OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлишер Навоий
Асар номиҚаро кўзум (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мумтоз адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Алишер Навоий
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётТошкент, Ғафур Ғулом номидаги, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988
Ҳажм243KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/09
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва Адабиёт Институти
Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар Институти

Таҳрир ҳайъати:Азиз Қаюмов, Абдулла Орипов, Абдуқодир Ҳайитметов, Бегали Қосимов, Жамол Камол, Натан Маллаев, Одил Ёқубов, Омон Матжон, Суйима Ғаниева
Тузувчи: Марям Раҳматуллаева
Масъул муҳаррир: Ваҳоб Раҳмонов



Аннотация
«Ўзбек адабиёти бўстони»нинг ушбу жилдига буюк Алишер Навоийнинг «Хазойинул-маоний» китобига кирган ғазаллардан саралаб олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қаро кўзум (III- қисм)
Алишер Навоий

Ғазаллар (давом)

Ёр ҳолидин манга, ваҳким, хабар йўқтур бу кун,
Бу жиҳатдин ақлу ҳушумдин асар йўқтур бу кун.
Субҳ селоби сиришким оқти кўп, эй дўстлар,
Панд учун келмангким, ул судин гузар йўқтур бу кун.
Кеча гар бағрим бўлуб қон оқти кўздин, ғам эмас,
Ғам будурким, итларига моҳазар йўқтур бу кун.
Мен букун ўлгач, анинг кўйига тўлди халқким,
Ашку оҳим сайлу барқидин зарар йўқтур бу кун.
Ваъдаи васлини тонгла демагилким, умрға,
Эътимодим ҳажр шоми то саҳар йўқтур бу кун.
Ичмагум, эй дайр пири, жоми май, ул муғбача
Май тутарға базми айш ичра агар йўқтур бу кун.
Ўзлукин чун солди ўлган кун Навоий бошидин,
Бу жиҳатдиндур анга гар дардисар йўқтур бу кун.
* * *
Бизга ул ой ҳажридин бир йилчадур ҳар тийра тун,
Кундузин англа бу тундин ҳам қоронғу, ҳам узун.
Балки йўқтур бу туну кунда тафовут, лек бор
Ҳар бирида бир ғами муҳлик бу маҳзун жон учун.
Гар ўтар юз минг суубат бирла кундуз меҳнати,
Вою юз минг вой, мен бекасга бўлғач кечқурун.
Гар бутун эрмас ёқам, эй дўст, ҳайрат қилмаким,
Тош урардин кўксум ичра бир сўнгак эрмас бутун.
Ҳажридин ўртанса жисмимда сўнгаклар, тонг эмас
Ким, эрур ўт асру итик, доғи бас қоқшол ўтун.
Ишқ нахлининг бари ҳижрон эмиш, эй дўстлар,
Бу насиҳатдин енгиз бар ошиқ ўлмастин бурун.
Неча тун ҳижрон аро олди Навоий жонини,
Кимга етса васл, тутсин муғтанам бир неча кун.
* * *
Субҳ чун борғунг, келиб кулбамға пинҳон кечқурун,
Ҳажр ўқин жонимға сен отма тонг отмасдин бурун.
Неча эл мендин ёшурғайлар сени, ваҳ, бир кеча
Нетти кулбам сари келсанг, барча элдин ёшурун.
Жон магар чиққай ва ёхуд сайли ашким кўйидин
Чиққудекмен, бори ул кўй ичра тутмай мен ўрун.
Жилва қилғанда кўрунмаслар кўзумга шўхлар,
Эй парий, сен бори бу девонаға гоҳи кўрун.
Нолам андоқ бўлди, бағрин ёраси исланғали
Ким, ёнимдан ўтмас, эл тутмай қулоқ бирла бурун.
Чирмабон беркит суроҳи оғзини, эй пири дайр,
Қайда кўрсангким, узулмиш чоки хирқамдин бурун.
Эй Навоий, тифллар қовғон замон мажнун дебон,
Бу баҳона бирла ўз лайливашинг сари урун.
* * *
Ишқ даштин ҳеч ғурбаткаш мусофир кўрмасун,
Мен ғариб ул дашт аро кўрганни кофир кўрмасун.
Ёрмангиз Фарҳоду Мажнун оллида кўксумниким,
Ботинимнинг дарду доғин аҳли зоҳир кўрмасун.
Даҳрни қил тийра, ё рабким, анинг туфроғидин
Ҳар не кўз мумкин эса бўлмоққа нозир, кўрмасун.
Ҳар боқишда қатли ом айлар кўзунгким, даҳр эли
Ҳеч кимни сен кеби бу фанда моҳир кўрмасун.
Воизо кўп васф қилдинг сомирининг сеҳрини,
Ҳозир ўлғилким, сени ул кўзи соҳир кўрмасун.
Кимки ошиқлик асиридур, тахайюл бирла ҳам
Ишқ кўйида ўзин осуда хотир кўрмасун.
Ким, Навоийдек фано водийсида истар ҳузур,
Кечсун ўздин, балки худ ўзлукни ҳозир кўрмасун.
* * *
Борсанг ол жонимни, то сенсиз манга жон қолмасун,
Жон қолиб, жон ичра ногаҳ доғи ҳижрон қолмасун.
Чун ўлармен — чин дейин, ишқи бузуғ кўнглумдадур,
Мен ўлуб, ул ганж бу вайронда пинҳон қолмасун.
Эй кўнгул, дей кўзга бу дамким, тирикмен, келса ёр,
Оразидин баҳра олсун, асру ҳайрон қолмасун.
Ҳажрида онча бало еткур манга, эй чархким,
Ўзгалар ишқин ҳавас қилмоққа имкон қолмасун.
Муждаи васлин тилаб, эйким, кўнгулдин ҳажр ўқин
Тортасен, ваҳ, онча воқиф бўлки, пайкон қолмасун.
Даҳр аро андоқ маош этгилки, сендин қолмаса
Тоат андоқким, керактур бори исён қолмасун.
Эй Навоий, собит ўлсун шоҳ Ғозий давлати,
Оллида қул бўлмаған оламда султон қолмасун.
* * *
Сенсизин, эй умр, бир соат манга жон бўлмасун,
Сен бўлу бас, тубию фирдавсу ризвон бўлмасун.
Деб эмишсен: куйдурай бир доғ ила кўнглин анинг
Ҳар нечук доғ ўлса ўлсун, доғи ҳижрон бўлмасун.
Қошиға қилғач сужуд, ўлтурди ул кофир мени,
Ҳеч мусулмон ёри, ё раб, номусулмон бўлмасун.
Ишқида жоним уқубатлар била ол, эй ажал,
То анинг ошиқлиғи ҳеч кимга осон бўлмасун.
Ул парий кўнглумда меҳмон ўлмиш, эй жон воқиф ўл,
Оҳ ўти дуд этмасун, захм ичра пайкон бўлмасун.
Эй кўнгул, масте чиқиб шаҳр ичра солмиш рустаҳез,
Ваҳ, хабар тутким, бизинг бебоки нодон бўлмасун.
Дедиким: жон бер доғи ўпгил аёғим туфроғин,
Эй Навоий, тезрак бўлким, пушаймон бўлмасун.
* * *
Ғам елидин, ё раб, ул гулга ғуборе бўлмасун,
Балки онсиз даҳр боғида баҳоре бўлмасун.
Қаддининг сарвиғаким, боғи латофат нахлидур,
Чашмайи ҳайвондин ўзга жўйборе бўлмасун.
Айшу ишрат жомидин бўлсун юзи гул-гул, валек
Кўнглига ғам гулбунидин хор-хоре бўлмасун.
Жилвасоз ўлғанда майдон ичра чобук шўхлар
Шоҳу сархайл андин ўзга шаҳсуворе бўлмасун.
Гар буюрсанг садқа бошиға эвурмак, эй рафиқ,
Будур уммидимки, мендин ўзга боре бўлмасун.
Даҳр боғининг насими совурур гул хирманин,
Анга ул гул гулшани сари гузоре бўлмасун.
Эй Навоий, қил дуо жониғаву жаҳд айлаким,
Майлинг анинг қуллуғидин ўзга сори бўлмасун.
* * *
Ёридин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,
Жумлайи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.
Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугўй,
Оти анинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.
Жонима бедоду зулмин, ё раб, ул миқдор қил
Ким, анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.
Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиқки, бордур покбоз,
Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.
Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,
Бизни бузди ҳаргиз ул, ё рабки, маъмур ўлмасун.
Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,
Воқиф ўл ҳолимни айтур чоғда махмур ўлмасун.
Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,
Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун.
* * *
Агар ишқинг ҳавосида ёғар ҳар жола тош ўлсун,
Нишона ҳар бирига дермен ушбу хаста бош ўлсун.
Юзунгнунг меҳридин бир зарра сотмон, гар фалак жавфи,
Тўла бўлсун филурий, ҳар филурий бир қуёш ўлсун.
Ситам зангин темурдек кўнглидин, ваҳким, қира олмас,
Нечаким нолаи зоримда суҳондек харош ўлсун.
Қуёшни бўлмас, эй гардун, ул ойға айламак ташбиҳ,
Оғиз гар зарра, Чўлпон — кўз, янги ой анга қош ўлсун.
Агар пайконларинг кўз истабон топти кўнгул, ғам йўқ,
Келиб йиғлар маҳал ул қатра сулар кўзга ёш ўлсун.
Сипоҳи ҳуснунга бир маҳчаси рахшон алам бўлғай,
Қуёш кўзгусига оҳим сутуни гар тутош ўлсун.
Кўнгулда сирри ишқин асрай-асрай ўлдум, эй соқий,
Қадаҳ тутким, харобот аҳлиға фош ўлса фош ўлсун.
Кўнгулга жон била бир доғинг оздур, қўй яна бир ҳам.
Неча икки гадоға бир дирам узра талош ўлсун.
Уларда тенгдурур шоҳ айласун гулшан гулин мафраш,
Вагар гулхан кули узра гадо соҳибфирош ўлсун.
Навоий ашк дурридек тиларким кўзда ер бергай,
Агар ишқинг ҳавосида ёғар ҳар жола тош ўлсун.
* * *
Дўстлар, бир чора мен девонаи шайдо учун,
Ким ўлармен ул парипайкар малаксиймо учун.
Оташин гул теграсида лаългун юз барг эмас,
Балки юз наъл ўтқа солмиш булбули шайдо учун.
Хом кўнглумким дудоғингни тилаб афғон қилур,
Бордурур ул тифлдекким йиғлағай ҳалво учун.
Ашк ичинда ғарқамен, зулфунгни тутқайменму деб,
Ўйлаким тожир тенгиз ранжин чекар савдо учун.
Турки мастедур кўзунг уйқуда, кўз кунжида хол
Ўгриким қилмиш камин ёнида қўргон ё учун.
Гулханидекдурки истар гулхану олотини,
Сифлаким меҳнат чекар дунёву мофиҳо учун.
Бу Навоий бандани, эй сарв, озод асраким,
Бўйла бир булбул керак сендек гули раъно учун.
* * *
Ёрни дерларки чекмиш юз жафо мен зор учун,
Бўлса минг жоним фидо айлай жафокаш ёр учун.
Ёрким ёри учун чекса жафо бил ани ёр,
Улса оздур кимса андоқ ёри меҳр осор учун.
Ёрлиқ кўргузди мен жон бирла миннатдорлиқ,
Жонини ҳақ асрасун бу зори миннатдор учун.
Мен не қилғаймен анга лойиқ магар минг сарву гул,
Олиб озод эткамен ул сарви гулрухсор учун.
Ростлиқ бирла равишким анда бордур, кимда бор,
Хўб экандур ўлмаким ул қомату рафтор учун.
Ўлмаким беморлиқдин саҳлдур чун тиргузур
Ани, ё рабким, саломат асра бу бемор учун.
Эй Навоий, йўқ эди оламда ойини вафо,
Ҳақ насиб этти санга сенда бу маъни бор учун.
* * *
Ўт ёлиндек сен қачон чопсанг саманди барқрав,
Бир алам ул ўтқа бошинг устида гулгун ялав.
Тортибон тиғи жафо, бағримни юз чок айлади,
Борди улким дер эдилар эл мени бағри бутав.
Ҳуллаи кофургун ул хилъати хазро уза,
Сабзаи жаннатқа гўё тушти раҳматдин қирав.
Эл инони ихтиёри чиққти яксар илгидин,
Пўяда ҳар сари ул чобукки қайтарди жилав.
Хўблар ичра бирав кўнглумни олмишким, ани
Мендин ўзга кимса бирла қилмағил, ё раб, икав.
Тийралар лутф айлабон тутмас сафо аҳли ерин,
Ёриған бирла учи, шамъ ўзини тутмас кўсав.
Гар Навоий килкидек эл килки шаккаррез эмас,
Айб қилма, бирдек ўлмас найшакар бирла ғарав.
* * *
Гарчи кўп саргашлик этти боғ аро бунёд сарв,
Қоматингға банда бўлмай, бўлмади озод сарв.
Даҳр деҳқоники, юз минг сарв қилди жилвагар,
Гулшани даврон аро бермас қадингдек ёд сарв.
Бошиға то қоматинг даъвосидин тушти ҳаво,
Кўрди кўп қушлар лагадкўби била бедод сарв.
Топмамиш елдин садо бирла таҳаррукким, кўруб
Қоматингни изтироб айлаб, қилур фарёд сарв.
Гўйиё қаддингға ошиқлиқ ҳавосин туздиким,
Сарсари оҳим етиб, берди ўзин барбод сарв.
Лахли қаддинг шавқидин бўстон аро чун тушса ўт,
Шуъла тез айлар ўтундин, уйлаким, шамшод сарв.
Шева қил тузлукка, осибе хазондин кўрмади,
Токи бўлди ростлиғ ойинида муътод сарв.
Доимо озодларнинг сабзу хуррам бўлмоғи,
Боғ аро булбул тили бирла қилур иршод сарв.
Эй Навоий, даҳр бўстонида булбул мен кеби
Бўлмағай, топсанг юруб, бир гулжабинлик зод сарв.
* * *
Юзунгда май гули ё гул очилған бўстондур бу,
Гулунгда қатра хўй бўстондағи судин нишондур бу.
Кўзумда қатра қонлар боғлаған эрмас ҳамоноким,
Назар боғида шавқингдин очилған арғувондур бу.
Эмас васлинг тилаб учқан кўзум атрофида кирпик
Ким, ул дарёйи қушларға қамишдин ошёндур бу.
Кўнгулдин чиққон оҳим айлар афзун халқ савдосин
Ки, шайдолиғ диёридин етишган корвондур бу.
Қизил ранглар кўзумда кўрган англар ашк сайлинким,
Оқарға келган ул йўллар била ҳар сари қондур бу.
Лабиндин хастадур кўнглум дам очма, эй Масиҳ, ўтким,
Иложин юз сенингдекнинг беганмас нотавондур бу.
Қуюндек дашт аро кўрсанг мени, кўп қочмаким, ҳар дам
Бошингға эврулур саргаштайи бехонумондур бу.
Кўнгул майхона роми, хотирим хуш май батидинким,
Мунга руҳ-ул-аминдур ул, анга дор-ул-амондур бу.
Дема, ҳижрон туни ҳар дам етар ул ойға фарёдим,
Ул ой фарёдинга етмас, Навоий, не фиғондур бу.
* * *
Ҳажрида кўнглумга бор ул лаъли сероб орзу,
Не ажаб махмур қилса бодайи ноб орзу.
Ул парий мажнуни ўлдум бу сабабдинким, эрур
Зулфининг занжиридин бўйнумға қуллоб орзу.
Лаълидин беҳуш бўлмоғлиқ ҳавасдур жонима,
Кимга, ваҳким, бўлмағай мундоқ шакархоб орзу?!
Иттим оғзин истабон мен, йўқ таманнолиғни вой
Ким, адам йўлида гум қилди бу ноёб орзу.
Кўрдим ум ул бут қошлари, кофирмен, ар исломи бор,
Қаъба аҳли қилмаса бу навъ меҳроб орзу.
Фақр кўйининг қора шоли била гулхан кулин
Топқали, биллаҳки, қилман кишу синжоб орзу.
Гар Навоий тарки ишқ этти ҳавас ўлтурмаким,
Чин эмастур айламиш бу ишни ўйнаб орзу,
* * *
Белингу зулфунг хаёлин шарҳ этармен мў-бамў,
Ташнадурмен лаълинга то бордурур жонимда су.
Орзу айлар лабинг оллинда жон бермакни Хизр,
Хизр суйидин ўлуг умр айлагандек орзу.
Шарбати лаълинг қўюб нўш айлаган ҳайвон суйи
Бўлғай андоқким, қўюб ҳайвон суйин ичкай оғу.
Сунбулунгни қилғали ошуфта йўл топмас насим,
Баски атрофидадур шайдо кўнгуллардин ғулу.
Терлаган юз қатрасидинким, юзум қонин юдунг,
Ваҳ, не дейким, ишқ аро топтим не янглиғ обрў.
Кўнглакинг лавнидин ўлдум, атридин топтим ҳаёт,
Қайси гул баргинда бор эркин бу янглиғ рангу бў.
Эй Навоий, ёр сарвақтингға етмак истасанг,
Оҳу ашкингдин супур вақтинг ҳаримин, балки ю.
* * *
Булбули руҳум қилур боғи висолин орзу,
Сую дона ўрниға рухсору холин орзу.
Ҳам кўнгул гулзорида гулбарги рухсорин ҳавас,
Ҳам назар бўстонида қадди ниҳолин орзу.
Лаъли серобин гар эттим орзу, ваҳ, кимдурур
Улки, қилмас чашмаи ҳайвон зулолин орзу.
Мен киму топмоқ ва лекин бир йироқ уммид учун,
Доим айлармен висоли эҳтимолин орзу.
Ишқ аро аҳволим андоқ саъбдурким, туну кун,
Айларам Мажнун била Фарҳод ҳолин орзу.
Мунтақилдур жон адам мулкига баским, бор анинг
Қилди ғурбатдин ватанга интиқолин орзу.
Шамъи гулрўюм фироқинда қилурмен учқали
Жисмима булбул парин, парвона болин орзу.
Шоҳ дарду ишқ агар қилса ҳавас, бор уйлаким,
Сойил эткай салтанат жоҳу жалолин орзу.
Эй Навоий, гўйиё ул юз кўзум оллиндадур,
Баски айлармен тамошое жамолин орзу.
* * *
Ёр мустағнию муҳлик ғами ҳижрон асру,
Оҳким, қолмишам ўз ҳолима ҳайрон асру.
Рахналар солди ўқунг касрати кўнглум уйига,
Ул ёғин айлади бу кулбани вайрон асру.
Эй рафиқ, ўқини захмимдин агар чектинг, лек
Етадур жонима кўнглумдаги пайкон асру.
Шайх таклифи намоз этти, вале билмаским
Ишқ тийғи ярасидин борадур қон асру.
Ноз этиб ғамза ўқин гар отар, эй жон, асра
Ким, отар ғамза ўқин ноз ила жонон асру.
Ғусса жомики бу давр ичра лаболабдур, ани
Ваҳки, бот-бот тутадур соқийи даврон асру.
Эй Навоий, дема иқболи бақо мушкил эрур,
Фоний ўлғанға эрур ушбу иш осон асру.
* * *
Фироқинг ичра ишим изтиробдур асру,
Тараҳҳум айлаки, ҳолим харобдур асру.
Кўзумдин ашк туганди, кўнгулдин ўт ўчти,
Ғамингда бу ики беобутобдур асру.
Фироқинг ўтида ранжимға йўқ ҳисоб, ўлма
Билурга ранжаки, ул беҳисобдур асру.
Жамол даврида ушшоқ кўнглини асра
Ки, ҳусн хайлиға ойин шитобдур асру.
Бирорта шифтаи жону кўнгулга раҳм айла
Ки, бу харобдур, ул бир ябобдур асру.
Ангаки масжид аро етмади кушод, не ғам,
Етишса майкадаға фатҳи бобдур асру.
Навоий андин эрур ғусса туфроғи ораст
Ки, кўнглин олғали олижанобдур асру.
* * *
Сочти гердин гул уза ул сарви гулрухсор су,
Куймагим дафъиға қилди ўт уза изҳор су.
Юзда хай туғёнидин гар кулса оғзи йўқ ажаб,
Ғунчаға бўлмас очилмоқ, ичмайин гулзор су.
Тийғи бот-бот захм урардин зор жисмим қилди заъ
Замзам ўлсунким, кўп ичса еткурур озор су.
Ёр аёғи туфроғидин ўзга кўрман доруе,
Эй муолиж, кўзларимдинким келур бисёр су.
Меҳрким, ул чеҳра аксидур недур, гар бўлмамиш
Ўтлуғ оҳим шуъласидин гунбади даввор су.
Ғам ўтидин, эй ҳаким, ўлмак тилармен, жомима
Заҳр қўшсанг қўш валекин қотмағил зинҳор су.
Хаста кўнглум оғзи захми пахталиғ пайконидин,
Бор анингдекким, момуқ бирла ичар бемор су.
Шаръдин айру риёзатдин сафо касб айлаган,
Уйладурким соф ўлур таскин била мурдор су.
Тўрт ёндин ўқи йўл қилмиш Навоий кўнглини,
Ишқ савдоси учун гўё ясаптур чорсу.
* * *
Юзига тушуб эрди уйқуда гесу,
Қуёшни ёшургонда тун не тонг уйқу.
Ярам касратидин улус йиғлар, аммо
Келур ҳар бирисига ҳолимға кулгу.
Ики кўз жамолингдин ар баҳра топти,
Кўнгул ютти қонлар, будур қушқа қору.
Юзунг ўтрусида қуёш хуш кўрунмас,
Қуёшқа анингдекки, ой бўлса ўтру.
Юзунг ўтин оҳим ёрутур эрур, шукр
Ки, ул дам била тийра бўлмас бу кўзгу.
Манга май нашотин кўруб қайғурур шайх,
Нашот айларам мен кўруб анда қайғу.
Навоийни ишқ ўлтурур, тиргузур ҳам,
Зиҳи ишқ иши не қнёмат эрур бу.
* * *
Ғамимниму дейин ё беғам элнинг можаросинму?
Кўнгул ҳолинму ёхуд кўнглум олғаннинг жафосинму?
Қатиқ ишқим балову шиддатинму айлайин тақрир,
Йўқ эрса бениҳоят иштиёқим ибтилосинму?
Ададсиз дарду ранжим саъб эканниму қилайин шарҳ,
Сифатқа рост келмас шавқум ошуби балосинму?
Кўнгулда васл боғи орзусинму баён айлай,
Бағирда хори ҳижрон нўгининг муҳлик яросинму?
Вафосиз ёр бепарволиғинингму сўзин айтай,
Манга жавру жафо тийғин уруб, элга вафосинму?
Фалак зулми, улус бедоди ё бир сарви раънонинг
Менинг ҳолимни айлаб беҳаво ҳар ён ҳавосинму?
Навоий, илтифот оғоз қилди ёр, билманким,
Фироқидин шикоятму қилай, васл илтимосинму?
* * *
Жонда жонпарвар сўзидурму лаби хандониму,
Руҳум ороми дейинму ани жоним жониму?
Кўнглум ичра нишларким, санчилибдур англаман,
Ништари мужгонидурму новаки пайкониму?
Эй кўнгул, олам бузарда қай бири ортуғ экин
Нуҳ тўфониму ашким сайлининг туғёниму?
Жон олурда қайсининг саъб эрканин шарҳ айлайин,
Ишқининг бедодиму, ё шиддати ҳижрониму?
Неси ул гулнинг Эрам гулзоридин ортуғ эмас,
Жилва айлар сарвиму, ё ғунчайи хандониму?
Эйки, бердинг даҳр шўхиға кўнгул, қатлинг учун
Ишвайи пайдосиму йўқ, офати пинҳониму?
Қатл қилдилар Навоийни валекин билмадим,
Кўнглин олдурмоқму эрди, ё кўнгул олғаниму?
* * *
Юзунга ошуфта қошлар бўлмаса ошиқ нағу,
Бўлдилар ҳар қайси бир девонаи жўлида мў.
Бўлмаса девона, бас, не важҳдин занжир этиб,
Келтурубтурсен аёғи сари зулфи мушкбў.
Ул арақнок оташин рухсоринга майл эттилар,
Телбалар мойил бўлурлар, кўрсалар ўт бирла су.
Телба эрмас, балки икки ҳиндуи соҳирдурур,
Бош қўшиб афсун учун гўё қилурлар гуфтугў.
Ё тамошо қилғали, ё сеҳр таълим олғали,
Зулфининг ҳиндулари ҳар саридин қилмиш ғулу.
Шўхларнинг қошлариға, эй кўнгул, майл этмаким,
Офият кўйига ҳожиблардур икки рўбарў.
Қошиға тушкан гириҳлар бирла кўнглунг боғламиш,
Эй Навоий, ишқини тарк айладим деб бўлдиму?
* * *
То тушта юзин кўрдуму бўлмиш манга ком уйқу,
Лекин ғамидин бўлмиш кўзумга ҳаром уйқу.
Кўнглум не учун еткач зулфунгға бўлур бехуд,
Маъҳуд эмас элга чун аввали шом уйқу.
Эл кўзларидин ул кўз уйқуни тамом олмиш,
Бу иштин экин охирким, бўлди тамом уйқу.
Ё тушта кўрай ани, ё ғайрни кўрмай деб,
Кўз очмайин истармен ҳажринда мудом уйқу.
Бу марҳалада солик кўз юмса, қолур йўлдин,
Йўл аҳли қачон айлар айларда харом уйқу.
Чун сайли сиришкимдин кўзнинг қораси бормиш,
Не навъ тута олғай ул ерда мақом уйқу.
Уйқуси Навоийнинг гар ўчти, ажаб эрмас,
То дона сиришк ўлмас, бўлмас анга ром уйқу.
* * *
Меҳрида мен хастанинг ҳар лаҳза ҳоли ўзгача,
Лек ул бадмеҳрнинг ҳар дам хаёли ўзгача.
Гулбун ўлди паст вард асру бийик, биллаҳки, бор,
Сарви гул рўйим қадининг эътидоли ўзгача.
Боғ нахлининг қадингдек бошида гул бутмамиш,
Ҳусн боғининг бўлур эрмиш ниҳоли ўзгача.
Ҳар замон лаълинг майи ёди кўнгулни маст этар,
Ани ҳар дам айлар ул фикри муҳоли ўзгача.
Эй мусаввир, айласанг тақлид жонон сувратин,
Чекмагил жонким эрур анинг мисоли ўзгача.
Гар гули раъно қизил, сариғ кўрунур важҳи бор,
Ҳар дам айлар ани чеҳранг инфиоли ўзгача.
Тақви аҳлидек бориб муғ дайрида йўл топмадуқ,
Соқиё, май тутки бу қатла борали ўзгача,
Хонақаҳ аҳлиға, эй зоҳид, мени ўхшатмаким,
Зуҳд эли бор ўзгача, ринд лоуболи ўзгача.
Икки дунёдин кечиб ёр истаган топмиш висол,
Эй Навоий, келки йўқтур эҳтимоли ўзгача.
* * *
Ваҳки, чамандин яна эсти шамол ўзгача,
Ҳар дам ўлур атридин кўнглума ҳол ўзгача.
Булбулу қумри чекиб лаҳну наво ўзга навъ,
Кўргузадур сарву гул ғанжу далол ўзгача.
Савсан ўлуб сарбаланд, ғунча қилиб нўшханд,
Элга алардин етиб дафъи малол ўзгача.
Сунбули пуртоб ҳам, лолаи сероб ҳам,
Дуд ила ўтдин бўлуб шибҳу мисол ўзгача.
Кирди магар дилбарим, ҳури парий пайкарим,
Гулшан аро кўнглида фикру хаёл ўзгача.
Бўлса манга доғи йўл, андаки айш айлар ул,
Қилсам эди маст ўлуб қолу мақол ўзгача.
Умри абад топқамен, тутса манга бир қадаҳ,
Нашъае майдин анга ҳусну жамол ўзгача.
Даҳрда йўқтур карам, даҳрнинг аҳлида ҳам,
Қилмағасен, эй кўнгил, фикри муҳол ўзгача.
Зуҳд, Навоий санга бермади масжидда файз,
Эмди кириб дайр аро, тарҳни сол ўзгача.
* * *
Ҳиротдин агар ўт тушса Сабзаворғача,
Бўлай самандару тортай ўзумнн ёрғача.
Кўнгул доғи бу ўт ичра йўлуқса ҳам хуштур
Ки, бўлса ҳамраҳим ул сарви гулъузорғача.
Жунун аро ёришиб гоҳу гоҳ қичқиришиб,
Етишсак иккимиз ул тунди шаҳсуворғача.
Эмас чу умр иши маълум, ҳар нечук бўлса,
Ўзумни еткурайин ёр ўлур диёрғача.
Ажал чу етти анинг кўйи сари судрансам,
Фидоси жисми низор ўлса жони зорғача.
Чу кўйи ичра мазоримға берсалар тартиб,
Қадамин қилса гаҳе ранжа, ул мазорғача.
Висол қайдаю мен қайда, соқиё май тут
Ки, мўр сайри эмас чархи зарнигорғача.
Эрур баҳор ғанимат, май ички, билмассен
Ки, даҳр боғида бўлғунг яна баҳоргача.
Навоиё, ғамим ўлтурди, ғамзада май бер,
Йўқ эрса бошла мени ёри ғамгусорғача.
* * *
Ўзгалар боғиндадур наврас ниҳолим бу кеча,
Тонгға тегру ўзгадур ҳар лаҳза ҳолим бу кеча,
Ҳажр даштида юз ўтлуқ водию ҳар дам мени
Ўзга водийға солур, ваҳким, хаёлим бу кеча.
Сўрма кўнглум ҳолини, бедод ила ўлтургуси,
Ўзин ул девонаи беэътидолим бу кеча.
Барча бир-бирдин совурмоқ биймидур, неким ўтар,
Анжуму афлок бирла қийлу қолим бу кеча.
Юз қуёш қилса тулуъ, эрмас ёруғлуқ еткудек,
Андоқ этмиш тийра оламни малолим бу кеча.
Буйлаким, ҳар дам урармен жонға юз тиғи ҳалок,
Тонгғача, ваҳ, то қаён еткай маолим бу кеча.
Эй ажал, жоним фидонг ўлсунки, ботроқ эт халос.
Чун кўрунмайдур тирилмак эҳтимолим бу кеча.
То қиёмат субҳ толиъ бўлмасун эмдики, бор
Ҳашр субҳи сари майли интиқолим бу кеча.
Эй Навоий, ҳар не зулмиким қилиб эрди хаёл,
Барчани жонимға қилди чархи золим бу кеча.
* * *
Уйқуни оҳим ели кўздин учурди бу кеча,
Ақлу ҳис авроқу ажзосин совурди бу кеча.
Анжам эрмас, чарх зулмин ҳолима англаб қазо,
Тийра рухсоримға минг қатла тўкурди бу кеча.
Ҳажрдин туфроғ бўлдум, гўйиё ашким суйи
Бошима чархи кўҳан тоқин емурди бу кеча.
Зулм тоши ёғдуруб, ҳижрон қиличи индуруб,
Не балолар ишқ бошимға кетурди бу кеча.
Захм кўптин мен ўлум ҳолида ўлган соғиниб,
Ит ялаб қоним, сўнгакларни кўмурди бу кеча.
Субҳ толиъ бўлмади, гарчи ул ойдин айру ҳажр,
Бошима минг қатла гардунни уюрди бу кеча.
Чарх мен саргашта ёшидин хижил бўлдики, кўп
Анжуми ашким шиҳобосо югурди бу кеча.
Тийра андиндурки, ой, кун шамъин оҳим сарсари
Чарх фонуси аро бир-бир ўчурди бу кеча.
Эй Навоий, ўлмаким англаб ул ойнинг кўйида,
Итлари бир дам улуб, бир лаҳза ҳурди бу кеча.
* * *
Пардаға кирган кеби хуршиди рахшон ҳар кеча,
Азми хилват айлар ул шамъи шабистон ҳар кеча.
Ул кулуб аҳбоб бирла субҳдек, мен шамъвор
Ўртаниб кўнглум тўкармен дурри ғалтон ҳар кеча.
Бир қуёш ҳижронида урён таним гардун кеби
Меҳр ўтидин кўргузур минг доғи пинҳон ҳар кеча.
Гаҳ-гаҳ, эй махмури хоболуд, сўр ул хастани
Ким, етар оғзиға лаълинг ёдидин жон ҳар кеча.
Носиҳо, не навъ пинҳон тоат айлаким, олур
Дину дониш нақдини бир номусулмон ҳар кеча.
Бир кеча сўрғил мени андин бурунким, сўрғасен,
Қани ул бедилки, айлар эрди афғон ҳар кеча.
Чек, Навоий, нола, кўз май берсуну бағрим кабоб,
Чун бўлур ул ой хаёли бизга меҳмон ҳар кеча.
* * *
Юзи оллида гул, наззора қилдим, хўб эмас анча,
Қади қошиға боқтим, сарвға марғуб эмас анча.
Ҳабибим ишқида девона бўлғанда, парий доғи
Кўзумга жилва қилди, борлар маҳбуб эмас анча.
Бўлубмен ёрға толиб ва лекин ҳурға зоҳид,
Муни мен истамасменким, манга матлуб эмас анча.
Ити ўлтурса ҳам, кўпрак соғинурмен рақибидин,
Нединким, хотиримдин бу парий маслуб эмас анча.
Май ичсам беҳисоб, эскармайин кавсар суйин, йўқ айб,
Фано касбида бу оллимда чун маҳсуб эмас анча.
Жунун кўнглумга Мажнундин эрур ғолиброқ, эй оқил,
Тааққул айласанг савдоға бу мағлуб эмас анча.
Агар зуҳди риёий аҳлидин куфр аҳлини кўпроқ
Соғинсам айб эмаским, бу манга маъюб эмас анча.
Кўзум ашкини йўқ, лекин қурутмоқ баҳрни мумкин
Ки, хилқат важҳидин табъи мунунг мартуб эмас анча.
Навоийға керактур ёр, гул булбулға бўлсунким,
Юзи оллида гул, наззора қилдим, хўб эмас анча.
* * *
Сарву гул ҳусн ичра йўқ ул сарви гулрухсорча.
Уйлаким, қумрию булбул нолада мен зорча.
Ул баҳори ҳусн учун ҳар сайл рангинким, булут
Зоҳир этти, йўқ эди бу дидаи хунборча
Гарчи даврон хоридин гул яфроғидур юз тешук,
Ҳажр нешидин эмас бу хотири афгорча.
Зулфининг ҳар тори бир мўминни чун кофир қилур
Деса бўлғай ани дин аҳлиға минг зуннорча.
Кўйини ул ҳурнннг селоби ашким касрати
Айламиш жаннату тажри таҳтуҳол-анҳорча.
Абри раҳмат сояи сиҳҳат бошимға солмағай,
Ул қуёш кўйи қироғинда бузуғ деворча.
Бу кўҳан дайр ичра бир дам қилғали дафъи хумор,
Амни манзил топса, бўлмас кулбаи хамморча.
Олам аҳлиға вафо айлаб, жафо кўрган эрур,
Юз туман минг зор эмас, аммо бири мен зорча.
Чун Навоий кўнглини снндурдунг, энди топмағи
Мумкин эрмас, итти чун ҳар ён тушуб бир порча.
* * *
Гар қуёштин қадрим ортуғроқдурур шоҳ оллида,
Заррадин юз қатла ўксукракмен ул моҳ оллида.
Енида ой оллида хуршид эрур ҳар кимсаким,
Гоҳ бўлса дилбарининг ёнида, гоҳ оллида.
Кўз юмуб очқунча гарчи кўнглум олиб ўртади,
Ваҳ, нетиб асрай кўнгулни буйла дилхоҳ оллида.
Ой фалак хиргоҳида андин чекар юзга саҳоб,
Ким оча олмас юзин ул моҳи хиргоҳ оллида.
Ҳусн шоҳи бою мен мунглуғ гадолиғ қилмасам,
Кимни топиб айлагаймен шайалиллоҳ оллида.
Улки, ваҳдат шарҳин айлар, сирридин огоҳ эмас,
Гар фано касб этмаган бўлса бир огоҳ оллида.
Ишқ иқболи Навоийға экандур сарнавишт,
Кўрмай ўлмас улки, меҳнат бўлса ё жоҳ оллида.
* * *
Ул сўюлған барги гул чоғлиқ юзунг бўстонида,
Бир қизил гул барги бутмиш гўйи оқ гул ёнида.
Йўқса ойнинг ёнида Баҳром бўлмиш жилвагар,
Жилваси Баҳромнинг, не тонг, қамар давронида.
Йўқса бир тирноғинг ўлмишдур хинодин лаългун,
Ояти келди яди байзо чу илгинг шонида.
Йўқса номам сафҳасин бир қатра қон этти нншон,
Қон ёшим маҳзун кўнгул дардин санга ёзғонида.
Йўқса ул юз кўзгуси бир қатра тердин тутти ранг,
Чун қуёш тоби аён бўлди сипеҳр айвонида.
Сафҳаи жонимға, эй соқий, томиз бир қатра май
Ким, ўзин топтинг, кўнгул не ҳол эса жононида.
Орази ул шўх чобукнинг сўюлған важҳидин,
Юз минг андоқ захмдур мискин Навоий жонида.
* * *
Кўнглум итти зор ҳусни онининг туғёнида,
Айлади ошиқ мени ҳусну малоҳат онида.
Юз туман тақво сипоҳин рахши айлар поймол,
Маст айлар чоғда жавлон хўблуқ майдонида.
Қасри давлат ичра элдин жон олурнинг не ғами,
Хастадинким жон талашқай заъфдин вайронида.
Неча ул ой итлари бор эрса сондин ташқари,
Мен киму бўлмоқ анинг кўйида итлар сонида.
Ваҳ, не кофир эркин улким, зулфининг зунноридин
Солди юз минг уқда тақво аҳлининг имонида.
Эй хуш улким, гарчи тунлар ёни ерга етмади,
Кўрди ўз шамъи шабистонини бир тун ёнида.
То Навоий телбарабтур сенсиз, эй гулрух парий,
Бир тикан ҳар тук сою кўргил тани урёнида.
* * *
Эй ниҳоли қоматинг сарсабз жон бўстонида,
Жилвасидин вола ўлмоқ сарву тўби шонида.
Қошларингдур гўйи икки ҳиндуий оташпараст,
Майл қилғон саждаға ўтлуқ узоринг ёнида.
Ўлсам олманг ул париваш тошларинким тутти ер
Ким, эрур жонлар бу мажнуннинг тани урёнида.
Қолқиғай ҳар сари гардун бир мужавваф гўйдек,
Ҳажр шоми тушса ашким сайлининг туғёнида.
Лаъли ҳажринда бағир парголасидур истасанг,
Кўз ёшимнинг лаългун ҳар қатра томған қонида.
Чун фалак даврониға йўқ эътимоде, эй қуёш,
Меҳр кўргузмакни хўй эт ҳўблиқ давронида.
Базл илгин юқори сойил қўлин кўргил қуйи,
Тенг бўлурму термаку сочмак хирад мезонида.
Шоми ҳажр эрмас ҳамоноким, чу золимдур сипеҳр,
Тушти мазлум оҳи анинг кулбаи эҳзонида.
Ул Масиҳ анфосқа ёқмас Навоий, не осиғ,
Нағмаи Довуд агар зоҳир қилур афғонида.
* * *
Нилдин ҳар бир алиф ул маҳжабин рухсорида,
Бир ниҳоли сарв эрур гўё Эрам гулзорида.
Ишқ султони сиёсат айлади ушшоқни,
Халқ жисмидур, сомон эрмас бало деворида.
Тоза доғедур фиғоним ўтидин бўйнумдағи
Ҳар мудаввар шакл шингарфий жунун туморида.
Тавқлар бўлмиш жалий тортарға имон аҳлини
Ҳалқалар занжири зулфунг риштаси зуннорида.
Телбалик тоғи танимдур, бош уза жўлида соч
Ҳар бири бир нотавон Мажнун жунун кўҳсорида.
Тушса юз дастор бошдин, бош эгиндин, ваҳ, не тонг
Ким, эрур гулранг май бошида, гул дасторида.
Эй Навоий, зор жисминг нола қилмас заъфдин
Уйлаким, суст ўлса, ун бўлмас муғанний торида.
* * *
Кеча эл осудадур, кўнглум бирав қайғусида,
Улки, мен қайғусида, осуда ноз уйқусида.
Ўлтуруб тун, субҳ тиргузмак мени зоҳирдурур,
Шомнинг гирёнлиғию субҳнинг кулгусида.
Оҳким, бу шоми ҳижронимға йўқ субҳи висол,
Гарчи йўқ шомеки, йўқ субҳи анинг ўтрусида.
Уйқуда ором йўқ тун-кунки, аксин топмадим,
Тун қамар миръотида, кундуз қуёш кўзгусида.
Меҳр ёғдусида зарра бўлмағандек ошкор,
Юз туман минг меҳр пинҳондур юзунг ёғдусида.
Кимса чун ўтканга етмас, ҳолни тут муғтанам,
Умрни ўткарма, ўткан ҳайф ила афсусда.
Наъл кесмайдур Навоий қуллуғидиндур нишон,
Ишқ айнидур аломат ёрнинг белгусида.
* * *
Ёр акси чунки айлар жилва май кўзгусида,
Май ичарменким, юзи бўлғай юзум ўтрусида.
Ул сабоҳат бирлаким, кулдунг, манга меҳр ўлди фаҳм,
Меҳр фаҳм ўлмоқ тонг эрмас субҳнинг кулгусида.
Уйлаким, хайли ҳубоб ичра тушар хас, бормен
Ашк аро саргашта ул султони ҳусн урдусида.
Урди олам бузғали бир-бирга кирпик сафларин,
Фитналар бедор қилмоқ кўр ул ой уйқусида.
Не хато қилғай кўнгулларга кўзунг мужгон ўқин,
Ҳар қаён чун боқса, сайдедур анинг қобусида.
Навбаҳори даҳрға қўйманг кўнгулким, йўқ вафо
Не гули бўстонида, не лолаи худрўсида.
Шоҳлар побўсинг эткандин, Навоий, яхшироқ
Ким, бошингни хокираҳ этсанг анинг побўсида.
* * *
Топиб ҳаёти зулоли хатинг қорасинда,
Ёзилди ояти раҳмат юзунг сафосинда.
Ики лабинг ёпишурлар, гар оби ҳайвондин
Рутубат ўлмаса ул иккининг орасинда.
Не нутқ ила не адо топти руҳбахш лабинг
Ки, руҳи нотиқа ожиздурур адосинда.
Фироқ бийми дурур чоклик кўнгулда не тонг,
Гар ўлса улки қилич захмидур яросинда.
Кўзунг отиб манга новак хато қилур амдо,
Тириклигимга хатодур анинг хатосинда.
Дедимки, умр вафо қилса даҳр ҳам қилғай,
Валек баҳсдур ул иккининг вафосинда.
Наво минг айласа булбул Навоий ортуқ эмиш
Ки, мунглар ўлди ададсиз мунунг навосинда.
* * *
Тушта кўрдум ёрни хандон рақибин ўтруда,
Рашкдин ҳар лаҳза тиш қирчиллатурмен уйқуда.
Ул парий васли аро ёдимға кирса фурқати,
Телбалар янглиғ тўкармен ашк айни кулгуда.
Кўзгу жаннат равзанидурким, тамошо қилғали
Ҳур келмиш гўйиё, аксинг эмастур кўзгуда.
Юлдуз иткандек қуёш ёғдусида, итти қуёш
Оразинг хуршиди чун қилди тулуъ ул ёғдуда.
Соқиё, бир журъа тут, шоядки юзлангай нашот,
Неча бўлғай ҳажрдин озурда кўнглум қайғуда.
Ўзлукумни ашк элтиб, ўздин андоқ ётмен
Ким, ўзумни тонимон, аксимни ҳам кўрсам суда.
Чун Навоий ёр сари юзланур, қайғу қолур,
Соя қолғандек кейин, хуршид бўлғач ўтруда.
* * *
Кўнглаким қон ила ҳар доғки бўлмиш тоза,
Тоза доғим била қонидин эрур андоза.
Ҳажрдин куймиш эдим, яна дединг ҳажр сўзин,
Эски доғимни янги доғ ила қилдинг тоза.
Дерки, ишқимни ёшур, ваҳ, нетибон ёшурайин,
Эмдиким тутти бари даҳрни бу овоза.
Лаъли авсофини гул барглари узра ёзай,
Айлайин ҳифзиға жон риштасидин шероза.
Зеб учун юзунга гул барги эмастур ҳожат,
Ҳожат ул навъики, гул баргига эрмас ғоза.
Оқибат қабр эшиксиз уйига чун киргунг,
Эмди гирё сенга не суд, очуқ дарвоза.
Ул парий сувратини чекса Навоий, не ажаб,
Қалами топса малойик юнгидин парғоза.
* * *
Рангсиз холинг эрур ул орази дилжў уза,
Занг ул янглиғки кўргузгай асар кўзгу уза,
Нашъа ёқути муфарриҳдин гар эрмас дам-бадам,
Дуржи лаълингда недин кулгудурур кулгу уза.
Хозини ҳикмат магарким хол бирла қилди муҳр,
Лаълдин чун солди қуфл ул ҳуққалиқ инжу уза.
Қоши ёсин қурғали эл қасдиға бўлмиш кериш,
Фитналиғ чинким тушар ул наргиси жоду уза.
Анбарин зулфунг малойик шаҳпаридин соядур
Ким, аён бўлди тажалли ақшоми ёғду уза.
Соқиё, ишрат майин бунёд ила соғарға қуй,
Не учунким, даҳр бунёдин кўрармен су уза.
Кўйи туфроғида қон ютса Навоий, яхшироқ
Бодаи кавсар чекардин равзаи мину уза.
* * *
Куйди кўнглумким, недин манзил эмас жононаға
Тушти ўт ганж орзусидин бизинг вайронаға.
Ул парий усрук кўзин истаб биёбон тутмишам
Ким, кийик бирла мудом улфат бўлур девонаға.
Келдиму кўрдум юзин қайтурмен эмди ўртаниб,
Шамъни кўрган нафас ёнмоқ керак парвонаға.
То манга бегона бўлдунг кўнглум ўлди шодким,
Ошнодин улфатинг кўпракдурур бегонаға.
Чархдин йиғларсен, эй кўз, билки бўлмиш еткудек
Сайли ашкингдин халал бу эртаги ғамхонаға.
Эйки, истарсен бериб жон, васл топқанлар сўзин,
Сафҳаға ўт сол қачон етсанг бизинг афсонаға.
Эй Навоий, неча бағринг су бўлуб тўккунг сиришк,
Тойири давлат чу боқмас бўйла обу донаға.
* * *
Не ҳаддим ёзмоқ битик ул меҳри оламтобға,
Чун ёза олмон жафосин заррае аҳбобға.
Номасиға ришта чирмабким юбордим рашкдин,
Тори жисмим ришта янглиғ тушти печу тобға.
Борди қосид, бўлди шому келмади андин жавоб,
Тонгғача то нелар ўткай дийдаи бехобға.
Ким ўқуғай нома доғи келса чун кўз баҳридин,
Мен тушубмен номанинг печи кеби гирдобға.
Кимки истар номае сабру саломат боқмасун
Хўблар холу хатдин нуқтау аъробға.
Бода мавжининг хутутидин кўзум топти жило,
Соқиё, жон ҳам эрур мойил бу лаъли нобға.
Жонда ёшурғум алифдек, эй Навоий, номасин,
Шояд андин заъф даф ўлғай тани бетобға.
* * *
Ишқ кўп солди мени дарду балият чоҳиға,
Ваҳки, эмди судратур ҳижрон сиёсатгоҳиға.
Эй хуш улким, айлай олғай ўлтурурда дарди ишқ,
Бир тазаллум шоҳиға ё бир васият моҳиға.
Ул қуёш ҳар ёнки борса, соя ҳамроҳи анинг,
Соядек беҳол ўлурмен рашкдин ҳамроҳиға.
Қўрқарамким, етмагай ҳолимға май нисёнидин,
Нечаким, бор эътимодим хотири огоҳиға.
Ё раб, у бедилки, бир дилхоҳ анинг матлубидур,
Ани ҳам еткур мени бедил кеби дилхоҳиға.
Уйладурким, сотибон Юсуфни олғай сиймқалб,
Кимки матлубнн қўюб, майл этса дунё жоҳиға.
Бир биҳиштий ҳур ҳажридин тамуғнинг дудидур,
Боқсанг ўтлуғ кўнглидин чиққан Навоий оҳиға.
* * *
Ул учуғ эрмас қабарған лаъли руҳафзосиға,
Шишада ҳайвон еуйи солмиш улус эҳёсиға.
Не учун шамъ оллида саргаштадур парвона, гар
Садқа қилмас ўзни анинг қомати раъносиға.
Онча ул ой кўз қарортибтур менинг қонимғаким,.
Сурма чекмак ҳожат эрмас наргиси шаҳлосиға.
Боқмас истиғнодин элга, ваҳ, не эрким ишқидин,
Юз туман хайли бало ҳар дам кўнгул яғмосиға.
Топмаса лаъли майиға бодапаймолиғ кўнгул,
Хуштурур наззора ҳам лаъли қадаҳпаймосиға.
Ҳусн аро мағлуб анга Ширину Лайло уйлаким,
Ишқ аро Фарҳоду Мажнун ҳам анинг шайдосиға
Оҳу вовайлодин ўлдум, оҳу вовайло агар
Боқмаса ул шўх кўнглум оҳу вовайлосиға.
Сўфи ибн-ул вақтдур гар истасанг осудалиғ,
Эй кўнгул, кўп илтифот этма замон абносиға.
Боғладим зуннор, аммо қилмадим маълумким,
Исо айлар иқтидо бу дайрнинг тарсосиға.
Гар Навоий ўлди ишқи тиғидин зинҳорким,
Қўйғасиз туфроққа юз ҳолин дебон мирзосиға.
Улки тўққиз чарх айвони ўзун кўп кўрди паст,
Чун назар солди бийик даргоҳининг кирёсиға.
* * *
Йўлунда туфроғ ўлдум, эй сабо, ўтсанг ғуборимға,
Қуюн бўл доғи элтиб садқа қилғил гулузоримға.
Гар ўлсам ул малак сиймо парий ҳажринда, айланғай
Парий бирла малак парвонадек шамъи мазоримға.
Фироқи тийр боронинки, чектим қушға ўхшатқай
Ки, юлмишлар юнгин боққан киши жисми фигоримға.
Қуёш янглиғ юзунг ҳажринда эрмас ёрумоқ мумкин,
Гар ўлса юз қуёш толиъ қорарған рўзгоримға.
Йигитлар ишқини гар ихтиёр этмай десам, қўймас
Йигитлик бирла ошиқ шевалик ўз ихтиёримға.
Жунун водийсида қолур сабо юз дашти пўямдин,
Анга етмон, не илдам сайр экин чобуксуворимға.
Сени, эй муғбача, маҳрумлуқдин асрасун тенгри,
Агар бир жоми май бирла илож этсанг хуморимға.
Фано майхонасининг майфурушиға фидо жоним
Ки, май эҳсон қилур ҳолатда боқмас йўқу боримға.
Вафо ўтиға мен куйдум вале топқай Навоийдек
Муҳаббат риштаси боққан киши ҳар бир шароримға.
* * *
Ёқодек қурб агар топмон сенинг сиймин сақоқингға,
Этакдек ҳам ёмон эрмас туша олсам аёқингға.
Чучуклуктинму ё куйдурганидинму қабармиштур,
Лабим то етти лаъли оташин янглиғ дудоқингға.
Кўнгул мужгонинг узра кирпигимда қатра қондектур,
Бу янглиғ дашна ебтур то асир ўлмиш фироқингға.
Баногўшингни ўпмак кому, ваҳким, халқ биймидин,
Де олмон ошкоро, гар десанг айтай қулоқингға.
Лабинг ўпмакка ҳаддим йўқ вале лутф айласанг онча
Ки, мунглуғ кўзларимни суртсам қошу қабоқингға.
Санга ёндошмоқ истаб қоматим ё, оҳим ўқ бўлди,
Ҳасаддин бир тараф қурбонинга, бир ён садоқингға.
Ажаб эрмас агар, эй муғбача, майдин кўтарман бош,
Ўлубмен, ташна лабнинг боши бир етмиш аёқингға.
Жунундин тоғу саҳро ичра айб этма фиғонимни,
Будур иш, эй парий, токим тушубтурмен суроқингға.
Навоий кўнгли қонин тўккали асрабсен, эй қотил,
Умидим йўқ эди кўнглумни мунча асрамоқингға.
* * *
Кўйида йиғлар эдим мен зор ҳар беморға,
Эмди йиғларлар бари беморлар мен зорға.
Ҳажри бепоён йўлин қатъ айламак душвор эрур,
Заъфдин менким юрурмен қўл таяб деворға.
Телба кўнглумнинг қушидин қону юздин заъфарон,
Қилсалар дафъи жунунум басдурур туморға.
Ишқ пайдову ниҳон ўлтурди, лекин йўқтурур
Заҳра бу ҳолимни ҳам ихфоға, ҳам изҳорға.
Зулфида мен фонию тасбиҳ ила мағрур шайх,
Субҳа торин бас, не янглиғ ўхшатай зуннорға.
Йўқ ажаб ўлсам дағи кавсар суйи бўлғай насиб
Назъ вақти солсам ўзни кулбайи хамморға.
Зор ўлуб мискин Навоий нечаким чекти фиғон,
Қилмади ул ой тараҳҳум бу фиғону зорға.
* * *
Сурати девордек ҳайронмен ул рухсорға,
Йўқса ғамзанг ўқлари тикмиш мени деворға.
Зор жисмимда бўғунлар меҳнатимнинг сонидур
Ким, санаб, ҳар ерда тугдум бир тугун ҳар торға.
Тори зулфунг ичраким, ашким тўкар кофир кўзинг,
Меҳраи тасбиҳ тортар риштаи зуннорга.
Бир-ики кун зор кўнглумдин фироқингни кетар,
Заҳрким, бермиш бу кунлук тонглалиқ беморға.
Захми кўплуктин кўнгул сиррини фаҳм этмак бўлур
Ким тааммул бирла боқса бу тани афгорға.
Гар десанг саргашталик кўрмай йўлунгнн туз юру,
Гар инонмайсен, назар қил чархи кажрафторға.
Эй Навоий, гар десанг ҳижрон хуморин дафъ этай,
Жаҳд этиб, солғил ўзунгни кулбаи хамморға.
* * *
Қўйди усрук юзни бу хоки тани беморға,
Шамъ янглиғки таямишлар ани деворға.
Анжум ўлса меҳр уза, онча кўрунмас лутф аро
Ким, гаҳи тер қатраси ул меҳрваш рухсорға.
Ул кўз эрмаским, чекилмишдур учи зулфунг сари,
Кофиредур, олғали майл айламиш зуннорға.
Қилди оламни гулистон, улки гулгун рахш уза,
Чиқти гулгун тўн кийиб, гул санчибон дасторға.
Даҳр туфроқиға меҳнат сабзаси бош чекти боқ,
Ҳар тараф пайкон учи чиққан тани афгорға.
Ҳусни даврони ўтар барҳам бўлур, эй сарви ноз,
Зор кўнглумни кўруб, майл этмасанг озорға.
Истади фоиус аро сурат кеби саргашталик,
Элга улким, давр берди гунбади давворға.
Ёр йўқ оламдаким, бир ёр сиррин асрағай,
Бас ажаб сирредурурким, эл дегай ағёрға.
Эй Навоий, хонақаҳда кўрмадинг жуз дарди сар,
Ани дафъ айларга юзлан кулбаи хамморға.
* * *
Чунки мойилдур кўнгул ағёр сари ёрға,
Садқа жоним ёрнинг кўнгли учун ағёрға.
Истарам ағёр аёғин ўпкамен, балким кўзин
Ким, бориб кўйига етмиш давлати дийдорға.
Чун етар атри димоғимға, кирар жисмимға руҳ,
Ҳар насимиким, эса ул сарви гулрухсорға.
Ҳар бирига жонни дермен садқа айлай жилвада,
Юз туман жон садқа бўлсун ул қаду рафторға.
Нақди жону хирмани умрумни сарф эттим, валек
Ул санам қониъ эмас бу маблағу миқдорға.
Халқдин юз дашт йўл тутсун қироқ ул зорким,
Дерки ўзин солмайин ҳар лаҳза минг озорға.
Хилватингда чун кушоде топмадим, маъзур тут,
Бўлсам, эй шайх, эмди азм кулбаи хамморға.
Эй Навоий, бесаруполиғ чу қилдинг ихтиёр,
Кир фано кўйига, боқма кафш ила дасторға.
* * *
Йўқ иложим гар мени бир жавр ила ёд этмаса,
Ваҳ, не бўлғай элни ҳам юз лутф ила шод этмаса.
Ишқ аро, эйким, дединг, ҳар лаҳза фарёд этма, вой,
Ўт туташқан чоғ бўлурму кимса фарёд этмаса?!
Носиҳо, ёзғурмаким зор ўлмағай кўнглум қуши,
Тенгри ул оразни гул, ул қадни шамшод этмаса.
Хўбларға чун вафо йўқ, авло улдурким, кўнгул
Ўзни ул қаттиғ кўнгуллугларга муътод этмаса.
Яхши очилмиш баҳоринг гуллари, эй боғбон,
Ғам хазони хуштур авроқини барбод этмаса.
Ваъдайи васл этти, олиб жон хўйиға йўқ эътимод,
Яхшироқдур гар бу савдо ичра мийъод этмаса.
Мен вафода ўлдум, аммо ул жафода хўб эрур,
Бевафолиғ шевасин бу жониб иснод этмаса.
Бошни қутқарғай парийлар тошидин ҳар телбаким,
Ёрлиғ расмида майли одамийзод этмаса.
Дилбар бедодидин айлар Навоий шиква, лек
Жонға бедод айлар ул бир лаҳза бедод этмаса.
* * *
Кўнгулни хайли ғаминг қилди йўл убур била,
Нечукки мўр сафи йўл ясар мурур била.
Гар учмақ итти сенинг кўюнг оллида, эй ҳур,
Анга не навъ кўрунгай ўкуш қусур била.
Қуёш қошида эрур заррадек басе махфий,
Юзунг қошида қуёш ғояти зуҳур била.
Ҳузури тоат этар шайх васф, ваҳ, нетайин,
Хаёли қўймаса тоат аро ҳузур била.
Шабобу ишқу баҳору фироқдур, эй шайх,
Бўлурму зуҳд ила тавба бу навъ умур била.
Йўлида мен кеби юз хаста ўлса, қайда ғами,
Саманди ҳуснки жавлон берур ғурур била.
Бўлай рафиқ жунун даштидаю ҳуш илаким,
Вафосиз элдин ўлубмен, басе, нуфур била.
Ўзунгни асрама бир лаҳза мутрибу майсиз,
Десанг бу ғамкада ичра бўлай сурур била.
Навоий, истама назмингда рабту жамъият
Ки, кўнглунг ўлди замондин ўкуш футур била.
* * *
Бир қадаҳ май ичмадим сарви гуландомим била,
Бир нафас эврулмади даврон менинг комим била.
Ҳар маеким онсиз ичтим топғали ғамдин амон,
Заҳри ғам гўё эзилмиш эрди ул жомим била.
Тунга етмас кунни ўткардим ўлуб ҳижронида,
Кунга еткайменму, ваҳ, бу субҳи йўқ шомим била.
Қайда бўлсин музтариб кўнглумга ором, эй рафиқ,
Тутмадим ором чун бир дам дилоромим била.
Эй сабо, ул гулга муҳлик фурқатим пайғомин айт,
Балки жон нақдин анга еткур бу пайғомим била.
Кўнглум ичра бут ғами, куфр ичра ўлсам яхшироқ,
Аҳли дин оллинда борғунча бу исломим била.
Эй Навоий, ўлсам армон элткимдур, ичмайин
Бир сабуҳи гулузори бода ошомим била.
* * *
Гар сабодек ҳамдам эрман сарви озодинг била,
Бормен, эй гул, қайдаким бўлсам, сенинг ёдинг била,
Ранге йўқтур чун қизил гулдин санга, эй андалиб,
Эл қулоғин асру кўп ёлқитма фарёдинг била.
Эйки дерсен, кўзларим кўнглунгни не навъ этти сайд,
Бир кабутар нетсун охир икки сайёдинг била.
Масжид ичра бутпараст ўлмоқ неча, эй пири ишқ,
Дин учун кирдим фано дайриға иршодинг била.
Сеҳр эрур, эй ишқким, кўнглум била пайконидин,
Хирқайи жисм ичра ўту суни асродинг била.
Гар итобе зоҳир этсанг ўзгаларнинг кўнглин ол,
Негаким мен хўй этибмен зулму бедодинг била.
Эй Навоий, телбалик тарк эткасен кўргач висол
Ҳур сийратлик, малак хўлуқ парийзодинг била.
* * *
Кўнглум оғзингнинг хаёлидинки тўлмиш ғам била,
Нақд уза мумедурурким, нақш эрур хотам била.
Ғам туни анжумни оҳим ўқлари захмиға чарх
Ул момуқлар билки, қўймишдур ясаб марҳам била.
Йиғлама, эй кўзки, бормас зулм нақши кўнглидин,
Тошда қозғон хат не имконким бузулғай нам била.
Ул алифдурким аёндур бир тарафдин шамраси,
Қадди бир ёндин осилғон мушкбў парчам била.
Шайхи ғофил кўнглин этти зарқ оҳидин қора
Тифлдекким, кўзгуни қилғай мукаддар дам била.
Оҳким, овора бўлдум айта олмай шаммае,
Ёшурун кўнглумдаги дардимни бир ҳамдам била.
Эй Навоий, гар десангким бенаволиғ кўрмайин,
Ошнолиғ қилмағил жинси баний одам била.
* * *
Ёр ҳар базм ичра, мен хориж мушаввашлиғ била,
Ваҳки дохил ҳам бўла олман сабукашлиғ била.
Кирмайин базмида топсам итлари хайлиға йўл,
Шод ўлай найлай иш очилмас мушаввашлиғ била.
Жонни хушлуғ бирла ул кофирға бердим, негаким,
Ул худ олур, қолса иш олмаққа нохушлиғ била.
Эй фусунгар, қўп, магар ул васлдин қилғай илож
Ким, мени девона айлаптур парийвашлиғ била.
Ким фалакнинг шашдаридин эмин ўлғай буйлаким,
Элтадур жон нақдини, лекин бори ғашлиғ била.
Дер эсангким соя янглиғ бўлмайин туфроққа паст,
Ул қуёшқа боқмағил, эй сарв, саркашлиғ била.
Эй Навоий, шайхқа шайтон гар афсор урмади,
Бас нега доим қилур ҳазл ул узун фашлиғ била.
* * *
Илгин ул гулранг этибдур лола яфроғи била,
Кафларин барги била, тирноғларин доғи била.
Риштайи зулфи хаёлидин ҳаво қилған кўнгул
Бир қушедурким, қочибдур гўйиё боғи била.
Решлар кўксумда кўр, Фарҳод баҳсин қўйким, ул
Қазмади мендек бало тоғини тирноғи била.
Шамъ ҳамдардимдурур ҳижрон туниким мен кеби
Ҳажр ўтида қоврулур ул дағи ўз ёғи била.
Оташин лаълинг шаҳиди қабридин гулгун ғубор
Ким, қўпор, ўтдур, эмас қон ранги туфроғи била.
Бемаҳал гулбонг ила ёлқитма булбул элниким,
Даҳр боғи гуллари хуштур, вале чоғи била.
Лола эрмас, урди ўт гулшанға бир гул ҳажридин,
Ўртаниб ҳар дам Навоий нола қилмоғи била.
* * *
Кўнгул қушидур анинг зулфи тобдори била,
Чибинки, боғлиғ эрур анкабут тори била.
Сипанд офат эмас, лолазор офат эрур,
Юзинда ҳар сари хол оташин узори била.
Магарки зулфида ишқ аҳлининг кўнгулларидур,
Не дудким, нафасимдин чиқар шарори била.
Ниҳоли васл анингдек қуруптурурки ани
Кўкарта олмади кўз икки жўйбори била.
Сипеҳр эмин эмас манжаниқи оҳимдин,
Ўн икки буржлуғ ушбу бийик ҳисори била.
Муваффақ ўлмаса тавфиқ ила, эмас мумкин
Ўз ихтиёрини қўймоқ ўз ихтиёри била.
Чурук сўнгакларим ўлмиш қуюн аро хошок,
Бошингға эвурладурган таним ғубори била.
* * *
Лабларингким, ҳайф эрур тенг тутмоқ ани қанд ила,
Синдурур юз қанд бозорини шаккарханд ила.
Токи ҳайронмен санга номус ила итмиш кўнгул
Телба янглиғким, қочар эл ғофил ўлғач банд ила.
Одам ул соатки жаннат ичра авлодин кўрар,
Не қуванғай, дам-бадам сен нозанин фарзанд ила.
Қўй насиҳат, зоҳиду ўтлуғ дамимдин ваҳм қил,
Телба ит имкони йўқтурким соғалғай, панд ила.
Ҳожатингни элга арз этмакка ҳожат бўлмасун,
Хуш чиқишсанг лаҳзае бу зори ҳожатманд ила.
Лабларинг ҳажринда юз паркандким бўлмиш кўнгул,
Лаъл эрур маҳлул қон ўрниға ҳар парканд ила.
Чун Навоий кўнгли синди эмди лутфунг не осиғ
Ким, ушатса шишани бутмас яна пайванд ила.
* * *
Тушти ўт кўнглум уйига оҳи дардолуд ила,
Кўзда кирпик дема бу равзан, қорармиш дуд ила.
Телба ит деб ҳар тараф йўлдин қочарлар аҳли ҳуш,
Ўт сочиб оғзим, югурсам жисми гардолуд ила.
Чарх сайр этмас, нечук субҳ истагаймен ғам туни,
Жавфи чун мадрус эрур бу шоми қийрандуд ила.
Юсуфум ҳажрида Яъқуб ғам ичра, мутрибо,
Уйламенким, хушлуғум йўқ нағмайи Довуд ила.
Дема ҳар дардингға айлай бир даво, қўйким ўлай
Ким, малул ўлғунгдурур бу дарди номаъдуд ила.
Шаҳ тилар давлат бақосин, мен гадо ёр оғзини,
Ранжадур шоҳу гадо бир коми номавжуд ила.
Эй Навоий, қилдилар дунёни рад аҳли қабул,
Гар десанг мақбул ўлай, ёр ўлма бу мардуд ила.
* * *
Менки ғам даштида иттим оҳи дард олуд ила,
Истаган топқай кеча ўт бирла, кундуз дуд ила.
Инфиолингдин қуёш кирди қора туфроғ аро,
Қилғанингда жилва ул рухсори гардолуд ила.
Ул оғиз маъдуму менда ўпмаки савдосидур,
Судким истабдурур сармояи нобуд ила.
Не итинг бўлмоққа толеъ, не итингга туъмамен,
Тушкали кўйинг аро бу жисми ғам фарсуд ила.
Ғам туни қилмиш қора босқан кеби музтар мени,
Буйлаким, нокормен бу бахти қир андуд ила.
Уйла маҳвунгменки, келмас хотиримға ҳажру васл
Сен муродимсен, ишим йўқтур зиёну суд ила.
Эй Навоий, асру мақбул эл била хўй этти ёр,
Хушлуғи гар йўқтурур, не айб, сен мардуд ила.
* * *
Яна ҳар дам ишим сочмоқдурур кўз боғидин лола
Ки, бўлмиш лоладек қонлиғ кўнгул паргола-паргола.
Кўзунгдур фитнаву афсун саводидин қора наргис,
Юзумдур меҳнату идбор доғидин сариғ лола.
Умидим мазраин, дедим кўкартай ашкдин, лекин
Совуғ оҳимдин ўлди ул экинга бу ёғин жола.
Шафақ ичра эмас анжумки гардун жавфида оҳим
Ҳарорат онча кўргуздики, эрни бўлди табхола.
Маразлиқ захми кўп тандин баёне кўнглум афғони,
Бузуғдин уйладурким, чуғд қилғай дам-бадам нола.
Деб эрдинг, жон берай ўлсанг етишти ул маҳал, ваҳким,
Гадо султонға неткай жуз гадолиғ ўтса ҳам ҳола.
Навоий даҳрнинг кун юзи, тун сочиға майл этма
Ки, охир умр нақдин мухтал айлар ушбу муҳтола.
* * *
Юзун кўр, қилмағил мужгону хатту холидин нола
Ки, бўлмас хорсиз гул, дудсиз ўт, доғсиз лола.
Чу мен дур тишларинг ҳажридин ўлдум, не осиғ гар чарх
Нужум ашкини ёғдурса бошимға уйлаким жола.
Эмас бир-бир сиришким қониким, кўз мардуми солур
Итинг оллида бағримни узуб паргола-паргола.
Лабинг оби ҳаётин Хизри хаттинг нўш этар соат,
Ҳубоб ўлмиш ушоқ бир-икки, ани дема табхола.
Юзунгдур уйла даври чатр аро, эй хўблар шоҳи
Ки, бўлмайдур қамар даврида ҳаргиз уйла бир ҳола.
Юзига, эй фалак, не зеб бер, не ҳусн сотқилким,
Қуёш ҳусниға не машшота ҳожатдур, не даллола.
Пиёла бирла май оғзимға куптин қуйма, эй соқий
Ки, ул жавҳарға гўёким муносиб кайл эрур кола.
Басе муштоқинг эрдук дайр аро, кеч келдинг, эй мутриб
Ки, созинг таркидин бизга янги ой бўлди ҳар тола.
Бу базм аҳлиға, билким, офият жуз бевафолиғ йўқ,
Навоий хоҳ лаҳни айш туз, хоҳ айлагил нола.
* * *
Ёраб, ул юзни даме кўзумга пинҳон айлама,
Ё кўзумни андин ўзга юзга ҳайрон айлама.
Чеҳрасига мизбон ўлсун кўзум, ул чеҳрани
Кўзларим уйидин ўзга уйга меҳмон айлама.
Очмайин зулфи паришон кўнглума чектурма оҳ,
Етмайин оҳим ели зулфин паришон айлама.
Жонима лаълидин ўзга лаълдин берма ҳаёт,
Лаълиға жонимдин ўзга жонни қурбон айлама.
Бошима кўйидин ўзга кўйни қилма ватан,
Кўйида бошимдин ўзга бошни ғалтон айлама.
Эй кўнгул, давр аҳлидин минг йилчилик йўл гўша тут,
Ё алардин етса юз минг ғусса афғон айлама.
Истасанг, эй гул, Навоийдек ҳуш илҳон булбуле,
Ғунчадек кўнглун маломат хоридин қон айлама.
* * *
Зулфиға майл, эй насими анбарафшон айлама,
Тарқатиб юз пора кўнглумни паришон айлама.
Олам аҳли жониға раҳм айлаб, эй чобуксувор,
Отланиб усрук, яна оҳангн майдон айлама.
Азми гашт айлаб тун ақшом, ой кеби айлаб тулуъ,
Чархнинг юз минг кўзин ҳуснунгга ҳайрон айлама.
Захмлиғ бағримни юз минг пора айлаб тиғ ила,
Зулмдин ҳар порасин бир қатраи қон айлама.
Деб эмишсен, айлагум ислом элинда қатли ом,
Айлама бу зулмни, эй номусулмон, айлама.
Гар десанг кўнглунгни гардун таҳ-баттаҳ қон этмагай,
Хурда майлим ғундачек кўнглунгда пинҳон айлама.
Эй Навоий, базм тузган эрмиш ул гул боғ аро,
То паришон бўлмасун, булбулдек афғон айлама.
* * *
Ёр ишқим англамай, лаъли сусабтур қонима,
Токи маълум этса, келгай не балолар жонима.
Очмай ўтлуқ чеҳра чунким ўртади кўнглум уйин,
Очса не ўтларки, тушгай кулбаи эҳзонима.
Уйқуда ул кўз манга юз фитна бедор айламиш,
Ноз ила уйғонса, неткай, англа, хонумонима.
Ичмайин май бузди кўнглумни, гар ичса, тутса ҳам,
Кўр — не офат сайли юзлангай йиқуғ вайронима.
Маст ўлуб зуннор зулф очса, муҳиқдурлар агар
Ақлу зуҳду илм мотам тутсалар имонима.
Носиҳо, чун ошиқ ўлдуқ танима мундин нари,
Танимасбиз биз сени, сен доғи бизни тонима.
Гар Навоийдек бўлуб ошиқ, ўлармен панд деб,
Жонима қилманг азоб, айтинг ани жононима.
* * *
Билгай улким манзил эткай хотири вайронима
Ким, ажаб душворлиғлардур балокаш жонима.
Ҳажр даштида ҳамоно беркитибтур бир бало,
Ҳар тиканким неш санчибтур тани урёнима.
Дарду ғам аҳли ўлум ҳоли бўлурлар чиққуча,
Кирсалар ҳолим сўрарға кулбаи аҳзонима.
Бағриму кўнглум ғаму дардиға таскин бергали,
Ўлтурубтурлар балият ўқлари ҳар ёнима.
Буки бағрим қон эди, қатлимға худ ҳажр эрди бас,
Рашк ўқи ҳам ҳожат эрмас эрди кирмак қонима.
Қилма кўп ошуфта ул зуннори зулф, эй муғбача
Ким, тугунлар тушти андин риштаи имонима.
Эй Навоий, мен худ ўлдум олғали кўнглумни ёр,
Жонни доғн олибон, еткур кўнгул олғонима.
* * *
Сарв қад гулрухлар ўтмас хотири ношодима,
Сарву гул кўрсам, алар киргай магарким ёдима.
Уйла гардун зулми этмиш рўзгорим тийраким,
Ёрута олмас қуёш кирса харобободима.
Нега фарёд этмайин, ёхуд нетай фарёд этиб,
Буйлаким, фарёд этиб, етмас киши фарёдима.
Қазмаса кўнглум яна ғам Бестунин яхшироқ,
Ҳеч Ширин лаб чу қилмас раҳм бу Фарҳодима.
Шўхлар мужгонидин зуҳдум қутулсин, ваҳ, неча
Игна бирла нақб тешмак қалъаи пўлодима.
Май қуёшин дайр аро ҳар дам чекар бўлсам, не ғам,
Гар қуёш тиғин фалак ҳар дам чекар бедодима.
Эй Навоий, офият кўйи ғаниматдур валек
Найлайин, гар кирмаса шайдо кўнгул иршодима.
* * *
Тушда еткандек дурурмен сарви ҳуризодима,
Кўр, ёмон толеъки, ул ҳам яхши келмас ёдима.
Соғинурменким, топилмас бир кўнгул оламда шод,
Шодлиғ ҳаргиз чу етмас хотири ношодима.
Йўқки, заъфимдин унум чиқмасда раҳм этмас ул ой,
Кўкка ҳам етканда нолам, етмади фарёдима.
Айтсам, хуштур кўнгул боғи гиёҳи меҳр ила,
Дерки, бу жавҳарни тенгри бермамиш пўлодима.
Дод султондин топарлар, ваҳки, ул султони ҳусн
Азм етар ҳар лаҳза тиғи кин чекиб бедодима.
Одат айлар ёр ҳижрон шевасин, эй дўстлар,
Войким, неткаймен онсиз хотири муътодима.
Мен чу бўлдум дайр пирининг муриди, не осиғ,
Эмди шайхи хонақаҳ қўймоқ кўнгул иршодима.
Бир хароб ўлғайки, ҳаргиз топмағай ободлиқ,
Кимки қилса бир гузар кунжи харобободима.
Эй Навоий, телба кўнглум дарду ғам тоғин қозар,
Кўрсанг, ахволим дегил Мажнун сифат Фарҳодима.
* * *
Лаъли серобингдин ул янглиғ келур жон оғзима
Ким, агар худ томизурлар су тотир қон оғзима.
Новакингдин кўнглум андоқ тўлдиким чекканда оҳ,
Зор кўнглумдин келур ҳар лаҳза пайкон оғзима.
Бодаи ҳажр андоқ аччиғдурки, ани ичкали
Заҳр ўлур гар худ етишса оби ҳайвон оғзима.
Васл нўшин чунки тотмай мен мазоқим тонимас,
Лек англармен етишкач заҳр ҳижрон оғзима.
Гарчи кўп қон ютмишам айлар талофи барча умр,
Умр ўтуб бир етса ул гулбарги хандон оғзима.
Жон бериб ул заъфни топманки жонбахш эрнидин,
Касби қувват шарбате еткурса жонон оғзима.
Давр аёғин, соқиё, тутғонда лаълинг қил газак
Ким, майи еткурмамиш жуз заҳри даврон оғзима
Бағриму кўнглум аро мундоқки солди лаълинг ўт
Дам ерига ғайри ўт келмак не имкон оғзима.
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл жонин олур,
Ўз ўлар дардим демакта келса афғон оғзима.
* * *
Буки мен маҳруму эл маҳрамдурур жононима,
Мунграниб бекаслигимдин ўт тутошур жонима.
Гарчи вайрон этти ақлу ҳуш ила сабрим уйин,
Кош бир қатла етишса кулбаи вайронима.
Эй балият новаки, ул фитна кўздин айрилиб
Ким, ҳавоийсен келиб, сен доғи ўлтур ёнима.
Қатлим истаб қонлиғ ашким сайлидин ўтти рақиб,
Не учун, ё раб, кирар эркин гунаҳсиз қонима.
Қолғали ҳайрон санга, ёпилмади ҳайрон кўзум,
Уйқудур бир хайли ҳайронлардин ул ҳайронима.
Кўнглума киргач ғаминг тўксам бағир хунобини,
Не ажаб, гулранг май матлуб эрур меҳмонима.
Куфр ила бўлди бадал диним магар, эй муғбача,
Риштаи зуннор пайванд айладинг имонима.
Ишқ даштида бало гарди манга чун парда бас,
Атласи гардунни ёпмасмен тани урёнима.
Эй Навоий, то сени танибмен афғондур ишим,
Жонима раҳм эт, мени сен бори эмди тонима.
* * *
Ваҳки, келтурдунг фироқингдин балолар бошима,
Ул балолардинки қочтим, келди алар бошима.
Захм агар бўлса бошимнинг ҳар туки сойи не тонг,
Мунча тошким ёғдурурлар дилраболар бошима.
Сарв қадларнинг таманноси бошимдин чиқмағай,
Қаҳр этиб, эй шайх, синдурсанг асолар бошима.
Кўрмайин кўзлар қачон келди бошимға юз бало,
Кўр, нелар келтурди бу юзи қоролар бошима.
Ишқ аро гаҳ-гаҳки эл пандиға бош индурмадим,
Келди турлук-турлук андин можаролар бошима.
Муддаолар бошима тушкунча ҳар дам ақлдин,
Келса хушроқ ишқ тиғидин яролар бошима.
Кўйида ўлди Навоий, қочти андин итлари,
Йўқ эди ўлганда ёру ошнолар бошима.
* * *
Фалакдин яхшилиқ еткай дебон, кўнглунгни шод этма,
Ёмонлиғким етар, ҳоло унут, ўтканни ёд этма.
Замона аҳлиға гар юз қуёшча кўргузубсен меҳр,
Вафо зинҳорким, бир зарра чоғлиғ эътимод этма.
Нужуму чарх деб ўкма гадонинг бахъялиқ шолин,
Тутунни чарх, учқунларин анжум эътиқод этма.
Фано аҳли аёғи туфроғи шарҳин ёзар бўлсанг,
Қароғимни ҳал айла, эй рафиқ, ўзга мидод этма.
Мидод эткан қароғимни қилибон кирпиким хома,
Кўзумнинг пардасидин ўзга коғазга савод этма.
Қилиб солиҳ амал касби шиорингни салоҳ этгил,
Вале фосид хаёлинг бирла ҳар дам бир фасод этма.
Чу билдинг, ризқ эрур мақсум, чекма дўстдин миннат,
Қазодин хориж эрмас иш, адуға инқиёд этма.
Тиларсен фақр даштин қатъи қилғайсен эранлардек,
Бағир су қил, юрак парголасидин ўзга зод этма.
Навоий, истасанг уқбо муродин, номурод ўлғил,
Агар дунё муроди йўқтур, ўзни номурод этма.
* * *
Ҳалокингмен, чекиб тиғи жафо ўлганни ўлтурма
Чу ишқинг ўртади ҳажр ўтидин, куйганни куйдирма.
Мени девона чун туфроғинг ўлдум, эй парий пайкар,
Жафо тошини мажнун деб, бу туфроғ узра ёғдурма.
Ичиб қонин тилар кўнглум шикастин кўзларинг, дейким,
Чу майни нўш қилдинг, шишасин, эй шўх, синдурма.
Сени кўргачки фарёд айладим, беихтиёр эрдим,
Ёзуқдин иҳтироз айлаб мени бу ишда ёзғурма.
Мен ар зулмунгдин ўлдум, лутф этарга ошиқинг кўптур,
Алар бирла ўзунгни шод тут, ҳолимға қайғурма.
Чу мен туфроғ бўлдум кўйида, эй сарсари ҳижрон,
Эсиб ул ён дамо-дам туфроғимни боре совурма.
Қотиқдур ишқ, ул шўх этса жилва, боқма, эй оқил,
Кўнгулни гар десанг олдурмай, аввал кўзни олдурма.
Майи лаълингдин аҳли базм усрукдурлар, эй соқий,
Чу ичсанг бода, мендин ўзгага соғарни топшурма.
Наво гар еткурурсен, сен билурсен тиндуруб элни,
Навоийни жафою жавр ўтидин боре тиндурма.
* * *
Бўлур шом ул маҳи Нахшаб равона,
Каманди зулфин очиб шаб равона.
Қора тун азм этарким, кўрмагай эл,
Жамолидин вале ёрур замона.
Мени манъ этмиш ўз ҳамраҳлиғидин,
Манга, ваҳким, ажаб иш тушти ёна.
Ҳаётим эмди худ мумкин эмастур
Ки, ўлмакка тилар эрдим баҳона.
Кўз очқаймен магар маҳшар сабоҳи
Ки, ичмишмен ажаб жоме шабона.
Бу гулшан гуллари чун бевафодур,
Алардин чекма, эй булбул, тарона.
Навоий ўлса, ёдин қилмағилким,
Ўлар эл ҳам, десанг андин фасона.
* * *
Шамъдек қомату юз шамъи ила жонона,
Қилди ўртарга кўнгуллар қушини парвона.
Ақлнинг силсилаи зулфунга вобасталиғи,
Кўрунур уйлаки занжир ичида девона.
Ошнодур чун санга жон била кўнглум азали,
Не тафовут, манга бўлсанг абадий бегона.
Кўп бузуғ кўнглума ёғдурма бало ўқиниким,
Бир ёғиндин тенг ўлур ер била бу вайрона.
Ёр агар кулбаи эҳзонима кирмас, тонг эмас,
Кимса бош суққудек эрмас бу бузуғ кошона.
Хонақаҳ ичра риё аҳлидин ўлдум дилтанг,
Эй хушо аҳли харобот била майхона.
Боғласам дайрда зуннор, не тонг, мундоқким,
Динни яғмо қиладур муғбачалар мастона.
Дема фарзона биравдурки, улустин чиқмиш,
Тенг кўрар чунки улус бору йўқин фарзона.
Эй Навоий чу эрур боиси ғафлат кўп сўз,
Қаридинг, иш қилакўр, айтмағил афсона.
* * *
Оразинг холи недин қилди мени девона,
Қушни сайд этмади чун суда кўрунган дона.
Кирибон оқ уй аро жон қушини куйдурдунг,
Гарчи фонусда шамъ ўртамади парвона.
Тийри борони ғаминг бузди кўнгул масканини,
Бизинг ўй бўлди ёғин касратидин вайрона.
Ҳажр заъфидин ўлубмен ташшасдек, не ажаб,
Ошнолар манга бўлдилар эса бегона.
Бузди ул шўхи қадаҳнўш салоҳим уйини,
Манга мундин нари манзил бас эрур майхона.
Соқиё, тўлғуча паймона ерим майкададур,
Мени маст эткали кўп яхшидурур паймона.
Журм эса ёр бошим узра етиб ўлмаганим,
Эй Навоий, мени ўлтурмак эрур журмона.
* * *
Узди мендин дўстлуқ ул шўхи сиймин тан яна,
Ончаким мумкиндур, этгил айш, эй душман, яна.
Мазраъи жисмимда эрмастур қорарған тоза доғ,
Токи, куймиш барқи ишқингдин қаю хирман яна.
Ишқим эрди ёшурун, фош этти гирён кўзларим,
Қилдилар ғаммозлиқ бу икки тардоман яна.
Шамъ янглиғ ўт тутошиб бошима ҳижрон туни,
Ёшурун ҳолимни элга айлади равшан яна.
Қочтилар аҳли жунун ҳар ёндин андоқким шарар,
Баски тўлди ўтлуқ оҳим дудидин гулхан яна.
Даҳр раъноси фану макри била топсанг фириб,
То не макр эткай аён бу даллаи пурфан яна.
Эй Навоий, чун замон зулмиға суд этмас жазаъ,
Касб қил бу шеванию қилма кўп шеван яна.
* * *
Бода тут, соқийки, айёми висол ўлди яна,
Даст берди шодлиғ, ғам поймол ўлди яна.
Май мудом ич ул лаби майгун санам давриндаким,
Зуҳд ила тақво ҳарому май ҳалол ўлди яна.
Ғамза бирла кўзлари айни бало бўлғон учун,
Ушбу маънига паришон зулфи дол ўлди яна.
Хўблар кўйига сайр айлар бориб эрди кўнгул,
Кеч келурда анга, билмон, ким завол ўлди яна?
То лаби жонбахшидин топти Навоий коми дил,
Эй ажал, ўлмак анга асру маҳол ўлди яна.
* * *
Сунбули шомида юз айлади гулрез яна,
Бўлди ҳар учқунидин кўнглум ўти тез яна,
Гулнинг атрофида юз ғунча дегил зоҳир этар,
Оразинг даврида ул зулфи диловез яна.
Оташин лаълу юзи шамъин очар, тонг йўқ, агар
Куйса хошоку хас, тавбаю парҳез яна.
Не тароватдурур ул юздаки, хўйдин қилмиш
Гулни шабнамзада, шабнамни гуломез яна.
Мени ҳижронда укар халқ ва лекин онсиз
Зор кўнглумга эрур бода ғамангез яна.
Англаған ишқ аро Фарҳод иши Ширинлиғини,
Улса ҳам айламагай ҳашмати Парвез яна.
Эй Навоий, келур ул ҳусн баҳори бу тараф,
Барки оҳингни бу кун қилма сабукхез яна.
* * *
Эй кўнгул, тортар эсанг сарсари оҳ,
Олам аҳлин бурун этгил огоҳ.
Буки қон этти лабинг бағримнн,
Икки хунбор кўзум икки гувоҳ.
Ҳола ул юзга мудаввар кўзгу,
Юзининг аксидур ул кўзгуда моҳ.
Меҳри рухсоринг уза сабзаи хат,
Ажаб эрмас бу эса меҳри гиёҳ.
Даҳрдин бўлди паноҳим ишқинг,
Ўт самандарға, не тонг, бўлса паноҳ.
Истарам мастлиғ ул янглиғким,
Ўлгуча бўлмасам ўздин огоҳ.
Соқиё, бодаки, бу ҳасрат ила
Ўлмагаймен мени маҳзун ногоҳ.
Жоҳу мол аҳлида йўқ меҳру вафо,
Бас манга меҳру вафо мол ила жоҳ.
Гар Навоий гунаҳи ишқинг эрур,
Афв қилмоқчи ҳам эрмас бу гуноҳ.
* * *
Сен қора пар бошинг узра, кўргузуб мен дуди оҳ,
Бу менинг ўтумдин, ул саркашлигингдиндур гувоҳ.
Хўблар анжум, сен ул хайл ичра меҳри анжуман,
Меҳрни султон десам йўқ айбу анжумни — сипоҳ.
Эгма қад бирла тутуб кўксум шикофин келмишам,
Ханжари ишқинг била дардинг юкига узрхоҳ.
Ўлгум эрди гаҳ-гаҳи ёдингдин ўлсам эрди маҳв,
Эмди жон айлаб фидо, ёдингға кирмон гоҳ-гоҳ.
Баски бршимға ёғар атфол тоши, эй парий,
Қилғали қасдим жунун хайли ул-ўқдур шоҳроҳ,
Хонақаҳда ўзлук аҳволи етибдур жонима,
Йўқ ажаб, гар истасам дайри фано сари паноҳ.
Дайр пири соқию май бирла тиргузди мени,
Ҳуру кавсар ҳасратидин ўлди шайхи хонақоҳ.
Бўйнума зуннор боғлаб келмишам, эй муғбача,
Гар риёйи субҳадин бўйнумда бор эрди гуноҳ.
Эн Навоий, ҳасрат оҳи бирла ўлгум ҳажр аро,
Ёр васли етмаса фарёдима, во ҳасратоҳ.
* * *
Чаманда сарв ё гул чун сабодин тебранур ногаҳ,
Соғиниб сарв гулрўюм келур, афғон чекармен, ваҳ.
Бошимни олмағаймен саждаи шукр айлаю ердин,
Агар сарви хиромонимға бўлсам соядек ҳамраҳ.
Ўзум ҳам эрмон ўз ҳолимдин огаҳ, то ани кўрдум,
Йўқ улким, эрмас аҳволимдин ул номеҳрибон огаҳ.
Занахдонингда ҳўй эрмаски, оби зиндагонидур
Ки, ҳайвон чашмасининг остида воқиъдурур ул чаҳ.
Юз олман сарв бирла гул аёғидинки, ваҳ, йўқтур
Анинг қадду юзига боғ аро бу иккидин ашбаҳ.
Юзунг васфини юз таҳ сафҳаға ёзсам, тамом ўлмас
Ки, бўлғай сафҳаи хуршидча ул сафҳадин ҳар таҳ.
Жунунум манъ қилдинг ул парий ишқида, эй носиҳ,
Киши девона бўлса яхшироқ, юз қатлаким аблаҳ.
Тажаммул рахтидин, эй шаҳ, гадоға қилма истиғно,
Чу боғлар рахт бу дайри фанодин гар гадо, гар шаҳ.
Навоий, кўп дема ғам хайлидин майхона маъмандур,
Азимат қилсанг ул дорул-амонға фи амонуллаҳ.
* * *
Ишқ журмидин нетиб инкор этай халқ ичра, ваҳ
Ким, эрурмен бу гунаҳ ичра бағоят бегунаҳ.
Бўлса раҳбарларнинг иршоди гунаҳдин ижтиноб,
Пири ишқ этмиш гунаҳ айларга бизни рўбараҳ.
Ишқ агар бўлса гунаҳ менмен гунаҳкор, эй кўнгул,
Тонмоғим ноҳақдурур бу ишда чун ҳақдур гуваҳ.
Гар гунаҳдур ишқ кош ўлса халойиқ бегунаҳ,
Мен гунаҳга қойил ўлсам кошу кўйи қатлгаҳ.
Мен гадолиққа не лойиқ оллида, невчунки бор
Нози ҳусн айларда ул ой ҳусну ноз аҳлиға шаҳ.
Ваҳки, бағримни лаби ҳажрида тийғи фурқати
Юпқа-юпқа кестию, туз септи анда таҳ-батаҳ.
Гар Навоий янглиғ ўртанса не тонг парвона ҳам
Ким, анинг ёридурур бир сарвқадди кажкулаҳ.
* * *
Рўзаву гул еттию ичмас ул ой гулгун қадаҳ,
Не кўнгул хушлуқ била тортай мени маҳзун қадаҳ.
Ё мени маҳрумға хунобайи ҳижрон бериб,
Ўзга маҳрамлар била ул ой чекар гулгун қадаҳ.
Боре ҳар тақдир илаким, бор мени лабташнаға
Тутмас эрмиш заҳри ғамдин ўзга даҳри дун қадаҳ.
Соқиё, бу ғусса дафъи масту бехудлуғдурур,
Тут шафақгун май тўла гар худ эрур гардун қадаҳ.
Рўза ойин кўрмай илгингдин қадаҳни солмағил,
Лек ол байрам ҳилоли ҳам кўрунган тун қадаҳ.
Жом эрур мен телбага қонлиғ кўзумнинг косаси,
Лолалар саҳрода бас, гар истаса Мажнун қадаҳ.
Чун фано дайриға кирдим бода тут, эй пири дайр,
Зарф хоҳ эски сафол ўлсун, вагар олтун қадаҳ.
Юз қадаҳ қилғил мурассаъким чекарсен жоми марг,
Ҳеч ким худ топмади Жамшиддин афзун қадаҳ.
Эй Навоий, бизни ёд эткайму барқандон куни
Ичса жоми Жам тилаб сонийи Афридун қадаҳ.
* * *
Кўрадурменки борур ёру қолурмен мени гумраҳ,
Бора олман, тура олман, не қатиқ ҳолат эрур, ваҳ.
Ҳажридин жонима юз бийм қолайин деса андин,
Хўйидин кўнглума минг ваҳм бўлайин деса ҳамраҳ.
Кўюнг уммиди, юзунг ҳасрати бирла, агар ўлсам
Ёвумай равзаға воллаҳ, тиламай ҳурни биллаҳ.
Майға машғул ўлубон ҳажрни умдан унутурмен,
Бузулур зор кўнгул, кирди эса ёдима ногаҳ.
Ақл таклиф қилур кўнглумаким, тарки жунун қил,
Телбадин ким бу тамаъ тутқай, агар бўлмаса аблаҳ.
Шоҳу сойилға насиб ар кўпу оздур, не тафовут,
Тенг насиб ўлди, чу туфроққа агар сойил, агар шаҳ.
Ёр ғофиллиғидин зулфида жон берди Навоий,
Сайд ўлар домда, сайёд агар бўлмаса огаҳ.
* * *
Эй, сочинг шоми аро рухсори фаррухфол субҳ,
Ой юзунгдин толиъ айлаб кавкаби иқбол субҳ.
Эй сабуҳ аҳли, ичинг майким, бағоят хуштурур,
Лаҳни нўшо-нўш бирла жоми моломол субҳ.
Тун хумори ҳажрида бадҳол эдим, юз вой, агар
Жоми васлидин мени ёр этмаса хушҳол субҳ.
Шоми субҳ истаб қора тун ичра эрдим, шукрким,
Жилва айлаб, шоми зулфин айлади поймол субҳ.
Васли субҳидин тилармен — андоқ эткай шоми ҳажр
Ким, юзига топмағай қўймоққа мушкин хол субҳ.
Дам-бадам тонг ёрубон олам эли ғавғосидур,
Бодадин хушвақтлиғни қилмангиз эҳмол субҳ.
Чарх даври зулмидиндур гўйиёким сарғариб,
Кўргузур йиғлаб, яқо йиртиб, ажаб ашкол субҳ.
Эй хуш улким, субҳидам жоми сабуҳ ул навъ ичиб,
Маст бўлғайким, анинг ҳолиға қолғай лол субҳ.
Эй Навоий, истасанг сидқу сафо ғам шомида,
Бўлма ғофил, токи қилғай жилва фаррухфол субҳ.
* * *
Нега кўргузди совуғ оҳу сариғ рухсор субҳ,
Гар ниҳоний меҳридин мендек эмас бемор субҳ.
Гар ҳавойий бўлмаса мен телба янглиғ, бас недур,
Кўнглакин чок айлабон тоғ узра мажнунвор субҳ.
Меҳридин мендек ниҳоний тоза доғи бўлмаса,
Юзда невчун кавкаби ашкин қилур изҳор субҳ.
Дема шингарфий булут ҳар ён эрур қонлиғ момуқ,
Тоза доғидин эрур мендек магар хунбор субҳ.
Ғам туни оҳим шароридин туташти кўкка ўт
Ким, анинг отин қўюптур гунбади даввор субҳ.
Кун шуоий хатлари эрмаски тутмиш мотамим,
Юзни анжум тирноғи бирла қилиб афгор субҳ.
Соқиё, тутқил сабуҳий бодаким, бу дайрдин,
Биз кетиб бу навъ толиъ бўлғуси бисёр субҳ.
Эй Навоий, истасанг баргу наво бу боғ аро,
Гулдек ўл рокиъ кеча, булбул кеби бедор субҳ.
* * *
Бода келтур, чун қуёштин чекти махфий жом субҳ
Ким, эрур жоми нишот ичмакка хуш ҳангом субҳ.
Ошкоро бодаи гулранг ичмак хуштурур,
Чун ниҳон айлар кавокиб гулларин гулфом субҳ.
Сиймбарларким, сабоҳат бирла тутқайлар қадаҳ,
Не бало хуштур тулуъ этканда сийм андом субҳ.
Сарғариб ашкин тўкуб, мендек яқо чок айламиш,
Бир ниҳони меҳр ила то бўлди беором субҳ.
Ваҳки, ул субҳ узору шоми зулф андуҳидин
Йиғларам то субҳ шом, афғон тузуб то шом, субҳ.
Даҳр гулзорида ҳар тун чеккали жоми сабуҳ,
Еткурур тонг булбули фарёдидин пайғом субҳ.
Субҳи васл уммидидин ўлдн, Навоий шоми ҳажр,
Анга не суд, ўзгаларга ҳосил этса ком субҳ.
* * *
То қулоғингға зириҳ солдингу қошингға гириҳ,
Хаста кўнглумдурур юз гириҳ, андоқ зириҳ.
Қўнглума ғунча кеби тушти тугун узра тугун,
Қўргали сунбули зулфунгда гириҳ узра гириҳ.
Не назоҳатдурур ул гулшани рухсордаким,
Равзаи хулд анинг шабнамидин бўлдн низиҳ.
Бўлди қошу кўзидин зулф саромад, не ажаб
Ким, кўнгул қайди учун иккисидин келди фириҳ.
Қоши ёсиға дедим чилла керак риштаи жон,
Бу сўзумга, не ажаб, бор эса ҳар гўшада зиҳ.
Анга ғам тиғи бу боғ ичра ҳаром ўлдиким,
Кийди пашмина сариғ юз била, андоқким беҳ.
Ҳонақаҳ ичра Навоийға етар кўп макруҳ,
Дайрдин ул сари бормоққа ҳам эрди кориҳ.
* * *
Ашк хунобидин ўлмиш кўзларим уммон кеби,
Қон ёш аритмоғдин илгим панжаи маржон кеби.
Кўнглум ўтидин қизорған ҳар тараф пайконларинг,
Су бўлуб эмди томарлар захмлардин қон кеби.
Танни гар дўзах ўти куйдурса, жонни ўртамас,
Қилмағил ҳеч ўтни, ё раб, шуълаи ҳижрон кеби.
Ишқ даштида қуюн чекмас фиғон, ваҳ, бўлмасун,
Хоксори бодпаймое бу саргардон кеби.
Сабзаи хат ёпқан оғзинг ўпсам, эй гул, не ажаб,
Туфроғимдин ғунча бутса захмлиқ пайкон кеби.
Даҳр боғинда неча кунким тириксен, айш қил
Ким, яна топмоқ эмас маълум бу бўстон кеби.
Эй Навоий, ишқиму ҳусни эрурлар ончаким,
Мен анга ҳайронмену ул доғи мен ҳайрон кеби.
* * *
Сен зулоли васл ичиб, мен захри ҳижрон ичкучи,
Оғу ичкондин не воқиф оби ҳайвон ичкучи.
Ул юзин гулранг этиб мен ашк хунобин тўкуб,
Ким эрур ул бодаи гулгуну мен қон ичкучи.
Ичса гулгун бода оламдур гулистон юзидин,
Буйла йўқ олам гулистонида имкон ичкучи.
Давр аёғин ичмайин давронға солдинг рустахез,
Кўрмади давр ичра сендек аҳли даврон ичкучи.
Ошиқ ўлмай сизки дерсиз тавба қил, эй аҳли зуҳд,
Нетсун ичмай жони маҳжур ўлса жонон ичкучи.
Бода шўхидин агар нолон бўлубмен айб эмас
Ким, эрур кўнглумни олғон шўхи нодон ичкучи.
Эй Навоий, ёр меҳмон бўлса, май тутқач, сумур,
Мизбон зоҳид хуш эрмас, бўлса меҳмон ичкучи.
* * *
Неча йилда қилмади кўнглумга ишқи шиддати,
Улча қилди хаста жонға неча кунлук фурқати.
Ҳажр бедоди аро ҳар кун яқиндур ўлгамен,
Дўстлар беҳад қотиқ эрмиш йироғлиқ меҳнати.
Боғни қўйким кўнгулнинг ул қаду юз ҳажрида,
Сарв ила ҳам унси йўқ гул бирла доғи улфати.
Сен билу жисмим неча доғ ўртар эрсанг, эй сипеҳр
Ким, кўнгулга басдур ул бадмеҳр доғи фурқати.
Эй кўнгул, даврон элига чунки йўқ ҳусни вафо,
Қайда бас ҳусн аҳлиға бўлғай вафонинг нисбати,
Истасам жоми муғона тутса гоҳи муғбача,
То тирикмен айлагумдур дайр пири хидмати.
Эй Навоий, чарх золининг фирибин емагум,
Ёр агар бўлса менинг бирла эранлар ҳиммати.
* * *
Гулшан ичра жилваи ноз этса жонон қомати,
Туфроғ ўлған соядек сарви хиромон қомати.
Нозанин қаддинг тириклик гулшанининг нахлидур,
Сарву туби сендек ўлмоқнинг не имкон қомати.
Сарвдек уксуни ахзар бирла Лайли қаддидур,
Токдек юз хам била Мажнуни урён қомати.
Гарчи қомат чексалар, элга бўлур майли намоз,
Ваҳки, дин қасди қилур ул номусулмон қомати.
Васл шоми равшан ўлди партави рухсоридин,
Йўқ ажаб, десам эрур шамъи шабистон қомати.
Даҳр элидек эгридурлар шўхлар боштин аёқ,
Тик назарда туз экин ул аҳди ёлғон қомати.
Эй Навоий, хўблар қаддида йўқтур эътидол,
Нега ўхшар сарвдин ундуррак инсон қомати.
* * *
Не чоғлиғ тошким Фарҳод ушотти,
Фалак борин йиғиб бошимға отти.
Менинг афсонам эрди бул-ажаброқ,
Неча Мажнун сўзин ровий узотти.
Таҳаррук қилмади ҳажр ақшоми чарх,
Сиришкимдин магар болчиққа ботти.
Ўлум сардобаси эрдики, гардун
Манга ором учун маскан ясотти.
Фироқ оллинда эрди шаҳд янглиғ,
Мазоқимким ўлум заҳрини тотти.
Кўп эрди ишқ бозорида савдо,
Мени гардун вале оламға сотти.
Навоий лаъли серобинг ғамидин
Юрак қонини кўз ёшиға қотти.
* * *
Кўнглум оҳидин табассум лаълингга фан бўлмади
Уйлаким, лаъл ахгари ел бирла равшан бўлмади.
Истади жисм уйи бир равзан ўқунгдин, войким,
Қолмади равзан ериким, неча равзан бўлмади.
Деди, бир душном учун жонингни олғумдур баҳо
Ўлтурур савдоки, миоди муайян бўлмади.
Эл чаманда ул парий бирла кезиб мен телбага
Ваҳки, ишрат жилвагоҳи ғайри гулхан бўлмади.
Оҳ ўтидин хирқани пок ўртаким, ҳар булҳавас
Зарқ ашкидин этак юб пок доман бўлмади.
Лофи ишқ урған кўнгул ғам дўзахидин қочмасун
Ким, самандарға ёлиндин ўзга маскан бўлмади.
Эй Навоий, кимни севсанг қилма зоҳирким, санга
Кимдурурким, дўстлуғ фаҳм этти, душман бўлмади.
* * *
Оҳима ёр оғзи бир дам кулмагин кам қилмади,
Чун сабодин ғунча очилди яна ёпилмади.
Ништари оҳим ажаб йўқ кўнглунгга кор этмаса,
Тезликдин игна ҳаргиз хораға санчилмади.
Қатрае томизма бизга тутқан асфар бодадин,
Шамъ ўтидин, соқиё, ҳаргиз шарор айрилмади.
Ишқким, ҳар бир ишида ёзди юз минг турфа халқ
Турфароқ будурки, юз мингдин бири ёзилмади.
Кўйида оҳим ели рафъ этти ул юз бурқаин,
Ҳеч гулшанда сабодин буйла гул очилмади.
Қайси жоҳилға надомат бўлғай ул олимчаким,
Ҳар не билди, қилмади, ҳар неки қилди, билмади.
Эй Навоий, ёр васлин истабон ул топтиким,
Аҳли ҳижрон зумрасида истабон топилмади.
* * *
Ҳар тикан бу ғунчадек кўнглумда пайкон боғлади,
Эй жигар парголаси, сенсиз ичим қон боғлади.
Сендин айрилмоқ кўнгулга мумкин эрмас то абад,
Чун сенинг бирла азалдин аҳду паймон боғлади.
Лабларингнинг шавқидин ҳар қатра қонким, тўкти кўз,
Совуғ оҳимдин ҳам ул дам лаълу маржон боғлади.
Деди ақлу фаҳм ани кўргач, шикебе кўзлали,
Ваҳки, тун боғин яна ул шўх часпон боғлади.
Қондин ўлди дард боғининг гули ҳар пахтаким,
Доғима сабр илги марҳам бирла ҳар ён боғлади.
Совуруб тифли хазон туфроғ ила тенг қилмаған
Қайси бир гулдаста бу боғ ичра деҳқон боғлади?
Иштиёқингдин Навоий ўлдию етмас санга,
Гўйиё бу навъ оёғин банди ҳижрон боғлади.
* * *
Ишқ аро ҳолимға бир ҳамдам тараҳҳум қилмади
Ёр ҳолим билмади, гар билди, кўзга илмади.
То ул ой ағёр ила нўш айлади жоми висол,
Қайси ҳижрон нешиким бағрим аро санчилмади.
Не ажаб гар билмасам ҳолимни бу ғамдинки, ёр
Ўлгали еттим ғами ишқида ҳолим билмади.
Қон ёшимнинг саргузаштин ким ёшурсун эмдиким,
Қолмади ерким, бу рангин можаро айтилмади.
Ҳусн боғидин вафо варди таваққуъ қилмангиз
Ким, бу гулшан гулбунида буйла гул очилмади.
Ишқим ихфосини, ваҳким, қилмадим ҳаргиз хаёл,
То ул ойнинг ҳуснидек олам аро ёйилмади.
Эй Навоий, сендин ўту су ародур халқким,
Ёғмади ашкинг суйи то оҳ ўти чоқилмади.
* * *
Коми лаълингнинг хаёлидин кўнгул қозғонмади,
Тушта су ичкан била лаб ташна ҳаргиз қонмади.
Оҳ саргардон кўнгулдинким, ул ой кўйи сари
Борғали бир ҳам бизинг сари яна айлонмади.
Кўр, не ўт бўлғайкн ўртандим, қаёнким солдинг ўт,
Ёлғиз ул ўтдинки мен куйдум, кўнгул ўртонмади.
Ҳажр аро ўлмакни хўй эттимки, чун топтим висол,
Ўлмак эткач орзу оллинда жон эмгонмади.
Ҳажр ўлтургон қиёмат доғи қўпмас, кўрмадик
Уйқуким, ғавғое рустаҳез ила уйғонмади.
Ўлмак осондур, кўнгул узмак биравдин саъб эрур,
Эй хуш улким, кўнгли бир бадмеҳр ила ўргонмади.
Гар Навоий заъфи тебрангунча бор эрди, валек
Ҳажр ўқи кўксигаким тегди, яна тебронмади.
* * *
Чеҳра ўти бирла кўнглум хонумонин ўртади,
Оташин гул ишқи булбул ошёнин ўртади.
Ишқ кўнглум боғин асраб тоза, охир солди ўт,
Боғбони мастдекким, бўстонин ўртади.
Оташин лаълингда хол эрмаски, қўймиш тоза доғ,
Ҳар баҳона айлабон ушшоқ жонин ўртади.
Ишқ ўтидин зор кўнглум ичра солдинг сўзи ҳажр
Ким, бу янглиғ бирта куйган нотавонин ўртади.
Сўзи ишқим дафтариға ҳар кишиким солди кўз,
Ўртаниб Фарҳоду Мажнун достонин ўртади.
Ишқ зуҳдум хайлиға ўт солса, тонг йўқким, бу барқ
Даҳр аро кўп буйла тақво корвонин ўртади.
Хонақаҳға солди ўт киргач Навоий дайр аро,
Ҳирфавардек ганжким топти, дўконин ўртади.
* * *
Дуди оҳимдинму ҳар сари шарарлар бутради,
Йўқса ел ўтлуғ кўнгулларни сочингда қўзғади.
Ишқ даштида уча олмас еридин ҳеч қуш,
Парларин баским, ҳавода ўтлуғ оҳим чуркади.
Ҳар тиканким, илди Мажнун кўнглакидин порае,
Ҳажр кўксумга туган қўймоққа ани чирмади.
Боғ аро хат ичра оғзингдин қизариб, сарғариб,
Ғунча зангори либоси бирла бошин буркади.
Кўр жунунимники, бўлди телба кўйунг итлари,
Қайси бирким, қовғали урён танимни тишлади.
Ишқ нахлиға самар чун фурқат эрмиш, эй рафиқ,
Эй хуш улким, кўнглин аввалдин бировга бермади.
Эй Навоий, ўзгалар мақбулу сен мардуд учун,
Ер аларни маҳрам айлаб, сени маҳрум истади.
* * *
Бор эди ул ҳамки бир чоғ бизга ёре бор эди,
Куллий ар ёр ўлмаса филжумла боре ёр эди.
Васлдин бутқормаса таскин берур эрди сўруб,
Хаста кўнглум дардиниким ҳажрдин афгор эди.
Мен агар маҳрум эдим, маҳрам ҳам эрмас эрди ул,
Кўнглум ар озурда эрди, лек миннатдор эди.
Шамъ агар ёрутмаса куйдурмаса ҳам яхшидур,
Не улусқа улфат андин, не манга озор эди.
Гўйиё шукр этмадимким, онсиз ўлмишмен бу дам,
Ул қуёшимни ёшурған чархи кажрафтор эди.
Чарх билмонким манга бу узрни тутти раво,
Йўқса меҳр аҳлиға ул то бор эди, ғаддор эди.
Ёрсиз деманг Навоий маст эмиш, эй аҳли ҳуш
Ким, анга то ҳажр бор эрди, қачон ҳуш ёр эди.
* * *
Кўрмадим жононни ўтган кун ҳаётим йўқ эди,
Юз ҳаётафзо йўлуқса, илтифотим йўқ эди.
Кўнглума кирганда пойандоз эди жон пардаси,
Жисму жондин ўзга садқа ё закотим йўқ эди.
Хоки пойи хосиятда сурмадур деб ёзғали,
Кўз саводидек, қора кўздек давотнм йўқ эди.
Ашк тўкмакдин қуруғач икки кўз, куйди кўнгул,
Дафъиға ўтнинг бу Жайҳуну Фиротим йўқ эди.
Риндлиқдин осру шокирменки, тақво дафтарин
Қилдилар чун шарҳ, ул хайл ичра отим йўқ эди.
Ёрни кўргач, не тонг, гар элни кўзга илмадим,
Ул замон парвойи кулли коинотим йўқ эди.
Эй Навоий, не ажаб, ҳажр этса хасдек поймол,.
Ишқ аро чун тоғдек вазну саботим йўқ эди.
* * *
Қани висолингга бир мендек орзуманде,
Висол умиди била меҳнатингға хурсанде.
Фано майин ичиб оворалиғ йўлин туттум,
Насиҳат аҳли манга эмди бермангиз панде.
Эрур танимдаги юз доғ бирла мунглуғ жон,
Гадоки, тўниға ҳар сари солса пайванде.
Сабаб бу эрди экин хилқатидин одамнинг
Ки, бўлғай анга сенингдек хужаста фарзанде.
Кўнгулни шўхлар андоқ талаштилар кесишиб
Ки, қолмади мени бедил насиби парканде.
Чоғирни оқил эсанг лаъл деб қизитма димоғ
Ки, ўтни исламади гул дебон хирадманде.
Ажал, Навоийни қутқаз балойи ҳирмондин
Ки, ул заиф бу дард ичра асру эмганди.
* * *
Жоним чиқадур, ҳажр ила жонон керак эрди,
Кўнглум куядур, дард ила дармон керак эрди.
Ғам шомида парвона сифатким, куядурмен,
Бошим уза ул шамъи шабистон керак эрди.
Кўз боғида юз гул очадур ишқ, валекин
Юзу хатидин лолаву райҳон керак эрди.
Хуш келди ҳазин кўнглум аро ғамзаларингким,
Оҳ ўқлариға бир неча пайкон керак эрди.
Қабримға хиром эттингу йўқ туҳфае, ваҳким,
Бу хас кеби жон ичра бугун жон керак эрди.
Хуш зийнати кўп номадурур умр, валекин
Тавқиъи вафодин анга унвон керак эрди.
Билмай сени ул гул қовар, эй зор Навоий,
Сендек анга бир булбули нолон керак эрди.
* * *
Ул ойки, меҳри ила оламни муҳтарам қилди,
Бу телбага недин оё назарни кам қилди.
Кўзум изига яқиндур мунга дағи юз шукр,
Агарчи йўлида гардун қадимни хам қилди.
Насиҳат этса улус тезрак бўлур ишқим,
Бале, итикрак этар ўтни улки дам қилди.
Фироқ шарҳини ҳар кирпигим ёзар, гўё
Фалак мижамни тенгиз ичраги қалам қилди.
Ул ой азимат этиб юз ғаму бало нақдин
Насибим этти, ёмон бормади, карам қилди.
Сипеҳр ишқда Мажнунға ёзди кўп таъриф,
Муқобилида замона мени рақам қилди.
Кўзумки қон аро бўлди ниҳон ажаб эрмас
Ки, «айн»ға чу дам ўлди қарин адам қилди.
Шукуфа сийм чиқарғач бу гулшан ичра хазон,
Ҳавоға баргини сочмоқ била ситам қилди.
Навоий жисмин ўқунг захми этти доми бало,
Висол қушлари андин магарки рам қилди.
* * *
Менинг бахтим юзи ғам кочидин ул кун қора бўлди
Ки, кўнглум ул кўзи, қоши қораға мубтало бўлди.
Қутулмиш эрди ошиғлиқ балосидин кўнгул, кетмиш
Ул ой кўйига, билмон, ёна анга не бало бўлди.
Қошу киприкларинг кўнглум уйин қилди камонхона,
Алифлардин ўқу ҳар наъл анга бир ҳалқа ё бўлди.
Бузулған хаста кўнглумдин ўқин зинҳор чекмангким,
Ул уйга бу сутун, ул нотавонға бу асо бўлди.
Лабингға қайси тил бирла фидо дей хаста жонимни,
Анга жоним фидоким, жони лаълингға фидо бўлди.
Ажаб муҳлик эмасму ишқ дашти, эй мусулмонлар
Ки, бир мўриға ҳар кун туъма икки аждаҳо бўлди.
Фано истар эсанг, тут дайр пири илгидин жоме,
Нединким хонақаҳ шайхи иши зарқу риё бўлди.
Вужудум фоний айлаб олди дин бир муғбача, тонг йўқ,
Агар зуннор боғлаб, масканим дайри фано бўлди.
Навоий, ғуссадин махлас тиларсен, масту бехуд бўл
Ки, даврон дарду ранжиға даво бу бўлди, то бўлди.
* * *
Севунгил, эй кўнгул, охирки жисминг ичра жон келди,
Қувон, эй жони маҳзунким, ҳаёти жовидон келди.
Сафардин ул парий етти, мени маҳзунни шод этти,
Кўнгулдин эски ғам кетти, тан ичра янги жон келди.
Хирад, йиғ бу масофингни таҳаммул, қўй газофингни,
Вараъ, тарк айла лофингники, ошуби жаҳон келди.
Дамеким андин айрилдим, кўнгулни ҳамраҳи қилдим,
Бугун келди кўнгул, билдимким, ул номеҳрибон келди.
Келиптур ёшурун ул шаҳ, мени мажнун эман огаҳ,
Парий эрмас эса бас, ваҳ, нечук кўздин ниҳон келди.
Фалак боқти фиғонимға, ажал раҳм этти жонимға,
Хазонлиғ бўстонимға гули боғи жинон келди.
Муғанний бир навое туз, Навоий нағмае кўргуз,
Аёқчи, томса тут, тўққузки Доройи жаҳон келди.
* * *
Улус қўзғалур, гўё ёрим етишти,
Улус офати, гул узорим етишти.
Яна гард кўзга эрур тўтиё ранг,
Ҳамоноки чобуксуворим етишти.
Томар қатра-қатра кўзум ёши гул-гул,
Магар боиси хор-хорим етишти.
Жаҳонга агар ўзга зеб ўлса, тонг йўқ,
Жаҳон зеби бирла нигорим етишти.
Не тонг, нолада қолмаса ихтиёрим
Ки, зулм ичра беихтиёрим етишти.
Очилса нишотим гули, йўқ ажабким,
Бузуғ боғима навбаҳорим етишти.
Хуш улким, Навоий етишкач, деди ёр
Ки, овораи беқарорим етишти.
* * *
Яна ҳнжрон ўти жонимға тушти
Ки, анинг тобидин қоним қурушти.
Хумори ҳажрдин, эй соқийи базм,
Қадаҳким, чиққалн жоним ёвушти.
Илик бер, кўзга суртай бушмас, эй шўх,
Қафи пойингниким ўптум, не бушти.
Менинг ҳолимға афғон чекти аҳбоб,
Кеча кўюнгдаким итлар улушти.
Азалда ринд хушҳол ўлди майдин
Вале хилват аро зоҳид тумушти.
Сафар ранжи кўнгулдин чиқтиким, ёр
Мени кўргач, равон истаб кўрушти.
Навонй ҳажр ўти урғанда туғён,
Чу урдум бодадин су, ўлтурушти.
* * *
Сиёсат этти сочинг мушк чун хато қилди
Ки, борча жисми қорариб терига тортилди.
Қадингға қуллуғи аҳдини найшакар бузмиш
Ки, буйла бир-биридин банди-банди айрилди.
Бошинда тож зар ўлди, аёғи остида натъ,
Чу шамъ хидматинг айларда поясин билди.
Магарки кўз юмуб очқунча ноз ўқин оттинг
Ки, бир ажаб тикони кўнглум ичра сончилди.
Кўзи хаданги бало ёғдурурни фаҳм эттим
Ки, рахши наълидин ўтлар кўзумга чоқилди.
Қадаҳ кетургилу дам урма даҳр сирридин
Ки, мубҳам ўлди бу сўз ҳар нечаки айтилди.
Жигари кабобға майл этмаган эса ул маст,
Навоиё, нега бағрингни ҳар тараф тилди.
* * *
Юзи хуршидидин кўзлар қамошти
Ва лекин тобидин жонлар тутошти.
Бу хуршид узра майдин гуллар ўлғон,
Гул узра қатралар янглиғ ярошти.
Сочи савдосида ошуфта қиссам
Тасалсул бирла бир-бирга улошти.
Ажални жон олурда енгди ҳажринг,
Нечаким ул мунинг бирла ўчошти.
Қўлини тўлғади ишқинг хираднинг,
Агарчи ул мунунг бирла талошти.
Фалактин нолани, тонг йўқ, ошурмоқ,
Фалак зулми чу бизга ҳаддин ошти.
Шафақдин кўк юзи гулгун эмаским,
Фироқингдин Навоий қони тошти.
* * *
Неча ниҳони ишорат рақиблар сари,
Кўз учидин назаре ҳам ғариблар сари.
Тиканлар ичра бўлур гул не тонг, гар ул гулрух
Ҳам этса майл ҳамиша рақиблар сари.
Бу важҳдинки даво дардманларга етар,
Насиби васл керак бенасиблар сари.
Юзум сенинг сари бўлғусидур, биҳамдиллаҳ,
Муҳаббат аҳли борурда ҳабиблар сари.
Не айб телба кўнгулни қочурса носиҳлар,
Бўлурму тифлға рағбат адиблар сари.
Чу ҳусн даври вафосиздур, эй гули раъно,
Қил илтифот гаҳи андалиблар сари.
Навонй, чу эрур ҳажр дардидин аламинг,
Тазаллум этма, гар ўлсанг табиблар сари.
* * *
Ул қуёш оқуйдаю мен музтарибмен ҳар сари,
Уйлаким, фонусдин парвона қолғай ташқари.
Садқаси бўлмоқ эрур мақсуд мен саргаштаға,
Оқуйи давриға буким айланурмен ҳар сари.
Ичкари ул гул тувурлуғни кўтармаслар, нетай,
Эй сабо фарроши, бир лутф айлабон ул ён дари.
Парда кетгач, мен заифи зорға осон эрур,
Йўлларидин чиғнинг солмоқ ўзумни ичкари.
Оқуй ичра ҳар недур, зоҳирдур ул юз тобидин,
Шамъ бўлса уйда, ташқардин бўлур зоҳир бари.
Гар фалак хиргоҳи бўлса пешхонанг, не осиғ,
Умр хайли чунки кундин-кунга келмас илгари.
Эй Навоий, ул маҳи хиргаҳнишин ҳифзи учун
Кўзанак эрмаски, ҳар сари тикилмиш кўзлари.
* * *
Ваҳш хайлин дашт аро мен телбаи маҳзун сари,
Ом ғавғоси хаёл эт шаҳр аро Мажнун сари.
Ҳам борурда, ҳам ёнарда ўткудекдур чархдин,
Чиқса ул ой ҳажрида оҳим ўти гардун сари.
Шамъиға парвона майлидекдурур кўнглум қуши,
Борса ногаҳ ул қаду рухсори оташгун сари.
Турфа кўрким, носиҳим Фарҳод ила Мажнун эрур,
Бул-ажаб ҳолимға боқиб тоғ ила ҳомун сари.
Ҳар тун афзун бўлған оҳим ўтиға жоним сипанд
Ким, газанде етмагай ул ҳусни рўзафзун сари.
Соқиё, куп кунжидин тут бизга лаъли нобким,
Бу боринда майл бўлмас ганжи Афридун сари.
Эй Навоий, мажмаъул баҳрайн бўлғай ошкор,
Майл қилса сайли ашким ногаҳон Жайхун сари.
* * *
Жилваму айлар қизил тўн бирла ҳар ён ул парий,
Ё магарким лолазор ичра кезар кабки дарий.
Телбалар қатли қизил қилмиш либосин, оҳким,
Бир йўли девоналар қониға кирмиш ул парий.
Хулласин хуноблиғ жон риштасидин қилди чарх,
Бўлди жонлар жони, ваҳ-ваҳ, ул парийваш пайкари.
Оразинг нақшимудур қонлиғ кўнгулда жилвагар,
Ё шафақдин бўлди толиъ офтобе ховарий.
Ич шафақгун майки, гардун қотиледурким, эрур
Янги ой бирла шафақ тийғу либоси аҳмарий.
Қон аро кўнглум юзунг шавқидин андоқ хастадур
Ким, эрур гулгун ҳарир олтида анинг бистари.
Ул парий лаълида жонинг, эй Навоий, бўлди маҳв,
Лаългун кисватда маҳв этгандек ўзни ул парий.
* * *
Бошни гар ерга қўя олмон, боқиб моҳим сари,
Бошима туфроғ совурмоққа борай шоҳим сари.
Тун аро анжум тутунда учқун англар, солса кўз
Кимса, кўнглум ўтидин бўлса аён, оҳим сари.
Мен кўнгулдин рашк элтурмен, кўнгул мендин ҳасад,
Истаса кўнглумки, қилсам азм дилхоҳим сари.
Ул қуёш сари борурда соя ҳамроҳимдурур,
Рашкдин боқмон кейин бир қатла ҳамроҳим сари.
Жон лабинг шавқидин огаҳ бўлғали айлар Масиҳ,
Жон берур чоғда таважжуҳ жони огоҳим сари.
Эй кўнгул, ул ҳусн ганжидин гадолиғдур ишим,
Гарчи йўқ парвойи анинг шайалилоҳим сари.
Ҳусни боғидур назаргоҳим, Навоий, зинҳор
Солмағил гоҳи назар боғи назаргоҳим сари.
* * *
Ҳар ўқи келса мени зор сари,
Юз дуом ўқи борур ёр сари.
Чун кўнгул ёрадур, жоним ҳам,
Кош азм айласа дилдор сари.
Ситамидин қоча олмонки, борур
Кўнглум ул шўхи ситамгор сари.
Эй Масиҳим, ўладурмен, бир дам
Қадам эт ранжа бу бемор сари.
Бодаи ҳажрдин ар етса хумор,
Азм қил кулбаи хаммор сарн.
Кўзунга истамасанг гарди алам,
Боқма бу гунбади даввор сари.
Захмларнинг асари қонидин
Боқа олмон тани афгор сари.
Қўргали дайрда ул муғбачани,
Бўлмишам шифта зуннор сари.
Жонни жононға, Навоий, топшур,
Ёрни еткуракўр ёр сари.
* * *
Хуштурур гулгун қадаҳ давринда гулбарги тари,
Хосса байрам аввали бўлғай дағи гул охири.
Ҳар варақ бир номайи ишратдурур фаҳм айлагил,
Тонг елидин абтар ўлмастин бурун гул дафтари.
Ғунча худи бирла гул қолқониға етти шикаст,
Бўлғали пайдо сариғ савсаннинг олтун шашпари.
Гул адам шомиға юзланган учун занбақ гули
Бор кумуш машъал доғию хурдалардур ахгари.
Лола қон узра бўялиб, ўт уза анбар қўюб
Бор парийхон, чиқмаған ғойиб чечаклардур парий.
Нилуфар тутмиш сипеҳри ложувардий ҳайъатин,
Жолалар юзинда андоқким нужуму ахтари.
Ўпса лаълингни Навоий санга хуш келмас, вале
Хуштурур гулган қадаҳ давринда гул барги тари.
* * *
Эй узоринг оллида шарманда меҳри ховарий,
Йўқса невчун ёшунур ҳар кеча андоқким парий.
Қоматингдин азми саҳро қилди гулшандин тазарв,
Тоғ сари уйлаким фарёд этиб кабки дарий.
Гулшани ҳуснунгға зийнат берди тердин қатралар
Ким, кўрубтур бўйла гулбарг узра шабнам гавҳари.
Ҳажр сўзи заъфлиғ жисмим аро бўлмиш ниҳон,
Бас ажабдур бир овуч хас ичра дўзах ахгари.
Сафҳайи ҳуснунгда ҳақ сиррин кўрар кўнглум аён,
Тонг эмас булбулға мусҳаф ўрнида гул дафтари.
Ёр базмида висол аҳли чекар жоми мурод,
Давр чун ҳажр аҳлиға қисм этти меҳнат соғари.
Эй Навоий, ёр зулмиға не чора, ғайри сабр,
Кимса неткай сабр қилмай золим ўлса дилбари.
* * *
Тавсанинг наълидин истармен бошимға афсаре,
Ҳиндудекким бошиға товусдин санчар паре.
Оразингда май, май ичра оразинг зоҳир қилур,
Гаҳе ахтардин шафақ, гоҳе шафақдин ахтаре.
Базми айшин кўкка невчун чекмагай улким, анга
Тутса руҳуллаҳ дами ҳар дам қуёшдек соғаре.
Маснадим кўргилки, ҳар тун қасри тошу фаршидин,
Бошқа хоро муттакодур, танға коши бистаре.
Ваҳ, не лўлийвашдур ул қотилки умдан халқнинг
Қонини тўкмакка ҳар бир кирпигидур ништаре.
Оразинг васфи туганмас котиби сунъ айласа,
Даҳр бўстонида гул яфроғларидин дафтаре.
Эй Навоий, сарвдек озод бўл гар истасанг,
Гул масаллиг шоҳиде, булбул кеби хунёгаре.
* * *
Интизоридин ул ойнинг кўзки солдим ҳар сари,
Кўз юмуб очқунча ўтти кўз ёшим андин нари.
Ёлиниб ул кўй ити бирла борурмен кўйига,
Ваҳки, ул кўй ичра бормен мен кейин, ит илгари.
Дарду ғам турмиш ясовулдек кўнгул чоки аро,
Қўймамоққа келса ҳушу сабр хайли ичкари.
Кўрмасангким ўтни су тез айлагай, бир-бир турур
Кўнглум ичра қатра-қатра су кеби пайконлари.
Лаб аро оғзинг чучук тил бирла гўё англасам,
Шаҳдлиғ ниши била гул баргини тешмиш ари.
Зоҳиду ҳар лаҳза ўлмак хонақаҳ фикридаким,
То тирикмен чиқмағум дайри фанодин мен бари.
Эй Навоий, дема ҳар дамким қадаҳни қуй тўла,
Майни охир қуйса худ бўлмас қадаҳдин ташқари.
* * *
Маҳвашеким меҳридин бўлдум жаҳон овораси,
Раҳм этиб бир чора қилмас ўлса ҳам бечораси.
Захмлар қилдинг яна ғам нишидин, эй бевафо,
Бутмиш эрди васл нўши бирла бағрим ёраси.
Бевафолар кўнгли тонг йўқ лабларингга бўлса сайд
Қайдаким лаъл ўлса, атрофида бўлур хораси.
Юзига боққач, ажаб йўқ кўзларимга тўлса ашк,
Эл кўзига ёш тўлар қилса қуёш наззораси.
Дарди ҳажрингдин Навоий кўнгли, кўкси, бағридур,
Ҳар бири юз пораву минг яра ҳар бир пораси.
* * *
Бутмади гулшан тавофи бирла бағрим ёраси,
Бермади ўтумға таскин сарву гул наззораси,
Бир замоне сарву бир дам гулга кўп қилдим назар,
Бўлмади ул сарви гулрух фурқатининг чораси.
Гул била сарв истабон гулшан сари майл айламас
Даштдин ул сарви гулрухсоранинг овораси.
Қадди ҳажрида ҳар оҳим дуди сарведур баланд,
Юзидин айру гуледур кўкрагим ҳар пораси.
Сарву гул мафтуни бўлмаким, нигору зеб учун,
Синдуруб ҳар дам узар ани фалак маккораси.
Сарв ўқдур, гул тикан, боғ ичра то кўз оллидин
Борғали ул сарви гулрухнинг қаду рухсораси.
Эй Навоий, сарву гулдин кечки, қадду юзидин
Бор эмиш юз йилчилиғ йўл сарв ила гул ораси.
* * *
Эй ҳаётим нақди лаъли хурдадонинг садқаси,
Жавҳари жоним ақиқи дурфишонинг садқаси.
Кўзларинг гар нотавондур, садқа вожибдур анга,
Юз менингдек нотавон ҳар нотавоннинг садқаси.
Қомату қошинг алиф, нуниким, ул ҳусн анидур,
Ҳар малоҳат аҳликим, бор бўлсун анинг садқаси.
Қўзларимнинг мардуми холинг саводиға фидо,
Боғи умрум гулбуни сарви равонинг садқаси.
Қулни боштин эвуруб озод этарлар, ваҳ, мени,
Боштин эвур, лек озод этма, жонинг садқаси.
Тинғасен саргашталнкдин, эй кўнгул, гар бўлғасен,
Меҳрнбонлиғ бобида номеҳрибонинг садқаси.
Бўлуб ул гул садқаси, ҳолингни арз этмиш сабо,
Эй Навоий, бўлса юз жонинг, сабонинг садқаси.
* * *
Ҳар бағир парголаси ғам даштининг бир лоласи,
Лек, бўлған ишқ ўтидин доғ ҳар парголаси.
Ишқ саҳросиға ҳар ким кирмак ўлмаским, эрур
Бир юракнинг доғлиғ парголаси, ҳар лоласи.
Лаъл уза ушоғроқ инжу айлагандек таъбия,
Кўргузуб ширин лабингни ҳар тараф табхоласи.
Анжум эрмаским, тушубтур чарх кўзгусига акс,
Баски, ёғди ғам туни ер узра ашким жоласи.
Гирдболишт бўлса ой бошинг қўярға, важҳи бор
Ким, анинг даври юзинг ойининг ўлғай ҳоласи.
Гул харидори чу кўптур, бўлма кўп, эй боғбон,
Зеб учун машшота ё сотмоқ учун даллоласи.
Гар Навоий ноласидин ёр ёлқибтур, вале
Ишқ йўқ деб таън этар, гоҳики йўқтур ноласи.
* * *
Давлат тонги юзию сочи тонг қоронғуси,
Масти сабуҳ кўзларин элтиб тонг уйқуси.
Булбул пари эмас, гул эрур бергали жило,
Ҳар барги гулки, елдин эрур тийра кўзгуси.
Гулзор даҳр шуъбадасин гўйий англамиш,
Ичинда заъфарондин эмас ғунча кулгуси.
Бошимни юқори қила олман бинафшадек,
Кўнглумга чунки чирмашур ул турра қайғуси.
Кўз баҳри ичра шиша кийиб мардум этти ғавс,
Ёйилди ушбу важҳ ила юз сари инжуси.
Ҳолимға ҳажр базми аро тортсам суруд,
Бор навҳа мадди телба кўнгулнинг аялғуси.
Қатлимға мужда бердию ўлтурди интизор,
Бир умрдин сўнг элга йигит ваъда бергуси.
* * *
Зоҳир айлар ашк ила оҳимни ҳажринг оғуси,
Гўйий мундоқ эснатур охир нафаснинг уйқуси.
Ҳажри бепоён, туни муҳлик, жунунум булъажаб,
Субҳ гўё мотамим тутмишки, келмас кулгуси.
Куйдуруб жисмимни, бергайсен кулум бирла жило,
Тийра бўлса қон ила қатлимда тийғинг кўзгуси.
Мени мажнундек тутуптур дашт демангким, бу дашт
Тоғлар эрдики, ҳомун қилди кўнглум қайғуси.
Эй кўнгул, оҳ ўқларин ул ғамзанинг оллиға чек
Ким, ўқ отмоғлиғда сендин туздур анинг қобуси.
Демангиз ошиқ кўзига не ёруғлуғдур муфид,
Ғам куни дилбар юзи, ҳижрон туни тонг ёғдуси.
Ҳажр аро тузди Навоий васл мулкин берди ёр,
Андоқ иш қилғанға мундин кам керакмас жўлдуси.
* * *
Наргисин гул узраким, бемор этар ноз уйқуси,
Мисли шўхедурки, суст эткай ани ёз уйқуси.
Кўз очиб бехудлуғумни кўрмаса йўқтур ажаб
Ким, манга бахт уйқуси бўлмиш, анга ноз уйқуси.
Чархи сойир гўйиё ошиқдурурким, кечалар
Бор анинг ҳам мен кеби кўп ашкию оз уйқуси,
Бизни дафъ ўлсун дебон солмиш ўзини уйқуға,
Зарқдин холий эмастур ул фусунсоз уйқуси.
Ҳар тун айлар истимоъ эл қиссасин, ваҳким, келур,
Менки ўз ҳолим десам, ул қиссапардоз уйқуси.
Иста комил хидматин ғафлатни рафъ айлай десанг
Бордур ўздин ғойиб ўлмоқ зумрайи роз уйқуси.
Эй Навоий, очма ғамдин кўзки, сиррим қилди фош,
Яхшироқ бедорлиғидин буйла ғаммоз уйқуси.
* * *
Бўлди ийд, ул турки чобук азми майдон қилғуси,
Ваҳки, эл бехудлуғи жонимни қурбон қилғуси.
Барқи офат бўлғуси ҳар шуълаеким айрилур,
Маркаби туйноғидин ул дамки жавлон қилғуси.
Ўқ ҳунилаб ўт ёлиндек ҳар тарафким қўйса юз,
Юз кўнгулни куйдуруб, юз жонни вайрон қилғуси.
Ошкоро жон олиб ҳар ён қилур машғул ўзин,
Элни билмас деб йигит ўзини нодон қилғуси.
Шамъ эмас кўз очтилар наззораға аҳли қубур
Ким, ул ой ийд оқшоми сайри хиёбон қилғуси.
Субҳ майдон азми қилғач, ваҳки, йўқ ёлғуз мени
Олам аҳлин ийди рухсориға ҳайрон қилғуси.
Ийдгоҳ аҳли ҳужуми бирла, эй шаҳ, қилма кибр
Ким, фалак бу жамъни ҳоли паришон қилғуси.
Эй Навоий, рашкдин ўлдумки, ул қотил бугун
Ҳар тараф бу шакл ила юзланса юз қон қилғуси.
* * *
Бўлғай эрди юз туман, минг ранжу меҳнат кошки,
Бўлмағай эрди балову дарди фурқат кошки.
Елдек айларда ҳаво сайр эткали жисмим хасин
Ўртагай эрди уруб бир барқи офат кошки.
Хосият чун телбараб саҳроға юзланмак эмиш,
Тутмағай эрдим парийлар бирла улфат кошки.
Офият кунжин, дедим, истай бузулдум бир йўли,
Кўнглум ичра кечмагай эрди бу ният кошки.
Юз ғариб аҳвол бекасликда ҳар дам бор эмиш,
Ўтмагай эрди тилимга лафзи ғурбат кошки.
Жилва қилғунча тилаб товус янглиғ ганжи зеб,
Чуғз янглиғ тутқай эрдим кунжи узлат кошки.
Ёрдин эл рашкидин бўлдум жудо, бўлғай эди
Илтифотин ғайр ила кўрмакка тоқат кошки.
Демаким, жон эт фидо аҳбоб ила топқач висол,
Эй Навоий, умр бергай онча муҳлат кошки.
* * *
Юзидин ўлмаса, ё раб, раво кўзум тилаги,
Тазаллумум илигидур адолатинг этаги.
Кўнгулда фурқат ўқи биркишибдур андоқким
Киши чекарда гумон айлагай анинг сўнгаги.
Чаманда ғунча эмаским, бўлушур ул гул учун
Фиғоним ончаки, қон боғланиптурур юраги.
Чечак нечукки, ёпар кўзни тийра айлаптур,
Кўзум баҳорини гулгун сиришкнинг чечаги.
Лаби хаёлида бағрим шикофини тиксам,
Алифдин игна қилур, жону риштадин ипаги.
Хазон чаманға шабихун келурга бўлди далил
Санавбар ушбу чамандин канора айламаги.
Не кўнглини бузадур дарду ғам Навоийнинг,
Чу ул парийдуру бас ушбу телба кўнглидаги.
* * *
Гул эмас ҳар ён юзунг даврида оро қилгали,
Ҳалқа урмишлар жамолингға тамошо қилғали.
Оразинг Чин нақши зулфунг мушку ҳарён хол эрур,
Ҳинд эликим Чинға келмиш мушк савдо қилғали.
Юз уза оғзинг ўғурлаб нақди дин бўлди ниҳон,
Чекти хаттинг хайли саф ўғрини пайдо қилғали.
Қилғали ишқингни пинҳон айладинг кўксумни чок,
Дема пинҳон қилғаликим ошкоро қилғали.
Эйки, сўрдунгким қачондин сен жунун ошубида,
Ул пари хайли ғами кўнглумда ғавғо қилғали.
Бодаға раҳм айлаганда офият дасторини,
Йирттим бир гўшасидин бодаполо қилғали.
Йўл чиқармон тийра шомимдин Навоийдек, вале
Мунтазирдурмен ҳидоят барқи бир чоқилғали.
* * *
Гул эмастур оташин, булбулларин куйдургали
Ким, либос этмиш қизил ушшоқини ўлтургали.
Кўйига инса малойик пашша янглиғ, рашкдин
Оҳ дудин зоҳир айлармен аларни сургали.
Демангиз улким севарсен, нега қонингни тўкар,
Лутф ортуқ кўргузур ортуқсироқ севдургали.
Қатли ом эткачки, қочти ишқдин ҳар бул-ҳавас,
Жисмима жон кирди ишқим оллида билгургали.
Эй Масиҳо, бир нафас тинғилки, бормиш дўстлар
Жонлар ўйнаб, ул қуёшни бошима келтургали.
Дайр аро борму ғаминг деб сўрмағил, эй муғбача,
Дафъ бўлмиш сен қадаҳни оғзима еткургали.
Эй Навоий, кўз-юзидин олмоқ ўлмас. войким.
Ортуқ айлар ижтиноб ортуқсироқ телмургали.
* * *
Тануредур ичим, гўё қизитқан ишқ ўти ани,
Ёпиштурған кабоб ўрни анга ҳар доғи пинҳоний.
Қизил раглар эмас кўз ичраким, кўз мардумин ғамзанг
Анингдек нишлар урдики, оқмиш ҳар тараф қони.
Эрур қаддинг хаёли гаҳ кўнгул, гаҳ кўзда гўёким,
Будур ул жўйбору боғнинг сарви хиромони.
Тариқи ишқ аро кўнглумдадур ҳар дам ғаме ул уй
Ажаб йўл узрадурким, ўксумас бир лаҳза меҳмони.
Ғамим шомин ёрутти қаддинг ул юз шуъласи бирла,
Нетар кундузни улким, буйладур шамъи шабистони.
Ёнар ўтлуғ кўнгулда оташин лаълинг фироқидин,
Қизиқ ҳар лаългун пайкон эрур бир лаъли пайконий.
Хати райҳони ичра бодайи лаълин хаёл айлаб,
Учар ҳар лаҳза руҳум, соқиё, тут роҳи райҳоний.
Мунунгдекким, йироқдур каъбаи мақсад ҳамоноким,
Эрур манзилға етмасдин жараснинг тинмай афғони.
Навоий давлати боқий тилар бўлсанг яқин билким,
Эрур соликка мушкил топмоқ ани бўлмайин фоний.
* * *
Жон мазраида бўлса, не тонг, дард хирмани,
Оҳимдин ўлди чунки фалак ел тегирмани.
Хаттинг хаёли кўнглум аро қилди юз тешук,
Бу навъ ўлур бузуғда қолин мўр маскани.
Кўнглум ёрур, чу номасини кўздин олмасам,
Уйдекки, зеб коғаз ила топса равзани.
Захми доғи фатилаға ўт тушти, эй рафиқ,
Дард уйининг магар будурур шамъи равшани.
Басдур юзу қаддинг, гулу савсан, яна недурур
Гулгун йилакнинг устида такбанд савсани.
Булбулға, эй гул айла вафо тоза-тозаким,
Серобу тоза доим эмас даҳр гулшани.
Ғамдин Навоий ўлгусидур, кўнглин асрағил,
Чун сенча кимса билмади дилдорлиқ фани.
* * *
Жисми ул гулнинг қизил тўндинмудур гул хирмани,
Ё солиб рухсори бир хирманға ўт ўртар мани.
Оташин гул жисмида андоқки су музмардурур,
Ўйладур гулгун тўн ичра оби ҳайвондек тани.
Гўйиё гул ичра савсан барги айлабтур ниҳон,
Йўқса гулгун тўн ичинда кўнглакидур савсани.
Қатл учун ол айлади тўн, йўқса ул қаттолваш,
Ғарқа бўлмиш қонға, баским бўлди қон тўкмак фани.
Оташин гулму экин, гулбунда ҳар ён ё магар,
Ишқ сўзидин тушуб ўт, куйди булбул маскани.
Гул сочиб юз йил агар гулранг май нўш айласанг,
Арзимас бир кун тикон нешиға даврон гулшани.
Гул эрур юз хурдаси бирла гадойи жандапўш,
Эй Навоий, муфлиси қониъни бил шоҳи ғани.
* * *
Лабинг такаллум этиб, сўзда лол қилди мени,
Очилди зулфунгу ошуфтаҳол қилди мени.
Юзи кўрунди, очинг эмди зулфи силсиласин
Ки, ул парий яна мажнунмисол қилди мени.
Оёғин ўпкали бошим йўлиға еткурдум,
Фиғонки, зулфи кеби поймол қилди мени.
Қоши хаёлида пайваста баски, чектим ранж,
Фалак бу ғамда нечукким, ҳилол қилди мени.
Бели ғамида хаёл ўлдум оҳу афғондин,
Бу мўя мўй этиб, ул нола нол қилди мени.
Куп оғзима қую қўй адл жомин, эй муғким,
Қазо бу шевада беэътидол қилди мени.
Навоий, англаки, журмумча юз умидим бор,
Фақири зоҳид ўзидек хаёл қилди мени.
* * *
Ваҳ, неча даврон жафоси айлагай маҳзун мени,
Соқиё, бир давр аёғи бирла қил мажнун мени.
Беҳуд ўлмишмен майи лаълингни кўргач, оҳким,
Қилди маст оғзимға етмай ул лаби майгун мени.
Лаҳза-лаҳза уйлаким, жаврунгки ҳусн айлар фузун,
Шавқ аро ҳам ишқинг айлар дам-бадам афзун мени.
Элта олур бир қуюн жисмим хасин ул кўйдин,
Ранжа бўлма қилғали овора, эй гардун, мени.
Муждаи васлу ҳаёт ўлғай дедим номинг, валек
Хатти беҳуш айлабон қатл айлади мазмун мени.
Менда муғ дайри ҳавоси ғолибу сизда хумор,
Майға, эй ушшоқ, муфлис айлангиз марҳун мени.
Эй Навоий, васл аро-ўқ кош сурса тиғи кин,
Фурқатида оқибат ўлтургусидур чун мени.
* * *
Оҳки, ишқ айлади шайдо мени,
Солди жунун кўйига савдо мени.
Ишқ ила савдо бўлубон муттафиқ,
Айладилар даҳрда расво мени.
Дашт аро Мажнун демайинким, вуҳуш,
Келдилар айларга тамошо мени.
Кимники ишқ истади қатл эткали,
Ҳажр равон айлади пайдо мени.
Кимки мени ўлтурур, ул тиргузур,
Йўқса қочар, кўрса Масиҳо мени.
Дайр эмас эрди ерим, озғуруб,
Солди буён бир бути тарсо мени.
Войки, ўлтургали қилмас писанд,
Ишқ яна кимсани илло мени.
Соқийи гулчеҳрадин ошуфтамен,
Демаки, маст айлади саҳбо мени.
Ёр Навоийни тилаб, эй кўнгул,
Ё сени ўлтургусидур, ё мени.
* * *
Эй қуёш, невчун қошингдин соядек сурдунг мени,
Равшан айлаб жумлаи оламни, куйдурдунг мени.
Куйдуруб, эй ишқ ўти, гардунға совурдунг кулум,
Пояда охир бу янглиғ кўкка еткурдунг мени.
Ҳажр ўти тоби яна беҳол қилди нечаким,
Эй насими васл, ўз ҳолимға келтурдунг мени.
Ишқ манъида сўзунг чун ҳашв эди бўлдум хамуш,
Қилма, эй воиз, гумонким йўлдин озғурдунг мени.
Найладим, эй ишқим, бўлдум ўлум муставжиби,
Ким, бу янглиғ ҳажр жаллодиға топшурдунг мени.
Васлинг эттинг ваъда, аммо ҳажринга қилдинг асир,
Кўкка чектинг, лек ерга оқибат урдунг мени.
Эй Навоий, васл агар рўзи эмастур чора йўқ,
Қилмадинг деб саъйи бас, не ишга ёзғурдунг мени.
* * *
Бир парий пайкар ғами ошуфтаҳол этмиш мени,
Элга аҳволим демактин гунгу лол этмиш мени.
Мен ҳавойини, не тонг, кўргузсалар бир-биргаким
Эгма қошинг фикри андоқким ҳилол этмиш мени.
Ошкор этмас эдим ишқин, вале ўткан кеча
Бода зўр айлаб, йиғи беэътидол этмиш мени.
Ёр кўйи ичраким туфроғ ила тенг бўлмишам,
Ишқ ғавғоси бу янглиғ поймол этмиш мени.
То танимға ўт туташмиш, барқдекдур ҳайъатим,
Фурқатинг то заъфдин андоқки нол этмиш мени.
Ўт солурмен оҳ ила оламға мен ким, зуҳд ким,
Зоҳиди афсурда оё не хаёл этмиш мени.
Дашти ваҳшиға анис ўлсам Навоийдек, не тонг,
Ул парий савдоси чун Мажнун мисол этмиш мени.
* * *
Юз урма ҳар тараф, эй шўху зор қилма мени,
Қарор тут нафасе, беқарор қилма мени.
Кўзумни шамъи жамолинг фуруғи бирла ёрут,
Тонг откуча кечалар ашкбор қилма мени.
Худой учун яна ҳар сари бехабар борма,
Фиғону нолада беихтиёр қилма мени.
Тараҳҳум айлагил, эй ихтиёрсиз нола,
Дамо-дам эл ичида шармсор қилма мени.
Ҳаёт ранжи, ўлум ёди саъб эмиш, соқий,
Бу дайр ичинда даме ҳушёр қилма мени.
Мен ўзга, Вомиқу Фарҳод ўзгадур, эй ишқ,
Танаъъум аҳли аро эътибор қилма мени.
Қаёнки борсанг ўлармен Навоий янглиғ зор,
Юз урма ҳар тараф, эй шўху зор қилма мени.
* * *
Зори кўнглумда ниҳон, уйлаки, жон дейму сени?!
Йўқ эса шифтаи жон ичра ниҳон дейму сени?!
Сарвдин жилвада ортуқсену гулдин тоза,
Тоза гул дейму сени, сарвиравон дейму сени?!
Барчадин кўзда ниҳон бўлдингу жон ичра аён.
Ваҳ, ниҳон дейму сени, йўқса аён дейму сени?!
Яхшилиқ ёки ёмонлиқ била жоним олдинг,
Айладинг яхши булар бирла ёмон дейму сени?!
Ҳусн миръоти сену нозу латофат шамъи.
Соддадил дейму сени, чарбзабон дейму сени?!
Фитна оламға, замон аҳлиға солдинг ошуб,
Фитнаи оламу ошуби замон дейму сени?!
Эй кўнгул, ишқ аро бир ерга етибсенки, дегил,
Ибрати даҳриму расвойи жаҳон дейму сени?!
Ўлтуруб эрди хумор, айладинг, эй май, ани дафъ,
Қути жон дейму сени, нақди равон дейму сени?!
Қўй фано лофи, Навоийки, сўзунг тутти жаҳон,
Бу тааюн била беному нишон дейму сени?!
* * *
Тилармен музтар этса офати озурда жонимни,
Совурса офият бирла тузулган хонумонимни.
Чиқиб сархуш, чопиб абраш, қилиб жавлон, олиб майдон,
Вужуд иқлимидин маҳв айласа ному нишонимни.
Уруб жонимға ниши ғам, тузуб қатлим учун марҳам
Хино қилса бало шоҳидлари илгига қонимни.
Фироқ ичра алифдек қаддима ғам тоғини юклаб,
Уҳуд остидағи дол этса жисми нотавонимни.
Жунун кўйида усрук судратиб ратб-ул-лисон қилса
Фано авбошиға дайр ичра бу рози ниҳонимни.
Юзин айлаб қора кейнича солиб ишқ атфолин,
Бори масту маланг ўйнатса ақли хурдадонимни.
Навоий, не май эрдиким, ичиб оламға фош эттим,
Улустин ёшурун йиллар кўнгулда асрағанимни.
* * *
Тилармен ислаб-ислаб ғабғабингни,
Гаҳ ўпсам оразингни, гаҳ лабингни.
Эрур бу бир таманно баски топсам,
Юзум суртарга наъли маркабингни.
Юзу зулфин кўрарга борғум, эй чарх,
Жудо қилғил қамардин ақрабингни.
Фалакдин ўтти гарди анбаролуд,
Чу майдон ичра сурдунг ашҳабингни.
Юзи, эй чарх, бурқаъ очти терлаб,
Булутқа чирма ою кавкабингни.
Қади боринда тўбидин дема сўз,
Қил, эй зоҳид, бийикрак машрабингни.
Навоий, ёр раҳм эткайму, ё раб,
Эшитса мунча «ё раб-ё раб»ингни.
* * *
Биравки ишқ била қилди муттаҳам бизни,
Не навъ йўқ дейликим, этти муҳтарам бизни.
Ғамингда бир-ики дам қолди, жонни ботроқ ол,
Ҳаёт ваҳмидин ўлтурма дам-бадам бизни.
Кўнгул не мужда берурсенки, базм аро туно-кун
Ҳарифлар аро ёд этмиш ул санам бизни.
Демангки, тиғ суруб, бошимизни солди қуйи
Ки, қилди ҳажрда шарманда ул карам бизни.
Фироқ муҳлику васл ичра шодлиғ муҳлик,
Фироқи ўлтурур эрмиш, висоли ҳам бизни.
Ичарда дурди май айлаб синуқ сафолни жом,
Бўлур бу жоҳ ила давр аҳли деса Жам бизни.
Навоий айлади ҳижронда нолаю фарёд,
Хароб қилди ул оҳанги зеру бам бизни.
* * *
Хурдабинлар фаҳми идрок айламас ёр оғзини,
Хурдайи маъни адоси қилди изҳор оғзини.
Неши нўш олуд санчиб барги гул узра ари,
Фош этиб ширин лабин, қилди намудор оғзини.
Нуқтаи мавҳум аро қилсун тасаввур суқбаи.
Кимки мафҳум айламак истар анинг тор оғзини.
Чун ўлибмен заъфдин, дам йўқки, топман тийралик,
Қўйки, қўйсун чеҳра кўзгусига бу зор оғзини.
Зарра хуршид ичра кирса, уйлаким, бўлгай ниҳон,
Халқдин ёшурди ул хуршиди рухсор оғзини.
Қўйки, ўз оғзимни оғзингға қўяй, эй муғбача,
Йўқса куп оғзиға қўй мен зори бемор оғзини.
Эй Навоий, ҳажр ўти шарҳида чун сурдунг ҳадис,
Ўртадинг такрор этарда аҳли гуфтор оғзини.
* * *
Демаки, қатлима ушшоқи нотавон яхши
Ки, буйла жаврунга бир мен кеби ёмон яхшн.
Хуш улки, қатлға ушшоқ аро ёмонлардин
Ул ой мени соғиниб дедиким, фалон яхши.
Кишики васл тилар, ғурбат ихтиёр этсун,
Ул орзуға бурун тарки хонумон яхши.
Анинг висолида жону кўнгул эмас маҳрам,
Гар ул муяссар ўлур, ғайрдин ниҳон яхши.
Қадаҳни ташлаки, бас ташналабмен, эй соқий,
Менинг сумурмакима баҳри бегарон яхши.
Не айб, муғбачаға дайр томи узра хиром,
Ёреки қилса қуёш жилва, осмон яхши.
Ажаб малоҳат эмасму юзунгаким, кўрунур
Сенга, сенга чу боқармен замон-замон яхши.
Агарчи келмади бемеҳр ёр жаври ёмон,
Чу яхши боқсанг, эрур ёри меҳрибон яхши.
Навоиё, ёмон элтур чу ноладин ул гул,
Не суд, булбул агар айласа фиғон яхши.
* * *
Эй қуёшқа кўз қамаштурғон жамолинг партави,
Сарви раъноликда хушрафтор қаддинг пайрави.
Қоф тоғин гар парилар маскан этмишлар не тонг,
Қарилардур навжувоним ҳижлатидин мунзавий.
Уйлаким Моний ишидин зойиъ ўлди нақши Чин,
Ул бути Чин сувратидин бўлди нақши монавий.
Ишқ илги қуввати мен хастани қилмиш забун,
Эй кўнгул, не чора айлай мен заифу ул қавий.
Булбул ар гулбонг урар гул сувратидин мен хамуш
Ким, такаллум тахтиға кирмас адойи маънавий.
Ишқ сиррин ринди дурдийкаш билур, йўқ аҳли дарс
Улча авроқ узра сабт ўлмас не билгай Мавлавий.
Демангиз булбул Навоийни, самандардекки, бор
Назми ичра шуълайи Жомию сўзи Хусравий.
* * *
Кўнглум олғон дилбарим дилдорлиғ билмас, нетай,
Билса ғамгин айламак ғамхорлиқ билмас, нетай?
Ҳусниға боқтим кўзумнинг мардумиға урди неш,
Маҳвашим ойини мардумдорлиғ билмас, нетай?
Дема усрукдур кўзум, қилма тазаллум оллида,
Кўз юмуб очқунча ул ҳушёрлиғ билмас, нетай?
Ул пари пайкарға ёқмас зорлиғ бирла фиғон,
Телба кўнглум юз фиғону зорлиғ билмас, нетай?
Одамивашлиқ пари рухсорлардин хўб эрур,
Чун бу ишни ул пари рухсорлиғ билмас, нетай?
Эйки дерсен дайр пириға недин бўлдунг мурид,
Шайхи ҳийлат пеша жуз маккорлиғ билмас, нетай?
Масту беҳуш ўлмоғим тун-кун, Навоий, сўрмағил,
Чархи жаврандиша жуз ғаддорлиғ билмас, нетай?
* * *
Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.
Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қора,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай.
Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгул, кел-келки, тарки жумлайи олам тутай.
Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй кўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.
Мастлиғдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай, бир лаҳза ани ҳам тутай.
Қўйғил, эй носиҳки, муғ дайрида ўз аҳволима,
Маст лояъқил ёқам йиртиб, суруди ғам тутай.
Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин муҳкам тутай.
* * *
Ишқинг ичра кўксума онча жунун тошин урай
Ким, хираднинг шавкатин, тақво шукуҳин синдурай.
Қилса тавсанлиғ кўнгул тортиб жунун занжириға,
Ҳажр зиндонида ишқинг шаҳнасиға топшурай.
Ул парий кўздин чу махфийдур ҳамеша, ваҳ, неча
Истаб ани топмаса, мажнун кўнгулни ёзғурай.
Ғам туни анжум кўзи янглиғ юмулмас кўз била,
Ваҳ, неча гоҳе юрай, гоҳе турай, гоҳ ўлтурай.
Чун не тақдир ўлса тағйир ўлмас эрмиш саъй ила,
Қайғу қисмим бўлди деб ортуқси невчун қайғурай.
Ул қуёшқа заррае таъсир учун йўқтур, не суд
Гар тўқуз афлокни оҳим ўтидин куйдурай.
Эй Навоий, истасам ўлмак не ғам эл таънидин,
Боре мен ҳар навъ этиб, жононға жонни еткурай.
* * *
Кўнгул чун сендин уздум, шодлиғ эмди муҳол улғай,
Очилмоғлиқ узулган ғунчаға не эҳтимол ўлғай.
Қадинг ҳам гул сочар, ҳам соя солур, ҳам хиром айлар
Ажаб гар гулшани фирдавс аро мундоқ ниҳол ўлғай.
Кўнгул бир пойбўс уммидидин зулфунгға боғланди
Ки, топқай ком чун зулфунг юрурда поймол ўлғай.
Су ҳайвон чашмасидин, ел Масиҳ анфосидин топса,
Қачон тўбиға нахли қоматингча эътидол ўлғай.
Жунунум кўйида бир тош захмиға ҳариф эрмас,
Неча Фарҳод савдо тоғида Мажнунмисол ўлғай.
Кўнгул бирла хаёлинг уйла чирмалмишки, билмонким,
Хаёлинг кўнглум ўлғай, йўқса кўнглум ул хаёл ўлғай.
Лаби лаълинг майидин рашҳае топмиш зақан сари
Демаким, ранги майгун бу латофат бирла хол ўлғай.
Эмас майхонанинг синған сафоли дурдидек ичсам,
Агар жоми Жам ичра Хизр суйидин зилол ўлғай.
Тут, эй соқий, манга бир майки, анинг нашъаси еткач,
Кўнгул беҳол бўлғай, жонға ҳар дам ўзга ҳол ўлғай.
Хуш ул риндики, борғай кулбадин гулшанға борғандек,
Бақо мулкига чун дорул-фанодин интиқол ўлғай.
Навоий, тийрасин аҳли назар хокираҳин кўз тут,
Санга бу сурмадин шояд ёруғлуқ эҳтимол ўлғай.
* * *
Не пок Мажнунки, бир парий чеҳра пок ҳусниға зор бўлғай,
Бу пок ишқ ичра пок жон тарки этса, не ихтиёр бўлғай.
Сиришку оҳим натижасидин узори кўнглумни чекти гўё
Ки, ишқ оби ҳавоси бирла бу навъ дилкаш баҳор бўлғай.
Юзида тер фитнасидин бўлсам ажаб эмастурки, марқадимда
Ушоқ тош ўрнида хайли анжум, ой анда шамъи мазор бўлғай.
Кўнгул чу кирпикларинг хаёлиға тушти, реш ўлди барча жузви
Тикан аро тушса бир яланг телба, йўқ ажаб, гар фигор ўлғай.
Мен ул қуёшсизки заъфарон риштасидек ўлдум, ажаб эрмастур
Далили ишқ улки, ранги асфар доғи бадан ҳам назор бўлғай.
Чу жонни бекаслик ичра ғам олди мендин, эй ишқ аҳли, ғам йўқ
Хуш улки, муҳлик ғами етишса ёнида бир ғамгусор бўлғай.
Хумор ҳижрон судоъидин майл қилди майхона сари кўнглум
Магарки, ул сари мойил ўлғай ангаки, ранжи хумор бўлғай.
Замону аҳли замонни зинҳор кўрма хошок бирла хасча
Ки, оламда олам аҳли доно қошинда беэътибор бўлғай.
Вафо йўлинда Навоий ўлдию кўрмади ғайри бевафолиғ,
Вафо шиори билурки, ёриға бевафолиғ шиор бўлғай.
* * *
Чу ҳар дам ул парий бегона бўлғай,
Яқиндурким, киши девона бўлғай.
Шабистон ичра сен ул шамъсенким,
Кавокиб даврида парвона бўлғай.
Кўруб холингни билдимким, қурутқон
Шикибим мазраъин бу дона бўлғай.
Майи лаълингдин улким, бўлди ранжур,
Анга доруш-шифо майхона бўлғай.
Не ер бўлғай дема минг ғамға манзил
Ки, гар бўлған бизинг вайрона бўлғай.
Биров жону жаҳондин истагай дўст
Ки, ҳам озода, ҳам фарзона бўлғай.
Навоий сенсиз ўлмай мужрим ўлмиш,
Гар олсанг жонинн, журмона бўлғай.
* * *
Ёр ила бир хилват истарменки, ағёр ўлмағай,
Балки ул хилватнинг атрофида дайёр ўлмағай.
Кўзга кўнглум дардидин йиғларға имкон қолмағай
Тилга дардим шарҳини айларга гуфтор ўлмағай.
Элдин андоқ ёшурун истармен ул хилватниким,
Кўнглум андин воқифу жоним хабардор ўлмағай.
Ёр буди ичра нобуд ўлғаменким, ўртада
Ўзгаликдин демаким, ўзлукдин осор ўлмағай.
Буки, дерлар бордурур девор кейнида қулоқ,
Ул фазо даврида кўз етгунча девор ўлмағай.
Махфий асроримға бўлғай ёр лафзидин адо,
Ёрдин айру валекин соҳиби асрор ўлмағай.
Эй Навоий, қилма ҳар ёр оллида сиррингни фош,
Бормудур имкониким, ул ёрға ёр ўлмағай.
* * *
Не кун ўлғайки, нигорим келгай,
Боғи умрумда баҳорим келгай.
Умр боғида баҳор улдурким,
Сарв қад лола узорим келгай.
Ўлмагаймен йўлида, гар бошима
Секретиб шаҳсуворим келгай.
Ул гадо жониға ўт тушкайким,
Олғали шамъи мазорим келгай.
Кўйида итти кўнгул, ваҳ, қачон ул
Масти девона шиорим келгай.
Қани майким, чу ичиб маст ўлсам,
Кўкка туз боққали орим келгай.
Эй Навоий, тиламон ҳуру парий,
Шояд ул базмда ёрим келгай.
* * *
Эй кўнгул, васлидин ул ой бизни навмид этмагай,
Жонимизға фурқат андуҳини жовид этмагай.
Қасди жон айларда лаълиға татаббуъ қилмағай,
Кунгул ўртар чоғда рухсориға тақлид этмагай.
Васл уммиди била ушшоқини қилғанда шод,
Ғуссалиғ кўнглумни ҳажри бирла таҳдид этмагай.
Тушта кўрдум оразин кўнглумни барқи ишқ ила,
Ул қадар гарм эттиким, туш вақти хуршид этмагай.
Итларинг синған сафоли тушкач илгимга, кўнгул
Онча фахр эттики, жоми бирла Жамшид этмагай.
Дурри ваҳдат топмағай ҳаргиз фано гирдобидин,
Соликеким ўзни ғарқи баҳри тажрид этмагай.
Онча фарёд этти мутриблар Навоий назмидин
Ким, Уторид шеъридин чарх узра Ноҳид этмагай.
* * *
Неча ҳажрингда чекиб ун йиғлай,
Ҳар кеча йиғлаю ҳар кун йиғлай.
Кеча фарёдима еткай деб ул ой,
Осмондин ошириб ун йиғлай.
Ҳар тараф зоҳир этиб кавкаби ашк,
Кун тулуъ эткуча ҳар тун йиғлай.
Ашкдин кирпик уза ул хат учун
Ёғдуруб сабзаға шудрун йиғлай.
Чарху анжум сари оҳим ўтидин,
Юбориб дуд ила учқун, йиғлай.
Чарх бедодидин ул мушфиқ ёр,
Бир замоне мени қўйсун, йиғлай.
Дема васлимда Навоий йиғлар,
Васл мумкин эса невчун йиғлай.
* * *
Неча килки тахайюл бирла бир суврат нигор айлай,
Анга ошиқ ясаб, кўнглумни умдо беқарор айлай.
Неча чирмаштуруб бир зулф савдосин димоғимға,
Узумни аҳли савдодек паришонрўзгор айлай.
Неча бир сарвдек қомат ҳавоси бирла ҳар соат,
Жаҳонда оҳу афғондин қиёмат ошкор айлай.
Неча бир лоларух доғи ғамин истаб таним узра,
Қуюб юз доғ ани қонлиғ ёшимдин лолазор айлай.
Эрур бас тийра шоми ишқ, ё раб, ҳусн шамъин ёқ
Ки, жон бирла кўнгул ўртанмагин парвонавор айлай.
Неча ғам дашти ичра бир пари меҳрида соямни,
Жунундин бир замон қовуб, гаҳи андин фирор айлай.
Неча анжум била чарх офатидин чарху анжумдек,
Ҳавони оҳим ўтидин тўла дуди шарор айлай.
Чу ҳеч иш ихтиёри кимсада йўқтур, қўй эй зоҳид
Ки, тарки ихтиёр этмакни мен ҳам ихтиёр айлай.
Навоий, бода баҳри бегарониға мени солғил
Ки, гардун баҳрининг мавжи балосидин канор айлай.
* * *
Эврулай бошингғау беҳушу ҳайронинг бўлай,
Бир замон садқанг бўлай, бир лаҳза қурбонинг бўлай.
Хони васлингдин агар қовса рақибинг, рағмиға
Кўнглум истардек тахайюл бирла меҳмонинг бўлай.
Нетти жон топсам висолингдин лабингнинг холидек,
Кўзу зулфунгдин неча масту паришонинг бўлай.
Хуштурур васлинг майидин ҳар тараф хирқамда доғ,
Неча, жоно, мубталойи доғи ҳижронинг бўлай?
Гарчи бандангмен, мени озод қилма лутфдин
Ким, қуюндек садқайи сарви хиромонинг бўлай.
Танни жилванг вақти туфроғ айлай, эй чобуксувор,
То бошингға эврулурга гарди майдонинг бўлай.
Эй Навоий, гунгу лол истар эсам тонг йўқ сени,
Тобакай озурдайи фарёду афғонинг бўлай.


Мустазодлар

Дин офати бир муғбачаи моҳюлиқодур,
майхораву бебок
Ким ишқидин анинг ватаним дайри фанодур,
сармасту ёқом чок.
Ҳам туррасининг дуди вараъ белига зуннор
мен кофири ишқи.
Ҳам юзи мажус ўти кеби шуълафизодур,
мен ўртанибон пок.
Ул чеҳра фуруғи тушубон зор танимға
бир навъ куярким.
Ҳар кимса ани кўрди соғиндики ёнодур
ўт ичида хошок.
Ҳайвон суйи жонимни олур лаълидин айру
ул журъаи майким,
Тегмиш анга майгун лаби жонимға даводур
не заҳру, не тарёк.
Бу навъки айлар, майи васли ҳавасидин
махмур бўлубмен.
Мушкилки ёзилғай бу хуморики мангадур
соғар бўлуб афлок.
Сойилмену мақсудум эрур нақди висолинг
бухл айлама, жоно,
Ким барча мазоҳибдаки ишқ аҳли ародур,
мазмум эрур имсок.
Ҳажрингда юзи сарғорибон дам ура олмас,
бечора Навоий.
Гўёки хазон фаслида бебаргу наводур
ул булбули ғамнок.
* * *
Не вўсмаву не кесмадур ул зулфи сумансой,
не ғамзаи жоду,
Машшота санга золи фалакдур магар, эй ой,
хуршид анга кўзгу.
Қош ёси била кирпик ўқин ҳар сари отсанг,
имкони хато йўқ,
Ҳар кимсаки, бўлғай анга бу навъ ўқу ёй,
туз бўлғуси қобу.
Масжид йўлин асраб неча дин аҳли йўлуқса,
раҳзанлиқ этарсен,
Тенгри йўлини асрамоқ, эй кофири худрой
бу навъ бўлурму?
Гар истамади субҳи уммидимни ёшурғай
меҳнат қора шоми,
Ҳар ён сочилиб, бас, не учун бўлди сумансой
ул турраи ҳинду.
Ҳижрон тунининг тийралиғин кавкаби ашкин
дафъ айласа, тонг йўқ,
Анжум сипаҳи кўпрак эрур анжуманорой,
тун бўлса қоронғу.
Ғам даштини қатъ айлабон ул кўйға етмон,
кўрмон ани туш ҳам.
Ким бўлса ҳарам шавқи била бодияпаймой,
кўздин ўчар уйқу.
Ул шўх Навоийни, дедиким, қилайин қатл
бир кўз учи бирла,
Эй войки, бир ҳам анга кўз солмади, эй вой,
қатл ушбудур, ушбу.


Мухаммаслар

Оҳким, тарки муҳаббат қилди жонон оқибат,
Бўлдум ушбу ғуссадин расвойи даврон оқибат.
Қолмади махфий ғамим эл ичра пинҳон оқибат,
Ёшурун дардимни зоҳир қилди афғон оқибат,
Асраған сирримни ёйди сайли мужгон оқибат.
Токи чекти ўқу ё қасдимға ул мужгону қош,
Айлади пайконлари ҳар сари бағримни харош,
Пардайи сабру саломат ёйибон, эй бағри тош,
Ёшуруб эрдим бағир чокини, ваҳким, қилди фош,
Ҳар тараф кўздин тарашшуҳ айлаган қон оқибат.
Кўп югурдум ишқ йўлида мени гумроҳким,
Билгасен ҳолимни, лекин бўлмадинг огоҳким,
Ишқ аро ўлгумдурур бил, эмди, эй, дилхоҳким,
Тийғи ҳажрингдин ниҳон кўксум шикофин, оҳким,
Элга равшан айлади чоки гирибон оқибат,
Тийрборони ғаминг ёғдурғали кўнглумга саҳм,
Юз туман доғи ниҳон қўймиш эди ул хавфу саҳм,
Халқ ани фаҳм этмасун деб бор эди кўнглумда ваҳм,
Войким, кўксум шикофидин улусқа бўлди фаҳм,
Ишқ ўти бағримда қўйған доғи пинҳон оқибат.
Ул парийким, телбаларга ишқидин монанд эдим,
Зулфи занжирида Мажнундек асири банд эдим.
Жавриға қонеъ бўлуб васлиға ҳожатманд эдим.
Шавқидин дам урмайин бедодиға хурсанд эдим,
Ваҳки, бўлдум ҳажридин расвойи даврон оқибат.
Орази қошида гул юз важҳ ила бордур кариҳ,
Минг жиҳатдин нутқи оллинда эрур булбул сафиҳ.
Кўзию зулфиға эрмас наргису сунбул шабиҳ,
Гар будур кофир кўзу зуннори зулфи, эй фақиҳ,
Бўлғудекмен, дайр аро масту паришон оқибат.
Жонни Мажнун ул парий рухсора ёди айлади,
Кўзни гирён ишқ зулми май фасоди айлади,
Танни урён, ақлу дониш хайрбоди айлади,
Ишқ кўйида жунунумни мунодо айлади,
Ҳажр тошидин мунаққаш жисми урён оқибат.
Бода ичким давр ишида эътидоле кўрмадук,
Навбаҳори ҳусн аро соҳиб жамоле кўрмадук
Ким, хазони умрдин анда заволе кўрмадук,
Даҳр бўстони аро саркаш ниҳоле кўрмадук,
Соя янглиғ бўлмаған ер бирла яксон оқибат.
Шаҳлиғ эткандин не ҳосил фақр сиррин билмайин
Ҳеч ким мулки бақо султони бўлғонму экин,
Фонийи маҳз ўлмайин Султон Абулғозий бикин,
Эй Навоий, давлати боқи тиларсен васлидин,
Ани касб этмак фано бўлмай не имкон оқибат.
* * *
Ишқ ўтидин жисми зори нотавоним ўртадинг,
Қайси жисми зорким, руҳу равоним ўртадинг,
Парда ораздин олиб жону жаҳоним ўртадинг,
Ваҳки, ўтлуғ чеҳра очиб, хонумоним ўртадинг,
Оташин лаълингдин айтиб нукта жоним ўртадинг.
Сен чу тийғи кин чекиб сабрим сипоҳи қўзғалиб,
Кўнглум олиб, азм этиб, зору ҳазин жисмим қолиб,
Эмдиким, кўнглум олиб, ҳижрон ўти ичра солиб,
Дема, не қилдим, не қилдим нотавон кўнглунг олиб,
Ўртадинг, эй қотили номеҳрибоним, ўртадинг.
Фурқат ичра йўқки жоним куйди ёлғуз шавқидин
Ким, куяр маҳзун кўнгул ҳам кеча-кундуз шавқидин,
Неча, эй гардун, дедимким, раҳм кўргуз шавқидин,
Ўтда қилдек тўлғаниб, куйганда ул юз шавқидин,
Нечаким тоб урди жисми нотавоним, ўртадинг.
Ўт туташмиш даҳр аро ҳар ён эмастур лолазор,
Дуд эрур бўстон ичинда сунбул эрмас мушкбор,
Тоғ аро ёқутдин ахгарлар ўлмиш ошкор,
Кўкта зоҳирдур шафақдин шуъла, кавкабдин шарор
Ким, ани, эй шуълалиқ, оҳу фиғоним, ўртадинг.
Отланиб чиққандаким оламни қилғайсен хароб,
Оразинг хуршидидин солдинг бари оламға тоб,
Тийғ тортиб чун кўнгул сайд эткали қилдинг шитоб,
Бисмил эткач сайдни андоқки, қилғайлар кабоб,
Захм этиб кўнглумни чунким оқти қоним ўртадинг.
Ул қуёш токим кўрунди дидайи гирёнима,
Қолмади ўзлук хаёли хотири вайронима,
Ҳар тарафдин тушти офат барқи хонумонима,
Урғали, эй ишқи золим, барқи офат жонима,
Ҳар не ўзлуктинки бор эрди гумоним, ўртадинг.
То белининг, эй кўнгул, азми висоли айладинг,
Токи оғзи нуктасининг қийлу қоли айладинг,
Ишқ ўтида бизни бир ахгар мисоли айладинг,
Эй Навоий, то белу оғзи хаёли айладинг,
Бору йўқ, яъники пайдову ниҳоним ўртадинг.
* * *
Бўлмағай эрди жамолинг мунча зебо кошки,
Бўлса ҳам қилғай эдинг кўзлардин ихфо кошки,
Қилмағай эрдинг улус қатлин таманно кошки,
Очмағай эрдинг жамоли оламоро кошки,
Солмағай эрдинг бори оламға ғавғо кошки.
Эмдиким очтинг жамолу халқ ила қилдинг ситез,
Кўргач ани хайли ишқинг тортибон юз тиғи тез,
Қилдилар кўнглумни ҳижрон ханжаридин рез-рез,
Чун жамолинг жилваси оламға солди рустахез,
Қилмағай эрди кўзум ани тамошо кошки.
Очғоч ул юз шуъласин маҳзун кўнгул топмай омон,
Бор эди ул шуълани кўрмак ҳамон, куймак ҳамон,
Саҳв эди сендин вафо қилмоқ таманно мен ҳамон,
Бўлмағай эрди кўзум ўтлуғ юзунг кўрган замон,
Ишқинг ўти шуъласи кўнглумда пайдо кошки.
Чун сенинг ишқинг менга бўлди балойи ақлу дин,
Ваъдаи васл айладинг юз лутф ила, эй маҳжабин.
Эмдиким бўлдум гирифторинг қилурсен қатлу кин,
Айлагач зулфунг балоси зор кўнглумни ҳазин,
Қилмагай эрдинг мени маҳзунға парво кошки.
Кўнглум олғанда дединг, сендин даме айрилмайин,
Жон нисорим айласа ишқ аҳли кўзга илмайин,
Дам-бадам лутфунгни эрмас эрди бовар қилмайин,
Тушмагай эрди фирибомез лутфунг билмайин,
Нотавон кўнглумга васлингдин таманно кошки.
Кўнглум олдинг чеҳра бурқаъдин намудор айлабон,
Сўнгра жаврунг не эди жонимни афгор айлабон,
Эй қуёш, аввал вафову меҳр изҳор айлабон,
Лутф ила кўнглумни васлингдин тамаъгор айлабон,
Қилмағай эрдинг яна зулм ошкоро кошки.
Эй қоши ё, ишқинг ўқин кўнглум ичра беркитиб,
Дер эдинг қилғум вафо сарвақтинга гоҳи етиб,
Телбараткач зулм қилдинг, ваъда ёдингдин кетиб,
Бевафолиғ англағоч ишқингни кўнглум тарк этиб,
Қилмағай эрди ўзин оламда расво кошки.
Васли савдосида менким бастан ғам бўлмишам,
Ўйлаким Мажнун бало хайлиға ҳамдам бўлмишам,
Ваҳки, расволиққа оламда мусаллам бўлмишам,
Эмдиким девонаю расвойи олам бўлмишам,
Васл чун мумкин йўқ ўлтургай бу савдо кошки.
Дема кўнглум кош итса зулфи анбар сойида,
Ё агар жон маҳв бўлса лаъли шаккархойида,
Ё магар бошим эмасму рахши хоки пойида,
Эй Навоий, бевофодур ёр, бас, не фойда,
Нечаким десанг агар ёхуд магар, ё кошки.
* * *
Неча, эй ой, мендин айру айлагай даврон сени,
Бўлмағай йилларда кўрмак бир нафас имкон сени,
Жон тилар, кўнглум уйинда айлагай меҳмон сени,
Кел-кел, эй ороми жонимким, тилайдур жон сени,
Чеҳра очким, кўрмак истар дийдаи гирён сени.
Борғали ул шўхким жоним суроғин олмади,
Жисм ани истаб не саҳроким қадамни солмади,
Йўқтурур бир дамки, бу водийда бағрим толмади,
Эй ғазоли мушкбў, келким, қуюндек қолмади
Водие ахтармаған, истаб бу саргардон сени.
Фурқатингдин, эй парий, кўнглум хаёли заъфдин
Фориғ эрмастур замоне қилу қоли заъфдин,
Демаким, невчун кўрунмайсен малоли заъфдин,
Сен парий пинҳон учун мен ҳам камоли заъфдин,
Ғойиб ўлдум эл кўзидин кўргали пинҳон сени.
Чиқти ул ой ҳуониға зийнат бериб, зевар тақиб
Қатл этарга жонни зор айлаб, кўнгулга ўт ёқиб.
Ани кўргач, кўзни дарё қилди қон ёшим оқиб
Қон аро гар ғарқасен, эй кўз, не тонгким, бир боқиб,
Зор кўнглумни чу қон эттинг, тутубтур қон сени.
Қани улким, соғари васлингни берсанг илгима,
Ҳазл этиб гоҳи гулу гаҳ нуқл терсанг илгима,
Ноумид эрмон, нечаким кирмас эрсанг илгима,
Гарчи мумкин йўқ, вале бир қатла кирсанг илгима,
Борса бош, элдин чиқармоқ ўзга не имкон сени.
Гарчи дей олмонки неткил, нетмагил, эй муғбача,
Ҳажр ила жонимға ҳар дам етмагил, эй муғбача,
Раҳм этиб ҳар дам қошимдин кетмагил, эй муғбача,
Кўз юзунгдин олмасам, айб этмагил, эй муғбача,
Айлай олмон дийдадин ғойиб мени ҳайрон сени.
Гар мени мажнуни шайдо пўя қилсам баҳру бар,
Йўқса шаҳру кўй аро ҳар ён югурсам бехабар,
Демагилким, ҳар эшикка невчун айлабсен гузар,
Эй парий, гар телбараб бўлмиш Навоий дарбадар,
Будурур мақсуд ангаким, истагай ҳар ён сени.


Мусаддас

Зулфу сиймин жисминг афъи ганжи Қорун устина,
Ганж уза соҳир кўзунг афъиға афсун устина,
Дарди ишқинг улки, қўйди жони маҳзун устина,
Деди кўргач оразинг ул қадди мавзун устина,
Эй қадинг тўбию жаннат хадди гулгун устина,
Кўрмади даврон сенингдек ой гардун устина.
Топти жон ҳар дам ўлар ҳолатда бу жисми заиф,
Лаълидин жонбахш сўз айтурда ул шўхи зариф,
Қолди кўзум тийра, жисмим хастаю жоним наҳиф,
Зулфу кўзу лаъли ҳажриға бўла олмай ҳариф,
Бўлди сўзум нозуку кўнглум хушу табъим латиф,
Ҳар қачон солдим назар ул шакли мавзун устина.
Келса чин суратгари бир дам жамолинг қошига,
Жон фидо қилгай ҳамул дам суратинг наққошиға,
Лоладур ширин лабинг, Фарҳодеким, қон ёшиға
Ғарқ ўлуб, тушмиш гузори ҳажр тоғу тошиға,
Сарв анингдек қоматинг ҳайронедурким, бошиға
Қилди қушлар ошиён, андоқки Мажнун устина.
Кўз йўлин, эй ишқ, ҳар соат тўла ёш айлама,
Эй кўнгул, ёшимға парголангни йўлдош айлама,
Эй кўз, ашкимни сариғ юзумга дурпош айлама,
Ёшурун ишқим сўзин машҳури авбош айлама,
Ҳар дам, эй кўз ёши, юз кўрмай, мени фош айлама,
Давлатимдин оғнадинг йиллар чу олтун устина.
Жуббаи синжобинг ичра васла-васла қоқуми,
Туғди ҳижрон шомида бир-бир саодат анжуми,
Бор қамар, ақрабда, эй, ишқинг маломат қулзуми,
Оразинг кофурида ул зулфи мушкин гаждуми,
Анбарин қошинг хамида холдек кўз мардуми,
Мушки тардин нуқтаи сулсидурур нун устина.
То кўнгул сайдиға қўйди ул ғазоли чин кўнгул,
Бўлди шерафканлар аъзоси аро хунин кўнгул,
Баски тортар ҳар санамдин бир жафо ғамгин кўнгул,
Қилди жавридин аларнинг тарки ақлу дин кўнгул,
Неча чексун хўблар илгидин жафо мискин кўнгул,
Мунчаму офат келур бир қатраи хун устина!
Чун Навоий ашки баҳр ўлди, чекиб ранжу тааб,
Кемаликдин кўзлари ул баҳр аро топти лақаб,
Кўзида, тонг йўқ, агар туттунг мақом, эй нўшлаб,
Чун кирар эл кемага қилмоқ учун айшу тараб,
Гар ватан Лутфий кўзида тутмадинг, йўқтур ажаб,
Уй қўпормоғлиқ эрур душвор Жайҳун устина.


Қитъалар

Замонда ҳусн элига жон фидо қилиб, не навъ
Вафони мен кеби бир бенаво тамаъ тутқай.
Замона аҳлида йўқтур вафо — не еткай анга
Ки, кимса хўбларидин вафо тамаъ тутқай.
* * *
Ҳар кишиким топса даврон ичра жоҳу эътибор
Ким, анинг зотида бедоду ситам бўлғай қилиғ.
Яхшилиғ гар қилмаса, бори ёмонлиғ қилмаса
Ким, ёмонлиғ қилмаса, қилғанча бордур яхшилиғ.
* * *
Ғазалда уч киши тавридур ул навъ
Ким, андин яхши йўқ назм эҳтимоли.
Бири муъжиз баёнлиғ соҳири ҳинд
Ки, ишқ аҳлини ўртар сўзу ҳоли.
Бири Исо нафаслик ринди Шероз,
Фано дайрида масту лоуболи.
Бири қудси асарлик орифи Жом
Ки, жоми Жамдурур синған сафоли.
Навоий назмиға боқсанг, эмастур,
Бу учнинг ҳолидин ҳар байти холи.
Ҳамоно кўзгудурким, акс солмиш,
Анга уч шўх маҳвашнинг жамоли.
* * *
Эрур аҳли ҳунар қошинда ҳунар
Айб ёпмоқ, доғи ҳунар топмоқ.
Ҳунарин элнинг ошкор этмак,
Йўқ эса бари айбини ёпмоқ.
* * *
Оғзинга кирган такаллум риштасин чекма узун
Ким, бу иштин сарнигунлуқ юзланиб, нуқсон келур.
Кўрки, чун оғзиға кирган риштасиға берди тул,
Анкабут ул риштадин ҳар дам нигунсор осилур.
* * *
Пок раҳравлар била ҳар кимки, бўлди мухталит,
Шак эмастурким, натижа топмас илло поклик.
Ҳар неча бўлса ариғсиз чун ариғлиғ су аро
Хилт бўлди, мумкин эрмас қолмоғ ул нопоклик.
* * *
Уйда равнақдурур, агар кишига
Яхши ҳамхона бўлса ҳамзону.
Зеб ила турфа ҳаргиз ўлмас уй,
Бўлмаса анда турфа кадбону.
* * *
Чун ғараз сўздин эрур маъни анга,
Ноқил ўлса хоҳ хотун, хоҳ эр.
Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолини
Кўрма ким дер ани, кўргилким не дер.
* * *
Тузлукка мойил ўлки, ишинг борғай илгари,
Юз мушкил ўлса йўқса минг оллингда ҳар забон.
Юз сафҳа бир қалам била котиб қилур рақам,
Минг қўйни бир асо била ҳар ён сурар шубон.
* * *
Таҳ-таҳ юрагим қон эди бир-бир ситамидин,
Кўп-кўп келури чоғида келса эди оз-оз.
Кеч-кеч келури вақтида ҳам рози ўлибмен
Бот-бот келурига қиладур анда доғи ноз.
* * *
Гадолиғ яхшироқ аҳли фанодин
Ки, олам ичра қилсанг подшолиғ.
Жаҳон аҳлиға, кўрким, шаҳ не айлар,
Жаҳон таркини қилғандин гадолиғ.
* * *
Тирик чу охир ўлар, бас, укуш ғам муҳлик,
Чекиб ажал мададиға бу изтироб недур.
Чу ҳар кишики туғар, ўлмайин йўқ имкони,
Не ишки бўлмайин имкони йўқ, шитоб недур.
* * *
Юз туман минг пора кўнглум диққати ҳар неча бор,
Лекин эрмастур ани жамъ айламак мумкин бу кун.
Тоғни қум айламаклик саъй ила бўлғай, валек
Шишаи соат қумининг риштаси бўлмас тугун.
* * *
Поклар чину чигил ҳусни аро бўлған ила,
Кимса олойиш алар жонибиға йўл бермас.
Ким неча ранг раёҳин уза эскан бирла,
Ел ҳарири, қолагай бўлмағи мумкин эрмас.
* * *
Вужудунг нафъю мавжудунгни базл эт,
Чу мавжуд ўлди бу иш, коминга ет.
Ки, фақр ичра нимаким еткурур суд,
Эрур нафъи вужуду базли мавжуд.


Рубоийлар

Жонимдағи «жим» икки долингға фидо,
Андин сўнг «алиф» тоза ниҳолингға фидо,
«Нун»и дағи анбарин ҳилолингға фидо,
Қолған ики нуқта икки холингға фидо.
* * *
Нўш айлар эмиш қадаҳни жонона тўла,
Соқий, манга тут жоми ҳарифона тўла.
Қуй, гар худ эрур сипеҳр паймона тўла,
Ҳар нечаки, холий этсам, эт ёна тўла.
* * *
Номангки, тириклигимдин улдур матлуб
Очиб ўқуғач бир неча лафзи марғуб,
Кўп тўлғаниб ашк ичра ўзумдин бордим,
Ул навъки, су ичига тушкай мактуб.
* * *
Номангки, эрур боиси иқболу тараб,
Еткурса тараб мени ҳазинға не ажаб.
Ёлғуз мендин кетармади ранжу тааб
Ким, бўлди басе халқ ҳаётиға сабаб.
* * *
Бир айбға гарчи халқ қилғай мансуб,
Фақр аҳлидин изтироб эмастур маҳсуб
Сидқ эрса худ этмак керак ўз феълини хўб
Кизб эрса, маломат дағи бордур матлуб.
* * *
Су кўзгусини боғ аро айларда шитоб,
Сиймоб қилур эрди таҳаррук била тоб.
Дай қилди бу симобни андоқ кўзгу
Ким кўзгу анинг қошида бўлғай сиймоб.
* * *
Йўқ бодайи васл, оби ҳайвон ул эмиш,
Аҳбоб мулоқоти дема, жон ул эмиш.
Гардун ғаму ранж сувратин нақш этса,
Жон чеҳраси атрофиға ҳижрон ул эмиш.
* * *
Йиллар тутубон шайх мақолотиға гўш,
Не кўнглума завқ етти, не жонима жўш.
Жонимға наво солдию кўнглумга хуруш,
Бир журъа била муғбачайи бодафуруш.
* * *
Олам бор эмиш, Навоиё, шўрангиз,
Оламдағи эл боштин-аёғ рангомиз.
Ишқ истар эмиш сени адам Мисри сари,
Борғилки, эрур эл тилаган ерда азиз.
* * *
Аҳбоб денгизки, хонумондин тамаъ уз,
Не хону не мон, кавну макондин тамаъ уз.
Не кавну макон, жону жаҳондин тамаъ уз,
Лекин демангиз муники, андин тамаъ уз.
* * *
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники, севмак андин ортуқ бўлмас,
Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.
* * *
Лаълингни қилиб нуктасаро, эй қоракўз,
Ишқ аҳли ҳаётиға яро, эй қоракўз.
Чекма яна сурма кўз аро, эй қоракўз,
Эл қониға қилма кўз қаро, эй қоракўз.
* * *
Гар ошиқ эсанг зебу такаллуфни унут,
Яхшию ёмон ишда тахаллуфни унут.
Ўткан гар эрур ёмон таассуфни унут,
Келган гар эрур яхши тасарруфни унут.
* * *
Бўлди менинг ўлмагимга савдо боис,
Савдоға ҳавойи жоми саҳбо боис.
Саҳбоға дағи дайру чалипо боис,
Бу барчаға ул дилбари тарсо боис.
* * *
Қўрқутма мени томуғдин, эй зоҳиди ях,
Жаннат манга бўлғуси дебон урма занах,
Ким дўзах онинг ёди била жаннат эрур,
Жаннат бори сенинг биладур дўзах.
* * *
Рухсори уза холларин ул дилбанд,
Очти чу мени кўрди басе ҳожатманд.
Айшимға ёмон кўз этмаган эмди газанд,
Хоссаки, ул-ўқ бўлубтур ўт узра сипанд.
* * *
Ёшимға бағир қони чу эрди монанд,
Кўз асради ёшдек бўлуб андин хурсанд.
Турмади кўзумда еткач ул сарви баланд,
Бўлмас киши фарзанди кишига фарзанд.
* * *
Кўнглум сайди узуб улустин пайванд,
Саргаштасифатлиғ била эрди хурсанд.
Қуллоби муҳаббатинг яна солди каманд
Сайдеки, узуб эди расан, айлади банд.
* * *
Эй шарбати лаълинг оби ҳайвондин алаз,
Ҳайвон суйини қўйки, чучук жондин алаз.
Не жондин алаз, не оби ҳайвондин алаз
Ким, ҳарнеки йўқ, андин алаз, андин алаз.
* * *
Дедим зақанинг тутуб, сақоғингни ўпай,
Кўз қошингга суртубон қабоғингни ўпай.
Гулдек юзунг ислабон дудоғингни ўпай,
Йўқ, йўқ-йўқ, агар десанг, аёғингни ўпай.
* * *
Ҳар зулф хамиға қилма вобаста мени,
Ҳар кўз ҳавасидин этмагил хаста мени.
Ҳар қош тамаиға солма пайваста мени,
Ё раб, борисидин айла вораста мени.
* * *
Мунглуғ бошим остидағи тошимниму дей?
Тош устидаги ғариб бошимниму дей?
Ҳасрат суйидин кўзимда ёшимниму дей?
Ўлмакдин саъброқ маошимниму дей?
* * *
Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.
Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,
Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.
* * *
Номангки, менга муждайи жоне эрди,
Ҳижрон ғамидин хатти амоне эрди.
Зулматқа саводи гар нишоне эрди,
Мазмун анга оби зиндагоний эрди.
* * *
Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,
Ҳар ваъдаки айласа вафодур анга шарт.
Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,
Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.
* * *
Бир гул ғамидин дедим қўяй бағрима доғ,
Боргайму дебон атри димоғимға фароғ,
Боргин чу мулаввас айлади бум ила зоғ,
Эмди ани исламакка юз ҳайф димоғ.
* * *
Юз меҳнату ғам кўнглума еткурди фироқ,
Жонимға балову дард ўқин урди фироқ.
Жисмимни фано ўтиға куйдурди фироқ,
Чун куйди, кулини кўкка совурди фироқ.
* * *
Кўнглумни ғаму дард ила қон айлади ишқ,
Кўз йўлидин ул қонни равон айлади ишқ.
Ҳар қатрани билмадим қаён айлади ишқ,
Бедил эканим буйла аён айлади ишқ.
* * *
Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,
Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.
Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,
Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.
* * *
Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,
То бир киши айлагай таманно хушлуқ.
Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,
Омодадурур ёнида юз нохушлуқ.
* * *
Ҳажрингда менинг сабрима жуз нуқсон йўқ,
Кўнглум аро ғайри нолаву афғон йўқ.
Жонимға ҳаёт умиди худ имкон йўқ,
Йўқ-йўқ, йўқ, сабр йўқ, кўнгул йўқ, жон йўқ.


Туюқлар

Ё раб, ул шаҳду шакар, ё лабдурур,
Ё магар шаҳду шакар ёлабдурур.
Жонима пайваста новак отқали
Ғамза ўқин қошиға ёлабдурур.
* * *
Жавр ўқин жонимға соқий ёзмади,
Васл жомидин хуморим ёзмади.
Килки қудрат сабз хатлар ишқидин
Ўзга иш оллимға гўё ёзмади.
* * *
Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур,
Қоши қаддимни жафодин «ё» қилур.
Мен вафоси ваъдасидин шодмен,
Ул вафо, билмонки, қилмас ё қилур.
* * *
Чарх тортиб ханжари ҳижрон бу тун,
Қўймади бир зарра бағримни бутун.
Тунга бориб бизни беҳол айладинг,
Не балолиғ ер эмиш, ё раб, бу тун.
III- qism
 
Keyingi