OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиҲакка холанинг иғволари (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳакка холанинг иғволари (ҳикоя)
Анвар Обиджон

Баҳром ҳақида иғво

Туришини қаранг – қўли чўнтакда, оғзи қулоғида. Худди биров текинга хўрозқанд бераётгандек илжаяди. Ундан кўра, уйга кириб «Алифбе»ни титкиласанг-чи, кўчада нима бор сенга.

Ўтакетган қизғанчиқ бола шу Баҳром. Тунов кун қараб турсам, бир қўлида сумка, бир қўлида пашмак, шипиллаганича мактабга кетяпти. Сумкага боқиб афти бужмайса, пашмакка қараб чеҳраси очилади денг.

– Ҳў, Баҳромбой, – дедим унга, – қўлингдаги нарсани иккига тақсимласак қалай бўларкин?

Тўғри-да, ҳозирги мактаб болалар жудаям олғир. Бирпасда борингни шимо қилишади. Ўзингга ҳеч бало қолмайди.

Галварс бола бунга тушунармиди? Кўнмади очкўз. Шундан кейин, мана бўлмаса, дедим-у, шартта унинг сирини очиб ташладим. Қанақа сир дейсизми? Ҳали эшитмаганмисиз? Майли, айтсам айтақолай, сиз ҳам ўзимиздансиз.

Аниқ биламанки, бу йил биринчи синфга ўттизинчи сентябргача туғилган болаларни қабул қилишди. Баҳром эса, тўртинчи октябрда туғилган. Буниям аниқ биламан. Шунга қарамай, тўпалонда у ҳам мактабга илашиб қолди. Билсам-билмасам, ўқитувчилари унинг ҳужжатини тузукроқ текшириб кўришмаган. Боланинг ақли калта бўлсаям, бўйи қурғур баландгина. Ана шу бўйига қараб туриб, уни билмасдан мактабга опқўйишган деб ўйлайман.

Қисқаси, Баҳром қизғанчиқнинг сир-асрорини бир-иккитасига секин шипшитиб қўйдим. Дунёда сиз билан бизга ўхшаган яхшилар кўп. Биттаси бўлмаса бошқаси бу сирни охири мактаб директорига етказиши турган гап. Шундан кейин, ҳужжат текшириш бошланади. Бир вақт қарабсизки, янаги йилгача хайр, дейишиб, Баҳромбойни мактабдан ўчириб юборишади. Ўшанда бир яйраб эрмак қиламиз-а уни?

Фаросат йўқ-да болада. Агар фаросати бўлса, келиб-келиб, Ҳакка холадан бир чўқим пашмакни аяб ўтирармиди? Баттар бўлсин!

Икром ҳақида иғво

Олдинлари уни туппа-тузук бола деб юрардим. Энди билсам, тарбияси жудаям бўш экан. Яхши тарбия кўрган болалар қотирилган ҳаккани томоша қилгани атайлаб музейга боришади. У бўлса, тиригини ранжитиб ўтирибди-я.

Кеча у диконглаганича томорқага кириб келиб, товуқларга макка сепди. Кейин эшак олманинг тагига бориб, шохга кесак ота бошлади.

Қарасам, макка кўп. Товуқлар оз. Бир чеккадан секин даврага кириб, ризқимни териб ейишга тушдим. Эрталаб гўнгтепада чалароқ нонушта қилган эканман, иштаҳам шунақаям очилиб кетдики!

Базм авжга минган паллада «ғув-в» этган товуш эшитилиб қолди. Чумчуқдек келадиган бир кесак шундоққина тумшуғимнинг ёнидан учиб ўтиб, қарсиллаганича катакнинг эшигига урилди. Товуқлар жон ҳалпида ҳар тарафга қочиб қолишди. Мен бу чоғда аллақачон терак бўйи баландликка чиқиб олган эдим.

Ўйлаганим сари менга шуниси алам қиладики, еган бўлсам, товуқларинг донидан ебман-да, Икромга нима? Мен сизга айтсам, дунёда ҳасадгўйликдан ёмон нарса йўқ. Бунақалар ўзиям емайди, бировгаям бермайди. Дарди бедаво-да.

Аввал айтмасам ҳам, энди айтаман. Унинг лақаби – «Сариқвой». Бир марта сариқвой десангиз, ғаши келади. Икки марта айтсангиз, бақириб беради. Учинчисида дунёни бошига кўтариб йиғлашга тушади.

Шунчаки қизиқчилик учун бир жиғига тегиб кўрмайсизми?

Нодира ҳақида иғво

Четдан қарасангиз, ювошгина қизалоққа ўхшаб кўринади. Аслида, жудаям муғомбир. Ҳаддан ташқари муғомбирлигини шундан ҳам билса бўладики, ўзи бир оғиз гапиролмайди-ю, ҳамма гапга тушунади. Масалан, чойнакка тегма, десангиз ўзини гўлликка солиб индамай ўйнайверади. Лекин, қанд ейсанми, деб сўраб кўринг-чи. Тезда тушуниб, шоша-пиша бош қимирлатмаса, майли, патимни юлиб ташланг.

Эрталаб у, очиқ қолган уй эшигидан уёқ-буёққа мўралаб олгач, тетапоя босганича айвонга чиқиб келди. Хурмонинг устидан аниқ кўриб турибманки, қўлида бир бўлак пишлоқ ҳам бор, уни ё оғзига солмайди, ё бўлмаса ташлаб юбормайди. Бир маҳал супургига қоқиниб, гупиллаганича йиқилиб тушди-ю, қўлидаги пишлоқ нарироққа учиб кетди. Шундан кейин иккала қўли билан кўзини ишқаганича ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.

Ёмон йиқилгани ростмикан, ёки шунчаки эркаланиб йиғлаяптимикан, деб ўйладим ўзимча. Хурмодан пастга тушдим-у, уни синаш учун аста-секин пишлоққа яқинлаша бошладим. Ўзингиз айтингчи, жонингиз оғриб турган чоғда овқат ҳақида ҳеч ўйлаганмисиз? Нодира бўлса мени кўрди-ю, кела солиб пишлоққа ёпишди. Йиғини тўхтатиб, менга шунақаям хўмрайиб қарадики, четдан кузатиб турган одам Ҳакка хола илгарилари ҳам унинг пишлоғини еб юраркан-да, деб ўйлаши ҳеч гапмас.

Нодиранинг муғомбирлигига энди ишонгандирсиз? Унинг пишлоғини ейман деб овора бўлманг, қўлидаги нарсани олиш тахтадан мих суғуришдан ҳам қийин.

Равшан ҳақида иғво

Анавини қаранг-а! Келиб-келиб, Равшанни мақтаб ўтирибсизми? Агар у эпақалироқ бола бўлса, мен билан аллақачон дўстлашиб олган бўлмасмиди? Ахир мен бу овулдаги энг ҳурматли Ҳаккаларданман-а!

Умуман айтганда-ку, бунақанги ўртоққа кўзим учиб тургани йўқ. Чунки у баъзи болаларга ўхшаб шоколад ейиш ўрнига «чапа-чуп, чапа-чуп» қилиб кун бўйи оқсақич чайнайди. У билан ошначилик қилишдан менга нима фойда? Тантилиги қўзиган пайтда менга берадиган сақичини бошимга ураманми? Ҳамма биладики, биз Ҳаккалар оч қолганда ҳатто шиша синиғини ютишимиз мумкин, бироқ устига нишолда суртиб берилгандаям сақич чайнамаймиз.

Оғзидаги нарсанинг ейишга яроқсизлигини қўйиб туринг, ўйнайдиган ўйинчоғиям бир пулга қиммат. Милтиқчасига пистон солиб отилса, худди ростакамдай варанглайди. Ўтган куни сўрида турган парвардани мўлжаллаб бораётувдим, орқадан гумбурлатиб қолса бўладими. Шошилишда бошимни сўрининг суянчиғига уриб олдим. Пешанамдаги ғуррани кўряпсизми?

Ҳм... қолган гапни кейинроқ гаплашадиганга ўхшаймиз. Тариллаган товушдан сезиб турибман – дадасининг мототсиклига мингашиб Равшан келяпти. Сал чеккароқда турганим яхши. Ким билади дейсиз, балки қўлидаги милтиғи ўйинчоқ эмасдир. Тағин «пақ» эткизиб...

Ҳозирча жоним тирикчилигимга яраб турибди.

Мўмин ҳақида иғво

Бешоғайни маҳалласида Мўминтой деган бир бедаво бола бор. Балки, уни ўзингиз ҳам танирсиз – пешанаси дўнг, бурни пучуқ. Шу бола менга кун бермай қўйди-да.

Уларнинг ташқиси ҳам, томорқаси ҳам ёппасига ишком. Узум деганингиз шиғиллаб ётибди. Гаров ўйнагандаям, бунча узумни битта маҳалланинг одами еб тугатолмайди. Шундай бўлгандан кейин, тўртта ҳакка билан бешта чумчуқнинг чўқигани қаёққа борарди?

Мўминтой бўлса, ишкомнинг тагига ўтирволиб, бизни қувлагани-қувлаган, шақилдоқларнинг ипини тортиб «жангира-жунгур» қилгани ортиқча. Қиялаб учиб бориб, ўша шақилдоғини бир тепиб ўтай деман-у, яна у ерга тузоқ-пузоқ қўйилган бўлмасин деб ўзимни босаман.

Боя пайт пойлаб туриб, ҳусайнидан бир дона олиб қочдим. Оҳ, оҳ, оҳ! Шираси тилни ёради денг. Қани энди биров индамаса-ю, бемалол сўритокка қўнволиб уч-тўртта шингилни бир бошдан чўқилаб чиқсанг. Қаёқда дейсиз, ана, ҳалиям «жангира-жунгур» қилиб ўтирибди. Кунда шу аҳвол.

Аслида, ҳамма айб унинг дадасида. Бола деганга битта уч ғилдиракли велосипед олиб бериб, уни кўчага қувиш керак. Бу ишнинг тарбиявий аҳамияти катта – табиатнинг ноёб дурдоналаридан бири бўлган биздек парранданинг ашаддий кушандаси биттага камаяди.

Алишер ҳақида иғво

Олакўз болалар ёппасига ҳовлиқмачи бўлишади. Алишер ҳам шунақа хилидан. Қўлига беш тийин тушса борми, дарровдаёқ босар-тусарини билмай қолади. Дўконга кириб қилган савдоси, жа нари борса, битта пуфак бўлади.

Унинг беш-олтита хашаки каптари бор. Масалан, биз уларни қуш деб ҳисобламаймиз. Ҳақиқий парранда биров ясаб берган инда ётишдан уялиши керак. Ҳалиги нодон бола ўша беорларни бирам папалайдики, бирам талтанглатадики, кўриб тумшуғинг терлайди. Кейин уларни учириб юбориб, дам чапак уради, дам ҳуштак чалади. Агар биронта каптар ҳавода умбалоқ ошиб қолса, жазаванг қургур бола завқдан қичқириб юборади денг. Хўш, ўшандақа қилиб умбалоқ ошишни биз билмаймизми? Истасак, ундан ўткизворишимиз мумкин. Аммо, бировнинг ҳуштагидан чечансираб, осмонда майнавозчилик қилиш бизнинг обрўйимизга тўғри келмайди.

Зоти паст каптарларни боққунча, мана бизни тўйдир, деб қўяман ўзимча. Бизни қуш деса бўлади, ўзимизга яраша савлатимз бор. Анча-мунча парррандага гап бермаймиз. Яна шуниси яхшики, бизга нимаики берилса, индамай еяверамиз. Олакўз болалар буни тушунишармиди? Уларга умбалоқ ошиб берсанг бўлгани. Ҳа, майли, бизнинг қадримизга етадиганлар ҳам топилиб қолар.

Зулхумор ҳақида иғво

Кап-катта қиз бўлиб қолди-ю, ҳалиям эси кирмаяпти. Қачон қараманг, ҳовлини супургани-супурган. Ёшингга қараб иш қилсанг бўлмайдими, деб қўяман ўзимча. У тенги қизлар кўчада тўптош ўйнаб юришибди.

Умуман, гап унинг ҳовли супурганида эмас, мен Зулхуморнинг саранжом-саришталигини ёқтирмайман. Ҳамма жойда ўралашиб, ҳамма ишга аралашиб юради.

Унинг Илҳомбой деган ажойиб бир укаси бор. Лаловгина бола. Юрган йўлида нон кавшайди. Кавшангандаям, ярмини йўлга уватиб ташлайди. Буни одамгарчилик дейдилар. У нон чайнаганича бораверади, мен унинг орқасидан эргашиб юриб увоқларни гуппа-гуппа уравераман. Ўртада иззат-ҳурмат, меҳр-оқибат бўлгандан кейин, бир тўғрам нон унга ҳам, менга ҳам бемалол етиб ортар экан.

Тунов куни Илҳомбой бир бўлак ёғлиқ патирни ушлаб олганича уйидан чиқиб, эндигина уватишни бошлаган эди, қаёқданам ҳалиги Зулхумор жиккак келиб қолса бўладими, у «нонни шунақа уватиб юрадими одам», деб укасининг кетига бир шапати тушириб қолди-ю. Илҳомбой шўрликнинг чириллаганини кўринг, менинг ҳам жигар-жигарим эзилиб кетди. Бечора бола ўшандан бери нонни уватмай ейдиган бўлиб қолди. Энди унинг ортидан юриб, барака топмаяпман.

Тағин ота-онаси Зулхуморни мақтаганларига куяйми. Илҳомбойга «яша, шоввоз», дейдиган доно йўқ. Дунёнинг ишлари чалкаш, деганлари шу-да.

Отабек ҳақида иғво

Баъзиларнинг мияси тўлиқ бўлади-ю, барибир пандавоқиларнинг қаторида қолверади. Бунинг сабаби – ақлдан тўғри фойдаланмаслик. Отабекнинг камчилиги ҳам худди ана шу. Агар каллани тўғри ишлатганда эди, ёнида ялиниб ўтирган мушукнинг бўйнини силаш ўрнига думини бураб қўйган бўларди.

Хўш, мушук нима ўзи? Дунёдаги жонзотларнинг энг пихи қайрилгани, энг бемаъниси! У шумният, ғаразгўй бўлишига қарамай, лаганбардорлик билан одамларнинг пинжига кириб олган.

Бу ярамас ҳайвоннинг ғаламислигини сизга исботлаб берай. Ҳовлида қулупнай ҳилло-ҳил пишиб ётибди. Ўзингиз биласиз, мушук қулупнай емайди, шунга қарамай, у лаънати экинзор атрофида кун бўйи ивирсиб юради. Мевачалардан битта-яримта татиб кўрай десанг, бало-қазодай югуриб келиб устингга отилади. Ўша муттаҳамнинг юнги майин бўлсаям, тирноқлари олмосдай ўткир. Панжасига илинганинг – асфаласопилинга кетганинг. Мана, анчадан буён олмага қўниб ўтирибман-у, пастга тушгани сираям юрагим бетламаяпти.

Ҳў сўричадаги мушукни кўряпсизми? Отабекнинг ёнида ётибди-ку ҳурпайволиб. Кўзларининг юмуқлигига ишонманг, у жодугар ҳамма нарсани кўриб турибди.

Ие, бу Отабек қанақа бола ўзи? Яна мушукнинг белини силаяпти-я. Вой, хумбош-эй. Ундан кўра, у ярамаснинг биқинига қаратиб бир тепсанг-чи, нодон. Уф-ф, бу болага қачон ақл кираркин?

Сизнинг ҳақингизда иғво

Нега хўшшайволи-и-б ёнимдан ўтиб кетяпсан? Танимай қолдингми мени? Ҳакка холангни-я? Қани, ростгўй холангга юракдан чиқариб бир салом бер-чи. Салом бер, юр юткур!

Ҳой, намунча кеккаясан? Бошқаларга ўзингни «аълочи» қилиб кўрсатмоқчисан шекилли? Ҳакка холанинг ҳеч нарсадан хабари йўқ деб ўйлайсан-да. Биламан, ё ўзбек тилидан, ё арифметикадан «икки»нг бор. Ҳойнаҳой, кундалик дафтарингни дадангга кўрсатмай юрган бўлсанг керак.

Нима? Оғзингизга қараб гапиринг дейсанми? Ҳу, ер юткур, ҳали ёлғончи бўлдимми сенга? Агар «икки» олган бўлсам, сиёҳдоним синиб, бурнимга сиёҳ сачрасин, деб қасам ичгин-чи.

Кўзинг жовдираб турибди. Сенинг қасамингга ишониб ўтирадиган тентак йўқ.

Хўш, чўнтагингда дўмпайиб турган нарса нима? Ёнғоқми? Бошимни айлантирма, ўчирғич унақа дўмпайиб турмайди. Ёнғоқ ўйнаб юргандан кўра, «икки»нгни тузатсанг-чи, латтабош. Сен тенги болаларнинг сурати «Аълочилар тахтаси»да турибди-я! Уялгин-э!

Қани, яхшиликча ёнғоқни буёққа чўз-чи. Чўз деяпман! Бўлмаса, «икки» олганингни дадангга айтиб бераман.

Ие, бу нима? Ҳм-м, ўчирғич дегин? Сени қара-ю, сўлоқмондай боласан-у, чўнтагингда биттагина ёнғоқ ҳам йўғ-а. Ҳе, ландавур бўлмай кет!

1978