OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Намозов
Асар номиНотаниш (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Намозов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ёшлик» журнали, 2011-йил, 5-сон
Ҳажм215KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/12
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Нотаниш (қисса)
Анвар Намозов

Ғайбаров тебранма курсида ўтирар экан, кўзларини юмиб олган эди. Иш оғир, ўзига хос юки бор. Мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарилиш четдан қараганда, яхшидир, аммо унинг залвори, машаққатларини ҳар ким ҳам ҳис этолмайди. Ақлий меҳнат бўлса-да, тинкангни қуритади, эзиб ташлайди. Ютоқиб-ютоқиб чекканингда ҳам чарчоғинг босилмайди, аксинча ўпкага тутун ютиб, ўз умрингни қисқиртираётганинг қолади. Кейин котиба тайёрлаб берган аччиқ қаҳвани симирасан – гўё бошингга дармон киргандек бўлади. Бу эса вақтинчалик «даво». Кўзларингни очиб, стол устидаги қоғозларга термилганинг ҳамон яна онг-шуурингни ташвишлар кемира бошлайди. Бироқ иш тугаб, уйга қайтар маҳалинг ўзгача ҳиссиётлар оғушида бўласан. Ҳайдовчи эшигини очиб берган машинанинг ипакдек юмшоқ ўриндиғига чўккач, дилинг яйраб кетади. Тезроқ уйга бориб, хотининг, бола-чақанг хушнуд ҳолда кутиб олишларини, йўқ, аввал битта-иккита қўни-қўшни кўриб қолиб, қўлини кўксига қўйганича салом беришларини ўйласанг, бошқача бўлиб кетасан. Майли, кимдир ҳавас қилар, бошқа бирови ҳасад кўзи билан боқар, ҳар ҳолда муносабатлар олий даражада!..

У машинага ўтирар экан, чеккароқда турган нотаниш кимсага кўзи тушди. Тавба, бир ҳафтадан буён кўзини лўқ қилиб туради. Ким ўзи бу? Мақсади нима? Ғайбаровнинг ҳузурига кирмоқчи эмиш! Нима масалада дейишса, айтмабди. Шахсий ишим бор, деган эмиш! Қабулхонадан ҳайдаб чиқаришгач, энди пастда пойлайдиган бўлди. «Мелисага айтамиз», дейишганди, Ғайбаров кўнмади. «Йўқолиб кетар», деб қўйди. Мана, энди яна совуқ нигоҳлари билан таъқиб қилишни канда қилмаяпти. Ғайбаров кеча ўринбосари Маъсудовга тайинлади. У тушиб, роса тергов қилган бўлди. Кейин шалвираб қайтиб чиқди. Нотаниш дайди яна ўша гапни такрорлаганмиш: «Ўзи билан гаплашаман, шахсий ишим бор...»

Ғайбаров уйига ета-етгунча шу ҳақда ўйлади. Ке¬йин ҳовлисига киргач, бу одам эсидан чиқди. Хотини овқатдан олдин келтирган бир пиёла коньякни сипқорди-да, иштаҳаси очилиб кетди. Кейин ҳаммомга кириб, улкан ҳовузга калла ташлади. Илиқ, мусаффо сув бугунги чарчоқларини сидириб олгандек бўлди.

Хотини, болалари билан яйраб суҳбатлашгач, уйқу элита бошлади. Қани эди, ухламаса! Кўзларингни юмдингми, яна эртанги кун бошланади. Тағин ташвишлар, муаммолар... Йирик корпорациянинг ишлари ҳам йирик. Икки юз чоғли одам унинг оғзига қараб туради. Ғайбаров, айниқса йиғилишда буни бошқача туйғу билан идрок этади. Ана шу идрок этиш асносида дили яйрайди. Ходимларини уришиб-сўкса, янада улуғворлик туяди ўзида...

У эрталаб ишхонага киришда яна ўша дайдига кўзи тушди.

– Э, манови дайди йўқоладими-йўқми? – деди ҳайдовчига таъби тирриқ бўлиб.

– Билмасам, Халил ака, менгаям ёқмаяпти, – жавоб берди ҳайдовчи йигит. – Бир-икки тепиб ҳайдаган эдик, яна пайдо бўлди. Олдингизга кирмаса, бўлмасмиш!

– Телба бўлса керак, тавба, бундан бошқа ишим йўқми? – зарда қилди Ғайбаров.

Яна ишга шўнғиди. Тушдан кейин маликалардек бўлиб Ноила пайдо бўлди. Нозик қўллари билан Ғайбаровнинг елкаларини уқалаб қўйди. Икковлон секин ён хонага ўтдилар...

Ноила ҳам шу дайди ҳақида сўз очди.

– Намунча тешиб қўйгудек қарамаса, арпасини хом ўрибманми, – деди. – Мабодо қариндошингиз эмасми?

Ғайбаров олайиб қараган эди, келиб суйкалди:

– Вой, ҳазиллашдим-ку, кечиринг!.. Олдингизга кирмоқчи бўлаётгани учун айтяпман-да!

– Менга қара, Зоҳидга айт, ўшани йўқотсин бу атрофдан. Бирор нарса йўқолган, деб ёзсин, ўзимнинг ҳам жонимга тегди.

Ноила кўзларини катта-катта очиб сўради:

– Қаматиб юборасизми?

– Нима, раҳминг келяптими?

– Вой, гапларини! Сўрадим-да!.. Чарчаяпсиз-а, Халил акажон? Ҳозир...

* * *

Дайди яна уч кун ўтиб пайдо бўлди. Тағин ўша таъқиб этувчи нигоҳ!

Ғайбаровнинг жаҳли чиқиб, Зоҳидни чақирди-да, уни роса сўкди...

Ўша куни кечқурун эса дайди тушига кирди. Қинғир-қийшиқ тишларини кўрсатиб, алланималар деди у. Ғайбаров ҳеч нимани тушунмади. Уни урмоқчи эди, қўлини кўтаришга ҳам кучи етмади...

Тавба, тушига кирадиган бошқа одам қуриб қол¬ганми?

Зоҳид роса таъзирини берган бўлса керак, дайди кўздан йўқолди. Ғайбаров ҳайдовчига сездирмай, машина ичида ўтирганича ойнадан хавотирли қараб уни излаган бўлди. Йўқ, кўринмайди, дайдилар уйида бўлса керак! Дайдилар уйи! Шунақа даргоҳ бормикан ўзи?!

Орадан бир ҳафта ўтди. Ғайбаров ишда ўтирганида хизмат телефони жиринглаб қолди.

– Халил Муродович, сизни кимдир сўраяпти, аммо исм-фамилиясини айтмади, – деди котиба. – Шахсий иши бор эмиш!

Ғайбаровнинг эсидан чиқиб кетган эди. Нотаниш кишининг «шахсий иши» борлиги ҳам дайдини ёдига солмади. Боз устига кайфияти чоғ, ҳозиргина Маъсудов муллажирингларни бериб, чарчоқларини ёзиб юборган эди.

– Ким дединг?

– Танишингиз экан.

– Бўпти, улайвер...

Бироздан сўнг сокин мусиқа тўрт-беш сония янграб, хириллаган овоз эшитилди:

– Халил, ўзингмисан?

Ғайбаровнинг бирдан жаҳли чиқиб кетди. Халил дедими? Сенсирадими? Ким ўзи бу муттаҳам? Шахсий масалада қўнғироқ қилиб, қўполлашганини-чи! Ҳатто, қариндошлариям бунақа оҳангда гаплашишмайди. Тоғаси-ю, амакилари мулойим тарзда мурожаат қиладилар. Умуман айтганда, улар қўнғироқ қилишгаям ботинишмайди.

– Алло, Халил?

– Ўзинг кимсан? – бақирди Ғайбаров. – Кимга телефон қилаётганингни биласанми?

– Албатта, биламан, – жавоб берди хириллаган овоз. – Сен Халил Ғайбаровсан, нима бўпти шунга?

– Ким бўлиб ишлашимниям биласанми?

– Биламан. Корпорация хўжайинисан. Неча кундан буён ҳузурингга киролмаяпман. Мана, энди телефон орқали гаплашяпман. Қабул қилмайсанми мени?

Бу пайтда азбаройи жиғибийрони чиққан Ғайбаров ўрнидан туриб кетган эди. Бирорта синфдоши ҳазил¬лашяпти, деса, бунақа бефаросати йўқ. Агар душманларидан кимдир, деб ўйласа, бўлишиям мумкин эмас!.. Ҳа, ўзи айтиб турибди: ўша дайди! Башараси совуқ, кўзлари тешиб қўйгудек қарайдиган нотаниш кимса!

– Сени ким ёллади, айт, – бақирди Ғайбаров. – Нима керак ўзи сенга? Нега тинч ҳаётимга кириб келиб, оромимни ўғирлаяпсан?

– Ўзингни бос, хавотир олма! Мен эски танишингман! Унутиб қўйибсан, шекилли?

Ғайбаров ўзини босишга ҳаракат қилса-да, уддалай олмади:

– Менинг сендек танишларим йўқ, билдингми? Ке¬йинги вақтларда танишларим шунақанги кў¬паймоқдаки...

– Сен нега ҳузурингга киришимдан қўрқяпсан? Баъзи нарсаларни эслатиб қўймоқчи эдим, холос. Қачон кирсам бўлади? Кўришмаганимизгаям анча...

– Менга қара, бу ер ҳар хил қаланғи-қасанғилар келадиган идора эмас. Иккинчи телефон қилма. Қо¬рангниям кўрсатма! – шундай деб Ғайбаров гўшакни тақ этиб ташлади.

«Унутиб қўйибсан» эмиш! Ўзинг кимсан-у, баъзи нарсаларни эслатишинг нимаси?.. Тавба, нима гапи бор экан?

Эски таниш...

Ғайбаров хотирлашга уриниб кўрди, аммо сира эслай олмади. Кейин шунгаям бош қотираётгани учун ўзидан жаҳли чиқди. Ҳеч қанақа таниш-паниш эмас. Ҳузурига кириб олади-да, ўзини қадрдондек кўрсатади-да, пул сўрайди.

Котиба боғланиб, яна ўша киши қўнғироқ қилаёт¬ганини айтди. Ғайбаров унга бақириб берди. Котибанинг уни ўчди. Шу билан ҳаммаси тинчигандек эди. Бироқ...

Кечқурун ўша дайди яна Ғайбаровнинг хизмат машинаси рўпарасида пайдо бўлди. Ҳатто, ҳайдовчи ҳам ғижиниб, сўкиниб қўйди. Ғайбаровга, «Бир марта гаплашиб қўйсангиз, нима қилади, хўжайин?» дегандек қараб қўйди.

– Менга қара, – деди Ғайбаров машина ойнасини туширар экан, овозини баландлатиб, – бугун жуда чарчаганман, эртага эрталаб кел, нима гапинг бўлса, айтасан!..

Машина ғизиллаб йўлга тушди. Ҳа, бир марта гап¬лашмаса, бу девона келаверади. Эшитиб кўрсин-чи дардини? Балки, ростдан ҳам танишидир? Аммо ишхонадагилар гапирмасмикан? Бошлиқ қандайдир тиланчини хонасида олиб ўтирибди, дейишмасмикан?..

Эртасига Ғайбаров хонасига кириб келиши билан орқасидан қўрқа-писа котиба эргашди. Анчагача ботинолмай турди.

– Нима дейсан, чайналма, – деди Ғайбаров.

– Анув... одам олдингизга кирмоқчи эмиш!

– Ким?

– Кеча ўзингиз айтганмишсиз, эрталаб кел, деб.

Ғайбаровнинг ёдидан кўтарилган эди, ҳозир эслаб, пешанаси тиришди. Индамай турди. Баҳона топмоқчи бўлди. Кейин бу қароридан қайтди. Гаплашса, гаплашибди-да!

– Қаерда ўзи?

– Қабулхонада.

Ғайбаров сал тин олди. Котиба, қўрқяпти, деб ўйламасин, тағин. Беш дақиқа гаплашади-да, кейин чиқариб юборади.

– Бўпти, кирсин, аммо дарҳол орқасидан киргин-у, юқоридан сўрашяпти, тез келсин, дейишяпти, дегин!

– Хўп, – котиба кўзларини пирпиратиб чиқиб кетди.

Бироздан сўнг эшик очилиб, ўша сўхтаси со¬вуқ пайдо бўлди. Ранги оппоқ, юзлари сўлғин. Ғайбаровнинг баттар пешанаси тиришди. Ўзини ишга андармон қилиб кўрсатаркан, унга олайиб қараб қўйди. Кўришиш учун қўл чўзиш у ёқда турсин, мут¬лақо менсимадиям!

– Бу – менман, – деди дайди. – Эслаб кўр-чи!.. Исмим...

Ғайбаров қоғоздан бош кўтармай жавоб берди:

– Биродар, мен сизга ўхшаган бекорчи эмасман, ҳар бир келган одамни эсла-а-а-б ўтирадиган. Ота-онангиз тарбия бермаганга ўхшайди. Маданиятли одам дуч келган кишини сенсирамайди, билдингизми?

– Ҳа, сен анча ўзгарибсан, – бўш келмади нотаниш кимса. – Агар ҳозир эслай олмасанг, кейин пушаймон бўласан.

– Сенсираманг, дедим сизга! Пўписа ҳам қилманг.

– Мен сенга бор гапни айтдим. Ҳузурингга олди-орқангга қараб юр, деб кирдим ўзи! Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай қўйдинг, биродар! Бунақада ишларинг тескари кетади.

Ғайбаров қошлари чимирилиб, секин ўрнидан турди. У ниҳоятда жаҳлга минган эди:

– Менга қара, кимсан ўзи-а? Бир нотавон, бечорасан-у, маслаҳат берганингни қара! Ким бў-либ¬санки, менинг ишларимни тафтиш қиласан? Уст-бошингга бир қара, ахлатхонадан чиқиб келяпсан, шекилли? Тағин ҳалол-ҳаромдан гапирасан!

– Мен сен билан бирга ишлаганман, Халил. Бозорда, эсингдами?

– Нима?! Қанақа бозор? Билиб қўй, мен сени танимайман, эслашга уринмайман ҳам! Бор, чиқиб кет!

Нотаниш киши бироз жим турди-да, унга кўз остидан ғалати қаради:

– Майли, чиқиб кетаман. Бироқ билиб қўй, мени кўп излайсан ҳали! Тавбангга таянадиган кунларинг олдинда! Эҳтимол, ҳозир билинмас, аммо шундай кунлар келадики, хато, гуноҳларингни бирма-бир ёдга ола бошлайсан. Шунга мажбур бўласан! Мен фақат шу ҳақда айтишга келгандим.

– Ҳар ким хатоси учун ўзи жавоб беради, – тўнғиллади Ғайбаров. – Гапинг тугаган бўлса, сенга жавоб, жаноб башоратчи! Сенга иккинчи марта бу ерга келмаслигингни тилаб қоламан!

Бу вақтгача котиба икки марта кирган, Ғайбаровни аллакимлар сўраётганини айтиб, чиқиб кетган эди.

– Мен ҳам сенга чин дилдан хатоларингни англаб етишингни тилаб қоламан, – шундай деб дайди меҳмон эшик томон юрди.

Ғайбаров сўкинмоқчи эди, аммо гап чўзилишини, бу дайди яна қолиб кетишини ўйлаб қўл силтади. Ҳар ҳолда энди тинч қўяр! Бирорта файласуф бўлса керак, бировларнинг гуноҳ, хатоларини эслатиб юрадиган. Аммо кайфиятини тушириб кетди.

Бозор эмиш! Ҳозир кўнгилга бозор сиғадими? Иш қалашиб ётибди...

Маъсумов кирди. Ўша турқи совуқдан қутулгани учун табриклаган бўлди. Кейин қилинган ишлар тўғрисида ҳисоб бера бошлади. Ғайбаров унга разм солиб, кўнглига ғулғула тушди. Бояги дайдини шу ёлламаганмикан?

Э, йўқ, Маъсумов – шогирди-ку! Исми нима эди-я! Аввал бошдан Ғайбаров уни Маъсумов, Маъсумов, деб келган. Оғир кунларида суяган. Йўл-йўриқ кўрсатган. Иккисининг кўпдан-кўп сири бор. Бир-бирига ишонишади-да!

– Охирги юк бўйича гап-сўз чиқиб қолди, – бош чайқаб деди Маъсумов. – Ноқонуний иш қил¬ганмишмиз!

– Бу нима деганинг? – ҳайрон бўлди Ғайбаров.

– Эсингиздами, сизга айтгандим, ҳеч ким сўрамайди, деган эдингиз?

Ғайбаров тан олди:

– Ҳа, эсимда, нима бўпти шунга?

– Хавотирли жойи йўқ, бироқ титкилаб бошлашса чатоқ бўлади, Халил Муродович.

– Титкилаб нимаям қилишарди? Жа қўрқоқсан-да!.. Мана, омбор мудирига тўнкаб қўявер. Ўшанинг имзоси бор-ку! Ишқилиб бизнинг фамилиямиз ёзилган ҳужжатларда жойидами?

– Жойида-жойида, аммо омбор мудириям анойи эмас-да! Мабодо ёзиб берадиган бўлса...

– Тавба, яна ваҳима қиласан! Ўзинг ҳам жуда майдалашиб кетяпсан-да!

Маъсумов ҳужжатлардан кўз узолмай чиқиб кетди. Ростдан ҳам ваҳиманинг уяси! Қўрқоқ! Бу дунёда ҳал этилмайдиган иш бор эканми? Ноқонуний! Шуям гап бўлди-ю!..

Шу куни Ғайбаров кечгача ғайрат билан ишлади. Орада Ноилани чақириб, кўнгилхушлик қилишга ҳам улгурди. Уни хонасидан чиқариб юбориб, деразадан ташқарига тикилганича чекиб турганди, хонасига бегона кишилар кириб келишди. Ҳужжатларни кўрсатиб, Ғайбаровни сал довдиратиб қўйишди.

Маъсумов айтганича бор экан – бу мутлақо жиддий масала эди. Омбор мудирини чақиришганди, лаби гезариб, бир балоларни айтиб ташлади.

Ғайбаровнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. На¬ҳотки, шу ишни деб овораи сарсон қилишса? Нима бўлганда ҳам мол ушлаб қолинган-ку! Қолаверса, ўша ноқонуний юк билан боғлиқ ҳужжатларда Ғайбаровнинг имзоси йўқ! Бироқ текширувчиларнинг таъкидлашича, омбор мудири тушунтириш хатида ҳаммаси Ғай¬баровнинг кўрсатмаси билан бўлганини қайд этибди. Бу ҳақда шунча одам ичида ҳам шартта-шартта айтиб ташлади. Ғайбаров секин Маъсумовга қараган эди, у елкасини қисиб, ҳеч нима демади...

Ғайбаров оддий ҳисоблаган муаммо каттаргандан-каттараверди. Ишхонани жиддий тарзда текширишга тушдилар. Омбор мудири қамалиб кетди. Ғайбаров, менинг имзоим қўйилмаган, деб туриб олди. Аммо кичикроқ бўлса-да, бошқа камчиликлар чиқиб қолди («ҳа, энди титкиласанг, чиқаверади-да!») Ҳафта охирига бориб, Ғайбаровга курсини бўшатиб қўйиши лозимлигини чиройли қилиб тушунтириб қўйдилар. У ҳанг-манг бўлиб қолди. Пул орқали ишини битирмоқчи эди, бу муаммо сал бошқача якун топди: майли, қолади, аммо ўринбосар сифатида! Унинг жойига ҳозирча Маъсумов ўтиради. Тўғрироғи, унинг номзодини Ғайбаровнинг ўзи кўрсатди. Ҳозирча у бошлиқ вазифасини бажарувчи бўлиб турсин, кейин мана бу гаплар тинчигач, яна ўрин алмашадилар.

Маъсумов бу таклифга кўнмаган эди, Ғайбаровнинг ўзи кўндирди.

– Гап бор, – деди сирли қилиб. – Сен ишни бемалол бошлайвер.

– Майли, сиз учун, Халил Муродович, розиман, бироқ хонангизда ўтирмайман.

– Ўтирасан! Вақтинча, деяпман-ку сенга!

Ғайбаров ҳали олдинда ўзини нималар кутаётганини билмасди, албатта...

* * *

Шу куни Ғайбаров негадир ухлай олмади. Худдики, шогирди Маъсумов унинг курсисини тортиб олаётгандек туюлаверди. Бунга ишонгиси келмагани сари ҳадик-хавотири ортарди. Нега унга топширди? Аслида бошқа чораси ҳам йўқ эди. Меҳнат таътилига чиқиб кетса, ким билсин, нималар қилишади! Терговни бошлаб юборадиларми? Маъсумов эса... ишончли! Ахир шунча вақтгача Ғайбаров унинг елкасига қоқиб келган, йўл-йўриқ кўрсатган. Ҳар ҳолда устозининг бошини уриб ёрмас! Вақтинчалик эканлигини унинг ўзиям билади-ку! Қолаверса, Ғайбаровнинг таклифига осонликча кўнмади! «Мен бундай қилолмайман», деб туриб олди. Ғайбаров вазиятни обдон тушунтиргач, ноилож рози бўлди. Аммо...

Барибир амал курсиси ёмон-да! Унга ўтиргач, оҳанрабодек ўзидан узоқлаштирмайди, сира тургинг келмай қолади. Шундай ёпишқоқ курсики, ажрала олмай, ўзинг билиб-билмай, меҳр-оқибатни, яқинларингни унута бошлайсан. Тебраниб ўтирганинг сайин фақат роҳат-фароғат ҳақида ўйлай бошлайсан!.. Ғайбаров бу фикрини тезда ўзгартирди: одамига боғлиқ, албатта... ҳар ким ҳам бунақа боғланиб қолмайди. Маъсумов ҳам шу тоифадан бўлиши... керак. Ғайбаров унинг феълини билади-ку! Барибир тез-тез эслатиб туриши лозим. Ўзи бу қанча вақтга чўзилади? Нари борса, бир ойдир-да! Аммо... бир ой ичида ишхонани остин-устун қилиб ташлаш ҳам мумкин-да!..

Ғайбаров хотинига бугунги ғавғолар ҳақида билдирмади. Акс ҳолда кайфияти бузилиб, қўрқиб кетади. Эрта-индин мавриди билан тушунтирар.

Хотини барибир сезди:

– Тинчликми, нима гап?

– Ҳеч гап йўқ, – кўзини олиб қочди Ғайбаров. – Ўзларинг қалайсизлар, яхшимисизлар?

Хотини жавоб бермади. Эрига зимдан қараб тураверди.

Ғайбаров чала-чулпа овқатланиб, ўрнига чўзилди. Тезроқ ухлаб, эртага биринчи навбатда Маъсумов билан гаплашишни кўнглига тугиб қўйди. Аттанг, вақ¬тинчалик деб расмийлаштирмабди-да! Майли, эртага тўғрилаб қўяр! Маъсумовга нима дейди? Хавотирланаётганини сездириб қўймасмикан? Э, сезса, нима?! Бу курсига ўтиргунча не-не заҳмат чекканини билади-ку уям! Кўрган, гувоҳи бўлган!.. Ҳа, айнан гувоҳи бўлган. Шуниси кўнгилни хижил қиладиям. Бир пайтлар Халил Муродович Собир Жабборовичнинг ўрнини қай тарзда эгаллаганини билади! Ё, тавба, худди яқин ўтмиш так¬рорланаётгандек! Собир Жабборович билан ҳам шундай бўлган эди-да! У... Ғайбаровнинг устози эди, ахир! Тўғри, ишхона ҳозиргидек катта эмасди, ходимлар ҳам кам эди. Афсуски, мана шу Маъсумов ҳам бор эди. У пайтларда сал гўлроқ, содда эди. Балки ўзини шунақа тутгандир? Қув, олғир бўлишни мана шу Халил Муродович ўргатди. Кейин-кейин ўзига ёрдамчи, бўлим мудири, ўринбосар қилиб олди. Худди Собир Жабборовичга ўхшаб! Нақадар ўхшашлик, такрорийлик! Худди кеча содир бўлгандек ҳаммаси!..

Ғайбаров у ёнбошидан-бунисига ўгирилиб тузук ухлай олмади. Эртасига ишга боши ғувиллаб борди. Маъсумов ўтирганини билсаям тўғри ўзининг хонасига қараб юрди. Киришдан олдин секин томоқ қириб қўйди.

Маъсумов уни кўриши билан сакраб ўрнидан турди. Кела солиб қўшқўллаб кўришди. Уйдагиларни, янгани, болаларни сўради. Ғайбаров хушламайгина жавоб берди.

– Ўтирибсанми? – деди кейин. – Тинчми ишқилиб? Қўнғироқ бўлмаяптими?

Шогирди хўрсиниб, секин шипшиди:

– Бўляпти-да, Халил Муродович! Ҳали узоқ давом этадиганга ўхшайди.

Ғайбаровнинг қошлари чимирилди:

– Нега узоқ давом этаркан? Келишганимиздек қилдик-ку! Ё сенгаям эътирозлари борми? Тинчитиб юборамиз, дейишди-ку, яна нима истайдилар?

– Билмасам... Барвақтроқ келгандим, уч-тўрт марта сизни сўрашди. Мени танимайдиган одамлар, нуқул осмондан келишади.

– Нима қилай, кўринмай тураймикан? – ўйланиб гапирди Халил Муродович. – Нега бунча ёпишиб олишди-я!

Маъсумов елкасини қисди. У ҳам ўйланиб қолган эди.

– Мени сўрашганида нима дединг?

– Аризасини ёзган, дедим.

– Жим бўлишдими?

– Қаёққа кетди, дейишди. Билмадим, дедим.

– Билдирма, – тайинлади Ғайбаров. – Мен ановилар билан гаплашиб кўрай-чи!.. Айтгандай, кабинетинг қаерда эди?

Маъсумов ўнғайсизланди:

– Халил Муродович, шу ерда ўтира қолинг. Менга ноқулай бўляпти. Ўтиролмаяпман.

Ғайбаров кулимсираб деди:

– Юзингдан унақага ўхшамайди-ку! Аксинча, мен ёқиб қолганми, деб ўйлаяпман.

Шогирдининг туси ўзгарди. Аммо хижолат тортганидан эмас, қандайдир норози бўлгандек туюлди Ғайбаровга. Унга синовчан тикилди. Орага оғир жимлик чўккан эди. Худди бир пайтлар Собир Жабборович билан Халил Муродович билан рўй бергандек! Ажаб, Ғайбаров худди шу ҳолатни эслади. Ростдан ҳам так¬рорланаётган бўлмасин тағин. Йўғ-ей, нималар деяпти? Шундай бўлганида ҳам олдини олиши керак.

– Нега индамайсан?

– Жаҳлимни чиқарасиз-да, Халил Муродович!

Ғайбаров зил кетди:

– Балки, кечирим сўранг, дерсан?

Шу пайт котиба кириб, ноқулайликка чек қўйган бўлди, бироқ унинг ўзи ўнғайсизланиб қолди. Кимга мурожаат қилишни билмасди.

– Нима гап? – сўради Ғайбаровдан олдин Маъсумов.

– Ҳалиги... кечаги мажлис баёнига имзо қўйсангиз, девдим.

– Қани, беринг, – Маъсумов шундай деб котиба узатган қоғозни олди.

Ғайбаров баттар диққат бўлди. Ёпирай, бу атайин қиляптими? Тасаввурида, аллақачон амал ўзиники-ку! Тасаввурида эмас, мана ҳозир, шундоққина кўзи ўнгида!

У, ҳатто ўтирмаган эди. Маъсумов имзо чекиб, котиба чиқиб кетгунича қаққайиб тураверди.

– Юринг, Халил Муродович, хонангни кўрсат, дедингиз, шекилли?

Ғайбаров уни эргаштириб чиқди. Вақтида тўғридаги мана шу хонани Маъсумовга берса бўларкан. Жинқарча шогирди ўтираверсаям иш битарди. Негадир қизғанган эди. Қандайдир меҳмонхона қилиб қўйганди, нуфузли мижозлар, хориждан келадиган ҳамкорлар учун. Энди, ким билсин, Маъсумов қаёққа олиб боради?..

Хонаси анча нарида экан. Ғайбаров энди эслади. Бир пайтлар, икки-уч йил олдин бўлса керак, шу хонада ўтиришини айтган эди. Демак, вақти келиб, ўзи ўтириши кераклигига ҳукм чиқарган экан. Оддийгина, кичкина хона! Бу ерда қандай ўтиради? Ходимларнинг кўзига қандай қарайди? Қай бирига, бу – вақтинчалик, деб тушунтиради? Ростдан ҳам... вақтинчаликмикан? Тавба, ўзиям ишонмаяпти! Кеча қандай кун эди-ю, бугун не кўргиликлар тушяпти бошига?

Ўз хонасига қайтмоқчиям бўлди. Аммо юқоридан бў¬ладиган қўнғироқлардан чўчиди. Қўнғироқ қилиш¬магани билан жойида қолганини эшитиб қолишса, сира қўйишмаса керак. Умуман, бу ишда қолгани қулоқларига чалинса-чи? Кетиши керакми? Ахир, қачонгача алдайди?

Шу тарзда Ғайбаровни ваҳима босиб келарди. Бир кўнгли, кет, бу ердан, дерди. Кейин саркаш хаёллари, шунча йиллик меҳнатини саробга айлантириши мумкин эмаслигини уқдирарди. Тинчиб қолса, яна курсисига ўтирар? Ўтиб кетар-ей, ўлдими!

– Марҳамат, Халил Муродович, – жой кўрсатди Маъсумов. – Битта-иккита бегона одамларнинг овозини эшитсангиз, чиқмай турасиз-да!

Ғайбаров тўнғиллаб қўйди:

– Ақл ўргатма! Бу ёғини ўзим биламан.

– Майли-майли... Эҳтиёт шарт, айтаман-да!

Маъсумов чиқиб кетди. У эса шалвираганича қол¬ди. Назарида, энди асло ортига қайтмайдигандек, ҳатто бу жой ҳам омонатдек туюлди. Битта-иккита бегона одам... Нима, энди девор ортидаги қулоқ бўлиб ўтирадими, юрагини ҳовучлаб?! Маъсумовнинг ўзи нима қилади? Қандай иш тутади? Тинчита олармикан? Аввалги қинғирликларини сотса-я! Ахир, кўп сирлардан воқиф у! Нима бўлади?

Ғайбаров хийла кичик оромкурсига чўкиб, ўзини ноқулай ҳис қилди. Одатига кўра, беихтиёр қўлини олдинга чўзди – чойнакдан пиёлага чой қуймоқчи бўлди. Қўли муаллақ қолди. Чойнак ҳам, пиёла ҳам йўқ эди. Эсига тушди: олифта Маъсумов фақат маъданли сув ичарди. Стаканга қуйиб ўтирмай, елим идишнинг ўзидан кўтариб қўя қоларди. Зиёфат-у туғилган кунларда ҳам бу одатини канда қилмасди.

Аттанг, шу топда чой ичгиси келганди-я! Котибага буюради! Ғайбаров ҳарчанд уринмасин, қабулхонанинг телефон рақамини эслай олмади. Авваллари Ноила ҳам чойнакни тўлдириб кўк чой олиб кираверарди. Қани энди у? Нима деркан-а, бу ишлар ҳақида?..

Ғайбаровнинг боши ғовлаб кетди. Тушгача нималар қилганини билмайди. Битта-иккита ходим кириб қолиб, анқайиб чиқиб кетганини айтмаса, «ит» ҳам сўрамади. Ҳатто садоқатли шогирди хабар олмади. Алам қилиб кетди Ғайбаровга.

Махсус ресторанда тушлик қиларди. Энди эса... Бугун овқатланмайди. Шу ерда пусиб ўтиради. «Бошлиқ» шунақа деган...

Тушдан кейин Ғайбаров секин хонадан чиқди. Қа¬булхона томонга юрди. Секин кирди. Котиба уни кў¬риб, оҳиста ўрнидан қўзғалган бўлди. Ғайбаров, «ўтиравер» ишорасини қилиб, ичкарига имлади.

– Ҳеч ким йўқ, бир ўзлари, – деди секингина котиба.

Ғайбаров сал дадилланиб, ичкарига юрди. Маъсумовнинг нақ устига бостириб борди ҳамки, у сезмади. Ўша ердаги курсилардан бирига чўкиб уни кузатди. Маъсумов қандайдир ҳужжатларни кўриш билан андармон эди. У қошларини чимириб олган, баъзида бош чайқаб қўярди. Стол устидаги маъданли сувга қўл чўзиш асносидагина Ғайбаровга кўзи тушди. Ҳайрон бўлиб, секин ўрнидан турди:

– Қачон кирдингиз?

– Бир соатча бўлиб қолди, – истеҳзо аралаш жавоб берди Ғайбаров. – Иш кўпми, дейман? Ана шунақа, бизнинг иш оғир.

Маъсумов бош ирғади:

– Ҳа, оғир... ҳужжатлар шунақанги чалкашиб кетганки, боши-адоғи қаерда, билиб бўлмайди. Бўлимдагилар нима қилишган, ҳайронман.

– Демак, назорат қилмагансан-да! – чақиб олмоқчи бўлди Ғайбаров. Шундай оҳангда айтдики, худди бекорчи одам ишлаётган кишини кўролмай, гапиргандек туюлди. Буни, аввало, ўзи илғади. Дарҳақиқат, у ҳозир ростдан ҳам бекорчи-да!..

Маъсумов жойидан турган эди, тағин ўтирди. Ғай¬баров ундан ҳол-аҳвол сўрашини кутди. «Халил Муродович, қалайсиз? Зерикиб кетган бўлсангиз керак? Иш шунчалар кўпки, сиздан ҳам хабар ололмадим, узр», дейди, деб ўйлади. Ҳеч бўлмаса танноз котибани юборсин эди. Юбормаса, демак, фаҳм-фаросати етмайди уларнинг! Акс ҳолда бирров бўлсаям хабар оларди. Ҳали шошмай турсин, Ғайбаров жойига қайтган куни, энг аввало, мана шу котибани йўқ қилади. Котиба зотидай сотқинлар бўлмаса керак. Дарров янги бошлиққа ялтоқлана бошлайди.

– Ишлар чатоқ, Мурод Халилович, – бош чайқади Маъсумов. – Яна бир-иккита ишимиз очилиб қолган эмиш!

– Ваҳима қилма, – ўдағайлади Ғайбаров. – Дарров шовқин кўтарасан! Нега шу жойга ўтқаздим-а сени?

Маъсумов унинг кўзига тик қараб жавоб берди:

– Жонингизни асраб қолиш учун-да, Халил Муродович. Ахир, пишиқсиз-ку! Ҳам жонингизни, ҳам курсингизни! Аммо бу қийин.

Ғайбаровнинг ичидан бир нима узилиб кетгандек бўлди. Шундоққина қаршисидаги шогирди етти ёт бегонадек, авваллари мутлақо кўрмаган одамдек, мутлақо нотанишдек кўриниб кетди. Ҳа, ҳа, нотаниш! Бир кунда мутлақ бегона кимсага айланиб қолибди. Мана шу курсига бир-икки ўтирибди-ю, мияси ҳам, фикри ҳам айнибди. Наҳотки, Ғайбаровнинг жойини қайтариб бермаса? Бу қандай бедодлик?

– Сен бир кунда шунчалик ўзгариб қолдингми? – дилидагини тилига чиқарди Ғайбаров.

Маъсумов бироз сукут сақлаб, кейин жавоб берди:

– Ўзгарганим йўқ, ахир, нима бўлганда ҳам ростини гапир, деб ўргатгансиз-ку! Эҳтиёт бўлишингиз керак, демоқчиман-да! Ҳали кўп кавлашади, Халил Муродович... Айтдим-ку, мен ўзим кўрганимдаям чалкашликлар чиқиб қоляпти.

Ғайбаров сал шаштидан тушган бўлса-да, Маъсумовга ҳужум қилишдан тўхтамади:

– Ишқилиб ўзинг кавлаштирмаяпсанми ортимдан?

Маъсумов унга хиёл норози қараб қўйди-да, лом-мим демади. Ғайбаров сўзида давом этди:

– Менга қара, шунақа ҳужжатлар чиқиб қолса, менга, албатта, айт. Биргалашиб йўқотамиз.

– Хўп, – бош ирғади Маъсумов.

– А, бу котибага айтсанг бўлмайдими, эрталабдан буён чой ичганим йўқ, томоғим қақраб кетди.

Маъсумов стол ёнидаги тугмачани босди. Сал ўтмай котиба кирди:

– Лаббай, Шоҳид Камолович.

Ғайбаров бир титраб қўйди. Шу аснода шогирдининг исмиям кўп нарсани эсига туширди: ҳа, Шоҳид эди. Бир пайтлардаги жиккаккина болакай, мана энди Шоҳид Камоловичга айланиб ўтирибди. Бу котибанинг чиндан ҳам фаросати йўққа ўхшайди. Жилла қурса, Ғайбаровнинг олдида шундай демасин эди. Бироқ... нима деб мурожаат қилсин? Шоҳид ака, десинми? Шундоқ корпорациянинг хўжайинини-я (вақтинча бўлсаям)?

Маъсумовдан аввал Ғайбаров котибага мурожаат қилди:

– Нега менга чой дамлаб бермадинг? Нима, сенга эслатишим...из керакми? Уйингда чой-пой дамлардинг, шекилли?

Котиба бу гапларни эшитиб, кейин Маъсумовга қаради. У бош ирғагач, секин чиқиб кетди. Устоз-шогирд ўртасида яна жимлик чўкди. Ғайбаров сердиққат, Маъсумов хотиржам эди. Бир-биридан гап кутишарди.

– Бояги гапни бекор айтдинг, – деди Халил Муродович.

– Қайси гапни?

– Жонингизни асраб қолиш учун, деган гапни!..

Маъсумовнинг юзида табассум зоҳир бўлди. Ғайбаров унча тушунмади. «Бу гап ҳазил эди», де¬моқчими? Масхаралаётгандир балки? Нима бўлган¬даям унинг оғзини кутишга қарор қилди. Маъсумов кутилмаган гап билан уни эсанкиратиб қўяёзди:

– Халил Муродович, биласизми, ишлар жуда кўп. Шу ҳақда кейинроқ гаплашсак ҳам бўлар?..

Ғайбаров ҳеч нима демади. Бўғриқиб ўрнидан турди. Ахир, кет, дегани-да бу! Нонкўр, ярамас! Яхшиликни билмаган туллак! Тиржайиб туриб, жонингни олиши мумкинлигини билмаган экан Ғайбаров бунинг!

Индамай чиқиб кетди. Котибага хўмрайиб қараб қўйди.

Хонага киргач, стол устидаги чойни ичгисиям келмади. Телефон жиринглаб қолди. Ғайбаров гўшакни кўтаришниям-кўтармасликниям билмади. Телефон ҳам тўхтовсиз, асабга тегадиган тарзда жиринглайверди. Демак, кимдир Ғайбаровни сўраган. Ноилож гўшакни кўтарди. Авваллари ким қўнғироқ қилганини айтиб, ке¬йин улаб беришарди, ҳозир эса бирдан улаб юборишди.

– Ҳа, тинчликми? – сўради хотини. – Соткангиз ўчирилган?.. Ишхонангизга қўнғироқ қилсам, бошқа хонага ўтган, дейишди. Мен тушунмадим.

Ғайбаров томоқ қириб, жавоб берди:

– Вақтинча, хотин, вазият шунақа бўлиб қолди.

– Нима вақтинча?

– Бас қил, – ўдағайлади Ғайбаров. – Кейин тушунтираман ҳаммасини. Бу ерга умуман қўнғироқ қилма, – шундай деб гўшакни ташлади. Кейин бурчакдаги юмшоқ курсига ўтириб, кўзларини юмди. Ноилани қўмсаб кетди. Қаерда экан-а? Нозик қўллари билан суякларни ёзиб юборарди-да! Яна шунақанги суйкалардики, беихтиёр эҳтиросларинг жўшиб-тошарди. Ҳозир лоақал шу келса эди. Бироз ўтириб, чақчақлашишарди. Авваллари Ғайбаровнинг вақти бўлмасди, мана энди хоҳлаганча! Аммо Ноила кўринмайди, Ғайбаров унинг қайси бўлимда ишлашиниям билмайди...

Кечга яқин эшик шахд билан очилиб, Маъсумов кириб келди. Ғайбаров унинг авзойини кўриб, беихтиёр ўрнидан турди.

– Тинчликми... Шоҳид...жон?

– Сизни бўлимга ўтказмасак бўлмайди, Халил Муродович. Аҳвол жуда жиддий. Ўринбосарлик штатини, умуман йўқ қилиб туришга тўғри келади... Хаҳ, шунча бошоғриқ қилдингиз-а!

– Нима бошоғриқ қилибман? – лаби гезарди Ғайбаровнинг, кейин ростдан ҳам вазият янада жид¬дийлашганини идрок этиб, ўзини қутқаришни ўйлаб деди: – Мен, яхшиси, меҳнат таътилига чиқаман.

– Энди кеч, Халил Муродович, кеча ҳамма буй¬руқларни олиб бўлишган. Ўринбосарлик жойи бўш, дегандик, биттаси, мана шу ҳақда ҳам расмий маълумот юборинг, деб ўтирибди. Жуда ёпишиб олишяпти, қўйишмаяпти!

Ғайбаров бош қашлаб деди:

– Бўпти, бўлим бўлса, бўлим-да! Аммо билиб қўй, мен ишхонага келиб ўтирмайман. Ё уйда бўламан, ё бирор ёққа кетаман.

– Менга қаранг, – изоҳ бера бошлади Маъсумов, – бу бўлим мудирлиги ўзи вакансия эди. Сиз келиб турмасангиз, бўшлигини билиб бирор кишини тиқиштиришмасин тағин.

– Мен бўлимда ўтирсам, суриштиришмасканми? – қошларини тугун қилди Ғайбаров.

– Суриштиришмайди, буни ўзингиз ҳам биласиз-ку! Юқорини ҳозир кўпроқ бўш ўринлар қизиқтиряпти, тушуняпсизми?

Ғайбаровнинг жаҳли чиқди:

– Уларга ўзи нима керак?

– Сиз диққат-эътиборларини тортмай туринг, де鬬ман-да! Ҳозир кетсангиз ҳам, бундайроқ жойда ўтир¬сангиз ҳам сезиб қолишади.

– Мен бўлимда ишлай олмайман!

– Нега? Ахир, аввал ишлагансиз-ку!

Ғайбаров ялт этиб унга қаради. Ростдан ҳам ишлаган, бироқ аввал, ўз номи билан, аввал эди-да!

– Тушунинг, агар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмасак, иш очишлари мумкин, – қўрқитишда давом этди Маъсумов. Кейин собиқ бошлиғининг жавобини кутди. Ундан садо чиқмади. Афтидан, нимадир демоқчи-ю, тилига чиқаролмаяпти. – Нега индамайсиз?

Ғайбаров зўрға тилга кирди:

– Менинг жойим нима бўлади?.. Ҳалиги сен ўтирган жой!

Маъсумов унга қараб, аттанг, дегандек, бош чай¬қади-да, чиқиб кетди.

Ғайбаров ўзича мулоҳаза юритди: бу бола ўйин қиляпти – футбол! Ғайбаров бошлаган ўйинни давом эттириб, унинг ўзини копток қилиб тепяпти! Энди нима бўлади?..

Эшик очилиб, Ноила кўринди!

Ноила, ўзининг Ноиласи! У ана шундай – Ғай¬баровнинг кайфияти йўқ пайтда пайдо бўлади. Кейин ором, қувонч бағишлайди. Айниқса, ҳозир Ғайбаров уни кўриб, шу қадар энтикиб кетдики, нақ йиғлаб юбораёзди. Маъсумов унинг кайфиятини остин-устун қилган, Ноиланинг пайдо бўлгани мушкулотларини аритгандек эди.

– Нима бўлди? – деди Ноила унинг қучоғида эриб, ўзининг кайфияти тушкун эди.

– Вақтинчалик, – жавоб берди Ғайбаров. – Шунақа бўлиб қолди... Ўзинг яхшимисан?

Ноила бироз сукут сақлаб, жавоб берди:

– Яхши... Бир оғиз айтмабсиз ҳам. Тўппа-тўғри кириб борибман. Шоҳид акани ўрнингизда кўриб қўрқиб кетибман.

Ғайбаров Ноиланинг «Шоҳид ака» деганига рашки келиб, уни сўроққа тутди:

– Нима деди сенга?

– Ҳеч нима! Шу заҳотиёқ қайтиб чиқдим-да!

– Бу хонада эканлигимни ким айтди?

– Ўзим ўйладим. Жойингизда Шоҳид ака ўтиргач, сиз шу ерда бўласиз-да!.. Ишдан олишдими, Халил ака? Нега?

– Вақтинчалик, дедим-ку, – диққат бўлди Ғайбаров. – Вазият сал юмшасин... Ходимлар нима дейишяпти?

– Ҳали ҳеч ким билмайди, менимча. Кечқурун йиғилишда айтишса керак-да!

Ғайбаров ҳайрон бўлди:

– Қанақа йиғилиш?

– Ҳаммага айтиб чиқишди-ку, билмасам!

Халил Муродович аччиқланди. Бу иши энди ортиқча Маъсумовнинг! Орқа-олдини билмай қоляпти, шекилли. Ноиладан Шоҳид Камолович ўтирган ўзининг собиқ хонаси телефон рақамини сўради. Ноила айтди. Ғайбаров ички телефондан ўша рақамни терди. Бироздан сўнг Маъсумов гўшакни кўтаргач, шошилмай гап бошлади:

– Бугун мажлис қилмоқчи экансан, тўғрими? Нега менинг хабарим йўқ?

Маъсумов кескин жавоб берди:

– Ҳа, сал туриб мажлис ўтказмоқчиман. Бунинг сизга дахли йўқ.

Агар ҳозир Ноила бўлмаганида Ғайбаров унга бақириб юбориши мумкин эди. Бироқ Ноиланинг ҳамма гапдан вақиф бўлишини, қолаверса, телефондаги бундай тарздаги сўзлашув – гўё Маъсумов аллақачон унинг курсисини тортиб олганини намоён этишини истамади у. Босиқлик қилди, шу билан бирга Маъсумовнинг жавобини Ноила эшитиб қолмаганмикан, деган хавотирга ҳам борди.

– Яхши, мен қатнашиб ўтирмайман, ўзларинг ўтка¬заверинглар, – деди сир бой бермай. Гўшакни қўйиб, Ноилага хотиржам қиёфада юзланса-да, кайфияти носоз эканлиги аён эди.

Ноила ундан гап кутди. Ғайбаров гапиравермагач, сўради:

– Қандай масала экан?

Ғайбаров қўл силтади:

– Айтарли жиддий гап эмас, – деди жўяли жавоб тополмай, кейин сўзларини суваб кетди: – Интизом масаласи!.. Эсимдан чиқибди, мен ўзим тайинлаган эдим. Онда-сонда жамоанинг жиловини тортиб қўймасак бўлмайди, тўғрими?

Ноила ўйланиб қолганди.

– Агар сиз қатнашмасангиз, мен ҳам кириб ўтир¬майман. Айтиб қўярсиз, Халил ака. Шу йиғи-лишларга тобим йўқ, биласиз-ку!

Ғайбаров нима деб жавоб беришини билмай, бош ирғаб қўйди. Ноила сўзида давом этди:

– Ўзи нима бўлди, айтинг... Кеча у ёқда ўтирган одам бугун бошқа хонада ўтирибди. Шундай бўлишиям мумкинми?

– Нега бўлмас экан? – унинг елкасидан қучди Халил Муродович. – Буям бир ўйин-да! Бир хил атмосферадан кўра, вақти-вақти билан вазиятни ўзгартириб туриш керак. Ҳадемай ҳаммаси жойига тушади... Ҳали режалар кўп, Ноила.

Ноила индамади. Унинг шаҳло кўзлари катта-катта очилган, юзида ҳайрат ифодаси қотган эди. Ҳайрат билан бирга қандайдир хавотир бор. Йўқ, хавотир дейиш ҳам тўғри эмас, Ноиланинг ҳафсаласи пир бўлгандек эди. Ғайбаров бир сўз айтмай уни кузатиб ўтираверди. Нима дейишниям билмасди. Айни дамда Маъсумовнинг курсисида ўтиргани учун ўзини ўнғайсиз сезар, Ноиладан уялаётган ҳам эди. Назарида ҳадемай бу жувон уни йўқлашни бас қиладигандек туюлди. Агар Ғайбаров ростдан ҳам амалдан кетса, Ноилани бошқа кўрмайди. Аниқроғи, у ўзини олиб қочади. Эҳтимол, Маъсумовга ялтоқланиб бошлар! Наҳотки, шундай бўлса? Ахир, ҳозиргача Ғайбаровни амали учун яхши кўрарди-да! Яхши кўрарди?.. Қанақа яхши кўриш? Ғайбаровнинг пуллари керак эди, холос. Ёши элликдан ошган тепакални ёш жувон бошига урадими? Муҳаббат деганлари китобларда, холос. Жилла қурса, бу туйғу ёшларда бўлиши мумкин. Катталарда, айниқса, мансабдорларда бу борада муҳаббат эмас, ўйнаш бор, холос. Муҳаббат эмиш-а!..

Нега Ғайбаров бу ҳақда шу кунгача ўйламади экан? Мана, ҳозир Ноиласи ҳузурида! Лекин у аввалгидек эмас, саросимага тушган. Ким билсин, ичида нималарни ўйлаяпти экан? Ғайбаровдан халос бўлиш ҳақида бош қотираётгандир, эҳтимол?..

– Нега бунча ўйланиб қолдинг? – деди Ғайбаров чидай олмай.

– Билмадим... ўзим, – деди Ноила оҳиста. Овози синиқ чиқди. Бироздан сўнг сўради: – Барибир жойингизга қайтасиз-а, Халил ака? Ахир, сизнинг жойингиз бу ер эмас-ку?!

Ғайбаровнинг дилидаги тилига чиқди:

– Мабодо қайтмасам, сен... унутиб юборасанми мени?

– Унақа деманг, – Ноила уни қучоқлаб олди.

Ғайбаровнинг назарида у Ноила билан хайрлашаётгандек туюлиб кетди. Бир пайтлар ҳарбий хизматга кетишидан олдин севгилиси Санобар уни худди шу тарзда кузатган эди. Анча пайтгача хат ёзиб юрди. Кейин дабдурустдан мактуб юбормай қўйди. Ёш Халил қанча ёзмасин, хатлари жавобсиз қолаверди. Ичига ўт кетди. Санобарнинг бошқа йигитга эрга тегаётганини сезди. Жуда алам қилди. Ҳарбий хизматдан қайтиб келгач, худди шу гапни эшитди.

– Ҳазиллашдим, денг, – пичирлади қулоғига Ноила. – Айти-и-и-н-г...

Негадир Ғайбаровнинг хўрлиги келди. Агар, ҳа¬зи묬лашдим, деса, Ноила қувониб, маҳкамроқ қучоқ¬¬лаб олади, йўқ, жиддий айтяпман, деса, барини йи¬ғиштиради. Буям худди Маъсумовга ўхшаган одам-да! Тарози посангисига қараб иш тутади. Дарвоқе, фақат Ноила билан Маъсумов эмас, бошқалар ҳам, ҳамма-ҳамма шундай! Сенга мансабингга қараб муомала қиладилар. Танимай қўядилар. Сен улар учун нотанишга айланасан!

Ғайбаров Ноилани ранжитгиси келмади, ўзини ҳам:

– Ҳазил, – деб қўйди.

Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Ноила тезда ўзини йиғиштириб, у ёқ-бу ёғини тузатди.

Котиба кирди:

– Ноила опа, шу ердамисиз? Ҳамма жойни кўриб чиқдим... Юринг, Шоҳид Камолович чақиряпти сизни.

Ноила ҳайрон бўлиб ўрнидан турди. Ғайбаров ҳам лол эди. Ноила унга сирли кўз ташлаб, котиба ҳамроҳлигида хонани тарк этди.

Ғайбаров яна ҳувиллаган диққинафас хонада бир ўзи қолди. Ошналаридан бирортасига қўнғироқ қилмоқчи бўлди, аммо бу қароридан қайтди. Агар улар ҳам бу даргоҳдаги гапларни эшитишган бўлса, сўроқлаб, баттар кайфиятини бузишади. Уйга қўнғироқ қилсинмикан? Ҳол-аҳвол сўрарди. Болалар қалай, нима қилишяпти? Дарвоқе, энди қўшниларнинг кўзига қандай кўринади?.. Э, улар билиб ўтирибдими? Умуман, билсалар нима! Ўзи нега бунча фожиа қилиб юборди?! Етти мучаси соғ-саломат-ку! Шунчалик ҳам тушкунликка тушиш мумкинми?..

Бурчакдаги оромкурсига ўрнашиб, кўзларини юмди. Вақтни ўтказишнинг йўли – ухлаш!..

Бироқ Ғайбаровнинг кўзларига уйқу келмади. У Маъсумов Ноила билан нималар ҳақида гаплашаётганига қизиқарди. «Қўй энди ўша одамни», деса-я Шоҳид! Айтиши мумкин, ахир! Йиғилиш ўтказмоқчи эди, тезроқ ўтказа қолса-чи!

Нега ишни ўйламаяпти? Маъсумов, энди бўлимга ўтасиз, деди-ку! Бўлимда қандай ишлайди?.. Аслида ўша пайтнинг ўзида кетиши керак экан, бу ерда қолиб шарманда бўлгандан кўра. Маъсумов роса калака қилса керак!

Индамай кетворса-чи? Ўтираверадими индамайгина? Кеч ҳам тушиб қолди.

Ғайбаров сакраб ўрнидан турди. Эшик олдига бориб, сал талмовсираб, кейин шахд билан итарди. Коридорда ҳеч ким йўқ – ҳамма йиғилишда бўлса керак. Бирдан калласига келди: Маъсумов йиғилишда Халил Муродович ўз жойини бўшатганини эълон қилса-я?! Аниқ шу ҳақда гапиради. Акс ҳолда йиғилиш чақириб ўтирмасди.

Ғайбаров шу ҳақда ўйлаб-ташвишланиб, тезда ишхонадан чиқиш йўлагига қараб юрди. Ташқарига йўл олди. Хизмат машинаси – ана! Ҳайдовчи қўл телефонида ким биландир валақлашиб ўтирибди. Ғайбаровни кўриб, гапини тугатди-да, савол аломати билан қаради. «Уйга кетамиз», деган буйруқни эшитиб, жонланиб қолди. Тезда машинани ўт олдирди.

Ғайбаров йўл бўйи Маъсумов уни суриштириб қолиши мумкинлигини ҳам ўйлади. Сўрасин, суриш¬тираверсин! Энди бу ерларга келмайди, елкасининг чуқури кўрсин! «Бўлимга ўтасиз» эмиш! Оқибатни билмаган шогирд! Шунча яхшиликлари, ёрдамлари қаерга кетди? Мана, бугун ўзининг тагидаги курси етмагандек, Ноилани ҳам тортиб олишга киришди. Кўз олайтириб юрган экан-да, аблаҳ! Бироқ, устоздан қолган-ку бу, демасмикан? Шунчалик юрагидан урган, шекилли? Ол, олавер! Энди шундоқ ҳам Ғайбаровга уят бўлади. Оиласи, бола-чақалари бор. Ноиласиз ҳам куни ўтади...

Шундай дейди-ю, барибир алам қилади-да! Ахир шогирд тушмагур тайёрига айёр бўлиб ўтирибди!..

Ғайбаров уйига вақтли қайтгани учунми, хотини яна сўроққа тута бошлади. У индамади. Дам олмоқчи, болалари билан суҳбатлашмоқчи эди, йўқ, аксинча, худди ишхонада қидириб қолишгандек, беҳаловат бўла бошлади.

У зўрға тунни ўтказди. Эртасига эрталаб, хизмат машинаси келган эди, ҳайдовчига жавоб бериб юборди. «Энди қачон чақирсам, келгин, Маъсумовга ўзим тайинлаб қўяман», – деди. Кейин кўчага чиқиб кетди. Анчагача тентиради. Бозор, дўконларни айланаётганди, қўл телефони жиринглади. Ғайбаров кўзойнагини тақиб, рақамга қаради: Маъсумов! А-ҳа, телефон қиларкансан-ку! Ишинг тушибди-да барибир! Бир ўзинг ҳал қила олармидинг шунча ташвишни?! Осон, деб ўйлаганмидинг?

– Эшитаман.

– Ассалому алайкум, Халил Муродович... Бугун ишга чиқмадингизми?

Ғайбаров ўшқириб берди:

– Сен ўзи кимсан, мендан ҳисобот сўрайдиган? Ишга бораманми-йўқми, ўзим биламан.

– Сиздан ҳисобот сўраётганим йўқ.

– Гапимни бўлма! Кеча мендан бемаслаҳат мажлис қилдинг, айтгандирсан-да, ҳаммасини! Типирчилаб қолгансан-ку! «Отнинг ўлими – итнинг байрами», деб бежиз айтишмаган экан. Билиб қўй, мен ҳеч қандай ишингга ёрдам бермайман. Хомтама бўлма! Қандай қилиб ўша жойга ўтирган бўлсанг, шу тарзда ишлайвер! Бўлимни ҳам пишириб е! Мен эса кўчада қолмайман!

– Халил Муродович, намунча оташинсиз? – Маъсумовнинг овози ҳам баланд чиқди. – Ўзингизни босинг. Мен сизни ўйлаб, шу таклифни айтдим. Энг қулай йўли, ахир! Вақтинчалик, дедим-ку! Мана, бугун ҳам сўрашди... Сизни қочиб кетди, деб ўйлашлари мумкин, тушуняпсизми? Иш очилади. Очилади!.. Шу ерда бўлсангиз, бамаслаҳат ҳаммасини ҳал қилардик.

– Энди маслаҳатим керак бўлиб қолдими? Кеча мажлис...

– Яна мажлисни гапирманг, илтимос. Мен вақтинча бошқа бўлимга ўтишингизни айтдим, холос. Ҳалиги ғавғолар ҳақида чурқ этганим йўқ. Ишонмасангиз, хоҳлаган ходимдан сўрашингиз мумкин.

– Бўлиминг бошингдан қолсин! Нега айтасан? Мен жамоанинг кўзига қандай қарайман? Шу ҳақда ўйлаб кўрдингми?

– Айтмасам ҳам бўлмасди-да! Сиздан сўрашмаса, мана, мендан сўрашяпти. Кеча юз марта сўрашди. Нуқул «Халил Муродович қани?.. Нега бошқа жойда ўтирибди?..» Майли, агар ростдан ҳам ишга чиқмайман, десангиз, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Эртага мендан ранжиб юрмасангиз бўлгани!

Ғайбаров бўғилиб деди:

– Қўрқитма мени.

Маъсумов бўш келмасди:

– Қўрқитаётганим йўқ, огоҳлантиряпман, Халил Муродович. Ҳозирги вазиятни мендан кўра сиз кўпроқ биласиз.

– Сен шогирд бўлиб, менга қандай яхшилик қилдинг, айт.

Маъсумов унинг гапини эшитмагандек сўради:

– Машина борсинми-йўқми?

Ғайбаров ростдан ҳам хавотирга тушиб қолган эди. Ахир, қонун бузилган, бу ҳазилакам гап эмас. Ҳамма айб омбор мудирига ағдарилгани билан Ғайбаров ишхонада кўринмай юрса, ростдан ҳам, бир балоси бор, дейишлари мумкин.

– Мен ҳақимда юқорига нима дединг? – сўради у.

– Бу ишни менга топширганларига анча бўлган, дедим. У киши ёшларни қўллаб-қувватлаш тарафдори, дедим. Энг оқсаётган бўлимга ўз ихтиёрлари билан ўтиб, ишни ривожлантиряптилар, дедим.

Маъсумовнинг гаплари Ғайбаровга маъқул тушди. Барибир ичидаги ҳадикни айтди:

– Барибир омбор мудири сотиб қўяди-ку!

– Нима деб сотарди? – шивирлаб гапирди Маъсумов. – Орқа сана билан расмийлаштириб қўйсак, ҳеч вақо қилолмайди.

Ғайбаров, «ўзинг курсини қачон бўшатасан?» де¬моқчи эди, тили бормади. Жа ўлиб турган экан, деб ўйламасин. Берадиганга ўхшаяпти-ку! Оқибатли ҳар қалай! Акс ҳолда қўнғироқ қилмасди. Астойдил куйиниб гапиряпти. Аммо... бўлим мудирлиги... Қандай ишлайди? Бошқа бўлимдагилар устидан кулишмайдими? Ахир, уларни озмунча сўкканми жаноб Ғайбаров!

Бу гапни ҳам яширмади:

– Энди анови Сафаров, Восиев, Фатҳиддин, Илҳомов, яна ким эди, ҳа, Зулфия опаларга кулги бўлиб юраман-да, шунақа-да-а?

Маъсумов бироз тин олиб жавоб берди:

– Қани бирортасига кулсин-чи!.. Кулмайди. Ҳеч ким кулмайди... Демак, машинани юбораверай?

– Тўхта, аввал хонани яхшилаб тайёрлаб қўйишсин. Кечагидек бўладиган бўлса, керак эмас. Ҳайдовчига айт, менга қўнғироқ қилсин. Қаердалигимни айтаман, – Ғайбаров шундай деб қўшимча қилди: – Тўхта, яхшиси, тушдан кейин келсин, унгача ишларим бор.

Маъсумов индамай гўшакни қўйди. Ғайбаров унинг бу қилиғидан хиёл ранжиса-да, ишхонада ўзининг кераклигидан хурсанд бўлди. Бўлим-бўлим, деб баҳона қиляпти, – ўйлади у, – аслида ишни эплай олмаяпти. Аттанг, Маъсумовдан, «нима деб ўйлайсан, тезроқ босди-босди бўлармикан?» деб сўрамабди-да! Ҳечқиси йўқ, ишхонага борганида сўрайди...

Тушдан кейин Ғайбаров машинада ғўддайиб ўтир¬ганича ишга кетди. Беихтиёр, «отдан тушсам ҳам эгардан тушмаяпман», – деб қўйди ўзига нисбатан.

Бўлимдагилар совуқроқ қарши олишди. Ростдан ҳам энг қолоқ бўлим бу. Шу боис бариси Ғайбаровдан эшитадиганини эшитарди.

– Биз Халил Муродовичдан шу бўлимни ривожлантиришни сўрадик, – деди Маъсумов. – Ўйлайманки, ишлар силлиқ кетади.

Ғайбаров унинг гапини тузатган бўлди:

– Аслида кўнмасдим-у, илтимос қилишганига келавердим, – кейин қўшимча қилди: – Ҳар ҳолда ўзимизнинг қадрдон ишхона. Жонимизни жабборга бериб ишлаймиз. Ишни ҳисоботларни қайта кўриб чиқишдан бошлаймиз. Ҳар бир ой бўйича балансларни кўздан кечирамиз. Хатолар бўлмаслиги учун чораклик билан тақ¬қослаб чиқамиз.

– Бу масалаларни ўзларинг гаплашиб оларси第¬лар, – кулимсиради Маъсумов. – Ишдан сўнг яна бир бор йиғилишиб, натижаларни таҳлил қилсак, Халил Муродович?

Ғайбаров унга норозинамо қараб қўйди...

Ишлар силлиқ кетмади. Ходимлар хўмрайиб қа¬раса, лабини буриб, энсасини қотирса, иш бўладими! Битта-иккитаси эшитилар-эшитилмас пичинг ҳам қи¬либ улгурди: «Бир пайтлар бўлимимизни тугатмоқчи бўлишганди-я, зарарга ишлаяпти, деб, ўша вақтда тор-мор қилишмаганининг сабаби бор экан-да!.. Шундай кунда керак бўлиб қоларкан, қаранг».

Муттаҳамлар-ей, авваллари қалтираб турардинг¬лар. Тилларинг чиқиб қолибди-да!

Кекса Дўстов дегани Маъсумовнинг ҳузурига кириб-чиқишга улгурибди. «Бу одам ўзи тушунмайди-ю, нега бўлимга қўясиз?» – деган эмиш! «Ўзи қилмай, фақат буюради», – дебди яна. Сенларга тайёр қилиб бериш керакми? Тағин Дўстов эмиш! Отаси дўст бўлгандир-да кимларгадир, ўзи асло унақа эмас! Олдинлари ҳам мижғовланиб асабга тегарди.

Ўзи булар Ғайбаров яна ўз курсисига қайтиб ўти¬ришини фаҳмлашмайди, чоғи! Э, бу шундай бўлимки, ўзлари хоҳлаган, орзу қилган одамни, ҳаттоки отасиниям бошлиқ қилиб қўйсанг, норози бўлишади...

Кечроқ кичик мажлис чоғида Ғайбаровга «ҳужум» қилиб кетишса, денг! У бу бўлимга, умуман, ишхонага керак эмасмиш! Уялмай айнан шундай дейишди. Ғайбаров бошини қай тошга урсин! Алам қилгани – мановилар, гўё уни энди кўриб тургандек, мутлақо бегонага қилгандек муносабатда бўлишди. Барака топкурлар, шунча вақт ишлади-ку Ғайбаров, ҳали яна ўтиради курсисига! Йўқ, аксинча, худди ёввойи одамлардек, чувиллаб гап беришмайди. Улар бир томон, Ғайбаровнинг ўзи бир томон.

Маъсудов иккала тарафни зўрға тинчлантирди. Ҳаммаси жойига тушишини, бир-бирларига ўрганиб кетишларидан умид қилаётганини айтди.

– Умид йўқ, – деди чўрт кесиб Дўстов. – Бу одам, аксинча, ишни орқага тортади. Менда бошқа таклиф бор.

– Хўш? – унга кўз тикди Маъсудов.

– Биз тайёрлаган балансларни чиқитга чиқараётган экан, марҳамат, ўзи қилиб берсин. Ана шунда кўрамиз кучини! Ҳисобчилик бу одам ўйлаётганидек осонмас! Бўлим мудирлиги ҳам фақат буюр-буюрдан иборат эмас. Шу чоққача тинчгина ишлаётган эдик. Мана, бугун шунча ғалва орттириб ўтирибди. Оддий ҳисобчи штатига тушириш керак буни.

Ғайбаров сакраб ўрнидан турган эди, Маъсумов уни секин елкасидан босиб, жойига ўтқазди. Тушунтирмоқчи бўлди, аммо Дўстов ҳам, бошқалар ҳам эшитишни исташмади.

– Нима, эплай олмайман, деб қўрқяпсизми? – деди Дўстов кўзларини лўқ қилиб Ғайбаровга. – Ўзи шу иш келадими қўлингиздан? Би-и-р ўзингизни кўрсатинг-чи! Иш буюришни биз ҳам биламиз.

Худди келишиб олишгандек, ҳамма жим бўлиб, унинг оғзини пойлади. Ғайбаров асабийлашди:

– Қўлимдан келади, билдингизми? Мени ким деб ўйлаяпсиз? Нима, кечаги кунгача бутун бошли ишхонани бошқарганимни унутдингизми?

– Сиз кечаги кунни қўйинг, – истеҳзоли кулди Дўстов. – Бугундан гапиринг. Бизга рисоладагидек ҳисоботни тайёрлаб кўрсатинг, яна такрорлайман, агар қўлингиздан келса.

Маъсумов Ғайбаровга юзланди:

– Наҳотки булар билимингизга ишонмаётган бўлишса? Бир қойиллатиб ташланг!..

Ғайбаров эртасига бўлимдагиларнинг талаби билан оддий ҳисобчиликка ўтказилиб, ҳаммага намуна бўладиган ҳисобот тайёрлаб берадиган бўлди.

Уйга қайтар маҳали Ғайбаров беихтиёр дайди-шумқадамни эслади. Ростдан ҳам башоратчи эдими у?

* * *

Ғайбаров уйга келгач, узоқ вақт ўйланиб ўтирди. Кўз олдидан шумқадам дайди сира кетмасди. Кейин хотинига ёрилди. Мана шу одам хонасига келиб-кетганидан сўнг барча ишлари телба-тескари бўлаётганини айтди. Ишни вақтинча шогирдига топширганини таъкидлади. Хотинининг чиройли қошлари чимирилди. «Ҳали мендан шунча гапни яшириб юрибсизми, кўнглим сезганди-я», – деди.

Ғайбаров учун бу гаплар муҳим эмас эди. Парво қилмади. Яна ўзининг ўй-хаёлларига берилди. Эртага ёзиб берадиган ҳисоб-китоб ишлари ҳақида бош қотирди. Аблаҳ Дўстов! Ўша дайдининг таниши бўлмасин тағин! Аллақачон ишхонадан ҳайдаб юбориш керак экан. Мана, заҳрини сочиб ўтирибди. Ёнидагилари, «э, нималар деяпсиз, ахир, бу киши – Халил Муродович-ку», ҳам дейишмади. Улар ҳам аблаҳ! Дўстов деган ғаламис билан ишлагандан кейин ҳаммаси аблаҳ-да! Нега бошлиқнинг тарафини олишмади? Собиқ бўлгани учунми?..

Ҳа, майли, эртага шундай қойилмақом ҳисоб-китоб қилиб берсинки, оғизлари ланг очилиб қолсин! Шогирди Маъсумов ҳам қўллаб турар ҳар ҳолда! Нега шу бўлимга ўтказди-я! Тили бир бўлса керак буларнинг. Ҳаммасини ўша шумқадам қиляпти! Роса қадами расво одам экан-да!..

Кечқурун ётишда хотини девор томонга ўгирилиб олди – худди у ҳам Ғайбаровдан юз ўгиргандек. Алами келди Ғайбаровнинг. «Энди керак бўлмай қолдимми? Авваллари айланиб-ўргилардинг-ку! Елакаларимни, бошимни уқалаб қўярдинг... Э, ҳамманг бир гўр!..»

У алламаҳалгача тўлғаниб ётди. Ич-ичидан аста-секин ишхонадан четлашаётганини ҳис қилар, аммо буни сира тан олгиси келмасди. Аслида-ку, тезроқ кетгани маъқул, аммо кетишга ҳам қўйишмаяпти-да!..

Қачон ухлаб қолди, билмайди. Ўша нотаниш дайди тушига кирди. «Қалайсан?» дегандек кулимсираб турибди. Ким эди-я у? Ҳали мени излаб қоласан, деганди, ростдан ҳам излармикан ўшани? Излаган билан нима? Кечирим сўраши керакми? Аксинча тумшуғига бир мушт тушириб, сал бўлса-да, аламидан тушиши мумкин...

Эртасига Ғайбаров ҳисоботни ростдан ҳам қойилмақом қилиб берди. Маъсумов ёлғондакам кўз югуртириб, «зўр, бундан ортиқ бўлмайди», – дея Дўстовга узатди. У эса энсаси қотиб, нигоҳ ташлади. Бир Маъсумовга, бир Ғайбаровга қаради. Хато тополмаса-да, менсимагандек бўлди.

– Буни ўзингиз қилдингизми? – деб сўради кейин.

Ғайбаров жаҳли чиқиб, Маъсумовга ўгирилди. У эса Дўстовга сўз қотди:

– Бу нима деганингиз? Биров қилиб берармиди? Кўз олдингизда тайёрлаб берди, назаримда. Ёки бунгаям ишонмайсизми?

– Ҳа, энди-и, – елка қисди Дўстов, – бировга пул берсанг ҳам тайёрлаб берадиган замон-ку ҳозир.

– Сиз ўзи аввалдан майдагап эдингиз, ҳозир беш баттар бўлибсиз, – тутақиб кетди Ғайбаров. – Чўкаётган одам чўпга ёпишар экан. Камчилик тополмаганингиздан кейин шунақа баҳоналар қидиряпсизми энди?

Дўстов унга олайиб қаради:

– Ким чўкяпти, менми ё сизми? Бундай мақол¬ларингизни пишириб енг, билдингизми? Мен ростини айт¬япман, ўзингиз тайёрлаганингизга ишонмайман. Йиғиб қўйган пулларингиз бўлса, бирорта таниш ҳисобчига берган бўлсангиз, қилиб ташлаган-да!

Маъсумов худди бу даҳанаки жангга хайрихоҳдек индамай турарди. Ғайбаровга қўйиб берса, ҳозир Дўстовнинг башарасига боплаб туширарди-ю, аммо бу – ёмон одам! Шартта шикоят ёзиб, мелисама-мелиса чопишдан ҳам тоймайди. Ўзи ғирт саводсиз-у, гапини қаранг!

– Шоҳид, мен бу одам билан пачакилашиб ўтир¬майман, – деди Ғайбаров Маъсумовга. – Мана, қилиб беринг, дедиларинг, қилдим. Хоҳласанг, ўзинг бирорта мутахассисга кўрсат, хулосасини берсин! Кейин ўша хулосани манови одамга ҳам бер, танишиб чиқиб, баттар жизғанак бўлсин!

– Ўв, ўв, – овозини бир парда кўтарди Дўстов, – мен сенга жизғанак бўлишни кўрсатиб қўяман.

Ғайбаровнинг алами келди, ахир шу чоққача бу ишхонадагилардан бирортаси уни сенсирамаган. Ҳур¬матини жойига қўйишган. Шунчалик ҳам ҳурмат¬сизлик бўладими?!

– Сенсираманг, – деди лаби гезариб. – Мен сизнинг болангиз эмасман. Шунча одамнинг олдида маданиятсизлик қилишга уялмайсизми?

– Нима?! – қулоғига қўлини карнай қиларкан, калака қилди Дўстов. – Болангиз эмасман, дейсанми? Шоҳид Камолович-чи? У сенинг болангми? Нега уни сенсирайсан? Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ, дейдилар. Ана шунақа, биз ҳам мақолни биламиз. Шоҳид Камолович – бошлиғимиз. Сен шунча одамнинг ичида уни сенсирайсан-у, мен биргина сени сенласам, жаҳлинг чиқадими?

Ғайбаров Маъсумов ўртага тушади, деб ўйлаган эди. Дўстовнинг гаплари маъқул келдими, у индамади. Гўё бу гапни қўллаб-қувватлаётгандек. Нобакор, бир оғизгина гапириб, тарафини олса бўларди шу топда!

– Шоҳид – менинг шогирдим! – деди Ғайбаров ичидаги гапни тилига чиқариб. – Уни анчадан буён сенсираб келаман. Сиз шуни билиб туриб, атайин жиғимга тегяпсиз.

Дўстов Маъсумовга ўгирилди:

– Шоҳид Камолович, ўзингиз айтинг, шунча одам ичида сизга сенсираб мурожаат қилиши тўғрими? Бунақада ҳурматингиз қоладими, нега лом-мим демайсиз? Гапиринг манови маданиятлига! – шундай деб бошқа ходимларга ўгирилди: – Сизлар нега мум тишлаб олгансизлар? Шу пайтгача қийнагани етмаганмиди? Ахир, бўлимни тарқатиб, бизни сарсон-саргардон қилмоқчи эди-ку бу! Энди эса отдан тушсаям эгардан тушмаяпти. Шунча одамнинг олдида бошлиқни сенсираганини қаранг тағин! Ўргилдим маданиятингдан!

– Аблаҳ! – деб юборди Ғайбаров.

Дўстовга шу гап керак эди:

– Нима дединг? – яна бошқаларга қаради: – Ҳамманг эшитдинг, бу мени ҳақорат қилди. Шаънимни оёқости қилди. Мен энди тинч қўймайман. Кунини кўрсатаман!

Ғайбаров бўш келмади:

– Қўлингдан келганини қил! Қаерга борсанг, бор.

– Албатта, бораман. Нима, сенинг мушугингни пишт дейдиганлар йўқ, деб ўйлаганмидинг? Биламиз, ҳаммасини биламиз. Омбор мудирини алдаб, ҳужжатга қўл қўйдирганингниям биламиз... Ҳали шошмай тур.

Ниҳоят Маъсумов тилга кирди:

– Бас қилинглар! Уялмайсизларми? Кап-катта ёшда бўлсаларинг, айтишиб ўтиришларинг яхшими? Бу гап жамоага тарқалиб кетса, нима бўлади?

– Мен кетаман, – деди Ғайбаров. – Бундай одам билан ишлагандан кўра, уйда ўтирганим маъқул! Кеча баланс-баланс, деб, бугун тайёрлаб берсам, энди яна баҳона топиб ўтирибди. Шу адолатданми?

Хадича опа дегани гапга қўшилди:

– Халил Муродович, баланс тайёрлаб бердим, деб ҳамманинг бошини ёрасизми? Сал ўзингизни босиб олинг. Туроб аканинг ёши сиздан катта, жаҳл устида сенсираганига шунчами, тавба?.. Тўғри айтади-да, бошлиқ сизнинг болангиз эмас-ку, ҳурматсизлик қилсангиз!

– Э, кетаверсин, – қўл силтади Дўстов. – Аллақачон кетиши керак эди. Аввало, кетолмайди. Шундай деб ўзича ҳурмат-иззатини оширмоқчи! Аслида ҳурмати қолибдими бунинг? Шошманг, судма-суд бир судрай, ўшанда билади, аблаҳ деган сўзнинг маъносини!

– Уят бўлади, Туроб ака, – деди Маъсумов. – Бу ҳақда ўйламанг ҳам. Ишхонанинг нуфузи турибди. Бошқа идоралар эшитса, нима деган одам бўламиз? Одам қизишганда ҳар нарса деворади-да!

– Йўқ, сиз бир саволга жавоб беринг, – гапини тўхтатгиси келмасди Дўстов. – Бошлиқни сенсираш керак, деб қаерда ёзилган, қаерда?.. Ҳозироқ кечирим сўрасин сиздан, майли, мендан сўрамасин, зор эмасман, аммо сизга нисбатан ҳурматсизлик қилгани учун кечирим сўрасин. Биз шуни талаб қиламиз. Биз – ҳаммамиз талаб қиламиз!

– Ҳа, талаб қиламиз, – унинг таклифини маъқуллади Хадича опа. – Сизлар нега индамайсизлар ёки нотўғри гапиряпмизми?

Бошқалар ҳам ноилож ғўнғир-ғўнғир овоз билан қўллаб-қувватлаган бўлишди.

Ғайбаровнинг қовоғи солиқ эди. Назарида, бу томоша аввалдан саҳналаштирилган спектаклдек туюлиб кетди. Тавба, кечирим сўраттирмоқчими булар? Шогирдидан-а? Мана шу найновдан? Сўраб бўпти! Шу йўл билан ғалаба нашидасини суришмоқчи булар! Маъсумовнинг ўзи ҳам кутиб турганга ўхшайди. Мойдек ёқди-да буларнинг лаганбардорлиги! Чучварани хом санабсизлар!

У индамай, стол устидаги қоғозларни сумкасига жойлай бошлади. Гўё ҳеч ким йўқдек, атайин шошилмай иш тутарди. Дўстовнинг гапи нафсониятига теккан, Маъсумовдан кечирим сўрагандан кўра, у билан судма-суд юришни афзал билаётган эди ҳозир. Қани эди замон кўтарса-ю бунақаларни оёғинг остига солиб тепкиласанг! Ахир, турган-битгани тушов-ку бунинг! Ишхонадаги зараркунанда! Топган баҳонаси-чи! Аблаҳ! Ҳа, ҳақиқий аблаҳ! Тағин тилёғламалик қилади. Нима деб гапиришни билади бундайлар! Манови Шоҳид Камолович ҳам лаққа тушиб ўтирибди гапига! Хушомад хуш ёқса, ҳақиқатни ҳам четлаб ўтаркансан, шогирд! Садқайи одам кет! Устозингни ер билан битта қилиб ўтиришибди-ю, гапирган гапингни қара!..

– Йўл бўлсин! – деди Маъсумов худди Ғайбаровнинг ичидагини эшитиб ўтиргандек.

У лом-мим демасдан янада шошилмай папкасини ёпа бошлади. Бошқалар ҳам индашмасди. Ҳатто, Дўстов, «қани, қаергача бораркан», дегандек, қошини кериб турибди. Ҳаммаси Ғайбаровнинг кетишини кутиш¬япти. Буларга қолса, Ғайбаров ҳозир чиқиб кетса-ю, кейин бошқаларга, аканг қарағайни биз кетказдик, деб мақтанишса! Оғзи билан юради булар. Бўлим фаолияти билан заррача ишлари йўқ. Боқимандалар тўдаси! Тавба, авваллари ҳам шунчаликка боришармиди?! Мажлис-пажлисни писанд қилишмасди, кириб қолганларида ҳам без бўлиб, жангга шайлангандек ўтиришарди. Шунинг учун ҳам буларнинг бўлими бошлиқ кўрмади-да! Сиғиштиришмайди! Бир чўқишда қочиришади. Тавбангдан кетай, шу қадар ичиқора, бадфеъл бўлиш мумкинми?

Қизиқ, Ғайбаров қўрқармиди булардан! Ахир, му¬шукларини пишт демасди-да! Бир-икки ташланиб кўр¬ганида билганди-я қанақаликларини! Ўшанда йўлини қилиб бўлимни тарқатиб юбориши керак экан. Маъсумов айтганди-я бу ҳақда. Аттанг!..

Ғайбаров индамай серғалва хонадан чиқди. Ор¬ти¬дан Маъсумов эргашди. Дўстов ғолибона тарзда мийиғида кулиб, бошқалар унга тан бергандек қо¬ла¬веришди.

– Қаёққа кетяпсиз? – сўради Маъсумов Ғайбаровга етиб оларкан.

– Уйга, қаёққа бўларди!

– Нега?

Ғайбаров таққа тўхтади:

– Бу нима деганинг? Кўра-била туриб сўрайсан-а? Ахир, ер билан қориштириб ташлашди-ку мени! Ўзи кеча сезгандим-а, сенларнинг ниятингни! Калака қилмоқчи эдиларинг, кўнгилларинг жойига тушгандир!

Маъсумов ён-атрофга қараб олди:

– Секинроқ... Унақа қилманг. Яхшиси, менинг ёнимга ўтинг. Биласиз-ку, буларни. Вақтида айтгандим сизга, шу бўлимни йўқ қилиш керак, деб. Мана, оқибати!

– Э, сенгаям қойил эмасман. Шунча одамнинг олдида мени талатиб ўтирибсан.

– Халил Муродович, кўрдингиз-ку, менгаям гап бермайди булар... Юринг, яхшиси, хонамда гаплашиб оламиз. Агар ҳозир кетиб қолсангиз, енгилганингиз бўлади. Дўстов дўпписини осмонга отади. Шунча йил ишлаб, бош эгиб чиқиб кетманг, дейман-да!

Ғайбаров индамай йўлида давом этди. Шогирдининг бу гапларига эътироз билдирмаса-да, кайфияти носоз эди. Айни дамда ўзидан ҳам хафа бўлиб кетди. Нега келди шу ерга? Хўп, келди. Енг шимариб ишга киришди. Айтганларини бажарди. Барибир норози булар! Нима қилиш керак? Наҳотки бошқа иш топилмаса?

– Менга сизнинг ёрдамингиз керак, – деди ортидан Маъсумов.

Ғайбаров яна икки-уч қадам юриб тўхтади. Орқасига ўгирилиб, қовоғини солганча турди. Маъсумов тез-тез юриб, унинг олдига келди. Ростдан ҳам Ғайбаровнинг ёрдами керакмикан? Тағин бир балога дучор қилишни ўйлаётган бўлмасин.

– Ука, – деди Ғайбаров, – мени тинч қўйинглар. Шу бугунгидек сира шарманда бўлганим йўқ. Ким билсин, эртага яна нималар бўлади! Виждонинг ҳам қийналмасин, ўша амал сеники, хижолат тортма. Илтимос, мени бошқа безовта қилма.

Маъсумов бир сўз демай, уни хонасига судради. Кириб ўтиришгач ҳам оғиз очмади. Бир пиёлага сув қуйиб узатаркан, кейин тилга кирди:

– Тўғримиздаги хона бўш турибди, ўша ерда ўтирасиз.

– Йўқ, – бош чайқади Ғайбаров, – айтдим-ку, виждонинг қийналмасин, дедим-ку!

– Бу гапларни қўйинг. Менга ёрдамчи бўласиз!

– Ёрдамчи?

– Номига-да, Халил Муродович, номига. Ҳозир вазият шуни тақозо қилади, ўзингиз тушунасиз. Бўлимдагиларга парво қилманг. Биламан, ҳали кўп жиғингизга тегишади. Терингизни қалин қилиб ўтираверинг. Менга чиндан ҳам ёрдамингиз керак. Айрим ишларга журъат қилолмайроқ турибман. Маслаҳатингизга муҳтож бўлиб қоламан.

Ғайбаров барибир ўзининг кераклигини ҳис қилиб, сал ҳовуридан тушган эди. Аммо буни сездирмасликка ҳаракат қилди. Умуман айтганда, Маъсумовнинг таклифи маъқул. Аввалроқ қаерда эди? Бироқ ёрдамчи бўлиш... бўлимдагилардан ҳам паст иш-да! Анчадан буён ёрдамчи йўқ эди ўзиям. Мана шу шогирди қилиб юрарди ёрдамчининг ишларини. Мажлис ҳужжатларини тайёрлаш, жадваллар тузиш, кўрсатма, буйруқларни тайёрлаш, бўлимларга тарқатиш, уларга имзо қўйдириш... Тўхта, энди бу ишлар билан Ғайбаров шуғулланадими? Йўғ-ей, Маъсумов шунгача олиб бормас, «номига» деяпти-ку! Яхши бўлади қайтага, котибага у-бу ишни буюради, айтгандай, Ноиласини ҳам кўриб туради, соғинган уни. У ҳам соғингандир?

– Майда-чуйда ишлар билан бошимни қотирмайсанми? – деб сўради Ғайбаров.

Маъсумов ниманидир ўйлаб ўтирган экан, шекилли, даставвал бу гапга тушунмади. Ғайбаров такрорлагач, кулимсираб қўйди. «Қўйсангиз-чи», деганими ёки «ёрдамчи бўлгандан кейин қиласиз-да», деганимикан бу? Эҳтимол, бу гап энди ортиқча, дея эътирозини кулгига йўяётгандир?

– Юринг, Халил Муродович.

– Қаёққа? – ҳайрон бўлди Ғайбаров.

Маъсумов яна кулди:

– Хонангизга.

– Ҳм-м...

Кенг қабулхонани кесиб ўтиб, ўша хонага кирдилар. Туппа-тузук, орастагина! Фаррошлар бир-бир тозалаб олишса бўлгани. Кейин Ғайбаров пусибгина ўтиради. Аслида-ку, бу хонада ўтирганини ҳеч ким билмасаям керак, ахир, кимсасиз деб ўйлашади-да! Анови Дўстовга ўхшаганлар эшитиб қолишмаса бўлгани!..

Фаррош хола хонани тозалаб чиққунича Ғайбаров қабулхонадаги китобларни кўздан кечирган бўлди. Бир пайт орқасида «тақ-туқ» оёқ товуши эшитилгач, секин ўгирилди. Ноила уни сезмай шундоққина Маъсумовнинг хонасига кириб кетди. Иш юзасидан эмас, акс ҳолда қўлида у-бу қоғоз бўларди. Чақирганмикан Маъсумов? Бу билан иккинчи марта бўляпти. Ёки Ноиланинг ўзи кўзларини сузиб, нозланаётганмикан? Ахир, бир вақтлар Ғайбаровни шунақа муқомлари билан илинтирган-да у! Ғунажин кўзини сузмаса...

Ғайбаров диққат бўлиб янги хонасига кирди. Иш билан андармон бўлиш учун атайин Маъсумовдан бир даста ҳужжат олиб, стол устига ташлаган эди. Ана шу юмуш билан шуғулланмоқчи бўлди. Аммо икки ҳуши Маъсумовнинг хонасига кетаверди. Бир-иккита қоғозни қўлига тутамлаб, секин турди. Дастлаб журъат қилолмай турди. Кейин бор кучини жамлаб, хона(си)дан чиқди. Ноилани қизғанишдан кўра икковлон ичкарида нима иш билан машғуллиги ич-этини кемираётганди унинг.

Қабулхонадан ўтаётиб, котиба ичкарида одам борлигини, «Шоҳид Камолович ҳеч ким кирмаслиги лозим»лигини тайинлаганига қарамай, қизиқиши баттар ортди. Унга хўмрайиб қараб, Ғайбаров Маъсумовнинг эшик тутқичига қўл узатди. «Кирманг», – деди котиба унга яқин келишга ботинолмай. Ғайбаров шартта эшикни очиб, ичкарига одимлади. Кирди-ю кутганидек манзаранинг устидан чиқди. Ноила Маъсумовга анча яқин турар, нималардир деб кулаётганди.

– Келинг, – деди Маъсумов кутмагани учун шошиб қолиб хушламайгина.

Ғайбаров Ноилага ғалати қараб қўяркан, қўлидаги қоғозни узатди:

– Мана шуни коэффицентларга бўлиш шартмикан, демоқчи эдим.

Маъсумов хиёл титраган қўллари билан қоғозни оларкан, кўз югуртирди. Бу орада Ғайбаров Ноилага еб қўйгудек қараб олди. У эса кўзларини олиб қочарди. Хонадан чиқиб кетишниям билмасди. Уч кишининг ўртасида оғир сукут чўккан, бу ноқулайликдан кимдир хижолат чеккан, кимдир дарғазаб, кимдир бир қадар хотиржам эди.

– Шарт, Халил Муродович, коэффицентларга бўлмасак, аниқ натижани кўрсатолмаймиз, – деди Маъсумов кўзларини қоғоздан узмай. – Акс ҳолда ишни қайтаришлари мумкин.

Ноила Ғайбаровга қарай олмасди. «Ҳар ҳолда виждони бор экан, – деб қўйди Ғайбаров, – аммо барибир бевафо!..»

Маъсумов қоғозни Ғайбаровга қайтариб узатди, бу дегани – бўлди, аниқлик киритдингиз, кетаверинг! Бизга халақит берманг!

Ғайбаров чидаб туролмади.

– Сен чиқиб тур, – деди Ноилага.

Ноила унга норозинамо қараб қўйди-да, оҳиста қадамлар билан чиқиб кетди.

– Сен бунга ишонма, – деди Ғайбаров Маъсумовга. – Алдаб-авраб ишончингни қозониб олмоқчи! Келин эшитса, шовқин кўтариб келмасин тағин.

Маъсумов ютиниб олиб, жавоб берди:

– Бу сиз ўйлаган нарса эмас, Халил Муродович... Кейин... илтимос, тақиллатмай кирманг бу ерга.

– Сен эса менга ақл ўргатма. Тушунмадингми, келин эшитса...

Маъсумов беўхшов кулди:

– Ҳар ҳолда келинингизга айтмассиз?

Ғайбаров ўзини тушунмаганга олди:

– Нима қилмоқчисан ўзи?

– Сиз-чи, сиз нима қилмоқчисиз? – тепа сочи тикка бўлди Маъсумовнинг. – Нима, энди ортимдан пойлоқчилик қилиб юрасизми? Ақл ҳам ўргатманг, бунақа ёшдан ўтганман. Ўзи яхшилик сизга ёқмас экан, мана, олдимга олиб келиб қўйгач ҳам, раҳмат айтиш ўрнига индамай кириб келаверасиз... Сабабини биласизми, қиладиган ишингиз йўқ, шунинг учун!

– Мен сенинг марҳаматингга зор эмасман, – ўдағайлади Ғайбаров. – Ўзинг қўярда-қўймай ча¬қиряпсан-ку ишга! Қўлингдан келмайди-да ишлаш.

– Сиз мени кўролмаяпсиз, Халил Муродович. Ноилани рашк қиляпсиз.

– Э, Ноиланг бошингдан қолсин. Аризамни ёзаман!

– Ёзсангиз, ёзинг... Жонга тегдингиз роса!..

Ғайбаров шартта ўтириб, қўйнидан ручка чиқарди-да, қўлига оппоқ қоғоз олди. Ёзишга тутинди. Маъсумов индамай кузатиб турди. Қитир-қитир қилиб тезгина ёзиб бўлинган ариза чеккасига «Буйруқ учун», деб имзо қўйди.

– Раҳмат сенга, яхши қол, – Ғайбаров шундай деб эшик томон йўл олди.

– Боринг-боринг, уйингизда яхшилаб дам олинг, – тўнғиллади Маъсумов.

– Йўқ, мен сенинг уйингга бораман, – бир тўхтаб олди Ғайбаров. – Хотинингни тўппа-тўғри шу ерга бошлаб келаман. Келиннинг феълини билмасам экан. Шошмай тур, сен ҳали совунимга кир ювмабсан. Ҳали ҳаммаси учун жавоб берасан, мансаб ўғриси!..

У эшикни тарақлатиб чиқиб кетди...

* * *

Ғайбаров пастга тушиб, баттар жиғибийрон бўлди. Шу чоққача бир гапини икки қилмаган ҳайдовчи ҳеч қаёққа олиб боролмаслигини айтса бўладими! Энг ёмони, худди билиб тушгандек, уларга Дўстов бақрайиб қараб турарди. Ғайбаров ўсал бўлди. Бу нимаси? Энди пиёда кетадими? Пиёда эмас-у, йўловчи машинада!

Шошмай тур, Маъсумов! Хотинингни олиб келиб, бир шармандангни чиқармасамми?

Дўстов унинг ҳолига қараганча чўзиб-чўзиб кулди. Ҳа, одамлар шафқатсиз бўлиб боришяпти. Чорасиз қолганингни билишса, кайфиятлари чоғ бўлади. Ғайбаров унга қараб бир хезланди-ю, ўзини зўрға қўлга олди. Алами ичида қолди.

Йўловчи машинага ўтираркан, Дўстовдан узоқ¬лашиш учун савдолашиб ҳам ўтирмади. «Тўғрига, ука, йўлда тушунтираман, фақат тезроқ», деди ҳайдовчига...

Машина Маъсумовнинг уйига келганида тезгина ундан тушди. Ҳайдовчига кетиб қолмаслигини, бир аёл билан қайтиб чиқиб, ҳозиргина келтириб қўйган жойига яна элтиб қўйишини сўради.

– Алдаб кетмайсизми, тоға? – деди кулиб жиккаккина ҳайдовчи. – Тағин эрталабгача девор суяб ўтирмайлик.

Ғайбаров унга хўмрайиб қараб қўяркан, подъезга кириб кетди. Шу уй эди, адашмади, шекилли? Қайси қават? Кичкина қизалоқ ўтиб кетаётган экан, ўшандан сўради. Олтинчи қаватда, деб жавоб берди у. Ғайбаров лифтга зўрға улгурди.

Олтинчи қаватга чиққач, у яна ўйланиб қолди. Учта эшик. Қайси эди-я? Ахир келганига анча бўлган. Етти-саккиз киши бўлиб, «уй кўрди»га келишганди ўшанда! О, Ғайбаров бошқача эди-да! Икки хонали уйни менсимайгина кўздан кечирган, ўзининг ҳам бир вақтлардаги каталакдек уйи ёдига тушганди. Аблаҳ шогирди айланиб-ўргилган ўшанда. Бошқалар ҳам! Вақти кўп эканми, Маъсумовни роса «туширишган». Бояқиш кўчадаги дўконга уч-тўрт бориб келганди-ёв! Эртасига билса, қўни-қўшнидан қарз сўрашга ҳам мажбур бўлган экан. Мана энди ғўддайиб ўтирибди устозининг жойида! Энди у менсимайди...

Ғайбаров таваккал қилиб бир эшикни тақиллатган бўлсаям, адашмабди. Эшикни норғул ўспирин очиб, ҳайрон бўлди. Салом бераркан, Маъсумовнинг уйи эканлигини тасдиқлаб, савол аломати билан қаради.

– Ойинг уйдами, чақир бу ёққа, – деди буйруқ оҳангида.

Ҳаял ўтмай, остонада келин кўринди. Ғайбаровни кўриб, у ҳам ҳайрон бўлди. «Келинг», деди.

– Йўқ, келин, кирмайман, – бош чайқади Ғайбବров. – Бундайроқ чиқинг ўзингиз, гап бор. Эшикни ёпинг.

Аёл бироз саросималаниб, оёғига шиппагини илди-да, эшикдан ташқарига чиқди:

– Тинчликми? Хўжайинга бир гап бўлдими?

– Ҳа, ёмон гап, – паст овозда гапирди Ғайбаров. – Пастда машина кутиб турибди, – шундай деди-да, кейин нима деярини билмай, каловланиб қолди. «Тез юринг, эрингизнинг аҳволини кўринг», десинми? Боргани билан Маъсумов бўйнига олармиди! Тағин ўзининг шармандаси чиқмасин!

Орага ноқулай жимлик чўкди. Ғайбаровнинг манг¬лайида тер пайдо бўлган эди. Юзига ташвишли тус бериб, келиннинг ичини қизитиши керак эди, аттанг, эплолмаяпти. Аёлгинанинг «нима дейсан?» дегандек савол аломати зоҳир бўлган юзига қараб, сўзини таваккал давом эттирди:

– Шу... Мен сизларнинг оилангизни аввалдан биламан. Агар ҳозир бормасангиз, эрингиздан ажраб қолишингиз мумкин.

– Нима?! – унинг гапини бўлди келин. – Нафасингизни иссиқ қилинг, ака...

– Мен сизга ростини айтяпман. Эрингиз бир аёлга илакишиб қолган. Унга тўғриликча тушунтирдим. «Барака топ, ука, келинни, оилангни, болаларингни ўйла», дедим. Қани қулоқ солса! Ноила деган бир жувон бошини айлантириб юрибди. Боя хонасига кирсам, иккаласи оғиз-бурун ўпишяпти. Дарҳол кўз олдимга келдиларингиз. Ахир, нима бўлгандаям бу хонадондан бир пиёла чой ичганман. Ажралиб кетманглар, дейман-да! Қолаверса, эрингиз – бизнинг шогирд. Келажаги бор йигит. Агар ҳозирдан шундай йўлга кириб кетса, эртага узоққа боролмайди, келин. Юринг, тезроқ борайлик. Бу масалани иссиғида ҳал қилиш керак.

Келин ҳозиргина уйқудан уйғонган одамдек, Ғайбаровнинг гапларини ҳазм қилолмаётган эди. Дафъатан бу хабар эсанкиратиб қўяди-да!

– Сиз ҳозир ҳам... ишлаяпсизми ўша ерда? – деди бироздан сўнг.

– Ҳм-м... Ҳа, ишлаяпман. Эрингиз бўшади, деб айтдими, ўзи мендан ёрдам сўраб юрибди-ку, тавба! Майли, ҳозир гап бунда эмас.

Келиннинг қошлари чимирилди:

– Сиз шу гапни айтиш учун келдингизми? Тушунолмаяпман... Эрим телефонда бир нималар деди, ҳайрон бўлдим. Лекин сизни келасиз, деб кутмагандим. «Агар борса, гапларига ишонма», – дедими-ей! Ўзи нималар бўляпти?

– Мен бу саволингизга ўша жойдан жавоб топасиз, деб келдим, – диққат бўлди Ғайбаров. – Тушуняпсизми, эрингизни бир аёл тортиб олмоқчи. Ахир, сиз учун муҳими, оилангизнинг тинч-тотувлиги эмасми? Юринг, акс ҳолда эрингизнинг қилмишларига гувоҳ бўлолмайсиз.

Келин ўйланиб туриб, ҳозир, деди-да, ичкарига кириб кетди. «Эрингизга телефон қилиб қуйманг», – деди унинг ортидан Ғайбаров.

Шу лаҳзаларда у, балки нотўғри қилаётгандирман, жаҳлга эрк бериб, ўзимгаям жабр қилиб қўйишим мумкин, деб ҳам ўйлади. Ҳар ҳолда Маъсумов индамай қўймаса керак. Нима бўлганда ҳам у – энди амалдор. Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан... Қофиясини қаранг! Илгари таҳлил қилиб кўрмаган экан. Худди Ғайбаровнинг ўзига қарата айтилгандек, гўё.

Ростдан ҳам Маъсумов Ноилани ўзига қарши қайраб қўйса-чи? Ўша маккора ҳам, «йўқ, аксинча мен Ғайбаровнинг ўзи билан ош-қатиқ эдим», – дейиши мумкин-ку! Аммо қандай исботлайди? Уларни фош этиш эса осон. Ғайбаров Маъсумовни ҳар ҳолда яхши билади. Қасам ич, дейди. Ноилага бир дўқ урса, уни ўчади. Унинг айрим сирлари бор.

Умуман, нима бўлгандаям ҳозир Маъсумовнинг хотини чиқади ва улар тезда ишхонага етиб борадилар. Ноила қочиб кетгани билан манови аёл эрини тинч қўймайди. «Мана, ака гувоҳ бўлибди-ку», – дейди. Қасам ичиш керак бўлса, Ғайбаров ҳам қасам ичади. Кейин келинни тезлайди. «Ўша аёл барибир тинч қўймайди, уни кетказишдан кўра эрингиз бошқа иш топгани маъқул», – дейди...

Оббо, хаёллар тўзғиб кетяпти. Ишқилиб эр-хотин бўлиб Ғайбаровнинг ўзини талашмаса эди! Ҳар қалай хотин Маъсумовники! Йиллар ўтиб, гаҳ, деса кафтига қўнадиган қилгандир балки? Йўғ-ей, йиллар ўтган са¬йин аёлнинг ҳукмфармолиги ошиб боради, шекилли! Қайсидир қизиқчи айтган эди: «биринчи йили – хотин, учинчи йили – хоти-и-ин, яна йиллар ўтиб – хотинжон, кейин-кейин – хотин ака-а-а...»

Ниҳоят келин чиқди. Ғайбаров унга зимдан разм солиб, кўнгли тўлгандай бўлди. Энди аёлнинг юзида ҳайрат ифодаси йўқ, ўрнини қаҳр-алам эгаллаган эди. Мана, асл қиёфаси бу! Бир вақтлар жамоа ходимлари билан уюштирилган зиёфатда кўпчилик ўзининг рафиқаси билан келган эди. Мана шу хоним ҳам борган. Маъсумовни ёши каттароқ бир аёл ўйинга таклиф қилганида юмма талаб берди-ку! Жуда чатоқ экан. Шунча одам қараб турибди демади. Аёл кишининг бу қадар рашк қилишини Ғайбаров ўшанда кўрган. Шу баҳона ўзи ҳам қадамини билиб босадиган бўлди. Эҳтиёт бўлгани яхши-да! «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил». Аниқроғи, яхшигина хулоса чиқариб ол!

Ҳа-я, эслади: келиннинг исми Шоира эди. Ҳалиги опага худди ўзини етти иқлим танийдигандек, «танимаскансиз-да, мени Шоира дейдилар, у қулоғингиз билан ҳам, буниси билан ҳам эслаб қолинг», – деган эди бақириб. Маъсумов бечора бошқа ходимлардан кўра Ғайбаровнинг олдида ўсал бўлган. Ер ёрилсаки, кириб кетса!..

Пастга тушдилар. Машинага яқинлашишаркан, Шоира қадамини секинлатиб тўхтади. Юзида савол аломати зоҳир бўлди:

– Бу қанақа машина? Ишхонаники эмасми?

Ғайбаров уни шоширди:

– Нима фарқи бор ҳозир, келин? Биз тезроқ боришимиз керак.

Шоира ўзига ишонгани билан хоҳлаб-хоҳламай машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди. Одмироқ кийинган ҳайдовчига паст назар билан қараб қўйди.

– Ҳайданг, ука, – деди Ғайбаров олд ўриндиққа жойлашиб, эшикни ёпаркан. – Бояги жойга ҳайданг. Иложи борича тезроқ.

– Хўп-хўп, – жавоб берди оғриниб ҳайдовчи, кўзгучадан Шоирага норози қараб. Машинани ўт олдираркан, Ғайбаровга тўнғиллади: – Анча қолиб кетдингиз, вақтимни ҳам ҳисобга оласиз энди. Биздаям оила, бола-чақа бор.

Машина ғизиллаб йўлга тушди. «Дом» олдидаги икки-учта қўшни аёл ажабланиб қараб қолишди.

Йўл бўйи чурқ этмай кетдилар. Ғайбаров ҳануз ўй-хаёлини йиғолмай овора эди. Ҳаммаси чалкашиб кетяпти. Ўша Ноилани деб бўляпти! Тавба, нимасини қизғанди-я? Иккаласи қўшмозор бўлсин эди. Мана энди қандай кириб боришади-ю нималар бўлади, унчалик аниқ эмас. Шунча одамга томоша! Энг ёмони, жамоа Маъсумовнинг хотинини Ғайбаров етаклаб келганини билса, нима дейди? Ўл, бу кунингдан демайдими? Алам қипти-да, Халил Муродович! Ана шунақа бўлади. Ўзинг ҳам вақтида роса кўнгилхушлик қилгансан, ҳасад қиляпсанми энди?..

Йўқ, яхшиси, Ғайбаров келиннинг ўзини ишхонага киритиб юбориб, ўзи ташқарида қолади. Фойдаси бўлармикан? Маъсумов ҳаммаси туҳмат дейишдан тоймайди, ахир! Ким исботлаб берарди? Анови новча котибами? Бе, қаёқда! Шунинг учун Ғайбаровнинг ўзи чиқмаса бўлмайди-ёв! Ходимлар гапирса гапирибди. Акс ҳолда иш тескарисига аланга олиши мумкин.

– Келдик, ака, – деди ҳайдовчи машинани тўх¬татаркан. – Худди мана шу ер эди. Сиз манови томондан чиқиб, машинамга қўл кўтардингиз.

– Яхши-яхши, – деб қўйди Ғайбаров, кейин орқага ўгирилди: – Келин, сиз тушаверинг.

Шоира қовоғини очмай машинадан тушди.

Ҳайдовчи каттагина пул миқдорини айтиб, Ғай¬баровнинг жиғибийронини чиқарди. Тишини-тишига босиб, чўнтагидан чиқариб берди. Агар ҳозир савдолашадиган бўлса, бу бефаросат атайин овозини кўтариб «километр»ларни ҳисоблашга тушади. Келин ҳам узоқ¬қа бормай, мана шу ерда турибди. Ғайбаров ичида ғижиниб сўкинди: «Машинангнинг ғилдираги тешилгур! Сен ҳам муттаҳам! Оғир пайтда ҳамма-ҳамманг фақат шилишни, қийнаб, ҳузурланишни ўйлайсан».

У пулни тўлаб, машина эшигини қарсиллатиб ёпди. Индамай ишхона томонга юрди. Анча юриб орқасига ўгирилди. Шоира ҳамон жойида тек турарди.

– Юринг, келин...

– Ичкарига кирамизми? – шундай деб у қадам ташлади.

Шу атрофда қоғоз-папка кўтариб юрган бир-икки ходим Шоирани таниб қолдими, овозини қириб салом беришди.

Тўппа-тўғри Маъсумовнинг ҳузурига кириб бордилар. У, худди кутиб тургандек, олдида ҳеч ким йўқ экан. Ғайбаров ва Шоирани кўриб, кайфияти бузилгани шундоққина сезилди. «Айтганингни қилибсан-да», дегандек Халил Муродовичга бошқача қараб қўйди. Хотинининг саломига алик ҳам олмади.

– Хў-ў-ш? – деди чўзиб Маъсумов. – Нега келдинг? Йўқ, аввал жавоб бер, нима учун қўнғироқларимга жавоб бермадинг?

Шоира аввал яхшилаб ўтириб олди. Кейин қошларини чимириб секин сўз бошлади:

– Нега келганимни жуда яхши билсангиз керак, дадаси? Қани ўша аёл? Ёки қочиб кетдими?

Маъсумов Ғайбаровга имо қилиб деди:

– Сен ҳали менга ишонмай мана шу одамга ишониб, ортидан эргашиб ҳам келдингми? Жуда қизиқ янгилик-ку! Нима, қаерга эргаштирса кетиб қолаверасанми?

Унинг ўрнига Ғайбаров жавоб берди:

– Ҳа, шогирд, келинни олиб келаман, деганимга ишонмадинг. Билиб қўй, мен ҳар бир оиланинг тинчлигини ўйлайман. Яхшилик бўлсин, дейман.

– Сиздан сўраганим йўқ, – деди тўнғиллаб Маъсумов. – Биламан, ўрнингизга ўтирганим жуда алам қиляпти. Бўлмаса қайси аҳмоқ ишхонага бировнинг хотинини бошлаб келарди!

Ғайбаров ҳали ўтирмаган эди. Маъсумовнинг устига бостириб борди:

– Нима дединг? Аҳмоқ дедингми? Яна бир қайтар.

Маъсумов илкис телефон гўшагини кўтарди-да, буюрди:

– Тезда милиция чақиринглар. Менга зуғум қилиш¬япти.

Шоира Ғайбаровдан сўради:

– Исми нима эди унинг?

– Ноила... Фамилияси... эсимда йўқ.

– Яхшиси, Ноилани чақиртиринг. Бир кўриб қўяй-чи, ҳусни жамолини!

Маъсумов гўшакни тарақлатиб қўяркан, хотинига минғирлади:

– Менга қара, бу ер – ишхона. Жанжаллашадиган майдон эмас... Хотин, энди эски одатларингни йиғиштир, хўпми? Иш юзасидан аёллар билан ҳам гаплашишга тўғри келади, биласан. Ҳар хил қутқуларга ишониб, кайфиятни бузаверма!

– Сен ҳали ўша қилиғингни иш юзасидан деяпсанми? – яна гапга аралашди Ғайбаров.

Маъсумов худди Ғайбаров хонада йўқдай сўзида давом этди:

– Биласан, хотин, мен сенга қасам ичганман. Ҳеч қачон хиёнат қилмайман... Ноила Зоҳидова у. Оддий ходима. Қолаверса, бир ўзи эмас эди. Дўстов деган бўлим мудири ҳам бор эди. Истасанг, майли, чақираман, – шундай деб у яна гўшакни кўтарди: – Зоҳидова билан Дўстов кирсин.

Дўстовнинг фамилиясини эшитиб, Ғайбаровнинг кўзлари олайиб кетган эди. Маъсумов уни ҳам чақир¬ганини эшитиб, баттар хуноб бўлди.

– Келин, сиз ишонманг. Бу алдаяпти. Ҳеч қанақа Дўстов дегани йўқ эди. Булар келишиб олишган. Қолаверса, Дўстов бўлим мудири эмас.

Маъсумов энди унга андак нописандлик билан қараб қўйди. Стол устидаги папкаларни титкилаб, қандайдир қоғоз олди. Аввал яхшилаб разм солди-да, кейин хотинига узатди:

– Мана, ўзинг кўр, Дўстов бўлим мудири бўлиб ишлайди. Анча бўлган. Ёши катта одам. Менга ишонмасанг, ўша мўйсафиднинг айтганларига ишонарсан?

Ғайбаров ичидан зил кетди. Зўр тайёргарлик кў¬рибди шогирд. Худди ўзининг тактикаси! Энди Маъсумовнинг гаплари ёлғонлигини қандай исбот қилади? Агар Дўстов ростдан ҳам кириб келса, кўрасиз томошани! Иймонини еган-ку у! Тушунарли! Демак, Ноилага нималар дейиши тайинланган? Ажойиб спектакль кўришаркан-да! Режиссёр – Маъсумов! Актёр ҳам, Ноила билан Дўстов кириб келса, чинакам истеъдодларини намойиш этишади. Қойилмақом ижро! Ғайбаровнинг ўзи бир вақтлар бундай «спектакл»ларни неча марталаб уюштирган... Устоздан ўзмаган шогирд – шогирд эмас-да, а?.. Мараз! Малъун! Боплаяпти лекин!

Шоира қўлидаги қоғозни ўқиб чиқди-да, Ғайбаровга узатди.

– Сизни лақиллатяпти бу, – деди Ғайбаров буйруққа кўз югуртираркан. – Тавба, менинг давримда бўлим мудири бўлиб тайинланганмиш!.. Во, қойил, имзомниям эплашибди.

Маъсумов хотинидан кўз узмай сўз қотди:

– Биласанми, баъзи одамлар қариса, бунинг устига амалдан кетса, эси кирди-чиқди бўлиб қолади. Ҳар ҳолда, мана, ўзинг гувоҳи бўлиб турибсан. Қачон буйруқ чиқаргани-ю, қай пайтда имзо чекканиниям билмайди. Шизофрения дейиларди, шекилли? Шундай. Нима бўлганда ҳам кадрлар бўлими бор, у ердаги қалин-қалин папкалар бор. Биз шунча ишимиз қолиб, мана шу қуриб кеткур буйруқни тиқиштириб қўймагандирмиз, ҳойнаҳой!.. Эҳ, одамлар, қайси ходими нима билан шуғулланганини билмайди-я баъзилар...

Эшик очилиб, аввал Дўстов, кейин Ноила кириб келди. Ғайбаров Ноилани кўриб, оғзи ланг очилди-қолди: кўзларини хира кўрсатувчи кўзойнак тақиб олибди у. Худди ишлари кўп одамдек афтини хиёл бужмайтириб олган. Юзида «нима гап?» деган савол аломати. Дўстов ҳам қолишмайди. Энг кулгилиси, у Ғайбаров билан икки қўллаб самимий сўрашди.

– Ўтиринглар, – деди Маъсумов уларга. – Узр, қимматли вақтларингни оляпмиз. Сал хижолатпазлик бўлиб қолди... Туроб ака, гап шундаки, хотиним сизлар билан яқинроқдан танишиш учун келибди. Ҳа, энди яхши ходимларни билиб қўйса чакки эмас, тўғрими?

– Ие, шунақами? – ясама кулди Дўстов. – Мен, бошлиқ яна чақиряптилар, дейишса, ҳайрон бўлибман... Яхши-яхши. Хўш, келин, тузукмисиз, бола-чақа катта бўляптими?.. Зап қилибсиз-да келиб. Мана, Халил Муродович ҳам онда-сонда келадиган бўлиб қолган. Бизга йўл-йўриқ ўргатиб кетадилар.

Ғайбаровнинг тили калимага келмасди. Кўз қири билан Ноилага қараб-қараб қўярди.

– Ия, Халил Муродович, ҳалиям ўша одатингиз қолмабди-да! – деди Дўстов ёқимсиз кулиб, кейин Шоирага ўгирилди: – Бу жияним бўлади, келин. Исми – Ноила. Яқинда ишга келган. Кўзи яхши кўрмасаям жуда билимдон, доно. Ҳисоб-китобдан бошқасини билмайди, – шундай деб энди у тағин Ғайбаровга кулимсираб қаради: – Жиянимдан кўз узмаганингизга айтдим-да! Унақа қилманг, Халил Муродович.

– Бас қилинг, – ўшқирди Ғайбаров. – Бу ерда нега майнавозчилик қиласизлар? Ноила қанақасига яқинда ишга келган бўлсин? Минг йилдан буён ишлайди-ку! Ҳамма билади. Мени аҳмоқ қилганларинг етмагандай, энди манови келинниям дуб деб ўйлаяпсизларми?.. Ўв-в, сен, Ноила, кўзойнагингни олиб ташла...

Ноила ўзини овсарликка олди. Капалаги учиб кетгандек, Дўстовнинг биқинига яқинроқ сурилди.

– Ўзингизни босинг, – деди Дўстов Ғайбаровга. – Токи мен шу ерда эканман, жиянимни бекорга хафа қилдириб қўймайман.

Ғайбаров бақириб юборди:

– Э, артистлик қилма ҳамманг!

Ноила секин унга деди:

– Кечирасиз, сиз мени танийсизми? Илтимос, менга бақирманг, амаки, касалман. Тутқаноғим бор.

Ғайбаров росманасига қойил қолаётган эди. Ҳам¬маси рисоладагидек. Асл ҳақиқат қайда-ю, мановиларнинг ижросидаги найранг қайда!

Дўстов Маъсумовга юзланди:

– Шоҳид Камолович, мен тушунмадим, нега жиянимни хўрламоқчи бу? Ўзи шундоқ ҳам ишлар тиқилиб ётибди. Ахир, вақт зиқ. Балансларни топширишимиз керак. Бизга рухсат беринг, Шоҳид Камолович. Бу одам билан кейин гаплашамиз.

Маъсумов хотинига, кўрдингми, дегандек, бир боқди-ю уларнинг чиқишига рухсат берди.

– Вой, бу ипирисқи-ку! – деб юборди Шоира бурнини жийириб улар чиқиб кетишгач. – Шунақаларни чақириб нима қилардингиз? Довдирашини! Қанақа аёл-а? Кўзойнагини олиб қўйсанг, бошини деворга уриб олади-ю!

– Эй, хотин, топиб гапирасан-да, – хохолаб кулиб юборди Маъсумов. Шу пайт телефон жиринглаб, у гўшакни кўтарди: – Ҳа, милициями?.. Энди шарт эмас, менимча. Бир безори билан келишиб олдик. Ёши катталигини ҳисобга олиб, кечирдик. Ҳаммаси жойида!

Маъсумов гўшакни қўяр-қуймас, ғазабини боса олмаган Ғайбаров яқинлашди-да, унинг қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юборди...

* * *

Ола-тасир бўлиб кетди. Маъсумов эмас, Шоиранинг жаҳли чиққан эди. Ғайбаровнинг нақ гирибонидан олмоқчи бўлди. Қайтага Маъсумовнинг ўзи аралашиб, устозини унинг чангалидан халос этди. Ғайбаров бўғриқиб турган бўлса-да, қўрқиб қолди. Шоиранинг шашти баландлиги майли, милиция чақиришса, нима бўлади? Ахир куппа-кундузи жиноят қиляпти-да Ғайбаров!

– Нега индамайсиз? – додлади Шоира эрига. – Нега сизга қўл кўтаради? Вой, зўравон-ей! Туҳмат қилгани етмагандек, болаларимнинг отасига қўл кўтарди-я! Мен буни шундай қўймайман!

Маъсумов уни ҳовуридан тушириш билан банд эди:

– Ўзингни бос, хотин. Мениям ўйла. Ишхонадагиларга ёмон кўринишингни хоҳламайман. Ҳаммаси яхши бўлади. Одамзод шу-да: ҳақиқат олдида шармандаси чиқса, қўлига зўр беради.

Бу гапи Ғайбаровнинг юрак-юрагини тешиб ўтди. Қанақа ҳақиқат? Зўр «спектакль» уюштириб берганими ҳақиқат? Виждонсиз экан-ку бу Шоҳид Камолович дегани! Шунча вақтини зое кетказмай, шунча одамни обдон тайёрлабди. Ўл-а, хотинингдан қўрқар экансан, шуни очиқчасига айтиб қўя қол!

Энди нима бўлиши ҳақида ўйламасди Ғайбаров. Маъсумовнинг тарафини олгани унга аксинча куч бера бошлаган эди. Милиция чақирмайди – бу гап ташқарига чиқишидан чўчийди. Нима бўлганда ҳам янги бошлиқ у – юқорига нохуш хабар етса, дарҳол суриштириб бошлайдилар.

– Мен ҳақиқат олдида шарманда бўлмадим, – деди Ғайбаров кўзлари ёниб. – Сенинг ёлғон ўйинларинг жиғибийрон қилди.

– Кетинг, Халил Муродович, тинчгина чиқиб кетинг, – эшикни кўрсатди Маъсумов.

– Ана, айбинг очилиб қолишидан қўрқяпсан. Билиб қўй, менга вафо қилмаган бу одамлар эртага сениям аяб ўтиришмайди. Лекин... лекин-чи, зўр тайёргарлик кўрибсан, қойилман! Сен бу ерда эмас, театрда ишлашинг керак экан. Ҳаммангга фирибгар, товламачилар ролини бериш керак бўлади. Шунақанги зўр саҳна асари тайёрлай оласанки, олқишлар ёғилмаса, мана, мен кафил.

Шоира шанғиллади:

– Э, бас қилинг! Садқайи одам кетинг... Индамасам, эримни ғирт ёлғончига чиқариб қўясиз-ку! Ишониб келибман-а! Мансабдан айрилганингиз сизга алам қилганини ўйламабман-а, эсиз вақтим!

Ғайбаров бўш келмасди:

– Келин... Келин... Сиз барибир ҳақиқатни билмайсиз. Эрингиз ростдан ҳам алдаяпти.

– Бас! Шунча одам кирганида тилингизга тушов тушганмиди? Уларнинг олдида гапиринг эди. Ғинг демадингиз-ку! Миянгиз айниб қолибди сизнинг!

– Ҳаддингиздан ошманг, – ўдағайлади Ғайбаров.

Шоира ҳайратлангандек унинг олдига яқинлашди:

– Ҳаддимдан ошсам, нима қиласиз-а, нима қиласиз? Мениям урасизми, айтинг?

Маъсумовнинг овози ҳам баланд чиқди:

– Бўлди, дедим, хотин! Қари одамга тенг келма. Сен ўзинг ишонувчансан! Бегона эркак борса, индамай олдига тушиб келаверасанми?

– Э, мен қаёқдан билай! – яна шанғиллади Шоира. – Бу одамнинг аламзада бўлиб юргани етти ухлаб тушимга кирибдими?!.

– Эшик ҳув ана, – калака қилди Маъсумов Ғай¬баровга қарата. – Марҳамат, чиқиб кетсинлар! Ўйлай¬манки, энди бу муассасада қиладиган ишингиз қол¬мади.

– Қасам ич! – охирги чорасини ишга солди Ғайбаров. – Агар ҳозирги томоша спектакль бўлса, бир умрга бадном бўлай, деб қасам ич!

– Қасам ичсам, тинч қўясизми? – деди Маъсумов хотинига ўғринча бир қараб олиб. – Яхши, қасам ичганим бўлсин!

У ростдан ҳам худди шундай қасам ичди. Ғайбаров титраб кетди. Ўсал бўлди. Агар хотини бу ерда бўлмаганида Маъсумовнинг қасам ичиши душвор эди. Бир умрга бадном бўлишни ўйламади. Хотинидан қўрққани учун ҳам шундай иш тутди. Ичида тавба-тазарру қиляптими, ишқилиб, энди росманасига устунлик қилди Маъсумов.

Ғайбаров ундан кўз узолмай қолган эди. Аттанг, дегандек бош чайқади. Бунчаликка боради, деб ўйламаганди шогирдини! Йўқ, нега энди бундай ўйламаган экан? Озгина ўйлагандиям. Ҳар ҳолда қойил қилди Маъсумов! Тил жониворга фарқи йўқ – қасам айтиб юбораверади. Аммо кейин-чи? Наҳотки Маъсумов оқибатини ўйламади?

Бу одамдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак экан. Эртага устингга лой чаплашдан ҳам тоймайди. Китоб¬лардаги аблаҳ худди шу! Айнан шу! Йўқ, китобдаги аблаҳлар бу қадар пасткашликка боришмайди. Фақат ҳаётда шунақа аблаҳлар бўлиши мумкин. Маъсумов – ўшаларнинг типик вакили! Дўстовдан ҳам ўтказди. Ноиладан ҳам!..

Шу куни Ғайбаров овлоққина қаҳвахонада ўлгудек ичди. Кейин... роса йиғлади. Ёмон одамларнинг дастидан дод деди.

Кап-катта одамнинг кўз ёши тўкканидан бошқа хўрандалар ҳайрон эдилар. Кимдир рўпарасига келиб ўтирди. Ғайбаров кўзлари сузилиб унга боқди. Бу қандай одам? Нималардир деяпти? Эшитилмайди. Ким бу? Ие... ие, шумқадам-ку, ахир! Устидан кулиш учун столига келиб ўтирибди-да! Веҳ, аҳмоқ!.. Умуман айтганда... аҳмоқ эмас, доно! Донолар доноси! У Ғайбаровни огоҳлантирган эди. Кўзларингни оч, гуноҳдан тийилгин, деган эди. Айтганларим тўғримикан, дегандек, мана, яна нималардир деб валдираяпти. Ғайбаров ҳам алланималарни вайсади. Аммо тили ғўлдираб, калимасини ўзи ҳам англамади.

Шумқадам одам Ғайбаровнинг устидан кулиш ўрнига унга ачиниш билан қаради. Уни турғазишга, опичлаб кетишга чоғланди. Ғайбаров эса бу ерда яна қолмоқчи, керак бўлса, дунёнинг ичимлигини сипқориб, юрагидаги аламни босишга ҳаракат қилмоқчи эди. Кетмайди. У шумқадамни силтаб ташламоқчи эди, сал бўлмаса ағдарилиб тушишига бир баҳя қолди...

У кўзларини очганида боши ғувиллаб оғрир эди. Қаерда ётганини дастлаб илғаб ололмади. Кейин идроки тикланиб хотиржам тортди, шу билан бирга ҳайрон бўлди. Уйида экан. Қандай келган, билмайди.

– Хотин, – деди овози бўғилиб. – Нималар бўлди?.. Қаердасан, ҳой?..

Шип-шип қадам товушлари эшитилиб, хотини пайдо бўлди. Қовоғи солинган:

– Нима дейсиз?

– Мени сен олиб келдингми ё ҳалиги шум¬қа¬дамми?

– Шумқадамингиз ким? Ўша дўстингизми?

Ғайбаров ўқчиб, қайт қилиб юбораёзди. Унинг кўнгли айниган, ичи титрар, кечаги касофат ичимлик уни туғилганига мингдан-минг пушаймон қилдираётганди.

– Менга қарашиб юбор!

– Одам бўлмай кетинг, – хотини шундай деб ваннахонага кетди. Зум ўтмай, тоғора билан қайтар экан, уни тарақлатиб ерга ташлади. – Шу ёшга кириб уялмайсизми? Болаларнинг олдида шарманда бўлдингиз-ку!

Ғайбаров парво қилмай деди:

– Сен уни дўст дема, тушундингми?! Шумқадам у! Ҳаммасини ўша қилди. Турқи қурсин!

– Э, шунча жойдан олиб келганига раҳмат, денг, хўпми? – ҳануз афтини буриштириб гапирди хотини. – Сиз ўзи яхшиликни билмайсиз!

– Ҳа, мен кўп нарсани билмайман, – аччиқланди Ғайбаров. – Фақат сен биласан!

– Мен ҳам билмайман... Масалан, Ноиланинг кимлигини билмайман.

Ғайбаров хиёл сергак тортиб, хотинига қараб қўйди. «Маъсумов қасдини оляпти экан-да, – деб қўйди ичида. – Ҳа, ҳали зўр-зўр томошалар уюштирса керак...»

– Ноила, Ноила деб йиғлаб чиқдингиз. Носир акага, топиб бер, дедингиз!

– Носир?.. Носир нима қилади бу ерда?

– Сиз гапни бурманг. Ноила ким?

– Э, бас қилсанг-чи! – қўл силтади Ғайбаров. – Эрингни шунча одам хўрлаётгани етмайдими? Энди сен ўшаларга ишонадиган бўлдингми? Ҳаммаси артист-ку уларнинг!..

Телефон жиринглади. Хотини гўшакни олиб, унга узатди. Ғайбаров ким дегандек имо қилди. Маъсумов яна ўйин қилишидан зада бўлган эди у.

– Билмадим, кимлигини! – терс гапирди хотини.

Ғайбаров телефонни олмади.

– Ўзинг гаплаш, – деди.

Хотини чимирилиб, телефонни қулоғига олиб бораркан, хижолат тортиб гапирди:

– Вой, ассалом алайкум, Носир ака... Яхшимиз? Яхши етиб олдингизми?.. Ҳа, уйғонганлар. Мана, бераман.

Ғайбаров яна ҳайрон бўлиб, гўшакни олди:

– Алло, Носир, сенмисан?..

Телефондан аввал қаҳқаҳа эшитилиб, сўнг бўғиқ овоз келди:

– Ҳа, болапақир, уйғонибсан-да! Ўзиям бир мошин ичдинг-е! Роса хумори тутган экан-да! Ҳозир бораман, уйда бўлиб тур...

Ғайбаров телефонни ўчиргач, донг қотиб ўтирди. Ҳануз тушунолмасди у. Хотинидан яхшилаб суриштириб, аниқлик киритди. Кеча уни олиб келган Носир экан-да! Шумқадам қаёққа кетди? Ё бўлмаса шумқадам дегани Носир эдими? Қизиқ, шунчалик танимас даражада ичдими Ғайбаров? Ҳартугул ўша ерга ташлаб келмабди. Яхшилар бор, мана, Носир шуларнинг бири! Суд¬раб келганми, опичлабми, уйга олиб келибди. Тавба, Ғайбаров нималар деган? Роса вайсаган бўлса керак? Ноиланинг қандай алоқаси бор?..

– Ишқилиб уни хафа қилмадимми? – сўради хотинидан.

Хотини қисқа қилиб жавоб берди:

– Ўзидан сўрайсиз!

Энди мана шунақа қовоқ-тумшуқ қилиб юради. Ишдан кетганиниям кеча узил-кесил эшитибди. Фақат у эмас, қўшниларнинг қулоғига етган эмиш! Ғайбаров бақирган-да, шогирдимдан кутмагандим, жойимни тортиб олди, деб.

Носир нега келмоқчи? Устидан кулиш учун бўлса керак-да!..

Ғайбаров ваннада бўлганида эшик қўнғироғи жиринглади. У апил-тапил ювиниб чиқди. Меҳмонхонада Носирни кўриб, ҳарчанд уринса-да, кечаги гапларни эслай олмади. Унинг олдида хижолат тортди.

Носир ростдан ҳам роса кулди. Ғайбаровнинг қилиқларини кўрсатиб берди.

– Хўш, кетдикми? – деди ниҳоят.

– Қаёққа?

– Э, қанақа одамсан?! Эсинг шунчалик кирди-чиқди бўлиб қолганми? Бунақалигингни билишса, бизникилар ишга олишмайди. Юр, сени деб мен ҳам кечикяпман.

Ғайбаров жим бўлиб қолганди. Энди янада мулзам тортди. Наҳотки, кеча Носирга, иш топиб бер, деган бўлса? Шу ҳақда сўради.

– Менга қасам ичирдинг-ку, оғайни, – деди бош чайқаб Носир. – Қўрқма, кўчада қолиб кетмайсан.

– Тўхта, қанақа иш ўзи?

– Оббо, кеча юз марта сўрадинг, юз марта жавоб бердим... Юра қол, йўлда тушунтираман. Кечикяпман. Хайрият, ишхонага қўнғироқ қилиб қўйган эканман. Кетдик.

Ғайбаров ўрнидан жилмай, кечаги гапларни яхшилаб эслаб кўришга ҳаракат қилди. Натижа чиқмади. Манови Носир бошқармада ишларди, шекилли? Қандай ишни айтган экан? Тағин ботқоққа ботириб қўйиб, Маъсумовларга кулги бўлмасин. Ахир, ҳар ҳолда бошқармага бошлиқ бўлмайди-ку! Носирнинг ўзи нима иш қиларди у ерда? Қайсидир бўлимда бўлса керак.

– Мен сендан нега иш сўрадим ўзи? – деди у Носирдан.

Носир эшикка етиб қолган эди, бурилиб бош чай¬қади.

– Яна бошидан бошлайми-а? Айтдинг, кетимга тепиб ҳайдашди, дединг! Устимдан кулишяпти, дединг! Йиғлаб-сиқтадинг! Ёмон иш эмас, ошна, кадрлар бўлимини бошқарасан.

Ғайбаров сал ўзига келгандек бўлди. Кадрлар бў¬лими... чакки эмас. Носирнинг «бошқарасан», деган сў¬зи кўпроқ ёқиб тушган эди унга. Билмади, жамоани бошқармаганига анча бўлди, соғинибди, чоғи! Қи¬зиқ, шу ишнинг ҳам хумори тутармикан ё? Эҳтимол, Ғай-баровнинг талвасага тушаётгани асл сабаби шудир?

– Неча киши ишлайсизлар? – сўради у.

– Уф-ф... Икки юздан зиёд одам, дедим-ку! Ишинг қийин бўлмайди. Онда-сонда раҳбар чақириб қолмаса, сен билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Хонангда ўтириб, билганингни қилаверасан! Ишнинг ҳамма оғирлиги бўлимларга тушади. Сен кадрлар билан боғлиқ буйруқ, ҳужжатларга кўз-қулоқ бўлсанг бас.

– Бошлиғинг ким эди? Ким дейишади уни?

– Жуда яхши танийсан... Мирҳоди Саъдуллаев. Яхши одам... ухлаганда, албатта, – шундай деб Носир беўхшов кулди. – Сени, ҳар ҳолда, ишга олади, деб ўйлайман. Танийди-ку! Юқоридан айттириш шарт эмас, демоқчиман.

Ғайбаров истар-истамас кийина бошлади. Начора! Энди эски ишхонасига бора олмайди. Вақти келиб борар ҳам, Маъсумовнинг кўзига кўрсатар ҳам. Фақат ҳозир эмас. Шогирд қурмағур анча илгарилаб кетган кўринади. Айни пайтда у билан беллашиш жуда оғир. Ҳар қандай жанжалда кучдан кўра макр-ҳийла иш беради. Маъсумов буни кеча яққол исботлади...

Бошқарма Ғайбаров ўйлаганидан ҳам каттароқ экан. Шаҳар марказида кўрк ташлаб турибди. Ходимлар зиёли, тартиб-интизомли.

Бошлиқ Мирҳоди Саъдуллаев Ғайбаров билан самимий кўришди. Анчагача гаплашиб ўтирдилар. Синов муддати борасида гап бўлиши мумкин эмас. Буйруқ шу заҳоти чиқарилди. Энг қизиғи, Ғайбаров бу ердаги ишни ўзи ҳақидаги буйруқни ҳужжатлар ичига тиркаш билан бошлади. Саъдуллаевнинг гапи, ишончи унга анча дадиллик, қанот берган эди. Қолаверса, кадрлар бўлими бошқармадаги энг кўзга кўринган, нуфузли бўлим экан. Ана шунисидан хурсанд бўлди.

Ғайбаров тушгача роса ҳужжатларни титкилади. Ходимлар билан шу тарзда танишиш илинжида эди у. Ке¬йин архив ҳужжатларини кўтарди. Аксириб-аксириб, чанг босиб ётган қоғозларни эринмай титкилади. Бу бежиз эмас эди. У Маъсумовга тегишли ҳужжатларни излаш билан овора эди. Э-ҳе, анча тагида экан ҳужжатларнинг, сарғайиб кетган. Тавба, одамнинг кўзлари ўзгармас экан-да, у ўн саккиз йилча аввал суратда қандай тушган бўлса, ҳозир ҳам укки кўзларини қадаб гапиради.

Бу ҳужжатларни архивдан суғуриб олиб, Ғайбаров янада яхшилаб ўқиб чиқди. Қандай камчилик топиш мумкин? Нимадир қилиш керак! Балки ўша йилларга тегишли қандайдир ҳайфсанлар бордир? Жазога тортилган бўлиши мумкин-ку!

Тополмади. Маъсумовнинг ўзи аллақачон келиб, бундай ҳужжатларни йўқ қилгандек туюлди. Ҳа. Шундай қилган. Ҳамиша орқасини тозалаб юради у. Қанча-қанча тузоққа тушмай, қутулиб кетган.

Бир жиҳатдан Ғайбаровнинг ҳозирги қилиғи худди товуқнинг гўнг титганидек кўринди ўзига. Эриш туюлди. Ғаши келди. Маъсумовга тегишли ҳужжатларни тап этказиб ғаладонга ташлади. Тўғри, ҳали-бери алами тарқамайди, қасос ўти тарк этмайди. Аммо кўнглидаги истак, майлларга ҳам бўйин эгавермаслиги керак. Акс ҳолда бу ердаги ишлар қолиб кетади. Аввало, бошқарма раҳбарининг кўзига яхши кўринишга ҳаракат қилиши керак. Саъдуллаев дилкаш кўрингани билан анчайин қув, туллак одам. Мана шу лавозимидан неча марта олиб ташланади, яна жойига қайтаверади. Худди ким биландир гаров ўйнаган-у, бор кучини ишга солиб келаётгандек. Демак, у ҳам ҳийла-найранг ишлатса керак, ҳойнаҳой!

Ғайбаровнинг қўл остида икки ходим бўлса-да, у бошқаларни ҳам ўзига тобе қилгиси келарди. Ходимларининг айтишича, жамоада энг тартиббузар одам Носир Исомиддинов эмиш! Айниқса, кейинги пайтларда у пайдар-пай ишдан қолади, ички тартибларга риоя қилмайди. Ғайбаров бу мавзуни четлаб ўтмаса бўлмасди. Ахир, Носир – азалий қадрдони. Қолаверса, Ғайбаровнинг бошқармага ишга келишига у сабабчи.

Иш бошлаганининг учинчи куни Носир Исомиддинов билан бирга тушлик қилишди. Овқатланиб бўлишгач, чой устида Ғайбаров унинг ўзини тутиши ҳақида ўсмоқчилаб сўз бошламоқчи эди, Носир томдан тараша тушгандек, ғалати гап қилди:

– Ошна, буйруқ чиқди, туппа-тузук ишлаяпсан ҳам, аммо ҳалигача чурқ этмаяпсан-ку! Мушук текинга офтобга чиқмайди. Ахир, нима деб келишган эдик? Йўталмайсанми энди?

Ғайбаров аввалига бу гапни, зиёфатга шама қиляпти, деб тушунди, кейин эса Носирнинг юз ифодасини кўриб, ўшанда – мастлигида тилидан илинганини англагандек бўлди.

– Нега овозинг чиқмайди? – давом этди Носир. – Менга қанча ваъда қилганингни биласанми? Уч юз минг сўм!

– Нега экан? – қошларини чимириб сўради Ғай¬баров.

– Нега бўларди, ишга жойлаштириб қўйганим учун. Ахир, ўзинг тавалло қилиб ялиндинг-ку! Фақат, маст эдим, деб баҳона қилма. Мастми, ҳушёрми, эркак битта гапиради. Бугун, мана, уч кун бўлибди. Бошқа кечикмасин!

Ғайбаров унга «сиёсат» қилмоқчи бўлди:

– Сен бу пулни Саъдуллаевга бермоқчимисан?

– Ишинг бўлмасин.

«Шунинг учун меҳрибонлик қилган экан-да бу, – ўйлади Ғайбаров. – Мен буни эски қадрдоним деб юрибман ҳали. Э, қадрдонлар ҳам қолмабди бу замонда... Пулни бермасам, нима қиларкан? Осмонни ташлаб юборолмас ҳартугул. Балки, Саъдуллаевга шипшиб қўярман? Эшитиб, тепа сочи тикка бўлса керак. Йўқ, иккаласининг тили бир бўлса-чи?! Ахир тезгина ишга қабул қилди-ку! Агар ростдан ҳам буларнинг тили бир бўлса, навбатдаги томошани кўраверасан. Фақат иштирокчилар бошқа-бошқа бўлади... Ҳа-а, ўша куни Носир кўзимга шумқадам бўлиб кўринганича бор экан».

– Мен сенга бир чақа ҳам бермайман, – деди Ғайбаров тап тортмай.

Носир кўзларини хиёл қисиб турди-да, жавоб сўзини айтди:

– Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтармасанг, пушаймон бўласан.

– Мени қўрқитма. Сен яхшилик билан порахўр¬ликнинг фарқига бормас экансан.

Носир индамай ўрнидан қўзғалди. Ғайбаров ҳа¬нуз жаҳлидан тушмаган эди. Анчадан кейин ўзининг зиқналиги ҳақида ўйлаб қолди. Аммо гап уч юз мингда эмас. Шунчаки... Ғайбаров бериб ўрганмаган, бундай ишлар учун! Ахир ердан чиққан эмас-ку у!..

Тушдан кейин Ғайбаров олдинроқ отни қамчилаб қолиш учун Носир Исомиддинов тартиб-интизомга бўйсунмаётгани ҳақида рапорт ёзиб, Саъдуллаевга киритиб юборди. Кейин қулоғини динг қилиб турди. Кечгача ҳам ҳеч қандай «хушхабар» эшитмади. «Қайтага Носирга индамаганлари яхши бўлди», – деди бироз виждони қийналиб.

Уйга қайтар экан, виждонсизлик қилаётгани ҳа¬қида ўйларди. Шу қисқа фурсат ичида нақадар кўнгилсизликларга дуч келаётгани борасида ҳам бош қотирди. Уйига барвақт қайтгиси келмади. Негадир кимсасиз, овлоқ кўча бўйлаб юрди. Хаёлига чувалашиб келаётган оғир ўйлардан халос бўла олмасди. Шумқадамни топмоқчидек, атрофга аланглади. Қани у? Қаерда экан? Яна қайси бир одамнинг ҳузурига бехосият ташрифи билан қадам ранжида қиляптийкан?..

Ғайбаровнинг рўпарасидан икки-учта барваста йигитлар пайдо бўлганида, у уларнинг бир-бирларига ўғринча қараб олишганига ҳам эътибор бермади. Дабдурустдан Ғайбаровга ташландилар. Аямай тепкилашди. Кейин эса оёқлари остида ётган Ғайбаровга энгашганча пичирлашди: «Сизга керакли одамдан салом. Кимлигини ўзингиз ўйлаб топинг...»

* * *

Ғайбаров ўзига келганида кўчада ётарди. Ўтган-кетган қарамайди, ароқхўр, дайди, – деб ўйлашса керак. Биров касал бўлиб ётибди, балки юрак хуружи тутгандир, эҳтимол, буни хўрлаб тепкилаб-тепкилаб кетишгандир, ишлари йўқ. Йўловчиларнинг ўрнида Ғайбаров бўлганида нима қиларди? Ёрдам берармиди! Ҳеч-да! Ана шунақа: бошга тушганни кўз кўради, аммо... бошингга калтак тушганини бу ётишингда сира кўра олмайсан.

«Сизга керакли одамдан салом. Кимлигини ўзингиз ўйлаб топинг...»

Ғайбаров бу сўзларни элас-элас эслади. «Носир, – деди у, – Носирнинг иши! Сен ҳам пул деб ўлган экансан-да! Шунчаликка бордингми?.. Йўқ, балки Маъсумовнинг ишидир? Ахир, у ҳам тинч қўймайди-да! Оббо, яшашга қўядиларми ўзи?..»

Юзлари моматалоқ ҳолда кириб келганида хотинининг капалаги учиб кетди. Болаларининг ҳам кўзлари ола-кула эди. Ғайбаров уларнинг олдида хору зор бўлгандек ўпкаси тўлиб кетди. Ичкари хонага кириб, эшикни маҳкам ёпгач, кўз ёшини тия олмади. Кўз ёши аралаш юзидаги жароҳатдан қон ҳам оқа бошлади. Хотини кира солиб, докани сувга ботириб босди. У тинмай жаврар, кимларнидир қарғар, билиб бўлмасди. Овози узоқ-узоқдан эшитиларди, гўё.

... – нималар бўляпти-я?..

... – шунчалик ҳам тез ўзгарасизми?...

... – сиз бирортасини топгансиз, ҳаммаси ана шу юришни деб бўляпти...

... – ўтган сафар ичиб келувдингиз, бу гал жанжаллашиб...

... – Шоҳид деган йигит бор эди-ку, ўша келиб кетди.

Ғайбаров яна бир кўнгилсизликни сезиб, охирги эшитган гапига аниқлик киритмоқчи бўлди:

– Шоҳид? Нега келади?

– Аллақандай конверт ташлаб кетди. Шахсан ўз¬ларига берасиз, очманг, деб тайинлади.

– Олиб кел-чи! – Ғайбаровнинг юраги зирқираб турарди.

Ғайбаров хотини келтириб узатган конвертни очгиси келмади. Ҳа, бунинг ичида нимадир бор. Бир кўнгли конвертни очиб ўтирмай, ташлаб юбормоқчи бўлди. Бироқ кейин аҳволи янада баттар бўлишини ўйлаб қўрқди.

Конверт қалингина. Суратлар солинганга ўхшаяпти. Ғаламис Шоҳид алламбалони ўйлаганга ўхшайди.

– Очинг, – қизиқди хотини, – нега индамай ўтирибсиз?

– Кейин очаман, – Ғайбаров шундай деб конвертни эгни қон костюмининг ички чўнтагига солди.

Шу аснода ичи қизиди. Нима, нима у? Хотини ҳам хонадан чиқа қолмайди. Энди атайин ўтираверади шу ерда. Мабодо Ғайбаров ухлаб қолса, конвертни очишдан ҳам тоймайди. Эри уни очмагани янада қизиқишини орттирган. Қизиқишини ҳам эмас, шубҳа-гумонини. Шусиз ҳам ҳар куни кечқурун ишни ўзгартиргани учун минғирлагани-минғирлаган.

Ғайбаров хотинига овқат сузиши кераклигини айтиб, у чиқиб кетгач, тезгина конвертни олиб очди. Юраги баттар дукиллаб кетди. Бир нечта суратларда Ғайбаров билан Ноиланинг бир-бирига суйкалиб тургани акс этган эди. Қарийб ўн бештача сурат. Ҳаммаси бир вақтда суратга олинган. Афтидан, Ноила ҳам билмаган бу ҳақда. Акс ҳолда Ғайбаровга бу қадар суйкалиб турмас эди. Маъсумовнинг иши! Аблаҳ! Нима хоҳлайди у? Мансабни тортиб олди, бўлди-да! Ғайбаров қўшқўллаб берди-ку!..

Худди суратни томоша қилаётганини кўриб тургандек Маъсумов қўнғироқ қилиб қолди. Ғайбаров телефонга жавоб беришни ҳам, жавоб бермасликни ҳам билмай каловланди. Ахир, пўписа қилади-да!.. Жаҳл билан телефонини буткул ўчириб, ўрнидан турди. Суратларни қайта конвертга жойлади-да, костюмининг чўнтагига тиқди. Ошхонага ўтди.

Хотини ҳануз қовоғини очмай, косада овқат сузиб, столга тақ этиб қўйди. Ғайбаровнинг иштаҳаси йўқ, овқатни қошиқ билан шунчаки кавлаштириб ўтирди. Калласида минг бир хаёл! Кейин сакраб туриб, ўзини ойнага солди. Кўзгудан мутлақо бошқа – бир абгор қиёфа қараб тургандек эди. Бу аҳволда ишга бориб бўлмайди. Нима қилиш керак? Милицияга айтай, деса, эртага қўни-қўшни билиб қолиб, гап-сўзни кўпайтиради. Шифохонага борай, деганида ҳам шу гап! Аммо ишхонага нима дейди? Бошлиққа бор гапни тушунтиради... Ёши элликдан ошсаям кўчада тепалашиб юраркан, демасмикан? Нима бўлгандаям бу гапни айтиш ноқулай-да!

Нега Ғайбаров эҳтиёт бўлмади? Наҳотки хавф яқинлигини илғамади? Ҳушёр эди-ку! Аҳмоқлар атайин юзига уришди ўзиям! Топшириқ шунақа бўлган-да! Отаси тенги одамга раҳмлари келмайди!..

Ғайбаров ухлай олмади. Жисмоний оғриқдан кўра руҳий қийноқлар азоб берарди унга. Болалигини, ўша, ширин, беғубор дамларини, ҳеч ким қасд қилмаган, ҳеч кимдан азият чекмаган кунларини эслади. Ичидан аччиқ йиғи кўпчиб келаркан, зўрға босди. Афсус, йиғлаганида яхши бўларди. Ғуборлари, аламлари чиқиб кетарди. Ғайбаров хотинини ўйлаб кўз ёшини тийди. Тағин ваҳима қилиб юрмасин. Энг ёмони, у меҳрибончилик қилиш, ҳамдард бўлиш ўрнига тўнғиллаб, баттар кайфиятини бузади. Ғайбаров, эҳтимол, унинг ана шу феъли учун ҳам Ноилани топгандир? Э, ким билсин, энди Ноила унинг ҳаётидан кетди. Бошқага кетди.

У секин тўшакдан сирғалиб чиқди-да, шкаф томон юрди. Эшигини ғийқиллатиб очди. Костюмига қўл чўзиб, конвертни олди. Кейин катта хонага ўтиб, қайчини қидириб топди. Эшикка олазарак боқиб, суратларни битта-битта қирқиб ташлайверди. Қирққан сари кайфияти кўтарилиши ўрнига руҳи тушиб кетаверди. Бир ой олдин ҳам бу гаплар йўқ эди-я! Нима аҳвол?! Бугун-эрта нима бўлишини билмайсан!

Қийқим суратларни ошхонага ўтиб, ёқиб юборди. Азбаройи диққат билан тикилганидан, гулханнинг чирсиллаб овоз чиқаришигача қулоқлари остида қолди...

Ғайбаров бир ҳафтадан сўнг қора кўзойнак тақиб, ишхонага келди. Эълонлар тахтасидаги буйруққа кўзи тушди-ю, бўшашиб қолди. Ишга келолмаслиги ҳақида Саъдуллаев билан телефон орқали гаплашган бўлса-да, у Ғайбаровни ишдан бўшатибди. Шаҳд билан Саъдуллаевнинг ҳузурига кирмоқчи бўлди.

– Мирҳоди ака йўқ, – деди котиба. – У киши хориж сафарига кетган. Икки ҳафтадан кейин қайтиши мумкин.

– Мабодо сизга мен ҳақимда ҳеч нима демадими? – ботиниб сўради Ғайбаров. – Мен телефон орқали тушунтирган эдим, барибир ишдан бўшатибди.

Котиба компьютерда алланималарни тераётганди, ишини тўхтатиб, бошқача қаради. Ғайбаров бу танноз ҳозир хунук гапириб, янада кайфиятимни бузади, деб ўйлаганча юрагини ҳовучлаб турди.

– Мирҳоди Саъдуллаевич биздан сўраб иш қилмайди, – деди дона-дона қилиб котиба. – Сиз, яхшиси, ҳисобчиларга учрашинг. Қандайдир қарзингиз бор эканми-ей... Агар тўламасангиз, ҳужжатларингизни беришмаскан.

– Нима? – Ғайбаровнинг тепа сочи тикка бўлди.

Котиба энсаси қотганини бу сафар очиқ-ошкора намоён этган эди, Ғайбаров жаҳл билан қабулхонани тарк этди. Ҳисобхонага ўтди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам қарздор. Тавба, уч кун ишлаб, уч юз минг сўм қарздор. Шунақасиям бўларкан-да! Сабабини оғзаки тушунтиришди: сейфда пуллар йўқ!

– Бу Исомиддиновнинг иши, – бўғриқди Ғайбаров. – Менинг пул ўғирлайдиган одатим йўқ.

Носирнинг олдига йўл олди. У ерда анча айтишдилар. Носир қасам ичиб, бу гапдан хабари йўқлигини айтди. Аммо кўзлари бирибир сотяпти, ҳақиқатни айтиб турибди: Носирнинг Саъдуллаев билан тили бир.

Ҳисобхонада ўша куни тузилган далолатномани кўтаришди. Ё, тавба, ҳаммаси ҳужжатлаштириб қўйилган. Айнан шундан кейин Ғайбаровнинг ишга чиқмаганлиги ўлганнинг устига тепган бўлган. Аслида эса уни шундоқ ҳам тепкилаб кетишганди. Қолаверса, яна бир ариза бўлиб, унда уч нафар ўспирин Саъдуллаевга Халил Муродович Ғайбаров исмли ходими куппа-кундуз куни уларни уриб, сўкканлиги қайд этилган эди. Агар зудлик билан чора кўрилмаса, ички ишлар идорасига шикоят қилишлари ҳам қистириб ўтилганди...

Ғайбаров, худдики, туш кўраётгандек. Ёлғон дунё деганларини эшитган, аммо бунчалик эмас-да! Йўқ, бу ерда бошқача нимадир бўляпти. Гап Носирда ҳам, Саъдуллаевда ҳам, Маъсумов-у Ноилада эмас. Ҳаммаси... ҳаммаси ўша нотаниш шумқадамни деб!.. Акс ҳолда уч юз минг сўм учун манови Носиров шунчалик паст кетармиди!..

Нима қилиш керак? Мана шу пулни тўлаб, ҳужжатларини олди, ҳам дейлик, яна-яна ишлари юришавермайди. Дайди туфайли! Аммо... аслида ўзи айбдор. Бир вақтлар қазиб қўйган чоҳига ўзи тушяпти...

Ғайбаров гандираклаб бошқармадан чиқиб кетди. Бугун топади уни! Оёғига йиқилиб бўлса-да, кечирим сўрайди. Керак бўлса, йиғлаб-сиқтайди. Ахир, бир умр шундай давом этавериши мумкин эмас-ку! Халил Муродович кеча ким эди-ю, бугун ким? Энг даҳшатлиси, эртага қандай одамга айланади?

У оёғи толиқиб қолгунча кўчаларни айланиб юраверди. Кўнглига ҳеч нима сиғмас, кўз олдида ўша шумқадам гавдаланаверарди. Ўшанда нега унинг дардини эшитмади? Кетса, ўн-ўн беш дақиқа вақти кетарди-ку! Майли, бир соат вақти кетсин эди, ҳар ҳолда эшитиб, гапларига амал қилиб, ўзини йиғиштириб оларди. Йўқ-йўқ, бу ҳозир айтишга осон, ўша пайтларда Ғайбаров йиртиқ-ямоқ кийган таниш-нотанишларнинг гапларини эшитишга қодир эмас эди. Ўзи англаган хатоси шу!..

У айланиб-айланиб, эски ишхонасига бориб қолганини сезмай қолди. Киришга юраги бетламаса-да, гўё шумқадам ичкарида юргандек туюлди. Зўрға ортига бурилди. Борар манзилини билмай кетар экан, анча одимлади. Бир маҳал ўзи билиб-билмай, шовқин-суронли бозорнинг қоқ ўртасидан чиқди. Агар рўпарасида шумқадамни кўрмаганида ҳушини йиғиб ололмасди. Кутилмаганда пайдо бўлгани учунми, Ғайбаров унга нисбатан нима қилишни билмай қолди. Ҳаш-паш дегунча шумқадам чап томонга ҳайдаб солди. Ғайбаров, «ҳой, тўхта», – деганча унинг ортидан қолмади. Аммо бир зумда шумқадамнинг кўздан ғойиб бўлишини қаердан билсин! Йўқ, у одам эмас, сеҳргар! Ора-сирада кўриниб, ичингга оташ ташлаб қўяди-ю, йўқолади. Аммо нега Ғайбаровга кўринади? Мақсади нима? Борсин, ана, Маъсумовга учрашсин!..

Ғайбаров ҳар куни уни мана шу ердан излайдиган бўлди. Ўй-хаёлини шумқадам эгаллаб олган. Худди уни топса, кечирим сўраса, аввалги мавқеи қайтиб келадигандек. Майли, қайтариб бермасин, аммо кимлигини айтсин, акс ҳолда Ғайбаров бу дунёдан армон билан ўтиб кетади.

Хотини минғирлайвергач, у яна иш излади. Эски, титилиб кетган ён дафтаридан аввалги танишларини топди. Қўнғироқ қилди. Ўзлари билан учрашди ҳам. Энди у истиҳолани йиғиштириб қўйган, оиласини, болаларини ўйлар, қандай иш бўлсаям рози эди. Аввалги Ғайбаровдан асар қолмаган, у ўз қобиғига ўралиб қолган эди. Аммо ҳали-ҳануз шумқадамни излашда давом этарди. Энди бу дайди тушларига кириб чиқадиган бўлган. Негадир ҳар хил қиёфада. Бир гал Ғайбаров уни яна тушида кўриб аниқ таниди, исминиям эслади. Бундан қувониб кетди. Афсуски, уйқудан уйғонар-уйғонмас, на исми, на юз ифодаси эсида қолди.

Ғайбаров уни излаганининг яна бир энг муҳим сабаби, ҳозиргача ишлари юришмаётганида эди. Уч-тўрт жойга борди – олишмади. Ҳатто уч юз минг сўм бериб қайтариб олган «олиймақом» ҳужжатлари ҳам кор қилмади. Шокир исмли таниши билан илмий институтга ҳам борди. Яримта жой бор экан. Бир бало қилиб жойлашди. Бир пайтлар шу ерда ишлагани наф берди, холос.

Ғайбаров энди фақат ҳалол ишлашга ўзига-ўзи сўз берди. У юрагини ҳовучлаб юрар, худди ортидан яна бир кўнгилсизлик пойлаётгандек туюлаверарди. Ахир, Маъсумов деганларидан энди-энди қутулди, деса бўлади. Яқингача телефон қўнғироқлари билан пўписа қилиб, қитиқ патига теккани-теккан эди. Ғайбаров унинг хотинини ишхонага бошлаб келгани ҳануз алам қиляпти, чоғи! Бўлмаса, нега бундай қилади?

Аммо қасд олиш шунгача етдики, Маъсумов Ноилани Ғайбаровнинг уйига юборибди. Қўлида бир даста сурат. Ўша... иккаласи тушган тасвирлар. Ноила ҳам Маъсумовнинг айтганини қилиб қўрқмай келганини қаранг! Наҳотки, Ғайбаровнинг хотини юмма талайди, деб ўйламаган бўлса? Хушомадгўй!

– Сен шу даражада унинг айтганини қиладиган бўлдингми? – деди Ғайбаров аламдан лаби титраб.

– Илтимос, тушунтириброқ гапиринг, – ўзини гўлликка солди Ноила. Кейин Ғайбаровнинг хотинига юзланди: – Мен бу уйга ҳақиқат излаб келдим, опа. Эрингизнинг гуноҳи кўп. У мени алдаб, ишончимга кириб, ташлаб кетди. Илтимос, менга ёрдам беринг.

– Сен бунга ишонма, – деди Ғайбаров. – Ҳаммаси найранг, ҳийла.

Хотини одатига кўра янада қошларига зўр бериб, қўлидаги фотосуратларга имо қилди. Ғайбаров нима деярини билмай қолди. Бир зум чидади. Кейин алами тошиб, Ноилага ташланмоқчи эди, у жон аччиғида додлаб, ўзини «кундоши»нинг орқасига олди. Ғайбаров нима деб тушунтирсин? «Ҳа, бу билан бир пайтлар ош-қатиқ эдик. Энди орамиз очиқ. Ҳозир бу Маъсумов билан шакаргуфторлик қиляпти. Хотинини ишхонага олиб борганим учун қасдини оляпти», – десинми?

– Нега келдинг, очиғини айт? – жаҳли чиқди Ғайбаровнинг.

Ноиланинг «маъюс» кўзлари намланди:

– Болани туғдиришга туғдириб, энди бу гапингиз нимаси, Халил ака? Ахир, туғдиргандан кейин боқиш керак-ку!

Ғайбаровнинг миясига алланима ўрмалаб чиққан¬дек бўлди. Кўз олди қоронғилашди. Хотин уни ушлаб қолмоқчи эди, натижа чиқмади – Ғайбаров гурсиллаб орқаси билан йиқилди. Қулоғига Ноиланинг гап¬лари эшитилди:

– Доим шунақа қиладилар, опа, ишонманг. Мен ҳақиқат излаб келдим...

Ғайбаров ўзига келганида лаби бир томонга хунук тортилиб қолган эди. Гапиролмади. Шундоқ устига Маъсумов энгашиб турарди.

– Қалай? – деди пичирлаб – Хотинни ўртага тиқиш мана шунақа бўлади.

«Аблаҳ», – деди Ғайбаров. Бу гап тилига чиқ¬ма¬ганидан алами келиб, кўзларининг икки чеккасидан ёшлар сизиб чиқди. Қўлини қимирлатиб кўрмоқчи бўлди, эплай олмади.

Хотини чойнак кўтариб кирди. Чойни қайтаргач, аввал ўзига, сўнг Маъсумовга бир пиёла сузиб узатди.

– Сиз ажрашиш ҳақидаги гапни қўйинг, – деди Маъсумов унга. – Устоз тузалсалар, ҳаммаси жойига тушиб кетади.

Ғайбаровнинг кўзлари катта очилиб кетган эди. На¬ҳотки, шу мавзу кўтарилган бўлса?

Хотини индамади. У кўзларини ердан олмасди.

– Мен-ку, бир бало қилиб тинчитаман, – давом этди Маъсумов. – Бор пулимни қўшдим, кеннойи. Барибир иккита лимон етмаяпти. Тушунасиз-ку, биз ҳам маошга кун кечирадиган одам. Ана шу иккита лимонни бир бало қилиб берсангизлар, жами бешта бўлади. Кўнмай қаёққа борарди! Аввал тилхат оламиз-да!

Ғайбаров аввалгидан ҳам бесаранжомланиб қолди. Ўрнидан тураман, дейди, туролмайди, гапираман, дейди, тили лол. «Ишонма, хотин, бу фирибгарларга ишонма, хонавайрон қилишмоқчи бизни. Ҳаммаси ёлғон...» Қани эди бу сўзларни овоз чиқариб айтса?

Аламининг зўридан яна унинг кўз ёшлари чиқиб кетди.

– Устоз йиғлаяпти, – деди Маъсумов кеннойисига бир қараб олиб. – Ҳа, энди шундай кунда ёрдам бермасак, нима қиламиз шогирд бўлиб, тўғрими?

«Малъун! Мана шундай шогирдни тайёрлаганмидим мен? Иккиюзламачи! Шунчалик ҳийла ишлатиши хаёлда ҳам йўқ эди. О, фалак, нима қилай?» – Ғайбаровнинг кўз ёшларига зўр беришидан бошқа чораси йўқ эди ҳозир...

У шу алфозда анча кун ётди. Бу орада хотини уйдаги у-бу жиҳозни бир миллионга сотиб, иккинчи миллионни фоиз ҳисобига қарзга олди. Кейин аллақаерга чиқиб кетиб, шумшайиб қайтиб келди. Болаларига отасини кўрсатиб, «ана, хотинбоз отангнинг аҳволини кўриб қўйинглар, ҳамма ишни қилиб қўйиб, энди бемалол ётибди», – дея йиғлаб юборди. Болалар ҳам аюҳаннос солишди...

Ғайбаров оёққа тургач, биринчи бўлиб Маъсумовга қўнғироқ қилди. Алоқа шу ондаёқ узилди. У ҳам анойи эмас, аллақачон телефон рақамини ўзгартириб олган. Шундан кейин Ғайбаров эски ишхонасига қараб йўл олди. Уни ичкарига киритишмади. Махсус рухсатнома керак эмиш! Бир пайтлар Ғайбаровни кўрганида пилдираб бориб, қўшқўллаб кўришадиган қўриқлаш бошлиғи уни танимади. Олдига ҳайдаб солди. Ғайбаров шу ердан туриб ички телефон орқали Маъсумовга қўнғироқ қилмоқчи эди, у гўшакни тортиб олди. «Бу телефон пуллик», – деди без бўлиб. Ғайбаров бошқаларнинг олдида ўсал бўлди: «Хўп, пулини бераман, қанча?» Қўриқчилар бошлиғи бўш келмади. Истеҳзоли кулиб деди: «Қанча дейсизми? Икки миллион!.. Хўш, қониқтирадими сизни, бера оласизми?..»

Одамни бу қадар пастга уриш бўлмаса керак. Ғайбаров ер билан битта бўлиб ортига қайтди. Ниҳоятда хўрлиги келди. «Сенларгаям бир бало бордир», – деди кўзлари намланиб. Кейин кўчадан Ноилага қўнғироқ қилди. У, «ҳозир, бир дақиқа шошманг», – деди-ю... гўшакдан чақалоқнинг ингалагани эшитилди. Ғайбаров яна «синди». У таслим бўлган эди. Ёлғончилар, мунофиқлар олдида ерпарчин бўлган эди...

Ғайбаров ҳозир институт хоналаридан бирининг деразасидан ташқарига тикиларкан, ичи ҳувиллаб қолганини, абгор, тушкун одамга айланганини ҳис қиларди...

Бу ерда ҳам узоқ ишлай олмади. Соғлиги панд беравергач, паттасини қўлига тутқаздилар. Ҳа, сен билан нима ишлари бор? Ўлиб кетмайсанми? Ўз дардинг ўзингга! Бизга ташвиш орттириб нима қиласан?..

У кўчада беихтиёр бир вақтлардаги таниши Қўлдошни кўриб қолди. Ҳали-ҳали қувноқ, шўх, кўзида олов чақнаб турарди унинг. Қўлдош Ғайбаровни бир аҳволда кўриб, ҳайрон бўлди, кўнглини кўтарди. Ишламаётганини эшитиб, бирга ишлашни таклиф қилди.

Ғайбаров сал очилгандек бўлди. «Бор экан-ку дунёда яхшилар! Яша, Қўлдош! Майли, иш топиб бермасанг ҳам ёлғизлатиб қўйма. Бир ўзим сиқилиб кетдим, ахир! Билмадим, дунё шунчалик тормикан ё...»

Қўлдош бозорда ишларкан. Янаям яхши! Гавжум одамлар орасида бўлгани тузук!..

Соат уч-тўртларгача растада бўлишади, кейин пивохўрлик. Уч-тўрт сўм тушиб туради ҳар қалай!

Дастлаб танишларини кўрганида, Ғайбаров тескари қараб турарди. Кейин-кейин «без» бўлиб кетди. Тили ҳам айланиб, унча-мунча савдолашадиган бўлди. Лекин ҳануз юраги зада, қандайдир кўнгилсизлик бўлмаслиги учун бошқалар билан ўлиб-тирилиб муомала қиларди у. Ҳар тугул Маъсумов тинчиб қолгандек, Ноиладан ҳам садо йўқ эди. Ғайбаров «фоиз» балосидан қутулиш учун бор кучи билан ишларди. У энди анчайин ўзгарган, бир қадар қўрқоқ, майин ва сиполашиб қолган эди...

Бир куни Ғайбаров яна ўша нотанишни кўрди. Кўзларига ишонмади. Худди ўша! Уст-боши ҳам, қарашлари ҳам ўзгармаган! Қандайдир совуқ ва қаҳрли бўлиши билан бирга ачинадиган нигоҳи ҳам бор.

– Ҳой, биродар, менга қаранг, шошманг, – деди Ғайбаров унга.

Аммо шумқадам индамай йўлида давом этди. Ғайбаров растани айланиб унга етиб олишни ўйлади, бироқ шунча молни ташлаб кетишга кўзи қиймай, яна бир бало бошланишини ўйлаб, юраги дов бермади. Мана, кўриняпти, шунисигаям шукр. Демак, ишлари яхшилана бошлагани учун бўлса керак! Аммо шумқадам бир боргина гаплашиб олганида зап иш бў¬лар¬ди-да!..

Эртасига Ғайбаров бир кампир билан молларни савдолашиб турганида шумқадам яна пайдо бўлди. Ҳа, худди ўзи! Яна келди.

– Яхшимисиз, биродар? – деди Ғайбаров ўзини йўқотиб қўйиб.

Ёнидаги Қўлдош ҳайрон бўлди. Пичирлаб деди:

– Тавба, кампир билан «биродар» деб гаплашяпсанми?

– Йўқ, ёнидаги билан, қара, яхши одам у.

Қўлдош индамай ўз иши билан банд бўлди. Бу орада шумқадам яна кўздан йўқолди.

Ғайбаров бир қадар хотиржам эди. Ҳар куни келяпти-ку!.. Тушлик маҳали Қўлдош билан жиндак тортишиб қолди. У «кўзингга ҳар бало кўриняпти», – дея кулганди, «Эртага исботлайман», – деди Ғайбаров...

Эртасига яна шумқадам бир кўриниб, кўздан ғойиб бўлди, аммо бу вақтда энди Қўлдош йўқ эди. У келгач, айтган эди, яна кулди. «Фотоаппарат билан суратга тушириб, кўрсатсанг ҳам ишонмайман», – деди.

Ғайбаров ростдан ҳам фотоаппарат топди. Бўйнига илиб, шумқадамни кутадиган бўлди. Аксига олиб, у сира кела қолмасди. Орадан уч кун ўтса ҳамки, дарак йўқ.

Ниҳоят тўртинчи куни шумқадам пайдо бўлди-ю Ғайбаров уни зўрға фототасмага муҳрлашга улгурди. Елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди. Эртаси куни фототасмани керакли жойга топшириб, туширган суратини қоғозга чиқартириб олди.

Мана, шумқадам! Мана, сурати!

Ғайбаров унга узоқ тикилди, кимгадир ўхшатди, ам¬мо барибир эслай олмади. Бир тўп моллар билан қайт¬ган Қўлдошнинг олдига суратни тап этказиб ташлади:

– Мана, оғайни, кўзингга ҳар бало кўриняпти, дегандинг!..

Қўлдош истамайгина суратни қўлига олди-ю қараб туриб, кўзлари пахтасидан чиқиб кетаёзди:

– Сен буни қачон суратга олдинг?

– Кеча.

– Нима?! Қанақасига?.. Ахир бу Шариф-ку!.. Эсингда йўқми?

– Қайси Шариф?

– Вақтида бирга ишлаган эдик, наҳотки эслолмасанг? Сен уни Шариф эмас, Шарф деб чақирардинг!

Ғайбаров узоқ ўйлаб туриб, қичқириб юборди:

– Ҳа... ҳа... эсладим. Шариф, Шарф... Шарф! Ахир у билан не-не кунларни бирга ўтказмаганмиз! Бўйнимизга тақамиз сени, деб жиғига тегардик, Қўлдош...

– Худди шундай!

– Оббо, Шариф-ей!.. Қўлдош, эсингдами, Шариф мени, сени не балолардан асраб қолган. Нуқул ҳалол, ҳаромдан гапирар эди. Аммо нега у мендан ўзини олиб қочаверади?.. Шариф! Мен уни шумқадам деб юрибман-а!

Қўлдош маъюсланиб деди:

– Аммо ҳамма гап шундаки, ўша Шариф бундан беш йилча аввал ўлган. Уни мен ўзим тупроққа қўйганман.

Ғайбаровнинг бошига кимдир гурзи билан туширгандек бўлди. У Қўлдошнинг гапларини эшитмас, шумқадам – Шарифнинг нима учун пайдо бўлгани-ю, унинг Ғайбаровни нималардан огоҳлантирганини идрок этаётган эди. Шариф уни кўп балолардан асраб қолди, ҳаётни, одамларни бепарда кўрсатди. Шу билан бирга ўзининг ҳам эсини жойига туширди. У нотаниш эмас, шумқадам ҳам эмас, яхши, беозор одам.

Ғайбаров беихтиёр Қўлдошнинг қўлидаги суратга тикилди. Ундаги Шарифнинг сиймоси аста-секин йўқолиб бормоқда эди...