OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАлихонтўра Соғуний
Асар номиТуркистон қайғуси (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/жадид адабиёти
Бўлимлар
   - Тарих
Муаллифлар
   - Алихонтўра Соғуний
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм414KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/21
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
Ушбу китоб улуг‘ бобокалонларимиздан бо‘лган аллома Алихонто‘ра Сог‘уний қаламларига мансуб нодир бир асардир. Муаллиф «Туркистон кайг‘уси» (1966—1973) номли бу асарида халқимиз қандай килиб босқинчиларга қарам бо‘либ қолгани ва динни, Ватанни, миллатни асраш кераклиги, мустақилликни қо‘лга киритиш учун нималар қилмоқ зарур эканлиги то‘г‘рисида о‘ша мустабид совет тузуми даврида етук сиёсий арбоб сифатида чуқур сиёсий-ижтимоий мантиқ асосида мукаммал баён этади.

Шу билан бирга, бу асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан то XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, Амир Темур ҳақида, туркий халқлар этнографиясига оид қимматли маълумотлар ҳам бор.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Туркистон қайғуси (I- қисм)
Алихонтўра Соғуний

Улуғ Бобом Ва «Туркистон Қайғуси» Асари Ҳақида

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм
Муҳтарам ўқувчи! Маълумдирки, инсон боласи ўз падари бузрукворига қараб қад ростлайди. Лекин миллатни жаҳон миқёсида шуҳратлантирадиган буюк шахслар ҳақида ёзиш ҳамиша шарафли, масъулиятли ва бир вақтда ўта мураккаб вазифадир. Мазкур вазифанинг қўшимча оғирлиги ўз бобонгиз ҳақида ёзишдир, чунки «ҳиссиётларга берилиб, мавзу холисона ёритилмаган» дейилиши мумкин гумонларга асос бўлмаслиги керак. Шу сабабли бошқалар ёзишади деган умидда кўп йиллар ўтди. Кейинги йилларда босилиб чиқаётган мақолаларнинг кўпи бир томонлама бўлиб, Алихонтўрани ўз даврининг сиёсий, мафкуравий тузумини қабул қилган, унинг ғояларига ишониб алданган олимлар қаторида ифода этишга уринишлар бўлди. Бу, албатта, шу даврнинг ёзувчилари учун қулай, чунки бу инсон ҳам ўзимиздан эдилар демоқчи бўлишади. Лекин ҳақиқат ундай эмас эканлигини ушбу китобдан билиб оласиз. Шу боис бу ҳақда батафсилроқ маълумот бериш зарур деб билдим.

Улуғ бобомиз Алихонтўра Соғуний (1885 — 1976), Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин, комил инсон бўлиб, замонамизнинг кўп илмларни мукаммал эгаллаган буюк алломаларидан эдилар. Биринчи навбатда у киши диний илм теология соҳасида катта билимга эга бўлганлиги ва машҳурлиги ҳозирги кунда кўпчиликка маълумдир. Xусусан, «Тарихи Муҳаммадий» асари нашрдан чиққандан кейин (Т., 1991) у киши нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида шуҳрат қозонди. Шу билан бирга бобомиз ўткир зеҳн соҳиби, тарих илмининг, айниқса ислом тарихи ва Туркистон тарихининг зукко билимдонларидан эди.

Сермазмун ҳаётининг охирги 30 йили давомида Алихонтўра ёзиб қолдирган улкан илмий мерос ичида «Туркистон қайғуси» тарихий асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарда у кишининг йигитлик ва камолотга етган даври хотиралари асосида ўз эътиқоди, дунёқараши, қайси ғоялар учун жонфидо бўлиб курашганлари, нималарга Ватан аҳлини даъват қилганликлари, суюкли Ватанимиз тарихи сабоқлари, келажак бўғинлар улардан қандай хулосалар чиқармоқлари кераклиги, Ватанимиз мустақиллиги муқаррар равишда қўлга келиши башорати, уни мустаҳкамлаш учун нималар қилмоқ зарур эканлиги тўғрисида чуқур ўй-фикрлар ўз ифодасини топган ва баён этилган.

Бу асардан айрим парчалар «Ёшлик» журналида (1992 йил, 3 —4-сонлари) ва шу йили «Ўзбегим» китобида чоп этилган бўлиб, тўлиқ ҳолда у энди биринчи марта китоб шаклида кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

«Туркистон қайғуси» асари 1966 1973 йилларда Тошкентда ёзилади. Бу даврда совет мустабид тузуми куч қудратга тўлган, ўз сиёсатини зўравонлик билан нафақат мамлакат ичкарисида, балки унинг узоқ ташқарисида ҳам ўтказиб турган пайт эди. Шу сабабли кўпчилик зиёлиларимиз ҳукмрон маслакка қаттиқ ишониб, кечаю кундуз унинг хизматида бўлдилар. Қанчадан қанча юксак қобилият эгалари, истеъдодли шоир ва ёзувчиларимиз бу сохта мафкура куйчилари, ташвиқот ва тарғиботчилари эди. Улар тузумга тўғри бўлмаган бир оғиз сиёсий сўз, мустақил фикр айтиш у ёқда турсин, бу тўғрида ўйлашнинг ўзи нотўғри, телбалик, ақлдан эмас деб билишар, бошқаларни ҳам бунга ишонтириш учун барча минбарлардан бор расмий, норасмий усуллар ва жонфидойилик билан ҳаракат қилишар эди.

Бошқа миллат вакиллари бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, умуминсоний қадриятлар тарғиботчилари академик А.Саҳаров, ёзувчи А.Солжениқин ва шулар сафидаги бошқа мустабид тузумнинг зулмини кўрган ҳақиқат ва адолат курашчилари тарих саҳнасига энди биринчи қадамларини қўймоқда эди.

Мана шундай муҳитда, яъни юртимизда ҳукм сураётган ихтиёрий қуллик даврида, собиқ қизил империя ҳудудида биринчилардан бўлиб, бобомиз бу тузум ва мафкура туб негизи ва моҳияти билан инсон табиатига, умуминсоний қадриятларга зид, инсоният тараққиёти йўлининг хато кўчаси эканлигини асослаб шундай ёзадилар: «Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармоғидир. ...Маданият қаерда, қайси миллатда бўлсин, инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чоғдагина бутун халқ ҳақиқий маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳатда турмуш кечира олади. Бунинг натижасида инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк-ихтиёри ўз қўлида сақланади. Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди».

«Асримиз бошида чиққан сиёсий фирқалар ичида коммунизм каби ақлдан йироқ, хаёлий бир маслак аҳли бўлган эмас. Мана шу хаёлий маслак эгалари 50 йилдан бери ақлдан ташқари тузумларини қурол кучи билан халқ устида юргизиб келадилар».

«...Инсоният оламининг офати, куфрнифоқ маданиятининг заҳарлик меваси ҳисобланган коммунистлар бозори қандай ерда қизиди? Сўзга тушунмаган, ҳеч нарса билмаган, айниқса, йўқсиллик-камбағалликда яшаётган гумроҳ, Ватан, миллат нима эканлигини билмайдиган онгсиз нодонлар кўп бўлса, мана шулар ичидагина ривожланиб, тездан ишлари авж олди».

«... Ҳеч даврда кўрилмаган бузуқ, жирканчли тузумини болшевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак ,ичмак, озиқ-овқатларига осилиб, бирор киши уйида дон уруғидан ортиқча ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни оч ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар. ...Чунки 6у каби боши туюқ, қоронғу кўчага халқни киргизиш фақат иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир».

Ўша даврда, Тошкентда яшаб туриб, махфий уй назорати остида бўлишига қарамай, инсонлар ҳақ-ҳуқуқи, совет тузуми ва мафкураси устида шу каби ҳақиқатни қайғуриб сўзлаш учун қандай иймон эътиқод, маслак ва иродага эга бўлмоқ керак эди? Қайси қудрат ва ғоя у кишини бундай жасоратга бошлаган? Нега бошқа зиёлиларимиз шу пайтда бу тўғрида фикр юритишга журъат этолмаганлар? Улар ўз бошларини асраб, турмуш роҳатини кўзлаб, қандай қулликда, мутеликда, кимларнинг тобелигида ҳаёт кечираётганликларини англашни истамадилар.

Булардан фарқли ўлароқ, бобомлардаги биринчи қувват уммони ҳақиқий исломий иймон этиқоди ва ҳаққоний ҳур фикрлиги бўлса, иккинчи улуғ манба ул зотнинг Ватан ва миллатга бўлган чексиз муҳаббатидир.

Бобомлар ёзадилар: «Умрим ичида қанчалик оғир ишларни, кўп қўрқинчлик кунларни бошимдан кечирдим. У чоғда кўнглимдаги иймон эътиқодим, Аллоҳга ва унинг ҳақ пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатим, мен учун энг кучлик ишончим ва энг ортиқ суянчим эди. ...Иймонлик кишиларга ҳар вақт бу улуғ давлат насиб бўлғусидир».

«Ҳозирги маданият даврида диёнат билан тараққиёт бирга яшолмайди деган хато фикр оқиллар олдида эмас, жаҳон бўйича жоҳиллар орасида тарқалмишдур. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Ҳозирги тараққиёт ислом ахлоқи асосида олиб борилса, инсонлар учун энг фойдалик маданият бўлишида шак йўқдир. Умуминсоний ҳақ ҳуқуқлар бутун халқ олдида, айниқса, ҳукумат доираларида қонуний равишда ҳимояланиб сақланар экан, ўшандагина маданияти фозилага эришилади. Шу кунларда устимизда ҳукмрон бўлган динсизлар маданияти эрса фосиқ маданият дейилади. Бундай маданият инсонларни ҳам ахлоқий, ҳам руҳоний фазилатларидан бутунлай ажратади».

Ватанимиз, миллатимиз юз йилдан ортиқ босқинчилар қўлида, мустамлака зулми остида ётганининг асосий сабаблари хонликлар даврида Туркистон ўлкасида юзага келган иттифоқсизлик; динни асоси билан тушунмаган илм маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлиши; мамлакат мудофаа қувватига аҳамият берилмагани; халқимизнинг хурофот зулмати ва жаҳолат ботқоғига бутунлай ботганлиги; замонавий фан илмларини ўқиш ва ўқитиш ишларига эътибор бўлмаганлиги ҳақида бобомлар куйиниб гапирадилар.

«Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур». «Булар Ватан ва миллат олдида энг кечирилмас жиноятчи одамлар, чунки давлатларини инқирозга, миллатларини қулликка, Ватанларини хорликка олиб келдилар».

«Ҳозирги маданият оламида миллатнинг ўз хуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина боғланмишдир. Шунинг учун тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хўрлик билан яшамоққа мажбурдирлар». «Шунга кўра, Ватан болалари олдимиздаги келажак кунларни эскариб, замонавий илм ўқишга чин кўнгиллари билан киришиб, ҳалол мерос ўз Ватанларини эгаллаш учун мудофаа қуввати тайёрлашга тиш-тирноқлари билан ёпишсинлар».

Китобда ҳозирги замон илм-фанини тиришиб ўқиш, замонавий техника ва технология ҳунарларини яхши ўзлаштириш билан бир қаторда, халқнинг миллий ҳиссиётини кўтариш, ўз она тилини сақлаш, адабиётини юксалтириш бизни миллат сифатида ютилиб кетишдан тўғон каби асрайдиган зарурат эканлиги уқтирилади: «Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқаргандек, ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган ватан ўғилларининг қўллари билан ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдир.

«...Миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр-қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақланғусидир. Агар бундай бўлмай, балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чоғда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Бундай бўлди демак, улуғ Туркистон улуси Турон насли р тилагича, қурбон бўлган ҳолда инқирозга учраб, Аллоҳ сақласин, тарих саҳифаларидаги шон шарафлик ном нишонлари ўчирилади демакдир».

Алихонтўра умр бўйи Туркистон халқининг озодлиги ва миллий мустақиллиги учун курашган, ёшлигида чор Русиясига қарши кўтарилган қўзғолонларда фаол иштирок этган, Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг 1-Президенти ва маршал бўлган, мустабид совет тузумининг бутун кирдикорларини илк кунларидан бошлаб танқид қилган ва унга қарши турган, унинг мустамлака сиёсатини қабул қилмаган фидойи инсон эди. Умрининг кўп қисмини қувғинда, қамоқхоналарда, тазйиқ ва таъқиб остида ўтказди.

Ҳар даврда «саховатли» совет ҳукумати томонидан таклиф этилган ҳар хил «инъомларни», жумладан, у кишига умрбод тайинланган катта нафақани, оиласи билан яшаш учун ажратилган катта ҳовлини, Фанлар Академиясига аъзо бўлиш таклифини рад этиб, ўз иймон-еътиқодига ҳар доим содиқ бўлиб қолганлар. У киши оддий халқ ичида танилиб, катта обрў эътиборга эга бўлганлиги учун совет тузумининг махфий идоралари тазйиқ ўтказиб турган бўлса ҳам, маҳкамага тортиш, қамаш чораларини қўллашга журъат этмаганлар.

Ул зотнинг метиндай мустаҳкам иймон-еътиқодини, Ватанимизга, миллатимизга бўлган чуқур муҳаббатини, истиқлолнинг қўлга келишига, миллий давлатчилигимизнинг тикланишига бўлган улуғ ишончини ҳеч нарса бука олмаган. «Биз, Ўзбекистон халқи, ҳақиқатда шу ватан аҳлларимиз. Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Узбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон Туркистон бизнинг ўз она ватанимиздир.

Энди биз шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, такдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғи-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз, боз устига мол-дунёмиз, ахлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк ихтиёримизни мажбурий равишда қўлимиздан кимлар тортиб олди?».

«Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир». «Ватанимизни озод қилиш, ўз давлатимизни қўлга келтириш ва уни сақлаш учун, ҳар даврнинг ўзига яраша бутун сабабларини қилиш, Қуръонда айтилган Аллоҳ амри деб билишимиз керак».

«...Пайғамбаримизнинг ғойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳозирги жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуғ воқеалар бўлиши шубҳасиздир. Мана шу каби буюк воқеалар бўлар экан, дунё бўйича умумий ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин эмас. Шу ўзгаришлар натижасида мустабид тузумнинг темир қўрғонлари тор мор қилиниб, асрлар бўйи золимлар асорати остида ётган бечора ватан аҳллари ўзларининг ҳалол мерослари она ватанлари бўлган Туркистон ўлкасига шунда, албатта, эга бўладилар».

Умумжаҳон сиёсатининг ўзгариши, миллатларнинг миллий уйғонишлари кучайиши натижасида мазлум халқларнинг ўз миллий етакчилари ҳам етишиб чиқишини бобомлар орзу қилиб айтадилар: «Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир-кўмирлари кўп бўлғандек, олтин-олмослари ҳам оз эмасдир. ...Агар шундоқ кунлар тўғри келар экан сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони-қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади».

Асарда келажакда қуриладиган миллий давлат ва жамият асослари ҳақида ҳам фикр билдирилган. Ислом дини билимдони Алихонтўра Соғуний қарашларича, улар умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлар ҳимояланиб сақланадиган, дин эркинлиги кафолатланадиган, ислом ахлоқи ва маданиятига таянадиган, кучли илмий, аскарий қувватга эга бўлган дунёвий давлат ва жамиятдир. Шундай бўлганда кейинги асрларда Туркистон халқи бошига тушган қўрқувпараст руҳий муҳитдан қутилмоқ, қудратли қўшни давлатлар сиёсатининг қурбони бўлишдан сақланмоқ, замонавий тараққиёт тўғри йўлида тез ривожланмоқ имкониятлари яратилади. «Энди шуни билмак керакким, дейди Алихонтўра, Қуръоннинг ҳукмига, Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, ўз Ватанини бошқалар тасарруфига қолдириб, икки дунёсидан ажраб хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм, фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур».

Китобда Туркистон халқларининг иттифоқи масаласи ҳам ҳар томонлама кенг ёритилган. «Мустамлака зулми остига тушиб қолишимиз сабабларининг биринчиси хонликлар вақтида юзага келган иттифоқсизлик шумлигидир. Xозирги даврда миллатимиз манфаатини дунё сиёсати даражасида тўла ҳимоя қилиш учун Туркистон халқлари, давлатлари, биринчи навбатда, минтақавий иттифоққа бирлашмоқлари зарур. Шундагина бу иттифоқнинг яратадиган қудратли сиёсий ва иқтисодий салоҳияти дунё сиёсатдонларини ундаги давлатлар манфаатини ҳурмат қилишга мажбур қилиши мумкин. Бўлмаса маълум бир тарихий шароитда қудрациз давлатлар яна кучли давлатларнинг қурбони бўлади. Туркистон давлатлари бирлашишлари учун табиий асос мавжуд. Бу тарих, юрт ва маданият бирлиги, умумий дин ва тил борлигидур. Қуръон мўминларни бирлик, иттифоқликка қаттиқ ундайди».

Шу билан бирга, бу асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, соҳибқирон Амир Темур ҳақида, туркий халқлар маданияти, турмуши, этнографиясига оид қимматли тарихий, илмий маълумотлар мавжуд. Айниқса Шарқий Туркистон ўлкасида шу пайтдаги ижтимоий-сиёсий вазият, миллий мустақиллик учун уйғур халқининг олиб борган кураш тарихи кенг ёритилган. Миллий тарихимизни қоралаб совет даврида «босмачилар ҳаракати» деб номланган, аслида Ватан озодлиги учун курашган миллат қаҳрамонлари тўғрисида ҳам фикр билдирилган. Албатта, муаллиф бу ҳаракатга ўзининг шахсий муносабатини билдиради ва улар мағлубиятининг асосий сабабларидан бири буюк озодлик ғояси атрофида миллатни бирлаштирган, замон сиёсатини яхши тушунган, онгли раҳбарият ёки миллат етакчиси бўлмаганлигини кўрсатади.

Китоб ниҳоятда тиниқ, бадиий гўзал, равшан тилда ёзилган. Жумладан, табиат манзараларининг тасвирлари ўқувчи қалбида она Ватанимизга чуқур муҳаббат ва меҳр уйғотади.

«...Бу тарихий сўзларни ёзишдан кўзлаган менинг тубги мақсадим, дейди Алихонтўра, ўз Ватанида туриб ғариб бўлган Туркистон халқини, айниқса, ҳозирги ва келажак Ватан ёшларини огоҳлантириб, ўлим уйқусидан уйғотишдир. Кўнглимдаги мунглик қайғуларимни қалам тумшуғидан тўкиб ёзган бу китобимни ўқувчи ва ҳам эшитувчи ватанпарвар, миллацевар қаҳрамон болаларимизга менинг топшириғим шулки, тилим учидан эмас, дардлик дилим ичидан чиқариб ёзган ёлқинлик сўзларимни фақат уқибгина ўтмасдан ҳар бир оғиз сўзини текшириб, унинг устида фикр юрицинлар. Инсоният тараққиёти эмас, маданият тараққиёти бўлмиш XX асримиздаги инсонлар миллий, ватаний, диний ҳуқуқларини сақлаш учун қайси нарсаларни қўлга келтириши зарур эканлигини яхши тушуниб, унинг чорасига киришсинлар».

Ўзининг бу сўзларига амал қилиб, Алихонтўра Соғуний 1962 йилдаёқ улуғ соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» номли китобини эски форсийдан ўзбек тилига таржима қиладилар. Дастлаб «Гулистон» ойномаси саҳифасида бу китобнинг кўп қисми 1967 йили у кишининг журъатли кириш сўзи билан босилиб чиқади. Ўша даврда «қонхўр Темур»ни оқлаб ёзиш катта жасоратни талаб қилар эди. Ваҳоланки, бобомиз соҳибқирон Амир Темурни ўзбек халқига тирилтириб бериб кетган эдилар. Шундан бир йил кейин, яъни 1968 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг виқе президенти И.М. Мўминов кўпчилик тарихчи олимлар муҳокамасидан ўтказган ҳолда «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» рисоласида эҳтиётлик билан у кишига ижобий баҳо беришга ҳаракат қилади. Шундан кейин Ўзбекистон матбуотида деярли 25 йил давомида бу мавзуда маълумот берилмайди. Ажабланарли ҳол шундаки, 1991 йили «Темур тузуклари» қайтадан китоб шаклида чоп этилиб, таржимон бобомизнинг ёнига яна бир кишининг исми-шарифи қўшиб қўйилди. Унга кириш сўзи ёзган тарихчи олимнинг фикрича, бу «асарнинг муаллифи маълум эмас»миш. «Темур тузуклари» феодализм, ҳукмрон синфнинг мақсад ва манфаатларини кўзлаб ёзилган ...» асармиш. Ўша олимнинг кейинги йилларда Амир Темур ҳақида ёзган асарларини ўқиб, бу каби кўз-қарашлари анча ўзгарганидан хурсанд бўласан киши. Мустабид тузумнинг емирилган даврида ҳам тарихчи олимларимиз Алихонтўранинг биринчи бўлиб улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темурни ва унинг шон-шуҳратини ҳимоя қилиб кўрсатган бу жасорати тўғрисида очиқ гапиришдан, тарихий ҳақиқатни тиклашдан бироз ҳайиқдилар.

Мустаҳкам иймон, буюк эътиқод, ҳаққоний маслак эгаси бўлган, Ватаним Туркистоним деб қайғуриб йиғлаган, унинг озодлиги, истиқболи учун умр бўйи курашган, давр тузумининг сиёсий, иқтисодий тазйиқларига бардош берган инсонларни одатда миллатнинг виждони деб билишади. Шу нуқтаи назардан қараганда Алихонтўра Соғуний 1960—1980 йилларда ана шундай инсонлардан бўлган эди, дейишга тўла ҳақлимиз. У кишининг таълимоти замонамиз ёшларини юксак маънавият, ахлоқ, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш имконини яратади. Шундай экан, умид қиламизки, миннатдор авлод ўзининг буюк бобокалонларидан бўлган Алихонтўранинг Ватанимиз, миллатимиз олдидаги хизматларини муносиб тақдирлайди, ҳаёти ва кўп қиррали ижодини чуқур ўрганади, миллий тарихимиз ва адабиётимиз саҳифаларида ул зотнинг ўз муносиб ўрни бўлади, иншоаллоҳ!

Ўтмиш тарихимиздаги буюк бобокалонларимизга уй музейлари ташкил қилиш имконияти бўлмаган бўлса ҳам, яқин йилларда яшаб ўтган бу кишига шарафли ҳаёти, ибратли таълимоти ҳақида тўла маълумот берадиган уй-музейи ташкил қилинса яхши бўлур эди. Бу музей у зот қандай шароитда яшаб миллат озодлиги учун курашган, дилида миллат ва Ватан ишқи ёнган ҳақиқий инсон нималарга қодир эканини билдирадиган, келажак авлод ўғил-қизларимиз тарбияси учун олий ибрат мактаби бўлиб хизмат қиладиган бир табаррук жой бўлур эди.

Бобомлар биз фарзандлари учун бир вақтда устоз ҳам бўлганлар. Менинг ёшлик, йигитлик даврим у кишининг ёнида, умрларининг охиригача тарбиясида бўлиш бахти билан ўтган. 1964 — 1967 йиллари у кишининг қошида норасмий «Онг ўстириш тўгараги» мавжуд бўлиб, бу ерда биз ёшлар ҳар ҳафтада икки марта йиғилар эдик. Араб тили ва ислом дини асосларидан сабоқни, миллий тарихимиздан дарсларни, ахлоқ-одоб, инсон ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида биринчи тушунча ва маълумотларни у кишидан шу пайтда уққан эдик. Бобомиз биз учун маънавият, тарих ва миллий қадриятларимизнинг тирик қомуси; ҳар қандай мушкулот ечимини топа оладиган доно мураббий замонамиз тузуми, сиёсати ҳақида бор ҳақиқатни тўғри сўзловчи ботир инсон эдилар. Ул зот ислом дини, ўтган улуғларимиз, миллий қадриятларимиз, Ватан ва миллат ҳақида гап кетганда ғоятда тўлқинланиб, беҳад ғурур билан сўзлардилар. Нотиқликда олдига тушадигани кам топиларди. Сўзлаганларида нуроний юзларидан ҳамиша ёғду таралиб турар эди. Дарсларда бизга ниҳоятда самимий мулоқотлари оҳанграбодек таъсир этарди ва ҳаяжонли таассурот қолдирарди. Ёшликдан илмни қунт билан ўрганиш лозимлигини айтиб, «Ёшликда эгалланган билим тошга ўйилган нақшдур», «Онг йўқ жойда жасорат бўлмайди», «Бу дунёда ҳеч нарса тан-соғлиққа етмас» каби шиорларни кўп эшитар эдик.

Миллий тарих дарсларидан бирида шундай деганлар: «Инсонлар ўз ҳаётларини онгли равишда тушуниб туришлари учун дунё илмлари ичида бошқалардан кўра тарих илмига ҳожатлари айниқса кўпдур. Шунинг учун ҳар даврнинг доно олимлари тарафидан бу тўғрида бек (кўп) китоблар ёзилмиш экандур. Тарих демак, ўқувчиларнинг кўз олдиларига қўйилган бир кўзгу каби бўлиб, унга қараган кишилар эса юз-кўзларига юққан ёмон нарсаларни кўрар эканлар, албатта, ундан ўзларини тозалайдилар.

Шунга ўхшаш, ўтмишдаги ота-боболарнинг ойнакларини кейинги болалари қўлларига олиб қарасалар, ўзларининг ким эканликларини, энди ким бўлғонликларини шу кўзгуда очиқ кўрадилар. Меҳрибон она Ватанлари босқинчи оёқлар остида депсалиб, инграб ётқонлиғини кўргач, унинг сабабларини текширишга киришадилар. Онгсизлик ўлим уйқусида ётган бир миллатни уйғотиш учун ўтмишдаги ота-боболарининг шонлик тарихини билишдан ортиқ нарса йўқдир.

Бу илмдан кутилган асосий мақсадлар бир давлат қурилгандан сўнгра, у қайси ишлар билан тараққий топиб ривожланмишдур, ёки инқирозга учраб завол топиши нима сабабдан бўлишидур. Чунки дунёда ўтган, ё ўтмоқда бўлган яхши-ёмон ишлар пайдо бўлишининг, албатта, сабаблари бордур. Ҳаёт оламида ҳеч нарса сабабсиз юзага чиқиши мумкин эмасдур. Масалан, илгари бутун дунёга номи чиққан, тилларда достон шу Ўзбекистон бизнинг суюкли она Ватанимиз нега қўлимиздан чиқди? Биз Туркистон халқи ўз давлатимиздан нега ажрадик? Мана буларнинг сабабларини кўрсатиш тарих илмининг асосий вазифасидур.

Яна бир дарсда айтганлари: Келажакка фақат ўтмиш йўл кўрсатади. Тарих шуни билдирадики, икки буюк қўшни давлат билан олиб бориладиган яхши, ўзаро манфаатли сиёсат етарли эмас. Чунки улар ҳар доим Туркистонга ўз манфаатлари бўлган муҳим ўлка сифатида қараб иш юритишган. Шу сабабли асосий масалаларда ҳамиша тил топишиб, Туркистон тақдирини ўз манфаатлари йўлида ҳал қилишган. Масалан, Шарқий Туркистон халқининг озодлик учун олиб борган кураши бу давлатлар манфаатига зид бўлганлиги сабабли қурбон қилинди. Ёки Туркистон халқи ўзининг қайси туб манфаатларини кўзлаб, Иккинчи жаҳон урушида шунча кўп қурбонлар берди?

Ер куррасининг имконияти чекли бўлишига қарамай моддий эҳтиёж кескин ўсиб бораётган XX асрда миллатлар тараққиёти ва тақдири кўпроқ қудратли давлатлар сиёсати ва манфаатига боғлиқ бўлади. Шу сабабли Туркистон ўлкасида учинчи бир буюк давлат манфаатини яратиш зарурати бор. Равшанки, муҳим масалаларда уч давлатнинг ҳеч бири бирортасининг бир томонлама манфаатдор бўлишига йўл қўймайди. Шунда тадбирли сиёсат юргизувчи кичик давлат, албатта, унинг манфаатини кўпроқ кўзлаб иш тутаётган давлат томонида бўлади».

Шу тартибда биз бобомизнинг «Тарихи Муҳаммадий» қўлёзма асари орқали ислом дини ва тарихи билан танишдик, ўзлари форс тилидан таржима қилган машҳур Ҳерман Вамберининг «Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи» асарини ва улуғ соҳибқирон Амир Темур «Тузуклари»нинг биринчи таржимасини қўлёзма ҳолатда у кишининг иштирокида ўқиб ўргандик. Ислом фалсафаси нималарга кўпроқ урғу беради деган саволга: «Шарқ фалсафаси аввал бошидан бошлабоқ асосан инсон руҳиятини, унинг маънавий оламини билишга, одамларнинг ўзаро муносабатларини англашга эътибор берган. Бу таълимотда одам қалбини ҳайвоний ҳирслардан озод этиш, уни Аллоҳга ишонч, иймон нури билан ёритиш, комил инсон масалалари устида кўпроқ фикр юритилади», деганларини уққанмиз.

Ҳар доим 3 - 4 соатдан кам давом этмайдиган мароқли дарсларимизда кўп тарихий воқеаларга ул зотнинг ажойиб мукаммал, сиёсий-ижтимоий мантиқ қонунларига асосланган шарҳларини эшитишга муяссар бўлганмиз. Масалан, Ватанимиз мустақиллиги ва эркининг йўқолишига нобоп кишиларнинг ҳокимият тепасига чиқиб қолиши ҳам сабаб бўлганлиги тўғрисида гапириб, айтганларини эслайман: «Ҳар бир давлат арбоби сиёсатда билимдонлик, сезгирлик, изчиллик ва жасорат каби фазилатларни ўзида мужассамлаштирмоғи керак. Бу тоифадаги ҳукмдорлар ўзлари кучли бўлганлиги учун атрофига мард ва очиқча сўзлаша оладиган кишиларни тўплаб иш юритади. Улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темур шундай зотлардан эди. Темур султон таърифича, ҳукмдорга ўз фикрини ва мулоҳазаларини айтишга ботина олмайдиган ҳамда ўз соясидан чўчийдиган, қул табиатли мансабдорлар салтанатнинг энг хавфли душманларидур. Чунки улар ўзларининг ожизлиги ва жасорацизлиги орқасида иккиюзламачилик билан иш юритадилар, кези келганда эса ўз ҳукмдорига ва ҳатто ватанига хиёнат қилишдан тоймайдилар. Шу боисдан буюк Амир Темур қул табиатли амалдорларни ёқтирмай, ўз қадру-қиммати, виждони, ор-номуси ва ғурурини сақлай оладиган кишиларни давлатнинг устуни деб ҳисоблаган».

Ул зот яна шундай деганлар: «Агар мўмин-мусулмон бир ноҳақ ишни кўрса, албатта, ул ишга қўли билан қарши турсин. Агар бунга қудрати етмаса, тили билан қайтарсин, бунга ҳам ярай олмаса, ҳеч бўлмаса кўнгли билан норози бўлсин. Бу сўнггиси иймоннинг энг кучсиз бўлишидандур. Агар кўнгли билан ҳам ул ишга норози бўлганин сезмас эрса, бундин Аллоҳ сақласинким, бу ҳол иймонсиз кишиларнинг белгисидур. Уларни пайғамбаримиз тириклар ўлиги деб айтганлар.

Пайғамбар Мусо алайҳиссалом уммати вужудига сингдирилган қуллик асоратини сиқиб чиқариш учун ўз қавмини қирқ йил Саҳройи Кабирда олиб юрган экан. Чунки бу иллат миллатнинг жасадларига ёпишган вабо микроблари кабидир. Агар унга қарши чора кўрилмас экан, кўп узоқламаёқ ҳаёт оламидан оти ўчирилиб, у миллат туб томири билан ютилиб юборилади.

Инсоннинг энг севган қадрлик, қимматлик тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар.

Аларнинг энг биринчиси шулдурким, ҳар одам ўз эрк ва ихтиёрига эга бўлмокдур. Ўзида эрки йўқ, қўлида ихтиёри йўқ одамларнинг ҳайвондан нима фарқлари бор?

Иккинчиси — шаръий ёки қонуний касблари орқали топган молу дунёси, қилган меҳнатининг меваси шул топгувчининг ўз ҳаққи бўлган хос мулкидур.

Учинчиси — ҳар бир миллатнинг ҳақиқий онаси, у миллатнинг туғилиб ўсган, ота-бобосидан мерос қолган Ватанидур. Она Ватанни бошқалар тасарруфига қолдирмоқ Ватан авлодларининг кечирилмас оғир жиноятларидур, балки инсон ҳуқуқларига қилган хиёнатидур.

Тўртинчиси — ҳар мамлакат халқининг асрлар бўйи асралиб келаётган муқаддас динларидур».

Бобомизнинг Нақшбандия таълимотига эътиқод қўйганлари ҳам маълумдир. «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд тариқатлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланади. Ул зотнинг «Дил ба ёру даст ба кор!», яъни кўнгил Аллоҳ ёди билан, қўл эса иш билан банд бўлсин, деган шиорлари бутун мусулмон оламига машҳурдир. Соҳибқирон Амир Темур ҳам бу тариқатга амал қилган. Раият равнақини кўзлаб, «Кам енглар — очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар — доно бўласизлар!» деб бу кишининг насиҳатларини таъкидлаганлар. Аллоҳни севиш, унинг висолига етиш учун оғир, машаққатли покланиш йўлини босиб ўтишимиз лозимдир. Ҳар бир киши ўз вақтини сарҳисоб қилиб туриши, чунки вақт бойлиқдур, бир касбни эгаллаши, ўз қўл кучи билан ҳалол луқма топмоқлиги бу таълимот асосларидандир», деганларини эшитганмиз. Ўз ҳаётлари давомида шунга амал қилиб доришунослик, тиббиёт илмларини мукаммал эгаллаганлар ва ҳожатбарор шифокорлиги туфайли кўпчилик ўртасида катта обрў-еътиборга эга эдилар. Кичкина ҳовлининг ташқарисида доимо соғин сигир билан бир тана боқилар эди. Ёшлигимда уларга ем-хашак ва ивитилган сомонга кепакни ихлос билан ўзлари қориштириб бераётган иш устида бобомларни кўп марта кўрганман.

Эрта баҳор кунлари эди. Саҳарда бир қариндошнинг тўй ошига бобомлар билан бирга бордик. Кун совуқ, энди тонг отмоқда эди. Кўпчилик айтилган бўлса керак, кўчада саф тортиб, ош ейишга навбат кутиб, одоб билан бобомларни олдинга кузатаётган туманат одамларни кўриб, ҳассага икки қўлини қўйган ҳолда тўхтадилар. «Бай, бай, бай! Қани эди бу ўзбек ўғлонлари шу тартибда, шундай ғайрат ва ихлос билан Ватан озодлиги учун жангга кирса!» деб, тизилиб турган узун сафга завқ билан узоқ тикилиб қолганларини эслайман. Шунда бу манзара тўқсонни қоралаб қолганига қарамай, қоматини мағрур тикка тутиб турган собиқ маршалнинг Ватан озодлиги учун олиб борган шиддатли муқаддас жангларининг қайси ёлқинли дамларини кўнглига солган экан, деб ўйладим.

Алихонтўра кенг билимлар эгаси, чинакамига қомусий олим эди. Юқорида тилга олинган асарларидан, таржима қилган китобларидан ташқари у кишининг қаламига мансуб «Шифо ул-илал», яъни «Иллатлар шифоси» асари ҳам мавжуд. Унда икки юздан кўп касалликлар баёни, ташхиси ва даволаш усуллари берилган. Кўп тилларни чуқур билганлиги боис шу тилларда шеърлар ҳам ёзганлар. «Девони Соғуний» номли девон соҳиби ҳамдир. Шу давр ичида бобомиз томонидан яна Аҳмад Донишнинг «Наводир ул-вақое» асари, Дарвеш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи» асари ўзбек тилига таржима қилинган.

Аллома Соғунийнинг обрў-еътибори оддий халқ орасида ниҳоятда юқори эди. Ул зот фақатгина исломпарвар бўлмай, балки том маънода инсонпарвар бўлгани сабабли олдига узоқ-яқин жойлардан жуда кўп кишилар ўз дардлари ва ташвишларига даво, маслаҳат излаб келишар эди. Айниқса «Темур тузуклари» ойномада босилиб чиққандан кейин машҳурлиги янада ошди. Кўплар форс, араб, туркий тилларида босилган, турли соҳаларга мансуб қадимги нодир асарларнинг таржима ва шарҳларига ёрдам сўрасалар, бошқалар илм излаб келганини, табобат, миллий тарих, диний илм соҳаларида билим олиш учун шогирд бўлиш ниятида эканини билдирардилар. Кўп ўзбек шогирдлари уйдан қатнаб илм олсалар, узоқ юртлардан келган тожик, қирғиз, қозоқ, тунгон, кавказ халқларига мансуб шогирдлари ташқари ҳовлидаги болохонада ётиб дарс олардилар. Ҳар пайшанба кун ифторликларига кўпчилик қатнашишга интилар эди, чунки бу ерда бўладиган ажойиб мароқли суҳбат ва мажлисларда улуғ эътиқод, миллий қадриятларимиз, шон-шавкатли тарихимиз, диний масалалар юзасидан фикр ва шарҳлар айтилар эди. Кейинчалик бу суҳбатлар кенгайиб, жумладан, муборак рамазон ойи ифторликлари меҳмонга чақириладиган катта ҳовлиларда, дала боғларида ўтказиладиган бўлди. Бу кишининг иштирокидаги мажлис ва суҳбатларга катта илм соҳиблари, айрим шоир ва ёзувчилар, дин арбоблари, олимлар ва бошқа обрўйли кишилар жуда катта ҳурмат ва эҳтиром, ҳақиқий маънавиятга чанқоқлик билан қатнашар эдилар. Кундалик ҳаётимиздаги ўзгариш ва ҳодисаларга у киши катта қизиқиш ва халқ манфаати нуқтаи-назаридан қарар эдилар. Улар миллатимизнинг эрки, тинчлиги ва келажаги учун фойдали бўлса бутун вужуди билан хурсанд бўлиб, олқишлар эди. «Ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари ҳозирги кунда инсон олами юзига бутунлай очиқдур. Шу сабабдан тушунган Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдур» деганларини биламан.

1976 йил феврал ойининг охирги кунлари, мен Ленинград шаҳрида хизмат сафарида эдим. Бобомларнинг аҳволи оғир эканлиги тўғрисида хабар келди. Тезда Тошкентга учдим. Самолётдан тушиб тўғри бобомларнинг Тахтапулдаги ҳовлисига йўл олдим. Қариндош-уруғ, яқинлар билан тўлган ҳовлига киришим билан отамнинг «Ўғлим, тезроқ кир, бобонг кетмоқда», деган нидосини эшитдим. Уйга киришим билан мусаффо сокинликда кўзлари юмуқ ётган бобомларга кўзим тушди. Атроф-ёнларида фарзандлари. Кўзларига термулиб отам ниҳоятда паст, мунгли товуш билан Қуръондан «Ёсин» сурасини тиловат қилиб турарди. Кўзларидаги ёш билан шошилинч ҳолатда менга сув тутиб, «Отамга сув томиз», дедилар. Йиғлаб туриб муборак лабларига докада секин сув тутдим. Оҳиста кўзларини очдилар. Отам бобомга тикилиб туриб, ниҳоятда паст овоз билан «Ўғлингиз Увайсхон етиб келди», дедилар.

Бобомнинг кўз қорачиқлари мен томонга ялт этиб ўгирилди. Бир «уф» тортдилар, муборак, хотиржам юзларига икки томчи ёш думалаб тушди. Кўзларини аста юмдилар ва шу заҳоти калимаи шаҳодат устида жон уздилар. Ҳаётларининг охирги сонияларида ул зотнинг олдида бўлиш ва муборак лабларига охирги сувни томизмоқ менга насиб этганидан Аллоҳга кўп шукроналар қиламан. Бу неъматни ҳаётлигида қилган улуғ дуоларининг ижобати, ул кишига бўлган чексиз муҳаббатимнинг бир белгиси деб биламан.

Ўзбекистоннинг ҳар жойидан ва Марказий Осиё республикаларидан етиб келишган кўп сонли кишилар билан бирга бутун Тошкент аҳли ул зотнинг тобутларини Тахтапул маҳалласидан елкаларида кўтариб, васиятига кўра Кўкча даҳасидаги сўнгги маскани бўлган Шайх Зайниддин бобо қабристонига обориб қўйди. У кишининг жанозасини васиятига биноан тақво биродарлари Темурхонтўра ўқишлари лозим эди. Аммо асрлар бўйи золимлар томонидан халқимиз қалбига сингдириб келинган қуллик асорати бўлмиш журъацизлик оқибатида жанозани Кўкча жомеъ масжидида марҳум Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон муфти ҳазратлари ўқидилар.

Ҳазрат Имом ал-Бухорий наслига мансублигимиз билан ҳурматдамиз, Темур авлодидан эканлигимиз билан фахрланамиз, Алихонтўра Соғуний ватандошимиз бўлганлиги билан ғурурланамиз. Мана шундай буюк сиймолар шу Ватандан чиққанлиги учун, улар умуминсоний қадриятлар асосчилари ва тарғиботчилари бўлганликлари учун ва биз ҳам шу миллат аҳлидан эканлигимиз учун бу Ватанни севамиз! Уни миллий маданият, дин, ахлоқ гўзалликларининг мажмуаси бўлганлиги учун, ўзликни англаш ғурурини қалбларда уйғотгани учун яна ҳам кўпроқ севамиз! Ёш авлод шу муқаддас Ватанимизга, улуғ аждодларимизга муносиб бўлиб фикр юритмоғи, меҳнат қилмоғи ва ҳеч кимдан кам бўлмасликни мақсад қилиб келажакка интилмоғи керак! Шунда улуғ боболаримиз руҳлари шод ва Ватан келажагидан хотиржам бўлади.

Шундай экан «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» деб номланган 700 бетлик янги тарих китобида 1960-1980 йилларда ўзбек халқининг мустабид совет тузумига қарши олиб борган курашига бағишлаб муҳтарам тарихчи олимларимиз жуда оз маълумот берганини қандай изоҳлаш мумкин! Бундан шу жаннатмакон Ватанни бизга мерос қолдирган улуғ аждодларимиз руҳлари изтироб чекиши, қолаверса мустақил Ўзбекистон тарихининг бу саҳифаларини ўқийдиган ёш авлодда ота-боболаримиз мустабид тузумга қарши етарлича курашмаган деган нотўғри фикр туғилмайдими?

Ахир, бу тузумдан норози бўлиб, унга қарши ҳаракат қилган бошқа шахслар ҳам бўлган. Масалан, миллий энқиклопедияда номлари келтирилиб, фаолияти бошқа китоб ва журналларда ҳам кенг ёритилган, асарлари олий ўқув юртларида дарслик қаторида ўрганилаётган, мактаб, маҳалла ва кўчаларга номлари қўйилган Алихонтўра Соғуний ва унинг сингари кўплаб алломаларнинг ҳар томонлама чуқур асосланган Ватан озодлиги, миллий мустақиллик учун кураш ғояларини тарих китобларида келтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўзбек тили ва адабиёти дарсликларига Алихонтўра Соғунийнинг Ватанни, илмни, ўзлигимизни улуғлайдиган шеър ва достонларидан парчалар ҳам киритилса фарзандларимиз тарбияси учун фойдали 6ўларди.

Ўзбек миллатига мансуб эканмиз, унинг келажаги учун ҳаммамиз масъулмиз. Шу сабабли миллатимизнинг истиқбол томон ҳаракатида йўл кўрсаткич шамчироқларидан бўлган Алихонтўра Соғуний ҳақида жамиятимиз, биринчи навбатда, унинг онгли қисми зиёлиларимиз умумий, асосли бир фикрни билдирганларида нур устига аъло нур бўлур эди.

Асарда ёзилишича, отамлар бобомларни жаллодлар қўлидан тун қоронғусида қочирган эканлар ва ул зотнинг васиятига биноан тарих китобининг давомини ёзишга муяссар бўлдилар. Бизга бундай улуғ шарафли ишлар насиб қилмаган бўлса ҳам, бу китобни нашрга тайёрладим ва уни тўлалигача компютерга киритдим. Ўз хотираларим, муаллиф ва асар тўғрисидаги айрим таассуротларим ҳақида ожиз фикримни бу ерда билдирдим.

Яна шуни айтишим керакки, муаллифнинг ўзи мазкур асарини қисм ёки бобларга бўлмаган. Асарни синчиклаб ўрганиш ва нашрга тайёрлаш жараёнида унинг мундарижасини бериш лозим деб, уни тахминан 13 қисмга бўлиб номладим. Асарда кўрсатилган курсив ажратмалар, тушунилиши қийин сўзлар, айрим шахс ва жой номлари учун изоҳлар ҳам биз томондан берилган. Китоб муқовасидаги манзара ҳам муаллифнинг асосий ғоясини ифодалайди. Ҳаётбахш Туронзаминда улуғ Туркистон эли қадим чинорининг кейинги бўғин миллатлари каллаклангани кўрсатилган. Бу заминга тахдид солиб булутли осмон тагида икки буюк давлат манфаатлари қоя бўлиб турибди. Уфқда озодлик қуёши тонг отмоқда. Унинг нурларида кесилган бўғинлар, албатта, кўкариб ўсишига улуғ ишонч рамзий билдирилган.

Бу китобни босмага тайёрлаш ва чиқаришда менга ёрдам берган, кўмаклашган кишиларга миннатдорчилик изҳор этишни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан. Биринчидан, 6у китобдан парчалар тайёрлаб олдинроқ халқимизни у билан таништирган ва бобомиз илмий меросларини дунёга тинимсиз тарғибот қилувчи амакимиз Қутлуғхонтўранинг хизматлари каттадир. У кишига чуқур миннатдорчилик билдираман. Ҳозирги кунда бу китобнинг туркча таржимаси Туркияда у кишининг бошчилигида амалга оширилмокда. Иккинчидан, қариб қолган чоғларида ғайрат қилиб, бу асарни араб имлосидан кириллга ўтказган ва уни укамиз Абдуллахон, жиянимиз Маъруфхонлар билан биргаликда хатоларини тўғрилаб қайта босган акамиз Аҳадхонтўрага катта миннатдорчилик билдираман. У кишининг бу ташаббуси китобнинг тезроқ босилишига туртки бўлди. Ўғиллари қишлоқ хўжалик фанлари доктори Фурқатхон бобомизнинг бош эвараси бу китобнинг босилишига биринчи фидойилардан бўлди. Китобни чиқариш учун зарур бўлган барча молиявий масалаларда жонкуярлик билдириб, ёрдамини аямади. Жиянимнинг бу ҳиммати ва ғайрати учун унга кўп ташаккурлар айтаман. Барча амакиларим, укаларим, жиянларим, ўғлим ва ўртоғи Саидумар отамиз бошлиқ бу ишнинг ҳар хил жараёнида ўз маслаҳат ва ёрдамларини кўрсатдилар. Уларга ва бу ерда номлари айтилмай қолган бошқа биродарларимизга ўз ташаккурларимни айтурман.

Алоҳида миннатдорчилигимни қўлёзмани кўриб чиқиб, тақриз ёзиб ўзларининг қимматли маслаҳатларини билдирган Ўзбекистон ФА Тарих институти директори, профессор Д.Алимовага, тарих фанлари доктори С.Аъзамхўжаевга, архитектура фанлари доктори П.Зоҳидовга ва Тарих институтининг етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Қ.Ражабовга билдираман.Тарихимизнинг қоронғу йилларида Ватанимиз озодлиги, миллатимиз ҳақ-қуқуқи учун курашган бу улуғ зотнинг келажак авлод учун васият қилиб айтган ёлқинли сўзлари халқимизнинг ўзлигини англаши, Ватан туйғусининг шаклланиши, ғуруримизнинг тикланишига хизмат қилар деган умидда бу китобни чоп қилдирдим. Шу кичик бир хизматимиз халқимизга хушнуд тушса бобомиз васиятларини ва фарзандлик бурчимизни қисман бўлса ҳам бажардик ва у кишининг руҳларини шод этдик, деб умид қилган бўлур эдик.

Увайсхонтўра Алихонтўра Соғуний набираси


Сўз Боши

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм

Улуғ руҳлик, тўлиқ ақллик кишиларнинг айтишларича, ҳар одам ўзида бор яхшиликларидан, ундаги илм-ҳунар фазилатларидан бошқаларга фойда еткудек, кейингилар ибрат олғудек бир асар ёзиб қолдириши, албатта, унга лозимдир.

Мен, Али Соғуний, ёшлик-йигитлик кунларимдан бошлабоқ арабий, форсий тилларини тўлиқ равишда ўзлаштирдим. Замоннинг менга кўрсатган тўсқинликларига қарамай, Тангри ёрдамида кенг кўламда диний, тиббий, айниқса, тарихий маълумотларга эга бўлдим. Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар.

Юқорида оқиллар тилидан айтилган сўзга қараб, ўзимда топилган фазилатлардан тарих илмини танлаб олдим, чунки шу ҳозирги давримиз 1966 йилда, ўз Ватанларида туриб ғариб бўлган халқимиз учун, тарих илми балиққа сув ўрнида бўлиши кўпдан бери менга сезилмиш эди. Ўтмишдаги тарихини унитиб, эндиги тарихини туймаган бир миллат, қоронғуда қолган қўлида таёғи йўқ кўр киши каби қаёққа оёқ қўйишини билмаганлигидан душман етакчиси кейнидан кетишга мажбур бўлади. Очиқ фикрли, сезгир Ватан ўғиллари тарихнинг қандай зарур эканлигини менинг шу сўзларимдан илҳом олиб, чуқур тушунишлари керак

Энди, Ватаним мени суймас экан, мен уни севганлигимдан, улусим мени танимас экан, мен уни таниганлигимдан, Ватан устида бўлаётган тарихий ўзгаришларни ва ҳам бунинг келажакдаги яхши-ёмон натижаларини кўрсатиб, Ватан болаларига улгу (намуна) бўлгудек, бошқалар бундан ибрат олгудек тарихий бир асар ёзишга киришдим. Бироқ, мен ёлгизгина исломпараст эмас эдим, балки яралишимдаёқ инсонпараст эдим. Xалққа қайси йўллиқ яхшилик қила олгайман деб, ёшлик-йигитлик даврларимни ғам-ғусса кунлари билан ўтказдим. Энди эса соч-соқолим оқариб, қарилигим етди. Ёшим саксонга эришиб, ички-ташқи кучларим орқага чекинди, қарилик юки остида букула туриб, олдимизда кўрина бошлаган ҳалокат чуқури яқинлашаётганига чидаёлмай, келажак бўғин наслларимиз ғамхўрлиги учун, ҳар ёқлама қийинчиликлар бўлса ҳам, шу тарихни ёзишга бошладим. Қаламим тилидан дардлик сўзларим қонлик кўз ёшима қўшилиб, бу китоб варақлари юзига тўкилмиш эди. Шунинг учун бунинг отини «ТУРКИСТОН КАЙҒУСИ» қўйдим.

Мен бу асаримни, бундаги тарихий сўзларимни ҳозирги Ўзбекистон аталган ўз Ватаним улуғ Туркистон номига ёзишим керак эди. Бироқ бу ерларда бўлиб ўтган сўнгги кунлардаги энг оғир ҳодисалар, даҳшатли воқеалар, тубсиз денгиз каби туганмас достон бўлғонлиқдан вақтинча бўлса ҳам уларни қўятуриб, шу кунларда аждарҳо оғзига келиб, биздан ҳам илгарироқ ютилиш олдида турган Шарқий Туркистон устидан ёзмоқни ортиқроқ кўрдим. Чунки бу ерда 1931 йилдан 1946 йилгача бўлиб ўтган улуғ тарихий воқеаларга ўзим бошчилик қилиб эмгаким (меҳнатим) сингган, кўзим кўрган эди. Бошқа виждонсизлар каби тарих юзини қоралашдан сақланиб, ўтган ҳодисаларда бўлган воқеаларни ҳеч ёққа бурмасдан, бўлганича тўғри ёзишни ўзимга лозим тутдим. Лекин, бу икки ўлканинг

тарихи, сиёсий ҳоллари бир-бирларига қаттиқ боғланган эди ва ҳам бутун дунёга майдон1 ўқиган совет ҳокимиятининг, 1917 йили қурилган кунидан бошла 1931 йилгача ўтган даҳшат ваҳшатлик кунларни хирмондан бир дона, балки денгиздан бир қатра бўлса ҳам, ёзиб ўтмоқни тарихий вазифам деб билдим. Шунинг учун чексиз қудратли улуғ Тангрига сиғинган ҳолда Шарқий Туркистонга ўткунимча кўрганларимни, қилган ишларимни баён қилмоқчи бўлиб сўзга киришдим.

Кошғарга Ўтишим

Ҳаёт тарихи инсонларнинг синфий курашларидангина иборат деган хато фикр Карл Маркс томонидан ўртага етишган кунидан бошлабоқ, халқаро ёпирилиб ётган ҳасад ўти қўзғалиб, инсон оламига фитна-фасодлар эшиги очилмиш эди. Бу фикрни кўрларча қабул қилгувчи одамлар қўлига ҳукумат ўтгандан сўнгра, халқ ўртасида синфий айирмачиликни ва ҳам хусусий мулкни йўқотиш учун, ишчилар ҳокимияти отидан даҳшатли қонунлар чиқардилар.

Унинг натижасида қора ишчи, нодон деҳқонлардан бошқа халқ ичида ҳақлик, ҳақсиз деган фитна ғавғоси бошланди. Диндорларча Аллоҳ одати, даҳрийларча табиат қонунига қарши туришиб, ҳаёт оламида бир текис ҳақли яратилган инсонлар ичидан бир қисмини, ўзлари чиқазган хаёлий қонунларига асосланиб, ҳаёт ҳуқуқларидан бутунлай маҳрум қилдилар. Бу орқали отилган-чопилган гуноҳсиз кишилар ҳисоби йўқ эди. Улардан ошиб қолган ҳақсизлар ва ҳам қочибписиб юриб қўлга тушмаган кишилар ҳақида ҳар турли жазо белгиладилар. Баъзиларнинг борлиқ нарсалари ёрғу (мусодара қилиш) қилиниб, бола-чақалари кўчаларга ҳайдалиб, ўзлари узоқ ерларга сургун қилинди; кўплари эса, узун муддатли қамоққа олиниб, оғир хизматларга солинди. Xалқ ўртасидаги баъзи бир одамларни қўрқитиш ва алдаш йўллари билан ёширин хизматларга боғладилар

Уруш-сўкиш ва қийнашлар даҳшатидан имонлик-имонсиз, виждонлик-виждонсиз кишилар, бу мансабпараст жаллодлар олдида бир текис туришга мажбур эдилар. Чунки топшириқлари тўлиқ равишда бажарилмас экан, улар учун белгиланган оғир жазолар дарҳол амалга ошмоғи шубҳасиз эди. Ҳеч қандай гуноҳсиз, ўзларига қарши деб билган кишиларни товуш чиқмас ер ости уйларига киргизиб, қийнов остида ўлдириш каби ваҳшийликлари одатдаги ишларидан эди. Бу жаллодлар қўлига тушган бахциз мазлумлар, қийновнинг қаттиқлиғидан кўнгилларидаги сўзлари, кўмилган молларини ёшириб қолиш буён турсин, умрларида эшитмаган, киши хаёлига ҳам келмайдиган сиёсий туҳмат сўзларини иқрор қилишга мажбур бўлганликларидан, кўплари фожиали ҳалок бўлдилар.

Инқилоб бошланиш даврида кўзга кўринарли кишилар ўз уйларига сиғмаганлигидан, мен ҳам ўз Ватаним Тўқмоқ (Қирғизистондаги Чуй вилояти маркази) шаҳрида туролмай, биздан юз чақирим йироқдаги Сўқулуқ деган жойда, тунгонлар ичида кун кечиришга мажбур бўлдим; чунки Бухоро ўқишини шу замон одатича битириб қайтганим сўнггида, диний илм ўқувчилари оз бўлса ҳам шулар ичидан топилур эди. Бунинг устига улар бошқаларга қараганда, ҳар тўғрилиқ бизга ёрдамчи эдилар. Тунгон халқининг келиб чиқиши, тарихини ўрни келганда албатта ёзишимиз бизнинг вазифамиздир

1919 йил охирларида Пишпекга (Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри) қарашли Қора-болта, Оқсув каби 18 рус қишлоқлари бирлашган ҳолда болшевикларга қарши қўзғолон кўтаришди. Бойликка ботиб ётган Пишпек, Сўқулуқ тунгонлари ҳам тушунмаслиқдан бу ишга қўшилиб қолдилар Натижада тортқулуқ (тортқилиқ, кўргулик, зулм) бутунлай улар устиларига тушиб, энг оғир зарбалик калтаклар булар бошларида ушатилди. Шундоқки, беш юз уйликка етмаган Сўқулуқ тунгонларидан саккиз юз кишини ҳайдаб келиб, бозор ўртасида пулемётга тутдилар. Улар ичидан ўқ тегмай қолган ёки ярадор бўлиб, жони чиқмай турганларни қизил аскарлар оралаб юриб, найзалаб ўлтирди. Қўзғолончилар маркази бўлган беш минг чамали Оқсувлик руслардан илгари-кейин бўлиб, ўлим жазоси кўрганлари ўттиздан ошмаган эди.

Аллоҳ сақласа бало йўқ дегандай, шу йили Сўқулуқга боришдан мени сақлаб, бу каби натижасиз қонлик қўзғолон офатларидан ўзи асрамишдир. Шу воқеа бўлишида мен Тўқмоқдан саккиз чақирим шимол тарафидаги тунгон қишлоғи Қорақўнғиз масжидида эдим. Пишпек, Сўқулуқ қочоқлари қилич, милтиқ каби борлиқ қуролларини осинган ҳолда таниган, танимаган аралаш мени қора тортиб устима тушдилар. Буни кўришган масжид қавмлари ўз бошларидан қўрқишиб ва яна мени аяшганликларидан, уларни бу ерда қўндирмаслик учун маслаҳат кўрсатган бўлсалар ҳам, мен бунга розилик билдирмадим. Бу каби улуғ офатлардан мени неча мартабалар асраб ўтган меҳрибон Тангрим илтифотига ишонганлигимдан, бу мазлумларни эрларча очиқ юз билан қарши олиб, синиқ кўнгилларини кўтардим. Бу ерда ёшириниб олиш имконияти йўқлигидан, бош-оёғи икки-уч кун туришганидан сўнг, Олмота, Ёркент чегаралари орқали Ғулжага ўтмоқчи бўлиб кетдилар.

Биз ҳозир шундай шароициз, оғир аҳвол устида турибмиз. Маҳалла кўчасидан ўтаётганимизда йўл бўйлаб, талан-булан қолдиқлари, чочилиб ётган нарсалар, куйдириб-ёндирилган иморатлар ичида вайрон-талқони чиқиб, йиқилиб ётган томлари кўзга ташланмоқда эди. Буларни кўргач, кўз ёшимиз қуримасдан, шу юрганимизча мазлумлар қонлари билан бўёлган Сўқулуқ қишлоғига кирдик. Бу воқеа ўтиб, ортидангина борганимиз учун, мусулмонлар отилган-чопилган кўча қонлари тозаланган бўлса ҳам, қирғиннинг бошқа белгилари йўқолмаган эди. Соқчи кишилари бизнинг бошқа ёкдан келганимизни кўриб, олдимиздан тўсиб, идораларига бошладилар. Ўлганларнинг хотин-қиз, етим болаларига аталган бир қанча кийим-бошларни кўрсатиб, ёрдам учун келганимизни билдирдик. Сўнгра, йўл хатларимизни текшириб, бизга рухсат қилган бўлсалар ҳам, яна орамизда ишонмаслик пайдо бўлиб, анчагина сўз ўтмиш эди.

Маълумдирки, маҳкумиятда эзилган, қуролсиз, дудуқ тиллар ғолибият зулми билан ғурурланиб турган, ҳар бирининг тумшуғидан тўнғиз қурти тушган қуроллик, шаҳдам тиллар олдида нима дея оладилар? Шу билан ғолиб душман олдидан, қандайдир қутулиб чиққанимиздан сўнгра, ёрдамга келтурган оздир кўпдир нарсаларимизни тарқатдик. Ўлганлар оилаларига кўз ёшимиз билан қироат ўқиб, кўнгил айтдик. Бу фойдасиз фитнада маним ўз шогирдларимдан йигирмадан ортиқроқ киши шаҳид бўлмиш эдилар. Булардан энг катталарининг ёши ўттиздан ошмаган эди. Шундай қилиб, бу жойда икки-уч кун турганимиздан кейин яна Тўқмоққа қайтиб келдик

Қиш ўтиши яқинлашиб, ердан кўкатлар янгигина бош кўтармиш эди. Бир куни эрталаб кўча эшигимиздан киши чақирган товуш эшитилди. Қарасам, ўз маҳалламиздаги Мирзабой деган киши экан. У мени кўргач, кўзига ёш олиб: «Сизга яхшиликдан бошқани тиламаймиз. Ҳозирги ҳукумат олдида, эшитишим бўйича, устингиздан ҳар турли хабарлар борга ўхшайди. Эндиги маслаҳат шулки, манаву ишлар юз бости бўлгунча, ўрин ўзгартиб, бошқароқ ерда туришингиз яхшироқ кўринади», деди. Унинг бу сўзидан ўйланиб, қандайдир эҳтиёт юзасидан, ёт бир ҳукумат тупроғига ўтмоқчи бўлиб, сафар жамолғосига киришдим. Лекин бошқа чегаралар биздан йироқ бўлганликдан, Кошғар томонига ўтишни маъқулроқ кўрдим. Жонфидо шогирдларимдан тунгон Довудҳожи сафар йўлдошим бўлиб, йўлга тушдик.

Болосоғун Тўқмоқ билан Кошғар оралиғи отлиқ ўртача юришда ўн-ўн бир кунлик йўлдир. Болосоғун шаҳрининг эски туркча номи Моқул болиғ бўлиб, моқул яхши, болиғ шаҳар демакдир. Исломдан кўп йиллар илгари Иссиқкўл бўйларидаги Бешболиғ билан Болосоғун шаҳарларида уйғурларга ўхшаш ўтроқ маданий туркларидан ўғуз турклари яшаган эди. Рум подшоҳларининг лақаби Қайсар, эронийларники Xисров бўлганидек, Бешболиғ, Болосоғунга ким подшоҳ бўлар экан, унга Эдиқут лақаби қўюлур эди. Аслида, Туркистон бешиги ва пойтаҳти Бешболиғ-Болосоғун шаҳридир. Ҳозир ҳам Иссиқкўлнинг кунгай (жануб), терскай (шимол) томонларига сув ичида қайиқ билан юрган кишиларга Бешболиғ ҳаробалари кўриниб туради. Биз бола вақтимизда кўлнинг саёзроқ еридан бир ҳаммом биноси топилмиш эди ундан чиққан пишиқ ғиштлардан қирғизлар олишиб, улкан манаплар (аслзода, оқ суяклар) қабрлари устига бир неча гумбазлар ясатганлари ҳали эсимизда бордир. Кўлнинг тўлқинлари билан чет ёқага сурилиб чиқиб қолган ўша замоннинг уй асбоблари, деҳқончилик саймонларини (иш қуроллари, асбоб-ускуналари) шу кунгача ҳам топиб оладилар. Бу Бешболиғ шаҳрининг ҳароб бўлишига келсак, биз кўрган тарихларнинг ҳеч бировида бунинг баёни кўзимизга тушмади. Ўтмишдаги табиат ўзгаришлари орқали, ер тебраниши билан шаҳар ўринлари кўлга айланиб, сув остида қолган бўлиши ҳам мумкиндир. Қандай бўлса ҳам, Бешболиғ обидаларидан топилган асарлар эскидан бери ўтроқ туркларида илм, маданият бор бўлганлигини билдиради. Болосоғун милоддан икки минг йиллар илгари ўтган Эрондаги Қиёний подшоҳларидан Кайковуз, Кайхисровлар замондоши эронча Афросиёб, туркча Дўкухон аталган турк ҳоқонининг учинчи пойтахти бўлган экан. Унинг биринчи пойтахти Самарқанд бўлишини эски тарихчилар шубҳа қилишадилар. Бироқ шаҳар четидаги кенг майдон ҳаробаси, ерлик халқ оғзида, Афросиёб аталиши ва бу яқинларда у ердан милоддан эски давр асарлари топилиши, турк ҳоқони пойтахти Афросиёб бўлганлигини қувватлайди. Бунга кўра Самарқанд шаҳри жаҳонгир Искандар Македоний томонидан қурилган деган, баъзи тарихларда ёзилган сўз асоссиз бўлиб қолади, чунки Искандар Афросиёб давридан кўп кейин келганлиги ҳаммага маълумдир.

Тарих ҳижратнинг 536 йили қорахитой хони Гурхон билан султон Санжар Биноканд (Сирдарёнинг ўнг қирғоғида Оҳангарон сувининг қуйилиш жойида бўлган ўрта аср шаҳри. Кейинги номи Шоҳруҳия бўлган) яқинида тўқнашиб, султон Санжар қаттиқ енгилмиш эди. Бу урушда Санжар аскаридан 30 минг киши қурбон бўлмишдир. Шу билан бутун Мовароуннаҳр Санжар қўлидан чиқиб, 71 йил қорахитой Гурхон қўлида қолади. Сўнгра хоразмлик султон Муҳаммад Гурхон аскарини Бухоро, Самарқанд, Фарғонадан ҳайдаб чиқаради. Тароз Таласда (ҳозирги Жамбул) бўлган урушда Гурхон тарафдорлари қаттиқ енгилиб, бош қўмондони Тоянгу асир олинмишдир. Буни англагач, Гурхон Олмалиғ (ҳозирги Ғулжа шаҳри), Бешболиғ туркларидан ўз қўмондасида кучлик қўшин тузиб, кетган ерларни қайтариб олиш учун йўлга чиқади. Тароз ғалабасидан сўнгра султон Муҳаммад Тоянгу бошлиқ бутун асирларни олиб Xоразмга қайтмиш эди. Гурхон бу хабарни эшитиши билан бутун борлиқ аскарини унга қарши келтириб, яна Биноканд яқинида икки ҳукмдор қўмондонлиғи остидаги турк аскарлари энг қаттиқ жанг қиладилар. Бу урушда Гурхон тарафдорлари очиқ енгилган бўлмасалар ҳам, унинг аскарлари орқага чекинишга мажбур бўла-дилар; чунки бу орада Олтойдаги Найман туркларидан Тоянгухон ўғли Кушлукхон Гурхонга қарши орқа томондан ҳужум бошлаб, Олмалиғни олиб, Болосоғунга келаётган хабари онгланмиш эди. Бу чекинишда хоразмийлар орқадан тақамиш (таъқиб қилиш, изма-из қувмоқ) бериб, Тарозга етгунча қувғин қиладилар. Бу ерда ҳам Гурхон тўхтаб қаршилик кўрсатмагач, бу чекиниш уруш алдови бўлмасин деб, султон Муҳаммад шу ерда тўхталиб қолади.

Гурхон шу юрганича юриб Болосоғунга келмишдир. Қараса, қалъа қапқоқлари унинг юзига ёпилмиш эди, чунки бу ердаги ўғуз мусулмонлари Xоразмшоҳнинг Гурхон устидан ғалаба қозонганлигини онглашиб, унинг томонидан қўйилган шаҳар босқоқларини (ҳокимларини) ўзига қарашли кишилари билан қолдирмай ўлдиришиб, Султон аскарининг келишини кутишмоқда эдилар. Лекин уларнинг Гурхон ортидан ета келиб, душманга энг сўнгги зарбани бергудек кучлари йўқ эди. Шунинг учун ёрдамсиз қолган Болосоғун муcулмонларини, кўчманчи турк улусларининг ҳар туридан тўпланган қўшин билан келган Гурхон қаттиқ қамал остига олади. Қурол-жабдуқлари тўлиқ, уруш устидан қайтган, қизиққон, ўлжаларига етолмаган, қўллари қуруқ, оз бўлганда юз минг чамалик аскар қаршисида у замон шароитига кўра бир шаҳар халқи қандай чидаб тура олсин?

Қамалдан ўн олти кун ўтгандан сўнгра, оч бўридек очиққан кўп аскар куч билан кириб шаҳарни оладилар. Ўлжа асирлардан бошқа бу урушда мусулмонлардан 70 минг киши ўлдирилмиш эди. Шу билан Ўғузхондан қолган эски маданиятдан намуна бўлган, ўтроқ ўғуз туркларининг маркази саналган қутлуғ Болосоғун шаҳри ҳаёт оламидан кўз юммишдир. Чингиз даврига келгунча, Туркистон халқи ичида бундай қирғин бўлиб, кўп қон тўкилмаган эди. Бу шаҳар ҳозирги вақтгача (1966 йил) ўзининг ўтмишдаги шонлик шарафининг таниқли белгилари бўлган Оқпешин, Тўрткўл, Бурона ҳаробаларини қолдирмишдир. Бу ерда.

ноҳақ тўкилган қонлар эгалари Бурона минораси орқали ҳануз шаҳодат бармоғини кўтариб, ўзларининг исломиятларини сўнгғиларига билдириб турадилар.

Бутун турк улусининг энг эски маданиятли адабий тили ҳисобланган «Қутадғу билик» (Қут отлиқ билим) китобини ёзган Юсуф Xос Ҳожиб шу Болосоғунлик эди. Ислом оламида шуҳрат қозонган машҳур луғат китоби «Сихох Жавҳари»ни арабчадан форсчага таржима қилгувчи Жамол Қарший ҳам шу Болосоғунлиқдир. «Тарихи Рашидий»нинг эгаси Мирзо Муҳаммад Ҳайдар кўрагон, бир вақтлар Болосоғунда юзлаб китоб тасниф қилгувчилар бўлганлигини шу тарих китобида ёзмишдир.

1908 йили Болосоғун ҳаробатидан ўн беш чақиримча шимолда, ҳозирги Тўқмоқ шаҳрида бир қабр тош топилган эди. Ундаги арабча хатни ёшлигимда ўзим ўқиб чиқарган эдим. Орадан 60 йиллик узоқ вақт ўтган бўлса ҳам, мазмуни ёдимда қолмишдир. Шу қабр эгаси ўз замонасида энг улуғ олимлардан бўлиб, бир неча китоблар тасниф қилганлиги, ёши ўттизга етмай туриб, 500-ҳижрийда шаҳид бўлганлиги маълум бўлади. Бу тошдаги бутун хатларни ёзиб олишга қизиққан бўлсам ҳам, унга улгуролмай қолдим, чунки у тош Тўқмоқдаги тунгон бойларидан бўлган Маҳаммаджон Писангўй уйида сақланур эди. Одат бўйича, мусулмонларнинг байрам кунлари уларни табриклаш учун руслардан бир неча шаҳар бошлиқлари келмиш эканлар. Киши кўнглига қизиқарлик, кўриниши ҳайкал мисоллиқ бўлиб, уйнинг токчасида турган бу тошга уларнинг оч кўзлари тушгач: «У нима?» деб сўрайдилар. Маълумот топгандан сўнгра: «Буни биз оқ подшоҳнинг музейига юборамиз», деб олиб чиқиб кетган эканлар. Шундай қилиб, бошқа нарсаларимиздан ажралганимиздай, бундан ҳам ажраб қолганмиз. Йўқ эса, тошнинг бош оёғигача бўш ўрин қолдирмай, анчагина тарихий сўзлар ёзилмиш эди.

Ҳар ҳолда, боши Иссиқкўл, оёғи Мерки, етти-саккиз кунлик йўл бўйлаб туташган ҳаробалар, узун йиллардан бери булардан чиқаётган эскилик тарихий асарлар, ўз даврида бу ерлар маданий ўтроқ ўғуз туркларининг ободон шаҳарлари бўлганлигини исботлайди. 1960 йилларгача совет ҳукуматининг эскилик изловчи қазувчилари кўп нарсалар топган, жумладан, Оқпешин ҳаробасидан бир хум тўла китоб, яна Бурона атрофида бир қудуқ ичидан исломдан илгари энг эски туркий хати билан ёзилган бир китоб ва ҳам бир неча тарихий асарлар топганларини шу ерлик кўрган кишилар бизга сўзладилар. 1965 йили Тўқмоққа борганимда ўтганларни эскариб руҳига дуо қилиш учун Болосоғун ҳаробасига чиқдим. Ерлик кишиларнинг айтишларича, шу йили колхозчилар ер ҳайдаб юрганларида бир хум олтин топмиш эканлар, ўзаро келишолмасдан, барини ҳукумат олиб ўзлари қуруқ қолибдилар. Яна, Тўқмоқ бозорининг қаршисида, Чуй сувининг у томони Шўртепада, Гурхон қорахитойдан қолган бир сапил (тупроқ қўргон, қалъа) бордир. Иккинчиси, бундан кун ботиш тарафига қирқ чақиримча тубанроқ, чўнглиги (катталиги) унга неча баробар келгудек яна бир сапил бўлиб, ўз вақтида шаҳар қўрғони эканлиги очиқ кўриниб туради. Манимча, босқинчи Гурхондан қолган ерлик асарлардан Эдиқут ўлкасида шу икки сапил ҳаробаларидан бошқа бирор нарса қолганлиги маълум эмас. Бироқ ўзлари билмасалар ҳам, шу кунга давр халқ оғзида икки оғиз хитой сўзи бириси домла, иккинчиси шийпонг сақланиб қолмишдир. Аввалгиси чўнг мулла, кейингиси зиёфат уйи демакдир

Шу кунларда бу ўлканинг жанубий томонида қирғиз, шимолий томонида қозоқ турклари яшайдилар. «Тарих ал-Комил»да қирғиз турклари арабча тағарғар аталмишдир. Бу китобнинг айтишича, исломдан тахминан бир икки юз йилгина кейин шимолдаги мўғул ва бурят каби кучлик турк уруғларининг чопулларига (ҳужумларига) чидаёлмай қирғизлар жануб томонга чекиниб, Эдиқут ўлкаси Болосоғун тоғларига тарқалмиш эдилар. Сўнгги кунларда уларнинг уруғлари ўсиб, сонлари кўпайгач, кўчманчилик одати қўзғалиб, шимолдан қувғин еб келганлари эсидан чиқиб, ўтроқ ва замонасига кўра маданий ҳисобланган ўғуз турклари устига кўз очирмай чопул қилгали турдилар. Кучлик қуролга эга бўлмаган шаҳар халқи уруш майдонларида ҳар вақт дала кўчманчиларидан енгилишлари одат ҳукмини олмишдур. Бунинг сабаблари ҳар кимга тушунарлик бўлганликдан, ёзиб ўтиришни лойиқ кўрмадим. Шунинг учун Болосоғун халқи ўзларини қирғизлардан мудофаа қилолмай янгидан отоғи эл ичида тарқалаётган Олмалиғдаги қорахитой Гурхонга тобун (фуқароси, тобе) бўлишиб, уни чақиришга мажбур бўлдилар. Xитой халқидан адолат узулмайди деган халқ оғзидаги ёлғон довруққа алданишган Болосоғун халқи бўридан қочиб, қассобга йўлиққан қўй каби бўлмиш эдилар. Чунки қирғизлар қандай бўлса ҳам ўз қариндошлари эди, булар билан яраш чораларини излашнинг ўрнига, бошқа бир ёт миллатни чақиришлари ўз Ватанларига хиёнат қилмоқ демакдир. Бундай янглиш сиёсатлар натижасида ўз ҳокимиятларидан ажраб, қуллик занжирига гирифтор бўлган халқлар тариҳда кўплаб учрайди

Мўғулча Моқул болиғ аталган Болосоғун шаҳри тўғрилик бу кунгача мен кўрган тарихларнинг ҳеч бирида бирор оғиз сўз бўлса ҳам учратолмадим. Турк бешиги аталган бу ўлка уйғур ўғуз элини ўз қучоғида саклаб бутун дунёга танитган эди. Шундай қутлуғ она Ватанимизни, жаҳолат орқали ўз болалари ётларга бостириб, унинг шонлик шарафини эсларидан бутунлай чиқарган эдилар. Юзларча эмас, мингларча йил ўтган сўнггида бўлса ҳам, мен унинг энг кенжа ўғлони бўлганлигимдан, ўз улуси томонидан бутунлай унутилган онамизни эскардим. Узундан бери кўнглимда йиғилиб ётган бу ҳақдаги тарихий сўзларимни, кўп йиллар давомида тўплаган маълумотларимни келажак бўғинларимизга билдириш учун, бу ўринда ёздим ва шеърият сўзларимга шиор қилиб Соғунийни танладим. Қобуси (пайти, фурсати, ўрни, вақти) келар экан, ёт душманлар оёғи остида депсалиб ётган она Ватанларини эскарсинлар!

Шундай қилиб, Болосоғун воқеасидан сўнгра, Гурхон ўзи ҳам кўп яшаёлмади. Давлатни сақлаш учун ўз душмани Кушлукхонга қизини бериб, уни куёв қилган бўлса ҳам, яна мақсадига етолмади. Унинг пойтахти Олмалиғ ўлкасини атрофи билан Кушлукхон эли Найман турклари бузиб, ёриб, ўлдириб, чопиб, ер билан бир текис чолдевор қилдилар. Сўнгра Кушлукхон аскари билан Уйғуристонга ўтиб, Ёркент, Xўтангача ҳукмини ўрнатган бўлса ҳам, сўнгги кунлари Чингизхон юришига тўғри келганлиқдан унинг амрибуйруғи билан ўлдирилиб, давлати шу билан тугамиш эди.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Тўқмоқдан чиққач, тўғри шарққа қараб Чимқўрғон, Буролсой, Елариқ, Тойғоқ, Майдонтол, Қувоқи орқали юриб Қорағов Қўчқорга тушдик. Бу ердан юрганимизча орада бир неча қўнолғулар (сафарда ётиб ёки дам олиб ўтадиган жойлар) босиб, Дўлан довонидан ошиб, Норин суви бўйидаги Норин шаҳрига кириб бордик. Бу эса тўрт томони улуғ тоғлар билан ўралган бир элдир. Руслар Туркистонни босиб олганларидан сўнгра, Шарқий Туркистонга кириш қасдида тайёргарлик кўриш учун, Норин суви бўйига бир қалъа бино қилмиш эдилар. Олатоу ва Тян-Шан тизма тоғларининг энг қалинлашган ўрни ва кўчманчи қирғиз туркларининг қайнаган жойи ғарби жанубий Ўзбекистон, шарқи жанубий Уйғуристон бўлганлигидан бунинг сиёсий аҳамияти ортиқдир. Бу ердан чиқиб, ораси қирқ беш чақирим чамасидаги Отбоши қишлоғига етиб, тошкентлик Туёқбойҳожи уйига меҳмон бўлиб тушдик. У киши эса Тўқмокда узун турган, ўз маҳалламиздан кетган киши эди. Бу ернинг тўрт томони эгиз тоғлар билан ўралган бўлса ҳам, даласи кенг, ўтлов яйловлари кўпдир. Улар ичида Орпа, Оқсув деган ерларнинг чўпи кучлик, қимизи ортуқ бўлишида атоғи чиқмишдир. Отбошида икки кун турганимиздан сўнгра шу ерда қўшилган Қўшмоқ ҳожим билан уч киши йўлдош бўлиб йўлга тушдик.

Олдимизда бир қўнолғулик Тошрабод чегара тўсқ овуллари қирғиз Шомирқон, рус Чудир бошлиқ бир неча аскар борлиғини билган эдик. Булар олдидан ўтишга йўлхатимиз йўқлигидан, Қўшмоқ ҳожим маслаҳатича, тўғри йўлни қолдириб, Белошув деган ўғри йўл билан кетмоқчи бўлдик. Йўлда кетаётганимизда узокда от етаклаб келаётган бир кишининг қораси кўринмиш эди. Қачонки, чўнг йўлдан у йўлга бурулдик эса, олдимиздан келаётган киши узоққан ишора билан бизни чақирди. Унинг бу чақиришидан оддий киши бўлмаса керак деб олдига бордик. Қарасак, чегара соқчилари бошлиғи қирғиз Шомирқон экан. Бизни кўриши билан: «Ҳай, сизлар қандай кишисизлар? Очиқ чўнг йўлни қўйиб, ёпиқ кичик йўлга кирасизлар? Қани бу ёққа юринглар!», деб бизни бошлаганича, йўл устидаги карвон саройга тушурди. Шу орада қаёқдандир икки уч қирғиз йигитлари билан илгарги сипоҳийлардек белига кумуш беллик, ёнига эгри қилич осган шу ерлик қирғизларнинг бошлиғи ҳам келиб, устимизга тушди. Буни кўрган Қўшмоқ ҳожимнинг кўзлари аланг жаланг бўлиб: «Ҳай аттанг, ишимиз қандай бўлар экан, сўраб қолса йўлхатимиз йўқ? Аллоҳ сақласин! Бизни қайтариб, Нориндаги жаллодларга топширса, вақт ёмон, оғир кунларга қолмагай эдик», деди.

Тўғри, бунинг деганидек у кунларда ишчи камбағаллар ҳокимияти қурилганлиқдан, арзимаган нарса баҳонаси билан ўлдириш тиргизиш ишларини, инсоннинг энг улуғ ҳуқуқларини инкор қилиб, ўнг сўлини ажрата олмаган ишчи қўшчи қўлларига топширмиш эдилар. Xалқ ичида оз кўп тушунарлик, кўзга кўринарлик, борлиқ кишилар инқилоб душманлари ҳисобланур эди. Уларча ҳақсиз деб танилган одамлар жазога тортилиши учун, у кундаги ҳокимлар олдида у бечораларнинг ўзларидан бошқа ҳеч қандай гувоҳ-исбот керак эмас эди. Мана шунинг учун унинг сўзидан менга ҳам бироз ташвиш тушган бўлса ҳам, эс топган кунимдан бошлаб, ҳар иш Аллоҳдан изнсиз бўлмайди деган ишончим борлиғидан ўзига топшириб, бу ишнинг сабабига киришдим. Шундоқки, чой қайнаши билан: «Қани, мирзалар, чой ичиб олайлик, биз бўлсак қўлингизда турибмиз», деган бўлиб, дарҳол хуржундаги ёғлиқ кулча, мойлиқ қази, мева чеваларни чиқариб дастурхонга тўқдим.

Илик узилган кўклам вақти эди. Ўзлари оч бўлса керак, бўри қўйга теккандек таомга ҳужум бошлаб ейишгани турдилар. Қонишгандан сўнгра: «Хўш, энди сўрашиб-танишайлик, қаёқдан чиқдингиз, қаёққа бормоқчисизлар?», дейишди. Мен ҳам тўғрисини сўзлаб:

«Қўлимизда ҳеч қандай қоғозимиз йўқ, ҳозирги замонни кўриб турасиз, ўзимиздан чўчиган кишилармиз, чегарадан ўтиб, Кошғарга бормоқчи бўламиз», дедим. Менинг бу сўзларимга ишониб, бошқа гумон қилмаган бўлса ҳам, отказ моллар борми хаёли билан бизга қараб: «Меҳмонлар, хафа бўлманглар, қонун бўйича хуржунларни қарашимиз керак», деб меникидан бошлаб қараган эди, қўлига китоб чиқди. Бошқаларникини ҳам кўргандай бўлиб, сўнгра айтди: «Сизлар яхши киши кўринасизлар, баримиз мусулмон боласимиз, бунинг устига қўлинглардан нон еб, туз татиб қолдик. Бизнинг бошчимиз ўрис, сизларни кўриб қолса, Норинга қайтариб ҳайдашдан тортинмайди. Эндиги бизнинг ёрдамимиз шулки, бу чўнг йўлни қўйиб, ҳалиги йўлингларга кирсанглар Белошув орқали ўтиб, чегара соқчиларидан беш чақирим юқори Тошработга тушасизлар», дейишди.

Биз учун 6у каби ғамхўрлик қилишини ундан кутмаган эдик. Бу сўзни англашимиз билан уни олқишлаган ҳолда орқага қайтиб, Қўшмоқ ҳожим бошчилиги остида йўлга тушдик. У ерда пешин номозини ўқиб отланган эдик. Икки тоғ орасидан сув бўйлаб юрганимизча уч тўрт соатлардан кейин Белошув довонига етиб келдик. Қарасак, довон ўртасида бир чақиримча ер оппоқ қор билан қопланган бўлса ҳам, нариги кун чиқар томони кўриниб турарди. Бироқ кўклам вақти келиб, қор юмшаб қолганликдан, қаерга от солсак, қулоғигача қорга кўмилиб, бир босим олға юришга йўл тополмадик. Энди бир ёкдан кечқурунги тоғ изғирин совуғи суягимиздан ўтиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, тун қоронғуси яқинлашмоқда эди.

Буни кўрган мен: «Бу йўлимиз келишмади, тун бўйи қоронғуда совуққа қолиб, бир хатарга учрамайлик, қайцак қандай бўлар?», десам, Қўшмоқҳожим: «Ҳай тақсир, ҳаммадан қайтишимиз хатарликдир, тоғ тўлган йўлтўсарлар ичидан ўтишимиз керак. Ҳар қандай бўлса ҳам орқага қайтмайлик», деб сўз талашиб, кўз жалдираши устида турган чоғимизда, довоннинг тепасидан бизга қараб келаётган бир кишининг қораси кўринди. Ҳизр кўргандай, уни интизорлик билан кутиб турдик. У киши билан кўришиб ҳолимизни айтдик. Агар йўл топиб бизни довондан ўтказиб қўяр экан, эллик сўм беришга ваъда бердик. Бу киши ўзи яёв бўлгани устига, кеч кириб тун қоронғуси тушканликдан: «Борар жойим олис эди, йўлда қийналиб қоламан», деб ижирғанган бўлса ҳам, айланиб-ўргилиб уни кўндирдик. «Қани бўлмаса туринглар!», деб бир отни етаклаганича, олдимизга тушди. «Қаёқдан йўл топар экан?», деб қараб турсак, қор устидаги эски йўлни қўйиб, тоғ бағридаги ялама музга от солган эди, оёғи тойиб юмалаганча беш ўн қулоч тубанроқда ётган қалин қорга кўмилди. Минг турлик машаққат билан уни чиқариб олгандан сўнгра, бошқароқ ердан йўл топиб баримиз саломат ўтдик. Қўлидаги таёғини санча санча эски йўл изига тушди. Бизни эргаштирганича ўзи яёв, биз отлиқ юрганимизча эсон омон довондан ошириб қўйди. Суйинганимиздан ваъдалашган ақчани ошиғи билан бериб, уни қайтардик

Тун қоронғуси босиб, юрар йўлимиз анчагина қо-ронғулашиб қолди. Довондан қутилгач бел ошиб, икки тоғ орасидаги узун ўзанга тушдик. Усти қор, муз билан қопланган бўлса ҳам, остида сув оқаётганлиги сезилиб турарди. Тун қоронғусида йўлбошчимиз йўқлигидан даҳшатга тушиб, изғирин совуққа қолиб кетаётганимизда, «йилт» этиб уч тўрт ердан ўт ёруғи кўринишга бошлади. Кўзимиз унга тушиши билан йўқолган моли олдидан чиққан кишидай баримиз қувонишиб кетаётганимизда, бирданига муз ёрилиб, белимдан сувга ботиб қолдим. Йўлдошларим ҳай-ҳайлашиб юриб, мени сувдан чиқариб олдилар. Қўнжимга сув тўлиб, эгин бошларим бутунлай ҳўл бўлган эди. Яхшиямки, қўнолғуга келиб қолган эканмиз.

Чироқ ёниб турган уй устига келиб: «Меҳмон келди, киши борми?», дейишимиз билан уч тўрт одам югиришиб чиқишди. Қарасам, ўз маҳалламиз Бешкарам саройидаги таниш савдогар йигитлар экан. Мени кўришлари билан шошилишган ҳолда ўт устига киргизиб, ҳўл кийимларимни ечиришганларидан сўнгра, пишиб турган таомларини қўйдилар. Ўз уйимизда ўтиргандек суюнишиб, Тошрабод сарой қошида тикилган кўчманчи қора уйда, ўртада осилган чўнг қозон остга ёқилган улуғ олов гир тўгарагида, турк улусидан тиниқ кўнгилли, кулар юзли, тўғри сўзли қирғиз, уйғур йигитларидан қўшма бир тўп киши бўлиб ўлтир-дик. Кун совуқ, қорнимиз оч. Ҳай, ўша куни еган тамоқнинг тотиғи, орадан 46 йил ўтибдир, ҳалигача кўнглимда сақланиб турибди. Шундай қилиб, у кечани дўст уйида ётгандай кўнгил хуши билан ўтказдик.

Эрталаб турганимизда қарасам, эскидан қолган Тошрабод деган тарихий сарой олдига қўнган эканмиз. Бунинг биринчи биноси Кошғар ҳокими Муҳаммадхон томонидан қурилмиш эди. Буниси эса, шайбонийлардан 1006 ҳижрийда вафот топган Бухоро подшоҳи машҳур Абдуллахоннинг замондошидир. Шарқий ва Ғарбий Туркистон савдо тижорат карвонларини қароқчилар ҳужумларидан сақлаш учун, ҳар икки ҳукмдор ўзаро келишиб, шу ўринда кузатувчи аскар қўймиш эдилар. Бунинг қандай натижа берганлиги маълум эмасдир. Бу ердан мен ўтган вақтда ҳеч нар-са қолмаган бўлса ҳам, олди томонидан кириш эшиги устига бир икки газлик тахта тошлар қўйилган ва ўртадаги узун йўлканинг ҳар икки ёғига солинган қирқтача келгудек гумбазли уйларнинг белгилари бўлиб, қибла томонида юз киши ётқудек меҳроблик уй, усти ўйилган катта гумбази билан турган эди. Шуларга қараганда, бу бино ўз вақтида анчагина ҳашаматли қурилиш бўлган бўлса керак.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Эртаси баримиз, ўн кишича бўлиб, Тошрабод довонидан ошиб, Чодиркўл бўйига тушдик. Бу бош оёғи кўриниб турган, айланаси ўттиз-қирқ чақирим келгудек, кичикроқ кўл экан. Йўл яқинига қараб янгидан эрий бошлаган кўл музини кесиб ўтиб, Тўрақот саройига тушдик. Бу ерда, саройчи бир уйлик уйғурдан бошқа, ҳитой ҳукумати томонидан қўйилган ҳеч киши йўқ эди. Бир кеча ётиб, эртаси Кошғар чегарасида Тўюнтепа деган жойга келганимизда йўлимиз иккига ажради. Тўғри кецак Чақмоқ қоровул ўрни бўлиб, йўл текширувчи хитойлар шу ерда турар эканлар. Шунинг учун биз уч киши бошқа йўлдошларимиз маслаҳатларича, сўл қўл томонга бурилиб, Қоратепа довонига қараб йўл ол-дик. Довон остига келганимизда, 1800 йилларда Кошғар ҳокими марҳум Ёқуббекдан қолган қоровул қўрғони ёнидан ўтишга тўғри келди. Орадан узоқ давр ўтмаганликдан қалъа бинолари ҳали кўп бузулмаган эди. Бу ҳароба кўзимга кўриниши билан икки Туркистоннинг илгариги тарихини кўнглимдан кечириб, эндиги қайғулик ҳоллари устида узоқ ўйланиб тўхталдим. Кўринг ўғуз, уйғур каби қаҳрамон турк улуси болаларини! Онгсизлик, билимсизликларидан бугунги кунда қўлоёқларига қуллик асирлик кишанлари солинган ҳолда, инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажрагандирлар. Босқинчи душманлари ҳисобига, ўз она Ватанларида туриб, қандайин хор зорлик билан ҳайвонларча эрк ихтиёрсиз, мажбурият қамчиси остида ишлаб турибдилар

Улуғ қудрат эгаси Аллоҳдек худоси бор, бутун оламга раҳмат келтирган Муҳаммад алайҳиссаломдек йўлбошчиси бор, худо қонуни бўлган Ислом динидек дини бор мусулмонларнинг бу каби хорликка қолишлари, Қуръон ҳукмига кўра мумкин эмасдир. Чунки Қуръоннинг айтишича, Ислом дини илоҳий бир қонундирким, буни тўлиғи билан амалга оширувчи мусулмонлар ҳар икки дунё давлатига, албатта, эга бўладилар. Бу сўзнинг ҳақлигига ҳеч шак йўкдир. Ислом давлатининг аввали, айниқса, ҳазрат Умар давридаги исломнинг шон шавкати бу сўзни аниқ исботлайди. Туркия султонларидан Султон Сулаймон даврида деярлик бутун Оврупо ҳукуматлари ислом подшоҳининг буйруғига бўйсунмиш эдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу умматим аввалда нима билан кўтарилган бўлса, охирида ҳам шу билан кўтарилади», дедилар. Маълумдирки, Расулуллоҳ давридан бошлаб, ислом тараққиёти давомида ислом подшоҳлари олдида, Қуръон ҳукми биринчи қўлланма бўлмиш эди.

Энди юқоридаги сўзлардан очиқ маълум бўлдики, илм-ҳунардан орқада қолиб, бошқалар оёқ остида эзилган мусулмонлар Куръон ҳукмини амалга оши-ролмай, ҳақиқий исломиятдан баҳра топмаган эканлар. Йўқ эса, Қуръон ҳукмлари, асосан, уч ишга тўхталмиш:
1. иттифоқлик;
2. замонавий илм-ҳунарни ўрганиб, ҳар ишнинг сабабларини имконият борича тўлиқлаш;
3. душман қаршисида ўлимдан қўрқмаслик.

Мана шу уч нарсага ҳаёт оламида ҳар ким эга бўлар экан, ўз Ватанларини, бутун инсоний ҳуқуқларини босқинчи душманлар ҳужумларидан, албатта, сақлай оладилар.

Афсуски, биз яқин ўтмишимизда ҳам жирканчли иттифоқсизлик сабабли ўз давлатимиздан ажрадик. 1840 йиллардан бошлаб руслар Ўрта Осиёни истило қила бошладилар. Бу ерда учта хонлик бор эди: Бухоро амирлиги, Xўқанд ва Xива хонликлари. Оврупода илм маданият тараққий қилиб, бутун инсоният оламига уйгониш ёедусини соча бошлаган бир даврда бу хонликлар хурофот ботқогига ботиб, жоҳилиятнинг ниҳоятига етган эдилар. Не қобилиятлик Ватан ўглонлари ўзларининг азиз умрларини Бухоронинг қадимги эски мадрасаларида арабий, форсий тилларни ўрганиш билангина ўтказдилар.

Форобийлар, Ибн Синолар чиққан бу улуг Ватаннинг ва миллатнинг келгуси истиқболи учун ҳеч ким қайгурмас эди. Шундай аҳволда бўлишларига қарамай, иттифоқсизлик балосининг энг юқори босқичига етганликларини кўрсатиб, душманга қарши бирлашиш ўрнига доимо ўзаро низо ва қон тўкишлар билан шугулланиб келдилар. Инқироз бўлиш олдида туришларига қарамай, илмсизлик натижасида, бунинг олдини олиш учун қўлларида бор имкониятдан ҳам фойдаланолмадилар, кераклик сабабларини қилмадилар. Ўқиш ўқитиш ишлари ўрта асрдагидан фарқи йўқ эди. Етарлик иқтисодий бойлик мавжуд бўла туриб, давлатнинг мудофаа ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Аскарий тартиб шу эски усулда бўлиб, низомий тартиб киргизилмаган ва замонавий қуроллар йўқ эди. Бундай онгсиз ҳукуматнинг инқи-роз бўлиши табиийдур. Булар Ватан ва миллат ол-дида энг кечирилмас жиноятчи одамлар, чунқи давлатларини инқирозга, миллатларини қулликка, Ватанларини хорликка олиб келдилар. Қани, Куръон ҳукмига уларнинг амал қилганликлари?


Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Шу билан Қорате-па қўрғонидан ўтгандан сўнгра довон устига қараб тирмашдик. Баъзи бир тоғларда тутаклик (cийрак, кислороди кам) ҳаво борлигини халқ оғзидан эшитган бўлсам ҳам, ўзим кўрмаган эдим. Йўлнинг қийинлиги, тоғнинг тикли-гидан от устида туролмай, ҳаммамиз отларимиздан тушиб, яёв юришга мажбур бўлдик. Бироз юрганимиздан кейин юрагимиз уриб, сувлиғимиз (томоғимиз) қисила бошлади. У тоғларда тутак борлиғидан хабаримиз бўлмагани учун тиббий томондан унинг чорасини олдинроқ кўрмаган эканмиз. Йигитлигим тўлиқ, таним соғ тутаги йўқ тоғларда такадек сакраб юрган киши эдим. Бу ерда эса бир қадам юқори босишга ҳеч қайсимизда қувват қолмаганлигидан от қуйруғига осилишиб, минг турли қийинчиликлар билан зўрға довон устига чиқдик. Қарасак, душманга қар-шилик кўрсатиш учун тоғ чўққисидаги қисиқ жойга илгари ҳам чеб (чегара, пост) боғламиш эканлар. Довон ошиб, тутакдан қутилгач, тоғ тагида кўриниб турган қирғиз Солмирза саройига келиб қўндиқ. Эртаси бу ердан отланиб, шу юрганимизча юз чақирим келгудек Оёқ, Чанақ, Азған чўлларидан ўтиб, кун бота Оғу кентининг тўшига келдик. Йўл усти бўлмагач, у жойни оралаб ўтиш бизга тўғри келмади. Бу ердан ўтиб, бир оз юрганимиздан сўнгра йироқдан қуюқ қора дарахтлар ичида кўринган Остинортиш юртининг энг бошидаги Читолча кентига кирдик. Бирига бири туташган кентларни оралаб юриб, тун ўртаси билан йўлдошимиз Қўшмоқ ҳожим уйига етдик.

Кошғар, Ёркент, Xўтан шаҳарлари ва Xитой тупроғидан Гансу ўлкаси ҳам, 95 96чи ҳижрийда халифа томонидан юборилган ислом мужоҳидларидан Қутайба ибн Муслим қўлида фатҳ бўлиб, ислом динига кирмиш эдилар. Лекин ислом дини ҳали Олтишаҳар ўлкасида бутунлай ўрнашмай туриб, ислом аскари тескари қайтишга мажбур бўлди, чунки Бағдоддаги ибн Абдул Малик халифа билан Қутайба ибн Муслим оралари бузилмиш эди. Шунинг натижасида қайтган аскар Фарғонага келгач, уруш бошланиб Андижон шаҳридан 25 чақирим кун чиқиш томондаги Сўпи қишлоқ яқинида, илгариги Фарғона маркази Xалич шаҳри олдида, ўз аскари томонидан Қутайба ибн Муслим ўлдирилади. Шу кунларда ҳам ерлик кишилар Xалични Қутайба мозори (Қилич мозори) деб атайдилар.

Расулуллоҳ томонидан Сайфуллоҳ Аллоҳ Қиличи номини кўтарган ислом қўмондонларининг энг биринчиси машҳур Ҳолид ибн Валиддан сўнгра биринчи даражали атоқлик фотиҳ Xуросон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Кошғар, Xўтан, Гансу, то Чин марказигача ислом футухотини етказган шундайин қаҳрамон қўмондон Қутайба, иттифоқсизлик шумлигидан шу каби фожиага учради. Мусо ибн Наср, Ториқ ибн Зиёд (Милодий 710 йилда бу буюк ислом қўмондонлари ўз аскарлари билан Гибралтар бўғози орқали ўтиб Испания, Португалия ва Жанубий Францияни забт этадилар. Кейинчалик бу икки қўмондон ўзаро ҳасадлашиб қолиб иттифоқлари бузилиши натижасида ғарбдаги ислом футухоти тўхтаб қолади) 6у қўмондонларнинг ҳасаддан чиққан ихтилофлари, ғарбдаги ислом футухотларига қандай тўсиқлик қилган бўлса, буларнинг ҳам ўзаро ҳасадлик ёғий бўлишлари шарқда ислом дини тарқалишига ундан ҳам ортиқроқ зарба етказган эди. Унинг натижасида марказий шаҳарларда янгидан тарқалмоқда бўлган ислом дини тўсқинликка учраб, бир икки аср орқага чекинди.

Бу орада Мовароуннаҳр ўлкасида адолатли Сомонийлар давлати қурилиб, бу муборак даврда илм маданият, исломия янгидан ривожга киришиб, бунинг соясида Форобий, Беруний, Ибн Сино каби асарлари бутун дунёга тарқалган олимлар вужудга чиқдилар. Ана шу даврда Эрондаги исломдан илгариги Қиёний подшоҳларидан Кайковуз, Xисровлар замондоши Дўкухон наслидан Сотуқ Бўғрохон Кошғар, Болосоғун ва умумий Туркистонга хон бўлмиш эди. Сомонийларга, яъни улардан Наср Сомоний давлатига чегарадош бўлганликдан, у отасидан ёширинча ислом динига киради. Сўнгра Xўтан ўлкаси атрофи билан бутун Уйғуристон халқи, бу хоннинг ҳиммати орқалик ислом динини қайтадан қабул қиладилар. Биринчи ислом очган Қутайба ибн Муслим бўлса ҳам, иккинчи ислом очиб, уни ўрнатувчи Сотуқ Бўғрохон бўлди. Тарих ҳижриянинг тахминан 380 йилларида вафот топиб Остинортишда кўмилмишдир.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, Остинортишда йўлдошимиз Қўшмоқ ҳожим уйида икки кун дам олгандан кейин Кошғар шаҳрига тушмоқчи бўлиб йўлга чиқдик. Кун иссиғи устига чанг тупроқ ичида қирқ беш чақиримча йўл юриб, шаҳар ичига кириб бордик. Бу ерлик кишилардан Тўқмоқка қатнаб турган савдогарлар кўп бўлганлигидан таниш билишларимиз кўп бўлса ҳам, улар уйига тушмасдан Ёрбоғ дарвозаси саройида бизни кутишиб турган Тўқмоқлик йўлдошларимиз устиларига тушдик.

Шу кунларда, яъни 1920 милодий йили, ички, ташқи даҳрийлар бирлашиб, чириган амир давлатинй ағдариб, Бухорони босиб олмиш эдилар. Фарғона шаҳарларининг ҳар бирида бутун қишлоқ халқлари қўзғалиб, «босмачи»лар номидаги қўзғолончилар бош кўтардилар. Натижада бегуноҳ халқ бошига қиёмат қўпмиш эди. Булардан ватанпарвар, онгли ва илғор фикрлик бойлар отилиб, чопилиб, ўликлари оҳак сувига ташланди. Қолганларнинг кўп қисми ўлимдан ортиқ қийнов турмаларида узоқ ётқизилгандан сўнгра, йироқ ерларга сургунга юборилиб, энг оғир ишларда ушланмиш эдилар. Уларнинг олди йигирма беш, энг кейини ўн йилга сургун бўлганликдан, юздан бири қайтиб келган бўлсалар ҳам, у ерда саломатликлари бузулганлиги сабабли, келган сўнггида яшовчилар сони жуда оз кўринмиш эди.

Русия тупроғидан кўтарилган фитна вулқонлари бутун мамлакат бўйлаб аланга олиб, унинг учқунлари чегара ташқарисига ҳам тушган эди. Мен шундайин оғир аҳвол, қийин кунларда чуқур фикр, катта умидлар билан Кошғарга келмиш эдим. Қарасам, бу ердаги онгсизлик, илмсизлик балоси биздан юз даража ортиқ экан. Буни кўргач, ўйлаган режам бузилиб, ўзим ҳайронликда қолдим. Бўлмаса шу кунлари, Кошғарда оят ҳадис тафсири, ҳар турли диний илм ўқитувчилари юзлаб, ўқувчилар эса неча минглаб топилур

еди. Бутун Ўзбекистон, Қирғизистон шаҳарларини қоплаган уйғур савдогарлари бу ерларда бўлиб ўтган, бўлаётган халқ устидаги даҳшатли ишларни кўзлари кўриб, ўзлари ҳам тортмиш эдилар. Минглаб эшитгандан, бир марта кўрганнинг таъсири ортиқ бўлиши керак эди.

Энди шуниси қизиқ, энг ҳайрон қолурлик ишдурки, уйғурлар қон қариндошлари ўзбеклар бошига келган шундайин улуғ офат балоларни кўра-била туриб онгсизлик, илмсизлик касофати сабабли бундан таъсирланиб қилчалик ибрат олмаган эдилар. Чунки, бу шум маслак ривожланишига икки нарса, яъни камбагаллик ва онгсизлик бўлиши, албатта, шартдур. Булар эса Русия тупрогида, айниқса Шарқий Туркистпон ва Xитойда тўлши билан топилганликдан, даҳрийлар бундан фойдаланиб, шу бузуқ маслакларини бу жойларда ривожлантира олдилар. Натижада қурол кучи билан мажбурият орқали халқ бўйнига юкланиб, шу кунгача тушуролмас огир юк бўлиб ортилиб қолди. Энди бу ерда қанча турган бўлсам, менга ҳамкор бўлгудек, келажак учун қайгурган бир кишини бўлса ҳам кўролмадим.

Онгги очилмаган, билимсиз бир миллат ўз душманлари олдида қушхонага ҳайдалаётган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир. Шунга кўра Аллоҳ таоло Қуръоннинг биринчи сурасини ўқиш, уқиш, билдириш, ёзиш калимаси билан бошламиш эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эркак аёл, ўгил қиз демай бутун умматларини илм ўқишга буюрдилар. Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир. Бу эса Куръонда худо томонидан «Ва аъидду ва лаҳум ман қувватин мастатаътум» ояти билан очиқ буюрилмишдир. Маъноси: «Душманларга қарши қўлинглардан келгунча қурол кучи тайёр қилинглар», демакдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ало иннал қуввата аррамю», деб уч қайтариб айтдилар. Яъни, «ҳушёр бўлингларким, албатта куч қувват душманга ўқ отмоқдир», дедилар.

Бундан 1380 ча йиллар илгари айтган сўзлари қандай тўгри эканлигини ҳозирги фан илми очиқ исботлаб, ўз устимизда тажриба ўтказдилар. Энди ўтмишдаги ишларимиздан ўкиниб ўлтириш ўрнига, улардан ибрат олиб, келажагимиз учун ҳозирлик кўришимиз керакдир. Чунки икки Туркистон болалари икки аждарҳо огзига ютилиш олдида турибдилар. Бундан қутулишнинг бирдан бир чораси эса замонавий илм фан билан тўлиқ қуролланиб, бунинг устига миллий ҳисларидан ажралмай ўз она тилларини жон ўрнида асрашлари лозимдир. Бу ўринда нега «миллий ҳис» дедик, «диний ҳис» демадик? Бунинг сабаби эса даҳрийлар ҳукумати қурилгандан бошлаб бутун диний мактаб ва мадрасалар йўқотилиб, кейинги таълим-тарбия ишлари динсизлик асосига қурилмиш эди. Шундан буёнги мактаб болаларимиз диний тарбия кўрмаганликдан мусулмончилик йўлларини яхши таниёлмай қолдилар. Шунга кўра Ватан болаларига диний тарбият тўсилган бўлса ҳам, энди ўз миллиятларини сақлаш учун тил тарбиятларидан сира ажрамасликлари керакдир. Чунки ҳар қандай бир миллат ўз динидан ажрагани устига ўз тилидан ҳам қуруқ қолар экан, унинг миллияти ютилиб, ҳаёти мунқариз (инқирозга учраган, инқирозли) бўлди демакдир. Бунга қараганда шу кунлардаги Чиқиш (Шарқий) ва Ботиш (Ғарбий) Туркистон болаларининг, айниқса Уйгуристоннинг келажаги шу даҳшат остига тушганлиги шубҳасиз кўз олдимизда кўриниб турибди.

Демак, ҳар икки Туркистон халқи онгсизлик, илмсизлик касофатидан шу каби қулай шароитлар бўла туриб ҳам, булардан ўз вақтида фойдаланиш йўлларини тополмадилар. Очиқ бир мақсадни ўз олдиларига шарт қилиб қўйиб, ташкилий равишда иш олиб бориш учун ҳаракат қилгудек бирорта одам йўқ эди. Ўзларининг келгуси истиқболлари учун ҳеч ким қайгурмас эди. Чунки, бу бечора халқ хурофот зулмати, жоҳилият ботқогига бутунлай ботган эди. Бунга ўша даврдаги муҳит айбдордир. К,уръоннинг «Қул ҳал яставиллазина яъламуна валлазина ла яъламун», яъни «Билганлар билан билмаганлар ҳар тўгрида тенг келолмайдилар» деган ҳикматлик сўзини, албатта, амалга ошириш керак эди.

Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқогига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа богламадилар, ўқиш ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйгониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур.


Энди бу умидсизланганим сўштида Афғонистон, Ҳиндистон чегаралари бўшлигидан фойдаланиб, у томонларга ўтишимни ўйлаган бўлсам ҳам, ёлғиз бош қайғусида бола чақалардан ажраб, суюкли Ватанимни душман қўлига ташлаб кетишни ўзимга лойиқ топмадим. Айниқса, йўлдошларим тунгонлар ичида жонфидо шогирдим Довудҳожи мендан ажрамасга шарт қилиб, қолишимга қаттиқ қаршилик кўрсатмиш эди. Бунинг устига, Вақтли Керенский ҳукумати қурилган сўнггида Фарғонага мухторият берилиб, унинг ўн икки кишидан иборат Муваққат ҳукумати таркибига поляк мусулмонларидан бўлган Оғаев исмли бир юрист ҳам аъзо сайланмиш эди. Мухторият Миллат мажлиси аъзоларидан бири эса акамиз Олимхонтўра жаноблари эди. Бу ишга тиштирноғи билан қарши туришган болшевиклар, мусулмонларнинг энг кекчил душманлари саналган арманилардан тўпланган аскарларни тўлиқ қуроллантириб, халқ устига келтирдилар. Буларнинг бошчи қўмондонлари эса турк қонига чанқаган, қоничкич Дашноқ фирқасининг аъзолари бўлганликдан Xўқанд шаҳри устида кўрсатган ваҳшийликлари ўрта аср йиртқичларидан Чингиз даҳшатларини унуттипмиш эди. Онгсиз халқ буни унутган бўлсалар ҳам, душман суққон найзаларининг зарбаларидан юраклари парчаланмиш, кўз қонлари билан кўнгил саҳифаларига даҳшатли зулм хатларини ёзмиш тарихчилар, бу каби фожиаларни ҳеч қачон унутмайдилар. Xалқ кўзини қўрқитиб, уларга даҳшат солиш учун, бир томондан, отиш чопиш бошланган бўлса, иккинчи ёқдан, ўт қўйиб, бутун шаҳар бозор расталарини куйдирмиш эдилар. Бу воқеадан беш олти йил кейин Xўқандга борганимизда бузилиб вайрон талқони чиққан кўп иморатларни, куйдирилган бозор расталари ўрнида тўдаланиб ётган ҳисобсиз култепаларни кўзимиз кўрди.

Мана шу Ҳўқанд (Туркистон) мухторият ҳукумати аъзоси Оғаев, юқорида айтганимиздек, поляк мусулмонларидан эди. Чор ҳукумати йиқилган сўнггида Полша бошлиқ бутун Болтиқбўйи миллатлари ўз ҳуқуқларига эга бўлиб, мухторият олмиш эдилар. Бунга тушуниб ҳақ талаб қилувчи ва ҳам бу ишни бошқарувчи бизнинг ўлкамизда кишилар камлигини билган мусулмон зиёлиларининг.диний ҳислари қўзғалиб, Туркистонда қардошларининг биринчи мартаба янгидан қурилаётган ёш давлатларига ёрдам етказиш учун у кишини юбормиш эдилар. Ўзи юрист бўлиб, чор ҳукуматига қарши мусулмон полякларининг миллий инқилобчиларидан эди. Ҳўқандга келиши биланоқ оз кўп тушунган кишилар буни такдирлаб, янги қурилаётган миллий мухторият ҳукумати раисининг ўринбосари сайламиш эдилар.

Бу киши бутун ишларни тартибга солиб эндигина ишга киришаётган чоғида, бало қазодек келиб болшевиклар босдилар. Қочишга улгурган кишилар қутулган бўлса ҳам, улгуролмаган аъзолардан қўлга тушган бахцизлар ҳам оз эмас эди. Ана шу биз бахцизларга ёрдам бериш учун оиласи, Ватани, балки бутун бахти тахтидан кечиб келган полшалик дин қардошимиз ерлик бахцизлар қаторида қўлга тушиб, биз учун қурбон бўлди.

Эшитишимча, буларнинг ваҳшийлик маслагидан хабари йўқ бўлиши керак. «Бутун дунё бўйлаб ҳар ердаги инсонлар ўз ҳуқуқларига эришаётган XX аср даврида ўтган ваҳшийларча отиш чопиш билангина иш олиб бормасалар керак, булар билан кўришиб сўзлашайликчи, мақсадлари нимадур? Уни билайлик», деб юристлик қилиб, ҳуқуқшунослик йўли билан бу йиртқичларга сўз ўтказмоқчи бўлиб, қўлга тушмишдир. Йўқ эса, бошқа жон қутқазган «ботир»лар каби фурсатдан фойдаланса, қочиб қутулиши мумкин эди.

Бу қаҳрамон қўлга олингандан сўнгра шундайин хорлик, зулм остида туришдан ўлимни ортиқ кўриб, очлик билдирмишки, бу каби энг сўнгги даҳшатлик чорадан инсоният оламида фойда бериши кутилур эди. Булар олдида эътиборсиз бўлганликдан ўн беш кунлаб оч қолдирилмишдур. Ақли озиб, ўлар ҳолга келганда бошқа ёққа олиб кетганлар. Ундан кейинги тақдири бизга номаълумдир. Инсонлар ҳуқуқи ҳимояси учун қурбон бўлиб, шундайин олижаноблик кўрсатган бу қардошимизга бутун инсоният томонидан ёлқинлик кўнглимдан чиқарган ташаккуримни билдирган сўнггида, унинг муқаддас руҳига абадий раҳматларимни йўллайман. Бу каби инсоният қаҳрамони, ҳақлик қурбони бўлмиш кишининг хизмати кўмилиб кетмаслиги учун, виждоним талабича бу ўринда оз бўлса ҳам ёзиб қолдиришни бурчим деб билдим.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Энди шуни билмак керакким, Куръоннинг ҳукмига, Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, ўз Ватанини бошқалар тасарруфига қолдириб, икки дунёсидан ажраб хорлик билан яшаган ёлгон мусулмонлардан илм, фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур.

Бутун Уйғуристонни қоплаган шу ўхшаш онгсизлик офатини кўргач, у ердан умидим узилиб, ночор, янгидан ўт олаётган фитна ўчоғи ичидаги ўз юртим Тўқмоққа қайтиб келдим. Қарасам соясидан қўрққан қуёндек ҳар ерда қочиб писиб юриб кун кўраётган ҳақсиз кишилар ҳам оз эмас эканлар. Шулар қаторида мен ҳам шаҳардан четроқ Шўртепа деган тунгонлар қишлоғида туриб, деҳқончилик билан кун кечирмоқчи бўлдим. Марҳум отамиз насиҳатларича имом бўлишдан сақланиб, бир икки йил ўз ишим билан шу ерда куйманиб юрдим. Лекин бу ўлкада қора саводлик ёки саводсиз масжид имомлари бўлса ҳам, динга асоси билан тушунган олимлардан бирортаси ҳам йўқ эди. Бунинг устига болшевик ҳукумати динсизлик асосига қурилганликдан худосизлар жамияти томонидан ҳар жойда динга қарши ташвиқот тарқалиб, диндорларга ҳужум бошладилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтишларича, бундай вақтда олимнинг сукут қилиб қараб туриши ўз динига хиёнат қилиши демакдир. Бундан сақланиш учун марҳум отамизнинг «Имом бўла кўрма», деган васиятларига қарамай, халқ талабини қабул қилиб, Тўқмоқ шаҳри катта масжидига имом бўлдим. Шу биринчи жумъадаёқ минбар устидан оз деганда бир минг кишига қарата ақлий нақлий далиллар келтириб, динсизликка қарши ўткир бир ваъз сўзладим. Масжид халқи бундан таъсирлангач, диллари эриб, кўзлари ёшланди. Ҳар жойда «оҳ воҳ» товушлари кўтарилиб, йиғи сиғи бошлангани турди. Албатта, бундай улуғ диний жамият мажлисларида у вақтнинг раҳмсиз жаллодлари уч ҳарфлик ГПУ куйдурги жосусларидан сўз тингловчи бир неча кишилар борлиғи маълум эди. Шундай бўлса ҳам бирор томондан бу ишга очиқ равишда тўсқинлик кўрилмагач, диний руҳ қизғинлиги билан ўз ишимда давом этиб турдим.

Шу орада 1922 йиллар Отбоши Норин қозоқ руслари (казаклар) томонидан Бондуруф (аниқроғи Бондарёв)2 қўл остида қаттиқ бир қўзғолон кўтарилмиш эди. Дарҳол буларга қарши отланса отасини аямайдиган қора туркманлардан бир бўлук (полк) қуроллик аскар келтирилди. Ёрдам олғудек таянчилари бўлмаган қўзғолончилар буларга қарши туришолмай, Кошғар томонга чекинишиб қочдилар. Буларнинг касофатига Тўқмоқ, Пишпекдаги бой савдогар ва халқ ичида кўзга кўринарлик саксон неча кишини бир кечада босиб, текшириш суриштириш йўқ, шу кечанинг ўзидаёқ қўлларини сим билан орқаларига боғлаган ҳолда шаҳар ташқарисидаги Қораёғчилик боғига олиб бориб отдилар. Бу гуноҳсиз мазлумларни ўлдириш учун қазилган чуқур четига келтирилгач, отиб чопиб ташлай берганлиқдан кўплари чалажон эди. Шу ерлик кўрган кишилар айтишларича, буларнинг устиларига жонлари чиқмай туриб тортилган тупроқ усти уч кунгача тўхтовсиз лўмиллаб (лўмбиллаб, кўтарилиб-тушиб) ётмишдир. Бу каби юраклар титраб, жонлар ачинарлик, сўзлашга тил сесканиб, ёзишга қалам жирканарлик бу маданий йиртқичларнинг қилган ваҳшийликларини ёзиб қолдиришга мажбурмиз. Чунки тарихда кўрилган ишларнинг яхши ёмони демай, кўрган билган нарсаларнинг барини қолдирмай қаламга олиш тарихчи устига юкланган муқаддас вазифа ҳисобланади. Бу эса динсиз даҳрийлар ҳокимиятининг бошланғич даврларига хирмондан бир ҳовуч, денгиздан бир чўмич каби кўрсатгичдир. Бундан мақсад қуруқ сўз достони сўқиб (сўзлаб, айтиб, ёзиб), ҳикоя-воқеа тўплами ёзиш эмас, балки асл мақсад келгуси Ватан болаларимиз бундан ибрат олиб, энди келажакда қандай яшамоқ керак эканлигини билишларидур.

Ватан Аҳлларига Деганларим

Тарихнинг айтишича, шу Ватанимиз Ўзбекистон ўлкасини шарқдан, шимолдан чиққан бало селлари қоплаб, неча мартаба ҳароб қилинганлиги маълумдир. Шунинг учун бизнинг илгари порлоқ маданиятимиз вайронликка учраб, наслларимиз ҳам табиий ўсишдан тўхталганлиги кўз олдимизда туради. Чунки бизга чегарадош Xитой халқи сўнгги ҳисоб бўйича етти юз миллионга етган ҳолда биз Туркистон халқи буларга замондош бўлсак ҳам, нега буларнинг юздан бирича бўлиб, шу кунга довур ўн миллионга ета олмадик? Бунинг сабабларини ҳар ёқлама текшириб кўрилганда турлича бўлиб чиқиши кўнгилга келади.Лекин ўтган улуг файласуфларнинг айтишларича ҳамда тарихий тажрибаларнинг кўрсатишича, қайси бир миллат ўз миллий давлатидан ажраб, унинг ҳукумати йўқолар экан, ҳукумат эгаси бўлган келгиндилар ҳисобига йил сайин насллари озайиб бориб, энг сўнггида бутунлай ютилиб кетиши тажрибада кўрилмишдур. Ўз ҳокимиятидан ажради демак инқирозга юз тутди демакдир. Шу сабаблик дунёдаги онглик, маданий миллатлар ўз ҳокимиятларини сақлаш учун неча миллионлаб қурбон беришга тайёрдирлар. Ҳолбуки, ҳар бир миллатга Иймон исломини сақлаш Куръон ҳукмича қандай фарз бўлса, шу ўхшаш ўзлигини ва ўз миллатини сақлаш ундан ҳам фарзроқдир. Чунки пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қайси бир киши ўз отасини ташлаб, бошқа бировнинг боласиман деса ёки бир миллат тили, дини, расм одати бошқача иккинчи бир миллатга ютилса, мана шундай ишга норозилик билдириб, уларга лаънат ўқидилар. Миллий ҳиссини йўқотиб, ўз миллатидан ажраш Қуръон ҳукми бўйича ҳаромдир.

Ер усти учмоҳи (жаннати) бўлгудек, жаннат каби ноз неъматлик, яйловлари кўп, оқар сувлари мўл, бог бўстонлик гўзал Ватанимиз Ўзбекистон ўлкаси атрофимиздаги очкўз ганимлар томонидан ҳар вақт ҳужум остида бўлиб турганлиги машҳур тарих китобларида ёзилмишдир. Xозирги кунимиздан 780 йилларча аввал дунёга даҳшат солган ўрта аср йиртқичлари, қуюндек қоплаган Чингиз аскарининг биринчи зарбаси биз Туркистон улусининг устига тушган эди. Ер юзи инсонлари учун яхшилик кутилган йигирманчи асрда чиққан болшевикларнинг биринчи навбатдаги огир зарбаларига яна биз Туркистон мусулмонлари учрадик. Чунки, юқорида айтилганича, бу маданият даврининг тотлиқ емишларидан фойдаланиб, дунё инсонлари ўз ҳуқуқларига бутунлай эга бўлдилар. Ва ҳам бу орқалик илм, маданият, ҳунар-саноат ер юзига тарқалиб, Африка чўлларигача кира бошлади. Бизлардан бошқа ҳар ердаги озу кўп миллатлар эса Ватан босқинчила-ридан қутулиб, ўз эрклик миллий ҳукуматларини қуриб олдилар.

Биз бўлсак, ҳақиқатда болъшевиклар ҳукумати қурилган кундан бошлаб ёлгиз миллий, диний, ватаний ҳақларимиз эмас, балки инсоний ҳуқуқларимиздан ҳам бутунлай ажраган сўнггида эрксиз ҳайвонлар қаторида ишламоққа мажбур бўлдик. Бир миллатнинг ўз^ ҳуқуқлари бутунлай ўз қўлига топширилмагач, Ўзбекистон оти қогоз устида ёзилиши билан ёки бошқаларнинг юкини кўтарган, аравасини тортган эшак отлардек бирмунча ўзбек номидаги виждонсиз, қуруқ ҳайкалларни ўз мақсадларини қўлга келтириш учун ўриндиқ устига ўлтиргизиб қўйиш билан у миллат қандай озодликка чиқдик дея олади? Балки, бундай миллатлар шу каби хиёнат пардалари остида бутун ҳиссиётларидан ажраган ҳолда ем бўлиб ютилиб, охири инқироз чуқурига юзтубан йиқилиб ҳалок бўлишлари шубҳасиздир.

Ўтмишдаги Ўзбекистон ўлкасида минг йиллар давом этган мустақил давлатимиздан 1865 йили чор Русиясининг босқинчилиги натижасида ажраган бўлсак ҳам, бошқа ишларимиз ўз қўлимизда эди. Бунинг устига Бухоро, Xива ҳукуматлари 1920 йил ўрталаригача сақланиб қолмиш эдилар. Бутун шароит қўлларида бўлатуриб, онгсизлик офати, сиёсат кўрлигидан юзларча йиллаб кутилмоқда бўлган бу каби қулай фурсатни бекорга қўлдан чиқардилар. Йўқ эса бу икки ўлка бирлашиб, унинг устига халқ бойлиги ва ер бойлиги қўшилар экан, Ватанимиз Туркистонда миллий ва маданий кучлик бир давлат қуриш қобуси келмиш эди. Бироқ бахтимизга қарши бизда мудофаа қуввати йўқлигидан ўз еримизда гариб бўлиб, ўз меросимизга эга бўлолмадик.

Энди бу ўриндаги мудофаа қуввати нимадан иборат эканлигини ўқувчиларга билдириб ўтишимиз лозим бўлади. Босқинчиларга қарши қўйилган мудофаа қуввати эрса шу ҳозирги замонавий илмфан, қурол жабдуққа эга бўлишдан бошқа нарса эмасдир. Ялиниб ёлвориб булардан шафқат марҳамат тиламак шайтондан инсоф-тавфиқ умид этмак кабидир. Шунга кўра, Ватан болалари олдимиздаги келажак кунларни эскариб, замонавий илм ўқишга чин кўнгиллари билан киришиб, ҳалол мерос ўз Ватанларини эгаллаш учун мудофаа қуввати тайёрлашга тиш тирноқлари билан ёпишсинлар.


Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Кошғар сафаридан келганим сўнггида марҳум отамиз Шокирхонтўра ҳожи насиҳатларича ёзда деҳқончилик қилиб, қишда тунгонлар аро диний хизматда умр ўтказдим. «Ҳар оқил одам ўз замонасига яхши тушуниши ва шунга қараб иш қилиши керак», деган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳи васалламнинг ҳикматлик сўзларидан илҳомлангач, замонамизда янгидан чиқа бошлаган коммунизм асосларини чуқур текшириб, ҳаммадан илгарироқ унга яхши тушундим. Бу маслак бутун дунё бўйича борлиқ динларга, айниқса ислом динига ўт билан сув, тун билан кун каби қарама қарши эканлигини аниқ билдим. Шундай бўлса ҳам чин сўзлаб, тўғри тушунишга ўрганганим учун бошланғич даврининг алдов сиёсатларини чин чоғлаб (билиб, ўйлаб, тушуниб), унга ишонмиш эдим. Шундоқки, тахминан 1921 йили Улянов Ленин тилидан тубандагилар ёзилмиш эди: «Агар Ўрта Осиё мусулмонлари ўз турмушимиз учун Қуръон ҳукми етарлидур, Қуръон раҳбарлиги остида яшовни истаймиз десалар биз буни, албатта, қабул қилишимиз керак».

Мусулмонларга ёқимлик бундай яхши сўз Ленин тилидан айтилиб, газетада босилганлигидан таъсирланиб, булар ҳақида ўйлаган фикрларим бир оз ўзгара бошлади. Шунинг учун бошқага қарамай, Тўқмоқ жомеъ масжидида ҳар жума энг ози билан минглаб халқ ичида ваъз мажлиси очиб динсизликка қарши кураш бошладим. Юқориги Ленин сўзидан фойдаланмоқчи бўлиб бошлаган бу ишимни 3 4 йил узлуксиз давом этмиш эдим. Бу ишдан кўзлаган мақсадим эса, Иброҳим халилуллоҳни куйдириш учун ёндирилган Намруднинғ улуғ оловини ўчирмоқчи бўлиб, тумшуғида сув ташиган қалдирғоч каби, илоҳий қонун деб ўзим ишонган Ислом динига кўнглимдаги садоқатимни билдириш эди. Шунга кўра кўнгилдан чиққан сўз юракка етар дегандай, маним бу диний ваъзларим халқ кўнглига тўлиқ таъсир қилаётганлигини кўргач, темир қўллиқ сиёсий идоралар мени ўзларининг ўнгланмас душмани ҳисобладилар. Ана шу кундан бошлабоқ айтган сўзларим кундан кунга текшириш остиға олинди. Охири 22 йили ГПУ (Главное политическое управление - Бош сиёсий бошқарма, чекистлар идорасининг ўша вақтдаги номи) жаллодлари томонидан қўлга олиниб, ҳозирги Қирғизистон маркази Пишпек шаҳрининг ер ости қамоқхонасида ётдим. Бу каби даҳшатлик ишни биринчи кўриб, бундайин ваҳшийлик ўринга дастлаб кирганлигимдан, 6у жойда кўп ётмаган бўлсам ҳам, бу зулм зарбасидан кўнглимнинг ички ташқи ҳиссиёти яхшигина яраланмиш эди. Юқориги Ленин томонидан айтилиб, газетада ёзилган сўзлар бари ёлғон бўлиб, алдов тузоғи эканлиги кейин билинди.

Илгари ўтган пайғамбарлардан Юсуф алайҳиссалом Фиръавн вазирининг хотини Зулайҳо бошлиқ қилинган фитналар остида бир ривоятда 7 йил, иккинчи ривоятда 12 йил зиндонда қолмиш эдилар. Сўнгра Миср подшоҳи Фиръавн кўрган тушининг таъбирини ҳеч ким чиқаролмай турганида уни Юсуф алайҳиссалом йўйиб: 7 йил тўқчилик, 7 йил очарчилик бўлишидан хабар бериб, агар вазирлик хизмати ўзига топширилар экан, бунга яхши чоралар кўриб, халқни бу балодан сақлай олишини билдирмишдир. Шу

баҳона зиндондан қутулиб чиқар чоғида эшиги устига уч оғиз сўз ёзиб қолдирмиш эди. «Бу жой тирикларнинг қабридур, душманларни суюндирур, дўстлар синалғусидур».

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу имконият борича мусулмонларни қамоқ қилмасга буюрмиш эди. Шунинг учун Ислом шариатида бу жазонинг уч йилдан ортиқ бўлишига кўпинча йўл қўйилмайдир. Чунки бундан узайиб кетар экан, инсонлар ҳар то-монлама зарарланиши, айниқса оилавий турмушлари вайронликка учраб, ҳароб бўлиши шубҳасиздир. Агар бир киши мен бу дунёда турмайман деб қасам ичган бўлиб зиндонбанд бўлса, шариат бўйича унинг қасами бузилмайди. Бу эса, зиндон ичи шариат олдида дунё еридан эмаслигини кўрсатади. Ислом қонуни ҳукмида бутун дунё давлати ноҳақ тўкилган бир кишининг қонига арзимайди. Ҳозирги динсизлар ҳокимияти олдида эса киши ўлими эшак ўлимича ҳам қадри қолмаганлигини кўриб турамиз. Ўзларича сиёсий жиноят ҳисоблаган бир оғиз сўзни амалга ошириш бу ёкда турсин, оғзидан чиқар чиқмас жавобга тортилиб, жаллодлар қўлида йўқотилган кишилар ҳисобсиздирлар.

Шундай қилиб мени қамашдан буларнинг мақсадлари қўрқитиб бошқалар каби мажбурий хизмат топшириш эди, чунки у даврда халқ кўзига кўринарли обрўйлик кишилар ҳақида шундай сиёсат қўллаб икки ёқлама фойдаланмоқчи бўлишарди. Улар деганларини қилдириб, қилмаганлар учун белгиланган оғир жазоларни амалга оширар эдилар. Шундай бўлса ҳам меҳрибон Тангри ёрдами билан бир ой тўлмай туриб, турмадан бўшаниб чиқишим билан улар ўйлаганлари-дек ўз ишимни юмшатиб, орқага чекиниш ўрнига яна ҳам қаттиқроқ киришдим. Шунга кўра дунёни босаётган бало селига тўқнашиб, 30 йилларгача динсизликка қарши ҳар вақт ташвиқот юргизиб келдим. Тажрибасизлик натижаси бўлса керак, ўз кўнглимда «ҳеч бир мусулмон дунёлик шахсий фойдаси учун охиратини бузиб ўз динига хиёнат қилмайди», деб ўйлар эканман. Кейин маълум бўлдики, бундай одамлар миллат ичида қўл билан саналғудек топилишига ҳам ишонолмай қолдим.Ҳозирги маданият оламида миллатнинг ўз хуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина богланмишдир. Шунинг учун тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хўрлик билан яшамоққа мажбурдирлар. Айниқса динсизлик оламининг маркази ҳисобланган бир давлатга чегарадош бўлган миллат, ўз ҳуқуқига эга бўлиши учун ҳам моддий, ҳам маънавий куч қувватини, яъни замонавий қурол, замонавий илмни қўлга келтиришидан бошқа чораси йўқдир.

Энди бу ўринда шу кунги Оврупо маданияти устида тўхталиб, Ватан болаларига бу ҳақда энг муҳим тушунчалар бериб ўтамиз. Шуни билишлари керакки, маданият демак нимадан иборат бўлиб, қандай бўлиши керак. Мана бу сўзнинг ҳақиқати билан жавобига ким тушунар экан, асл тузук маданиятни зиёндош, бузуқ маданиятдан ажрата олади. Агар маданият деб кўринишда ободон, ҳақиқатда ҳароб, шу динсизлар, одоб-ахлоқсизлар маданиятини айтадиган бўлсак, улуг хато қилган бўламиз. Чунки дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам етказиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқара-ётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Xаёт оламида энг улуг, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармогидир.

Маълумдирки, дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизганиб сақлайдиган беш нарсаси бордир. Биринчи жони, кейингилари дини, моли, оиласи, она Ватанидир. Мана бу беш нарсани сақлаш учун онглик инсонлар қандай жонбозлик қиладилар! Дунёнинг ҳар бир ерида тўкилган ва тўкилаётган инсон қонлари кўз олдимизда кўриниб туради. Бу фожианинг бирдан бир сабаби шу юқорида айтилган нарсадан бошқа эмасдир. Шундай бўлгач қараймиз: маданият қаерда, қайси миллатда бўлсин, шу юқорида айтилган инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чогдагина бутун халқ ҳақиқий маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳатда турмуш кечира оладилар. Бунинг натижасида инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк ихтиёри ўз қўлида сақланади. Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди. Агар маданият шу юқорида айтилганича фойдалик бўлса, Шарқ файласуфи Форобийнинг айтишича, бундай маданиятни «Маданияти Исломия» ёки «Фозила» дейдилар. Мана шундагина бутун маданий тараққиётни ёлгиз инсон фойдаси учун ишлатиш мумкиндир.

Йўқ эса, ҳозирги устимиздаги маданият каби, буни қўлланувчилар хато кетганликларидан, ёлгиз жиноятчиларни эмас, балки бутун инсон оламини ҳалокат чуқурига тушуриши шубҳасиздир. Чунки шу кунлардаги динсизлар маданиятлари таъсири остида инсонларнинг ахлоқи бутунлай бузулганликдан, моддий, маънавий бўлсин ҳар ёқлама зиён кўраётганлари кўз олдимизда туради. Булар эса ўз маслакларини бошқаларга қабул қилдириш учун халқнинг тузалиш-бузулишлари, уларнинг ҳар қандай зиён заҳматга учрашлари билан ҳисоблашмайдилар. Балки, буткул қурол кучи ишлатиб, ҳар қандай мажбури-ят остида бўлса ҳам халқни ўз йўлларига киргиза олсалар, тилакларига етган бўладилар. Маданиятнинг илм, фазл, ҳунар, саноатларини инсонлар ҳожатини чиқариш, улар фойдаси учун ишлатиш эмас, балки ўзларининг кўрларча ушлаб ёпишган бузуқ йўлларига киргизиш қуроли қиладилар. Мана бундай маданиятга бузуқлар бошлиги бир фирқапалидлар эга бўлгач, булар қўлида бутун халқ эрк ихтиёридан ажраб энг тубанги ҳайвонлар қаторида яшамоққа мажбур бўладилар. Бу каби маданиятлар оқиллар, файласуфлар олдида «Золлата, фосиқа маданият», яъни «Кўрлар, адашганлар маданияти» деб аталади.

Бунинг очиқ кўринган нусхаси шу кунлари устимизда ҳукмрон бўлиб турган болъшевиклар келтирган шармандалар маданиятидир. Чунки 50 йилдан бери мустабидлар оёги остида эзилаётган 15 ёлгон жумҳурият халқлари, айниқса Ўзбекистон мусулмонлари миллий, диний, ватаний ҳуқуқларидан бутунлай ажрадилар. Ер яратилгандан бери ота-боболаридан қолган ҳалол мерослари гулгулистон, бог бўстонлик она Ватанларидан ҳайдаб чиқарилиб, кўз олдиларида келгинди босқинчиларга бўлиб берилмоқдадир. Мана буларнинг келтирган ифлос босқинчилар маданиятларидан биз Ўзбекистон мусулмонлари олган ҳосилотимиз ҳозирча шу даражага етди. Яна келажак кунлари устимиздан қандай режалар қурилиб, нима чоралар кўраётганларини замонга тушунган Ватан аҳллари яхши билсалар керак. Энди юқоридан бошлаб шу жойга келгунча ёзган сўзларимиз хозирча маданият тараққиётдан инсонлар учун қандай фойдаланиш кераклигини ажратиш учун ҳар қандай одамга тушунарлик бўлгандир, деб ўйлаймиз.

Даҳрийлар давлатининг бошланғич даври 1918 йилдан 1925 йил орасида бутун Ўзбекистон ўлкалари бўйича «босмачи»лар отида чиққан қўзғолончилар кўпаймиш эди. Буларнинг энг машҳурлари эса Xўқанддан Эргаш; Марғилондан Мадаминбек, Шерматбек; Андижон, Ўш, Ўзган томонлардан Xолхўжа, Охунжон, Абдураззоқ; Намангандан Омон Полвон ва бошқалар эди. Буларнинг барилари қоронғи халқ ичидан чиққан қора ботирлардан бўлиб, «Ўрис кофирларни йўқотиб, Ислом очамиз», дейишдан бошқани билмас эдилар. Юқорида номлари ёзилмиш қўрбошилар қўл остиларида ёнар ўтдек ботир юракли жон фидо ўзбек йигитларидан оз деганда 10 мингдан ортиқ киши борлиги маълум эди. Афсуски, бу қаҳрамон болаларимизнинг онгларини очиб ишга солғудек, ҳар ишга ярамлик сиёсий раҳбар бўлғудек бирорта кишимизнинг йўқлигидан, ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олға қўйиб иш олиб боришолмаганликдан мамлакатимизнинг бахциз энг ботир ўғиллари ҳар ерларда душман қўллари билан отилиб чопилиб, бекорга йўқотилдилар.

Бу каби илгари кейин ўтган бутун дард ҳасрат, ғам қайғулик ишларимизнинг борлиқ сабаблари, ислом динига туб негизи билан тушунмасдан, замонавий илм ҳунарлардан қуруқ қолмишимиздир. Шунинг учун пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам «Нодонлик, тушунмаслик кўрликдан ёмонрокдир», дедилар. Қуръон ҳукмича, иймон исломни билиб олгандан кейин ҳар бир мусулмонга ўз замонаси илмини ўқиб тушуниши ва замонавий ҳунарларни ўрганиши биринчи заруратдир.

Андижон Сафари

Юқорида ёзилмиш эдики, Миллат мажлиси аъзоларидан бири акамиз Олимхонтўра бўлган Ҳўқанд (Туркистон) мухторият ҳукумати сайланмиш эди. Бу иш бошланиб 2 ой ўтар ўтмас, очиқ вагонларга тўпзамбараклар қурган ҳолда келишган болшевиклар аскарлари Ҳўқандни тўпга тутишиб, кўп ҳароб қилганликларини ҳам ёзган эдик. Албатта бундай кунлари энг оғир қўрқинчли ишлар ҳукумат аъзолари устида бўлиши ҳаммага маълумдир. Шунинг учун акамиздан очиқ бир хабар келмагач, жигарчилик экан, чидаб туролмай, жонфидо дўстларимиздан марҳум тунгон Ибилохунни йўлдош олиб, Андижон сафарига чиқдим.

У кунлари эса инқилобнинг бошланғич даври бўлғанликдан, сафар йўлларимиз ҳам анчагина қўрқинчлик эди. Шундай бўлишига қарамай сафар тоати бўлғоч Тангрига таваккал айлаб йўлга тушдик. Пишпек, Сўқулуқ, Оқсув, Қораболта, Ошмородан ўтиб, тўртинчи қўноққа Меркига етдик. Бу, Болосоғун шаҳри каби исломдан илгарикейин Туркистон тупроғида яшаган маданий ўтроқ ўғуз туркларининг шаҳри эканлиги атрофдаги ҳаробалардан очиқ билиниб турарди. Энди эса илгари ота боболаримиз ўғуз турклари яшаган она Ватанимиз ерларига боши Иссиқкўл, оёғи Ўтрордан ўтиб, Сирдарё бўйларигача ерлик халқдан кўпроқ руслар эга бўлиб ўтирибдилар. Шу билан Меркида бир қўниб, эртаси тоғ йўли билан юрмоқчи бўлиб кун юриш томондаги Тян-Шан тоғлари ичидаги Жарғард довонига қараб жўнадик. Бу ошув эса орқа Туркистон билан Фарғона водийси оралиғидаги Олатоу тоғлари ичида энг эгиз довонлардан ҳисобланади. Буни ошиб ўтгач, икки томони баланд тоғлар билан қуршалган қалин тўқайлик Сочқансой деган тор ўзанга тушдик.

Бу тоғли яйлов ерларида турк улусларидан Саяқ, Жетиган қирғизлари яшар эканлар. Эл яйловдан кўчиб қишловга тушган кунларига тўғри келганимиздан, кўч оралаб юргунча хуфтон вақтида сой ўртасига етдик. Бу ўртада йўловчилар учун белгиланган қўнолғу ўринлари йўқ экан. Кеч кириб гугум (ғира-шира, қоронғи) тушиб қош қорайгач йўлдан чеккароққа чиқиб, атрофи очиқ бир тоғ бетида ётдик. Чунки кечқурун йўл келаётқанимизда кўришган кўчманчилар кўзлари бизга тушиб, шу яқин орада қўниб қолишимизни пайқаган эдилар. Ҳар икки томони олислашган узун тизма тоғлар орасида келаётган яхши отлиқ қуролсиз икки йўлдошга бу тоғ қашқирларининг кўзлари тушгач, қизиқиб қолмасинлар деб шу кечани уйғоқлик билан ўтказмоқчи бўлдик.

Тонг оширадиган отларимизни қалмоқчасига олиштира (алмаштириб, содда-мустаҳкам) боғлаб, оёқларига чийдар (от тушови) солинган ҳолда кўз олдимизга келтириб қўйдик. Шу кеча тун қоровуллиғини ўзим олмоқчи эдим, бироқ йўлдошим Ибилохун мени қўймасдан бу хизматни ёлғиз ўзи бажармоқчи бўлди. Шундай бўлса ҳам, мен унга кўп ишонолмай, тун ярми ўтгач мени ўйғатиб ўзи ухлаши шарти билан ётдим. От устида ўн соатлаб узун йўл юриб чарчаганимдан шундай бош қўйишим билан қаттиқ уйқуга кетибман. Бир вақт уйғаниб қарасам Ибилохун данг қотиб ухлаб ётибди. Отлар иккови ҳам йўқ. «Ҳай, сенга нима бўлди?» деб қаттиқ қичқиришим билан у ҳам уйғонди. Нима қилишимизни билолмай иккаламиз ҳам бек шошқинлиққа тушдик, чунки бу ернинг ҳар икки томони ҳам яёв юришга уч-тўрт кундан кам бўлмаган, хатарлик йўл эди. Xуржун-халашларимизни кўтаришиб, озиқ овқациз бир неча кунлаб йўл юришга тўғри келар эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сафар хатарларидан сақланиш учун уйдан чиқар олдида икки ракат сафар номозини ўтаб, «Ал-ҳамду» сураси сўнггида «Оятал курсий» ёки икки марта «Қулъаузу» сурасини ўқиб, номоздан сўнгра шу дуони қилишни буюрдилар: «Аллоҳумма инни аувзу бика мин ва асоиссафари ва каобатил мунқолаби ва сувил манзари фил моли вал аҳли вал валд». Маъноси: «Эй бор худоё, сафар хатарларидан сақла! Қайтиб келишда мол, жон ёки оила ичида кўнгилсиз, ёмон ишлар устига чиқишдан асра» демакдир.

Қарасак, вақт ярим кечадан оғмиш эди. Бизларга кўзлари тушган кўчманчилар атайлаб келиб ўғирладиларми, ёки очиққан, чанқаган отлар қандайдир бўшаниб олган бўлсалар, сув товушига эргашиб, тўқай ичига тушдилармикин, деб чидаб туролмай, кўзга санчиса кўринмас қоп қора тун ичида тимирскилашиб, ҳар икковимиз от қарамоқчи бўлиб икки ёқдаги тўқай ичига кирдик. Бундай жойларда бўри, айиқ каби йиртқич ҳайвонларнинг бўлиши белгиликдур. Соқлиқ юзасидан пичоғимни қўлимга олиб, тўқай ичида туртиниб якин икки соат қидирганим сўнггида, от шарпаси билинмагач қайтиб чиқишга мажбур бўлдим. Ҳай, шу кечанинг узунлиги жонга ботди! Ҳар икковимиз зориқа ориқа телмурганимизча ўлтириб, аранг тонг отқиздик. Йўлдошим Ибилохун ўз қилмишидан хижолатга қолиб, бош кўтара олмаган бўлса ҳам, уйғурлар «Муллам, дуога зўрланг» дегандай, мен ўз одатимча дуога киришиб «Солотан тунажжийно»ни ўқиш билан тонг оттирдим. Тонг отиши билан номозимизни ўқиб олгач, яна излашга киришдик. Кун кўтарилган чоғи эди. Чуқур сой бўйидаги тўқай ичида «Ҳай, от буёқда экан!» деб йироқдан қичқирган йўлдошимнинг уни эшитилди. Шу билан бир зумда бошимиздан ғам тоғи кўтарилиб, бу каби қўрқинчлик ерларда сафар хатарларининг қайғулик, қоронғи туни қоплаган тутиқ кўнглимиз бир дамда очилди. Яхши, худо ўнглаб бошқа ҳаром қўл тегмаган экан, тездан отларимизни келтирдик, емўп егизиб қондирганимиздан сўнгра, яна йўлимизга тушдик.

Бироз вақт юрганимиздан кейин Кетмонтепа томонидан қочиб келаётган бола ақалик руслар, манзилга етгунимизча узулмай олдимиздан ўткани турдилар. Нима бўлди экан десак, Ўш атрофидан бош кўтариб чиққан Xолхўжа деган қурбоши қуроллик-қуролсиз юз чамали йигитлари билан келиб, Кетмонтепа қишлоғида тинч ётган русларни қамаб қўрқитган экан. Орада бир қўниб, эртаси Кетмонтепага етдик. Бу эса орқа Туркистон билан Фарғона тизма тоғлари орасига тушган Ора яйлов қаторида машҳур Сусамир яйловининг оёғи бўлиб, обхаcи ртача, ери кенг, сувлари мўл, келишган гўзал бир ердир. Экинчилик ишлари бек унумли бўлиб, айниқса ҳар турлик дон ўсимликлари бошқа ерларга кўра бу ерда тўлиғи билан етишади. Буғдой нонлари жуда ҳам тамлик бўлғанликдан, чет ёқадан келувчи йўловчилар бунинг олдида бошқа нарсани кўп қўмсамайдилар. Шунинг учун чор ҳукумати замонидаёқ бу жойларга қизиқиш бошланиб ерлик қирғизлар эмас, рус келгиндилари билан кераклик бари ўринлар тўлдирилмиш эди.

Шундай қилиб отушлик савдогарлардан бирининг уйига қўниб, бир кун дам олганимиздан сўнгра, бу ердан чиқиб юрганимизча Ичинсой деган узун бир ўзанга тушдик. Бош оёғи кўринмайдиган узун сой ичи тўлган писта, бодом, ёнғоқ каби қалин мевали дарахтларни оралаб юрганимизча, Норин дарёси бўйига чиқдик. У кунлари бу дарё икки қисиқ тоғ оралиғида оқаётганлигидан, тикка тоғ белидаги ёлғиз оёқ тор йўлдан отлиқ юриш анчагина хатарлик эди. Шу кунги қўнолғидан ўтгач орада яна бир қўниб, Норин сувидан Xўжа кўприги орқалик ўтиб, Учқўрғон қишлоғига кирдик. Бу эса, йўловчилар шимолий тизма тоғлардан ўтиб, Фарғона водийсига тушгач, биринчи навбатда учрайдиган қишлоқдир. Наманган, Андижон ва бошқа Фарғона шаҳарларига шу ердан тарқаладилар.

Бизнинг бу сафаримиз 1921 йили бўлганликдан «босмачи» номидаги халқ қўзғолончиларининг энг ку-чаб ётган вақти эди. Бир қишлоқда болшевиклар, иккинчисида «босмачи»лар туриб, ораларида отиш-ма-чопишмалардан чиққан милтиқ товушлари узулмас эди. Минган отларимизни кўрган кишилар: «Ҳай, қандай бўлар экан, бу ўхшаш яхши отларга кўзлари тушгақда, ҳеч қачон қутилолмайсизлар. Ориқ отларин бериб, бу отларингизни тортиб олмасалар», деб бизни ваҳимага солдилар. Шундоқ бўлса ҳам, Андижон шаҳрига етканимизча бирига бири туташишган қалин дарахтлик қишлоқлар оралаб кетдик. Кўча бошларида ўлтиришган одамлар, «Ҳали шу ёққа кетган «босмачи» беклар сизларга қаерда йўлиқишди?» деб сўрашар эди. Аллоҳ сақлаган бўлғайким, ҳеч нарса кўрмай, яхши эомонларга йўлиқмай, тўғри йўлимизда кетавердик.

Урганч қишлоғидан чиқиб, Андижонга яқинлашган сайин уруш аломатлари кўрина бошлади. Шундоқки Андижон, Наманган поездлари бутунлай тўхталган, темир йўллари бузилиб, станқиялари куйдирилган экан. Шу каби аломатлар ичида юрганимизча омон сон Андижонга етдик. Шаҳар ичига киргач қарасак, бутун кўчаларда чувалиб очилиб ётган пахта тойлари ҳисобсиз эди. Сўрасак, биз келишдан уч ўрт кун илгари Мадаминбек шаҳарга ҳужум қилиб кирганида, ҳар икки томон аскарлари пахта тойларини ўзларига қалқон қилиб отишишган эканлар. Сўнгра буларни шаҳардан чиқариш учун қалъага қамалган болшевик аскарлари томонидан отилган тўп амбаракларидан шаҳар халқи, хонадон уйлар, бозор растадўконлари анчагина зарарланмишдир.

Шу вақтларда Русия мамлакати бўйлаб бошқа жойларда ҳам болшевикларга қарши халқ кўтарилмиш эди. Ички Русияда Колчак, Врангел каби ҳарбий кишилар, Ўринбург казакларидан Дутўв, Анинковга ўхшаш генераллар бош кўтармиш эдилар. Мамлакат бўйича ҳар жойдаги қуролланган ҳарбий кучлар учун керакли бўлган нарсалар, иқтисодий ишлар вайронгарчиликка учраганлигидан, ҳожатга етарлик эмас эди. Ёқулғулар эса йўқолишга етиб, темир йўл паровозларига кўмир йўқлигидан ўтин ёқишга мажбур эдилар. Яна у кунлари Ўзбекистондаги бутун русларнинг сони ҳозирги сонидан юздан бирича ҳам келмас эди. Бунинг устига узун Дашти қипчоқ чўллап орқали орамиз ажралганлиги туфайли, ватанимиз Ўзбекистон Оврупо босқинчилари марказидан йироқ туриши; яна 6у кунга қараганда озу ўп диний, миллий ҳиссиётимизнинг борлиғи каби нарсалар у кунлари биз учун керакли бўлган бутун ишларимизни қулайлаштиришга йўл очмиш эди.Қисқаси, Ватанимиз Ўзбекистонни босқинчи қизил аскарлар қўлидан қутқазиб олиш шароити шу чогда тугилмиш эди. Улардан фойдаланиш йўлларини нега тополмадилар? Бунинг бирдан бир сабаби у кунлари халқимиз ичида сиёсат оламига тушунган, оз бўлса ҳам замонавий илм ўқиб билган кишиларимиз йўқ ҳисобида бўлишидир. Бунинг мисоли шулким, қурилиш ва бинокорлик асбоб-ускуналари агар тўлиги билан топилар экан, унга раҳбарлик қилувчи муҳандислар, тажрибалик уста шчилар бўлмаса у бинонинг қурилиши, албатта, мумкин эмасдир. Шунга ўхшаш бир миллат ўз миллий давлатини қуриб олиши учун замонасига лойиқ бутун асбоб скуналарни қўлга келтирган тақдирда ҳам, шу нарсаларни ўз ўрнида ишлата билгудек, миллий ҳиссиётлик сиёсий арбобларга, албатта, муҳтождир.

Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқаргак ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган ватан ўгилларининг қўллари билан ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдир. Энди миллий ҳиссиётларини сақлаш учун ўзларида икки нарсанинг бўлиши, албатта, шартдир. Бирови дин, иккинчиси эса ҳар миллатнинг ўзига хос она тилидур. Болшевиклар ҳокимияти қурилган кундан бошлабоқ, диний маросимларимизни асоси билан йўқотишга киришганликдан ҳозирги болаларимизнинг диний ҳиссиётлари йўқ ҳисобида қолмишдур. Бунинг устига яна ўз она тилларидан ҳам ажрар эканлар, у чогда диний ва миллий ҳиссиётлари бутунлай йўқолиб, кўп узоқламаёқ русларга ютилиб кетишлари шубҳасиздир. Бу эса ота-боболарининг суяклари билан бир қатлами кўтарилган гўзал Ўзбекистон она ватанларини босқинчиларга қолдириб, ўзлари инқироз чуқурига юз тубан йиқилган ҳолда, тарих юзидан абадий ўчирилади демакдир. Бундай одамлар шу миллат олдида энг катта жиноятчи, олчоқ одамлардир. Ўз ота оболарини унутиб, бошқаларга қўшилган бундай кишилар ҳақида пашамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом норозилик билдириб лаънат ўқидилар. Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, шаҳар ичига киргач руҳи ўчган кишиларни, кўнгилсиз куяларни оралаганча Xўтан ариқ бўйида ота маҳалламиздаги поччамиз Абдуллаҳожи уйига тушдик. У кеча ором олиб, эртасига Олимхонтўра акамиз билан кўришгандан кейин, бу ерда ҳафтаўн кунлаб туришга тўғри келди. Шу муддат ичида кўпгина кишилар билан сўзлашган бўлсам ҳам, у кунларда душманлар томонидан қўлланилаётган сиёсат сеҳрига тувалик (асоси билан, таг-туги билан, чуқур) тушунган бирорта кишини учратолмадим. Шундоққи, Масков сеҳрчилари «босмачи» номида чиққан қўзғолончиларни ҳеч кимга туйдирмай (билдирмай, сездирмай) ўзларининг энг яқин қуроллик аскарлари қаторига қўйиб, улардан фойдаланмоқда эдилар. Чунки, инсон насли ер устига тақалгандан бери ҳеч даврда кўрилмаган бузуқ, жирканчли тузумини болшевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак-ичмак озиқ-оқатларига осилиб, бирор киши уйида дон уруғидан ортиқча ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни оч ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар. Лекин бу зулмларини шаҳар ичларида қамов дов каби ҳар турлик ваҳшийликлар орқали тезда бажара олган бўлсалар ҳам, шаҳар атрофи қишлоқларда шароити тўғри келмагач, бу сиёсатни юргиза олмадилар. Чунки, бу каби боши туюқ (берк), қоронғу кўчага халқни киргизиш фақат иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир. Шунинг учун болшевиклар атрофдаги ўзларига қарши бош кўтаришган нодон душманларга остиртдан (яширинча, пинҳона) қурол етказиб туриш сиёсатини қўлладилар.

Ўлка бўйича ўн мингдан ошиқ тахминланган қўзғолончилар аскарларини бир мақсад, бир нуқтага келтириб, бир туғ остига тўплагудек ерликлар ичидан ишга ярамлик бирорта одам чиқмаганлиқдан, бу қора ботирлар нима қилишларини билмагач, ўзларини таъминлаш учун халқ бойлигини талашга киришдилар. Натижада бутун халқ борлиқ бойликларидан ажраб, қанот-қуй-руғи юлинган қарғадек оч-яланғоч, бир тишлам нонга зор бўлган ҳолда «гаҳ» деса қўлга қўнғудек бўлди. Замонга тушунмаган у қора ботирларга халқнинг нафрати ошди ва улар босмачи деган номни олди.

Буларнинг ичида бир оз бўлса ҳам замонасига тушунган, халқ олдида ҳурмати бор, ишончлиги ортган Мадаминбекни ўртадан кўтариш зарур бўлди. Қандайдирки, 6у масалани қурол кучи билан эмас, балки макр-ҳийла орқалик ҳал қилишга киришганликдан тубандаги моддаларни қабул қилган бўлиб, у билан 6итим тузмиш эдилар:

1. Фарғона мухториятини тасдиқлаш.

Шароитга қараб ўн мингдан қирқ минггача Мадаминбек қўл остида миллий аскар сақлаш ва буларнинг қурол-яроқларини марказий ҳукумат томонидан таъминлаш.

Ўқув-ўқитув ишлари ерлик ҳукумат ихтиёрида бўлиб, ўз она тилларида юргазиш.

4. Мусулмонларнинг диний ва ўзаро даъво ички ишлари бутунлай ўз қўлларида бўлиш ва шариат буйруғича амалга ошириш.

Мана шулар каби эшитишга анча фойдалик кўринган ишлар билан келишим тузилган сўнггида (1920 йиллар) Мадаминбек Тошкентга чақирилади. Унинг келиш ҳурмати учун, чет давлатдан келаётган ҳукмдорларга қилгандек, кўчалар безатилган ҳолда тантана билан қарши олиниб, катта маросим ўтказилмиш эди. Буни кўрган мусулмонларнинг руҳлари кўтарилиб, тарихий анъаналари қўзғолганликдан миллий озодлик умиди билан миллий ҳукуматларини эскармиш (есламиш, ёдига туширмиш) эдилар. Бундан фойдаланган Ватан босқинчилари ўзларининг олдиндан ўйлаб қўйган макр-ҳийлалик режаларини тезлик билан амалга ошириш сиёсатига киришди. Йўқ эса ҳар икки томон ризолигича тўхтам қилинган битим моддаларини халқаро қонун бўйича амалга оширишлари лозим эди.

Бунга қарамай бекка илтимос қилган бўлиб, Фарғонада қолган Кўршермат, Xолхўжа каби қўзғолончиларни ҳам Тошкентга келтиришни унга таклиф қилдилар. Бу ҳам «Улар менинг сўзимдан чиқмайди» деб, ишонганликдан эҳтиёт йўлини ўйламай тўғри булар олдига келмишдир. Ҳолбуки, маккорлар аллақачон ўз қўллари билан чуқурлар тайёрлаб қўймиш эдилар. Шундоқки, «Мана, сизлар ишонган Мадаминбегинглар кофирга сотилиб, ўз фойдаси учун сизларни тутиб бермоқчи бўлди. Бу ишни бажариш вазифаси унга топширилмишдир. Яқин орада келиб қолса, шунга қараб чора кўриш керак», деган ёлғон фитна сўзларни тарқатиб, у онгсиз қора ботирларни ишонтириб тургани устига, Мадаминбек ҳам келмишдир. Ҳақиқатан ҳам кўкрак кериб от чопишдан бошқа ҳеч ишни билмаган, маслаксиз қора ботирлар кўзлари унга тушиши биланоқ гапиртирмасдан «Ҳой, сен бизларни кофир болшевиклар қўлига бермоқчимисан?» — деб уни ўлдирадилар.

Бу улуғ жиноятни бажаришган сўнггида озу кўп кутилган умидлар узилиб, кўз тутилган ишлар бутунлай ўзгарди. Босқинчиларга ҳайбат кўрсатган Мадаминбекнинг қўзғолончилар қўлида ўлиши, мусулмонлар учун ҳар ҳолда фойдалик кўринган юқориги битимнинг бузилиб кетиши келажакда кутилган ерлик халқлар манфаатига қаттиқ зарба бермиш эди. Бу фожиалик воқеадан Ватан босқинчилари ўзлари тилагандек икки тарафлама фойдаланиб хиёнат мақсадларига эришдилар.

Мана шундан кейин ўлка бўйлаб тарқалган қўзғолончиларнинг қўри тугаб, жамиятлари бузилди; руҳлари тушиб, тўплари тарқашга бошлади. Ёлғиз болшевиклар эмас, балки ўз халқлари олдида ҳам ўғри — босмачи номини кўтардилар. У ишда режалари тўғри чиққач, бундан бу босқинчилар неча ёқлама фойдаланишга киришгани турдилар. Xалқни талаш-булашда, ўлдириш-куйдиришда босмачи номида чиққанлар уларнинг олдинги сафдаги қуроллик аскарлари хизматини бажардилар. Кўзлаган мақсадлари қўл келиб, режалари тўлгунчалик маҳаллий халқ устида ўтказиш лозим бўлган ҳар турлик ваҳшийликларни нодон босмачилар қўли билан бажариш сиёсатини тутдилар. Уларнинг қуроллари эса булар томондан таъминланиб турмоқда эди. Иш ортини ўйламаган, дўст-душманнинг кимлигини билмаган бир тўда ясама ваҳшийлар орқалик ўйлаган режалари тўлиб, кўзлаган ишлари бажарилиб бўлгунча бутун кўпчилик халқ жонларидан тўйиб, қанот-қуйруғи юлинган, тумшуғи билан ер тирнаган қуш каби нима деса бўйинсунишга тайёр бўлган эди.

Маккор, ҳийлагар Масков сеҳрчиларининг тубги (асл) тутган сиёсатлари эса бутун ерлик халқларни, юқорида айтилгандек, ўз қўллари билан бўғизлаш, иқтисодий бўлгунликка (инқироз) тайёрлаш эди. Телба, мажнунлар қўлларига қурол ушлатиб, шу орқали ишлари бажа-рилиб, режалари тўлган сўнггидагина иблис Калинин (КПСС ва совет давлати арбобларидан, болаларга қарши дунёда биринчи чиқарилган ваҳшиёна «Уч бошоқ қонуни»нинг бош муаллифи сифатида ҳам «машҳур») 1925 йили Масковдан келди. Бунинг келишини, ҳар ёқлама исканжа азоби остига олиниб, энг охирги да-мини аранг олаётган бечора мусулмонлар ўзлари учун нажот байрами ҳисоблаб, тантана билан уни қарши олдилар. Ҳақиқатда эса, бу жаллодларнинг мақсади бўри оғзидан қутқариб олиб, ўзларига қурбон қилиш эди. Ҳарҳолда босмачилик плани тўлиб, бу ҳакдаги сиёсат ўзгарганликдан Калинин ва унинг ҳайъатлари келиши билан ҳар жойда қурилган зулм-судлари ишга киришиб, бутун босмачиларни ўлимга буюрдилар. Шу баҳона билан ўзларига тўғри келмаган кўп ерлик, ўз Ватани учун қайғурган кишилар отилиб-чопилиб, қолганлари сургун қилинди. «Душман қўли билан илон бошини янч» деган мақолимиз ўз устимизда ишлатилиб, ўз қўлимиз билан ўзимизни бўғизлатдилар. Шундай бўлиб, 6 — 7 йил давом этган қўзғолончилар ҳара-кати онгли равишда илмий-сиёсий асосга қурилмаганликдан охири ачинарлик ҳолга айланиб, бутун ишлари натижасиз бўлиб чиқди. Йўқ эса, қанча халқимиз қонлари ўринсиз тўкилгани устига не қаҳрамон йигитларимиз, Ватан ўғлонлари бу йўлда қурбон бўлмас эдилар.

Эшитишимча, Калинин 1922-1925 йиллари бу Ўзбекистон-Туркистон ўлкасида ўзлари тилагандай бажарилган бутун ишларни якунлаб Масковга қайтиб боргач, уни йигирма мингдан ортиқ одам қарши олиб, кутиб чиқмишдир. Шу чоғда уларга қаратиб Калининнинг биринчи айтган сўзи: «Ўртоқлар! Боғ-бўстонга ўралган, ноз-неъматга тўлган Ўзбекистондан партиямиз сизлар учун, бутун рус халқи учун олий жойлар тайёрлади. Биринчи сизларни шу билан табриклайман», — демишдир. Ҳозирги тарихдан қирқ неча йиллар илгари айтилган унинг бу совуқ сўзи айтилганча қолмай, балки кун сайин амалга ошаётганликдан, у кунларда 10% га етмаган русларнинг сони шу кунларда тездан ошиб бораётгани кўз олдимизда турибди.Энди бошдан-оёқ бу каби фожиалик тарихий сўзларни ёзишимдан кўзлаган менинг тубги мақсадим эса қуруқ достончилик эмас, балки бутун инсоний ҳуқуқларидан маҳрум этилган, ўз Ватанида туриб гариб бўлган Туркистон халқини, айниқса, ҳозирги ва келажакдаги Ватан ёшларини огоҳлантириб, ўлим уйқусидан уйготишдир. Кўнглимдаги мунглик қайгуларимни қалам тумшугидан тўкиб ёзган бу китобимни ўқувчи ва ҳам эшитувчи ватанпарвар, миллацевар қаҳрамон болаларимизга менинг топширигим шулки, тилим учидан эмас, дардлик дилим ичидан чиқариб ёзган ёлқинлик сўзларимни фақат уқибгина ўтмасдан ҳар бир отз сўзини текшириб1, унинг устида фикр юрицинлар. Инсоният тараққиёти эмас, маданият тараққиёти бўлмиш XX асримиздаги инсонлар миллий, ватаний, диний ҳуқуқларини сақлаш учун қайси нарсаларни қўлга келтириши зарур эканлигини яхши тушуниб, унинг чорасига киришсинлар.

Хақиқатда эса, эрклик Ватан ҳокимияти ўз қўлимизда бўлмагач, бошқалар фойдасига бутун ҳуқуқларимиз оёқ остига тушиб депсалмоқда. Лекин ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари ҳозирги кунда инсон олами юзига бутунлай очиқдур. Шу сабабдан тушунган Ватан ўглон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдур. Чунки, «Иш — билганники, қилич — урганники» деган ҳикматли оталар сўзини амалга оширар эканлар, албатта, Ватан аҳллари, айниқса, замонавий ўқишиб етишган ўгил-қизларимиз ўз ишларини бажариб, муносиб ўринларига эга бўла оладилар.

Агар қўлида шароит бўла туриб, бир қонуний мамлакатда ўз қонуний ҳаққига эга бўлолмаганлар кишилик шарафидан ажраган, инсоният ҳаққини танимаган, одам суратлик ҳайвонлардир. Чунки шароити топилса ҳам, ўз ҳаққига етолмаслик эса ожизлик устига ишга ярамаслик демакдир. Бундай одамларни ўтган донишмандлар мисол келтириб, огзидаги нонини итга олдирган, қўл-оёги сог, қуроллик кишига ўхшатадилар.

Мана шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тубандаги уч нарсадан бек сақланишга буюрмишдир:

Ожизлик,

Қўрқоқлик,

Дангасалик-ҳўринлик.

Шароити бўла туриб, ўз ҳаққига эга бўла олмаган кишини арабчада «ожиз» дейилади.

Киши нима нарсадан қўрқса, шу нарса қўрқувчи бошига бало бўлиб, анинг олдида маглубиятга учрайди. Кўрқоқлар кўп яхшиликлардан қуруқ қоладилар.

Дангасалик-ҳўринлик — бу эса ишчанликка қарши бўлиб, ҳаёт оламида инсонлар учун энг зиёнлик ёмон сифатлардандир. Шунинг учун пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тани сог бекорчи, дангаса одамлардан Xудо безор», — дедилар. Яна пайғамбаримиз айтишларича, ҳар бир ақли бор одамлар ўз ҳолатларини текшириб туришлари, ўз замонасига тўлиқ, яхши тушунишлари, албатта, лозимдир.

Биз, Ўзбекистон халқи, ҳақиқатда шу ватан аҳлларимиз. Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота-боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар, шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Ўзбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Демак, бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон — Туркистон бизнинг ўз она ватанимиздир.

Энди юқоридаги сўзга кўра биз ўзбеклар шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, тақдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғи-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз, боз устига мол-дунёмиз, ахлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк-ихтиёримизни мажбурий равишда қўлимиздан кимлар тортиб олди?

Ўзбекистон, айниқса Қиргизистон, Қозогистон ўлкаларида ўз аҳлларидан неча баробар босқинчилар кўпайиб, бутун ерларимиз руслаштирилди. Бошқаларга кўз бўёв учун қогоз устида «Ўзбекистон», «Фалонистон» деган номлар бериб, иш устида Масков томонидан тайинланган бир қанча Ватан хоинлари, амалпараст, виждонсиз, маслаксиз одамларни ерлик халқлар номидан қўйган бўлиб, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ишларни ўз қўлларида тутмоқдалар. Xалқимиз ўз меҳнатлари билан топган иқтисодий бойликларни ва Ватанимиздаги табиий бойликларни уяцизликларча таламоқда.

Хрзир йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида бутун дунё бўйича мустамлакачилик даври йўқолиш олдида туришига қарамай, биз Туркистон халқи совет босқинчиларининг ажойиб бир мустамлакачилик даврида турибмиз, ҳатто халқимиз руслаштирилиб, йўқолиб кетиш хавфи бор. Бизлар бутун ҳуқуқларимиздан ажраган ҳолда, бог-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимиз, ота мероси ҳалол молларимиз кўз олдимизда, бақрайтиб туриб, босқинчи душманларимизга бўлиб берилмоқдадир. Унумлик Ватанларидан неча миллион тонналаб «оқ олтин» — пахта чиқариб бераётган бахциз деҳқонларимизнинг хўжаликлари бўлгунликка тушиб, шу кунлари қандай огирчиликлар билан кун кечирадилар.

Ўз эли, ўз ерида гариб бўлган бу бечораларга гамхўрлик қилувчилар, буларни қайгуриб эскарувчилар борми? Бу уяцизлар «Итингни оч сақла, ор тингдан эргашсин», деган мақолни тилга келтирмасалар ҳам амалга оширдилар. Ҳақиқатда Ватан қадрини билмаган ҳозирги (1960 йиллардаги) Ўзбекистон ҳукумати бошлиглари каби бир неча мансабпараст, очкўз кишиларни орқага эргаштириб, шулар орқали ўз мақсадларини бажармоқдалар. Зилзила баҳонаси билан (1966 йил 26 апрел Тошкент зилзиласи) бизга ёрдам етказмоқчи бўлиб сел каби қоплаб келаётган босқинчилар кимлар ҳисобига яйрашиб, кимларнинг Ватанига эга бўлдилар? Ерлик халқларни шаҳардан четга ҳайдаб, буларнинг жойларига неча қаватлаган иморатлар солиниб, бу иморатларга бутунлай русзабонларни кўчириб келдилар. Уйидан ажраган бечора ерлик халқ ёш болалари билан кўчаларда дийдираб юриб, арангина бир ошёна солиш имконига эга бўлдилар.

Мана бу фожиаларга умумий Ватан аҳллари — ўзбек халқимиз, айниқса янги ҳаёт эгалари, замонавий ўқимишлик Ватан болаларимиз, сиёсацҳунос ватанпарвар, замонавий буюк олимларимиз аҳамият бериб қаттиқ қайгуришлари, албатта, лозимдир. Чунки бир миллатнинг Ватанига тушган офатлар эса у миллатнинг жасадларига ёпишган вабо микроблари кабидир. Агар унга қарши чора кўрилмас экан, кўп узоқламаёқ ҳаёт оламидан оти ўчирилиб, у миллат туб томири билан юлиниб ташланади. Ҳозирда эса бизга қарши қўйилган босқинчилар кучи бошлангич даврга қараганда юз баробар ошганликдан, биз Ватан аҳллари улар олдида тог остида қолган чигирткачалик ҳам кучга эга эмасдурмиз.

Лекин бунга қарши тогларни агдаргудек кучга эга бўлган уларнинг душманлари эса пайт пойлаб қаршиларида қараб турибдилар. Энди бизга буларнинг темир чангалларидан қутулиш учун замонавий илм-ҳунарларни қўлга келтириб, вақт кутиб тайёргарлик кўришдан бошқа чора мумкин эмасдир.

Байт:

Сабр қил, боглар замон душман қўлин орқасига,
Вақтин ўтказма ўшанда, душманни ур бошига.

Чунки бир давлатнинг қурилиши учун мисоли бир завод биносининг қурилиши каби шунга етарлик ҳар хил асбоб-ускуналар тайёрлаш, албатта, лозимдир. Унга кераклик яроқ жабдуқлар, қурувчи уста ишчилар, бошқарувчи ўткир кўзлик муҳандислар ҳозирланган сўнггида вақти етиб шароити келар экан, давлат биноси шаксиз қурилади демакдир. Энди бу мақсадни қўлга келтиришга замонавий илм-ҳунарни тўлиқ равишда ўзлаштириб, тарихий анъаналаримиздан ажрамасдан диний руҳимиз, миллий ҳиссимизни қўлдан бермаслигимиз энг биринчи шартдир.

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Акамиз бошлиқ қариндош-уруғлар билан кўришиб, замона аҳволи билан танишганимиздан сўнгра, ўз жойимиз Болосоғун-Тўқмоқ шаҳрига қайтмоқчи бўлдик. Келган йўлимиз тоғ сафарининг хатарларидан сақланиб, поезд билан Тошкент орқали кетмоқчи бўлсак ҳам, у кунлардаги тартибсизликлар сабабли бир ҳафта, ўн кунлаб поезд билети ололмай юрган кишиларни кўргач, яна тоғ йўли билан қайтишга тўхталдик. Қайтиш кунларимизда босмачилар жойлашган қишлоқларни оралаб ўтишга тўғри келганликдан отларимиздан ажралиб қолиш қўрқуви бўлса ҳам, хатарли жойлардан саломат ўтиб, тоғ ичига кирдик. Кетман довонидан ўтиб, йўл ўрталаниб қолгач, қарасак, босмачилар сабабли ўткинчиларни текшириш учун йўл бўйига соқчи аскарлар қўйилмиш экан. Уларга учрашишлик ҳам, учрашмаслик ҳам хатардан холи бўлмаганликдан, душман юзини кўрмасликни ортиқроқ кўриб, йўл чалғитиб қутулиб кетдик. Улар бизни қандай қилиб кўзларидан йўқотиб қўйганликларини ўзлари ҳам билмай қолдилар. Улар кўзидан узаб олгач, ўйқирлик далалари кўп тоғ орасидан тизгин тортмай чопганимизча, кенг бир текис яйловга чикдик.

Тун қоронғуси эмас, тўлиқ ойдин кечаси бўлганликдан, йирокдан бизга қарши келаётган бир тўп отлиқ кишиларнинг қораси кўринди. Олдимда от тосқоғи (елиши) билан кетаётган йўлдошим Ибилохун қандай қиламиз дегандай қилчайиб (безовталаниб) менга қарай бергач: «Шу юришингни бузма, йўлдан чиқмай, шу чопғанингча юрабер», дедим. Орамиз бир-икки чақиримча қолган эдиким, биз тортинмай тўғри келаётганимиздан чўчишган бўлишлари керак, тўғри йўлдан тоғ томонга бурилишиб, кўзимиздан ғойиб бўлдилар. Буларнинг биздан қочқанига қараганда, улар Қирғизистондан Ўзбекистонга ёширинча қатновчи савдогарлар деб ўйладик. Шу билан орада бир қўниб, Қалмоқошув орқали Мерки шаҳрига тушиб, ундан уч қўниб Тўқмоққа етдик. Бу сафаримизнинг бориш-келиши яқин бир ой чамали бўлмиш эди.

Қоракўл Шаҳри

Шу билан Тўқмоққа келиб минг турли ташвишлар орқали бирор йил ўткариб эдим, шу орада ўнтача шогирдларини эргаштирган ҳолда машҳур Лўлиқори лақаблик Рўзиқори домла бизникига меҳмон бўлиб Андижондан келиб қолди. Бу киши биз билан Бухорода бир пир, бир устоз бўлғонликдан, энг ҳурматлик саналган азиз меҳмонимиз эди. Имконият борича беш-ўн кунлаб меҳмоннавозлик хизматимизни бажо келтирдик. Қарасам, бу ернинг об-ҳавоси мижозларига тўғри келиб қолди. Асли мақсадлари эса Қоракўл (Ҳозирги Қирғизистон шаҳри) орқали Ёркентга, у ердан Ғулжага ўтмоқчи эканлар. Йўлбошчилари у томондан хабар келтургунча шу ерда турмоқчи бўлдилар. Дарҳол ўз истакларича, Тўқмоқдан ўн икки чақиримлик тоғ ичидаги Бектошота мозо-рига чиқариб қўйдим.

Бектошота — ҳозирги тарихдан 900 йил илгари ўтган Туркистон ҳоқонларидан Жамбулдаги Авлиёота лақаблик Қорахон подшоҳ билан замондошдир. Бектошота у кишининг лақаблари бўлиб, номлари эса Абдулазиз бободир. Меҳмонларимиз бу мозорга чиқарилгач, ихлослик мусулмонлар булар учун ҳар тўғрида ёрдамларини аямадилар. Орада 30 — 40 кун ўтгандан кейин буларни Ғулжа томонга кузатиб қўйдик.

Шу кунлар даҳрийлар давлатининг бошланғич даври бўлганлиқдан ГПУ жаллодларининг даҳшатли ҳара-катлари авж олмиш эди. Булар кетиб 5 — 10 кун ўтар-ўтмас мени Пишпекка чақириб сўроқка олғандин сўнгра қамоққа буюрдилар. Кетганлар устидан неча қайта сўроқ ўтказиб илинтира олмагач, уч ой чамалиқ қамоқда ётиб, яна бўшаниб чиқдим. Бу эса тўртинчи йўл қамалишим эди.

Шу сабабли сафар тараддудини кўриб, Тўқмоқдан 250 чақирим чамали шарқ томондаги Қоракўл шаҳрига бормоқчи бўлиб, йўлга чиқдим. Тўқмоқда турган отушлик Абдураҳмон туячи сафар йўлдошим бўлди. Уйдан чиққач, орада бир қўниб Иссиқкўлга етдик. У кунлари энг кўнгилли, манзарали бўлган кўлни бўйлаб юрганимизча Тўқмоқдан чиқиб бешинчи қўналғуда шаҳарда бўлдик. Қоракўл шаҳрининг қурилган ўрни гўзал манзарали, кўркли бўлиб бир ёғи кўм-кўк шишадек кўкариб турган кўл қўлтиғига, иккинчи томони, тўғри кўчалар бўлиб, чўзилғанича ям-яшил қарағайли тоққа бориб туташган эди. Биз борган кунлари май ойига тўғри келганликдан ҳаво очиғида кўл кўкдай кўриниб, дала, тоғ-тошлари ям-яшил бўлиб кўзга ташланур эди. Шаҳарга киргач, марҳум отамиз қадрдонларидан отушлик Рўзиохун ҳожим уйига тушдик.

Қоракўл шаҳри неча томондан тарихий аҳамиятга эга бўлган бир ер устига қурилмишдир. Биринчидан, бу жойларни бутун тарихий китобларда Туркистон бешиги, турк отаси Ўғузхон пойтахти деб атайдилар. Иккинчидан, исломдан илгари маданиятли ўғуз турклари бўлган Эдиқут элининг тупки ватанлари бўлиб, Болосоғун эса турк ҳоқонларининг пойтахти эди. Учинчидан, Мовароуннаҳр (Турон) мамлакатларида мўғуллар ҳокимияти Темур султон томонидан зарбага учрагач, Тўғлуқ Темирхон ўғли Илёсхўжа қўшинини тақамиш қилиб юз минг аскар билан келаётган Амир Темур Иссиқкўл бўйлаб Қоракўл, Қорқора, Текас, Кўксув, Ўғуз орқали ўтиб, чўнг Юлдузга тушмиш эди.

У ердаги мўғул қолдиқлари ҳам енгилгач, Илёсхўжа ўғли Ўғлонхон ўз аскари билан Олтой орқали Қорақурум Монғулияга қочмишдир. Булар ортидан Мирзо Улуғбек бобоси Темур султон буйруғи билан

ўн минг отлиқ аскар олиб қувган бўлса ҳам, қочқинларга етолмай, Эртиш сувидан қувиб ўтказиб ортга қайтмиш эди. Сўнгра Улуғбекга етарлик аскар қўшиб Муздовон орқали Олтишаҳарга ўтиш, у ерлардаги мўғуллар ҳокимиятини битиргач, Кошғар орқали Андижонга боришни буюрди. Ўзи бўлса бор лашкари билан ғолибият зафар байроғини кўтарганича Юлдуздан қайтиб Тоёшув, Доғут, Кунас орқали Тўғлуқ Темирхон пойтахти Олмалиғга, ҳозирги Қўрғосга кирди. Бу ердаги хон хазиналаридан қолдиқларини сипириб олгандан сўнгра, ҳоқон оиласига эга бўлиб, хон қизини ўзига никоҳга олгач, мўғуллар уни кўрагон (куёв) деб атадилар. Ўз расмларича улуғлаб, хон қизи тароғини юз мўғул, сирғасини яна юз мўғул олтин қутиларга солишиб бошларида кўтаришганларича Самарқандга келтирдилар. Шулар уруғидан Тарамочи, Сирғали номида икки қабила ўзбеклашиб, Самарқанд, Шаҳрисабз атрофида ҳозирги кунга довур яшаб кел-моқдалар. Темур султон шу сафарида мўғулларга энг сўнгги қаҳшатқич зарба бериб, Турон-Туркистон элидан уларнинг ҳокимиятини туб-томири билан юлиб ташламишдир. Чингизийлар давлатининг сўнгги ҳоқони Тўғлуқ Темирхоннинг Самарқандга келтирилган хазинаси ичида яшил тошдан ясалган бирови кўк, иккинчиси ок тусли каттароқ тахт тошлари ҳам бор эди. Самарқандда «Хитойдан келган кўктош» деган халқ оғзидаги сўз асли шундан чиққан бўлиши керак. Кўрганлардан эшитишимизча, бу тошларнинг тўрт пучмоғида коса оғзидек тўрт ўйиғи бор экан.

Туркистон халқи ўзларига бир кишини хон кўтармоқчи бўлсалар, расм одатларича шу ўйиқларга тилла тўлдириб қўяр эканлар. Сўнгра, юз киши сиғиб ўлтурғудек, катта бир оқ кийгиз устига хон бўлмиш кишини ўлтирғизиб, тўқсон икки бовли (унвонли) ўзбек-турк уруғидан келган тўқсон икки улус беклари кўтаришиб, тахт тоши устига қўяр эканлар. Палончини хон кўтардик деган сўз асли шундан чиқмишдир. Бу эса бутун халқ унинг хонлигига розилик билдириб, унга берган баятлари ўрнида қўлланиб келинган турк тузукларининг бирисидир. Шунда тахт тоши пучмоғларидаги уймаланган тиллани атрофдан келган улус вакиллари беклар бўлишиб олур эканлар. Мана, маданият ваҳшийлари Ватанимизга қадам қўймасдан илгари, Турон аҳлининг хон сайлаш усуллари шу асосга қурилмиш эди. Бунга кўра бутун халқ розилигини олиш бу ишда шарт қилинганлиги билинади. Ҳақиқий сайлов шундай, халқ розилиги билан бўлиши керакдир. Йўқ эса ўзларини халқ ҳукумати атаган маданият ваҳшийлари кўзбўёв, ёлғон сайловларини эллик йиллардан бери кино кўрсатгандек қилиб ўтказмокдалар, лекин қоғозни бир тешикдан олиб иккинчисига ташлашдан бошқани ҳеч ким билмайди ва ҳам билиш ҳақига эга эмасдир.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, Қоракўл шаҳрида бир ой чамали турдим, бу ердаги мусулмонларнинг кўпчилиги уйғурлар бўлиб, қолғанлари ўзбек, нўғой, тунгон ва сарт қалмоқ (мўғул мусулмонлари) эдилар. Борган кунимдан бошлаб, кеча-кундиз демай халқ боса бошлади. У кунлари мусул-монлар менинг олдимга киришиб диний масалалар, ахлоқий ваъз-насиҳат англашга ортиқ қизиқар эдилар. Биринчи жумъа Нўғой катта масжидида, иккинчи жумъа тунгон жомеъсида оят, ҳадислардан маънилар баён қилиб, иймон-ислом асосларини тушунтирдим. Дардлик кўнглимдан чиққан руҳоний ваъзлар сўзлаганимда, масжид тўла неча минглаган мусулмонлардан чиққан йиғи зори товушлари билан жомеъ би-нолари ларзага келмиш эди. Бу каби руҳий томондан лаззатланиб, ботиний сезгуларининг қўзғолиш хусусиятлари кўпинча диний ваъз мажлисларидагина кўринади.

«Одам ўғлининг яхшилари фаришталардан ҳам ортикдир», — деб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ ўтган барча яловчи пайғамбарлар бу сўзнинг чинлигига тўнуқлик (гувоҳлик) берадилар. Уларнинг ёвуз-ёмонлари эса, йиртқичларни йўлда қолдириб, шайтонларга дарс беради. Ҳозирги бизнинг давримизда (1967 йил) Ғарбий, Шарқий Туркистон босқинчиларининг қилаётган чексиз зулмлари эса, бунинг жонлик гувоҳидир. Инсон яратилгандан бери икки Туркистон мусулмонлари учун бу каби зиёни туганмас, зарбаси узулмас узун офат қизил бало ҳеч вақт, ҳеч қачон кўрилмагандир. Негаким, дунё борлиғидан бери худосиз-динсизлар қўлига қурол ўтиб, ҳокимият устига минмаган эдилар. Бу йиртқичлар инсонларни ёлғизгина диний, ватаний, шахсий ҳуқуқларидан эмас, балки инсоний ҳақларидан ҳам бутунлай ажратиб, ҳайвонлар қаторида ишлатмоқдадир.

Асримиз бошида чиққан сиёсий фирқалар ичида коммунизм каби ақлдан йироқ, хаёлий бир маслак аҳли бўлган эмас. Мана шу хаёлий маслак эгалари 50 йилдан бери ақлдан ташқари тузумларини қурол кучи билан халқ устида юргизиб келадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан қиёмат аломати сўралмиш эди: «Унда ҳаромзоданинг ўғли ҳаромзодалар ҳукумат эгаси бўлиб, халқ устида зулм ҳукмини юрғизади», дедилар. Ҳозирда эса, нақд шу кунлар устида турибмиз. Энди бу фирқадан қандай яхшилик умиди бўлурким, буларнинг асосий тузумлари худосизлик, динсизликка, ўзларидан бошқа ҳеч нарсага ишонмасликка қурилган бўлса. Чунки, динсизлик ҳар бир ёмонликка йўл очади, инсонни инсонлик сифатида тутиб турадиган, ҳар бир яхшиликка бошлайдиган нарса диндур.

Қоракўл шаҳрида қанча турган бўлсам ҳам, уйқи вақтларидан бошқа чоғлари келим-кетимдан бўшанолмадим. Шундай бўлса ҳам вақт топиб, машҳур швед сайёҳи Ванхидиннинг «Такламакон» асарини ва «Тибет» саёҳатнома китобларини ўқиб чиқдим, улардин кўп фойдаландим. Ўзгариш олдида таланга учраган Қоракўл кутубхонаси татарча, усмонли туркчадан таржима қилинган нодир асарлар кўплиги билан машҳур эди. Инқилоб бошланган даврда қонунсиз қора куч, нодон одамлар ҳокимияти қурилганликдан шаҳарлардаги кутубхоналар ва бошқа маданий асарларнинг кўплари зои бўлмишдир.

Ўрта аср ваҳшийлари — мўғул аскарлари ўз вақтида ислом маркази бўлган Бағдод шаҳрига босиб кирганларида, улар наздида ўлжага арзимас, ғоят қимматбаҳо, нафис, нодир китоблар Дажла дарёсига тушганликдан, олти ойлаб дарё суви қорайиб оққанлиги тарихларда ёзилмишдир. Ундан ҳам жирканчли ишларга йигирманчи асрда маданий йиртқичлар ҳокимияти даврида йўл қўйилганликдан, анчагина тарихий асарларимизни, халқ қўлида сақланиб ётган қимматбаҳо, нодир қўлёзма китобларимизни эгалари қўрққанларидан ўтта ёқтириб, сувга оқизишга мажбур бўлмиш эдилар. Ёлғиз ўзимнинг Тўқмоқ, Сўқулукдаги бирор арава келгудек ҳар турли китобларим эса, шу кўмилганича чириб ер остида қолмишдир. Бу каби фожиалар ёлғиз чет ўлкалардагина эмас, балки ҳукумат маркази Петроград кутубхоналарида ҳам бўлмиш эди. Шундоққи, бутун ислом олами кўз тиккан, 1300 йилдан ортиқ тарихий шарафга эга бўлган Мушаф Усмоний, яъни ҳазрат Усмон устида шаҳодат топган Қуръон, шу кутубхонада сақланиб келар эди. Оти мусулмон бир неча гумроҳлар томонидан унинг анчагина варақлари олинмишдир. Марҳум Татаристон муфтийси ҳазрати Ризафаҳрий бошлиқ Мусоҳазрат ва бошқа олимлар бу фожиадан хабар топгач, дарҳол чорасига киришиб, бу улуғ тарихий Қуръон шу кунга давр сақланиб қолинишига сабабчи бўлдилар. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! Ҳозирда эса бу Қуръон Тошкент музейхонасида сақланиб, четдан келган саёҳатчиларга, айниқса мусулмонлар учун бек ҳурматли нодир эсталик ҳисобланади.

Шундай қилиб, Қоракўл шаҳрида бир ой қирқ кун чамали турғаним сўнггида, у ердан қайтиб Тўқмоққа келдим ва яна бир воқеа устидан чиқдим. Шундоқки, ҳозирги кунларда Арабистонда туришган Олтинхон, Мубашширхонларнинг устози, асли Косон зодагонларидан, Фарғона вилоятида обрўйи баланд бўлган, замонасига кўра улуғ олимлардан саналган, марҳум Носирхон тўра коммунистларга қарши қўзғолон кўтармиш эди. Нима қилишларини билолмай, сувга оққан кишидай ҳайронликда турган мусулмонлар, ўз диний олимларини илоҳий кучдан холи бўлмаса керак деб гумон қилганликларидан, мол-жонларини аямай, у кишига қўшилувчилар ўлка бўйлаб кўпаймиш эди.

Бироқ, иш вақтидан ўтган, не фурсатлар қўлдан кетган эди. Узоқ-яқиндаги болшевикларга қарши кўтарилган қўзғолонлар бутунлай бостирилиб, ишлари марказга боғланмиш эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Ҳар оқил киши ўз замонасига тушунган бўлсин», деган ҳикматлик сўзларига амал қилиш ва пайғамбаримизнинг 23 йиллик нубуват давридаги ибратлик таржимаи ҳолидан хабардор бўлиш ҳаммадан кўпроқ ислом олимларига лозим эди. Замонавий сиёсат оламидан хабарсиз бўлганликдан у кишининг бутун ишлари тескарисига айланди. Ёлғиз қўзғолончиларгина эмас, шулар баҳона ўзларига тўғри келмаган, икки кишига сўзи ўтарлик одамлардан Наманган, Косон атрофлари билан ҳеч жойда қолдирмай, отиб-чопиб ўлдирдилар. Қолган қўлга тушганлари қаттиқ қамоқда ёки узоқ сургунларга юборилиб, йўқотилди. Бечора Носирхонтўра қочиб юрган еридан икки ўспирин ўғли билан ушланиб, Тошкентга келтирилган сўнггида, энг қаттиқ, ер ости, қоронғу зиндонда ётқонлиғини эшитган эдик. Сўнгра икки ўғли билан бирликда ўлим жазоси берилиб, дунёдан йўқотилмишдир. Агар 6у киши ўрнида сиёсат оламидан хабардор, онглик бошқа биров бўлганида, ишни бошқача ташкилий равишда олиб борар эди. Бу қадар улуғ қўзғолон майдонида тўкилган ерлик халқ қонлари бекорга кетмас эди. Чунки, жанубий томондаги Афғон ва Ҳиндистон чегаралари қўлга келтирилса, у ёқдан ёрдам етказиш имконияти туғилмиш эди онгсизлик шумлигидан шу ишни бажара олмадилар.

Шарқий Туркистонга Ўтишга Ҳаракат

Бу иш (Носирхонтўра қўзғолони) бошланиш олдидан Қирғизистон атрофига ва бошқа жойларга махсус кишилар юборилмиш экан. Xудо сақлаб, у кунлари мен Қоракўлда бўлганим учун ҳеч ишдан хабарим йўқ эди. Шундай бўлса ҳам уйга келиб, ҳафта ўтмай, шу чоғдаги ваҳшийлик одатларича, ширин уйқу, тун яримида ГПУ жаллодлари томдан тушиб, мени босдилар. Кеча қоронғусида қуроллик ҳарбий кишиларга туюқсиздан кўзлари тушиб, қўрққанликдан мўлтирашиб турган хотин болалар ҳолларини нима деб айтишга тўғри келади? Шунинг учун бу каби даҳшатлик кўриниш кўрмаган кўп кишилар юрак ўйнақ касалликларига йўлиқмиш эди. Сўнгра кўзга кўринган ёзувчизувларни йиғиштириб, мени ҳайдаганларича, Пишпекга келтиргач, ҳеч нима сўрамасдан ер ости уйи зиндонга киргизиб қамаб қўйишди. Бу йўли ушланиб, уч ой чамали ётганим ичида ҳар ёқлама қаттиқ текшириш ўтказган сўнггида, бу ишдан менинг хабарим йўқлиги булар олдида аниқланмиш эди. Шу баҳона бўлди, ҳақиқатда эса, ғойибий куч ёрдами етти бўлғайким, бу каби даҳшатлик қамоқ балосидан кўп узоқламай яна қутулиб чиқдим.

Энди бундан буён бу ерда туришим ўз бошим ёки диним учун хатарлик эканлигини аниқ тушунмиш эдим. Шунинг учун Ғулжа томон кетмоқчи бўлаётган дўст кишилардан Абиш деган қирғизга йўлиқиб, у билан сафар йўлдоши бўлишга ваъдалашиб, икковимиз қўл олишдик. Сўнгра бек соқлик билан сафар жамалғасини қилишга киришдим. От улоқ, озиқ овқат тайёрлангач, 1930 йили сентябр ойи бошларида қўл олишган йўлдошим Абиш келди. Мен шу кунларда эса Тўқмоқдан олти чақирим бўлган Шўртепадаги еримда деҳқончилик ишлари билан қуймалашиб ётган эдим. Ишларим чала бўлсада мўлжалим бузилмаслиги учун, борлиғин Тангрига топшириб, оқшом номози ўтаган сўнггида чалақозоқ тоғалардан Абдурашид хўжа, тунгон Мокемир, йўлдошчи қирғиз Абиш тўрт киши отланиб эл ёта Тўқмоқдаги қўрога келдик.

Сўзим шу ерга етгач кўнглим мунгланиб, кўзим ёшланди, чунки юқориги йўлдошларим ва булардан бошқа кўп сонли мунгдошларимдан энди ҳаёт оламида бирорта ҳам киши қолмапти. Ёшлик йигитлик чоғларимдан бери халқ учун бошланган ғамқайғулик кунларим эса, умрим давомича узилмай шу ҳозирги даврига эришди.

Кўз очкан кунимдан бошлаб кўзлаган мақсадим Шарқий Туркистон озодлиги қанчалик тўкилган Ватан болаларининг муқаддас ёш қонлари ҳисобига қўлга келмиш эди. Начораки, ўзини эзилган янчилган халқларни золимлардан қутқазувчи, дунё бўйича ҳақсиз мазлумларга ёрдам берувчи ҳисоблаган алдамчи, каззоб Сталин ҳукумати олти миллион уйгур мусулмонларини ўз фойдаси учун қурбон қилди. Кўйни қашқир огзидан қутқарди, лекин кечқурун қўл-оёгини боглаб қассобга топширди. Кўринг, энди шу кунларда (1967 йил) бу бечора мазлум қардошларимиз Xитой босқинчилари, йиртқич коммунистлар тиш-тирноқлари орасида чайналиб; диний, миллий ҳуқуқлари буён турсин, инсоний ҳуқуқларидан ҳам бутунлай ажраб, ютилиш олдида турибдилар. Агар бирор баҳона бўлиб, умумий дунё сиёсати ўзгармас экан, Чиқиш, Ботиш икки Туркистон аҳллари кўп узоқламаёқ босқинчилар тўлқинлари остида кўмилиб кетишлари мумкиндир.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шу кеча оилам устига туюқсиздан келиб, улардан узилиб чиқишимдаги тортган руҳий виждоний азобларимни эсласам, орадан 40 йил ўтган бўлса ҳам, ўша фожиа зарбасидан кўнглим яраси ҳали ҳам битмаганликдан, қаламим учидан оққан қора сиёҳ у кунни эскариб қонга айланур эди. Чунки, ҳеч ишдан хабари йўқ марҳума оналари бошлиқ у кунда бариси ёш, уйғоқ уйқулуқ ўғил, қизларим устиларига тун қоронғусида эшикдан кириб келишим билан, барилари кўзимга жалдирашиб қараб туришди. Энди сизларни Аллоҳга топширдим. Ер усти тор кўриниб, ҳеч жойга сиғмай қолдим, йўлдошларим кўчада қарашиб турибди. «Омин» денглар дейишим билан, чўнг кичик демай уввос тортқонларича қўл-оёқларимни қучоқлашиб, «Бизни кимга ташлаб кетасиз?» деб йиғлашгани турдилар. Кўнглим бузилиб бошимга тоғ ағдарилди, нима қилишимни билолмай, ҳайронликда қолдим. Шундоқ бўлса ҳам раҳматул оламин пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошларига келган кулфатларни кўз олдимга келтириб, бир оз ўзимни босиб олганим сўнггида, яхши сўзлар билан болаларни ҳам бироз юпантиргандай бўлдим. Шунинг билан уларга билган васият насиҳатларимни айтиб, қолганини Аллоҳга топшириб, йўлга чиқдим.

Шу кеча юрганимизча саҳарга яқин Қорабулоқдан ўтиб, Буролсой оғзидаги бир қора саройга тушиб, кун бўйи кишига кўринмай, бир уй ичига кириб ётдик. Чунки, бу тўрт йўлдош ўртамизда бир бешотар милтиқ, уч барданка ва бошқа қуролларимиз бўлганликдан, кундуз куни кўриниб юришимиз хатарлик эди.

Шунга кўра оқшом номозини ўтаб олиб, кўз қорғуланғоч отланиб йўлга тушдик. Ичимизда йўлбошчимиз Абиш қирғиз бўлғонидек, довюрак баҳодир йигитимиз тунгони Мокемир эди. Агар душман тўсқовуллари (чегара, йўл зобитлари, посбонлари) билан учрашиб қолгудек бўлсак, улардан қутулиш чораси топилмаган тақдирда қурол қўллаш ишини унга топширдик. Шу билан Кемен сувини бўйлаб юрганимизча тонгга яқин Шодмон ботир ҳожининг қишлови Чўнг Кемен кўприги остига етдик.

Бу киши эса қирғизлар ичида ота-боболаридан бери эл сўраб, юрт кутиб келган Шодмон ботир, Жантай ботир ўғли, Қорабек ботир ўғли, Атака ботир ўғли, Тинай ботир ўғли бўлиб тўққиз ота-боболаригача эл устида ўтган, ўз замонасида қозоқ, қирғиз хони аталган зўр манаплардан эди. Марҳум отамиз билан дўстлик алоқаси бўлганликдан ўзи билан ҳаётлигида ҳам кўришиб, хизматида ҳам бўлган эдим. Инсонга ёқимли яхши хислатларнинг кўпига эга эди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Киши ҳайрон қолгудек даражада унинг қилган баҳодирликларини шу кунларга давр қирғиз қариялари қизғинлик билан ўзаро достон қиладилар. Ўзим кўргандай, эшитганларимдан бир икковини эсталик учун бу ўринда ёзиб қолдиришни лозим кўрдим.

Маълум бўлғайки, Шодмон ҳожининг илгаридан бери ерлаб келган қишлоқ жойларини Чўнг Кемен, Кичик Кемен деб атайдилар. Булар эса Тян-Шан тоғларининг қалин тармоқлари орасида жойлашган бўлиб, Кичик Кеменни Шодмон ҳожим қишлоқ тутмиш эди. Ўз даврида Эдиқут эли Болосоғун ўлкасини суғориб қондирган Чуй дарёсининг ярим қисми шу қишлоқ ўртасидан оқиб ўтарди. Бу сув, тошқин вақтларида от-улоғга кечик бермас эди. Сувнинг келиш томони юқори бўлғонлиқдан тез оқарлиги устига, сув ости кўрам (кўринадиган) тошлари билан тўлиқдир. Бундай сувдан кечиб ўтиш кўп хатарлик бўлур. Мана шундай тошқин кунлардан бирида, сув ҳайқириб оқаётганида, мол боқиб юрган бир қирғиз чоли оқиб кетиб, жон талвасаси билан сув ўртасида кўриниб турган бир йўғон тош устига чиқиб олмиш эди. Шу атрофдаги қирғиз йигитларидан ҳеч бир киши уни бу ҳалокатлик сувдан қутқариб олиб чиқишга журъат қилолмагач, «Ботир Шодмон қўлидан келмайдиган иш йўқ, Ҳизр назар солган киши», деб ишонган қирғизлар, бу даҳшатли хабарни унга билдирадилар. Буни англаши билан човитга (ташланишга тайёрланиб турган) турган йўлборсдай турқи бузилиб, ўнги ўзга-риб: «Ҳай, аттанг! Инграгир замон бизга ёмон болла-рин қолдирган экан; торт тўр айғир отимни», деб ҳайқирмишдир

Болалик кунидан тортиб, бир айтган сўзидан қайтмаслиғини билган хизматчи тобунлари иложисиз бўлиб, у айтган отини келтиришга мажбур бўлғанлар. Шу орада чўнг кишилардан ўзининг тенг тушлари келишиб қолиб: «Ҳай, ботир, тилсиз ёвга қарши чиқиб, ботирлик қилиш қандай бўлар экин? Кўпчилик эл йиғилса бошқа бир иложин қилар эдик», дейишиб, ҳар қанча ёлворишса ҳам, қарамай, отланиб сув томонга қараб жўнабди. Буни кўргач, нима қилишларини билолмай, ё уни бу ишдан қайтаролмай, бутун халқ қўрқинчга тушиб, ҳайронлиқда қолибди. Мукуш, Камол деган отоқлиқ ўғилларининг онаси, унинг олдида энг суюклик, эл ичида қадри улуғ Лакабайбиче деган хотини йиғлаб ёлвориб: «Ҳай, ботир, бу ишни қўйинг, сиздан сўрардим», деб ўзини от остига ташлаганига қарамай, отакаўрани қишқирғанича, сув юқориси томон от қўймишдур.

Бундай даҳшатли хабар тарқалиши билан ҳар ёкдан от чопишиб келган қирғизлар сув бўйларида тўпланишиб, ҳайронлик ҳолда қарашиб турған эдилар. Кўриб турган кишиларнинг айтишларича, шундайин даҳшатлик ўлим хатарлик, тилсиз ёв устига келганида яна баҳодирлиги билиниб, ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаган эди. Балки ўзини, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан паноҳ тилаган кўзсиз тилсиз сув балоси олдида турганини кўриб, бу каби даҳшатлик хатарга дучор бўлган бир бечорани қутқазишга ҳиммат қилғонини билгач, ўз тилича: «О қудояй, қўлдой кўр!» наърасини тортганича, сув ўртасидаги тош устида бақадек чаплашиб ётган чолни мўл анчагина юқорндан «Аллоҳ» деб от солмишдур.

Уйлардек ўркашлаб кўпириб ётган даҳшатлик сув тўлқини ичида белидан ботган ҳолда тошдан тошга урилиб, «О худо»лаб келаётган Шодмон ботирга сув бўйида қарашиб турган қалин халқнинг кўзлари тушгач, «О худо, ўзинг сақлай кўр», деб қичқирған товушлари кўкка кўтарилмиш эди. Оила жонкуярлари ҳар ёқдан «О қудай» деб қичқурур эдилар. Шундайин ҳайбатли даҳшатлик сув ичида жон ҳовучлаган ҳолда ёпишиб ётган чала ўлик чол устига ета келиб, «Жонинг бўлса, узат қўлингни!» деб қаттиқ қичқирган бўлса ҳам, эси оққанлиқдин қўл узатолмағач, ботир қўлига илинмай ўқдек оқаётган сув сирпандиси (сув тезлиги маъносида) билан ўтиб кетмишдур. Буни кўрган бутун халқ сурон солишиб: «Энди иш тугади, баҳодирлик ўз чекидан ўтди, сиздай киши бизга қайдан топилади. Бундай чолларнинг неча минглари сизнинг бир тол тирноғингизга тенг келмайди!» дейишиб, қичқиришган бўлсалар ҳам, буларга қараб қўймай, сувдан чиқиши билан яна «Аллоҳ» садосини кўтариб, иккинчи йўли билан сувга кирганида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам «Баҳодирларни Аллоҳ дўст тутқай, тилакларини худо қайтармағай. Ҳар ишда чидамлик саботликларни мақсадларига етказгай» деганларидек, Аллоҳ ёрдами етти бўлғайким, ул чалажон чолни ўлим оғзидан қутқариб, от олдига ўнгарганича (устига миндирганича, опочлаганича), бу каби даҳшатли сувдан саломат чиқмишдур.

Яна бир куни Оқ Ўркавда қурдошлари билан қимиз ичиб ўлтириб экан, йирокдан чиққан шовқин сурон товуши эшитилмишдур. «Бу нима гап?» деб сўраса: «Ҳай, ботир, сув ёқасидаги қалин чирғанак ичида бир йўлбарс ётқанлиғини эл билишиб қолиб, мерганлари билан келган кўпчилик халқ уни ётқан еридан қўзғатиб очиққа чиқаролмай ётадилар», деганларида: «Ҳай, инграгирлар, кўпчилик ҳеч иш қилолмайди, ҳар вақт халқи ортида турган баҳодир, етук бир киши кўп иш қила олади», деб юртовул (юртда, овулда, эл ичида) кунларидаги кийим бошларини кийиб, қилич осилган ҳолда отланмишдур.

Ботирнинг одати, киришган ишидан қайтмаслиғи эл ичида маълум бўлғанликдан, бу ишдан қайтариш тўғрисида ҳеч ким оғиз очалмаган эди. Шундоқ бўлса ҳам ер усти ҳайвонлари ичида оти улуғ, ҳайбати зўр, чангали даҳшатли йиртқич йўлбарсга тўқнашувни ўйлашиб, кўз отар мерган иниси Момутжон йўлдоши бўлмишдур. Шу юрганича эргашган томошачи кишилар биргалигида кўпчилик халқ ўрашиб олған қалин чирғанақ яқинига келганида: «Ҳай жонивор, сен ҳайвондан чиққан йўлбарс бўлсанг, мен инсондан туғилган арслонмен!», деб яроқлаган яланг қиличи билан онинг устига отил-миш экан, ботир ҳужумига йўлбарс чидаёлмай, ётган еридан қочиб чиқаётганида иниси Момут отган ўқдан қаттиқ яраланмиш эди. Буни кўргач: «Ҳай, энди ёғий яраланди, яраланған ёвни хотин олғай», деб уйига қайтмишдур.

Учинчи воқеа. Ҳаж сафарига кетаётганида мозорларни зиёрат қилмоқчи бўлиб, Самарқандга тушмуш экан. Амир Темур қабрига кирганида қараса, саёҳат учун келган рус зобит (офиқер) ларидан бирови Темур султон қабрига оёғини тираб хат ёзаётганини кўрибдур. Буни кўргач баҳодирлиги қўзғалиб: «Ҳай, путинг (оёғинг) кесилгур жунбош (боши жунли, сочли), эр қадрини билмаган, торт оёғингни!», деб ҳайқирган экан, қўрққанидан сапчиб туриб кечирим сўрамишдур.

Болалик кунидан бошлаб кўрсатган бу баҳодирнинг шу каби киши ҳайрон қоларлик ишлари жуда кўпдир. Бунинг баҳодирлиги, сахийлиги устидан бошқа эмас, ўзим кўрган билганларимни ёзар эканман, ўз олдига бир китобча бўлиши мумкиндур

Инсон яхшилиги кўмилиб кетмасин, худо хуш кўрган фазилат бўлган турк улусининг баҳодирлигидан келажак бўғинларимизга ўрнак бўлиб, ибрат ол-ғўдек сўзларни бу ўринда келтурдим.

Байт:

Тилим турк халқимга кўп офарин қил,
Наёнглиқ махтасанг оздур аниқ бил!
Яраш чоғида меҳмондек ўтирғай,
Уруш кунларда арслондек отилғай.

Бироқ пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ҳар одам ўз замонасига яхши тушуниши керак. Ўтмишдаги кўкрак кериб от чопган, найза солиб ёв олган, ота-боболаримиз ўз замоналарига яраша устиларига юкланган диний, миллий бурчларини ўтаганликлари учун Ватанларини босқинчилардан сақлаб, ўз ҳокимиятларини қўлларидан чиқармаган эдилар. Кейинги уч юз йилда жаҳолат, хурофот балчиғига ботиб, нодонлик, тушунмаслик офатига йўлиққанлик натижасида руслар Ватанимизга зўрлик, қурол кучи билан босиб кириб, эрклик ҳокимиятимизни қўлимиздан тортиб олганига шу кунлари тўғри юз йил тўлмишдур.

Ватанимизга биринчи бостириб кирган шум оёқ чор ҳукумати эллик йиллик даврида Туркистон халқини бутунлай қоронғиликда, илм-маърифатдан узоқ тутиб келган бўлса ҳам, сурбетларча русларни кўплаб кўчириб келмаган эди. Ерлик халқнинг эрки ўзида, Ватани қўлида бўлиб, диний маросимлари, мактаб мадрасалари, ҳар турли жамоат ишлари ўз ихтиёрларида эди. Қачонки, халқ ғамини қайғурган бўлиб кўринган ёлғончи алдамчи, устал ошиғи, мансабпараст коммунистлар, қурол кучи билан ва ҳам ўнг сўлини, фойда зиёнини ажратмаган, тушунмаган, виждонсиз, қорақуров нодонлардан фойдаланиб, ўз ҳокимиятларини ўрнатиб олгандан сўнгра, бутун ишларни ўзгартиришга киришдилар. Шундоқки, буларнинг ҳокимиятлари динсизлик худосизлик асосига қурилганликдан, биринчи кундан бошлабоқ, бутун диний ишларни, шариат ҳукмларини йўққа чиқариб, мактаб мадрасалар, масжид хонақолардан бузилмай қолганларини чойхона, ўйинхоналарга ўхшаш ўзлари учун кераклик ўринларга айлантирдилар.

Маълумдирки, дунё яратилгандан бери ер устидаги инсонлар ўз эркларича ишлаб, тилаган жойларида ўз ихтиёрларича яшаб келмиш эдилар. Чунки, инсон боласи асли яратилишидаёқ, ўз эрк-ихтиёрига эга бўлиши сифатида тугилиб, бошқа ҳайвонлардан шу орқали фарқли бўлмишдур. Ҳаёт олами ичра ҳеч бир замон, ҳеч бир мамлакатда инсонларни эрк ихтиёрларидан ажратиб, тилсиз ҳайвонлар қаторида мажбурий ишлатиш киши хаёлига келмаган эди. Энди бу хаёлий тузимни қўлланувчилар, хаёлпараст Ленин бошлиқ, қурол кучи билан шу каби шармандачиликларни амалга ошириб, 50 йилдан бери халқни қийнаб келадилар.

Байт:

Қайғулик тунлар узайди, тонг отар кун бормикин?
Биз қамалдик бу темир қўрғон ичида инграниб.
Бу зулм қўрғон қобиғин синдирар кун бормикин?
Барча олам йўллари очиқ эрур бизга ёпиб.
Эй, худо, ҳаж йўли бизга очилур кун бормикин?
Барча олам аҳли ўз мақсадларини топтилар.
Ўзбекистон халқига бу иш бўлар кун бормикин?
Руслар бости Ватанни, қоплади селдек келиб,
Бу фалокатдин, худоё, қутилар кун бормикин?
Соғуний, бағринг эзилди, бу Ватаннинг дардида
Ким билур, бу дардима дармон топар кун бормикин?

Қоғоз устида ўн олти эрклик жумҳурият ҳукумати деб ёзилган бўлса ҳам, буларнинг ҳеч бировида ҳақиқатан қилчалик ҳам ихтиёрлари йўқдир. Бу мамлакатларнинг асосий ишлари эса бутунлай Масковга боғланганлиги учун катта кичик ҳар қандай ишларини Масковдан буйруқсиз қилолмайдилар. Айниқса, Ўзбекистон жумҳурияти бошқа жумҳуриятларга қараганда ҳар бир иш тўғрилик энг тубанги ҳолга тушганликдан халқи диний, миллий, шахсий, ҳатто инсоний ҳуқуқларидан бутунлай маҳрумдирлар.

Халқ душмани деган ёлғон туҳматни тақиб, 1936-1937 йилларда неча минглаган миллатимиз зиёлилари, сиёсатга тушунган Ватан йигитлари йўқ қилинган кундан бошлаб, Масков нима деса бош устига дейдиган, халқ танимаган суймаган, лекин ўзига содиқ кимсаларни, Масков ўз тилаганларича Ўзбекистон қўғирчоқ ҳукумати бошлиғи қилиб белгилаб, шулар орқалик ўз мақсадларини бажаришга киришгани гурдилар. Бунинг устига 1966 йили 26 апрелда Тошкент шаҳрида бўлган зилзила баҳонаси билан, уйлари бузилган ўзбекларга ёрдам етказиш деган бўлиб, барча жумҳуриятлардан киши чақирдилар. Ҳақиқатда эса зилзиладан вайронликка учраган марказий янги шаҳар бинолари эди. Ерлик халқ офатдан омон эдилар. Шундоқ бўлса ҳам, буни шилтов (баҳона) қилиб, неча минглаган ўзбекларни мажбурий равишда кўчириб, шаҳар ташқарисига чиқаздилар. Айниқса, Тошкентнинг энг тарихий жойи ҳисобланган Шайхонтоҳур маҳалласи бутунлай бузилиб, ундан ном нишона ҳам қолмади. Шаҳар ташқарисига чиқарилган бечораларни Қурбқаобод деган қий далага обориб ташлади. Уйларини бузишда етарлик моддий ёрдам берилмади. Бу бечоралар ёш гўдак болалари билан шу кунларда ҳам қийналмоқдалар. XX асрга келиб ўз Ватанларида ўзлари хор бўлдилар.

Босқинчиларнинг биринчиси чор ҳукумати давридан 50 йил ўтгач, кофирлар акси уриб, баъзи бир ўзгаришлар бошлаган бўлса ҳам, у кунга давр диний-миллий, айниқса тил ўзгаришлари бўлмаган эди. Энди эса, бу динсиз коммунистлар давридан 50 йил унга қўшилиб, босқинчиларнинг келганига 100 йил тўлмишдур. Буларнинг асли мақсадлари бутун дунёга динсизлик тарқатиш, ўзларининг жирканч сассиқ тузумларини ўрнатиш бўлганликдан, буткул ишларини ўзларининг бузуқ сиёсатларига боглаб, ҳар нарса коммунистлар раҳбарлиги остидагина бўлиши мажбурий равишда шарт қилинмишдур. Шунинг натижасида булар ҳар ишга аралашволиб, ҳушёрларига эсириклар (мастлар, беҳушлар), соғларига телбалар йўлбошчилик қилгандек, бутун мамлакатда бу мажнунларнинг аралашмаган ишлари йўқдир.

Халқда ихтиёрий ҳаёт кечириш йўқолгани учун уларнинг жон ҳаракатлари, ҳалол меҳнатлари би-лан чиққан ер ҳосилотининг юздан бирига ҳам ўзлари эга бўлолмадилар. Озиқ овқат, емақ ичмақ маҳсулотлари буларнинг ўз омборларида сақланиб, халққа тилаган ўлчамларида бериб туриш коммунистларнинг бузилмас қонунидир. Агар уч кун бермай тўхтатар эканлар, халқ бошига қиёмат қўпиб, шу куниёқ очарчилик бошланиши кўриниб туради.

Мана шундай бўлиб, ҳозирги кунда илгари тарихларда ярқираб кўринган, тилларда достон бўлган Туркистон улуси Турон мусулмонлари ёлгиз диний ҳуқуқларидангина эмас, инсоний ҳуқуқларидан ҳам ажраб, ютилиш олдида турибди. Келажакда биз учун энг қўрқинчлик иш эса, йўқ баҳоналар билан ўн минглаб, юз минглаб селдек келаётган босқинчиларнинг Ватанимизда ўрнаша ётқанларидур ва баъзи бир миллий ҳиси йўқ виждонсизлар кўз олдимизда ютулаётганлиги очиқ кўриниб турибди. Булар авлод олдида энг жиноятчи одамлардир. Тарихларда босқинчилар доим шундай амалпараст сотқинлардан кенг равишда фойдаланган.

Ҳозирги кунларда эса хитой босқинчилари интернақионал ниқоби остида Сайпиддин Азизий, Бурҳон Шаҳидий каби виждонсизлардан шу тариқа фойдаланмоқда. Бу балолардан қутулиш чорасини излаш ҳар бир Ватан боласининг муқаддас вазифасидир. Бунинг учун бизлар диний ва миллий ҳиссиётларимизни сақлаш билан бир қаторда, бирлик иттифоқлигимизни кучайтириб, энг аввал илм қуролини қўлга киритишимиз керакдур. Ҳаводан бошқа, ўт сувдан бошлаб инсон ҳаётига керакли барча нарсаларни қулф-калит қилиб, ўз омборларига қамаб олдилар. Минг турли қилган ҳунар-тадбирлари, ҳар куйга солиб ўқиган байтгазаллари билан, вақти келганда одам боласини бир парча нон олдида бош эгишга мажбур қилдилар. «Улдирмай олар жонимни, бўгизламай ичар қонимни, ўлчаб берар нонимни», деб бундан неча юз йиллар илгари айтган қозоқ шоирининг сўзи ҳозир бизнинг устимизга келиб ўрнашди.

Динсизлик туфайли ўгирлик, одоб ахлоқсизлик, бир бирига ҳурмацизлик, виждонсизлик кўпайди. Ҳозирги маданият даврида диёнат билан тараққиёт бирга яшолмайди деган хато фикр оқиллар олдида эмас, жаҳон бўйича жоҳиллар орасида тарқалмишдур. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Ҳозирги тараққиёт ислом ахлоқи асосида олиб борилса, инсонлар учун энг фойдалик маданият бўлишида шак йўқдир. Умуминсоний ҳақ ҳуқуқлар бутун халқ олдида, айниқса, ҳукумат доираларида қонуний равишда ҳимояланиб сақланар экан, ўшандагина маданияти фозилага эришилади.

Шу кунларда устимизда ҳукмрон бўлган динсизлар маданияти эрса фосиқ маданият дейилади. Бундай маданият инсонларни ҳам ахлоқий, ҳам руҳоний фазилатларидан бутунлай ажратади. Коммунистларнинг мустабид ҳукмронлиги остида яшаётган ҳамма, инсонлик ҳуқуқларидан бутунлай маҳрум бўлиб, ҳайвонлар қаторида эрксиз ишлаётганлигини кўриб турибмиз.

Ҳозирги даврда қайси йўл билан бўлса ҳам, кундан кунга илм ўсаётганлиги кўрилади. Бунинг раҳбарлиги орқасида, инсоният олами коммунистлар офатидан қутилар кун бўлар деган хаёлий умидлар ҳам кўнгилга келади. Лекин марказий арбоблардан бошлаб, тубандаги табақага келгунча, ҳамма иш устида ўлтирган ҳукумат хизматчилари шахсиятпараст, виждонсиз одамлардангина иборат бўлса, бу умиднинг вужудга чиқиши мумкин эмасдир. Чунки, илмга агар ақл чироги раҳбарлик қилмас экан, ҳар ким уни ўз қобилиятига қарата ишлатади. Шунинг учун ёмонлар илмидан ҳозиргидек доимий ёмонликдан бошқа натижа чиқмайди.

Бунинг яна бир сабаби эрса, кўпинча иш бошида ўлтирувчилар икки гуруҳ кишиларидангина иборатдир. Биринчиси кўрларча етакчиси орқасидан кетаётган, қизил белатидан бошқа ишонадигани йўқ, мансабпараст коммунистлардир. Иккинчиси эса ҳозирги маданият соҳасидаги фанлардан етарлик даражада ўзлаштириб, илмий жиҳатдан халқ учун фойда еткузарлик маълумотни эгаллаган бўлса ҳам, ўз нафси учун ҳамма нарсани қурбон қиладиган одамлар, айниқса, иқтисодий ўринларни эгаллаган, кўпроқ шу виждонсиз кишилардир

Энди иш шундай бўлгач, илм маърифат ривожланган сари фикрлар ўзгариб, ўз ичидан ўнгланиб қолишга кўз тутиш хаёлий умиддан бошқа нарса эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан «Қиёмат қачон бўлади?», деб сўраганда: «Хукумат ишлари ёмон одамлар қўлига ўтганда бўлади. Мен кўрсатган ойдан ёриқ, тўгри йўлдан умматларим четга чиққанларида, халқ бошига шундай фитналар келгусидирким, ўша замоннинг энг доно билгичлари ҳам чора тополмай, ҳайронликда қолади», дедилар. Бундан 1360 йил илгари берган шу хабарларини ҳозирги кунда кўзимиз билан кўриб турибмиз. Қуръон нима деган бўлса, Расулуллоҳ алайҳи васаллам нима хабар берган бўлсалар, унинг ҳақ ростлигида ҳеч гумонимиз йўқдир. Кўнглига гумон келганлар кўзлари кўрганда, албатта, ишонадилар.

Инсон яратилгандан бери ер устига ҳар турлик офат балолар келганлиги ёлгиз тарихдагина эмас, балки, Тангри томонидан пайғамбарларга тушиб, бизгача етган Таврот, Инжил, Қуръон каби илоҳий китобларда ҳам хабар берилмишдир. Лекин бу дунё аҳли қанчалик кўп бало офатларни кўриб, бошидан кечирган бўлсалар ҳам, шу кунларда бизларнинг бош устимизга келиб ўрнашган динсизлик балосини кўрмаган эдилар. Айниқса, бу балодан бошқаларга қараганда энг қаттиқ зарарланганлар биз Турон Туркистон мусулмонлари бўлдик. Чунки, чор босқинчиларининг шум қадамлари етган кундан бошлабоқ ўз ҳукуматимиздан ажраган бўлсак ҳам, диний, миллий, ватаний ҳуқуқларимиз ўз қўлимизда эди, қачонки бу маданий йўқсиллар қўлига ҳукумат ўтди эрса, шу кундан бошлаб юқоридаги ҳуқуқларимиздан ҳам ажрадик.

Нега бундай бўлдик? деганимизда, Қуръоннинг айтишича, бандага берилган неъматларнинг заволига ўзи сабабчи бўлур. Ҳеч вақт қайтариб олмагай, берганини қайтариб олишдан Аллоҳ ўз бандаларига наҳий қилиб, уларга бу ишни лойиқ кўрмас экан, ўзига қандай лойиқ кўради? Xудо Қуръонда «Сизларга берган неъматларимга қанчалик шукр қилсанглар, мен ҳам шунчалик орттираман. Агар қадрига етмасанглар, у неъматлардан ажрайсизлар, яна қаттиқ азоблик жавобга тортиласизлар», дейди. Ватанимизни, динимизни душманлардан сақлаш, Курон ҳукмича, ҳамма мусулмонларга фарздир. Чунки, худо Қуръонда: «Душманингларга қарши имконият борича қурол тайёр қилинглар», дейди.

Расулуллоҳ замонларидаги мусулмонларга ўша замон қуролларини тайёрламоқ фарз бўлмиш эди. Бизларга эса, ўз Ватанимизни озод қилиш ва уни сақлаш учун замон қурол жабдуқларини қўлламоқ ва замонавий илмларни ўқимоқ фарздир. Агар буни қилмас эканмиз, Қуръондаги Аллоҳ амрига тушунмаган бўламиз. Ватанимизни озод қилиш, ўз давлатимизни қўлга келтириш ва уни сақлаш учун, ҳар даврнинг ўзига яраша бутун сабабларини қилиш, Куръонда айтилган Аллоҳ амри деб билишимиз керак. Баъзи бир жоҳилларнинг айтганларидек, Куръонда: «Бу дунё кофирларники, охират-сизларники», дейилган эмас, балки «Ислом ҳаммани енгади, ҳеч кимдан енгилмайди, ҳамманинг устида бўлади, остига тушмайди. Ҳар икки дунё яхшилигини Аллоҳдан сўранглар», дейилгандир ва ҳам буларни қўлга келтириш чораларини кўрсатиб, бутун сабабларини тўлиқлаб қилишга буюрмишдир. Энди худо ва пайғамбар сўзларида ҳеч шак йўқдир. Нима бўлгулуқ, кўргулуклар бошимизга тушди эрса, ундан ибрат олиб, келажагимизни ўнглашимиздан бошқа унинг чораси йўқдир.


Байт:

Борлиғим сақлай десанг илм ҳунардан қил яроқ!
Йўқ эса олғай борингни қилмай ҳеч ким сўроқ.
Ер юзи ўзгарди аммо, ўзгаришдан бизда йўқ,
Синди Туркистон элининг бошида юз минг таёқ.
Оч кўзинг Турон эли, зинғирт бўлурму қўйчибон,
Борму бу ёнглиқ булон, пайқаб қара бошдин оёқ!
Ҳар ўғил ворис бўлур қолган отанинг молига,
Бўлди Туркистон элининг вориси юзсиз қароқ.
Мол эгасидур қароқчилар бу ажойиб ишга боқ!
Бахт очилмас ул кишилар, ким эрурлар илмсиз,
Илмсизлар хор бўлур хоҳи қародур, хоҳи оқ.
Қайсу миллат устидин ҳокимлик эца бошқалар,
Бу каби хорлик ҳаётдин ўлганидир яхшироқ.
Илму иймон иккисидин баҳралик бўл эй ўғил!
Бу икковлон бирла олғайсан қўлингга шамчироқ

Жилақарағай Довони

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Юқорида айтилганича Шодмон ҳожим қишлоғи Кичик Кеменга келганимизда, кутишиб турган қирғизлар бизни қарши олдилар. Яйловдан қайтган қалин эл оралаб, тун бўйи юрганимизча тонгга яқин бир ерга келиб тушдик. Бироз ухлаб эс олган сўнггида, у ердан отланиб кун бўйи юрганимизча, ахир пешин кезида қалин қарағай ичида тикилган бир қирғизнинг уйига келдик. Бу эса бизни кутиб турган Назарқул деган сафар йўлдошимизнинг уйи экан. Бизни бу ерга қўндириб, ўзи орқада қолмиш уйларни кўчириб келмоқчи бўлиб, уч тўрт йигитлар билан тун қатор қилиб кетди. Эртаси қуёш кўтарилган кезда эдиким, бирор юз оилалик қирғизлар бола чақалари билан енгил юкларини олган, бошқа мол чорваларини, тикилган уйларини қолдириб, ёлғизгина уюрлари билан йилқиларини ҳайдашган ҳолда етиб келдилар. Xитой ерларида пул бўлғудек нарсалар билан ҳуржин халашлари тўлдирилмиш эди. Кўпчилиги бола чақа, хотин қизлардан тўпланган эди. Қандай ҳам бўлса, сафар суннатига мувофиқ Назарқулни сафар амири қилиб, ўзим бошлиқ олти одамни унга кенгашчи сайлаган сўнггида, олди орқамизга мер ган йигитлардан соқчилар белгилаб, йўлга тушдик.

Ичимизда икки беш отар, уч тўрт барданка, қолгани ов милтиқлари бўлиб, йигирмадан ошиқроқ қуролимиз бор эди. Шу юрганимизча Кўкқуйруқ ўзанини бўйлаб ўлтириб, орада уч қўниб, Чуй дарёсининг боши Оқсув, Челак деган икки ошув айрилишига етдик. Бу юрган еримиз йўлсиз бўлиб, бўри юрмаган тоғу тош оралаб юришга тўғри келганликдан, тоғ сафарларида кўп юриб кўзи пишган етук йўлбошчи керак эди, бахтимизга қарши, ваъдалашган қоловуз (йўлбошчи) кишимиз келмай қолди. Келаётган йўлимизда биз билан қочган қирғизларнинг қўрада ётган қўйлари, эгасиз қолган молтоварлари, ускуналарига кўзимиз тушди. Инсон турмушига коммунистларнинг зулми шундайин ҳароблик келтирганини кўриб, кўнглимиз вайрон бўлганликдан кўз ёшларимизни артиб улгиролмадик.

Қочган хабаримиз эл ичига тарқалгач, бизни қўлга тушириш учун олдимиздан чегара соқчиларини тўстириб, ортимиздан қирғиз коммунист отрядларини юбормиш эдилар. Биз қочқунлар уч кун ўзан бўйлаб юрганимизча, Оқсув ошуви остига келганимизда кетимиздан юборилган қирғиз коммунистлар аскарларининг қораси йироқдан кўриниб қолди. Орамизда бир оз отишувлар бўлиб, шу кечани соқлик билан ўтказдик. Етган еримиз улуғ тоғларга тақалган, ўнг қўлимиз Челак довони эди. Лекин бу довонларни ошиб, йўлларини кўрган бошчимиз бўлмағанликдан қайси бирига киришимизни билмай орсор (ҳайронликда) қолганимиз устига, қувғинчи тўсқинчилар олди орқамиздан ўрамиш эди. «Икки йўл келиб, қайси бирига киришни билмай қолган киши ўнг қўлига юрсин», деган Расулуллоҳ сўзини маслаҳат бердим эрса, бошқа сабаблар чиқиб бунга юришга тўғри келмади. Охири, сўл қўлдаги Челак довонидан ошиб олсак, қозоқ ерига тушиб, булардан қутулиб кетишимизни ўйлаб, шунга киришни тўхтам қилдик.

Эртаси саҳарлаб остидан бир дарё суви тошиб чиқаётган улуғ тоғ бели устига чиқиб, шу ерга уч тўрт қуроллик қирғиз болаларидан қўйдик, ўзимиз кўпчилик қўш қулонларимиз (кўчгандаги юкимиз ва йилқиларимиз) билан бел (тоғ бағридан ўтиб) ошиб, ёлғизтуёқ кийиклар изи орқали юрганимизча булутга тиралган тўрт тоғ орасидаги сув ғазнаси (омбори) Кўккўл деган жойга тушдик. У ердан ўтиб, кўк муз оқ қордан бошқа ҳеч нарса кўринмаган, бош оёғи булутлар билан ўралган Челак довони остига келиб қўндик. Куз ҳавоси совуқ, қаттиқ қор учқунлаб турарди. Қор ўрталарида кўриниб қолган қора тошлар орасида боши чиқиб турган бир турлик ўсимликлардан бошқа ўтин топилмайдиган шундай қисмчилик жойларда қирғиз хотинлари ош овқат тайёр қилишди. Буларнинг эпчиллиги мени ҳайратда қолдирди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар ким эрса бир нарсага боғланиб яратилганликдан ул нарса унга осонлашади, ҳар ишни ўз эгасига топширингларким, ишинглар енгиллашади», деган ҳикматлик сўзларининг сирларини шунда тушунган эдим. Айниқса, ўз дўстларимиздан Абиш, Ҳайдарали уларнинг хотинлари Ойша, Ойқон бу эр хотинларнинг бу каби оғир йўллар, машаққатлик сафарларда менга кўрсатган ҳурматлари, қилган хизматларини эскариб, ҳаётим борича уларга раҳматлар айтиб дуо қилурман. Аллоҳ уларни раҳмат қилиб, жойлари жаннатда бўлсин! Қандағ ҳам бўлса, шу кечани қор-музлар орасидаги қора тошлар устида тонг оттирдик. Эртаси ойна устига тушган ёғду каби, қор муз устида ялтираб турган қуёш кўтарилди. Йўл билган, юз кўрган йўлбошчи кишимиз бўлмагач, энди нима қилишимиз керак?

Хотин болалардан бошқа қариёш демай бутун эр кишилар баримиз отланиб, тоққа тирмашдик. Минг машаққат билан тоғ тепасига чиқиб қарасак, мўлжали уч чақирим келгудай, тоғ тескайини қор муз қопламиш эди. Мана шу ерда бирор юз киши яёв, отлиқ бўлиб, биздан илгари қочган кишилар йўл солган бўлсалар, шулар изидан юриб ўтармиз, деган умид билан шу куни эртадан кечгача йўл излаб из қидирдик. Бироқ бахтимизга қарши туёқ ёки оёқ изи тушган бирор нишон тополмагач, кечки совуққа қолиб, бўрон чопқунга учрамайлик деб, ночорлик билан ор-тимизга қайтдик.

Худо ўнглаб, Кўккўл бели устига уч тўрт қуроллик қоровул қўйиб ўтган эдик, йўқ эрса орқамиздан қувиб келаётганлар изимизга тушиб устимиздан босар эканлар. Из қувиб келганлар бел устига чиққанда бизнинг қоровулларимиздан қаршилик кўриб, кетига қайтмиш эдилар. Шу билан икки қўниб муз тоғлар орасида йўл тополмай, овора бўлган сўнггида яна орқамизга қайтиб келдик. От уловларимиз чарчаб, ўзимиз қийналганимиздан бел устида бир икки кун эрув (дам олиш, ҳордиқ чиқариш) қилиб, шу орада икки кишини ер чорлаб (атрофни билиб келиш, разведка қилиш) келиш учун Оқсув довони томонга юбордик. Кетган кишиларимиз иккинчи куни тинчлик хабарини келтиргач, бу йўлнинг икки кунлик олислиги бўлса ҳам, бошқа иложи бўлмаганликдан шунга киришга мажбур бўлдик.

Эл яйловдан кўчган кези, йўллар жимжит, иссиқ совуқ орасида ҳаво очиқ бўлиб, тинчлик билан Оқсув довонини ошиб, келишган кенг бир яйловга тушдик. Бу ерга киргач қирга, теварак тўрт томонга кўз солдим эрса, ўтмишдаги эркинлик қўйнида кун кечирган ўрозлик ўғуз уриғи Эдиқут эли у тоғдан бу тоғга, у сойдан бу сойга ер танлаб, кўчиб юрганлари эсимга тушиб хаёл денгизига чўмдим. Кенг юзлик саболарда (ёғоч тоғораларда, идишларда) кўпириб ётган қимизни қизил кўкарларга (ёғоч бокалларга) қуйиб ичганлари, қўй қўзи этлари кўнгилларига теккач, қулун (бия боласи) сўйиб ейишга киришган кунлари кўз олдимга келиб, ҳайронликда қолдим. Бир оз бўлса ҳам эркинлик оламига чиққандек бўлиб, ҳордиқ чиқариш учун бу ўринда икки кун эрув қилиб тўхтагандан сўнгра, Тойсоврун, Бойсоврун деган яйловлардан ҳали эл кўчмаган экан, кечалаб тун қорон-ғусида у ердан ўтиб, Жилақарағай довони остидаги қалин қарағайзор ичига кириб қўндик.

Бизнинг бу юрган ерларимиз Туркистон бешиги, Ўғузхон пойтахти аталган Иссиқкўл ўлкасининг шимол томонидаги Тян-Шан тоғларининг тармоқлари эди. Бу ерга келиш олдида ёға бошлаган қор, ёмғир тун бўйи тўхтамай ёққан бўлса ҳам, ҳар туп қарағай бир қирғиз ўтовидек бўлиб, тубига тушган мусофир меҳмонларни қор ёмғир ҳужумларидан ўз оиласидек асрамиш эди. Эртаси ҳаво очилиб кун кўтарилгач, бу ердан кўчиб шимол томонга қараб, тоғдан тоғга оша от тортиб юрганимизча, боши кўринмай туман билан чирмалган, бир улуғ тоғ тубига етдик. Шу ерга келганимизда ҳаво бузилиб қор ура бошлаб, ёлғизоёқ келаётган йўлимиз юзи ёпилиб, қаёқка юришимизни билолмай тўхталиб қолдик. Қирғиз йигитлари эса яёвлаб, тоғ юзига тирмашиб, йўл излашгани турдилар. Борган сайин қор ёғиши қаттиқлашганликдан кўз қоплаган буроша (бўрон, қаттиқ шамол) бўлиб, йўл излашган йигитларимиз бир бирларини кўролмай қолишди. Бунинг устига ёлғизоёқ йўл устида узундан узун туриб қолганимиздан, отларимизнинг бели толиб ёта бошлади. Қарасак, кун тушдан оғиб боради. Агар шу ўрталарда кечалаб қолар эканмиз, ўзимиз ва от уловимиз учун қаттиқ қийинчиликлар туғилишини ўйлаб, сафарда орқага юриш яхши бўлмаса ҳам, бошқа иложи топилмагач, ночор кери (орқага) қайтишга мажбур бўлдик. Босган изимизга қайтиб, қорбўрон ичида олти соат чамаси юрганимиз сўнггида кўз қорайиб, гугум тушгандан кейин ҳориб-чарчаб, зўрға эрталабки кўчган қалин қарағай остига кириб омон қолдик.

Бу каби кўрилмаган улуғ довон йўлларини ошиб ўтишга етук йўлбошчи лозим экан. Шундай одамни топиб келтириш учун шу ерлик элга алоқалик бир кишини уларга кечалаб юбордик. Эртаси куни ҳаво очиқ бўлиб, кўзгудек кўринган булутга тиралган буюк қор тоғларини ялтиратган ҳолда қуёш кўтарилмиш эди. Шу чоғда қоловуз ҳам етиб келгани учун баримиз суюнганимизча унга эргашиб йўлга тушдик. Кечаги адашган жойларимиздан олиб ўтиб, от тиззасига келган қор ичида кўрам тошлар оралаган ҳолда синчиклаб юриб, йўл топган йўлбошчимиз қирғиз чолга офаринлар айтиб, уни бек олқишлар эдик. Шундай қилиб, Жилақарағай довонидаги қор тоғларини омонлик билан ошиб, у томони Челак, Толғор яйловларига тушиб, икки кун эрув қилдик.

Шу ерга келганимизда отақли қоловузлардан қирғиз Қўйчи ботир қочоқларга ёрдам етказиш учун Ғулжадан чиқиб, олдимизда икки кунлик Қудурғу деган ерга келган хабарини англадик. Бу киши эса беш-ўн қуроллик йигитлари билан йўл тополмай юрган қочқунларни Ғулжа томонига ўтказиб, шу касб орқалик фойдаланиб юрган қора ботирлардан экан. «Қоракўл шаҳар соқчилари хабар топмай туриб, чегарадан ўтишимиз керак, кечикканнинг хатари кўп, тезлик билан етказиб келинглар», деб қуроллик икки йигитни бизга юбормиш эди. Йўлда қўшилган қирғиз йўлдошларимизнинг орқада келаётганларини кутишга тўғри келганликдан шу ерда икки кун туришга мажбур бўлдик. Шунга кўра Қўйчи ботирдан биз боргунимизча кутиб туришни ўтиниб сўраб, тортуқ йўсинида унга бир семиз бия юбордик. Қудурғу тоғи бетида тўп қарағай тагида бизни кутиб олишга қаттиқ ваъда беришиб, бия етаклаган ҳолда бу икки йигит бизга хўш айтиб қайтди. Шу билан икки тун ўтказиб улар ортидан биз ҳам йўлга тушдик.

Раҳмсиз, кучлик душманлар чангалига тушишдан қўрқиб, улуғ тоғларга сиғинган йиғинди бир тўда мазлум ожизлар қаторида ўзимнинг кетаётганимни кўриб, бу хунук манзарадан қаттиқ таъсирланмиш эдим. Бир даврларда бутун дунёни найзаси учида ўйнатган турк ўғлонлари, бугунки кунда бургутдан қочган тулкига ўхшаб қолдилар. Қочар жойини, кирар тешигини тополмайдилар. Бурун нега ундай эканмиз? Энди нега бундай бўлдик? Мана бунинг сабабларини текшириб, аниқлаб билганимиздан кейин, унинг чорасига киришмоғимиз керак. Бизнинг ишончимиз 6у дунё, у дунё бўлиб, охират кунига иймон келтирамиз.

Энди шуни билмоқ лозимдирким, бу дунё ишларини Аллоҳ таоло бутунлай сабабга богламишдир. У дунё ишлари бўлса, Қуръоннинг айтишича, сабабсиз, худо қудрати билангина пайдо бўлур. Ҳаёт оламидаги дунё ишлари заррадан Қуёшгача, барча нарсаларнинг бўлиши ва бўлмаслиги бари сабабга боглиқир. Таваккал қилиш, яъни, Аллоҳга топширишни эрса, инсон тоқатидан ташқари, қўлидан келмайдиган ишлардагина шариат буюради. Шундоқки, деҳқон ерни танлаб ҳайдайди, бутун шароитларини бажарган сўнггида тупроққа уруг кўмади. Аммо тупроқ ичидан уни ундириб чиқариш унинг иши эмас. Бу тўгрида таваккал қилиб туришдан бошқа чораси йўқдир. Бизнинг бу сўзимиз ҳаммага тушунарлик бўлганликдан, дунё ишларини мусулмонлар, албатта, шунга таққос қилишлари лозимдир. Пайғамбаримиз айтдилар: «Мусулмонлар дунёда яхшилик кўрсалар Аллоҳга ҳамд айцин. Агар ёмонлик кўрар эканлар, ўзларидан кўрсин, қилмишлари уларга қайтарилмишдир».

Оят, ҳадис, худо, пайғамбар сўзи мазмунича тўхталган ҳукм шулки, исломият шароитларини 6утун бажариш шарти билан дунё ишларида моддий, маънавий томондан замонавий асбобларини тўлиқлаб қўлга келтириш мусулмонлар учун фарздир. Агар бу ишни юзага чиқариш учун юз шарти бўлар экан, шулардан тўқсон тўққизини бажариб, бирига келганда узрсиз уни қолдирса, шариат олдида хиёнат қилган бўлиб, шу ишда жиноятчи ҳисобланади. Чунки, ҳаёт оламига қурган Аллоҳ қонунини бузиб, яхши сақламаган бўлади. Қайси нарсанинг салбий, ижобий бўлиши бўлмаслиги сабаблари тўлиқланар экан, кимнинг қўлидан бўлса ҳам, у нарсанинг юзага чиқиши аниқланмишдир. Биз мусулмонларга ҳам шундай ишониш лозимдир. Чунки, бир ишнинг пайдо бўлиши учун, унинг сабаблари тўлиқ қўлга келар экан, уни юзага чиқариш Аллоҳнинг ҳаёт оламига қўйган қонунидир. Қуръон тилида буни «одатилло, суннатилло», яъни «Аллоҳ одати, Аллоҳ йўли» деб айтилади.

Пашамбарлардан бошлаб бутун дунёда яшайдирганлар шу қонунга бўйсунишга мажбурдирлар. Бунга мисол Уҳуд урушида шу қонун яхши сақланмаган эди. Бир зумда аҳвол ўзгариб, иш мўминлар зиёнига айланди. Бунга тушунмаган бир неча кишилар: «Муҳаммадни Xудо юборган бўлса эди, биз шундай кунга қолармидик, ўзининг тиши синиб, боши ёрилди, йўлдошларидан қанча кишилар душманлари қўлида ўлдирилди», деб хато фикрга кетдилар. Ҳақиқатда эса бу ишга ўзлари сабабчи бўлмиш эдилар. Xудо Қуръонда кўрсатган уруш қонунларини бузиб, Расулуллоҳ буйруқларини бажармагач, зафар булардан юз ўгирмиш эди. Бу қонун дунё борича давом этажакдир.

Энди, биз мусулмонлар, айниқса, икки Туркистон туркий халқлари: барча ўзбек, уйгурлар ҳаёт оламида қурилган Аллоҳ одатига яхши тушуниб, динимиз, Қуръонимиз буйругини амалга оширолмадик. Шунинг учун ҳозирги ҳаётимизда душманлар қўлида эрк ихтиёримиздан бутунлай ажралиб, бурнимиз ерга ишқаланган ҳолда ҳайвондек ишлаб, қуллардек қийналиб, кун кечирмоқдамиз. Яна шундай бўлса ҳам, келажакда кўзда тутилган умидлар асоси кўриниб, уйгониш туйгуси ўқимишлик ёшларимиз орасида сезила бошланмишдир. Фикр уйгониши ортидан иш ўзгариш натижа бериши бурундан бери сиёсат оламида бўлиб келган ишдир. Тарих саҳифаларида бундай ҳолларни кўп учратамиз.

Кофирлик ёмонми, билмаслик тушунмаслик ёмонми? Бу саволга дунёнинг энг улуглари пашамбарлардан бошлаб, барча билимлик донишмандлар: «Билмаслик ва тушунмаслик куфрдан ҳам ёмонроқ», деб жавоб бермишдурлар. Чунки, ўз замонига тушунмаган мусулмонлар шариат олдида ислом асосларини билмаган бўладилар.

Ўз миллий ҳукуматидан ажраган инсонлар, ўз ватанида турган бўлсалар ҳам, биз Туркистон халқи каби бутун ҳуқуқларидан ажраб, хор зорлиққа қолишлари шубҳасиздир. Биз эса ўз меросимиз она ватанимизга эга бўлолмай мол-бошларимиздан, динимиздан борлиқ нарсаларимиздан бутунлай ажрамоқдамиз.

ХХ аср маданияти орқалик дунё бўйича илм тарқалиб, бунинг натижасида Оврупо аждарҳоларининг мустамлакаларида қулчиликда яшаётган инсонлар озодликка чиқиб, ўз миллий ҳукуматларига эга бўлдилар ва бўлмоқдалар. Шу билан баробар иккинчи томондан ўзларини «меҳнатчилар гамхўри» деб пардалаган коммунист қизил аждарҳолар тушунилмас, бузуқ тузулмалари остида бутун халқни қутулмас қулчиликка солиб, ҳайвонларча ишлатмоқдадирлар. Айниқса, биз икки Туркистон ўзбек уйгур мусулмонлари икки аждарҳо огзига тақашиб, ютилиш олдида турибмиз. Энди иш шундайин фожиалик ҳолга етганда бундан қутулиш учун қандайча чоралар кўришимиз мумкин ва қандайча чоралар кўришимиз керак! Чунки, ҳаёт оламидаги бутун ишлар сабабга боглиқ эканлигини, қачон бир ишнинг сабаби топилар экан, уни юзага чиқариш, Қуръон ҳукмича, Аллоҳнинг бузилмас одати эканлигини аниқ билдик. Бундай бўлшч, бу фурсатни ҳам ганимат билиб, ютилиб кетмасдан болдирроқ (олдинроқ, илгарироқ), ундан қутулиш чорала-рига киришимиз лозимдир.

Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан, ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир кўмирлари кўп бўлгандек, олтин олмослари ҳам оз эмасдир. Энди эса келажак кунларда биз учун яхши шароит лар тугилиб, қобуси келар экан, тог боскандек устимизда босиб ётган босқинчилар қўлидан ватанимиз Туркистонни, албатта, қутқара оламиз. Чунки, бизлар ҳозирги ҳолда тог тагига тушган чумолидек ожизликда ётган бўлсак ҳам, бунга қарши кўз олдимизда тогларни қўморгидек (ағдаргудек, кўчириб, юлиб ташлагудек), даҳшатлик куч қувватлар фурсат кутиб турибдилар. Агар шундоқ кунлар тўгри келар экан, сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади.

Энди мақсадга етмоқ учун давлатимиз қўлимиздан кетган бўлса ҳам, миллатимизни ютилишдан сақлаб қолиш керак. Бунинг бирдан бир чораси эса, диний ва ҳам миллий ҳисларимиздан ажрамаслик эди. Бироқ бу ҳийлагар босқинчилар ўзларининг зулм-истибдод ҳокимиятлари остида диний миллий ҳисларимизни йўқо тиш учун, тиш-тирноқлари билан қаттиқ киришганликлари натижасида, Туркистон халқининг диний ҳислари кўнгилларидан кўтарилиб қолди. Нечук кўтарилмагайким, дин илми, дин тарбияти биринчи навбатдаёқ мактаб мадрасалардан чиқарилиб ташлаб, ўқув ўқитув ишлари бутунлай динсизлик асосига қурилмиш эди. Шундан бери 50 йил ўтди. Совет ҳукумати коммунистик истибдод остида диний миллий ҳисларини бутунлай халқ кўнглидан чиқариш учун, моддий ва маънавий кучлари билан динга қарши бутун чораларини кўрмоқда. Бунинг таъсири орқалик ҳозирги ёшларимизнинг дин ҳақидаги тушунчалари ўзгариб, диний ҳислари йўқолиши бошланди. Унинг устига байналмилал пардаси остида ёшириниб олиб, миллатчилик йўқ деса ҳам, бошқаларни ютиш қонунини амалга ошириш билан бизни ютмоқчи бўладилар. Энди бу ёлмогизларга ютилишдан ўзимизни қутилтириш учун, диний, миллий ҳисларимизни сақлаб, замонавий фан илмларини эгаллашдан бошқа чора топилиши мумкин эмасдир.

Хулоса шулдирки, миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чогда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақлангусидир. Агар бундай бўлмай балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чогда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб, ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуг хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Бундай бўлди демак, улуг Туркистон улуси Турон насли босқинчилар тилагича, қурбон бўлган ҳолда инқирозга учраб, Аллоҳ сақласин, тарих саҳифаларидаги шон-шарафлик ном нишонлари ўчирилади демакдир.

«Хонлигингдан ажрасанг даги, улусингдан ажрама», деган эскидан қолган мақол энг ҳикматли сўздир. Чунки, бизнинг ишимиз ва биз ўхшаш бошқаларнинг ҳам ишлари шу ҳозирда талашиб тортишиб ётган дунё сиёсатига боглиқдир. Шунга давр тил адабиётимиздан адашмай, миллий ҳиссиётимиздан ажрамаган ҳолда, замонавий илмларни эгаллашимиз келажакда кўз тутилган улуг мақсадларимизнинг биринчи шартидур.


Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Шундай қилиб, тоғдан тоққа, довондан довонга оша икки кун юрганимизча, бизни кутиб олишга мўлжал қилишган тоғга етиб келдик. Қарасак, биз ваъдалашган кишилардан бу ерда ҳеч кимни кўролмадик. Бу ишдан ўйланиб гумонга тушгач, соғлик билан олға томон юриб, кун туш вақтида Қудурғу тоғига етиб келдик. Бизни кутиб турмоқчи бўлган Қўйчи ботирнинг ёширинган жойи тўп қарағай, қаршимиздаги тоғ бетида кўриниб турмоқда эди. Кўз тутган еримиздан ҳеч ким кўринмай, жим-жит бўлганлиги учун ҳайрон қолиб турганимизда, бирданига уч отлиқ киши тоғ чўққисидан чиқдилар. Бизнинг кишиларимиз бўлсалар керак деб, Ҳизрни кўргандек баримиз қувнашган ҳолда чувқон (бақириш) солишиб, ёғлиқларимизни (қўл рўмоли) айлантириб уларни чорлагани турдик. Бизга қарши улар ҳам дўстлик белгиси билдириб, жавоб қайтарган бўлдилар. Биз пастда, улар тоғ устида икки ўрта узоқроқ бўлиб, товуш етар лик эмас эди. Орадан бирор соат ўтар ўтмас тоғдан тушиб, тўп қарағай ичига кирганларича, икки уч соат кутдик, у ердан чиқмадилар. Бу ишдан гумон олиб, бизга қўрқинчлик тушгач, буни пайқаб келиш учун икки кишини юбордик. Булар ёширинча бориб қарасалар, бизни тутишга Қоракўл шаҳридан юборилган ўттизча аскар бўлиб ётмиш эканлар. Буни кўриб шошилинч билан қайтиб келаётганларида йўлда улар томонидан ўлдирилган Қўйчи ботирнинг икки йигитини кўрмиш эдилар.

Шу билан ишнинг қандай эканлиги бизга маълум бўлғач, дарҳол қуролли кишиларимизни тоғ бетидаги ёширин ўринларга жойлаб, шу куни бир бирларимизни пойлашиб ётдик. Кеч яқинлашган сайин, ҳаво бузилиб, қор ёғиб, тун қоронғулиги бости. Биз келаётган ёлғизоёқ йўлимизни душман тўсиб турғонликдан, отишиб-чопишиб бўлса ҳам, шулар олдидан ўтишимиз ёки орқамизга қайтишимиз керак, бундан бошқа чорамиз йўқ эди. Кўпчилик йўлдошларимиз қўшқулон, хотин болалик бўлганликлари учун, душман олдидан кесиб ўтишга журъат қилолмадилар. Бунинг устига қор қаттиқ ёғиб, олди-орқа йўлимиз бутунлай йўқолди. Улуғ тоғлар оралаб йўлбошчисиз ёлғизоёқ йўл билан қўрқинч остида келаётиб, ҳар томондан душман билан ўралган ҳолда, бу каби оғир кунга қолишимиз бизни энг қаттиқ даҳшатга туширмиш эди. Ахири, ўзаро кенгашгандан сўнгра, олдимиздаги душман қўлига тушмаслик чорасини ўйлаб, орқамизга қайтдик. Кўз кўрмас қоронғу кечаси, минг турлик машаққат билан тоғдан тоғга ошиб ўлтириб, тонгга яқин бир сой ичига келиб тушдик. Шу кеча ҳар қанча машаққат тортган бўлсак ҳам, ҳозирча раҳмсиз душман қўлидан қутилган ҳисоб бўлдик.

Агар бу ваҳшийлар қўлига тушар эканмиз, хотин болалар билан бир қаторда бирортамизни қолдипмай, отиб чопиб йўқотиб юбориш, буларнинг одатлари эди. Xудо сақлаб, шу туни қалин қор ёққанликдан эрталаб изимизни топишолмай, бошқа йўл билан ўтиб кетган деб гумон қилиб, кетларига қайтган эканлар. Шу баҳона бўлиб уларнинг ноҳақ зулмларидан бизларни худо қутқармиш эди. Иккинчи куни эса, у сойдан кўчиб, Челак довони туюғидаги қалин қарағай ичига кириб, омон олмоқчи бўлиб кетаётганимизда, Иссиқкўл бўйидаги қирғизларнинг оқсоқолларидан бир неча кишилар оқ байроқ кўтаришиб олдимизда кўриндилар. Қарасак, булар бизни йўлдан қайтариш учун бйр қанча алдов ёлғон ваъдалар билан ҳукумат томонидан юборилмиш кишилар экан. Қочоқлар ичидаги чоғайларга (камбағалларга) тарқатиш учун бир мунча тайинланган нарсалар ҳам бор. Буларнинг сирти тотлиқ, ичи заҳар сўзларига беш олти одамдан бошқа кўпчилиги алданиб, қайтишга мойил бўлдилар.

Шу билан келган йўлимизни қолдириб, Суттибулоқ ошуви орқалик иккинчи йўл билан, отларимиз ориқлаган, ўзимиз хориб чарчаган ҳолда, Иссиқкўл усти Бойсоврун яйловига қайтиб келдик. Бу ерда саяқ уруғи қирғизлардан ота қадрдонларимиз кўп эди. Ҳар қайсилари бизни чақириб, зиёфат қилгани туришди. Танимиз соғ бўлса ҳам, кўнглимиз тинчсиз бўлғанликдан, емак ичмагимиз ўзимизга татимас эди. Шу ерда уч тўрт кун турганимиз сўнггида, қирғиз йўлдошларимиз ҳар қайсилари ўз эл-юртларига тарқалиб кетдилар. Булар ичида кўзга кўринган беш олти киши бошимизга тоғ ағдарилгандек, нима қилишимизни билмай ҳайронликда қолдик.

Ахири, маслаҳат билан Тўқмоққа қайтмоқчи бўлганимизда ўзим йўлдошларимдан ажраб, фалон жойда топишайлик деб, уларни кечалаб йўлга солдим. Бу ер билан Тўқмоқнинг оралиғи икки юз чақиримча бор эди. Сўнгра қадрдон қирғизлардан бир йўлбошчи олиб, кўл бўйлаб ёлғизоёқ, ёширин йўл билан уч кун юрганимизда Иссиқкўлдан 30 чақиримча йироқликдаги Майдонтол деган қалин тўқай ичидаги Ирисбек қирғизнинг уйига келиб тушдик. Бу киши эрса, худо раҳмат қилсин, бизнинг энг ишонимлик дўстларимиздан бўлиб, бунинг қўлида 200 дан ортиқроқ тул қўйимиз бор эди. Мусулмончиликка ихлослик, хиёнати йўқ, бизга муҳаббатлик яхши киши эди. Биздан илгари кўришган йўлдошларимиздан бўлган воқеани эшитгач, келишимиз учун тайёргарлик кўриб, ҳеч кимга туйдирмай, қалин тўқай ичида ёлғиз уй тикиб, бизни кутиб ётмоқда экан. Бу ерда уч тўрт кун ётиб ҳордиқ олғанимиз сўнггида, киши йўқ тоғ йўллари орқали юрганимизча, орада бир қўниб, эртаси тонгга яқин Тўқмоққа келдик.

1930 йили сентябр ойининг ўн бешларида шу хатарлик сафарга чиқиб, 20 кундан ошиқроқ тоғу тош, қору музлар орасида меҳнат машаққатларга қолиб, ахири қазодан қочиб қутулиш имконияти йўқлигидан, тақдирга бўйинсунишдан бошқа чора тополмадик. Бу раҳмсиз золимлар зулмидан қочиб, суюмлик она Ватанимизни ташлаб ва ҳам бутун ҳаётимиз ҳосили ўз оиламиздан ажраб, ҳасратлик кўзларимиздан қон ёшларимизни оқизган ҳолда кетган бўлсак ҳам, олдимиздаги эркин озодлик оламига чиқиш умиди билан улуғ тоғлар устида анчагина кўнглимиз очилиб, руҳимиз кўтарилмиш эди.

Зулмхона

Бу йўлдан (Шарқий Туркистонга ўтолмасдан) қайтиб келгач, ҳозирча, душман қўлига тушмаган бўлсак ҳам, кўз тутқан умидларимиз бўшқа (бўшлиққа, йўққа, бекорга) кетганликдан ўз ватанимиз душман қафасидай кўринмиш эди. Шундай бўлса ҳам, бошқа чора тополмагач, ҳеч кимга туйдирмай, қирқ кунча шу ерда турдим. Сўнгра Сўқулуқдаги тунгон шогирдларимиз хабар топишиб, ёширинча мени олиб кетдилар. Тунгон халқининг бизга кўрсатган яхшиликлари кўп эди. Бунга қарши улар учун Аллохдан яхшилик сўрашдан бошқа ҳеч нарса қилолмадим. Булар ичида ўз оиламда турганимдан ортиқроқ бўлиб, икки-уч ой ўтказганимдан кейин қаёқдан англамишдир совет давлатининг уч ҳарфлик ГПУ жаллодлари марҳум Олимхон тўра акамизни чақириб: «Укангиз Алихонтўра чегарадан ўтолмай қайтиб келиб, Сўқулуқ тунгонлари ичида ёшириниб ётган эмиш. Биздан киши қочиб қутулолмайди. Сиз бориб бирга олиб келинг, унга яхшилик қиламиз», деб юбормишдир. Келмасга чоралари йўқ, келиб кўришган сўнггида яна қочиб қутулишим мумкин бўлса ҳам, акамни аяганимдан нима бўлса ҳам, ўзим кўрай деб биргаликда Пишпекга келдим.

Эртаси куни кўзимизга жаллодхонадек кўринган идораларига мажбурий равишда кириб кўришганим сўнггида, ўзларидан ҳеч кутулмас даражада юмшоқ муомала кўрсатган бўлишиб, мени тузоққа тушурмоқчи бўлдилар. Шу идора маккорларидан бири бизнинг сафаримизда бўлган воқеаларни бошдан оёқ қолдирмай сўзлаб беришни мендан сўради. Мен ҳам «Ан нажоту фиссидқи», яъни «нажот чинликда» деган ҳадисга мувофиқ, бир ойлик сафар ичида уйдан чиққан кунимиздан бошлаб ўтган ишларни гапириб бердим. Шундоқ бўлса ҳам оғиздаги сўзимга қаноат қилмай, шуларни бир икки кун ичида ёзиб келтиришимни топшириб, менга рухсат қилди. Унинг деган кунидан қолдирмай, айтган сўзларимнинг барини ёзиб келтирганим сўнггида, уйга бориб оилам олдида 15 кун дам олиб, қайтиб келишга буюрди.

Бироқ мени ўз хизматларига кўндирмоқчи бўлиб, қирғизлар қишлоғи Чийқўрғон деган ердаги кишилар устидан ёширин маълумот тўплаб келтиришимни менга топширдилар. Энди бу малъунларнинг топшириқларини бажарганимда, ўзим ишонган муқаддас Қуръон ҳукмига қарши ишлашга тўғри келар эди. Шунга кўра бу йўлда ҳар қандай оғирчиликлар бўлар экан, ислом ҳурматини сақлаш учун, бу золим ваҳшийлар топшириқларининг бирортасини ҳам ўринлатмасдан (бажармасдан) қайтиб келдим. Эртаси куни у билан кўришганимда

хизмати бажарилмаганини англаши билан, у кофирнинг туси ўзгариб, ғазаби қўзғалган бўлса ҳам, худо сақлаб, бошқаларга қиладурғон уруш-қийнаш одатларини менга қилишга журъат этмади. Шу билан аҳвол ўзгарганича иккинчи бўлимга чиқиб, бизнинг устимиздан зулм қарорини юрғизиш кенгашини ўтказиб, бир ой вақт ўтгандан сўнгра, уч қават бинонинг энг остқи қаватида, ер устидан тўрт метрча чуқурликда бўлган, ёлғиз ётоқ камерага мени тушириб қамаб қўйдилар.

Чирқиллаган қиш кунининг чилла совуғида, ости усти муздай ялтираб ётган ер ости зиндонига киргач, ўзимни ҳаёт оламидан бошқа бир дунёда тургандай бўлиб сездим. Бу каби даҳшатлик ўринга қиш чилласи рамазон ойида, рўза оғиз кирган эдим. Шу кундан бошлаб турма қозонидан ош ичмасга шарт боғлаб, оғиз очарда, саҳарда қуруқ нон, қайноқ сувга қаноат қилдим. Ўт кўрмай, иссиқ ичмай, рўза тутиб, ёлғиз ётар уйда шу каби қийинчиликлар билан 13 кун ўтказганим сўнггида, ленинградлик бир рус йигитини кечаси менинг устимга киргизиб қамадилар.

Қиш кунининг совиғи, ётоқ тўшак етишмаслиги, бунинг устига кўндаланг ёцак оёқ узалмайди, узунига ётганда икки киши сиғмайди, қиш чилласи бўлиб, оёқ совуққа чидамайди. Бу даҳшатли аҳволни кўргач, ўзи ҳам қийинчилик кўрмаган бой боласи бўлиши керак, ачинган кўзи билан менга қараган ҳолда: «Бу азобхонада турганингга неча кун бўлди?», деб мендан сўради. «13 кун бўлди», деганимда бошини чайқаб, менга ичи оғриганини билдирди. Шу билан қиш куни узун кечалари совуғига чидамай, ярим тунгача камера ичида икковимиз навбатлашиб юриб турдик. Бунга ўхшаган хўрлик азобини кўрганига чидаёлмаган бўлса керак, чой ўраган бир парча қоғозга хат ёзиб, қоровул аскарга топширди. Менга қараб: «Бундай оғир аҳволда турганимиздан ўлганимиз яхши. Мен очдан ўлишга розилик билдириб, ариза бердим», деди. Бир икки соат ўтар ўтмас камерага комендант бурутини (мўйловини) шоптай (тикка) қилиб, «Ким очлик билдирган киши?», деб ҳайбат билан устимизга кириб келди. «Мен эдим» деб ўрнидан тургач, шу ўхшаш кишиларга аталган ёлғиз ётоқ уйга уни чиқармоқчи бўлди. Менинг ётқанимга ҳам 13 кун бўлмиш эди. Бундай оғир ўринда 10 кундан ортиқ ушламаслигини эшитган эдим. Шунга кўра, совуқ қаттиқлигидан тан соғлиғим бузила бошлади. Шуни кўрсатиб: «Мени кўпчиликка қўшсанглар», деб комендантдан илтимос қилдим. «Юқоридаги сени қамаган кишилар билан сўзлашиб, сўнгра жавобини бераман», деди. Шу билан бир кечалик йўлдошимни олиб чиқиб кетдилар. Оз бўлса ҳам ғамхўрлик кўрсатган қайғудошимдан ажраб, яна совуқ хонада ёлғиз қолдим. «Ҳа, энди, бир баҳона сўз айтиб чиқиб кетган киши мени қайдан эсласин», деб ўйлаган бўлсам ҳам, хиёл ўтмай келиб, кўпчилик ичи саккизинчи камерага чиқазиб қўйди. Қарасам, 6у ер кўзимга бошқа бир олам кўриниб, муз хонадан мўнчага (ҳаммомга) киргандай бўлиб қолдим. Бу камерада менга йўлдош бўлғудек бир қирғиз, икки рус бўлиб, Тўқмоқлик бўлганликлари учун мени яхши танир эканлар. Улар билан сўзлашиб ўлтирдик. Шу куни ифтор вақти оғиз очаримда, топганимни олдимга қўйиб, қайноқ чой, юмшоқ нон келтиргач, «Ҳай, дунёда бундай жойни ҳам кўрар кунимиз ҳам бор эканку», деб шу ғурбатда роҳатланган бўлиб ўлтирдик. Бир неча кун ўтгандан сўнг мени ён қўшни камерага кўчирдилар. Қарасам, бу ерда ўзимнинг сафар йўлдошларимдан тўрт қирғиз ўлтиришган экан. Бир бирларимизга кўзимиз тушгач, туғишган қардошларча қувониб кўришдик. Чунки булар қор, музлик тоғлар, тошлар орасида қочиб юрган кунларимиздаги қайғу қардошларимиз эди.

Байт:

Зоти яхши унутмас ҳеч қачон,
Қайғулик кунлардаги йўлдошларин.

Бизнинг сафардош эканлигимизни бу золимлар билмаган эдилар. Шунинг учун булар билан бирор ойча бирга туришиб, рўза кунларини ўтказдик. Бошқа ҳамсафарларимиздан кўзга кўринганларини қолдирмай, қамоққа олмиш эканлар.

Сўнгра, Отбоши Норин, Қўчқор, Жумғол томонлардаги қирғизлардан бойманап баҳонаси билан, кўзга кўринарли кишиларни қўймай, қамағали турди. Кўп бўлса, олти етти кишилик камерага йигирмадан ошиғроқ одам киргизди. Булар ичида умр бўйи бозор кўрмаган, улуғ тоғлар устида юриб мол боқишдан бошқани билмаган, ёшлари саксондан ўтган, бир неча қирғиз чоллари бўлғанларидек, 16 ёшлик бир қирғиз боласи ҳам бор эди. Тоғ тошларда от чопиб юрган ўйин боласи бирданига бундай даҳшатлик кунга қолишдан қаттиқ таъсирланиб, сочига оқ тушиб қолмишдир. Одам кўплиги, жой торлигидан кечаси икки тарафлама ётишга мажбур бўламиз. Оёқларимиз толиққанида узатиб юборур бўлсак, бир бирларимизнинг кўкрагимиз, қўлтиқларимизга кирганидан уйқимиз қочади. Бу ўриннинг қийинчилигини кўриб, аччиғини татимаган кишилар қайдин билсунлар бунинг азобини! «У дунёдаги яхши ёмон ишларнинг нусхаси, бу дунёда ҳам бор», деган сўзлар диний китобларимизда ёзилмишдир. Шунга кўра, оқил одамлар бундаги турлик ёмон муомалаларни, ёмон ахлоқсиз кишиларни кўргач, у дунёда бандалар учун тайёрланган Томуғ (дўзах) азобини эскариб, ибрат олишлари керакдир.

Байт:

Оқил одам ҳар ишдан ибрат олур,
Қайси ҳол ичра турса фойдаланур.

Турма тартиби бўйича ҳар куни камерани супуриш, параш кўтариш каби хизматларни навбати билан бир одам бажариб туриши лозимдир. Кекса, қари одамларнинг кезиги (ўрни, навбати) келганда уларнинг хизматларини кўпинча ўзим қилиб турдим. Одам боласи ҳар ишга чидаёлса ҳам, бекорчиликга чидаёлмайди. Шунинг учун пайғамбаримиз: «Бекорчи, соғлом йигитларни Аллоҳ душман тутади, ишчан қариларни дўст кўради. Бузуқчилик, фитна фасод ишлар кўпинча бекорчилардан чиқади», дедилар. Айниқса, тоғ тош, далатуздан (текислик, пастлик жой) келган қирғиз қозоқлар диний этиқодлари бўш, ўзлари очиқ ҳаво, кенг далаларда униб ўсганлиги учун бундай оғирчиликларни кўп кўрмаган, турма машаққатларига чидами йўқ бўладилар. Шу сабабдан вақтлик бўлса ҳам, орти нима бўлишига қарамай, имконият борича қутулиш чорасига киришадилар.

Мана шу ҳолдан фойдаланиб, халқ ичидаги ўнг-сўлини пайқайдиган, кўзга кўринарли кишиларнинг кўпларини бу маккорлар ўзларига жосус қилиб, бурунларидан боғламиш эдилар. «Душман қўли билан илон бошини янчи, ўлса ҳам сенинг фойданг, чақса ҳам сенинг фойданг», деган мақол сўзи буларнинг шиорлари эди. Бу виждонсизларнинг баъзи бир қўрқоқлари ўз ҳимоялари учун бошқалар устидан ноҳақ сўзлар келтириб, кўп одамларнинг ёстиғи қуришига сабаб бўлдилар. Ёлғиз шаҳар, қишлоқ, маҳалла кўйларида эмас, балки ҳар бир оилада ҳам, жосуслик балоси бошланмиш эди. Бундан чиқаётган фитна фасод ишлар, ҳар томонлама халққа бўлаётган жабр зулмлар кўплигининг ҳадди ҳисоби йўқ эди. Шунинг учун бу Туркистон халқларидан, айниқса, кўпчилиги мазлум мусулмонлардан ер ости, ер устидаги бутун турмаларини тўлдирмиш эдилар.

Бу каби ҳеч бир даврда кўрилмаган ваҳшатли даҳшатли азоблар совет ҳокимияти қурилган кунидан бошлабоқ давом этмоқда эди. Шундай қилиб, ортиғи билан 6 киши сиғарлик камерада 20 чоғли киши энг оғир аҳволда бир ойдан ошиқроқ ётдик. Сўнгра турма одати бўйича камера алмаштириш иши бошланиб, мани тўққизинчи уйга кўчирди. Қарасак, бундаги кўпчилик илгаригига қараганда неча баробар ортиқроқ эди. Шу жойга чиққан кунимиздан бошлаб, Тўқмоқ, Пишпекка қараганда узоқ яқиндаги қирғизларнинг бой манапларини қолдирмай келтириб, бизнинг устимизга қамадилар. Булар ичида Саяқ уруғидан ёши саксондан ошган туркман оқсоқоли бошлиқ, ёшлари етаёзган Кукумбой, Қурмон деганлар бўлиб ва ҳам шулар қаторида ҳар уруғ қирғизларидан исми чиққан, атоқлик манаплари кўп эди. Булар эса, ер ости камераларида кўпчилик билан беш ўн кун ёткандан кейиноқ, ҳавонинг бузуқлигига чидаёлмай ишигали турди. Охири булардан юқорғи саксон ёшлик туркман оқсоқол бошлиқ қанча кўп кишилар шу ғариблик турма азобида вафот топдилар. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!

Шунча кўп қирғизлар ичида саксон тўрт ёшлик бир чол киши қутулиб кетди. Бу эса Отбоши Норин томонидан келган, мол боқишдан бошқани билмаган, худо яратганича қолган, бир мўмин эди. Ундан ким сўз сўраса, ўз тилича айтиб «Барм ишти сўпом иле билетқу», деб қўяр эди. Бу сўзига мендан бошқа ким қулоқ солсин! Бир куни яна шу юқорғи сўзини гапирганида «сўпом» дегани нима дегани экан, «субуҳона» дегани бўлмасин, деб ўйланиб қолдим. Ҳар куни эрта кеч турма одатича икки вақт ҳаво янгилаш учун бутун қамокдагиларни турма саҳнига чиқарадилар. Чиқариш вақти бўлиб, эшиклар шарақлаб очилиши билан, тор қўрода қамалиб ётган ҳайвонлар каби, ўзларини эшикка уриб, ташқарига чиқишга интиладилар. Бошқа нима қилиш керак, бир нафас бўлса ҳам камера сассиқлигидан қутулиб, қуёш юзини кўриш, соф тоза ҳавода ўлтириб, бошқа камерадан чиққан мунгдошларимиз билан кўришиш биз учун энг керакли нарса ҳисобланур эди. Чунки, ортиғи билан 15 кишилик ўринга 50 кишини қамагандилар. Ҳамманинг юраги ғам қайғу билан тўлган, бунинг устига турма тозалиғи ночор, баъзи одамларнинг тан саломатлиги яхши кутилмаган. Шу хил сабабларга кўра сассиқчилик, иф-лосчилик қўпганликдан ҳаммани бит босган эди.

Шундай қилиб, камерадагилар шошилинч билан чиқаётганларида ҳар киши ўзи билан бўлиб, ёлғиз қолаётганини кўргач бояги «сўпом»чи чол: «Ҳай балдар, мендағи қудайдин жариғин кўрайин, мени таштамангдар», деб қаттиқ қичқирди. Қарасам, шунча кўп қирғизлардан бирорта одам унга қайрилиб қарамагач, мен келиб қўлтиқлаб ташқарига олиб чикдим. «Сўпом»нинг ҳурмати учун бошқа кунлари ҳам «сўпом»чига қўлимдан келган ёрдамимни аямадим. Шу билан уч тўрт кун ўтгач, бунинг ҳам соғлиғи бузилиб, саломатлиги йўқола бошлади. Қўл оёғи тулумдай (дум-думалоқ) бўлиб ишигани тургач, ўз оёғи билан ташқарига чиқолмай қолди. Бир куни камерада навбатчилик гали менга келмиш эди, қарасам, камерани супураётганимда чолим йиғини бошлаб: «Айланайин сўпом, мени ташлаб қўйдингми», деб қайғулик кўзларидан ёш тўкиб, шу сўзни икки-уч қайтарди. Шунда аниқ билдим, унинг «сўпом» дегани «субҳон» дегани экан.

Орадан 10 минут ўтар ўтмай, юқорида ўтирган жаллодлар бошлиғидан бирови тездан туша келиб, қўлидаги қоғозга қараб, ҳаммани текшириб бўлғач, югурганича юқорига чиқиб кетди. Xиёл ўтмай яна қайтиб тушиб, ҳаммамизни қайта бошдан сўрағали турди. Кимнинг фалокати ариб, иқболи очилди экан дейишиб, мендан бошқа ҳаммалари жалдирашган ҳолда қарашиб турардилар. Менинг кўнглимда эса, бу чолнинг бояги қилган худога ноласи, отган ўқдек етган бўлиши керак эди. Шунинг учун «Кимни истайсиз, оти нима?», деб ундан тортинмай сўра-дим. Бошқалар эса, жаллод олдига келган ўлим кишисидек термилган ҳолда қараб турардилар. Ҳалиги одамни истаган экан. «Сўпом»чи чол шундай қилиб бўшаниб чиқиб кетди.

Ҳар бир мусулмон одамга Аллоҳ фарз килган иймон тақлидий эмас, балки ҳақиқий иймон эканлигини аниқ билишлари керак. Ҳақиқий иймонлик одамлар ҳақ йўлда чидамлиқ билан турадилар, ҳар ишга ҳаққоният кўзи билан қарайдилар ва шу йўлда ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Динсиз даҳрийлар даврида ўз кўзимиз билан кўриб ўтган тажрибаларимиз ҳам, тақлидий юзаки мусулмонларнинг ҳеч ишга ярамаслигини кўрсатди. Бундай одамлар жонларига эмас, балки турмушларига озгина зарар етгудек бир иш бўлиб қолиш эҳтимоли бўлар экан, бунга қарши диний ва миллий ҳиссиётларини бутунлай қурбон қилиб юборишдан тортинмайдилар. Бу дунё шайтонларига қарши туролмаган тақлидий иймон, охират шайтони, малъун иблисга қандай бардош беролади? Шунга кўра, ҳар икки олам давлатини қўлга келтириш учун юзаки эмас, ҳақиқий иймонга эга бўлишлик, ҳар бир мусулмонга Аллоҳ тарафидан буюрилган фарздир.

Дунё яралгандан бошлаб, ҳеч бир даврда ҳозирги замонамиздек ер юзини қоплаган улуг офатлик балолар халқ бошига тушган эмасдир. Чунки, инсон наси яратилгандан бери, ҳеч бир замонда худога ишонмаган динсизлар қўлига ҳукумат ўтмаган эди. Энди эса, бутун дунёнинг тенг ярим халқи ҳеч нарсага ишонмайдиган даҳрийлар ҳукмига ўтди. Буларнинг энг ёмон кўрган нарсалари худога ишонмоқ ва худо қонуни бўлган ҳақиқий инсоний қонунларга бўйсунмоқдир. Шунинг учун коммунистлар ҳокимиятни қўлга олган биринчи кунидан бошлабоқ, диний мактаб ва мадрасаларни бутунлай йўқотдилар. Шундан бери биринчи синф болаларидан бошлаб, энг олий юқори даражага еткунча динга қарши ташвиқот дарслари узулмай ўқитилиб келинмоқда. Ўз мақсадларига эришмоқ ва бошқаларни руслаштириш учун чиқарган байналмилал қонуни Крзогистон, Қиргизистон, Ўзбекистон ва умумий Ўрта Осиё халқлари устида юзда юз бажарилмоқдадир.

Бунинг бирдан бир сабаби эса, Масков маккорлари ўз давлатини мустаҳкамлаш учун бу ўлкаларнинг, айниқса, Ўзбекистоннинг нақадар буюк аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунишидур. Советга қарашлик бутун ўлкалар давлат таркибида гавда мисоли бўлсалар, улар олдида Ўзбекистон ҳаёт берувчи жон ҳукмида бўлиб ҳисобланади. Бизнинг бу Ватанимиздан нималар чиқмайди? Бу бойликлар қаёққа кетаётганлиги ҳаммага маълум эди. Бирни бериб, мингни оладилар, шунга кўра ўтган чор ҳукумати давридан бошлабоқ Туркистон ўлкасини доимий равишда қўлдан чиқармаслик, балки, имконият топилар экан, бу ўлкаларни тўла мустамлака қилиш сиёсати бошланмиш эди.

Биринчи дунё уруши чиқиши билан олам сиёсати ўзгарди. Ўша замон подшоҳлари тахтларидан ажрагач, Русияда коммунистлар фирқаси шлаба қозондилар. Бунинг натижасида совет ҳукумати қурилиб, унга қарашли бутун ўлкаларда динсизлик, худосизлик бошланди. Энди бу аждарҳодан қутулиш учун қандай чора қўлланилиши керак деган масаланинг вақти ўтканлигидан бу ҳақда фикр юритиб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқдир.

Бироқ пайғамбаримизнинг гойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳам ҳозирги жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуг воқеалар бўлиши шубҳасиздир. Мана шу каби буюк воқеалар бўлар экан, дунё бўйича умумий ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин эмас. Шу ўзгаришлар натижасида мустабид тузумнинг темир қўргонлари тор мор қилиниб, асрлар бўйи золимлар асорати остида ётган бечора ватан аҳллари ўзларининг ҳалол мерослари она ватанлари бўлган Туркистон ўлкасига шунда, албатта, эга бўладилар.

Лекин бу муборак кунга еткунчалик бу аждарҳодан қутулиш эмас, балки унга ютилиб кетишдан сақ-ланиш чораларини имконият борича қилиб туришимиз лозимдир. Йўқ эса бутун дунёни титратган Темур каби шон-шавкатпли ҳоқонлар мамлакати бўлган улуг Туркистон ўлкаларини бу ялмогизлар ютиб сингдириб кетишлари кўп узоқ эмас. Чунки, Оврупо давлатлари томонидан асрлардан бери бутун дунё бўйича қўлланиб келинган мустамлакачилик сиёсати, иккинчи дунё уруши тугаши билан ўзгариб, ҳар миллат ўз ватанла-рига эга бўлиб, ўз ҳукуматларини қўлга олдилар. Ўша кундан бошлаб, ёлгиз Англия давлати Осиё, Африкадаги мустамлакаларидан 30 дан ортиқ мамлакат ҳалқига озодлик бериб, яна янги усулда ҳукуматларини қуриб ўзларига топширди.

Энди бутун оламда мустамлакачилик йўқолиб, озодлик даври бошланганига қарамай, совет империяси бир томондан ўз қўли остидаги ўн олти ўлкалик халққа тил учида қогоз устида озодлик берган бўлиб, иккинчи томондан, шармандаларча мустамлакачиликдан ҳам ёмонроқ сиёсат қўллаб, бутун халқни, айниқса, Туркистон халқини қул қилиб, ҳайвондек ишлатмоқдадир.

Бунга ҳам қаноат қилмасдан ерлик халқни ютиб сингдириш, ватанларини эса руслантириш қастига тушди. Турли баҳоналар билан Русиядан сел оққандек кишиларни келтириб, ватанимизнинг энг гўзал жойларини булар билан тўлдиришга киришди. Қиргизистон, Крзогистон ўлкаларидаги ерлик мусулмонлар устида,

агар сиёсат шу ҳозирги кетишича давом эца, кўп узоқламаёқ бу икки турк уруги ўз тилларидан ва ҳам ватанларидан ажраган ҳолда, ҳаммадан илгари руслашиб, ютилишга тайёр бўлиб қолдилар. Чунки иккинчи дунё уруши тўхтаган кунидан бошлаб, ҳозирги тарих 1968 йилга давр бу икки ўлкада ерлик халқларга кўра рус забонларнинг сони тез кўпайганлиги шуни исботлайди. Шунинг учун ҳозир қутулиш мумкин бўлмаганликдан, унинг вақти келгунча ўзимизни ютилишдан сақлашимиз керак. Қайси йўл билан бўлса ҳам ўзини сақлаган миллат, вақти келганда сабабларни тўлиқлаб, чидамлик билан ишга киришар экан, албатта, мақсадни қўлга келтира олади.

Энди душманга ютилишдан сақланишнинг энг кучлик қуроли эса, шу икки нарсадан иборат: биринчиси диний ихлос, иккинчиси миллий ҳисдир. Қайси миллат бу ҳисларга ҳалал еткизмай яхши сақлар эканлар, ундай миллат душман томонидан ютилиб кетилиши мумкин эмасдир. Коммунистлар ҳукймати динга қарши эллик йиллик кураши давомида Ўзбекистон мусулмонларини, айниқса, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўз динларидан анчагина йироқлаштириб, диний ҳиссиётларини йўқота олди. Лекин буларнинг миллий ҳиссиётлари ҳар қанча тортишувлар остида бўлса ҳам, шу кунларгача озми кўпми сақланиб келмоқдадир. Энди бу ҳиссиётимизни доимий равишда сақлаб қолишимиз учун, керакликзарур тилларни ўзлаштирганимиз устига, ўз она тилимизга қаттиқ аҳамият бериб, миллий адабиётимизни юқори кўтариб, илм ва маданият тиллари даражасига етказишимиз лозим. Мана шундагина бизлар олдимизда огиз очиб тайёрланиб ётган қизил аждарҳонинг ютишидан ўзимизни сақлай оламиз. Тил-адабиётимиз қанчалик ўсиб, тараққий топар экан, илм маърифат ҳам шунчалик кенгаяверади.

У ҳолда қуруқ отлиқ Ўзбекистон бўлмай,. тилимиз қаторга киргач, адабиётимиз соҳаси кенгайиб унинг обрўйи ошган сайин, миллатимиз ҳурмати кўтарилади. Бу эса миллий ҳиссиётимизни сақлаб қолиш учун энг кучлик қуроллардан бўлиб ҳисобланади. Шунга кўра диний ҳисдан ажраганлари устига миллий ҳисларидан ҳам ажрамоқ, XX аср маданият аждарҳоси огзига тушиб ютилди демакдир. Шунинг учун ёш қари демай ватанпарвар, миллацевар ўзбек олимлари ўзларининг келажак авлодлари олдидаги энг муқаддас вазифаси деб билиб, бу хизматни эсларидан сира чиқармасинлар!

Бир миллат ўз ҳаётий ҳуқуқларини керакли шароити билан қўлга келтириши учун, у миллатнинг олий ҳиммат ўгиллари фидойиларча мол-жонини аямай, бу йўлда ҳар қанча .қийинчилик чиқар экан унга қарши кўкрак кериб, чидамлиқ билан иш олиб борар эканлар, ана шундагина ҳақиқатни юзага чиқариб, ўз мақсадларига эриша оладилар. Ҳиммати ўзидан ошмаган олимларнинг бутун қилган ҳаракатлари ҳайвонларча қорин тўйгазишгагина богланган бўлиб, улар иродасиз, инсон суратлик жанивор лардир. Ўз тилларини унитиб, муқаддас динларини ҳаммадан илгари ташлаган ҳолда, улар илон огзига келган қуёндек ютилишга яқин турадилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Киши қайси халқ тилини ўрганиб, илмини олса, унинг тузогига тушмай, зиён заҳматдан ўзини қутқара олади», дедилар. Бундай бўлгач, тил ўрганиб, ўқув ўқитувдан кутилган бизнинг биринчи мақсадимиз: бутун дунёга танилган Ватанимиз Турон Туркистон тарихини қоралашлардан сақлаб ва ҳам келажакдаги авлод наслларимизни селдек келаётган босқинчиларга ютилишидан қутқаришдир. Агар шундай қилинмас экан, иймонликлар худо олдида жавобга тортилиб, бошқалар эса, сўнгги авлод болаларимиз тилида туганмас лаънатга қоладилар.


Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Золимлар томонидан ноҳақ олинган шунча кўп қирғизлардан ёлғиз «сўпочи чолдан бошқа ҳеч ким қутилолмади. Айниқса, бетобликга учраган ёши улуғ кишилардан ҳеч ким қолмади. Бунинг устига ўзларига қарши гумон қилиб, ер ости камераларида сақланмиш мазлумлардан қоронғу тунлари, олдиндан қазиб тайёрлаб қўйилган чуқурларнинг лабига келтириб, отилган чопилганлар ҳам оз эмас эди. Шу каби оғир кунлар бошга тушганида яхши ёмон кўзга кўриниб, дўст душман шунда ажрайди. Эр керакким, шундай оғирчилик кунлари торчилик ерларида кишиликни йўқотмай ўзини тута билсин.

Байт:

Яхшилик кунларда барча дўст бўлур,
Қора кун тушганда кимдир ожиз ўлур.

Шундоқ қийинчилик билан Пишпек ер ости турмасида ётқанимда менга жон куйдириб, вафодорлик билан хизмат кўрсатувчилар Сўқулуқ тунгонларидан Довудҳожи, Маъсудҳожи, Маъсудохун бошлиқ шогирдларим эди. Бу тарих ёзилган кунлари қарасам ул вокеадан 38 йил ўтмишдир. Ҳозирги 1968 йил тарихида эса, ўша садоқатлик дўст шогирдларимиздан икки уч кишигина қолиб, бошқалари фоний дунёдан ўтиб, марҳум бўлмишдирлар. Биз учун мол жонини аямаган, худо учун дўст тутинган, вафолик шогирдларимиз эдилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Ўша вақт турма тартиби бўйича ҳар ўн кунда бир йўли емак олишга рухсат берур эди. Шу куни бўлганида уч тўрт ердан овқат келгани устига, бирови оз деганда ўн кишига етарлик қилиб киргизур эдилар. Айниқса, тунгонларнинг манти, манпар, суюқош каби бошқаларникидан ортиқча лаззатли таомлари кўпдир. Шунга кўра бутун камерадагилар шу куннинг келишини кутиб туришарди. Айниқса, ички Русиядан қочиб келган руслар ичида соқоли кўксига тушган христиан руҳонийларидан бир поп бор эдиким, унга шунча кўп руслар ичидан биронтаси ҳам яхши кўз билан қарамас эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган эканлар: «Уч турлик кишиларга раҳм қилмоқ керак бирови шулки, аввалда, бир қавмнинг ҳурматлик кишиларидан эди, сўнгра хорликка тушиб қолди. Иккинчиси бир киши бой эди, давлати қўлидан кетиб, чағай бўлиб қолди. Учинчиси шундай олимдирки, замонасида унинг илмини тақдирлайдиган одамлар, олимлар йўқ бўлиб, соф жоҳиллар ичида қолди. Мана шундай одамларга раҳим қилинглар»,дейдилар. Шунинг учун келган ош овқатларни етганича камера аҳлларига тарқатганимда ҳаммадан илгари ўша попга берар эдим.

Ерлик немислардан ўқимишлик инженер бир йигит ҳам бор эди. Шунча кўпчилик ичида бошқага қарамай, мен билангина сўзлашар эди. Унинг айтишича, Париж дорилфунунини битириб, бошқа Оврупо тилларидан ҳам икки уч хил тил билган ҳолда, олий маълумотга эга бўлмиш экандур. Эрта кеч ташқарига чиққанимизда қўлтиқлашиб юрар, камерага кирганимизча мендан ажрамас эди. Бир куни менга қараб: «Ҳай дўстим, бу йиртқичлардан қутилсак киши гўштини ейдиган ер бўлса ҳам борар эдик, бу ваҳшийлар қадамлари етмаган пок жойларда икковимиз шу каби қўлтиқлашиб юрар бўлсак, бу каби виждон азобидан қутулиб, энг улуғ давлатга эришган бўлур эдик»,деб оҳ тортарди. Бунинг бу сўзидан қаттиқ таъсирланган бўлишим керакким, орадан шунча давр, 38 йил ўтган бўлса ҳам кўнглимдан кўтарилгани йўқдир.

Шундай қилиб, 1931 йили бутун қишни шу каби ер ости камера азобида ўтказдик. Ўлимдан сургундан қолганларимиз зўрға ёзга улашиб чиққач, қурилиш ишлари бошланиб кетди. Ҳафта ўн кунда бир марта ташқаридан келган ҳалол овқатга қаноат қилиб, турманинг ҳаром таомларидан тотинмай, қуруқ нончой билангина турдим. Бунинг устига кеча кундузлаб ер ости бузуқ ҳавода ётганимиздан бўлиши керак, кундан кунга кучсизланиб, соғлиғим ночорлашишга бошлади. Шунга кўра иш сўраб, ташқарига чиқишга ариза бериб эдим, худо ўнглаб, ишга рухсат қилдилар.

Баҳор кунлари қоронғу камералардан ташқари чиқиб, очиқ қуёш, соф ҳаво, кенг майдонда тургач, ўзимни янгидан ҳаёт топиб, бошқа бир оламга келгандай сезар эдим. «Ва ин тауддув нематоллоҳ ла туҳсувхо», яни «Сизларга берган Аллоҳнинг неъматларини санаб тугатолмайсизлар», деган оятни ўқиган бўлсак ҳам, бунинг асли маъносини шундагина тушундим. Шундоқким, инсоннинг ҳар бир нафасида икки неъмат бордир. У ҳам бўлса тоза ҳавонинг кириши, бузуқ ҳавонинг чиқишидир. Бундай бўлгач, бошқа неъматларнинг ҳисобига қандай етгали бўлғай? Шу билан қурилиш ишларида бир қанча вақт хизмат қилиб юрдим. Xизматга чиқиш ярим қутулишдай бўлиб, эшитган оғайнилар деярлик ҳар куни йўқлаб туришдилар. Айниқса, уйғур Иброҳимохун новвой, ўлган бўлса худо раҳмат қилсин, унинг ҳафталик бир сават ёғлиқ кулчаси билан, бир чора (идиш, тоғора) мантиси, ё бир тавоқда палов оши узулмай келиб турди.

Бир куни кечқурун хизматдан қайтиб келганимда турмадагилардан бир киши қўлимни ушлаб туриб, «Сенинг палони немис дўстинг суд бўлиб, узоқ ерга 10 йилга сургун бўлмишдир. Менга топширдиким, «Ўзбек дўстимнинг қўлини тутқан ҳолда, менинг ёлқунлиқ саломимни еткур. Душман кўлида узоқ сафарга кетдим», демиш экан ва яна: «Қайғулик кўнглим остидан ўрин олган унинг муҳаббатини умр бўйи сақлашга ваъда бераман», демиш эди. Мен ҳам 6у воқеадан 37 йил кейин, яъни 1968 йили унинг сўзини эскариб, тарих юзида қолдиришим билан муҳаббат аҳли ким бўлса ҳам, менинг олдимда нақадар улуғ ҳурматга эга эканлигини очиқ кўрсатдим

Байт:

Муҳаббатдан кўнгуллар нурға тўлғай,
Саккиз жаннат онингдин ҳосил ўлғай.

Ундан ажраган сўнггида уч тўрт ойлаб ўз одатим бўйича ишчанлик билан турлик хизматларда бўлдим. Қамалган кунимдан бошлаб, бирор марта бўлсин мени сўроққа чақирмадилар. Бирга қамалган сафар йўлдошларимни уриб сўкиб, турли қийновлар билан сўраган бўлсалар ҳам, илгари кейин Аллоҳ мени бундай ишлардан асрамиш эди. Лекин ишнинг қаттиғлигидан ҳафтада бир кун дам олишдан бошқа кунларда иш вақти 12 соатдан кам эмас эди. Шундай оғир меҳнатлар остида 4 5 ой ишлатган сўнггида бирданига бизни сиёсий идора қарамоғидан катта турмага кўчирмоқчи бўлди. Бизни ишга чақиришган кундан бошлаб, қўра ичига тикилган кийгиз ўтовларда ётардик. Яна шуларни ўзимизга кўчиргизиб, турма қўрасига тиктиргач, бизни камерага киргизмасдан уларни ётоқхона қилиб бердилар. Бу ернинг қийинчилик аҳволини кўрганимиздан кейин илгари кўрган меҳнат машаққатларимиз биз учун роҳат кўрилмиш эди. Чунки, пайғамбаримиз айтишларича: «Кимга бир мусибат еца, унга сабр қилмоқ керак, ундан ёмонроғи бўлмагани учун шукр килиш лозимдир». Шу билан 6у жойда ҳам ишга бориб келиб юриб, бир икки ой ўтказган бўлсак ҳам, одам кўплигидан кўп қийинчилик остида туриб эдик.

Шу орада бизнинг устимиздан ҳукм чиқардилар. Шундоқки, ҳамсафарлардан мен билан бошлиғимиз Назирқулга 10 йилдан, яна бировимизга етти йил, қолганлар эса бўшатилмиш эди. Бўшаганлар суюнишган, қолганлари, айниқса, бизга ўхшаб оғир кесилганлар ичида йиғлаганлар ҳам бор эди. Кесим (жазо, ҳукм қарори) қоғозини қўлимизга бергач, ўқитиб қарасак, жазони ижро қилиш иши Тошкентдаги конқлагер ихтиёрига топширилмишдир. У ерда эса қирқ беш мингдан ортиқ одам борлиғини онгламиш эдик. Келган мазлумлар ҳар қандай йироқ сургунга кетар эканлар, шу лагер орқалиқгина юборилар экан. Сибирнинг энг йироқ, энг совуқ ерлари Славка ва Архангелск каби жойларига ҳукм бўлган кишилар ҳам шу ўриндан узатилур экан. Бу жойларнинг ҳайбати қулоққа кўп киравергач, инсончилик кўнглимга турлик хаёллар келиб, бундан қутулиш чорасига киришдим. Тоқатдан ташқари ишлардан қочиш пайғамбарлар суннати бўлса ҳам, қутулиб кетиш қийин бўлганликдан узоқ ўйланиб қолдим. Ўз ўзимга: «Менинг нима гуноҳим учун ўн йил бердилар», дер эдим.

Avvalgi
I- qism