OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнтон Чехов
Асар номиХамелеон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Антон Чехов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Хамелеон (ҳикоя)
Антон Чехов

Бозор майдонидан янги шинел кийган, тугунча кўтарган политсия назоратчиси Очумелов ўтиб борарди. Унинг орқасидан мусодара килинган крижовник тўла ғалвирни кўтарганча малла городовой келмоқда. Теварак-атроф жимжит... Майдонда жон асари кўринмайди... Дўконлар ва қовоқхоналарнинг ҳувиллаган эшиклари ёруғ дунёга очиққандек оғиз очиб турибди; уларнинг яқинида ҳатто гадойлар ҳам йўқ.


— Сенми ҳали қопадиган лаънати?— деган овозни эшитади дафъатан Очумелов.— Йигитлар, уни кўйиб юборинглар! Ҳозирги кунда қопитиш тақиқланган! Ушла! А... а!

Итнинг вангиллагани эшитилади. Очумелов ўгирилиб қараса: савдогар Пичугиннинг ўтин омборидан уч оёқлаб ликонглаб чопганча аланглай-аланглай бир ит қочиб чиқаётибди. Уни оҳарланган чит кўйлакли,. нимчасининг тугмалари солинмаган бир киши қувлаб келмоқда. Гавдаси билан олдинга интилган кўйи чопиб келаётиб ерга йиқилади-да, итнинг орқа оёғини тутиб олади. Яна итнинг вангиллагани ва: «Қўййб юборма!» — деган қичқириқ эшитилади.

Дўконлардан уйқули башаралар мўралайди, тез орада ўтин омбори олдида бамисоли ердан бодраб чиққандек ҳалойиқ тўпланиб қолади.
—Тартибсизлик юз берганга ўхшайди, жаноблари!..— дейди городовой.

Очумелов чапга бурилиб, тўпланганлар томон қараб юради. Худди омбор дарвозаси олдида у ҳалиги нимчасининг тугмалари солинмаган одамнинг ўнг қўлини юқори кўтарганча қонаган бармоғини халойиққа кўрсатаётганини кўради. Мастроқ башараси: «Сенинг важингдан шилиб олмасамми, каззоб!» деб тургандек, бармоғининг ўзи ҳам ғалабасидан башорат қилаётгандек. Очумелов бу одамнинг заргар Хрюкин эканлигини билди. Тўпланганларнинг ўртасида аъзойи бадани дир-дир титраган кўйи машмашанинг сабабчиси кифтида сарғиш қашқаси бор, тумшуғи чўзинчоқ оппоқ този кучук олдинги оёқлари тарвақайлаганча чўнқайиб ўтирарди. Ёшланган кўзларида ҳасрат ва даҳшат акс этарди.
— Бу ерда нима сабабдан тўпланиб турибсизлар? — деб сўрайди Очумелов, халойиқ орасига ёриб кираркан.— Бу ерда нима қилиб турибсизлар! Сен нега бармоғингни кўрсатасан?.. Бақирган ким?
— Ўзим кетаётган эдим, ҳеч кимга тегмай, жаноблари...— дея гап бошлайди Хрюкин, муштумига йўтала-йўтала. — Митрий Митричга ўтик важидан учрашгани... Дафъатан мана бу аблаҳ буҳудадан-беҳудага бармоғимга ёпишса бўладими... Сиз мени кечирасиз-у, мен бир заҳматкаш одам бўлсам... Ишим жуда сердиққат. Менга товон тўлашсин, нега десангиз — мен, эҳтимолки, бу бармоғимни бир ҳафтагача қимирлатолмасман... Бу нарса қонунда ҳам йўқ, жаноблари, махлуқдан жабр кўриш деган гап... Мабодо кўринганни қопаверадиган бўлса, дунёда яшамай қўяқолган ҳам маъқул...

Ҳм!.. Дуруст...— дейди Очумелов жиддий, йўталиб ва қошларини учириб.— Дуруст... Кимнинг ити? Мен буни шундайлигича қолдирмайман. Мен сизларга итларни тал-тайтириб юбориш қанақалигини кўрсатиб қўяман! Қарорларга бўйсунишни истамайдиган бунингдек жанобларга диққатни қаратишга аллақачон фурсат етган! Ярамасни шартта штрафга тортишса, иту бало-баттар дайди ҳайвонлар нималигини билиб олади! Мен унинг онасини кўрсатиб қўяман!.. Елдирин,— дея городовойга мурожаат қилади назоратчи,— бу кимнинг ити эканлигини бил-да, протокол туз! Итни эса йўқотиш керак. Дарҳол! Қутирган бўлса ҳам ажаб эмас... Бу кимнинг ити, дейман?
— Бу генерал Жигаловнинг ити шекилли!— дейди халойиқ орасидан кимдир.
— Генерал Жигаловнинг итими? Ҳм!.. Палтомни ечиб ол-чи, Елдирин... Ёмон исиб кетди-я! Ёмғир ёғадиганга ўхшайди-да... Мен фақат бир нарсага тушунолмай турибман: у сени қандай қилиб қопган бўлиши мумкин?— деб Хрюкинга мурожаат қилди Очумелов.— Наҳотки бармоғингга бўйи етса? У кичкинагина бўлса, давангилигингни қара! — Бармоғингни мих билан чўқилаб кавлагансан-да, кейин каллангга, бир нима шилсам, деган фикр келган. Ахир сен... маълумсанлар-ку! Мен сен иблисларни биламан!
— У эрмак учун итнинг тумшуғига чекиб турган тамакисини босди, жаноблари, у ҳам зийрак ҳайвон, ғарчча тишлади... Бу, бемаъни одам, жаноблари!
— Бекор айтибсан, сўқир! Кўрмаганингдан кейин ёлғон гапириб нима қиласан? Жаноблари ақлли зотлардаи, ким ёлғон гапираётибдию ким сидқидилдан худолигини айтаётибди — биладилар... Борди-ю, мен ёлғон гапираётган бўлсам мировой ажрим қила қолсин... Унинг қўлидаги қонунда айтилган... Ҳозирги кунда ҳамма теппа-тенг... Менинг акам ҳам жандармда хизмат қилади... агар билмоқчи бўлсаларингиз...
— Гап сотилмасин!
— Йўқ, бу генералнинг ити эмас,— деб ўйчанлик билан қайд этади городовой.— Генералникида бунақасидан йўқ. Ундагилар кўпроқ искович итлар...
— Сен буни аниқ биласанми?
— Аниқ биламан, жаноблари...
— Мен ўзим ҳам биламан. Генералнинг итлари қимматбаҳо, зотдор, бу нима ўзи — жин урган. На жуни бору на важоҳати... қабоҳатнинг ўзи халос! Шундай итни боқиб юрадими-я?! Ақл-ҳушларинг борми ўзи? Мана шундай ит Петербургдами ёки Москвада дуч келиб қолса, биласизларми, нима қилишарди? У ерда қонун деган нарсангга қараб ўтирмай, ўша заҳотиёқ — тил торттиришмасди! Сен, Хрюкин, жабр кўрибсан, бу ишин оқибатсиз ташлаб қўйма... Таъзирини бериб қўйиш керак! Фурсат етган...
— Генералнинг ити бўлса ҳам ажаб эмас...— дейди баралла городовой ўй суриб. — Башарасига ёзиб қўйилмаган бўлса... Куни кеча унинг қўрасида шунақасини кўрган эдим.
— Генералники эканлиги аниқ!— деган овоз эшитилади халойиқ орасидан.
— Ҳм!.. Палтомни кийдириб қўй-чи, биродар Елдирин... Шамол туриб қолди... Этим ивишяпти... Уни генералга олиб бориб топширасан, у ерда сўрайсан. Мени топиб жўнатди, дейсан... Тайинлаб айт, кўчага чиқазишмасин. Бу қимматбаҳо ит бўлса керак, борди-ю, ҳар бир тўнғиз тумшуғига тамакисини ишқалайверса нобуд бўлади-кетади. Ит — нозик бир махлуқ. Сен, галварс, қўлингни пастга тушир. Бемаъни бармоғингни пеш қилаверишингнинг ҳожати йўк. Айб ўзингда!..
— Генералнинг ошпази келяпти, ўшандан сўраб қўя қоламиз... Ҳой, Прохор! Бу ёққа кел-чи, азизим! Мана бу итни кўр... Сизларникими?
— Топган гапингни қара-я! Бунақаси бизда сира ҳам бўлган эмас!
— Буни суриштириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ,— дейди Очумелов.— Бу дайди ит! Гапни чўзиб ўтиришнинг кераги йўқ... Дайди ит, дедимми, дайди ит. Йўқотиш керак, вассалом.
— Бу бизнинг итимиз эмас,— деб сўзида давом этади Прохор.— Бу генералнинг куни кеча келган акасининг ити. Бизнинг хўжайиннинг тозиларга ҳуши йўқ. Акалари ишқибоз...
— Ия, у кишининг акалари келганмилар? Владимир Иванович-а?— деб сўрайди Очумелов, ийиб кетганидан афтига табассум ёйилади.— Ё тавба, буни қаранглар-а! Мен бўлса бехабар эканман! Меҳмон бўлиб келдиларми?
— Меҳмон бўлиб...
— Ё тавба, буни қаранглар-а! Укаларини соғинганлар-да... Мен бўлсам бехабар эканман! Ўша кишининг итлари дегин? Жуда хурсандман... Буни олиб кет... Бинойидеккина кучук экан... Зийраккина экан... мана бунинг бармоғини узиб ол! Ҳа-ҳа-ҳа... Ҳа, нега титрайсан? Ррр... Рр... Аччиғланяпти ҳароми... кучуквачча-эй.

Прохор итни чақириб, уни эргаштирганча ўтин омборидан йироқлашади... Халойиқ Хрюкиндан хохолаб кулди.
— Шошмайтур ҳали сенга кўрсатиб қўяман!— деб унга пўписа қилади Очумелов ва шинелига ўранганича бозор майдони бўйлаб йўлида давом этади.

1884