OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиКекса ямоқчи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кекса ямоқчи (ҳикоя)
Анвар Обиджон

Уни ҳамма Уста бува дейди. Ҳақиқий оти Ҳикматуллолигини яқинда дадамдан эшитиб билдим. Унинг ёғочдан қурилган ойнаванд устахонаси тўрткўча гузаридаги ариқнинг ёқасига жойлашган. Уч маҳалланинг боласи уч томондан ёприлиб келиб худди шу гузарда бирлашгач, тахта кўприкни тақира-туқур тепалаб ўтиб, мактаб сари элтувчи теракзор кўчани тўзитганларича дарсга ошиқишади.

Одатига кўра, бирон-бир нарсани ямаб-чатиб, агар қўлида иш бўлмаса, қандайдир эски-туски китобларни титкилаб ўтирувчи Уста бува кўприк тарақлай бошлаши билан очиқ деразадан шошиб ташқарига мўралайди. Дурбинсимон кўзойнаги орқали болаларнинг оёғига уккидай чақчайиб тикилади. Бирорта боланинг поябзали жўясизроқ кўринса, «Ҳов, кўк иштонли бола, ўқишдан кейин менга бирров учраб ўт!» - деб қаттиқ тайинлаб қолади.

Бу чолни қарийб ҳар куни кўриб юрсам-да, сира юзма-юз ўтириб гаплашмаган эдим. Зарурат туфайли, бир марта суҳбатдош бўлдим-у, ўзим сезмаган ҳолда унга эликдим-қолдим.

Ўшанда биз – «Б» синфдагилар иккинчи «А»даги тенгқурларимиз билан қасдма-қасдига футбол ўйнадик. Ютиб, роса қувондик.

Кўпчилик қатори қувонишга қувондим-у, ҳоврим босилгандан кейин оёғимга боқиб, дод деб юборишимга оз қолди. Оёқяланг тўп тепганлар сувга бир оёқ тиқиб олишиб, ҳеч нарса бўлмагандек уй-уйларига тарқалишди. Мен таги кўчган яп-янги сандалимга тикилиб, турган жойимда серрайиб туравердим. Ҳужумда ўйнаб, ўн тўртта гол урган Бердивойнинг ботинкаси тугалай мажақланиб кетганини кўрганимдан кейин, меники ҳартугур эвидароқ эканлигидан кўнглим кўтарилиб, сал ўзимга келдим.

Мана, Уста буванинг олдида ўтирибмиз. Яхши томони шундаки, агар ёш бола бўлсанг, поябзални ўнглатиш учун бу чолга пул тўлашинг шарт эмас. Кимнинг ўғли эканлигингни айтсанг бас, моғор дафтарчага араб ҳарфида ниманидир ёзиб қўйиб, индамасдан ишингни битириб бераверади. Бошқалар айтса, ишонмай юрардим, энди ўз кўзим билан кўриб билдим. Чол тўғри қилади, ҳамманинг дадаси ҳам бир кунмас бир куни шу кўчадан ўтади-да.

Уста бува сандалимни қўлига олибоқ: «Воҳ-ҳ!» деб юборди.

– Бу уловчани жуда қийнаб ташлабсан-ку, дея менга кўзойнагининг устидан қиялаб боқди у. – Касални дўхтирга, поябзални ямоқчига вақтида кўрсатиш керак.

Уста бува, олдинига, сандалимнинг тагига елим суртди, темиртирноққа кийдириб, болғада уриб-уриб жипслади. Сўнг ипга мум суртиб, четларини бигизлаб тикишга тушди. Қўли ишда, оғзи эса гапда бўлди.

Қўл бўшаганда, тез-тез гузарга чиқиб туринглар, болажонларим. Гузар аслида «кезар» дегани. Гоҳ-гоҳ шу атрофда кезиб турсаларинг, ҳам баҳри дилларинг очилади, ҳам поябзалларингни кўригимдан ўтказиб турасизлар. Дўст бошга қарайди, душман – оёққа. Бу гапни мен тўқиганим йўқ, донолар айтишган. Йиртиқ поябзалда юриш-ку – ғирт уят, ҳатто бутуниниям тез-тез мойлатиб турган тузук. Этикдан «неччи йилга чидаб берасан», деб сўрашса, «ёғлашингга қараб», деб жавоб қилган экан. Энди кап-катта бола бўлдиларинг, бунақа гапларни билволишларинг керак...

Бекорчиликдан зериккан Бердивой дадаси Тошкентдан олиб келган қалин муқовали китобини жилддан суғуриб, аста варақлашга киришди. Ватанимиз тарихи ва мустақиллигимиз рамзларига бағишланган бу суратдор китобни синфдаги болаларга қўшилиб ўн мартача кўздан кечирган бўлсам-да, ундаги чиройли-чиройли расмларга бошқатдан маҳлиё бўлиб, синфдошимнинг пинжига суқулдим. Саҳифалардан бирини очаётганимизда, Уста бува «нимани томоша қиляпсизлар», деб сўраб қолди.

– Ўзбекистоннинг герби бу, – деди Бердивой, суратни чолга кўз-кўзлаб. – Манави ёнида – буғдой. Бу томонида – пахтлар. Ўртадагиси – Ҳумо қуш...

– Ҳумо қуш бахт келтиради дегани ростмикин? – деб сўрадим мен.

– Бу тўғри гап, – деди уста бува, сандалимга бигиз суқаётиб. – Яйдоқи тилда бу қушни Ҳумой дейишади. Кимнингдир бирдан иши юришиб кетса, «бошига Ҳумой қўниб қолди», деб қўйишлари бежизмас. Ана, маҳалламиздаги тақачининг оти ҳам Ҳумойиддин. Қўшни маҳаллада Ҳумой хола деган кампир бор...

Шундан сўнг, Уста бува, энг оғир пайтда аждодларимизга бир кўриниш бериб, қайта юз кўрсатмаган бу табаррук қуш ҳақида ривоят сўзлаб берди. Унинг айтишича, Нуҳ пайғамбардан кейин ер юзида яна одамлар кўпайиб, аслида яқин қариндошлар эканлигини борган сари эсдан чиқара бошлашибди. Бир-бирининг мулкига, бир-бирининг кентига кўз олайтиришлар авжга минибди. Қадим-қадимда Чин хоқони очкўзлик қилиб бизнинг ўлкамизга қўшин тортибди, бойликларимизни талаб, элатииз бошига ажал ёғдирибди. Қирондан омон қолганлар, қоча-қоча тоғдан ошиб ўтишиб, кимсасиз бир водийга бориб қолишибди. Ёвдан қутулган бўлсалар-да, озиқ-овқатлари тугагани боис, энди очликдан қирила бошлашибди.

Ана шундай аянчли кунларнинг бирида олис даралар тарафдан алла айтаётган онанинг товушидек тиниқ ва ўта ёқимли сас таралишга тушибди:

– Ҳу-у, мой! Ҳу-у, мой!

Оқсоқоллардан бирови бунда қандайдир сир борлигини пайқабди-ю, бир неча йигитни ёнига олиб, «Ҳу-у, мой!» деган товуш тинимсиз такрорланиб турган ёққа етаклабди. Улар ботқоғу қамишзорлардан ўтишиб, ҳайбатли-ҳайбатли дарахтлар унда-бунда бўй чўзиб турган кенг ўтлоққа етиб боришибди. Қарашса, ҳаммаёқни қоплаб олган ёввойи арпа ва зиғирлар пишиб-этилиб ётганмиш. Аллақачон пишиб тўкилган зиғирлар офтобда эриб, мой бўлиб оқиб турганмиш. Баланд қайрағочнинг учига қўниб, тўхтовсиз сайраётган, бошида зар попилдириғи бор гўзал қуш оч одамларни шу мойга чорлаб жон куйдираётган экан.

Кўп ўтмай, бу ерга бошқалар ҳам етиб келишибди. Мойда арпа қовуриб еб, ўлимдан сақланиб қолишибди. Кучга тўлган йигитлар қайтадан қўшин тузишиб, чинлик ёғийларни бобомерос юртларидан ҳайдаб чиқаришибди...

Ҳумо қуш ривояти баҳонасида Уста бува билан гапимиз қовушиб кетди. Биз китобни пайпаслаб-пайпаслаб, тортинмасдан чолни саволга тутавердик, у ишини тўхтатмай, бизни гапга кўмизаверди. Гоҳида, наҳотки шу ямоқчи чол ўқитувчи опамиздан ҳам кўпроқ нарсани билса, деб ўйлаб қўярдим. Масалан, мактабда «Семурғ – афсонавий мўъжизакор қуш» деган гапни эшитганман, холос.

Уста бува эса, бу қуш ҳақида ажойиб ҳикоят сўзлаб берди.

Қадимда Турон билан Эрон ўртасида жуда кўп урушлар бўлган экан. Ривоятга кўра, Семурғ воқеаси ҳали Тўмарис момомиз босқинчилар шоҳи Курушнинг кесилган калласини қонли мешга тиқишидан ҳам, довюрак чўпонимиз Широқ форсларнинг бутун бошли лашкарини ҳийла билан саҳрода тор-мор қилишидан ҳам анча илгари бўлиб ўтган экан.

Юртимизга тажовуз солган форсларнинг бир қарашда пўмқарғага ўхшаб кетувчи, лекин жуссаси товуқдан икки баравар катта қушлари бўлиб, улар жанг вақтида рақиб аскарларининг бошидан тош ёғдиришга ўргатилган экан. Очиқ жангда енгилиш нималигини билмайдиган Турон лашкари қушлар ҳужумидан катта талофат кўра бошлабди.

Қутли ота деган авлиёсифат қария бўлган экан. У тап-тақир даштда боғ яратиб, дарахтларни ўзи қазиган қудуқ сувида суғорар, меваларга алмашиб олинган нарсалар билан тирикчилик ўтказар экан. Турон жангчиларининг бошига тушган кулфатни билгач, ич-ичидан эзилиб: «Э, қодир эгам, туғилган уйини қўриқлашга жон тиккан, ота-боболари қабрини асраётган юртдошларимни ўзинг қўлламасанг, бошқа ким адолат қила олади?» – дея куну тун тангрига саждадан бош кўтармабди. Сажданинг қирқинчи куни тонг ғира-ширасида аллақандай шарпалар кўринибди. Бири бургут, бири лочин, бири турнага ўхшаб кетувчи қушлар бир жойга тўпланаверибди. Кейин юнгларидан рангдор нурлар таралаётган ёш бўри пайдо бўлибди, қушлар ундан ҳуркимай, қадларини ғоз тутиб, қанот керишибди.

Бўри паррандаларнинг кўксини тишлаб қонатгач, улар миттигина бир қушнинг ёнига галма-гал келишиб, қонларини унинг патларига суртиб ўта бошлашибди. Қонлар суртилган сайин, митти қушча катталаша бориб, охири улкан қушга айланибди.

Босқинчиларнинг тошотар қузғунларига ҳавода қирон солиб, туронликлар ғалабасига йўл очиб берган ниҳоятда кучли, ўта тезучар бу қуш сўнгги жангдан кейин ўлкамиз узра тинсиз чарх урибди, тоғларни бургут шаклига кириб, саҳроларни лочинга айланиб, дала-даштларни турна бўлиб кезиб чиқибди. Охири Қутли отанинг боғида бир кеча булбул бўлиб сайрабди. Эрта саҳарда яна ўз шаклига қайтиб, кўкка парвоз қилибди, шу зайл юқорилаб бораверибди, юқорилаб бораверибди ва бирдан ярқ этиб чақнабди-ю, қуёшнинг илк нурларига қоришиб кетибди.

Неча замонлар ўтиб, ҳатто кўплаб дарё ва тоғларнинг номи ҳам ўзгарибди. Аммо семиртирилган маъносини англатувчи ўша халоскор қуш бирда «семириқ», бирда «семуруғ», «семурғ» тарзида тилдан тилга учиб, дилдан дилга қўниб, афсоналарда мангу яшаб қолаверибди...

Сандалим битиб, навбат Бердивойнинг ботинкасига келди. Узатилган ботинкага боқибоқ, Уста буванинг капалаги учди.

– Олдимга нимани судраб келдинг? – дея Бердивойни ўдағайлади у, ботинкани олгиси келмай. – Бунингни тузатиш ўликни тирилтиришдек гап-ку! Э-э...

Бердивой нима дейишни билмасдан, шумшайганича туриб қолди. Ўртоқчилик ҳурмати ўртага тушмоқчи бўлиб, эндигина ялинишга чоғланганимда, Уста бувага туйқус инсоф кирди, «узат буёққа», дея тумтайган куйи ботинкага қўл чўзди. Ишга киришиб ҳам анчагача қовоғи очилмади. Чамаси, ботинкани «тирилтириш» жуда оғир кечаётганди.

Бу аҳволда чолдан садо чиқиши мушкуллигини сезганимиздан сўнг, ўзаро ғўнғир-ғўнғир қилиб яна китоб варақлашга тушдик. Суратлар остидаги қисқа-қисқа ёзувлардан Кушону Эфталитлар ҳақида тушунча ҳосил қилишга тиришдик. Қон тусини олган майдондаги қизғин жанг тасвирланган қўшсаҳифани очиб, узоқ термилиб қолдик. Кутилмаганда, Уста бува тағин тилга кирди:

– Ким у... отда савалашиб турган?

– Спитамен! – дея негадир қувониб жавоб қайтарди Бердивой.

– Спитамен нима дегани ўзи, биласизларми?

Биз чолнинг кўзига жовдираб боқдик. Қизиқ савол бўлди-ку. Спитамен – барчамизга қўйиладиган отга ўхшаш бир от-да.

Пайдо бўлган жимлик узоққа чўзилмади. Уста бува янги ривоятни бошлади. Ривоятдан маълум бўлишича, товуши йўғонлашиб қолган ўспиринларнинг турли қишлоқ-овуллардан яйловга чиқиб келиб, кучини синаш учун зўрни қидириб курашиш одати қадим замонлардан қолган экан. Йилқичилар овулидан келадиганлар орасидаги новча ўспиринни ҳеч бир овулнинг курашчиси енголмас экан. Охири унга қаттиқ аламзада бўлган эчкибоқарлар узоқ бир овулдан номдор курашчи йигитчани топиб келишиб, бу бизнинг курашчимиз дея новча йилқибоқарни беллашувга чорлабди.

Кучлар тенг келиб, беллашув узоққа чўзилиб кетибди. Бир маҳал шамол туриб, тўзон кўтарилибди. Томошабинлар чангга кўмилган курашчиларни кўролмай қолган бўлсалар-да, олишув тўхтамабди. Талай вақт ўтгач, «Ҳайт!» деган қичқириқ янграб, кимнингдир гурсиллаб ерга йиқилгани эшитилибди. Томошабинлар ким йиқилганини билолмай туришганда, йилқичиларнинг новча курашчиси тўзон ичидан овоз қилибди:

– Устиндамен! Устиндамен!

Шу-шу, бу новча ўспирин борлиқ овуллардаги кураш ишқибозлари-ю, таниқли курашчилар орасида «Устиндамен» номи билан тобора машҳурланиб бораверибди. Йиллар ўтиб, Искандарнинг сон-саноқсиз лашкари юртимизга бостириб кирганда, тенгсиз қиличбоз, туғма камончи саглар, ўлимдан қайтмас сўғдлар, найзада тухумни урадиган отлиқлари билан довруқ таратган массагетлар бу паҳлавон атрофида бир тан, бир жон бўлиб бирлашибдилар ва форслар мамлакатини уч ойда янчиб ўтган қудратли юнон қўшинларига уч йил мобайнида аёвсиз қирғин солишибди. Жасур аскарбошининг исми юнонлар тилида «Спитамен»га айланиб, бу номни эшитганда юракларини ваҳима қоплайдиган бўлибди...

Ўтмишимиз, кимлигимиз ҳақида қизиқ-қизиқ гапларни сўзлаб берадиган шунақа бобом йўқлигидан ўшанда қаттиқ афсусланганимданми, ҳар гал мактабга бораётиб, гузардаги ёғоч дўконча томонга орзиқиб қарайман. Деразадан уккидек мўралаб турган Уста бувага қуюқ салом бериб, эътиборини тортишга уринаман. Аммо, уринишларим доимгидек елга соврилади. Чунки менинг ва бошқа болаларнинг саломига шунчаки бош қимирлатиб қўйиш билан кифояланувчи бу ажабтовур чолнинг бутун диққати шу топда ўткинчиларнинг оёғига қаратилган бўлади. Баъзан, сандалим яна йиртилсайди, деб ўйлаб қўяман.

1999