токи мен қайта тирилайин.

24. Тарж.: Агар оҳим елидан қуёш билан ойнинг чароғи ўчмаган бўлса, нима учун ғаминг тунида бутун олам кўзимга қоп-қоронғу кўринди?

25. Тарж.: Ул кеча чеҳранг шамъини ял-ял ёндирганингда менга раҳм қилмай, худди парвонадек куйдирдинг.

26. Тарж.: Лабинг ва тишинг хаёлидан кўзларим жиққа ёшдир; бу худди тошлари ёқут ва дур бўлган анҳорга ўхшайди.

27. Абдуқаҳҳор — Навоий бу шоирнинг муаммо фаниға қобилияти бор, деб таърифлайди. Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»да икки жойда Мавлоно Шарафиддин Абдуқаҳҳор деган шоир Абулқосим Бобур ҳамда қози Қутбиддин Муҳаммадлар вафотига туширган икки таърихини келтиради.

28. Тарж.: Ёқамнинг зиҳини унинг итига бўйинбоғ қил, токи ҳар дамда этагимга қадар йиртилиб тушмасин.

Олтинчи Мажлис

1. Аҳмад Ҳожибек — қаранг ушбу китоб, 242-бет, 137-изоҳ.

2. Тарж.: Танимдан жонимни олиб кўп занжирли сочинг билан боғладинг; юзингдан пардани очиб (у билан) кўзимни боғладинг.

3. Хожа Хурд авлиёлик рутбасига эришган Бобо Худойдод деганнинг вафотига таърихини туширган. Абжад ҳисобига кўра 862 (1457—58) й. келиб чиқади.

4. «Вақфия»—Навоийнинг насрий асари. 886 (1481—1482) йилларда ёзилган. Моҳиятан икки қисмдан иборат: биринчн қисмда Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро саройига махсус фармон (маншур) билан таклиф этилгани, саройдаги нуфузи, давлат арбоби сифатидаги кўп қиррали фаолияти ҳақида, ўз ихтиёридаги даромаддан бир оддий киши рўзғори учун зарурини олиб қолиб, қолганини навкарлар, черик, мадраса, масжид, хонақоҳларга ва уларнинг аҳлларига ҳамда ҳар хил бинолар, турли иншоатлар қуриш учун сарф қилгани тўғрисида фикр юритилади; иккинчисида эса Навоийнинг хайрия ишлари ва вақф қилдирган мулк, ерлари, вақфия жойлардаги идора усуллари, хизмат учун белгиланган лавозимлар, маош, тартиб-қоидалар, маросимлар, бинолар таъмири баён этилади. Асар халқпарварлик руҳи билан йўғрилган. Навоий шахсиятидаги нурли чизгиларни намоён қилади.

5. —таърих моддасидан абжад ҳисобида «Вақфия» ёзилган 886 (1481-1482 й.) чиқади.

6. Тарж.: Шайтонсифат дев Абулбараканинг жоии еттинчи дўзах бўлсин!

7. Тарж.: Ул жувонмарг Пири Сесадсола устини буғайди, агар шу одам пир бўлиб қолгудек бўлса, мен ҳеч бир пирга мурид бўлмайман.

8. Амир Маҳмуд Барлос — Бобурнинг ёзишича, Маҳмуд Барлос Абусаид Мирзонинг учинчи ўғли Султон Маҳмуд Мирзонинг бекларидан бўлган. Ҳарбий салоҳияти бор бўлиб, шеърият билан шуғулланган. Девон тартиб қилган шоир.

9. Тарж.: Менинг юзим сувдан ҳам тиниқ дема. Менинг назаримда у офтобдан ҳам равшанроқдир.

10. Дарвеш Шуҳудий — «Мажолис»нинг ҳар иккала таржимони бу шоир номини Мавлоно Фоний деб берадилар.

11. Тарж.: Муҳаббат аҳли танидаги бу доғлар, дард тоғига қўйилган ҳасрат ёмғирларидир.

12. Тарж.: Оғзингни очгил, ширин лабингдан ширин кулгингни кўрсатиб шакарнинг қийматини, қанднинг нархини туширгил.

13. Тарж.: Нозик тили билан такаллум бошласа, унинг тили ғунча оғзидан кўринган гул баргига ўхшайди. Бу байтнинг иккинчи мисраси муаммо бўлиб дейди Фахрий Ҳиротий “Мирам” — исми чиқади.

14. Таблбоз, баҳл — овчилик ашъёлари — довун ва қўлқоп.

15. Тарж.: Агар остимда эгарланган от бўлганда эди, жаҳон мулклари қўл остимда бўларди.

16. Тарж.: Дил ул қўш зулфнинг бандига тушишини истамайман; нега энди мен туфайли бошқа бир дардманд балога учрасин?!

17. Тарж.: Ташналик кунида оқар сувни ҳавас қилмаймиз; тиғинг дамини тамоғимизда кўрсак, шунинг ўзи бизга кифоядир.

18. Тарж.: Ул қош ўқининг захм етказишига кўнгилнинг гумони йўқ, шу сабабдан иккинчи захм еткариши учун оғзида ҳасрат сувини сақлайди.

19. Тарж.: Юзингга ошиқликда кўзларим шу даражага етганки, рашкдан бир-бирини кўра олмайдилар.

20. Розалик санъати — бўёқчилик, тош йўниш, тош териш ҳунарини англатади. Баъзи луғатларда сувоқчи маъноси ҳам берилган.

21. Тарж.: Эй шамъ, агар кечаси мен билан ҳамнафас бўлсанг, равшан бўл, дейишдан бўлак яхшироқ дуо борми?!

22. Дарвеш Деҳакий — «Мажолис» таржимони Муҳаммад Қазвиний ўзидан илова қилиб, ёзади: — Дарвеш Деҳакий ҳамшаҳарим эди. Мен у билан кўп суҳбатлашганман. У ғоят камсуқум одам эди, танпарастлик унга бегона эди. У тўқувчилик ҳам қилар эди.

У карбос (дағал ипли газлама, бўз) деган матони яхши тўқир, харидор топилса, арзон-гаров бериб юборарди. Шоҳлар дастурхонига кўз тикмас, таомини емас эди. Султон Яъқубхон Дарвеш Деҳакийни ҳузурига чорлаганда у бир байтни ўқибди. Унинг биринчи мисраи маъноси шундай экан, «Агар унинг ўқи олдимга йўналса, орқамга қалқон тутаман». Буни эшитган шоҳ таажжуб қилиб, ўқдан сақланиш учун орқага қалқон тутиши нимаси? — деганда, шоир: «Сабр қилинг иккинчи мисраъин эшитинг дебди: «Токи унинг ўқи — новакининг чиқиб кетиш йўли бекилсин». Шоҳ шунда лол қолиб, шоирга: «Нимаки тилагинг бўлса айтгил, бош устига бажараман» —дебди. Шоир «Дўстга дўстдан яхши нарса йўқ» — деб жавоб берибди. Шоҳ яна фикрини қайтарганда, шоир: «Боғларимдан олинаётган хирождан озод қилсангиз», — дебди. Шоҳ бажарибди. Муҳаммад Қазвиний Дарвеш Деҳакийнинг яна 8 байтини келтиради.

23. Тарж.: Девордаги сувратга ўхшаб жонсиз бўлиб қолганман; Орқамни деворга қилиб, юзимни сенга ўгириб, ҳайронликда қолганман.

24. Тарж.: Тикан юлқилаб юрувчи Лайлининг туясидан бошқа, Мажнуннинг йўловчилигидан кимнинг ташвиши бор.

25. Қози Исо — Муҳаммад Қазвиний Навоий сўзларига илова қилиб, «Қози Исо Султон Яъқубхонни ҳамиша адолатга ундар эди. Адолат билан кўпчиликнинг қалбида ҳурмат иморатини қурган эди», деб ёзади ва Султон Яъқубнинг ҳамширасини (сутдош синглисини) яхши кўриб қолгани, Султон уларнинг қовушиши йўлида урингани, лекин туркларга хос жоҳиллиги устун келиб, бу ишдан қайтганини ҳам баён этади. Шоир шеъриятидан яна 6 байт келтиради.

26. Тарж.: Ҳар ким гулшан ва гулзор гашти билан машғул, биз ва ғунчадек дилимиз ўз гирифторлиғимиз билан оворамиз.

27. Шайх Нажм — Муҳаммад Қазвиний Навоий билан бу шахс орасида мактублар орқали муносабатлар боғланиб турганини қайд қилади ва шоир шеъриятидан яна 8 байт келтиради.

28. Тарж.: Бир қонхўр кўз шўхлик билан юрагим қонини ичади, ул фитна қўзғатувчи жон офати ва ситамкор экан.

29. Хожа Афзал — Хондамирнинг «Дастур ул-вузаро» (Вазирлар дастури) асарида бу шоир ва давлат арбобининг номи Хожа Афзалиддин Муҳаммад Кирмоний тарзида, «Кирмон шоирлари тазкираси» номли китобда (тузувчи Эрон олими Ҳусайн Бехзодий) эса Хожа Афзалиддин Маҳмуд бен Хожа Зиёвиддин Муҳаммад деб берилади. Фазлу камолотда, давлат девони ишларини тартибга солишда беназир бўлган Хожа Афзал 878 (1473) йилда вазирлик лавозимини эгаллайди. 1487 йилда Ҳусайн Бойқаро Марвда қишлаб қолган пайтида Маждиддин Муҳаммад Хожа Афзал пайига тушади. У эса Астрободга Навоий ҳузурига паноҳ истаб келади. Навоий маслаҳати билан Хожа Афзал Ироқ ва Озарбайжонга Султон Яъқуббек қошига жўнайди. 893 (1488) йилда Хожа Афзал ҳаж сафарига боради. 903 (1497—98) йилда эса Ҳиротга қайтади ва Навоий қўллаб-қувватлаши билан яна вазир, кейинчалик девон боши қилиб тайинланади. Хондамир ёзишича, Хожа Афзал мансабдорлик вақтида мадраса ва хонақоҳ қурдирган зкан. У 906 (1501) йил ражаб (февраль) ойида вафот этган. Ҳирот Гозургоҳида Хожа Абдуллоҳ Ансорий ёнига дафн қилинган.

30. Тарж.: Ҳар бир аланга дунё экинзорида уруғ боғлагунча кўнгил ўти жон хирмонини елга совуради.

31. Тарж.: Ҳеч вақт кўнглим қора хол хаёлисиз яшамади; бу девона дил ҳеч қачон бир қора холдан холи бўлмади.

32. Тарж.: Эй жаҳонни барпо қилган, йўқлик [дунёсида] вужуд учун жавоб берувчи [ҳам] ўзингсан.

33. Мавлоно Шаҳидий — «Мажолис» таржимони Муҳаммад Қазвиний илова қилиб, Ироқдан Хуросонга келганида Шаҳидий Абдураҳмон Жомий суҳбатига мушарраф бўлганини ва ўзи билан кўп суҳбатларда бўлганини ёзади. Шаҳидий 1 йилча Қазвинда яшаган ва Гилон Султони Мирзо Али бу шаҳрга келганда шоирга анча тилло пул инъом қилган экан. У эса тиллоларни уйнинг бурчагига тўкиб қўйган ва ёронларидан кимда зарурат бўлса, олиб сарф қилаверган экан. Шоирда мол-дунё ҳирси бўлмагани сабабли уни девона дер эканлар. Шаҳидий бир неча муддат Яъқуббек мусоҳиби бўлган, кейин Ҳиндустонга кетган. Ҳозир, дейди Муҳаммад Қазвиний Гужаротдадир.

Бу шоирдан сўнг таржимон Гулханий деган Шаҳидийнинг жияни (хоҳарзодаси) ҳақида маълумот ва 5 та байтини келтиради. Ниҳоятда абдол-девона ва урушқоқ бўлган бу одамга Навоий салбий муносабатда бўлган, ҳатто Ҳиротдан чиқариб юборишга ҳам ҳаракат қилган экан.

34. Тарж.: Эй ишқ, кел, бизнинг қийналиб кетган дилимизга ўт қўй. Ўз нуринг билан бизнинг ўчиқ чироғимизни ёрит.

35. Тарж.: Эй жонон, мен фироқинг дастидан бир ўлик[дек]мен. Эзиб ташлаган анорга ўхшаб танамда қон қолмаган. Муҳаммад Қазвиний бу матладан сўнг шоирнинг яна учта байтини келтиради.

36. Мавлоно Холидий — «Мажолис» таржимони Фахрий Ҳиротий бу шоир «Фақир одам эрди ва қаландар сувратида кезиб юрарди», деб қўшади ва яна бир байтини келтиради.

37. Тарж.: Мени ўлдирган чоғингда чанг [босган] танамдан чўчима, агар ханжарингга гард юқса менинг гарданимгадир.

38. Мавлоно Ёрий —Фахрий Ҳиротийнинг қўшимча маълумотига кўра, Навоий бу шоирга кўп шафқатлар кўрсатган экан. Лекин у подшоҳ ва амирларнинг муҳрларига тақлид қилиб, муҳрлар ясаб, ярамас хаёллар билан нишон, фармонлар ёзишдек ғайриқонуний ишларга қўл урган экан.

39. Тарж.: Кўз ёшлардан дил ноёб дуррларга тўлди, келгил, Қорун хазинаси сен учун нисордир.

40. Тарж.: Эй жонон, ҳаммага озор бериш ва адоват қилиш пайида бўлма, чунки бу хароб [бўлган] олам шуларнинг ҳеч бирига арзимайди.

41. Мавлоно Аҳлий — Муҳаммад Аҳлий Шерозий (туғ.1455 ваф. 1435—36, Шероз) шоир. “Шамъ ва парвона”, “Сеҳрийи ҳалал” номли достонлар яратган. Ёш ҳинд аёлининг эри вафотидан кейин ўзини гулханга ташлагани ҳикоя қилинган ҳар иккала достон ҳам шеърий санъатларни ишлатиш жиҳатидан ғоят мураккабдир. Салмон Соважийнинг «Қасидаи маснуъ»си йўлида Навоийга, Яъқуббекка, унинг укаси Юсуфбекка ҳамда Исмоил Сафавийга бағишлаган қасидалари ҳам ниҳоятда мураккаб услубда битилган. Е.Э.Бертельс Аҳлий Шерозийнинг ҳам чапдан ўнгга, ҳам юқоридан пастга қараб ўқиш мумкин бўлган бир рубоийсини келтиради. Мана шундай мазмундан кўра санъатлар истифодасига ўта беришлик ўша давр адабий жараёнига хос бўлган.

42. Тарж.: Мен ва Мажнун икки асирмиз, ғам ва шодлигимиз бизники. Ҳар кимки, бу одатни билмаса, бизнинг водийдан эмас.

43. Тарж.: Саодатинг ортғай, давлатинг зиёда бўлғай. Бу давлат ва саодат билан минг йиллар яшагайсен.

44. Мавлоно Муъин — бу шоирдан сўнг Муҳаммад Қазвиний яна 40 нафар Султон Яъқуб давридаги адабий муҳитга алоқадор шоирларни киритади.

45. Тарж.:—Шайхлик кийимлари майга гаров бўлди, шодмиз, чунки охирда майхона кўчаси бошида тўн ечдик.

46. Тарж.: Лабига тил олиб бориб, жонимга аланга урди; яширин ўтимдан шуъла зоҳир қилди.

47. «Дор уш-шифо» (Шифо саройи) Ҳиротда Навоий қурдиргаи муолажа маркази, тиббиёт мадрасаси ҳам дейдилар.

48. Тарж.: Кўкрагимга ханжар ургилу тандин бошни улоқтир, бу қоронғу уйнинг (яъни, сийнанинг) эшигини ва туйнугини ҳам оч.

49. Тарж.: Ул ойнинг ўқларидан пора-пора бўлмагунча, жаҳон боғида лола ва ғунчадек кўнглим очилмади.

Еттинчи Мажлис

1. Темур Кўрагон—Амир Темур, Темурланг (туғ. 1336, Шаҳрисабз —ваф. 1405, Ўтрор) йирик арбоб, саркарда. Отаси Тарағой барлос қабиласи зодагонларидан. Темур темурийлар сулоласига асос солган ва 1370—1507 йиллар мобайнида барпо бўлган темурийларнинг марказлашган давлати Мовароуннаҳр ва Хуросондан ташқари Эрон, Ироқ, Озарбайжон ва Ҳиндустоннинг шимолий қисмини ўз ичига олган эди.

Навоий Темур шахсияти, фаолиятига юксак баҳо берган. Бу мажлисни шоир Темур номи билан очат экан, сўзни жойи келганда назм ва насрдан бирор нарса ўқиб, адабиёт соҳасидан бохабар эканлигини намойиш эта билганлигидан бошлайди.

2. Мироншоҳ — Жалолиддин Амираншоҳ (1368—1408). Амир Темурнинг учинчи ўғли. Эрон, Эрон Озарбойжони ва Ироқ ҳукмдори. Озарбойжон ҳукмдори Қора Юсуф билан тўқнашувда ҳалок бўлган. Унинг наъши Табриз яқинига дафн қилинган жойдан Шаҳрисабзга келтирилган ва кейин Гўри Амирга кўчирилган.

3. Тарж.: Қаландар қўрқувдан Қуръонга чанг солди.

4. Шоҳрух Мирзо — қаранг: ушбу китоб, 218-бет, 24-изоҳ.

5. Тарж.: Сен ернинг ишини яхши бажариб, [энди] осмон [ишига] киришдинг.

6. Ҳалил Султон — қаранг: ушбу китоб, 220-бет, 41-изоҳ.

7. Улуғбек Мирзо — қаранг: ушбу китоб, 224-бет, 63-изоҳ.

8. Тарж.: Гўзаллик мулки қанчалик қўл остингда бўлсада, шўхлик қилмагилки, ёмонларнинг кўзи сени кузатмоқдалар.

9. Бойсунғур Мирзо — қаранг: ушбу китоб, 247-бет, 28-изоҳ.

10. Тарж.: Ул икки гўзал юзни кўрмаганимга икки ой бўлди, бироқ меҳри жонимиздадир.

11. Тарж.: Бойсунғур унинг юзига қул бўлдн. Гўзал юз(ли)ларнинг қули — подшоҳдир.

12. «Ламаъот» —арабча: шуълалар демакдир (бирлиги ламъа —ёлқин, шуъла, равшанлик), Фахриддин Ироқий (ваф. 688 й.) асари.

13. «Гулшани роз»—Сир гулшани, демакдир. Маҳмуд Шабустарийнинг назмда ёзилган тасаввуфга оид асари. (ваф. 1320—216.).

14. Тарж.: Май билан қадаҳни бирлаштирганинг учун, аниқ билгилкн, қўли баланд риндсан. Қадаҳ — шариатдир, май— ҳақиқатдир. Қадаҳни синдирганингдан аёнки, бадмастдирсан.

15. Абдуллатиф Мирзо — қаранг: ушбу китоб, 223-бет, 60-изоҳ.

16. Тарж.: Кўз бир қараш билан дил ва жонга юз бало келтирди. Бунинг шукрини нечук қилай? Ёраб, ул кўз дард кўрмагай!

17. Жаҳоншоҳ Мирзо Табриз подшоҳи Жаҳоншоҳ Бороний қорақўйлик бўлса керак. Бобур маълумотларига кўра, Жаҳоншоҳнинг ўғли Муҳаммад Мирзо Султон Маҳмуд (Абусаид Мирзонинг учинчи ўғли, Султон Аҳмад Мирзо билан туғишган) Мирзонинг қизи Пошабегимни олган эди, демак Жаҳоншоҳ Мирзо ва Султон Маҳмуд Мирзолар қуда бўлганлар.

18. Тарж.: Тоатда беҳад тиришқоқлик ва ишларда миннатсиз дўстнинг лутфи туфайли дил ҳақиқий мурод ҳосил қилди.

19. Яъқуб Мирзо — Ироқ ва Озарбайжон ҳукмрони: Навоий билан яқин дўстона муносабатда бўлган. Жомий ҳам бу ҳукмдорга дарин ҳусни рағбат билаи қараган ва “Саломон ва Абсол” достонини унга бағишлаган. Яъқуб Султон бошчилик қилган адабий-маданий муҳитда кўплаб шоир ва ёзувчилар фаолиятда бўлганлар. Биргина «Мажолис ун-нафоис»нинг форсий таржимасида Фахрий Ҳиротий шу муҳитга мансуб 40 та шоир ҳақида маълумот беради. Навоий эътирофича, Яъқуб Мирзо яхшигина шоир, шеърият билимдони ва уни қадрловчи шахс бўлган.

20. Тарж.: Оламки, унда саботни кам кўраман. Ҳар бир хурсандчилигида минг ғам кўраман, чунки у худди кўҳна работга ўхшайди, унинг ҳар тарафидан йўқлик биёбонига бир йўл кўраман.

21. Султон Аҳмад Мирзо (туғ. 855/1451—ваф. 899/1493—94) —Абусаид Мирзонинг тўнғич ўғли. Унинг хотини Меҳр Нигорхоним Бобур Мирзонинг онаси Қутлуқ Нигорхонимнинг эгачиси эди. Бобур ёзади: «Султон Аҳмад Мирзо камсухан ва фақир ва одми киши эрди. Ҳар сўз-ун ва иш-куч бекларсиз қарор топмас эрди... баланд бўйлуқ, қунқор (қўнғир) соқоллиқ, қнзил юзлуқ... ҳанафий мазҳаблик, покиза эътиқод киши эрди, беш вақт намозини бетарк ўтар эрди... Ҳазрати Хожа Убайдулло (Хожа Аҳрор)га иродати бор эди».

22. Тарж.: Агар ой (юзлигим) бундан кейин (ҳам) пинҳон қоладиган бўлса, бедилларнинг омон қолиши ажабланарлидир.

23. Тарж.: На гўзалки, ҳусннинг жилоси жаҳонга ёйилди унинг бу жилваси туфайли бизнинг жонимиз шайдо бўлди.

24. Кичик Мирзо — қаранг: шу китоб, 286-бет, 67-изоҳ.

25. Тарж.: Ўзимни умр бўйи яхшилик билан мақтардим, ўзимни тақводорлик йўлига солардим; Ишқ келгач, на тақводорлик қолди ва на яхшилик. Худога шукрки, ўзимни синадим;

26. «...бу рубоий хазрат Махдумий Нуран била Таворуд воқеъ бўлубтур». Таворуд — адабиётда мисраъ ё байтни бир-биридан хабарсиз икки шоир томонидан яратилиб қолиш ҳодисасини англатади. Кичик Мирзонинг бу рубоийси Жомий шеъри билан таворуд воқеъ бўлганини Навоий кўрсатиб ўтади.

27. Султон Бадиуззамон Мирзо — қаранг: шу китоб, 253-бет, 112 изоҳ.

28. Тарж.: Эй ой [юзли гўзалим], гул юзингсиз юрагим лоладек қон боғлади. Жигар ҳам ҳажринг ғамидин пора-пора бўлди,

29..Шоҳ Ғариб Мирзо—Ҳусайн Бойқаронинг ўғли. Бобур ёзади: «...букри эди. Агарчи ҳайъати ёмон эди, табъи хўб эди. Агарчи бадани нотавон эди, каломи марғуб эди. «Ғарибий» тахаллус қилур эди, девон ҳам тартиб қилиб эди, туркий ва форсий шеър айтур эди». Ҳусайн Бойқаро Ҳиротдан бирор ёққа отланса, ҳукмронликни Шоҳ Ғариб Мирзога қолдирар экан. Навоий «Фарҳод ва Ширин» охирида Шоҳ Ғариб Мнрзога алоҳида боб ажратади. Унда шаҳзоданинг яхши фазилатларини, илм-фан, маърифатга ташналигини таърифлайди ва мамлакат ҳамда халқ тақдирига алоқадор шахс сифатида диний билимларни (фиқҳ, ҳадис ва тафсирни), ҳикматни, айниқса, тарихни ўрганишни насиҳат қилади.

Фахрий Ҳиротий ёзишича, ҳиротлик бир шоир «Ғарибий» тахаллусини олганда Ҳусайн Бойқаро ўғлининг хотири учун унинг тахаллусини «Мажлисий»га ўзгартирган экан.

Навоий Шоҳ Ғариб Мирзо вафотига ҳар банди 6 байтдан иборат 5 бандли (60 мисраъ) таркиббанд марсия ёзган. Унда марҳумнинг камтар ва ширинсўз инсон, адолатли ва лутф марҳаматли шаҳзода, заковатли шоир бўлгани қайд этилади. Бу марсия биринчн марта 1971 йилда (Адабий мерос, 2) Ҳ.Сулаймонов томонидан нашр этилди.

30. Тарж.: Дўстлар, гоҳо мозорим томон келиб туринг; Менга фотиха ўқиш ўрнига ёримнинг дуои жонини қилинг.

31. Фаридун Ҳусайн Мирзо — Ҳусайн Бойқаронинг ўғли. Бу шаҳзода ҳақида Бобур ёзади: «Ёйни яхши тортиб, ўқни яхшн отар эди. Камон гуруҳасин дерларким, қирқ ботмон экандур. Ўзи хили мардона эди, вале ферузжанг эмас эди. Ҳар ердаким, урушти, мағлуб бўлди». Фаридун Ҳусайн Мирзо Шайбонийхонға қарши жанглардан бирида ҳалок бўлган.

32. Тарж.: Гарчи сенинг кўзингда мени жафо эзиб юборган эса-да азбарои худо вафо йўлидан бир қилча четга чиққаним йўқ.

33. Муҳаммад Ҳусайн Мирзо — Ҳусайн Бойқаронинг ўғли. Фаридун Ҳусайн Мирзо билан бир туғишган. Оналари ўзбеклардан Минглибий оғача эди. Бобурга қарши фитналарда, жангларда қатнашган. Лекин Бобур қўлига тушганда, қонидан кечиб, озод қилиб юборади. Кейин у Шайбонийхондан паноҳ топиб, Бобур ҳақида ғийбатлар қилиб юрганини Бобур таассуф билан ёзади. Оз фурсат ўтмай Шайбонийхон Муҳаммад Хусайн Мирзони қатл қилдиради.

34. Тарж.: Ов кетидан юриб, чангга ботдинг; ҳароратли дил кетига тушиб, терга ғарқ бўлдинг.

35. Бойсинғур Мирзо (1477—1499)—Абусаид Мирзонинг ўғли Султон Маҳмуднинг иккинчи ўғлн, онаси Пошабегим. Отаси даврида Бухорода ҳукмрон бўлган ва Самарқанд тахтида ўтирган. Оға-инилари билан чиқиша олмай Хусравшоҳ ҳузурига келган ва тез орада қатл этилган.

36. Тарж.: Кошки эди санамлар ишкида бирор ким девона бўлса Оламни тарк этиб, вайронада бўлса бирор киши.

37. Султон Масъуд Мирзо — Абусаид Мирзонинг набираси, Султон Маҳмуд Мирзонинг тўнғич ўғли, онаси Хонзодабегим. Отаси даврида Ҳисорда ҳукмронлик қилган. Феодал юришлари ўзаро низолар оқибатида Хусравшоҳ Султон Масьуд Мирзонинг кўзларига мил тортиб, кўр қилган, бу воқеадан сўнг Хусайн Бойқаро унга қизи Бегим Султонни берган эди. Султон Масъуд Мирзони Шайбонийхон қатл эттирган.

38. Султон Али Мирзо — Султон Маҳмуд Мирзонинг кичик ўғли, онаси Зухрабегим. Оғаси Бойсунғур Мирзодан кейин 1499 йил ўрталарида Самарқанд тахтига ўтирган. Шайбонийхон 1500 йилда Самарқандни эгаллагач, Султон Али Мирзони унинг буйруғига биноан қатл этганлар.

39. Жамшид — Эроннинг афсонавий шоҳи. У қурол-аслаҳа, ипак ва ранглар ихтироъ қилган, улкан ва ҳашамдор бинолар қурдирган экан. Навоий «Тарихи мулки Ажам»да ёзишича, Жамшид пичоқ ва қалқон ясаган, ҳаммом қурдирган. Ниҳоятда улуғ «Чиҳил минор» деб аталган бино солиб, кун ва тун тенг келган кунда ўша бинода тахтда ўтириб, барчага адолат қилгани учун шу куннинг отини Наврўз қўйган эканлар. Бу ерда Жамшид деганда Навоий Ҳусайн Бойқарони ва бошқа темурий шоҳ, шаҳзодаларни назарда тутмоқда.

40. Фаридун— қадимги Эрон шоҳларидан. Баъзи манбаларда у Жамшиднинг набираси, баъзиларида эса унинг биродари Тахмурас авлодидан деб қайд қилинади. Фаридун золим ва одамхўр, Жамшиднинг қотили Заҳҳокка қарши темирчи Кова (Коваи оҳангар) исёнига қўшилиб, уни маҳв этади.

Навоий «Тарихи мулки Ажам»да Фаридунни «яхши ахлоқли олим ва одил подшоҳ эрди» деб таърифлайди. Бу ерда ҳам Фаридун фазилатлари шу мажлисда номлари зикр этилган темурий ҳукмрон ва шаҳзодаларда бўлган ва уларнинг баъзиларига фалак Жамшид ва Фаридун каби тақдирнинг ажал жомини ичирди, дейди Навоий.

Саккизинчи Мажлис

1. Рустам — Абулқосим Фирдавсий «Шоҳнома»сидаги қаҳрамон, Эрон фольклоридаги машҳур образ. Ўрта ва яқин Шарқ халқларида ҳам шуҳрат қозонган. Рустам халқпарвар, Ватанни севувчи, мардлик ва шижоатда бемисл паҳлавондир. Унинг номи кейинчалик қаҳрамонлик рамзига айланиб кетган.

Рустамнинг дунёга келиши ва унга исм қўйилиши ҳақида Фирдавсий шундай ҳикоя қилади: Золнинг хотини Рудоба ҳомилани ғоят оғир кўтаради. Ой-куни яқинлашганда дард бошланиши билан ҳушидан кетади. Саросимага тушгаи Зол афсонавий қуш Симурғ ёрдами билан жарроҳ топиб келади. Жарроҳ онанинг ёнини кесиб, болани олади. Ҳушига келган Рудоба ёнида ғоят бўлалик болани кўриб, хурсан ҳолда «Рустам!» дейди. Форсийда бу сўз азобу дарддак халос бўлдим, деган маънони англатади. Онанинг оғзидан чиққан ана шу биринчи сўзни ўғилга исм қилиб қўядилар.

Навоий бу ерда Ҳусайн Бойқаронинг мурувватлилиги ва баҳодирлигини Рустамга қиёс қилади.

2. Ҳотам — Абусафона Ҳотам ибни Абдуллоҳ ибни Саъди Тойи. Тахминан VI аср охирлари VII аср аввалларида яшаган араб шоири. Халқ орасида Хотамтой номи билан машҳур. Унинг бизгача етиб келган бир қанча шеърларини тўплаб, араб адиби ва хаттот Ризқуллоҳ Ҳассун 1872 йилда Лондонда нашр этдирган. Ҳотам ҳақида Шарқда жуда кўп афсоналар ва ривоятлар, қисса ва достонлар мавжуд. Хотам номи Саховат рамзига айланиб кетган. Бу ерда Навоий Ҳусайн Бойқарони ҳам шоирликда, ҳам саховатда Ҳотамга ўхшатади.

3. «Насабнома» — Ҳусайн Бойқаронинг шажараси, таржимаи ҳоли ҳақидаги асар. Навоий асар муаллифининг номини келтирмайди.

4. Исо — пайғамбарлардан бири. Лақаби Масиҳ. Диний афсоналарда Исо ўз нафаси билан ўлганларни тирилтириш, уларга жон бағишлаш қобилиятига эга бўлган, дейилади. Бу ерда шоир ёр лаби қаршисида оби ҳаёт хижолатда эканлиги, нафаси Исо нафасидек жон бағишловчи демоқчи бўлади.

5. Масиҳо — қаранг: Исо, юқоридаги изоҳ.

6. Шеърий санъатда «таржеҳ» бир нарсани ёхуд бирор образни бошқа нарса ё образдан баланд қўйиб таърифлашни англатади. Бу байтда шоир ўз севгилиси кўзларини наргис гулидан, оғзини ғунчадан афзал деб таърифлайди.

7. Нуъмон — араблардаги Тоиф шаҳри яқинидаги дарёнинг номи. Афтидан, шу ерларда унган лоланинг ранги ва ундаги доғ таърифга лойиқ бўлса керак.

8. «Тажоҳил ул-ориф» шеърий санъат бўлиб, луғавий маъноси билиб билмасликка олишликни англатади. Шеъриятда шоир изтиробли, ҳаяжонли лаҳзаларда ўзи ўзига савол бериб, жавобда фикрларини янада теранлаштиради, адони таъсирлироқ қилади. Бу байтда шоир ёрнинг табассумини ғунчанинг очилиши эмас, лоладаги доғ эмас уни менинг кўнглим қонатди дер экан, ана шу санъатнинг бир кўринишини намоён этади.

9. Бу байтда Ҳусайн Бойқаро шеър санъатидаги «талмеҳ» (луғ. маъноси: яшин чақнаши, кўз қирини бир нарсага дафъатан қаратиш демакдир)ни ишлатган. Бу санъатда тарихий шахслар, воқиа, қисса, афсоналарга ва улардаги персонажларга ишора қилмоқни англатади. Байтдаги Фарҳод ва Мажнунлар ана шундай қаҳрамонлардандир.

10. Яқиний — қаранг: ушбу китоб, 240-бет, 124-изоҳ.

11. Бу байтда ҳам «талмеҳ» санъати ишлатилгаи. Вомиқ — «Вомиқ ва Азро» номида 20 дан зиёд достонлар мавжуд. Асли юнонга бориб тақалувчи бу туркум достонлардан илк намуналар VI асрларда учрайди XI асрда форс шоири Унсурий «Вомиқ ва Азро» номли достон яратган. (Вомиқнинг маъноси дўстлашувчи, дўсти борни англатади, Азро эса бокира маъшуқа деганидир). Кейинчалик кўп шоирлар шу номда достон яратганлар. Бу достонларнинг мазмунида фарқлар оз бўлиб, фақат бирида Вомиқ Яман шоҳининг ўғли, Азро Ҳижоз ҳокимининг қизи, бошқасида эса турли мамлакатлар ҳукмронларининг фарзандлари сифатида қаламга олинади.

12. «Бу шеърнинг қофиясидан сўнгра «атв вовин» калиманинг асл ҳарфи ўрниға тутулиб, ғариб ихтироъ қилибдур» — «атв вови» «ва» боғловчисини англатади. Байтда шоир «эй жафо тиғи, кел ва мажруҳ кўксумни ёр» дейиш ўрнига «ва»ни ёр сўзидаги асосий ҳарфларга туташ ёзган. Навоий буни ажойиб ихтироъ деб баҳолайди. Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонида худди шундай санъат ишлатилган ғазал бор бўлиб, матлаи шундай:

Эй сабо, оввора кўнглум истаю ҳар ён бору,
Водию тоғу биёбонларни бир-бир ахтару.

13. «Мажолис» сўнгидаги бу «Хилват» деб берилмиш икки лавҳа: Ҳусайн Бойқаро ҳузурида ўтадиган адабий анжуманлар (Навоий «Олий мажлис» дейди) ҳақида, уларда янги шеърлар, бадиият масалалари муҳокама қилиниши ҳақида тасаввур яратиб беради. Биринчи лавҳада Навоий Хусрав Деҳлавийнинг ҳиндча шеърларидаги бир маъно ёмғир риштасининг нозик ёрга мадад бўлганлиги ҳақидаги Лутфийдан эшитган ҳикоят ва унга эътироз билдирган Ҳусайн Бойқаромана бу байт эса эътироз уйғотмайди, деб бир байтни келтиради. Бу байт Ҳусайн Бойқаро девонидан топилмади. Унинг Навоий илк девонидаги бир ғазал таркибида мавжудлигига бизнинг эътиборимизни проф. Ҳ.Неъматов тортди. Фақат «Мажолис»да «деворға» сўзи девонда «деворда» тарзида ёзилган.

Иккинчи лавҳада эса ҳисорлик ёш шоир Қабулий ғазали билан боғлиқ бўлиб, шоир шеърида чиқмай қолган бир байтни Навоий ёзиб бергани ва Ҳусайн Бойқаро бу холни дарҳол пайқагани ҳақида сўз боради. Бу лавҳа Ҳусайн Бойқаро Навоий шеърий услубини нақадар пухта билганлиги, шунингдек, ёш истеъдодларга марҳаматли бўлганлигидан далолат беради.

II- qism
 
Keyingi