OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнтон Чехов
Асар номиВаня тоға (пьеса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Драматургия
Муаллифлар
   - Антон Чехов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Пьесалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм170KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ваня тоға (пьеса)
Антон Чехов

(Қишлоқ ҳаётидан олинган тўрт пардали пьеса.)

Қатнашувчилар:

Серебряков Александр Владимирович — истеъфога чиққан профессор.
Елена Андреевна — унинг хотини, 27 ёшда.
Софья Александровна (Соня) — Серебряковнинг биринчи хотинидан бўлган қизи.
Войницкая Мария Васильевна — махфий советникнинг тул хотини, профессорнинг биринчи хотинининг онаси.
Войницкий Иван Петрович — унинг ўғли.
Астров Михаил Львович — врач.
Телегин Илья Ильич — камбағал бўлиб қолган помешчик.
Марина — қари энага. Хизматкор.

Воқеа Серебряковнинг қўрғонида ўтади.

Биринчи Парда

Боғ. Уй ва айвоннинг бир чеккаси кўриниб туради. Қари терак остидаги хиёбон ўртасига чой учун стол тайёрланган. Скамейка dа стуллар. Скамейканинг бирида гитара ётибди Столдан cал нарида ҳайнчоқ. Соат учлар чамаси. Ҳаво булут.

Марина (қариб мункиллаб қолган кампир, самоварнинг ёнида пайпоқ тўқиб ўтирибди) ва Астров (унинг ёнида у ёқдан-бу ёққа юрмоқда).

Марина (стаканга чой қуяди). Ол, ич, отахон.

Астров (истар-истамас стаканга қўл чўзади). Негадир кўнглим тортмайди.

Марина. Балки ароқ ичишни истарсан?

Астров. Йўқ. Мен кунда ароқ ичмайман. Бунинг устига ҳаво жуда дим бўлиб турибди.

Пауза.

Энага, танишганимизга неча йил бўлди?

Марина (ўйлаб). Неча йил бўлди дейсанми? Эсим қурсин. Сенинг бу ерга, бизнинг томонларга келганингга қанча бўлди экан? .. Сен келганингда Сонянинг онаси, Вера Петровна ҳаёт эди. Сен у ҳаётлигида икки қиш қатнаган эдинг... Хуллас, ўн бир йилча ўтибди. (Ўйлаб.) Балки, бундан ҳам кўпроқдир...

Астров. Ўшандан бери жуда ўзгариб кетдимми?

Марина. Жуда ўзгариб кетдинг. Сен у вақтларда ёш, чиройли йигит эдинг, энди бўлса қариб қолдинг. Чиройинг ҳам сўнди. Бунинг устига ароқ ҳам ичасан.

Астров. Ҳа... Ўн йил ичида бошқа одам бўлиб қолдим. Бунга нима сабаб? Иш еб ташлади, энага. Эртадан то қора тунгача юрганим-юрган, дам олиш нималигини билмайман, кечаси ўрнимда ётганимда ҳам, тағин битта-яримтаси касалнинг олдига судраб қолмасин, деб қўрқаман. Сен билан танишганимдан бери бирорта бўш куним бўлмади. Бу аҳволда қаримай бўладими? Бунинг устига турмушнинг ўзи ҳам зерикарли, бачкана ва ифлос... Турмуш ўз гирдобига тортиб кетади. Атрофга қарасанг, сени тентак одамлар қуршаб олганини кўрасан, уларнинг бари тентак; улар билан бир-икки йил яшасанг борми, тентак бўлганингни ўзинг ҳам сезмай қоласан, киши. Бу қисматдан қочиб қутулолмайсан. (Узун мўйловини бурайди.) Кўрдингми, мўйловим қандай узун... Бачкана мўйлов. Мен тентак бўлиб қолдим, энага... Ҳали ақлимни еб қўйганимча йўғ-а, худога шукур, миям жойида, лекин туйғуларим ўтмасланиб қолганга ўхшайди. Ҳеч қандай истак йўқ, кўнглим ҳеч нарсани хушламайди, ҳеч кимни севмайман... Ёлғиз сени яхши кўраман десам бўлади. (Унинг бошидан ўпади.) Болалигимда менинг ҳам худди сенга ўхшаган энагам бўларди.

Марина. Балки бирор нарса егинг келаётгандир?

Астров. Йўқ. Рўзанинг учинчи ҳафтасида мен Малицкое қишлоғига эпидемияга бордим... Терлама касали... Хонадонларда чўзилиб ётганларнинг саноғи йўқ... Ифлос, сассиқ, тутун, ерда беморлар билан бирга бузоқлар ётибди... Чўчқа болалари ҳам шу ерда... Кун бўйи овора бўлдим, ўтиришга қўлим тегмади, оғзимга ушоқ ҳам олмадим, уйимга келсам, нафасимни ростлаб олишга ҳам қўйишмади — темир йўлдан стрелкачини олиб келишган экан: операция қилмоқчи бўлиб столга ётқиздим, кейин хлороформ ҳидлатган эдим, ўлиб қолса бўладими... Керак бўлмаган пайтда, туйғуларим уйғониб кетди, мен уни қасддан ўлдиргандек виждон азобида қолдим... Ўтириб олдим, мана шундай кўзимни юмиб, хаёл суриб кетдим; юз — икки юз йил биздан кейин яшаган кишилар, уларнинг яшашлари учун биз йўл очиб бераётганимизни билишармикин, яхши сўз билан эслашармикин? Эслашмас-а, энага?

Марина. Одам билмаса худо билади-ку.

Астров. Раҳмат кампир, яхши айтдинг.

Войницкий киради. Войницкий (уйдан чиқади; у нонуштадан кейин ухлаган ва кўриниши сўлғин; скамейкага келиб ўтиради, ўзининг олифта галстугини тузатади).

Шундай...

Пауза.

Шундай...

Астров. Калла пишдими?

Войницкий. Ҳа... Роса. (Эснайди.) Профессор ўз рафиқаси билан бу ерда яшай бошлагандан буён турмушимиз ўз қолипидан чиқиб кетди... Ўз вақтида ухламайман, нонушта ва тушда маза-матрасиз овқатларни ейман, вино ичаман... Бу яхшилик аломати эмас! Илгарилари бир минут ҳам қўлимиз бўш турмас эди, Соня икковимиз ишлардик — нимасини айтасан; энди-чи, ёлғиз Сонянинг ўзи ишлайди, мен ухлайман, ейман, ичаман... Яхши эмас!

Марина (бошини тебратиб). Хўп тартиблар расм бўлди-да! Профессор уйқудан соат ўн иккида туради, самовар бўлса азондан қайнаб ётади, ҳамма унинг туришини кутади. Булар келмасдан илгари, одамларга ўхшаб соат бирда овқатланар эдик, энди бўлса соат еттида. Профессор кечаси билан ўқиб, ёзиб чиқади, соат иккиларда тўсатдан қўнғироқ жаранглаб қолади денг... Нима бўлди, тақсир, деб югуриб борасан. Чой буюради. Уни деб ҳамма одамни уйғотасан, самовар қўйдирасан... Зап тартиблар бўлди-да!

Астров. Улар бу ерда ҳали узоқ туришмоқчими?

Войницкий (ҳуштак чалиб). Юз йил. Профессор бу ерда муқим туриб қолмоқчи.

Марина. Мана ҳозир ҳам самовар икки соатдан буён столда, улар бўлса сайр-томоша қилгани кетишди.

Войницкий. Келишяпти, келишяпти... Ташвишланма.

Овозлар эшитилади; боғнинг ичкарисидан сайр-томошадан қайтаётган Серебряков, Елена Андреевна, Соня ва Телегинлар кирадилар.

Серебряков. Ажойиб, ажойиб... Гўзал манзаралар.

Телегин. Ғоятда гўзал, жаноби олийлари.

Соня. Биз эртага ўрмонга борамиз, дада. Хоҳлайсанми?

Войницкий. Жаноблар, чойга ўтиринглар!

Серебряков. Дўстларим, малол келмаса, менга чойни кабинетимга олиб келинглар, менинг ҳали қиладиган ишларим бор.

Соня. Ўрмон сенга жуда ёқади...

Елена Андреевна, Соня ва Серебряков уйга кирадилар; Телегин столга яқин бориб, Маринанинг ёнидан жой олади.

Войницкий. Кун иссиқ, ҳаво дим-у, бизнинг улуғ олимимиз бўлсалар, пальто, калош кийиб олибдилар, қўлларида қўлқоп, зонтик кўтариб юрибдилар.

Астров. Ўзини асраса керак-да.

Войницкий. Елена қандай гўзал-а! Қандай гўзал! Умрим бино бўлиб бундан гўзалроқ хотинни кўрмаганман.

Телегин. Далада кетаётганимда ҳам, Марина Тимофеевна, салқин боғда айланиб юрганимда ҳам, мана бу столга назар ташлаганимда ҳам, мен таърифга сиғмайдиган лаззат оламан! Оби ҳаво жуда маромида, қушлар сайраган, ҳаммамиз тинч ва тотув яшаймиз, бундан ортиқ яна нима керак бизга? (Стаканни олиб.) Ғоят миннатдорман!

Войницкий (хаёл суриб). Кўзларини айт... Ажойиб хотин-да!

Астров. Бирор нарса гапириб берсанг-чи, Иван Петрович.

Войницкий (истар-истамас). Нима гапириб берай?

Астров. Янгиликлардан йўқми?

Войницкий. Ҳеч бир. Ҳаммаси эски. Мен илгари қандай бўлсам ҳозир ҳам худди шундайман, рости, бир оз ёмонроқ бўлиб қолдим, сабаби дангаса бўлиб кетдим, сира иш қилмайман, фақат чолларга ўхшаб вайсаганим-вайсаган. Менинг қари зағчам, татап, хотин-қизлар озодлиги тўғрисида сайрагани-сайраган: бир кўзи билан гўрга қараса, иккинчи кўзи билан ўзининг ақлли китобларидан янги ҳаёт тонгини ахтаради.

Астров. Профессор-чи?

Войницкий. Профессор бўлса аввалгидай эрталабдан то ярим кечагача ўз кабинетида ўтириб, ёзгани-ёзган: «Ақл таранг, юз хўп тиришган, ёзганимиз нуқул қасида, на ўзимиз, на қасидага сира бўлмас мақтов насиба» . Шўрлик қоғоз! У ўз таржимаи ҳолини ёзиб чиқса дурустроқ бўлар эди. Шунинг ўзи қандай ажойиб сюжет! Истеъфога чиққан профессор, тушунасанми, қари мижғов, хода ютган олим... Подагра, бод, мудом бош оғриғи, рашк ҳамда ҳасаддан жигари шишиб кетган дарди-бедаво.. Мана шу хода ютган олим биринчи хотинидан қолган ер-мулкда яшайди, бундан бошқа иложи йўқ, чунки шаҳарда яшашни ҳамёни кўтармайди. Ўз бахтсизлигидан нолигани-нолиган, аслида эса ўзи ғоятда бахтиёр. (Асабий.) Бахт бўлганда ҳам қанақа бахт дегин-а! Кимсан, оддий бир сўфининг ўғли, руҳонийлар мактабининг бир талабаси эди, энди олимлик унвонига ҳамда кафедрага эга бўлиб олди, жаноб олийлари бўлди, сўнг сенаторга куёв бўлди, ҳоказо ва ҳоказо. Лекин буларнинг менга аҳамияти йўқ. Сен мана буни эшит. Бу одам роса йигирма беш йилдан буён санъат тўғрисида лекция ўқийди ва ёзади-ю, лекин ўзи санъатга мутлақо тушунмайди. У йигирма беш йилдан буён бировларнинг реализм, натурализм ва шунга ўхшаган минг хил тутуруқсиз нарсалари ҳақидаги фикрини чайнаб келади; йигирма беш йилдан буён ақлли одамларга аллақачонлар маълум бўлган, аҳмоқларга эса сира қизиғи йўқ нарсалар ҳақида ўқиб ва ёзиб келади, демак, у йигирма беш йилдан буён қуруқ аравани олиб қочиб юрибди. Яна ўзини катта олиб юри-шини айтмайсанми! Такаббурлигини кўрмайсанми! У истеъфога чиққан, лекин уни бирорта маҳлуқ танимайди, у мутлақо номаълум одам, демак, у йигирма беш йил бировнинг ўрнини эгаллаб келган. Юришини қара-я, совлатидан ит ҳуркади!

Астров. Ҳавасинг келяпти, шекилли?

Войницкий. Ҳа, ҳавасим келяпти! Хотинлар орасида қозонган шуҳратини айтмайсанми! Бирорта Дон-Жуан бунчалик шуҳрат қозонган эмас! Унинг биринчи хотини, менинг опам, мана шу кўм-кўк осмон сингари гўзал ва мусаффо, ювош, олижаноб ва меҳрибон хотин эди. Унга шайдо бўлганларнинг сони эрининг талабасидан кўпроқ эди, у буни шу қадар севар эдики, ёлғиз фаришталаргина ўзлари сингари пок ва гўзал фаришталарни шунчалик севишлари мумкин. Менинг онам, профессорнинг қайнанаси, буни ҳали ҳам еру кўкка ишонмайди, бу одам ҳалигача онамнинг кўзига авлиёдек бўлиб кўринади. Унинг иккинчи хотини гўзал, ақлли хотин, ҳозир ўзингиз кўрдингиз. Келиб-келиб шу қариган чолга эрга тегди, унга ўз ёшлигини, чиройини, эркини, бутун борлиғини бағишлади. Нима учун? Нега?

Астров. У профессорга содиқми?

Войницкий. Афсуски, ҳа.

Астров. Нега энди афсуски?

Войницкий. Чунки бу содиқлик бошдан-оёқ қалбаки. Бу содиқликда кўр-кўроналик кўп-у, мантиқ йўқ. Ёмон кўрган қари эрга хиёнат қилиш — ахлоқсизлигу, ўзининг бечора ёшлигини ва жонли туйғуларини хазон қилиш — ахлоқдан эмиш.

Телегин (йиғлоқи овоз билан). Ваня, сен шундай десанг мен ёқтирмайман. Рост, азбаройи худо... Кимки, ўз хотинига ёки эрига хиёнат қиларкан, демак, у одам софдил эмас, ундай одам ўз Ватанига ҳам хиёнат қилиши мумкин!

Войницкий (ранжиб). Бемаъни гапларни гапирма, Патир!

Телегин. Рухсат эт, Ваня. Менинг хотиним афтим хунук бўлганлиги учун тўйимизнинг эртасигаёқ ўз севган кишиси билан қочиб кетган. Шундан кейин ҳам мен ўз бурчимни бузмадим, мен шу вақтгача уни яхши кўраман ва унга содиқман, унга қўлимдан келганча кўмаклашиб тураман, ўз мол-мулкимни хотинимнинг яхши кўрган одамидан ортдирган болалари тарбиясига бердим. Бахтдан маҳрум бўлдим-у, лекин ғурурлигим қолди. Хўш, у-чи? Ешлиги утиб кетди, табиат қонунларининг таъсиридан чиройи сўлди, яхши кўрган одами ўлиб кетди... Энди унинг нимаси қолди?

Соня билан Елена Андреевна кирадилар; бир оздан сўнг китоб кўтарган Мария Васильевна киради; у ўтириб китоб ўқийди; унга чой узатадилар, у бўлса, китобдан кўзини узмай, чой ичади.

Соня (энагасига тез гапиради). Энагажон, мужиклар келишди, анови ерда туришибди. Бор, гаплаш, чойни ўзим қуяман... (Чой қуяди.)

Энага кетади. Елена Андреевна ўз чашкасини олиб, ҳайнчоқда ўтиради-да, чой ичади.

Астров (Елена Андреевнага). Ахир мен эрингизни кўргани келган эдим. Сиз уни жуда оғир касал, бод яна алланима деб ёзган эдингиз, ваҳоланки, у соппа-соғ экан.

Елена Андреевна. Кеча кечқурун бетоб эди, у оёғининг оғришидан шикоят қилган эди, бугун тузук...

Астров. Мен бўлсам ўттиз чақирим жойдан от елдириб келибман-а. Хайр майли, бу биринчи марта эмас, энди эртагача сизларникида қоламан, лоақал, бир тўйиб ухлаб оламан.

Соня. Жуда яхши. Сиз бизникида жуда камдан-кам ётиб қоласиз. Сиз ҳали овқат ҳам емаган бўлсангиз керак?

Астров. Йўқ, емадим.

Соня. Шу баҳона билан меҳмон ҳам бўласиз. Биз энди соат еттида овқатланадиган бўлганмиз. (Ичади.) Чой совуб қолибди-ку.

Телегин. Самоварнинг ўти анча пасайиб қолибди.

Елена Андреевна. Ҳечқиси йўқ, Иван Иванич, биз совуғини ҳам ичаверамиз.

Телегин. Кечирасиз... Иван Иванич эмас, камина Илья Ильич бўладилар... Илья Ильич Телегин, ёки юзим чўтирлигидан баъзилар мени Патир деб атайдилар. Мен бир вақтлар Сонечкани чўқинтирганман, жаноб олийлари, сизнинг эрингиз, мени жуда яхши биладилар. Мен ҳозир сизларникида яшайман, шу ерда... Агар пайқаган бўлсалар, мен ҳар куни сизлар билан бирга овқатланаман.

Соня. Илья Ильич бизнинг кўмакдошимиз, ўнг қўлимиз бўладилар. (Меҳрибонлик билан.) Келинг, амакижон, тағин чой қуйиб берай.

Мария Васильевна. Ах!

Соня. Нима бўлди, буви?

Мария Васильевна. Александрга айтишни унутибман... эсим қурсин... Бугун Харьковдан, Павел Алексеевичдан хат олган эдим... у ўзининг янги китобчасини юборибди...

Астров. Қизиқарлими?

Мария Васильевна. Қизиқарли-ку, лекин бир оз ғалатироқ. Бундан етти йил илгари ёқлаб чиққан нарсаларини ҳозир ўзи инкор этяпти. Бу даҳшат-ку!

Войницкий. Даҳшат-паҳшатли жойи йўқ. Чойингизни ичинг.

Мария Васильевна. Ахир мен гапирмоқчиман!

Войницкий. Эллик йилдан бери гапирганимиз-гапирган, китоб ўқиганимиз-ўқиган. Энди тугатсак ҳам бўлар дейман.

Мария Васильевна. Мен гапирсам негадир сенга ёқмайди. Кечирасан Жан, сен сўнгги бир-икки йил ичида жуда ўзгариб кетдинг, сенга ҳеч тушунолмай қолдим... Сен аниқ эътиқодларга, ёрқин фикрга эга бўлган одам эдинг.

Войницкий. О, албатта! Мен ёрқин фикрли одам эдим, лекин ҳеч ким мендан ёруғлик кўрмади...

Пауза.

Мен ёрқин фикрли одам эдим... Бундан заҳарроқ гап топиш қийин! Мен қирқ етти ёшга кирдим. Ўтган йилга қадар мен ҳам сиз сингари чинакам ҳаётни кўрмаслик учун жўрттага ўз кўзларимни сизнинг мана шу қуруқ сафсаталарингиз билан боғлаб келдим ва эзгу иш қиляпман деб ўйладим. Энди-чи, энди сиз билсангиз эди! Мен аламимдан, жаҳлимдан, умримни бекорга ўтказиб юборганимдан кечалари уйқим келмайди. Мен ҳамма нарсага эга бўлишим мумкин эди, энди бўлса қарилигим бу нарсалардан мени маҳрум қилмоқда!

Соня. Ваня тоға, жонга тегди-ку!

Мария Васильевна (ўғлига). Сен ўзингнинг аввалги эътиқодларингни бир нимада айблагандай кўринасан... Лекин эътиқодларинг эмас, ўзинг айбдорсан. Қуруқ эътиқоднинг ўзи пуч гап, жонсиз ҳарф эканлигини унутиб қўйгансан. Иш қилиш керак эди.

Войницкий. Иш дейсизми? Сизнинг жаноби профессорингиз сингари ҳар ким ҳам ҳаммага маълум нарсани ёзавермайди-ку.

Мария Васильевна. Бу билан нима демоқчисан?

Соня (ёлвориб). Буви, Ваня тоға! Ўтинаман сизлардан!

Войницкий. Хўп, жим бўлдим. Гапирмайман, кечирим сўрайман.

Пауза.

Елена Андреевна. Бугун ҳаво қандай яхши-я... Иссиқ эмас...

Пауза.

Войницкий. Бундай ҳавода осилиб ўлиш яхши...

Телегин гитарани созлайди. Марина уйнинг олдида юриб, товуқларни чақиради.

Марина. Ту, ту, ту...

Соня. Энагажон, мужиклар нимага келишибди? ..

Марина. Яна ўша гап, қуруқ ётган ер тўғрисида. Ту, ту, ту...

Соня. Нимани чақиряпсан?

Марина. Чипор товуқ жўжалари билан кетган эди... Калхатлар кўтариб кетмасин деб хавотирдаман... (Кетади.)

Телегин «Полька»ни чалади; ҳамма жим қулоқ солади; хизматкор киради.

Хизматкор. Доктор жаноблари шу ердамилар? (Астровга) Марҳамат, Михаил Львович, сизга келишибди.

Астров. Қаердан?

Хизматкор. Фабрикадан.

Астров (ачиниб). Қуллуқ, миннатдорман. На чора, жўнаш керак... (Кўзлари билан фуражкасини ахтаради.) Жин урсин, алам қиляпти...

Соня. Жуда кўнгилсиз иш бўлди-да, рост... Фабрикадан чиқиб овқатланишга кела қолинг.

Астров. Йўқ, кеч бўлади. Ҳалиги... Қаёқда эди... (Хизматкорга.) Менга қара оғайни, қани, бир рюмка ароқдан келтир-чи.

Хизматкор кетади.

Ҳалиги... қаёқда қолди... (Фуражкасини топади). Островскийнинг аллақандай бир пьесасида мўйлови узун, фаҳми калта бир одам бор эди... Ўша одам мен. Хўп, яхши қолинглар жаноблар... (Елена Андреевнага.) Мабодо бирор кун Софья Александровна билан бизнинг томонларга йўлингиз тушиб қолса, ғоят хурсанд бўламан. Менинг кичкинагина ер-мулким бор, бор-йўғи ўттиз танобча келади. Борди-ю қизиқсангиз, ўрнак бўладиган боғим ва кўчатзорим бор, бундай боғни теварак-атрофдан минг чақирим юриб қидирганингизда ҳам тополмайсиз. Боғимнинг ёнида ўрмон бор... Ўрмончи қариб қолган одам, касалдан боши чиқмайди, аслини суриштирсангиз, бутун ишларни мен олиб бораман.

Елена Андреевна. Сиз ўрмонни жуда яхши кўришингизни менга айтишган эди. Турган гап, бу иш катта фойда келтириши мумкин, бироқ бу сизнинг асли вазифангизга халақит бермайдими? Ахир сиз докторсиз-ку.

Астров. Бизнинг асл вазифамиз нима эканлигини ёлғиз худонинг ўзи билади.

Елена Андреевна. Ишингиз қизиқарлими?

Астров. Ҳа, жуда қизиқарли.

Войницкий (кесатиб). Ғоятда.

Елена Андреевна (Астровга). Сиз ҳали ёшсиз, кўринишингиздан ўттиз олти-ўттиз етти ёшга киргансиз... у иш сиз айтканчалик қизиқарли бўлмаса керак. Нуқул ўрмоннинг ўзи экан. Ўйлайманки, зерикарли бўлса керак.

Соня. Йўқ, бу ғоятда қизиқ. Михаил Львович ҳар йили янги-янги ўрмонлар экадилар, бу кишига бронза медаль билан диплом ҳам юборишди. Улар эски ўрмонлар қириб битирилмасин деб ҳаракат қилиб юрибдилар. Агар сиз бу кишининг гапларини эшитсангиз, ҳамма фикрларига бутунлай қўшиласиз. Булар, ўрмонлар ерга хусн, зеб беради, инсонни гўзалликни тушунишга ўргатади ва унга улуғвор руҳ бағишлайди, баҳрини очади дейдилар. Ўрмонлар совуқ иқлимни юмшатади. Иқлими майин мамлакатларда табиат билан курашувга куч камроқ сарф бўлади, шунинг учун ҳам у ердаги одамлар мулойимроқ ва назокатлироқ бўладилар; у ердаги одамлар келишган, ҳар бир ишга кўнгли мойил, ўткир ҳиссиётли бўладилар, уларнинг тили чиройли, ҳаракатлари виқорли бўлади. Уларнинг фан ва санъати гуллаган, фалсафаси эса қайғули, ғамғин фалсафа эмас, хотинларга муносабатлари олижаноб назокатга тўла, дейдилар...

Войницкий (кулиб). Офарин, офарин!.. Бу гаплар жуда ёқимли, бироқ ишонтирарли эмас, шунинг учун (Астровга.) дўстим, менга ўтинни печкаларга ёқаверишга ва ёғочдан омборлар қуришга рухсат эт.

Астров. Сен печкага торфии ёқишинг, омборларни тошлардан қуришинг мумкин. Хўп, бирор эҳтиёждан ўрмонларни қирқсанг бир сари, лекин уларни нима учун қирқиб битириш керак? Рус ўрмонлари болта зарбидан зор-зор қақшамоқда, миллиардларча дарахтлар нобуд қилинмоқда, ҳайвонларнинг уяси, қушларнинг ини вайрон бўлмоқда, дарёлар саёзлашмоқда ва қуриб кетмоқда. Гўзал манзаралар абадий йўқолиб кетмоқда, шуларнинг барчасига сабаб, эринчоқ инсоннинг энгашиб ердан ёқилғини кўтариб олишга ақли етмаслигидир. (Елена Андреевнага.) Тўғри эмасми, хоним? Шундай гўзалликни печкага ёқиш, ўзимиз ярата олмайдиган нарсани барбод қилишимиз, ўтакетган аҳмоқлик, ваҳшийлик-ку. Инсон ўзига берилган бойликларни кўпайтириш учун унга ақл-идрок ва ижодий куч берилган, бироқ у шу вақтгача ижод қил-май, барбод қилиб келди. Урмонлар борган сари камаймоқда, дарёлар қуримоқда, қушлар йўқ бўлиб кетди, иқлим бузилди, кундан-кунга ер фақирлашиб ва хунуклашиб кетмоқда. (Войницкийга.) Мана сен менга истеҳзо билан тикилиб турибсан, менинг гапирган ҳамма гапларим сенга арзимаган нарсадек туюляпти ва... эҳтимол бу гапларим чиндан ҳам тентакликдир, бироқ мен қирғиндан сақлаб қолган деҳқон ўрмонлари ёнидан ўтганимда ёки ўз қўлларим билан эккан ёш ўрмоннинг шамолдан шилдирашини эшитганимда, иқлим бир оз бўлса ҳам менинг ҳукмимда деб тушунаман, борди-ю инсон минг йилдан кейин бахтиёр бўлса, мен ҳам бунга жиндак ўз улушимни қўшган бўламан. Мен қайин дарахтини эккан чоғимда, сўнг унинг кўкараётганини ва шамолдан тебранганини кўрган вақтимда кўнглим фахрланиб кетади ва мен... (Патнусда бир рюмка арок келтирган хизматкорга кўзи тушиб.) Бироқ... (Ичади.) Энди борай. Эҳтимол, бу гапларнинг ҳаммаси бемаъниликдир. Яхши қолинглар! (Уй томонга юради.)

Соня (уни кўлтиклаб олиб, бирга кетади). Энди бизникига қачон келасиз?

Астров. Билмадим.

Соня. Тағин бир ойдан кейинми? ..

Астров билан Соня уйга кириб кетадилар; Мария Васильевна билан Телегин стол ёнида қоладилар; Елена Андреевна ва Войницкий айвонга қараб юрадилар.

Елена Андреевна. Сиз, Иван Петрович, тағин одоб доирасидан чиқиб кетдингиз. Мария Васильевнанинг жиғига тегиб, нима қилардингиз? Бугун ҳам нонушта пайтида Александр билан баҳслашдингиз. Бу бачканалик!

Войницкий. Мен уни ёмон кўрсам-чи!

Елена Андреевна. Александрни ёмон кўрадиган томони йўқ, у ҳеч кимдан қолишмайди, унинг сиздан камлиги йўқ.

Войницкий. Ўз юзингизни, ўз ҳаракатларингизни кўролсангиз эди. Шу қадар бешавқ, беҳафсала яшайсизки! Эҳ, шундай беҳафсаласизки!

Елена Андреевна. Ҳа, ҳаётим ҳам завқсиз, ҳам зерикарли! Ҳамма эримни койийди, ҳамма менга ачинади: шўрлик, эри қари, дейди! Менга бу қадар ачинишларининг маъносини жуда яхши биламан! Мана ҳозиргина Астров айтганидек, ҳаммангиз ўрмонларни нодонларча нобуд қиляпсиз ва ҳадемай ер юзида ҳеч нарса қолмайди. Худди шунга ўхшаш сиз ҳам одамни ўйламай-нетмай нобуд қиляпсиз, ҳадемай сизнинг шарофатингиз туфайли ер юзида на садоқат, на софдиллик, на ўзини фидо қилиш деган нарсалар қолмайди. Нега сизники бўлмаган хотинга бепарво қараб туролмайсиз? Чунки, — ҳалиги доктор ҳақ, — ҳар бирингизнинг кўнглингизда шайтон ўтириб олиб, ҳамма нарсани буз дейди. Сизларни на ўрмонларга, на қушларга, на хотинларга ва на бир-бирингизга раҳмингиз келмайди.

Войницкий. Бу фалсафа менга ёқмайди!

Пауза.

Елена Андреевна. Докторнинг чеҳраси ҳорғин, асабий кўринади. Юзи чиройли. Афтидан, у Соняга ёқса керак. Соня уни севади, мен бу қизнинг дардига тушунаман. Мен келганимдан буён бу ерга уч марта келди, лекин мен тортинчоқман, у билан бирор марта бўлса ҳам суҳбатлашолмадим, унга меҳрибонлик кўрсатолмадим. У мени баджаҳл хотин экан, деб ўйлаган бўлса керак. Сиз билан мен, Иван Петрович, ланж ва зерикарли одамлар бўлганимиз учун бунчалик дўст бўлсак керак! Ланж! Менга бундай қараманг, мен буни ёқтирмайман.

Войницкий. Мен сизни севганимдан кейин бошқача қарашим мумкинми, ахир? Сиз менинг бахтим, ҳаётим, менинг ёшлигимсиз! Биламан, муҳаббатингиздан умид қилмасам ҳам бўлади, умидим пуч, лекин менга ҳеч нарса керак эмас, фақатгина сизни кўриб юришга, сизнинг овозингизни эшитишга рухсат этсангиз бўлгани...

Елена Андреевна. Секинроқ, овозингизни эшитиб қолишлари мумкин!

Уйга юрадилар.

Войницкий (орқасидан кета туриб). Ўз муҳаббатим тўғрисида гапиришга рухсат этинг, мени ёнингиздан ҳайдаманг, шунинг ўзи мен учун энг улуғ бахт бўлади...

Елена Андреевна. Қандай азоб бу...

Иккови уйга киради.

Телегин торларни чертади, «Полька»ни чалади; Мария Васильевна китоб саҳифаларининг четига нималарнидир ёзади.

Парда.


Иккинчи Парда

Серебряковнинг уйидаги овқатланадиган хона. Тун. Боғдан қоровулнинг шақилдоғи эшитилади. Серебряков (очиқ дераза олдида креслода мудраб ўтиради) ва Елена Андреевна (унинг ёнида ўтириб, у ҳам мудрамоқда).

Серебряков (уйғониб). Ким бу! Соня, сенмисан?

Елена Андреевна. Менман.

Серебряков. Сенмисан, Леночка... Оғриғига ҳеч чидаб бўлмаяпти!

Елена Андреевна. Одеялинг ерга тушиб кетибди-ку! (Оёғини ўраб қўяди.) Александр, деразани ёпиб қўяман.

Серебряков. Иўқ, исиб кетяпман... Ҳозир кўзим илинибди-ю туш кўрибман, тушумда чап оёғим бировники эмиш. Қақшаб оғришидан уйғониб кетдим. Йўқ, бу бод бўлса бодки, подагра эмас. Соат неча бўлди?

Елена Андреевна. Ўн иккидан йигирма минут ўтди.

Пауза.

Серебряков. Эрталаб кутубхонамиздан Батюшковни аҳтариб кўр-чи. У бизда бўлса керак.

Елена Андреевна. А?

Серебряков. Эрталаб Батюшковни ахтариб кўр. Бир кўзим тушгандай бўлувди. Уҳ, нега бунчалик нафас олишим қийин бўляпти-я?

Елена Андреевна. Чарчагансан. Икки кечадан бери ухламайсан.

Серебряков. Айтишларича, Тургенев подаградан нафас қисиш касалига мубтало бўлган экан. Менда ҳам шундай бўлмаса деб қўрқаман. Лаънати, бемаъни қарилик. Падарига лаънат бу қариликни! Қариганимда ўзимга ўзим ёмон кўриняпман. Сизларга ҳам ўларча ёмон кўринаётган бўлсам керак.

Елена Андреевна. Қарилигингдан нолишингга қараганда, гўё қарилигингга биз айбдордек-а.

Серебряков. Ҳаммадан сенга ёмон кўринаман.

Елена Андреевна узоқроққа бориб ўтиради.

Ҳа, албатта, сен ҳақлисан. Аҳмоқ эмасман, ақлим етади. Сен ёшсан, соғломсан, чиройлисан, сенинг ҳам яшагинг келади, мен бўлсам чолман, деярли мурдаман. Не чора? Тушунмайди деб ўйлайсанми? Шу вақтгача яшаб келишимнинг ўзи ҳам, турган гап, бемаънилик. Шошманглар, яқин орада ҳаммангиз қутуласиз. Оз қолди, узоққа чўзилмайди.

Елена Андреевна. Жонимга тегди... Худо ҳақи, жим бўл.

Серебряков. Демак, мен ҳамманинг жонига тегибман, ҳамма мендан безор. Мен туфайли ҳамманинг ёшлиги ҳазон бўляпти, ёлғиз мен ҳаётдан лаззатланаман, мамнунман. Албатта, шундай!

Елена Андреевна. Жим бўл! Мени қийнаб юбординг-ку.

Серебряков. Мен ҳаммани қийнаб юбордим. Албатта!

Елена Андреевна (кўзига ёш олиб). Ортиқ чидаб бўлмайди! Гапир, мендан нима истайсан?

Серебряков. Ҳеч нима.

Елена Андреевна. Бўлмаса, жим бўл. Ўтинаман.

Серебряков. Товба, Иван Петрович ёки ҳалиги жинни кампир Мария Васильевна гапирса, ҳеч гап-сўзсиз ҳамма қулоқ солади, мен бир оғиз гапирдимми, ҳамма ўзини бахтсиздек сеза бошлайди. Ҳатто овозим ҳам ёқмайди. Хўп, майли, мен ҳеч кимга ёқмайман, худбинман, жоҳилман дейлик, наҳотки қариган чоғимда бир оз бўлса ҳам худбинликка ҳақим бўлмаса? Наҳотки шунга ҳам арзимасам? Наҳотки қариганимда ҳаловатда яшашга, одамлар эътиборини қозонишга ҳақим йўқ, қани айт-чи?

Елена Андреевна. Сенинг ҳуқуқингни ҳеч ким тортиб олаётгани йўқ-ку.

Шамолдан дераза тақиллайди.

Шамол турди. Деразани ёпиб қўяман. (Ёпади.) Ҳозир ёмғир ёғади. Ҳеч ким сенинг ҳуқуқингни тортиб олмоқчи эмас.

Пауза; боғда қоровул шақилдоғини шақиллатади ва ашула айтади.

Серебряков. Бутун умрингни фанга бағишласанг, ўз кабинетингга, аудиторияга, ҳурматли ўртоқларга ўрганиб қолган бўлсанг-у, тўсатдан ҳеч гапдан-ҳеч гап йўқ, мана бу мақбарага келиб қолсанг, кун сайин бу ерда аҳмоқларни кўрсанг, тутуриқсиз гапларни эшитсанг... Мен яшашни истайман, шон-шуҳратга эга бўлишни, довруқ солишни севаман, бу ерда-чи, бу ерда сургунга сурилганга ўхшайман. Минут сайин ўтмишни соғиниш, ўзгаларнинг шуҳратини кузатиб бориш, ўлим даҳшати... Чидолмайман! Мадорим қолмади. Бунинг устига менинг қарилигимни кечиришни ҳам истамайдилар.

Елена Андреевна. Ошиқма, сабр қил, беш-олти йилдан кейин мен ҳам қарийман.

Соня киради.

Соня. Дада, ўзинг доктор Астровга одам юбординг, у келганда қабул қилишни истамайсан. Бу айб бўлади. Уни бекорга овора қилганимиз қолди, холос...

Серебряков. Астровингни бошимга ураманми? Мен астрономияга қанчалик тушунсам, у ҳам медицинага шунчалик тушунади.

Соня. Сенинг подагрангни даволаш учун бутун медицина факультетини чақиртирайликми энди.

Серебряков. Мен у жинни билан гаплашишни ҳам истамайман.

Соня. Билганингни қил. (Ўтиради.) Менга барибир.

Серебряков. Соат неча бўлди?

Елена Андреевна. Бирга яқинлашди.

Серебряков. Димиқиб кетдим... Соня, менга столдан дорини олиб бер.

Соня. Ҳозир. (Дорини беради.)

Серебряков (ғижиниб). Уҳ, бунисини эмас! Ҳеч нарса сўраб бўлмайди!

Соня. Инжиқлик қилма, бу қилиғинг баъзи бировга ёқса-ёқар, аммо мени бундан халос қил, худо хайрингни берсин! Мен буни ёқтирмайман. Менинг вақтим йўқ, мей эртага вақтли туриб пичан ўрдиришим керак.

Войницкий киради, у халат кийган, қўлида шам.

Войницкий. Момақалдироқ бўладиганга ўхшайди.

Чақмоқ чақади.

Ана кўрдингизми! Соня, боринглар ухланглар, мен сизларнинг ўрнингизга келдим.

Серебряков (қўрқиб). Йўқ, йўқ! Мени бу билан қолдирманглар! Бу миямни қоқиб қўлимга беради.

Войницкий. Ахир булар ҳам бирпас дамини олсин. Икки кечадан бери ухлашмайди.

Серебряков. Бориб ухлашаверсин. Бироқ сен ҳам кетавер. Миннатдорман. Ўтинаман сендан. Илгариги дўстлигимиз ҳурмати, йўқ дема! Вақти-соати билан кейин гаплашамиз.

Войницкий (мийиғида кулиб). Илгариги дўстлигимиз ҳурмати... Илгариги...

Соня. Гапирма, Ваня тоға.

Серебряков (хотинига). Азизим, мени бу билан ташлаб кетма! Гапиравериб ҳоли-жонимга қўймайди.

Войницкий. Гапларингга одамнинг кулгиси қистайди.

Шамни кўтарган Марина киради.

Соня. Ётсанг бўларди, энагажон, вақт алламаҳал бўлди.

Марина. Самовар ҳали столдан йиғиштирилгани йўқ. Ҳаливери ётиб бўладими.

Серебряков. Ҳеч ким ухламайди, ҳамма безовта, ёлғиз мен роҳатдаман.

Марина (Серебряковнинг олдига келиб, эркалаб). Хўш, отажоним! Оғрияптими? Менинг ҳам оёқларим бирам зирқирайди, бирам зирқирайдики... (Одеялни тўғрилаб қўяди.) Бу касал сизда азалдан бор. Раҳматли Вера Петровна, Сонянинг онаси, кечалари ухламасди, шундай куйиб-пишардики... Сизни жуда яхши кўрарди...

Пауза.

Қариганда одам худди ёш болага ўхшаб қолади, кўнгли эркалашни, унга ачинишни қумсайди, лекин қариларга ҳеч ким ачинмайди. (Серебряковнинг елкасидан ўпади.) Туринг, отахон, ўринга ётасиз... Юринг, нуридийдам... Мен сизга липа чойидан дамлаб бераман, оёқларингизни иситаман... Сиз учун худога сиғинаман...

Серебряков (таъсирланиб). Юр, Марина.

Марина. Менинг ҳам оёқларим бирам зирқирайди, бирам зирқирайдики!. (Соня билан бирга қўлтиқлаб кета туриб.) Вера Петровна қаттиқ куйиб пишарди, йиғлагани-йиғлаган эди.,. Сен, Сонюшка, у вақтларда ёш эдинг, тентак эдинг... Юринг-юринг, отахон... (Серебряков, Соня ва Марина чиқадилар.)

Елена Андреевна. У мени жуда қийнаб юборди. Дармоним қуриб кетди.

Войницкий. Сизни у қийнаб юборган бўлса, мен ўзимни-ўзим қийнаяпман. Мана уч кечадан бери ухламайман.

Елена Андреевна. Бу хонадон нотинч. Онангизнинг профессор-у ўз китобларидан бошқани кўргани кўзи йўқ. Профессор тажанг, менга ишонмайди, сиздан қўрқади; Соня отасидан ҳам, мендан ҳам хафа, икки ҳафта бўлди мен билан гаплашмайди; сиз эримни ёмон кўрасиз ва онангиздан очиқдан-очиқ нафратланасиз. Менинг қоним қайнаб юрибди. Бугун йигирма мартача йиғлагим келди... Бу хонадон нотинч.

Войницкий. Фалсафани қўйиб турайлик.

Елена Андреевна. Сиз, Иван Петрович, ўқиган ва ақлли одамсиз, тушунишингиз керак, дунё ўғри-муттаҳамлардан, ёнғинлардан хароб бўлаётгани йўқ, балки ичи қораликдан, душманликдан, икир-чикирлардан хароб бўлаётир... Сизнинг вазифангиз нолиш эмас, ҳаммани яраштириш.

Войницкий. Энг аввал мени ўзим билан ўзимни яраштириб қўйинг! Азизим... (Қўлини ўпмоқчи бўлади.)

Елена Андреевна. Қўйинг! (Қўлини тортиб олади). Кетинг.

Войницкий. Ҳозир ёмғир қуйиб ўтади. Табиатда нимаики бўлса, ҳаммаси яшнаб мусаффо бўлиб кетади ва тўйиб-тўйиб нафас олади. Момақалдироқ ёлғиз менинг кўнглимнигина мусаффо қилмайди. Ҳаётим бекорга ўтиб кетди деган фикр мени куну тун бўғмоқда. Ўтган умрим энди қайтиб келмайди, у бемаъни, фойдасиз нарсаларга сарфланган, ҳозирги ҳаётим эса пучлиги билан даҳшатлидир, мана сизга менинг ҳаётим ва сезгим: мен уларни нима қилай, қаерга қўяй! Менинг туйғуларим ўрага тушган қуёш нуридай сўниб кетмоқда, ўзим ҳам ҳалок бўлмоқдаман.

Елена Андреевна. Сиз менга ўз севгингиз тўғрисида сўзласангиз ақлим ишламай қолади ва нима дейишимни билмай қоламан. Кечирасиз, мен сизга ҳеч нарса деёлмайман. (Кетмоқчи бўлади.) Хайрли кеч.

Войницкий (йўлини тўсиб). Шу хонадонда менинг ҳаётим билан бир қаторда бошқа бир кишининг ҳаёти — сизнинг ҳаётингиз ҳам ҳалок бўляпти деган фикрдан нақадар азоб тортаётганимни билсангиз эди! Нимани кутяпсиз? Қандай бир лаънати фалсафа сизга халақит беряпти? Тушунинг, ахир, тушунсангиз-чи...

Елена Андреевна (қаттиқ тикилиб). Иван Петрович, сиз мастсиз!

Войницкий. Эҳтимол, эҳтимол...

Елена Андреевна. Доктор қаерда?

Войницкий. Анави ерда... менинг хонамда ётибди. Эҳтимол, эҳтимол... Ҳаммаси бўлиши мумкин!

Елена Андреевна. Бугун ҳам ичдингизми? Нега шундай қиласиз?

Войницкий. Ҳар қалай ҳаётга ўхшайди... Менга халақит берманг!

Елена Андреевна. Илгари сиз сира ичмас эдингиз ва бунчалик кўп гапирмас эдингиз... Боринг, ухланг! Мен сиз билан қолсам зерикаман.

Войницкий (қўлини ўпмоқчи бўлиб). Азизим... Гўзалим!

Елена Андреевна (хафа бўлиб). Тинч қўйинг мени. Бу гаплар жуда жонимга тегди. (Кетади.)

Войницкий (ёлғиз). Кетди...

Пауза.

Бундан ўн йил муқаддам мен буни марҳума опамнинг уйида учратардим. Ўшанда у ўн етти, мен 37 ёшда эдим. Нега мен ўшанда уни севиб қолмадим, унга уйланишни таклиф қилмадим? Бу эса жуда бўлиши мумкин иш эди! Ҳозир у менинг хотиним бўлган бўлар эди... Ҳа... ҳозир иккимиз момақалдироқдан уйғониб кетардик; у момақалдироқдан чўчирди, мен уни бағримга босиб: «Қўрқма, мен ёнингдаман» деб қулоғига пичирлардим. Оҳ, ширин хаёллар, қандай яхши, мен ҳатто куляпман... аммо, эй худойим, фикрларим чувалашиб кетди... Нега мен қариман? Нега у менинг дардимни англамайди? Унинг дунёни ҳалок бўлаётганлиги ҳақидаги дабдабали, беҳуда гаплари, бемаъни, тутуриқсиз фикрларидан қаттиқ нафратланаман.

Пауза.

Оҳ, мен нақадар алдандим! Мен мана шу профессорни, мана шу аянч мижғовни яхши кўрардим, унга хўкиздай ишлардим! Соня билан мен мана шу ер-мулкни сиқиб сувини олдик. Биз худди баққолдек зиғир ёғ, нухат, сузма сотиб келдик, ўзимиз емасак ҳам бир тийинни тугиб-чатиб, унга минг-минглаб пул юбориб турдик. Мен у билан ва унинг илми билан фахрланардим, нафас олардим, ёзган асарлари ва айтган сўзлари менга доҳиёна бўлиб туюлар эди... Э, тангрим, энди-чи? Ҳозир у истеъфога чиқиб, ҳаётининг оқибати кўринди: ўзидан кейин бир варақ ҳам асар қолмайди, уни ҳеч ким танимайди, у пуч одам! Совун кўпиги! Мен эса алдандим... Кўриб турибман, қаттиқ алдандим...

Сюртук кийган, жилеткасиз ва галстуксиз Астров киради: у ширакайф; орқасида қўлида гитара ушлаган Телегин.

Астров. Гитарангни чал!

Телегин. Ҳамма ухлаяпти-ку!

Астров. Чалавер!

Телегин оҳиста чалади. (Войницкийга.) Ёлғиз ўзингмисан? Хонимлар йўқми? (Ўйнаб, оҳиста ашула айтади.) «Ўйнар печка, ўйнар уй, уй эгаси ухлолмас...» Мени момақалдироқ уйғотиб юборди. Ёмғир роса қуйяпти. Соат неча бўлди экан?

Войницкий. Ким билади дейсан.

Астров. Қулоғимга Елена Андреевнанинг овози чалингандай бўлди-я.

Войницкий. Ҳозиргина шу ерда эди.

Астров. Латофатли хотин-да. (Стол устидаги дориларни кўздан кечиради) Дорилар. Минг хил рецепт. Харьков, Москва, Тула рецептлари... У ўз касали билан ҳамма шаҳарларнинг жонига тегди. У чинакам касалми ёки ўзини касалликка соладими?

Войницкий. Касал.

Пауза.

Астров. Бугун мунча ғамгинсан? Ё профессорга ачиняпсанми?

Войницкий. Мени тинч қўй.

Астров. Ёки профессорнинг хотинини севиб қолдингми?

Войницкий. У менинг дўстим.

Астров. Дарров-а?

Войницкий. «Дарров-а» деганинг нимаси?

Астров. Хотин киши эркак киши билан аввал таниш, кейин ўйнаш, ундан сўнггина дўст бўла олади.

Войницкий. Бачкана фалсафа.

Астров. Нима? Ҳа... Иқрор бўлишим керакки, бачканалашиб кетяпман. Кўрдингми, мен мастман. Одатда ойида бир марта шундай маст бўламан. Шундай пайтларда мен ўтакетган қўпол ва дағал бўламан. Дунёни сув олиб кетса, тўпиғимга чиқмайди! Ҳатто энг қийин операцияларни ҳам ғоят усталик билан қиламан, мана шунда мен ўзимга-ўзим тентак бўлиб кўринмайман, инсониятга жуда катта... жуда катта фойда келтираётганимга ишонаман! Ана шундай пайтларда мен ўз фалсафамни ишга соламан ва сиз, оғайнилар, ҳаммангиз менга қумирсқа... микроб бўлиб кўринасиз (Телегинга.) Патир, чал!

Телегин. Дўстим, сенга жон-жон деб чалиб берардим-у, лекин тушун, ҳамма ухлаяпти.

Астров. Чалавер!

Телегин оҳиста чалади.

Ичсак бўларди. Юр, назаримда коньягимиз қолгандай бўлувди. Тонг ёриши билан меникига жўнаймиз. Ҳайми? Менинг бир фельдшерим бор, ҳеч «хўпми» демайди, нуқул «ҳайми» дейди. Ўзи ўларча муттаҳам одам. Хўш, ҳайми? (Кириб келаётган Соняни кўриб.) Кечиринг, мен бегалстукман. (Тез кетади, орқасидан Телегин ҳам чиқади.)

Соня. Ваня тоға, сен доктор билан тағин ичибсан-ку. Топишиб қолибсизлар, лочинлар. У-ку ҳамиша шунақа-я, сенга нима бўлди? Бу қилиғинг ёшингга ярашмайди.

Войницкий. Бу ерда ёшнинг даҳли йўқ. Чинакам ҳаёт бўлмаганидан кейин сароб билан яшар экан киши, ҳеч нарса бўлмагандан кўра, шу яхшироқ-да.

Соня. Пичан ўрилганича қолиб кетди, ҳар куни ёмғир, чириб кетяпти, сен бўлсанг, қаёқдаги саробларни гапириб юрибсан. Хўжаликни бутунлай ташлаб қўйдинг... Мен бир ўзим ишлаяпман, кучдан толдим... (Қўрқиб.) Тоға кўзларингда ёш кўриняпти!

Войницкий. Қанақа ёш? Ҳеч нарса йўқ, бекорчи гап. Сенинг менга ҳозирги қарашинг худди марҳума онангга ўхшаб кетди. Меҳрибон опам. (Қўлини, юзини ўпиб), опажоним... Қани энди у? Агар у билсайди! Оҳ, у билсайди!

Соня. Нимани? Тоға, нимани билсайди?

Войницкий. Оғир, қийин... Ҳечқиси йўқ... Кейин... Ҳечқиси йўқ... Мен кетдим... (Қетади.)

Соня (эшикни тақиллатиб). Михаил Львович! Ухлаганингиз йўқми? Бирпасга бу ёққа чиқинг?

Астров (эшик орқасидан). Ҳозир! (Бир оздан сўнг чиқади; у жилетини кийиб, галстугини тақиб олган.) Хўш, хизмат?

Соня. Агар кўнглингиз тортса, ўзингиз ичинг-у, лекин ўтинаман, тоғамга ичирманг. Унга зиён қилади.

Астров. Хўп. Биз бошқа ичмаймиз...

Пауза.

Мен ҳозир уйимга жўнайман. Қарор қилинди ва қўл қўйилди. Отларни қўшгунча тонг ҳам ёриша бошлайди.

Соня. Ёмғир ёғяпти. Эрталабгача кутинг.

Астров. Момақалдироқ четлаб ўтяпти, ҳадемай ёмғир тиниб қолади. Жўнайман. Худо хайрингизни берсин, бундан кейин мени отангизнинг олдига чақирманг. Мен унга касалингиз подагра десам, у менга бод дейди; ётинг десам, ўтиради. Бугун бўлса, мен билан гаплашгиси ҳам келмади.

Соня. Эрка бўлиб қолган. (Буфетни тимискилайди.) Бирор нарса тотинмайсизми?

Астров. Майли, беринг.

Соня. Мен кечаси овқатланишни яхши кўраман. Буфетда бир нарса борга ўхшайди. Айтишларига қараганда, у ёшлигида хотинлар орасида муваффақият қозонган экан, хотинлар уни эркалатиб юборишган. Мана пишлоқдан олинг.

Иккови буфет олдида туриб, ейдилар.

Астров. Бугун мен ҳеч нима емадим, нуқул ичдим. Отангизнинг феъли оғир. (Шкафдан бутилка олади.) Мумкинми? (Бир рюмка ичади). Бу ерда ҳеч ким йўқ, шунинг учун тўғрисини айтиш мумкин. Биласизми, менга шундай туюладики, мен сизларнинг уйингизда бир ой ҳам яшай олмас эдим, бу ҳавода бўғилиб кетардим... Отангиз бўлса ўз касалидан нолигани-нолиган, китобдан бошини кўтармайди, Ваня тоғангизнинг бўлса қовоғидан қор ёққани-ёққан, бувингиз, ниҳоят, ўгай онангиз...

Соня. Ўгай онамга нима бўпти?

Астров. Одамнинг ҳамма нарсаси: юзи ҳам, кийими ҳам, қалби ҳам, фикрлари ҳам гўзал бўлиши керак. Шубҳасиз, у чиройли хотин, аммо... унинг ейиш, ичиш, бекор юриш, ўз чиройига бизларни мафтун қилишидан бошқа иши йўқ. У ҳеч қандай мажбуриятни сезмайди, унинг учун бошқалар ишлайди... Ахир, шундай эмасми? Бекорчиликда кечган ҳаётни пок ҳаёт деб бўлмайди.

Пауза.

Балки, мен жуда кескин мулоҳаза қилаётгандирман. Мен ҳам сизнинг Ваня тоғангиз сингари ҳаётга қонмаган одамман, биз иккимиз борган сари тажанг бўлиб кетяпмиз.

Соня. Сиз ҳаётдан розимасмисиз?

Астров. Умуман ҳаётни яхши кўраман, лекин бизнинг уезд ҳаётини, рус обивателлари ҳаётини кўргани кўзим йўқ, бутун жони-жаҳдим билан ундан нафратланаман. Менинг шахсий турмушимни олсак, худо ҳақи, айтарли яхши ери йўқ. Биласизми, қоронғи кечада ўрмон ичида кетаётганингда олдингда ўт милтиллаб турса, чарчаш нималигини, қоронғиликни ва юзларингга урилаётган тиканли шох-шаббаларни сезмайсан... Мен ишлайман, бу сизга маълум, бу уездда ҳеч ким менчалик меҳнат қилмайди, тақдир мени тўхтовсиз савалайди ва баъзан қаттиқ азоб тортаман, аммо менинг олисда ёниб турган ўтим йўқ. Энди мен ҳаётдан ҳеч нарса кутмайман, одамларни ёмон кўраман... Кўпдан бери ҳеч кимни севмайман.

Соня. Ҳеч кимни-я?

Астров. Ҳеч кимни. Фақат сизнинг энагангизга бир оз кўнглим мойиллигини сезаман, бу ҳам ўтмиш хотираси билан. Мужикларнинг ҳаммаси бир хил, савияси паст, ифлос яшашади, зиёлилар билан бир фикрга келиш қийин. Улар одамни зериктиради. Бу барака топгурларнинг ҳаммаси саёз фикр юритади, саёз ҳис қилади, бурнидан сал наридаги нарсани кўролмайди — қисқаси, бари тентак. Ақллироғи ва пичоққа илинадиганлари бўлса, ўлардек асабий, уларни рефлекс, анализ еб ташлаган... Улар нолигани-нолиган, бир-бирини кўролмайди, ўлиб-тирилиб ғийбат қилгани-қилган, одамга бир ёқлама баҳо беришади. Кўз қирини ташлаб, «О, бу жинни!» ёки «Буниси маҳмадана!» деб шартта баҳо бериб қўя қоладилар. Менинг пешонамга қандай тамға босишни билмай қолганларида «Бу ғалати одам, ғалати» дейдилар. Мен ўрмонни яхши кўраман — бу ғалати, гўшт емайман — бу ҳам ғалати эмиш. Табиатга, одамларга тоза, холисона ва эркин қараш йўқ... йўқ, йўқ! (Ичмоқчи бўлади.)

Соня (унга халақит беради). Йўқ, ўтинаман, ёлвораман, энди ичманг.

Астров. Нега?

Соня. Бу сизга сира ярашмайди. Сиз нозик одамсиз. Овозингиз шундай ёқимли... Ҳатто мен билган одамлар орасида сиз энг гўзалисиз. Нега сиз ичадиган, қарта ўйнайдиган тўпори одамларга ўхшашни истайсиз? Қўйинг, бу ишни қилманг, ўтинаман. Сиз доим, одамлар ўзлари ҳеч нарса яратмайдилар-у, худо яратган нарсаларни барбод қиладилар, деб гапирасиз. Нега, нима учун сиз ўз-ўзингизни барбод қиляпсиз? Бундай қилманг, зинҳор бундай қилманг, ёлвораман, ўтиниб сўрайман.

Астров (Соняга қўлини чўзиЬ). Бўлди, ичмаганим бўлсин.

Соня. Менга ваъда беринг.

Астров. Худо ҳақи.

Соня (қўлини қаттиқ қисиб). Ташаккур, миннатдорман.

Астров. Бас Хушёр тортдим. Мана кўрдингизми, мен бутунлай ҳушёрман ва ҳаётимнинг охиригача шундай қоламан. (Соатга қарайди.) Хўш, давом этдирайлик. Сизга айтсам, ёшим ҳам ўтиб қолди, энди кеч. Қариб қолдим, иш эзиб ташлади, путурдан кетдим, бутун ҳис-туйғуларим ўтмаслашиб қолди ва менга шундай туюладики, энди мен ҳеч кимга кўнгил қўёлмасам керак. Мен ҳеч кимни севмаганман ва энди севолмайман. Мени биргина гўзаллик мафтун қилиши мумкин. Мен гўзалликка бепарво қараб туролмайман. Назаримда, агар Елена Андреевна истаса, бир кунда менинг бошимни айлантириб қўйиши мумкин эди... Бироқ бу севги ҳам эмас, кўнгил мойиллиги ҳам эмас. (Кўзларини қўллари билан беркитади, сесканади.)

Соня. Сизга нима бўлди?

Астров. Ўзим... Рўза куни операция вақтида битта касалим ўлиб қолган эди.

Соня. Буни энди унутинг.

Пауза.

Менга айтинг-чи, Михаил Львович... Борди-ю, менинг бир дугонам ёки синглим сизни... айтайлик, севиб қолган бўлса ва сиз буни билсангиз, нима дердингиз?

Астров (елкасини қисиб). Қайдам. Ҳеч нима демасам керак. Мен унга уни севолмаслигимни билдирган бўлардим... Каллам ҳам бошқа нарсалар билан банд. Ҳамон кетадиган бўлсам, энди борай. Хайр, азизим, бу йўсинда гапимиз эрталабгача ҳам тамом бўлмайди. (Қўлини қисади.) Агар рухсат берсангиз, мен меҳмонхонадан ўтиб кетаман. Тағин тоғангиз ушлаб қолмасин деб қўрқаман. (Кетади.)

Соня (ёлғиз). У менга ҳеч нарса демади... Унинг қалби ҳам, кўнгли ҳам ҳали менга ёпиқ, лекин нима учун мен ўзимни жуда бахтли сезяпман? (Бахтиёрлигидан севиниб кулади.) Мен унга сиз гўзалсиз, олижанобсиз, овозингиз жуда ёқимли дедим... Бу сўзларим ўринли чиқмадими? Унинг овози титрайди, эркалайди... Унинг овози қулоқларим остида эшитилмоқда... Мен унга синглим тўғрисида гапирганимда тушунмади... (Қўлларини эзғилаб.) Оҳ, қандай даҳшат, мен хунукман! Қандай даҳшат! Мен хунуклигимни биламан, биламан, биламан... Ўтган якшанба куни бутхонадан чиқиб келаётганимизда менинг тўғримда нималар дейишганини ўз қулоғим билан эшитдим. Битта хотин: «Ўзи жуда меҳрибон, олижаноб қиз-у, лекин афсуски хунук-да» деди... Хунук қиз...

Елена Андреевна киради.

Елена Андреевна (деразани очади). Момақалдироқ ўтиб кетди. Ҳаво қандай мусаффо-я!

Пауза.

Доктор қани?

Соня. Кетди.

Пауза.

Елена Андреевна. Софи!

Соня. Нима дейсиз?

Елена Андреевна. Токайгача менга араз қилиб юрасиз? Биз бир-биримизга ҳеч қандай ёмонлик қилганимиз йўқ-ку? Ёв бўлиб нима қиламиз? Етар энди...

Соня. Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим... (Уни қучоқлайди.) Аразни йиғиштирайлик.

Елена Андреевна. Жуда соз.

Иккови ҳаяжонда.

Соня. Дадам ётдими?

Елена Андреевна. Йўқ, меҳмонхонада ўтирибди... Бир-биримиз билан ҳафталаб гаплашмаймиз, сабабини худо билади (Буфет очиқлигини кўриб.) Бу нима?

Соня. Михаил Львович овқатланди.

Елена Андреевна. Вино ҳам борми дейман... Келинг, брудершафтга ичамиз1.

Соня. Бўпти.

Елена Андреевна. Битта рюмкадан ичамиз... (Қуяди.) Бу жуда яхши бўлади. Хўш, шундай қилиб сенми?

Соня. Сен.

Ичадилар ва ўпишадилар.

Мен кўпдан бери ярашмоқчи эдим-у, лекин уялиб юргандим... (Йиғлайди.)

Елена Андреевна. Нега йиғлайсан?

Соня. Шундай, ўзим.

Елена Андреевна. Бўлди, бўлди... (Йиғлайди.) Тентак қиз, мен ҳам йиғлаб юбордим...

Пауза.

Сен мени отангга севиб эмас, гўё бир манфаат кўзлаб теккан деб мендан хафа бўлиб юрибсан... Агар қасамга инонсанг, қасам ичиб айтаманки, мен уни севиб текканман, мен унинг олимлигини, машҳур одамлигини севиб қолгандим. Севгим чинакам севги бўлиб чиқмади, севгим сунъий экан, лекин ўша вақтда севгим менга чинакам бўлиб кўринган эди. Мен айбдор эмасман. Сен бўлсанг тўйимиздан бери маъноли, шубҳали кўзларинг билан мени қийнаб келасан.

Соня. Бўлди, яраш-яраш! Бу гапларни унутайлик.

Елена Андреевна. Бундай ўйлаш керак эмас, бу сенга ярашмайди, одамларга ишониш керак, бўлмаса яшаш қийин бўлади.

Пауза.

Соня. Дўст сифатида менга ростини айт-чи, сен бахтлимисан?

Елена Андреевна. Йўқ.

Соня. Мен буни билардим. Яна битта саволим бор. Очиғини айт, эринг ёш бўлишини хоҳлармидинг?

Елена Андреевна. Ҳали жуда ёш қиз экансан. Қалин дўст бўлиб, бир-бирини сансирашга ўтиш белгиси-ку. Албатта хоҳлардим-да. (Кулади.) Яна бирор нарса сўра, сўрайвер...

Соня. Сенга доктор ёқадими?

Елена Андреевна. Ҳа, жуда ёқади.

Соня (кулади). Мен хунукман... тўғрими? Мана у кетган бўлса ҳам мен унинг овозини, қадам ташлашини эшитяпман, мана бу қоронғи деразага қарасам, кўзимга унинг юзи кўринади. Шошма, гапимни тамом қилай... Мен қаттиқ гапиролмайман, уяламан. Юр, менинг хонамга кирамиз, ўша ерда гаплашамиз. Мен сенга тентак бўлиб кўринмаяпманми? Ростингни айт... Унинг тўғрисида менга бирор нарса гапириб бер...

Елена Андреевна. Нимани гапирай?

Соня. У ақлли... Унинг қўлидан ҳар нима келади, у ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқади... У касалларни даволайди, ўрмонларни парвариш қилади...

Елена Андреевна. Гап ўрмонда ҳам, медицинада ҳам эмас... Тушун, жонгинам, бу талант! Сен талантнинг нималигини биласанми? Бу ғайрат, жасорат, ўткир зеҳн, улуғ мақсад... Битта дарахтни экади-ю, минг йилдан кейин ўша дарахтнинг қандай бўлишини кўради, унинг кўз ўнгида инсониятнинг бахти гавдаланади. Бундай одамлар камдан-кам учрайди, уларни севмоқ лозим... У баъзида ичади, қўпол гапиради, на чора! Россияда талантли одам иллатсиз бўлмайди. Ўзинг бир ўйлаб кўр, докторнинг ҳаёти нималардан иборат! Юриб бўлмайдиган бузуқ ва батқоқ йўллар, қаҳратон қиш, қор бўронлари, узундан-узоқ масофалар, халқ қўпол, ёввойи, бориб турган қашшоқлик, касалликлар, бундай шароитда куну тун ишлаётган ва курашаётган киши қирқ ёшида ўзини ҳушёр ва иллатсиз сақлаб қолиши мушкул гап... (Соняни ўпади.) Мен бутун қалбимдан сенга бахт тилайман, сен бунга арзийсан. (Ўрнидан туради.) Мен бўлсам дилхаста, ўткинчи бир шахсман... Музикада ҳам, эрининг уйида ҳам, барча романларда ҳам, хуллас ҳамма ерда менга ўхшаган одам ўткинчи шахс бўлиб қолади. Очиғини айтганда, Соня, ўйлаб кўрсанг, мен жуда, жуда бахтсизман! (Саҳнада ҳаяжонланиб юра бошлайди.) Бу дунёда менинг бахтим йўқ! Йўқ! Нега куляпсан?

Соня (юзини қўллари билан бекитиб кулади). Мен жуда бахтлиман... бахтлиман!

Елена Андреевна. Менинг рояль чалгим келяпти... Ҳозир бирор нарса чалиб берардим-да.

Соня. Чал. (Уни қучоқлайди.) Уйқум келмаяпти... Чал!

Елена Андреевна. Ҳозир. Отанг уйғоқ. Касаллигида унга музика ёқмайди. Бор, сўраб кел. Агар майли деса чалиб бераман, бор.

Соня. Ҳозир. (Кетади.)

Боғдан қоровулнинг шақилдоғи эшитилади.

Елена Андреевна. Кўпдан бери чалганим йўқ. Чаламан-да, йиғлайман, тентаклардай йиғлайман. (Дераза орқали.) Тақиллатаётган сенмисан, Ефим?

Қоровулнинг овози. Мен.

Елена Андреевна. Тақиллатма, хўжайин касал.

Қоровулнинг овози. Ҳозир кетаман. (Ҳуштак чалади.) Жучка, Мальчик! Жучка! Ма, ма.

Пауза.

Соня (қайтиб келади). Рухсат бермади!

Парда.

Учинчи Парда

Серебряковнинг уйидаги меҳмонхона. Уч эшик: ўнгда, чапда ва ўртада. Кундуз куни. Войницкий, Соня (ўтирибдилар) ва Елена Андреевна (ниманидир ўйлаб, у ёкдан-бу ёққа юради).

Войницкий. Профессор ҳазратлари ҳаммамизни шу меҳмонхонага соат бирда йиғилишимиз учун ўз хоҳишларини баён қилдилар. (Соатга қараб) Чорак кам бир. Жаҳонга бирорта гап айтмоқчи.

Елена Андреевна. Эҳтимол, бирорта иши бордир.

Войницкий. Унинг ҳеч қанақа иши йўқ. Ёзгани сафсата, ўларча тажанг, рашк қилади. Бор-йўқ иши шу.

Соня (танбиҳ оҳангида) Тоға!

Войницкий. Хўп, хўп. Тавба қилдим. (Елена Андреевнани кўрсатиб.) Қаранг: бекорчиликдан қўли бўшамай юргани-юрган. Қандай яхши! Ажойиб-ғаройиб.

Елена Андреевна. Сиз уззукун ғўнғиллаганингиз-ғўнғиллаган, жонингизга тегмайдими? (Ғамгин.) Мен зерикиб ўлай деяпман, нима қилишимни билмайман.

Соня (елкасини қисиб). Қиламан десанг ишдан кўпи йўқ! Фақат хоҳиш керак.

Елена Андреевна. Масалан?

Соня. Хўжаликка қараш, болаларни ўқит, касалларни давола, иш камми? Мана сен билан дадам йўқлигингларда мен Ваня тоғам билан бозорга бориб ун сотардик.

Елена Андреевна. Қўлимдан келмайди. Қизиғи ҳам йўқ. Бир хил романлардагина мужикларни ўқитадилар, даволайдилар, қандай қилиб мен томдан тараша тушгандай, уларни бориб ўқитаман, даволайман?

Соня. Ўқитмайман дейишингга ҳеч тушунолмаймап. Сабр қил, сен ҳам кўникиб кетасан. (Уни қучоқлайди.) Зерикаверма жонгинам. (Кулиб.) Сен зерикяпсан, ўзингни қўйгани жой тополмайсан. Зерикиш ва бекорчилик юқумли касалга ўхшаган нарса бўлади. Қарагин: Ваня тоғам ҳеч бир иш қилмай, соя сингари орқангдан юргани-юрган. Мен ҳам ўз ишимни ташлаб сен билан гаплашгани келдим, эринчоқ бўлиб қолдим, қўлим ишга бормайди. Доктор Михаил Львович илгарилари бизникида жуда камдан-кам — ойда бир марта бўларди, келинг деявериб эсимиз кетарди, энди бўлса ҳар куни келади, ўрмонларини ҳам, медицинасини ҳам ташлаб қўйди. Нима бало, жодугармисан дейман.

Войницкий. Нега зерикасиз? (Қизишиб.) Азизим, зеби-зийнатим, қўйинг, ақлингизни йиғинг! Томирларингизда сув парисининг қони оқмоқда, шундай экан, сув париси бўлинг-да! Жилла бўлмаса умрингизда бир марта ўзингизга эрк беринг. Ҳайё-ҳай денг-у, бирортасини жон-жаҳдингиз билан севинг-да, бош-мошингиз билан гирдобга кириб кетинг, профессор ҳазратлари билан бизлар анграйиб қолайлик!

Елена Андреевна (ғазаб билан). Мени ўз ҳолимга қўйинг! Кишини бунча қийнайсиз! (Кетмоқчи бўлади.)

Войницкий (кетишга қўймайди). Хўп, хўп, жонгинам, кечиринг... Узр. (Қўлини ўпади.) Яраш.

Елена Андреевна. Фариштанинг ҳам сабр-тоқати қолмасди, хўп деяверинг.

Войницкий. Тинч ва тотув яшашимиз исботи учун бир даста атир гул келтираман; эрталаб сизга атаб узган эдим... Кузги гуллар — чиройли, маъюс гуллар... (Кетади.)

Соня. Кузги гуллар — чиройли, маъюс гуллар...

Иккови деразага қарайди.

Елена Андреевна. Мана сентябрь ҳам келди. Қишни бу ерда қандай ўтказар эканмиз?

Пауза.

Доктор қани?

Соня. Ваня тоғамнинг хонасида. Ниманидир ёзиб ўтирибди. Ваня тоғамнинг кетганига севиндим, сен билан гаплашмоқчиман.

Елена Андреевна. Нима тўғрисида?

Соня. Нима тўғрисида дейсанми? (Бошини унинг елкасига қўяди.)

Елена Андреевна. Қўй, қўй... (Сочини силаб.) Қўй энди.

Соня. Мен хунукман.

Елена Андреевна. Сенинг сочинг жуда чиройли.

Соня. Йўқ! (Ойнага қарамоқчи бўлиб, атрофга кўз ташлайди.) Йўқ! Хунук хотинга ҳамма вақт: «Сизнинг кўзингиз жуда чиройли, сизнинг сочингиз жуда гўзал» дейдилар. Мен уни олти йилдан бери севаман, уни ўз онамдан ҳам кучлироқ севаман, мен ҳар нафасда унинг овозини эшитаман, қўл қисишини сезаман, икки кўзим эшикда — кутганим-кутган, назарймда ҳозир кириб келаётгандай. Мана ўзинг кўриб турибсан-ку, ўшанинг тўғрисида гаплашиш учун доим олдингга келаман. У бизникига ҳар куни келадиган бўлди, лекин менга қарамайди, мени кўрмайди... Буни қандай азоблигини билсанг эди! Менинг ҳеч қандай умидим йўқ, йўқ, йўқ! (Маъюсланиб.) Эй, худоё худовандо, ўзинг мадад бер... Мен бутун кечаси билан ибодат қилдим... Кўпинча олдига ўзим бораман, гап бошлайман, кўзларига тикиламан... Энди менда ғурурлик қолмади, ўзимни тутиб туришга ортиқ кучим йўқ. Кеча ўзимни тиёлмадим, Ваня тоғамга уни севаман дедим... Севишимни ҳамма хизматкорлар ҳам билишади, ҳамма билади.

Елена Андреевна. У-чи?

Соня. У менга парво қилмайди.

Елена Андреевна (ўйчан). Ғалати одам... Менга қара. Майли десанг, мен у билан гаплашиб кўраман... Эҳтиёткорлик билан, ётиғи билан сўрайман...

Пауза.

Ахир, қанча вақт бундай аросатда яшаш мумкин... Майлими?

Соня боши билан маъқул деган ишорани қилади.

Жуда соз. Севиш-севмаслигини билиш қийин эмас, жонгинам, ташвиш қилма, мен уни жуда эҳтиёткорлик билан сўроқ қиламан, ўзи ҳам сезмай қолади. Ҳа ёки йўқлигини билсак бўлди-да!

Пауза.

Агар йўқ деса, бу ерга келмасин, шундайми?

Соня боши билан маъқул деган ишорани қилади.

Кўрмасанг енгилроқ бўлади. Гапни чўзиб юрмай тушдаёқ сўраб қўя қоламиз. У менга қандайдир чизган расмларини кўрсатмоқчи эди... Бор, мен уни кўрмоқчи эканлигимни айт.

Соня (кучли ҳаяжонда). Сен менга бор ҳақиқатни айтасанми?

Елена Андреевна. Ҳа, албатта. Менимча, ҳар қандай ҳақиқат ҳам мавҳумликдай қўрқинчли эмас. Менга ишонавер, жонгинам.

Соня. Хўп, хўп... Мен унга чизган расмларини кўрмоқчи бўлганингни айтаман... (Кета туриб эшик олдида тўхтайди.) Йўқ, мавҳумлик яхшироқ. Ҳар қалай умидвор бўласан.

Елена Андреевна. Нима дединг?

Соня. Йўқ, ўзим. (Кетади.)

Елена Андреевна (ёлғиз). Бировнинг сирини билсанг-да, унга ёрдам беролмасанг, бундан ёмони йўқ. (Ўйлаб.) У Соняни севмайди — бу турган гап, бироқ уйланса бўлмайдими? Соня чиройлимас, лекин анча ёшга кирган қишлоқ доктори учун жуда муносиб хотин бўлар эди. Ақлли, бирам меҳрибон, софдил... Йўқ, бу ерда бошқа гап бор.

Пауза.

Мен бу шўрлик қизнинг дардига тушунаман. Ўларча зерикарли бу муҳитда, одамлар ўрнига атрофда аллақандай ола-қура доғлар дайдиб юрган ва ейиш, ичиш, ухлашдан бошқа нарсани билмайдиган кезларда, гаплари тутуриқсиз бу одамлар орасида гоҳо у пайдо бўлиб қолади. Уларга ўхшамайди у, чиройли, келишган, дилкаш, гўё зулмат кечада тўлин ой сузиб юргандай... Шундай одамга мафтун бўлсанг, дунёни унутсанг арзийди... Мен ўзим унга бир оз майл сезяпман шекилли... Ҳа, усиз мен зерикаман, унинг ҳақида ўйлар эканман, қувониб кетаман... Ваня тоға айтишича, туб томирларимда сув парисининг қони оқар эмиш. «Жилла бўлмаса умрингизда бирор марта ўзингизга эрк беринг» дейди. Нима қилай? Балки шундай қилиш керакдир... Қани энди эркин қуш бўлсам-у, учиб кетсам, сизларнинг уйқу босган башараларингизни кўрмасам, сўзларингизни эшитмасам, дунёда сизлар бор эканингизни унутсам... Бироқ мен қўрқоқман, уятчанман. Мен виждон азобида қоламан... Бу ерга у ҳар куни келади, келишининг сабабини ҳам пайқаяпман, ҳалитдан ўзимни айбдор сезяпман, Соня олдида тиз чўкишга, кечирим сўрашга, йиғлашга тайёрман.

Астров (картограмма билан киради). Салом! (қўлини қисади.) Сиз чизган расмларимни кўрмоқчи бўлибсиз.

Е л ен а А н д р е е в н а. Кеча ўз ишларингизни кўрсатишга ваъда берган эдингиз... Бўшмисиз?

Астров. О, албатта. (Ломбер столига картограммани ёяди ва кнопкалар қадайди.) Сиз қаерда туғилгансиз?

Елена Андреевна (унга кўмаклаишб). Петербургда.

Астров. Қаерда ўқигансиз?

Елена Андреевна. Консерваторияда.

Астров. Ундай бўлса бунинг сизга қизиғи йўқ.

Елена Андреевна. Нега? Тўрри, мен қишлоқни билмайман, лекин қишлоқ ҳақида кўп ўқиганман.

Астров. Бу уйда менинг ўз столим бор... Иван Петровичнинг бўлмасида. Жуда чарчаган вақтларимда, гангиб қолганимда бор-йўқ ишимни ташлайман-у, шу ерга югураман, бир-икки соат мана шу нарса билан машғул бўламан... Иван Петрович билан Софья Александровна чўт қоқишади, мен уларнинг пинжида, ўз столим олдида бўёқ бўяб ўтираман — ҳам иссиқ, ҳам роҳат, чурулдоқ чуруллайди. Лекин бу роҳатдан кўп баҳраманд бўлавермайман, ойида бир марта, холос... (Картограммани кўрсатиб.) Энди бунга қаранг. Бу уездимизнинг бундан эллик йил бурунги манзараси. Тўқ яшил ва оч яшил ранглар ўрмон белгиси; бутун уезд майдонининг ярмиси ўрмон. Яшил ранг устидаги қизил бўёқ билан қилинган тўрлар — бу ерларда кийиклар, ёввойи эчкилар яшаганлигининг аломати... Мен бу ерда ўсимликлар ва бўлак ҳайвонларни ҳам кўрсатиб ўтганман. Мана бу кўлда ғозлар, ўрдаклар, оққушлар яшаган, қарияларнинг тили билан айтганда, турли-туман қушлар кўк юзини қоплаб олган экан, бамисоли булут деяверинг. Қишлоқ ҳамда овуллардаи ташқари, кўриб турибсизки, унда-бунда янги хонадонлар, қўрғончалар, ибодатхоналар, сув тегирмонлари бор... Қорамоллар ва отлар жуда кўп бўлган. Кўк рангдан кўриниб турибди. Масалан, мана бу волостда кўк ранг қуюқ, чунки бу ерда тўда-тўда йилқилар бўлган, ҳар бир хонадонга учтадан от тўғри келган.

Пауза.

Энди пастга қарайлик. Бу йигирма беш йил бурунги манзара. Энди ўрмон ҳамма майдоннинг учдан бар қисмини қоплаган. Эчкилар йўқ, лекин кийиклар бор. Яшил ҳамда кўк ранглар суюқлашган ва ҳоказо ва ҳоказо, Учинчи қисмига ўтайлик — бу уезднинг ҳозирги кўриниши. Яшил ранг ямоқ сингари онда-сонда қолган; кийиклар ҳам, оққушлар ҳам, қушлар ҳам йўқолиб кетган. Аввалги янги хонадонлар, қўрғончалар, сув тегирмонларидан ном-нишон ҳам қолган эмас. Хулласи калом аста-секин тадрижий емирилиш манзарасини кўрамиз, бу манзара тўла-тўкис бўлмоғи учун ўн-ўн беш йил қолди холос. Балки сиз, маданият таъсири, эски ҳаёт янги ҳаётга ўз ўрнини бериши табиий бир ҳол, дерсиз. Қани энди, кесилган ўрмонларнинг ўрнига янги тош кўчалар, темир йўллар, заводлар, фабрикалар ва мактаблар қурилса эди — халқ соғломроқ, бадавлатроқ, ақлли-маърифатлироқ бўлар эди, бироқ бу ерда булардан асар ҳам йўқ! Уездда ўша-ўша ботқоқлар, безгак чивинларн, ўша-ўша бузуқ ва лой йўллар, қашшоқлик, тиф, дифтерят, ёнғин олишлар... Биз бу ерда тирикчилик учун ниҳоятда оғир кураш натижасида пайдо бўлган емирилишни кўриб турибмиз; бу емирилишнинг асосий сабаби эскилик-жаҳолати, билимсизлик, ўз кучига бутунлай ишонмасликдир; совқотган, оч, касал одам қолган умрини қутқармоқ ниятида, ўз боласини қутқариб қолмоқ ниятида, қорин тўйдирмоқ, исинмоқ учун эртани ўйламай ихтиёрсиз, онгсиз равишда кўзига кўринган нарсага жон-жаҳди билан ташланади... Деярли ҳаммаси бузилган, аммо эвазига ҳеч нарса яратилган эмас. (Совуқ.) Юзингиздан кўриб турибманки, бу сизни қизиқтирмаяпти.

Елена Андреевна. Мен бу масалада жуда кам тушунаман.

Астров. Тушунмайдиган ери йўқ, сизга қизиқ эмас, вассалом.

Елена Андреевна. Очиғини айтсам, менинг хаёлим бутунлай бошқа нарса билан банд. Кечиринг. Мен сизни жиндек сўроқ қилмоқчиман, шунинг учун хижолатдаман, нимадан бошлашимни билмай турибман.

Астров. Сўроқ?

Елена Андреевна. Ҳа, сўроқ, лекин... бутунлай беғараз. Ўтирайлик! (Ўтирадилар.) Бу иш бир қизга тааллуқли. Биз дўстларча, виждонан, очиқ сўзлашамиз. Гаплашиб бўлиб, бу гапни унутиб юборамиз. Хўпми?

Астров. Хўп.

Елена Андреевна. Бу маеала менинг ўгай қизимга тегишли. У сизга ёқадими?

Астров. Ҳа, мен уни ҳурматлайман.

Елена Андреевна. Хотин сифатида ёқадими?

Астров (бир оздан сўнг). Йўқ.

Елена Андреевна. Яна икки-уч оғиз гап, кейин тамом қиламиз. Сиз ҳеч нарсани пайқадингизми?

Астров. Ҳеч нарса пайқамадим.

Елена Андреевна (қўлидан ушлайди). Сиз уни севмайсиз, буни кўзингиздан кўриб турибман... У азобда... Аҳволини тушунинг ва... энди бу ерга келманг.

Астров (туради). Ёшим ўтиб қолди... Қўлим ҳам тегмайди... (Елкасини қисиб.) Қандай қилиб вақт топай? (Хижолатда қолади.)

Елена Андреевна. Э, жуда хунук гап бўлди-да! Юрагим шундай уряптики, гўё минг пуд юк кўтариб келгандайман. Уҳ, худога шукур, бўлди. Ҳеч нарса гаплашмаган кишилардек унутиб юборамиз... Энди... кетинг. Сиз ақлли одамсиз, тушунасиз...

Пауза.

Мен ҳатто қизариб кетдим.

Астров. Бу гапни бир-икки ой илгари айтганингизда эди, унда мен ўйлаб кўрган бўлардим, энди бўлса... (Елкасини қисиб.) Агар у азоб чекаётган бўлса, албатта... Фақат бир нарсага тушунмай турибман: бу сўроқ сизга нима учун керак бўлди? (Кўзига қарайди, бармоғи билан танбиҳлаб.) Сиз — муғомбирсиз!

Елена Андреевна. Бу нима деганингиз?

Астров (кулиб). Муғомбирсиз! Соня азобда деяйлик, мен бунга ишонаман, лекин бу сўроқ сизга нима учун керак бўлди? (Уни сўзлашга қўймай, тез.) Рухсат этинг, юзингизда таажжуб аломатини ясаманг, мен бу ерга ҳар куни нима учун ва кимни деб келишимни жуда яхши биласиз. Лочиним, менга бундай қараманг, мен эски туллакман.

Елена Андреевна (тушунмай). Лочиним? Тушунолмадим.

Астров. Гўзал лочиним... Сизга қурбонлар керак! Мана бир ойдан бери бор-йўқ ишимни йиғиштириб қўйиб, зўр бериб сизни қидирганим-қидирган, бу сизга ғоятда ёқади, ғоятда... Нима ҳам дейман? Мен енгилдим, буни сиз сўроқсиз ҳам билардингиз. (Қўл қовуштириб, бошини эгиб.) Таслимман! Манг, енг!

Елена Андреевна. Эсингизни еб қўйибсиз!

Астров (тиш орасидан кулиб). Сиз уятчан экансиз-ку...

Елена Андреевна. О, мен сиз ўйлаганингиздан кўра тозароқ ва юқорироқман! Онт ичаман. (Кетмоқчи бўлади.)

Астров (йўлини тўсиб). Мен бугун кетаман, бу ерга келмайман, бироқ... (Қўлидан ушлайди, атрофга қарайди.) Қаерда учрашамиз? Тезроқ айтинг, қаерда? Бу ерга битта-яримта кириб қолиши мумкин... (Эҳтирос билан.) Қандай гўзалсиз, латофатлисиз... Битта ўпай... Сумбул сочларингизни бир марта ўпай...

Елена Андреевна. Онт ичаман...

Астров (сўзлашга қўймай). Онт ичиб нима қиласиз? Онт даркор эмас. Ортиқча сўзнинг ҳожати йўқ... О, қандай гўзалсиз! Оҳ, қандай нозик қўллар! (Қўлидан ўпади.)

Елена Андреевна. Бас, ҳаддингиздан ошманг... кетинг. (Қўлини тортиб олади.) Сиз ўзингизни унутиб қўйдингиз.

Астров. Гапиринг, ахир тезроқ гапиринг, эртага қаерда учрашамиз? (Белидан қучоқлайди.) Ўзинг кўриб турибсанки, бу муқаррар — биз учрашишимиз лозим. (Ўпади; шу пайтда бир даста атир гул кўтарган Войницкий киради, эшик олдида тўхтаб қолади.)

Елена Андреевна (Войницкийни кўрмай). Раҳмингиз келсин... Мени тинч қўйинг... (Астровнинг кўксига бошини қўяди.) Йўқ! (Кетмоқчи бўлади.)

Астров (белидан ушлаб). Эртага ўрмонга кел... Соат иккиларда... Хўпми? Келасанми?

Елена Андреевна (Войницкийни кўриб қолади). Қўйворинг! (Қаттиқ уялиб, дераза томон кетади.) Бу яхши эмас!

Войницкий (гулларни стулга қўяди, ҳаяжонда рўмолчаси билан юзини ва бўйнини артади). Дуруст... Ҳа... Дуруст...

Астров. Бугун, ҳурматли Иван Петрович, ҳаво жуда жойида. Эрталаб ёмғир ёғадигандек оомон булут эди, эндн бўлса офтоб... Инсоф билан айтганда, куз ажойиб келди... Кузги экинлар ҳам жойида. (Картограммани ўраб олади.) Фақат шуниси борки, кунлар қисқариб қолди... (Кетади.)

Елена Андреевна (Войницкий олдига тез келиб). Сиз бор кучингизни ишга солинг, эримни кўндиринг, мен ҳамда эрим шу бугуноқ бу ердан кетайлик! Эшитдингизми? Шу бугуноқ.

Войницкий (юзини артиб). Лаббай? Ҳа, шундай. Яхши... Мен, ҳаммасини кўрдим, ҳаммасини...

Елена Андреевна (асабий).Эшитдингизми? Мен шу бугуноқ бу ердан жўнаб кетишим керак!

Серебряков, Соня, Телегин ва Марина кирадидар.

Телегин. Мен ҳам, жаноби олийлари, ўзимни хайла бетоб сезяпман. Икки кундан бери мазам йўқ. Бошим ҳам аллақандай...

Серебряков. Бошқалар қани? Шу уйни ёмон кўраман-да. Лабиринтга ўхшайди. Йигирма олтита хонаси бор, ҳамма тарқалиб кетса, ҳеч бирини аҳтариб тополмай хуноб бўласан киши. (Қўнғироқ чалади.) Бу ерга Мария Васильевна билан Елена Андреевнани чақиринглар!

Елена Андреевна. Мен шу ердаман.

Серебряков. Марҳамат, жаноблар, ўтиринглар.

Соня (Елена Андреевна ёнига келиб, сабрсизлик билан.) Хўш, нима деди?

Елена Андреевна. Кейин..

Соня. Нега қалтираяпсан, ҳаяжондасан? (Юзига қаттиқ тикилиб.) Тушундим... У бундан буён бу ерда бўлмайман дедими, шундайми?

Пауза.

Шундайми?

Елена Андреевна боши билан «ҳа» деган ишорани қилади.

Серебряков (Телегинга). Бетоблик майлику-я, бўлганича бўлар, аммо шу қишлоқ ҳаётини кўрсам жиним қўзиб кетади. Мен ўзимни ердан бегона бир планетага тушиб қолгандай сезаман. Ўтиринглар, жаноблар. Соня!

Соня эшитмайди, бошини қуйи солиб, ғамгин ҳолда туради.

Соня!

Пауза.

Эшитмайди-я. (Маринага.) Энага, сен ҳам ўтир.

Энага ўтириб, пайпоқ тўқийди.

Жаноблар, сиздан илтимос, қулоқларингизни диққат қозиғига илиб қўйинглар. (Кулади.)

Войницкий (ҳаяжонда). Эҳтимол, менинг керагим йўқдир? Кетсам бўладими?

Серебряков. Йўқ, сен бу ерда ҳаммадан кераксан.

Войницкий. Хўш, мендан нима истайсиз?

Серебряков. Сиз... Нега жаҳлинг чиқяпти?

Пауза.

Бирорта айбим бўлса, ўтинаман, кечир.

Войницкий. Э, бу гапингни қўй. Ишга ўтайлак... Сенга нима керак?

Мария Васильевна киради.

Серебряков. Мана волида ҳам келдилар. Жаноблар, бошлайман.

Пауза.

Сизларни чақиришимдав мақсад, жаноблар, айтиб ўтмоқчиман, бизнинг томонга ревизор келяпти. Ҳазилни йиғиштириб турайлик. Иш жиддий. Жаноблар, сизларни тўплашимдан мақсадим, сизларнинг ёрдам ва маслаҳатингизни олмоқликдир, чунки мен сизнинг доимий меҳрибонлигингизни биламан ва сизларнинг ёрдам ва маслаҳатингизни олишдан умидворман. Мен олим одамман, китобий одамман ва ҳамиша турмушнинг амалий масалаларида нўноқ бўлиб келган одамман. Билган кишиларнинг маслаҳатини олмай иложим йўқ. Сендан, Иван Петрович, мана сиздан, Илья Ильич, сиздан волидаи меҳрибон — илтимос қиламан... Гап шундаки, ҳаммамиз ҳам худованди каримнинг бандасимиз; мен қариб қолдим, касалмандман, шу сабабли мол-мулк масалаларини бартараф қилмоқ вақти келди деб биламан, чунки бу масала менинг оиламга тааллуқлидир. Менинг ҳаётим тугаб боряпти, мен ўзимни ўйламайман, бироқ менинг ёш хотиним, бўйи етган қизим бор.

Пауза.

Энди қишлоқда яшаб қололмайман. Бизлар қишлоқ учун яратилган эмасмиз. Бу ер-мулкдан олиб турган даромад билан шаҳарда ҳам яшаш мумкин эмас. Борди-ю, фараз қилинсин, ўрмонни сотайлик, бу ҳориқулодда чора, ундан доимий фойдаланиб бўлмайди. Шундай бир йўл топмоқ керакки, у бизга доимий равишда келиб турадиган даромаднинг миқдорини аниқ таъмин қилсин. Мен шундай бир йўлни ўйлаб топдим ва буни лутфан сизларнинг муҳокамангизга қўймоқчиман. Тафсилотларга ўтмай гапнинг лўндасини айтиб қўя қолай. Ер-мулкимиз йилига ўрта ҳисоб билан икки процентдан ортиқ даромад бермайди. Мен уни сотишни таклиф қиламан. Пулини процентлик қоғозларга айлантирсак, тўрт билан беш процент ўртасидаги даромадга эга бўламиз, мен ўйлайманки, ортиб қолган бир неча мингга Финляндиядан кичикроқ бир боғ олсак бўлади.

Войницкий. Тўхта... Қулоғим яхши эшитмай қолди. Қайтариб гапир-чи, нима дединг?

Серебряков. Пулларни процентлик қоғозларга айлантириб, ортиб қолганига Финляндиядан боғ олсак дейман.

Войницкий. Финляндияни эмас... Сен яна алланима дединг-ку.

Серебряков. Мен ер-мулкни сотишни таклиф қиламан.

Войницкий. Ҳа, баракалла, мана энди ўзингга келдинг. Сен ер-мулкни сотмоқчисан, жуда олижаноб, жуда ўткир фикр... Хўш, кампир онам билан мени ва Соняни қайси гўрга тиқмоқчисан?

Серебряков. Вақти-соати билан буни ҳам муҳокама қиламиз. Ҳаммаси бирдан бўлмайди-ку.

Войницкий. Ошиқма. Демак шу ёшга кириб менинг тариқча ҳам ақлим йўқ экан-да. Мен шу пайтгача бу ер-мулк Соняники деб ўйлаб, аҳмоқ бўлиб юрган эканман-да. Марҳум отам опамнинг сепига қўшмоқ учун буни сотиб олган эди. Мен шу кунгача содда эканман, қонунларни туркчасига тушунмай, ер-мулк опамнинг ўлимидан кейин Соняга ўтди деб хом ўйлаб юрган эканман-да.

Серебряков. Шундай, мулк Соняники. Ҳеч ким меники деяётгани йўқ. Сонянинг розилигисиз буни сотишга журъатим етмайди. Мен бу ишни Сонянинг фойдасини кўзлаб қиляпман.

Войницкий. Йўқ, бу ақлга сиғмайди, ақлга сиғмайди! Ёки мен жинни бўлганман, ёки... ёки...

Мария Васильевна. Жан, Александрнинг гапини қайтарма. Ишон, у оқ-қорани сен-мендан яхшироқ билади.

Войницкий. Йўқ, менга сув беринглар! (Сув ичади.) Нима десангиз деяверинг, гапираверинг!

Серебряков. Тушунолмай қолдим, нега сен қизишасан. Менинг лойиҳам ҳар жиҳатдан мукаммал деётганим йўқ. Агар ҳамма маъқул топмаса, мен зўрламайман.

Пауза.

Телегин (уялиб). Мен, жаноби олийлари, фанни иззат-икром қилишимдан ташқари, қалбимда унга қариндошлик туйғусини сезаман. Акам Григорий Ильичнинг хотинининг акаси, эҳтимол танирсиз, Константин Трофимович Лакедемонов, магистр эди. У...

Войницкий. Тўхтаб тур Патир, биз иш тўғрисида гаплашяпмиз. Шошма, кейин... (Серебряковга.) Сен мана бундан сўра. Бу ерни бунинг тоғасидан сотиб олинган.

Серебряков. Уҳ, сўраб нима қиламан! Нима ҳожати бор?

Войницкий. Бу мулк ўша вақт пули билан тўқсон беш мингга олинган. Отам етмиш мингини тўлаган, йигирма беш минги қарз бўлиб қолган. Энди бу ёғини эшитинглар... Мен опамни жуда яхши кўрардим. Мен ўз меросимдан опамнинг фойдасига воз кечмаганимда, бу ер қўлга кирмаган бўлар эди. Бунинг устига мен ўн йил эшакдай ишладим, ҳамма қарзни уздим.

Серебряков. Бу гапни бошлаганимга афсусланаман.

Войницкий. Ер-мулк қарз-қурздан ҳоли, ёлғиз менинг меҳнатим туфайли бузилиб кетмади. Энди келиб, қариган чоғимда мени ҳайдаб чиқармоқчи эмиш!

Серебряков. Мақсадингга тушуна олмай турибман.

Войницкий. Мен йигирма беш йил мобайнида бу ерни бошқариб келдим, тер тўкдим, энг содиқ приказчик сингари сенга пул юбориб турдим, шуларнинг барчасига бирор марта бўяса ҳам раҳмат демадинг. Мен умрим бўйи — ёшлигимда ҳам, ҳозир ҳам — сендан йилига беш юз сўмдан маош олиб келдим, буни катта пул деб ўйлайсан шекилли! Шунча вақт ўтиб маошимга бир сўм қўшиб қўйиш ҳатто эсингга ҳам келмади.

Серебряков. Иван Петрович, мен қаёқдан билиб ўтирибман? Мен турмуш масалаларида нўноқман; кераклигича ўзингга-ўзинг қўшиб қўйсанг бўлар эди.

Войницкий. Нима учун ўғирлаб қолмадим? Нега ҳаммангиз ўғирлаб қолмаганим учун мендан нафратланмайсиз? Адолатли иш бўларди, мен ҳам энди келиб гадо бўлмас эдим.

Мария Васильевна (қатъий). Жан!

Телегин (ҳаяжонда). Ваня, дўстим, керакмас, керакмас... Мен қалтираб кетяпман... Орани бузишнинг нима ҳожати бор? (Ўпиб.) Керакмас.

Войницкий. Йигирма беш йил шу онам билан кўр каламушдек тўрт девор ичида ўтириб келдим... Бизнинг фикри-зикримиз, муҳаббатимиз сенга бағишланган эди. Уззукун сенинг тўғрингда, ишларинг ҳақида гапириб, отангиз оғримасди, сен билан фахрланардик, номингни эҳтиромсиз тилга олмас эдик; кечаларни китоб ва журналларга қурбон қилардин, энди мен улардан бутун қалбимдан жирканаман.

Телегин. Бас Ваня, бас... Тоқат қилолмайман...

Серебряков (ғазаб билан). Тушунмадим, нима керак сенга?

Войницкий. Сен биз учун энг олижаноб бир киши эдинг, сенинг мақолаларингни ёд қилиб, олган эдик... Энди кўзим очилди! Мен ҳаммасини кўриб турибман! Сен санъат ҳақида ёзасан-у, лекин ўзинг санъатга мутлақо тушунмайсан! Асарларнинг сариқ чақага ҳам арзимайди! Сен бизни лаққилатиб келдинг!

Серебряков. Жаноблар! Буни тийиб олинглар, ахир! Мен кетаман!

Елена Андреевна. Иван Петрович, жим бўлишингизни талаб қиламан! Эшитдингизми?

Войницкий. Жим бўлмайман! (Серебряковнинг йўлини тўсиб.) Тўхта, ҳали гапимни тамом қилганим йўқ! Сен менинг ҳаётимни барбод қилдинг! Мен яшамадим, яшамадим! Сенинг шарофатинг туфайли ёш умримни, энг яхши йилларимни хароб қилдим. Сен менинг энг ашаддий душманимсан?

Телегин. Мен чидолмайман... чидолмайман... Мен кетаман... (Кучли ҳаяжонда чиқиб кетади.)

Серебряков. Мендан нима истайсан? Мен билан бундай оҳангда гаплашмоққа нима ҳақинг бор, бу тубанлик! Ер-мулк сеники бўлса, олавер, мен зор эмасман.

Елена Андреевна. Мен ҳозирнинг ўзидаёқ бу дўзахдан жўнаб кетаман! (Бақириб.) Мен ортиқ чидолмайман!

Войницкий. Ҳаётим тамом бўлди! Мен истеъдодлиман, ақллиман, довюракман... Мен ҳам одам сингари ҳаёт кечирганимда, мендан Шопенгауэр, Достаевский чиқиши мумкин эдн... Мен беҳуда гапларни гапириб юбордим! Мен жинни бўляпман, онажон, мен жонимдан тўйдим! Онажон!

Мария Васильевна (қатъий). Александрнинг гапига киргин.

Соня (знага олдига тиз чўкиб). Энагажон, энагажон!

Войницкий. Онажон! Нима қилай? Керакмас, гапирманглар! Нима қилишни ўзим биламан! (Серебряковга) Хах сеними! (Ўрта эшикдан чиқиб кетади.)

Мария Васильевна кетидан чиқади.

Серебряков. Жаноблар, ахир бу нима деган гап? Ву жиннини мендан нарига олинглар! Мен у билан бир уйда яшолмайман! (Ўрта эшикни кўрсатиб), яна шу ерда, мен билан ёнма-ён яшайди-я... Қишлоққами, боғ чеккасидаги ҳовлигами кўчиб кетсин ёки мен кетаман, бу билан бир уйда қололмайман...

Елена Андреевна (эрига). Биз юу бугуноқ бу ердан кетамиз! Ҳозирнинг ўзидаёқ, буйруқ қил!

Серебряков. Тубан инсон!

Соня (тиз чўкиб, отасига ўгирилади; асабий, кўзида ёш). Раҳмдил бўлиш керак, дада! Мен ва Ваня тоғам бахтсизмиз! Раҳмдил бўлиш керак! Эсингга ол, ёшроқ вақтингда Ваня тоғам билан бувим кечалари сенга китоблар таржима қилишарди, хатларингни кўчиришарди... Бутун кечаси билан-а, бутун кечаси билан. Ваня тоғам иккаламиз дам олиш нималигини билмай, ўзимизга бир тийин ҳам сарфламай, ҳамма пулни сенга юборарднк... Биз нонимизни текин емадик! Мен гапимдан адашиб кетдим, лекин сен тушунишинг керак, дада. Раҳмдил бўлиш керак!

Елена Андреевна (ҳаяжонда, эрига). Александр, худо ҳақи, бор, у билан гаплаш... Ўтинаман.

Серебряков. Хўп, хўп, гаплашаман... Мен уни айбламайман, ундан хафа эмасман, лекин унинг бу қилиғи ғоятда бебурд! Рухсат этинг, мен у билан гаплашаман. (Ўрта эшикдан чиқиб кетади.)

Елена Андреевна. Унга қаттиқ гапирма, уни тинчлантир... (Орқасидан кетади.)

Соня (энагани қучоқлаб). Энагажон, энагажон!

Марина. Қўявер, қизим. Бу ғозлар ға-ғалашади-ю, тинчишади.

Соня. Энагажон!

Марина (боишни силаб). Совуқ қотган одамдай қалтираяпсан! Қўй, қўй, қўзичоғим, худонинг раҳми келсин! Иссиқ малинали чой ичсанг босилиб қолади. Хафа бўлма, етимчагинам. (Ўрта эшикка қараб, жаҳл билан.) Овжига чиқишганини қара-я бу ғозларнинг, ҳу овозларинг ўчгурлар!

Саҳна орқасида ўқ товуши эшитилади; Елена Андреевнанинг бақириб юборгани эшитилади; Соня чўчиб тушади.

Ҳу, худо кўтарсин сенларни!

Серебряков (қўрққанидан гандираклаб югуриб киради). Ушланглар уни! Ушланглар! У эсини еб қўйибди!

Елена Андреевна билан Войницкий эшикда олишадилар.

Елена Андреевна (револьверни тортиб олмоқчи бўлиб). Менга беринг! Менга беринг деяпман сизга!

Войницкий. Қўйворинг, Қўйворинг мени! (Қўлидан чиқиб югуради, кўзлари билан Серебряковни ахтаради.) Қани у? А, мана! (Унга отади.) Мана!

Пауза.

Тегмадими? Тағин-а? (Ғазаб билан.) Эҳ, шайтон... жин урсин... (Револьверни ерга отади, ҳолдан толиб стулга ўтиради. Серебряков данг қотиб қолган. Елена Андреевна ҳушидан кетади, деворга суяниб қолади.)

Елена Андреевна. Мени бу ердан олиб кетинглар! Олиб кетинглар, ўлсам ҳам бу ерда қолмайман!

Войницкий (жаҳл билан). О, мен нима қиляпман! Нима қиляпман!

Соня (оҳиста). Энага, энагажон!

Парда.

Тўртинчи Парда

Иван Петровичнинг хонаси; ётоқхонаси ҳам, ер-мулкнинг контораси ҳам шу ерда. Дераза олдидаги катта стол устида кирим-чиқим дафтари, турли қоғозлар, конторка, шкафлар, торози. Кичикроқ стол, бу Астровники; стол устида расм чизадиган асбоблар, бўёқлар, ёнида папка. Майна солинган қафас. Деворда Африканинг харитаси, афтидан, буни ҳеч кимга кераги йўқ. Клеёнка билан қопланган каттакон диван. Чапда — ётоқхоналарга олиб чиқадиган эшик; ўнгда — даҳлизга чиқадиган эшик; ўнгдаги эшик остонасига мужиклар кирганда оёқ артиш учун шолча ташланган. Куз оқшоми. Жимлик.

Телегин ва Марина (бир-бирларининг рўпарасида ўтириб олиб, пайпоқ учун йигирилган жун ипни ўрамоқдалар).

Телегин. Тезроқ бўла қолинг, Марина Тимофеевна, ҳозир хайрлашгани чақириб қолишади. Отларни қўшинглар деб буйруқ қилишди.

Марина (тезроқ ўрашга уриниб). Оз қолди.

Телегин. Харьковга жўнаб кетишяпти. Ўша ерда яшашар эмиш.

Марина. Шуниси ҳам тузук.

Телегин. Қўрқиб кетишди... Елена Андреевна: «Бир соат ҳам бу ерда қолмайман... кетаман-чи, кетаман, Харьковда яшаймиз, орқа-ўнгимизни йиғиштириб олиб, буюмларни олиб кетамиз» дедилар. Енгил-елпи жўнаб кетишяпти. Бундан чиқадики, бу ерда яшаш, Марина Тимофеевна, пешоналарига ёзилмаган экан-да, ёзилмаган экан... Тақдири азал.

Марина. Шуниси тузук. Тўс-тўполон кўтаришди, ўқ отишди, турган-битгани уят-номус!

Телегин. Ҳақ гап, Айвазовский боплаб чизадиган воқиа бўлди.

Марина. Кошкийди шуларни кўрмаган бўлсам.

Пауза.

Тағин аввалгидек яшаймиз. Эрталаб соат еттида нонушта, ўн иккида тушки овқат, кечқурун яна аввалгидек. Ҳамма нарса ўз тартибида, ўз маромида бўлади, ҳамма одамлар сингари, христианчасига... (Хўрсиниб.) Кўпдан бери мен шўрлик увра оши емадим.

Телегин. Рост, угра оши қилмаганингизга талай вақт бўлди.

Пауза.

Талай вақт бўлди... Бугун эрталаб, Марина Тимофеевна, қишлоқдан ўтиб келаётсам, баққол орқамдан: «Эй, сиғинди!» деса бўладими! Бирам алам қилдики!

Марина. Пинагингни бузма, отахон. Ҳаммамиз ҳам худованди каримга сиғиндимиз: сен ҳам, Соня ҳам, Иван Петрович ҳам бекор ўтираётганингиз йўқ, ҳаммамиз меҳнат қиляпмиз! Ҳаммамиз! Соня қаёқда?

Телегин. Боғда. Доктор билан Иван Петровични қидириб юрибди. Ўзини-ўзи бир нарса қилиб қўймасин деб қўрқишяпти...

Марина. Тўппончаси қаерда?

Телегин (шивирлаб), Мен уни ертўлага яшириб қўйдим!

Марина (истеҳзо билан), Тавба, ўзингга тавба! Ҳовлидан Войницкий билан Астров кирадилар.

Войницкий. Мени тинч қўй. (Марина ва Телегинга.) Бу ердан кетинглар, жилла бўлмаса бир соат ўз ҳолимга қўйинглар! Мен васийликни ёмон кўраман.

Телегин. Ҳозир, Ваня. (Оёқ учида чиқиб кетади.)

Марина. Эркак ғоз: ға-ға-ға! (Ипини йиғиштириб, чиқиб кетади)

Войницкий. Ўз ҳолимга қўй мени!

Астров. Жоним билан, мен аллақачон бу ердан жўнаб кетишим керак эди, бироқ такрор айтаманки, мевдан олган нарсангни қайтариб бермагунингча кетмайман.

Войницкий. Мен сендан ҳеч нарса олганим йўқ.

Астров. Гапим жиддий — мени ушлама. Мен аллақачон кетишим керак эди.

Войницкий. Сендан ҳеч нарса олганим йўқ.

Астров. Шундайми? Хўп, тағин бирпас кутаман, ундан кейин, кечирасиз, зўравонлик қилишга тўғри келади. Қўл-оёғингни боғлаб, тинтиб кўрамиз, гапим мутлақо жаддий.

Войницкий. Билганингни қил.

Пауза.

Аҳмоқ бўлса менчалик бўлар-да, икки марта ўқ узиб, биттасини ҳам тегизолмасам-а! Бу айбимни ҳеч қачон кечиролмайман!

Астров. Ҳамон отмоқчи экансан, ўз пешонангдан қўймайсаями?

Войницкий (елкасини қисиб). Қизиқ, Мен одамга суиқасд қилсаму, ҳеч ким мени қамамайди, судга бермайди. Демак, мени жинни деб ўйлашар экан-да. (Асабий кулиб.) Профессорлик, буюк олимлик ниқоби остида ўз нодонлигини, бефаҳмлигини, тенгсиз тош юраклигини яширганлар жинни эмас-у, мен жинни эмишман, чолга эрга тегиб, кейин ҳамманинг кўз ўнгида уни алдаганлар жинни эмас-у, мен жинни эмишман. Сен уни қучоқлаб турганингни ўз кўзим билан кўрдим-ку, ахир!

Астров. Ҳа, қучоқладим, мана сенга. (Бурнини кўрсатади.)

Войницкий (Эшикка қараб). Йўқ, ҳануз сизларни кўтариб турган ер жинни!

Астров. Бу гапинг ўтакетган аҳмоқлик.

Войницкий. Майли, чунки мен жинниман, ақлдан озганман, бемаъни гапларни гапиришга ҳақим бор.

Астров. Бу қилиқларинг аллақачон чўнтагимиздан тушиб қолган. Сен жинни эмассан, тентаксан, қип-қизил масхарабозсан. Мен илгарилари тентакларни ярим касал, ақлига қуср етган деб ўйлардим, энди шундай хулосага келдимки, тентаклик — бу одамнинг расмона ҳолати экан. Сен мутлақо соғсан.

Войницкий (юзини қўллари билан бекитиб). Уят! Номус! Қандай уялаётганимни билсанг эди! Бу ништардек ўткир уят туйғуси ҳеч қандай дард билан тенглашолмайди. (Алам билан.) Чидолмайман! (Столга энгашади.) Нима қилай? Нима қилай?

Астров. Ҳеч нима.

Войницкий. Бирор нарса бер! Эй, худойим. Меа қирқ еттига кирдим. Борди-ю, олтмиш ёшгача яшасам, тағин ўн уч йил бор, мунча узоқ! Бу ўн уч йилни қандай қилиб ўтказаман? Нима қиламан, мен шунча вақтни нима билан тўлғазаман? О, тушунасанми... (Астровнинг қўлини жон-жаҳди билан қисади.) Тушунасанми, қани энди қолган умримни бир бало қилиб янгича яшаб ўтказолсам... Қани, энди оппоқ сокин тонгда уйғонсанг-у, янгича ҳаёт бошланганини, ўтмиш унутилганини, тутундек тарқалиб кетганини сезсанг. (Йиғлайди.) Янги ҳаёт бошлаш керак... Айт, қандай бошлай... нимадан бошлай...

Астров (зарда қилиб). Э, сени қара-ю! Янги ҳаёт деганинг нимаси? Бизнинг ақволимиз — сеники ҳам, меники ҳам нажотсиз.

Войницкий. Шундайми?

Астров. Имоним комил.

Войницкий. Бирор нарса бер... (Юрагини кўрсатиб.) Мана бу ерим ёняпти.

Астров (жаҳл билан бақириб). Бас қил! (Юмшаб.) Биздан юз-икки юз йил кейин яшовчи, шундай аҳмоқона, шундай бемаъни умр кечирганимиз учун биздан нафратланувчи кишилар, эҳтимол, бахтиёр бўлиш чорасини ахтариб топарлар, биз бўлсак-чи... Сен билан бизда фақат биргина умид бор, холос. Умидимиз шуки, ўз қабрларимизда жимгина ётганимизда фаришталар келар, балки яхши тушлар кўрармиз. (Хўрсиниб.) Шундай, биродар. Бутун уездда фақат иккита инсофли зиёли бор эди: сен ва мен. Бироқ бизни нафратли, жирканч ҳаёт арзимаган шу ўн йил ичида ўз гирдобига тортиб кетди; у ўзининг сассиқ моғорлари билан қонимизни бузди, бизлар ҳам бошқалардек пасткаш одамларга айланиб қолдик. (Қизишиб.) Лекин сен гапни айлантирма, олган нарсангни бер.

Войницкий. Мен сенинг ҳеч нарсангни олганим йўқ.

Астров. Сен менинг йўл аптечкамдан морфий солинган банкачамни олгансан.

Пауза.

Менга қара, жуда ўзингни-ўзинг ўлдирмоқчи бўлсанг, ўрмонга бориб, ўзингни от. Морфийни бу ёққа бер. Бўлмаса ҳар хил бўлмағур гап-сўзлар, миш-мишлар, гумонсирашлар бошланади, сенга мен берганман деб ўйлашади... Менга сенинг жасадингни ёриш ҳам етар... Сен бу ишни жуда мароқли деб ўйлайсан шекилли?

Соня киради.

Войницкий. Мени тинч қўй.

Астров. (Соняга.) Софья Александровна, тоғангиз менинг аптечкамдан морфий солинган банкачамни олиб қўйиб, бермаяпти. Бунга сиз айтинг — бу қилиғи ақлдан эмас ахир. Менинг ҳам вақтим йўқ, жўнашим керак.

Соня. Ваня тоға, морфийни олдингми?

Пауза.

Астров. Олган, имоним комил.

Соня. Қайтариб бер. Нега бизни қўрқитасан? (Эркалаб.) Қайтариб бер, Ваня тоға! Эҳтимол, мен сендан кўра бахтсизроқдирман, лекин умидсизланаётганим йўқ. Мен бардош бериб келяпман, ҳаётим ўз-ўзидан тугамагунича яна бардош бераман. Сен ҳам бардош бер.

Пауза.

Қайтариб бер. (Қўлини ўпади.) Меҳрибон, қадрдон тоғажонгинам, азизим, қайтариб бер! (Йиғлайди.) Сен раҳмдилсан, бизга раҳминг келсин, қайтариб бер. Бардош қил, тоға! Бардош қил!

Войницкий (стол яшигидан банкача олиб, Астровга беради). Ма, ол! (Соняга.) Лекин тезроқ ишлаш керак, бирорта иш билан шуғулланиш керак, бўлмаса юрагим ёрилади...

Соня. Ҳа, ишлаш керак. Кетаётганларни кузатиб қўямиз-у, ишга тутинамиз... (Столдаги қоғозларни асабий йиғиштириб.) Ҳамма ишни ташлаб қўйдик.

Астров (банкачани аптекага жойлаб, қайишларини тортади). Энди йўлга тушсам бўлади.

Елена Андреевна (киради). Иван Петрович, шу ердамисиз? Биз кетяпмиз. Александрнинг ёнига чиқинг, сизга гапи бор экан.

Соня. Бор, Ваня тоға. (Войницкийни қўлтиқлаб.) Юр. Дадам билан сен ярашишларинг керак. Ярашишларинг зарур.

Соня билан Войницкий кетадилар.

Елена Андреевна. Мен кетяпман. (Астровга қўл чўзади.) Хайр.

Астров. Дарров-а?

Елена Андреевна. Отлар қўшилди.

Астров. Хайр!

Елена Андреевна. Бу ердан кетишга бугун менга ваъда берган эдингиз.

Астров. Эсимда. Ҳозир жўнайман.

Пауза.

Қўрқиб кетдингизми. (Қўлидан ушлаб.) Бу иш шунчалик қўрқинчлими?

Елена Андреевна. Ҳа.

Астров. Бўлмаса қолармидингиз! А? Эртага ўрмонга...

Елена Андреевна. Йўқ... Аҳд қилдим... Кетишимиз аниқ бўлгани учун ҳам кўзингизга тик қараяпман... Сиздан битта илтимосим бор: менинг ҳақимда яхшироқ ўйланг. Мени ҳурмат қилишингизни истардим.

Астров. Э! (Сабри чидамай.) Қолинг, илтимос қиламан. Иқрор бўлинг, бу ёруғ дунёда қиладиган ишингиз йўқ, мақсадингиз йўқ, ўз диққатингизни нимага жалб қилишингизни билмайсиз, барибир эртами-кечми, ўз ҳиссиётларингизга берилиб кетасиз — бу турган гап. Шундай бўлгандан кейин, бу Харьковда ҳам, Курскда ҳам эмас, шу ерда, табиат оғушида бўлгани яхши... Ҳар қалай бу ернинг манзараси жуда гўзал... бу ерда ўрмонлар, Тургенев дидидаги ярим хароба қўрғонлар бор...

Елена Андреевна. Сиз ғалати одамсиз... Мен сиздан хафаман, лекин шунга қарамай сизни албатта хотирамда сақлайман. Сиз ажойиб, бошқаларга ўхшамайдиган одамсиз... Биз бундан сўнг мутлақо учрашмаймиз, шунинг учун яширишнинг нима ҳожати бор? Мен ҳатто сизга бир оз кўнгил қўйиб қолдим. Қани келинг, бир-биримизнинг қўлларимизни қисиб, дўстларча ажраламиз. Мени ёмонлаб эсламанг.

Астров (қўлини қисиб). Ҳа, майли, кетинг... Бир қараганда сиз яхши, оқ кўнгил одамга ўхшайсиз, бир қараганда, сизнинг туриш-турмушингизда ғалати бир нарса борга ўхшайди. Мана сиз бу ерга эрингиз билан келдингиз-у, бу ердаги ҳар куни меҳнат қилаётган, бирор нарса яратаётган, уриниб-суриниб юрган одамлар ўз ишларини ташлаб, бутун ёз бўйи эрингизнинг касали ва сиз билан шуғулланишга мажбур бўлишди. Икковингиз—у ҳам, сиз ҳам — бизларга ўз бекорчилигингизни юқтирдингиз. Мен сизга берилиб кетиб бир ой ишламадим, бу вақт ичида одамлар касал бўлди, мужиклар менинг ўрмонларимда ўз молини боқди... Шундай қилиб, қаерга борманг эрингиз билан сизнинг оёғингиз теккан ер хароб бўлади. Мен ҳазиллашяпман, албатта, лекин ҳар қалай... қизиқ, мабодо сизлар қолсангиз борми, жуда катта харобалик юз берган бўларди. Мен ҳам ҳалок бўлардим. Сизнинг ҳам ҳолингиз ёмон бўларди. Майли, кетинг.

Елена Андреевна (унинг столидан қаламини олиб, тез яширади). Бу қаламни эсдалик учун ўзимга оламан.

Астров. Жуда ғалати-я, таниш эдик, энди эса тўсатдан негадир ҳеч қачон учрашмаймиз. Бу дунёда ҳамма нарса шунақа... Ҳозир бу ерда ҳеч ким йўқлигида, Ваня тоға бир даста гул билан кириб қолмасдан бурун, рухсат этинг... сизни бир ўпай... Хайрлашишга... сўнгги марта... Майлими? (Юзидан ўпади.) Шундай... жуда соз.

Елена Андреевна. Сизга энг яхши тилаклар тилайман. (Аланглаб.) Умрда бир марта бўлса бўлар! (Уни қучоқлайди ва шу ондаёқ бир-бирларидан нари кетадилар.) Жўнаш керак.

Астров. Тезроқ кетинг. Отлар қўшилган бўлса жўнангиз.

Елена Андреевна. Бу ерга келишаётганга ўхшайди.

Иккови қулоқ солади.

Серебряков, Войницкий, қўлида китоб билан Мария Васильевна, Телегин ва Соня кирадилар.

Серебряков (Войницкийга). Ўтган ишга салавот. Шу бир неча соат ичида содир бўлган воқиадан мен шу қадар таъсирландимки, шу қадар кўп ўйладимки, назаримда келажак авлодларга ибрат бўлиши учун қандай яшамоқ ҳақида трактат ёзишим мумкиндек туюляпти. Мен зўр қониқиш билан сенинг узрларингни қабул қиламан ва мени ҳам кечиришингни сўрайман. Хайр! (Войницкий билан уч марта ўпишади.)

Войницкий. Сен илгари қандай даромад олиб турган бўлсанг, бундан кейин ҳам мунтазам равишда шундай олиб турасан. Ҳаммаси эскичасига қолаверади.

Елена Андреевна Соняни қучоқлайди.

Серебряков (Мария Васильевнанинг қўлини ўпиб.) Матап...

Мария Васильевна (уни ўпиб). Александр, суратга тушиб менга расмингларни юборинглар. Менга қанчалик азиз эканингизни биласиз-ку.

Телегин. Хайр, жаноби олийлари! Бизларни унутманг.

Серебряков (қизини ўпиб.) Хайр... ҳаммага хайр! (Астровга қўл бериб.) Кўнгилли улфатчилик учун сиздан миннатдорман... Мен сизнинг фикр юритишингизни, орзу-ҳавасларингизни, интилишларингизни ҳурматлайман, бироқ хайрлашув соатларида мен қарияга бир нарсани қайд қилиб ўтишга рухсат этгайсизлар. Жаноблар, ишламоқ керак, ишламоқ керак, ишламоқ. (Ҳамма таъзим қилади.) Яхши қолинглар! (Кетади, кетидан Мария Васильевна, Соня чиқадилар.)

Войницкий (Елена Андреевнанинг қўлини қаттиқ ўпиб). Хайр... кечиринг... Энди ҳеч қачон кўришмаймиз.

Елена Андреевна (кўнгли бўшаб). Хайр, азизим. (Бошидан ўпиб, чиқиб кетади.)

Астров (Телегинга). Патир, бориб айтгин, бир йўла менга ҳам от беришсин.

Телегин. Хўп бўлади, дўстим. (Кетади.)

Астров билан Войницкий қоладилар.

Астров (столдаги бўёқларни чамадонга жойлайди). Нега сен кузатгани чиқмайсан?

Войницкий. Ўзлари кетаверсин, мен... кузатолмайман. Менга оғир. Тезроқ бирор нарса билан ўзимни овутишим керак... Ишлаш керак, ишлаш! (Столдаги қоғозларни титкилайди.)

Пауза; қўнғироқ овози эшитилади.

Астров. Кетишди. Профессор ўларча хурсанд бўлса керак. Энди уни бошидан зар қуйсанг ҳам бу ерга келмайди.

Марина (киради). Кетишди. (Креслога ўтириб пайпоқ тўқий бошлайди.)

Соня (киради). Кетишди. (Кўзларини артиб.) Эсон-омон етиб олишсин. (Тоғасига.) Қани, Ваня тоға, бирор иш қиламизми?

Войницкий. Ишлаш керак, ишлаш...

Соня. Бу столда бирга ўтирмаганимизга анча бўлди. (Столдаги лампани ёқади.) Сиёҳ ҳам қуриб қолибди. (Сиёҳдонни олиб, шкаф олдига бориб, сиёҳ қуяди.) Улар кетганидан кўнглим ғаш бўлиб қолди.

Мария Васильевна (шошилмай киради). Кетишди! (Ўтириб, китобга берилиб кетади.)

Соня (ўтириб контора дафтариш варақлайди). Ҳаммадан олдин, Ваня тоға, счётларни ёзиб чиқамиз. Уларни жуда ташлаб қўйдик. Бугун ҳам счётга одам юборишибди. Ёз, сен биттасини ёзсанг, мен бошқасини...

Войницкий (ёзади.) «Счёт... жанобларига...»

Иккови жимгина ёзадилар.

Марина (эснаб). Уйқу босяпти...

Астров. Жимжит, қоғозлар устида перолар қиртилламоқда, чурулдоқ чирилламоқда. Иссиқ, роҳат... Бу ердан кетгим келмайди.

Қўнғироқлар эшитилади.

Мана, отларни қўшяптилар... Сизлар билан, дўстларим, ўз столим билан хайрлашиш фурсати келди, сўнг ҳайё-ҳай. (Картограммаларни папкага жойлайди.)

Марина. Мунча ошиқмасанг? Ўтиравермайсанми.

Астров. Қололмайман.

Войницкий (ёзади). «Эски қарздан қолгани икки сўм етмиш беш тийин...»

Хизматкор киради.

Хизматкор. Михаил Львович, арава тайёр.

Астров. Эшитдим. (Унга аптечкасини, чамадонини ва папкасини беради.) Мана буларни ол. Эҳтиёт бўл, папка эзилмасин.

Хизматкор. Хўп бўлади. (Кетади.)

Астров. Қани... (Хайрлашгани юради.)

Соня. Энди қачон кўришамиз?

Астров. Ёздан илгари иложи бўлмаса керак. Қишда, қайдам энди... Мабодо бирор нарса юз берса, хабар қилинглар, албатта келаман. (Қўлини қисиб.) Берган ош-нонларингиз учун, меҳрибонликларингиз учун... қисқаси, барча яхшиликларингиз учун раҳмат. (Энаганинг ёнига ббриб, бошидан ўпади.) Хайр, кампир.

Марина. Чой-пой ичмай қуруқдан-қуруқ кетаверасанми?

Астров. Ҳеч нарсани кўнглим тортмайди, энага.

Марина. Балки ароқ ичишни истарсан?

Астров (иккиланиб). Майли...

Марина кетади.

(Паузадан сўнг.) Негадир отим оқсоқланиб қолди. Кеча Петрушка суғоргани олиб кетаётганда сездим.

Войницкий. Янги тақа қоқтириш керак.

Астров. Йўл-йўлакай Рождественнийда тақачига кириб ўтишга тўғри келади. Бўлак иложим йўқ. (Африка картасининг олдига келиб, унга тикилади.) Мана бу Африкада ҳозир роса жазирама бўлса керак-а, қандай даҳшат!

Войницкий. Ҳа, шундай бўлса керак.

Марина (қўлида патнус билан киради, патнусда бир рюмка ароқ, бир бурда нон). Ичиб ол.

Астров ароқни ичади.

Саломат бўл, отахон. (Таъзим қилиб.) Устидан нон еворсанг бўларди.

Астров. Йўқ, менга шундоқ ҳам бўлади. Энди, яхши қолинглар. (Маринага.) Мени кузатма, энага. Керакмас. (Кетади. Соня унинг кетидан кузатгани шам ушлаб чиқади; Марина ўз креслосига ўтиради.)

Войницкий (ёзади). «2-февралда 20 қадоқ зиғир ёғ... 16-февралда яна 20 қадоқ зиғир ёғ... Қорабуғдой крупаси...»

Пауза. Қўнғироқ эшитилади.

Марина. Кетди.

Пауза.

Соня (қайтиб келиб, шамни столга қўяди). Кетди... Войницкий (чўтда ҳисоблаб, ёзади). Жами... ўн беш... йигирма беш...

Соня ўтириб ёза бошлайди.

Марина (эснаб). Ўзингга тавба, тавба...

Оёқ учида юриб Телегин киради, эшик олдида ўтириб, оҳиста гитарасини созлайди.

Войницкий (Соняга, унинг сочларини силаб). Жигаргўшам, менга на қадар оғир! О, менга қанчалик оғир эканини билсанг эди!

Соня. Илож қанча, яшамоқ керак!

Пауза.

Биз, Ваня тоға, яшаймиз. Бирин-кетин келадиган қатор-қатор кунларни, узундан-узоқ кечаларни ўтказамиз; тақдир юборган ҳар қандай синовларни сабр-тоқат билан кўтарамиз: ҳозир ҳам, қариганимизда ҳам ором нималигини билмай бошқалар учун меҳнат қиламиз; вақти-соатимчз битганда итоатгўйлик билан жон берамиз, нариги дунёга борганимизда, биз қийналган эдик, биз йиғлаган эдик, ҳаётимиз аччиқ бўлган эди деймиз, шунда худованди каримнинг бизға раҳми келади. Сен билан биз, Ваня тоға, порлоқ, гўзал, мукаммал ҳаётни кўрамиз, биз севинамиз ва ҳозирги бахтсизликларимизга раҳмдиллик билан, жилмайиб назар ташлаймиз ва ором оламиз. Мен ишонаман, тоға, бутун қалбимдан, астойдил ишонаман. (Унинг олдида тиз чўкиб, бошини унинг қўлларига қўяди; ҳорғин овоз билан.) Ором оламиз!

Телегин гитарани оҳиста чалади.

Ором оламиз! Биз фаришталарнинг овозини эшитамиз, биз бутун осмонни олмосга тўлганини кўрамиз, ер юзидаги ёмонликлар, бизнинг азоб-уқубатларимиз хайр-эҳсонларга кўмилиб кетганини кўрамиз, у бутун оламни тўлдириб юборади ва бизнинг ҳаётимиз эркалаш сингари тинч, нозик, ширин бўлади. Мен ишонаман, ишонаман... (Рўмолчаси билан тоғасининг кўз ёшларини артиб.) Шўрлик, шўрлик, Ваня тоғам, сен йиғлаяпсан... (Кўз ёши аралаш). Сен ўз ҳаётингда шодлик нималигини билмадинг, аммо сабр қил, Ваня тоға, сабр қил... Биз ором оламиз... (Уни қучоқлайди.) Ором оламиз!

Қоровулнинг шақилдоғи эшитилади.

Телегин оҳиста чалмоқда, Мария Васильевна китобчасининг варақларига ёзмоқда, Марина пайпоқ тўқимоқда.

Ором оламиз!

Аста-секин парда тушади.