OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАмрита Притам
Асар номиАмакри (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Ҳинд адабиёти
Бўлимлар
   - Прогрессивизм
Муаллифлар
   - Амрита Притам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАбдусаттор Жуманазаров (Ҳиндий тилидан)
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 1991 йил, 2-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Амакри (ҳикоя)
Амрита Притам

Ожизлик ва кучли нафрат ўтидан Кишорнинг лаблари титрарди. Тўйининг биринчи кечасиёқ хотинининг кўксига лабларини босганда, оғзида шолғом таъмини туйгандек бўлди...

Бугун отаси ҳовлининг ҳаммаёғини электр чироқлари билан безаттириб қўйди. Алоҳида ажралиб туриши учун опалари, янгаларию дўстлари Кишорнинг ётоқхонасига шамчироқлар қадаб чиқишди.

Кишор шам ёруғида хотинининг юзига тикилди. Унинг гўзал чеҳрасида табассум ўйнарди. Сўнг шамчироқларга наеар солди: улардан мум ёшлари оқарди. Шунда Кишор хаёлан, хотинини бор кучи билан силтаб, «Кўриб қўй, сенинг биргина табассумингни деб, қанча кўз ёшлари тўкилмоқда», демоқчи бўлди. Бироқ тилини тишлаб қолди. Xотини шу заҳоти қаҳ-қаҳ уриб: «Ҳовлидаги дабдабани кўряпсанми? Бир томонда радио бўлса, бир томонда яхдон, бир томонда каравоту жавон бўлса, бир томонда кийим-кечак тўла сандиқ. Дарвоза ёнида эса машина! Буларнинг ҳаммасини сен ўзинг орзу қилгандинг-ку!» деяётгандек эди.

Кишор кўз ёшларини артаётгандек, шамчироқларнинг ҳаммасини бир-бир ўчириб чиқди. Зулмат хотинининг табассумини ўз рўмоли ила бекитгандек бўлди. Анча вақтдан сўнг, уйдагиларнинг ҳаммаси ухлагач, у ўрнидан туриб эшикни авайлаб очди ва ҳовлига чиқиб кетди.

Ҳовлида чироқлар чарақлаб турарди. Катта хўжайиннинг амрига кўра ҳовли тун бўйи шу тариқа ёришиб туриши лозим эди.

Кишор диққат билан кафтига тикилган эди, Амакрининг маржон тугмали, ихчамгина қора камзули ёдига тушди. Унинг хотирасида бувиси жонланди. Бувисининг қишлоғидаги одамови жат[1] ва унинг қизи Амакри кўз ўнгидан ўта бошлади.

Кишор коллежда ўқиб юрган кезларида, дастлаб онасининг раъйига қараб, ёзги таътилни бувисиникида ўтказиш учун қишлоққа кетди. Сўнгра ўзи уч йил ёзги таътилни яна қишлоқда ўтказди.
— Амакри, менга қара, нега ота-онанг сенга бундай ном қўйишган? — деб сўраганди бир куни Кишор қиздан.
— Бизнинг қишлоғимизда анбаҳ[2] кўп ўсади. Одамлар ундан мураббо тайёрлайдилар. Қишда тановул қилиш учун эса тилимлаб қуритишади ва сирланган хумларга ғамлаб қўйишади. Онам мени ҳам анбаҳнинг бир тилимига ўхшатгани учун Амакри деб ном қўйган,— дея жавоб берди нозиккина, қорачадан келган қиз соддалик билан...

Илк таътил фақат ўйин-кулги билан ўтди. Кишор қишлоққа кетаётиб, онасига: «Мен гапингиз ерда қолмасин деб жўнаяпман, лекин шуни айтиб қўяй, у ерда узоқ турмайман, беш-олти кундан кейин бирор дўстимникига бораман»,— деганди. Аммо Амакрини учратгач, бу гаплар Кишорнинг эсидан ҳам чиқиб кетди.

Қишлоқда анбаҳзорлар жуда кўп, шулардан биттаси Амакриларники эди. Кишор куни бўйи уларнинг боғида ўтириб китоб ўқир, қуёш тиккага келганда анбаҳ соясига чорпоя қўйиб ухларди. Қоқ тушда, хоҳ иссиқ шамол бўлсин, хоҳ ер қизиб ёцин, дарахтзордаги сув барибир муздек бўларди, Шунинг учун Амакри боққа яп-янги кўза келтириб, унинг бўғзига мисдан ясалган ялтироқ косача ҳам осиб қўйганди.

Негадир Кишор кўп чанқар эди. У худди анбаҳзор қўриқчисига ўхшаб ўтирар ва Амакридан сув сўрарди.
— Кишор бабу, нега сиз ҳадеб чанқайверасиз? — дерди Амакри унга. Қизнинг жарангдор кулгиси Кишорнинг хаёлини ўғирларди. Кишор Амакрини анбаҳ новдасига, унинг яшил кўйлагини эса худди новдадаги япроқларга ўхшатарди. Амакри бу кўйлагини бошқасига алмаштириб келган кунлари Кишор буни унинг эсига солар ва қиз эртасигаёқ ўша кўйлагини ювиб, яна кийиб келарди. Xуллас, биринчи йилги дам олиш ўйин-кулги билан ўтиб кетди. Кишор шаҳарга қайтиб келди. Ҳарҳолда уни кичкинагина, қушчадек Амакри сеҳрлаб қўйганга ўхшарди. Айниқса, у кейинги йили дам олиш вақти келганда буни чуқурроқ ҳис этди ва дарҳол бувисиникига жўнади.

Кишор бу сафар қишлоққа келганда ўтган йилги нозиккина, қорачадан келган, бир маҳаллар ўзи анбаҳ новдасига ўхшатган соддагина қизни эмас, балки, сочлари қуюқ япроқлар каби елкасини тўлдирган, бутунлай анбаҳ дарахтига айланган Амакрини учратди. Унинг кўзлари ҳам анбаҳ мевалари каби ўзгариб кетганди. Кишор Амакрининг юзига маҳлиё бўлиб тикилди. Қиз қўллари билан кўзларини бекитиб олгандан кейингина ҳуши жойига келди. Анбаҳ мевалари кўздан ғойиб бўлди, Амакри югуриб боғдан чиқиб кетди.

Иккинчи куни Кишор боғда ўзи учун дарахтлар соясига қўйилган чорпоя ва унинг ёнида сувга тўлатилган яп-янги кўзани кўрди. Ўша куни туш пайтида Амакри боққа келди. У эгнига яшил кўйлак кийиб, қўлларига ўшандай рангдаги биллур билакузуклар тақиб олган эди.

Бу таътилда Кишор Амакрини бағрига босгиси келаверди. Бу хоҳиш унинг вужудини ёндира бошлади. Бу истак кундан-кун алангаланиб, Кишорнинг тоқатини тоқ қилди.

Бир куни у шартта Амакрининг қўлидан тутди. Амакри қўлини шошиб тортиб оларкан, «Кишор бабу! Бу анбаҳ, бўлагига чангал солишдан нима фойда сизга? Бугун еб кўриб, эртага бир пўчоқ сингари ташлаб юборасиз»,— дея бошини қуйи эгди. Кишорнинг юзи хижолатдан қизариб кетди.

Бу таътилда ўйин-кулги ўз ўрнини кўз ёшларига бўшатиб бера бошлади. Кишорга у шаҳарга қайтиб келганида ўзи билан бир қанча «оҳ-воҳ»лар олиб келди ва уларнинг бир улушини Амакрига ҳам қолдирди.

Унинг кейинги ёзги таътилгача сабри чидамасди. Қишки дам олишдаёқ оёғини қўлга олиб, бир дунё орзулар билан бувисиникига етиб келди. Бу сафар Амакри ўз қалбининг бўлакларини вужудига ўраб, унга бахш этди.

Келгуси йил ёзги таътил бошланиши билан Кишор яна бувисининг қишлоғига жўнади. У Амакрини, ўша анбаҳ бўлагини ўпиб эркаларкан:
— Бугун сенинг қўнғироқ сочларинг асалари уясига ўхшайди, лабларинг эса нақ асалнинг ўзгинаси! — деди.
— Кўзларим-чи? Улар асаларига ўхшамаяптими? Уясига тегсанг, қўлингни чақади-я...

Амакрининг жавобидан сўнг ростдан ҳам бу кўзлар худди асаларилар каби унинг юрагига ҳужум бошлади. Юрагида оғриқ тўла шиш пайдо бўлиб, тобора каттариб бораётгандек эди.

«Анбаҳ бўлаги»нинг асалари уясига айланганига бир неча кун бўлган эди ҳамки, бир куни Кишор унинг ювиб-таралган сочларини ҳидлаб: «Мен ҳеч қачон май ичмаганман, лекин сени кўришим билан ақлу ҳушимни йўқотяпман», деди. Шу йўсин Амакри гоҳ анбаҳ бўлагига, гоҳ асалари уясига, гоҳида эса бир қултум шаробга айланадиган бўлди.

Ўшанда Кишор Амакри билан хайрлашаётган эди. Ажралиш пайтида Амакрининг қўллари унга маҳкам чирмашиб олди. Бунга ҳам тоқат қилмай юраги тўлиб-тошган қиз йигитнинг қўлидан тишлаб, қизил излар қолдирди.
— Токи бу анор суви излари қўлингда тураркан, сен мени унутмайсан,— деди у.
— Вой ёввойи мушукча-ей, вой тентаквой-ей...

Кишор қўлида пайдо бўлган шишга лабини босди. У анбаҳ бўлагининг, асалари уясининг, бир пиёла шаробнинг яна бир қилиғига дуч келган эди.

Шу ёзда барсат[3] анча эрта тушганди. Ўша куни кечқурун хийла салқин бўлгани учун Амакри маржон тугмали қора камзулини кийиб чиққан эди. У қулоғига кумуш сирға, қўлларига биллур билакузуклар тақиб олганди. Унинг безаги бор-йўғи бир сиқим тугмаю арзимаган кумуш ва бир нечта биллурдан иборат эди, холос. Шу куни Кишор илк бор оддий қишлоқ қизи билан ўқимишли шаҳарлик қизларнинг ўзига зеб беришдаги фарқини англаб етди. Ўша кундан бошлаб Кишорга шаҳар ва коллеждаги қизлар ҳар хил андозада тикилган кийимлар кийдириб намойиш этиш учун кўргазмага қўйилган дўкон қўғирчоқларига ўхшаб туюла бошлади.

Кишор ва Амакрининг қалбида пайдо бўлган муҳаббатнинг муаттар бўйи қишлоқдан шаҳарга етиб келди. Бундан хабар топган Кишорнинг отаси унинг онасини ёнига ўтқазиб: «Агар одам бир марта муҳаббат қудуғига тушиб қолса борми, уни ҳеч кимса у ердан тортиб чиқара олмайди. Шундай, ўғлингдан ажралиб қолмайлик тағин. Уни бу қудуқдан чиқариб олиш учун тезроқ тўй арқонини эшавер энди», деди. Бу воқеа рўй бермаганда-ку, Кишор ночор аҳволда қолмаган бўларди. Унинг ота-онаси қўлларида тўй арқонини тутишганча қайсар сузувчи каби қудуққа тушиб келишди ва Кишорнинг оёқ-қўлини боғлаб, ундан олиб чиқишди.

Тўйнинг биринчи куни Кишор бу қудуқ дунёси узра термиларкан, Амакрини хотирлар эди. Кишор қанчалар истаса ҳам бу қудуққа қайтиб туша олмаслигини биларди. У тўй арқони билан чандиб боғланган эди. Бироқ бу қудуқ дунёсини тарк этиб ҳам кетолмасди. Қачонлардир бу қудуқдан ичган сувлари бугун ўз ҳаққини талаб қилиб, унинг томирларида кўпирар эди.

Тун охирлаб борарди. Ҳовлидаги чироқлар бирин-кетин ўча бошлади. Бундан эса Амакрининг эгнидаги камзулнинг маржон тугмалари бир-бир узилиб тушаётгандек туюлди Кишорга.

Тун бўйи уйқусизликдан кўзлари қизариб кетган, бир кечадаёқ ўзини олдириб қўйган Кишорни кўрган опалари, янгалари эрталаб унга ҳазиллаша бошладилар:
— Ҳой, нима бўлди ўзи? Келин қочиб кетмадими мабодо? Жуда ғамга ботиб, мижжа қоқмаганга ўхшайсиз?

Бироқ Кишор чурқ этмади. Опалари эса сепга берилган яхдонни очиб, қизиқиб томоша қилишга киришдилар.
— Ҳой қаҳрамон, энди бунга нималар қўймоқчисиз? — деб сўрашди улар. Кишорнинг тунд юзи бир зум ўзгариб:
— Бу ерга шолғом қўяман,— деди ва улардан узоқлашди.

Орадан бир неча кун ўтиб, анбаҳ мавсуми бошланди. Уйдагиларнинг ҳаммаси роса анбаҳхўрлик қилишди. Яхдонга ҳам бир қанча анбаҳ солиб қўйишди. Аммо Кишор анбаҳ томонга қайрилиб ҳам қарамади. Эрталаб нонушта пайтида столда анбаҳ турган бўлса, у чой ҳам ичмасдан хонадан чиқиб кетарди. Бир куни Кишорнинг уйига дўсти келди. Яхдонда бир неча шиша шароб бор эди. Қанчалик қисташмасин, Қишор ундан бир қултум ҳам ичмади. Бундан опасининг жаҳли чиқди, янгалари хафа бўлишди. Дўсти аччиқ-аччиқ узиб олгандан кейингина Кишорнинг тили айланиб, «Сиз менга еб-ичиш учун ҳеч нарса берманг, менга шолғом берсангиз бўлди... менга шолғомнинг ўзи бас... мен шолғом ейиш учун келганман бу дунёга», деди.

Яна ёз келди. Қуда томондагилар Кишорнинг хонасига совутгич ўрнаттириб беришди. «Бизнинг Гуллумиз иссиқ хонада яшаб ўрганмаган»,— дейишди улар.

Кишор ишхонадан чиқиб уйига тушлик қилиш учун келганда, хотини ҳар доим уни салқингина хонада бир оз дам олишга ундарди. Бундан Кишорнинг юраги янада эзилиб кетарди. «Мен эркак эмасман, мен бир ҳўкизман. Xотиним кўзимни боғлаб қаерга судраса ўша томонга кетавераман»,— деб ўйларди у. Кишор хотинининг гапини сира икки қилмасди.

Кунлардан бир кун Кишорга бутун вужуди толиқиб бораётгандек туюлди. У бирпас дам олиш учун каравотга чўзилди ва шу ётганича кун бўйи турмади. Унинг қони совиб борарди. У энди бутунлай бефарқ бўлиб қолди. Ҳатто Амакрини ҳам эсламасди...

Кишорнинг аҳволи ҳаммани шошириб қўйди. Докторларнинг бири келиб, бири кетарди. Барча ўткир дори-дармонлар ҳам унга кор қилмади. У борган сари чўкиб, бир парча музга айланди.

Сўнгра бир воқеа содир бўлди. «Эҳтимол, Кишорга қишлоқнинг тоза ҳавоси дармон бўлар» деган мазмунда уни қишлоққа чорлаб, бувисидан хат келди. Кишор хатни ўқиб чиқди. Бироқ унинг совуқ чеҳрасида ҳеч қандай ўзгариш сезилмади. Шу кечаси Кишор бир туш кўрди. Тушида унинг чорпояси анбаҳ дарахти тагида турганмиш. Чорпоя ёнида яп-янги кўза, кўзанинг тепасига эса мис косача тўнтарилиб қўйилган эмиш. Шунда Амакри мис косачага сув қуйиб, Кишорга узата бошлабди, бироқ косача унинг қўлидан тушиб кетиб, Амакри бирдан каккуга айланиб қолибди ва унинг ёнидан учиб кетибди.

Каккунинг «ку-ку»лаши Кишорни уйғотиб юборди. Кишор муздек қўллари билан юзини силади. Унинг кўзларидан қайноқ кўз ёшлари қуйиларди. Кишор безовталаниб каравотга ўтириб олди. «Шу соат, шу дақиқа ичида хонадан чиқиб кетмасам, зилдек суяклариму мадорсиз тиззаларим, тўзғиган ўйларим каби кўз ёшларимни ҳам идора этишга қурбим етмай қолади», деган фикр миясига урилди. Сўнгра у бекат тарафга жўнади. Қаердан каккунинг «ку-ку»лаган овози келиб турган бўлса, ўша томонга қараб бораверди.

Кишор иккинчи куни пешинда анбаҳзорга етиб келганда, ростдан ҳам ўша жойда бир чорпоя турганини кўрди. Ҳа, бу унинг учун роса уч йил асраб келинган ўша жой эди. Кишор турган жойида қотиб қолди. «Ким билсин, менинг бу чорпоямда ким ётибди энди?» деб ўйлади. Чиндан ҳам чорпояда кимдир ётганди. У ёнига ағдарилганда, қўнғироқ овози Кишорнинг хаёлини бузди. Кишор олдинга талпиниб, Амакрининг оёқларини қучди. Амакри қалтираб, оёқларини тортиб олди. Кишор кўрдики, Амакри энди анбаҳ бўлаги эмас — унинг пўчоғи эди: асалари уяси эмас — асалари эди; энди май тўла қадаҳ эмас — сопол синиғи эди.
— Кишор бабу!..— деди Амакри каккунинг «ку-ку»лашидек жаранглаган овоз билан.

Кишор тиззалари қалтираб, бошини чорпояга қўйди.
— Нега бу ерга келдинг? — сўради Амакри ранги оқариб.
— Мен адо бўлдим... Мен оловли жазирамани соғиниб келдим...— Кишор чорпоядан бошини кўтариб, титраган қўллари билан Амакрини билагидан тутди. — Мен ҳам инсонман ахир...
— Ҳа, инсонсан, эркаксан,— деди Амакри пичирлаб.
— ...инсонман... эркакман,— беихтиёр такрорлади Кишор.
— Муҳаббатни оёғости қилиб, никоҳ меҳробига қадам қўйган киши инсон бўлолмайди! Ўзини эркак деб аташга ҳаққи йўқ унинг!

Амакри шиддат билан Кишорнинг қўлига ёпишди ва унга тишларини ботирди. Кишор қўлида пайдо бўлган қонли изга тикилиб қолди. Ақлдан озган Амакри қалт-қалт титрарди.
— Бу анор суви эмас, заҳарли томчи бу! Сен мени ёввойи мушук дердинг, йўқ, мен қутурган мушукман...
— Сен ҳақсан, Амакри! Тишларинг заҳри бутун борлиғимни кемириб боряпти. Мен энди дарди бедавоман,— зорланди Кишор.
— Биласан-ку, қутурган ҳайвон тишлаган одамни ўн тўрт марта эмлашади. Сен ҳозирча бир марта уйландинг, бу сенинг биринчи эмланишинг. Яна камида ўн тўрт марта уйланишинг керак...

Амакрининг кўзлари совуқ чақнарди.


  1. Жат — деҳқон.
  2. Анбаҳ — манго дарахти.
  3. Барсат — намгарчилик.