OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиҲалокатдан асровчилар (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳалокатдан асровчилар (ҳажвия)
Анвар Обиджон

«
Бир мажлис ҳужжатидан
»

Тўққиз аймоқ мақбараси ўт ола бошлагани муносабати билан тунда атроф-муҳит ва ёдгорликларни муҳофаза этиш бўйича тузилган Суперштабнинг шошилинч йиғилиши чиқарилди.

Йиғилишни Суперштаб раиси Мўмин Итоатович очиб, мўътабар идоранинг масъул ходими сифатида халқ хўжалигининг барча соҳаларида катта юксалишларга эришилаётгани, жумладан шу йилнинг ўтган кварталида мажбуриятини бажармаган биронта тармоқ қолмагани ҳақида бафуржа тўхталиб ўтди. Сўнг айрим шахсларнинг лоқайдлиги натижасида баъзан хатолар ҳам учраб туришидан афсусланиб, бунга мисол тариқасида кўҳна Тўққиз аймоқ мақбарасида ёнғин чиққани, айни дақиқаларда аланга тобора авжланиб бораётганини илова қилди.

Тарих фанлари номзоди ўртоқ Ўсархўжаев ўз сўзида Тўққиз аймоқ мақбараси жаҳондаги энг қадимий ёдгорликлардан эканини билдириб, уни Миср, Рум ва Доруссаломдаги афсонавий иншоотларга таққослади. Унинг айтишича, эрамиздан анча аввал тикланган бу мақбара Турондаги бир қанча вайронгарчилик урушларида эл-юрт меҳри туфайли омон қолган. Искандар Зулқарнайннинг (ёш олим ўз нутқи давомида Искандарни қандайдир Александр билан бот-бот адаштириб турди) босқинчилик юришлари чоғида халқ дарёдан канал қазиб келиб, пастқам жойга қурилган мақбарани сувга бостириб юборган. Мазкур усул кейинчалик араблар истилоси даврида ҳам қўл келди.

Орадан кўп йиллар ўтиб, икки марта сувдан қуруқ чиққан Тўққиз аймоқ бошида янги хавф пайдо бўлди– энди ёвуз Чингизхон талончилари ёпирилиб кела бошлади. Душман кент жангчиларини ҳолдан тойдириш мақсадида дарёни бўғиб қўйгани сабабли, вазият қалтислигига қарамай бўлак чора ўйлаб топилиб, мақбара ҳашар йўли билан ташиб келтирилган қумга кўмиб ташланди.

– Бу билан шуни айтмоқчиманки, – деди нотиқ сўзининг охирида, – сара гранитдан қурилган мустаҳкам мақбара сувда ивиб кетмагани, қум остида уқаланиб тушмагани каби ўтда ҳам куйиб кул бўлмайди. Бинобарин, ваҳима кўтаришимиз учун ҳеч қандай асос йўқ.

Шундан кейин акдемик Буруновский сўз олди. Ўртоқ Буруновский ёш олимнинг охирги гапларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, бу борадаги шахсий фикрини рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаб берди.

– Ҳар қандай тош ўзининг физик хусусиятига кўра ўтга беқиёс даражада бардошлидир, – деб уқтирди ўртоқ Буруновский, – зеро бу туркумдаги жисмлар таркибида ёнувчи модданинг ўзи йўқ. Айниқса гранит ўта чидамли бўлиб, ҳатто пўлат қуюв қозонида ҳам эримайди.

Таниқли профессор Мансабалиев, археология соҳасидаги йирик мутахассис Эгилман, машҳур архитектор Хўпбўларов, «Ҳаромҳаришстрой» трестининг қурувчи инженери Пултопаров, шаҳар ижроия комитети раисининг ўринбосари Сансалоров ўртоқлар ўз навбатида академик Буруновскийнинг илмий асосдаги мулоҳазаларига қўшилиб, ортиқча безовталанишга ҳожат йўқ деган хулосага келдилар. Чунончи, тарихда тошдан қурилган турли қаср, ибодатхона ва мадрасаларда ёнғин содир бўлиш ҳоллари кузатилган, солномачилар бу объектлар айтарли зарар кўрмаганини ёзиб қолдиришган.

Физика фанлари доктори ўртоқ Отбошев академик Буруновскийга ҳамфикр бўлиш билан бирга, қизиб турган тошнинг сув сепилишидан парчаланиб кетиши мумкинлигини, шу боис ёнғинни ўчиришда ишқорли кўпикдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда ёш журналист Биркесаров сўз сўради. У ўз нутқида бир қадар пессимистликка берилиб, мақбаранинг марказий гумбази ичидаги бетакрор нақшлар кучли ҳарорат таъсирида чатнаб тушиб, зарҳал битикларнинг бутунлай эриб кетиши хавфи борлигидан ташвишланиб гапирди.

– Мабодо, булар нобуд бўлса, яна асл ҳолига келтиришимиз амри маҳол, – деди у. – Ваҳоланки, Шермат қўрбоши билан «қизиллар» ўртасида бўлган жангда қаттиқ шикастланган кунгирадор сўппини ҳануз қайта тиклай олмаяпмиз.

– Буларни гапиришдан энди фойда йўқ, – деди ўт ўчирувчилар раҳбари ўртоқ Нарвонов. – Нақшлар тақдирини мақбарада туристларга хизмат кўрсатувчи ёғоч дўкончалар растаси қурилмасдан илгари ўйлаш керак эди. Ҳали бунисиям ҳолва, мақбара остидаги ертўлага қўшни автокорхонанинг ёнилғи омбори жойлаштирилгани бошимизни кўпроқ қотиряпти.

Ўртоқ Нарвонов сўзининг якунида ўт ўчирувчилар иш бошлаши учун Суперштаб аъзолари тезроқ бирон қарорга келишлари лозимлигини эслатиб, улардан аниқ кўрсатма талаб қилди.

Шундан сўнг музокара қизиб кетди. Эрталабга яқин кутилмаганда баҳсни тўхтатишга тўғри келди – аланга ертўладаги ёнилғиларга етиб бориб, Тўққиз аймоқнинг кули кўкка совурилгани ҳақида телефонограмма олинди.

Бир неча минут давом этган нонуштали танаффусдан кейин Суперштабнинг эътиборли аъзолари яна думалоқ стол атрофига тўпланишди. Улар кун тартибидаги иккинчи масала – қуриб-қақшаб бораётган Орол денгизини асраб қолиш муаммосини муҳокама этишга киришдилар...

1987