OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Муқимов
Асар номиНе куйларга тушдим мано (ҳажвий қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Муқимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ юлдузи» журнали, 1992 йил 7-сон
Ҳажм129KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/12
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Не куйларга тушдим мано (ҳажвий қисса)
Анвар Муқимов

Биринчи Боб

Сўзни ичкиликнинг «каромати»дан бошлайин. Бу хумпар «ёввойилик» даврида бошимга шунақа савдоларни солдики, ҳеҳ-ҳе! Яхшиямки, саксон бешинчи йилда чиққан анови қарор ичкиликнинг бўйнига арқон ташладию омон қолдим, йўқса, ҳозир «чин» дунёда ҳуру пайкарлар билан «атий-батий» ўйнаб юрган бўлармидим?

Бир сафар денг, шу «шайтон»нинг «шарофати» билан ишимдан ҳам, уйдан ҳам ҳайдалганман. Кейин қишлоқдаги одамларнинг ул-бул юмушини қилиб бериб, бир қултум-ярим қултумга яраша пул ишлаб юрдим. Бора-бора иш топилмай қолди. Шундан сўнг десангиз, чопонни елкага ташладим-у, «Наманган қаердасан», деб йўлга равона бўлдим. Ижара ҳақиси арзонроқ деб, колхоз-совхоз бозорининг меҳмонхонасига жойлашиб олдим.

Бахтимга, меҳмонхона қоровули мусофирпарваргина чол экан. Савоб бўлади, ғариб экан деб ҳар куни эрталаб менга чой дамлаб беради. Чойни ичиб, ишга жўнайман. Бировнинг деворини сувайман, бошқасининг томорқасини чопаман... Ишқипиб, чақасини оламан. Биров кечки овқат олдидан «дори» қуйиб беради, биров — йўқ. Лекин бари-бир кўчага чиққач, буфетларни (у вақтларда бу исқотининг уруғи кўп) албатта «искаб» ўтаман. Меҳмонхонага келсам, қоровул чойни тайёрлаб турган бўлади. Бир чойнакни бўшатиб ўрнимга кираман.

Бир шанба куни «ҳидлаш» муддати узайиброқ кетиб, меҳмонхонага одатдагидан кеч қайтдим. «Чаманингда гулзор-э, омон бўл, омон бўл»ни ванг қилиб меҳмонхонага кирсам, навбатчи кампир «жой йўқ», дейди-да! Мени келмаса керак деб ўйлашган эмиш. Жанжални бошлаб, энди авжига чиқмоқчи бўлиб турган эдим, кимдир туртди. Қайрилиб қарасам, қоровул чол. Мени хонасига бошлаб борди-да, бир кўрпа-ёстиқ ва оқ чойшабни қўлимга тутқазди.
— Манг, ярим кечада шовқин солиб юрасизми! —деди. — Айвондами ёки бошқа бирон жойдами ётақолинг. Бир кечага ҳеч нарса қилмайди. Ёз, иссиқ. Ҳар эҳтимолга қарши, кийим-бошингизни ечиб, менга бериб қўйинг.

Ечиниб, калта иштонда ҳовлига чиқдим. Қанча ухладим, билмайтлан. Бир маҳал чўчиб уйғонсам, кимдир силкитяпти. Ширин уйқумни бузган қилиғи совуқнинг ким эканини билмоқчи бўлиб шу уринаман, ўзимни ўнглаб ололмайман. Шабада турибди шекилли, совқотиб кетибман. Мен ётган ер тўхтовсиз тебраняпти. Баъзан «жиқ-жиқ» кўтарилиб тушаман. «Ё парвардигори олам, — дейман ичимда, — бу нима? Ер қимирлаяпти, шекилли! «Ло илоҳа иллолло, Муҳаммадин расул олло», калима қайтараман ўзимча.

Бир пайт юқорига қарасам, дарахт шохлари «шув-шув» этиб орқа томонга «чопиб» кетяпти. Юлдузлар эса «шохдан-шохга сакраб» менга эргашиб боряпти. «Ё парвардигори олам, бу не кўргилик!»

Жон ҳолатда уриниб, ўнг тирсагимга аранг таяндим. Энди ўрнимдан турмоқчи бўлган эдим, гурсиллаб чалқанчасига йиқилдим.
— Ди-ди-ит!..,

«Э-ҳа, бу мошинанинг скгнали-ку. Ҳа, мошина», — ўйлайман ваҳима ичида. — Бу мени қаёққа, нега олиб кетяпти? Кийим-бошим... Чолга бериб, ҳовлига чиқувдим. Жойни... наҳотки, мошина устида ухлаган бўлсам!»

Қишлоқликлар, одатда, шанба кунлари шаҳарга мева, сабзавот, қовун-тарвуз келтиришади. Уларнй бозорга туширишади-да, ўзлари ўша мен паноҳ топган колхоз-совхоз бозори меҳмонхонасига келиб тунашади. Кечиккан шофёрлар ҳам уловларини ҳовлига қўйиб, меҳмонхонада бир оз ухлашади-да, саҳарда қишлоқларига қайтиб кетишади. Шуни била туриб, нега мошинага чиқиб олдим? Э, мастлик ўлсин, мастлик!

Шамол ғув-ғув уриб турибди — баданни тешаман дейди. Тишларим орасидан «ҳиҳ» деб ҳаво сўраман, «ҳа!» деб чиқараман. «Ҳиҳ, ҳа-ҳиҳ, ҳа!» Орага аксириш ҳам суқилиб туради. «Ҳа-ҳа-ҳа, афшу!» «Ҳа-ҳа, ҳа, афшу!» «ҳиҳ-ҳа-ҳиҳ, ҳа, афшу!»

Бу аҳволимдан шофёрни хабардор қилишим керак, қарор қилдим ўзимча. Мошина тўхтаса ё тушиб қоламан, ё кабинасига кириб оламан. Урина-урина чойшабга ўрандим. Икки учини бир қилиб тишлаб олдим. Тахталарга урила-сурила ўрнимдан турдим. Кабина томига тап-тап урдим. Елдай учиб бораётган мошина «ғийқ» этиб таққа тўхтади. Олдинга қалқиб, йиқилиб тушишимга бир баҳя қолди. Шофёр — ингичкагина йигитча кабинадан отилиб чиқди. Чироқчасини ёқиб юзимга тутди. Бир нарса дейишга улгурмадим, «вой!» дедию, ўзини кабинага олди. Мошина ҳалигидан ҳам тез учиб кетди. Боласи тушмагур, нега бундай қилди — тушунолмадим. Яна тақиллатдим, йўқ, тезлик ортса-ортадики, камаймайди! Ноилож ўтириб, минг азобда кўрпани белимга ўраб олдим. Ҳа, майли, тасалли бераман ўзимга. Тонгда яланғоч саёҳат қилиш пешонада бор экан-да! Аммо, манзилим қаер бўлар экан?

Кечаси бўлгани учун йўллар бўм-бўш. Машина бурилишларда ҳам тезлигини пасайтирмайди. Дарахт шохлари шовиллаб ўтиб турибди. Юлдузлар ҳам мен билан бирга елиб боряпти.

Юрдик-юрдик, ниҳоят икки ёнда милт-милт қилиб чироқлар кўрина бошлади — бирор қишлоққа етдик чоғи.

Ёруғроқ жойга келганда машина «ғийқ» этиб таққа тўхтади. Кабина эшиги шиддат билан очилди ва ундан шофёр бола чиқди, у ёқ-бу ёққа қарамай, кўчанинг чап томонига югурди.

Дам ўтмай «тап-туп» оёқ товуши эшитилди. Қарадим. Бир мелиса мен томонга чопиб келмоқда. У ўн қадамча нарироқда тўхтади. Тўппончадан осмонга қарата ўқ узди. «Кимсан?» деди бақириб. Индамадим. Зотан, гапиришга мадорим ҳам йўқ, тилим ҳам айланмас эди. Дир-дир қалтирайман, тишларим такиллайди.
— Кимсан?! — деди милиционер яна.—Тур ўрнингдан! Тур!

Чойшабни ёпиниб, икки учини тишлаганча ўрнимдан турдим. Мелиса беихтиёр орқасига тисарилди,
— Сотволди ака! — дея қичқирди ўнг томонга қайрилиб, — ҳў, Сотволди ака! Чопинг бу ёққа! Тез! Тез!

Милиционер тағин менга юзланди.
— Қимирлама! —деди ва яна осмонга қараб ўқ узди. — Қимирладинг, отиласан! Зум ўтмай шопмўйлов бир.мелиса етиб келди. Кўзларини уқалай-уқалай:
— Нима гап! — деди ҳовлиқиб.

Шериги жавоб берар-бермас, елкасига милтиқ осган бир чол ҳам пайдо бўлди.
— Хўш, тинчликми? Мелиса менга ишора қилди.
— Анавини қаранглар!

Улар «ий-е» деб анграйиб қолишди.
— Кимсан?
— Гўрдан чиққан мурда бу! — деди чол, соқоли титраб. — Ло иллоҳо иллолло!
— Бўлмаган гап!—деди ёш мелиса. — Мурда гўрдан чиқа оладими?
— Бўлмаса арвоҳ ё жин бу! — ваҳима қилди чол. — Ло илоҳо иллолло, Муҳаммадин Расулилло!..

Ҳарчанд «мен мурда ҳам, арвоҳ ҳам эмасман, Наманган меҳмонхонасининг ожиз фуқаросиман», демоқчи бўламану айтолмайман, тилим калимага келмайди. Устма-уст акса ураман, кекираман.
— Ҳой, инсон, жавоб берсанг-чи! Бўлмаса, туш бу ёққа! Тушишдан бошқа чора қолмади.
— Сотволди ака! — қичқирди ёш мелиса, — Сиз чап биқинига туринг, сиз, Носир бува, ўнг биқинига ўтинг. Мен орқада бўламан. Милтиғингиз ўқланганми, бува?
— Ўқланган-у, болам... — Чол орқасига тисарилди, — мен, мен... Ло илоҳо иллолло!..
— Ўтинг деяпман сизга! — ўшқирди ёш мелиса, — «Иллолло» дейди-я!

Чол ҳуркиб-ҳуркиб машинани айланиб ўтди. Милтиқнинг оғзини менга қаратди.
— Қани, оёқни ошир! Мана бу ерга қўй.

Ёш мелиса оёқ қўйишим лозим бўлган жойни кўрсатиб, ўзи орқага чекинди. Қалтирай-қалтирай оёғимни оширдим. Пайпаслаб зинани топдим. Ерга тушганимдан сўнг, ёш мелиса кўчанинг чап томонини кўрсатди.
— Қани, бу ёққа! — деди. — Сотволди ака, сиз олдинга ўтинг. Носир бува, сиз дўконингизга чопинг.

Олд-ортимда миршаблар, бир қатор бўлиб мелисахонага кириб бордик. Чортоққа кеп қолибмиз. Мени чоғроқ хонага қамаб қўйишди. Тонг отгач, меҳмондўстликни қарангки, роса овқатлантиришди, чой ичиришди. Кейин сўроққа тутишди...

Учинчи куни менга кула-кула жавоб беришди. Ҳалиги мелисалар кўп доно, кўп саховатли одамлар экан. Уст-бошимни ҳам бут қилиб беришди. Оёғимда жағи кўчган қишлик ботинка, бошимда соябони узилиб кетган эски шапка, эгнимда елкасига ямоқ тушган чит кўйлак, почаси тиззадан келадиган калта шим. Кўлтиғимда чойшабга ўралган кўрпа. «Наманган қайдасан?» деб йўлга тушдик-ку. Оҳ, ўшанда кўрсангиз эди турқи-тароватимни!..

Ҳа, айтмоқчи, шофёр боланинг тақдири нима бўлди, демоқчисиз-да? Боласи тушмагур ўшанда мени жин ёки мурда деб ўйлаб, кўрққанидан лабларига учуқ тошиб кетибди!..

Кўрдингизми, «обизамзам»нинг «шарофати» билан бир бандаи мусулмоннинг ҳам юрагини ёраёздим. Аммо меҳмонхона аҳлини қаҳқаҳа уммонига ғарқ қилиб юбордим. Ҳар куни текин кулги. Бора-бора алам қилди. Ўтмишимни тарих бисотига қулочкашлаб улоқтирдим-да, отнинг бошини шартта қишлоққа бурвордим. Ризқимга яраша бир ҳўплам-ярим ҳўплам топилар-ку шу ёқларда ҳам...

Иккинчи Боб

Бир ҳисобдан, қишлоққа қайтиб чакки қилмаган эканман, «мўйсафид» билан сурункасига «ошначилик қиладиган» бирорта ҳам шоввоз қолмабди бу томонларда. Бири бутилкадан лича чимқинган бўлади-ю, қуённинг уйини мўлжаллаб қолади. Бири «жигарим чатоқ» дейди — чап беради, Бири қон босимини ўртага солади — ўзини олиб қочади. Меҳмонига залворлироқ қадаҳдош зарур бўлиб қолгудай бўлса, мени қидиришади. Сершиша дастурхон тепасида маза қилиб ўтираман. Мезбонга сипқариш бўйича ўринбосарлик, меҳмонга соқийлик қиламан. Куламан, кулдираман, ичаман, ичираман. Нима қиламанки, мезбоннинг ҳожатини чиқариб, дуосини оламан.

Авваллари «халқаро аҳвол» тоза расво, — шу ичкилик тушмагурнинг «шарофати» туфайли кичкина бола ҳам менга қўлини бигиз қилар эди. Бир ҳодиса сабаб бўлди-ю, булар барҳам топди.

Кунларнинг бирида қишлоғимиз дўкончиси Аливой ака чақириб келди. Ипакдай майин. Ҳайрон қолдим. Доим гердайиб юрадиган, насияга шишанинг думини ушлатмагани етмагандай, «дўкон ёнида ичиш мумкин эмас», дея дағдаға қиладиган бу баттолга нима бўлди? Дўкончи аҳволимни астойдил суриштирди. Мақтади. Ичкиликка қолганда филнинг бардошию шернинг қудратига молик эканимни таъкидлади.
— Хўш, тинчликми, Аливой ака? — дедим.

У дардини тўкиб солди. Санитарлар дўконини ёпиб қўйишибди. Аливой ака маломатга қолишдан чўчиб инспекторнинг оёғига бош ургудай бўпти. Ялина-ялина уйига олиб келибди. Дастурхонга шишаларни териб ташлабди. Афсуски, инспектор йўлга юрмабди. Ичирмаса бўлмас, Аливой аканинг кўнгли таскин топмас экан. Ичириш учун эса, уддабурон улфат керак экан.
— Биласан, ўпкам ямоқ, зўрға юрибман, —зорланди Аливой ака, —Ярим томчиям ютолмайман. Мен ичмасам, у ҳам ичмаяпти. Бормасанг бўлмайди. Эпинг бор, кулдир, ич, ичир, муросага келтир.

Пиянистанинг табиати нозик бўлади. Аливой ака буни назар-писанд қилмай, дилимни такрор-такрор вайрон қилган. Шуни эслаб «йўқ» демоқчи бўлдим-у, бироқ айрим жиҳатларини назарда тутиб юмшадим. Аливой ака уйига етгунча йўл-йўриқ кўрсатиб борди. Инспектор ёшгина бола экан. Ишни «бошладим». Аммо сира эпақага келмайди-да зумраша! Кадаҳ сунаман, олмайди, ёлбораман, унамайди. Аливой ака пинҳона ияк қоқишини қўймайди. Икки ўт орасида қолдим. Шунда майнавозчиликни ишга солдим. «Инсон тақдири» филмидаги Соколовга тақлид қилдим. «Йигитнинг арслони биринчи қадаҳдан сўнг закуска қилмайди. Йигитнинг зўри...» «Закуска»сиз уч марта «кўтардим». Аливой ака «ҳа, бўл» қилиб турибди:
— Ҳақиқий хўроз йигит бу! Ошқозони заводдан чиққан, домна печни бир чўқишда қочиради.

Инспектор завқланиб кулди ва ниҳоят мен бошлаган йўлга «бурилди». Кейин нима бўлди, билмайман. Уйғонсам, уйимда ётибман. Туфлининг ипига заркокилдай бежирим тугун тушган экан, чигалнинг учини тополмай хит бўлиб ўтирсам, Аливой ака келиб қолди. Иши олдинга «ғилдирабди» шекилли, миннатдорчилик билдирди, касб-коримга кушойиш тилади. Сўнг тўртта «Тўқсон беш» отли чойни сўрига қўйиб, изига қайтди.

Бор гап шу эди, Аливой ака унга либос кийдириб, чойхонада сўзлаб берибди. Пиво, ароқ ва винони омухта қилиб ичганим ҳам, минерал сувини ижирғаниб ичиб, орқасидан коньякни закуска қилганим ҳам қолмабди... То мени уйга тележкада элтиб қўйганигача гапирибди. Эртасига ёстиқдан чошгоҳда бош кўтарган эдим. Аливой ака унга ҳам «пича тузатиш» киритибди.
— Оғзини воронка қилиб салкам бир пақир ароқни ичворувди. Азонда учрашсам, ҳеч нарса кўрмагандай, ўқланган милтиқдай қотиб турибди,—дебди. — Сортовой пияниста деб мана буни айтади, — дебди.

Чойхўрлар ёқа ушлаб қолишибди. Бўлғуси мижозларим эса енгил тортишибди. Шундан кейин Аливой аканинг «илғор иш услуби» ва бизнинг ошқозон оғизга тушиб кетди. Исмим «сортовой»га айланди. «Буюртмачи» болалай бошлади. Бировникига шишабоп меҳмон келади, унга улфат кёрак бўлади — бизнинг ошқозонга юмуш топилади! Бировнинг кимгадир иши тушади, бизнинг ошқозон яна хизматда...

Олдинлари бу зормандага хоҳлаган вақтимда, исталган ичимликни бемалол қуяверар эдим. Бора-бора маҳаллага қарам бўлиб қолдим. Бу хусусда маҳалла оқсоқолидан махсус кўрсатма ҳам олдим.
— Ўзбошимчалик қилмайсан, — тайинлади оқсоқол. — Фақат маҳалланинг эҳтиёжи бўйича ичасан. Кўпчиликнинг хизматини қилсанг, кам бўлмайсан. Хизматнинг ёмони йўқ, биров маҳалланинг ошини пиширади, биров кўчасини супуради...

Сезиб юрибман, колхозга меҳмон кўп келади. Раисимиз Соливой ака қув одам. Биладики, бировнинг кўнгли кўнгилхушлик билан, бировники ичкилик билан обод... Соливой ака ошқозонини кўз қорачиғидай асрар, шу туфайли иккинчи тоифа меҳмонни хушнуд этишда андек қийналар эди. Идора ходимлари юрак олдириб қолган, меҳмонга дастурхон ёзилди дегунча қочворишар, меҳмон эса, «ёлғиз отнинг донғи чиқмас» қабилида оёқ тираб туриб оларкан. Хуллас, раис мендай пухта ичувчи ва ичирувчига эҳтиёж сезиб юраркан. Узунқулоқ гапларни эшитади-ю, ҳушёр тортади. Дарҳол одам юборади. Ҳавотирланиб идорага келдим. Авваллари мени кўрса, Соливой аканинг қовоғи осилиб кетарди. Бу гал очиқ чеҳра билан кутиб олди. «Ҳа, Сортовой», деб кулиб ҳам қўйди. Кейин вазифамни тушунтирди.
— Ошқозонингни колхоз юмушидан бошқа ишга юрдирмайсан, — деди охирида. — Боғбоннинг ёрдамчиси сифатида иш ҳақи оласан.

Шу тариқа мени буткул «ўзиники» қилиб олди. Меҳмон келгани ҳамоно «Волга»сида дарвозамга салом бериб туради. Ноз-неъмат раисдан, меҳмонга бир амаллаб мўлроқ ичириш мендан. Ҳа, дарвоқе, эртасига ошқозоннинг «ашула»сини ва янгангизнинг «дийдиё»сини тинглаш ҳам бор. Агар меҳмон қадаҳ кўтаришни хоҳламаса, Соливой ака қўлини кўксига қўйиб илжаяди.
— Соғлигингиз жойида, олинг, — дейди меҳмонга. — Бизга узр. Ошқозонимиз операция устали мурувватидан икки марта баҳраманд бўлган. Қатрон қиляпмиз. Бўлмаса-ю... Косалаб ичган вақтларимиз ҳам бўлган. Қани, олинглар, оқ бўлсин. Ҳа, баракалло, баракалло. От билан туя бўлармиди, ҳазми таом-да.

Меҳмон Соливой аканинг ҳам ичишини қатъий талаб қилса, раис найрангга ўтади. Дастлаб соқийликни мендан тортиб олади. Учовимизнинг олдимизга иккитадан бўш пиёла қўяди. Уларнинг бирига ичкилик, иккинчисига минерал сув қуяди. Сўнг меҳмоннинг кўзини шамғалат қилиб, ароқли стаканини менинг сувли стаканимга алмаштириб олади. «Қани, қани», қилиб кўтарамиз. Раис ёлғондан «вой-вой»лаб сувни сувга закуска қилади. Мен шўрлик ароқ кетидан ароқни закуска қиламан. Шу равишда «ароқ»ни Соливой ака ичади, спирт ўлгур бизнинг ошқозонга қуйилади. (Ўзиники гўё ноёб идиш, спирт тегса, сири кўчиб кетади)

Раис қалтис синовлардан кейин бизнинг ошқозонни «домна печ» деб атайдиган бўлди. Менбоп меҳмонга рўпара қилишдан олдин ярим қадоқ думба ёғи билан сийлайди. Бундан ташқари омбордан уйга гуруч, макарон, ун-пун обкетиб ҳам тураман.

«Домна печ» хизматдан безиллаб қолган эди, санаторийга элтиб «тоблатди». Лекин ўзим жонли гувоҳ (мен ҳам бирга борган эдим-да), тўрт ҳафта давомида «домна»га спирт зотини йўлатмади.
— Ана энди биринчи класс «домна» бўлди. Унга сифат белгиси берса ҳам бўлади, — Соливой ака қорнимга меҳри жўшиб қаради. — Лекин, биринчи класс экан деб ким нима қуйса, кўнавермагин. «Левий»га умуман юрмагин. Сортовой деган номинг бор.
— Хўп, — дедим. Бироқ, юрмай бўладими «левий»га. Бу ёқда ҳожат деган гап ҳам бор. Мана, масалан, бева холам. Заводдан ғишт сўраса бермабди. Нима қилиш керак? Заводнинг кўнглини овлаб холамга ёрдам бермасам, инсофдан бўлмайди. Холамнинг тугунини қўлтиқлаб, бордим. Завод директори билан узоқ лақиллашиб қолибман, прицеп тўла ғишт мендан олдин қишлоққа етиб келиб холамнинг ҳовлисига тушибди. Завод бошлиқлари шаънига офаринлар айтдим. Аммо бир ҳисобда, олқиш увол кетади уларга. Негаки, минг жуфт ғишт эвазига олти червон тутқаздим. Боз устига икки «мўйсафид»ни пок-покиза туширишдик. Улардан нима кетди, акт номли аждаҳо бор. Юз минг ғиштни бир «ямлайди», «фалон минг ғиштни сув босиб нобуд бўлди. Мунча минг дона ғишт хумдонда эриб кетди...» Тупроқ — сув текин. Қоғознинг тилсизлигй барчага равшан.

Эртаси куни матлубот жамияти омборининг қоровули келди.
— Тез тегирмон бошига етиб борар экансан, — деди. — Мудир тайинлади.
— Қайси мудир?
— Валиев-да!

Қоровулнинг айтишича, ўтириш соҳибларидан иккитаси мени нишонга олиб, йигирма беш сўмдан гаров боғлашибди. Ярим литр «Экстра»ни косага қуйиб бир кўтаришда «отиб» юборсам, Валиев ютар экан. Нима қилдим энди? Бу ёқда «домна» ҳордиқ талаб, деворлари ҳилвираб оғрияпти. Бормасликнинг яна иложи йўқ. Валиев баъзан камёб моллардан ўз нархида топиб бериб туради. Ҳатто, химчисткадан чиққан костюмимни янгисига, бузуқ телевизоримни оҳори тўкилмаганига алмаштириб берган. Бордим. Эртасига қарасам, чўнтакда қовурғаси синмаган иккита йигирма беш сўмлик турибди.

Кечки пайт сабзавотчилик бригадири йўқлаб келди. Қўлида шиша тўла қизил сўмка.
— Аканг айлангур Сортовой, экинларим чанқаб қовжираб ётибди. Тўғон қоровулини бир инсофга келтириб бермасанг, ҳосилсиз қоламан, — деди ялинчоқ товушда. — Биласан, юракнинг мазаси йўқ...
— «Домна» банд, қўли тегмайди,—демоқчи бўлдим-у, ўйланиб қолдим. Ахир кузда бир-икки қопдан сабзи, пиёз берса, тешиб чиқармиди! Бир-икки қоп нима экан, ўн қоп берганда ҳам колхознинг хазинаси камаймайди. Пайкалда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб туриб, тарозидан ўтказишмайди, ҳеч қачон. Шу боисдан ўн тонналаб сабзавотни четга элтиб сотворишади.

Етаклашиб тўғон бошига кетдик. Тонг маҳали кўзимни очсам, тўғон сўрисида ётибман. Оёғим қоровулнинг қорнида. Аста қўзғалдим. Бригадир тунда ғойиб бўлганича, қайтиб келмабди.

Тўғондан қайтишда бригадирни учратдим. Оғзи қулоғида.
— Беш, беш! — деди у елкамга қоқиб. — Капсанга қарз бўлдик.

Мамнун илжайдим. Бироқ, Соливой ака бу кайфиятни бир ондаёқ тилка-пора қилиб ташлади. Оқшом менбоп меҳмон келган экан. Раиснинг «Волга»си уч қур бош урибди дарвозамга — йўқмиз. Раис ноилож хашаки ичувчиларни ҳашарга чорлаб, аранг ишини битказибди.
— Колхозчиларнинг меҳнат минимуми бор. Сенинг ҳам, — деди у ҳовридан тушгач. — Сен шу минимумни бажармаяпсан, Сортовой! Агар тағин «левийвга юриб «домна» хизматини суистеъмол қилсанг, аяб ўтирмайман. Қонун бўйича дабдалангни чиқарвораман! «Домна» ҳамиша боевой ҳолатда турсин. Колхознинг оғирини енгил қилишга яраса ҳам етар!..

Ёт кўчага кирмасликка ваъда бердим. Аммо, иложи йўқ-да! Биров қош, биров кўз — кўнгил бўлмайди.

Оқсоқол ҳам уришиб берди.
— Маҳалланинг обрўси бўлиб турибсан! Бошқа ёқларда нима бор? Маҳаллада сендан бошқа абжир йўқлигини билмайсанми? Бунақада «домна»ни чарчатиб қўясан-ку! Ошқозонинг касал бўп қолса қаёққа югурамиз!

Эрталаб раис чақиртирди.
— «Домна»нинг аҳволи қалай? — сўради.

Кечаги «левий»нинг «ҳузури»ни сураётган эдим. «Домна» оғриётган бўлса-да, бош бармоғимни кўрсатдим.
— Вот, пўлатни эритишга қодир!
— Маладес! — елкамга қоқди Соливой ака. — Индинга сенбоп меҳмон келади. Болта қассобга тайинладим. Йўлиқсанг, думба, ёғи беради. «Домна»ни тобга келтир.

Кечга яқин «домна»га «ишлов бериб» турсам, Анзират хола келди. Дарров фотиҳага қўл кўтарди.
— Илоё омин, бахтимизга ошқозонингнинг боши тошдан бўлсин, облоҳу акбар. Гап бундай, холанг айлангур. Невара куёвим келган эди. Биласан, ҳозирги ёшлар нозиклашиб кетган. Дастурхоннинг бурчагида шу ер юткур шиша турмаса, қўй сўйсанг ҳам ёзилмайди пешонасининг тириши. Қуйсам, ичгани уяляпти. Бир кириб...

Гапини бўлдим.
— Заказ бор, хола.
— Туғилганингда суюнган эдик. Бир мартагина ишим тушса-ю!..
— Унақа кўрнамаклик қилманг-да! Юбилейингиздаги хизматим эсингиздан чиқдими!
— Ҳа, у хизматингни тўёна қилгаисан. Жонингдан садақа. Йўқ дема, болам, савоб бўлади.

Раисни рўкач қилдим. Кампир хомуш тортди.
— Раисга ўрдир қилдириб келсам кирасанми? — деди Ана холос!

Кампирнинг куёви-ку, гўл, нимжон бола экан, бир зумда кўзи ғилай, оғзини баймоқ қилиб ташладим. Баъзан чайир ва забардаст қадаҳдошларга дуч келаман, «белини буккунча» Азроилнинг меҳрини қозонай-қозонай, деб қоламан. Эҳтиёт қисмлар магазинида сотилса экан, қирқинчи размерли ошқозон харид қилиб белимга маҳкамлаб олсам. Ундай десам, бошқа «қисмвларнинг фарёди ҳам кўкка етиб ётибди. Ичкилик қурғур одамнинг этига ўч бўлар экан, гўштни шилиб, терини суякка ёпиштириб ташлади. Бу ёқда тенгдошлардан хижолат чекаман.
— Биз ҳам «домна печ»дан бирон марта фойдаланайлик, барака топкур, Сортовой, — деб қўйишади. Ҳар гал ваъда беришдан нарига ўтолмайман. Меҳмону буюртмачининг кети узилмайди.
— Сортовой, эртага колхозга меҳмон келади...
— Чоршанба куни кичкина дастурхонимиз бор, бирга баҳам кўрсак... Йўқ десам — гинахонлик.
— Маҳалладан қарзимиз йўқ эди-ку!..
— Мазам йўқ, ошқозон ярамайди, — илтижо қиламан йиғламсираб. Харидорим лабини буриб ўпкаланади.
— Ҳа, бизга қолганда шунақа экан-да!

Қийналиб кетдим. Сўнг шартта ошқозонни олдим-да, ҳайё-ҳуйт деб ўзга юртларга қочиб юбордим. Анчагача маҳалла мулкини кўтариб дарбадар қочоқ бўлиб юрдим. Тирикчилик тағин эски аслига тушди. Тунаш жойим — меҳмонхона. Кундузлари одамларнинг рўзғор юмушларига қарашаман — бир стакан-ярим стаканга яраша пул топаман. Ахир, нафс ўлгур ўз ҳолимга қўймаса, додимни кимга айтаман! Хайр, шунисига шукр, дейман. Аммо, ҳамиша хавф-хатар чангалидаман. Ахир, ошқозон ўғриси сифатида қидирув эълон қилишса, унда нима бўлади. Тутиб олишиб, маҳалла буюмини ўғирлашда айблаб судга оширишса-чи?

Йўқ, хайрият, ундай бўлмади. Лекин, укам излаб келди. Етаклашиб уйга қайтдик. Ана энди, «беш-тўрт кун роса «тортадиган» бўлдик десам, қаёқда! Янгангиз қайноғасини ўқланган замбаракдай қилиб қўйган экан чоғи, солдати тушмагур сира шиша зотига яқинлаштирмайди-да! Бу ҳам етмагандай, бир куни мени машинага босиб, шаҳарга олиб кетди. Аллақанақа шифохонага топшириб юборди, бемеҳр! Э, воҳ! У ердаги воқеаларни мен айтмай, сиз эшитманг. Олти ой деганда чиқдим ўша дўзахсифат даргоҳдан. Бироқ, қуруқ чиқмадим, янги «дард» орттириб чиқдим. Яъни, бўш шишани кўрсам ҳам ўқчийдиган бўлиб қолдим.

Учинчи Боб

Оламга номуборак дақиқада келган эканманми, билмадим, бахти қоралик менга кўп йўлиқади. Бир йўлиққанда нақд ўттиз саккиз червонимни шилиб олди, исқоти!

Ёз эди. Тонг пайтида ширин уйқуда ётган эканман, кимдир ҳадеб турткилайди!.. Кўзимни очсам, янгангиз...
— Туринг, дадаси, туринг! — дейди лаби-лабига тегмай. — Шўримиз қуриб қолди!..
— Нима! —сакраб ўрнимдан турдим.
— Қўйлар қўтондан чиқиб, хамирни... Бир тоғора хамирни еб, сув ичиб... Ярим яланғоч ҳолда қўтон томонга югурдим.
— Бу ёқда! — янгангиз ариққа ишора қилди.

Кескин бурилиб, ариқ томонга чопдим. Э, воҳ! Икки бўрдоқи ариқ ёқасида тўнтарилиб ётарди! Оёқлар осмонда, қоринлар ноғора, ёриламан дейди! Иккови ҳам инқиллайди, тўлғанади!..

Орқамдан ҳаллослаб янгангиз етиб борди.
— Энди нима қилдик? — дедим чўғ устида тургандай бетоқат бўлиб.
— Қассобга чопинг, — амр қилди янгангиз. — Кейин молдўхтирга! Йўқ, олдин молдўхтирга, кейин қассобга! Тез! Тез!

Мол аччиғи — жон аччиғи! Югуриб юриб кийиндим. Эҳ, велосипед лаънатиям бузуқ эди-ку! Қўшни Сотволдиникига ғизилладим. Воқеани айтдим.
— Шунга тезда молдўхтир билан қассобни матасекилингизда обкелиб беринг! — дедим ўпкам оғзимга тиқилгудай бўлиб. — Илтимос, қаттиқ илтимос!
— Бажонидил эди-ку, — қўшним афтини буриштирди. — Оёққа чипқон чиққан, бир ҳафтадан бери матасекил минолмаяпман.
— Э, дарҳақиқат... кечирасиз...

Қўшним оқсоқланганича уйига кириб кетди. Ҳайрон бўлиб турган эдим, зум ўтмай қоп-қора жажжи матасекилни потиллатиб етаклаб чиқди.
— Манг,—деди,—ўзингиз бориб келақолинг! Ҳайратдан кўзларим катта очилиб кетди.
— Ие, нималар деяпсиз? Ахир, умримда минмаганман-ку?
— Э, валасапидни эплаган одам буни ҳам эплайверади.
— Йўғ-э!..
— Нима «йўғ-э!» — Қўшним матасекалнинг мурватларини бир-бир кўрсатди. — Мана, мановини мундоқ қилиб, мановини мундоқ қилсангиз, аста юра бошлайди. Манавини қаттиқроқ босс,ангиз, тезлайди, кейин...

Қўшним борини тушунтирди. Бироқ, яқинлашишга юрагим бетламасди. Нима қилсам экан? Бу атрофда бошқа улов йўқ. Пиёда чопқилласаммикан? Йўқ, бориб келгу-нимча, қўйлар «саранжом» бўлади!..

Икки бўрдоқи, ўттиз саккиз червон! Мол аччиғи — жон аччиғи! Таваккал қилиб, эгарга ўтирдим. «Мундоқ-мундоқ» қилиб, юргиздим. «Мундоқ-мундоқ» қилиб, тезлигини оширдим. Жонивар, нақ йўрғалаб кетди.
— Хаҳ, шу экан-ку! — Ўйлайман кўнглим алланечук равшан тортиб. — Ҳозир бориб молдўхтирни олиб келаман — вассалом...

Айтмоқчи, нимасини нима қилса тўхтар эди бу матоҳ? Йўлнинг текисроқ жойига келганда, рулдаги мурватларга кўз югуртириб чиқдим. Аммо тўхтайдиган мурватини фарқлай олмадим. Юрагим «шув» этиб кетди. Аканг қарағай, боя таълим олиш чоғида матасекилнинг «нимасини нима» қилса юришини ўрганибди-ю, «нимасини нима» қилса секинлашини, яна «нимасини нима» қилса, тўхташини дурустроқ уқиб олмабди! Эҳ, пишмаган хом калла!

Ўз ўйларим билан бандман. Матасекил елдай учиб боряпти. Ҳаш-паш дегунча молдўхтирнинг дарвозасидан ўтиб, далага чиқиб кетдим. Энди нима қилсам экан? Мурватларини «мундоқ-мундоқ» қилиб кўрсаммикин? Йўқ, асло! Ахир, секинлатаман, деб бир нима бўп кетсам, ҳолим не кечади?

Бу ташвишлар етмагандай, бурнимнинг учи бир қичийди, бирам қичийдики! Қўлни бўшатиб, қашлаб олишга сира-сира юрак йўқ! Бошни у ёқ-бу ёққа ҳам буролмайман, икки кўзим йўлда!

Ахийри ўн тўртинчи бригаданинг дала шийпонига етдим. Шийпон олдидаги хирмонни айланиб орқага бурилдим. Қишлоққа кирдим. Молдўхтирнинг дарвозасига етганда, қаттиқ қичқирдим.
— Икромов ака! Ҳў, Икромов ака!..

Икромов ака товушимни эшитдими, йўқми — шамолдай ғувиллаб ўтдим-кетдим. Нарироққа борсам, қассоб бува йўл ёқасидаги ариқда юз-қўлини ювяпти.
— Қассоб бува!—бақирдим. — Ҳовлига боринг, қўй чатоқ!..

Дам ўтмай қишлоқдан чиқиб кетдим. Кенгроқ жойда қайрилиб, яна қайтдим. Ҳовлимизга яқинлашаётганимда кўрдим — янгангиз билан қўшним шошилиб уйга кириб кетишяпти. Демак, иш янада чаппасига кетибди.
— Сотволди!—дея бақирдим. — Қаерини бурса тўхтайди!

Сотволди турган жойида қотиб қолди. Кейин нима деди, нима қилди — билолмадим. Бир маҳал қассоб буванинг ҳовлисига етиб қолибман. Қассоб бува артиниб турган экан.
— Ҳали нима дединг, Каримжон? — деди.
— Пичоқни олиб уйга боринг!—қичқирдим. — Қўй чатоқ...

Кўчада битта-иккита одам ўрмалаб қолган эди. Зокир тракторчи кўриниб қолди. Унинг рўпарасига етмасдан:
— Зокир ака, қаерини бураса тўхтайди? — дедим.

Аммо Зокир аканинг жавобини англамадим, «зув» этиб ўтдим-кетдим. Нарироққа борсам, йўлнинг қоқ ўртасида икки кампир типпа-тик туриб гаплашишяпти. Жон-поним чиқиб кетди,
— Қочинглар! Қочинглар!—бақирдим бор овозим билан. Дарвоқе, «қаерини бураса» бибиплайди? Кампирлар чўчиб кетишди ва ўзларини дарров четга олишди.

Молдўхтир ҳалиги чақирганимда овозимни эшитган эканми, кўзи олазарак бўлиб, дарвозаси ёнида турибди. Рўпарасига етай деганда:
— Уйга боринг, қўй касал!—дедим ва ўқдай учиб ўтдим-кетдим.

Қовун юкланган эшак аравани «пўшт-пўшт!» дея қувиб ўтиб, яна бояги хирмонга етдим. Бир айланиб, изимга қайтдим. Қассоб бува, афтидан, бизникига кетаётган экан, мени кўриб қўлини кўтарди.
— Тўхтат, мингаштириб кет!

«Вой отахон-эй, тўхтат эмиш-а», дейман ичимда. Тўхтатишни билсам шу кўйларга тушармидим!

Кўча эшигимиз ёнида талвасага тушиб Сотволди турарди. У матасекилни қандай қилиб тўхтатиш мумкинлигига ишора қилар, нимадир деб бақирарди. Лекин унинг ҳаракатларидан ҳеч нарса англай олмадим. Яна қишлоқдан чиқдим. Аммо тағин қишлоққа қайтишга юрагим дов бермайди. Чунки, қуёш чиқиб, кўчада одам кўпайиб қолган. Энди нима қилдим? Эшакка «иш» десангиз, дарҳол тўхтайди. Отга эса «дрр!» дейиш кифоя. Бу мохов унақа буйруққа кўнмаса!.. Эгардан сакраш — ажал билан ўйнашишдек гап! Бензини ҳам адо бўлақолмайди маразнинг!..

Дала тугаб, Чўли Акбар қишлоғига кирдим. Бир гуруҳ йигитлар қарши томондан келмоқда эдилар. Орадаги масофа йигирма қадамча, қолганда, иягим билан мотасекилга ишора қилдим:
— Қаерини бураса тўхтайди?

Йигитлар бир сўз дейишмади, елка қисиб қўя қолишди.

Йўлни чўлга бурдим.

...Чўлга киргач, ўзимни анча эркин ҳис қила бошладим.

«Мана, кенг жойга чиқиб олдим, — ўйлайман кўнглим сал таскин топиб.— Бу ёқда ҳозир рдам ҳам, машина ҳам йўқ. Бемалол юриб, бензинни тамомлайман. Кейин... «Аммобу бензин дегани қачон тугайди? Шўргинанг қурғур Каримжон ҳожи тағин неча соат пойга чопади? Бу ёғи қоронғи эди!..

«Баттар бўл!—ўзимни-ўзим койийман.— Жазойи киши асов отнинг феълини билмай туриб, узангисига оёқ қўйсин!..»

Бир маҳал кимдир гапиргандай бўлди. Кўз қиримни у ёқ-бу ёққа ташладим. Ўнг томонимда сарғиш рангли «Урал» мотоцикли ёнма-ён кетиб борарди! Устида форма кийган ёшгина йигит — ГАИнинг одами бўлса керак,
— Ана, холос, буниси ҳам бормиди! — юрагим «шиғ» этиб кетди.

Йигит: «тўхтанг, ака, тўхтанг!» деди. Бош чайқадим. Йигит тезликни ошириб, мени қувиб ўтди. Мотоциклни йўлимга кўндаланг қилмоқчи бўлди. Табиийки, тўхтамадим, тикка боравердим, Йигит мотоциклини таққа тўхтатди. Йўлнинг чап қисмидан ўтдим-кетдим. Йигит ўнг томонимдан бориб, мен билан тенглашди.
— Тўхтанг деяпман, сизга! — деди.
— Тўхтатолмайман! — дедим алам билан.
— Нега?
— Тўхтатишни билмайман!
— Майнавозчиликни қўйинг!
— Ишонмайсиз-а, худо ҳаққи, тўхтата олмайман! — дедим куюниб. — Ахир ҳавасга бунақа қилиб юрибманми? У ёқда қўйларим ҳаром ўлиб ётибди! Азондан бери шу песнинг белидаман! Ўнқир-чўнқирларда силкинавериб, елкаларим эзилиб кетди! На тўхтайди. бу золим, на секинлайди!..

Йигит қаҳ-қаҳ уриб кулди. Сўнг:
— Вой сиз-эй, гап кўпга ўхшайди-ку! — деди. — Қани, муфтани босингчи. Муфта қидириб, у ёқ-бу ёққа алангладим.
— Ана, чап қўлннгиз ёнидаги оқ темир бор-ку, ўшани рул билан қўшиб ушлаб, қаттиқ қисинг. Ҳа, балли! Энди...

Йигитнинг, барча буйруқларини жон деб бажо келтирдим. Уни қарангки, тонг саҳардан буён вағиллаб учиб юрган касофатнинг овози тўсатдан ўчди-қолди. Аблаҳнинг устидан тушдим-у, «шилқ» этиб уватга чўзилдим.

Ҳа, айтмоқчи, қўйларнинг ҳоли не кечди, дерсиз. «Бахт»имиз юришиб, молдўхтири ҳам, қассоб ҳам ҳовлига ўша соатда етиб келишибди. Афсуски, қўйлар охиратга кетиб бўлишган экан.

Шу бўлдию ҳазилкашларга гап тортилиб қолди. Мени кўрди дегунча, тиллари қичийди:
— Ҳа, чимпиён, галдаги пойга қачон бўлади?
— Каримжон, қани, бир айтиб юборинг, ғалтак замбилнинг қаерини бураса тўхтайди?

Баъзан ашула бошлашади.
— Тинимсиз чопаман, жонон, ўзимни тўхтатолмайман... Бу гаплар бора-бора меъдамга тегди.
— Шошма, — дедим, — сенларнинг валақлашларингни бира тўла гўрга тиқиб қўя қолай. Боз устига тақдир каминага бирор касб-корни раво кўрмаган, баҳонада ҳунарли бўлиб ҳам оламан.

Шу мақсадда шофёрлик курсига кирдим. Олти ой тиним билмай ўқидим. Қарабсизки, кечаги «Сортовой» бугун қулинг ўргилсин учинчи класс шофёри! Шундай қилиб десангиз, уч йилча колхознинг юк машинасини ғилдиратдим. Шофёрлик кўп хосиятлк ҳунар экан, ўзимни ҳам, рўзғорни ҳ«м файзга бийлаб юборди. Янгангизнинг қувонганини айтмайсизми! Вой-бўй! Ҳазилкашлар эса, аллақачон тилини тишлаб қолди. Фақат раисимиз Соливой ака тегажоқлигини қўймайди. Қаерда кўрса, «Ҳа, Сортовой, «домна печ» қалай», деб қўяди.

Ҳайронман, Соливой ака олдинлари ҳечам бунақа эмас эди. Кейинги пайтларда негадир шунақа ҳазил-мутойиба қилишни хуш кўрадиган бўлиб қолди. Тўғрисўзлигим маъқул келадими ё қўлбола ҳангомаларим ёқадими — билмадим. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да.

Тўртинчи Боб

Соливой ака бир сафар «домна печ»нинг аҳволини астойдил суриштирди. Сўнгра:
— Шунақа дегин! —сўради жиддий. — Демак, «домна печининг хизматидан бутунлай маҳрум бўлибмиз-да?
— Ҳа, — жавоб қилдим. — «Домна печ» мана, уч йилдирки, пенсияда. Ичкилик зоти макруҳ.

Тўрт кун ўтгач, уйимга чопар келди. Оёқни қўлтиққа қисиб идорага чопдим. Қайси кўз билан кўрайки, Соливой ака «Волга»сининг калитини нақд қўлимга тутқазиб турибдигда!
— Муборак бўлсин, буюрсин.

Во ажаб, бахтни қаранг, бахтни! Ҳушумдан кетишимга бир баҳя қолди. Шу тариқа Каримжон деганингиз бир сакраб «Йигирма тўртвнинг эгарида ўтирибди-да!

Оҳ, нақадар роҳат! Эртаю кеч рулдаман. Раиснинг ёнида ўзимни вазирдай тутиб юраман. Катта-кичик қишлоқлар, поёнсиз далалар... Қаерга борсак, иззат-икром. Колхоздан четга чиқсак яна маза. Бошлиқлар бирор идорага ёки йиғилишга шўнғиб кетишади. Сен эркин қушсан. Хоҳласанг, газета-журнал варақлайсан, истасанг, шофёрлар билан ўйнайсан, валақлашасан...

Баҳсга келганда Азимга тараф йўқ. Азим қўшни «Коммуна» колхозидан. Раиснинг машинасини минади. У билан ҳарбий хизматда юриб танишганман. Ўлардай мақтанчоқ. Қўли бўшади дегунча, бизнинг командирни ерга уриб, ўзиникини осмонга чиқариб қўярди. Энди раисини мақташга ўтибди.
— Шофёрлик тилло касб, — мақтанди у бир гал. — Хўжайиним эса, бамисоли гавҳар. Даргоҳи кенг, дарё. Уйига нимаики келса, оқаваси бизнинг хонадонга бориб тўхтайди. Дон-дун, ем-хашак, сабзи-пиёз, мева-чева... Бирортасини бозордан сотиб олмайман. Раисим зўр-да, аммо сеникининг мазаси йўқ. Калтафаҳм, зиқна.

Жаҳлим чиқди, шартта узиб олдим.
— Ўзингники калтафаҳм!

Шу-шу бўлди-ю, раислар хусусида баҳсимиз бошланиб кетди. Ҳафта сайин марказга борамиз. Раисларимиз мажлисга киришади. Биз енг шимариб баҳсга тушиб кетамиз.

Июлнинг охирларига Азимларнинг колхозига бизнинг колхоздан ўзаро текшириш бригадаси борадиган бўлди. Бордик. Мезбонлар бизни колхоз чегарасида кутиб олишди. Азим мени илиқ қарши олди. Бир пачка фильтрли сигаретани зўрлаб чўнтагимга солиб қўйди. Сўнг:
— Оббо сизлар-эй, тажриба керак бўлмаса, келмайсизлар-а, биз томонларга, — деди гугурт чақаётиб. — Майли, ишларимизни кўринглар, ўрганинглар. Олиб кетганларинг билан тугаб қолармиди тажрибамиз?

Бу гап менга малол келди. Азимни узиб олмоқчи бўлгандим, Соливой ака чақириб қолди.
— Сенинг тажрибангга зор эмасмиз, — дедим бурилиб кетаётиб.

Жаҳл билан машинага газ бердим. Қишлоққа кириб боряпмиз-у, ҳануз Азимнинг гапига ғижинаман. Лекин, бир ҳисобда Азимнинг гапида жон борга ўхшайди. Кўчалар чиннидек тоза. Дарахтларга, айвон пештоқларига чўғдай қизил матолар осилган. Уларга «Хуш келибсиз, мусобақадош дўстлар!», «Намуна» колхозининг пахта усталарига алан-гали салом!» сингари гаплар ёзилган...

Ҳаммадан ҳам колхознинг боғи кўпроқ ёқди менга. Бизда ҳам каттагина боғ, боғ ўртасида кошона шийпон бор. Лекин, эгаси кўчиб кетган ҳовлидай ҳувиллаб ётибди. Бу ерда эса, ҳеҳ-ҳэ!.. Ҳамма нарса саришта, ҳамма нарса муҳайё.

Азим иккимиз фонтан ёнидаги скамейкада ўтириб, сигарет тутатдик. Икки кўзим атрофда. «Қойил» дейман ичимда. Азим кайфиятимни сезди чоғи:
— Раис зўр-да, раис! — деб қўйди. Эшитмаганга олдим.
— Михайловни биласан-а, камандиримиз, — деди Азим, яна. — Бизнинг Набижон ака ҳам худди ўшанинг ўзи. Радиодан уч марта гапириб қўйган эди, мана, ҳаммаёқ икки кунда «воҳ!» бўлди-қўйди. Ҳали далага борганда, у ёқ-бу ёқни кўрганда биласан.

Овқатланиб бўлиб далага чиқдик. Бир шийпонга бориб тўхтадик. Шунақа сўлимки, худди жаннат. Меҳмону мезбон уч гуруҳга бўлиниб, учта пайкалга кириб кетишди. Соливой ака, Набижон ака, яна икки киши кунботарга бурилишди. Азим иккаламиз чой ичиб ўтирдик.
— Пахтанинг пири дейишади бизнинг раисни,—деди Азим.—Кўп одам ундан ўрганиб кетади.
— Бекор гап, — дедим шошиб, — бизнинг раисга тан бермаган одам йўқ!
— Ундай бўлса нега ўргангани келади?
— Ўргангани эмас, ўргатгани келган!
— Бўлмаган гап!
— Юр бўлмаса, орқасидан борамиз, қани, ким-кимга ўргатяпти экан?

Мен ҳақ бўлиб чиқдим. Термосга яхна чой қўйиб, етиб борганимизда, менинг раисим Азимнинг раисини койиётган экан.
— Кўрдингизми, — дер эди у иккита тўкилган шонани кафтида тутиб. — Бу сувсизликнинг оқибати. Ғўзангиз сувдан қолибди.
— Жуда тўғри, — деди Набижон ака ва ён дафтарчасига нималарнидир ёзди. — Маслаҳатингиз учун раҳмат.

Азимнинг елкасига секин туртдим. Азим зарда билан бош силкиди. Йўлда давом этдик. Ғўзаси пастроқ далага кирганимизда, Соливой ака бундай деди:
— Бу ғўзаларни қўшимча ўғитлаб, дарҳол суғориш керак.
— Қимматли маслаҳатингиз учун ташаккур, — Набижон ака дафтарига яна ёзди.
— Мана бу ғўзаларни эса,—деди Соливой ака ғўзаси бўйчан пайкалга ўтганимизда,—сувдан тортиш, чилпиш лозим.

Набижон ака Соливой акага офарин айтди.

Азим жадаллаб раисларнинг ўнг биқинига ўтиб келаётган эди, югуриб етиб олдим. Аста елкасига туртиб, илжайдим. Азим олдин менга, кейин раисларга ёвқараш қилди. Лаблари қаттиқ қимтинган, юзлари қип-қизариб кетган эди. Кейинги пайкалга ўтганда, мундоқ қарасам, Азим йўқ. Орқага боқдим. Азим термосни қўлтиғига қисганича, нариги пайкалнинг ўртасига кетмоқда эди. Мен ҳам шийпонга қайтдим. Азим каравотда чалқанча тушиб тек ётар, тўхтовсиз сигарета бурқситар эди.
— Ҳа, хўжайин, — дедим кулиб,— ўрганишдан чарчадингизми?

Азим сакраб ўрнидан турди.
— Бўпти, бўпти!—деди. — Юр, ҳандалак еймиз.

Бу, назаримда таслим бўлдим, дегани эди. Раислар ҳақида бошқа оғиз очмадим. Тўртинчи куни Азим мени мулойимлик билан кузатиб қолди.

Сал ўтмай «Коммуна»ликлар бизнинг колхозга келадиган бўлиб қолди. Бошда пича ташвиш тортдим: ишқилиб «Коммуна»ликлар кулиб кетишмасин-да! Аммо бекорга ташвиш тортган эканман. Соливой ака ташкилотчиликка шунақа чапдаст эканки, ёқамни ушлабман. Шу нохуш хабар келиши биланоқ, дарров йиғилиш ўтказди. Радиодан қайта-қайта нутқ сўзлади. Бутун колхоз оёққа турди. Натижада икки кунда барча иш саранжон-саришта бўлди-қўйди. Кўчалар бамисоли чинни. Қизил алвонлар, шоҳона безатилган шийпонлар, боғ ўртасида устига оқ дастурхон ёзилган столлар...

Меҳмонларни эртага эрталаб колхоз чегарасида кутиб олишимиз лозим эди. Ухлаб қолишдан чўчиб, кечқурун радиокарнайни бошимга қўйиб ётдим. Азонда «Онам дерман» уйғотиб юборди. Ашула тугагач, Соливой акамнинг таниш овози эшитилди.
— Эълон эшиттирамиз. Кеча хабар берилганидек, бугун колхозимизга «Коммуна» колхозидан меҳмонлар келишади...

Сапчиб ўрнимдан турдим. «Эълон» деяпти, демак, оз гапирса керак. Оббо, кечикмасам яхши эди. Аммо «эълон» деб бошланган эшиттириш баъзан узундан-узоқ нутуққа айланиб кетади-ку! Дарҳақиқат, шундай бўлди. Машинани эшикка кўндаланг қилганимда, раис «эълон»ни якунланаётган эди:
— Шундай, меҳмонлар келиб-кетгунча, ҳамма иш батартиб бўлсин. Кимда-ким колхозга гап теккизадиган бўлса, кейин ўзидан кўрсин!..

Меҳмонларни катта йўлда қарши олдик. Азимга фильтрли сигарет тутдим. Бизнинг ишлар Азимга ёқди. «Беш-беш!» деди. Тан олгани учун ортиқча писанда қилиб ўтирмадим. Бироқ, бунинг тагида гап бор экан. Далага чиққанимизда, Азим термос қидириб қолди.
— Ҳа? — сўрадим.

Азим бир кўзини айёрона қисиб кулди.
— Раис бувалар сувсираб қолишмасин...

Термосга яхна чой тўлғазиб раислар ортидан эргашдик. Ғўза оралаб кетдик. Соливой ака Набижон акани ғўзаси бўлиқ пайкалга бошлади. Аммо Набижон акага бу ғўза ёқмади.
— Серсув қилиб юборибсизлар, — деди. — Сувдан торттириб, зудлик билан чеканка қилдиринг.
— Маслаҳатингиз учун катта раҳмат, — деди Соливой ака ва ён дафтарчасига нималарнидир ёзди. Кейин бригадир Собир акага қаради. — Эшитдингизми, нима қилиш керак экан?

Азим елкамга туртиб илжайди. Қулоғимга шивирлади:
— Қалай, кимнинг раиси зўр экан?
— Ўзи ҳам яхши билади буни! —дедим жеркиб. Азим тағин кулди.
— Билса, нега раҳмат айтяпти, нега ёзиб олялти?

Энсам қотиб, жавоб бермадим. Термос бўшагунча, Соливой ака Набижон акага яна тўртта раҳмат инъом қилди. Азим тўрт марта елкамга туртди.

Паст бўйли ғўзалар ичига кирганимизда, Набижон ака Соливой ака билан Собир акани койиб берди. Сўнг:
— Буларга қўшимча ўғит солдириб, сув бердиринг! —деди.

Соливой ака дафтарчасига ёзар экан, бирор лазиз таомнинг таъмини олаётгандай бошини чайқади:
— Оҳ-оҳ-оҳ! Офарин сизга! Маслаҳатингиз учун минг раҳмат!

Азим овоз чиқармай узоқ кулди. Жуда жаҳлим чиқди. Шартта бурилдим-да, маши-намга қараб жўнадим. Ариқ ёқасида ўтирсам, Азим келди.
— Хўш, қалай? — сўради. Индамадим. Сигарет тутди, олмадим.
— Ол, олавер!—деди жиддий. Бироздан сўнг қўшиб қўйди. —Хафа бўлма, икковимизнинг раисимиз ҳам зўр!..

Азимнинг юзига боқдим. У жиддий гапирмоқда эди. Сигарет тутатиб ўтириб, бир лаҳза ўйланиб қолдик. Кейин тўсатдан, бараварига кулиб юбордик.
— Тўғри айтасан! — қичқирдим бирдан кўнглим ёришиб. — Иккови ҳам зўр! Сенинг раисинг ҳам, менинг раисим ҳам!

Шу-шу, икковимиз раислар борасида баҳслашмай қўйдик.

Бешинчи Боб

Соливой акага «вазир»лик қилиб юриб кам бўлмадим. Юриш-туриш — хон тахлит. Қўл узун. Шу қўл билан рўзғорни бутлаб олдим. Шу қўл билан поччамга ер ундириб бердим — иморат қуриб олди. Шу қўл билан...

Бироқ, ойнинг ўн беши ёруғ, ўи беши қоронғу деганларидай, хотима нохушроқ кечди. Эшитасизми... Ҳа, дарвоқе, яхшиси, манави газетадан ўқий қолинг, бир тирранча қаламкаш воқеаларни ўраб-чимғаб ҳажв қилибди бизни. Редакция номларимизни ўзгартириб, дарров босиб ҳам чиқарибди. «Карим»ни «Кабир» дебди, «Соливой ака»ни — «Нусрат ака». Ҳажвияга «Хашаки мажлис» деб сарлавҳа қўйибди.

«Район фирқа қўмитасида йиғилишлар кўпинча кечқурон бўлади. Қўмита биносининг мажлислар зали деразалари алламаҳалгача ярқираб туради. Бино қошида каттагина хиёбон бор. Хиёбон ва гулзорлар оралаб ўтувчи асфальт йўлаклар енгил машиналарга тўлиб кетади. Шофёр аҳли машиналар ичида ёки неон лампочкалар остида қарта ўйнайди, ул-бул ўқийди, хашаки мажлис қуради — рўпара келган масалани айқаш-уйқаш қилиб муҳокамадан ўтказади.

Июлнинг ўша оқшомида ҳам шундай бўлди. Кеч соат ўнларга яқин ўттиз чоғли енгил машина хиёбонга йиғилди. Колхоз, совхоз ва бошқа ташкилот бошлиқлари машиналардан илдам тушиб, зина ёнида тик ҳолда доира ясади. Кимдир ичкаридан чиқиб «Кирасизлар экан» деди. Раҳбарлар остонадан ўтишди. Уч шофёр машиналарини «Ғинг!.. Ғинг!..» эттириб қаёққадир жўнашди. Колганлари тўпланишиб, бирпас гурунглашишди. Сўнгра машиналарга, скамейкаларга бўлиниб кетишди. Ким мутолаага, ким суҳбатга, ким қартабозликка шўнғиди. Бир новча, бир пакана йигит эса гулзорлар оралаб сайр қилиб кетди.

Ҳаво ниҳоятда мусаффо эди. Тўлин ой беғубор осмоннинг қоқ ўртасида товланади. Атроф сокин. Чигирткалар чириллайди, гоҳ-гоҳида қартабозларнинг қийқириғи, қаҳқаҳаси эшитилиб қолади. Сайр қилиб юрган йигитлар айланиб келиб ўтирғичга чўкишди.
— Оҳ-оҳ-оҳ! Муздайгина экан шу ер! — деди новча йигит. — Бугун ҳаво жуда исидими, Носир? Нақд ёндираман дейди-я!
— Ҳм!.. Энди пастлади иссиқ! — жавоб қилди Носир. Кейин юлдузлар қуршовида ярақлаб турган ойга суқланиб боқди.
— Қара-я, роса тўлибдими!
— Ҳа, тўлибди, — деди новча мигит ойга тикилиб. — Айтмоқчи, Носир, туновги заказ нима бўлди?
— Қайши жакаж? — сўради Носир сйнчалоғининг тирноғи билан тишини ковлаб.
— Вой, хотирангга вилт тушкур, номард-эй! — новча йигит Носирнинг елкасига қоқди. — Ҳў, чинни лаган-чи!
— Ҳа, уми? — Носир четга туфлади. — Ҳали ҳам эсингдами ўша? Ҳм, лаган келмаяпти райПОга. Келсин, беш-ўнта ундириб бераман.
— Шундай қил, ошна, чойнак-пиёла, чинни коса ҳам керак. Ўзинг биласан, бу йил сингилни турмушга чиқараман. Шунга... Поя-хашак, қовун-тарвуз биздан.
— Ҳа, бултургими берган поянг! — Носир лабини бурди. — Ярим машина!..
— Ҳа, унда Собир чиноқ хасислик қилган эди-да, қурумсоқ! Бу йил бошқа бригадирдан сўрайман. Раис «Чошроқ бўлсин», деди дейман, вассалом! Бўптими!
— Бўпти!

Ошналар сигарет тутатишди. Шу пайт «Волга»дан жиккак бир йигит отилиб чиқди ва буларнинг олдига югуриб келди.
— Э, бу ёқдамисизлар! — қичқирди кафтларини кафтларига ишқаб. — Ҳеч кимдан дурустроқ сигарет йўқ! Қарасам, шу ёқда бир жуфт оловли кўз «йилт-йилт» қилиб турибди. Тикилиброқ назар солсам, «Орбита»нинг «кўз»лари! Кейин... Қани, кимда бор «ўпка дори»?
— Бир пайтлар сигаретни кўрсам, кўнглим айнийди, дер эдинг-ку?—гап суқди Носир. — Энди яна...
— Ҳа, икки-уч йил чекмадим. Ичмадим ҳам. Лекин, иложи бўлмади. Ахир, ҳамиша шуларнинг ичида юрганинингдан кейин...

Салим жиккак йигитга сигарета узатди.
— Ма. Доим тиланчилик экан-да сеники!
— Узр. Ҳозирча ҳаваскор кашандамиз. Қолаверса, тилаб чексанг, ширин бўлади. — Жиккак йигит сигаретни тутатиб уч-тўрт тортди. Кейин у ёқ-бу ёққа қараб олиб энгашди ва сирли оҳангда қаттиқ шивирлади: — Эшитдиларингми, бугун бюрода Нусрат акани муҳокама қилишар экан!
— Раисингни-я? — баравар савол ташлашди икковлон.
— Ҳа-да! Ҳў бирда айтган эдим-ку, «Нусрат акамнинг устидан юқорига ёзишяпти, райкомдан бориб текширишяпти», деб.
— Ў-ў!.. Ажралиб қолмасанг эди раисингдан!
— Ажралишим аниқ! Ишлар қалтис! Шикоятдаги ҳамма ёзилганлар тўппа-тўғри чиқди! Кетади!—жиккак йигит кескин қўл силтади. — Э, кетсин-э! Ўзим ҳам жуда безор бўлиб юрган эдим. Шунақа бемаъниликлар қиладики, проста ғазабинг келади!

Носир истеҳзо билан илжайди.
— Ҳо, энди ёмон бўлиб қолибди-да! Олдинлари роса мақтар эдинг-ку, «Раисим зўр! Раисим хўроз одам!», деб.

Жиккак йигит бошидан дўпписини олиб, силлиқ таралган сочини силади.
— Ҳа, у вақтларда ҳақиқатан ҳам хўроз эди-да! Бора-бора тожи тўкилиб... Айтмоқчи, зўр коньягим бор эди, обкелайми? — Жиккак йигит саволига жавоб ҳам кутмай, машинаси томонга югуриб кетди ва ҳаял ўтмай қўлтиғига шиша билан стакан қистириб келди. — Янги раисимнинг саломатлиги учун бир «отайлик». У куни тўйда ташлаб қўйишган эди машинага. Рулдан тушганда жанозасини ўқиб ташларсиз деб.

Жиккак йигит буларнинг «йўқ-йўқ!» дейишига қарамай, шишанинг оғзини очди.
— Бюро тугагунча йўқ бўлиб кетади! — деди сўнг. — Шунақа «улуғ айём» кунларида «тортмасак», қачон «тортамиз». Тур, Носир, анови олмадан икки жуфтгина узиб кел!

Носир истар-истамас ўрнидан турди.
— Кўп бемаъни феълларинг бор-да, Кабир! — дея дўнғиллаб, нарироқда қорайиб турган олма сари кетди. Шатирлатиб узди.
— Ки-им! — деган товуш келди ишкомнинг орқасидан.
— Ҳеч ким, отахон, ҳеч ким! — Бу ёқдан туриб қичқирди Кабир. — Олмангизнинг шохидан уч-тўртта қуш учиб кетди, холос.

Коровул йўтала-йўтала жим қолди. Кабир қултиллатиб стаканни тўлғазди.
— Яшавор, дўстим! — дея олмалардан бирини олиб, стаканни кўтарди.— Эски раисимнинг «қутлуғ парвози» учун!..

Кабир Салим билан Носирга ҳам зўрлаб ичирди. Сўнгра:
— Ана шунақа! — деди олма чайнаб.— Кетади, бугун албатта кетади! Ўзиям чарх уриб роса югурди-да! Шу... ялинади, ҳаммага ялинади! Одамнинг раҳми келади! Менга ялинганини айтсаларинг! Вой, вой, вой! Ҳаммасини биламан-да, қилмишларини!
— Сенга нима деди? — шошиб сўради Носир.
— Нима дер эди, сиру асроримни ҳеч кимга айтма, дейди-да.
— Айтдингми, айтмадингми?

Кабир чап кўзини қисиб айёрона кулди.
— Ҳеч қайсисини «айтмадим». Бу ердан борганлар мени парткомнинг кабинетига чақириб сўроқ қилишди. Ҳар баҳор чўлга яширинча шоли, даштга сабзи-пиёз эктиришини ҳам «айтмадим». Уларга кечалари минерал ўғит элтиб берганимни ҳам «айтмадим». Тонна-тонна шоли ва сабзавотлар бир бозор айланиб, отнинг калласидай «муллажиринг» бўлиб келишини ҳам «айтмадим». Ферманинг «қозониига мушукдай бузоқча ташлаб, ҳўкиздай сўқим олганини ўзлари текшириб билишибди.
— Наҳанг бўлиб кет-э! — хитоб қилди Салим муштумини қисиб.— Ҳа, яна ни-маларни «айтмадинг?»
— Ҳовли-жойини кўргансан-а? — гап қўшди Носир,— Ҳў, ўғлини уйлаганда боргансан-ку, тўйига! Шоҳона! Ҳалигидақа «левий» ақчаларга тиклаган-да!

Кабир кескин қўл силтади.
— Э, қаёқда! Даладаги теракларни кестириб қурдирган. Уста ҳам, «ҳашар»чи ҳам колхоздан. Аммо, колхознинг ободончилиги хусусида тариқча бош қотирмайди. Фақат, оғизда, қоғозда «қотиради». Мана, Носир, сенинг колхозингни олайлик. Қишлоқларинг бамисоли шаҳарчанинг ўзи. Йўллар асфальт. Барча хонадонларда сувқувур. Газ! Биз-дачи? Кўчалар чигал ипга ўхшайди! Идора атрофи қўриқ! Клубда ҳар баҳор қурт боқи-лади. Бошқа пайт пиёз сақлашади! Энди, мактаб биноларини қара! Лахтак-лахтак! «Ана кетаман, мана кетаман!» деб зўрға турибди! Учта қишлоқ ҳануз ҳовуздан сув ичади...

Кабир тағин «отди».
— Ана шунақа! — деди кейин.— Қилвирлигини, порага ер беришини, колхозчига енгил машина сотишда навбатни чалкаштиришини, чўтал олишини райкомнинг ўзи билар экан. Бу ҳақда олдин ҳам кўп гап бўлган... Хў-ўш, шапалоқ «мукофот» олганимни ҳам «айтмадим».

Шу он даврага шалпангқулоқ шофёр келиб қўшилди.
— Э-ҳа, суҳбат жуда қизиқ-ку!—у скамекага ўтираётиб Кабирга қаради.— Нимани айтмадинг!

Носир икки оғиз гап билан суҳбат мазмунини тушунтирди.
— Ҳм, да! — деди шалпангқулоқ йигит.— Хўш, нега айтмадинг?

Носир афтини бужмайтирди.
— Э, нега айтмас экан? — деди ғижиниб.— Айтиб, ёзиб ҳам берибди ҳаммасини!..
— Ҳмм, яхши, яхши! — бош тебратди йигит. — Айтмоқчи «мукофот»ни қайси «хиз-матларинг» эвазига олгансан? Билсак бўладими?
— Жуда, жуда бўлади.— Кабир кўзини сузиб бош тебратди.— Шу денглар, қели-нойимиз ҳар куни «Волгаига ўтириб, эшикни «қарс» ёпадилар. «Кабирбой, Гултепага ҳайданг! Кабирбой, шаҳарга буринг!..» Жонимга тегди!
— Келин ойи,— дедим кунларнинг бирида.— Умид билан «йигирма тўрт». харид қилгансизлар. Ҳайдашни ўрганинг, белини қийиштириб мининг қизи талоқни, дебман. Бу гап Нусрат акамизга қаттиқроқ ботибди.
— Э, машинаси борми раисингни? — сўради Носир кўзларини катта очиб.
— Ҳа-да! — бемалол жавоб берди Кабир.— Олдинги райижроком раисининг дав-рида олган, йўлини қилиб. Гаражда қантарилиб турибди, ёғи артилмай.
— Об-бо номард-эй! Жуда ҳам ошиб-тошиб кетган экан-да, ўзи! — Салим Носирга қараб бош силкиди.— Қара-я! Бизнинг раислар ҳам бемаънилик қилишади-ю, аммо эви билан... Катталар нечук индашмас экан уларга?
— Катталар пландан нарини кўришмайди! — деди Салим.
— Индайди. Мана, энди индайди! — гапни илиб кетди Кабир.— Раисим чиқиб қолар бюродан, «Э ёронлар, муҳр билан кресломдан ажралиб қолдим» деб.
— Менга қара,— Кабирни туртди шалпангқулоқ йигит.— Тағин нимани аитмадинг?
— Тағинми? Тағин...

Шу пайт ичкаридан биринчи котибнинг ёрдамчиси зинада пайдо бўлиб, суҳбатни бўлди.
— Кабирбой, ҳо, Кабирбой! — қичқирди у. Ҳамма ҳушёр тортиб жим қолди. Кабир «Лаббай» дея ўрнидан турди ва зина томонга югурди.
— Учиб колхозингизга бориб келинг! — деди ёрдамчи ва Кабирнинг қулоғига шивирлади. Кабир бош ирғади. Сўнг шошиб машинасига ўтирди. Ярим соатлардан сўнг уч кишини олиб келди. Кабир келувчилар билан ичкарига кириб кетди ва бир соатларда олти киши бўлиб қайтиб чиқишди. Нусрат ака терга ғарқ ботган, асабий титрарди.
— Кабир! — жон-жаҳд билан бақирди у зинадан тушаётиб. Бироқ, овози ҳирқираб, унча чиқмади. — Қани калит?
— Лаббай, ака! —Кабир йўрғалаб Нусрат аканйнг ёнига борди, энгашди, ўнг қўлини кўксига қўйиб, чап қўли билан калитни узатди.— Мана, акажон! «Кафолат»им тугадими энди шу билан?

Нусрат ака Кабирга ўқрайиб қаради, лекин бир сўз демади. «Тарс-турс» юриб машина олдига борди. Тўхтаб орқасига қайрилди. Зинада турганларга ғазаб билан тикилди.
— «Раҳмат» сизларга! Яхши «хизмат» қилдиларинг!—деди бўғиқ, қалтироқ товушда.— Муродларингга етдиларинг!..
— Ҳа, энди шунақа экан-да! — сўз қотди тик турганлардан бири.— Қилмиш-қилдирмиш, дегандай...

Нусрат ака ўзини машина ичига урди. Эшикни қарс ёпди. Машина елдай учиб кетди. Ҳамма ортидан унсиз қараб қолди. Кимдир «Иҳмм!» деб қўйди секин, Салдан кейин хашаки мажлиснинг давоми бошланди».

Ўқиб чиқдингизми ҳажвияни. Ҳа, маъқул. Қалай, дурустми?

Шу тариқа «вазир»ликдан жудо бўлдик. Колхозда нима кўп, ғилдирак кўп. Гоҳ тракторни, гоқ юк машинасини ликиллатиб юрдим. Кунларнинг бирида янгираисдан амри-фармон бўлиб қолди — автогаражнинг тасарруфи гарданимга юқланди.

Олдинги завгар Соливой аканинг қайноғаси эди, «истеъфо берибди». Колхоз машиналарини бувасининг эшак аравасига айлантириб олган эмиш.

Қани, бунисини ҳам кўрайлик-чи...

Олтинчи Боб

Бизнинг хонимга «Автомашинани кўпроқ севасанми, эрингними», деб кўринг-чи, нима деркин? Сира иккиланмасдан «Ие, анавини, машинани-да!» деб жавоб беради. Вой, унинг машинага бўлган меҳру муҳаббати!..

Юк машинаси миниб юрган пайтларимда ҳам бир нав эди. Кўпинча эрталаб кўзини шамғалат қилиб, гараждан чиқардим-да, бирор ёққа шартта ишга жўнаб юборардим. «Шаҳарга бориб келайлик», «Фалончи касал экан, ҳолидан хабар олиб қўяйлйк», деёлмай қоларди. Гаражга мудир бўлдиму хонимга худо берди. Доимо «кичкина» иши чиқиб туради. Икки кучнинг бирида гаражда.
— Дадаси, дарров бозорга тушиб чиқайлйк, сут, қатиқ, тухум тугаб қолибди, Шунга машина тўғрилаб беринг, «ғиз» этиб бориб обкелай. Иссиққина бўлка бўлса, ундан ҳам оламан...
— Ҳой, дадаси, ҳалиги машиналарингизга тайинлаб қўйинг, ювиладиган кийим-кечакларни қоплаб тахт қилиб қўйганман. Биткомбинатга топшириб келишсин...
— Дадаси...

Бунинг устига марказда Шарофатой, Фазилатой деган дугоналари бор, уларникига ҳафтада, ойда меҳмонга бориб туради. Бироқ, бирор марта бўлсин, автобусда бормайди. Бир нима десангиз, олдинги завгарнинг қилмишларини рўкач қилади.
— Аяси,— дедим бир куни,— у замонлар ўтиб кетган. Қолаверса, давлат автобус чиқариб қўйибди. Шу... ҳа деб колхоз машинасини югуртираверсак, қандай бўларкин?
— Қизиқ,— лабини бурди хоним.— Ўзимизнинг машиналар турганда, давлатникида юрармидим? Бир эмас, ўттиз тўққизта машинамиз бўла туриб-а!..

Ана кўрдингизми, биродар, янгангиз «Машиналаримиз»нинг нечталигини ҳам аниқ билади. Ҳатто шофёрларнинг исми, фамилияси, машиналарнинг нўмирлари ҳам хонимга ёд!

Аммо яқинда хунукроқ воқеа рўй берди. Ҳамма машиналарни ГАИга олиб кетган эдим. Хоним ярмаркага бормоқчи бўпти. Машина сўрагани гаражга келипти. Келса, бирорта ҳам машина йўқ. Иттифоқо хоним раиснинг «Волга»сини учратиб қопти. «Волга»нинг шофёрини аврашга тушибди. Шофёр ҳам янги эди. Рози бўпти. Ўчакишгандай, раисни райкомга чақириб қолишади. Раис машинани узоқ қидиради. Лекин тополмайди. Сўнг шаҳардан гўнп ташийдиган «дум»ли машинада боради райкомга. Ҳазилкашлар раисни роса аския қилишади. Боз устига, кечиккани учун катталар аччиққина танбеҳ ҳам беришади. Бечора чўғ бўлиб ёниб, «дум»ли машинада қишлоққа келса, шофёр бола билан хоним «Волга»дан харид қилинган нарсаларни тушираётган эканлар. Хоним раиснинг авзоини кўриб шошиб қолади. Хўжайин буюриб бердилар «Волга»ни, дейди. Шофёр бу гапни маъқуллайди. Раис бир сўз демайди.

Кечки пайт тўсатдан раис чақиртириб қолди. Бордим.
— Энди етар!—деди раис, юзлари «пир-пир» учиб.— Озодсиз завгарликдан! Юрагим «шувв!» этиб кетди. Янгангиз туфайли илгари ҳам бир жуфтгина жазо олган эдим. Оббо, яна бирор хизмат кўрсатибди-да! Шалвираб хонадан чиқдим. Арча байрами арафаси бўлгани сабабли завгарликдан «озод» этилганимни хонимга айтмай туришга қарор қилдим, лекин бўлмади. Айтдим. Бунга хонимнинг ўзи мажбур қилди. Кеча Тошкент куранти «бонг, бонг, бонг!» қилиб, янги йил кирганини эълон қилган-да, хоним ясан-тусан қилиб қолди.
— Ҳа, хоним? — сўрадим.
— Фазилатойникига «ғир» этиб бориб, янги йил билан табриклаб келай,— жавоб қилди хоним, гул-гул ёниб.— Ҳамма болалар ухлашди. Волгахон бияан Чайкахон уйғонгунча қайтиб келаман. Йиғласа, овутиб турарсиз.

Энсам қотди.
— Тонг отмай қоладими?!
— Бунақасининг гашти бошқа. Уйида телефони бор шофёрларингиздан бирортасини чақиртириб берсангиз бас, бир зумда ўтиб келамиз.
— Э, қўйсангиз-чи! —дедим тажанг бўлиб,— шу маҳалда шофёрларнинг ҳалова-тини бузамизми?!
— Ие, ановини! — қошини чимирди хоним.— Боради-да, иш чиқса. Анови Маҳмуд Султоновга буюра қолинг, қирқ саккизу эллик еттининг шофёрига. Мен кийиниб бўлгунча, дарров етиб келсин!
— Қирқ саккизу эллик етти бузуқ.
— Нега экан, кеча балодай юриб турган эди-ку, ғизиллаб! У бўлмаса саксон олти-ю, ўттиз тўрт ФЕАни чақиринг.
— У ҳам бузуқ!
— Эллигу ўн тўрт ФЕВ бузуқ эмасдир? Куни билан шағал ташиди.
— У ҳам бузуқ.
— «Бузуқ! Бузуқ!» У бузуқ бўлса, эллик бешу ўн олти ФЕГ-чи?! Қирқ учу етмиш олти ФЕА-чи? Ўн олтию ноль етти ФЕД-чи? Тўқсон тўққизу йигирма тўрт ФЕВ-чи? Хўш, булар ҳам бузуқми?!
— Улар бузуқ эмас-ку, шаҳарга кунжарага кетишган, эртага келишади,— дедим.— Умуман, ишга яроқли бирорта ҳам машина йўқ.

Хоним бирпас жим қолди. Сўнг иқки кафтини чеккасига босиб, бошини чапга хиёл эгди-да, жилмайди. Қошларини чимирди.
— Бўлмаса,— илтимос қилди ялинганнамо,— анови меҳмон машинани буюриб бера қолинг, бирорта шофёрингизга.
— Қайси меҳмон машина? — ҳайрон бўлдим.
— Гаражнинг тўрида савлат тўкиб турган саксон учу қирқ бир КЯКчи! Ҳайратдан кўзларим олайиб кетди. Ёқамни ушлаб беихтиёр ўрнимдан турдим.

Ёпирай! Хотирани қаранг-а, хотирани!

Раиснинг қирқ учинчи йилда фронтда танишган красноярсклик қуролдош дўсти бор эди. Ўша келган эди бола-чақаси билан қора «Волга»сида. Уни қарангки, гараж мудири бўла туриб, мен билмайман ўша «Волгапнинг номерини. Бу хоним бўлса, бёш кун ичида тошга пўлат чўкич билан ёзгандай аллақачон ёдлаб олибди-я, хотирангга моғор тушгур!
— Ҳа, қўрқиб кетдингиз? — деди хоним пинагини бузмай.— Қўрқманг, бир зумда бориб келамиз. Фазилатойнинг кўзини бир ўйнатаман-у, қайтаман.

Мен ҳануз жим эдим. Хоним телефон трубкасини қўлимга тутқазди.
— Манг, буюринг бирортасига. Ёки ўзингиз олиб бора қолинг, номерингдан айланай саксон учу қирқ бир КЯКда.

Жон-поним чиқиб кетди, Қарангки, бу ердаги машиналар қолиб, сибирлик машина ҳам қутилмайди бу хонимнинг дастидан! Ғазабимни аранг ютдим.
— Энди бунақа машиналарда юролмайсиз, хоним! — дедим нафасим бўғилиб,— патта қўлга теккан! Ҳайдалганман ишдан!

Хоним жиддийлашди.
— Ҳа, қувилганман, ўша раиснинг «Волга»сида катайса қилган кунингиз! Хоним қўрқиб кетди.
— Вой, энди нима қиламан! Энди нимада бориб келаман! Ғижиниб, тишларимни тишларимга қаттиқ босдим.
— Ман-на,— дедим оёқларимни ерга «гурс-гурс» уриб,— энди саксон учу қирқ бир КЯКда эмас, ман-на бунда бориб келасиз Фазилатойникига, ўн биру ўн бир — ОЁҚда бориб келасиз!..

Хоним катта фожеага йўлиққан кишидай, ҳолсизланиб ўтириб қолди.

Еттинчи Боб

Йиллар ўтди. Ёш ҳам улғайди, бош ҳам. Хоним, яъни янгангиз, боя шама қилганимдай, ўжар-да. Аммо, буни сира тан олмайди. Икки гапнинг бирида «гўдаксиз, сўтаксиз» деб туради. Бўлмаган гап. Гўдак ҳам, сўтак ҳам эмасман. Кўпни кўрган уддабурон йигитман. Масалан, олди-соттининг майда-чуйдасини қўйинг, ҳатто молфурушликни ҳам «дўндириб» ташлайман. Мана, бир мисол.

Тонг чоғи уйқуга бирор хуштаъм доривор қўшилганми дейман, жуда-жуда тотли бўлади-да! Сира тўймайсан, киши. Қани энди, ғайрат камарини қаттиқ боғлаб ухлайверсанг, ухлайверсанг. Қуёш ҳам юзини кўрсатмаса, олам зимистонга ғарқ бўлиб ётаверса... Янгангизнинг савияси паст-да, буни тўғри тушунмайди. Саҳарлаб уйғотиб, ишга буюраверади. Ўша куни ҳам шундай қилди.

Ажойиб туш кўраётган эдим. Тушнинг бош қаҳрамони ўзим. Ҳа, дарвоқе, бир гуруҳ нозанинлардан иборат персонажлар ҳам мавжуд эди. Персонажлар билан ҳамкорликда дарё соҳилидаги ажриқзорда ўтириб, пича шампан ичдик. Кейин қўлтиқлашиб тўқайга кириб кетаётган эдик, аллақайси дарахт қарсиллаб синди. Аслида янгангиз эшикни шиддат билан тарақлатиб очган экан, чўчиб уйғондим. Ҳаҳ, сен золимдан қутулмадим-қутулмадим-да, дедим, ичимда.
— Ҳой, танбал! — қичқирди янгангиз,— ҳали ҳам ётибсизми! Мол бозори кутиб турмайди сизни. Туринг тезроқ! Чилдирмадай таранг қилиб қўйдим турқинг қурғур сигирнинг қорнини! Йўқотиб келинг шу туғмасни, қорасини иккинчи кўрмайин!
— Ўнг ёнимни бирпас босиб ётайин,— тўнғилладим каравотни ғичирлатиб,—ишим ўнгидан келади.

Янгангиз устимдаги кўрпани юлқиб, полга отди.
— Ўнг ёним эмиш! Ўтган ҳафта ҳам «ўнг ёним» деб...

Соатга қарасам, бешдан сал ўтибди. Қишнинг бир чимдим кунларида бу пайт нақд қора туннинг ўзи бўлади. Ниҳоятда оғриндим. Лекин, начора!

Аввалига мол бозорига дахлдор ишларимни поччам раҳматли битириб юрарди. Энди ўзимга қолди. Анзират холадан сал ёшроқ қисир сигирим бор. Дўнгдай. Эти ҳам чакки эмас. Сира бўғоз бўлмади. Уч йилдан бери текинга боқамиз. Шуни сотиб бўғоз ёки соғин сигир олишим керак. Пулнинг борида совлиқ ҳам оламан. Бу тўғрида янгангиз билан қанча жиддий музокарадан сўнг тўла битимга келинган. Қўшним Усмонали колхоз инженерининг усти ёпиқ машинасини минади. У билан ҳам келишиб қўйилган. Усмонали йўталга чалинган такасини сотмоқчи.

Кийиниб ташқарига чиқдим. Қоп-қоронғи, Изғирин. Шамолхўжа теракларимнинг бошини ерга текизиш қасдида ҳали ҳал уриниб ётибди. Апил-тапил бозор тараддудини кўрдик. Аммо, ишчанмиз-да, тараддуд кўриш жараёнида ҳам бекор юрмадик. Янган-гиздан шингил «лекция»лар «туркум»идан парчалар эшитиб турдик. Бизнинг хонимдек зиқна, қурумсоқ одам бўлмаса керак дунёда. Тийин нима экан, тийиннинг юздам бирини ҳам ҳисобга олади.
— Молни сотаётганингизда қаттиқ туринг,— тайинлади хоним,— бўғоз, серсут деб мақтанг. Олаётганингизда беш сўмдан эмас, бир сўмдан оширинг. Иложи бўлса...

Ғашим келди.
— Саккиз юз олтмиш тўққиз сўм етмиш тўрт тийин сўрайман,— дедим.
— Ҳа, бозор-ўчарни билмайсиз-да, Сўтаксиз. Сизга бозор колхознинг гаражи эмас, ҳотамтойлик қилгани.
— Табиат жағ масаласида сизга ғоят сахийлик қилиб юборган-да! — дедим.

Бу гапимга оловга ташланган қалампирнинг тутунидай «лазиз» жавоб қайтди. Бундан «лаззатланиб» юриб, мол билан қўйни машинага юкладик. Янгангиз «офаринлар» айтиб қолди.
— Ҳой, ландавур, эҳтиёт бўлинг, эшитиб юраман, мол бозорининг далоллари жуда олғир бўлади!

Энсам қотди. Орқага қарамай қўл силтадим. Кишига алам қилар экан. Ахир, кичкина бола эмасман-ку, битта сигирни алмаштириб келолмасам! Кечадан бери жағи тинмайди-я! Мол бозорига ишим тушмаган бўлса ҳам ҳар қалай, эс-ҳушим жойида. Қолаверса, даллол, олиб сотарлар ҳам одам боласи. Аммо бир воқеа сал ўйлантириб қўяди. Нурали бува дегани ҳатто ўз сигирини сотганида ҳам даллоллик қилган эмиш. Унинг бир қари сигири бор эди. Бозорда уни кампирига етаклатиб қўйибди. Бир гўл йигитга бир ярим баҳосига пуллабди. Савдо чоғида ўз хотинини «Она, онажон» дебди. Бу — бор воқеа. Лекин бунақангиси кам бўлади.

Дам ўтмай етиб бордик. Машинани дўнгликка тўғриладик. Усмонали қўчқорни етаклаб қўй бозорига кетди, мен — мол бозорига. Бозор гавжум. Шамол, ғала-ғовур. Хайрият, харидор оёғим остидан чиқди-қолди. Қоронғида қандай савдо қиламиз, деган ташвишда эдим. Аканг қарағайнинг ишбилармон харидорида қўлфонар бор экан, ёқиб сигирга кўз югуртирди. У ёқ-бу ёғини ушлаб, елкасига шаппатлаб қўйди.
— Эти тузук, лекин қисир, хашаки,— деди ҳирқираб.
— Ҳа, қисир, — дедим ростига кўчиб. Харидор сигирнинг нархини сўради.
— Минг икки юз сўм,— жавоб бердим.
— Йўғ-а, ҳазиллашяпсизми, укам. Инсоф билан гапиринг-да, ошна. Нари борса, юз ўн қило гўшти бор. Беш сўмдан беш юз эллик сўм. Ана, тери-ю, калла поччасини эллик сўм дейлик. Олти юз сўм. Иккига бўламиз.
— Нимани иккига бўламиз? — дедим ҳайрон бўлиб.— Олти юз сўмними?
— Йўғ-э, унда жуда инсофсизлик бўлиб кетади. Биз унақа ғирромлардан эмасмиз. Минг икки юз сўмни иккига бўламиз.
— Бўлмайди!

Харидор елкамга қоқди. Сўнг ўнг қўлимни тутиб силтай кетди.
— Хўп денг, укам, яхши йигитга ўхшайсиз. Жиянларингизга элтиб берай. Ҳаққингизга дуо айтиб эрмак қилиб юришсин. Ана, олтмиш бир. Боринг, мендан кетса-кетсин, олтмиш икки.

Унамадим. Харидор елкамни узар даражада қўлимни силтай-силтай олтмиш еттига чиқди. Бош чайқаб туравердим. Харидорим ўта қаттиқлик қилиш эркак одамга номуносиб эканлигини таъкидлади.
— Ҳа, йигит киши мард, тўкилган-сочйлган бўлиши керак. Хўп денг, отам, хўп денг. Боринг, ана олтмиш саккиз яримга бўладими? Олтмиш тўққизга бўладими? Ҳа, хўп денг, энди. Жуда етиб қолди. Бўлмайдими! Оббо сиз-эй! Боринг, мендан кетса кетсин, тўғри!

«Тўғри»си етти юз сўм бўлса керак, деб ўйлаб, тағин унамадим, Харидор аразлагандай тескари қараб кета бошлади.
— Кўраман шундан оширганингизни! Аёзда туриб-туриб қайтиб кетасиз! Дарвоқе, қайтариб кетсам, ёмон бўлади-ку! Янгангиз сигирни кўрган ҳамон мени еб юборади! Шуни ўйлаб қўрқиб кетдим. «Ҳой, тоға, манг, олинг, еттитага!» дея бақириб юборишимга бир баҳя қолди. Бошқа бир одам келиб қулоғимга шивирлади:
— Эрталабки савдодан қолманг, жигарим. Мол касод ҳозир. Жуда пишитиб кетди ҳалиги харидор. Қайтариб кетгандан на фойда!

Янги суҳбатдошим ҳалиги харидорни чақирди.
— Етмиш икки уриб берсам, тушунадиган йигитга ўхшайсиз, бирини менга сўна қиласизми?

Бирини у олса, етмиш бири менга қолади. Етмишига унаган, нега етмиш бирига унамас эканман? «Бўпти» дедим.
— Йўқ деб тураверасиз.
— Хўп.

Харидор келди. Даллол харидорнинг кафти билан менинг кафтимни жуфтлади. Сўнг узоқ силтади.
— Ана, етмиш бир. Хўп денг энди. Беринг баракани! Мен бир холис, художўй одамман.

Мен «йўқ» деб туравердим, даллол аввал харидорнинг қулоғига, кейин менинг қулоғимга сирли пичирлади. Харидорга нима деди, қоронғу. Менга эса «беш сўм қўшаман, хўп деб юборинг» деди. Даллолнинг айтганини қилдим. Даллол фонарнинг ёруғида етти юз ўн беш сўмни санаб олди. Менга етти юзу тўрт сўм етиб келди. Учовимиз бир-биримизга омад тилаб, уч томонга тарқалдик.

Тонг отмаган. Ғала-ғовур авжида. Бозорчилар бир-бирининг гапини аранг англаб олади. Арқонни елкага ташлаб, сигир қидириб юрибман. Аммо дурустроқ сигир учрамади. Бўғозини олақоламан. Қандай қилиб топса бўлади бўғоз сигирни? Ахир, қорнига «бўғоз» деб ёзиб қўйилмаган-да! Даллоллардан сўраш керак, шулар билишади. Савдони пишириб, мўмайроқ ширинкома талаб қилаётган кекса даллолни нишонга олдим:
— Амаки, бизга бўғоз сигир керак эди-да!
— Керак бўлса, топамиз, бўтам, топамиз. Ҳа, умрингиздан барака топинг, бўталоғим. Уйингиз гулга тўлгур, сахийгинам. Сиз бўғоз сигир дейсиз-у, биз йўқ деймизми?

Даллол невараларини, яъни бизнинг фарзандларни, гарчи танимаса ҳам, узоқ мақтади. Қуюқ дуо қилди. Хурсанд бўлдим. Яхши одам бўларкан-ку, даллоллар ҳам. Янгангиз бўлса... Савияси паст-да.

Даллол мени ичкарироққа бошлади. Бир сигирнинг икки биқинидан ушлаб кўрди. Бўғоз эмас экан шекилли, нари кетди. Даллолга ёқмаган ҳалиги сигирга разм солдим. Даллол ҳақиқатан ҳам билар экан, ҳайвоннинг бели тасмадеккина эди. Даллолга иккинчи сигирҳам ёқмади. Тўла гавдали сигир ҳам даллолнинг қўлбола «лаборатория»сидан чиққач, қисир эканлиги маълум бўлди. Жуда пишиқ одамни топганга ўхшайман. Каттагина сигирнинг бошига борди. Унииг устига энгашиб қорнини панжалари билан пай-паслаб, узоқ тафтиш қилди. Қулоғини сигирнинг қорнига тутиб ниманидир тингяади. Сўнг қаддини ростлаб мол эгасига юзланди.
— Қорнидаги боласи неча ойлик? Уч ойлик бор-а?
— Уч ойликдан ошди, тўрт ойлик.

Даллол сигирнинг бошқа томонларини ҳам кўрди,
— Ҳа, тўғри,— деди ва орқасига ўгирилиб, мени чақирди:—Ҳой, болам, қаёқдасиз.
— Шеттаман.
— Мана топдим, бўталоғим. Зўр говмиш! Толеингиз бор экан.

Сигир ҳозиргина пулланган говмушимгасал ўхшаб кетарди. Лекин у хашаки эди, бу эса бўғоз, зотдор! Сигирни айланиб томоша қилдим.
— Ишқилиб аниқми, бўғозлиги? Даллол қўлини силтаб ташлади.
— Э, оппоқ соқолим билан ёлғои гапираманми? Тепамда худо турибди! Мен холис одамман,— у мол эгасига ишора қмлди.— Менга у ҳам бир, сиз ҳам. Мусулмонман. Савдони битирайлик. Ҳиммат қилсаигиз учта сўм берарсиз, ҳиммат қилмасангиз... Шу ўн беш тангани деб имонимни, охиратимни сотаманми? Ёшим пайғамбар ёшидан ошди. Қани, беринг қўлни! Биз бир хожатбарор одаммиз, савоб бўлса бас.

Шубҳаланиб, қўл бермадим. Мол эгаси бидирлаб сигирни мақтай кетди. Сигир қўйдан ювош экан, кунига уч пақирдан сут берар экан.

Қўл бердим. Даллол қўлларимизни ушлаб туриб, молнинг баҳосини сўради.
— Ўн учта,— жавоб қайтди сотувчидан. Даллол кескин бош силкиди.
— Йўқ, етти юз эллик сўм берамиз,— деди ва қўлимни силтай кетди.— Ҳа, бор барака денг...

Сигир эгаси бош чайқаб, қўлини тортиб олмоқчи бўлди. Бироқ, даллолим анойи эмас, қўйиб юбормади, Унинг қулоғига шивирлади. Говмушнинг эгаси бақириб берди.
— Ахир, инсоф қилинг, тоға! — деди қўлини арра қилиб.— Шу сотадиган сигир-ми?! Говмуш-а, говмуш! Қорнида боласи бор. Ҳар туққанда ўн бир ой соғдиради. Сути қуюқ. Худо ҳақи, сотадиган сигир эмас, жонйвор! Нима қилай, мажбур бўлдим. Давлат «Жигули» берадиган бўлиб қолди. Бўлмаса, ўлай агар, сотмасдим. Онам хотиним бўлсин, сотмасдим! Болаларимнинг ўлигининг устида ўтирай, сотмасдим!
— Ўҳ, бахтни қаранг, бахтни! Аломат сигирга учрабман,— энтикиб қувонаман. Даллол унинг гапини кесди:
— Хўп, хўп, етти юз олтмиш қилайликми? Етмишга-чи, аканг айлангур? Бор барака! Ана, саксон!

Мол эгаси бош чайқаб қўлини тортиб олди. Даллол қулоғимга шивирлади.
— Аммо яхши говмуш экан-да. Худо йўл бериб, эсон-омон туғиб берса, ялчиб қолардингиз. Яхши сигир — рўзғорнинг қассоби. Ўзиям тойлоқдек бола берса керак.

Даллол тушмагур ўта моҳир экан. Узоқ ялинишлар, шивирлашлар, кесатишлардан сўнг етти юз тўқсон сўмга кўндирди, Олди-бердидан кейин айрилишдик. Машина ёнига келсам, Усмонали қўйини сотиб чиқиб, кабина чироғида китоб ўқиб ўтирибди. Шарпамни сезиб китобдан кўзини олди ва менга ияк қоқди. Бош бармоғимни кўрсатдим. Кейин говмушни машинага чиқардим. Энди совлиқ олишим керак эди.

Совлиқни олишим унча қийин бўлмади. Шу десангиз, бир дамда елин солган бўғоз совлиқни уч юз қирқ сўмга етаклаб чиқдим. Бу сафар кабинада эмас, бортда кетишга сидқидилдан қарор қилдим. Ахир, иккови «ҳам «оғироёқ», бирор кор-ҳол бўлса...

Севиниб кетяпман. Уддабуронлигимни кўрсатиб, янгангизни қувонтиришга шоши-ламан. Аксига олгандай, ҳовлида йўқ-да. Сепаратор бузуқ эди, ўшани устага олиб кетибди. Соғин сигирдан умид қилган-да!

Мол, қўйни оғил устунига боғлаб, кунжара билан «меҳмон» қилиб турсам, ваъдага кўра Усмонали чиқиб қолди чой ичгани. Бир оз керилиб говмушни, совлиқни кўрсатдим. Совлиқни йўтал тутди. Қўшним говмушнинг нархини сўради. Жавоб қилдим.
— Яхши, арзон,— деди ва негадир совлиғимга тикилиб қолди: —- Ия! Ия, бу бизнинг «Ортиқвой»-ку!

Юрагим орқага тортиб кетди.
— Йўғ-э! Йўғ-э! — ғўлдирадим титраб.
— Э, худди ўша! Кўр эмасман. Мана, бўйнида ортиғи бор. Йўталиши ҳам ўша. Энгашиб, совлиқнинг «елинипга қарадиму юрагим «шув» этиб кетди.
— Наҳотки!..
— Қўйфурушларнинг қўлига тушибмиз-да! Қанчага беришди?
— Уч юзу қирққа,— овозим ғўлдираб чиқди.
— Номардлар, ўттизни юлибди-да икковимиздан!

Товушим чиқмай қолди. «Буни янгангиз сезмасин, балога қоламан», демоқчи бўла-ману айтолмайман. «Совлиғим» хириллаб, нуқул йўталади.
— Бунақа экан,— сукунатни бузди Усмонали икки елкаси кулгидан титраб,— шу ерда битишиб қўяқолар эканмиз-ку! Қўй шўрликни совуқда овора қилиб юрмай?

Оҳурда елкамни қисиб ўтирсам, ўртанча қизим юзини сочиқ билан арта-арта кириб қолди. Бир маҳал сигирга қараб:
— Вой! Сотилмадими, бу ҳаром ўлгур,— деса бўладими?! Гўёки миямга бигиз санчилдию товонимдан чиқиб кетди.
— Нима дединг!? — бақирдим ҳорғин, йиғлоқи овозда.— У «ҳаром ўлгуринг» аллақачон эгасини топиб кетган! Етти юз ўн беш сўмга! Бу говмуш сал кам саккиз юз сўмга келган. Бўғоз! Эрта-индин оғзингга оқ тегади.

Қизим маст эмасмикан дегандай, афтимга синчиклаб тикилди.
— Йўғ-э,— тез-тез киприк қоқди у.— Молимизнинг худди ўзи-ку!
— Ҳа, ўша! — Усмонали беихтиёр қарсак чалиб шод қийқирди.— Худди ўша! Вой, қўшним-эй!

Мол-қўйга кам қарасам ҳам ҳар замонда кўзим тушиб туради. Ўша! Худди ўша! Қулоғидаги тиртиғи ҳам! Бошим ғувиллади. Кўзим тинди. Ширин уйқуни бузиб аёзда бозорга борганим, шилта кечиб юриб савдо қилганим, «бу ҳаром ўлгур»ни сотиб «говмуш» олганим, бозорга ташлаб келган червонларим — ҳамма-ҳаммаси миямда айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Сотувчининг овози бир оз танишга ўхшовди-я! Негадир ўпкам тўлиб, кўзимга ёш келди.
— Э, кичкина боламисиз! — Усмонали елкамга қоқди.— Худо тўзим берсин. Баҳо-нада бирпас шамоллаб келдик-да!

Дарров ўзимни тутиб олдим. Ҳа, шунақаман. Сираям гўдак эмасман. Бироқ, хоним ўз сўзидан қолмайди. Ҳамиша «бозор-ўчарга сўтаксиз», дейди.

Ана шунақа гаплар. Йиллар ўтиб ёш ҳам, бош ҳам улғайди. Бу даврда юқоридаги каби «хушхўр» воқеалардан қанчадан-қанчасининг шоҳиди бўлмадик, не-не кўйларга тушмадик, дейсиз. Яна сўзлайверсам, ҳеҳ-ҳе!..