OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнор
Асар номиҚизил лимузин (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Озарбайжон адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонФахриёр
Ҳажм53KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қизил лимузин (ҳикоя)
Анор

«
Етти дўнглик шаҳримда
Мен гулимдан айрилдим.
На ўлимни тушунмоқлик,
На ундан қўрқмоқлик айб.

Нозим ҲИКМАТ
»

О. хаёллари чувалашиб тўхтади, атрофга аланглади. Бу жойлар унга танишдай, бироқ тор кўчани илк дафъа кўриб туриши. Бир-икки қаватли уйлар, эски, нураган ҳовлиларнинг бад, қоришиқ бўйлари, эшиксиз-деразасиз деворга бориб тақалган диғриқ – боши берк кўча – ҳамма-ҳаммаси О.га вақтию кўнглидан олис, чиркин хотираларидан сизиб ўтган аралаш-қуралаш тушларининг антиқа оламини эслатар эди. Болалик хотираларимикан бу?

Йўқ, унинг болалиги бу маҳаллада кечмаган. Балки анча йиллар бурун бу ерга бирор қариндоши, дўсти ёхуд танишиникига меҳмон бўлиб келгандир. Эслай олмади. Уйидан ишхонасига ҳам бу йўллардан ўтиб бормайди. Бунинг устига, кўнглига шаҳарнинг ўзига дахли бўлмаган маҳаллаларида санқиш ғулғуласи ҳам ҳеч тушмаган. Унда нега ҳамма нарса кўзига, худди бу ерни қаричлаб ўлчаб чиққандай, таниш туюлади? Вужудини кемирган ташвиш, ғалати бесаранжомлик ҳисси қаердан дориди?

У соатига қаради. Ярим кеча – комендантлик вақти бошланишига жуда оз қолган эди. Имилламай бу ердан – чалкаш, бефайз жинкўчалардан марказий кўчага, шоҳкўчага чиқиш, соат ўн икки бўлмасидан уйига етиб олиши керак, акс ҳолда патрулнинг қўлига тушиб қолиб, тунни шу яқин атрофдаги комендатурада ўтказиши ҳеч гап эмас.

Балки ҳаммасига ойнинг гўё ўзга дунёлардан бу ерга келгану ғира-ширада хароба тусига кирган иморатлар, чувалган калава ипига ўхшаш тор кўчалар – умуман, қулоқни том битиргудек сукунатга тўла бу ғаройиб макон устидан ҳукм юргизаётган кумуш-бўз ранг нури сабабчидир? Ахир, у маънисиз ва ҳаракатсиз нигоҳини ой нурига тикиб, ойдин йўлакдан беўх¬шов, аммо тантанали қадам ташлаб бораётган ойпараст эмас-ку! Ҳуши жойида, эсини емаган, вақтни ҳам аниқ билади. Шунга қарамасдан, тушим эмасмикан дея, юрагини сиқаётган, ғаройиб парвоздан дарак бериб турган вазнсизлик ҳолатини ҳис қилиш учун ерга оёқ тираб сакрашга уриниб кўрди. Албатта, бундан бир иш чиқмади. Йўқ, у туш кўраётгани йўқ. У, қўрқувдан тонг қотган чоғингда жонсиз оёқларинг бир жойга михланиб қолганидай, учиш ёки бошқа бирор ҳаракатни ҳис қилмаётган эди.

Лекин у бемаҳалда бу ерларда нима қилиб юрибди? Нега келди бу ерга ўзи, қачондан бери манави нотаниш кўчаларда санқиб юрибди? О. қанчалик тиришмасин, саволларга жўяли жавоб топа олмади. Ичувчи бўлганида ҳам гўрга эди, ҳа, энди мастликда бўлиб туради-да, адашиб, гадойтопмас жойларга келиб қопти, деса... Ўлганнинг устига тепгандай, юрагида уйғонган ва сал бўлмаса босинқирашу ваҳимага айланаёзган хавотирни айтмайсизми! Ҳозирнинг ўзида, бир-икки дақиқа ҳам ўтмай даҳшатли бир фалокат рўй берадигандай, кўнгилни алағда қилаётган тутқич бермас ҳис...

У қўққисдан ўзининг тор йўлакли диғриқ деворига тикилиб турганини сезиб қолди. О. шарт бурилди-да, йўлак бўйлаб юриб кетди, муюлишга қайрилди-ю, яна тешик-туйнуксиз деворга рўпара келди. Қамалиб қолдим, деган хаёл урилди миясига. Лекин зум ўтмай кўзи девордаги энсиз эшикка тушди ва шошиб шу томон юрди. Уни итариб очди, аммо ўйлаганидек, ҳовлига эмас, худди ановисига ўхшаш бошқа бир тор йўлакка чиқиб қолди. Бирдан елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шунда у ўзини қўрқитиб юборган нарса узоқдан келаётган элас-элас товуш эканини англади – ўша товушни бўғиқ йиғи-сиғи деб ўйлаган, мана, энди аниқ-тиниқ эшитиб билса, бу, бор-йўғи, мотор шовқини экан. Ўт олдирилган мошинанинг мотори. Бир оз ўтиб мотор қизийдию мошина жўнаб кетади. Аммо... бемаҳалда, бу ҳам етмагандай, мана бундай тор, танг жинкўчада мошинага бало борми? Ҳали қораси кўринмаган мошина унинг юрагига яна ғулғула солди. Сабабини тузукроқ англаб етмай туриб, унинг кўнглидан бу мошинага илло-билло рўпара келмай, тезроқ қочиб қолиш керак, деган фикр ўтди.

О. қадамини тезлатгани сайин мошина саси ҳам яқинлашиб келаверди – ваҳимага тушиб, қоча бошлади. Қочаркан, мошина тор йўлакдан катта тезликда ўтиб кета олмайди-ку, деган ўй миясида айланарди. Орқадан мотор шовқини жуда яқин келиб қолганини сезди. О. ўзини мажбурлаб ўгирилди. Йигирма қадамча нарида кўчани тўлдириб, устига бостириб келаётган каттакон қизил лимузинни кўрди. Жон ширинлик қилиб, дуч келган эшикни итариб очиб, худди сингиб йўқ бўлиб кетмоқчидай, нафасини ичига ютганча деворга қапишиб олди. Айни чоқда моторнинг овози паса¬йиб қолди, мошинани ўчди деб тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ қизил лимузин тўхтаб қолмаган, фақат тезлиги сусайган эди, холос. У О. қапишиб олган эшикка тобора яқинлашиб келар эди.

...ва гўё мошина салони бўш эканини О. кўриши учун нақд унинг рўпарасига келиб тўхтади. Салон, дарҳақиқат, бўш, бўм-бўш эди. Ҳайдовчининг ўрнида ҳеч ким йўқ.

* * *

У одатдагидай еттига тўғрилаб қўйилган соат зангидан уйғониб кетди. Гарчи даҳшатли туш титроғи ўтиб кетмаган бўлса-да, ўз уйида, ётоғида эканини, бутун кўрганлари тушида содир бўлганини англагач, ўзига келиб қолди. Кулимсираб, бош ирғаб қўйди.

Янги кун бошланаётган эди. Ўрнидан туриши, ювиниши, соқол олиши, чой ичиши ва ишга жўнаши лозим. Қилиниши керак бўлган бугунги ишларнинг ҳам кечаги, эртанги, бир йил, ўн йил олдинги, бир йил кейинги юмушлар билан ўхшашлигини эслаб юраги сиқилди. У, гарчи имкони бўлмаса-да, яна бирпас мизғиб олиб, ўзини алдамоқчидай кўзларини юмди, лекин азалий одати панд бериб, тўшакдан туриб кетди: бугун ҳам ҳаётий кўникмасига айланиб қолган кун тартибига риоя қилиши шарт эди.

О. ярим соатлар ўтиб, ўзи сўққабош яшайдиган квартираси эшигини тамбалаб, зинапоядан пастга энарди. У беш дақиқадан сўнг 7-автобусга ўтириб, метро стантсиясига етиб олиши, метрода эса тўрт бекат юриши, метродан чиқиб, ишга, тўғрироғи, иш жойигача яна юз қадамча босиши керак. Ўн саккиз йилдан бери шу ҳолат – бир вақт, бир улов, бир йўналишда айнан такрорланар эди. Дам олиш кунлари, таътиллар, бетоб кунларини ҳисобга олмаганда, ўн саккиз йил...

О. сигарет тутатганча, йўлак эшигидан ташқари чиқаётиб, рўпарасидаги пиёдалар йўлкаси ёнида турган қизил лимузинга кўзи тушди. У бир сапчиб тушди, қадамлари сустлашди. Бу ўша тушида кўрган лимузин эканига қасам ичиб, шаҳодат бериши мумкин. Xудди тушидагидек, мошина ичида ҳеч зоғ йўқ. Бироқ ойлоқ тушидан фарқли ўлароқ, ҳозир кўча тонгги қуёш нурларидан чароғон, бу ерда бирор сир йўқ ва, бинобарин, қизил лимузин ҳам бирор хатар туғдирмас эди. Мошинага ўхшаган мошина, бирор авло жойи йўқ, оддий мошиналардай турибди жойида. Балки О. уни кўрган-у, паришонхотирлиги боис эътибор бермагандир, ўша мошина ғайриихтиёрий тарзда ботиний онгига ўрнашиб қолиб, тушига кириш учун пайт пойлаб ётгандир.

Кучаниб ғўриллаганча яқинлашиб келаётган эски автобусни кўрган О. бекат томон илдамлади-да, доимо тирбанд юрадиган бу уловнинг орқа эшигидан туртина-суртина чиқиб олди. Шунда беихтиёр автобус деразасидан уйи томон кўз ташлади. Қизил лимузин ҳамон ўша жойда турар эди.

Икки бекатлар юрилгандан сўнг аксарият йўловчилар тушиб, автобус бўшаб қолди. О. бўш жойлардан бирига чўкиб, у ёқдан-бу ёққа шошилаётган одамларга, автобусни қувиб ўтаётган, қарама-қарши тарафдан келаётган мошиналарга, ўзи ёнидан минг марталаб ўтиб-қайтган уйларга паришонхотир термулар, фикрини бир ерга жамлашга уринар эди. Энди у автобусни чап ёки ўнг ёнидан қувиб ўтаётган мошиналарни, худди ниманидир излаётган ёки кутаётгандай синчиклаб кузата бошлади. Миясидаги ғира-шира ўйлар аниқ бир фикрга дўнди-ю, беихтиёр истеҳзоли кулимсиради: «Излаётганим анави қизил лимузин эмасми? Уни кўрмаганимга ҳам анча бўлди, одам соғинар экан».

У автобусдан тушиб, ўн қадам ҳам юрмаган эдики, метрога кираверишда йўлкага тақаб қўйилган қизил лимузинга кўзи тушди. Яна мошина ичида ҳеч ким йўқ эди.

О. метронинг ўзиюрар зинасидан эниб борар экан, балки шаҳарга жуда кўп қизил лимузин келтирилгандир, шунинг учун ҳам уларни ҳар қадамда учратаётгандирман, деб ўйлади. Аммо унинг тушларига кириб чиқишини айтмайсизми? У ўзининг зўраки кулимсираганидан ижирғанди. Елкасида енгил бир титроқ турди. «Агар бу ўша мошина бўлса-чи? Мени таъқиб қилиб юрса-я?» Шу асно миясига лоп этиб бошқа бир фикр урди: «Тавба! Таъқиб қилар эмиш! Сенинг кимга керагинг бор?» Шунинг баробарида О. ўша қизил лимузинни яна учратсам албатта рақамига қараб оламан, деб кўнглига тугиб қўйди. «Ўҳ, демак, сен бу иккаласини ҳам бир мошина деб ўйлаётган экансан-да?.. Оббо, гапини қаранг!»

Мана шундай ғулғула билан андармон бўлиб О. умрида биринчи марта тушиши керак бўлган бекатдан ўтиб кетиб қолсами. Қарама-қарши тарафдан келаётган поездга ўтириб, ортига қайтишга мажбур бўлди. У метродан чиқа¬ётиб, яна қизил лимузинга дуч келди. Бу сафар ажабланмади ҳам, фақат ичида одами бўлмаган мошинанинг рақамига кўз ташлади: «19-91. Таниш-билишчилик қилиб олинган номер. Ўтиб бораётган йилга ҳам тўғри келади: 1991 йил. Xўп, нима бўпти шунга?» У елка қисиб қўйди: «Оддий тасодиф».

У кундалик қатнов йўлининг сўнгги қисмини босиб ўтар экан, ўйлаб қолди: наҳотки таҳририят олдида ҳам қизил лимузин турган бўлса? Шуниси ҳам етар. Бундай бўлиши мумкин эмас. Метродан унинг идорасига олиб борадиган бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Демак, қизил лимузин уни қувиб ўтиши керак эди. Шунда унинг ҳайдовчисига кўзи тушган бўларди. Ахир, бу мошиналар ўз ҳолича кезиб юрадиган туш эмас-ку...

У атрофни, ўзини қувиб ўтаётган мошиналарни диққат билан кузатар, лекин на улар сафида, на таҳририят биноси ёнидаги автомобиллар орасида қизил лимузин бор эди.

О. лифтда саккизинчи қаватга кўтарилиб, ўз кабинетига кирди. Кабинет деразалари ҳовлига қараган эди. Шу пайтгача эътибор қилмаган экан, лекин ҳозир бундан афсусланди: деразадан кўчага боқиб, ташқаридаги мошиналарни кузатиб ўтириши мумкин эди, қизил... «Йўқ, эсимни еб қўйганга ўхшайман, – деб ўйлади О. жаҳли чиқиб. – Нега шу жин ургур қизил мошина хаёлимдан кетмай қолди?»

У кунбўйи таҳририят ишлари билан банд бўлди: эртан чиқадиган газета саҳифаларини ўқиди, кейинги сонларга мўлжалланган мақолаларни таҳрир қилди, хатлар билан танишди, шулар билан чалғиб, тамадди қилиб олиш ҳам хаёлидан кўтарилибди, соат тўртларга бориб, очиққанини сезди. У олтинчи қаватдаги буфетга тушди.

Тасодифни қарангки, буфет деразаси ҳам кўчага қараган эди. О. тушликка пул тўлаётиб, беихтиёр деразадан ташқари мўралади. Пастдаги мошиналардан бирининг ранги қизил эди. Эй, ўша бўлмасин тағин?

О. беихтиёр тахминини текшириб кўрмоқчи бўлиб биринчи қаватга тушди-да, кўчага чиқиб, мошинанинг олдига борди ва номерига қаради: 19-91.

О. нигоҳларини қизил лимузинга қадаб, ҳозироқ бир фалокат рўй берадигандай жойида тек қотиб қолди. Эҳтимол, кимдир мошина ёнига келиб, унга ўтиришини ва бу нохуш ҳодисага барҳам беришини кутгандир. Лекин ҳеч кимдан дарак бўлмади.

Иш куни тугаб борар, таҳририят олдига қўйилган мошиналарга эгалари келиб ўтирар ва жўнаб кетар эди. Вақт ўтгани сайин уларнинг қатори сийраклаша борди. Қолган беш-олти мошина орасида қизил лимузин ҳам бор эди. О. дафъатан ўзининг анчадан бери йўлкада, мошиналар олдида кимнидир ёки ниманидир кутиб турганини сезиб қолди. Энди кутишдан фойда йўқ. Бу ерда эрталабгача қаққайиб турса ҳам нафи бўлмаслиги, қизил лимузинни миниб кетгани ҳеч ким келмаслиги турган гап. Негадир бунга ишончи комил эди. Боз устига, унинг кўнглида ҳозир жўнаб кетсам, уни эрталабгидай уйимнинг эшиги олдида кўришим аниқ, деган ишонч ҳам пайдо бўлди. Нега бу ғалати ишонч миясига ўрнашиб қолди, ўзи ҳам тушунтириб бера олмайди.

О. уйига жўнади. Афтидан, мошиналарни кузатиш жонига теккан, шунинг учун ўтган-кетган йўловчиларга ҳам эътибор бермай қўйган эди. Кўнглида, бу ишлар яхшилик билан тугамайди, деган бир алағдалик бор эди. У худди бегона шаҳарга бориб қолгандай ҳис қиларди ўзини. Табиийки, бу ҳис О.га ёт эмас, кейинги икки-уч йил ичида у ўз шаҳрини таниёлмай қолган эди. Шаҳар тобора бефайз бўлиб бораётгандай, эски ҳамшаҳарлари гўё бошқа бировларга алмаштириб қўйилгандай эди. На чора. Шаҳарда О.нинг дўстлари, оғайнилари, ҳатто танишлари кундан-кунга камайиб борарди. Ҳатто шаҳардаги бинолар, кўчалар, майдонлар ҳам олдинги файзини йўқотди, хиралашди, тундлашди, дағаллашди. Илгарилари О. уйдан чиқиб юз қадам юрмаёқ албатта икки-уч танишини учратар эди, бугун эса шаҳарни соатлаб кезса ҳам бирор таниши билан салом-алик қилиши даргумон.

О. ғуссали хаёлларга толганча метрога яқинлашаркан, йўлка бўйида 19-91 рақамли қизил лимузинни кўриб қолди. Бу ерга қачон, қандай қилиб келиб қолди экан? Ахир, таҳририятдан метрогача фақат шу йўл билан келинади. О. ҳозиргина пиёда келган бу йўлда ҳеч қандай қизил лимузин учрамади-ку? Ё ҳар доимги паришонхотирлиги сабаб эътиборсизлик қилдимикан? Нима бўлганда ҳам мошина шу ерда турар, ичида эса яна ҳеч ким йўқ эди.

О.нинг кўнглидаги айқаш-уйқаш ҳисларни бир ном билан аташ мушкул, аммо уларнинг ёнига яна бир ҳис – қўрқув келиб қўшилгани аниқ эди. Кимдир атай уни тушуниксиз бир ўйинга тортаётган, бу ўйин у ишга қатнайдиган йўл бўйлаб давом этаётган эди. На чора. О. ичидан гупириб келаётган ғазаб аралаш, майли, ўйин бўлса, ўйнаганим бўлсин, лекин унинг қоидасини, рақибларим кимлигини билишим, ҳеч қурса, кўришим керак-ку, дерди ўзига-ўзи. У метро вагонида шу ҳақда ўйлаб кетди. Демак, «улар» О.нинг қатнов йўлидан хабардор... Изига тушишган, хўш, бунинг нима қийин жойи бор? Бу уларнинг қўлидаги кузир. Ким экан ўшалар? Билганида борми? Балки ўшанда ўйин бошқачароқ бўлар, унинг қоидаси бўйича ўйналармиди? «Майли, кузир уларнинг қўлида бўлса, ўйинни бузиш менинг қўлимда. Ҳозир ҳар доимгидай метронинг ўзим тушадиган бекатидан чиқсам, ўша қизил лимузинни кўришим аниқ. Мен эса тўртинчи бекатдан эмас, иккинчисидан... чиқаман». Нега айнан иккинчисида эканини О. метродан кўчага чиқиб англади. Бир замонлар у деярли ҳар куни метронинг айнан шу стантсиясидан чиқар, аммо икки йилдан буён бу ерларда қорасини кўрсатмас эди. Метронинг шундоқ ёнгинасида котиба яшарди. Ҳамма бало шунда экан.

* * *

Котиба ҳам таҳририятда ишлар эди. Кунлардан бир куни, тўғрироғи, бир туни котиба билан О.нинг газета сонига навбатчилиги тўғри келиб қолди. Улар ярим кечаси газетани топшириб, кўчага бирга чиқишди. Табиийки, О. уни уйигача кузатиб қўйди. Ундан-бундан, ишдан, ходимлардан, об-ҳаводан, турмуш ташвишларидан гаплашиб кетишди. Бирга ишлаётганига бир йил бўлса-да, ҳали бирор марта бунга ўхшаш кўнгилга эрк берадиган вазиятга тушишмаган эди. Энди эса бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдираб, негадир иккаласи ҳам бу кеч бир-биридан айрилмаслигига ишонар эди. Йўқ, фақат бугун, фақат бир кеча эмас (Бунга кейинчалик котиба ҳам иқрор бўлди).

Котиба навниҳол, диркиллаган, гўзал, бу ҳам етмагандай, бир ўзи турар эди. О. эса бўйдоқ. Ҳозиргидай. Ҳар доимгидай. Шу воқеа рўй берганига ҳам беш йил бўлибди. Демак, ўша пайтлар О. беш ёшлар ёшроқ экан-да.

Котибанинг камтарлигини ҳисобга олсак, у қилган нимишора, нимтаклиф ва нимдаъватларни, бир пиёла чойга кирсангиз, деб тушуниш мумкин эди. О. эса ниятига етиш учун атайин чўнтакларига шапиллатиб уриб, қитмирлик қилди: гугурт фақат уйда бўлишини била туриб, котибадан гугурт сўради. Лекин гап бунда эмас, муҳими, ўша сўлим кеча уларнинг бир-бирига айтган сўзлари ҳам, қилган имо-ишоралари ҳам – ҳамма-ҳаммаси табиий ва ярашиқли эди. Кеч бўлиб қолгани эсларига тушганида метро аллақачон ёпилган эди.

О. котибаникида ётиб қолишга мажбур бўлди, бу ҳам табиий бир йўсинда кечди. Ошиқ-маъшуқлик уч йил давом этди. Бу орада улар бир-биридан тўйган, ҳатто бир-бирининг жонига теккан ҳам эдики, иккаласини боғлаб турган кўринмас ришта асаб толасидай таранглашиб, оғриқсиз узилар ҳолатга келган эди. Гапнинг индаллоси, ҳар нарсанинг интиҳоси бор. Шунинг учун бўлса керак, котиба – ташландиқ бўлишни хоҳламай – таҳририятдан бўшаб кета қолди. Ишдан кетганидан сўнг орадан бир ой ўтиб, О. қўққисдан уни йўқлаб борди.

Котибанинг уйига меҳмон – янги иш жойидаги дугоналари келган экан. У О.ни совуқ қарши олди, шу сабаб одоб юзасидан бирпас ўтириб, хайр-хўшлашиб кета қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб, уникига яна келди. Бу сафар котиба уйида йўқ экан. Кейинчалик яна бир бор йўқлади – тополмади. Шундан сўнг яна эски тегирмон тоши айланиб кетиб, ишга кўмилди-қолди, котибани унутди.

Бу айрилиқ уни на қийнади, на азоб берди. Юраги ақалли қилт этмади, қизни деярли соғинмай қўйди. У бир ўзи яшашга ўрганиб кетган, ёлғизликдан азият чекмас эди.

О. баъзан аёллар билан танишар, дон олишар, уларни уйига етаклаб келар ёки уларникига меҳмонга борар эди. Табиатан камгап бўлгани учун танимайдиган бирортаси у билан бирга ўтириб қолса, зерикканидан «тарс» ёрилиб кетай дер эди. Шунинг учун у билан таниш-билишлик, нари борса, бир-икки соат давом этарди. О. танишини ойлаб эсламаслиги ҳам мумкин эди.

У иккинчи бекатда тушиб, метродан чиқди, лимузин-пимузин дегани йўқ. Бундан ажабланмаса ҳам бўлади: унинг бу ердан чиқиши кимнинг хаёлига кепти дейсиз? Бу фикр ўзининг ҳам миясига тасодифан келиб қолмадими, ахир!

Оёқларининг ўзи уни эски одатга биноан котибанинг уйига бошлаб келди. Мана таниш зинапоя, иккинчи қаватдаги пиллапоялардан бирининг кемтиги бор, қоқилиб, пешонангни ғурра қилгинг келмаса, эҳтиёт бўлганинг маъқул. О. учинчи қаватга чиқиб, худди кечагина бу ердан кетгану орада икки йиллик айрилиқ бўлмагандай эшик қўнғироғини босди.

Эшик ортида қадам товуши эшитилди ва:

– Ким у? – деган овоз келди.

У жавоб берди.

Эшик очилди. Котиба О.ни кўриб ҳайрон бўлди.

– Сенмисан? Қандай шамол учирди?

У, шу яқин атрофда бир ишим бор эди, бирйўла сени ҳам кўриб кетай дедим, деб минғирлади. Улар ҳамон остонада туришар эди. Ниҳоят қиз уни ичкарига таклиф қилди.

– Кир, – деди қиз. – Фақат, айбга буюрмайсан, уй тўзиб ётибди. Меҳмон келишини кутмаган эдим.

Хона ғариб бир аҳволда эди. Бўм-бўш, жиҳозсиз. Фақат деворда бир тошойна қолган. Сурат чорчўпи осилган михлар, ранги ўнгиб кетган гулқоғозли деворда йиллаб осилиб турган ўша суратлар ўрни қора из бўлиб қолган эди. Xона кунжагидаги картон қутиларга китоблар жойланган, қутиларга сиғмаганлари ерда, дераза рафида сочилиб ётар эди. Девордаги ойна О.га котибани суйган онларини эслатди, у бўлса О.нинг ойнага тушган нигоҳидан хаёлига нималар келганини уқиб олди. Xона бурчагидаги паркет ранги полнинг бошқа жойларидан бўлакча эди. Ердаги қора тўртбурчак улар бир-бирини суйган каравот ўрни эди. О. ҳатто пуржиналар ғичир-ғичирини ҳам эшитгандай бўлди.

– Xайрлашгани келдингми? – деб сўради котиба чўзилиб кетган ўнғайсиз жимликни бузиб.

– Xайрлашиш деганинг нимаси? – таажжубланиб унга қаради О. – Ё кўчяпсанми?

У тасдиқлаб бош ирғади.

– Уйингни алиштирдингми?

– Йўқ, ватанимни.

О. бирпас жимиб қолди-да, сўнгра гап қотди:

– Нима ҳам дердим. Ҳозир бу урф бўлган… Сир бўлмаса, қаерга?

– Узоққа, – ним табассум қилди қиз. – Бошқа қитъага, океан ортига.

О. котибанинг онаси жуҳуд бўлганини, Америкада қариндошлари, холасими, тоғасими борлигини эслади. Буни унга қизнинг ўзи айтган эди.

– Қачон кетяпсан?

– Индинга, – деди у. – Ҳамма нарсани сотдим, бугун каравотни ҳам олиб кетишди. Энди ерда ётиб ухлашимга тўғри келади.

– Мана бу китоблар-чи?

– Уларни эртага олиб кетишади. – Кейин бирданига эсига тушиб қолди. – Ошхонадан иккита истакан топилади. Ҳозир сенга чой қўйиб бераман.

– Кераги йўқ, – деди О. Лекин котиба ошхонага чиқиб бўлган эди.

О. метро стантсиясига қараган дераза ёнига келиб кўчага тикилди. Ке¬йин ўзининг ойнадаги аксига кўзи тушди: юзи салқиган, ажинли кўзлари остида халтачалар, сочи оппоқ. Йўқ, унга сочи оқармаган, аксинча, моғорлаб кетгандай туюлди.

У қўлига илинган китобни олиб паришонхотир, ҳеч бир мақсадсиз варақлар, қайтиб жойига қўяр эди. Эски энтсиклопедиялар, кўп томликлар, луғатлар, маълумотномалар дегандай. Уларнинг орасида нодир китоблар ҳам кўриниб қоларди. Кўп саҳифаларнинг ҳошиялари қаламда қўйилган белгилар билан тўлиб кетган, матннинг ўзида эса тагига чизиқ тортилган жойлар бисёр эди. Бу китоблар енгил-элпи ўқилмагани шундоқ кўриниб турарди.

Котиба ошхонадан иккита суянчиқсиз курси келтириб, биттасини О.га узатди:

– Ўтир.

Яна қайтиб бориб, бир истакан чой билан қанддон олиб келди-да, иккинчи курсига қўйди.

– Жуда бой кутубхонанг бор экан, – деди О. – Билмаган эканман.

– Сен нимани билардинг ўзи? – деди ҳазил аралаш қўл силтаб котиба. –Ота-онамдан қолган... Баъзи китобларни кейинчалик ўзим сотиб олганман...

О. эътибор қилмай, бош чайқади.

– Сенинг хаёлинг доим бошқа ёқда бўлар эди. Остона ҳатладинг дегунча менга тирғалиб, тўшакка тортар эдинг. Ишинг битгандан кейин эса қочиб қолишни ўйлаб тинмай соатингга қарар эдинг. Мен эса сени бундай ноқулай вазиятдан қутқариш учун: «Шошиляпсан, ишинг борми дейман?» дер эдим. Сен бўлсанг: «Ҳа-ҳа, зарур бир ишим бор, кетмасам бўлмайди», деб жуфтакни ростлаб қолар эдинг.

О. ҳам эслади: доим шундай бўларди, бу ҳақда кўп гаплашилган ўша пайтлар, аммо иккови ҳам ҳозиргидай бефарқ эмас эди. Бора-бора суҳбатлари зерикарли, аччиқ-тиззиқ тус ола бошлади, улар аста-секин бир-биридан совишига, эҳтимол, шу ҳам сабаб бўлгандир. О. ўша эски, мутлақо бемаъни суҳбатларни эслашни сира истамасди. У «пластинка»ни ўзгартирди.

– Ҳошиядаги белгиларни отанг қўйганми? – деди у қаламда қўйилган белгиларни кўрсатиб.

– Баъзиларини отам, баъзиларини эса онам... – деди котиба жилма¬йиб. – Ҳарқалай, мен қўймаганман.

– Отанг инглизчани билармиди?

– Ҳа, немисчани ҳам. Форсчани ҳам.

– Бу китобларни кимга қолдириб кетяпсан?

– Уларни сотдим.

– Сотдинг? Кимга?

– Ҳар кимга. Бировни бир хил китоблар қизиқтиради, бошқаларни – бошқаси.

– Ачинмайсанми? Ахир, уларда ота-онангнинг қайдлари бор-ку...

– На чора? Гап билан қорин тўймайди. Ота-онам ҳам, китоблари ҳам ўлиб кетди. Менинг бўлса ҳали яшашдан умидим бор.

– Китобларни ҳам ўлди деяпсанми? Қанақасига?

– Нимасини тушунмайсан? Мана шу китобларни ўқиган, йиққан, улар ҳақида ўйлаган ва ҳаётининг бир бўлаги деб ҳисоблаган одамлар ўлса, китоблари ҳам улар билан бирга кетади, яъни китоб ҳам қазо қилади. Янги хўжайин қўлига ўтгач, улар энди аввалги китоб бўлмай қолади. Баъзи бировлар китобсиз яшай олмайди, лекин мен улар хилидан эмасман, – ҳазил қилди қиз. – Кўриб турганингдай, уларсиз ҳам бинойидай яшаб юрибман. Мен кўп нарсасиз яшашим мумкин.

– Масалан, ватансиз ҳам, – деди О. атай чақиб олиш учун.

– Масалан, муҳаббатсиз ҳам, – деб қўйди котиба маъюс оҳангда.

О. авваллари котибани бунақа аҳволда кўрмагани учун қизиқсиниб қаради.

– Лекин, – давом этди котиба бир оз жимликдан сўнг, – китобни, уни ўқишни, ўйлашни яхши кўраман... Мазмунини эмас, умуман, у ҳақда ўйлашни... Мана, қара: шу китобларнинг қанчаси эллик йиллаб сен билан бирга яшайди, менга улар токчаларда ёнма-ён тураверганидан бир-бирига ҳам ўрганиб қолган, баъзан ичидаги фикрлар биридан иккинчисига ўтгандай, қаҳрамонлари кечаси ҳамма уйқуга кетганда бир-бириникига меҳмон бўлиб боргандай, суҳбатлашгандай, баҳслашгандай, жанжаллашгандай туюлади. Xудди мен билан сенга ўхшаб, уларнинг ҳар бири – бир олам.

– Биз жанжаллашмаганмиз.

– Ҳа, тўғри. Энди бунинг аҳамияти йўқ... Ҳарқалай мана шу китоблар бир оила эди. Энди бўлса улар бир-бири билан хайрлашмоқда, чунки оила тарқаб кетяпти. Эртага улар бир-биридан узоқда, шаҳарнинг ҳар тарафида, бошқа-бошқа одамлар қўлида бўлади. Бошқа ҳеч қачон кўришмайди. – Котиба жим қолди ва қўшиб қўйди. – Xудди мен билан сендай.

– Раҳминг келяптими? – деди О. китобларни назарда тутиб.

– Йўқ, энди келмаяпти, – деб жавоб берди котиба ўзи билан О.ни назарда тутар экан.

– Ҳали шунақаман де? – деди О. хаёлчан. – Нега олдинроқ бунақа гаплашмагансан... мен билан?

– Эсингда бўлса, сен бу ерга гаплашгани келмас эдинг.

– Жаҳлинг чиқмасин...

– Ё гапим нотўғрими? Ишда ўта расмий гаплашардик, билмадим, менгами ёки ўзинггами гап тегишидан қўрқар эдинг, уйда эса... Xаёлингга бош¬қа нарса келмасин, мен ҳозир фақат ўша вақтни эсладим. Сенга ҳеч қандай даъвом йўқ... Ҳатто, даъвом бўлиши кулгили-ку... Оқар сувлар аллазамонлар оқиб кетди...

О. бу ёққа келаётганда шу гаплар хаёлида ҳам йўқ эди, лекин илкис уйғониб кетган хотиралар унинг котибага бўлган майлини яна қўзғаб юборди ва улар ҳеч қачон бир-бирини мана шундай шип-шийдам деворлар орасида, бўм-бўш ерда... сочилиб ётган китоб ва газеталар орасида суймаганини ўйлаб хаёли қочди. Кўнгли суст кетиб, котибанинг ёнига борди, қучмоқчи бўлди, бироқ у мулойим, аммо кескин қаршилик кўрсатди.

– Кераги йўқ, – деди котиба, – оқар сувлар оқиб кетди. Олдинлари сени эслаб турар эдим, лекин кейинги пайтларда тушларимга ҳам кирмай қўйдинг. Кетиш олдидан сен билан хайрлашиш истаги юрагимга ўрнашиб қолган экан. Xаёлимдан кўп марта ўтган бирор истак юрагимга ўрнашса, амалга ошмай қолмайди. Мана, ўз оёғинг билан келиб ўтирибсан. Ростдан ҳам кетаётганимни эшитмаганмидинг?

– Эшитганим йўқ. Тасодифан кириб қолдим. Бир ишим бор эди...

– Қанақа иш экан?

О. қизил лимузинни оғзидан гуллаб қўйишига сал қолди, лекин тилини тийди: нимани ҳам айтарди? Шу бугуннинг ўзида битта мошинани икки-уч марта кўрганиними? Нима бўпти шунга? Кўрса кўрибди-да.

Қолаверса, котиба ўзидан жуда узоқлашиб кетган эди. О. билан худди бошқа дунёда туриб гаплашгандай гаплашди.

О.нинг кўнглида бирдан ўзига бефарқ қараб турган ойнани чил-чил синдириш истаги бош кўтарди, бироқ тошойнани синдириш бахтсизлик келтиришини айни вақтида эслаб қолди. У шу тобда на ўзининг, на котибанинг бахтсизлигига рози эди. Балки котиба ҳали сиртида О. икковининг акси совиб улгурмаган муҳаббатлари тошойнасини ҳам сотгандир: уни ҳам бошқа уйга олиб кетиб, бир бегона деворга осиб қўйишар, балки шунда у совуқ сиртида бошқа ҳаёт, бошқа бир муҳаббатни акс эттирар.

Фақат хайрлашишса бўлди, энди О.ни товушу овозлар мозорига айланган бўм-бўш хона билан боғлаб турган нарсанинг ўзи қолмаганди. Кетиш керак. У гарчи қайта кўришиш ҳеч қачон насиб этмаслигини билиб турса-да «Майли, омон бўл. Балки яна қачондир, қаердадир кўришиш насиб этар», деди.

О. остонада котибанинг пешонасидан ўпиб, зинапоядан эна бошлади. Иккинчи қаватда кемтик зина борлиги эсидан чиқибди, қоқилиб кетиб, йиқилишига оз қолди. Бошини кўтарди. Котиба зинапоя супасида турар эди. О. тепага қараганида қўл силкиб қўйди. Жилмайгандай туюлди. У йўлида давом этди, тепадан ёпилаётган эшикнинг ғийқиллаши эшитилди. Бу ғийқиллаш каравотнинг инграган пуржиналарини эслатди, шундагина у котиба билан видолашганини аниқ ҳис қилди. Дафъатан яна шуни ҳам тушундики, гарчи йиллаб кўришмаган бўлса-да, котиба шаҳардаги яккаю ягона яқин одами, қизил лимузиндан фақат унга гап очиши мумкин экан.

Шунда олдига қайтиб бориб: «Кетма, оила қурамиз, бирга яшаймиз, китобларингни ҳеч кимга сотмаймиз» ёки «...ҳеч бўлмаса, фақат шу кеча бирга бўлайлик, ерга китобларни тўшаймиз, эски газеталарни ёпинамиз, бир-биримизнинг пинжимизга кириб, бор дунёни унутамиз», деб айтсаммикан деган фикр келди миясига.

Лекин бунинг иложи йўқ эди: ҳаммаси ҳал бўлган, энди ҳеч нарсани ортга қайтаролмайди, бунга ақли етиб турибди.

О. кўчага чиққанида қизил лимузин шундоқ эшик олдида метин қоядай савлат тўкиб турганини кўрди. О. ажабланмади ҳам, қизил лимузин уни шу ерга ҳам топиб келгани табиий, оддий бир гапдай, худди шундай бўлиши керакдай эди назарида. Юрагида ҳадик-хавотир йўқ. Бамайлихотир метро томон юриб кетди. Ёмғир шивалаб ёғарди. Гўё бегонадек бўлиб қолган шаҳарда фақат ёмғиргина унга таниш эди. Ҳамма, ҳамма нарса бегона, бутунлай ўзгариб, файзини йўқотган эди. У тунд осмонга қаради, булут қоплаган осмонгина унга таниш эди, таниш осмондан таниш ёмғир ёғар эди. Назарида бу ёмғир ўтмишдан, мангу бой берилган ўтмишдан ёғаётган эди.

О. метродан чиқиб, автобусни кутиб ўтирмай, уйига яёв жўнади. Ёмғир ҳалиям ёғаётган эди. Мана, у ҳозир яна бир оз юргач, уйининг эшигида қизил лимузинни кўради, албатта кўради.

Аммо уйга етди ҳамки, на қизил, на қора мошина кўринди, уй олди бўм-бўш. «На чора, – ўйлади у. – Ўша мошинани тушимда кўраман энди».

У тонг-саҳар соат тўрт яримда тўсатдан уйғониб кетди. Соат занг чалинадиган эрталабки еттини кутиб, чиқиллаб вақт санар эди. Бироқ О. соатига қараб, ҳозироқ жойидан туриши кераклигини англади. У ўрнидан туриб, дераза ёнига борди. Кўнгли сезган экан: саҳарнинг хилват кўчасида, уй эшиги олдида қизил мошина турар эди. Қизил лимузин...

О. энди нима қилиш кераклигини яхши биларди. У ваннахонага кириб чўмилди, шошилмасдан соқол олди, тоза оқ кўйлагини, дазмолланган кўча костюмини кийди, энг яхши бўйинбоғини тақди, туфлисини ялтиратиб артди.

Ташқарига чиқиш олдидан хонани кўздан кечирди. Бўм-бўш хонани шовқинга тўлдириб чиқиллаётган соатни тўхтатиб қўйсамми, деб ўйлади, лекин бу фикридан қайтди. Энди бунинг нима фарқи бор?

Унчалик чеккиси келмаётган эди, чекмай қўя қолди, чунки «сўнгги сигарет, фалон-писмадон» қабилидаги сафсата гаплар эсига тушиб кетди. О. шошмай зинадан тушиб, кўчага чиқди.

Кўча бўм-бўш, қоронғи эди. Асфалтнинг баъзи жойларида кечаги ём¬ғир кўлмаклари қорайиб кўринар эди.

У қизил лимузиннинг олдига борди. Мошинанинг эшиги қулфланмаганини билар эди.

Эшик чиндан ҳам қулфланмаган экан. У эшикни очди ва рулга ўтирди.

У мошинанинг калити ҳам жойида эканини билар эди.

Калит жойида экан.

О. нотаниш кўчага, нотаниш уйларга, таниш осмонга назар ташлади.

Тиниқ осмон ҳаво очиқ бўлишидан дарак берар эди.

У калитни буради.

ТЭЛЭГРАФ АГЭНТЛИГИНИНГ XАБАРИ:

«Бугун соат чамаси бешларда Н. кўчасида автомобил портлаб кетди. Мошинанинг ўт олдириш қулфига портловчи мослама уланган, деган тахмин бор. Портлатгични ким ўрнатгани, мошина кимга тегишли, унга ўтирган, таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган жасад кимники экани ҳозирча маълум эмас. Суриштирув ишлари бошланди».