OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиКамбағалбоп Гулматий (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Камбағалбоп Гулматий (ҳажвия)
Анвар Обиджон

«
Ёки олимликка ишқибоз, ашаддий Гулматшунос
Бурундор Тусмолийнинг ҳали тасдиқланмаган
илмий иши
»

Ҳаммомда лунгисиз юрган сўтакни кўрганмисиз? Кам бўлмасинлар! Чинданам кўрган бўлсангиз, демак мушкулимиз анча осонлашибди, яъни одамизод ибтидоий даврда қўшнилар ёнидан қай аҳволда ўтиб борганлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат қолмабди.

Хўш, одам боласи ўшандай беҳаё шаклу шамойилдан қутулиш учун белдан пастроқ жойни барг билан тўсмоқлик кифоялигига қатъий ишонган пайтда, даставвал, гаплашишга интилганми ёки хатлашишга? Биламан, сиз ер юзидаги манаман деган олимларнинг тап-тайёр фикрларига таяниб, оғзаки муносабатлар ёзма алоқалардан бир неча юз йиллар олдин пайдо бўлган демоқликдан нарига ўтолмайсиз. Мен эсам, дунёда биринчи бўлиб, бу фикрнинг аксини айтмоқчиман. Талвасага тушманг, далил-исботларим етарли.

Масалан, ҳали сўзлашиш уёқда турсин, ҳатто «мў» дейишни ҳам билмаган ибтидоий одам тирикчилик тақозоси билан чакалакзорларда изғишга, шох-шаббаларни синдириб, ўт-ўланларни тепалаб ўтишга мажбур бўлгани аниқ. Пайҳон қилинган жойлар эса ўз навбатида бошқа бир нафс бандаси учун: «Тўхта! Бу ер ўзга гўштхўрнинг томорқаси!» – деган огоҳлантирувчи шиор вазифасини ўтаган. Бу – гаплашувми? Йўқ, хатлашув! Ишоравий, нопўчтавий хатлашув!

Ёки бошқа бир мисолни олайлик: маймунларча худбинликдан халос бўла бориб[1], одамийликка хос кенгбағирлилик хислатларини ўзида анча мужассамлаштиришга улгурган бир овчи нотаниш дарада кийиклар тўдасига дуч келиб қолади. Маймунсимонлар бу тўғрида бошқаларга гуллаб ўтирмай, катта миқдордаги ана шу асранғилардан узоқ муддатга мўлжалланган шахсий манфаати йўлида фойдаланган бўларди. Аммо, ҳали ўзига кўп жафолар келтиргувчи одамийлик ва виждонлилик жараёнини бошдан кечираётган овчимиз жониворлардан бирини апил-тапил хомталаш қилиб бўлгач, кутилмаганда ўзгаларнинг қорни масаласини ҳам ўйлади: қимматли вақтини аяб ўтирмай, баҳайбат тошлардан бирига кийикнинг суратини ўйиб чиза бошлади. Овчидан бир неча кун кейин бу дарага инқиллаб-синқиллаб кириб келган санғилар галаси эса, кийикнинг тошдаги тасқара суратига боқиб эстетик завқ олмадилар, балки: «Оч-яланғоч қондошларим, шу атрофда мириқиб кийикхўрлик қилинг!» – деган мазмундадаги тилсимланган мактубни ўқиб, қувончдан бир-бирининг тишини синдиришга тушдилар.

Айни чоғда, шу дамгача ибтидоий санъат асари сифатида нотўғри талқин этиб келинган ўша сирли мактубни:

    Шу атрофда кийик бордур,
    Интилганга толе ёрдур!..

шаклидаги шеърга айлантириб идрок этишимиз ва унинг аҳамиятини оддий хабардан нафис бадиий ифода даражасига кўтаришимиз ҳам мумкин.

Кўриниб турибдики, «оғзаки нутқ ёзувдан илгарироқ пайдо бўлган», деб кўкрак керишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Буни дунёда биринчи бўлиб мен айтяпман!

Тошга чизилган кийик расми оддий ёзувгина эмас, балки маълум даражада бадиий тўқима ҳам экан, унинг қайси жанрга тааллуқли эканини билсак бўладими, дея ёввойиларча луқма ташланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Марҳамат, истасангиз, жанриниям белгилаб берақоламиз.

Эсингизда бўлса, кийикнинг шакли тасқара кўринишда чизилганини юқорида писанда қилиб ўтгандик. Кийикдек хушбичим ҳайвонни тасқаралаштиришга мойиллик сезилган экан, шак-шубҳа йўқки, бу сатиранинг ўзгинасидир. Демакким, бугунги кунда назаримизга кирмай, чапроқдаги бурчакка қисиб қўйганимиз сатира – аслида бадиий адабиётимизнинг жабрдийда бобокалони экан…

Мана энди асосий мавзуда йўрғалаш, яъни сатира ҳақидаги суҳбатимизни бошлаш учун қулай вазият юзага келди.

Эрамиздан илгарироқ бандалик қилган юнон қаламкаши Аристофан ўзининг ачитқироқ асарларини «сатирик драмалар» деб атаганидан сўнг ушбу атама олам бўйлаб тарқалган бўлса-да, аммо бундан ўзбеклар кулишни юнонлардан ўрганибди, деган хулоса келиб чиқмайди. Чунончи, ўзбекона аския гулхан атрофида давра қуриб, мамонт гўштининг жизғанак бўлишини кутганларича қий-чувлашиб ўтирувчи ибтидоий одамлар маросимига жуда мос тушади. Аскиялар латифаларга, латифалар эртакларга, эртаклар достонларга айлана боргани сари оғзаки ижоднинг инқирози тобора кучайиб, яна ибтидоий даврнинг бошланғич нуқтасига қайтиш – ёзувга мурожаат этиш эҳтиёжи туғила бошлади…

Ёзувдаги соф ўзбек сатирасининг илдизи жуда чуқур. Биз уни ортиқча кавлаштириб ўтирмайлик…

* * *

Гулмат ким ўзи?

Гарчи у ижод гаштидан ис олиб, назм бўстонида ўралаша бошлаганидан кейин ўртамиёна исмининг ортига Шоший деган дабдабали тахаллусни тиркаб қўйган бўлса-да, аммо унинг Фарғона водийсидан келиб, Тошкентда турғунлашиб қолган кимса эканини эндиликда биз яхши биламиз. Бу фикрни айтиш учун шоирнинг рақам 1 ва рақам 49 ғазалларидаги «Олтиариқ», «Фарғона»[2] деган сўзларига таяниш билангина чегараланиб қолсак, даъвомиз пучроқ чиққан бўларди. Жавонимизда Гулматга анча йил қондошлик қилган бир шахснинг эсдаликлари сақланмоқдаки, ана буни далил дейдилар.

«Бепарҳез Гулмат туруп пулламоқ иштиёқинда водийдан Тошканга келиб, пойгакдаги ҳужрамизни ижарага олиб эрди, - деб ёзади шоирнинг собиқ қайиноғаси мулла Акобир ўз эсдаликларида. – Бул орада тўнғич опам онинг кўзига иссиқ кўринибдурми, бозорчи улфатлари воситасинда совчи қўюрға ботинибдур. Адамизнинг адаси асли қишлоқроқдин бўлғони боис шўрлик мусофирға ён босуб, они ичкуёв қилиб оладурғон бўлдилар».

Мулла Акобирнинг ёзувларига асосланиб, яна шуларни айтиш мумкинки, ота касбига кўра Бешёғочда сартарошлик қилиб кун кечира бошлаган Гулмат ора-сира ерлик деҳқонларга туруп уруғини пуллаш билан ҳам шуғулланиб турган (тошкентлик томорқачилар ўз турупларини ҳануз олтиариқники деб сотишлари шундан қолган бўлса керак). Ҳамёни оғирлашиб, алоҳида ҳовли сотиб олгандан сўнг, унинг эски дарди қайтовланиб, яна қаламбозликка ружу қўяди.

«Гулмат хумбошнинг димоғи қўлёзмалар қаппайишиға монанд шишиб борурди, – деб ёзади мулла Акобир. – 1881 йилга келиб манманлиги он қадар газакладиким, назм нафосатларини илғай билмасликда айблаб, покдамон опамизни қуққус талоқ қилди».

Аммо, аёлпарвар шоиримиз учун бу бор-йўғи биринчи «айрилиқ» эди холос. Кейинчалик у яна уч бор никоҳ маросимларида бош қаҳрамон бўлишдек азобни тортди, чидади.

* * *

Уста Гулмат тирикчилик ташвишлари, хотин-халажлар иштирокидаги оилавий машмашалардан холи пайтларидагина ижод қилгани туфайли ундан бизга кўп нарса қолгани йўқ: мана, панжамизда унинг ихчамгина тўплами турибди – «Безгакшамол!»

Гарчи шоир бу мажмуанинг илк саҳифасига «девон» дея бағбақали ном қўйган бўлса-да, биз уни барибир «тўплам» деяверамиз. Чунки, унинг девонлигини исботлаш учун бизда на маънавий асос бор, на мантиқий далил. Биринчидан, тўпламдаги ғазаллар араб имлоларининг луғатдаги тартиби бўйича жойлаштирилмаган. Иккинчидан, мабодо, тартиб беришни зиммага олган тақдиримизда ҳам, луғатдаги барча ҳарфлар билан тугалланувчи ғазалларнинг ўзи йўқ. Масалан, сатрининг охири «а», «р», «и» ҳарфлари билан якунланган ғазаллар бир уюмлигига қарамай, «д», «п», «ж» сингари шўрпешана ҳарфларга биронтаям шеър бағишланмаган.

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, уста Гулмат арузнинг нозик қонун-қоидаларини яхши билмаган, фақат ташқи кўр-кўрона тақлидчилик, ички ёввойи сезги оҳангларига таяниб, маддоҳларча сўзамоллик билан ёзаверган. Ҳатто, унинг ўзи ҳам бир ғазалида арузда дурустгина саводсиз эканини мардона тан олиб, бизнинг бу масалада жанжалли баҳсларга шўнғиб кетмаганлигимизни таъминлаган:

    Бу нечук шоир деманг, асли ман носоғроқ,
    Ёзғоним шаклан ғазал, лек ўзи бармоғроқ…

Ҳа, шилдир-шошқалоқ Гулматнинг ашъори шаклан ғазал холос. У, ҳаттоки, Бобур, Машраб, Фурқат, Муқимий сингари донгдор устозларга битган назираларида ҳам на «рамал баҳри»га амал қилган, на «ҳазаж баҳри»га. Яъни «фо-и-ло-тўн фо-и-ло-тўн фо-и-ло-тўн фо-и-лон» ёки «ма-фо-и-лўн ма-фо-и-лўн фа-у-лўн» каби мусиқадор вазнлар мавжудлигини тасаввур ҳам қила олмаган ҳолда, халқ оғзаки ижодидан мерос бўлиб қолган «алёр-астак-густак-пистак» қабилидаги чапани айтишувлар оҳангида осонгина ёзаверган.

Қўлёзманинг аҳволига келсак, жуда ташвишли: соқол совуни билан хамир қоришмасидан тайёрланган елимлар кўчиб, саҳифалар жуда чалкашиб кетган. Кўпгина варақларга мусаллас ёки қимиз тўкилган бўлса керакким, ҳарфлар сувашиб ётибди. Айрим сўзларни ўқиб тушунишнинг буткул имкони бўлмади. Бундай ҳолларда ҳозирча сирли кўп нуқталардан фойдаланмоқни лозим топдик.

* * *

Гулмат Шошийнинг бир қадар саводсизлигига панжа орасида қараган ҳолда тўпламини шунчаки қизиқувимиз ҳурмати тузукроқ кузатиб чиқайлик.

Шоирнинг ишқий шеърлари анчагина. Улар кўп ҳолларда бачкана изтироб, сохта фироқ, майда-чуйда кўнгилхушликларга ташналик ҳисси билан қоришиб кетган. Айниқса, ташқи қиёфасидаги бадшакллик унинг ишқий режаларига катта путур етказганини шоир асло ҳазм қилолмайди:

    Худо урғон эса бизни ки ёшликдин бужур айлаб,
    Бу икковни ясаб силлиқ эгам ҳам қўллағон эрди…

дейди у, «улкан шоир»га парво қилмай кетиб бораётган икки сулув ортидан армонли боқиб.

Лекин, девонаваш Гулмат, айни пайтда, сал нарсага буткул руҳи тушиб кетадиган анойилардан ҳам эмас. Зеро, у ҳушини йиғиб олгач, «Буюк ишдир магар чархда мани шоир топилғоним» янглиғ мисралар ҳовуридан қадди ғозланиб, энди ҳаётга умид ва ишонч билан қарай бошлайди:

    Фақат оз-моз чўтирдирман, шол эмасман, букирмасман,
    Сақол оппоқ, кангул ёшдир, висолдин юз ўгирмасман…

Қизиқ, шу топда у қай висолни назарда тутяпти экан? Аниқроғи, нечанчи хотинга совчи қўйиш арафасида турган экан?

Йўқ, биз бу саволга ҳеч қачон жавоб ололмаймиз. Шоир ҳам атайлаб бу тўғрида бизга маълумот бермаган. Агар у очиғини айтиб қўйса, унда ушбу мисралар фақат биргина аёлга тааллуқли бўлиб, ўзга шеърхон ожизаларга заррача қизиғи қолмасди.

«Никоҳхўр Гулмат ҳар тўкисда «ўлдим-куйдим» деб айюҳаннос солса-да, бул дил изҳори онинг бирламчи хотиниға, яъни покдамон опамизға тегишлимидур ёйинки кейинги уч ожизасидин бировиға аталғонми – бул ҳақда лом-мим демайдир, – деб зардаланади мулла Акобир. – Чамаси, ул туллак бир ўқ ила тўрт қуённи баравар урмоқни пилонлайдур».

Гулмат Шошийнинг ўқи аслида тўрт ҳам эмас, ўн ҳам эмас, юзлаб қуёнларга қаратилганини соддадил мулла Акобир қаёқдан билсин!

Уста Гулматнинг фалсафада думбуллиги, панд-насиҳат бобида галдирлиги ҳақида ортиқча тўхталиб ўтирмайлик, бу унинг кўпгина шеърларида «аҳмоққа тўқмоқ»дек яққол кўриниб туради. Бу хусусда тамоман бошқа нарсани айтиб ўтмоқчиман: Гулматнинг овсарлиги шу даражада бўлганки, биз бугун ҳажв ва ҳазил-мутойиба деб қабул қилаётган бу шеърларни аслида у оламшумул дардларига даво излаб, ўта жиддий кайфиятда, ёниб-куйиб ёзган. Агар уларни ҳозир биз шунчаки эрмак сифатида ўқиётганимизни кўрганида эди, бир қайнови кам муаллиф бундан юраги ёрилиб ўлган бўларди.

* * *

Уста Гулмат ижодидаги баъзи муҳим йўналишларга алоҳида зукколик билан назар ташлашимизга тўғри келади. Энг зарури, шоирнинг позитсиясини – унинг кимларга жон тортишиб яшаганини узил-кесил белгилаб олишимиз шарт. Акс ҳолда, назмчи сартарошимизнинг эски мухолифлари бўлган Ғишмат, Макриддин Маставо кабиларнинг ғайрли шогирдлари пистирмадан писпислаб чиқиб келса, унинг айрим сатрларига бир ёқлама қараш йўлидан бориб, мендек бик одамнинг илмий ишини чиппакка чиқариши ҳеч гап эмас. Чапақай-чапани Гулматнинг ошнолари ҳар бир замонда бисёр, ғанимлари ҳам ҳамиша таппа тайёрдир.

Шоирнинг эговларидан бири уни хотин-халажни хуш кўрмасликда, бири майпарастлик ёки бангироқликда, бошқаси эътиқоди сустроқликда айблашга тиришади. Очиғи, каллам ниҳоятда зўр ишлашига қарамай, бу борада ўзимда ҳам айрим иккиланишлар мавжуд эди. Аммо, ақлни аҳмоқдан ўрган, деганларидек, Гулматнинг баъзи ғазалларини ўзича лапарга айлантириб, майда-чуйда чалпакбазмларда мушукмиёвлаш тарзида хиргойилаб юргувчи Бағамшо ғижжакчи учирмалаган бир гапдан сўнг, тўсатдан кўзим ярқираб, фикримга қозиқ қоқдим.
— Пичоқни ўзингга ур, оғримаса – бировга, деб қўйибди ўзбек,- деганича ғижжагини созлай бошлаганди ўшанда Бағамшо.- Гулмат бўлса, олдин ўзингни эрмакла, чидай олсанг – бировни, дейдиган жўмардлар тоифасидан.

Тузукроқ одам қуриб кетгандек, келиб-келиб, шу топда Бағамшо ғижжакчига ҳасадим қўзиди, қаёқдаги кигизқалпоқ яллачи билган гап нечун мендек бахмалдўппининг эсига келмабди, деб ғижиндим. Биламиз, кўриб юрганмиз – туғма босиқфеъл кимсалар бор, даврада ўтирган бирон-бир кишининг камчилигини айтиб қўйиш зарур бўлса, менда анамундоқ-манамундоқ айблар мавжуд, улардан тезроқ қутулай дейман-у, яна чатоқ иш қилиб қўйганимни билмай қолавераман, деб қусурларни ўзиники қилиб гапиради. Бировнинг кўнглини оғритмасдан тарбиялаш дейдилар буни. Гулмат ҳам айнан шу усулни танлаб, кимларнидир шапатилашга қўли бормаса, ўзини дўппослайверганмикан? Дарвоқе, мундоқ қараганда, «Туним ўтғай эзиб ёстиқ, тошар икки кўзимдин ёш, бири – Анҳор, бири – Бўзсув, келинг, қизлар, чўмилмакка» дея бабоқланган шоирнинг аёлларга беписандлигига Ғишматваччалардан бўлак ким ишонсин? Ёки «Ич яна, Гулмат, тугал одам сафиндин ўчгали» деб безанглаган банда майхўрлик қилишдан ўзини ҳуркитмоқчими, бизними? Гулматнинг чиндан ҳам шундоқ йўлдан боришга эси етган бўлса, отангга балли, деб қўйишга мажбурмиз.

Мулла Акобирнинг эсдаликларида қайд этилишича, аҳли донишмандга мавҳум туюлувчи бир сўзни Гулмат кўп қайтариқлаб юргучи экан – яхши одам яхши мусулмондир, деб. Бу эътиқодни тарозига солмоқ вазифаси ҳозирча зиммангизда турсин. Фикр баҳсдан бўғозланиб, ҳақиқат туғилади.

Ёзганларини ўқиб, Гулматни тўпори ва даллироққа йўйишимиз табиий. Бироқ, инсоф юзасидан айтиш лозимки, уни ғирт аҳмоқ дейишга-да тил бормайди. Атрофда юз бераётган воқеалар моҳиятини шоир баҳоли қудрат идрок эта олган, уларга қўлдан келганича муносабат билдириб, ёзармонлик бурчини оқлаб келган.

Бу ўринда, энг аввало, оддий турупфуруш деҳқон ва кўчманчи сартарош, кейинчалик майда савдогар ва ҳардамхаёл носкаш бир кимсанинг эзувчи ким-у, эзилувчи кимлигини илғаб олиб, уларни синфларга бўлишда янглишмаганига қойил қолмоқ керак. Қолаверса, бу бадиий меросни бугунги кунда бизга истарали қилган омил шуки, уста Гулмат доимо эзилувчи меҳнат аҳли тарафда туриб сўз айтади. «Азимбойнинг уйи, ҳай-ҳай, қасри султонни эслатғай», деб бошланувчи ғазалининг охирги байтини олайлик:

    Йиғиб қиммат матоҳларни давр сургинг келур, Гулмат,
    Вале киссангдаги аҳвол санга арзонни эслатғай.

Кўриниб турибдики, топганини рўзғорга учма-уч етказиб, ночоргина кун кечираётган ўн минглаб оддий меҳнатчиларга шоиримиз дарддош ва фикрдош. Чунки, унинг ўзи асли шулар орасидан келиб чиққан, эндиликда унинг ҳақиқий шеърхонлари ҳам ўшалар.

Мулла Акобир бу ҳолни шундай изоҳлаган эди: «Бизларга маълум ва машҳур шоири калонлар кўпроқ гул ила булбул ҳақинда роҳатланиб ёзар эрдилар. Гулмат баччағарни кўрингки, у бедаво ҳар икки гапнинг бирисида носкашликни пеш қиладир. Ушбу ҳолат онинг паст табақа оросидин чиққан анди эконини тасдиқламайдурми?»

Бизга маълум сабабларга кўра, андак ғаразгўйлик билан айтилган бўлса-да, мулла Акобирнинг бу сўзларига қўшилмасдан иложимиз йўқ. Гулмат Шоший она қорнидан йўқсилпарвар бўлиб туғилган. Ушбу омил уни жайдарфеъл қилди, чапанилар галасига қўшди, очиқюзларнинг даврадошига, адолатталабларнинг қайроқсўз бахшисига айлантирди.

* * *

Гулмат Шоший ижодининг авж пардаси эл-юртда икки ёқлама зулм тобора кучайиб бораётган даврларга тўғри келди. Вазиятни бехато баҳолаган шоир ўз ғазалларидан бирида дейди:

    Қўш елкада қўш хоқон, мани жоним биттадур,
    Қай бириға берай нон, мани жоним биттадур.

Қаранг, ҳам миллий буржуазия, ҳам чоризм халқни икки ёқлама талаётганини биргина «қўш хоқон» сўзини ишлатиш орқали қандай қисқа ва равшан таърифлаб берган. Сўнг, зўрловни шарҳлашда давом қилиб айтади:

    Сероб ҳар хил амалдор: миршабу шайх, пристав,
    Танобчию солиқбон… мани жоним биттадур.

Чамаси, маҳаллий амалдорлар, чор ҳукумати айғоқчилари бир ҳангомачи шоир билан ўчакишишни ўзларига эп кўрмай, унинг олди-қочди хархашаларига тамоман бефарқ қараганлар. Бундан фойдаланган Гулмат пайт пойлаб туриб, ҳатто, оқпошшога ҳам гап отишга журъат этган. У, айниқса, Биринчи жаҳон урушида фронт ортини мустаҳкамлаш учун Туркистондан мардикор олиш ҳақидаги фармондан қаттиқ норизо эди:

    Мақтағон оқпошшоси лол қилди мани,
    Фармони ул қаддимни дол қилди мани…

Нега энди норизо бўлмасин? Ахир, мардикорликка фақат ночор камбағалларгина сафарбар этилиб, амалдор бойлар ва уларнинг арзанда фарзандлари ҳануз айш-ишрат билан машғул экани кишига алам қилмайдими?

Бундай тенгсизликдан жиддий ранжиган шоир яна бир ғазалида ўз қаҳру ғазабини шундай изҳор этади:

    Чимилдиқдин туриб бойлар сани ҳайдар юмушларға,
    Бу зўрлашнинг тузук номи гаҳи ишдир, гаҳи хизмат…


  1. Бу билан мен Дарвин укамизнинг одам маймундан тарқаган деган гапига қўшилмоқчи эмасман.
  2. Қаралсин: Гулмат. «Безгакшамол» девони.