OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиДардингни стадионда айт (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дардингни стадионда айт (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Ҳакамнинг асабини эговлаш учун эндигина ҳуштак чалмоқчи бўптурганимда, стадиондаги эълончи бошини тандирга тиқиб олгандек, карнайни ғўнғиллатиб гап бошлади. У рақиблар жамоасини таништириб келиб, «бешинчи рақамда – Камол Каппонов» деса бўладими? Шу заҳоти сочим ҳурпайди.

Гап шундаки, ишхонамиздаям Камол Каппонов деган ўлакса бор. Бўлим мудиримиз бўлади. Йигирма йилдан бери иккаламиз ит-мушукмиз.

Хуллас, исми шарифи эълон қилинган пайтдан бошлаб, бешинчи рақамли ўйинчини ўлгудек ёмон кўриб қолдим.

– Хап сеними, Камол Каппонов! – дея мушт дўлайиб бақирдим мен. – Ўргилдим ўша турхатингдан!

Бақирдим-у, ҳудди бўлим мудиримизни кўпчиликнинг ичида ҳақорат қилгандек, кўнглим яшнаб кетди.

– Ҳў, Каппонов! – ўйиннинг илк дақиқасидаёқ иккинчи бор баҳри-дилим очилиб қичқирдим мен. – Кеккайишни сенга ким қўйибди? Ҳе, сўтак!

Шунда, ёнимдаги суратдор кўйлакли ўспирин менга ўгрилиб: «Намунча Каппоновга ёпишиб олдингиз, ака, у бечорага ҳали тўп теккани йўқ-ку», деб қолди.

– Камол Каппоновнинг кимлигини биласанми ўзинг?– бошқалар ҳам эшитсин деб, теваракка аланглаганимча, жўрттага баланд товушда гапирдим мен. – Жудаям аблаҳ у! Писмайиб туриб, орқадан оёқни чалади!

Бу гапни эшитиб, атрофда ўтирганлар бешинчи рақамли ўйинчи томонга ола-кула қараб қўйишди.

Шу маҳал қанот ҳужумчимиз Исроил Шокиров тўп билан олдинга интилди. Стадионда «ҳая-ҳая» бошланди. «Ҳайда, хўроз!», «Теп гумбиллатиб!» деган қийқириқлар эшитилди. Исроил жарима майдонига яқинлашиб қолган вақтда Каппонов бало-қазодек етиб келиб, унинг оёғи остига ташланди-ю, йиқилаётиб, тўпни ён чизиқдан ташқарига тепиб юборди. Бу мен учун айни муддао бўлди. Ён-веримдагиларни бўлим мудиримизнинг шамойилига айланган бешинчи рақамли ўйинчига қарши қайрашни авж олдирдим.

– Аблаҳлигига энди ишондиларингми? Ана сизларга Камол Каппонов! Агар Исроил эпчилик қилмаганида, болдири чўрт синган бўларди.

Биқинимда ўтирган суратдор кўйлакли ўспирин қўлини оғзига карнай қилиб, ғижинганича чийиллади:

– Кўзингга қараб ўйна, Каппонов!

Яна у ер-бу ердан «Ўпкангни босвол, Каппонов!», «Қара, Каппонов, орқангдаги нўмиринг тушиб қолди», деган писандалар таралди. Мен бўлим мудиримизнинг ўдағайловчи башарасини кўз олдимга келтириб, «Сендан қўрқадиган аҳмоқ йўқ, Камол Каппонов!» – деб наъра тортдим.

Исроил – жамоамизнинг Пелеси. Унинг тўп урмасдан ўйиндан чиқиб кетганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Агар йигирмаю бир ҳисобида ютқазган бўлсак, билингки, ўша битта тўпни шу қоравой урган бўлади. Бомбардирни қўриқлаш Каппоновга топширилган бўлса керак, эркатой ҳужумчимизга сира кун бермай қўйди. Бир гал ундан тўпни тортиб олаётиб, елкасидан салгина туртиб юборди. Бўлим мудиримиз ҳам мени ноҳақ турткилагани турткилаган.

– Дод Каппоновдан! – деб шовқин кўтардим мен. – Бу зўравонни тергаб қўядиган одам топиладими, йўқми?

Стадионда ҳуштакбозлик бошланди. Соддадил Исроил ўзига нисбатан қўполлик ишлатилганини шундагина сезиб, ҳакамга ҳўмрайганича ерга бир туфлаб қўйди.

Қулайдан-қулай шароит юзага келганидан фойдаланиб, ичимда кўпдан бери тўпланиб ётган бор зардобни стадионга тўкишда давом этдим.

– Мунча куюкасан, ука! – хўрлигим келиб, Исроилга нидо қилдим мен. – Дунёда ҳақиқат бор деб ўйловдингми? Ҳақиқат бўлса, Камол Каппоновга ўхшаганлар бизни тепалаб юрармиди?!

Бу оҳ-воҳларимга жавобан, турли трибуналардан «Каппоновни ҳайдаш керак», «Бу ўйинда ҳакам борми ўзи», «Каппонов! Исроилни тинч қўй, мараз», деган хитоблар янгради. Менинг назаримда, минглаб азамат йигит бўлим мудиримизни пўстаксудраш қилишга шай тургандек кўринди. Ана энди кўнглим тоғдек кўтарилмасинми!

Тарафдорларим сония сайин кўпайиб бориб, биринчи тайм охирлаб қолган чоғда бутун бир стадион Каппоновнинг ашаддий душманига айланди. Тўрт томондан уни таҳқирловчи сўзлар жаранглай бошлади. Бу ҳол ҳакамга ҳам таъсирини ўтказмай қўймади, у йўқ нарсадан айб топиб, музтурхат бўлим мудиримизнинг дастидан балога қолган футболчи Каппоновга сариқ қоғозча кўрсатди.

Ёнимдаги суратдор кўйлакли ўспирин бундан ўзида йўқ ҳурсанд бўлиб, кафтларини бир-бирига ишқалаган асно: «Қалайсан энди, Каппонов?» – деб чийиллади. Ҳакамнинг шаънига гулдирос қарсаклар ёғилди. Нариги трибунадан: «Бас энди! Каппоновнинг думи тугилсин!»– деган даъват эшитилган дамда, ниҳоят қатъий талаб билан чиқиш пайти келганлигини англадим.

– Ғаламисларга орамизда ўрин йўқ! – деб ҳайқирдим мен. – Йўқолсин Камол Каппонов!!!

Шу маҳал «барибир ниятингга етолмайсан, иблис», деган ҳирқироқ товуш чалинди қулоғимга. Мундоқ қарасам, орқадаги қаторда гезарганича бўлим мудиримиз Камол Каппонов ўтирибди.

1977