OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиАспан атторнинг аризалари (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм36KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Аспан атторнинг аризалари (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Қоп Кийган Ўқувчи Ёки Биринчи Ариза

Девонаи Машраб номига қўйилган ўрта-средний мактаб тириктурига собиқ кашшоф Аспан-барабандан

Арийзанома

Ит эгасини, мушук божасини танимайдургон, ожизалар наган отиб, эркаклар бола йўргаклай бошлаган ур-тўпалон замонлар эди. Бўғоз эшак юрса қорни шилинадургон торгина кўчамиздан икки гала отлиқ қий-чув билан бир-бирини тирақайлатиб ўтар, Раҳим қоровулнинг кароматига қараганда, улардан бирови шўрочилар, бошқаси мадаминчилар бўлиши керак эди. Томдаги болакайларга қўшилволиб, отлиқларни ҳай-ҳайлаб тургувчи Саттор жинни эса «ваҳ-ваҳ, иккаласиям ўзимизникилар», деб чапак урарди.

Бир куни Идрис қори сўфиликдан урилиб, маҳалладаги мачит янгича мактабга айланганини айтишгач, ахийри Шўронинг қўли баланд келганини фаҳмладик. Ҳаш-паш дегунча ҳаммаёқни кашшоф босиб кетди. Раҳматли дадам маниям мактабга судраб бориб, ғилай одамга рўпара қилди. Муаллим шу киши эканлар. У бир кўзида булутга, бир кўзида манга қараб туриб, устимда иштондан бўлак ҳеч вақо йўқлигидан ичикиб кетди. Ана ундан кейин, ҳукумат вакилининг ҳузурига ёш авлодни шу кепатада етаклаб келасанми, деб дадамга кўп даваралар қилди. Лотинча ёки ўрисча аралаштирган бўлса керак, ўшанда унинг баъзи гапларига тушунмадим.

Дадам жаҳл билан мани яна уйга судради. Тафсилотни эшитгач, жойинг жаннатда бўлгур волидамиз сабзидан бўшаган линча қопнинг таги ва икки четидан туйнукчалар очиб, дарҳол ичига киришимни буюрди. Этаги ер супуриши, енги йўқлигини ҳисобга олмаганда, янги кўйлак жуссамга қолипдек ёпишиб, бағоят очилиб кетдим.

Ўқишга-ку йиғи-сиғи билан кириб олдим, аммо кашшофликка ўтишим жудаям мушкул кўчди. Қоравой қўрбоши деганнинг қулоқ қилинган акаси қўйворган бир хотин тоғамнинг келинига хола бўларкан. Келиб-келиб, шу нарса таржимаи ҳолимга қоракуя туширди. Лоақал, ўша келинпошшанинг нусхасини кўриб, биронта попукли рўмолчасига бурун артган бўлсайдим, бунчалик алам қилмасди.

Бир тасодиф боис, хайриятки, ишларим юришиб кетди. Биринчи Мой байрами куни кашшофлар сафга тизилиб, байроқ кўтарганича маҳаллани айланиб чиқадургон бўлишди. Домламизнинг мўлжалига кўра, кашшофлардан биттаси саф бошида барабан уриб бориши керак эди. Қарангки, шу ишни эплайдургон бола топилмади.

Мани тоғам номдор карнайчи. Кўпинча тўй-тўйчиқларда унга эш-қўш бўлиб, ноғора чалиб юрардим. Ҳунарим шу топда асқотди-ю, барабанни шартта бўйнимга илиб, «қайроқи»га ура кетдим: трра-трак, трака-трак...

Мундоғ қарасам, домламизнинг оғзи қулоғида. Завқим келиб, оҳангни «қашқарча»га бурвордим. Қани энди манга пул қистирадургон мард топилса.

Хуллас, шу жойнинг ўзида оқланиб, шу жойнинг ўзида кашшофликка қабул қилиндим. Ўша-ўша, мани ҳамма Аспан-барабан деб чақирадургон бўлди...

Ҳайтовур, гапни чўзмай, мақсадга ўта қолайин: равотнинг шундоққина ёнига битта ҳужрача қуришни кўпдан ният қилиб қўйган бўлсак ҳам пойдеворга босадургон ашёмиз йўқлигидан хижолат чекиб, бу ишга қўл урмай юрган эдик. Сиз раҳбар бўлган мактабга ўнта гурзавойда куйдирилган ғишт келтирилганини кеча ўз кўзим билан кўриб, бағоят хурсанд бўлдим. Агар малол келмаса, қишлоқдан чиққан дастлабки ўтюрак кашшофлардан эканимни ҳисобга олиб, ўша ғиштлардан мингтасини совға тарзида ҳовлимга ташитиб қўйсангиз. Баҳонада, ҳашарчи пиянерлар билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, илм эгаллашдаги катта тажрибаларим ҳақида уларга эринмай сўзлаб берган бўлардим.

Сиздан ёрдам кутиб: собиқ кашшоф
Аспан-барабан
24 морт.

Дастлабки Шапкалилар Ёки Иккинчи Ариза

«Қизил кетмон» калхўзининг камсамўллари ва ўспиринлари котиби Жумавой укамизга собиқ ёш актип Аспан-шапкадан

Арийзанома

Тўлан-ташвиқотнинг гапига қараганда, калхўзимиз бублатекасида камсамўллар музегини очиб, дастлабки ёш актиплар иши тўғрисидаги сурату ҳужжатларни ойнадор жавончаларга териб ташлаган эмишсан. Айниқса, қишлоғимизнинг биринчи камсамўли Урайим-закўннинг каттакон портрейти хонанинг тўрисига илиб қўйилганини эшитиб, бағоят хурсанд бўлдим. Чунки, гўринг ячейка бўлгур ўша азамат манга жонажон қўшни, тавоқдош улфат эди. Қишлоқда биринчи бўлиб у, иккинчи бўлиб ман шапка кийганман.

Ўшанда оёқда чориқ, устимда ямоқ тўн, бошда ола шапка билан қўрқмасдан уйга кириб бордим. Дадам аҳволимни кўриб, чайнаб қўйган овқатини ютолмасдан, бир муддат сўррайиб қолди. Волидамиз қўлига оташкурак олиб, аккашни гузаргача қувиб чиқди. Шундан сўнг аламзада Идрис қоригаям эрмак топилиб қолди, афтимни кўрди дегунча, муллалигини паққос унутиб, чапаничасига айниб сўка бошларди.

Шу зайил, неча кун уйдан қувғин бўлиб юрдим, шаънимга кўп надоматлар орттирдим, лекин културной револутся йўлида барига чидадим. Ўша йилларда Урайим-закўндан кам жабр тортган бўлсам, мани қасам уриб, соқолим тулаб тушсин.

Ман бу гапим билан суратимни Урайим-закўннинг портрейтига эшқўшлаб осиб қўй демоқчи эмасман. Локигин, ўзингдан келиб, шундоқ қилган тақдирингдаям сандан бир мири кетмайди.

Воҳ! Чунонам оғир даврлар эди! Биз ёш фаоллар, яъни актиплар камсамўлларга эргашиб далама-дала кезиб юрардик, кетмончиларга газет ўқиб берардик, уларни калхўзга киришга ишқардик. Калтак еган пайтларимиз кўп бўлган. Кечқурунлари ҳаммамиз ячейкага тўпланиб, аввалига «Яша, Шўро»ни хиргойи қилардик, кейин шахматни билганлар дона суришарди, қолганлар пул тикмасдан, тўғрамнон ёки мева қоқига ошиқ отардик.

Бойваччалар кўпинча бизни йўлда пойлаб туришарди, улар билан охирги тишимиз қолгунча ғажишардик. Оқбилаклар ўз йўлига, таассуфки, китоб кўрмаган бат-ракваччалар ҳам улар тарафда туриб бизга мушт отганда, жиғ-бийронимиз чиқарди. «Суф санларга, каллаварамлар, – деб қичқирардик уларга, – контурларга сотилганинг учун эртага ячейкага опкелиб, шунақанги боплайликки, токи опаларингни очиққа чиқарадургон бўлинглар».

Ман пакана бўлсам ҳам жуда хунук уришардим. Бир куни Ёдгорбой деганнинг кенжа ўғлига такапўрма қилиб калла қўйган эканман, кўзи тепага битиб, оғзидан оқ кўпик келди. Шунда Урайим-закўн елкамга уриб: «Қойилман, Аспанчик, сани бемалол камсамўлга қабул қилиш мумкин», деб юборди.

Ҳа, мани, албатта, камсамўлга олишарди, иш яхши томонга юриб турган вақтда ман гўсхўр қандайдир чайқовчига ўзим билмаган ҳолда ёрдам бериб қўйиб, обрўйимни ошқовоқ қилдим. Лодон эканман, ўшанда ҳушёр иш кўриб, камсамўлга текис ўрнашиб олганимда, ҳозир бозорма-бозор бўғриқиб юрмай, камида «Ўзбекбирлашув»нинг биронта идорачисини тебратиб турган бўлардим...

Аптабияграпияни тўхтатиб, асл муддаога ўтайин. Шу десанг, Жумавой ука, равотнинг ёнига битта ҳужрача қуришга киришиб, пойдеворига минг дона куйдирилган ғишт босиб қўйдим. Камхаржу ёлғизқўл бўлганим учун қурилиш шу жойга келганда таққа тўхтаб қолди. Агар малол келмаса, қишлоқдан чиққан дастлабки актиплардан эканимни ҳисобга олиб, камсамўлча шанбалик йўли билан манга беш мингтагина гувалак ётқизиб берсанглар. Баҳонада, ҳашарчи камсамўлларга марҳум Урайим-закўн ҳақидаги хотираларимдан гапириб, уларнинг кўзини мошдек очиб қўйган бўлардим.

Сиздан ёрдам кутиб: собиқ кашшоф
Аспан-барабан
15 афрел.

Шувитюз Улфат Ёки Учинчи Ариза

Маҳалламизнинг обрўли оқсоқоли Сулаймон полвонга шу маҳалланинг собиқ чойхоначиси Аспан-самовардан

Арийзанома

Гузардаги чойхона эсингдами? Беданаларни осмачироққа тоблаб, тонг оттирардик. Жанг кўрган «полвонча»ларнинг тўрқовоғига садаф қадатиб, сувдонига дўдана осиб қўярдик.

Ҳай-ҳай-ҳай! Бедана уриштиришда санга тенг келадургон жирракини учратмаганман, ютсанг – ютганинг, иш чаппа кетаётганини пайқасанг, қилдан қийиқ топиб, тўпаланг чиқарардинг. Ертегирмондаги катта олатасирда бир номард кўзингга бигиз синчиб, истарангга путур етказганидан ҳали-ҳали ачиниб юраман. Хотининг ҳам ўшандан кейин сандан кўнгилсиз бўлиб кетиб қолувди. Бунинг устига манам учинчи хотинимни талоқ қўйиб, прастўй-халастўй юрардим. Чойхона бизга ҳам рўзғор, ҳам хотин бўп қолувди. Э, садағаси кетай, деб қўяман баъзида, ўша кунларам бир давр экан – кунда беданавозлик, кунда ошхўрлик...

Ҳай дариғ, кейинчалик ўртамизга ола ит оралади. Эркакчасига айтадургон бўлсам, ошначиликнинг бузилишига кўпроқ ўзим айбдорман. Сан ғарибга вафо қилмаган ўша юзсиз хотинга уйланиб нима қилардим ман аҳмоқ? Ўзинг биласан, бу дардисар ҳам аввалгилардан беш баттар чиқди. Ҳалиям аҳвол шу – тиши тўкилсаям, тили тийилмайди. Тўрқовоққа сопқўйсанг, манаман деган «тезотар»ингни қочиради хумпар. Шундан зап қутулиб кетгансан-да, ошна.

Омадинг бор экан, кам бўлмадинг. Фарғона канолини кавлашда қаёқданам назарга тушиб, кўп ўтмай, калхўзга бургадур бўпкетдинг. Пилонинг тўлавурди, сан семиравурдинг – ошхўрликда ёпилмаган қовурғаларинг бургадурликда ёпилди. Номингни газеталарда кўриб қолсам, бағоят қувонардим, бир йўла суратингниям қўшиб ёпиштиришмаганидан афсусланардим. Кейин ўйлаб кўриб, суратга тушишдан ўзинг ийманган бўлсанг керак, деб тахмин қилдим. Тўғри-да, бир кўзинг ожизлигини эл-юртга ошкор қилиб, жинни бўпсанми?

Одамларга аралашиб, маъқул иш қилган экансан, калхўз битта сигир етаклатиб, сани пенсиёга узатди. Мана, охири тўйида беш пуд гуруч дамланадургон каттакон бир маҳаллага оқсоқол бўлиб ўтирибсан. Тутун чиққан жой борки, санга атаб алоҳида тугун тугиб қўйилади. Хайрият дейиш керак, маҳалладагилар инсофли, устингдан ёзадургон одам йўқ...

Эски қайсарлигинг қўзиб, «хўш, мақсадинг нима ўзи», деб сўраб қолишинг мумкин. Мақсадимни энди айтаман.

Шу десанг, равотнинг ёнига меҳмону мусофирларнинг ҳожатини чиқарадургон бир ҳужра қуришни кўпдан ният қилиб юрардим. Охир вақти-соати келиб, шу иншоотнинг пойдеворига минг дона куйдирилган ғишт бостириб, беш мингта гувалак юмалаттириб қўйдим. Ёлғизқўллик қурсин, буёғига жиндай қийналиб қолдим.

Дўстим Сулаймонжон, агар малол келмаса, узунҳовуз атрофида беҳуда савлат тўкиб турган мирзатераклардан бир нечтасини худо йўлига кестириб берсанг. Бу – биринчиси. Иккинчи ўриндаги илтимосим шуки, уста Абдуқаҳҳорни савоб ишга сафарбар этиб, ҳужранинг ёғоч-чўпини тиклагач, эски қадрдонлик ҳурмати девор ҳашарига ўзинг бош-қош бўлмасанг, маҳаллада мани юз қилиб ҳовлимга қадам босадургон банда йўқ. Баҳонада, бу анжумандан фойдаланиб, ҳашарга келган ёш-ялангларга сан забардастнинг калхўз тузишдаги майда-чуйда хизматларингни бўяб-бўрттириб гапириб берган бўлардим.

Сиздан ёрдам кутиб: собиқ кашшоф
Аспан-барабан
19 мой.

Шоввоз Извошчи Ёки Тўртинчи Ариза

Қишлоқ ижроқўмининг раисаси ўртоқ Поччаевага шу маҳкаманинг собиқ ходими Аспан-извошдан

Арийзанома

Мугузинг қайилгур Адовлип Гитлер қизил Масковга лашкар тортмасдан бурун ҳозир сан бошқариб турган ана шу маҳкамада салкам уч йил извош минганман. Буни сан билмайсан, раҳматли отанг биларди буни. У киши ўша пайтларда идорамиз яқинидаги мискарлик дўконида тирикчилик ўтказарди. Гоҳида унга извошимни ювдириб, мўмай чойчақа берардим, шунда у «санга мандан қайтмаса, болаларимдан қайтсин», деб дуо қиларди. Фаришталар омин деган экан, мана, энди санга ишим тушиб турибди.

У вақтларда извош миниш ҳозир шопирлик қилишдан ўн чандон оғир, юз чандон масъулиятли эди. Энди ҳамма йўллар асфал, мошинага ёғни қуйиб, искўрисини тўғри урсанг, айтган жойингга ғувиллатиб элтиб қўяди. Ман извош миниб, итнинг кунини кўрмадим, мундоғроқ бўлдим. Байталлар қари, ем-хашак танқис. Бунинг устига, Маҳрамбойваччадан тортиб олингандан кейин яна ўттиз ташкилотнинг дарвозасини кўрган манжалақи извош кунда бир ишкал чиқариб туради дегин. Отбоқарам, извошчиям, слейсариям ўзим.

Бир куни десанг, қизим, раёндан трактўрларнинг катта хўжайни кепқолди. Мошинасидан тушди-ю, келинаянгга бор, деб шопирини изига қайтарди. Бошида тўнғизтери шапка, қўлтиғида лўлаболишдек попка, белида наганбоп тасма, оёғида кавалериска хиром. Раисимиз тиззалагудек аҳволда бориб, қўш қўлини узатган эди, у бурун жийирганича иккита бармоғини чўзди. Бошқалар-ку, атрофда эмаклаб юришибди.

Ана шундай мартабали одам ҳам ман рўлавой бўлган извошга чиқиб ўтирди. Ёнида раисимиз. Улардан буйруқ олиб, байталлар бошини «Байналминал» калхўзига бурдим. Ўша даврдаги йўллар яёв юрганниям ичак-чавоғини аралаштирадургон аҳволда эди. Қирчиндаги туяўркач йўлдан лўки-лўк бораётганимизда, извош хунасанинг орқа ғилдираги чиқиб кетса бўладими. Ана томоша-ю, мана томоша. Аввал меҳмон ағдарилди, кейин хўжайиним. Хайриятки, раисимиз ўша куни ичмаган экан, ҳушёрлик қилиб, вақтида бошлиқнинг тагига кириб олди.

Қарасам, иш чатоқ. Бошимни суянчиққа уриб қонатдим-у, чалаўлик одамдай миқ этмай ётавердим. Раис ўрнидан туриб, бурнидан лой қоқди. Катта хўжайин гандираклаганича келиб, ерда ётган ғилдиракни тепди, «ҳе балонингга фалоним», деб сасиб қўйди. Бир кўзимни қия очиб, барини кўриб турган бўлсам ҳам, ўша сулайганимча миқ этмадим. Шунақа қилмасам бўлмасди, замон нозик эди. Бошлиқлар истаса, янгироқ дўппи кийганниям қулоқ деб, кўзи олароқни халқ душмани деб, сургун қилворишарди...

У даврдаги гапларни гапиравурсанг, жабру жафонинг поёни йўқ. Ҳартугур, мақсадга ўтайлик, қизим. Қариганда бошпанага зориқиб, равотнинг шундоққина ёнига тўққиз тўсинли бир ҳужрача қурган эдим. Пойдеворига минг дона куйдирилган ғишт босиб, синчига тўрт арава ёғоч, деворларига беш мингта гувалак харжладим. Ёлғизқўллик қурсин, томни ёпишга келганда, ҳамёним бужмайиб қолди. Агар малол келмаса, оғир замонларда ижроқўм юмушларига камарбаста турганимни ҳисобга олиб, томимни истандартнўй тунука билан ёпиб берсанг. Баҳонада, том ёпадургон усталарга ҳукуматимизнинг меҳнаткашларга қилаётган одамгарчиликлари ҳақида гапириб, уларни сиёсий томондан анчагина пухталаб қўйган бўлардим.

Сиздан ёрдам кутиб: собиқ кашшоф
Аспан-барабан
28 ийюн.

Қизилўрдада Яраланган Аскар Ёки Бешинчи Ариза

Раён ваянкаматининг каттакони патпалкўмник Иван Назарипга собиқ прўнтавой саллот Аспан-ярадордан

Арийзанома

Издаравия жилаю, тавариш камандур! Мани танимасалар, таниб қўйсинлар – собиқ прўнтавой саллот, ҳозир маҳаллада ўзига яраша обрў орттирган бир граждон ўзларига хат жўнатиб турибди.

Ман десангиз, уруш бошланган дастлабки кунлардаёқ ижроқўмдаги ишимдан тезда бўшаб олиб, қачон армияга чақиришаркин деб, жоним ҳалак кутиб юрдим. Ҳар куни пўштачининг ёқасини ғижимлайманки, манга повуска борми, деб. Ахийри қаторга қўшишмаганидан қаттиқ ўпкалаб, кезаргонлик қилмасам бўғилиб ўладургон даражага етдим. Кейин билсам, уйдан чиқибман-у, орқамдан повуска келиб, ман гўсхўрни доғда қолдирибди.

Саёҳат – ўз йўлига. Очдан ўлмаслик учун йўл-йўлакай мардикорчилик қилишгаям тўғри келди. Шу тариқа, йиллар ўтганини билмай қолибман. Бир куни мани Марғилонда тутиб олишиб, сан дизертурсан дейишса бўладими? Ким дизертур деб, улардан баланд сапчиган бўлдим. Сан қўлимга аптамат бер-чи, ман ўша пашистни нима қиларкинман, дедим. Қани, кўрамиз-да, дейишиб, аккашни урушга жўнатишди.

Вагўнда кетяпман-у, бировнинг қовунпоясига капа тиккан душмонни ўйлаб, зардам қайнайди денг. Отангдан қолган ўрмонингда қўзиқоринингни йиғиб юравермайсанми, зоти паст, деб куюнаман. Тўғри-да, тили бошқа юртда пошшо бўлганингдаям, барибир силқиндилигингча қолаверасан.

Ман аламзада қачон прўнтга бориб бўмбабоз самолёт минаркинман деб, вагўннинг томида бетоқат боряпганимда, хачирдан тарқаган паравўзимиз Қизилўрдада таққа тўхтаганича туриб қолди. Бир темирйўлчи мастравойдан: «Што такўй, вей?» – деб сўрадим. Мастравой илжайиб қўйиб, «твой уже апаздал», деб ўтиб кетди.

Қарангки, краснўй армия биз кетаётганимиздан бехабар яна қаттиқ урушга кириб, Гирмоннинг пойтахтини қўққисдан олиб қўйибди. Душмонга осмондан бўмба ташлаш ман шўрликка насиб бўлмади.

Иккинчи томондан, саллотларимиз урушда ютганидан суюндим. Қопчиқдаги ёнғоқларимни вокзолдаги мусофирларга арзонроқ тарқатворақолай деб, вагўннинг томидан сакраганимни биламан, шошилишда истрелканинг устига тушиб, оёқни тарашаёриш қилдим. Ҳушимга келиб қарасам, атрофим тўла дўхтир.

Хулласи калом, Адовлип Гитлернинг аҳмоқлиги туфайли соппа-соғ оёғим уч жойидан дарз кетиб, иккинчи грубий инвалит бўлиб қолдим. Аммо, бекор ётгим келмай, мана неча йилдирки, бозор-учарларга жамоатчилик асосида аралашиб, савет меҳнаткашларининг ҳожатини чиқариб юрибман...

Майли, муддаога ўтайлик. Ман нотавон равотнинг шундоққина ёнига тўққиз тўсинли ҳужра солиб, томига истандартнўй тунука босган эдим. Ҳужранинг олд томони очиқ, атрофида дераза йўқлиги туфайли баайни гаражга ўхшаб қолди. Агар малол келмаса, ҳукуматнинг бус-бутунлиги йўлида чап оёғимни пачоқлаганимни ҳисобга олиб, ман ватанпарварга битта «Запарожиз» деган лўккавой мошинани раҳматнома қилиб беришингизни сўрайман. Баҳонада, ана шу мошина билан бошқа раёнлардаги бозорларгаям етиб бориб, давлатимизнинг прўнтавойларга кўрсатаётган катта ғамхўрликлари тўғрисида даллолу харидорларга гапириб берган бўлардим.

Сиздан ёрдам кутиб: собиқ кашшоф
Аспан-барабан
4 авғус.

Райсобесга Пўписа Ёки Олтинчи Ариза

Райсабзининг бошлиғи Алайдин Салайдинипга ҳукумат учун катта хизматлар қип-қўйган Аспан-ветерондан

Арийзанома

Ман ким – қишлоқда биринчи кашшоф, биринчи камсамўл бўлиб юриб, кейинчалик «Қизил чойхона»га мудирлик қилиб, ундан сўғин қишлоқ ижроқўмига масъул ишга ўтиб, охири Гирмон урушидан фахрий чўлоқ бўлиб қайтган юртпарвар инсондурман.

Замон ўзгариб, домлалар қўлига адабчўп олмайдургон бўлгандан кейин ҳам, талай батракваччалар мактабга боришдан безиллаб юраверди, Шўрога зеҳни ўткир, китоб кўрган кадрлар зарурлигини қишлоқда биринчи бўлиб ман тушундим. Кўйлагим йўқлигини баҳона қилиб ўтирмай, эгнимга ўз ихтиёрим билан қоп кийиб, ўқишга қатнай бошладим, кашшоф бўлдим. Ана ундан сўғин, бошқа болалар мандан ўрнак олишди.

Ман камсамўл бўлган пайтларимдаям давр бежо эди, иштонбоғингни попуги қизғишроқ бўлса, сани болшибекка чиқариб, уйингга ўт қўядургонлар топиларди. Қўйнидаги носқовоқни юрак дегучилар ўзича ғўдайиб юраверсин, гапни мандан эшит, ука: мана санларга културной ревалутся дедим-у, қишлоқда биринчи бўлиб шапка кийдим. Энди бошга тушган кўргилардан сўрасанг, онам оқ қилмади-ю, мундоғроқ бўлди, Идрис қори каминани нималар деб сўкканини очиқ ёзадургон бўлсам, уятдан қоғоз қизаради.

«Қизил чойхона»га мудирлик қилган вақтимда давлатга янада кўп фойдам тегди. Орқамиздан ола боқиб, пинҳон жағ силаб юрган контурлар ҳалиям топилиб туришига қарамай, ман Маркс бобойнинг жўрнолдан қирқилган суратини чойхонанинг тўрисига илиб қўйишдан қўрқмадим. Бундан ташқари, ҳар хил газеталарни хонтахталарга ёйиб, ташвиқот ишларини авж олдирдим.

Кейинчалик мани қишлоқ ижроқўмига масъул ишга ўтказишди. Ижроқўм раиси иккаламиз извошга чиқиб олиб, кечани кеча, кундузни кундуз демай, калхўзма-калхўз изғиб юрардик. Пахтани ўтга бостирган ялқовлар билан ўша жойнинг ўзида ёқалашиб қолардик. Чунончи, бундайларга ҳайфсан бериш учун мажлис чақириб ўтиришга вақтимиз йўқ эди.

Тобора обрўйим ортиб бораётган бир пайтда, Гирмон пашистларининг лашкари карнай-сурнай билан устимизга ёпирилиб келаётганини эшитиб, уларни бағоят ёмон кўриб қолдим. Белни қирқ жойдан тугиб, ишимдан шартта жавоб олдим. Э пашист, санки ўзинг ёмонликни бошлабсан, энди мандан хафа бўлма, деб дабраволиска бўлиб урушга кетдим. Оёғим синса ҳам, юрагим бутун қолиб, енгилмасдан қайтдим.

Сан нимани кўрибсан, ука? Омадинг бор экан, яхши замонда туғилиб, бахмал кўрпада катта бўлдинг. Мактабдаям, инститўтдаям сани текин ўқитиб, тагингга пуржинали курси бериб қўйган экан, давлатга раҳмат дегин. Ана шундай давлатни қуришга жонини тикканлардан биттаси ман бўламан...

Муддаога ўтадургон бўлсак, кўриб турганингдек, эл-юртга кўп фидойиликлар қилган рустамзодаларданман. Йўқса, манга бепилиска гараж қуришиб, бунинг устига, ғойибдан «Запарожиз» мошинасини бериб қўйишмасди. Сан ана шуларни ҳисобга олиб, манга бериладургон пенсиёни ошириш чорасини кўр. Ҳозирча, вилоят аҳамиятига молик деб расмийлаштирсанг ҳам майли, республиканикини кейинроқ гаплашамиз.

Сандан ўн кун ичида жавоб олмасам, устингдан тепароққа ёзишга тўғри келади. Пухта ўйлаб ол, ука.

Сиздан ёрдам кутиб: собиқ кашшоф
Аспан-барабан
30 декабур.

1977-79